Bahodir Abdurazzoq. Qiron

067    Тонг саҳардан забтига олган изғирин қош қорая бошлаганда бироз пасайиб, пешиндан бери учқунлаётган қор ростакамига гупиллай бошлади. Абдураҳмон чорва сурувни ўтовига яқин пастқамликдаги қалин саксовулзорга эндирди. У ер сал бўлса-да шамолдан пана, совуқни қайтариб туради….

Баҳодир Абдураззоқ
ҚИРОН
045

   Баҳодир Абдураззоқ 1974 йили Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Қорабоғ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1999). «У» (2012), «Римдаги қотиллик» (2009) қиссалари, «Умр тенгламаси» (2003), «Армонмисан муҳаббат» (1993) каби китоблари нашр этилган. Айни пайтда «Эл» газетаси масъул котиби лавозимида меҳнат қилмоқда.

045

Тонг саҳардан забтига олган изғирин қош қорая бошлаганда бироз пасайиб, пешиндан бери учқунлаётган қор ростакамига гупиллай бошлади. Абдураҳмон чорва сурувни ўтовига яқин пастқамликдаги қалин саксовулзорга эндирди. У ер сал бўлса-да шамолдан пана, совуқни қайтариб туради.
Чорва ҳангисининг тўқимини ечди ва жул ўрнида ишлатадиган эски пахталигини ёпиб, айил билан тортиб боғлагач, уни сурув ичига ҳайдаб юборди. Сурув атрофида ҳушёр айланиб юрган Қиронга бир муддат тикилиб тургач, кўнгли хотиржам тортиб, тўқимни кўтарганча, оғир қадамлар билан ўтовга қараб юрди. Ўтовнинг ўртасида, гулхан ёқиш учун мўлжалланган чуқурчадаги чўғлар аллақачон кулга айланиб қолган экан. Чорва косов билан уни титкилаб, кичикроқ чўғни топиб олди. Устига қоғоз ва қуриган янтоқни босиб, пуфлай бошлади. Озгина уринишдан сўнг янтоқ гуриллаб ёниб кетди. Чорва гулханга саксовул кундаларини ташлади. Ўтов бироз исиб, чорванинг музлаган қўлларига ёқимли илиқлик югурди. Шундан кейин, қора қумғонга сувни яримлатиб, гулханга қўйди. Қанийди, шу пайт тўқсон беш бўлса. Изғиринда, гулхан ёнида ўтириб, аччиқ чойни қуйиб, майдалаб ўтирса. Бироздан сўнг сув қайнай бошлади. Дастурхонни титкилаб, ярим пиёлача нон ушоқларини топди. Қайноқ сувда ивитилг
ан ушоқлар унга шоҳона таомдек туюлиб, узоқ тамшаниб еди. Ичига иссиқ кириб, қулдираётган ошқозони ҳам бироз ором олгач, уйқу элита бошлади. Ғафлат босиб ухлаб қолмаслик учун, ташқарига чиқди. Саксовулзордаги сурувидан хабар олди.
Қор ҳамон гупиллаб ёғар, Бўриётоғи саҳроси буткул оқликка чулғаниб борарди. Сурув тарвақайлаб ўсган улкан саксовуллар орасида хотиржам кавш кайтариб ётарди. Чорванинг ўтовдан чиққанини кўрган Қирон, ёшлигида кесилган чўлтоқ думини ўйнатганча унга пешвоз юрди.
— Ҳа, Олавой, осойишталикми? — Чорва унинг калта қулоқларини, пешонасини совуқдан қорайган, ёрилавериб қадоқ бўлиб кетган гўштсиз бармоқлари билан силаган бўлди.
Чорва Қирон билан сурувнинг атрофини айланиб, синиб тушган саксовул шохларини бир қучоқ қилиб кўтарганча ўтовга қайтди. Бироздан кейин Қирон ҳам ортидан кирганида, пасайиб қолган гулхан яна гуриллай бошлаган эди. Сал исиниб олган Қироннинг ҳам катта-катта жигарранг кўзлари юмила бошлади.
— Бўлди, энди сен чиқақол, Олавой. Сурувдан кўз-қулоқ бўл.
Қирон қари хўжасининг гапига тушунгандек, ўтовдан чиқиб сурув ёнига йўртди. Чорва унинг ортидан қониқиш билан қараб мийиғидан кулиб қўйди.
… Бунга ўн йилдан ошиб қолди. Ўшанда қишлоқдан отарга қайтаётган эди. Кичик ариқда чўмилаётган болалар уни кўриб жимиб қолишди. Шунда ангиллаган миттигина кучукчанинг овози эшитилди. Чорванинг эшаги тўхтаганини кўриб шумтакалар ура қочиб қолишди. Кучукча эса ҳамон зорланиб ангиллар, митти, жиққа ҳўл вужуди қалт-қалт титрарди. Чорва ёшлигида улоқчи чавандоз бўлмаганми, шартта эгилдию кучукни даст кўтариб олди. Ола кучукчанинг кўзлари эндигина очилган, бешафқат болаларнинг қўлида ҳолдан тойганди. Чорва уни чопонининг барига ўраб отарга олиб келди. Шундан бери икковлон аҳил дўст. Қирон кун-кундан улғайиб, айиққа келбат берадиган, улкан бўрибосарга айланди. Анчагина иноқлашиб, бир-бирини битта имо билан тушунадиган бўлиб қолдилар.
…Қирон сурув ётган саксовулзорни айланиб, йирик-йирик бута таналарига пешоб қилиб чиқди. Бу билан, энди бу жойлар унга тегишли эканлигини расмийлаштириб, бу ерга яқинлашган жондорга огоҳлантириш қўйиб кетарди. Яқин беш-олти йилдан бери Абдураҳмон чорванинг сурувига бўри оралаганини ҳеч ким эслай олмайди. Қироннинг довруғи бутун саҳрога ёйилиб улгурганидан, қашқирлар унинг ҳиди анқиган жойнинг бир чақирим нарисидан айланиб ўтишарди. Чорва ҳам ҳеч қайси чўпон тунашга юраги дов бермайдиган Бўриётоғи саксовулзоридан жой танлагани ҳам, бир томондан Қиронга бўлган чексиз ишончидан эди.
Икки кун олдин, ҳали чилланинг қорасовуқлари келиб улгурмасидан Абдураҳмон чорва ўзига чўлиқлик қилаётган ўғли Абдураҳимни қишлоққа жўнатди. Озиқ-овқатнинг таги кўриниб қолган, ва энг асосийси нос ва чой тугаб бўлганди. Узоғи билан эртаси куни келиши керак бўлган Абдураҳим, учинчи кундирки қорасини кўрсатгани йўқ.
“Ҳа, бола-я, бола! Саҳрода оч-наҳор қолган отасидан кўра хотинининг иссиқ қучоғини афзал билган бола!”—Абдураҳмон чорва шуларни ўйлаб, бир ғазабланиб, бир кўнгли чўкиб, пасая бошлаган гулханга ўтин ташлаш ҳам эсига келмай, устига қирқ йиллик поча пўстинини тортганча уйқуга кетди.
Тонгга яқин қор тўхтаб, ҳақиқий қорасовуқ бошланди. Қорда дикирлаб сакраб юрган Қироннинг бутун вужудига игна санчилгандек бўлди. Озроқ исиниб олиш умидида саксовулзорни айланиб югура бошлади. Барибир бўлмади. Энг сўнгги чора, яъни ўтовга ўзини уриб, гулхан ёнида бироз исиниб олмаса изғирин аччиғига чидай олмасди. Қирон секингина, думини қисиб, ўтовга кирди. Гулхан аллақачон ўчган, хўжаси эса, почапўстинга ўралганча қимир этмай ётарди. Қирон почапўстинни тишлаб тортди. Хўжаси кўзлари юмуқ, юзи эса муздек эди. Қирон унинг юзларини ялай бошлади.. Шунда хўжаси билинар-билинмас нафас олаётгани сезилди. Хўжасининг кўзлари бироз очилгандек бўлди.
— Қирон… Совуқ… Гулханни ёқиш керак.
Қирон эшикка ўрнатилган кигиз ёнида синдириб тахлаб қўйилган саксовул шохларини бирин-кетин тишлари орасида ташиб, сўна бошлаган чўғ устига ташлайверди. Абдураҳмон чорва инқиллаб ўрнида туриб чўғни пуфлай бошлади. Акашак бўлиб қолган қўллари унинг эркин ҳаракат қилишига монелик қилар, Қироннинг келтирган ўтинлари йирик ва аралаш-қуралаш қўйилгани учун аланга олмасди. Абдураҳмон чорва қўйнидан газета парчасини олиб, зўрға ўтиннинг орасига тиқди. Пуфлашга эса мадори қолмаганди. Ташқарида ҳуштак чалаётган изғирин эшик ўрнидаги кигизни худди кеманинг елканидек шишириб лопиллатарди. Қирон чопиб бориб, кигизнинг бир учини тишлаганича эшикни қия очди. Совуқ шамол шаҳд билан ўтовга ўзини урди. Чўғ бирдан алангаланиб, гуриллаб кетди. Атроф ёришиб, ўтовга илиқлик югурди.
Абдураҳмон чорва инқиллаганча ўрнидан туриб, палапартиш ташланган шохларни косов билан тартибга келтирди. Гулхан бир маромда гуриллаб ёна бошлади. Анчагина қизиниб,ўзига келиб олган Қирон ҳам ташқарига чиқди. Унинг ҳам хўжаси цингари қорни оч эди. Саксовулзорнинг адоғидаги кичикроқ бархан устига чопиб чиқиб, шарққа, қуёш бош кўтараётган томонга узоқ термулиб колди. Кичик хўжа шу томондан келади. Йўқ. У ҳамон кўриниш беравермасди. Қирон унинг келишидан умидини узиб, бошини осилтирганча яна ортга қайтди. Кечаси белги қўйиб чиққан чегаранинг бузилган-бузилмаганини текшириб саксовулзорни айланди. Ҳаммаси жойида. Сурув тонг отиши билан ялангликка ёйилиб кетди. Қор остида, намиқиб, хушхўрлашган янтоқ ва шувоқ қолдиқларини териб ея бошлашди. Қирон бир муддат сурувнинг атрофида айланиб юриб шубҳали нарса кўрмагач, яна ўтовга қайтди.
Абдураҳмон чорва гулханга қараб ўтирганча оёғини тинимсиз уқаларди. Қирон унинг олдида чўкка тушиб, тилини осилтирганча мўлтираб қаради. Чорва жонсиз қўллари билан итнинг улкан бошини силади.
— Шунақа гаплар, Олавой, оёқни олдирганга ўхшаймиз.
Қирон гуё тушунгандек, унинг яланғоч оёғини ялашга яладию, бирдан тилини тортиб олди. Хўжасининг муздек оёқларидан ўлик ҳиди келарди. У бошини кўтариб аянчли ғингшиб қўйди.
— Ҳа, сен ҳам сездингми, Олавой. Оёқдан жудо бўлдик. Энди ҳолимиз нима кечади-а, Олавойгинам? —Абдураҳмон чорванинг қоқсуяк бармоқлари титраб, киприклари намланди.
…Қирон ялангликда ёйилиб юрган сурув атрофини айланиб чиқди. Кейин бархан устига чиқиб яна кунчиқар томонга умид билан узоқ тикилиб қолди. Кичик хўжадан дарак йўқ эди. Ичикиб ғингшиди. Бурилиб пастга туша бошлаганида сўнгги умид билан яна ортига қаради. Саҳро оппоқ, қимирлаган қора кўринмасди. Шунда кунботар томондаги улкан бурғулаш минорасига кўзи тушди. Ўтган баҳордаги воқеалар кўз олдида гавдаланди.
Ўшанда йил яхши келиб, саҳрони яшил гиламдек барра ўт қоплаганди. Сурув икки баробар кўпайиб кетган. Диркиллаган қўзичоқларининг маъраши атрофни тутарди. У қишда туғилган, анчагина йирик қўзи билан ўйнашиб, сурув оралаб юрган эди. Шунда бир қора машинада тўрт-беш киши ўтовга қараб кела бошлади. У қўзичоқни унутиб машинаниннг йўлини кесиб, вовуллаганча бостириб бора бошлади. Машина уни чаққонгина айланиб ўтиб, тўғри ўтов ёнида оёқ илди. Қироннинг ғазаб билан ташланишга тайёр турганини кўрган машинадагилар, эшикни очишга юраклари бетламасдан, қаттиқ-қаттиқ сигнал чалганча туравердилар. Бир пайт хўжаси етиб келди.
— Олавой, бўлди, бас қил. Бор, ишингни қилавер!-деганидан сўнг машинадагиларга ёвқараш қилиб, сал нарироққа бориб, уларнинг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмай кузатиб ётаверди.
Улар машинадан тушиб хўжаси билан суҳбат¬лашишди. Кейин, ўтлоқ устига намат тўшаб ёнбошлаб олишди. Машинадан турли халталарни олиб, дастурхонни тўлдиришди. Қироннинг димоғига ўткир, иштаҳасини қитиқлаб, сўлагини оқизиб юборган ҳидлар кела бошлади. У шунда ҳам ўз обрўсини сақлаб, уларнинг ёнига яқинлашмади. Кичик хўжаси бир қўзини ушлаб, ўтов орқасига олиб ўтиб сўйди. Тез орада қозонда қовурилаётган гўштнинг ёқимли ҳиди атрофни тутиб кетди. Бошида ваҳима билан кутиб олган бўлса-да, бу келгувчиларга эл бўлгиси келди. Бир пайт хўжаси уни ёнига чорлаб қолди. Секин ўрнидан туриб, виқор билан бир-бир қадам босганча унга яқинлашди. Қироннинг келбатини кўриб қорачадан келган мўйловли киши қийқириб юборди.
— Ў, Абдураҳмон ака, бунингиз айиқполвоннинг ўзи-ку! Ҳар қандай итни бир мартадан ўтказмаса керак. Сотмайсизми? Қанча сўрасангиз берардим!
— Бу гапингизни қайтиб тилингизга олманг, укам! Одам ўз дўстини ҳам сотадими?! Ана, сурувдан хоҳлаган қўчқорингизни сўранг, бериб юбормаган номард. Лекин Қиронни сўраманг!
— Бўлди, бўлди, Абдураҳмон ака. Сўзимни қайтиб олдим.
Мўйловдор секин Қироннинг бўйнидан силади. Чақалоқнинг муштумидек келадиган, хушбўй ҳидли емишни олиб унга тутди. Қироннинг егиси келаётган бўлсада, унга юзини бурмади. Хўжасига қаради.
— Ол, олавер, Олавой.
Қирон кишининг қўлидан сирли, хушбўй ҳид таратаётган емишни олиб, нарироққа чўкди-да, иштаҳа билан тушира бошлади.
Кейин улар машинага миниб, саҳродаги улкан минорага қараб кетишганди.
Уларнинг ёнига бориш керак. Фақат ўша одамларгина хўжасига ёрдам бера олиши мумкин.
Қирон хотиржам ўтлаб юрган сурувдан кўнгли тўқ, ўтовга қайтиб кирди. Хўжаси энди хириллаб нафас олганча почапўстинга ўралиб ётарди. Қирон ўтовдан ўқдек отилиб чиқиб, улкан минора турган тепалик томонга чопиб кетди.
Оппоқ қорга бурканган тепаликка чиқиб борганида миноранинг шовқинидан қулоғи том битиб, титраётган ерга оёғини зўрға босарди. Бу ваҳимали минорага яқин боришга юраги дов бермас, аммо ортга қайтишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Шунда у чўкка тушиб олганча баланд овозда вовуллай бошлади.
… Пармалаш минораси атрофида юрган уч-тўрт киши бор кучи билан ишлаб, улкан долотани айлантирганча ерни ўйиб бораётган дизеллар шовқинида итнинг товушини эшитмадилар. Шу пайт берироқдаги вагончадан бир йигит чиқиб, бўрибосарга ҳайрон бўлиб қараб қолди. Кейин унинг салобати ва ваҳшатидан қўрқиб, икки қадам ортга тисарилди.Чўчинқираганча яна итга тикилди. Қиронни таниди шекилли, бир нималар деб бақирганча минора ёнидаги одамлар томонга юрди.
— Жумамурод ака! Ҳов, Жумамурод ака! — Йигит шовқинни босиб баланд овозда чақирди.
Минора атрофида ғоз юриб, бурғучиларга кўрсатма бераётган смена бошлиғи Жумамурод унга ўгирилди.
— Нима дейсан?
— Э, ака, бу ёққа қаранг. Абдураҳмон чўпон¬нинг сизга сотмаган ити ўз оёғи билан келиб турибди!
… Қирон мўйловдор кишини дарров таниди. Шовқин ва ернинг титрашидан пайдо бўлган қўрқув ҳам унутилиб, ўзига хуштаъм емиш тутган кишининг ёнига чўлтоқ думларини ликиллатганча йўртиб борди. Мўйловдор қўрқа-писа унинг бўйнини силади. Қирон Бўриётоғи саксовулзори томонга ўгирилиб вовуллаб қўйди. Мўйловдор эса ёнидаги йигит чиқариб берган бир паррак колбасани Қироннинг оғзига тутди. Ундан тилидан ҳамон таъми кетмаётган баҳордаги емишнинг хушбўй ҳиди келарди. Қирон оч эмасми, емишни апил-тапил чайнаб ютиб юборди. Кейин мўйловдорнинг баридан тишлаганча Бўриётоғи томонга тортқилар, аянчли ғингшиб қўярди. Мўйловдор эса унинг гапини уқмасдан, ёнидаги йигитга бир нарсаларни шивирлаб ичкарига киритиб юборди…
Жумамурод ёшлигидан ит уриштиришга қизиқар, қиш кунларида шаҳар четидаги ташландиқ боғда бўладиган итлар жангини битта қолдирмай томоша қиларди. Келгуси ҳафтада катта жанг бўлади. Бухородан «Тайсон» деган чемпион ит келармиш. Эҳ-ҳе, унга тикиладиган пулни кўрсанг эди! Икки-уч йилдан бери «Тайсон»нинг олдига тушадигани йўқ. Уни фақат шу Қирон ютиши мумкин! Ўз оёғи билан келган хазинани қўлдан чиқариб бўладими!
Йигит бурғучилар минора тепасидаги, палати деб аталадиган кичик кабинага чиқаётганларида хавфсизлик учун бир учини минорага, бир учини белларига боғлаб оладиган пўлат занжирли чарм камарни олиб чиқди. Жумамурод итнинг бошини силаб турганча камарни чаққонлик билан бўйнига солиб маҳкамлади.
Қирон бирдан ҳушёр тортди. Бундай хиёнатни кутмаган итнинг ғазаби тошиб, мўйловдорни бир зарб билан ағанатди ва ортга қайтди. Мўйловдор ва ёнидаги йигит икковлашиб унинг йўлини тўсганча ҳай-ҳайлашар, аммо ғазабланган бўрибосарга якинлашишга журъат топишолмасди.
Қирон оғир занжирни судраб яна Бўриётоғига қайтиб келди. Бироз олислаб кетиб қолган сурувни ортга қайтариб келгач ўтовга кирди. Хўжаси ҳамон оғир-оғир нафас олар, чўғдек қизиб кетганди.
Қирон бархан устига чиқиб, кунчиқарга термулди. Бу сафар саҳрони кесиб ўтган йўлдан қандайдир, ҳаракатланаётган нарса кўринди. Бўйнидаги лаънати занжирни базўр судраб чопа бошлади. У йўлнинг ўртасида туриб, машинани сабр билан кута бошлади.
… Қор босган йўлда имиллаганча «Виллис» машинаси ўрмалаб келарди. Бу бурғучиларнинг машинаси бўлиб, ёшгина йигит бошқарар, ёнида тинимсиз сигарета тутатаётган геолог ўтирарди. Йўлнинг ўртасида турган баҳайбат итни кўриб, ҳар иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб қолишди. Улар яқинлашганларида ит бир-икки вовуллаб, машина олдида занжирни судраганча худди йўл бошлаётгандек бораверди.Чамаси, Қироннинг омади чопиб қолди-ёв, улар итнинг имосини илғашди.
— Бунда бир гап бор, Равшан, секин унинг ортидан боравер-чи! — деди геолог ҳайдовчига.
Ит кунботарга бурилди. Машина ҳам эҳтиётлик билан унинг ортидан эргашди. Ит уларни тўғри чўпонлар ўтовига бошлаб борганида, машинадагилар бирон ҳодиса содир бўлганига тўлиқ ишонишди. Машина тўхтаганида ит ғингшиганча ўтовга кириб-чиқар, чопқиллаб уларнинг ёнига келиб, яна ўзини ўтовга урарди. Геолог ўтовга киргач, чўзилиб ётган Абдураҳмон чўпонни кўриб эсхонаси чиқиб кетаёзди. Пўстинни тортиб, унинг юзига қўлини босди. Чўпоннинг иссиғи баланд, алаҳлаб ётарди. Улар шоша-пиша уни кўтариб машинага олиб чиқишди. Қирон ҳам ўзини машинага урмоқчи эди, аммо бироз ўзига келган Абдураҳмон чорва инқиллаганча «Сен сурувга қара, Олавой,» деганидан кейингина шаҳдидан қайтиб, то машина катта йўлга чиққунича занжирни шиқирлатиб судраганча унга эргашди.
…Қош қорайиб, яна саҳронинг кечки изғирини бошланаётганди. Яланглик бўйлаб тарқалиб кетган сурувни минг битта азоб билан йиғиб, саксовулзорга ҳайдади. Бўриётоғига ғуж бўлган сурувни айланиб, яна ўз чегарасини янгидан белгилагач, бархан устига чиқиб, то кун ботиб, мудҳиш қоронғулик саҳрони буткул чулғаб олмагунча, хўжасини олиб кетган машина кетидан термулиб тураверди. Совуқ жонидан ўтганидан кейингина, ўрнидан қўзғалиб сурув томон юрди. Очлик ва совуқдан тинка-мадори қуриб борар, ҳатто бўйнига осилган занжирни ҳам судрашга ҳоли қолмаганди. Бўйнидаги чарм камардан халос бўлишга уринишлари беҳуда кетди. Тун ярмидан оққанда ҳолсизликдан кўзи юмилаёзган экан, қари серканинг қўнғироғи асабий жаранглашидан ҳушёр тортди. Қўй-қўзилар безовталаниб, пайдар-пай маърай бошладилар.
Қирон аллақандай ички сезгиси билан сурувга қашқир оралаётганини сезиб, ўша томонга отилди. Эвоҳ, арслон кучдан қолганини сезса чиябўрилар ҳам ғимирлаб қолар экан-да! Унинг силласи қуриганини қаердан билди экан бу жондорлар! Қирон ғазабдан вужудига куч инаётганини ҳис қилди. У худди, бир неча йил олдинги ёш ва кучга тўлган паллалардагидек сезди ўзини. Дуч келган қўйни бўғизлаб бораётган улкан арлони бўрининг олдини тўсиб чиқди. Бир неча сония кўзлари тўқнашганидан кейин бўри унга ташланди. Қирон бундай жангларнинг ҳадисини олиб улғайганидан, тезда чап бериб, унинг кекирдагидан олганча босиб тушди. Бўри ёш ва бақувват, Қирон эса кучдан қола бошлаган, бунинг устига бир неча кундан бери оч эди. Лекин Қирондаги чексиз ғазаб ва тажриба ўз сўзини айтди. Бўри минг уринса-да унинг омбурдек қисилган жағлари орасидан чиқиб кетишнинг йўлини топа олмади. Қашқир аста-секин ҳолсизланиб, ҳаракатлари сусая бошлаганида урғочиси жон-жаҳди билан ёрдамга ташланди. Унин
г зарбидан Қирон ағанаб, остидаги бўри уни босиб тушган бўлса-да, аммо бўрининг бўғзини ҳамон қўйиб юбормасди. Бу жонжабрлик уни асраб қолди. Устидаги жондор қалқон вазифасини ўтаб турар, урғочи қашқир унинг кекирдагидан олишига имкон тополмасди. Шу пайт бўрининг жони узилди. Уни қўйиб юборганида йирик, ёлдор боши шилқиллаб тушди.
… Абдураҳим уйга қайтганидаёқ, ҳеч бўлмаганда икки кун уйда қолишни режалаштирганди. Отаси очидан ўлмайди. Ана, хоҳлаган қўйни сўйиб еяверсин. Шу лаънати қўйларни деб, изғирин саҳрода юраверадими? Уйланганига олти ой бўлди. Шундан бери икки, нари борса уч марта келгандир, холос. Чорвага қолса, йилда бир марта ҳам уйга жўнатай демайди. У кечга яқин эшагини қичаб ҳайдаганча уйга кириб келди. Анчадан бери қирилмаган сийрак соқоли, телпаги булдуруқлаган,ҳар нафас олганида оғзидан булутдек бўлиб ҳовур чиқарди. Ҳали келинчаклик уйнинг файзи аримаган хонасига кирганида Гулсумнинг майин жилмайиб салом беришидан, эҳтироси жўш уриб кетди. Хотинини чанқоқлик билан бағрига босмоқчи эди, у нозланиб кўксидан итарди. «Олдин бу ислиқиларингизни ечиб, ювиниб олинг».
Абдураҳим илиқ сувда узоқ ювинди. Охирида соқолини ҳам қиртишлаб, арчилган тухумдек силлиққина бўлиб чиқиб келди. Тунни маромида ўтказган йигит эрталаб ҳам, индинги куни ҳам йўлга чиққиси келмасди. Учинчи куни истар-истамас, керакли нарсаларни хуржунга солиб отланди. Шу куни тунда дарёда муз кўчиб, омонатгина кўприкни ювиб кетганини кўриб, қолишга баҳона топгандек бўлди. Учиб-қўниб ортга қайтди. Онасига шуни чала-чулпа айтиб, уйга ўзини ураётганида Рисолат кампир уни тўхтатиб қолди.
— Шошма, болам. Кўприк бузилган бўлса уйга кириб ўтираверасанми? Отангнинг ҳоли нима кечади. Қандай қилиб бўлмасин, борасан!
— Нима, дарёдан учиб ўтайми, ё шу изғиринда кечиб ўтайми?
Онаси индамади. Кескин ортига ўгирилиб кета бошлади. Абдураҳмон чорванинг бутун умри чўлда ўтиб, болаларни Рисолат кампир тарбиялаб ўстирганиданми, Абдураҳим қаттиққўл, айтганини қилдирмай қўймайдиган онасидан ҳайиқарди. Иложсиз ортга қайтди. Энг яқин кўприк йигирма чақиримлар нарида, бурғучилар посёлкасига борадиган асфалт йўлда эди. Агар шу йўл билан кетса ярим кечаси ҳам етиб боролмайди. Йўлда музлаб қолиши ҳеч гапмас. Ундан кўра эшакни қўйиб, йўловчи машина пойлагани яхши. Абдураҳим хуржунни елкасига ташлаганча, бетон кўприкка етиб келганида совуқнинг забтидан тўнғиб қолай деди. Абдураҳим йўл четига чиқариб ташланган эски машина ғилдирагини ёқиб исинишга қарор қилди. Бироз атрофни излаб, кўприк остидан қуруқ хашак ва ўтин-чўпларни топиб чиқди. Шуларни ғилдирак остига қўйиб, бир амаллаб оловни ёқиб олди. Ғилдирак гуриллаб ёниб, атрофни қуюқ қора тутунга чулғай бошлаганидан сўнггина унинг танасидаги қалтироғи бироз босилди. Вужудига иссиқ ўр
лаб, йўлга тузукроқ разм солди. Ўркач-ўркач, оппоқ қорга бурканган барханлар оралаб, чўл томондан имиллаб келаётган қора «Виллис» кўринди. Машина секин-секин юриб келиб гулхан тўғрисига келиб тўхтади.
— Ҳой, йигит, буёққа қарасанг-чи! — машинадан тушган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги киши уни чақирарди.
Абдураҳим шошилиб унинг ёнига борди.
— Қара-чи, манави чўпонни танийсанми? Ўтовида оғир алаҳлаб ётганида топиб олдик.Касалхонага олиб боряпмиз.
Абдураҳимнинг юраги жимиллаб кетди. Орқа ўриндиқда чўзилганча, ҳушсиз ётган одам отаси Абдураҳмон чорва эди.
Чорва уч кун ажал билан олишди.Ўзини айбдор ҳис қилиб, бошини қайси деворга уришни билмай турган Абдураҳим ҳам, Рисолат кампир ҳам уч кун унинг ёнидан жилмадилар. Ниҳоят, тўртинчи кун тонг саҳарда чорва кўзини очди. Унинг илк айтган сўзи «Қирон» бўлди.
— Қирон… Қирон сурув билан ёлғиз қолганди. Сен ундан хабар ол. Мен тузукман.
«Ўзи ўламан деб турибди-ю, яна шу итни ўйлаганига бало борми!»
Абдураҳим ноилож саҳрога қайтишга мажбур бўлди.
… Қирон кейинги куни буткул ҳолдан тойди. Лаънати мўйловдор бўйнига осган занжирни судраб барханга чиқишнинг иложини тополмади. Шунда саксовулзор томондан егулик ҳиди анқиётганини илк марта сезди. Секин судралиб Бўриётоғи саксовулзорига кириб кетди. Бу иштаҳани қитиқловчи егулик ҳиди куни кеча қашқир бўғизлаган қўйнинг жасадидан келарди. У ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай музлаб қолган қўйнинг танасига тишини ботирди. Очликнинг зўридан бир зумда қўйнинг устихонларигача ғажиб ташлади. Бир неча кун давом этган очликдан кейинги бу зиёфатдан сўнг мудрай бошлади. Кечки изғирингача ҳали вақт бор. У саксовулнинг панасида, ўзи қазиган ўрасимон инга кираб кўзларини юмди.
У шунча кун очликка мардона чидаган бўлса-да, энди ўзини тутолмай, нафснинг қулига айланиб бораётганди. Қари саксовулнинг хунук буралган шохлари панасида бўғизланган иккинчи қўйнинг ўлиги ётарди. Қирон эрмакка чайнагандек, унинг этини бурдалаб юта бошлади. Бу қўй унга бир кунлик емиш бўлди. Кейинги тунни зўрға ўтказди. Кун ёришиб, қўйлар ялангликка ўтлагани чиқишаётган пайтда очлик ҳисси чидаб бўлмас даражага чиқиб кўзига қон қуйила бошлади. Томирларида оқаётган аждодлари қони кўпириб, кўзини хиралаштириб қўйди. Жазавага туширадиган иссиқ қон ҳидининг хумори тутиб боши айланиб кетди. У энди олдинги Қирон эмас! Кўзлари қонга тўлиб, сурув томонга чопди. Биринчи дуч келган қўйнинг бўғзини юлиб ташлаб, оқаётган иссиқ қонини чапиллатиб ялай бошлади…
… Абдураҳим геологларнинг вахта машинасида, пешин пайти отарга етиб келди. Қўйлар саксовулзорда тўпланиб, олазарак кўзлари билан атрофга боқишар, безовта маърашар эди. Абдураҳим сурувга жондор оралаган гумон қилиб, таёғини қўлида маҳкам ушлаганча атрофни айланиб кўздан кечириб чиқди. Саксовулзор бўғизланган қўйларнинг жасадига тўлиб кетганди. Баъзилари устихонигача ғажилган бўлса, баъзилари эса шунчаки эрмак учун ўлдирилганлиги билиниб турарди. Абдураҳим ўн чоғли жасадни санаганидан кейин бирдан Қирон эсига тушиб кетди. Отасининг севимли ити нима қилиб юрибди экан. Унинг ҳидини сезган бўри зоти борки, бир чақирим наридан айланиб ўтарди-ку!
— Қирон! Қирон!
Бўриётоғи саксовулзорига тақалиб турган барханнинг устида Қироннинг баҳайбат боши кўринди. У эриниб ўрнидан қўзғалди. Лекин негадир Абдураҳим томонга юргиси келмасди.
— Қирон!
Абдураҳим итнинг бу қилиғидан ҳайратда қолди. Ахир Қирон унинг бир имоси билан ёнига ўқдек учарди-ку! Ўтган бир ҳафтада у гўё бошқа итга айланиб қолгандек эди.
… Қирон кичик хўжасининг чақириғини эшитганида, унинг ёнига чопиб боришга ичида уйғонган аллақандай ёввойи туйғу монелик қиларди. Содиқ ва ақлли Қирон ўзи билан хўжасининг ўртасида девор пайдо бўлганлигини ҳис қила бошлади. У энди хўжасига ишонмас, ундан бироз ҳайиқиб, бироз бегонасираб турарди. Бир пайтлар ўзи билан хўжаси ўртасидаги меҳр, садоқат ва муҳаббат туйғулари, бир неча юз йил олдин бўлгандек, хотирасида хиралашиб қолганди. У ўша пайтларни эслагиси ҳам келмас, ҳаммасига тупуриб, бир неча кундан бери ўзи туйиб келган озодлик, масту мустағриқ қилгувчи иссиқ қон ҳиди ортидан тоабад чопиб юришни истайди. Хўжаси билан ўрталарида қад кўтарган мустаҳкам деворнинг тамал тоши ҳам бўғизланган қўйнинг жон таслим қилар чоғи жисмидан оқаётган иссиқ қони таъмини туйган лаҳзаларда қўйилган эди. Энди бу деворни бузишнинг иложи йўқ.
Қирон бархан устида қаддини тиклаб, маза қилиб керишди. Яқиндагина қорнини тўйдириб олмаганми, вужудида аллақандай ёввойи куч уйғониб, чеки-чегараси йўқ саҳрода тинимсиз югуришни истай бошлади. Аллақаёқлардан, анави кўзга элас-элас чалинаётган саксовулзорданми вужудини сархуш қилиб, тинимсиз ўзига чорлаётган сирли бўй анқирди. У тумшуғини шамолга тутиб ҳидни янада равшанроқ ҳис қила бошлаганидан кейин жунбушга туша бошлади. Шунда у итлар учун мутлақо тақиқланган ишни қилди: тумшуғини осмонга кўтарганча увлаб юборишдан ўзини сақлай олмади.
… Абдураҳим Қироннинг бу қилиғидан даҳшатга тушди. Наҳотки, шу ўзи билган Қирон шунчаликка борган бўлса. Отасига айтса, мутлақо ишонмайди! Эҳ, Қирон, Қирон! Энди унинг қайтиб келишидан умидини узиб, саксовулзорда музлаб ётган қўй жасадларини йиғиштира бошлади. Уларни саксовулга осиб қўймаса бўлмайди. Бўғизланган қўйларни акт қилувчи комиссия, керак бўлса ҳар битта суягини санаб, кейин «списат» қилади.
… Қирон бўйнидаги занжирнинг оғирлигини ҳам сезмай, олисдаги саксовулзордан анқиётган сирли бўйга қул бўлиб чопа кетди. Кун ботиб кечки изғирин уйғонгани ҳам уни шаштидан қайтара олмади. Ой кўтарилиб, ажабтовур васвасага солгувчи ёғдуси оппоқ қорда акслана бошлаганда саксовулзордан илиққан бўрининг зорланиб увлагани эшитилди. Унинг қўшиғи Қироннинг баданини жимирлатиб юборди. Сеҳрли ҳид ва бу қўшиқ уни бетўхтов олдинга чорларди.
Сирли ҳид саксовулзор ичидаги мўъжаз тепаликда тўлинойга қараб увлаётган урғочи бўридан анқирди. Қирон унинг атрофидан бир айланди. Бу ўша, яқинда сурувга ҳужум қилиб, Қироннинг жағида ҳалок бўлган ёлдор бўрининг жуфти бўлиб, ўзига янги арлон ахтараётган эди. Қирон атрофида гирдикапалак бўлиб, тонгга яқин унинг висолига етишди. Кейинги тунда икковлари бирга овга чиқдилар. Қироннинг ўз сурувига боришга оёғи тортмади. Шу ерга яқинроқ, кўҳна тошқудуқ атрофидаги сурувга ҳужум қилишди. Сурувнинг ёнида юрган иккита қора ит шовқин солиб уларга ташланганида Қирон кескин ҳаракат билан бирининг бўйнини юлиб ташлади. Иккинчисини остига босиб пийпалай бошлаганида, бўри аллақачон иккита қўйни бўғизлаб улгурганди. Шу пайт чўпоннинг ўтови ёнидан милтиқнинг варанглагани эшитилди. Қирон итни қўйиб юбориб ўзини ғуж бўлиб турган қўйлар ичига урди. Дуч келган ўртачароқ ширбозни кўтарганча саксовулзор томонга чопиб кетди. Шундоққина бир-икки қадам ортда жуфти чо
пиб келаётганини ҳис қилиб, янада ғайрати жўш урарди.
… Ниҳоят қиш ўтиб, изғиринлар барҳам топди. Саҳро ям-яшил гиламга бурканиб, лолақизғалдоқлар келинчакдек қимтиниб юз оча бошлаганда, бўри болалади. Кўзлари юмуқ, митти жимитвойларни онаси ҳатто Қирондан ҳам қизғана бошлади. Тўртта узун тумшуқли, қулоқлари диккайган, кулранг бўриваччалар ичида шалпанг қулоқлари осилган, тумшуғи йўғон, танасида каттагина учта сарғиш доғи бўлган қорувли, бўрига ҳеч ўхшамагани, айниқса бошқача эди. Бир ҳафтадан кейин уларнинг кўзи очилиб, саксовул тагидаги инларидан ўрмалаб чиқиб, бир-бирлари билан олишиб ўйнай бошладилар. Шунда шалпангқулоқнинг барча оға-иниларидан кучлироқ эканлиги билиниб қолди. Уни онаси силтаб ташлар, эмизишни ҳам истамасди. Лекин у бўриваччаларни итариб-туртиб, онасининг эмчак¬ларига ёпишиб оларди. Салгина улғайганидан кейин Қиронга эргашиб, узоқ-узоқларга кетиб қоладиган ҳам бўлди. Она бўри Қиронни энди мутлақо ўзига яқинлаштирмай қўйди. Қирон ҳам қишки эҳтирослари совиб бўлганиданми, и
нига онда-сонда бир келар, шунда ҳам у ерга бош суқмай, фақат ўзига ўхшаб кетадиган боласи билан бироз ўйнарди-да, кейин яна қорасини кўрсатмай кетарди. Шундай кунлардан бирида у боласини эргаштирганча бутунлай уясини тарк этди.
… Абдураҳмон чорвага икки ой деганда рухсат тегиб, шунда ҳам қўлтиқтаёқ билан касалхонадан чиқди. Қолган бир ойлик муолажани уйда оладиган бўлди. Касалхонада ётганида ҳам, уйга келганидан кейин ҳам, бир зум бўлса-да қадрдон Қирони ҳақидаги хаёллар уни тарк этмасди. Агар шу ити бўлмаганида ўтовда ўлиги музлаб қолиб кетаверармиди. Шуларни уйлаганида мижжасида икки томчи иссиқ ёш пайдо бўлади.
Қироннинг бир урғочи бўрига илакишиб, Бўри¬ётоғи саҳросидаги сурувларни қон қақшатаётгани ҳақидаги мишмишларни эшитиб Абдураҳмон чорванинг ғазаби қайнаб, тошиб кетарди. Буни кўролмаслар иғво қилаётганига ишонар, ҳали уларнинг оғзини ёпиб қўйиш қўлидан келишини бот-бот такрорларди.
Баҳор илиқ келиб, дов-дарахтлар гуллай бошла¬ганида Абдураҳмон чорва энди уйида ўтиролмаслигини ҳис қилиб, саҳрога отланди. Рисолат кампирнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай кўк ҳангисини тўқимлай бошлади.
Отарга келганида тўл авжида, Абдураҳим билан чўлиқ йигит қўли-қўлига тегмас, уйқусизлик ва чарчоқдан кўзлари юмилиб-юмилиб кетарди. Чорва нигоҳлари билан излаб Қиронни тополмади.
— Абдураҳим, Қирон кўринмайди?
— Э, қўйинг ота, шуни эслатманг.
Чорва ичидан зил кетди.
— Ҳа, — деди бироздан сўнг, — нима бўлди?
— Э, нимасини айтасиз, қиш бўйи барчамизни қон қақшатди, ҳаром қотгур! Аллақандай урғочи қашқирга илакишиб, сурувларга ўрлай бошлади. Унга ҳеч қандай ит бас кела олмаса. Икки марта отдим. Чап бериб қолди, ярамас!
Кун ботиш арафасида қўй-қўзиларнинг безовта маърашини эшитган чорва ўткир кўзлари билан айиқдек келадиган баҳайбат ола итнинг йириккина қўзини жағига олганча саксовулзорга уриб кетаётганини кўрмаганида Абдураҳимнинг бу гапларига ўлақолса ҳам ишонмасди.
Эрта тонгда у ҳангисига миниб, хуржунига қўшотарини солганча Қирон кетган томонга йўл олди. Саксовулзор оралаб анча юрганидан сўнг, кучукнинг ириллаган, вовуллаган товушлари эшитилди. Улкан саксовулни айланиб ўтса… Не кўз билан кўрсинки, Қирон ястаниб ётар, худди ўзига ўхшаган ола кучукча унинг териларини тортқилаб ўйнарди. Қироннинг ёнида кечаги олиб қочилган қўзичоқнинг қолдиқлари сочилиб ётарди.
— Қирон! — ғазаб билан бақирди Абдураҳмон чорва.
Қирон сапчиб ўрнидан туриб кетди. Кучукча эса жимгина ўзини саксовул панасига олди. Абдураҳмон чорва қадрдон итининг уч ой давомида қанчалар бегоналашиб, ёввойилашиб кетганини кўриб, ичидан эзилди.
— Эҳ, Олавойим, нималар қилиб қўйдинг-а, ола¬гинам! — Чорванинг кўзларидан ёш думалаб, оппоқ соқолига илашиб қолди.
Қирон собиқ хўжасига ёввойи, бегона назар билан нигоҳ ташлаб турарди. Абдураҳмон чорва эшакдан тушиб, оқсоқлана-оқсоқлана бир-икки қадам олдинга юрди. Қирон буни кўриб бегона товушда ириллаб қўйди. Абдураҳмон чорва эсанкиради. Қаршисида турган ўзининг қадрдони Қирон эмас, мутлақо бегона, ёввойи ва ваҳший махлуқ эканлигини ички титроқ билан ҳис қилди. Хуржунидан қўшоғизни олиб, қўллари қалтираганча Қиронга ўқталди. Ит кўксини кериб, бошини мағрур кўтарганча баттарроқ ваҳшат билан ириллай бошлади. Чорва нишонга олиб, тепкини кўтаргунича ўтган сониялар йилларга тенгдек туюлди.
— Йўқ! — ҳайқирди овози титраб. — Отолмайман, сени!
Чорва милтиқни пастга туширди.
… Ҳаммаси оний лаҳзада рўй берди. Қирон ғазаб билан собиқ хўжасига ташланди. Чорва қандай қилиб милтиқни унга тўғрилаганини ва икки тепкини бирдан босиб юборганини билмай қолди. Бирваракай узилган икки ўқ Қироннинг кўксини ўпириб кетди. Чорва инқиллаб унинг жон бериб улгурган танаси устига эгилди.
…Абдураҳмон чорва Қироннинг жасадини қучоқлаганча, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди.

02

Bahodir Abdurazzoq
QIRON
045

067Bahodir Abdurazzoq 1974 yili Qashqadaryo viloyati Muborak tumanidagi Qorabog’ qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan (1999). «U» (2012), «Rimdagi qotillik» (2009) qissalari, «Umr tenglamasi» (2003), «Armonmisan muhabbat» (1993) kabi kitoblari nashr etilgan. Ayni paytda «El» gazetasi mas’ul kotibi lavozimida mehnat qilmoqda.

045

Tong sahardan zabtiga olgan izg‘irin qosh qoraya boshlaganda biroz pasayib, peshindan beri uchqunlayotgan qor rostakamiga gupillay boshladi. Abdurahmon chorva suruvni o‘toviga yaqin pastqamlikdagi qalin saksovulzorga endirdi. U yer sal bo‘lsa-da shamoldan pana, sovuqni qaytarib turadi.
Chorva hangisining to‘qimini yechdi va jul o‘rnida ishlatadigan eski paxtaligini yopib, ayil bilan tortib bog‘lagach, uni suruv ichiga haydab yubordi. Suruv atrofida hushyor aylanib yurgan Qironga bir muddat tikilib turgach, ko‘ngli xotirjam tortib, to‘qimni ko‘targancha, og‘ir qadamlar bilan o‘tovga qarab yurdi. O‘tovning o‘rtasida, gulxan yoqish uchun mo‘ljallangan chuqurchadagi cho‘g‘lar allaqachon kulga aylanib qolgan ekan. Chorva kosov bilan uni titkilab, kichikroq cho‘g‘ni topib oldi. Ustiga qog‘oz va qurigan yantoqni bosib, puflay boshladi. Ozgina urinishdan so‘ng yantoq gurillab yonib ketdi. Chorva gulxanga saksovul kundalarini tashladi. O‘tov biroz isib, chorvaning muzlagan qo‘llariga yoqimli iliqlik yugurdi. Shundan keyin, qora qumg‘onga suvni yarimlatib, gulxanga qo‘ydi. Qaniydi, shu payt to‘qson besh bo‘lsa. Izg‘irinda, gulxan yonida o‘tirib, achchiq choyni quyib, maydalab o‘tirsa. Birozdan so‘ng suv qaynay boshladi. Dasturxonni titkilab, yarim piyolacha non ushoqlarini topdi. Qaynoq suvda ivitilgan ushoqlar unga shohona taomdek tuyulib, uzoq tamshanib yedi. Ichiga issiq kirib, quldirayotgan oshqozoni ham biroz orom olgach, uyqu elita boshladi. G‘aflat bosib uxlab qolmaslik uchun, tashqariga chiqdi. Saksovulzordagi suruvidan xabar oldi.
Qor hamon gupillab yog‘ar, Bo‘riyotog‘i sahrosi butkul oqlikka chulg‘anib borardi. Suruv tarvaqaylab o‘sgan ulkan saksovullar orasida xotirjam kavsh kaytarib yotardi. Chorvaning o‘tovdan chiqqanini ko‘rgan Qiron, yoshligida kesilgan cho‘ltoq dumini o‘ynatgancha unga peshvoz yurdi.
— Ha, Olavoy, osoyishtalikmi? — Chorva uning kalta quloqlarini, peshonasini sovuqdan qoraygan, yorilaverib qadoq bo‘lib ketgan go‘shtsiz barmoqlari bilan silagan bo‘ldi.
Chorva Qiron bilan suruvning atrofini aylanib, sinib tushgan saksovul shoxlarini bir quchoq qilib ko‘targancha o‘tovga qaytdi. Birozdan keyin Qiron ham ortidan kirganida, pasayib qolgan gulxan yana gurillay boshlagan edi. Sal isinib olgan Qironning ham katta-katta jigarrang ko‘zlari yumila boshladi.
— Bo‘ldi, endi sen chiqaqol, Olavoy. Suruvdan ko‘z-quloq bo‘l.
Qiron qari xo‘jasining gapiga tushungandek, o‘tovdan chiqib suruv yoniga yo‘rtdi. Chorva uning ortidan qoniqish bilan qarab miyig‘idan kulib qo‘ydi.
… Bunga o‘n yildan oshib qoldi. O‘shanda qishloqdan otarga qaytayotgan edi. Kichik ariqda cho‘milayotgan bolalar uni ko‘rib jimib qolishdi. Shunda angillagan mittigina kuchukchaning ovozi eshitildi. Chorvaning eshagi to‘xtaganini ko‘rib shumtakalar ura qochib qolishdi. Kuchukcha esa hamon zorlanib angillar, mitti, jiqqa ho‘l vujudi qalt-qalt titrardi. Chorva yoshligida uloqchi chavandoz bo‘lmaganmi, shartta egildiyu kuchukni dast ko‘tarib oldi. Ola kuchukchaning ko‘zlari endigina ochilgan, beshafqat bolalarning qo‘lida holdan toygandi. Chorva uni choponining bariga o‘rab otarga olib keldi. Shundan beri ikkovlon ahil do‘st. Qiron kun-kundan ulg‘ayib, ayiqqa kelbat beradigan, ulkan bo‘ribosarga aylandi. Anchagina inoqlashib, bir-birini bitta imo bilan tushunadigan bo‘lib qoldilar.
…Qiron suruv yotgan saksovulzorni aylanib, yirik-yirik buta tanalariga peshob qilib chiqdi. Bu bilan, endi bu joylar unga tegishli ekanligini rasmiylashtirib, bu yerga yaqinlashgan jondorga ogohlantirish qo‘yib ketardi. Yaqin besh-olti yildan beri Abdurahmon chorvaning suruviga bo‘ri oralaganini hech kim eslay olmaydi. Qironning dovrug‘i butun sahroga yoyilib ulgurganidan, qashqirlar uning hidi anqigan joyning bir chaqirim narisidan aylanib o‘tishardi. Chorva ham hech qaysi cho‘pon tunashga yuragi dov bermaydigan Bo‘riyotog‘i saksovulzoridan joy tanlagani ham, bir tomondan Qironga bo‘lgan cheksiz ishonchidan edi.
Ikki kun oldin, hali chillaning qorasovuqlari kelib ulgurmasidan Abdurahmon chorva o‘ziga cho‘liqlik qilayotgan o‘g‘li Abdurahimni qishloqqa jo‘natdi. Oziq-ovqatning tagi ko‘rinib qolgan, va eng asosiysi nos va choy tugab bo‘lgandi. Uzog‘i bilan ertasi kuni kelishi kerak bo‘lgan Abdurahim, uchinchi kundirki qorasini ko‘rsatgani yo‘q.
“Ha, bola-ya, bola! Sahroda och-nahor qolgan otasidan ko‘ra xotinining issiq quchog‘ini afzal bilgan bola!”—Abdurahmon chorva shularni o‘ylab, bir g‘azablanib, bir ko‘ngli cho‘kib, pasaya boshlagan gulxanga o‘tin tashlash ham esiga kelmay, ustiga qirq yillik pocha po‘stinini tortgancha uyquga ketdi.
Tongga yaqin qor to‘xtab, haqiqiy qorasovuq boshlandi. Qorda dikirlab sakrab yurgan Qironning butun vujudiga igna sanchilgandek bo‘ldi. Ozroq isinib olish umidida saksovulzorni aylanib yugura boshladi. Baribir bo‘lmadi. Eng so‘nggi chora, ya’ni o‘tovga o‘zini urib, gulxan yonida biroz isinib olmasa izg‘irin achchig‘iga chiday olmasdi. Qiron sekingina, dumini qisib, o‘tovga kirdi. Gulxan allaqachon o‘chgan, xo‘jasi esa, pochapo‘stinga o‘ralgancha qimir etmay yotardi. Qiron pochapo‘stinni tishlab tortdi. Xo‘jasi ko‘zlari yumuq, yuzi esa muzdek edi. Qiron uning yuzlarini yalay boshladi.. Shunda xo‘jasi bilinar-bilinmas nafas olayotgani sezildi. Xo‘jasining ko‘zlari biroz ochilgandek bo‘ldi.
— Qiron… Sovuq… Gulxanni yoqish kerak.
Qiron eshikka o‘rnatilgan kigiz yonida sindirib taxlab qo‘yilgan saksovul shoxlarini birin-ketin tishlari orasida tashib, so‘na boshlagan cho‘g‘ ustiga tashlayverdi. Abdurahmon chorva inqillab o‘rnida turib cho‘g‘ni puflay boshladi. Akashak bo‘lib qolgan qo‘llari uning erkin harakat qilishiga monelik qilar, Qironning keltirgan o‘tinlari yirik va aralash-quralash qo‘yilgani uchun alanga olmasdi. Abdurahmon chorva qo‘ynidan gazeta parchasini olib, zo‘rg‘a o‘tinning orasiga tiqdi. Puflashga esa madori qolmagandi. Tashqarida hushtak chalayotgan izg‘irin eshik o‘rnidagi kigizni xuddi kemaning yelkanidek shishirib lopillatardi. Qiron chopib borib, kigizning bir uchini tishlaganicha eshikni qiya ochdi. Sovuq shamol shahd bilan o‘tovga o‘zini urdi. Cho‘g‘ birdan alangalanib, gurillab ketdi. Atrof yorishib, o‘tovga iliqlik yugurdi.
Abdurahmon chorva inqillagancha o‘rnidan turib, palapartish tashlangan shoxlarni kosov bilan tartibga keltirdi. Gulxan bir maromda gurillab yona boshladi. Anchagina qizinib,o‘ziga kelib olgan Qiron ham tashqariga chiqdi. Uning ham xo‘jasi singari qorni och edi. Saksovulzorning adog‘idagi kichikroq barxan ustiga chopib chiqib, sharqqa, quyosh bosh ko‘tarayotgan tomonga uzoq termulib koldi. Kichik xo‘ja shu tomondan keladi. Yo‘q. U hamon ko‘rinish beravermasdi. Qiron uning kelishidan umidini uzib, boshini osiltirgancha yana ortga qaytdi. Kechasi belgi qo‘yib chiqqan chegaraning buzilgan-buzilmaganini tekshirib saksovulzorni aylandi. Hammasi joyida. Suruv tong otishi bilan yalanglikka yoyilib ketdi. Qor ostida, namiqib, xushxo‘rlashgan yantoq va shuvoq qoldiqlarini terib yeya boshlashdi. Qiron bir muddat suruvning atrofida aylanib yurib shubhali narsa ko‘rmagach, yana o‘tovga qaytdi.
Abdurahmon chorva gulxanga qarab o‘tirgancha oyog‘ini tinimsiz uqalardi. Qiron uning oldida cho‘kka tushib, tilini osiltirgancha mo‘ltirab qaradi. Chorva jonsiz qo‘llari bilan itning ulkan boshini siladi.
— Shunaqa gaplar, Olavoy, oyoqni oldirganga o‘xshaymiz.
Qiron guyo tushungandek, uning yalang‘och oyog‘ini yalashga yaladiyu, birdan tilini tortib oldi. Xo‘jasining muzdek oyoqlaridan o‘lik hidi kelardi. U boshini ko‘tarib ayanchli g‘ingshib qo‘ydi.
— Ha, sen ham sezdingmi, Olavoy. Oyoqdan judo bo‘ldik. Endi holimiz nima kechadi-a, Olavoyginam? —Abdurahmon chorvaning qoqsuyak barmoqlari titrab, kipriklari namlandi.
…Qiron yalanglikda yoyilib yurgan suruv atrofini aylanib chiqdi. Keyin barxan ustiga chiqib yana kunchiqar tomonga umid bilan uzoq tikilib qoldi. Kichik xo‘jadan darak yo‘q edi. Ichikib g‘ingshidi. Burilib pastga tusha boshlaganida so‘nggi umid bilan yana ortiga qaradi. Sahro oppoq, qimirlagan qora ko‘rinmasdi. Shunda kunbotar tomondagi ulkan burg‘ulash minorasiga ko‘zi tushdi. O‘tgan bahordagi voqealar ko‘z oldida gavdalandi.
O‘shanda yil yaxshi kelib, sahroni yashil gilamdek barra o‘t qoplagandi. Suruv ikki barobar ko‘payib ketgan. Dirkillagan qo‘zichoqlarining ma’rashi atrofni tutardi. U qishda tug‘ilgan, anchagina yirik qo‘zi bilan o‘ynashib, suruv oralab yurgan edi. Shunda bir qora mashinada to‘rt-besh kishi o‘tovga qarab kela boshladi. U qo‘zichoqni unutib mashinaninng yo‘lini kesib, vovullagancha bostirib bora boshladi. Mashina uni chaqqongina aylanib o‘tib, to‘g‘ri o‘tov yonida oyoq ildi. Qironning g‘azab bilan tashlanishga tayyor turganini ko‘rgan mashinadagilar, eshikni ochishga yuraklari betlamasdan, qattiq-qattiq signal chalgancha turaverdilar. Bir payt xo‘jasi yetib keldi.
— Olavoy, bo‘ldi, bas qil. Bor, ishingni qilaver!-deganidan so‘ng mashinadagilarga yovqarash qilib, sal nariroqqa borib, ularning har bir harakatini ko‘zdan qochirmay kuzatib yotaverdi.
Ular mashinadan tushib xo‘jasi bilan suhbat¬lashishdi. Keyin, o‘tloq ustiga namat to‘shab yonboshlab olishdi. Mashinadan turli xaltalarni olib, dasturxonni to‘ldirishdi. Qironning dimog‘iga o‘tkir, ishtahasini qitiqlab, so‘lagini oqizib yuborgan hidlar kela boshladi. U shunda ham o‘z obro‘sini saqlab, ularning yoniga yaqinlashmadi. Kichik xo‘jasi bir qo‘zini ushlab, o‘tov orqasiga olib o‘tib so‘ydi. Tez orada qozonda qovurilayotgan go‘shtning yoqimli hidi atrofni tutib ketdi. Boshida vahima bilan kutib olgan bo‘lsa-da, bu kelguvchilarga el bo‘lgisi keldi. Bir payt xo‘jasi uni yoniga chorlab qoldi. Sekin o‘rnidan turib, viqor bilan bir-bir qadam bosgancha unga yaqinlashdi. Qironning kelbatini ko‘rib qorachadan kelgan mo‘ylovli kishi qiyqirib yubordi.
— O‘, Abdurahmon aka, buningiz ayiqpolvonning o‘zi-ku! Har qanday itni bir martadan o‘tkazmasa kerak. Sotmaysizmi? Qancha so‘rasangiz berardim!
— Bu gapingizni qaytib tilingizga olmang, ukam! Odam o‘z do‘stini ham sotadimi?! Ana, suruvdan xohlagan qo‘chqoringizni so‘rang, berib yubormagan nomard. Lekin Qironni so‘ramang!
— Bo‘ldi, bo‘ldi, Abdurahmon aka. So‘zimni qaytib oldim.
Mo‘ylovdor sekin Qironning bo‘ynidan siladi. Chaqaloqning mushtumidek keladigan, xushbo‘y hidli yemishni olib unga tutdi. Qironning yegisi kelayotgan bo‘lsada, unga yuzini burmadi. Xo‘jasiga qaradi.
— Ol, olaver, Olavoy.
Qiron kishining qo‘lidan sirli, xushbo‘y hid taratayotgan yemishni olib, nariroqqa cho‘kdi-da, ishtaha bilan tushira boshladi.
Keyin ular mashinaga minib, sahrodagi ulkan minoraga qarab ketishgandi.
Ularning yoniga borish kerak. Faqat o‘sha odamlargina xo‘jasiga yordam bera olishi mumkin.
Qiron xotirjam o‘tlab yurgan suruvdan ko‘ngli to‘q, o‘tovga qaytib kirdi. Xo‘jasi endi xirillab nafas olgancha pochapo‘stinga o‘ralib yotardi. Qiron o‘tovdan o‘qdek otilib chiqib, ulkan minora turgan tepalik tomonga chopib ketdi.
Oppoq qorga burkangan tepalikka chiqib borganida minoraning shovqinidan qulog‘i tom bitib, titrayotgan yerga oyog‘ini zo‘rg‘a bosardi. Bu vahimali minoraga yaqin borishga yuragi dov bermas, ammo ortga qaytishga ham haqqi yo‘q edi. Shunda u cho‘kka tushib olgancha baland ovozda vovullay boshladi.
… Parmalash minorasi atrofida yurgan uch-to‘rt kishi bor kuchi bilan ishlab, ulkan dolotani aylantirgancha yerni o‘yib borayotgan dizellar shovqinida itning tovushini eshitmadilar. Shu payt beriroqdagi vagonchadan bir yigit chiqib, bo‘ribosarga hayron bo‘lib qarab qoldi. Keyin uning salobati va vahshatidan qo‘rqib, ikki qadam ortga tisarildi.Cho‘chinqiragancha yana itga tikildi. Qironni tanidi shekilli, bir nimalar deb baqirgancha minora yonidagi odamlar tomonga yurdi.
— Jumamurod aka! Hov, Jumamurod aka! — Yigit shovqinni bosib baland ovozda chaqirdi.
Minora atrofida g‘oz yurib, burg‘uchilarga ko‘rsatma berayotgan smena boshlig‘i Jumamurod unga o‘girildi.
— Nima deysan?
— E, aka, bu yoqqa qarang. Abdurahmon cho‘pon¬ning sizga sotmagan iti o‘z oyog‘i bilan kelib turibdi!
… Qiron mo‘ylovdor kishini darrov tanidi. Shovqin va yerning titrashidan paydo bo‘lgan qo‘rquv ham unutilib, o‘ziga xushta’m yemish tutgan kishining yoniga cho‘ltoq dumlarini likillatgancha yo‘rtib bordi. Mo‘ylovdor qo‘rqa-pisa uning bo‘ynini siladi. Qiron Bo‘riyotog‘i saksovulzori tomonga o‘girilib vovullab qo‘ydi. Mo‘ylovdor esa yonidagi yigit chiqarib bergan bir parrak kolbasani Qironning og‘ziga tutdi. Undan tilidan hamon ta’mi ketmayotgan bahordagi yemishning xushbo‘y hidi kelardi. Qiron och emasmi, yemishni apil-tapil chaynab yutib yubordi. Keyin mo‘ylovdorning baridan tishlagancha Bo‘riyotog‘i tomonga tortqilar, ayanchli g‘ingshib qo‘yardi. Mo‘ylovdor esa uning gapini uqmasdan, yonidagi yigitga bir narsalarni shivirlab ichkariga kiritib yubordi…
Jumamurod yoshligidan it urishtirishga qiziqar, qish kunlarida shahar chetidagi tashlandiq bog‘da bo‘ladigan itlar jangini bitta qoldirmay tomosha qilardi. Kelgusi haftada katta jang bo‘ladi. Buxorodan «Tayson» degan chempion it kelarmish. Eh-he, unga tikiladigan pulni ko‘rsang edi! Ikki-uch yildan beri «Tayson»ning oldiga tushadigani yo‘q. Uni faqat shu Qiron yutishi mumkin! O‘z oyog‘i bilan kelgan xazinani qo‘ldan chiqarib bo‘ladimi!
Yigit burg‘uchilar minora tepasidagi, palati deb ataladigan kichik kabinaga chiqayotganlarida xavfsizlik uchun bir uchini minoraga, bir uchini bellariga bog‘lab oladigan po‘lat zanjirli charm kamarni olib chiqdi. Jumamurod itning boshini silab turgancha kamarni chaqqonlik bilan bo‘yniga solib mahkamladi.
Qiron birdan hushyor tortdi. Bunday xiyonatni kutmagan itning g‘azabi toshib, mo‘ylovdorni bir zarb bilan ag‘anatdi va ortga qaytdi. Mo‘ylovdor va yonidagi yigit ikkovlashib uning yo‘lini to‘sgancha hay-haylashar, ammo g‘azablangan bo‘ribosarga yakinlashishga jur’at topisholmasdi.
Qiron og‘ir zanjirni sudrab yana Bo‘riyotog‘iga qaytib keldi. Biroz olislab ketib qolgan suruvni ortga qaytarib kelgach o‘tovga kirdi. Xo‘jasi hamon og‘ir-og‘ir nafas olar, cho‘g‘dek qizib ketgandi.
Qiron barxan ustiga chiqib, kunchiqarga termuldi. Bu safar sahroni kesib o‘tgan yo‘ldan qandaydir, harakatlanayotgan narsa ko‘rindi. Bo‘ynidagi la’nati zanjirni bazo‘r sudrab chopa boshladi. U yo‘lning o‘rtasida turib, mashinani sabr bilan kuta boshladi.
… Qor bosgan yo‘lda imillagancha «Villis» mashinasi o‘rmalab kelardi. Bu burg‘uchilarning mashinasi bo‘lib, yoshgina yigit boshqarar, yonida tinimsiz sigareta tutatayotgan geolog o‘tirardi. Yo‘lning o‘rtasida turgan bahaybat itni ko‘rib, har ikkalasi ham hayron bo‘lib qolishdi. Ular yaqinlashganlarida it bir-ikki vovullab, mashina oldida zanjirni sudragancha xuddi yo‘l boshlayotgandek boraverdi.Chamasi, Qironning omadi chopib qoldi-yov, ular itning imosini ilg‘ashdi.
— Bunda bir gap bor, Ravshan, sekin uning ortidan boraver-chi! — dedi geolog haydovchiga.
It kunbotarga burildi. Mashina ham ehtiyotlik bilan uning ortidan ergashdi. It ularni to‘g‘ri cho‘ponlar o‘toviga boshlab borganida, mashinadagilar biron hodisa sodir bo‘lganiga to‘liq ishonishdi. Mashina to‘xtaganida it g‘ingshigancha o‘tovga kirib-chiqar, chopqillab ularning yoniga kelib, yana o‘zini o‘tovga urardi. Geolog o‘tovga kirgach, cho‘zilib yotgan Abdurahmon cho‘ponni ko‘rib esxonasi chiqib ketayozdi. Po‘stinni tortib, uning yuziga qo‘lini bosdi. Cho‘ponning issig‘i baland, alahlab yotardi. Ular shosha-pisha uni ko‘tarib mashinaga olib chiqishdi. Qiron ham o‘zini mashinaga urmoqchi edi, ammo biroz o‘ziga kelgan Abdurahmon chorva inqillagancha «Sen suruvga qara, Olavoy,» deganidan keyingina shahdidan qaytib, to mashina katta yo‘lga chiqqunicha zanjirni shiqirlatib sudragancha unga ergashdi.
…Qosh qorayib, yana sahroning kechki izg‘irini boshlanayotgandi. Yalanglik bo‘ylab tarqalib ketgan suruvni ming bitta azob bilan yig‘ib, saksovulzorga haydadi. Bo‘riyotog‘iga g‘uj bo‘lgan suruvni aylanib, yana o‘z chegarasini yangidan belgilagach, barxan ustiga chiqib, to kun botib, mudhish qorong‘ulik sahroni butkul chulg‘ab olmaguncha, xo‘jasini olib ketgan mashina ketidan termulib turaverdi. Sovuq jonidan o‘tganidan keyingina, o‘rnidan qo‘zg‘alib suruv tomon yurdi. Ochlik va sovuqdan tinka-madori qurib borar, hatto bo‘yniga osilgan zanjirni ham sudrashga holi qolmagandi. Bo‘ynidagi charm kamardan xalos bo‘lishga urinishlari behuda ketdi. Tun yarmidan oqqanda holsizlikdan ko‘zi yumilayozgan ekan, qari serkaning qo‘ng‘irog‘i asabiy jaranglashidan hushyor tortdi. Qo‘y-qo‘zilar bezovtalanib, paydar-pay ma’ray boshladilar.
Qiron allaqanday ichki sezgisi bilan suruvga qashqir oralayotganini sezib, o‘sha tomonga otildi. Evoh, arslon kuchdan qolganini sezsa chiyabo‘rilar ham g‘imirlab qolar ekan-da! Uning sillasi quriganini qaerdan bildi ekan bu jondorlar! Qiron g‘azabdan vujudiga kuch inayotganini his qildi. U xuddi, bir necha yil oldingi yosh va kuchga to‘lgan pallalardagidek sezdi o‘zini. Duch kelgan qo‘yni bo‘g‘izlab borayotgan ulkan arloni bo‘rining oldini to‘sib chiqdi. Bir necha soniya ko‘zlari to‘qnashganidan keyin bo‘ri unga tashlandi. Qiron bunday janglarning hadisini olib ulg‘ayganidan, tezda chap berib, uning kekirdagidan olgancha bosib tushdi. Bo‘ri yosh va baquvvat, Qiron esa kuchdan qola boshlagan, buning ustiga bir necha kundan beri och edi. Lekin Qirondagi cheksiz g‘azab va tajriba o‘z so‘zini aytdi. Bo‘ri ming urinsa-da uning omburdek qisilgan jag‘lari orasidan chiqib ketishning yo‘lini topa olmadi. Qashqir asta-sekin holsizlanib, harakatlari susaya boshlaganida urg‘ochisi jon-jahdi bilan yordamga tashlandi. Uning zarbidan Qiron ag‘anab, ostidagi bo‘ri uni bosib tushgan bo‘lsa-da, ammo bo‘rining bo‘g‘zini hamon qo‘yib yubormasdi. Bu jonjabrlik uni asrab qoldi. Ustidagi jondor qalqon vazifasini o‘tab turar, urg‘ochi qashqir uning kekirdagidan olishiga imkon topolmasdi. Shu payt bo‘rining joni uzildi. Uni qo‘yib yuborganida yirik, yoldor boshi shilqillab tushdi.
… Abdurahim uyga qaytganidayoq, hech bo‘lmaganda ikki kun uyda qolishni rejalashtirgandi. Otasi ochidan o‘lmaydi. Ana, xohlagan qo‘yni so‘yib yeyaversin. Shu la’nati qo‘ylarni deb, izg‘irin sahroda yuraveradimi? Uylanganiga olti oy bo‘ldi. Shundan beri ikki, nari borsa uch marta kelgandir, xolos. Chorvaga qolsa, yilda bir marta ham uyga jo‘natay demaydi. U kechga yaqin eshagini qichab haydagancha uyga kirib keldi. Anchadan beri qirilmagan siyrak soqoli, telpagi bulduruqlagan,har nafas olganida og‘zidan bulutdek bo‘lib hovur chiqardi. Hali kelinchaklik uyning fayzi arimagan xonasiga kirganida Gulsumning mayin jilmayib salom berishidan, ehtirosi jo‘sh urib ketdi. Xotinini chanqoqlik bilan bag‘riga bosmoqchi edi, u nozlanib ko‘ksidan itardi. «Oldin bu isliqilaringizni yechib, yuvinib oling».
Abdurahim iliq suvda uzoq yuvindi. Oxirida soqolini ham qirtishlab, archilgan tuxumdek silliqqina bo‘lib chiqib keldi. Tunni maromida o‘tkazgan yigit ertalab ham, indingi kuni ham yo‘lga chiqqisi kelmasdi. Uchinchi kuni istar-istamas, kerakli narsalarni xurjunga solib otlandi. Shu kuni tunda daryoda muz ko‘chib, omonatgina ko‘prikni yuvib ketganini ko‘rib, qolishga bahona topgandek bo‘ldi. Uchib-qo‘nib ortga qaytdi. Onasiga shuni chala-chulpa aytib, uyga o‘zini urayotganida Risolat kampir uni to‘xtatib qoldi.
— Shoshma, bolam. Ko‘prik buzilgan bo‘lsa uyga kirib o‘tiraverasanmi? Otangning holi nima kechadi. Qanday qilib bo‘lmasin, borasan!
— Nima, daryodan uchib o‘taymi, yo shu izg‘irinda kechib o‘taymi?
Onasi indamadi. Keskin ortiga o‘girilib keta boshladi. Abdurahmon chorvaning butun umri cho‘lda o‘tib, bolalarni Risolat kampir tarbiyalab o‘stirganidanmi, Abdurahim qattiqqo‘l, aytganini qildirmay qo‘ymaydigan onasidan hayiqardi. Ilojsiz ortga qaytdi. Eng yaqin ko‘prik yigirma chaqirimlar narida, burg‘uchilar posyolkasiga boradigan asfalt yo‘lda edi. Agar shu yo‘l bilan ketsa yarim kechasi ham yetib borolmaydi. Yo‘lda muzlab qolishi hech gapmas. Undan ko‘ra eshakni qo‘yib, yo‘lovchi mashina poylagani yaxshi. Abdurahim xurjunni yelkasiga tashlagancha, beton ko‘prikka yetib kelganida sovuqning zabtidan to‘ng‘ib qolay dedi. Abdurahim yo‘l chetiga chiqarib tashlangan eski mashina g‘ildiragini yoqib isinishga qaror qildi. Biroz atrofni izlab, ko‘prik ostidan quruq xashak va o‘tin-cho‘plarni topib chiqdi. Shularni g‘ildirak ostiga qo‘yib, bir amallab olovni yoqib oldi. G‘ildirak gurillab yonib, atrofni quyuq qora tutunga chulg‘ay boshlaganidan so‘nggina uning tanasidagi qaltirog‘i biroz bosildi. Vujudiga issiq o‘rlab, yo‘lga tuzukroq razm soldi. O‘rkach-o‘rkach, oppoq qorga burkangan barxanlar oralab, cho‘l tomondan imillab kelayotgan qora «Villis» ko‘rindi. Mashina sekin-sekin yurib kelib gulxan to‘g‘risiga kelib to‘xtadi.
— Hoy, yigit, buyoqqa qarasang-chi! — mashinadan tushgan o‘ttiz besh-qirq yoshlardagi kishi uni chaqirardi.
Abdurahim shoshilib uning yoniga bordi.
— Qara-chi, manavi cho‘ponni taniysanmi? O‘tovida og‘ir alahlab yotganida topib oldik.Kasalxonaga olib boryapmiz.
Abdurahimning yuragi jimillab ketdi. Orqa o‘rindiqda cho‘zilgancha, hushsiz yotgan odam otasi Abdurahmon chorva edi.
Chorva uch kun ajal bilan olishdi.O‘zini aybdor his qilib, boshini qaysi devorga urishni bilmay turgan Abdurahim ham, Risolat kampir ham uch kun uning yonidan jilmadilar. Nihoyat, to‘rtinchi kun tong saharda chorva ko‘zini ochdi. Uning ilk aytgan so‘zi «Qiron» bo‘ldi.
— Qiron… Qiron suruv bilan yolg‘iz qolgandi. Sen undan xabar ol. Men tuzukman.
«O‘zi o‘laman deb turibdi-yu, yana shu itni o‘ylaganiga balo bormi!»
Abdurahim noiloj sahroga qaytishga majbur bo‘ldi.
… Qiron keyingi kuni butkul holdan toydi. La’nati mo‘ylovdor bo‘yniga osgan zanjirni sudrab barxanga chiqishning ilojini topolmadi. Shunda saksovulzor tomondan yegulik hidi anqiyotganini ilk marta sezdi. Sekin sudralib Bo‘riyotog‘i saksovulzoriga kirib ketdi. Bu ishtahani qitiqlovchi yegulik hidi kuni kecha qashqir bo‘g‘izlagan qo‘yning jasadidan kelardi. U hech narsani o‘ylab o‘tirmay muzlab qolgan qo‘yning tanasiga tishini botirdi. Ochlikning zo‘ridan bir zumda qo‘yning ustixonlarigacha g‘ajib tashladi. Bir necha kun davom etgan ochlikdan keyingi bu ziyofatdan so‘ng mudray boshladi. Kechki izg‘iringacha hali vaqt bor. U saksovulning panasida, o‘zi qazigan o‘rasimon inga kirab ko‘zlarini yumdi.
U shuncha kun ochlikka mardona chidagan bo‘lsa-da, endi o‘zini tutolmay, nafsning quliga aylanib borayotgandi. Qari saksovulning xunuk buralgan shoxlari panasida bo‘g‘izlangan ikkinchi qo‘yning o‘ligi yotardi. Qiron ermakka chaynagandek, uning etini burdalab yuta boshladi. Bu qo‘y unga bir kunlik yemish bo‘ldi. Keyingi tunni zo‘rg‘a o‘tkazdi. Kun yorishib, qo‘ylar yalanglikka o‘tlagani chiqishayotgan paytda ochlik hissi chidab bo‘lmas darajaga chiqib ko‘ziga qon quyila boshladi. Tomirlarida oqayotgan ajdodlari qoni ko‘pirib, ko‘zini xiralashtirib qo‘ydi. Jazavaga tushiradigan issiq qon hidining xumori tutib boshi aylanib ketdi. U endi oldingi Qiron emas! Ko‘zlari qonga to‘lib, suruv tomonga chopdi. Birinchi duch kelgan qo‘yning bo‘g‘zini yulib tashlab, oqayotgan issiq qonini chapillatib yalay boshladi…
… Abdurahim geologlarning vaxta mashinasida, peshin payti otarga yetib keldi. Qo‘ylar saksovulzorda to‘planib, olazarak ko‘zlari bilan atrofga boqishar, bezovta ma’rashar edi. Abdurahim suruvga jondor oralagan gumon qilib, tayog‘ini qo‘lida mahkam ushlagancha atrofni aylanib ko‘zdan kechirib chiqdi. Saksovulzor bo‘g‘izlangan qo‘ylarning jasadiga to‘lib ketgandi. Ba’zilari ustixonigacha g‘ajilgan bo‘lsa, ba’zilari esa shunchaki ermak uchun o‘ldirilganligi bilinib turardi. Abdurahim o‘n chog‘li jasadni sanaganidan keyin birdan Qiron esiga tushib ketdi. Otasining sevimli iti nima qilib yuribdi ekan. Uning hidini sezgan bo‘ri zoti borki, bir chaqirim naridan aylanib o‘tardi-ku!
— Qiron! Qiron!
Bo‘riyotog‘i saksovulzoriga taqalib turgan barxanning ustida Qironning bahaybat boshi ko‘rindi. U erinib o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Lekin negadir Abdurahim tomonga yurgisi kelmasdi.
— Qiron!
Abdurahim itning bu qilig‘idan hayratda qoldi. Axir Qiron uning bir imosi bilan yoniga o‘qdek uchardi-ku! O‘tgan bir haftada u go‘yo boshqa itga aylanib qolgandek edi.
… Qiron kichik xo‘jasining chaqirig‘ini eshitganida, uning yoniga chopib borishga ichida uyg‘ongan allaqanday yovvoyi tuyg‘u monelik qilardi. Sodiq va aqlli Qiron o‘zi bilan xo‘jasining o‘rtasida devor paydo bo‘lganligini his qila boshladi. U endi xo‘jasiga ishonmas, undan biroz hayiqib, biroz begonasirab turardi. Bir paytlar o‘zi bilan xo‘jasi o‘rtasidagi mehr, sadoqat va muhabbat tuyg‘ulari, bir necha yuz yil oldin bo‘lgandek, xotirasida xiralashib qolgandi. U o‘sha paytlarni eslagisi ham kelmas, hammasiga tupurib, bir necha kundan beri o‘zi tuyib kelgan ozodlik, mastu mustag‘riq qilguvchi issiq qon hidi ortidan toabad chopib yurishni istaydi. Xo‘jasi bilan o‘rtalarida qad ko‘targan mustahkam devorning tamal toshi ham bo‘g‘izlangan qo‘yning jon taslim qilar chog‘i jismidan oqayotgan issiq qoni ta’mini tuygan lahzalarda qo‘yilgan edi. Endi bu devorni buzishning iloji yo‘q.
Qiron barxan ustida qaddini tiklab, maza qilib kerishdi. Yaqindagina qornini to‘ydirib olmaganmi, vujudida allaqanday yovvoyi kuch uyg‘onib, cheki-chegarasi yo‘q sahroda tinimsiz yugurishni istay boshladi. Allaqayoqlardan, anavi ko‘zga elas-elas chalinayotgan saksovulzordanmi vujudini sarxush qilib, tinimsiz o‘ziga chorlayotgan sirli bo‘y anqirdi. U tumshug‘ini shamolga tutib hidni yanada ravshanroq his qila boshlaganidan keyin junbushga tusha boshladi. Shunda u itlar uchun mutlaqo taqiqlangan ishni qildi: tumshug‘ini osmonga ko‘targancha uvlab yuborishdan o‘zini saqlay olmadi.
… Abdurahim Qironning bu qilig‘idan dahshatga tushdi. Nahotki, shu o‘zi bilgan Qiron shunchalikka borgan bo‘lsa. Otasiga aytsa, mutlaqo ishonmaydi! Eh, Qiron, Qiron! Endi uning qaytib kelishidan umidini uzib, saksovulzorda muzlab yotgan qo‘y jasadlarini yig‘ishtira boshladi. Ularni saksovulga osib qo‘ymasa bo‘lmaydi. Bo‘g‘izlangan qo‘ylarni akt qiluvchi komissiya, kerak bo‘lsa har bitta suyagini sanab, keyin «spisat» qiladi.
… Qiron bo‘ynidagi zanjirning og‘irligini ham sezmay, olisdagi saksovulzordan anqiyotgan sirli bo‘yga qul bo‘lib chopa ketdi. Kun botib kechki izg‘irin uyg‘ongani ham uni shashtidan qaytara olmadi. Oy ko‘tarilib, ajabtovur vasvasaga solguvchi yog‘dusi oppoq qorda akslana boshlaganda saksovulzordan iliqqan bo‘rining zorlanib uvlagani eshitildi. Uning qo‘shig‘i Qironning badanini jimirlatib yubordi. Sehrli hid va bu qo‘shiq uni beto‘xtov oldinga chorlardi.
Sirli hid saksovulzor ichidagi mo‘’jaz tepalikda to‘linoyga qarab uvlayotgan urg‘ochi bo‘ridan anqirdi. Qiron uning atrofidan bir aylandi. Bu o‘sha, yaqinda suruvga hujum qilib, Qironning jag‘ida halok bo‘lgan yoldor bo‘rining jufti bo‘lib, o‘ziga yangi arlon axtarayotgan edi. Qiron atrofida girdikapalak bo‘lib, tongga yaqin uning visoliga yetishdi. Keyingi tunda ikkovlari birga ovga chiqdilar. Qironning o‘z suruviga borishga oyog‘i tortmadi. Shu yerga yaqinroq, ko‘hna toshquduq atrofidagi suruvga hujum qilishdi. Suruvning yonida yurgan ikkita qora it shovqin solib ularga tashlanganida Qiron keskin harakat bilan birining bo‘ynini yulib tashladi. Ikkinchisini ostiga bosib piypalay boshlaganida, bo‘ri allaqachon ikkita qo‘yni bo‘g‘izlab ulgurgandi. Shu payt cho‘ponning o‘tovi yonidan miltiqning varanglagani eshitildi. Qiron itni qo‘yib yuborib o‘zini g‘uj bo‘lib turgan qo‘ylar ichiga urdi. Duch kelgan o‘rtacharoq shirbozni ko‘targancha saksovulzor tomonga chopib ketdi. Shundoqqina bir-ikki qadam ortda jufti chopib kelayotganini his qilib, yanada g‘ayrati jo‘sh urardi.
… Nihoyat qish o‘tib, izg‘irinlar barham topdi. Sahro yam-yashil gilamga burkanib, lolaqizg‘aldoqlar kelinchakdek qimtinib yuz ocha boshlaganda, bo‘ri bolaladi. Ko‘zlari yumuq, mitti jimitvoylarni onasi hatto Qirondan ham qizg‘ana boshladi. To‘rtta uzun tumshuqli, quloqlari dikkaygan, kulrang bo‘rivachchalar ichida shalpang quloqlari osilgan, tumshug‘i yo‘g‘on, tanasida kattagina uchta sarg‘ish dog‘i bo‘lgan qoruvli, bo‘riga hech o‘xshamagani, ayniqsa boshqacha edi. Bir haftadan keyin ularning ko‘zi ochilib, saksovul tagidagi inlaridan o‘rmalab chiqib, bir-birlari bilan olishib o‘ynay boshladilar. Shunda shalpangquloqning barcha og‘a-inilaridan kuchliroq ekanligi bilinib qoldi. Uni onasi siltab tashlar, emizishni ham istamasdi. Lekin u bo‘rivachchalarni itarib-turtib, onasining emchak¬lariga yopishib olardi. Salgina ulg‘ayganidan keyin Qironga ergashib, uzoq-uzoqlarga ketib qoladigan ham bo‘ldi. Ona bo‘ri Qironni endi mutlaqo o‘ziga yaqinlashtirmay qo‘ydi. Qiron ham qishki ehtiroslari sovib bo‘lganidanmi, iniga onda-sonda bir kelar, shunda ham u yerga bosh suqmay, faqat o‘ziga o‘xshab ketadigan bolasi bilan biroz o‘ynardi-da, keyin yana qorasini ko‘rsatmay ketardi. Shunday kunlardan birida u bolasini ergashtirgancha butunlay uyasini tark etdi.
… Abdurahmon chorvaga ikki oy deganda ruxsat tegib, shunda ham qo‘ltiqtayoq bilan kasalxonadan chiqdi. Qolgan bir oylik muolajani uyda oladigan bo‘ldi. Kasalxonada yotganida ham, uyga kelganidan keyin ham, bir zum bo‘lsa-da qadrdon Qironi haqidagi xayollar uni tark etmasdi. Agar shu iti bo‘lmaganida o‘tovda o‘ligi muzlab qolib ketaverarmidi. Shularni uylaganida mijjasida ikki tomchi issiq yosh paydo bo‘ladi.
Qironning bir urg‘ochi bo‘riga ilakishib, Bo‘ri¬yotog‘i sahrosidagi suruvlarni qon qaqshatayotgani haqidagi mishmishlarni eshitib Abdurahmon chorvaning g‘azabi qaynab, toshib ketardi. Buni ko‘rolmaslar ig‘vo qilayotganiga ishonar, hali ularning og‘zini yopib qo‘yish qo‘lidan kelishini bot-bot takrorlardi.
Bahor iliq kelib, dov-daraxtlar gullay boshla¬ganida Abdurahmon chorva endi uyida o‘tirolmasligini his qilib, sahroga otlandi. Risolat kampirning hay-haylashiga ham qaramay ko‘k hangisini to‘qimlay boshladi.
Otarga kelganida to‘l avjida, Abdurahim bilan cho‘liq yigit qo‘li-qo‘liga tegmas, uyqusizlik va charchoqdan ko‘zlari yumilib-yumilib ketardi. Chorva nigohlari bilan izlab Qironni topolmadi.
— Abdurahim, Qiron ko‘rinmaydi?
— E, qo‘ying ota, shuni eslatmang.
Chorva ichidan zil ketdi.
— Ha, — dedi birozdan so‘ng, — nima bo‘ldi?
— E, nimasini aytasiz, qish bo‘yi barchamizni qon qaqshatdi, harom qotgur! Allaqanday urg‘ochi qashqirga ilakishib, suruvlarga o‘rlay boshladi. Unga hech qanday it bas kela olmasa. Ikki marta otdim. Chap berib qoldi, yaramas!
Kun botish arafasida qo‘y-qo‘zilarning bezovta ma’rashini eshitgan chorva o‘tkir ko‘zlari bilan ayiqdek keladigan bahaybat ola itning yirikkina qo‘zini jag‘iga olgancha saksovulzorga urib ketayotganini ko‘rmaganida Abdurahimning bu gaplariga o‘laqolsa ham ishonmasdi.
Erta tongda u hangisiga minib, xurjuniga qo‘shotarini solgancha Qiron ketgan tomonga yo‘l oldi. Saksovulzor oralab ancha yurganidan so‘ng, kuchukning irillagan, vovullagan tovushlari eshitildi. Ulkan saksovulni aylanib o‘tsa… Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, Qiron yastanib yotar, xuddi o‘ziga o‘xshagan ola kuchukcha uning terilarini tortqilab o‘ynardi. Qironning yonida kechagi olib qochilgan qo‘zichoqning qoldiqlari sochilib yotardi.
— Qiron! — g‘azab bilan baqirdi Abdurahmon chorva.
Qiron sapchib o‘rnidan turib ketdi. Kuchukcha esa jimgina o‘zini saksovul panasiga oldi. Abdurahmon chorva qadrdon itining uch oy davomida qanchalar begonalashib, yovvoyilashib ketganini ko‘rib, ichidan ezildi.
— Eh, Olavoyim, nimalar qilib qo‘yding-a, ola¬ginam! — Chorvaning ko‘zlaridan yosh dumalab, oppoq soqoliga ilashib qoldi.
Qiron sobiq xo‘jasiga yovvoyi, begona nazar bilan nigoh tashlab turardi. Abdurahmon chorva eshakdan tushib, oqsoqlana-oqsoqlana bir-ikki qadam oldinga yurdi. Qiron buni ko‘rib begona tovushda irillab qo‘ydi. Abdurahmon chorva esankiradi. Qarshisida turgan o‘zining qadrdoni Qiron emas, mutlaqo begona, yovvoyi va vahshiy maxluq ekanligini ichki titroq bilan his qildi. Xurjunidan qo‘shog‘izni olib, qo‘llari qaltiragancha Qironga o‘qtaldi. It ko‘ksini kerib, boshini mag‘rur ko‘targancha battarroq vahshat bilan irillay boshladi. Chorva nishonga olib, tepkini ko‘targunicha o‘tgan soniyalar yillarga tengdek tuyuldi.
— Yo‘q! — hayqirdi ovozi titrab. — Otolmayman, seni!
Chorva miltiqni pastga tushirdi.
… Hammasi oniy lahzada ro‘y berdi. Qiron g‘azab bilan sobiq xo‘jasiga tashlandi. Chorva qanday qilib miltiqni unga to‘g‘rilaganini va ikki tepkini birdan bosib yuborganini bilmay qoldi. Birvarakay uzilgan ikki o‘q Qironning ko‘ksini o‘pirib ketdi. Chorva inqillab uning jon berib ulgurgan tanasi ustiga egildi.
…Abdurahmon chorva Qironning jasadini quchoqlagancha, yelkalari silkinib-silkinib yig‘lardi.

«Yoshlik» jurnalining 2009-yil, 3-sonidan olindi.

034

(Tashriflar: umumiy 185, bugungi 1)

Izoh qoldiring