
XV аср тазкиранавислик тарихидан чуқур хабардор Фитрат Навоийнинг форсий меросига Давлатшоҳ Самарқандий (»Тазкират уш-шуаро»), Абдураҳмон Жомий («Нафоҳат ул-унс»), Сом Мирзо («Туҳфаи Сомий»), Ризо Қулихон Ҳидоят («Мажма ул-фусаҳо»), Ҳусайн Воиз Кошифий («Тафсири форсий») каби форс тазкиранависларининг фикрига таянган ҳолда баҳо беради ва шоирнинг форсийда ҳам баракали ижод қилиши сабабларини «Муҳокамат ул-луғатайн»даги маълумотлар орқали асослайди: «Навоий ўн беш яшарликдан қирқ яшарликкача форс адабиёти билан кучли суратда машғул бўлган, замонида мавжуд форс девонларининг ҳаммасини бўлмаса ҳам кўпини кўрган. Мавлоно Жомийдан бошлаб, у замоннинг энг катта форс шоирлари ўз шеърларини кўрсатган, тузатиб беришини сўраганлар». Фитрат бу фикрлар орқали Навоий форс адабиётининг чуқур билимдони ва ижодкори, танқидчи ва тасҳиҳчиси, «энг улуғ форс шоирларининг энг машҳур, энг қийин асарларига форсийча жавоб ёзган уста бир санъаткор» эканлигини асослайди. Davomini o'qish