Замзама ташқарида бурчакка тиқилиб ўтирарди. Олдига бир шубҳали одам келиб ўтирди. Аввалига тинчгина ўтирди. Кейин суст овозда ўз дардини айта бошлади. «Мен, – деди, – авваллари фронт чизиғида ишлаганман. Лекин бир нарса бўлдию…” У фожеаси ҳикоясини сўзлай бошлади.
Ҳамид ИСМОИЛОВ
МУРДА
I
Кун яримлаб қолганида уйғонган Замзама кичикроқ ваннахонасига қўл-бетини ювгани кирди. Торгина ваннахонада чироқ ҳам ёқилган экан, у дарҳол қўлини жумрак томон узатдию, ҳали тўлиқ уйғонмаган кўзининг қири ванна ичида ётган яп-яланғоч ўсмирга тушди. Ўсмирлигини у ваннага бемалол сиғганидан билган бўлса, бироқ бўш ваннада қип-яланғоч ётганиданми, Замзама аллақандай атайинчиликда унга қарамасдан, қўлларини совун билан ишқалаб, сувнинг оқишига чалғиди. Бир зумга: “Таққилатсам бўлармиди? Ундай десам, индамаяптию…” – деган хаёл миясига келди-да, оққан сув билан қувурларга эшилиб-эшилиб ғойиб бўлди.
Ўсмир чиндан ҳам индамади. Замзама қўлини силкитишлан тийилиб, сочиқ қаерда эканлигини мўлжаллаш билан бир қаторда кўз қирини яна ўсмирга ташлади. Ўғлининг бебошроқ жўраларидан бўлсамикан? Негадир нигоҳи йигитчанинг паҳмоқ чотигаю, сўнг сакраб, юмуқ сузук кўзларига тушгандек бўлди ва ваннахонадан ташқари сассиз зудликда ошиқар экан, Замзама ваннанинг ичида сув йўқлигидан чинакамига ҳайрон қолди. Наҳотки йигитча ухлаб қолган бўлса?! Ичиб олганмикан?! Паҳмоқ бутини эндигина кўз қирида кўрдию, оёқлари калтароқ эканми, деб ўйлади. Ё оёқлар ваннанинг қоронғу тубига кетганидан шундай кўриндими?
Замзама ваннахона эшигини аста ёпди ва ётоққа хотини томон шошилди. Ўғли ҳақида сўрамоқчи бўлди. Хотини ётоқни Замзама кетидан икки лаҳзада йиғиштириб бўлган, энди тувакдаги биқсиб қолган гуллари билан гаплашиб, биридан қовжираган япроқни, бошқасидан сўлиганроқ гулбаргни узарди. “Ҳулё…” – деб шивирлади Замзама, бамисоли кимнидур уйғотиб юборишдан ҳайиққандек. Хотини ўз суҳбатию, ўз иши билан овора эди, балки-да уни эшитмади. “Ҳулё!” – деб яқинлашди унга Замзама. Овози ҳам масофадан адашдими, хотини чўчиб кетди. “Сенмидинг?!” – деб қўлида қайчиси била у томон қайирилди у. Замзама аввалига ҳайрон бўлди: “Мен бўлмай ким бўлсин?!” – деди, бироқ кейин ўз муддаосига қайтиб, рашкнамо ҳайратини йиғиштирди-да, Ҳулёдан: “Ваннада ётган бола ким?!” – деб дабдурустдан сўради.
“Қайси ваннада?” – деб эс-хушини йиққандек бўлди Ҳулё. “Сеникидамас, кичкинасида…” – деб тинчлантиргандек бўлди хотинини Замазама. “Ҳа, кичкинасидами?..” – ниҳоят гулларидан батамомила алахсиди хотини. “Кичкинадами… баҳорда топган мурдамиз… Эсингда йўқми?!” Йўқ, асти эсидан чиқиб кетибди… Мана энди Замзаманинг эсига бундан учми-тўрт ҳафта аввал бўлган анави ҳодиса тушди.
Охирги қорлар баҳонасида якшанба куни ўн бир яшар ўғиллари мактаб мусобақаларига чиқиб келган эди, ундан бурни қонаб келибди. Тузукки, онаси бозорда эди, Замзама: “Нима бўлди?” – деб сўраса, ўғли ўзидан каттароқ болалар билан муштлашиб қолибди. “Бурнингни қонатишибди-ку»! – деса, нима дейди денг: “Юрагим синганидан кўра бурним қонагани яхшироқ!” – “Ҳе, ота ўғил!” – деб, оналари бозор-ўчардан қайтгач, Замзама мардона ўғилчасини эркалатиб, чанада учиргани далага чиқишган эди. Қор ботиб, дала кезиб, чана тортиб тоза чарчашган пайти даланиниг ёқасидаги теракзорга кириб боришди. Чанани ўртага стол ўрнида қўйиб, рюкзакларидан кими термосни, кими ширин кулчаларни чиқаришди ва истироҳат гаштида дала нонуштасига чоғланишди.
Қуёш пасайиб, терак новдалари эмас, ўзанлари оралаб қия туша бошлади. Тафти паст эса-да, қорлар шитирлаб, ҳануз эрирди. Булар чойларини ичишар экан, ўғлининг кичикроқ ҳожати қистаб, у қўлига эҳтиёт шарт бир таёқчани олди¬-да, нарироққа ўтиб кетди. Бироздан сўнг унинг: “Дада!” деган қичқириғи янгради. Замзама чойига маҳлиё бўлиб, назар писанд қилмади, шунда Ҳулё уни туртиб: “Боринг, қаранг, дадаси!” – деб ним ундади, ним буюрди. Замзама иссиқ чойини шошилинчда ҳўплаб, ўғли томон ошиқди. Қараса, ўғли эндигина сийиб турган алоҳида терак тагида таёғини қорга тиққанича карахт бўлиб турибди. Замзама тўрт Алпомиш қадамда ўғлига етишди, уни елкасидан қучди. Ўғли дир-дир титрарди. Замзама унинг кетидан ўнгидаги дўнгликка қараса, одамнинг яланғоч қўли қордан чиқиб ётибди… Чўчиб кетганидан у ўғилчасининг таёғига ёпишди, таёқни бехосдан ўзига тортди. Таёққа илашган бир қулоч пўкак қор “топ!” этиб пастга қуладию, одамнинг бояги қўли кетидан елкасию, бошининг бир тарафи очилди. Шу пайт ўғли чириллаб юборди. Ҳулё ҳам булар томон билар-билмас дод-войи билан ташланди.
“Айиқми?! Айиқми?!” – деб ҳовлиқарди у, худди булар айиқ домига тушиб қолган бўлса қутқаргудек… Бироқ фалажланган эрию ўғлига етишиб, у ҳам кўкарган яланг қўлу-бошни кўрдию, чириллаган ўғлига қўшилиб аюҳаннос кўтарди…
Бу саросимаю саросеблик бир қанча вақт давом этди. Лекин на халойиқ йиғилди, на буларнинг ўзлари тумтарақай қочишди. Ўзига биринчи бўлиб келган Ҳулё: “Полицияни чақириш керак!” – деди. Бунга жавобан эс-хушини йиға бошлаган Замзама заҳарханда кулди: “Полиция дейсанми? Ау! Ау-у!” Чиндан ҳам тўрт атроф чексиз дала, чақиримларча на машина йўли, на иморат… Аксига олиб, Замзама телефонларни ҳам йўқолади деб, уйда қолдиртирган. Ҳатто қуёш буларга беҳадликни кўрсатгандек, узоқ-узоқ уфқда қизара бошлаган… Мўртлашган қор ҳануз тўкилмоқда. Энди терак остида аллақандай қорамтир брезент кафанга ўралган мурданинг ўспирин эканлиги яққол кўринди.
“Олиб, полицияга топширишимиз керак…” – деб шивирлади шунда Замзама. “Нимага?!” – деб даҳшатини тиёлмади Ҳулё. “Бола экан-ку…”
Шу ерда бироз узилиб, Замзаманинг нега бу қарорга келганини изоҳлаб кетишимиз лозимдек. Бу кутилмаган ҳодисадан бир ҳафта аввал Замзама билан бир воқеа юз берган эди-ки, у мазкур воқеани ҳаммадан сир сақлаган эди. Қишки соат бешларда, намозшом энди тушаётган чоғи Замзама машинасида ишидан эртароқ қайтар эди. Йўлда машина гавжум, кимдир айёрлик қилиб шоҳкўчадан ўнгга қайириладиган йўлаклардан унинг пешига ўтиб олар, кимдир деразасини тушириб, бундай муттаҳамларни ўзию, бир йўла Замзама номидан сўкар, Замзаманинг ўзи ҳам ўлардек чарчаб, асаблари дутор торидек таранглашган… Тўғрироғи, ўғлининг айри чўзмасидек десак бўлармиди, чунки яна бир томчию, чўзмага солинган соққа тош сирпанчиқ бармоқларидан халос бўладию, қушнинг патини титгандек, ташқаридаги дунёни бузади…
Мана шу ўйларда Замзама шаҳар чекаси сари тобора бўшаб, демакки, тезлашиб бораётган шоҳкўча ҳаракатида оқиб борарди. “Олдинда ўнг муюлиш бор. Унга қайрилсам йўл тору, масофа қисқароқ. Ё шоҳйўлдан кетаверсамми? Ана, тезлашиб қолди-ку! Рост, йўл кенг бўлгани билан, масофа узоқроқ…” Бу иккиланишда у олдиндаги йўл айрисига яқинлашдию, кўз қирини бир терс кўзгуга, бир қарама-қарши келаётган машиналарга ташлади. Иккала томон бўшроқ… Сўнгги лаҳзада Замзама кўрсаткич чироқларини ёқишга вақти ҳам бўлмай, машинасини бор тезлигида кескин ўнгга бурди…
Ўнгга бурганини биладию, орқада алланарса бирданига қарс-қурс, шарақ-шуруқ этиб, бир нав портлагандек бўлди. Замзама ҳамоно кўз қирини терс кўзгуга ташлади. Йўлда ағдар-тўнтар бўлиб, ярақлаган ғилдирак мотоциклу, ундан учиб қулаган қоп-қора кийимда мотоциклчи юмаларди… Бир фикр Замзамага: “Тўхта!” – деди. Лекин тормозга босиш ўрнига унинг оёғи негадир тезликка босди. Машина уввиллаб, олға отилди. Энди орқага йўл йўқ эди. “Унинг айби! Унинг айби!” – дер эди юрагию мияси Замзаманинг титраётган баданига. “Муюлишда ҳам мендан ўзмоқчи бўлган бу аблаҳ! Ажаб бўлди!” Машина ёндаги тор кўчаларда ғойиб бўлар экан, Замзама ўзини қайта-қайта мотоциклчининг тирик қолганида ишонтирар, бояги думалаётган эпсиз кўлканинг бошида қора дубулғаси борлигинию, биронта машина унинг кетидан дудутлатиб қолмаганини ўзига оқлов ўрнида тутарди.
Уйига келиб ларзона титраган Замзама кутилмаганда меҳмонлар учун олиб қўйилган вискидан ичиб олди, “Ишим бор!” – деб хонасига қамалиб ўтирди, туни билан ухламай, хотинини ҳам ётган ерида беором қилди. “Ўлган бўлса-чи у?! Ахир барибир унинг хатоси эди-ку! Тўхташим керак эди ўша ерда… Ё тириклигини билиб, чироқ ёқмаганим учун мени калтаклашидан қўрқдимми? Ҳозир полиция уйимга бостириб кириб келса-чи!” – деб юз хаёлга қовурилди. Қани энди вақтни машинадек қайта буриб, қулаган қора мотоциклчининг устига тушиб борса… Қани энди, ўн бир яшар ўғилчасидек: “Юрагим синганидан кўра бурним қонагани яхшироқ!” – дея олса…
Эрталаб ланжлигу тушкунликда машинасини ишга ҳайдаб кетаётса, ички қўрқуву ваҳима ила яқинлашаётган ўша сераҳада на эълон, на биронта тошойнанинг зарра синиғи, на қон изи… “Э, отангга раҳмат, асл байкер экансан, хумпар! Жонинг темирдан экан!” – деб ўзини йиғиштириб кетган қора мотоциклчига тасанною офаринлар ўқиб кетди шунда Замзама…
Ана энди нега у анави ўспирин майитини олиб кетамиз деганини тушунган бўлсангиз керак. Ҳулё дастлаб бунга қаттиян қарши турди. “Илло, уйга олиб кетишга рухсат бермайман!” – деди. “Бизни қотилликда айблашади!” – деб қўрқитди. Яна бир балоларни қўшди. Замзама бу сафар ўчакишгани йўқ, жиғиллашмади, хотининиг далилларини унинг ўзига қарши ишлатди. “Ташлаб кетсак, – деди, – чанамизнинг изидан бизни топиб олишади. Ана ўшанда нафақат қотилликда, балки, устига-устак жиноий лоқайдликда ҳам айблашади!” Шунда Ҳулё қўл силтади-да, лабларини чўччайтириб: “Билганларингни қил!” – дегандек, ўз рюкзагига пластик стаканлару термосни солганича, теракзордан илдамлаб чиқди.
Замзама эса бу пайт ўғлинининг таёғи билан каваклашган нарм қорни мурда устидан тушурди, ўғли билан кўришса, йигитчанинг фақат бир яноғию қўли очилиб қолган, қолган бутун бадани бояги кафаннамо қорамтир брезентга ўралган. Бироқ Замзама ижирғанганиданми, ё брезентга ишонмаганиданми, бориб ўз рюкзагидан чананинг улкан пластик ғилофини олиб келди-да, майитнинг бошу қўлига ҳам осилиб қолган брезент учларини ёпиб, бир амаллаган ҳолда ғилофни мурда устига кийдирди. Сўнг бошдан оёқ чақмоқчани зиппилаб ёпди-да, чанани дўнглик остига келтириб, ғилоф ичидаги жуссани чанага юклади.
Булар кетин-кетин шаҳар чекасидаги уйларига аллақачон қоронғу тушганида кириб келдилар. Чанани юки билан шу туришича бетон гаражларида қолдиришдию, Замзама йўлда ўғилчаси билан келишган маслаҳатлари бўйича, полицияни эртага чақиришадиган бўлишди.
Бу кутилмаган ҳодиса буларнинг барини жўшқинлантирди чамаси, анчагача биронтаси ухлагани йўқ. Ўғли: “Ўзим ёлғиз ухлашдан қўрқаман”, – деб хархаша қилди. Аразлаган онаси эркатойини ухлатаман деб, икки ётоқхона орасида мокидек юрди. Бундан Замзаманинг ҳам ҳаловатию уйқуси бузилди. Соат учдами-¬тўртда булар тинишдию, соат еттида тўсатдан Замзаманинг қўл телефони жиринглаб, оркестр дирижёри бугунга уларнинг концерти қўшни шаҳарга кўчирилганинию, репетиция у ерда соат ўнга белгиланганини айтди. У одатий эзмалик билан бунинг сабабларини тушунтирар, лекин Замзама чолга қулоқ солмай, соатига қараганича, бу эзмаликдан кейин яна қанча ухлай олишини чамаларди.
Афсуски, уйқуси батамомила бузилди. У туриб, апил-тапил ювинди, музлатқичдан у-бу нарса олиб нонушта қилгандек бўлди, ноталарини қайта варақлаб тромбонининг ғилофига солдию, хонадонидагиларни уйғотмасдан, SMS юборарман дея, уй рўпарасида турган машинасига чиқиб борди. Машина уни аллақандай ғулғулага ундадию, лекин лоҳасликданми, моторини ёқишиданоқ ва карнайчалардан мусиқанинг таралишидан бу ғулғулани унутди-қўйди.
Бир кечага деб фавқулодда равишда кетгани уч кунга айланди. Қўшни шаҳар юбилейи чўзилиб кетди. Тўртинчи куни ўлардек чарчаб уйига қайтаётган чоғи йўлда машинасини меровроқ кампирнинг чорраҳада ивирсиган машинасига қаттиқ уриб олди. Шукурки, бу ҳалокатдан иккиси ҳам эсон-омон, бежароҳат чиқишди, бироқ машинаси пачағ бўлди.
Уйига бир амаллаб ярим тунда етиб борди. Эртасига, дам олиш кунларига қарамай, машинасини урилган жойидан аранг келишилган устахонага олиб келишу, устахонадагиларга мўл-мўл пул тўлаб, машина таъмири билан шуғулланди. Бунга ҳам икки кун кетди. Машинаси тузалган ҳам эди, клартнетчи ҳамкасби қўлини синдириб олиб, уни касалхонага элтиш бўлди, индинисига эса яна кўчманчи концерт, яна алламбалолар, хулласи кичкина ҳаётнинг ўзига яраша ғалвалари…
Мана энди эса Замзама хотини ўнгида туриб бу ҳафталар давомида эсидан мутлақ чиқиб кетган мурда машмашасини қиляпти. “Ҳаво исиганиданми, гаражда шундай қўланса ҳид тура бошлади-ки, биз уни ваннага олиб кирдик…” Одатда хотининг акси тутганида Замзама у-бу ерда унутган нарсаларини унинг мусиқа пюпитрига, ёки тромбонинг ғилофига солиб қўйган пайтлари ҳам бўлган. Бу сафар сидқидилдан гапиряпти чамаси. Лекин барибир Замзама қизишиб: “Биз деганинг ким?” – деб сўради. “Ўғлингиз билан иккаламиз…” – Ҳулё яна қайчисини ўйнатиб гулларга қаради. “Ҳозирнинг ўзида полицияга қўнғироқ қилиш керак!” – дея хитоб этди Замзама. “Нима дейсиз уларга?!”
Лекин Замзама аллақачон телефонинин қўлга олиб полиция рақамларини терарди. “Шунча вақт мурда билан яшабмиз-а!” – деб ғудурларди у ўзига ўзи. Кимдир афтидан гўшакни олди. “Алё…” – “Алё, полициями?” – деб суриштирди Замзама. – “Ҳа!” – деб жавоб берди эркакнинг гулдурос овози. – “Мен… мен… сизга телефон қилишимдан мақсад… биз далага… шаҳар чекасига чиққан эдик… бир боланинг мурдасини қор тагидан топдик… олиб келдик…балки кимдир уни қонунан кўмгандир, лекин эҳтиёт шарт…” Хотини шу ерда одатдагидек Замзаманинг гапига аралашиб-қўшилиб: “…агар сизларга қизиқ бўлса…” – деб ўқитди. Замзама қанча ранжимасин: “Агар сизларга қизиқ бўлса…” – деб улаб қўйди.
“Ҳа, – деди навбатчининг овози, – кўрамиз…” – ва гўшакни қўйди. Замзама бир зумга қотиб қолди. Нима деди бу зобит? “Ҳа, кўрамиз…” – дедими? Нима дегани бу? Ахир адресини ҳам ёзиб олгани йўқ-ку… Ё улар барини билишармикан?!
Бошқа бир хаёл: “Ҳозирнинг ўзидаёқ сувсиз ваннада яланғоч ётган мурдани қайта брезентга ўраб, олиб чиқиб ташлашсамикан?! Ё бўлак-бўлак қилиб…” Замзама ўзининг хаёлидан ўзи чўчиб кетди… Нега олиб келди уйига бу мурдани?! Айтмабмиди хотини ўшанда бало бўлади бошимизга деб?! Нега қулоқ солмади хотинига ўшанда?! Энди нима қилади у?!
II
Дирижёр таёқчасини кўтардию, шивирлаб: “Бир-икки…” дегач, “Реквием” бошланди. Замзаманинг қаторида, ўнгда ўтирган фаготлару бассетгорнлар аста, қадам-бақадам тантанавору мотамсаро оҳангни бошлашди. Уларга олдиндаги скрипкалау альтлар қўшилди. Замзама ичида автоматик равишда тактларни санар экан, буларнинг инграган-синграган товушларига хор баслари “Requiem aeternam dono eis…” – деб улангач, Замзама ҳисобини узмай, бояда созланган тромбонини сассиз равишда ёнига тик қўйдию, тик тромбонининг қия кўзига тушган шаклиданми, ё эркак хорининг тебранган қалин овозлариданми, негадир бехосдан теракзорни эслади. Ҳа, оппоқ қор босган теракзор… Миясида тактларнинг ҳисоби ўзидан-ўзи давом этар экан, тераклар ҳам ҳисоб-ҳисоб тебранарди … Унинг кўзи рўпарасидаги пюпитрга, ноталарга тушди. “Requiem. Trombone alto. Adagio.” ва яна теракларга ўхшаган ноталар ўрмони…
Эркакларга аёллар ҳамовоз бўлишди. Баснинг хотини хорда эрига бир нарса уқтираётгандек зиғирдек ажралди… Нега Замзама Ҳулёсига қулоқ солмади ўшанда?! У зўр бериб эндиги тиниқ аёл сопраносига қулоқ бурди: “Et tibi reddetur votum…” – “Сенга дуо қилурлар…” Бу Рўёнинг овози эди… Рўё, Рўё… Бир кун репетициядан кейин Замзама олдига келиб туйқусдан: “Менга сизнинг асбобингиз ёқади, оти нимайди, сексафонми?” – деса бўладими. Хонандаларнинг тентакроқ бўлишини Замзама билардию, лекин бу қадар… “Айниқса ичидан чўзилиши…” – дейди яна… Рўё… Рўё… Хор ўртароғига яқинлашар экан, Замзама ўзининг киришига тайёрлана бошлади, у тромбонинин қўлига олди, лабига созлаб боқди. “Requiem aeternam…” – “Абадий сокинлик…” ҳаётида ҳукм сурмаётган эдими?
У овозлару ноталар ўрмонига тайин бир пайтда зўриқмасдан кириб борди. Мусиқа тепароқ ва тепароқ кўтарилиб борарди. Овозлар бир-бири билан, булар эса биргаликда оркестр билан талаша бошлашди. Замзама бу талашда ким томонда эканлигини билмагандек, майда-майда тебрана, ахир эркагу аёл овозлари бир нуқтада жамлашиб: “Kyrie eleison…” – “Раббим, кечир…” дея нидо этганида, буларга сўнгги узун нафасу чексиз товушда қўшилди…
Оркестр бир зумга тинди. Кимдир йўталди, кимдир қулайроқ ўтирди. Замзама ҳам бир лаҳза фурсатдан фойдаланиб, вентилга йиғилиб қолган сўлагини қоқиб ташлади. Лекин жазаваси қўзий бошлаган дирижёр алланечук ғазабда икки қўлини кўкраги ўнгига кўтарди. Оркестр нафасини ютди. Бир силкинишда “Ғазаб куни” бошланиб кетди. Эндигина жамоат жам бўлган ҳолатда хор билан биргаликда Замзама кенг ва тўлиқ товуш билан ғазабга улуғворлик қўшди. Нега анави мурдани уйига олмоқчи бўлди ўшанда? Тирилтирармиди уни қайта?! Қулоғига мана шу ларзона товушларни ўйнамоқчи бўлдими?! Энди ғазаб гирдобига ким кўмилди – ўзи эмасми?! “Ҳакам келганда изтироб нақадар улкан бўлғай… – Quantus tremor est futurus, quando judux est venturus…”
Оркестр типирчилай бошлади, дирижёр қўлларини пайшаха қилиб, салкам зикр тушарди. Унга букулган биринчи скрипка тақлид қилди. Булар орасида бир гап бор… Ҳамма билса керак… Лекин охири буларнинг иккисини ҳам хорнинг залвори босди…
Учинчи қисмни Замзаманинг ўзи очиб бериши керак. Кўпинча бошқа тунлари тромбонини ёнига тиккайтириб, қолган оркестр: кими пишиллаб, кими вишиллаб ётишини бамайлихотир кузатиб ўтирадиган Замзама худди кабир малаклардан бири Исрофилдек энди тинчгина, бировга зарарсиз умргузаронлик исрофларини йиғиштириб, Қурони каримда айтилмиш “сайҳатан ваҳидатан” ё “нафиҳа фис-сур” – сур овози билан мурдаларни гўрдан турғизадигандек.
Tuba mirum, spargens sonum
Per sepulchra regionum,
Coget omnis ante thronum…
Ажаб сур навҳа туғар,
Дунё бўйлаб ўликларни
Тахт ўнгига тўплаб йиғар…
Замзаманинг домласи “Ҳеч қачон бу жойни кучаниб ўйнама!” – дерди. “Ўликни эшакнинг ҳанги, ё будильник уйғотмайди!” – деб қўшиб қўярди у. “Уни мусиқа уйғотиши керак…” Ўсмир мурданинг юзини эслади Замзама. Ваннанинг ичида кўрганида тузукроқ қараб олмаган экан, қия назарига илингани – лаби устидаги мўрт мўйловчасию, чотидаги ҳаром туки… Замзамага эркак баси қўшилди. Анави сўзларни айтди. Замзама сўзлар оралаб унга шойиста ҳамнафас бўлди. Кейин ўсмир овоз билан унга тенор жўр бўлди. Ўғлининг теракзордаги овозимиди бу, ё ўспирин мурда тилга кириб: “Liber scriptus preferetur…” – “Ёзилган китобни келтиринглар…” деяптими?! Бари ёзилган экан-да… Мана бу нотага ўхшаб… Анави полиция зобитининг сўзлари шуни англатмаганмиди? Нега дирижёр унга шубҳа билан қараяпти?! Хато қилдими?!
Аёл альтининг овози худди тромбон альтидан юкни ўз елкасига олгандек, суҳбатга қўшилиб, бир нарсалар дерди: “…барча сирлар очилғуси…”, бироқ Замзама сўзлар маъносидан қочиб, гўзалу нозик Рўё овозининг жилоларига маҳлиё бўлиб ўтирарди. Бир кун гастролларда концертдан кейин Замзама хнасининг ваннасида сувни шариллатиб очиб, мана шундай овоз билан куйлаганди бу Рўё… “Ш-ш-ш… чол эшитиб қолади!” – деб ҳайиққан эди ўшанда Замзама. Лекин бутун дунёни бармоғим билан бошқараман! – дейдиган зобит юзли дирижёр ҳам ҳозир бирданига ҳолсизланиб, Рўё овозининг тўлқинларида қулоч отганича оқиб борарди…
Исрофилнинг иши битди. Қолгани – кўпроқ хоргаю торнавозлар гуруҳига қолди. Замзама “Rex trenendae” – “Дарғазаб малик” қисмидаги қисқагина иккиламчи партиясини ўйнар экан, энди қолгани унинг қўлида эмаслигини аниқ тушуниб етди. Мурдани гаражига олиб келди, майда-чуйдалар кетидан унутди-қўйди, энди анави олифта хотинчалиш биринчи скрипка халқ мақолини бузиб айтганидек: “Товуш ўтганидан кейин канифольни кўтингга қўй!” Бу хаёлга чалғиб Замзама ўн иккинчи тактдаги биринчи нотани зарача қисқароқ ўйнаб юбордию, ўзи буни англаб, ўзи чўчиб кетди. Ҳеч қачон бундайин паришонхотир бўлмас эди. Оркестр буламиғида бу заррачани ундан ўзга ҳеч ким сезмаслиги ҳам мумкин, бироқ зобит юзли баттол дирижёрнинг дарғазаб ғамзаси у тараф отилганидан, Замзама бу сассиқ чолнинг пашша чичса ҳам қулоғига етиб боришини туйди. У елкаларини қоқиб, ортиқча жозиба билан қолган уч тактни бежирим ўйнаб, яна батамомила мусиқа оғушига қайтди.
Кейинги “Recordare – Эсла” деган қисмни Замзаманинг “сурнайчи” сафдошлари юзларига тақво пардасини тортиб бошлаб беришган эса-да, унинг ўйнайдиган биронта нотаси йўқ эди. Бекорчилик. У тромбонини ёнига тиклантирди, тўртта овоз бир-бирига эшилиб улуғвор хотиротларга йўғрилар экан, яна вентилига тўпланиб қолган сўлакни аста қоқиб ташлади. Сўлак келиб-келиб, ўзининг ялтиллаган қора туфлисига тушса бўладими! “Аблаҳ!” – деб сўлагиними, тромбони ё ўзини сўкди Замзама. Артсамикан ё артмаса? Аллақачон ўлиб кетган онасини эслади у шунда. Онасининг ажиб бир одати бор эди. Бошқа болалар кўча чангитиб тўп тепиб юрган пайтда у беш яшар Замзаманинг қўлига пионер горнини тутқазиб, ўзи у ёки бу иш билан ташқари кетар экан, остонага катта қилиб туфларди-да: “Қуригунича қайтиб келаман”, – деб ваъда берарди. Замзама ичидаги ёлғизлигиними, соғинчиними, аламиними горн ичига бор кучича пуфлаб-пуфлаб, қурий бошлаган сўлакни ўзининг лойқа кўз ёшлари билан суғориб ўтирарди… Мусиқа ана шунда ва ана шундан туғилганмикан ичида?!
Et ab hoedis me sequestra,
Statuons in parte destra…
Серкалардан мени ажрат,
Ўнг томонга айлай ҳижрат…
Аёллар бу сўзларни айтиб бўлгач, дирижёрнинг ғазабнок нигоҳини қаршилаган Замзама дарҳол тромбонини қўлга олдию, кейинги шижоатли “Confutatis… – Янчгач…” деган қисмга киришди. Бу сафар ҳеч нарсага чалғимасдан, кўзини партитурадан узмай, хорга шаддод тарзда жўр бўлди. Аёлларнинг “Voca me…” – “Чорла мени… Чорла мени…” деган илтижоларига қарамай, чанани далалар бўйлаб тортгандек, тўлақон ноталари ила a-moll → as-moll → g-moll → ges-moll → F-dur қилиб, тубсиз қаър томон судрайверди, судрайверди…
Ана энди скрипкалар “Lacrimosa deis illa – Ёшга тўлар ўшал кун” қисмининг йиғисини бошлаб юборишди. Хор ўзининг маҳшарий додини кўтарди. Ритм вальснамо 12/8 га кўчиб, бутун дунёни паға-паға қор қоплади. Бу қор остида ўзининг чанасию, чанадаги мурдаси, тромбонию, тромбонидаги товушлари билан Замзамаю, у билан ёнма-ён келаётган аёлу ўғил овозлари кўмилди. Барини қор босди… Унут қори… Замзаманинг қизиган юрагиданми, очиқ қолган кўзларида зарралар эриб, кўзёшга айланди…
Замзама кўзидан ёшини артаман деса, қатра ёш узилиб, бояда сўлак тушган туфлисига томди. Сукунатда худди товушга овоз қўшилди…
Кейинги Domine Jesus қисми Замзамани анча машғул тутди. Энди у Исрофил эмас, балки Азроилдек, айниқса бу қисмнинг сўнгроғида хор худди бир жумлага қоқилгандек қайта-қайта: “quam olim Abrahae promisiste – чунки сен Иброҳимга ваъда бергансан” сўзларини юз мақомга солиб айтар экан, буларга товуш қўшган Замзама партитурада “olim” сўзини кўриб, ҳар бир тактни боз-боз “ўлим…ўлим…ўлим…” деб чаларди. Нега у ҳам ўлимга қоқилиб қолди? Нега унинг гирдобидан ҳеч ташқари чиқа олмай қолди? Бир нарса кутяптими уни ё ҳали ҳам тириклигининг аломатими бу? Замзама терлаб кетди. Қулоғида хорнинг битмас-туганмас авжига негадир ҳеч ким кўтармаётган телефоннинг жиринги қўшилаверарди, қўшилаверарди…
Ким кимга нима ваъда берган экан?! Тириклар ўликларгами, ўликлар тириклвргами?! Лекин буниси ҳам битди. Дирижёр хоригаю оркестрига раҳм қилгандек, ўргимчак қўлларини кенг ёздию, қўлочини ёйиб, барини тугамсиз дардисардан халос этди…
Дирижёрлар ўзини Худонинг ердаги сояси деб билармиканлар?! Ўлиб кетганларнинг товушу асоратини тирилтириб, “измимдан чиқиб кўр-чи!” дегандек, олам-олам нарсаларни бошдан оёқ бошқариб… Мана яна бармоғини осмонга ниқтаб, барини ўзига бўйсунтиряпти… Келиб-келиб негадир ҳозир Замзама бундан ижирғанди, ичида аллақандай туғён кўтарилди. Майли, рўпарасидаги “Hostias- Қурбонлар” қисмини ўйнаб олсин-чи, ундан кейингисида унга дам, ўшанда бу фикрини охирига етказар…
Бу қисмда ҳам бояги “quam olim Abrahae promisiste”нинг тугаб-туганмас алканланиши борлигини билган Замзама (ўлим сочган қурбон йиғади-да!) анави терслигу исёнда кўзини бошқа сўзларга тикди: “Face eas Domine, de morte transire ad vitam” – “Сен уларни, Раббим, ўлимдан ҳаётга кўчир…” Тикдию, яна мусиқа уни ваннасида яланғоч ётган мурдага элтиб кетди. Кимнингдур терак остига кўмилган боласи бўлса-я! Булар эса унинг қор эритган гўрида ҳам тинч қўймай олиб кетишган эса… Иброҳим ўз ўғли Исҳоқни қурбонликка тайёрлагач, кимдир боғланган Исҳоқни ўғирлаб қочганидек… Шунданми булар тинимсиз ўзларининг “quam olim Abrahae promisiste”сига қоқилиб ётишибди?!
III
“Sanctus, sanctus… – Қуддус, қуддус…” Дирижёрларнинг ҳаёти ҳам ҳеч изидан чиқармикан?! Ё бари нотага солингану, ўнгида йўриқнома бўлиб турган лавҳаю битикка содиқми?
Барабан илк бор урдими?! Замзамага бу қисмда ўйин йўқ, у тромбонини икки оёғи орасига олди-да, нима учун дирижёру унинг измларини ўйлаганини англади. Унинг лифтларга боғлиқ қайтарма бир туши бор эди. Ўтган туни ҳам ўша лифт унинг тушига кирганини эслади.
Замзама ташқарида бурчакка тиқилиб ўтирарди. Олдига бир шубҳали одам келиб ўтирди. Аввалига тинчгина ўтирди. Кейин суст овозда ўз дардини айта бошлади. «Мен, – деди, – авваллари фронт чизиғида ишлаганман. Лекин бир нарса бўлдию…” У фожеаси ҳикоясини сўзлай бошлади. Бироқ Замзама уни яхши тушунгани йўқ. Ақлдан озган одамлар бўлишади. Шундай қилиб пинжингизга кирадию, бошқа чиқмайди. Замзама хавотирланди. Қўлида йўқ соатига қарагандек бўлиб: “Узр, мен беш минутдан кейин кетишим керак, репетициям бор” – деган баҳонани қилди. У кўнди. Лекин енгини ушлаганича ҳикоясини давом эттирди.
Шу пайт унинг кетида ўтирган гўзал бир танноз унга қараб: “ Қўй, барини гапирма!” – деб уни тия бошлади. Бежирим юз, шаҳло кўз, қип-қизил бўялган лаблар… Рўё-ку бу! Замзама турди ва бинога кирди. Рўё унинг кетидан илашди. “Сиз фон Караянни қаердан биласиз?” – деб сўради. Замзама унинг юзига боқди. Энди ақлга кирган Рўёнинг юзи йиғлаб-йиғлаб, бўёқларини йўқотган жодугарнинг юзи эди. Замзама қўрқиб кетди. “У ёққа ўтишинг мумкин эмас”, – деди. “Мен ҳеч қанақа фон Караянни билмайман”. У ичкари ўтишга интилгандек бўлди, лекин Замзаманинг гаплари таъсир этдими, тўхтади ва анави телба томон қайтди.
“Булар энди мени кутишади”, – деб ўйлади ташвишланган Замзама. Лекин орқа эшикда, ўтирган ерида кутишса керак. Булар марказий чиқиш борлигини билишмайди. У эса тескари тарафда. Шу ердан чиқиб кетади у! «Лекин деразадан қараб туришган бўлса, эҳтиёт шарт ҳозир лифтда бешинчи қаватга чиқиб келай, нарсаларимни олиб, уларнинг кўзидан ғойиб бўлиб қайтарман…» – деб ўйлади у.
Лифтни кутиб бир ёш бола билан у лифтга чиқди. «Тезроқ кета қолсак…” Йўқ, лифт эшиги ёпилавермайди. Филармония кадрлар бўлимидан бир зобит киради. «Нечанчига?» – деб сўрайди Замзама. «Саккизинчи», – дейди зобит. Бироқ Замзама тугма босган ерда 5 рақами охиргиси. Ундан кейин ҳеч нарса йўқ. Қидира бошлашади. Тепада рубильник каби ускуна. Ана унда 7, 8, деб ёзилган. Ўшани боссамикан? Бола «Йўқ! ¬- дейди, – булар лифтни ўчириб қўяди».
Лифт кўтарила бошлайди. Лифт эшиклари негадир очиқлигича қолаверади. Бешинчи қаватга чиқиш ҳам шунча узоқ бўладими, ҳали ҳам лифт кўтариляпти, ҳали ҳам тинмасдан ҳаракатда. Зобит очиқ эшикдан қаватларнинг бирида сакраб тушади. Замзама ўспирин болага шикоятланади. “Қара, – дейди, – юриб кетаётган лифтдан сакради-я, боши тагида қолиб кетмаса”. Ахир лифт ўзини қаватга мослаб тўхтайди. Эшиклар аста очилади. Чиқай дейишса, афтидан бешинчи эмас, еттинчи қаватга ўтиб кетишибди. Ана, филармония спортзали кўриняпти. Эшикдан эса дирижёр билан биринчи скрипка кириб келишмоқчи.
Шунинг учун бу қадар узоқ юрган экан-да лифт. «Майли, бешинчига тушиб борармиз», – дейишса, лифт бирданига очиқ эшиги билан буларнинг юзи ўнгида пастга ярим метр юради ва эшик ёпилади. Сўнг лифт бирданига ёнга юра бошлайди. Энди эшиги ҳам ён деворга кўчади. “Майли, ёнидан чиқсак ёнидан чиқармиз, ишқилиб 5-нчи қаватда тўхтаса бўлгани”, – деб ўйлашади булар.
Булар билан бир кампир пайдо бўлади. Қайси қаватда кирди экан. Лифт энди бир ёнга, бир пастга тушиб боради. Эшиклари ҳам бир шифтда, бир ён деворга кўчади. “Бир нарсага тайёр бўлишимиз керак, – дейди Замзама болакайга, – лифт эшиклари полга кўчса, ёпишадиган нарсаларни ўйлаб қўй”. Хайрият, лифт ертўлага, гаражга тушади.
Ертўлада филармония негадир қоп-қора шиналар чиқарар экан. Конвейер булар томон осилғичлари ила юриб келади. Бошларини босиб қолмаса бу шиналар. Анави кампир Замзама наздида шу ерда чиқиб қолади. “Энди лифт қаерда тўхтаса тўхтасину, биз ҳам тушиб қолсак бўлгани. Пиёда ҳам 5-нчи қаватга чиқаверамиз”, – деб ўйлайди у. Лифт диагоналдан юриб ўликдек тўхтаб қолади. «Ё ҳаракат давом этяптию, биз сезмаяпмизми?» – деб ўйлайди Замзама…
IV
Қоғозга туширилган туш узундан-узоғу оғирдан-оғир кўринади. Аслида-чи у оний, учқур, вазнсиз… Бир нарсани тушунгандек бўлди шу зумда Замзама. Биз тирилтирамиз деган нарса аслида ўлар экан… Тескариси-чи? Униси ҳам ҳақмикан?! Тушини дирижёрига қасддан эслар экан, Замзама қачон қўлига тромбонини олиб, парвоз этаётган тўрт кетма-кет овозга қўшила, Benedictus қисмини ўйнаб бўлганини ҳам сезмай қолибди. Овозларнинг туш сингари тиниқлигию равонлигидан, дирижёрнинг осойишта ҳаракатларидан у ҳам ўз қисмини бежирим ўйнаганин англади… Ҳаётда ҳам бари хаёлдагидек бўлса-я! Қаттиқ “т” билан юмшоқ “л” фарқи… Лекин оний, учқур, вазнсиз хаёлдан ҳам оғирроқ нарса бормикан ўзи дунёда?
Тўрт овоз тушидаги танноз қизу ивирсиқ кампир, девонаю зобит овозларига ҳамоҳанг бўлибди шекилли, ўшалар орасида лифтнинг бир тепага, бир ёнга, бир диагональ бўйлаб, бир пастга – дирижёр қўлларига бўйсунган ҳолда юришига унинг тромбони ҳам тақлид қилибди чамаси… Ё бу тўрт овоз унингу Ҳулёнинг, ўғлинингу мурдами зобитнинг баҳсимиди?!
Шу пайт дирижёр сўнгги қисм “Agnus Dei – Тангри қўзичоғи”га ўқталгандек, ўткир таёчасини кўтарди. Замзаманинг яна акслиги тутди. Қора кийган дирижёр шу топ унинг кўзига кўлка бўлиб кўринди. Ахир Requiemнинг сўнгги қисмларини Моцартнинг ўзи эмас, унинг шогирди Зюсмайер ёзгани маълум-ку! Бу мессага киришишдан аввал дирижёр одатдагидек асар ҳақидаги чўпчакларини оркестрнинг қулоғига қуйган эди. Эмишки бир кўлка одам Моцартнинг ўнгига келиб, ундан азадорлик учун Requiem ёзиб беришни илтимос қилибди. Кўлка одам…кўлка одам… Ким экан у? Қай биридан танласин уни Замзама? “Қанча пул сўрасанг бераман!” – дебди у. Дирижёрмикан? Ё айғоқчи зобит? Ё мурданинг эгасими? Булар келишишгач, қора кийган одам на отини, на зотини айтиб, ғойиб бўлибди. Моцарт эса ишга киришибди. Бу мотам мусиқасини ёзар экан, тўсатдан ўзининг ўлими учун ёзаётганини англабди. “Қирққа кирмай қирқилди ёшим…” Балки-да буларнинг бари Замзаманинг ўзи ҳақидадир, балки-да у мурда билан нима қилишини эмас, ўз-ўзининг ичида адашиб, йўлини йўқотиб қолгандир?! Балки-да мурданинг ўзи кўлкадир?! Йўқлир?! Шарпадир?! Асарни битирар-битирмас Моцарт ўлибди. “Ана ўша қора одамнинг шарпасини ўйнаб беришинглар керак!” – деб уқтирган эди ўшанда дирижёр. Нимани ўйнаяпти шу чоқ Замзама? Ана шу йўқликни, кўлкани, шарпани эмасми?!
Қора кийган хор кетяпти… қатор-қатор машиналардек…Қора кийган скрипкачилар ҳам овозга кириб: Agnus Dei, qui tallis peccata mundi… – Тангрининг қўзичоғи ўз ўстига дунё гуноҳларини юклаган…” – деб инграмоқда. Ўшанда машинасида шу сўзларни эшитиб кетмаётганмиди у… Қора кийган Рўё қўшилади: “Lux aeterna… – Абадий нур…” ва бирданига Замзама хаёлида орқадан нур уради. У мусиқадан чалғимай дея кескин равишда назарини қўлидаги тромбони билан ўнгга буради… Қора кийган саксофончининг ғилдираксимон, юмалоқ мотоцикли ярқ этади… “Requiem aeternam dona eis… – Абадий сокинлик бахш эт уларга…” Оқ қорга қулаган қора мотоциклчи…
Ахир қувлаб етдингми менга?! Оппоқ қор тагидан оппоқ бўш ваннага қип-яланғоч ётган Тангрининг қўзичоғи… Бу чалкашликда, бу саросимада Замзама бор кучича, худди тромбонига эмас, сурига, карнайига, беш ёшидаги пионер горнига сўнгги, қорадан оққа айлаган бўм-бўш ноталарини пуфлайди…
Гўё онаси йўқликдан, ҳечликдан, ичидан айтмиш: “Карнайчидан нима кетди – пуф…”
Hamid ISMOILOV
MURDA
I
Kun yarimlab qolganida uyg’ongan Zamzama kichikroq vannaxonasiga qo’l-betini yuvgani kirdi. Torgina vannaxonada chiroq ham yoqilgan ekan, u darhol qo’lini jumrak tomon uzatdiyu, hali to’liq uyg’onmagan ko’zining qiri vanna ichida yotgan yap-yalang’och o’smirga tushdi. O’smirligini u vannaga bemalol sig’ganidan bilgan bo’lsa, biroq bo’sh vannada qip-yalang’och yotganidanmi, Zamzama allaqanday atayinchilikda unga qaramasdan, qo’llarini sovun bilan ishqalab, suvning oqishiga chalg’idi. Bir zumga: “Taqqilatsam bo’larmidi? Unday desam, indamayaptiyu…” – degan xayol miyasiga keldi-da, oqqan suv bilan quvurlarga eshilib-eshilib g’oyib bo’ldi.
O’smir chindan ham indamadi. Zamzama qo’lini silkitishlan tiyilib, sochiq qaerda ekanligini mo’ljallash bilan bir qatorda ko’z qirini yana o’smirga tashladi. O’g’lining beboshroq jo’ralaridan bo’lsamikan? Negadir nigohi yigitchaning pahmoq chotigayu, so’ng sakrab, yumuq suzuk ko’zlariga tushgandek bo’ldi va vannaxonadan tashqari sassiz zudlikda oshiqar ekan, Zamzama vannaning ichida suv yo’qligidan chinakamiga hayron qoldi. Nahotki yigitcha uxlab qolgan bo’lsa?! Ichib olganmikan?! Pahmoq butini endigina ko’z qirida ko’rdiyu, oyoqlari kaltaroq ekanmi, deb o’yladi. YO oyoqlar vannaning qorong’u tubiga ketganidan shunday ko’rindimi?
Zamzama vannaxona eshigini asta yopdi va yotoqqa xotini tomon shoshildi. O’g’li haqida so’ramoqchi bo’ldi. Xotini yotoqni Zamzama ketidan ikki lahzada yig’ishtirib bo’lgan, endi tuvakdagi biqsib qolgan gullari bilan gaplashib, biridan qovjiragan yaproqni, boshqasidan so’liganroq gulbargni uzardi. “Hulyo…” – deb shivirladi Zamzama, bamisoli kimnidur uyg’otib yuborishdan hayiqqandek. Xotini o’z suhbatiyu, o’z ishi bilan ovora edi, balki-da uni eshitmadi. “Hulyo!” – deb yaqinlashdi unga Zamzama. Ovozi ham masofadan adashdimi, xotini cho’chib ketdi. “Senmiding?!” – deb qo’lida qaychisi bila u tomon qayirildi u. Zamzama avvaliga hayron bo’ldi: “Men bo’lmay kim bo’lsin?!” – dedi, biroq keyin o’z muddaosiga qaytib, rashknamo hayratini yig’ishtirdi-da, Hulyodan: “Vannada yotgan bola kim?!” – deb dabdurustdan so’radi.
“Qaysi vannada?” – deb es-xushini yiqqandek bo’ldi Hulyo. “Senikidamas, kichkinasida…” – deb tinchlantirgandek bo’ldi xotinini Zamazama. “Ha, kichkinasidami?..” – nihoyat gullaridan batamomila alaxsidi xotini. “Kichkinadami… bahorda topgan murdamiz… Esingda yo’qmi?!” Yo’q, asti esidan chiqib ketibdi… Mana endi Zamzamaning esiga bundan uchmi-to’rt hafta avval bo’lgan anavi hodisa tushdi.
Oxirgi qorlar bahonasida yakshanba kuni o’n bir yashar o’g’illari maktab musobaqalariga chiqib kelgan edi, undan burni qonab kelibdi. Tuzukki, onasi bozorda edi, Zamzama: “Nima bo’ldi?” – deb so’rasa, o’g’li o’zidan kattaroq bolalar bilan mushtlashib qolibdi. “Burningni qonatishibdi-ku»! – desa, nima deydi deng: “Yuragim singanidan ko’ra burnim qonagani yaxshiroq!” – “He, ota o’g’il!” – deb, onalari bozor-o’chardan qaytgach, Zamzama mardona o’g’ilchasini erkalatib, chanada uchirgani dalaga chiqishgan edi. Qor botib, dala kezib, chana tortib toza charchashgan payti dalaninig yoqasidagi terakzorga kirib borishdi. Chanani o’rtaga stol o’rnida qo’yib, ryukzaklaridan kimi termosni, kimi shirin kulchalarni chiqarishdi va istirohat gashtida dala nonushtasiga chog’lanishdi.
Quyosh pasayib, terak novdalari emas, o’zanlari oralab qiya tusha boshladi. Tafti past esa-da, qorlar shitirlab, hanuz erirdi. Bular choylarini ichishar ekan, o’g’lining kichikroq hojati qistab, u qo’liga ehtiyot shart bir tayoqchani oldi¬-da, nariroqqa o’tib ketdi. Birozdan so’ng uning: “Dada!” degan qichqirig’i yangradi. Zamzama choyiga mahliyo bo’lib, nazar pisand qilmadi, shunda Hulyo uni turtib: “Boring, qarang, dadasi!” – deb nim undadi, nim buyurdi. Zamzama issiq choyini shoshilinchda ho’plab, o’g’li tomon oshiqdi. Qarasa, o’g’li endigina siyib turgan alohida terak tagida tayog’ini qorga tiqqanicha karaxt bo’lib turibdi. Zamzama to’rt Alpomish qadamda o’g’liga yetishdi, uni yelkasidan quchdi. O’g’li dir-dir titrardi. Zamzama uning ketidan o’ngidagi do’nglikka qarasa, odamning yalang’och qo’li qordan chiqib yotibdi… Cho’chib ketganidan u o’g’ilchasining tayog’iga yopishdi, tayoqni bexosdan o’ziga tortdi. Tayoqqa ilashgan bir quloch po’kak qor “top!” etib pastga quladiyu, odamning boyagi qo’li ketidan yelkasiyu, boshining bir tarafi ochildi. Shu payt o’g’li chirillab yubordi. Hulyo ham bular tomon bilar-bilmas dod-voyi bilan tashlandi.
“Ayiqmi?! Ayiqmi?!” – deb hovliqardi u, xuddi bular ayiq domiga tushib qolgan bo’lsa qutqargudek… Biroq falajlangan eriyu o’g’liga yetishib, u ham ko’kargan yalang qo’lu-boshni ko’rdiyu, chirillagan o’g’liga qo’shilib ayuhannos ko’tardi…
Bu sarosimayu saroseblik bir qancha vaqt davom etdi. Lekin na xaloyiq yig’ildi, na bularning o’zlari tumtaraqay qochishdi. O’ziga birinchi bo’lib kelgan Hulyo: “Politsiyani chaqirish kerak!” – dedi. Bunga javoban es-xushini yig’a boshlagan Zamzama zaharxanda kuldi: “Politsiya deysanmi? Au! Au-u!” Chindan ham to’rt atrof cheksiz dala, chaqirimlarcha na mashina yo’li, na imorat… Aksiga olib, Zamzama telefonlarni ham yo’qoladi deb, uyda qoldirtirgan. Hatto quyosh bularga behadlikni ko’rsatgandek, uzoq-uzoq ufqda qizara boshlagan… Mo’rtlashgan qor hanuz to’kilmoqda. Endi terak ostida allaqanday qoramtir brezent kafanga o’ralgan murdaning o’spirin ekanligi yaqqol ko’rindi.
“Olib, politsiyaga topshirishimiz kerak…” – deb shivirladi shunda Zamzama. “Nimaga?!” – deb dahshatini tiyolmadi Hulyo. “Bola ekan-ku…”
Shu yerda biroz uzilib, Zamzamaning nega bu qarorga kelganini izohlab ketishimiz lozimdek. Bu kutilmagan hodisadan bir hafta avval Zamzama bilan bir voqea yuz bergan edi-ki, u mazkur voqeani hammadan sir saqlagan edi. Qishki soat beshlarda, namozshom endi tushayotgan chog’i Zamzama mashinasida ishidan ertaroq qaytar edi. Yo’lda mashina gavjum, kimdir ayyorlik qilib shohko’chadan o’ngga qayiriladigan yo’laklardan uning peshiga o’tib olar, kimdir derazasini tushirib, bunday muttahamlarni o’ziyu, bir yo’la Zamzama nomidan so’kar, Zamzamaning o’zi ham o’lardek charchab, asablari dutor toridek taranglashgan… To’g’rirog’i, o’g’lining ayri cho’zmasidek desak bo’larmidi, chunki yana bir tomchiyu, cho’zmaga solingan soqqa tosh sirpanchiq barmoqlaridan xalos bo’ladiyu, qushning patini titgandek, tashqaridagi dunyoni buzadi…
Mana shu o’ylarda Zamzama shahar chekasi sari tobora bo’shab, demakki, tezlashib borayotgan shohko’cha harakatida oqib borardi. “Oldinda o’ng muyulish bor. Unga qayrilsam yo’l toru, masofa qisqaroq. YO shohyo’ldan ketaversammi? Ana, tezlashib qoldi-ku! Rost, yo’l keng bo’lgani bilan, masofa uzoqroq…” Bu ikkilanishda u oldindagi yo’l ayrisiga yaqinlashdiyu, ko’z qirini bir ters ko’zguga, bir qarama-qarshi kelayotgan mashinalarga tashladi. Ikkala tomon bo’shroq… So’nggi lahzada Zamzama ko’rsatkich chiroqlarini yoqishga vaqti ham bo’lmay, mashinasini bor tezligida keskin o’ngga burdi…
O’ngga burganini biladiyu, orqada allanarsa birdaniga qars-qurs, sharaq-shuruq etib, bir nav portlagandek bo’ldi. Zamzama hamono ko’z qirini ters ko’zguga tashladi. Yo’lda ag’dar-to’ntar bo’lib, yaraqlagan g’ildirak mototsiklu, undan uchib qulagan qop-qora kiyimda mototsiklchi yumalardi… Bir fikr Zamzamaga: “To’xta!” – dedi. Lekin tormozga bosish o’rniga uning oyog’i negadir tezlikka bosdi. Mashina uvvillab, olg’a otildi. Endi orqaga yo’l yo’q edi. “Uning aybi! Uning aybi!” – der edi yuragiyu miyasi Zamzamaning titrayotgan badaniga. “Muyulishda ham mendan o’zmoqchi bo’lgan bu ablah! Ajab bo’ldi!” Mashina yondagi tor ko’chalarda g’oyib bo’lar ekan, Zamzama o’zini qayta-qayta mototsiklchining tirik qolganida ishontirar, boyagi dumalayotgan epsiz ko’lkaning boshida qora dubulg’asi borliginiyu, bironta mashina uning ketidan dudutlatib qolmaganini o’ziga oqlov o’rnida tutardi.
Uyiga kelib larzona titragan Zamzama kutilmaganda mehmonlar uchun olib qo’yilgan viskidan ichib oldi, “Ishim bor!” – deb xonasiga qamalib o’tirdi, tuni bilan uxlamay, xotinini ham yotgan yerida beorom qildi. “O’lgan bo’lsa-chi u?! Axir baribir uning xatosi edi-ku! To’xtashim kerak edi o’sha yerda… YO tirikligini bilib, chiroq yoqmaganim uchun meni kaltaklashidan qo’rqdimmi? Hozir politsiya uyimga bostirib kirib kelsa-chi!” – deb yuz xayolga qovurildi. Qani endi vaqtni mashinadek qayta burib, qulagan qora mototsiklchining ustiga tushib borsa… Qani endi, o’n bir yashar o’g’ilchasidek: “Yuragim singanidan ko’ra burnim qonagani yaxshiroq!” – deya olsa…
Ertalab lanjligu tushkunlikda mashinasini ishga haydab ketayotsa, ichki qo’rquvu vahima ila yaqinlashayotgan o’sha serahada na e’lon, na bironta toshoynaning zarra sinig’i, na qon izi… “E, otangga rahmat, asl bayker ekansan, xumpar! Joning temirdan ekan!” – deb o’zini yig’ishtirib ketgan qora mototsiklchiga tasannoyu ofarinlar o’qib ketdi shunda Zamzama…
Ana endi nega u anavi o’spirin mayitini olib ketamiz deganini tushungan bo’lsangiz kerak. Hulyo dastlab bunga qattiyan qarshi turdi. “Illo, uyga olib ketishga ruxsat bermayman!” – dedi. “Bizni qotillikda ayblashadi!” – deb qo’rqitdi. Yana bir balolarni qo’shdi. Zamzama bu safar o’chakishgani yo’q, jig’illashmadi, xotininig dalillarini uning o’ziga qarshi ishlatdi. “Tashlab ketsak, – dedi, – chanamizning izidan bizni topib olishadi. Ana o’shanda nafaqat qotillikda, balki, ustiga-ustak jinoiy loqaydlikda ham ayblashadi!” Shunda Hulyo qo’l siltadi-da, lablarini cho’chchaytirib: “Bilganlaringni qil!” – degandek, o’z ryukzagiga plastik stakanlaru termosni solganicha, terakzordan ildamlab chiqdi.
Zamzama esa bu payt o’g’linining tayog’i bilan kavaklashgan narm qorni murda ustidan tushurdi, o’g’li bilan ko’rishsa, yigitchaning faqat bir yanog’iyu qo’li ochilib qolgan, qolgan butun badani boyagi kafannamo qoramtir brezentga o’ralgan. Biroq Zamzama ijirg’anganidanmi, yo brezentga ishonmaganidanmi, borib o’z ryukzagidan chananing ulkan plastik g’ilofini olib keldi-da, mayitning boshu qo’liga ham osilib qolgan brezent uchlarini yopib, bir amallagan holda g’ilofni murda ustiga kiydirdi. So’ng boshdan oyoq chaqmoqchani zippilab yopdi-da, chanani do’nglik ostiga keltirib, g’ilof ichidagi jussani chanaga yukladi.
Bular ketin-ketin shahar chekasidagi uylariga allaqachon qorong’u tushganida kirib keldilar. Chanani yuki bilan shu turishicha beton garajlarida qoldirishdiyu, Zamzama yo’lda o’g’ilchasi bilan kelishgan maslahatlari bo’yicha, politsiyani ertaga chaqirishadigan bo’lishdi.
Bu kutilmagan hodisa bularning barini jo’shqinlantirdi chamasi, anchagacha birontasi uxlagani yo’q. O’g’li: “O’zim yolg’iz uxlashdan qo’rqaman”, – deb xarxasha qildi. Arazlagan onasi erkatoyini uxlataman deb, ikki yotoqxona orasida mokidek yurdi. Bundan Zamzamaning ham halovatiyu uyqusi buzildi. Soat uchdami-¬to’rtda bular tinishdiyu, soat yettida to’satdan Zamzamaning qo’l telefoni jiringlab, orkestr dirijyori bugunga ularning kontserti qo’shni shaharga ko’chirilganiniyu, repetitsiya u yerda soat o’nga belgilanganini aytdi. U odatiy ezmalik bilan buning sabablarini tushuntirar, lekin Zamzama cholga quloq solmay, soatiga qaraganicha, bu ezmalikdan keyin yana qancha uxlay olishini chamalardi.
Afsuski, uyqusi batamomila buzildi. U turib, apil-tapil yuvindi, muzlatqichdan u-bu narsa olib nonushta qilgandek bo’ldi, notalarini qayta varaqlab trombonining g’ilofiga soldiyu, xonadonidagilarni uyg’otmasdan, SMS yuborarman deya, uy ro’parasida turgan mashinasiga chiqib bordi. Mashina uni allaqanday g’ulg’ulaga undadiyu, lekin lohaslikdanmi, motorini yoqishidanoq va karnaychalardan musiqaning taralishidan bu g’ulg’ulani unutdi-qo’ydi.
Bir kechaga deb favqulodda ravishda ketgani uch kunga aylandi. Qo’shni shahar yubileyi cho’zilib ketdi. To’rtinchi kuni o’lardek charchab uyiga qaytayotgan chog’i yo’lda mashinasini merovroq
kampirning chorrahada ivirsigan mashinasiga qattiq urib oldi. Shukurki, bu halokatdan ikkisi ham eson-omon, bejarohat chiqishdi, biroq mashinasi pachag’ bo’ldi.
Uyiga bir amallab yarim tunda yetib bordi. Ertasiga, dam olish kunlariga qaramay, mashinasini urilgan joyidan arang kelishilgan ustaxonaga olib kelishu, ustaxonadagilarga mo’l-mo’l pul to’lab, mashina ta’miri bilan shug’ullandi. Bunga ham ikki kun ketdi. Mashinasi tuzalgan ham edi, klartnetchi hamkasbi qo’lini sindirib olib, uni kasalxonaga eltish bo’ldi, indinisiga esa yana ko’chmanchi kontsert, yana allambalolar, xullasi kichkina hayotning o’ziga yarasha g’alvalari…
Mana endi esa Zamzama xotini o’ngida turib bu haftalar davomida esidan mutlaq chiqib ketgan murda mashmashasini qilyapti. “Havo isiganidanmi, garajda shunday qo’lansa hid tura boshladi-ki, biz uni vannaga olib kirdik…” Odatda xotining aksi tutganida Zamzama u-bu yerda unutgan narsalarini uning musiqa pyupitriga, yoki tromboning g’ilofiga solib qo’ygan paytlari ham bo’lgan. Bu safar sidqidildan gapiryapti chamasi. Lekin baribir Zamzama qizishib: “Biz deganing kim?” – deb so’radi. “O’g’lingiz bilan ikkalamiz…” – Hulyo yana qaychisini o’ynatib gullarga qaradi. “Hozirning o’zida politsiyaga qo’ng’iroq qilish kerak!” – deya xitob etdi Zamzama. “Nima deysiz ularga?!”
Lekin Zamzama allaqachon telefoninin qo’lga olib politsiya raqamlarini terardi. “Shuncha vaqt murda bilan yashabmiz-a!” – deb g’udurlardi u o’ziga o’zi. Kimdir aftidan go’shakni oldi. “Alyo…” – “Alyo, politsiyami?” – deb surishtirdi Zamzama. – “Ha!” – deb javob berdi erkakning gulduros ovozi. – “Men… men… sizga telefon qilishimdan maqsad… biz dalaga… shahar chekasiga chiqqan edik… bir bolaning murdasini qor tagidan topdik… olib keldik…balki kimdir uni qonunan ko’mgandir, lekin ehtiyot shart…” Xotini shu yerda odatdagidek Zamzamaning gapiga aralashib-qo’shilib: “…agar sizlarga qiziq bo’lsa…” – deb o’qitdi. Zamzama qancha ranjimasin: “Agar sizlarga qiziq bo’lsa…” – deb ulab qo’ydi. “Ha, – dedi navbatchining ovozi, – ko’ramiz…” – va go’shakni qo’ydi. Zamzama bir zumga qotib qoldi. Nima dedi bu zobit? “Ha, ko’ramiz…” – dedimi? Nima degani bu? Axir adresini ham yozib olgani yo’q-ku… YO ular barini bilisharmikan?!
Boshqa bir xayol: “Hozirning o’zidayoq suvsiz vannada yalang’och yotgan murdani qayta brezentga o’rab, olib chiqib tashlashsamikan?! YO bo’lak-bo’lak qilib…” Zamzama o’zining xayolidan o’zi cho’chib ketdi… Nega olib keldi uyiga bu murdani?! Aytmabmidi xotini o’shanda balo bo’ladi boshimizga deb?! Nega quloq solmadi xotiniga o’shanda?! Endi nima qiladi u?!
II
Dirijyor tayoqchasini ko’tardiyu, shivirlab: “Bir-ikki…” degach, “Rekviem” boshlandi. Zamzamaning qatorida, o’ngda o’tirgan fagotlaru bassetgornlar asta, qadam-baqadam tantanavoru motamsaro ohangni boshlashdi. Ularga oldindagi skripkalau al`tlar qo’shildi. Zamzama ichida avtomatik ravishda taktlarni sanar ekan, bularning ingragan-singragan tovushlariga xor baslari “Requiem aeternam dono eis…” – deb ulangach, Zamzama hisobini uzmay, boyada sozlangan trombonini sassiz ravishda yoniga tik qo’ydiyu, tik trombonining qiya ko’ziga tushgan shaklidanmi, yo erkak xorining tebrangan qalin ovozlaridanmi, negadir bexosdan terakzorni esladi. Ha, oppoq qor bosgan terakzor… Miyasida taktlarning hisobi o’zidan-o’zi davom etar ekan, teraklar ham hisob-hisob tebranardi … Uning ko’zi ro’parasidagi pyupitrga, notalarga tushdi. “Requiem. Trombone alto. Adagio.” va yana teraklarga o’xshagan notalar o’rmoni…
Erkaklarga ayollar hamovoz bo’lishdi. Basning xotini xorda eriga bir narsa uqtirayotgandek zig’irdek ajraldi… Nega Zamzama Hulyosiga quloq solmadi o’shanda?! U zo’r berib endigi tiniq ayol sopranosiga quloq burdi: “Et tibi reddetur votum…” – “Senga duo qilurlar…” Bu Ro’yoning ovozi edi… Ro’yo, Ro’yo… Bir kun repetitsiyadan keyin Zamzama oldiga kelib tuyqusdan: “Menga sizning asbobingiz yoqadi, oti nimaydi, seksafonmi?” – desa bo’ladimi. Xonandalarning tentakroq bo’lishini Zamzama bilardiyu, lekin bu qadar… “Ayniqsa ichidan cho’zilishi…” – deydi yana… Ro’yo… Ro’yo… Xor o’rtarog’iga yaqinlashar ekan, Zamzama o’zining kirishiga tayyorlana boshladi, u tromboninin qo’liga oldi, labiga sozlab boqdi. “Requiem aeternam…” – “Abadiy sokinlik…” hayotida hukm surmayotgan edimi?
U ovozlaru notalar o’rmoniga tayin bir paytda zo’riqmasdan kirib bordi. Musiqa teparoq va teparoq ko’tarilib borardi. Ovozlar bir-biri bilan, bular esa birgalikda orkestr bilan talasha boshlashdi. Zamzama bu talashda kim tomonda ekanligini bilmagandek, mayda-mayda tebrana, axir erkagu ayol ovozlari bir nuqtada jamlashib: “Kyrie eleison…” – “Rabbim, kechir…” deya nido etganida, bularga so’nggi uzun nafasu cheksiz tovushda qo’shildi…
Orkestr bir zumga tindi. Kimdir yo’taldi, kimdir qulayroq o’tirdi. Zamzama ham bir lahza fursatdan foydalanib, ventilga yig’ilib qolgan so’lagini qoqib tashladi. Lekin jazavasi qo’ziy boshlagan dirijyor allanechuk g’azabda ikki qo’lini ko’kragi o’ngiga ko’tardi. Orkestr nafasini yutdi. Bir silkinishda “G’azab kuni” boshlanib ketdi. Endigina jamoat jam bo’lgan holatda xor bilan birgalikda Zamzama keng va to’liq tovush bilan g’azabga ulug’vorlik qo’shdi. Nega anavi murdani uyiga olmoqchi bo’ldi o’shanda? Tiriltirarmidi uni qayta?! Qulog’iga mana shu larzona tovushlarni o’ynamoqchi bo’ldimi?! Endi g’azab girdobiga kim ko’mildi – o’zi emasmi?! “Hakam kelganda iztirob naqadar ulkan bo’lg’ay… – Quantus tremor est futurus, quando judux est venturus…”
Orkestr tipirchilay boshladi, dirijyor qo’llarini payshaxa qilib, salkam zikr tushardi. Unga bukulgan birinchi skripka taqlid qildi. Bular orasida bir gap bor… Hamma bilsa kerak… Lekin oxiri bularning ikkisini ham xorning zalvori bosdi…
Uchinchi qismni Zamzamaning o’zi ochib berishi kerak. Ko’pincha boshqa tunlari trombonini yoniga tikkaytirib, qolgan orkestr: kimi pishillab, kimi vishillab yotishini bamaylixotir kuzatib o’tiradigan Zamzama xuddi kabir malaklardan biri Isrofildek endi tinchgina, birovga zararsiz umrguzaronlik isroflarini yig’ishtirib, Quroni karimda aytilmish “sayhatan vahidatan” yo “nafiha fis-sur” – sur ovozi bilan murdalarni go’rdan turg’izadigandek.
Tuba mirum, spargens sonum
Per sepulchra regionum,
Coget omnis ante thronum…
Ajab sur navha tug’ar,
Dunyo bo’ylab o’liklarni
Taxt o’ngiga to’plab yig’ar…
Zamzamaning domlasi “Hech qachon bu joyni kuchanib o’ynama!” – derdi. “O’likni eshakning hangi, yo budil`nik uyg’otmaydi!” – deb qo’shib qo’yardi u. “Uni musiqa uyg’otishi kerak…” O’smir murdaning yuzini esladi Zamzama. Vannaning ichida ko’rganida tuzukroq qarab olmagan ekan, qiya nazariga ilingani – labi ustidagi mo’rt mo’ylovchasiyu, chotidagi harom tuki… Zamzamaga erkak basi qo’shildi. Anavi so’zlarni aytdi. Zamzama so’zlar oralab unga shoyista hamnafas bo’ldi. Keyin o’smir ovoz bilan unga tenor jo’r bo’ldi. O’g’lining terakzordagi ovozimidi bu, yo o’spirin murda tilga kirib: “Liber scriptus preferetur…” – “Yozilgan kitobni keltiringlar…” deyaptimi?! Bari yozilgan ekan-da… Mana bu notaga o’xshab… Anavi politsiya zobitining so’zlari shuni anglatmaganmidi? Nega dirijyor unga shubha bilan qarayapti?! Xato qildimi?!
Ayol al`tining ovozi xuddi trombon al`tidan yukni o’z yelkasiga olgandek, suhbatga qo’shilib, bir narsalar derdi: “…barcha sirlar ochilg’usi…”, biroq Zamzama so’zlar ma’nosidan qochib, go’zalu nozik Ro’yo ovozining jilolariga mahliyo bo’lib o’tirardi. Bir kun gastrollarda kontsertdan keyin Zamzama xnasining vannasida suvni sharillatib ochib, mana shunday ovoz bilan kuylagandi bu Ro’yo… “SH-sh-sh… chol eshitib qoladi!” – deb hayiqqan edi o’shanda Zamzama. Lekin butun dunyoni barmog’im bilan boshqaraman! – deydigan zobit yuzli dirijyor ham hozir birdaniga holsizlanib, Ro’yo ovozining to’lqinlarida quloch otganicha oqib borardi…
Isrofilning ishi bitdi. Qolgani – ko’proq xorgayu tornavozlar guruhiga qoldi. Zamzama “Rex trenendae” – “Darg’azab malik” qismidagi qisqagina ikkilamchi partiyasini o’ynar ekan, endi qolgani uning qo’lida emasligini aniq tushunib yetdi. Murdani garajiga olib keldi, mayda-chuydalar ketidan unutdi-qo’ydi, endi anavi olifta xotinchalish birinchi skripka xalq maqolini buzib aytganidek: “Tovush o’tganidan keyin kanifol`ni ko’tingga qo’y!” Bu xayolga chalg’ib Zamzama o’n ikkinchi taktdagi birinchi notani zaracha qisqaroq o’ynab yubordiyu, o’zi buni anglab, o’zi cho’chib ketdi. Hech qachon bundayin parishonxotir bo’lmas edi. Orkestr bulamig’ida bu zarrachani undan o’zga hech kim sezmasligi ham mumkin, biroq zobit yuzli battol dirijyorning darg’azab g’amzasi u taraf otilganidan, Zamzama bu sassiq cholning pashsha chichsa ham qulog’iga yetib borishini tuydi. U yelkalarini qoqib, ortiqcha joziba bilan qolgan uch taktni bejirim o’ynab, yana batamomila musiqa og’ushiga qaytdi.
Keyingi “Recordare – Esla” degan qismni Zamzamaning “surnaychi” safdoshlari yuzlariga taqvo pardasini tortib boshlab berishgan esa-da, uning o’ynaydigan bironta notasi yo’q edi. Bekorchilik. U trombonini yoniga tiklantirdi, to’rtta ovoz bir-biriga eshilib ulug’vor xotirotlarga yo’g’rilar ekan, yana ventiliga to’planib qolgan so’lakni asta qoqib tashladi. So’lak kelib-kelib, o’zining yaltillagan qora tuflisiga tushsa bo’ladimi! “Ablah!” – deb so’laginimi, tromboni yo o’zini so’kdi Zamzama. Artsamikan yo artmasa? Allaqachon o’lib ketgan onasini esladi u shunda. Onasining ajib bir odati bor edi. Boshqa bolalar ko’cha changitib to’p tepib yurgan paytda u besh yashar Zamzamaning qo’liga pioner gornini tutqazib, o’zi u yoki bu ish bilan tashqari ketar ekan, ostonaga katta qilib tuflardi-da: “Qurigunicha qaytib kelaman”, – deb va’da berardi. Zamzama ichidagi yolg’izliginimi, sog’inchinimi, alaminimi gorn ichiga bor kuchicha puflab-puflab, quriy boshlagan so’lakni o’zining loyqa ko’z yoshlari bilan sug’orib o’tirardi… Musiqa ana shunda va ana shundan tug’ilganmikan ichida?!
Et ab hoedis me sequestra,
Statuons in parte destra…
Serkalardan meni ajrat,
O’ng tomonga aylay hijrat…
Ayollar bu so’zlarni aytib bo’lgach, dirijyorning g’azabnok nigohini qarshilagan Zamzama darhol trombonini qo’lga oldiyu, keyingi shijoatli “Confutatis… – Yanchgach…” degan qismga kirishdi. Bu safar hech narsaga chalg’imasdan, ko’zini partituradan uzmay, xorga shaddod tarzda jo’r bo’ldi. Ayollarning “Voca me…” – “Chorla meni… Chorla meni…” degan iltijolariga qaramay, chanani dalalar bo’ylab tortgandek, to’laqon notalari ila a-moll → as-moll → g-moll → ges-moll → F-dur qilib, tubsiz qa’r tomon sudrayverdi, sudrayverdi…
Ana endi skripkalar “Lacrimosa deis illa – Yoshga to’lar o’shal kun” qismining yig’isini boshlab yuborishdi. Xor o’zining mahshariy dodini ko’tardi. Ritm val`snamo 12/8 ga ko’chib, butun dunyoni pag’a-pag’a qor qopladi. Bu qor ostida o’zining chanasiyu, chanadagi murdasi, tromboniyu, trombonidagi tovushlari bilan Zamzamayu, u bilan yonma-yon kelayotgan ayolu o’g’il ovozlari ko’mildi. Barini qor bosdi… Unut qori… Zamzamaning qizigan yuragidanmi, ochiq qolgan ko’zlarida zarralar erib, ko’zyoshga aylandi…
Zamzama ko’zidan yoshini artaman desa, qatra yosh uzilib, boyada so’lak tushgan tuflisiga tomdi. Sukunatda xuddi tovushga ovoz qo’shildi…
Keyingi Domine Jesus qismi Zamzamani ancha mashg’ul tutdi. Endi u Isrofil emas, balki Azroildek, ayniqsa bu qismning so’ngrog’ida xor xuddi bir jumlaga qoqilgandek qayta-qayta: “quam olim Abrahae promisiste – chunki sen Ibrohimga va’da bergansan” so’zlarini yuz maqomga solib aytar ekan, bularga tovush qo’shgan Zamzama partiturada “olim” so’zini ko’rib, har bir taktni boz-boz “o’lim…o’lim…o’lim…” deb chalardi. Nega u ham o’limga qoqilib qoldi? Nega uning girdobidan hech tashqari chiqa olmay qoldi? Bir narsa kutyaptimi uni yo hali ham tirikligining alomatimi bu? Zamzama terlab ketdi. Qulog’ida xorning bitmas-tuganmas avjiga negadir hech kim ko’tarmayotgan telefonning jiringi qo’shilaverardi, qo’shilaverardi…
Kim kimga nima va’da bergan ekan?! Tiriklar o’liklargami, o’liklar tiriklvrgami?! Lekin bunisi ham bitdi. Dirijyor xorigayu orkestriga rahm qilgandek, o’rgimchak qo’llarini keng yozdiyu, qo’lochini yoyib, barini tugamsiz dardisardan xalos etdi…
Dirijyorlar o’zini Xudoning yerdagi soyasi deb bilarmikanlar?! O’lib ketganlarning tovushu asoratini tiriltirib, “izmimdan chiqib ko’r-chi!” degandek, olam-olam narsalarni boshdan oyoq boshqarib… Mana yana barmog’ini osmonga niqtab, barini o’ziga bo’ysuntiryapti… Kelib-kelib negadir hozir Zamzama bundan ijirg’andi, ichida allaqanday tug’yon ko’tarildi. Mayli, ro’parasidagi “Hostias- Qurbonlar” qismini o’ynab olsin-chi, undan keyingisida unga dam, o’shanda bu fikrini oxiriga yetkazar…
Bu qismda ham boyagi “quam olim Abrahae promisiste”ning tugab-tuganmas alkanlanishi borligini bilgan Zamzama (o’lim sochgan qurbon yig’adi-da!) anavi tersligu isyonda ko’zini boshqa so’zlarga tikdi: “Face eas Domine, de morte transire ad vitam” – “Sen ularni, Rabbim, o’limdan hayotga ko’chir…” Tikdiyu, yana musiqa uni vannasida yalang’och yotgan murdaga eltib ketdi. Kimningdur terak ostiga ko’milgan bolasi bo’lsa-ya! Bular esa uning qor eritgan go’rida ham tinch qo’ymay olib ketishgan esa… Ibrohim o’z o’g’li Is’hoqni qurbonlikka tayyorlagach, kimdir bog’langan Is’hoqni o’g’irlab qochganidek… Shundanmi bular tinimsiz o’zlarining “quam olim Abrahae promisiste”siga qoqilib yotishibdi?!
III
“Sanctus, sanctus… – Quddus, quddus…” Dirijyorlarning hayoti ham hech izidan chiqarmikan?! YO bari notaga solinganu, o’ngida yo’riqnoma bo’lib turgan lavhayu bitikka sodiqmi? Baraban ilk bor urdimi?! Zamzamaga bu qismda o’yin yo’q, u trombonini ikki oyog’i orasiga oldi-da, nima uchun dirijyoru uning izmlarini o’ylaganini angladi. Uning liftlarga bog’liq qaytarma bir tushi bor edi. O’tgan tuni ham o’sha lift uning tushiga kirganini esladi.
Zamzama tashqarida burchakka tiqilib o’tirardi. Oldiga bir shubhali odam kelib o’tirdi. Avvaliga tinchgina o’tirdi. Keyin sust ovozda o’z dardini ayta boshladi. «Men, – dedi, – avvallari front chizig’ida ishlaganman. Lekin bir narsa bo’ldiyu…” U fojeasi hikoyasini so’zlay boshladi. Biroq Zamzama uni yaxshi tushungani yo’q. Aqldan ozgan odamlar bo’lishadi. Shunday qilib pinjingizga kiradiyu, boshqa chiqmaydi. Zamzama xavotirlandi. Qo’lida yo’q soatiga qaragandek bo’lib: “Uzr, men besh minutdan keyin ketishim kerak, repetitsiyam bor” – degan bahonani qildi. U ko’ndi. Lekin yengini ushlaganicha hikoyasini davom ettirdi.
Shu payt uning ketida o’tirgan go’zal bir tannoz unga qarab: “ Qo’y, barini gapirma!” – deb uni tiya boshladi. Bejirim yuz, shahlo ko’z, qip-qizil bo’yalgan lablar… Ro’yo-ku bu! Zamzama turdi va binoga kirdi. Ro’yo uning ketidan ilashdi. “Siz fon Karayanni qaerdan bilasiz?” – deb so’radi. Zamzama uning yuziga boqdi. Endi aqlga kirgan Ro’yoning yuzi yig’lab-yig’lab, bo’yoqlarini yo’qotgan jodugarning yuzi edi. Zamzama qo’rqib ketdi. “U yoqqa o’tishing mumkin emas”, – dedi. “Men hech qanaqa fon Karayanni bilmayman”. U ichkari o’tishga intilgandek bo’ldi, lekin Zamzamaning gaplari ta’sir etdimi, to’xtadi va anavi telba tomon qaytdi.
“Bular endi meni kutishadi”, – deb o’yladi tashvishlangan Zamzama. Lekin orqa eshikda, o’tirgan yerida kutishsa kerak. Bular markaziy chiqish borligini bilishmaydi. U esa teskari tarafda. Shu yerdan chiqib ketadi u! «Lekin derazadan qarab turishgan bo’lsa, ehtiyot shart hozir liftda beshinchi qavatga chiqib kelay, narsalarimni olib, ularning ko’zidan g’oyib bo’lib qaytarman…» – deb o’yladi u.
Liftni kutib bir yosh bola bilan u liftga chiqdi. «Tezroq keta qolsak…” Yo’q, lift eshigi yopilavermaydi. Filarmoniya kadrlar bo’limidan bir zobit kiradi. «Nechanchiga?» – deb so’raydi Zamzama. «Sakkizinchi», – deydi zobit. Biroq Zamzama tugma bosgan yerda 5 raqami oxirgisi. Undan keyin hech narsa yo’q. Qidira boshlashadi. Tepada rubil`nik kabi uskuna. Ana unda 7, 8, deb yozilgan. O’shani bossamikan? Bola «Yo’q! ¬- deydi, – bular liftni o’chirib qo’yadi».
Lift ko’tarila boshlaydi. Lift eshiklari negadir ochiqligicha qolaveradi. Beshinchi qavatga chiqish ham shuncha uzoq bo’ladimi, hali ham lift ko’tarilyapti, hali ham tinmasdan harakatda. Zobit ochiq eshikdan qavatlarning birida sakrab tushadi. Zamzama o’spirin bolaga shikoyatlanadi. “Qara, – deydi, – yurib ketayotgan liftdan sakradi-ya, boshi tagida qolib ketmasa”. Axir lift o’zini qavatga moslab to’xtaydi. Eshiklar asta ochiladi. Chiqay deyishsa, aftidan beshinchi emas, yettinchi qavatga o’tib ketishibdi. Ana, filarmoniya sportzali ko’rinyapti. Eshikdan esa dirijyor bilan birinchi skripka kirib kelishmoqchi. Shuning uchun bu qadar uzoq yurgan ekan-da lift. «Mayli, beshinchiga tushib borarmiz», – deyishsa, lift birdaniga ochiq eshigi bilan bularning yuzi o’ngida pastga yarim metr yuradi va eshik yopiladi. So’ng lift birdaniga yonga yura boshlaydi. Endi eshigi ham yon devorga ko’chadi. “Mayli, yonidan chiqsak yonidan chiqarmiz, ishqilib 5-nchi qavatda to’xtasa bo’lgani”, – deb o’ylashadi bular.
Bular bilan bir kampir paydo bo’ladi. Qaysi qavatda kirdi ekan. Lift endi bir yonga, bir pastga tushib boradi. Eshiklari ham bir shiftda, bir yon devorga ko’chadi. “Bir narsaga tayyor bo’lishimiz kerak, – deydi Zamzama bolakayga, – lift eshiklari polga ko’chsa, yopishadigan narsalarni o’ylab qo’y”. Xayriyat, lift yerto’laga, garajga tushadi.
Yerto’lada filarmoniya negadir qop-qora shinalar chiqarar ekan. Konveyer bular tomon osilg’ichlari ila yurib keladi. Boshlarini bosib qolmasa bu shinalar. Anavi kampir Zamzama nazdida shu yerda chiqib qoladi. “Endi lift qaerda to’xtasa to’xtasinu, biz ham tushib qolsak bo’lgani. Piyoda ham 5-nchi qavatga chiqaveramiz”, – deb o’ylaydi u. Lift diagonaldan yurib o’likdek to’xtab qoladi. «YO harakat davom etyaptiyu, biz sezmayapmizmi?» – deb o’ylaydi Zamzama…
IV
Qog’ozga tushirilgan tush uzundan-uzog’u og’irdan-og’ir ko’rinadi. Aslida-chi u oniy, uchqur, vaznsiz… Bir narsani tushungandek bo’ldi shu zumda Zamzama. Biz tiriltiramiz degan narsa aslida o’lar ekan… Teskarisi-chi? Unisi ham haqmikan?! Tushini dirijyoriga qasddan eslar ekan, Zamzama qachon qo’liga trombonini olib, parvoz etayotgan to’rt ketma-ket ovozga qo’shila, Benedictus qismini o’ynab bo’lganini ham sezmay qolibdi. Ovozlarning tush singari tiniqligiyu ravonligidan, dirijyorning osoyishta harakatlaridan u ham o’z qismini bejirim o’ynaganin angladi… Hayotda ham bari xayoldagidek bo’lsa-ya! Qattiq “t” bilan yumshoq “l” farqi… Lekin oniy, uchqur, vaznsiz xayoldan ham og’irroq narsa bormikan o’zi dunyoda?
To’rt ovoz tushidagi tannoz qizu ivirsiq kampir, devonayu zobit ovozlariga hamohang bo’libdi shekilli, o’shalar orasida liftning bir tepaga, bir yonga, bir diagonal` bo’ylab, bir pastga – dirijyor qo’llariga bo’ysungan holda yurishiga uning tromboni ham taqlid qilibdi chamasi… YO bu to’rt ovoz uningu Hulyoning, o’g’liningu murdami zobitning bahsimidi?!
Shu payt dirijyor so’nggi qism “Agnus Dei – Tangri qo’zichog’i”ga o’qtalgandek, o’tkir tayochasini ko’tardi. Zamzamaning yana aksligi tutdi. Qora kiygan dirijyor shu top uning ko’ziga ko’lka bo’lib ko’rindi. Axir Requiemning so’nggi qismlarini Motsartning o’zi emas, uning shogirdi Zyusmayer yozgani ma’lum-ku! Bu messaga kirishishdan avval dirijyor odatdagidek asar haqidagi cho’pchaklarini orkestrning qulog’iga quygan edi. Emishki bir ko’lka odam Motsartning o’ngiga kelib, undan azadorlik uchun Requiem yozib berishni iltimos qilibdi. Ko’lka odam…ko’lka odam… Kim ekan u? Qay biridan tanlasin uni Zamzama? “Qancha pul so’rasang beraman!” – debdi u. Dirijyormikan? YO ayg’oqchi zobit? YO murdaning egasimi? Bular kelishishgach, qora kiygan odam na otini, na zotini aytib, g’oyib bo’libdi. Motsart esa ishga kirishibdi. Bu motam musiqasini yozar ekan, to’satdan o’zining o’limi uchun yozayotganini anglabdi. “Qirqqa kirmay qirqildi yoshim…” Balki-da bularning bari Zamzamaning o’zi haqidadir, balki-da u murda bilan nima qilishini emas, o’z-o’zining ichida adashib, yo’lini yo’qotib qolgandir?! Balki-da murdaning o’zi ko’lkadir?! Yo’qlir?! Sharpadir?! Asarni bitirar-bitirmas Motsart o’libdi. “Ana o’sha qora odamning sharpasini o’ynab berishinglar kerak!” – deb uqtirgan edi o’shanda dirijyor. Nimani o’ynayapti shu choq Zamzama? Ana shu yo’qlikni, ko’lkani, sharpani emasmi?!
Qora kiygan xor ketyapti… qator-qator mashinalardek…Qora kiygan skripkachilar ham ovozga kirib: Agnus Dei, qui tallis peccata mundi… – Tangrining qo’zichog’i o’z o’stiga dunyo gunohlarini yuklagan…” – deb ingramoqda. O’shanda mashinasida shu so’zlarni eshitib ketmayotganmidi u… Qora kiygan Ro’yo qo’shiladi: “Lux aeterna… – Abadiy nur…” va birdaniga Zamzama xayolida orqadan nur uradi. U musiqadan chalg’imay deya keskin ravishda nazarini qo’lidagi tromboni bilan o’ngga buradi… Qora kiygan saksofonchining g’ildiraksimon, yumaloq mototsikli yarq etadi… “Requiem aeternam dona eis… – Abadiy sokinlik baxsh et ularga…” Oq qorga qulagan qora mototsiklchi…
Axir quvlab yetdingmi menga?! Oppoq qor tagidan oppoq bo’sh vannaga qip-yalang’och yotgan Tangrining qo’zichog’i… Bu chalkashlikda, bu sarosimada Zamzama bor kuchicha, xuddi tromboniga emas, suriga, karnayiga, besh yoshidagi pioner gorniga so’nggi, qoradan oqqa aylagan bo’m-bo’sh notalarini puflaydi…
Go’yo onasi yo’qlikdan, hechlikdan, ichidan aytmish: “Karnaychidan nima ketdi – puf…”