Erkin Vohidov. Umr bekatlari & She’rlar, tarjimalar & Kuy avjida uzilmasin tor

Ashampoo_Snap_2017.12.18_20h21m36s_003_.pngСаҳифа устоз Эркин Воҳидов хотирасига бағишланади

     Ўтган асрнинг 70-80-йиллари ўзбек адабиётида юзага келган қайноқ муҳит беқиёс бўлганини ҳеч ким рад этолмайди. Бу ҳалигача таъсири давом этаётган  муҳит ўзидан-ўзи осмондан тушмаган эди. Бу муҳит жуда узоқ давом этган соқовликдан сўнг, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби шоирлар, уларга эргашиб кириб келган ёш авлод ижоди боис адабиётнинг карахт вужуди нафас ола бошлаганидан туғилган эди, десак  тўғри бўлади. 

   Хусусан, адабиётда 30-йиллар қатағонидан кейин пайдо бўлган жарликни тўлдирганлардан, Абдурауф Фитрату Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпону Усмон Носирдек тенгсиз шоирлар қалам сурган ХХ асрдаги ўзбек шеъриятининг олтин даврига кўприк улаган шоирларнинг бири Эркин Воҳидовдир (Хуршид Даврон мақоласидан).

Эркин ВОҲИДОВ
УМР БЕКАТЛАРИ
07

ОЛТИАРИҚДА САККИЗ ЙИЛ

0_14a9c3_6a833149_orig.pngОта юртим — Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани. Шу ерда дунёга келганман. Онам тошкентлик бўлган. Фарғонага келин бўлишининг сабаби, бобомиз дунёдан ўтгандан кейин онамнинг катта акаси Олтиариққа ишга юборилади. Колхоз қурилишига оиласи билан келган тоғам синглисини шу ерда турмушга беради.

Отам тарих, онам география ўқитувчиси эди. Отам урушдан оғир ярадор бўлиб қайтгач, Тошкентга даволангани келиб, шу ерда вафот этади. Мен ёлғиз фарзанд эдим. Шунинг учун онам иккимиз Тошкентга келганмиз. Онам ҳам вафот этгач, тоғамнинг қўлида қолдим. Болалигим 7-8 ёшгача Олтиариқда ўтган.

Олтиариқдан кўчиб келиб янги ҳаёт бошлаш, ота-онанинг дунёдан ўтиши, янги муҳит ва шароитда, тоғамнинг оиласида яшаш албатта мурғак қалбимга катта зарба бўлган. Аммо тоғамнинг уйида уларнинг болалари билан бирга меҳр кўриб ўсдим.

«МЕН ЎҚИГАН МАКТАБ…»

Илк шеърларимни мактабда ўқиб юрганимда ёзгандим. Тахтапулдаги 22-мактабда ўқиганман. Мактабимизнинг деворий газетасида ёш ҳаваскор шоирларнинг шеърлари чиқарди. Шеърий муҳит мактабимизда жуда кучли эди. Пўлат Мўмин, Ғафур Ғулом, Уйғунларнинг мактабимизга келганини эслайман. Ўша пайтлар пионерлар саройи бўларди. 6-7-синфда мен ҳам ўша ердаги шеърият тўгарагига қатнашиб, шоир Ғайратийдан сабоқ олганман. Буларнинг барчаси менинг шеър ёзишимга тутки бўлган. Дастлабки шеърларим Ғайратий домлага маъқул келиб, у киши ижодимдан намуналарни «Муштум»да ва бир неча газеталарда чоп эттирган.

БИРИНЧИ КУРСДА…

Энди ўйлаб қарасам, камтарлик ҳақидаги шеъримни биринчи курсда ўқиб юрган пайтимда ёзган эканман. Бу шеърни бадиий жиҳатдан жуда юқори деёлмайман-у, аммо ундаги образли тафаккур — чойнакнинг жўмраги бурнини кўтариб турган одамга ўхшаши, пиёланинг камтарлиги, одамнинг чой ичганда уни ўпгандек бўлиши ўша пайтда ҳамманинг эътиборига тушган. Албатта бу шеърни бугун ёзсам, бутунлай бошқача ёзарган бўлардим.

Ундан кейин «Пўлат» деган шеърим оғизга тушди. Тўгаракда гап-сўз бўлди. Газеталарга чиққанидан кейин одамлар ёд олишди.

КИТОБДАН МАШҲУР МАҚОЛА!

Яхши устозлар насиб этди, менга. Кўзга кўринган адабиётшунослар Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмовлар сабоқ беришди. Озод Шарафиддинов тўгарак очганди. Ўша тўгаракда «Пўлат» ва камтарлик ҳақидаги шеърларим Лазиз Қаюмов томонидан юқори баҳоланган.

1961 йилда биринчи китобим чиқди. Китобга «Талант ва масъулият» деган сўзбошини Озод Шарафиддинов ёзганди. Бу пайтга келиб устоз анча машҳур, адабий танқидчиликнинг пешқадам арбобларига айланган кишилардан эди. Ёш бўлса-да, фикри теран, сўзи ўткир, оргинал фикр қиладиган, эскича фикрларга қарши курашадиган, Абдулла Қаҳҳор мактабининг олди вакилларидан ҳисобланарди. Менинг китобимдан ҳам ўша сўзбоши сифатида ёзилган мақола машҳур бўлган. Озод Шарафиддинов ўта талабчан, қўлига тушган асарни аёвсиз пийпалаб ташлайдиган, қаттиқ танқид қиладиган, яхши баҳони кам берадиган мунаққид эди. Мана шундай инсон китобимга хурсанд бўлиб, яйраб мақола ёзгани учун кўпчилик қидириб ўқиган ва китоб қўлма-қўл бўлиб кетганди.

ДАРДГА МАЛҲАМ — ҚАСИДА!

Навбатдаги “бекат” мен учун «Ёшлик девони» бўлди. Бу китоб мени дабдурустдан бутун Ўзбекистонга машҳур қилган. Айниқса, «Ўзбегим» қасидаси.
1968-69 йиллар… «Ўзбегим»ни ҳамма ёд олди. Фахриддин Умаров, Умар Атоев, Шерали Жўраевлар қўшиқ қилиб куйлашди.

Бу шеър ёзилган пайтда одамларда шундай сўзга эҳтиёж катта бўлган. Чунки она тилимиз ниҳоятда орқага суриб қўйилган, камситилган тил эди. Ундан кейин ўзбек халқининг тарихига бўлган муносабат ҳам жуда ёмон эди. Гўёки, тарихимиз фақат қоронғиликдан иборат-у, биз октябр инқилоби туфайли бахт, илм топгандик. Унгача масалан, саводлилар икки фоиз бўлган деган гаплар бўлган. Шунча олимларимиз, алломаларимиз қаёққа кетган? Рус алифбосини, тилини билмаганларни ҳисоблашган, назаримда. Балки, ўша пайтда рус тилини билганлар икки фоиз бўлгандир?

Тарихий асар ёзганлар оқланмайдиган, совет даврини улуғлаб ёзиш лозим бўлган давр. Бу эса халқнинг меъдасига теккан эди. Чунки ёлғон гап кимга ҳам ёқарди? Биздан Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби олиму уламолар чиққан бўлса-ю, қандай қилиб ўзбек халқини саводсиз, оми, илмсиз дейиш мумкин? Шунинг учун бу шеър халқнинг дардига малҳамдек бўлган. Лекин у пайтда «Ўзбегим» деган сўзни баралла айтиш осон эмасди. «Биз совет ҳалқимиз», деган гап бўрттириб гапирилар, «ўзбекмиз», «қозоқмиз», «қирғизмиз», дейиш миллатчилик ҳисобланарди. Шу туфайли бу қасидани матбуотда чоп эттиришим осон бўлмаган. Олиб борган жойимда ҳам «ўзбегим» сўзини «халқимиз» деб ўзгартириб беринг, дейишганди. Бир қанча мисраларини олиб ҳам ташлашган. Дастлабки китобимга кирмаган байтлар ҳам бор:

Сен на зардушт, сен на буддий
Сенга на оташ, санам
Одамийлик дини бирлан
Тоза иймон, ўзбегим.

ТАЗЙИҚ ВА ВАЪДАЛАР

Бу қасида учун мен жуда кўп сўроқлар берганман. Аввало органдагилар бу миллатчилик руҳидаги шеърнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлди, дея роса сиқувга олишган. Назаримда, бу Ўзбекистондан ҳам ташқарига чиқиб кетганди. «Юқори»га — Москвагача етиб борган. Идеологларни бироз чўчитган нарса шеърнинг халқ ичида жуда оммалашгани бўлган. «Нега шеърда совет тузумида ўзбек халқининг бахт-саодат топгани акс этмаган? Лениннинг номи йўқ! Москва тилга олинмаган. Партия, Октябр инқилоби йўқ, шуларни киритиб беринг», дейишган менга. Мен бундай деб ёзолмасдим ҳам, киритолмасдим ҳам. Энг юқори даргоҳлардан ҳам шу талаблар бўлган. Яна ваъдалар ҳам бўлганки, агар шу сўзларни қўшсам, китобим жуда катта «тираж»да чиқади, мукофотлар бўлади… Аммо мен бундай қилмадим. Таъқиблардан безганим учун «Фауст»нинг таржимасини баҳона қилиб нашриётдан ишдан кетдим. Бунга муҳарриримиз ҳам рози бўлди. Чунки у кишига ҳам анчагина тазйиқлар бўлган.

ТУШКУН ВА КАЙФИЯТСИЗ ЙИЛЛАР…

Натижада, 1970-75 йиллар оралиғида ишсиз юрдим. Ҳеч қаерда шеърларим ҳам чоп этилмади. Бу йиллар менинг энг эзилган, тушкун ва кайфиятсиз йилларим бўлди. Мана шу беш йил ичида ҳеч нарса ёзмаганман. Ёзсам ҳам чиқмасди-да! Вақтни бекор ўтказмаслик учун «Фауст»ни ўзбек тилига ўгирдим. Буни таржима қилишимга туртки бўлган нарса Гётенинг шарқ дунёсига яқинлиги эди.
Ғарб билан шарқ шеърияти ўртасида жуда катта фарқ бор. Редьярд Киплинг айтган: «Ғарб бу — Ғарбдир, Шарқ бу — Шарқ, улар ҳеч қачон қўшила олишмайди». Ҳақиқатан ҳам шундай. Гарчи Ғарбда Саъдийни, Ҳофизни катта қизиқиш билан ўқишса-да, асл маъносини англашмаган. Фақатгина Гёте ростмана Шарқ адабиётини ўрганган. Буюкларимиз ижоди ҳақида юксак сўзларни айтган. Ўз фалсафасига ҳам, «Фауст»нинг туб мағзига ҳам Шарқ дунёқарашини сингдирган.

Ғарб дунёсидан иккита шоир мени кўпроқ банд қилган. Бири — рус шоири Сергей Есенин, бири — немис шоири Иоган Гёте. Шуларнинг ижодини таржима қилганман. Талабалигимда ҳам бир қанча парчалар таржима қилгандим. Бу менда рағбат уйғотган. Шу боис, имкон туғилганида Гёте 60 йил давомида ёзган «Фауст»ни беш йилда таржима қилдим. Беш йиллик ижодимдаги танаффусни мана шу билан тўлдирдим. Кейин яна нашриётга, ижодга қайтдим.

АЗГАНУШГА РАҚОБАТЧИ…

Отам тошкентликка уйланганидек, мен ҳам тошкентликка уйландим. Гулчеҳрахон билан битта университетнинг, битта факультетнинг талабаларимиз. Мен филология факультетини битираётган пайтимда Гулчеҳра биринчи курсга келган. Мендан ҳазиллашиб сўрашганди: «Нега арман қизи Азганушга шеър ёзгансиз-у, тошкентлик қизга уйлангансиз?». Мен жавоб бергандим: «Қандоқ қилайки, шундоқ ёнимда, шундоқ қўшни маҳаллада пешанамга битилгани бор экан. Ўзбек бекорга айтмайди «фалокат оёғинг остида», деб. (Кулади).

Биз осонлик билан турмуш қурмаганмиз. Чунки мутлақо бошқа-бошқа, бир-бирига ўхшамаган оилалар фарзанди эдик. Мен ота-онасиз, тоғасининг қўлида ўсган етим бўлганман. Шоирлигим ҳам маълум эмас. Тоғам зиёли, ўзига яраша обрўли инсон бўлса-да, мен у кишининг фарзанди эмаслигим, яна Фарғонадан келганлигим дастак бўлган-да! Шунинг учун Гулчеҳранинг оиласи қаршилик қилган. Айниқса, катта опаси… Кейинчалик турмуш қуриб, фарзандларимиз туғилиб, яхши яшаб кетганимиздан сўнг, у киши «мени кечиринг, синглимни шунчалик бахтли қилишингизни билмаган эканман», деб қолди. Жиддий туриб ҳазиллашдим: «Ўша вақтда қаттиқ турмаган экансиз-да!» (Кулади).

«ФАРЗАНДЛАРИМ ВА НЕВАРАЛАРИМ ҲАҚИДА…»

Фарзандларим ичида менинг йўлимдан кетгани йўқ. Ўзим шоирликнинг жабру жафолари, қийинчиликлари, уйқусиз кечалар, улар эвазига бошингизга келадиган маломатларни, яна ўрта даражадаги шоирларнинг беобрўлигини кўрганим учун бу касбга ташвиқ қилмаганман. Улар ҳам майл билдиришмаган. Катта қизим Нозима — шифокор, кейингиси Моҳира — тилшунос, ўғлимиз Хуршидбек — шарқшуносликни битирди, сўнг халқ хўжалиги бўйича таҳсил олди. Аммо ҳозир кўпчилик ёшлар сингари тижорат билан шуғулланади. Кенжа қизим Фозила ҳам — шифокор.
Невараларимга келсак, улар ичида ҳам шоир бўламан, дегани йўқ. Тўртта қиз, саккизта ўғил неварам бор. Катта невараларим ўғил, ҳали уйланмаган. Агар улар қиз бўлишганда аллақачон турмушга бериб, эвара ҳам кўрган бўлардим.

КЎП БЕРИЛАДИГАН САВОЛ

Иш жойим иккита бўлган. Йигирма йилдан ортиқроқ ноширлик қилган бўлсам, ундан кейинги йигирма йилим депутатлик билан ўтди. Олий Кенгашнинг ошкоралик масалалари қўмитаси ва Олий Мажлиснинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлиб фаолият юритдим.
Менга бир саволни жуда кўп беришади: «Давлат ишида ишлаб ижодни тўхтатиб қўйдингизми?»
Йўқ. Асло ундай эмас. Мен ижоддан тўхтаганим йўқ.

Mанба: darakchi.uz

ЭРКИН ВОҲИДОВ
ДИЛ ТУБИГА ЧЎККАН ЛАҲЗАЛАР
Хотира дафтаридан парчалар

02

Мен айтиб турай, сен ёз!

1960 йили мен эндигина университетни битириб, ёшлар нашриётида иш бошлаган эдим. Торгина хонада тўрт киши ўтирардик: уч муҳаррир ва мен – кичик муҳаррир.
Бир куни хонамизга орден таққан кекса бир одам кириб келди ва салом — аликдан сўнг: — Менга шоир керак, ичингизда ким шоир? — деб сўради. Нашриётнинг энг катта шоири Қудрат Ҳикмат эди. Лекин у кишининг чоллар билан суҳбат қуришга тоби йўқ эди шекилли, меҳмонга пойгакда ўтирган мени кўрсатиб, ана шоир, деди ва ўзи ўтирган стулни қарияга бўшатиб ташқарига чиқди. Қолганлар ҳам бирин-сирин чекиш баҳонасида хонани тарк этдилар. Қария стулга бафуржа чўкиб, муддаони баён қилди:

— Гап бундай, ўғлим, ёшим етмишдан ошди, урушни кўрдим, Фарғона каналида ишладим, колхоз қурилишида қатнашдим. Кўрган кечирганларим ўзим билан кетмасин, мен айтиб турай, сен ёз. Айтаберсам катта рўмон бўлади.

Ёши улуғ, муҳтарам меҳмонга қандай баҳона қилишни билмай турган эдим, “рўмон” сўзи жонимга оро кирди. – Мен рўмон ёзмайман, — дедим афсус оҳангида — фақат шеър ёзаман.

— Барибир эмасми, — дея эътироз қилди меҳмон – Биз китоб ёзадиганларнинг ҳаммасини “шоир” деймиз.

Хуллас, ўша куни орденли қарияни хурсанд қилолмадим. Минг узр ва баҳоналар айтиб кузатдим. Чолнинг ғамгин чеҳраси кўз ўнгимдан кетмайди. Мана бугун замонлар ўтиб ўзим дунёнинг аччиқ-чучугини тотиб кўргач ўша қариянинг эҳтиёжини сезиб турибман. Бирор қаламкашга, мен айтиб турай, сен ёз, дегим келади-ю, аммо мен қалбдан кечирган туйғуларни ким ўзимдек баён қилолади?

Инсон умрида кўрган кечирганларини ёзиб чиқса яна битта умр керак бўлади. Ўйласам, ўтган фурсат оқиб кетган қум экан. Ботмонлаб қумдан мисқоллаб олтин олинганидек ҳаётинг мазмуни бўлган, сени инсон қилиб шакллантирган, дил тубига чўккан олтин лаҳзалар бўлар экан. Бундоқ бойликни фарзандларга мерос қилиб қолдирса арзийди. Яхши ният билан қўлга қалам олдим. Кўрганларим сиз ёшларга ибрат бўлсин, мен қоқилган тошларга сиз қоқилманг, дейман. Биз бош урган баланд деворларни, биз тўрт букилиб кирган паст эшикларни сиз кўрманг. Ўзга олам, ўзга даврон, озод ва обод Ватан сизники. Йўлингиз ойдин бўлсин.

Парткомнинг ўғли

Ўша йили қишда отамни Марғилонга МТС парткомига котиб қилиб юборишди. Қор аралаш ёмғир ёғиб турганда занжир ғилдиракли тракторга уланган тиркаманинг очиқ платформасига юкларимизни ортиб Олтиариқдан Марғилонга кўчганимиз эсимда. Онам, чақалоқ укам Элбурс трактор кабинасида, отам, амаким, яна бир-икки кузатувчилар очиқ платформага чиқишди. Йўлда тиркама ғилдираги ариққа тушиб юкларимиз ағдарилганини кўрганман. Ягона мебелимиз ҳисобланган шкаф – уни ўзбекча қилиб “ғаладон” дейишарди – лойга қорилгани кўз олдимда. “Ғаладон”ни эслаб қолганим сабаби шуки, мактаб ўқитувчилари бўлган отам, онам икковлари олган ойлик маошларини унинг тортмасида сақлар эдилар. Ким бозорга борадиган бўлса унга кўпинча, – пул ғаладоннинг тортмасида, деган сўз айтилар эди. Тортма қулфланмас, шогирдлар, жиянлар керакли пулни олиб бозор қилишар экан. Ўша – қишлоқча соддалик, тўғрилик, кенглик, ишонч муҳити мен эсимни таниб кўрган, билган, умрим бўйи юракда ҳавас билан асраган эзгу хотирадир.

Астойдил ният қилган эканман, йиллар ўтиб ўзим оила қурганимда хонадонимизда шундай муҳит қарор топди. Бунга мингдан минг шукрлар қиламан.

Хуллас, қирқ биринчи йил охирларида қишнинг қор аралаш ёмғири остида биз Олтиариқдан Марғилонга кўчдик. Ўша лойли йўл, тунд об-ҳаво, куппа кундузги ярим қоронғилик руҳиятимда оғир таассурот қолдирган.

Айниқса отамнинг шалаббо бўлган пальтоси, лой теккан юзи кўз олдимдан кетмайди. Урушдан оғир ярадор ва хаста бўлиб қайтган отам қирқ олтинчи йилда айнан ўпка шамоллаши касали билан оламдан ўтди.

Ҳамма буни урушдан кўрса ҳам мен ўз гўдак хаёлимда ўрнашиб қолган ўша кўчиш воқеасидан кўраман. Отам ўшанда ўпкани совуққа олдирган деб ўйлайман. Ўйлайману ўз ўзимга савол бераман. Шундай об-ҳавода кўчиш шартмиди? Соддаликмиди, ватанпарварликмиди, ё партиявий топшириқни бажариш заруратимиди бу? Яъни халқ бошидаги азалий қулчиликнинг шакли-шамоилимиди?

Марғилон. Кенг дала баҳор чечаклари билан қопланган. Янги кўчиб келган ишчилар учун қурилган қатор ёғоч уйлардан МТС биноси кўриниб турарди.

Бир кун болалар билан ялангоёқ ўйнаб юриб у бинога бориб қолдик. Бир тўп одамлар орасида гаплашиб турган дадамни кўриб севинчим ичимга сиғмай қичқирганча унинг олдига югуриб бордим. Дадам эса мен томонга ўгирилиб, зарбба билан: “Почему босяком?” деди. Ўша кунгача уйда ҳам, кўчада ҳам бир оғиз русча сўз қулоғимга кирмаган эди.

Табиийки, тушунмадим. Қўрқиб уйга қочдим. Ўша аччиқ зардали сўз қулоғимга ўрнашиб қолди. Болалар билан урушиб қолсам уларнинг сўкишига жавобан мен ҳам “Почему босяком?” деб юрганман.

Ўшанда мен болакай парткомнинг ўғли ялангоёқ юрмаслиги, маданий оила фарзанди сифатида русча гаплашиши кераклигини қаёқдан билай?

“Почему босяком”нинг маъносини тушунгунимча йиллар ўтди. Лекин ўша кунги ҳолатнинг моҳиятини англаш учун умр керак бўлди.

Ҳаётнинг биринчи зарбаси

1962-йилда мени бир гуруҳ ноширлар қаторида Боку ва Ереванга, Озарбайжон ва Арманистон нашриётчилари билан тажриба алмашиш учун сафарга юборишди. Кавказнинг сеҳрли манзаралари, денгизу тоғлари мени лол қолдириб, бир туркум романтик руҳдаги шеьрлар ёзган эдим. Айниқса, ғазалларини жондан севиб қолганим Муҳаммад Фузулийнинг мармар сиймосини Бокуда кўриб чексиз ҳаяжонга тушганман. Ўшанда бамисоли ўз-ўзидан қуюлиб келган “Фузулий ҳайкали қошида” шеьри мен учун ҳали-ҳамон қадрлидир.

Ўшанда мен мумтоз шоир шеьрларига маҳлиё бўлиб, ўзим ёзган сатрлардан ўзим завқланиб юрганимда, бу шеьр менга талай кўргиликлар келтиришини ўйлабмидим?

Шеьр “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилгач кўп ўтмай Ёзувчилар уюшмасининг йиғинида ушбу даргоҳ раҳбарларидан бири мени аёвсиз танқид остига олиб, шеьрларимни сиёсий тутуриқсизликда, ёт ғояларни тарғиб қилишда, пессимизм ва яна аллақанча мен тушунмаган “изм”ларда айблади. Танқид марказида “Фузулий ҳайкали қошида” турди. “Бизлар, — деди нотиқ, — ёш шоирни Кавказга сафарга юборганимизда у Боку нефтчиларининг қаҳрамонлик меҳнатидан илҳом олиб, кўкка бўй чўзган нефт қурилмалари ҳақида залворли шеьрлар ёзар, деб ўйлаган эдик. У бўлса аллақайси шоирнинг кўз-ёшларини шеьрга солибди. Партия шоирлар олдига улкан вазифалар қўйиб турганда, бундай ижод намуналарини ёзиш ўтакетган маьсулиятсизликдир!” Ўшанда гулдурос қарсаклар билан қарши олинган оташин бу нутқ Ёзувчилар уюшмаси деворларидан ошиб, компартия ва комсомолнинг баланд минбарларига кўтарилди. Аввал менинг исмим комсомол сьездида маьрузага тушди, сўнг Ўзкомпария котибининг пленумдаги нутқида тилга олинди. Барча танқиднинг мазмуни ўша Ёзувчилар уюшмасидаги дашномнинг ўзи эди. Ёш умидли шоир бўлиб юрган йигит бир лаҳзада буржуа ғояларини ташувчи ёт унсурга айланиб қолдим. Менинг изтиробли, аламли, ички исён билан тўлиб тошган кунларим бошланди.

Ҳар балонинг дафьи бор, ҳар зарарнинг нафьи бор, дейдилар. Юқори даргоҳларнинг ғазабли наьраси акс-садо бериб, элдан менга эьтибор, ҳамдардлик бўлиб қайтди. Танимаганлар таниди. Бирор шоирни ҳалқ ичида машҳур қиламан, деган ҳукумат унга мақтовлар ёғдириб тарғиботлар қилмасин, балки аёвсиз дўппосласин экан. Айниқса, шўро давридаги каби эл назаридан қолган ҳукумат учун бундай тескари тадбир айни муддао бўлар экан.

Шундай қилиб менинг ҳеч ким танимаган номим миш-мишлар қанотида элга тарқалди, биров ўқимаган шеьрларим қидириб топиб ўқиладиган бўлди. Ахир Ўзкомпартиянинг мафкура котиби ўзи олий фирқа минбаридан тилга олиб турса мен машҳур бўлмай ким машҳур бўлсин? Менга томон йўналтирилган қудратли зарба бамисоли митти қушга қарата отилган замбарак эди. Бу зарба ҳар жиҳатдан менга фойдали бўлди. Аввало мени элга танитди, ўз юртимда ва қардош ҳалқлар ичида дўст ва ҳайриҳоҳларим кўпайди. Ўзим ҳушёр тортиб, ёшлик, ҳаваскорлик қобиғини тезроқ ёриб чиқишим учун ҳам бундай “совуқ сув”нинг фойдаси бўлди.

Аслида бизнинг устимизга етиб келган қора булутларнинг туғилган макони Москов шаҳри эди. Шўро раҳбари Никита Хрушевнинг бир гурух янгича фикрловчи ижодкорларга минбарни муштлаб қилган дардағаси, мафкурада мен сталинчиман, дея ўшқирган овози Тошкентда ҳам акс-садо берган эди. Московдаги каби бу ерда ҳам адашган ёш ижодкорларни топиб танбеҳ бериш керак эди. Шу талабга “лаббай” деб жавоб берган ўзимиз бўлиб чиқдик.

Бу тарихни эслашдан мақсад зинҳор ўзимни ўтмиш жабрийдаси қилиб кўрсатиш эмас. Шукрки, ўттизинчи ёки эллигинчи йилларнинг довуллари бизнинг бошимизга келмади. Давр бошқа, муҳит бошқа эди. Ҳаётнинг илк зарбасидан омон чиқдик, лекин синовлар ҳали олдинда эди.

Болалигим боғлари

Тахтапулдан чиқиб кунчиқар томонга бирор чақирим юрмасдан кенг дала ва боғлар бошланарди. Биз ёз бўйи билқиллаган иссиқ тупроқни ялангаёқ босиб, олмазор, узумзорларда ўйнар, полизлардан ҳандалак, қовун-тарвуз узиб, ёриб ердик, ариқларда чўмилардик.

Тошкент аҳлининг кўпчилиги ёзда дала ҳовлисига кўчиб кетар, кеч кузгача меҳнат қилиб қишликни ғамлаб қайтарди.

Ҳозирги кичик ҳалқа йўл билан Уста Ширин кўчаси оралиғида қариндошларимизнинг боғлари, полизлари бўлар, баҳорги қулупнай мавсумидан то кузги хазончинаккача, ҳам ҳашар, ҳам ошар деганларидек, у ерлардан қадамимиз узилмасди. Ёнғоқ қоқиш ва териш борми, тутга чиқиб шох силкитишу тут тагида чодир тутиб туриш борми, ҳаммаси бизнинг бўйнимизда, ўйнаб-яйраб бажарар эдик.

Кекса тут шохлари бизга ҳам топ-аттракцион, ҳам люкс ресторан эди.

Ўша болалик кунларимни эсласам димоғимга жийда гулининг ҳиди келади. Дала ҳовлининг эшиги ёнида ўсган бир туп жийдадан атрофга ширин бўй таралар, унинг тагидан нари кетгим келмасди.

Кўмилган тракторлар

Ўттиз еттинчи йилнинг “қама-қама”сида кунлардан бир кун Олтиариқ тумани прокурорига махфий конверт келади. Конверт ичида судья Карим Сахибоевни қамоққа олиш тўғрисида ордер бўлади. Прокурор ўз дўстини, яъни менинг тоғамни бу гапдан огоҳ қилади ва тунги поезд билан Тошкентга жўнатиб юборади. Эртаси куни ўзи қамоққа олинади.

Мен бу улкан гавдали одамни биринчи бор 1956 йилда кўрганман. Маҳкам ака Сибирнинг қаҳратонларини кўриб, Магадан, Воркута лагерларида соғлиқдан айрилиб қайтган эди. Бизникига ҳарсиллаб-гурсиллаб, оёғини зўрға судраб келар ва айвонга ўтириб сув сўрарди. Чўмичда эмас, пақирда олиб кел, дерди.

Ҳозир энди фикр қилсам, у шўрлик исканжа азобларида минг дард қатори қанд касаллигини ҳам орттирган экан.

Мустабид тузумнинг қурбони бўлиб тирик вайронага айланган бу инсон ўз бошидан кечирган антиқа ва даҳшатли воқеаларни менга сўзлаб берарди.

Маҳкам акани Фарғона ҳибсхонасига қамагач уни сўроқ қилиш ўрнига олдига бир варақ оқ қоғоз қўйиб, шундай дейдилар: “Ўзинг прокурорсан, бизнинг ишимизни биласан. Сени қийноққа солиб ўтирмайлик. Халқ душмани эканингни бўйнингга олиб, иқрорномани ўзинг ёз.

Замон сиёсатини тушунган Маҳкам Каримбоев шундай мазмунда иқрорнома ёзади: “Мен ҳақиқатдан ҳам колхоз тузумига қаршиман, халқ душманиман. Бунинг исботи шуки, колхознинг элликта тракторини жарликка кўмдириб юборганман…”

Тутқун прокурор албатта бундай “иқрорнома”га бирор оқил инсон ишонмаслигини билган. Биринчидан, ўша замонда колхозда элликта трактор нима қилсин! Иккинчидан, яқин атрофда жарликнинг ўзи йўқ. Учинчидан, трактор игна эмаски, элликтаси кўмиб юборилса-ю биров тополмаса.

Ўшанда айбим текширилар, адлия тизимида бирор эсли одам бордир, деб ўйлабман. Адашган эканман, — дерди Маҳкам ака, — Бундай тизимнинг ўзи йўқ, адолат эса отиб ўлдирилган экан. Ўзим тўқиган бетайин гуноҳ билан ўн тўққиз йил маҳбуслик азобини чекдим.

Бу сўзларни эшитганда мен биринчи курс талабаси эдим. Менинг ёш кўнглимга ғалаён солган, содда хаёлларимни ағдар-тўнтар қилган бу дардли ҳикояни эсласам ҳали ҳануз вужудим ларзага келади.

Бир отим нос хумори

Эски шахарнинг Коҳота маҳалласида турардик. Девор қушнимиз боғдор эди. Шаҳар ташқарисидаги каттагина дала ховлисида ёз бўйи мева, сабзавот етиштириб, рўзғордан ортганини бозорга чиқарар, ундан ҳам қолса Сибир томонларга олиб бориб пулларди. Ўзи бениҳоя меҳнаткаш, тиниб тинчимаган одам, хотини ҳам саранжом-саришта, режали аёл эди. Шаҳар ховлида мол, қўй, товуқ боқишар, Тошкентда биринчилардан бўлиб иссиқхона қурган шу оила бўларди. Бу хонадонда ҳамма вақт хам нарса бор, кимга нима керак бўлса, боласини Болтабой аканинг уйига югуртирар эди.

Бир кун ишдан қайтаётсам, Болтабой ака эшиги тагида бошини чангаллаб ўтирибди. Доим қувнок, ҳаракатчан бу одамни ҳечқачон шундай ахволда кўрмагандим. Салом бериб ҳол-аҳвол сўрадим.

— Э, нимасини айтаман! Новосибирга мева-чева юборган эдим. Сотишга қўйган шеригим телеграмма юборибди. Чекадиган носи қолмаган эмиш. Эртага нос етказсанг етказдинг, бўлмаса олма-анорингни ташлаб кетаманг, дебди.

Бу гап менга нашьа қилди. Ўзимни кулгидан тўхтатолмадим.

— Кулма, ука. Битта банги носкаш хонумонимга ўт қўймоқчию, сен куласан. Энди мен бошимдан ошиб ётган ишларни йиғиштириб ўша нос жиннисининг хуморини ёзишим керак. Эртага укамнинг никоҳ тўйи бўлмаса ҳам майли эди…

Шу пайт ҳаёлимга бир фикр келди. Ҳожатбарор бу инсоннонг ҳожатини чиқарсам дедим:

— Ғам еманг, Болтабой ака, Новосибирга нос олиб бориш бўлса, мана мен тайёрман. Эртага шанба, индинга якшанба. Зарур ишим йўқ, сайр қилиб келаман.

Қўшнимнинг чеҳраси ёришиб кетди:

-Раҳмат, барака топ, ука. Сенинг ҳам тўйингда хизмат қилай.

Шундай қилиб эртаси тонгда самолёт чиптаси билан бир халта нос қўлимга тегди ва мен “ҳаё-ҳай, Новосибир, қайдасан,” деб учиб кетдим.

Тайёрадан тушиб таксида тўғри шаҳар бозорига кетдим. Тошкентнинг олтин кузидан чиқиб росмана қаҳратон қишга келибман. Қор босган қарағайзор йўллардан ўтиб бозорга келганимда совуқнинг забтини сездим. Йигирма-ўттиз даражадан кам эмас.

Шахар бозори кўзимга Эски Жуванинг кичик бўлимидек туюлди. Негаки, пештахталар ёнида беқасам тўн ё қора чопон кийган кўпгина водийлик юртдошларимни кўрдим.

Ўша лаҳзада мен кўрган манзара умрбод эсимдан чиқмайди. Совуқда қақшаб тургвн мусофирларнинг бирортаси ҳам эгнига поча пўстин, бошига қулоқчин киймаган, иссиқ юртда қандай юрган бўлсалар шундай холда келган эканлар. Тўн остида юпун яктак, бошда дўппи, минглайга шоҳи қийиқчи боғланган, кўкраклар очиқ, оғиздан чиққан ҳовур соқол-мўйловларни, жундор яғринларни оппоқ қировга кўмиб, шўрликларни тайёр қорбобога айлантирган эди. Болтабой аканинг шеригини зўрға топдим. Жонузоқ дегани чўтир, чўлоқ, баджаҳл одам экан, мени ким юборганини эшитдию бозорни бошига кўтариб сўкакетди. Умримда бунақа хунук, ахлоқсиз ва бунақа бадиий ёрқин, ташбиҳларга бой сўкишни эшитмаганман. Ўша онда хаёлимдан кечди: агар сўкиш саньат бўлса, шу одам буюк классик бўлар эди.

Боғдор қўшним тайинлаганди. Жонузоқни кўришинг билан энг аввал қўлига носни тутқаз, ўзингни кейин таништирасан, деганди. Шеригининг феьлини билган экан. Мен дарҳол хатони тўғрилаб носни узатдим. Жонузоқнинг овози ўчди. Бир кафт носни тил тагига ташлаб, тунука пақирга лой чаплаб ясалган қўлбола манқол ёнига чўкди, кўз юмганча қўлларини иситди. Ҳалиги бақириққа йиғилиб келган бозорчилар тарқалиб кетгунча кўз очмай, чурқ этмай ўтирди. Мен ҳам унинг чўтир башарасига тикилиб ўтирдим. Кўз олдимда бу хунук, бефайз башарага аста-секин қон югуриб, лаблар асабий титрашдан тўхтади, бўртиб чиққан томирлар жойига келди, ёноқларга нур таралиб дақиқалар ичида махлуқий турқ инсоний чеҳрага айланди. Жонузоқ кўз очганда у энди бошқа Жонузоқ эди. Пештахта остига носни туфлаб ўрнидан турди, менга ҳижолатомуз табассум билан, келинг, ука, кўришиб қўяйлик, деди ва қучоғини очди.

Ўша куни мен саноқли соатларда айни пишиқчилик фаслининг қаҳратонга алмашганини, сонияларда бир инсоннинг тамоман бошқа инсонга айланганини кўрдим. Бундай синоат учун минглаб чақиримга парвоз қилсанг арзийди.

Эртасига шаҳарни айландим, Обь дарёси бўйларида ёлғиз кездим. Минг йиллар нарисида шу дарё соҳилларида умргузаронлик қилган олис аждодларим билан хаёлан суҳбатлашдим. Дарё менга уларнинг қўшиқларини айтгандек бўлди. Тўрт юз йил нарида Бухородан кўчиб келган, шу яйловларда мол ҳайдаб юрган ватандошларим билан ғойибона сўзлашдим…

Бу воқеа 1962 йил ноябр ойида юз берган бўлса, шундан буён эллик йил яшаб дунёнинг ярмини кездим. Ватан соғинчи нима эканини кўп бор ҳис қилдим. Юртимнинг бир тишлам иссиқ тандир нонига, карсиллаган бир шингил узумига , бир тилим қовунига зор бўлсам, ҳар гал ўша Жонузоқ ёдимга келади, унинг кўзига дунёни қоронғу қилган бир отим нос хуморини эслайман.

Мерганлик мактаби

1963 йил Хоразм учун омадли келган эди. Пахтадан мисли кўрилмаган ҳосил кўтариб “Машъал” номини олган, мамлакатга донг таратган эди. Декабрнинг қорли, аёзли кунларида вилоятнинг ҳосил байрамида қатнашиш учун Ёзувчилар уюшмаси топшириғига кўра (у вақтларда ёзувчиларга ҳам топшириқ бериларди) шоир Шуҳрат, унга ҳамроҳ ва ёрдамчи бўлиб камина Урганчга келдик. Ўшанда мен илк бор таниқли адибга бўлган эл ҳурмати, мухлислар меҳрини кўрган, ҳавас қилган ва кўнглимда, киройи шоир бўлсанг Шуҳрат акадай шоир бўл, деган фикр кечган эди.

Хоразмда бир хафта қолиб кетдик. Тантаналар ўтгандан кейин ҳам мухлислар Шуҳрат акани Тошкентга юборишмади. Ҳар куни зиёфат, шеърхонлик, тонготар ширин суҳбатлар…

Бизнинг бош мезбонимиз вилоят ёзувчилар уюшмаси раҳбари, овчи, ов мавзусида кўп ҳикоялар ёзган Раҳим Бекниёз бир кун эрталаб Шуҳрат акага қўшоғиз милтиқ олиб келди. – Бугун овга чиқамиз, – деди у, – айни мавсумда келдингиз, ўрдак, қашқалдоқ, каклик ёғилиб кетган.

Эски “виллис”ни миниб йўлга чиқдик. Шуҳрат ака, Раҳим Бекниёз ов қиладиган, Эркин Самандар билан мен йиғиб қопларга соладиган бўлдик.

Ўша кечаси қор жуда қалин ёққан экан. Тиззадан қор кечиб ярим кун ов қидирдик.

Ўрдак, қашқалдоқ у ёқда турсин, бедана ҳам кўринмади. Шуҳрат ака Раҳим Бекниёзга ҳазил қилди: – Ёғилиб кетди деганинг қор экан-да? Эркин Самандар устознинг ҳазилини давом эттирди: – Биздан нима отдинг, деб сўрасалар, қорда одим отдик, деймиз.

Шундай қилиб, бизлар учун тушлик тайёрланган қароргоҳга оч қорин ва бўш қоплар билан қайтдик.

Хоразмликлар меҳмоннинг кўнглини олиш учун нималар қилмайдилар! Овимиз бароридан келмаганини эсдан чиқариш учун мезбонлар бир ажабтовур мерганлик мусобақасини ўйлаб топдилар. Овдан тежалган ўқларни ичкиликдан бўшаган шишаларга отадиган бўлдик. Ўйин шарти шуки, ким ўн қадамдан шишани урса, тўла бир қадаҳ мукофот олади.

Биринчи бўлиб мерганлик маҳоратини қирқ йиллик овчи Раҳим Бекниёз кўрсатадиган бўлди. Узоқ вақт мўлжалга олди. Бир неча марта милтиқни тушириб, қўлларини осмонга кўтариб, эй худо, шарманда қилма, деб пичирлаб дуолар ўқиди. Ниҳоят тепкини босганда варанглаган овоз таралдию, шиша ўрнидан қимирламади. Овчи афсус-надоматлар билан четга ўтди. Қарангки, жанг-жадаллар кўрган, “Шинелли йиллар” романининг муаллифига ҳам омад кулмади. Шуҳрат ака совуқни айбдор қилиб қўл силтаб уйга кириб кетди. Навбат каминага келди. Умримда милтиқ тутмаган эдим. Кўзимни юмиб тепкини босдим. “Тепки” деб бекорга айтилмас экан, қўндоқдан тепки еб қорга йиқилдим. Лекин омадни қарангки, шиша чилпарчин бўлди. Мезбонлар “ура” садолари билан мени табрикладилар. Қарсаклар остида қадаҳни бўшатдим. Ўша куни ғалаба менда кетди. Отган ўқларимнинг барчаси нишонга тегди. Нечанчи қадаҳ мени қулатди, эслолмайман. Эрталаб бошда оғриқ, лекин кўнгилда “ғолиблик” қувончи билан уйғондим. Нонушта вақтида Шуҳрат ака менга айтган сўзлар ҳали ҳамон эсимдан чиқмайди: – Содда бўлмай қол. Ўн қадамдан сочма ўқ билан шишани уриш эмас, урмаслик учун ҳунар керак. Дўстларимиз бизни ҳурсанд қилиш учун ҳаракат қилишди. Омад келди, деб йиқилгунча ичасанми?

Кечаги ғурур, кўтаринкиликдан асар ҳам қолмади. Ўзимнинг алданиб ҳаммага кулги бўлганим алам қилди. Руҳиятимдаги ўзгаришни сезган Шуҳрат ака бироз юмшади: – Булар-ку ўз дўстларимиз. Ҳали сени мақтайдиган, юзма-юз қуйиб берадиган, дўст бўлиб душманнинг ишини қиладиган ошналаринг кўпаяди. Ўшанда хушёр бўл. Шуни билиб қўйки, шоирни адойи тамом қиладиган нарса “балли-балли” билан қарсак бўлади.

Бу аччиқ сабоқ умрим йўлларида менга асқотди.

Ижодкор деган номга муносиб ҳаёт кечирган, юриш-туришда ҳам, одамгарчиликда ҳам ҳаммамизга намуна бўлолган устознинг ўгитларини миннатдорчилик билан эслайман

Эркин ВОҲИДОВ
ШЕЪРЛАР ВА ТАРЖИМАЛАР
07

КАМТАРЛИК ҲАҚИДА

Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

1956

ПЎЛАТ

У даставвал ойболта бўлди,
Сўнг замбарак бўлиб қуйилди.
Қилич ҳам у,
милтиқ
ва наган,
У бомба ҳам бўлиб портлаган.
Лекин олган жаҳонни фақат
Перо бўлиб қуйилгач пўлат.

1959

ЁШЛИК

Ёшлик! Сени куйламаган ким,
Эртакларинг сўйламаган ким,
Қариганда ўйламаган ким,
Ўйлаб яна куйламаган ким?
Битмоқ бўлдим мен ҳам сенга байт,
Ёш юракнинг ҳаққи борми, айт?

Ёшлик, асли менинг ўзимсан,
Кенг оламга боққан кўзимсан.
Ёзган шеърим, айтган сўзимсан,
Кечам, эртам, ушбу рўзимсан.
Битмоқ бўлдим сен учун ашъор,
Аммо ўзни куйламоқ душвор.

Ёшлик— гулу гулғунча экан,
Бу гул олам тургунча экан,
Ёшлик — беҳад тушунча экан,
Поёни йўқ гардунча экан.
Битмоқ бўлдим мен унга достон,
Уйларимга топмадим поён.

Ёшлик, дилдан шавқ кетгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Юрак сени тарк этгани йўқ,
Демак, қадрингга етгани йўқ.
Ёшлик, сени куйлаб билурман,
Аммо бугун ёшлик қилурман.

Ёшлик — ишқу ошиқлик майли,
Ўзи Мажнун, ҳам ўзи Лайли,
Субҳи олам унинг туфайли.
Майли, унга битмасам майли,
На бир ғазал, на бир мусаддас,
Унинг ўзи шеърдан муқаддас.

1961

 

АЗГАНУШ
Арман қизига

Кўрдиму лол бўлди ақлим, ўнгмиди бу ёки туш,
Бўлса ҳам ўнг, ё сени кўргач, бошимдан учди ҳуш.
Сен баланд тоғ узра эрдинг мисли оҳу ёки қуш,
Ёлвориб мен пастда дердим: бир нафас ёнимга туш.
Азгануш, ҳой, Азганушим, Азганушжон, Азгануш.

Сен хаёлнинг бир дамилик жилвасиму чинмидинг,
Ё ғазалларда битилган «ул париваш» сенмидинг.
Орази гул, сочи сунбул, бир тани сийминмидинг,
Балки Ширин Ширин эрмас, сен ўзинг Ширинмидинг?
Азганушим, Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азгануш.

Ўсма қўйдингму қошингга, бунчалар тим қорадир,
Билмадим, бу қошларингдан қанча диллар порадир,
Раҳм қилғил, битта ўзбек шунчалар ёлворадир,
Туш ўзинг, ё айт, ёнингга қайси йўлдан борадир?
Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азганушим, Азгануш.

Боқ, бу тоғлар ортида бир ўлка бордир кўп йироқ.
Мен қанотли йўлчига бу бир нафаслик йўл бироқ,
Юр, париваш, мен билан юр, борми сенда иштиёқ?
Гул тутарман сенга сўлмас ул чамандан бир қучоқ.
Азганушим, Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азгануш.

1963

«ЁШЛИК ДЕВОНИ»ДАН

ТУН БИЛАН ЙИҒЛАБДИ БУЛБУЛ…

Тун билан йиғлабди булбул
Ғунча ҳажри доғида.
Кўз ёши шабнам бўлиб
Қолмиш унинг япроғида.

Кўз юмар бўлсам, кўзим —
Олдида пайдо гул юзим,
Ғунча кўз очмоғи бор
Булбул кўзин юммоғида.

Аста барг остида тинглаб
Ётган эрмиш шўх сабо,
Ғунча булбулдан муҳаббат
Дарсин олган чоғида.

Севги саҳросида қолмиш
Неча Мажнундан ғубор,
Неча Фарҳод гарди ётгай
Биситуннинг тоғида.

Ғунчадек чеҳрангга Эркин
Жон фидо этгай, санам.
Қатра қонидан гул унсин
То муҳаббат боғида.

1967

САМАРҚАНД

Оташин барқ ёнди гулранг
Чархнинг меҳробида,
Чарх урар кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.

Субҳидам офтоби кўкнинг
Гумбазида ёнди, ё
Ёнди бу фируза гумбаз
Субҳидам офтобида.

Тонг эмас бу, тонгда бўлсам
Мен хаёл обида ғарқ,
Тонг қилибдир чунки кўнглим
Бу хаёлдек обида.

Кўҳна шаҳрим, тарихингни
Кўз юмиб қилсам хаёл,
Ғарқ кўринди мазлум элнинг
Кўз ёши селобида.

Бу саройлар ғишти элнинг
Ашки бирлан хокидан,
Рангу бўёғи қорилмиш
Қайғунинг зардобида.

Чулғаниб сокин хаёлга
Жим ётар соғоналар.
Не кўрар Мирзо Улуғбек
Беш асрлик хобида?

Кенг фалакни қучди инсон,
Лек минг йил ўтса ҳам,
Илк муаллимдир Самарқанд
Илми афлок бобида.

Бош эгиб устоз Улуғбек
Қошида турдим бу тонг,
Чарх уриб кўнглим хаёлнинг
Оташин гирдобида.

1967

СЕНГА БАХТДАН ТАХТ ТИЛАРМАН

Сен ғанисан, менда бисёр эхтиёж.
НОДИРАБЕГИМ

Сенга бахтдан тахт тиларман,
Толедан бошингга тож,
Мулки ҳуснингга омонлик,
Тожу тахтингга ривож.

Тожу тахт ташбеҳидан сен
Кўҳна деб кулсанг нетай,
Сен ахир шоҳи жаҳоним,
Мен қулингман, не илож?

Не иложким, давлатим йўқ,
Ганжи меҳримдан бўлак,
Бул эваздан кўз тўлайдур
Қатра-қатра дур хирож.

Кўзларим айлар ҳамиша
Арзи муҳтожлик сенга,
Айт-чи, жоним, борми сенда
Кўз ёшимга эҳтиёж?

Кўп насиҳат тинглаб Эркин
Қилмади ҳеч тарки ишқ.
Бор масалким, иш юришмас
Соҳиби гар бўлса кож.

1967

ХАЁЛ

Кечалар киприкларимда
Тарки хоб айлар хаёл,
Ўз ҳаётимдан ўзимга
Сарҳисоб айлар хаёл.

Қисса айтур мозийдин гоҳ,
Эртадан афсона гоҳ,
Гоҳ савол айлар кўнгилга,
Гоҳ жавоб айлар хаёл.

Кўкда сузган ойни кўзга
Бир кичик фонус этиб,
Пирпираб ёнгувчи шамни
Моҳи тоб айлар хаёл.

Май тўла жом ичра тўфон
Мавжини пайдо қилур,
Тонг шафақ алвонини
Гулгун шароб айлар хаёл.

Минг асрлар кори ҳолин
Қилгай у бир сония,
Лаҳзанинг мазмунини
Минг бир китоб айлар хаёл.

Неки забт этмиш шуур,
Боис хаёл ўлса, не тонг,
Дилга парвоз айла деб
Мангу хитоб айлар хаёл.

Бу шитоб асрим хаёлга
Этдиму тезликни бахш,
Билмадим, асримни олға
Ё шитоб айлар хаёл.

Бор экан инсон қўлида
Орзу ёққан чароқ,
Бу чароқни, ўйла, бир кун
Офтоб айлар хаёл.

Мен хаёлни шеърга солдим,
Ўйпараст бўлма ва лек,
Бесамар бўлса сени
Бир кун хароб айлар хаёл.

Бўлгин, Эркин, ҳар нафас
Эзгу хаёлга ошино,
Пок эса ният, сени
Олижаноб айлар хаёл.

БИР ГЎЗАЛКИМ

Бир гўзалким, ҳуснидан эл
Лол эмиш, ҳайрон эмиш,
Ишқи бирлан диллар обод,
Хонумон вайрон эмиш.

Нуқтадек бир холи бормиш
Ғунча лабнинг устида,
Ул бири ошкор эмишдир,
Ул бири пинҳон эмиш.

Санги дилнинг ҳасратида
Қанча диллар дард чекиб,
Кўзларининг ғурбатида
Қанча кўз гирён эмиш.

Барча шайдоларнинг оҳи
Жам эса маҳшар бўлиб,
Хуни дил кўз ёшларидан
Бир буюк тўфон эмиш.

Қилгай эрмиш мутриби ишқ
Ўз мақомини ироқ,
Шул сабаб оҳанги ушшоқ,
Гиряи афғон эмиш.

Кўйида ётмиш кўнгиллар
Мисли синган кўзгудек,
Воҳки, ҳар бир парчасида
Ул руҳи тобон эмиш.

Ул гўзал олмослик эрмиш,
Ким парилар зотидан,
Ғойибона ошиқ Эркин
Толиби даврон эмиш.

1968

ЎЗБЕГИМ
Қасида

Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.

Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.

Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча қоон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.

Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.

Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.

Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.

Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.

Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.

Маърифатнинг шуъласига
Талпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.

Тузди-ю Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди нарвон ўзбегим.

Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон ўзбегим.

Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон ўзбегим.

Мирза Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.

Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.

Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.

Тарихинг битмакка, халким,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.

Ортда колди кўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.

Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.

Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул.
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.

Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон ўзбегим.

Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.

Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.

Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.

Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.

Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.

1968

ҲОФИЗ ШЕРОЗИЙДАН

* * *

Ёрим қўлига қадаҳ-ки олгай,
Бозори санам касодга қолгай.

Ҳар кимки, кўзини кўрса дейди:
«Бу маст, қани муҳтасиб, тутолгай».

Ашк баҳри аро балиқ бўлибман,
Қармоғини ёр чу сувга солгай.

Зор ила аёғига йиғилдим,
Уммид этамен, қўлимдан олгай.

Ҳофиз каби хуррам ул кишиким,
Жоми азалини нўш этолгай.

* * *

Кеча достон бўлди ошиқ даврада гисуларинг,
То ярим тун баҳсга боис бўлди анбар мўларинг.

Кипригинг новакларидин қонга айланди кўнгил,
Ваҳ, яна қўмсар, ажабким, ул камон абрўларинг.

Авфилиллоҳким, сабо келтирмаса сендан хабар,
Ҳеч насиб бўлмасди кўрмак бизга кўча-кўларинг.

Бехабар эрди жаҳон аввалда ишқ ошубидин,
Қолди ғавғога у кўргач ғамзаи жодуларинг.

Мен ҳам авваллар эдим дарди жунундин бехабар,
Қўйди домин йўлларимга кокили ҳиндуларинг.

Тугмаларни ечгил-у дил мушкулин айла кушод,
Ким, ечилмоғимга боис дилкушо кулгуларинг.

Кел вафо айлаб, қадам қўй Ҳофизингнинг хокига,
Ким бу оламдан олиб кетмиш мени орзуларинг.

МИРЗО БЕДИЛДАН

* * *

Заҳм ўлди яна, чашми пуроб ўлди бизим дил,
Жом ичра тўла қонли шароб ўлди бизим дил.

Гулбоғу чаман фаслида тош ўлса у кўнгил,
Дашт узра ғубор ўлса-да, об ўлди бизим дил.

Васл анжумани ичра ҳаё жом бўлибдир,
0б ўлса агар бодаи ноб ўлди бизим дил.

Не ҳосил, аё нола, бул оташ нафасингдан,
Қон бўл, сени деб бўйла кабоб ўлди бизим дил.

Бир чашма-ку тўфони хаёл ичра бу олам,
Бедил, на илож, эмди сароб ўлди бизим дил.

* * *

Паришон хотирим деб ғам яралмиш,
Яна чашмим туфайли нам яралмиш.

Қилур мавж гавҳару оина жавҳар,
Ажаб, беорзу дил кам яралмиш.

Атарлар ғунча поймолини гул деб,
Не ҳол, шодлик аро мотам яралмиш.

Сабо тўзғитгудек бир кафт тупроқ
Қўшилгач қон ила, одам яралмиш.

Қошимга келса гар фармони таслим,
Эгилгум, қошим асли хам яралмиш.

Агар хешлик учун пайдо бу олам,
Менинг кўнглимга кўнглим ҳам яралмиш.

Дилинг дардига йўқдир чора, Бедил,
Бўлиб соҳибмуҳр Ҳотам яралмиш.

Сергей Есенин
«ЭРОН ТАРОНАЛАРИ» ТУРКУМИДАН

* * *

Букун дедим саррофга атай,
Алишаркан сўмни туманга:
«Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат, севдим, демоқни манга».

Ул саррофга дедим букун ман
Елдан сокин, жилғалардан тинч:
«Ўргат менга, гўзал Лаълимдан
Форс тилида сўрайин ўпич».

Яна дедим саррофга атай
Ҳаяжоним дилда беркитиб,
Ўргат, гўзал Лаълимга айтай,
Ўргат, айтай «меникисан», деб.

Шунда менга деди у:  Эвоҳ,
Ишқ васфига топилмас сўзлар.
Севаман, дер дилдан чиққан оҳ,
Ёқут каби ёнгувчи кўзлар.

Сўрма мендан бўсанинг исмин,
Номи йўқдир сенга айтмоққа.
У келтириб атиргул исин,
Гулбарг бўлиб қўнар дудоққа.

Севги дилга бермас кафолат,
Севги бахтга, ё дардга йўллар.
Меникисан деёлур фақат
Юздан ниқоб кўтарган қўллар.

* * *

Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам,
Билсанг, шимол Ватандир менга.
Далалардан сўйлайми сенга,
Ой нур сепган бошоқлардан ҳам,
Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам.

Билсанг, шимол Ватандир менга,
Унда ой ҳам юз бора улкан.
Шероз қанча бўлмасин кўркам,
Азиз ўлка Рязандир менга,
Билсанг, шимол Ватандир менга.

Далалардан сўйлайми сенга?
Сочим олмиш буғдойидан ранг,
Бармоғингга ўра хоҳласанг,
Зарра оғриқ сезилмас менга,
Далалардан сўйлайми сенга?

Ой нур сепган бошоқлардан ҳам
Олтин сочим сўйласин, дилдор.
Кул, ўйна-ю, даламдан зинҳор
Гапирмагин менга, жонгинам,
Ой нур сепган бошоқлардан ҳам.

Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам,
Шимол ёқда бир нозанин бор,
Сенга ўхшар, ғоятда дилдор,
Балки мени ўйлар ул санам…
Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам.

* * *

Дединг:  Саъдий доимо ёрнинг
Сийнасидан оларкан бўса.
Худо ҳаққи, шошма, дилдорим,
Қочмас ахир ўрганиш бўлса.

Қуръонда бор, дединг, азалдан
«Алқасосул миналҳак», тамом.
Мен туғилган бўлсам Рязанда,
Қайдан таниш бўлсин бу калом.

Сен куйладинг: «Фирот ортида
Гуллар борки, қизлардан гўзал!»
Бой бўлсайдим кўшиқ бобида,
Тўқир эдим бошқа бир ғазал.

Гар қизлардан бўлса зиёда,
Мен гулларни қирқардим буткул,
То кўрмайин ёруғ дунёда
Шаҳинамдан сулувроқ бир гул.

Ўгит билан қийнама энди,
Ўгитларинг менга не даркор?!
Шоир бўлиб дунёга келдим,
Шоир каби ўпаман, дилдор.

* * *

Заъфар юртга нур тўкар оқшом,
Боғда гуллар жавлон урган пайт.
Кел, жонгинам, қўшиқ айт, Хайём —
Куйлаб ўтган қўшиқлардан айт,
Боғда гуллар жавлон урган пайт.

Ой нурига ғарқ бўлган Шероз,
Парвонадек учар юлдузлар.
Менга ёқмас, ўтинаман, рост,
Ниқоб тутса дилрабо юзлар,
Ой нурига кўмилган Шероз.

Қизлар юзин сақлар ниқобда,
Иссиқданми бўлиб асрамоқ,
Ё куймасин дерлар офтобда.
Севсин учун йигитлар кўпроқ —
Қизлар юзин сақлар ниқобда.

Ниқоб билан дўст бўлма, гулрў,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига,
Умр ўзи ғоят қисқа-ку,
Тўймоқ қийин толе шавқига,
Ёз сўзимни ёдинг лавҳига.

Қисматларда не қаролик бор,
Қолмас бир зум бахш этсанг роҳат.
Гуноҳ бўлур шу сабаб, дилдор,
Бу дунёда яширсанг талъат,
Бергач уни она табиат.

Боғда гуллар тебранар оқшом,
Юрагимда ўзга бир диёр.
Ўзим сенга қўшиқ айтай, ёр!
Бу қўшиқни билмаган Хайём.
Боғда гуллар тебранар оқшом…

Sahifa ustoz Erkin Vohidov xotirasiga bag’ishlanadi

         O’tgan asrning 70-80-yillari o’zbek adabiyotida yuzaga kelgan qaynoq muhit beqiyos bo’lganini hech kim rad etolmaydi. Bu haligacha ta’siri davom etayotgan  muhit o’zidan-o’zi osmondan tushmagan edi. Bu muhit juda uzoq davom etgan soqovlikdan so’ng, Asqad Muxtor, Erkin Vohidov, Husniddin Sharipov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Cho’lpon Ergash, Omon Matjon, Halima Xudoyberdieva kabi shoirlar, ularga ergashib kirib kelgan yosh avlod ijodi bois adabiyotning karaxt vujudi nafas ola boshlaganidan tug’ilgan edi, desak  to’g’ri bo’ladi.  Xususan, adabiyotda 30-yillar qatag’onidan keyin paydo bo’lgan jarlikni to’ldirganlardan, Abdurauf Fitratu Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho’lponu Usmon Nosirdek tengsiz shoirlar qalam surgan XX asrdagi o’zbek she’riyatining oltin davriga ko’prik ulagan shoirlarning biri Erkin Vohidovdir (Xurshid Davron maqolasidan).
.

Erkin VOHIDOV
UMR BEKATLARI
07

OLTIARIQDA SAKKIZ YIL

Ota yurtim — Farg’ona viloyatining Oltiariq tumani. Shu yerda dunyoga kelganman. Onam toshkentlik bo’lgan. Farg’onaga kelin bo’lishining sababi, bobomiz dunyodan o’tgandan keyin onamning katta akasi Oltiariqqa ishga yuboriladi. Kolxoz qurilishiga oilasi bilan kelgan tog’am singlisini shu yerda turmushga beradi.

Otam tarix, onam geografiya o’qituvchisi edi. Otam urushdan og’ir yarador bo’lib qaytgach, Toshkentga davolangani kelib, shu yerda vafot etadi. Men yolg’iz farzand edim. Shuning uchun onam ikkimiz Toshkentga kelganmiz. Onam ham vafot etgach, tog’amning qo’lida qoldim. Bolaligim 7-8 yoshgacha Oltiariqda o’tgan.

Oltiariqdan ko’chib kelib yangi hayot boshlash, ota-onaning dunyodan o’tishi, yangi muhit va sharoitda, tog’amning oilasida yashash albatta murg’ak qalbimga katta zarba bo’lgan. Ammo tog’amning uyida ularning bolalari bilan birga mehr ko’rib o’sdim.

«MEN O’QIGAN MAKTAB…»

Ilk she’rlarimni maktabda o’qib yurganimda yozgandim. Taxtapuldagi 22-maktabda o’qiganman. Maktabimizning devoriy gazetasida yosh havaskor shoirlarning she’rlari chiqardi. She’riy muhit maktabimizda juda kuchli edi. Po’lat Mo’min, G’afur G’ulom, Uyg’unlarning maktabimizga kelganini eslayman. O’sha paytlar pionerlar saroyi bo’lardi. 6-7-sinfda men ham o’sha yerdagi she’riyat to’garagiga qatnashib, shoir G’ayratiydan saboq olganman. Bularning barchasi mening she’r yozishimga tutki bo’lgan. Dastlabki she’rlarim G’ayratiy domlaga ma’qul kelib, u kishi ijodimdan namunalarni «Mushtum»da va bir necha gazetalarda chop ettirgan.

BIRINCHI KURSDA…

Endi o’ylab qarasam, kamtarlik haqidagi she’rimni birinchi kursda o’qib yurgan paytimda yozgan ekanman. Bu she’rni badiiy jihatdan juda yuqori deyolmayman-u, ammo undagi obrazli tafakkur — choynakning jo’mragi burnini ko’tarib turgan odamga o’xshashi, piyolaning kamtarligi, odamning choy ichganda uni o’pgandek bo’lishi o’sha paytda hammaning e’tiboriga tushgan. Albatta bu she’rni bugun yozsam, butunlay boshqacha yozargan bo’lardim.

Undan keyin «Po’lat» degan she’rim og’izga tushdi. To’garakda gap-so’z bo’ldi. Gazetalarga chiqqanidan keyin odamlar yod olishdi.

KITOBDAN MASHHUR MAQOLA!

Yaxshi ustozlar nasib etdi, menga. Ko’zga ko’ringan adabiyotshunoslar Ozod Sharafiddinov, Laziz Qayumovlar saboq berishdi. Ozod Sharafiddinov to’garak ochgandi. O’sha to’garakda «Po’lat» va kamtarlik haqidagi she’rlarim Laziz Qayumov tomonidan yuqori baholangan.

1961 yilda birinchi kitobim chiqdi. Kitobga «Talant va mas’uliyat» degan so’zboshini Ozod Sharafiddinov yozgandi. Bu paytga kelib ustoz ancha mashhur, adabiy tanqidchilikning peshqadam arboblariga aylangan kishilardan edi. Yosh bo’lsa-da, fikri teran, so’zi o’tkir, orginal fikr qiladigan, eskicha fikrlarga qarshi kurashadigan, Abdulla Qahhor maktabining oldi vakillaridan hisoblanardi. Mening kitobimdan ham o’sha so’zboshi sifatida yozilgan maqola mashhur bo’lgan. Ozod Sharafiddinov o’ta talabchan, qo’liga tushgan asarni ayovsiz piypalab tashlaydigan, qattiq tanqid qiladigan, yaxshi bahoni kam beradigan munaqqid edi. Mana shunday inson kitobimga xursand bo’lib, yayrab maqola yozgani uchun ko’pchilik qidirib o’qigan va kitob qo’lma-qo’l bo’lib ketgandi.

DARDGA MALHAM — QASIDA!

Navbatdagi “bekat” men uchun «Yoshlik devoni» bo’ldi. Bu kitob meni dabdurustdan butun O’zbekistonga mashhur qilgan. Ayniqsa, «O’zbegim» qasidasi.
1968-69 yillar… «O’zbegim»ni hamma yod oldi. Faxriddin Umarov, Umar Atoev, Sherali Jo’raevlar qo’shiq qilib kuylashdi.

Bu she’r yozilgan paytda odamlarda shunday so’zga ehtiyoj katta bo’lgan. Chunki ona tilimiz nihoyatda orqaga surib qo’yilgan, kamsitilgan til edi. Undan keyin o’zbek xalqining tarixiga bo’lgan munosabat ham juda yomon edi. Go’yoki, tariximiz faqat qorong’ilikdan iborat-u, biz oktyabr inqilobi tufayli baxt, ilm topgandik. Ungacha masalan, savodlilar ikki foiz bo’lgan degan gaplar bo’lgan. Shuncha olimlarimiz, allomalarimiz qayoqqa ketgan? Rus alifbosini, tilini bilmaganlarni hisoblashgan, nazarimda. Balki, o’sha paytda rus tilini bilganlar ikki foiz bo’lgandir?

Tarixiy asar yozganlar oqlanmaydigan, sovet davrini ulug’lab yozish lozim bo’lgan davr. Bu esa xalqning me’dasiga tekkan edi. Chunki yolg’on gap kimga ham yoqardi? Bizdan Al-Xorazmiy, Beruniy, Ibn Sino kabi olimu ulamolar chiqqan bo’lsa-yu, qanday qilib o’zbek xalqini savodsiz, omi, ilmsiz deyish mumkin? Shuning uchun bu she’r xalqning dardiga malhamdek bo’lgan. Lekin u paytda «O’zbegim» degan so’zni baralla aytish oson emasdi. «Biz sovet halqimiz», degan gap bo’rttirib gapirilar, «o’zbekmiz», «qozoqmiz», «qirg’izmiz», deyish millatchilik hisoblanardi. Shu tufayli bu qasidani matbuotda chop ettirishim oson bo’lmagan. Olib borgan joyimda ham «o’zbegim» so’zini «xalqimiz» deb o’zgartirib bering, deyishgandi. Bir qancha misralarini olib ham tashlashgan. Dastlabki kitobimga kirmagan baytlar ham bor:

Sen na zardusht, sen na buddiy
Senga na otash, sanam
Odamiylik dini birlan
Toza iymon, o’zbegim.

TAZYIQ VA VA’DALAR

Bu qasida uchun men juda ko’p so’roqlar berganman. Avvalo organdagilar bu millatchilik ruhidagi she’rning paydo bo’lishiga nima sabab bo’ldi, deya rosa siquvga olishgan. Nazarimda, bu O’zbekistondan ham tashqariga chiqib ketgandi. «Yuqori»ga — Moskvagacha yetib borgan. Ideologlarni biroz cho’chitgan narsa she’rning xalq ichida juda ommalashgani bo’lgan. «Nega she’rda sovet tuzumida o’zbek xalqining baxt-saodat topgani aks etmagan? Leninning nomi yo’q! Moskva tilga olinmagan. Partiya, Oktyabr inqilobi yo’q, shularni kiritib bering», deyishgan menga. Men bunday deb yozolmasdim ham, kiritolmasdim ham. Eng yuqori dargohlardan ham shu talablar bo’lgan. Yana va’dalar ham bo’lganki, agar shu so’zlarni qo’shsam, kitobim juda katta «tiraj»da chiqadi, mukofotlar bo’ladi… Ammo men bunday qilmadim. Ta’qiblardan bezganim uchun «Faust»ning tarjimasini bahona qilib nashriyotdan ishdan ketdim. Bunga muharririmiz ham rozi bo’ldi. Chunki u kishiga ham anchagina tazyiqlar bo’lgan.

TUSHKUN VA KAYFIYATSIZ YILLAR…

Natijada, 1970-75 yillar oralig’ida ishsiz yurdim. Hech qaerda she’rlarim ham chop etilmadi. Bu yillar mening eng ezilgan, tushkun va kayfiyatsiz yillarim bo’ldi. Mana shu besh yil ichida hech narsa yozmaganman. Yozsam ham chiqmasdi-da! Vaqtni bekor o’tkazmaslik uchun «Faust»ni o’zbek tiliga o’girdim. Buni tarjima qilishimga turtki bo’lgan narsa Gyotening sharq dunyosiga yaqinligi edi.

G’arb bilan sharq she’riyati o’rtasida juda katta farq bor. Red`yard Kipling aytgan: «G’arb bu — G’arbdir, Sharq bu — Sharq, ular hech qachon qo’shila olishmaydi». Haqiqatan ham shunday. Garchi G’arbda Sa’diyni, Hofizni katta qiziqish bilan o’qishsa-da, asl ma’nosini anglashmagan. Faqatgina Gyote rostmana Sharq adabiyotini o’rgangan. Buyuklarimiz ijodi haqida yuksak so’zlarni aytgan. O’z falsafasiga ham, «Faust»ning tub mag’ziga ham Sharq dunyoqarashini singdirgan.

G’arb dunyosidan ikkita shoir meni ko’proq band qilgan. Biri — rus shoiri Sergey Yesenin, biri — nemis shoiri Iogan Gyote. Shularning ijodini tarjima qilganman. Talabaligimda ham bir qancha parchalar tarjima qilgandim. Bu menda rag’bat uyg’otgan. Shu bois, imkon tug’ilganida Gyote 60 yil davomida yozgan «Faust»ni besh yilda tarjima qildim. Besh yillik ijodimdagi tanaffusni mana shu bilan to’ldirdim. Keyin yana nashriyotga, ijodga qaytdim.

AZGANUSHGA RAQOBATCHI…

Otam toshkentlikka uylanganidek, men ham toshkentlikka uylandim. Gulchehraxon bilan bitta universitetning, bitta fakul`tetning talabalarimiz. Men filologiya fakul`tetini bitirayotgan paytimda Gulchehra birinchi kursga kelgan. Mendan hazillashib so’rashgandi: «Nega arman qizi Azganushga she’r yozgansiz-u, toshkentlik qizga uylangansiz?». Men javob bergandim: «Qandoq qilayki, shundoq yonimda, shundoq qo’shni mahallada peshanamga bitilgani bor ekan. O’zbek bekorga aytmaydi «falokat oyog’ing ostida», deb. (Kuladi).

Biz osonlik bilan turmush qurmaganmiz. Chunki mutlaqo boshqa-boshqa, bir-biriga o’xshamagan oilalar farzandi edik. Men ota-onasiz, tog’asining qo’lida o’sgan yetim bo’lganman. Shoirligim ham ma’lum emas. Tog’am ziyoli, o’ziga yarasha obro’li inson bo’lsa-da, men u kishining farzandi emasligim, yana Farg’onadan kelganligim dastak bo’lgan-da! Shuning uchun Gulchehraning oilasi qarshilik qilgan. Ayniqsa, katta opasi… Keyinchalik turmush qurib, farzandlarimiz tug’ilib, yaxshi yashab ketganimizdan so’ng, u kishi «meni kechiring, singlimni shunchalik baxtli qilishingizni bilmagan ekanman», deb qoldi. Jiddiy turib hazillashdim: «O’sha vaqtda qattiq turmagan ekansiz-da!» (Kuladi).

«FARZANDLARIM VA NEVARALARIM HAQIDA…»

Farzandlarim ichida mening yo’limdan ketgani yo’q. O’zim shoirlikning jabru jafolari, qiyinchiliklari, uyqusiz kechalar, ular evaziga boshingizga keladigan malomatlarni, yana o’rta darajadagi shoirlarning beobro’ligini ko’rganim uchun bu kasbga tashviq qilmaganman. Ular ham mayl bildirishmagan. Katta qizim Nozima — shifokor, keyingisi Mohira — tilshunos, o’g’limiz Xurshidbek — sharqshunoslikni bitirdi, so’ng xalq xo’jaligi bo’yicha tahsil oldi. Ammo hozir ko’pchilik yoshlar singari tijorat bilan shug’ullanadi. Kenja qizim Fozila ham — shifokor.

Nevaralarimga kelsak, ular ichida ham shoir bo’laman, degani yo’q. To’rtta qiz, sakkizta o’g’il nevaram bor. Katta nevaralarim o’g’il, hali uylanmagan. Agar ular qiz bo’lishganda allaqachon turmushga berib, evara ham ko’rgan bo’lardim.

KO’P BERILADIGAN SAVOL

Ish joyim ikkita bo’lgan. Yigirma yildan ortiqroq noshirlik qilgan bo’lsam, undan keyingi yigirma yilim deputatlik bilan o’tdi. Oliy Kengashning oshkoralik masalalari qo’mitasi va Oliy Majlisning Xalqaro ishlar va parlamentlararo aloqalar qo’mitasi raisi bo’lib faoliyat yuritdim.

Menga bir savolni juda ko’p berishadi: «Davlat ishida ishlab ijodni to’xtatib qo’ydingizmi?»
Yo’q. Aslo unday emas. Men ijoddan to’xtaganim yo’q.

Manba: darakchi.uz

ERKIN VOHIDOV
DIL TUBIGA CHO‘KKAN LAHZALAR
Xotira daftaridan parchalar

02

Men aytib turay, sen yoz!

1960 yili men endigina universitetni bitirib, yoshlar nashriyotida ish boshlagan edim. Torgina xonada to‘rt kishi o‘tirardik: uch muharrir va men – kichik muharrir.
Bir kuni xonamizga orden taqqan keksa bir odam kirib keldi va salom — alikdan so‘ng: — Menga shoir kerak, ichingizda kim shoir? — deb so‘radi. Nashriyotning eng katta shoiri Qudrat Hikmat edi. Lekin u kishining chollar bilan suhbat qurishga tobi yo‘q edi shekilli, mehmonga poygakda o‘tirgan meni ko‘rsatib, ana shoir, dedi va o‘zi o‘tirgan stulni qariyaga bo‘shatib tashqariga chiqdi. Qolganlar ham birin-sirin chekish bahonasida xonani tark etdilar. Qariya stulga bafurja cho‘kib, muddaoni bayon qildi:

— Gap bunday, o‘g‘lim, yoshim yetmishdan oshdi, urushni ko‘rdim, Farg‘ona kanalida ishladim, kolxoz qurilishida qatnashdim. Ko‘rgan kechirganlarim o‘zim bilan ketmasin, men aytib turay, sen yoz. Aytabersam katta ro‘mon bo‘ladi.

Yoshi ulug‘, muhtaram mehmonga qanday bahona qilishni bilmay turgan edim, “ro‘mon” so‘zi jonimga oro kirdi. – Men ro‘mon yozmayman, — dedim afsus ohangida — faqat she’r yozaman.

— Baribir emasmi, — deya e’tiroz qildi mehmon – Biz kitob yozadiganlarning hammasini “shoir” deymiz.

Xullas, o‘sha kuni ordenli qariyani xursand qilolmadim. Ming uzr va bahonalar aytib kuzatdim. Cholning g‘amgin chehrasi ko‘z o‘ngimdan ketmaydi. Mana bugun zamonlar o‘tib o‘zim dunyoning achchiq-chuchugini totib ko‘rgach o‘sha qariyaning ehtiyojini sezib turibman. Biror qalamkashga, men aytib turay, sen yoz, degim keladi-yu, ammo men qalbdan kechirgan tuyg‘ularni kim o‘zimdek bayon qiloladi?

Inson umrida ko‘rgan kechirganlarini yozib chiqsa yana bitta umr kerak bo‘ladi. O‘ylasam, o‘tgan fursat oqib ketgan qum ekan. Botmonlab qumdan misqollab oltin olinganidek hayoting mazmuni bo‘lgan, seni inson qilib shakllantirgan, dil tubiga cho‘kkan oltin lahzalar bo‘lar ekan. Bundoq boylikni farzandlarga meros qilib qoldirsa arziydi. Yaxshi niyat bilan qo‘lga qalam oldim. Ko‘rganlarim siz yoshlarga ibrat bo‘lsin, men qoqilgan toshlarga siz qoqilmang, deyman. Biz bosh urgan baland devorlarni, biz to‘rt bukilib kirgan past eshiklarni siz ko‘rmang. O‘zga olam, o‘zga davron, ozod va obod Vatan sizniki. Yo‘lingiz oydin bo‘lsin.

Partkomning o‘g‘li

O‘sha yili qishda otamni Marg‘ilonga MTS partkomiga kotib qilib yuborishdi. Qor aralash yomg‘ir yog‘ib turganda zanjir g‘ildirakli traktorga ulangan tirkamaning ochiq platformasiga yuklarimizni ortib Oltiariqdan Marg‘ilonga ko‘chganimiz esimda. Onam, chaqaloq ukam Elburs traktor kabinasida, otam, amakim, yana bir-ikki kuzatuvchilar ochiq platformaga chiqishdi. Yo‘lda tirkama g‘ildiragi ariqqa tushib yuklarimiz ag‘darilganini ko‘rganman. Yagona mebelimiz hisoblangan shkaf – uni o‘zbekcha qilib “g‘aladon” deyishardi – loyga qorilgani ko‘z oldimda. “G‘aladon”ni eslab qolganim sababi shuki, maktab o‘qituvchilari bo‘lgan otam, onam ikkovlari olgan oylik maoshlarini uning tortmasida saqlar edilar. Kim bozorga boradigan bo‘lsa unga ko‘pincha, – pul g‘aladonning tortmasida, degan so‘z aytilar edi. Tortma qulflanmas, shogirdlar, jiyanlar kerakli pulni olib bozor qilishar ekan. O‘sha – qishloqcha soddalik, to‘g‘rilik, kenglik, ishonch muhiti men esimni tanib ko‘rgan, bilgan, umrim bo‘yi yurakda havas bilan asragan ezgu xotiradir.

Astoydil niyat qilgan ekanman, yillar o‘tib o‘zim oila qurganimda xonadonimizda shunday muhit qaror topdi. Bunga mingdan ming shukrlar qilaman.

Xullas, qirq birinchi yil oxirlarida qishning qor aralash yomg‘iri ostida biz Oltiariqdan Marg‘ilonga ko‘chdik. O‘sha loyli yo‘l, tund ob-havo, kuppa kunduzgi yarim qorong‘ilik ruhiyatimda og‘ir taassurot qoldirgan.

Ayniqsa otamning shalabbo bo‘lgan paltosi, loy tekkan yuzi ko‘z oldimdan ketmaydi. Urushdan og‘ir yarador va xasta bo‘lib qaytgan otam qirq oltinchi yilda aynan o‘pka shamollashi kasali bilan olamdan o‘tdi.

Hamma buni urushdan ko‘rsa ham men o‘z go‘dak xayolimda o‘rnashib qolgan o‘sha ko‘chish voqeasidan ko‘raman. Otam o‘shanda o‘pkani sovuqqa oldirgan deb o‘ylayman. O‘ylaymanu o‘z o‘zimga savol beraman. Shunday ob-havoda ko‘chish shartmidi? Soddalikmidi, vatanparvarlikmidi, yo partiyaviy topshiriqni bajarish zaruratimidi bu? Ya’ni xalq boshidagi azaliy qulchilikning shakli-shamoilimidi?

Marg‘ilon. Keng dala bahor chechaklari bilan qoplangan. Yangi ko‘chib kelgan ishchilar uchun qurilgan qator yog‘och uylardan MTS binosi ko‘rinib turardi.

Bir kun bolalar bilan yalangoyoq o‘ynab yurib u binoga borib qoldik. Bir to‘p odamlar orasida gaplashib turgan dadamni ko‘rib sevinchim ichimga sig‘may qichqirgancha uning oldiga yugurib bordim. Dadam esa men tomonga o‘girilib, zarbba bilan: “Pochemu bosyakom?” dedi. O‘sha kungacha uyda ham, ko‘chada ham bir og‘iz ruscha so‘z gulog‘imga kirmagan edi.

Tabiiyki, tushunmadim. Qo‘rqib uyga qochdim. O‘sha achchiq zardali so‘z qulog‘imga o‘rnashib qoldi. Bolalar bilan urushib qolsam ularning so‘kishiga javoban men ham “Pochemu bosyakom?” deb yurganman.

O‘shanda men bolakay partkomning o‘g‘li yalangoyoq yurmasligi, madaniy oila farzandi sifatida ruscha gaplashishi kerakligini qayoqdan bilay?

“Pochemu bosyakom”ning ma’nosini tushungunimcha yillar o‘tdi. Lekin o‘sha kungi holatning mohiyatini anglash uchun umr kerak bo‘ldi.

Hayotning birinchi zarbasi

1962-yilda meni bir guruh noshirlar qatorida Boku va Yerevanga, Ozarbayjon va Armaniston nashriyotchilari bilan tajriba almashish uchun safarga yuborishdi. Kavkazning sehrli manzaralari, dengizu tog‘lari meni lol qoldirib, bir turkum romantik ruhdagi sherlar yozgan edim. Ayniqsa, g‘azallarini jondan sevib qolganim Muhammad Fuzuliyning marmar siymosini Bokuda ko‘rib cheksiz hayajonga tushganman. O‘shanda bamisoli o‘z-o‘zidan quyulib kelgan “Fuzuliy haykali qoshida” sheri men uchun hali-hamon qadrlidir.

O‘shanda men mumtoz shoir sherlariga mahliyo bo‘lib, o‘zim yozgan satrlardan o‘zim zavqlanib yurganimda, bu sher menga talay ko‘rgiliklar keltirishini o‘ylabmidim?

Sher “O‘zbekiston madaniyati” gazetasida bosilgach ko‘p o‘tmay Yozuvchilar uyushmasining yig‘inida ushbu dargoh rahbarlaridan biri meni ayovsiz tanqid ostiga olib, sherlarimni siyosiy tuturiqsizlikda, yot g‘oyalarni targ‘ib qilishda, pessimizm va yana allaqancha men tushunmagan “izm”larda aybladi. Tanqid markazida “Fuzuliy haykali qoshida” turdi. “Bizlar, — dedi notiq, — yosh shoirni Kavkazga safarga yuborganimizda u Boku neftchilarining qahramonlik mehnatidan ilhom olib, ko‘kka bo‘y cho‘zgan neft qurilmalari haqida zalvorli sherlar yozar, deb o‘ylagan edik. U bo‘lsa allaqaysi shoirning ko‘z-yoshlarini sherga solibdi. Partiya shoirlar oldiga ulkan vazifalar qo‘yib turganda, bunday ijod namunalarini yozish o‘taketgan masuliyatsizlikdir!” O‘shanda gulduros qarsaklar bilan qarshi olingan otashin bu nutq Yozuvchilar uyushmasi devorlaridan oshib, kompartiya va komsomolning baland minbarlariga ko‘tarildi. Avval mening ismim komsomol syezdida maruzaga tushdi, so‘ng O‘zkompariya kotibining plenumdagi nutqida tilga olindi. Barcha tanqidning mazmuni o‘sha Yozuvchilar uyushmasidagi dashnomning o‘zi edi. Yosh umidli shoir bo‘lib yurgan yigit bir lahzada burjua g‘oyalarini tashuvchi yot unsurga aylanib qoldim. Mening iztirobli, alamli, ichki isyon bilan to‘lib toshgan kunlarim boshlandi.

Har baloning dafi bor, har zararning nafi bor, deydilar. Yuqori dargohlarning g‘azabli narasi aks-sado berib, eldan menga etibor, hamdardlik bo‘lib qaytdi. Tanimaganlar tanidi. Biror shoirni halq ichida mashhur qilaman, degan hukumat unga maqtovlar yog‘dirib targ‘ibotlar qilmasin, balki ayovsiz do‘pposlasin ekan. Ayniqsa, sho‘ro davridagi kabi el nazaridan qolgan hukumat uchun bunday teskari tadbir ayni muddao bo‘lar ekan.

Shunday qilib mening hech kim tanimagan nomim mish-mishlar qanotida elga tarqaldi, birov o‘qimagan sherlarim qidirib topib o‘qiladigan bo‘ldi. Axir O‘zkompartiyaning mafkura kotibi o‘zi oliy firqa minbaridan tilga olib tursa men mashhur bo‘lmay kim mashhur bo‘lsin? Menga tomon yo‘naltirilgan qudratli zarba bamisoli mitti qushga qarata otilgan zambarak edi. Bu zarba har jihatdan menga foydali bo‘ldi. Avvalo meni elga tanitdi, o‘z yurtimda va qardosh halqlar ichida do‘st va hayrihohlarim ko‘paydi. O‘zim hushyor tortib, yoshlik, havaskorlik qobig‘ini tezroq yorib chiqishim uchun ham bunday “sovuq suv”ning foydasi bo‘ldi.

Aslida bizning ustimizga yetib kelgan qora bulutlarning tug‘ilgan makoni Moskov shahri edi. Sho‘ro rahbari Nikita Xrushevning bir gurux yangicha fikrlovchi ijodkorlarga minbarni mushtlab qilgan dardag‘asi, mafkurada men stalinchiman, deya o‘shqirgan ovozi Toshkentda ham aks-sado bergan edi. Moskovdagi kabi bu yerda ham adashgan yosh ijodkorlarni topib tanbeh berish kerak edi. Shu talabga “labbay” deb javob bergan o‘zimiz bo‘lib chiqdik.

Bu tarixni eslashdan maqsad zinhor o‘zimni o‘tmish jabriydasi qilib ko‘rsatish emas. Shukrki, o‘ttizinchi yoki elliginchi yillarning dovullari bizning boshimizga kelmadi. Davr boshqa, muhit boshqa edi. Hayotning ilk zarbasidan omon chiqdik, lekin sinovlar hali oldinda edi.

Bolaligim bog‘lari

Taxtapuldan chiqib kunchiqar tomonga biror chaqirim yurmasdan keng dala va bog‘lar boshlanardi. Biz yoz bo‘yi bilqillagan issiq tuproqni yalangayoq bosib, olmazor, uzumzorlarda o‘ynar, polizlardan handalak, qovun-tarvuz uzib, yorib yerdik, ariqlarda cho‘milardik.

Toshkent ahlining ko‘pchiligi yozda dala hovlisiga ko‘chib ketar, kech kuzgacha mehnat qilib qishlikni g‘amlab qaytardi.

Hozirgi kichik halqa yo‘l bilan Usta Shirin ko‘chasi oralig‘ida qarindoshlarimizning bog‘lari, polizlari bo‘lar, bahorgi qulupnay mavsumidan to kuzgi xazonchinakkacha, ham hashar, ham oshar deganlaridek, u yerlardan qadamimiz uzilmasdi. Yong‘oq qoqish va terish bormi, tutga chiqib shox silkitishu tut tagida chodir tutib turish bormi, hammasi bizning bo‘ynimizda, o‘ynab-yayrab bajarar edik.

Keksa tut shoxlari bizga ham top-attraksion, ham lyuks restoran edi.

O‘sha bolalik kunlarimni eslasam dimog‘imga jiyda gulining hidi keladi. Dala hovlining eshigi yonida o‘sgan bir tup jiydadan atrofga shirin bo‘y taralar, uning tagidan nari ketgim kelmasdi.

Ko‘milgan traktorlar

O‘ttiz yettinchi yilning “qama-qama”sida kunlardan bir kun Oltiariq tumani prokuroriga maxfiy konvert keladi. Konvert ichida sudya Karim Saxiboyevni qamoqqa olish to‘g‘risida order bo‘ladi. Prokuror o‘z do‘stini, ya’ni mening tog‘amni bu gapdan ogoh qiladi va tungi poyezd bilan Toshkentga jo‘natib yuboradi. Ertasi kuni o‘zi qamoqqa olinadi.

Men bu ulkan gavdali odamni birinchi bor 1956 yilda ko‘rganman. Mahkam aka Sibirning qahratonlarini ko‘rib, Magadan, Vorkuta lagerlarida sog‘liqdan ayrilib qaytgan edi. Biznikiga harsillab-gursillab, oyog‘ini zo‘rg‘a sudrab kelar va ayvonga o‘tirib suv so‘rardi. Cho‘michda emas, paqirda olib kel, derdi.

Hozir endi fikr qilsam, u sho‘rlik iskanja azoblarida ming dard qatori qand kasalligini ham orttirgan ekan.

Mustabid tuzumning qurboni bo‘lib tirik vayronaga aylangan bu inson o‘z boshidan kechirgan antiqa va dahshatli voqealarni menga so‘zlab berardi.

Mahkam akani Farg‘ona hibsxonasiga qamagach uni so‘roq qilish o‘rniga oldiga bir varaq oq qog‘oz qo‘yib, shunday deydilar: “O‘zing prokurorsan, bizning ishimizni bilasan. Seni qiynoqqa solib o‘tirmaylik. Xalq dushmani ekaningni bo‘yningga olib, iqrornomani o‘zing yoz.

Zamon siyosatini tushungan Mahkam Karimboyev shunday mazmunda iqrornoma yozadi: “Men haqiqatdan ham kolxoz tuzumiga qarshiman, xalq dushmaniman. Buning isboti shuki, kolxozning ellikta traktorini jarlikka ko‘mdirib yuborganman…”

Tutqun prokuror albatta bunday “iqrornoma”ga biror oqil inson ishonmasligini bilgan. Birinchidan, o‘sha zamonda kolxozda ellikta traktor nima qilsin! Ikkinchidan, yaqin atrofda jarlikning o‘zi yo‘q. Uchinchidan, traktor igna emaski, elliktasi ko‘mib yuborilsa-yu birov topolmasa.

O‘shanda aybim tekshirilar, adliya tizimida biror esli odam bordir, deb o‘ylabman. Adashgan ekanman, — derdi Mahkam aka, — Bunday tizimning o‘zi yo‘q, adolat esa otib o‘ldirilgan ekan. O‘zim to‘qigan betayin gunoh bilan o‘n to‘qqiz yil mahbuslik azobini chekdim.

Bu so‘zlarni eshitganda men birinchi kurs talabasi edim. Mening yosh ko‘nglimga g‘alayon solgan, sodda xayollarimni ag‘dar-to‘ntar qilgan bu dardli hikoyani eslasam hali hanuz vujudim larzaga keladi.

Bir otim nos xumori

Eski shaxarning Kohota mahallasida turardik. Devor qushnimiz bog‘dor edi. Shahar tashqarisidagi kattagina dala xovlisida yoz bo‘yi meva, sabzavot yetishtirib, ro‘zg‘ordan ortganini bozorga chiqarar, undan ham qolsa Sibir tomonlarga olib borib pullardi. O‘zi benihoya mehnatkash, tinib tinchimagan odam, xotini ham saranjom-sarishta, rejali ayol edi. Shahar xovlida mol, qo‘y, tovuq boqishar, Toshkentda birinchilardan bo‘lib issiqxona qurgan shu oila bo‘lardi. Bu xonadonda hamma vaqt xam narsa bor, kimga nima kerak bo‘lsa, bolasini Boltaboy akaning uyiga yugurtirar edi.

Bir kun ishdan qaytayotsam, Boltaboy aka eshigi tagida boshini changallab o‘tiribdi. Doim quvnok, harakatchan bu odamni hechqachon shunday axvolda ko‘rmagandim. Salom berib hol-ahvol so‘radim.

— E, nimasini aytaman! Novosibirga meva-cheva yuborgan edim. Sotishga qo‘ygan sherigim telegramma yuboribdi. Chekadigan nosi qolmagan emish. Ertaga nos yetkazsang yetkazding, bo‘lmasa olma-anoringni tashlab ketamang, debdi.

Bu gap menga nasha qildi. O‘zimni kulgidan to‘xtatolmadim.

— Kulma, uka. Bitta bangi noskash xonumonimga o‘t qo‘ymoqchiyu, sen kulasan. Endi men boshimdan oshib yotgan ishlarni yig‘ishtirib o‘sha nos jinnisining xumorini yozishim kerak. Ertaga ukamning nikoh to‘yi bo‘lmasa ham mayli edi…

Shu payt hayolimga bir fikr keldi. Hojatbaror bu insonnong hojatini chiqarsam dedim:

— G‘am yemang, Boltaboy aka, Novosibirga nos olib borish bo‘lsa, mana men tayyorman. Ertaga shanba, indinga yakshanba. Zarur ishim yo‘q, sayr qilib kelaman.

Qo‘shnimning chehrasi yorishib ketdi:

-Rahmat, baraka top, uka. Sening ham to‘yingda xizmat qilay.

Shunday qilib ertasi tongda samolyot chiptasi bilan bir xalta nos qo‘limga tegdi va men “hayo-hay, Novosibir, qaydasan,” deb uchib ketdim.

Tayyoradan tushib taksida to‘g‘ri shahar bozoriga ketdim. Toshkentning oltin kuzidan chiqib rosmana qahraton qishga kelibman. Qor bosgan qarag‘ayzor yo‘llardan o‘tib bozorga kelganimda sovuqning zabtini sezdim. Yigirma-o‘ttiz darajadan kam emas.

Shaxar bozori ko‘zimga Eski Juvaning kichik bo‘limidek tuyuldi. Negaki, peshtaxtalar yonida beqasam to‘n yo qora chopon kiygan ko‘pgina vodiylik yurtdoshlarimni ko‘rdim.

O‘sha lahzada men ko‘rgan manzara umrbod esimdan chiqmaydi. Sovuqda qaqshab turgvn musofirlarning birortasi ham egniga pocha po‘stin, boshiga quloqchin kiymagan, issiq yurtda qanday yurgan bo‘lsalar shunday xolda kelgan ekanlar. To‘n ostida yupun yaktak, boshda do‘ppi, minglayga shohi qiyiqchi bog‘langan, ko‘kraklar ochiq, og‘izdan chiqqan hovur soqol-mo‘ylovlarni, jundor yag‘rinlarni oppoq qirovga ko‘mib, sho‘rliklarni tayyor qorboboga aylantirgan edi. Boltaboy akaning sherigini zo‘rg‘a topdim. Jonuzoq degani cho‘tir, cho‘loq, badjahl odam ekan, meni kim yuborganini eshitdiyu bozorni boshiga ko‘tarib so‘kaketdi. Umrimda bunaqa xunuk, axloqsiz va bunaqa badiiy yorqin, tashbihlarga boy so‘kishni eshitmaganman. O‘sha onda xayolimdan kechdi: agar so‘kish sanat bo‘lsa, shu odam buyuk klassik bo‘lar edi.

Bog‘dor qo‘shnim tayinlagandi. Jonuzoqni ko‘rishing bilan eng avval qo‘liga nosni tutqaz, o‘zingni keyin tanishtirasan, degandi. Sherigining felini bilgan ekan. Men darhol xatoni to‘g‘rilab nosni uzatdim. Jonuzoqning ovozi o‘chdi. Bir kaft nosni til tagiga tashlab, tunuka paqirga loy chaplab yasalgan qo‘lbola manqol yoniga cho‘kdi, ko‘z yumgancha qo‘llarini isitdi. Haligi baqiriqqa yig‘ilib kelgan bozorchilar tarqalib ketguncha ko‘z ochmay, churq etmay o‘tirdi. Men ham uning cho‘tir basharasiga tikilib o‘tirdim. Ko‘z oldimda bu xunuk, befayz basharaga asta-sekin qon yugurib, lablar asabiy titrashdan to‘xtadi, bo‘rtib chiqqan tomirlar joyiga keldi, yonoqlarga nur taralib daqiqalar ichida maxluqiy turq insoniy chehraga aylandi. Jonuzoq ko‘z ochganda u endi boshqa Jonuzoq edi. Peshtaxta ostiga nosni tuflab o‘rnidan turdi, menga hijolatomuz tabassum bilan, keling, uka, ko‘rishib qo‘yaylik, dedi va quchog‘ini ochdi.

O‘sha kuni men sanoqli soatlarda ayni pishiqchilik faslining qahratonga almashganini, soniyalarda bir insonning tamoman boshqa insonga aylanganini ko‘rdim. Bunday sinoat uchun minglab chaqirimga parvoz qilsang arziydi.

Ertasiga shaharni aylandim, Ob daryosi bo‘ylarida yolg‘iz kezdim. Ming yillar narisida shu daryo sohillarida umrguzaronlik qilgan olis ajdodlarim bilan xayolan suhbatlashdim. Daryo menga ularning qo‘shiqlarini aytgandek bo‘ldi. To‘rt yuz yil narida Buxorodan ko‘chib kelgan, shu yaylovlarda mol haydab yurgan vatandoshlarim bilan g‘oyibona so‘zlashdim…

Bu voqea 1962 yil noyabr oyida yuz bergan bo‘lsa, shundan buyon ellik yil yashab dunyoning yarmini kezdim. Vatan sog‘inchi nima ekanini ko‘p bor his qildim. Yurtimning bir tishlam issiq tandir noniga, karsillagan bir shingil uzumiga , bir tilim qovuniga zor bo‘lsam, har gal o‘sha Jonuzoq yodimga keladi, uning ko‘ziga dunyoni qorong‘u qilgan bir otim nos xumorini eslayman.

Merganlik maktabi

1963 yil Xorazm uchun omadli kelgan edi. Paxtadan misli ko‘rilmagan hosil ko‘tarib “Mash’al” nomini olgan, mamlakatga dong taratgan edi. Dekabrning qorli, ayozli kunlarida viloyatning hosil bayramida qatnashish uchun Yozuvchilar uyushmasi topshirig‘iga ko‘ra (u vaqtlarda yozuvchilarga ham topshiriq berilardi) shoir Shuhrat, unga hamroh va yordamchi bo‘lib kamina Urganchga keldik. O‘shanda men ilk bor taniqli adibga bo‘lgan el hurmati, muxlislar mehrini ko‘rgan, havas qilgan va ko‘nglimda, kiroyi shoir bo‘lsang Shuhrat akaday shoir bo‘l, degan fikr kechgan edi.

Xorazmda bir xafta qolib ketdik. Tantanalar o‘tgandan keyin ham muxlislar Shuhrat akani Toshkentga yuborishmadi. Har kuni ziyofat, she’rxonlik, tongotar shirin suhbatlar…

Bizning bosh mezbonimiz viloyat yozuvchilar uyushmasi rahbari, ovchi, ov mavzusida ko‘p hikoyalar yozgan Rahim Bekniyoz bir kun ertalab Shuhrat akaga qo‘shog‘iz miltiq olib keldi. – Bugun ovga chiqamiz, – dedi u, – ayni mavsumda keldingiz, o‘rdak, qashqaldoq, kaklik yog‘ilib ketgan.

Eski “villis”ni minib yo‘lga chiqdik. Shuhrat aka, Rahim Bekniyoz ov qiladigan, Erkin Samandar bilan men yig‘ib qoplarga soladigan bo‘ldik.

O‘sha kechasi qor juda qalin yoqqan ekan. Tizzadan qor kechib yarim kun ov qidirdik.

O‘rdak, qashqaldoq u yoqda tursin, bedana ham ko‘rinmadi. Shuhrat aka Rahim Bekniyozga hazil qildi: – Yog‘ilib ketdi deganing qor ekan-da? Erkin Samandar ustozning hazilini davom ettirdi: – Bizdan nima otding, deb so‘rasalar, qorda odim otdik, deymiz.

Shunday qilib, bizlar uchun tushlik tayyorlangan qarorgohga och qorin va bo‘sh qoplar bilan qaytdik.

Xorazmliklar mehmonning ko‘nglini olish uchun nimalar qilmaydilar! Ovimiz baroridan kelmaganini esdan chiqarish uchun mezbonlar bir ajabtovur merganlik musobaqasini o‘ylab topdilar. Ovdan tejalgan o‘qlarni ichkilikdan bo‘shagan shishalarga otadigan bo‘ldik. O‘yin sharti shuki, kim o‘n qadamdan shishani ursa, to‘la bir qadah mukofot oladi.

Birinchi bo‘lib merganlik mahoratini qirq yillik ovchi Rahim Bekniyoz ko‘rsatadigan bo‘ldi. Uzoq vaqt mo‘ljalga oldi. Bir necha marta miltiqni tushirib, qo‘llarini osmonga ko‘tarib, ey xudo, sharmanda qilma, deb pichirlab duolar o‘qidi. Nihoyat tepkini bosganda varanglagan ovoz taraldiyu, shisha o‘rnidan qimirlamadi. Ovchi afsus-nadomatlar bilan chetga o‘tdi. Qarangki, jang-jadallar ko‘rgan, “Shinelli yillar” romanining muallifiga ham omad kulmadi. Shuhrat aka sovuqni aybdor qilib qo‘l siltab uyga kirib ketdi. Navbat kaminaga keldi. Umrimda miltiq tutmagan edim. Ko‘zimni yumib tepkini bosdim. “Tepki” deb bekorga aytilmas ekan, qo‘ndoqdan tepki yeb qorga yiqildim. Lekin omadni qarangki, shisha chilparchin bo‘ldi. Mezbonlar “ura” sadolari bilan meni tabrikladilar. Qarsaklar ostida qadahni bo‘shatdim. O‘sha kuni g‘alaba menda ketdi. Otgan o‘qlarimning barchasi nishonga tegdi. Nechanchi qadah meni qulatdi, eslolmayman. Ertalab boshda og‘riq, lekin ko‘ngilda “g‘oliblik” quvonchi bilan uyg‘ondim. Nonushta vaqtida Shuhrat aka menga aytgan so‘zlar hali hamon esimdan chiqmaydi: – Sodda bo‘lmay qol. O‘n qadamdan sochma o‘q bilan shishani urish emas, urmaslik uchun hunar kerak. Do‘stlarimiz bizni hursand qilish uchun harakat qilishdi. Omad keldi, deb yiqilguncha ichasanmi?

Kechagi g‘urur, ko‘tarinkilikdan asar ham qolmadi. O‘zimning aldanib hammaga kulgi bo‘lganim alam qildi. Ruhiyatimdagi o‘zgarishni sezgan Shuhrat aka biroz yumshadi: – Bular-ku o‘z do‘stlarimiz. Hali seni maqtaydigan, yuzma-yuz quyib beradigan, do‘st bo‘lib dushmanning ishini qiladigan oshnalaring ko‘payadi. O‘shanda xushyor bo‘l. Shuni bilib qo‘yki, shoirni adoyi tamom qiladigan narsa “balli-balli” bilan qarsak bo‘ladi.

Bu achchiq saboq umrim yo‘llarida menga asqotdi.

Ijodkor degan nomga munosib hayot kechirgan, yurish-turishda ham, odamgarchilikda ham hammamizga namuna bo‘lolgan ustozning o‘gitlarini minnatdorchilik bilan eslayman

Erkin VOHIDOV
SHE’RLAR VA TARJIMALAR
07

KAMTARLIK HAQIDA

Garchi shuncha mag’rur tursa ham,
Piyolaga egilar choynak.
Shunday ekan, manmanlik nechun,
Kibru havo nimaga kerak?

Kamtarin bo’l, hatto bir qadam
O’tma g’urur ostonasidan.
Piyolani inson shuning-chun
O’par doim peshonasidan.

1956

PO’LAT

U dastavval oybolta bo’ldi,
So’ng zambarak bo’lib quyildi.
Qilich ham u,
miltiq
va nagan,
U bomba ham bo’lib portlagan.
Lekin olgan jahonni faqat
Pero bo’lib quyilgach po’lat.

1959

YOSHLIK

Yoshlik! Seni kuylamagan kim,
Ertaklaring so’ylamagan kim,
Qariganda o’ylamagan kim,
O’ylab yana kuylamagan kim?
Bitmoq bo’ldim men ham senga bayt,
Yosh yurakning haqqi bormi, ayt?

Yoshlik, asli mening o’zimsan,
Keng olamga boqqan ko’zimsan.
Yozgan she’rim, aytgan so’zimsan,
Kecham, ertam, ushbu ro’zimsan.
Bitmoq bo’ldim sen uchun ash’or,
Ammo o’zni kuylamoq dushvor.

Yoshlik— gulu gulg’uncha ekan,
Bu gul olam turguncha ekan,
Yoshlik — behad tushuncha ekan,
Poyoni yo’q garduncha ekan.
Bitmoq bo’ldim men unga doston,
Uylarimga topmadim poyon.

Yoshlik, dildan shavq ketgani yo’q,
Yurak seni tark etgani yo’q,
Yurak seni tark etgani yo’q,
Demak, qadringga yetgani yo’q.
Yoshlik, seni kuylab bilurman,
Ammo bugun yoshlik qilurman.

Yoshlik — ishqu oshiqlik mayli,
O’zi Majnun, ham o’zi Layli,
Subhi olam uning tufayli.
Mayli, unga bitmasam mayli,
Na bir g’azal, na bir musaddas,
Uning o’zi she’rdan muqaddas.

1961

 

AZGANUSH
Arman qiziga

Ko’rdimu lol bo’ldi aqlim, o’ngmidi bu yoki tush,
Bo’lsa ham o’ng, yo seni ko’rgach, boshimdan uchdi hush.
Sen baland tog’ uzra erding misli ohu yoki qush,
Yolvorib men pastda derdim: bir nafas yonimga tush.
Azganush, hoy, Azganushim, Azganushjon, Azganush.

Sen xayolning bir damilik jilvasimu chinmiding,
YO g’azallarda bitilgan «ul parivash» senmiding.
Orazi gul, sochi sunbul, bir tani siyminmiding,
Balki Shirin Shirin ermas, sen o’zing Shirinmiding?
Azganushim, Azganushjon, Azganush, hoy, Azganush.

O’sma qo’ydingmu qoshingga, bunchalar tim qoradir,
Bilmadim, bu qoshlaringdan qancha dillar poradir,
Rahm qilg’il, bitta o’zbek shunchalar yolvoradir,
Tush o’zing, yo ayt, yoningga qaysi yo’ldan boradir?
Azganushjon, Azganush, hoy, Azganushim, Azganush.

Boq, bu tog’lar ortida bir o’lka bordir ko’p yiroq.
Men qanotli yo’lchiga bu bir nafaslik yo’l biroq,
Yur, parivash, men bilan yur, bormi senda ishtiyoq?
Gul tutarman senga so’lmas ul chamandan bir quchoq.
Azganushim, Azganushjon, Azganush, hoy, Azganush.

1963

«YOSHLIK DEVONI»DAN

TUN BILAN YIG’LABDI BULBUL…

Tun bilan yig’labdi bulbul
G’uncha hajri dog’ida.
Ko’z yoshi shabnam bo’lib
Qolmish uning yaprog’ida.

Ko’z yumar bo’lsam, ko’zim —
Oldida paydo gul yuzim,
G’uncha ko’z ochmog’i bor
Bulbul ko’zin yummog’ida.

Asta barg ostida tinglab
Yotgan ermish sho’x sabo,
G’uncha bulbuldan muhabbat
Darsin olgan chog’ida.

Sevgi sahrosida qolmish
Necha Majnundan g’ubor,
Necha Farhod gardi yotgay
Bisitunning tog’ida.

G’unchadek chehrangga Erkin
Jon fido etgay, sanam.
Qatra qonidan gul unsin
To muhabbat bog’ida.

1967

SAMARQAND

Otashin barq yondi gulrang
Charxning mehrobida,
Charx urar ko’nglim xayolning
Otashin girdobida.

Subhidam oftobi ko’kning
Gumbazida yondi, yo
Yondi bu firuza gumbaz
Subhidam oftobida.

Tong emas bu, tongda bo’lsam
Men xayol obida g’arq,
Tong qilibdir chunki ko’nglim
Bu xayoldek obida.

Ko’hna shahrim, tarixingni
Ko’z yumib qilsam xayol,
G’arq ko’rindi mazlum elning
Ko’z yoshi selobida.

Bu saroylar g’ishti elning
Ashki birlan xokidan,
Rangu bo’yog’i qorilmish
Qayg’uning zardobida.

Chulg’anib sokin xayolga
Jim yotar sog’onalar.
Ne ko’rar Mirzo Ulug’bek
Besh asrlik xobida?

Keng falakni quchdi inson,
Lek ming yil o’tsa ham,
Ilk muallimdir Samarqand
Ilmi aflok bobida.

Bosh egib ustoz Ulug’bek
Qoshida turdim bu tong,
Charx urib ko’nglim xayolning
Otashin girdobida.

1967

SENGA BAXTDAN TAXT TILARMAN

Sen g’anisan, menda bisyor extiyoj.
NODIRABEGIM

Senga baxtdan taxt tilarman,
Toledan boshingga toj,
Mulki husningga omonlik,
Toju taxtingga rivoj.

Toju taxt tashbehidan sen
Ko’hna deb kulsang netay,
Sen axir shohi jahonim,
Men qulingman, ne iloj?

Ne ilojkim, davlatim yo’q,
Ganji mehrimdan bo’lak,
Bul evazdan ko’z to’laydur
Qatra-qatra dur xiroj.

Ko’zlarim aylar hamisha
Arzi muhtojlik senga,
Ayt-chi, jonim, bormi senda
Ko’z yoshimga ehtiyoj?

Ko’p nasihat tinglab Erkin
Qilmadi hech tarki ishq.
Bor masalkim, ish yurishmas
Sohibi gar bo’lsa koj.

1967

XAYOL

Kechalar kipriklarimda
Tarki xob aylar xayol,
O’z hayotimdan o’zimga
Sarhisob aylar xayol.

Qissa aytur moziydin goh,
Ertadan afsona goh,
Goh savol aylar ko’ngilga,
Goh javob aylar xayol.

Ko’kda suzgan oyni ko’zga
Bir kichik fonus etib,
Pirpirab yonguvchi shamni
Mohi tob aylar xayol.

May to’la jom ichra to’fon
Mavjini paydo qilur,
Tong shafaq alvonini
Gulgun sharob aylar xayol.

Ming asrlar kori holin
Qilgay u bir soniya,
Lahzaning mazmunini
Ming bir kitob aylar xayol.

Neki zabt etmish shuur,
Bois xayol o’lsa, ne tong,
Dilga parvoz ayla deb
Mangu xitob aylar xayol.

Bu shitob asrim xayolga
Etdimu tezlikni baxsh,
Bilmadim, asrimni olg’a
YO shitob aylar xayol.

Bor ekan inson qo’lida
Orzu yoqqan charoq,
Bu charoqni, o’yla, bir kun
Oftob aylar xayol.

Men xayolni she’rga soldim,
O’yparast bo’lma va lek,
Besamar bo’lsa seni
Bir kun xarob aylar xayol.

Bo’lgin, Erkin, har nafas
Ezgu xayolga oshino,
Pok esa niyat, seni
Olijanob aylar xayol.

BIR GO’ZALKIM

Bir go’zalkim, husnidan el
Lol emish, hayron emish,
Ishqi birlan dillar obod,
Xonumon vayron emish.

Nuqtadek bir xoli bormish
G’uncha labning ustida,
Ul biri oshkor emishdir,
Ul biri pinhon emish.

Sangi dilning hasratida
Qancha dillar dard chekib,
Ko’zlarining g’urbatida
Qancha ko’z giryon emish.

Barcha shaydolarning ohi
Jam esa mahshar bo’lib,
Xuni dil ko’z yoshlaridan
Bir buyuk to’fon emish.

Qilgay ermish mutribi ishq
O’z maqomini iroq,
Shul sabab ohangi ushshoq,
Giryai afg’on emish.

Ko’yida yotmish ko’ngillar
Misli singan ko’zgudek,
Vohki, har bir parchasida
Ul ruhi tobon emish.

Ul go’zal olmoslik ermish,
Kim parilar zotidan,
G’oyibona oshiq Erkin
Tolibi davron emish.

1968

O’ZBEGIM
Qasida

Tarixingdir ming asrlar
Ichra pinhon, o’zbegim,
Senga tengdosh Pomiru
Oqsoch Tiyonshon, o’zbegim.

So’ylasin Afrosiyobu
So’ylasin O’rxun xati,
Ko’hna tarix shodasida
Bitta marjon, o’zbegim.

Al Beruniy, Al Xorazmiy,
Al Forob avlodidan,
Asli nasli balki O’zluq,
Balki Tarxon, o’zbegim.

O’tdilar sho’rlik boshingdan
O’ynatib shamshirlarin
Necha qoon, necha sulton,
Necha ming xon, o’zbegim.

Tog’laring tegrangda go’yo
Bo’g’ma ajdar bo’ldi-yu,
Ikki daryo — ikki chashming,
Chashmi giryon, o’zbegim.

Qaysari Rum nayzasidan
Bag’rida dog’ uzra dog’,
Chingizu Botu tig’iga
Ko’ksi qalqon, o’zbegim.

Yog’di to’rt yondin asrlar
Boshingga tiyri kamon,
Umri qurbon, mulki toroj,
Yurti vayron, o’zbegim.

Davr zulmiga va lekin
Bir umr bosh egmading,
Sen — Muqanna, sarbador — sen,
Erksevar qon, o’zbegim.

Sen na zardusht, sen na buddiy,
Senga na otash, sanam,
Odamiylik dini birla
Toza imon, o’zbegim.

Ma’rifatning shu’lasiga
Talpinib zulmat aro,
Ko’zlaringdan oqdi tunlar
Kavkabiston, o’zbegim.

Tuzdi-yu Mirzo Ulug’bek
Ko’ragoniy jadvalin,
Sirli osmon toqiga ilk —
Qo’ydi narvon o’zbegim.

Mir Alisher na’rasiga
Aks-sado berdi jahon,
She’riyat mulkida bo’ldi
Shohu sulton o’zbegim.

Ilmu she’rda shohu sulton,
Lek taqdiriga qul,
O’z elida chekdi g’urbat,
Zoru nolon o’zbegim.

Mirza Bobur — sen, fig’oning
Soldi olam uzra o’t,
Shoh Mashrab qoni senda
Urdi tug’yon, o’zbegim.

She’riyatning gulshanida
So’ldi mahzun Nodira,
Siym tanni yuvdi ko’z yosh,
Ko’mdi armon, o’zbegim.

Yig’ladi furqatda Furqat
Ham muqimlikda Muqiym,
Nolishingdan Hindu Afg’on
Qildi afg’on, o’zbegim.

Tarixing bitmakka, xalkim,
Mingta Firdavsiy kerak,
Chunki bir bor chekkan ohing
Mingta doston, o’zbegim.

Ortda koldi ko’hna tarix,
Ortda qoldi dard, sitam,
Ketdi vahming, bitdi zahming,
Topdi darmon, o’zbegim.

Bo’ldi osmoning charog’on
Tole xurshidi bilan,
Bo’ldi asriy tiyra shoming
Shu’laafshon, o’zbegim.

Men Vatanni bog’ deb aytsam,
Sensan unda bitta gul.
Men Vatanni ko’z deb aytsam,
Bitta mujgon o’zbegim.

Faxr etarman, ona xalqim,
Ko’kragimni tog’ qilib,
Ko’kragida tog’ ko’targan
Tanti dehqon o’zbegim.

O’zbegim deb keng jahonga
Ne uchun madh etmayin!
O’zligim bilmoqqa davrim
Berdi imkon, o’zbegim.

Men buyuk yurt o’g’lidurman,
Men bashar farzandiman,
Lekin avval senga bo’lsam
Sodiq o’g’lon, o’zbegim.

Menga Pushkin bir jahonu
Menga Bayron bir jahon,
Lek Navoiydek bobom bor,
Ko’ksim osmon, o’zbegim.

Qayga bormay, boshda do’ppim,
G’oz yurarman gerdayib,
Olam uzra nomi ketgan
O’zbekiston, o’zbegim.

Bu qasidam senga, xalqim,
Oq sutu tuz hurmati,
Erkin o’g’lingman, qabul et,
O’zbegim, jon o’zbegim.

1968

HOFIZ SHEROZIYDAN

* * *

Yorim qo’liga qadah-ki olgay,
Bozori sanam kasodga qolgay.

Har kimki, ko’zini ko’rsa deydi:
«Bu mast, qani muhtasib, tutolgay».

Ashk bahri aro baliq bo’libman,
Qarmog’ini yor chu suvga solgay.

Zor ila ayog’iga yig’ildim,
Ummid etamen, qo’limdan olgay.

Hofiz kabi xurram ul kishikim,
Jomi azalini no’sh etolgay.

* * *

Kecha doston bo’ldi oshiq davrada gisularing,
To yarim tun bahsga bois bo’ldi anbar mo’laring.

Kipriging novaklaridin qonga aylandi ko’ngil,
Vah, yana qo’msar, ajabkim, ul kamon abro’laring.

Avfilillohkim, sabo keltirmasa sendan xabar,
Hech nasib bo’lmasdi ko’rmak bizga ko’cha-ko’laring.

Bexabar erdi jahon avvalda ishq oshubidin,
Qoldi g’avg’oga u ko’rgach g’amzai jodularing.

Men ham avvallar edim dardi junundin bexabar,
Qo’ydi domin yo’llarimga kokili hindularing.

Tugmalarni yechgil-u dil mushkulin ayla kushod,
Kim, yechilmog’imga bois dilkusho kulgularing.

Kel vafo aylab, qadam qo’y Hofizingning xokiga,
Kim bu olamdan olib ketmish meni orzularing.

MIRZO BEDILDAN

* * *

Zahm o’ldi yana, chashmi purob o’ldi bizim dil,
Jom ichra to’la qonli sharob o’ldi bizim dil.

Gulbog’u chaman faslida tosh o’lsa u ko’ngil,
Dasht uzra g’ubor o’lsa-da, ob o’ldi bizim dil.

Vasl anjumani ichra hayo jom bo’libdir,
0b o’lsa agar bodai nob o’ldi bizim dil.

Ne hosil, ayo nola, bul otash nafasingdan,
Qon bo’l, seni deb bo’yla kabob o’ldi bizim dil.

Bir chashma-ku to’foni xayol ichra bu olam,
Bedil, na iloj, emdi sarob o’ldi bizim dil.

* * *

Parishon xotirim deb g’am yaralmish,
Yana chashmim tufayli nam yaralmish.

Qilur mavj gavharu oina javhar,
Ajab, beorzu dil kam yaralmish.

Atarlar g’uncha poymolini gul deb,
Ne hol, shodlik aro motam yaralmish.

Sabo to’zg’itgudek bir kaft tuproq
Qo’shilgach qon ila, odam yaralmish.

Qoshimga kelsa gar farmoni taslim,
Egilgum, qoshim asli xam yaralmish.

Agar xeshlik uchun paydo bu olam,
Mening ko’nglimga ko’nglim ham yaralmish.

Diling dardiga yo’qdir chora, Bedil,
Bo’lib sohibmuhr Hotam yaralmish.

Sergey Yesenin
«ERON TARONALARI» TURKUMIDAN

* * *

Bukun dedim sarrofga atay,
Alisharkan so’mni tumanga:
«O’rgat, go’zal La’limga aytay,
O’rgat, sevdim, demoqni manga».

Ul sarrofga dedim bukun man
Yeldan sokin, jilg’alardan tinch:
«O’rgat menga, go’zal La’limdan
Fors tilida so’rayin o’pich».

Yana dedim sarrofga atay
Hayajonim dilda berkitib,
O’rgat, go’zal La’limga aytay,
O’rgat, aytay «menikisan», deb.

Shunda menga dedi u: Evoh,
Ishq vasfiga topilmas so’zlar.
Sevaman, der dildan chiqqan oh,
Yoqut kabi yonguvchi ko’zlar.

So’rma mendan bo’saning ismin,
Nomi yo’qdir senga aytmoqqa.
U keltirib atirgul isin,
Gulbarg bo’lib qo’nar dudoqqa.

Sevgi dilga bermas kafolat,
Sevgi baxtga, yo dardga yo’llar.
Menikisan deyolur faqat
Yuzdan niqob ko’targan qo’llar.

* * *

Shahinam, o, mening Shahinam,
Bilsang, shimol Vatandir menga.
Dalalardan so’ylaymi senga,
Oy nur sepgan boshoqlardan ham,
Shahinam, o, mening Shahinam.

Bilsang, shimol Vatandir menga,
Unda oy ham yuz bora ulkan.
Sheroz qancha bo’lmasin ko’rkam,
Aziz o’lka Ryazandir menga,
Bilsang, shimol Vatandir menga.

Dalalardan so’ylaymi senga?
Sochim olmish bug’doyidan rang,
Barmog’ingga o’ra xohlasang,
Zarra og’riq sezilmas menga,
Dalalardan so’ylaymi senga?

Oy nur sepgan boshoqlardan ham
Oltin sochim so’ylasin, dildor.
Kul, o’yna-yu, dalamdan zinhor
Gapirmagin menga, jonginam,
Oy nur sepgan boshoqlardan ham.

Shahinam, o, mening Shahinam,
Shimol yoqda bir nozanin bor,
Senga o’xshar, g’oyatda dildor,
Balki meni o’ylar ul sanam…
Shahinam, o, mening Shahinam.

* * *

Deding: Sa’diy doimo yorning
Siynasidan olarkan bo’sa.
Xudo haqqi, shoshma, dildorim,
Qochmas axir o’rganish bo’lsa.

Qur’onda bor, deding, azaldan
«Alqasosul minalhak», tamom.
Men tug’ilgan bo’lsam Ryazanda,
Qaydan tanish bo’lsin bu kalom.

Sen kuylading: «Firot ortida
Gullar borki, qizlardan go’zal!»
Boy bo’lsaydim ko’shiq bobida,
To’qir edim boshqa bir g’azal.

Gar qizlardan bo’lsa ziyoda,
Men gullarni qirqardim butkul,
To ko’rmayin yorug’ dunyoda
Shahinamdan suluvroq bir gul.

O’git bilan qiynama endi,
O’gitlaring menga ne darkor?!
Shoir bo’lib dunyoga keldim,
Shoir kabi o’paman, dildor.

* * *

Za’far yurtga nur to’kar oqshom,
Bog’da gullar javlon urgan payt.
Kel, jonginam, qo’shiq ayt, Xayyom —
Kuylab o’tgan qo’shiqlardan ayt,
Bog’da gullar javlon urgan payt.

Oy nuriga g’arq bo’lgan Sheroz,
Parvonadek uchar yulduzlar.
Menga yoqmas, o’tinaman, rost,
Niqob tutsa dilrabo yuzlar,
Oy nuriga ko’milgan Sheroz.

Qizlar yuzin saqlar niqobda,
Issiqdanmi bo’lib asramoq,
YO kuymasin derlar oftobda.
Sevsin uchun yigitlar ko’proq —
Qizlar yuzin saqlar niqobda.

Niqob bilan do’st bo’lma, gulro’,
Yoz so’zimni yoding lavhiga,
Umr o’zi g’oyat qisqa-ku,
To’ymoq qiyin tole shavqiga,
Yoz so’zimni yoding lavhiga.

Qismatlarda ne qarolik bor,
Qolmas bir zum baxsh etsang rohat.
Gunoh bo’lur shu sabab, dildor,
Bu dunyoda yashirsang tal’at,
Bergach uni ona tabiat.

Bog’da gullar tebranar oqshom,
Yuragimda o’zga bir diyor.
O’zim senga qo’shiq aytay, yor!
Bu qo’shiqni bilmagan Xayyom.
Bog’da gullar tebranar oqshom…

045

(Tashriflar: umumiy 24 182, bugungi 4)

3 izoh

  1. Ассалому алайкум, аслида, саволим бор, коммент эмас. Куйидаги мисраларда «қоон» сузи ишлатилган, аммо мактабда укиган давримизда бу сузни «хокон» шаклида едлаган эдик, адашмасам… Эхтимол, бу нашриетдаги хато туфайли содир булгандир, еки узи тугри булса, бу сузнинг маъноси нима? Илтимос, агар хабарингиз булса, шуни аниклаштиришга ердам берсангиз. Олдиндан рахмат!
    Ўтдилар шўрлик бошингдан
    Ўйнатиб шамширларин
    Неча қоон, неча султон,
    Неча минг хон, ўзбегим.

  2. Бу икки атама»Улуғ ҳукмдор» деган маънони англатади. Илк шакли: Khagan (hakan). Дастлаб (3 асрдан бошлаб қадимги турклар ўз ҳукмдорларини «ҳоқон» деб номлашган. Бундан яъни Турк ҳоқонлиги ёки Турк қағанати (давлати) номлари пайдо бўлган, кейинчалик (13 асрдан бошлаб чингизийлар томонидан) «қоон» деб ишлатишган. «Хон» атамаси ҳам шундан келиб чиққан. (Русларда «каган).
    Хуллас, ҳар иккаласи ҳам тўғри

Izoh qoldiring