Shukur Xolmirzaev. Jo’natilmagan maktub & Adib degani shaxs bo’lishi kerak

0222 29 сентябрь — Шукур Холмирзаев хотираси кун. Бугун адибнинг вафот этганига 10 бўлади.

  Бугун сизга тақдим этилаётган мактубни Шукур Холмирзаев 2004 йилнинг 2 февралида деновлик ёзувчи дўстларидан бирига ёзган. Лекин хат жўнатилмасдан қолиб кетган. Биз («Маънавий ҳаёт» журнали таҳририяти ходимлари) яқинда Шукур Холмирзаевнинг матбуотда эълон қилинмаган ишлари билан қизиққанимизда, қўлёзмалар орасида шу хатни ҳам топдик ва уни журналхонлар эътиборига ҳавола этишни маъқул кўрдик. Нима учун шундай қилганимизни мактубни ўқиб чиққандан сўнг мулоҳаза қилиб билиб оласиз.

Шукур Холмирзаев
ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБ
04

05Машҳур адиб Шукур Холмирзаев бу мактубни 2004 йилнинг 2 февралида деновлик ёзувчи дўстларидан бирига ёзган. Лекин хат жўнатилмасдан қолиб кетган. Биз яқинда Шукур Холмирзаевнинг матбуотда эълон қилинмаган ишлари билан қизиққанимизда, қўлёзмалар орасида шу хатни ҳам топдик ва уни журналхонлар эътиборига ҳавола этишни маъқул кўрдик. Нима учун шундай қилганимизни мактубни ўқиб чиққандан сўнг мулоҳаза қилиб билиб оласиз.

033

Салом, дўстим!

Сизга кўпдан бери бир таклифни айтмоқчи бўлиб юрардим: хат ёзишиб турсак — хат қолади, ундаги гапларинг, гапга ўралган туйғуларинг, ўша пайтдаги фикр-мулоҳазаларинг, хуллас, ҳаёт тарзинг қолади. Телефонда гаплашгандан кейин нима қолади? Бари гапинг ҳавога учиб кетади. Хотирангда қолгани ҳам — шошилишда аитилган узуқ-юлуқ, чала-думбул ахборотлар қолади…

«Термиз» сўзи тилимдан ҳам тушмай қолган, дилимдан ҳам: унутдим деганимда, телевизорда, радиода айтиб қолишади, газеталарни-ку қўйинг: ҳар саҳифасида Термиз ҳақида гап бор…

Ўйлаб қоласан киши: Термизимиз шундай улуғ-қадимий жойми-а? Унга японлар ҳам қизиқиб ётишибди… Дарвоқе, Термизнинг 2500 йиллик юбилейи ЮНЕСКОнинг иштироки ила ўтаётир-ку? Ҳа, энди бутун дунё билади Термизни…

Энди «Тошкентданман» деб Ўзбекистонни таништиришинг шарт эмас. Самарқанду Бухородек донғи доғистон кетган марказлар қаторида Термиз ҳам гижинглаб туради…

Ва биз «термизлик» эканимиз билан ифтихор қиламиз. Ифтихор қиламизу, унинг қиёфаси — шакли-шамойили кўз олдимизда намоён бўла бошлайди: Ҳаким Термизий мақбараси, Султон Саодат мажмуи, Қирққиз қалъаси ва Амударёнинг сокин кўринмиш бўтана сувининг сарҳадсиз кўриниши; аммо тикилаверсанг, сув ўртасида қора дарахтлар уюмидек Пайғамбар ороли ҳам кўринади, кейин уфқда сарғиш қум тепалари — гўёки бегона ўлка Афғонистон…

Шаҳарда ўзгариш жуда зўр эмиш: Алпомишнинг ҳайкалини телевизорда кўрдим: тўқсон ботмон ёйини тортиб турибди. Телевизорда Ўрта Осиёда ягона ҳисобланмиш Археологик музейни кўрсатишди: о, қойил, лоф бўлсаям, ҳамма музейлар бир тарафу, бу музей бир тараф бўлиб қолади: ахир, нақ шунда-да Термизнинг Термизлиги: пайдо бўлишию ёшию бошидан кечган саргузаштлару… у-у-у, музей экспонатлари бугунги кунимизгача ҳикоя қилар-ов. Агар Термизнинг «Тарих музейи» ҳам унга қўшилиб кетган бўлса борми…

Эй, дўстим, қадриятларимизга эътибор чиндан ҳам кучайди, а, жуда кучайиб кетди?!
Ўз юртингга ўзинг эга бўлсанг, жуда яхши бўлар экан-да!

Айтмоқчи, Термизда Алпомиш боғи ҳам барпо бўлибди! Термизга борганимда бирга айланамиз… Янги Термиздан чиқиб, эски Термизга ҳам ўтамиз, хўпми?

Эски Термиз эскилиги учунгина эмас, менинг кўз очиб кўрганим ўша бўлган эди…

Янги Термиз кичкина замонавий шаҳар эди, холос: тўрт қаватли иморатлари, асфальт кўчалари, вокзали-поезди ва машиналари, қолаверса, башангроқ кийинган одамларию автомат осиб, овчарка итни етаклаган рус солдатлари билан…

Эски Термиз эса бизнинг Бойсун жанубидаги тепаликлар ва сув урган жарликларни эслатар, ўша тепаларда қўй-қўзиларнинг ўтлаб-ўйноқлаб юрганларига кўзим тушиб, барчасини кўнглимга яқин олар эдим: худди Бойсуннинг бир учи шу ергача чўзилиб келгандай… Аммо бу ердаги тепаликлардан сал нарилари — пахтазор, умуман теварак-атроф текис бўлиб кўринардики, ҳайрон қолардим мен: ахир, тепаликлар, одатда, тоғларга туташ -тоғларнинг инилари бўлади…

Кейин билсам, бу эски Термиз тепаликлари — қадимги шаҳар деворларининг нурамалари, уйлар-кошоналарнинг чўкмалари экан: уларнинг устини чанг-тупроқ босиб, табиий дўнгликларга ўхшатиб қўйган эканки, тилсиз жониворлар уларни ўйноқлаб-ўтлаб юрадиган ерларига айлантиришган экан.

Во дариғ, бундай тепаликларнинг айримлари тагида … 2200 йил бурун қурилган ва минг-минглаб одамларнинг зиёратгоҳи ҳисобланган қадимий ибодатхоналарнинг қолдиқлари ҳам бор экан… Менгзиё айтганди, шундай ибодатхоналардан бири Амударё ёқасидаги Қоратепа номли дўнгликнинг остида эканки, уни қадимшунос-археолог олимлардан Стрелков ва Массон деган улуғ олимлар 1930-йилларда очишган экан: табиийки, улардан чиққан топилмалар СССРнинг иккинчи пойтахти ҳисобланмиш Ленинград (ҳозирги Санкт Петербург) музейларига тўхтовсиз жўнатилган, бу ерда ўғри ургандек бўмбўш хоналар, йўлаклар, токчалар вадеворлардаги ғалати-ғалати чизиқлар қолган экан…

Шунисигаям шукр қилиб, бошим осмонга етган: «Э, шунақами, Менгзиё, унда зўр экан-ку халқимиз! Э, ўтмишдан бор экан-ку биздаям?!» — деб хитоб қилган эдим.

Энди дўстим Менгзиё ҳақида: касби — археолог, қисмати — ёзувчилик эди; у Қоратепа устидан қарасангиз кўриниб турадиган Пайғамбар оролида ҳам ўз ихтиёри билан икки йилча яшаб (вагончада) ва у ернинг табиатини ўрганиб, ушбу орол номида гўзал бир эсселар китоби ёзган, китоб кейинчалик чоп қилинган эди… Қизиқ-а, археолог-ёзувчининг дафъатан табиатшунос бўлгани ҳам… Аммо у айни Қоратепа ҳақида ҳам тарихий-археологик асар битганди: «Ер остидан репортаж» деган… Қаранг, номнинг топилганига қойилмисиз?

Ахир, ҳақиқатан ҳам Термизнинг ўтмиши наинки сиртдаги тепаликлар остида, балки ер қаърида ҳам ўзининг нажоткорини кутиб ётган экан…

Айтмоқчи, юқоридаги бир мисқол чекиниш ҳам сиз учун ортиқчадир-ов: ахир, Менгзиё — сизнинг тоғангиз бўлади…

Ҳа, хатга — мактубга нима етсин!

Ўзингизга ҳам маълумдир: Менгзиё ҳаётлигида фақат ўша билан хат ёзишардим. Гоҳо, туйқусдан ундан мактуб келар ва уни очмаёқ «хўб бир қизиқ, ҳаяжонли ва дунёвий гаплар» бўлишига ишонардим. Илло ўзим ҳам, дейлик, нимадандир ўртанган-куйган ёки ўта мамнун бўлган чоғларимда булар барисини дўстим билан баҳам кўриш, лозим бўлса — ундан маслаҳат сўраш учун нома ёзишга ўтирардим. Шунинг учун Менгзиё билан учрашиб қолганимизда, у кулиб: «Сиздан мактуб олганимда ёнимда Шафоат шоир (ёки Болтабой…) бор эди. Конвертни очмасдан айтдим: «Шукурга бир гап бўлган!« «Ҳақиқатан ҳам, Шукуржон…» ва ҳоказолар дер эди. Агар ишонсангиз (тепамда худо бор!), «Турналар учади» қиссасини ҳам бобма-боб юбориб турган (биласиз: қисса мактублардан иборат), кейин ўзи билан учрашганимизда, мактуб-бобларни қайта ўқиб чиқиб, сўнгига яна бир мактуб битилишига келишгандик ва Менгзиё уни дарҳол менга ёзиб берган, кейин мен барини ёнимга қўйиб олиб, ўзимнинг алмисоқдан қолган «Ремингтон» машинкамда кўчириб чиққан эдим (шу билан асарнинг чиқиши учун-да кўп югургандик. Раҳмат Асқад акага, раҳмат Ваҳоб Рўзиматовга; ўшаларнинг мадади ила қисса «Шарқ юлдузи»да босилган эди).

Менгзиёдан кейин… Бойсунлик журналист укамиз Собир Ядиков билан (аслида Ёдгоров) хат ёзиша бошладик. У йигит ҳатто Афғонистондан ҳам менга мактублар йўллаб турди. Уларда нималар йўқ дейсиз! Умрида биринчи марта отиб ўлдирилган одамни (у афғон экан) кўрганию донг қотиб қолгани ҳам (бечора афғон бир қояга суяниб ўтиргандек ҳолатда қотиб қолган экан), Тошқўрғон қишлоғида бир ўзбек чолнинг қақшаб-шовдираб қолган қўлларини узатиб кўришгани ва йиғлаб юборгани ҳам… бор, яна кўп-кўп хотиралари ёзилган эди. Бойсунда унинг фирмаси касод бўлганидан кейин нимагадир ёзмай қўйди ҳисоб: ким билади, «фирмаси тарихи»ни айтишдан ўзини тийгану, тийилиб кетгандими…

Гапнинг қисқаси (лекин бу хат «қисқа» бўлмаса керак), хат ёзишиб турайлик: ака-укачилик ҳам, устоз-шогирдлик ҳам шуни тақозо этар, деб ўйлайман.

Хўш, ушбу қарорга келишимга яна бир муҳим сабаб бор: яхши биласизки, Деновга борганимда ҳам унчалик очилиб гаплашолмаймиз. Ҳар хил одамлар кўп бўлади даврамизда…

Бу ёғини эшитинг. Шундай ўйланиб ўтира-ўтира битта кофе дамлаб ичдим-да, корректура ўқишга ўтирдим. Иккинчи жилднинг корректурасини. Бу ўлгур ҳам — бир қўлтиқ. 1984-2004 йиллар орасидаям анча-мунча (35 б.т.) ҳикоя ёзиб қўйган эканман.

Қолаверса, айрим ҳикояларга жузъий ўзгартиришлар киритиш ҳам мумкин экан. Айримининг финали бўшроқ туюлди: бир туртки билан очилиб кетиши мумкин.

Ахир, ўтмишдаги барча ёзувчи номига лойиқ Ёзувчилар шу тариқа йўл тутганлар: ҳар бир нашрда асарга ўзгаришлар-қўшимчалар киритган, айрим кераксиз ўринларини «йўқ қилишган» экан. Мана, масалан, домла Шолохов барча-барча ҳикояларига етти маротаба таҳрирлар киритганини буюк адибнинг тадқиқотчиси Сойфер ўзининг «Мастерство Шолохова» асарида жуда ўхшатиб таҳлил қилиб, ўзгармалар боисини очиб кўрсатган. Шу тобда ўнлаб мисолларни келтиришим мумкину, хат… учинчи бет бошланди: ҳали айтажак гапларимнинг ўндан бирини ҳам ёзмадим ҳисоб. Ҳа, мактублашиб туришимиз ҳақида уни-буни айтдим-ов…

Айтмоқчи, 2-жилдга киритажак (кўриниб турган) қўшимчаю изоҳларнинг асарлар ғоясига дахли йўқ! Бор шундай ёзувчиларимиз, хусусан шоирларимиз. Яқинда чоп этилган мажмуаларида илгари чоп этилгани- да, масалан, «Ленин, компартия» ва ҳоказо деб аталган шеърларни… ўзгартириб қўйишди… Одам уялиб кетади. Хайрият, Шукур акангиз «бошқа йўл»дан юрган, унинг эътиқодлари бошқача экан: кўнглим тинч — ўзимдан уялмайман…

Чой ичиб ўтириб, яна пайқаб қолдимки, жавондаги «Чағониён» йўқ. Йўқ!

«Бировга ўқишга бердимми», деб ўйладим. Зеро, тарихдан бехабар касбдошларимни ичимда хушламас ва иложи борича, тарихий китобларнинг номини айтиб, мақтаб, ҳатто биров-ярмига ўзимда бор китоблардан берган ё совға қилган пайтларим кўп бўларди: ҳеч қурса, «бошланғич саводи чиқсин» бу йўриғда деб…

«Чағониён» йўқ эди.

Шу пайт эшик ишонч билан очилиб, қизим Сайёра кириб келди. У хурсанд эди. Уни кўриб: «Шунга бергандирман, — деб ўйладим. — Ажлодларимиз тарихиниям ўқи деб…».

Илло, қизим кунора келиб мендан хабар олади. Ҳар оқшом соат 7 атрофида қўнғироқ қилиб, аҳвол-руҳиятимни айтиб тураман. Айтмоқчи, менинг ворисим, «адабий меросхўрим» ҳам шу!

Жилдларни нашрга тайёрлаб, сўзбоши ёзган ҳам шу… Менга қолса, бу «Сайланма» ҳали-вери чиқмас эди: ахир, бировларга ўхшаб — ёзган, матбуотда чиққан асарларимни йиғиб юриш… одати йўқ менда: чиқдими — бўлди: у — ўтмиш мен учун.

Қизим эса йиғиб-тўплаб юраркан… Дарвоқе, 1-жилднинг «Ёзилмаган сўзбошига илова» деган изоҳотида булар бари — тарихи билан ёзилган. Балки ўқигандирсиз? Қизимдан хурсандман.
— О, корректура ўқияпсизми? — деди у яйраб. — Эшитдим. «Шарқ»қа қўнғироқ қилувдим. «Адангиз обкетди», дейишди.
-Ҳа, ўтган кунмиди… Эсимда йўқ. Эй, Сайёражон, «Чағониён» йўқ-ку? Ана, «Қуръон»нинг ёнида туриб эди. Мен учун у — жуда азиз…

— Кимлар келувди уйингизга? Бўлган экан-да-а…
— Ҳа, энди…
— Бу гал сизни операция қилишса… Мени ўйланг, ҳеч бўлмаса… Эшитяпсизми? Дўхтирлар айтишган. Ошқозонингизда кесиб ташлайдиган жой қолмаган…
— Бўлди қил энди… «Чағониён»…

Эҳ, меҳрибон қизим-а, мени аяйди-да…

— Ё бировга совға қивордингизми? Шунақа одатларингиз ҳам бор…
— Ке, излаб қарайлик. Мақтаниб бўлиб… бирон жойга тиқиб қўйгандирман… қизим.
— Ҳозир мен пальтомни ечай… Айтмоқчи, биринчи томнинг реализацияси нима бўляпти? Сирожиддин Саййидга учрамоқчи эдингиз…

Дўстим, Шукур акангиз бир нарсага мутлақо бефарқ экан. Масалан, асари газета-журналда чиққанидан кейин бирон соат завқланиб ўтиргач — уни унутгандек (бошқасини ўйлашга тушиб кетсам, олдингисидаги образларнинг исм-номлариям ёдимдан кўтарилиб кетади), чиққан китобимни ҳам бирон кун варақлаб, у ер-бу ерини чўқиб-чўқиб — ўқиб юргач, уни-да унута бошлар эдим: шунинг учун менинг хонамда биронта китобим ҳам йўқ!

Умуман, болаликдан ўнлаб-юзлаб-минглаб китоб йиққан бўлсам ҳам, кейинчалик улардан нарироқда юришни одат қилиб қолдим: чунки яқинлашишим билан — дуч келганиёқ мени ўз ҳукмига олар, ундан безиб бошқасига ўтсам, унинг-да асирига айланардим. Шу тариқа ишларим қолиб кетарди…

Хўш, асарнинг — Сайёра айтмиш «реализацияси» мени зиғирча қизиқтирмасди!
Энди денг, замон эврилгани рост экан-да! — Мана, ўтган ҳафта корректура олгани «Шарқ» нашриёт-матбаа концернига борсам, Бош муҳаррирнинг ўринбосари Эркин Маликов минг андишалар ила: «Шукур ака, биринчи жилдингизнинг чиққанига олти ойдан ошаяпти. Биз Худойберди Тўхтабоев билан ўтган куни мактабларни «абход» қилдик. Адабиёт ўқитувчилари сизнинг ҳам китобингизни сўрашди. Биз чиққанини айтдик. Улар билишмас экан. —
— Нега тақдимот бўлмади китобингиз?» — деб сўради ниҳоят.
— Ёзувчилар уюшмасида Рустам Мусурмон шу ҳақда гапирган эди, мен, укажон, қўяверинг, иккинчи жилди ҳам чиқсин. Кейин бир гап бўлар, — дедим.
— Чакки қилибсиз, Шукур ака, — деди Эркин. — Ҳозирги вақтда ҳатто сизнинг асарингиз ҳам рекламага муҳтож! Кўнглингизга олманг. Бу — реал ҳақиқат!

Мен ўйланиб қолдим. Эркин бошқа гапирмади. Биз хайрлашдик. Кейин ўкси-иб дегандай автобуслар бекатига йўл олдим.
Алалхусус, автобуслар бекати қаршисидаги Ёзувчилар уюшмасига кўзим тушиб, ўша ёққа гангиб бориб қолдим.
Эшик оғзида Абдуллажонлар туришган экан. Сўрашдик, одатдагича кулишдик.

Оббо, ЕТТИНЧИ бетни қоралаяпман-ку? Бўлди қиламан.
Хатнинг давомини «келгуси сонда» деб қолдирамиз. Ҳали буни Деновга жўнатиш ҳам бор: ахир, мен кейинги йилларда хат… жўнатмаганман. Ёзмаганман ҳам. Тўғри, газеталар орқали ёзганман: у — бошқа гап. Эртага «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»га бораман. Муроджон ўргатиб қўяди хат юборишни. Э, бўлмаса, Қўчқор бор…

Саҳифа тўлди. Хатнинг давомида «кўришгунча» хайр. Э, ҳайит муборак бўлсин! Хайр.

2 февраль 2004 йил
Тошкент

Манба: «Маънавий ҳаёт» журнали, 2015,№ 2

Шукур Холмирзаев
АДИБ ДЕГАНИ ШАХС БЎЛИШИ КЕРАК
04

Ёзувчи кундалиги математикнинг формулалар дафтарига ўхшайди.

* * *

Бу ўткинчи дунёда адиб дегани шахс бўлиб қолиши керак.

* * *

Менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Бу изланишларни синтезга эришиш, деб баҳолаш ҳам мумкин.

* * *

Иқтидорли ёзувчилар билиб-билмаган ҳолда ўзини — ўзлигини излайди; ўзликни билмоқ эса — ўзгаларни билмоқ учун калит вазифасини ўтайди.

* * *

Роман устида ишлаяпман: роман ёзишни, умуман, санъат яратишни ўргандим.

Финал хусусида:

Бир улуғ (масалан) одамнинг фавқулодда (масалан) қазосидан ҳайратга тушамиз. Аммо дўппини олиб қўйиб: «Не бўлиб шундай ўлим топди?» деб ўйлай бошласак ва ошиқмасдан унинг ҳаёт йўлига назар ташласак, шундай «нуқта»ларни кўрамизки, ўшаларга назаран шу одам айни шундай ўлиши лозим эканига ақлимиз етади.

Энди: асарда ҳам шу тариқа ҳол юз бериши лозим. Аммо асарга қаҳрамон этиб олинган шахснинг ўшандоқ «нуқта»ларига алоҳида эътибор зарур…

Шу «эътибор» ёзувчига «дастур» бўлса, асар ўз-ўзидан ёзилади ва керакли-лозим воқеалар тасвирланади, ҳалиги «нуқта»ларга ёт-­фавқулотда-ўткинчи ҳоллар ўз-ўзидан тушиб қолади.

Бу – буюк қонун!

* * *

Адабиёт — ҳасратдан бошқа нарса эмас. Фақат ёзувчининг оддий одамдан фарқи – оддий одам ўз дардидан ҳасрат қилса, ёзувчи бировлар дардидан ҳасрат қилади.

* * *

«Динозавр»ни қайта бошладим. Илгаригилардан фарқи — бош қаҳрамонни ўзимдан ажратмадим.

Шундай силлиқ ва равон кетдики, ўзим ўзимни яхши кўриб кетдим.

Демак, энг иблисни ҳам тасвирлаганда ўзим бўлай!!!

* * *

Энг қисқа маслаҳат: ўзимга раво кўрган, ўзим интилган маслаҳат: ўзни — ўзликни топиш!

* * *

Фикр:

Бу «қабила» (рассомлар, шоир-ёзувчилар, бастакор-машшоқлар, хонандалар, кулоллар) бир умр ўзи учун эмас, ўзгалар учун хизмат — ижод қилади ва шундан завқ олиб яшайди.

Уларнинг ўзгалардан талаби битта: шу иш — ижодни давом эттиришга имкон ва мадад бериб турсалар – бас!

* * *

Вақти келганда, ижодкорни бир оғиз илиқ сўз билан сийлаб қўйиш ҳам унинг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Бироқ пишмаган мевани уриб туширадиган “мерган”дек мукофотга интилиш, ҳай-ҳай, уят! Таъмагирликдан бошқа нарса эмас.

* * *

Худбин одамнию худбинликни кечирмаслик керак. Инсон қусурларининг жамиси шунда.

* * *

Энг муҳим «нарса»ни биринчи навбатда ёзиш керак экан!!!

Мен «Қил кўприк» ва бошқа романларимни қайта «кўриб» чиққунча умр охирлаб қолиши мумкин экан. Демак, «Динозавр» (энг муҳим асар)дан ортган вақт — ўша романларники!

* * *

«Динозавр»нинг сўнгги қандай тугайди?

Менинг азобим — шу эди!

Бугун С.Ф. ва бошқалар мени суҳбатга таклиф этишди. Мен ғамгин эдим.

— Биз ғамнокмиз, Сиздан қувват олмоқчимиз, — деди С.Ф.

— Мен — ўзим шунга зорман-ку! — дедим.

Сўнг, ҳужрамда (қизим Сайёра бериб қўйган уйчада) чироқларни ўчириб, газ ёниб турган хонага чиқиб, шунинг шуъласида чекиб ўтириб… ўйлаб…

…Асарнинг хулосасини топдим: бу — Ҳаёт давом этади (Сенсиз ҳам…) экан, холос.

Кўнглим ёришиб, бағрим кенгайиб кетди.

— Кимим бор?!

Сайёра!

Қўнғироқ қилиб айтаман: «Йўлим очиқ…».

* * *

«Динозавр» бошланди. ­Дастлабки 5 бети ёзилди. Нега бунча кечикиб? Сабаби — ғояни аниқлаштиришдан ҳам қийин бўлган бир ҳол эди. Яъни, «ўзим» учунми, «биров» учунми ёзиш керак?

«Биров» — ким ўзи? Файласуфми, оми одамми? Ва ҳоказо. Барибир уларга мослашишга тўғри келарди.

Мослашилди — энг содда, билишни истовчи, самимий инсонга — ҲАСРАТДОШга!!!

(Бу улуғ муаммо мени ўн йиллар бурун ҳам кўп ўйлатган, ўнлаб йилларим шу йўлда совурилган эди…).

Ниҳоят, биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинган асарларим менга қўл келди: Биринчи шахс кимга ҳикоя қилган экан?!

Ана шуни кавлаштириб топдим: у — ушбу самимий ҲАСРАТДОШ экан…

* * *

Ижод – Яратувчилик бўлар экан, ижодкор ўзи яратган оламига илоҳий бир адолатда бўлиши шарт!

* * *

Нўъмон Раҳимжонов айтди:

— Шукур ака, жуда енгил ёзасиз-а?

— О, бу жуда қийин, — дедим беихтиёр. — Ўзинг кўрган воқеаларни-ку бир амаллаб (енгил) ёзасан. Аммо кўрмаган воқеаларни кўрган (кўринган) ҳолига келтиргунча ўлиб бўласан. (Академиядаги суҳбатдан.)

* * *

Муаммоларнинг муаммоси — одам. Одамни чинакамига акс эттирар экансан, унинг қилмиш-қидирмишларидан муаммолар келиб чиқаверади. Ўша муаммоларни ҳал этиш эса… сенинг ишинг эмас: уни ҳаёт ҳал этади ва пироварди, ўша “ҳал этилиш” жараёни яна адабиётда акс этиши мумкин.

* * *

Замон қаҳрамони ҳақида ёзадиган ёзувчининг ўзи тўғри, тўлиқ бўлиши керак. Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарларида акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин?

* * *

Ҳақиқий адиб асло руҳини туширмай ижод қилиши лозим. Чин адиб ўша — ёруғ кунларни кутмасдан, унга умид билан боқиб ижод қилавериши керак.

* * *

Ҳикояда ечим — ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғли билиши, қолаверса, маҳорат — профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир.

* * *

Адабиётнинг ўсуви — миллатнинг ўсувига гаров ва миллат камолини кўрсатувчи ойна.

* * *

…яна бир табиий истак туғилади: кошкийди адабиётга ўзларича ҳомийлик қилаётганлар асл адабиёт билан халтуранинг фарқига тезроқ етсалар.

* * *

Қўлингдаги асарни қиёмига етказ. “Яхши асарим олдинда” дейвериб умринг ҳалигидай асарлар ёзиш билан ўтганини билмай қолишинг мумкин.

* * *

Ҳикоя ёзганда ҳам, ёзаётганда ҳам ўзингни эркин ҳис этасан, нафсиламбри, “Китоб ўзи учун ўзи жавоб беради”, деганларидек, ҳикоянинг ўзи ҳам ҳар бир асар каби ўзига хос бир олам, сен – ёзувчи — шу олам устидан туриб, ундаги ўзинг бино этган саргузаштларни, Флобер айтмиш “инсонлар тақдирини кузатувчи худо сингари кузатасан”, лекин, албатта, улар ишига ҳадеб бош суқавермайсан.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 12-сон

003

Shukur Xolmirzaev
JO’NATILMAGAN MAKTUB
04

044Mashhur adib Shukur Xolmirzaev bu maktubni 2004 yilning 2 fevralida denovlik yozuvchi do’stlaridan biriga yozgan. Lekin xat jo’natilmasdan qolib ketgan. Biz yaqinda Shukur Xolmirzaevning matbuotda e’lon qilinmagan ishlari bilan qiziqqanimizda, qo’lyozmalar orasida shu xatni ham topdik va uni jurnalxonlar e’tiboriga havola etishni ma’qul ko’rdik. Nima uchun shunday qilganimizni maktubni o’qib chiqqandan so’ng mulohaza qilib bilib olasiz.

033

Salom, do’stim!

Sizga ko’pdan beri bir taklifni aytmoqchi bo’lib yurardim: xat yozishib tursak — xat qoladi, undagi gaplaring, gapga o’ralgan tuyg’ularing, o’sha paytdagi fikr-mulohazalaring, xullas, hayot tarzing qoladi. Telefonda gaplashgandan keyin nima qoladi? Bari gaping havoga uchib ketadi. Xotirangda qolgani ham — shoshilishda aitilgan uzuq-yuluq, chala-dumbul axborotlar qoladi…

«Termiz» so’zi tilimdan ham tushmay qolgan, dilimdan ham: unutdim deganimda, televizorda, radioda aytib qolishadi, gazetalarni-ku qo’ying: har sahifasida Termiz haqida gap bor…

O’ylab qolasan kishi: Termizimiz shunday ulug’-qadimiy joymi-a? Unga yaponlar ham qiziqib yotishibdi… Darvoqe, Termizning 2500 yillik yubileyi YUNESKOning ishtiroki ila o’tayotir-ku? Ha, endi butun dunyo biladi Termizni…

Endi «Toshkentdanman» deb O’zbekistonni tanishtirishing shart emas. Samarqandu Buxorodek dong’i dog’iston ketgan markazlar qatorida Termiz ham gijinglab turadi…

Va biz «termizlik» ekanimiz bilan iftixor qilamiz. Iftixor qilamizu, uning qiyofasi — shakli-shamoyili ko’z oldimizda namoyon bo’la boshlaydi: Hakim Termiziy maqbarasi, Sulton Saodat majmui, Qirqqiz qal’asi va Amudaryoning sokin ko’rinmish bo’tana suvining sarhadsiz ko’rinishi; ammo tikilaversang, suv o’rtasida qora daraxtlar uyumidek Payg’ambar oroli ham ko’rinadi, keyin ufqda sarg’ish qum tepalari — go’yoki begona o’lka Afg’oniston…

Shaharda o’zgarish juda zo’r emish: Alpomishning haykalini televizorda ko’rdim: to’qson botmon yoyini tortib turibdi. Televizorda O’rta Osiyoda yagona hisoblanmish Arxeologik muzeyni ko’rsatishdi: o, qoyil, lof bo’lsayam, hamma muzeylar bir tarafu, bu muzey bir taraf bo’lib qoladi: axir, naq shunda-da Termizning Termizligi: paydo bo’lishiyu yoshiyu boshidan kechgan sarguzashtlaru… u-u-u, muzey eksponatlari bugungi kunimizgacha hikoya qilar-ov. Agar Termizning «Tarix muzeyi» ham unga qo’shilib ketgan bo’lsa bormi…

Ey, do’stim, qadriyatlarimizga e’tibor chindan ham kuchaydi, a, juda kuchayib ketdi?!
O’z yurtingga o’zing ega bo’lsang, juda yaxshi bo’lar ekan-da!

Aytmoqchi, Termizda Alpomish bog’i ham barpo bo’libdi! Termizga borganimda birga aylanamiz… Yangi Termizdan chiqib, eski Termizga ham o’tamiz, xo’pmi?

Eski Termiz eskiligi uchungina emas, mening ko’z ochib ko’rganim o’sha bo’lgan edi…

Yangi Termiz kichkina zamonaviy shahar edi, xolos: to’rt qavatli imoratlari, asfal`t ko’chalari, vokzali-poezdi va mashinalari, qolaversa, bashangroq kiyingan odamlariyu avtomat osib, ovcharka itni yetaklagan rus soldatlari bilan…

Eski Termiz esa bizning Boysun janubidagi tepaliklar va suv urgan jarliklarni eslatar, o’sha tepalarda qo’y-qo’zilarning o’tlab-o’ynoqlab yurganlariga ko’zim tushib, barchasini ko’nglimga yaqin olar edim: xuddi Boysunning bir uchi shu yergacha cho’zilib kelganday… Ammo bu yerdagi tepaliklardan sal narilari — paxtazor, umuman tevarak-atrof tekis bo’lib ko’rinardiki, hayron qolardim men: axir, tepaliklar, odatda, tog’larga tutash -tog’larning inilari bo’ladi…

Keyin bilsam, bu eski Termiz tepaliklari — qadimgi shahar devorlarining nuramalari, uylar-koshonalarning cho’kmalari ekan: ularning ustini chang-tuproq bosib, tabiiy do’ngliklarga o’xshatib qo’ygan ekanki, tilsiz jonivorlar ularni o’ynoqlab-o’tlab yuradigan yerlariga aylantirishgan ekan.

Vo darig’, bunday tepaliklarning ayrimlari tagida … 2200 yil burun qurilgan va ming-minglab odamlarning ziyoratgohi hisoblangan qadimiy ibodatxonalarning qoldiqlari ham bor ekan… Mengziyo aytgandi, shunday ibodatxonalardan biri Amudaryo yoqasidagi Qoratepa nomli do’nglikning ostida ekanki, uni qadimshunos-arxeolog olimlardan Strelkov va Masson degan ulug’ olimlar 1930-yillarda ochishgan ekan: tabiiyki, ulardan chiqqan topilmalar SSSRning ikkinchi poytaxti hisoblanmish Leningrad (hozirgi Sankt Peterburg) muzeylariga to’xtovsiz jo’natilgan, bu yerda o’g’ri urgandek bo’mbo’sh xonalar, yo’laklar, tokchalar vadevorlardagi g’alati-g’alati chiziqlar qolgan ekan…

Shunisigayam shukr qilib, boshim osmonga yetgan: «E, shunaqami, Mengziyo, unda zo’r ekan-ku xalqimiz! E, o’tmishdan bor ekan-ku bizdayam?!» — deb xitob qilgan edim.

Endi do’stim Mengziyo haqida: kasbi — arxeolog, qismati — yozuvchilik edi; u Qoratepa ustidan qarasangiz ko’rinib turadigan Payg’ambar orolida ham o’z ixtiyori bilan ikki yilcha yashab (vagonchada) va u yerning tabiatini o’rganib, ushbu orol nomida go’zal bir esselar kitobi yozgan, kitob keyinchalik chop qilingan edi… Qiziq-a, arxeolog-yozuvchining daf’atan tabiatshunos bo’lgani ham… Ammo u ayni Qoratepa haqida ham tarixiy-arxeologik asar bitgandi: «Yer ostidan reportaj» degan… Qarang, nomning topilganiga qoyilmisiz?

Axir, haqiqatan ham Termizning o’tmishi nainki sirtdagi tepaliklar ostida, balki yer qa’rida ham o’zining najotkorini kutib yotgan ekan…

Aytmoqchi, yuqoridagi bir misqol chekinish ham siz uchun ortiqchadir-ov: axir, Mengziyo — sizning tog’angiz bo’ladi…

Ha, xatga — maktubga nima yetsin!

O’zingizga ham ma’lumdir: Mengziyo hayotligida faqat o’sha bilan xat yozishardim. Goho, tuyqusdan undan maktub kelar va uni ochmayoq «xo’b bir qiziq, hayajonli va dunyoviy gaplar» bo’lishiga ishonardim. Illo o’zim ham, deylik, nimadandir o’rtangan-kuygan yoki o’ta mamnun bo’lgan chog’larimda bular barisini do’stim bilan baham ko’rish, lozim bo’lsa — undan maslahat so’rash uchun noma yozishga o’tirardim. Shuning uchun Mengziyo bilan uchrashib qolganimizda, u kulib: «Sizdan maktub olganimda yonimda Shafoat shoir (yoki Boltaboy…) bor edi. Konvertni ochmasdan aytdim: «Shukurga bir gap bo’lgan!« «Haqiqatan ham, Shukurjon…» va hokazolar der edi. Agar ishonsangiz (tepamda xudo bor!), «Turnalar uchadi» qissasini ham bobma-bob yuborib turgan (bilasiz: qissa maktublardan iborat), keyin o’zi bilan uchrashganimizda, maktub-boblarni qayta o’qib chiqib, so’ngiga yana bir maktub bitilishiga kelishgandik va Mengziyo uni darhol menga yozib bergan, keyin men barini yonimga qo’yib olib, o’zimning almisoqdan qolgan «Remington» mashinkamda ko’chirib chiqqan edim (shu bilan asarning chiqishi uchun-da ko’p yugurgandik. Rahmat Asqad akaga, rahmat Vahob Ro’zimatovga; o’shalarning madadi ila qissa «Sharq yulduzi»da bosilgan edi).

Mengziyodan keyin… Boysunlik jurnalist ukamiz Sobir Yadikov bilan (aslida Yodgorov) xat yozisha boshladik. U yigit hatto Afg’onistondan ham menga maktublar yo’llab turdi. Ularda nimalar yo’q deysiz! Umrida birinchi marta otib o’ldirilgan odamni (u afg’on ekan) ko’rganiyu dong qotib qolgani ham (bechora afg’on bir qoyaga suyanib o’tirgandek holatda qotib qolgan ekan), Toshqo’rg’on qishlog’ida bir o’zbek cholning qaqshab-shovdirab qolgan qo’llarini uzatib ko’rishgani va yig’lab yuborgani ham… bor, yana ko’p-ko’p xotiralari yozilgan edi. Boysunda uning firmasi kasod bo’lganidan keyin nimagadir yozmay qo’ydi hisob: kim biladi, «firmasi tarixi»ni aytishdan o’zini tiyganu, tiyilib ketgandimi…

Gapning qisqasi (lekin bu xat «qisqa» bo’lmasa kerak), xat yozishib turaylik: aka-ukachilik ham, ustoz-shogirdlik ham shuni taqozo etar, deb o’ylayman.

Xo’sh, ushbu qarorga kelishimga yana bir muhim sabab bor: yaxshi bilasizki, Denovga borganimda ham unchalik ochilib gaplasholmaymiz. Har xil odamlar ko’p bo’ladi davramizda…

Bu yog’ini eshiting. Shunday o’ylanib o’tira-o’tira bitta kofe damlab ichdim-da, korrektura o’qishga o’tirdim. Ikkinchi jildning korrekturasini. Bu o’lgur ham — bir qo’ltiq. 1984-2004 yillar orasidayam ancha-muncha (35 b.t.) hikoya yozib qo’ygan ekanman.

Qolaversa, ayrim hikoyalarga juz’iy o’zgartirishlar kiritish ham mumkin ekan. Ayrimining finali bo’shroq tuyuldi: bir turtki bilan ochilib ketishi mumkin.

Axir, o’tmishdagi barcha yozuvchi nomiga loyiq Yozuvchilar shu tariqa yo’l tutganlar: har bir nashrda asarga o’zgarishlar-qo’shimchalar kiritgan, ayrim keraksiz o’rinlarini «yo’q qilishgan» ekan. Mana, masalan, domla Sholoxov barcha-barcha hikoyalariga yetti marotaba tahrirlar kiritganini buyuk adibning tadqiqotchisi Soyfer o’zining «Masterstvo Sholoxova» asarida juda o’xshatib tahlil qilib, o’zgarmalar boisini ochib ko’rsatgan. Shu tobda o’nlab misollarni keltirishim mumkinu, xat… uchinchi bet boshlandi: hali aytajak gaplarimning o’ndan birini ham yozmadim hisob. Ha, maktublashib turishimiz haqida uni-buni aytdim-ov…

Aytmoqchi, 2-jildga kiritajak (ko’rinib turgan) qo’shimchayu izohlarning asarlar g’oyasiga daxli yo’q! Bor shunday yozuvchilarimiz, xususan shoirlarimiz. Yaqinda chop etilgan majmualarida ilgari chop etilgani- da, masalan, «Lenin, kompartiya» va hokazo deb atalgan she’rlarni… o’zgartirib qo’yishdi… Odam uyalib ketadi. Xayriyat, Shukur akangiz «boshqa yo’l»dan yurgan, uning e’tiqodlari boshqacha ekan: ko’nglim tinch — o’zimdan uyalmayman…

Choy ichib o’tirib, yana payqab qoldimki, javondagi «Chag’oniyon» yo’q. Yo’q!

«Birovga o’qishga berdimmi», deb o’yladim. Zero, tarixdan bexabar kasbdoshlarimni ichimda xushlamas va iloji boricha, tarixiy kitoblarning nomini aytib, maqtab, hatto birov-yarmiga o’zimda bor kitoblardan bergan yo sovg’a qilgan paytlarim ko’p bo’lardi: hech qursa, «boshlang’ich savodi chiqsin» bu yo’rig’da deb…

«Chag’oniyon» yo’q edi.

Shu payt eshik ishonch bilan ochilib, qizim Sayyora kirib keldi. U xursand edi. Uni ko’rib: «Shunga bergandirman, — deb o’yladim. — Ajlodlarimiz tarixiniyam o’qi deb…».

Illo, qizim kunora kelib mendan xabar oladi. Har oqshom soat 7 atrofida qo’ng’iroq qilib, ahvol-ruhiyatimni aytib turaman. Aytmoqchi, mening vorisim, «adabiy merosxo’rim» ham shu!

Jildlarni nashrga tayyorlab, so’zboshi yozgan ham shu… Menga qolsa, bu «Saylanma» hali-veri chiqmas edi: axir, birovlarga o’xshab — yozgan, matbuotda chiqqan asarlarimni yig’ib yurish… odati yo’q menda: chiqdimi — bo’ldi: u — o’tmish men uchun.

Qizim esa yig’ib-to’plab yurarkan… Darvoqe, 1-jildning «Yozilmagan so’zboshiga ilova» degan izohotida bular bari — tarixi bilan yozilgan. Balki o’qigandirsiz? Qizimdan
xursandman.

— O, korrektura o’qiyapsizmi? — dedi u yayrab. — Eshitdim. «Sharq»qa qo’ng’iroq qiluvdim. «Adangiz obketdi», deyishdi.
-Ha, o’tgan kunmidi… Esimda yo’q. Ey, Sayyorajon, «Chag’oniyon» yo’q-ku? Ana, «Qur’on»ning yonida turib edi. Men uchun u — juda aziz…

— Kimlar keluvdi uyingizga? Bo’lgan ekan-da-a…
— Ha, endi…
— Bu gal sizni operatsiya qilishsa… Meni o’ylang, hech bo’lmasa… Eshityapsizmi? Do’xtirlar aytishgan. Oshqozoningizda kesib tashlaydigan joy qolmagan…
— Bo’ldi qil endi… «Chag’oniyon»…

Eh, mehribon qizim-a, meni ayaydi-da…

— YO birovga sovg’a qivordingizmi? Shunaqa odatlaringiz ham bor…
— Ke, izlab qaraylik. Maqtanib bo’lib… biron joyga tiqib qo’ygandirman… qizim.
— Hozir men pal`tomni yechay… Aytmoqchi, birinchi tomning realizatsiyasi nima bo’lyapti? Sirojiddin Sayyidga uchramoqchi edingiz…

Do’stim, Shukur akangiz bir narsaga mutlaqo befarq ekan. Masalan, asari gazeta-jurnalda chiqqanidan keyin biron soat zavqlanib o’tirgach — uni unutgandek (boshqasini o’ylashga tushib ketsam, oldingisidagi obrazlarning ism-nomlariyam yodimdan ko’tarilib ketadi), chiqqan kitobimni ham biron kun varaqlab, u yer-bu yerini cho’qib-cho’qib — o’qib yurgach, uni-da unuta boshlar edim: shuning uchun mening xonamda bironta kitobim ham yo’q!

Umuman, bolalikdan o’nlab-yuzlab-minglab kitob yiqqan bo’lsam ham, keyinchalik ulardan nariroqda yurishni odat qilib qoldim: chunki yaqinlashishim bilan — duch kelganiyoq meni o’z hukmiga
olar, undan bezib boshqasiga o’tsam, uning-da asiriga aylanardim. Shu tariqa ishlarim qolib ketardi…

Xo’sh, asarning — Sayyora aytmish «realizatsiyasi» meni zig’ircha qiziqtirmasdi!
Endi deng, zamon evrilgani rost ekan-da! — Mana, o’tgan hafta korrektura olgani «Sharq» nashriyot-matbaa kontserniga borsam, Bosh muharrirning o’rinbosari Erkin Malikov ming andishalar ila: «Shukur aka, birinchi jildingizning chiqqaniga olti oydan oshayapti. Biz Xudoyberdi To’xtaboev bilan o’tgan kuni maktablarni «abxod» qildik. Adabiyot o’qituvchilari sizning ham kitobingizni so’rashdi. Biz chiqqanini aytdik. Ular bilishmas ekan. —
— Nega taqdimot bo’lmadi kitobingiz?» — deb so’radi nihoyat.
— Yozuvchilar uyushmasida Rustam Musurmon shu haqda gapirgan edi, men, ukajon, qo’yavering, ikkinchi jildi ham chiqsin. Keyin bir gap bo’lar, — dedim.
— Chakki qilibsiz, Shukur aka, — dedi Erkin. — Hozirgi vaqtda hatto sizning asaringiz ham reklamaga muhtoj! Ko’nglingizga olmang. Bu — real haqiqat!

Men o’ylanib qoldim. Erkin boshqa gapirmadi. Biz xayrlashdik. Keyin o’ksi-ib deganday avtobuslar bekatiga yo’l oldim.
Alalxusus, avtobuslar bekati qarshisidagi Yozuvchilar uyushmasiga ko’zim tushib, o’sha yoqqa gangib borib qoldim.
Eshik og’zida Abdullajonlar turishgan ekan. So’rashdik, odatdagicha kulishdik.

Obbo, YETTINCHI betni qoralayapman-ku? Bo’ldi qilaman.
Xatning davomini «kelgusi sonda» deb qoldiramiz. Hali buni Denovga jo’natish ham bor: axir, men keyingi yillarda xat… jo’natmaganman. Yozmaganman ham. To’g’ri, gazetalar orqali yozganman: u — boshqa gap. Ertaga «O’zbekiston adabiyoti va san’ati»ga boraman. Murodjon o’rgatib qo’yadi xat yuborishni. E, bo’lmasa, Qo’chqor bor…

Sahifa to’ldi. Xatning davomida «ko’rishguncha» xayr. E, hayit muborak bo’lsin! Xayr.

2 fevral` 2004 yil
Toshkent

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnali, 2015,№ 2

07

Shukur Xolmirzaev
ADIB DEGANI SHAXS BO’LISHI KERAK
04

Yozuvchi kundaligi matematikning formulalar daftariga o‘xshaydi.

* * *

Bu o‘tkinchi dunyoda adib degani shaxs bo‘lib qolishi kerak.

* * *

Mening butun ongli hayotim — ijod bobidagi izlanishlarim — mumkin qadar soddalikka yetishish, asar voqealarining mumkin qadar hayotga va uning tabiiy jarayonlariga o‘xshashligiga, qolaversa, asar g‘oyasi — badiiy niyatning ham ana o‘sha voqea-jarayon tizimidan beixtiyor sitilib chiqishi yo‘lida kechib kelayotir. Bu izlanishlarni sintezga erishish, deb baholash ham mumkin.

* * *

Iqtidorli yozuvchilar bilib-bilmagan holda o‘zini — o‘zligini izlaydi; o‘zlikni bilmoq esa — o‘zgalarni bilmoq uchun kalit vazifasini o‘taydi.

* * *

Roman ustida ishlayapman: roman yozishni, umuman, san’at yaratishni o‘rgandim.

Final xususida:

Bir ulug‘ (masalan) odamning favqulodda (masalan) qazosidan hayratga tushamiz. Ammo do‘ppini olib qo‘yib: «Ne bo‘lib shunday o‘lim topdi?» deb o‘ylay boshlasak va oshiqmasdan uning hayot yo‘liga nazar tashlasak, shunday «nuqta»larni ko‘ramizki, o‘shalarga nazaran shu odam ayni shunday o‘lishi lozim ekaniga aqlimiz yetadi.

Endi: asarda ham shu tariqa hol yuz berishi lozim. Ammo asarga qahramon etib olingan shaxsning o‘shandoq «nuqta»lariga alohida e’tibor zarur…

Shu «e’tibor» yozuvchiga «dastur» bo‘lsa, asar o‘z-o‘zidan yoziladi va kerakli-lozim voqealar tasvirlanadi, haligi «nuqta»larga yot-­favqulotda-o‘tkinchi hollar o‘z-o‘zidan tushib qoladi.

Bu – buyuk qonun!

* * *

Adabiyot — hasratdan boshqa narsa emas. Faqat yozuvchining oddiy odamdan farqi – oddiy odam o‘z dardidan hasrat qilsa, yozuvchi birovlar dardidan hasrat qiladi.

* * *

«Dinozavr»ni qayta boshladim. Ilgarigilardan farqi — bosh qahramonni o‘zimdan ajratmadim.

Shunday silliq va ravon ketdiki, o‘zim o‘zimni yaxshi ko‘rib ketdim.

Demak, eng iblisni ham tasvirlaganda o‘zim bo‘lay!!!

* * *

Eng qisqa maslahat: o‘zimga ravo ko‘rgan, o‘zim intilgan maslahat: o‘zni — o‘zlikni topish!

* * *

Fikr:

Bu «qabila» (rassomlar, shoir-yozuvchilar, bastakor-mashshoqlar, xonandalar, kulollar) bir umr o‘zi uchun emas, o‘zgalar uchun xizmat — ijod qiladi va shundan zavq olib yashaydi.

Ularning o‘zgalardan talabi bitta: shu ish — ijodni davom ettirishga imkon va madad berib tursalar – bas!

* * *

Vaqti kelganda, ijodkorni bir og‘iz iliq so‘z bilan siylab qo‘yish ham uning hayotini o‘zgartirib yuborishi mumkin. Biroq pishmagan mevani urib tushiradigan “mergan”dek mukofotga intilish, hay-hay, uyat! Ta’magirlikdan boshqa narsa emas.

* * *

Xudbin odamniyu xudbinlikni kechirmaslik kerak. Inson qusurlarining jamisi shunda.

* * *

Eng muhim «narsa»ni birinchi navbatda yozish kerak ekan!!!

Men «Qil ko‘prik» va boshqa romanlarimni qayta «ko‘rib» chiqquncha umr oxirlab qolishi mumkin ekan. Demak, «Dinozavr» (eng muhim asar)dan ortgan vaqt — o‘sha romanlarniki!

* * *

«Dinozavr»ning so‘nggi qanday tugaydi?

Mening azobim — shu edi!

Bugun S.F. va boshqalar meni suhbatga taklif etishdi. Men g‘amgin edim.

— Biz g‘amnokmiz, Sizdan quvvat olmoqchimiz, — dedi S.F.

— Men — o‘zim shunga zorman-ku! — dedim.

So‘ng, hujramda (qizim Sayyora berib qo‘ygan uychada) chiroqlarni o‘chirib, gaz yonib turgan xonaga chiqib, shuning shu’lasida chekib o‘tirib… o‘ylab…

…Asarning xulosasini topdim: bu — Hayot davom etadi (Sensiz ham…) ekan, xolos.

Ko‘nglim yorishib, bag‘rim kengayib ketdi.

— Kimim bor?!

Sayyora!

Qo‘ng‘iroq qilib aytaman: «Yo‘lim ochiq…».

* * *

«Dinozavr» boshlandi. ­Dastlabki 5 beti yozildi. Nega buncha kechikib? Sababi — g‘oyani aniqlashtirishdan ham qiyin bo‘lgan bir hol edi. Ya’ni, «o‘zim» uchunmi, «birov» uchunmi yozish kerak?

«Birov» — kim o‘zi? Faylasufmi, omi odammi? Va hokazo. Baribir ularga moslashishga to‘g‘ri kelardi.

Moslashildi — eng sodda, bilishni istovchi, samimiy insonga — HASRATDOShga!!!

(Bu ulug‘ muammo meni o‘n yillar burun ham ko‘p o‘ylatgan, o‘nlab yillarim shu yo‘lda sovurilgan edi…).

Nihoyat, birinchi shaxs tilidan hikoya qilingan asarlarim menga qo‘l keldi: Birinchi shaxs kimga hikoya qilgan ekan?!

Ana shuni kavlashtirib topdim: u — ushbu samimiy HASRATDOSh ekan…

* * *

Ijod – Yaratuvchilik bo‘lar ekan, ijodkor o‘zi yaratgan olamiga ilohiy bir adolatda bo‘lishi shart!

* * *

No‘‘mon Rahimjonov aytdi:

— Shukur aka, juda yengil yozasiz-a?

— O, bu juda qiyin, — dedim beixtiyor. — O‘zing ko‘rgan voqealarni-ku bir amallab (engil) yozasan. Ammo ko‘rmagan voqealarni ko‘rgan (ko‘ringan) holiga keltirguncha o‘lib bo‘lasan. (Akademiyadagi suhbatdan.)

* * *

Muammolarning muammosi — odam. Odamni chinakamiga aks ettirar ekansan, uning qilmish-qidirmishlaridan muammolar kelib chiqaveradi. O‘sha muammolarni hal etish esa… sening ishing emas: uni hayot hal etadi va pirovardi, o‘sha “hal etilish” jarayoni yana adabiyotda aks etishi mumkin.

* * *

Zamon qahramoni haqida yozadigan yozuvchining o‘zi to‘g‘ri, to‘liq bo‘lishi kerak. Kim o‘zgani o‘zichalik tasavvur etadi?! U o‘zini, o‘zligini asarlarida aks ettiradi. O‘zi, o‘zligi chatoq bo‘lgandan keyin ijobiy qahramon qaerdan paydo bo‘lsin?

* * *

Haqiqiy adib aslo ruhini tushirmay ijod qilishi lozim. Chin adib o‘sha — yorug‘ kunlarni kutmasdan, unga umid bilan boqib ijod qilaverishi kerak.

* * *

Hikoyada yechim — yozuvchining dunyoni zuhur etishi, inson ruhining ichki va sirtqi qonuniyatlarini nechog‘li bilishi, qolaversa, mahorat — professionallik, ijod texnikasini qanchalik egallagani bilan bog‘liq masaladir.

* * *

Adabiyotning o‘suvi — millatning o‘suviga garov va millat kamolini ko‘rsatuvchi oyna.

* * *

…yana bir tabiiy istak tug‘iladi: koshkiydi adabiyotga o‘zlaricha homiylik qilayotganlar asl adabiyot bilan xalturaning farqiga tezroq yetsalar.

* * *

Qo‘lingdagi asarni qiyomiga yetkaz. “Yaxshi asarim oldinda” deyverib umring haligiday asarlar yozish bilan o‘tganini bilmay qolishing mumkin.

* * *

Hikoya yozganda ham, yozayotganda ham o‘zingni erkin his etasan, nafsilambri, “Kitob o‘zi uchun o‘zi javob beradi”, deganlaridek, hikoyaning o‘zi ham har bir asar kabi o‘ziga xos bir olam, sen – yozuvchi — shu olam ustidan turib, undagi o‘zing bino etgan sarguzashtlarni, Flober aytmish “insonlar taqdirini kuzatuvchi xudo singari kuzatasan”, lekin, albatta, ular ishiga hadeb bosh suqavermaysan.

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil, 12-son

04

(Tashriflar: umumiy 977, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ҳаваскор қаламкашлар ва бўлғуси журналистлар учун жуда ибратли бўлган ушбу адабий меросни амалдаги икки алифбода тақдим этган ушбу сайт ижодкорларига «Уч илдиз» маҳорат мактаби номидан самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Izoh qoldiring