
Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1969—1973 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиди. «Фан» нашриётида, «Фан ва турмуш» журналида, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ишлади. 1986 йилдан «Ёш куч» журналида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди.
Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йили «Гулистон» журналида, «Нигоҳ» номли биринчи қиссаси эса 1987 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби 1989 йили нашр этилган. Шундан буён унинг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Ҳижроним мингдир менинг» қиссалари, «Бозор» романи ва ўнлаб қикоялари чоп этилди. Адибнинг «Жажман» (1995) китобидан бир неча қиссалари қатори «Маҳзуна», «Жажман», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — сиз», «Кўз қорачиғидаги уй» сингари ҳикоялар ҳам жой олган. Адиб «Бозор» романи, «Ҳижроним мингдир менинг» ва «Озод изтироб қувончлари» китоблари учун 2000 йилги «Офарин» мукофотига сазовор бўлди. Davomini o'qish