Nega Navoiyni qo’msaymiz?

003
Ўзбек қирқ ёшга етганида Навоийни қўмсаб қоларкан. Фақат ўзимга тегишли бўлганида бундай кескин хулосани матбуотга кўтариб юрмас эдим. Ишонаверинг, мен тенгиларнинг қайси биридан сўрасангиз, бу фикримни тасдиқлашади, кафолат бераман. Қизиғи шундаки, уларнинг орасида Ғарб адабиётига буткул ружу қўйганлари ҳам, ўзбек адабиёти у ёқда турсин, умуман мумтоз шарқ адабиётини писанд қилмай юрганлари ҳам, Гомердан бошлаб, Гонгора, Эдуард Юнггача, Кантдан тортиб Ницше, Фрейд, Фромму Карл Юнгларгача, Жойсдан Кафка-ю Беккет ва Камюгача сув қилиб ичганлари ҳам талайгина.

022
Узоқ Жўрақулов
НЕГА НАВОИЙНИ ҚЎМСАЙМИЗ?
023

055  Ўзбек қирқ ёшга етганида Навоийни қўмсаб қоларкан. Фақат ўзимга тегишли бўлганида бундай кескин хулосани матбуотга кўтариб юрмас эдим. Ишонаверинг, мен тенгиларнинг қайси биридан сўрасангиз, бу фикримни тасдиқлашади, кафолат бераман. Қизиғи шундаки, уларнинг орасида Ғарб адабиётига буткул ружу қўйганлари ҳам, ўзбек адабиёти у ёқда турсин, умуман мумтоз шарқ адабиётини писанд қилмай юрганлари ҳам, Гомердан бошлаб, Гонгора, Эдуард Юнггача, Кантдан тортиб Ницше, Фрейд, Фромму Карл Юнгларгача, Жойсдан Кафка-ю Беккет ва Камюгача сув қилиб ичганлари ҳам талайгина. Бизда том маънода эркин адабиёт бўлмаган дея ўзини даҳо кўрсатиб келганлари ҳам сон-саноқсиз. Ғарб адабиётига тақлидан ёзганлари-ю, бу адабиёт қаҳрамонлари тахлит яшашга жаҳд этганлари, шу баҳона ўзимни топдим деганлари ҳам топилади. Аммо бугун мана шу тоифаларнинг барчаси (қайта кафолат бераман) менинг фикримга қўшилади.

Нима учун деб сўрарсиз? Очиғи нега шундайлигини ўзим ҳам билмайман. Бугунги адабий жараён ҳақида бир нарса ёзиб беришимни сўрашганида дафъатан хаёлимга нега Навоийни қўмсаймиз, деган савол келди. Балки бу борада бошқаларнинг фикрини билгим келгандир. Балки келгуси йилларимиз чин маънода Навоийни англаш йиллари бўлишини орзу қилганимдандир. Балки адабий жараёнгина эмас, ўзбекман дегани Навоийдан узоқлашиб бормоқда деган маҳдуд хаёл тузоғига тушгандирман. Билмадим.

Ростдан ҳам, нега Навоийни қўмсаймиз? Айниқса қирқ ёшдан кейин. Ёки бу истак ботинида инсоннинг ўзини, миллатини, миллий адабиётини англаш изтироби пинҳонмикан? Ёки бу исмсиз изтироб сарҳадлари бундан-да кенгми, ҳудудсизми? Ё Илоҳий илҳом онлари борлиқ ва йўқлик синоатидан сўз очган улуғ Навоий ҳам қирқда бўлганмикан? Ё “Мантиқ ут-тайр”ни пичирлаб такрорлаётган бола Алишер ўша дамлардаёқ қирқинчи босқичга қадам қўйиб улгурганмиди?

Навоий ўлғай эрди бўлмаса умеди висол,
Бу қасдларки, анга ҳажр дамба-дам қиладур…

Навоий висол умиди билан тирик эди. У висол қасдида умр сургани сайн, умрнинг ҳар лаҳзаси ҳижрон жафосидан бонг уради. Унинг бошқа бир байти:

Керак қуёш дирами танга бўлса байъона,
Чу Юсуфимни ики даҳрға баҳо қилсам…

Бу мисраларда Навоий биринчи байтида умр мазмуни атагани висолнинг баҳоси хусусида баҳс этмоқда. Айни висол (Юсуф бу ўринда висол рамзи) учун сайёралар сарвари қуёш бир сариқ чақа – бай пули бўлишга ярайди холос. Унда висолнинг асл баҳоси нимага тенг? Бу саволга иккинчи мисра жавоб беради. Навоий талқинича, улуғ висолга эришмоқ учун чин ошиқ(чин инсон) икки дунёни бериши лозим. Бу мазмундаги мисралар Навоийда тўлиб тошиб ётибди. Аммо чексиз борлиқ ичра зарра янглиғ ер сайёрасида умргузаронлик қилиб юрган Одам боласи ким бўлибдики, биргина висол учун фақат бу дунёни эмас, у дунёни ҳам беришга журъат этса? У қандайин висол? Айни висолни исташидан инсонга не суд? Кимнинг висоли у?!

Дунё дунё бўлибдики, Одам болалари бир мавзуда баҳс этади. Нега дунёга келди, яшашдан муроди не?! Мен ва менинг тенгдошларим ўқигану ўқимаган, ишонгану ишонмаган барча китоблар у ёки бу тарзда шу муаммо устида сўз очади, сўз ёпади. Адабиётга ихлос қўйишимиздан муддао ҳам шудир балки? Яна билмадим. Ҳар ҳолда Одам боласи ҳамма нарсадан манфаат исташи бор гап.

Атрофингизга бир қаранг. Одамлар ниманинг илинжида яшаяпти? Одам болалари қандай бахтни излаш билан овора? Зотан, бу сўзларнинг биров учун сариқ чақачалик қиммати, нафи борми? Ёки дунё сариқ чақа атрофида парвонами? Қуёшни сариқ чақачалик кўрмаган Навоий авлодлари-чи? Уларни Навоий нега қизиқтирмайди? Нега ҳеч кимса Навоийни ўқимайди, ўқиганда ҳам тушунмайди? Ўзимиз-чи, ўзимиз, эй биз Навоийни қўмсаган авлод, васл рўёби учун икки дунёни бахш этишга журъат қилган Навоийни тушуна оламизми?
Умр йўлларига ақл нигоҳи билан боққан кимса учун дунёларга соҳиб бўлиш, васл тўлови дея икки оламни қўшқўллаб топшириш ечими мумкин бўлган муаммоми? Ёки инсон шу қадар улуғ хилқат-у, қудрати шунчалар чексизми? Ёхуд Навоий бу мисраларни туш ва ҳуш оралиғида ёздимикан?

Қадимгиларда бир мақол бор: тоғ Сулаймон томонга келмас экан, Сулаймон тоғ олдига боради. Боболаримиз доно бўлишган-да. Ҳойнаҳой, Навоийни ҳам бобо деймиз. Ўзбекчилик, у ҳақда ўйламай сўйлашдан ҳазир бўлишимиз керак. Нима дейсиз, бобомиз мақолга ишора қилмаётганмикан? Дунё сенга эргашмас экан, сен дунёдан воз кеч демоқчимикан, бу мисралари билан? Улуғ висол саодати ҳар қандай манфаатдан кўра устунроқ демоқчими?

Саволлар, саволлар, саволлар… Уларнинг сон-ҳисоби йўқ. Сўнгги савол: Нега Навоийни қўмсаймиз?

033

022
Uzoq Jo’raqulov
NEGA NAVOIYNI QO’MSAYMIZ?
023

005 O’zbek qirq yoshga yetganida Navoiyni qo’msab qolarkan. Faqat o’zimga tegishli bo’lganida bunday keskin xulosani matbuotga ko’tarib yurmas edim. Ishonavering, men tengilarning qaysi biridan so’rasangiz, bu fikrimni tasdiqlashadi, kafolat beraman. Qizig’i shundaki, ularning orasida G’arb adabiyotiga butkul ruju qo’yganlari ham, o’zbek adabiyoti u yoqda tursin, umuman mumtoz sharq adabiyotini pisand qilmay yurganlari ham, Gomerdan boshlab, Gongora, Eduard Yunggacha, Kantdan tortib Nitsshe, Freyd, Frommu Karl Yunglargacha, Joysdan Kafka-yu Bekket va Kamyugacha suv qilib ichganlari ham talaygina. Bizda tom ma’noda erkin adabiyot bo’lmagan deya o’zini daho ko’rsatib kelganlari ham son-sanoqsiz. G’arb adabiyotiga taqlidan yozganlari-yu, bu adabiyot qahramonlari taxlit yashashga jahd etganlari, shu bahona o’zimni topdim deganlari ham topiladi. Ammo bugun mana shu toifalarning barchasi (qayta kafolat beraman) mening fikrimga qo’shiladi.

Nima uchun deb so’rarsiz? Ochig’i nega shundayligini o’zim ham bilmayman. Bugungi adabiy jarayon haqida bir narsa yozib berishimni so’rashganida daf’atan xayolimga nega Navoiyni qo’msaymiz, degan savol keldi. Balki bu borada boshqalarning fikrini bilgim kelgandir. Balki kelgusi yillarimiz chin ma’noda Navoiyni anglash yillari bo’lishini orzu qilganimdandir. Balki adabiy jarayongina emas, o’zbekman degani Navoiydan uzoqlashib bormoqda degan mahdud xayol tuzog’iga tushgandirman. Bilmadim.

Rostdan ham, nega Navoiyni qo’msaymiz? Ayniqsa qirq yoshdan keyin. Yoki bu istak botinida insonning o’zini, millatini, milliy adabiyotini anglash iztirobi pinhonmikan? Yoki bu ismsiz iztirob sarhadlari bundan-da kengmi, hududsizmi? YO Ilohiy ilhom onlari borliq va yo’qlik sinoatidan so’z ochgan ulug’ Navoiy ham qirqda bo’lganmikan? YO “Mantiq ut-tayr”ni pichirlab takrorlayotgan bola Alisher o’sha damlardayoq qirqinchi bosqichga qadam qo’yib ulgurganmidi?

Navoiy o’lg’ay erdi bo’lmasa umedi visol,
Bu qasdlarki, anga hajr damba-dam qiladur…

Navoiy visol umidi bilan tirik edi. U visol qasdida umr surgani sayn, umrning har lahzasi hijron jafosidan bong uradi. Uning boshqa bir bayti:

Kerak quyosh dirami tanga bo’lsa bay’ona,
Chu Yusufimni iki dahrg’a baho qilsam…

Bu misralarda Navoiy birinchi baytida umr mazmuni atagani visolning bahosi xususida bahs etmoqda. Ayni visol (Yusuf bu o’rinda visol ramzi) uchun sayyoralar sarvari quyosh bir sariq chaqa – bay puli bo’lishga yaraydi xolos. Unda visolning asl bahosi nimaga teng? Bu savolga ikkinchi misra javob beradi. Navoiy talqinicha, ulug’ visolga erishmoq uchun chin oshiq(chin inson) ikki dunyoni berishi lozim. Bu mazmundagi misralar Navoiyda to’lib toshib yotibdi. Ammo cheksiz borliq ichra zarra yanglig’ yer sayyorasida umrguzaronlik qilib yurgan Odam bolasi kim bo’libdiki, birgina visol uchun faqat bu dunyoni emas, u dunyoni ham berishga jur’at etsa? U qandayin visol? Ayni visolni istashidan insonga ne sud? Kimning visoli u?!

Dunyo dunyo bo’libdiki, Odam bolalari bir mavzuda bahs etadi. Nega dunyoga keldi, yashashdan murodi ne?!
Men va mening tengdoshlarim o’qiganu o’qimagan, ishonganu ishonmagan barcha kitoblar u yoki bu tarzda shu muammo ustida so’z ochadi, so’z yopadi. Adabiyotga ixlos qo’yishimizdan muddao ham shudir balki? Yana bilmadim. Har holda Odam bolasi hamma narsadan manfaat istashi bor gap.

Atrofingizga bir qarang. Odamlar nimaning ilinjida yashayapti? Odam bolalari qanday baxtni izlash bilan ovora? Zotan, bu so’zlarning birov uchun sariq chaqachalik qimmati, nafi bormi? Yoki dunyo sariq chaqa atrofida parvonami? Quyoshni sariq chaqachalik ko’rmagan Navoiy avlodlari-chi? Ularni Navoiy nega qiziqtirmaydi? Nega hech kimsa Navoiyni o’qimaydi, o’qiganda ham tushunmaydi? O’zimiz-chi, o’zimiz, ey biz Navoiyni qo’msagan avlod, vasl ro’yobi uchun ikki dunyoni baxsh etishga jur’at qilgan Navoiyni tushuna olamizmi?

Umr yo’llariga aql nigohi bilan boqqan kimsa uchun dunyolarga sohib bo’lish, vasl to’lovi deya ikki olamni qo’shqo’llab topshirish yechimi mumkin bo’lgan muammomi? Yoki inson shu qadar ulug’ xilqat-u, qudrati shunchalar cheksizmi? Yoxud Navoiy bu misralarni tush va hush oralig’ida yozdimikan?

Qadimgilarda bir maqol bor: tog’ Sulaymon tomonga kelmas ekan, Sulaymon tog’ oldiga boradi. Bobolarimiz dono bo’lishgan-da. Hoynahoy, Navoiyni ham bobo deymiz. O’zbekchilik, u haqda o’ylamay so’ylashdan hazir bo’lishimiz kerak. Nima deysiz, bobomiz maqolga ishora qilmayotganmikan? Dunyo senga ergashmas ekan, sen dunyodan voz kech demoqchimikan, bu misralari bilan? Ulug’ visol saodati har qanday manfaatdan ko’ra ustunroq demoqchimi?

Savollar, savollar, savollar… Ularning son-hisobi yo’q. So’nggi savol: Nega Navoiyni qo’msaymiz?

011

(Tashriflar: umumiy 609, bugungi 1)

2 izoh

  1. Хуршид ака! Менинг Навоийнинг мақола бошида келтирилиган расмига эътирозим бор. Бу расмни тарихни яхши билмайдиган рассом чизган. Навоий, маълумки, барлос уруғидан бўлган. Барлослар эса, мендаги маълумотлар бўйича қисиқ кўзли бўлишмаган. Россия ТВ си орқали кўрсатилган бир хужжатли фильмда бош суяклар бўйича портрет ишловчи Герасимов ҳақида гап борди. У Буюк Амир Темурнинг бош суяги орқали чизга илк расми бўйича Орий ирқдаги одам портрети чиққан экан. Уни Сталинга кўрсатишганда, у Буюк Амир Темурнинг кўзлари шаклини қисиқликка ўзгартиришни буюрган экан. Чунки, ўрисларга албатта бу ҳолат ёқмаган. Ушбу маълумот ҳам барлосларнинг ҳеч қачон қисиқ кўзли бўлмаганликларига бир ишорадир.

  2. Озод Мўъмин Хўжага

    Дўстим Озод, энг аввало, Навоийни барлослардан бўлганини замонавий мақолалардан эмас, қайси бир кўҳна манбаъда ёзилганини айта оласизми?
    Чунки мен ҳали бундай тарихий маълумотни кўрганим йўқ.

Izoh qoldiring