Jorj (Georg) Bredshou. «Bosh chanog’i va boyo’g’li». Hikoya

Ashampoo_Snap_2017.10.20_19h49m05s_003_.png    Иши ўнгидан келиб юрган картина галереяси эгаси Эдуард Лориллард, юмшоқкурсига ястанганча қотма гавдасини чўзиб, оёғини столга қўйди-да, жиринглаётган гўшакни олди. Унинг хаёлчан нигоҳи чиройли буюмни, асл Вайоминг нефритидан сайқаллаб ясалган тўқ-яшил тухумни силаётган чап қўлида эди.

Жорж (Георг)  Бредшоу
«БОШ ЧАНОFИ ВА БОЙЎFЛИ»
Аҳмад Аъзам таржимаси
09

200px-MET_Hall_New_YorkCity.jpgИши ўнгидан келиб юрган картина галереяси эгаси Эдуард Лориллард, юмшоқкурсига ястанганча қотма гавдасини чўзиб, оёғини столга қўйди-да, жиринглаётган гўшакни олди. Унинг хаёлчан нигоҳи чиройли буюмни, асл Вайоминг нефритидан сайқаллаб ясалган тўқ-яшил тухумни силаётган чап қўлида эди.

— Газеталарни ўқигандирсиз? – деб гўшакдан Одри Макалистернинг овози эшитилди.
— Иҳ-ҳм, — деб қўйди Эдвард Лориллард.

— Нима деб ўйлайсиз?
— Нимани?

— Малербни, — деди Одри, гўёки шу куни газеталар фақатгина Малерб ҳақида ёзгандек.
— А, буми… — деди Эдвард овозига кераклича бефарқ оҳанг бериб.

Лекин ўзининг қошлари чимирилди, бармоқлари тоштухумни маҳкам чангаллади.

— Бу сизга бирон наф келтирадими?

— Йўқ, — деб жавоб берди Эдвард. – Менда икки-учта суврати, бир-иккита илк офортлари бор, холос.

— Менда эса битта картина. Баҳосини ҳозиргина беш юз долларга кўтардим, тасаввур қиласизми…

— Тасаввур қиламан, — деди Эдвард ва унинг бармоқлари тоштухумни янада маҳкамроқ чангаллади.

— Хўш…
— Хўп, бир вақт топганда кирарсиз… — деди Одри.

Эдвард гўшакни илди. Оёғини пастга тушириб, газетани қўлига олди. Унинг мағрур юзига соя қалқди.

Одрининг Малерб ҳақидаги гаплари уни ташвишга солди, ҳатто бир оз чўчитди ҳам. Хабарга унинг кўзи тушган, лекин шунчаки қараб қўйган эди, холос. Лекин, мана, бу ерда Париждан берилган телеграмма газетанинг қарийб бутун устунини эгаллаган, ундаги хабар шунча муҳим эканки, ҳалитдан Лондон билан Стокгольмда ҳам, Цюрих билан Сан-Францискода ҳам тарқалган, худди шундай Нью-Йоркка ҳам етиб улгурган. А мен бўлсам бунга қизиқиб ҳам кўрмабман, деб ўйлади Эдвард. Нима учун?

Хабарнинг мазмуни қуйидагича эди: Морис Малерб етмиш саккизта асарини ёқиб ташлагани ҳақида бир ҳафтадан бери Парижда юрган миш-мишни тасдиқлабди. Саксон ёшлиги арафасида у, ўзининг айтишича, ишларини бир кўриб чиқиб, шу етмиш саккизта сувратни ўртамиёна деган хулосага келибди-да, ўша заҳотиёқ уларни устахонасидаги кошинли печкага тиқиб, ёқиб юборибди.

Печка Эдварднинг эсида, яхши иссиқ берар эди.

«Мен ҳали кучга тўламан, — деган Малербнинг сўзлари ҳам келтирилган эди. – Истаган пайтимда картина ярата оламан, лекин ҳаммаси ҳам дидимдагидек чиқавермайди.»

Эдварднинг кўз олдида Париж мактабининг буюк намояндаси, ораста қора костюм кийган, нишаста оқ ёқали, саф терилган картиналар олдида туриб, ҳаёт ва санъат ҳақида нутқ ирод қилишни яхши кўрадиган чолнинг қиёфаси гавдаланди… Малербдан бошқа ҳеч ким ҳеч қачон ўртамиёна картина қилганман деб айтишга журъат қилолмайди. Телеграммада Малерб йўқ қилган картиналардан бир нечтасининг номи айтилган эди. Кўпи, табиийки, нотаниш, чунки уларни Малерб устахонадан чиқармаган, фақат айримларигина кўрсатилган эди. Рўйхатга кўз югуртириб, Эдварднинг нигоҳи тўққизинчи рақамда тўхтади: у ерда «Бош чаноғи ва бойўғли» деб ёзилган эди.

У бошини кўтарди. Картинани у биларди, қаердадир унинг репродукциясини кўрган. У ўрнидан туриб, маълумотномаларни сақлайдиган кабинетига йўл олди.

Лориллард-Галлерининг орқа томонида жойлашган кабинетдаги тартибсизлик бу хонанинг қулайлиги учун қанча керак бўлса, шунча эди. Бу рангпар нок оғочи билан ишланган, хира-сариқ тусли кўн тортилган диван, устига оқ лолалар тўзғиган кўралар қўйилган столлар қўйилган чиройли хона, столларда исмликлар, музей йўлкўрсатгичлари, плакатлар, буклетлар — бутун дунёдан тўпланган сон-саноқсиз реклама «ашқол-дашқоллари» қалашиб ётарди. Бу уюм Эдварднинг жони-дили, кейин бу унга ишонч берар, унинг хотираси ҳам шундай эдики, нимани қаердан излашни доим билар эди. Ҳозир ҳам «Бош чаноғи ва бойўғли»нинг репродукциясини бир зумда топди, икки марта натижасиз уринишдан кейин, 1937 йилги «Санъат исмлиги»ни тортган эди, унда, ўзи кутганидек, репродукция ҳам бор экан.

Чолнинг картинани ёқиб юборганига ишониш қийин. У жуда мукаммал, қизғиш тагзамин, нозик оқ ранглари, тўйинган қора буёқлари, югурик-чаққон чизгилари Малербнинг ўзигагина хос, муҳташам бир асар эди… Эдвард китобни столга қўйиб, дераза ёнига келди… Ҳа, лекин саволнинг жавоби қани: нима учун бу хабар унга Одри Макалистерчалик таъсир қилмади? Санъатда жуда кўп нарсадан бохабар бўлиб кетиб, ҳақиқий даллолга хос ҳавасмандлик иштиёқини йўқотиб қўйганидан эмасми?

Бу сон, етмиш саккиз — мана, матбуотга нима таъсир қилган. Ва бу табиий ҳам. Дунёдаги биронта музейда Малербнинг шунча асари топилмайди. Эҳтимол, томошабинлар унинг бунча асарини бирданига кўргани ҳам йўқдир. Ўзигагина хос, фақат шуларгагина хос довруқли ўн-ўн икки ёрқин картинанинг бир залда намойиш этилишининг ўзиёқ ҳар қандай томошабиннинг ҳушини ўғирлайди. Бу ерда эса етмиш саккизта…

Томошабин тушунмайдиган битта нарса бор, бу буюк рассомларнинг сермаҳсуллиги. Агар Лориллард санъат оламида юз бераётган нимаики бўлса, ҳаммасидан ҳайрат титроғига тушмай қўйган бўлса, демак, у ўлган. Ҳеч бўлмаса, ишбилармон сифатида.

Эдвард яна столга ўтириб, исмликни ўзига тортди. Балки масала бошқа ёқдадир, — деб ўйлади у. – балки, кўп нарсага фаҳми етмайдиган «Макалистер» бекасининг мендан тезроқ фикрлагани малол келаётгандир?

Эдвар шу картинага тегишли бор нарсани ўқишга тутинди, ярим соат ичида исмликдан ўзига керакли нарсаларни: қачон яратилгани, ўлчами, 1937 йили қандай пешвоз олинганини билиб олди. Берилиб ўқий туриб, худди кутмаганда хаёлига аллақандай бир фикр келиб қолгандек ёки нимадир шу пайтгача номаълум нарса бирдан очилгандек, титраб кетди. У бошини кўтариб, кўрмаётган нигоҳини кенгликка қадаб қолди. Ха-ха, деб хаёлан кулди у, Одри Макалистерга бир яхши сабоқ бериб қўяди.

Бир ойлардан кейин, сокин тиниқ бир оқшомда Эдвард Одрини бирга овқатланишга таклиф қилди. Еттидан кейин, сал ўтмай унинг олтмишинчи кўча ҳудудида жойлашган салонига қоғозга ўралган, ҳолатдан келиб чиқилса, фақат картина бўлиши мумкин нарсани кўтариб кирди. У Одрини салон ичкарисидаги меҳмонхонадан топди. Одри оч-жигарранг диванда газета ўқиб ўтирган экан. Бу — боғ томонга чиқадиган эшиклари ойнаванд, катта каминли ва, албатта, кўп картина деворига осилган, ерга қатор териб қўйилган чиройли бир хона эди.

Одрининг кулранг сочларида нимадир сунъийликни шубҳа қилиш мумкин, лекин юзи ҳақида бундай деб бўлмас эди. Нозик, гўзал, хотиржам ва ўзига ишонган — омади юришган инсоннинг юзи. У Эдвардга ўта қалин кўзойнаги устидан қаради-да, ўрамни кўрсатиб:
— Бу менгами? — деб сўради.

— Йўқ, — деб Эдвард ўзи яхши кўрадиган юмшоқкурсига ўтирди. — Лекин бунда. ўйлашимча, сизни ҳайрон қиладиган бир нарса бор.

— Бирон нима ичасизми?

Эдвард бош ирғади.
— Бир қадаҳ мартини, энг зўридан.

У ўрамни очишга тутинди.

Одрининг истеъдоди кўп, мартини тайёрлаши ҳам бошқа истеъдодларидан қолишмас эди. Унинг бир нарсадан омади келган — отаси урушгача, яъни биринчи жаҳон урушидан олдин ғамлаб қўйган бир неча бочка вермут виносини унга қолдирган эди.

Эдвард бир ютум қилди-да, кўзларини юмди.

— Илоҳий, — дели у. – барменларни авлиёлар қаторига киритишса, сиз биринчи бўласиз.

Одри яна диванга ўтирди.

— Баҳс бойлаймизми, шу гапни ҳамма барменларга айтасиз — деди у, — Хўш, энди мени ҳайрон қолдиринг-чи.

Эдвард сигарет олди.

— Кичик кириш қилишим керак, — деди у. – Бир-икки ҳафта олдин Малерб ҳақида гаплашган эдик, эсингиздами?

Одри ҳушёр тортди.

— Ҳалиги, ўтда ёқиш, эсладингизми? — деди Эдвард.
— Ҳа, ҳа, эсладим.

— Гаплашганимиздан кейин мақолани диққат билан яна ўқидим. Жуда ҳайрон бўлиб қолдим… Малербнинг устахонасида бўлганман, биласиз. Кўп эмас, лекин бориб турардим.

Одри бош ирғади.
— Бир марта борганман. Шундай бир шинам…

— Унда, — деди Эдвард. – кошинли печкани ҳам эслайсиз?
— Эслайман.

— Газеталарда уни картиналарни худди шу печкада қди, деб ёзилди.
— Ҳа.

— Хўш, энди печкага келсак. Унинг эшикчаси ўн саккиз дюймдан кенг эмас.
— Тўғри.

— Хўп, мана. У ёққан ҳамма картинанинг ўлчамини билмайман. Уларнинг кўпи, эҳтимол, ихчам бўлгандир. Лекин бир нарсани биламан, ҳаммаси ҳам кичик эмас. «Бош чаноғи ва бойўғли» учга тўрт фут эди.

— Ҳа, лекин… – деб гап бошламоқчи бўлди Одри.

— Албатта, биламан, картинани қийиб, матосини олиб, ёқса ҳам бўлади. Лекин нимагадир чолнинг шундай қилишини сира кўз олдимга келтиролмайман. Ёқиб ташлаши мумкин, турган гап, лекин у картинани қиядиган, йиртадиганлар тоифасидан эмас. Шундай қилади деб ўйлайсизми?

— Йўқ, тўғри айтяпсиз.

— Нима бўлса ҳам, аниқлашга киришдим. Парижга Жан Ломбардига телефон қилиб, ундан маълумот олишни сўрадим. Ва ўтган куни… – шунда Эдвард картина ўралган қоғозни очишга киришди. – мени божхонага таклиф қилдилар, борсам мени нима кутяпти денг….

У тантанали ишора билан картина юзини очди – бу Морис Малербнинг «Бош чаноғи ва бойўғли»си эди. Одри яхшироқ кўриш учун олдинга эгилди. Ҳа, худди ўзи, ёрқин ва мукаммал, фақат озгина нуқси бор: юқори чап бурчагини олов ялаган, бўёғи хира тортган эди.

— Чол картинанинг печкага сиғмаслигини ҳисобга олмаган, — деди Эдвард. – Ёки фикрни ўзгартирган. Балки ҳақиқатни биз умуман билолмасмиз. Нима бўлмасин, мана ўзи – бутун жилваси билан.

Одри ўзини орқага ташлади, қўлларини чалиштириб, ўйчан бош чайқади. Эдвард жилмайди.
— Fаройибми? – деб сўради.

— Ҳа, Эдвард, — деди Одри ва ўрнидан турди. – Бу сиз ўйлагандан ҳам ғаройиброқ.

У бориб, шкафни очди, ундан картинани олиб, Эдварднинг ёнига келди ва уни Эдварднинг картинаси ёнига қўйди.

Улар айний, тўғрироғи, қарийб айний, олов Эдвардникининг юқори чап бурчагини, уникининг эса пастки ўнг бурчагини ялаган эди. Энди Эдвард эгилди ва ўз навбатида Одрининг картинасига узоқ тикилди. Кейин қаддини ростлаб, сигарет тутатди.

— Сиз томонингиздан мени кошинли печка тўғрисида узун тарихни айтишга мажбурлаш шафқатсизлик эмасми? – деди у.

— Сиз томондан мени чув туширишга уриниш-чи, — деди Одри. – Эдвард, азизим Эдвард, дўстлигимизни бундан ишончлироқ деб юрар эдим. қалбаки нарсалар борасида келишувимизни айтмаганда ҳам.

— Шу гапни гапирманг, — деб Эдвард атрофга хавфсираб аланглади. – Айтганча, сиз картинангизни…
— Сизга кўрсатмоқчи эдим. Лекин кейинроқ. Иштаҳангизни бузгим келмаган эди.

Эдвард креслода ўзини орқага ташлаб, керишди.

— Агар қандай аҳволга тушдингиз деб сўрашса, қип-қизил аҳмоқ бўлганимни айтардим.

— Хўп, етар, — деди Одри, — сизга яна битта мартини қилиб берай. Кейин тўйиб кулиб оламан. Ундан кейин ишни гаплашиб оламиз.

Эдвард Лориллард билан Одри Макалистернинг дўстона муносабатлари ўзаро ишонч сиёсатига қурилган эди. Агар айрим майда чекинишларни айтмаса, бу муносабатлар икки йилдан давом этиб келади.

Бир куни Эдвард Учинчи авеню, етмишинчи кўча ҳудудида кетаётиб, антиквар дўкон ойнасида бир нечта картинани кўриб қолди. Эдвард Учинчи авенюдан яхши харид ё санъат дурдонаси излайдиган анойилардан эмас, лекин бари бир, тўхтади: нигоҳи бир картинага тушган, бу картина уни ҳайратга солган эди. У дўконга кирар экан, юзига ўзига хос эҳтиёткорлик билан зериккан тус берди, лекин бир неча дақиқадан кейин бунинг сотувчига заррача таъсири йўқлигини кўриб, картина учун олтмиш доллар тўлашга рози бўлди. У чек тўлдирди ва ўн дақиқадан кейин ўз салонига келиб ўтириб, картинани очиб кўрди.

У айни истаган нарсасини харид қилганига тезда ишонди. Картинада чизимча билан боғланган гулдаста, гуллар тагида бир нечта қалам чизгилар – барг ва гулбарглар тасвирланган эди. Фон йўқ — нозик холстга тегинилмаган, у энди вақт ўтиши билан сарғиш-жигарранг ифодага тўйинган эди. Лекин чизги кучи, бўёқнинг ётиши – суйкумли қирмизи ва майин нилий ранглар жилоси – унинг Югюст Ренуарнинг тугалланмаган эскизи эканига шубҳа қолдирмас эди.

Эдвард ҳеч бунақа нарсага дуч келмаган эди. У картинани ҳашаматли чорчўпга солиб, салон кираверишига, ёруққа ўнғай жойга осиб қўйди.

Бўлган иш шуки, Бен Говард кириб келди. Эдвард уни Ренуар томошасига берилган пайти учратди – нимжон асабий қомат, эгнида эски ёмғир пўш, актёр ёки балки раққосга хос нозик, ёқимтой юзли, бешпанжадан бошқа тароқ нималигини билмайдиган қора жингалак сочли.

Эдварднинг шу ердалигини пайқаб, Бен Говард унга мурожаат қилди.

— Сиз айтолмайсизми, бу картина қанча турар экан?
—  Саккиз минг беш юз, — деди Эдвард.

Шу пайти Бен Говарднинг юзи қанақадир ғалати бўлди, ўта ҳайрат ва завқли бир табассумдан ёришиб кетди.

— Саккиз минг беш юз, — деб такрорлади у худди ишонмагандек.
— Ҳа, — деди Эдвард. – Зўр-а, тўғри эмасми?

— Сиз билан қандай… – дея иккиланиб гап бошлади Бен Говард. — қандай қилиб икковимиз ҳоли жойда гаплашиб олсак.

Эдварднинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмади.
— Марҳамат, меникига юринг, — деб уни кабинетига бошлади.

Бен Говард гапни айлантириб ўтирмади.
— Мен буни охирги кўрганимда, унда бу нарса йўқ эди.

Эдвард уни бўлди:
— Э, уни биласизми?

— Ҳа, Учинчи авеньюдаги комиссион дўконга мен олиб борганман. Сотишга.
— Шунақа денг, – деди Эдвард.

— Ҳозир ўша ердан келяпман. Сотувчи қирқ доллар тўлади, деди сизни, менга улушимни берди. Йигирма тўрт доллар.
— Сизни у алдабди, — деди Эдвард, — мен олтмишга олдим.

— Ажаб эмас, — деди Бен Говард. – Бари сиз учун фойдали битим бўлган.
— Тўғри лекин.

— Сизни кейин ҳам шунақа битимлар қизиқтирадими?
— Эҳтимол.

Бен Говард уялинқираб, эҳтимолки, кечиримли жилмайди.

— Мен айтмоқчи эдимки, охирги кўрганимда унда бу исми шарифлар йўқ эди. О.Р.ни назарда тутяпман. Бу Огюст Ренуар деган маънода шекилли?

— Шундай шекилли, — деди Эдвард. – Буюк рассомлар ўз асарларига имзо қўйишга келганда бепарволик қиладилар. Лекин харидор олган нарсаси ишончли бўлишини истайди. Балки аёл дейишим керакмиди. Аёллар айниқса имзога ўч бўладилар. Шунга ишонадилар.

Бен Говард бош ирғади.

— Хўп, тушунарли, — У кескин бурилиб эшикка йўл олдт. – Мен яна келаман. Сизга қайси вақт ўнғай?
— Эрталаб, — деди Эдвард.

— Эрталаб, — деб такрорлади Бен Говард. Кейин яна ўгирилиб, кўзларини катта-катта очиб, секин шивирлади: — Саккиз минг беш юз!

Бу энди йўлдан озиш эди.

Бен Говард икки кун ўтиб келди, кейин яна ва яна келди. Унинг ишчанлиги, Эдвард билдики, ҳайратомуз эди. Бир ҳафтада унинг мўйқалами остидан Хуан Гриснинг хушсурат сувбўёқлари, Кандинскийнинг бурама ва айланмалари чиқиб келаверарди. Бундан ташқари унинг донолик даражасида ақли ҳам бор эди. У дурдоналарни чизмайди. «Дурдоналар, — деди у бир куни, — усталарнинг ўзида тураверсин. Менинг улушим — қоралама, тугалланмаган суврат, кичкина бағишловлар. Бугунга нарх-навода, билиб қўйинг, етади шу.» Эдвард ва Бен Говард ўртасида бахтли ҳамкорлик даври шундай бошланди.

Бу икки мубҳам жуфтликнинг ясамалари рангтасвир ихлосмандлари қўлига ўтиб, Флорида, Арканзас, Орегондаги кўплаб бадавлат хонадонлар деворига кўрк берди.

Лекин бу давр узоққа чўзилмади.

Усталарнинг картиналарини нусха қиладиган, қалбаки ясайдиган Бен Говард тоифасидаги одамларнинг кўпи нафақат уларнинг истеъдодидан, балки очкўзликдан ҳам бебаҳра эди. Лекин Бен Говард унақа эмас, у Эдварддан осмон қадар бўнак сўрар эдики, ажралиш муқаррар бўлиб қолди, бақир-чақир, сўкиниш, ўзаро айбситиш бошланди ва улар юзкўрмас бўлиб кетдилар.

Айни шу вазият кутилмаганда Одри Макалистер билан Эдвардни яқинлаштириб қўйди. Эдварнинг шаҳардаги янгиликдан бехабар қолмаслик учун ҳафтада бир-икки марта бошқа салонларни айланадиган одати бор эди. У бир куни кечқурун Одрининг салонида юрганида унинг кабинети эшиги очилиб, ичкаридан Бен Говард асабий югуриб чиқди ва эшикка йўл олди. Кўп ўтмай Одрининг ўзи чиқди, унинг феъли айниган, Бен Говарднинг кетганига ишонч ҳосил қилиш учун шекилли, атрофга аланглаб олди.

Эдвард бу саҳнани бошқа кўзлардан пана бир қулай жойда кузатиб турди.

Эдварднинг калласида фикрлар ғужғон ўйнади, лекин ҳаяжони таъсирида иш тутди. Одрининг олдига бориб:

— Менингча, сиз билан керагича танишмиз, бу сизни тушликка таклиф этишга ҳуқуқ берар деб ўйлайман, — деди.

Одри синини бузмай, жавоб берди:
— Мен жон-жон дер эдим.

Бу тушлик, унинг сабаби ҳамдардликми ё очкўзликми, ишқилиб, Одри Билан Эдвард ўртасидаги ҳарбий иттифоқнинг бошланиши бўлди.

Айни Одри кечқурун Эдвардни ҳайрон қўйиб, жиловни қўлга олди.

— Баъзида ўксиниб кетаман, — деди Одри дастурхон устида. – ўрта асрларда туғилмаганимга.
— Нимага энди? – деди Эдвард.

— Чунки у пайтлари антиқафурушлар анча осон яшаганлар. Ўша вақтлари мижозларга нима керак эди? Авлиёнинг суяги, илоҳий хочнинг бир парчаси. Бу талабни қондириш осон бўлган. Хоч парчалари насроний дунёда шу қадар кўп бўлганки, бутун бошли сарой қуришга ҳам бемалол етган. .

— Азизим, жуда тўкин яшаган бўлар эдик.
Одри унга қўшилиб бош ирғади.

— Шу кунларда Омахадаги бир мижозим ошхонасини безаш учун Моненинг картинасини ололмай юрганидан, айтгандай, яхши баҳога, ноумидликда ўзини адо қиляпти.

Эдуард ташвишманд қиёфага кирди.

— Моненинг янги картинасини кўрдингизми? Анави, ўн тўртга етти фут, картина эмас, уйнинг ўлчамида, шундай эмасми… Тўхтанг. Менда сизга боп Моне топилармикан…

Одри кулиб юборди.
— Ташвиш қилманг. Айтганча, менга бугун битта Монени таклиф қилишди. Сизнинг ошнангиз Бен Говард. Жирканч кимса.

Эдвард қошини ҳайрон керди.
— Менинг ошнам?

Одри унинг кўзларига дадил қаради.
— Ўзингизни гўлликка солманг, — деди у. – Бен Говарддан мен ҳам картина олардим. Худди сизга ўхшаб.

Эдвард стол узра секин эгилиб, қўлини Одрининг қўлига қўйди.
— Энди, — деди у, — биз ишга киришамиз.

Бетавфиқ иттифоқ гуркиради. Буни улар мақсади арзон олиб қимматга уриш бўлган ва кераксиз рақобатдан ҳоли ҳимоя уюшмаси қилиб олдилар. Бунда, албатта, Бен Говард ўйиндан чиқариб ташланди, чунки бу ишда қизиққонлик хатарли. Бен Говарднинг ягона фазилати – кўп қирралилик, лекин ўзининг тор соҳасида маҳорати ҳеч кимдан қолишмайдиган одамлар ҳам кўп, лекин уларнинг ажойиб фазилатлари – камтарликлари бор эди. Уларнинг пири Гёте эди. Нусхакашларнинг меҳнатидан ҳайратга тушган, бу меҳнатни муқаддас нусха деб атаган Гёте.

— Охир-оқибат, — деди бир куни Одри. – агар суврат гўзал бўлса, уни ким чизганининг нима фарқи бор? Муҳими шунда-ку.
— Шунда, — деб такрорлади Эдвард. – яна, пулида ҳам бўлса керак…

— Ахир, тушунасиз-ку, қалбаки деб ерга уриш аҳмоқлик. Ўҳ, бу ўн тўққизинчи аср, лаънати аҳлоқи билан бирга қуриб кетсин. Микеланжелонинг юнон ҳайкалларидан кўчиргани ҳаммага маълум-ку. Одамлар бу билан уни кам ҳурмат қилмаганлар.

— Ҳа, тўғри, — деди Эдвард. – лекин Микелажелода қалбаки ҳам муайян ички қадриятга эга эди… Йўқ, азизим, ўзимизни алдамайлик. Биз кўчанинг соя томонидан юрамиз. Бу ҳақиқат, унга ё кўниш керак ёки, ҳеч бўлмаса, мардона дош бериш керак. Бир кўзинг ариқчадан тилла танга излаш билан банд бўлса, иккинчи кўзингни қонун вакилларидан узмаслик керак…

— Эдвард, биласизми, — деди Одри, — мен ҳеч қачон камбағаллрга сотмайман.
— Сиз қўядиган нархларга қараганда, — деди Эдвард, — шундай бўлса керак, дейман.

Албатта, уларнинг ҳамкорлиги давомида Малербнинг «Бош чаноғи ва бойўғли»си билан бўлганидек воқеа юз бермаган. Бир томондан, иккаласининг ҳам ақли шундай аниқ-таниқ ҳам ҳамоҳанг ишлаганини ўйлаб завқланган, иккинчи томондан, бу уларнинг иши, ишда шунақа бўлиб қолганидан таҳликага ҳам тушган эдилар. Улар ҳаммасига тасодиф деб қарадилар-да, тубини ўйлаб ўтирмадилар. Картиналар воқеасида ҳеч қандай фириб йўқ, иккаласини икки уста чизган, Эдвард ўзиникига ўзи олов текизган эди, Одри ҳам ўзиникига.

Гап энди бу ёғига нима қилишда қолди. Картиналарнинг биттаси йўқ қилинса, ақлдан бўлади. Лекин қайсини? Одри ўзиникини энг яхшиси деб биларди, Эдвард эса ўзиникини. Баҳс чўзилди, лекин кутилмаганда газетадаги битта хабар уларнинг тортишувига чек қўйди.

Мендэкс музейи Малерб картиналари кўргазмаси очилишини эълон қилди. «Мендэкс» эллик йил олдин Герман Мендэкс асос солган қадимий, мўътабар музей бўлиб, нархлар арзон пайтлари тўпланган яхши картиналарга бой хазинаси бор эди. Энди музей Малербнинг ўз коллекцияси, бошқа музейлар ва шахсий коллекциялардан олинган катта кўргазмасини ваъда қилган, бунда албатта, картиналарнинг ёқиб юборилгани ҳақидаги хабарнинг ҳам таъсири анча эди.

— Мана, ниҳоят, — деди Одри. – энди ҳаммасини – Малербнинг тўлик картина сайланмаларини бир вақтнинг ўзида кўриб, уларга қайсимизники ранги ва услуби бўйича яқин эканини ҳал қиламиз.

Иккаласига ҳам очилишига таклифнома келди ва улар бирга бордилар. Томошабин одатдагидек: камтарона кийинган бойлар, бой кийинган камбағаллар, санъатни севадиган телевизиончилар ва ҳеч бир тадбир шуларсиз ўтмайдиган одамлар эди. Ҳамма бир-бирига, битта ярим одам картиналарга интилган эди.
Эдвард билан Одрига кутилмаган совға мунтазир экан. Учинчи залга киришлари билан тўғриларида, деворнинг марказида бошқа картиналардан алоҳида осиғли, мукаммал, зарар кўрмаган, олов тегмаган «Бош чаноғи билан бойўғли»га кўзлари тушди.

Улар бир муддат ҳайрат билан, унсиз сукутда картинага тикилиб қолдилар, Кейин Одри Эдварднинг қўлини ушлаб, титроқ билан сиқди.

— Ўйлаб кўринг… – деди у, — бир ўйлаб кўринг, агар ҳам биз…

Улар картина ёнига бориб, тагидаги ёрлиқни ўқидилар. Унда «Янги харид. Музей маблағига олинди» деб ёзилган эди.

— Мен билишим керак, — деди Эдвард, – юринг.

Улар музей сақловчиси, кўҳна Нили хонимни ўз кабинетидан топдилар: кўксига қадалган икки атиргул билан қирққулоқ новдаси унга вазият тақозо қилган тантанали тус берган эди.

— Аҳ, буми! – деб хитоб қилди у. – Хўш, қойилмисиз? Бир омадимиз келди-да, деб ўйлаймиз. Биласизми… – у кимгадир жилмайиб бош ирғади, — кечирасиз… Малерб уни йўқ қилди дейишар эди, лекин ундай эмас. Бунинг тарихи узун. Малербга қўшни турган бир америкалик ёш рассом уникига ҳалиги… эртасига кириб, – у «ёқилган» деган сўзни айтгиси келмади. – «Бош чаноғи ва бойўғли»ни кўради. Шу заҳоти сотиб олади. Малерб буни ҳам ёқмоқчи бўлган шекилли, лекин нимадир бўлган, ё фикридан қайтган, бу ҳам бахтимизга. Биз эҳтимол, нима бўлганини ҳеч қачон билмасмиз. Лекин бу воқеанинг ҳаммаси эмас. Бошқа пайти, бунчалар банд бўлмаганимда…

— Ўша америкалик рассомнинг оти нима экан? – деб сўради Одри.

— Оти, — деди Нили хоним. – уни эшитмаган ҳам бўлсангиз керак. қарийб ном қозонмаган. Бен Говард унинг оти.

Эдвард кўчада айтди:
— Яхши, энди биз нима қиламиз?

— Мет*га борайлик, — деди Одри. – Мен санъат шайдосиман, ростдан ҳам қадимий рассомларнинг ҳақиқий рангтасвирларини кўргим келяпти.

Кечқурун, таомдан сўнг иккаласи Одрининг оч-жигаррранг диванида, иссиққина камин қаршисида ўтирар эдилар. қаҳва ичилган, Эдвард қўлидаги арманьяк тўла қадаҳни жимгина айлантирар эди.

Ниҳоят у:
— Ҳозирми? – деб сўради.

Одри кифтини қисди:
— Нимани ҳам кутамиз?

Эдвард ўрнидан туриб, камин ёнига борди. Каминнинг икки томонида «Бош чаноғи ва бойўғли»нинг нусхалари деворга суяб қўйилган эди.

— Авал меникини, — деди Эдвард ва ўз картинасини оловга ташлади.
— Ҳар қалай сиғди-ку, — деди Одри.

Эдвард Одрининг картинасини ҳам каминга ташлаб, диванга қайтди. Иккаласи ҳам оловнинг картиналарни ямлашишига жим қараб қолдилар.

— Шунча меҳнат-а, — деди Одри, — шунча ниятлар! Лекин, майли. Ҳаммаси яхшиликка шекилли.
— Шундай, — деди Эдвард.

— Битта нарса аниқ. Бен Говард тамом. Агар у экспертлар текширадиган, cуриштирадиган музейларга сотиш даражасида аҳмоқ бўлган бўлса, ишонаверинг, бир кун эмас, бир кун…

— Қўлга тушади, — деди Эдвард диванга ясланиб. – Лекин бошқа гап… – Эдвард ўйланиб қолди. – мени картинанинг ўзи ҳайрон қолдирди. Иккаламизникидан жуда ўтиб тушади. Бен Говарднинг қачон бўлмасин яратган ҳамма нарсасидан шунчалар ортиқ. Хаёлингизга
келмадими, бу..

— Асл ўзи эмасми? – Одрининг овозида иккиланиш бор эди. –

– Сиз унинг қадрига етмайсиз деб ўйлайман. Лекин, дейлик, шундай ҳам бўлсин. Бари бир, бизга у хавфли эмас, асл картиналар билан савдо қилса ҳам.

Эдвард кулиб юборди. Ўз қадаҳини кўтариб, Одрига қадаҳ узатди.

— Келинг, Бен Говард учун кўтарайлик, — деди у.
— Бўлади, — деди Одри. – Ҳа, кўп нарсада қарздормиз ундан.

— Бен Говард бўлмаганида, — деди Эдвард. – ҳозир оёғимизни столга қўйиб, соғ-омон гуноҳга ботиб ўтирмаган бўлар эдик…

Одри жилмайиб қадаҳ кўтарди.

— Келажак ҳақида ўйлаб…

* «Метрополитен мьюзеум оф арте», Нью-Йоркдаги йирик санъат музейи

Манбаъ:«Современная американская новелла». Изд.-во Иностранная литература», М., 1963.

cps5mo42kpiyfs09kq3q.jpg Ishi o‘ngidan kelib yurgan kartina galereyasi egasi Eduard Lorillard, yumshoqkursiga yastangancha qotma gavdasini cho‘zib, oyog‘ini stolga qo‘ydi-da, jiringlayotgan go‘shakni oldi. Uning xayolchan nigohi chiroyli buyumni, asl Vayoming nefritidan sayqallab yasalgan to‘q-yashil tuxumni silayotgan chap qo‘lida edi.

Jorj (Georg) Bredshou
“BOSH CHANOFI VA BOYO‘FLI”
Ahmad A’zam tarjimasi
09

elgreco.jpgIshi o‘ngidan kelib yurgan kartina galereyasi egasi Eduard Lorillard, yumshoqkursiga yastangancha qotma gavdasini cho‘zib, oyog‘ini stolga qo‘ydi-da, jiringlayotgan go‘shakni oldi. Uning xayolchan nigohi chiroyli buyumni, asl Vayoming nefritidan sayqallab yasalgan to‘q-yashil tuxumni silayotgan chap qo‘lida edi.

— Gazetalarni o‘qigandirsiz? – deb go‘shakdan Odri Makalisterning ovozi eshitildi.
— Ih-hm, — deb qo‘ydi Edvard Lorillard.

— Nima deb o‘ylaysiz?
— Nimani?

— Malerbni, — dedi Odri, go‘yoki shu kuni gazetalar faqatgina Malerb haqida yozgandek.
— A, bumi… — dedi Edvard ovoziga keraklicha befarq ohang berib.

Lekin o‘zining qoshlari chimirildi, barmoqlari toshtuxumni mahkam changalladi.

— Bu sizga biron naf keltiradimi?

— Yo‘q, — deb javob berdi Edvard. – Menda ikki-uchta suvrati, bir-ikkita ilk ofortlari bor, xolos.

— Menda esa bitta kartina. Bahosini hozirgina besh yuz dollarga ko‘tardim, tasavvur qilasizmi…

— Tasavvur qilaman, — dedi Edvard va uning barmoqlari toshtuxumni yanada mahkamroq changalladi.

— Xo‘sh…
— Xo‘p, bir vaqt topganda kirarsiz… — dedi Odri.

Edvard go‘shakni ildi. Oyog‘ini pastga tushirib, gazetani qo‘liga oldi. Uning mag‘rur yuziga soya qalqdi.

Odrining Malerb haqidagi gaplari uni tashvishga soldi, hatto bir oz cho‘chitdi ham. Xabarga uning ko‘zi tushgan, lekin shunchaki qarab qo‘ygan edi, xolos. Lekin, mana, bu yerda Parijdan berilgan telegramma gazetaning qariyb butun ustunini egallagan, undagi xabar shuncha muhim ekanki, halitdan London bilan Stokgolmda ham, Syurix bilan San-Fransiskoda ham tarqalgan, xuddi shunday Nyu-Yorkka ham yetib ulgurgan. A men bo‘lsam bunga qiziqib ham ko‘rmabman, deb o‘yladi Edvard. Nima uchun?

Xabarning mazmuni quyidagicha edi: Moris Malerb yetmish sakkizta asarini yoqib tashlagani haqida bir haftadan beri Parijda yurgan mish-mishni tasdiqlabdi. Sakson yoshligi arafasida u, o‘zining aytishicha, ishlarini bir ko‘rib chiqib, shu yetmish sakkizta suvratni o‘rtamiyona degan xulosaga kelibdi-da, o‘sha zahotiyoq ularni ustaxonasidagi koshinli pechkaga tiqib, yoqib yuboribdi.

Pechka Edvardning esida, yaxshi issiq berar edi.

«Men hali kuchga to‘laman, — degan Malerbning so‘zlari ham keltirilgan edi. – Istagan paytimda kartina yarata olaman, lekin hammasi ham didimdagidek chiqavermaydi.»

Edvardning ko‘z oldida Parij maktabining buyuk namoyandasi, orasta qora kostyum kiygan, nishasta oq yoqali, saf terilgan kartinalar oldida turib, hayot va san’at haqida nutq irod qilishni yaxshi ko‘radigan cholning qiyofasi gavdalandi… Malerbdan boshqa hech kim hech qachon o‘rtamiyona kartina qilganman deb aytishga jur’at qilolmaydi. Telegrammada Malerb yo‘q qilgan kartinalardan bir nechtasining nomi aytilgan edi. Ko‘pi, tabiiyki, notanish, chunki ularni Malerb ustaxonadan chiqarmagan, faqat ayrimlarigina ko‘rsatilgan edi. Ro‘yxatga ko‘z yugurtirib, Edvardning nigohi to‘qqizinchi raqamda to‘xtadi: u yerda «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li» deb yozilgan edi.

U boshini ko‘tardi. Kartinani u bilardi, qayerdadir uning reproduksiyasini ko‘rgan. U o‘rnidan turib, ma’lumotnomalarni saqlaydigan kabinetiga yo‘l oldi.

Lorillard-Gallerining orqa tomonida joylashgan kabinetdagi tartibsizlik bu xonaning qulayligi uchun qancha kerak bo‘lsa, shuncha edi. Bu rangpar nok og‘ochi bilan ishlangan, xira-sariq tusli ko‘n tortilgan divan, ustiga oq lolalar to‘zg‘igan ko‘ralar qo‘yilgan stollar qo‘yilgan chiroyli xona, stollarda ismliklar, muzey yo‘lko‘rsatgichlari, plakatlar, bukletlar — butun dunyodan to‘plangan son-sanoqsiz reklama «ashqol-dashqollari» qalashib yotardi. Bu uyum Edvardning joni-dili, keyin bu unga ishonch berar, uning xotirasi ham shunday ediki, nimani qayerdan izlashni doim bilar edi. Hozir ham «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li»ning reproduksiyasini bir zumda topdi, ikki marta natijasiz urinishdan keyin, 1937 yilgi «San’at ismligi»ni tortgan edi, unda, o‘zi kutganidek, reproduksiya ham bor ekan.

Cholning kartinani yoqib yuborganiga ishonish qiyin. U juda mukammal, qizg‘ish tagzamin, nozik oq ranglari, to‘yingan qora buyoqlari, yugurik-chaqqon chizgilari Malerbning o‘zigagina xos, muhtasham bir asar edi… Edvard kitobni stolga qo‘yib, deraza yoniga keldi… Ha, lekin savolning javobi qani: nima uchun bu xabar unga Odri Makalisterchalik ta’sir qilmadi? San’atda juda ko‘p narsadan boxabar bo‘lib ketib, haqiqiy dallolga xos havasmandlik ishtiyoqini yo‘qotib qo‘yganidan emasmi?

Bu son, yetmish sakkiz — mana, matbuotga nima ta’sir qilgan. Va bu tabiiy ham. Dunyodagi bironta muzeyda Malerbning shuncha asari topilmaydi. Ehtimol, tomoshabinlar uning buncha asarini birdaniga ko‘rgani ham yo‘qdir. O‘zigagina xos, faqat shulargagina xos dovruqli o‘n-o‘n ikki yorqin kartinaning bir zalda namoyish etilishining o‘ziyoq har qanday tomoshabinning hushini o‘g‘irlaydi. Bu yerda esa yetmish sakkizta…

Tomoshabin tushunmaydigan bitta narsa bor, bu buyuk rassomlarning sermahsulligi. Agar Lorillard san’at olamida yuz berayotgan nimaiki bo‘lsa, hammasidan hayrat titrog‘iga tushmay qo‘ygan bo‘lsa, demak, u o‘lgan. Hech bo‘lmasa, ishbilarmon sifatida.

Edvard yana stolga o‘tirib, ismlikni o‘ziga tortdi. Balki masala boshqa yoqdadir, — deb o‘yladi u. – balki, ko‘p narsaga fahmi yetmaydigan «Makalister» bekasining mendan tezroq fikrlagani malol kelayotgandir?

Edvar shu kartinaga tegishli bor narsani o‘qishga tutindi, yarim soat ichida ismlikdan o‘ziga kerakli narsalarni: qachon yaratilgani, o‘lchami, 1937 yili qanday peshvoz olinganini bilib oldi. Berilib o‘qiy turib, xuddi kutmaganda xayoliga allaqanday bir fikr kelib qolgandek yoki nimadir shu paytgacha noma’lum narsa birdan ochilgandek, titrab ketdi. U boshini ko‘tarib, ko‘rmayotgan nigohini kenglikka qadab qoldi. Xa-xa, deb xayolan kuldi u, Odri Makalisterga bir yaxshi saboq berib qo‘yadi.

Bir oylardan keyin, sokin tiniq bir oqshomda Edvard Odrini birga ovqatlanishga taklif qildi. Yettidan keyin, sal o‘tmay uning oltmishinchi ko‘cha hududida joylashgan saloniga qog‘ozga o‘ralgan, holatdan kelib chiqilsa, faqat kartina bo‘lishi mumkin narsani ko‘tarib kirdi. U Odrini salon ichkarisidagi mehmonxonadan topdi. Odri och-jigarrang divanda gazeta o‘qib o‘tirgan ekan. Bu — bog‘ tomonga chiqadigan eshiklari oynavand, katta kaminli va, albatta, ko‘p kartina devoriga osilgan, yerga qator terib qo‘yilgan chiroyli bir xona edi.

Odrining kulrang sochlarida nimadir sun’iylikni shubha qilish mumkin, lekin yuzi haqida bunday deb bo‘lmas edi. Nozik, go‘zal, xotirjam va o‘ziga ishongan — omadi yurishgan insonning yuzi. U Edvardga o‘ta qalin ko‘zoynagi ustidan qaradi-da, o‘ramni ko‘rsatib:
— Bu mengami? — deb so‘radi.

— Yo‘q, — deb Edvard o‘zi yaxshi ko‘radigan yumshoqkursiga o‘tirdi. — Lekin bunda. o‘ylashimcha, sizni hayron qiladigan bir narsa bor.

— Biron nima ichasizmi?

Edvard bosh irg‘adi.
— Bir qadah martini, eng zo‘ridan.

U o‘ramni ochishga tutindi.

Odrining iste’dodi ko‘p, martini tayyorlashi ham boshqa iste’dodlaridan qolishmas edi. Uning bir narsadan omadi kelgan — otasi urushgacha, ya’ni birinchi jahon urushidan oldin g‘amlab qo‘ygan bir necha bochka vermut vinosini unga qoldirgan edi.

Edvard bir yutum qildi-da, ko‘zlarini yumdi.

— Ilohiy, — deli u. – barmenlarni avliyolar qatoriga kiritishsa, siz birinchi bo‘lasiz.

Odri yana divanga o‘tirdi.

— Bahs boylaymizmi, shu gapni hamma barmenlarga aytasiz — dedi u, — Xo‘sh, endi meni hayron qoldiring-chi.

Edvard sigaret oldi.

— Kichik kirish qilishim kerak, — dedi u. – Bir-ikki hafta oldin Malerb haqida gaplashgan edik, esingizdami?

Odri hushyor tortdi.

— Haligi, o‘tda yoqish, esladingizmi? — dedi Edvard.
— Ha, ha, esladim.

— Gaplashganimizdan keyin maqolani diqqat bilan yana o‘qidim. Juda hayron bo‘lib qoldim… Malerbning ustaxonasida bo‘lganman, bilasiz. Ko‘p emas, lekin borib turardim.

Odri bosh irg‘adi.
— Bir marta borganman. Shunday bir shinam…

— Unda, — dedi Edvard. – koshinli pechkani ham eslaysiz?
— Eslayman.

— Gazetalarda uni kartinalarni xuddi shu pechkada qdi, deb yozildi.
— Ha.

— Xo‘sh, endi pechkaga kelsak. Uning eshikchasi o‘n sakkiz dyuymdan keng emas.
— To‘g‘ri.

— Xo‘p, mana. U yoqqan hamma kartinaning o‘lchamini bilmayman. Ularning ko‘pi, ehtimol, ixcham bo‘lgandir. Lekin bir narsani bilaman, hammasi ham kichik emas. «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li» uchga to‘rt fut edi.

— Ha, lekin… – deb gap boshlamoqchi bo‘ldi Odri.

— Albatta, bilaman, kartinani qiyib, matosini olib, yoqsa ham bo‘ladi. Lekin nimagadir cholning shunday qilishini sira ko‘z oldimga keltirolmayman. Yoqib tashlashi mumkin, turgan gap, lekin u kartinani qiyadigan, yirtadiganlar toifasidan emas. Shunday qiladi deb o‘ylaysizmi?

— Yo‘q, to‘g‘ri aytyapsiz.

— Nima bo‘lsa ham, aniqlashga kirishdim. Parijga Jan Lombardiga telefon qilib, undan ma’lumot olishni so‘radim. Va o‘tgan kuni… – shunda Edvard kartina o‘ralgan qog‘ozni ochishga kirishdi. – meni bojxonaga taklif qildilar, borsam meni nima kutyapti deng….

U tantanali ishora bilan kartina yuzini ochdi – bu Moris Malerbning «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li»si edi. Odri yaxshiroq ko‘rish uchun oldinga egildi. Ha, xuddi o‘zi, yorqin va mukammal, faqat ozgina nuqsi bor: yuqori chap burchagini olov yalagan, bo‘yog‘i xira tortgan edi.

— Chol kartinaning pechkaga sig‘masligini hisobga olmagan, — dedi Edvard. – Yoki fikrni o‘zgartirgan. Balki haqiqatni biz umuman bilolmasmiz. Nima bo‘lmasin, mana o‘zi – butun jilvasi bilan.

Odri o‘zini orqaga tashladi, qo‘llarini chalishtirib, o‘ychan bosh chayqadi. Edvard jilmaydi.
— Faroyibmi? – deb so‘radi.

— Ha, Edvard, — dedi Odri va o‘rnidan turdi. – Bu siz o‘ylagandan ham g‘aroyibroq.

U borib, shkafni ochdi, undan kartinani olib, Edvardning yoniga keldi va uni Edvardning kartinasi yoniga qo‘ydi.

Ular ayniy, to‘g‘rirog‘i, qariyb ayniy, olov Edvardnikining yuqori chap burchagini, unikining esa pastki o‘ng burchagini yalagan edi. Endi Edvard egildi va o‘z navbatida Odrining kartinasiga uzoq tikildi. Keyin qaddini rostlab, sigaret tutatdi.

— Siz tomoningizdan meni koshinli pechka to‘g‘risida uzun tarixni aytishga majburlash shafqatsizlik emasmi? – dedi u.

— Siz tomondan meni chuv tushirishga urinish-chi, — dedi Odri. – Edvard, azizim Edvard, do‘stligimizni bundan ishonchliroq deb yurar edim. qalbaki narsalar borasida kelishuvimizni aytmaganda ham.

— Shu gapni gapirmang, — deb Edvard atrofga xavfsirab alangladi. – Aytgancha, siz kartinangizni…
— Sizga ko‘rsatmoqchi edim. Lekin keyinroq. Ishtahangizni buzgim kelmagan edi.

Edvard kresloda o‘zini orqaga tashlab, kerishdi.

— Agar qanday ahvolga tushdingiz deb so‘rashsa, qip-qizil ahmoq bo‘lganimni aytardim.

— Xo‘p, yetar, — dedi Odri, — sizga yana bitta martini qilib beray. Keyin to‘yib kulib olaman. Undan keyin ishni gaplashib olamiz.

Edvard Lorillard bilan Odri Makalisterning do‘stona munosabatlari o‘zaro ishonch siyosatiga qurilgan edi. Agar ayrim mayda chekinishlarni aytmasa, bu munosabatlar ikki yildan davom etib keladi.

Bir kuni Edvard Uchinchi avenyu, yetmishinchi ko‘cha hududida ketayotib, antikvar do‘kon oynasida bir nechta kartinani ko‘rib qoldi. Edvard Uchinchi avenyudan yaxshi xarid yo san’at durdonasi izlaydigan anoyilardan emas, lekin bari bir, to‘xtadi: nigohi bir kartinaga tushgan, bu kartina uni hayratga solgan edi. U do‘konga kirar ekan, yuziga o‘ziga xos ehtiyotkorlik bilan zerikkan tus berdi, lekin bir necha daqiqadan keyin buning sotuvchiga zarracha ta’siri yo‘qligini ko‘rib, kartina uchun oltmish dollar to‘lashga rozi bo‘ldi. U chek to‘ldirdi va o‘n daqiqadan keyin o‘z saloniga kelib o‘tirib, kartinani ochib ko‘rdi.

U ayni istagan narsasini xarid qilganiga tezda ishondi. Kartinada chizimcha bilan bog‘langan guldasta, gullar tagida bir nechta qalam chizgilar – barg va gulbarglar tasvirlangan edi. Fon yo‘q — nozik xolstga teginilmagan, u endi vaqt o‘tishi bilan sarg‘ish-jigarrang ifodaga to‘yingan edi. Lekin chizgi kuchi, bo‘yoqning yotishi – suykumli qirmizi va mayin niliy ranglar jilosi – uning Yugyust Renuarning tugallanmagan eskizi ekaniga shubha qoldirmas edi.

Edvard hech bunaqa narsaga duch kelmagan edi. U kartinani hashamatli chorcho‘pga solib, salon kiraverishiga, yoruqqa o‘ng‘ay joyga osib qo‘ydi.

Bo‘lgan ish shuki, Ben Govard kirib keldi. Edvard uni Renuar tomoshasiga berilgan payti uchratdi – nimjon asabiy qomat, egnida eski yomg‘ir po‘sh, aktyor yoki balki raqqosga xos nozik, yoqimtoy yuzli, beshpanjadan boshqa taroq nimaligini bilmaydigan qora jingalak sochli.

Edvardning shu yerdaligini payqab, Ben Govard unga murojaat qildi.

— Siz aytolmaysizmi, bu kartina qancha turar ekan?
— Sakkiz ming besh yuz, — dedi Edvard.

Shu payti Ben Govardning yuzi qanaqadir g‘alati bo‘ldi, o‘ta hayrat va zavqli bir tabassumdan yorishib ketdi.

— Sakkiz ming besh yuz, — deb takrorladi u xuddi ishonmagandek.
— Ha, — dedi Edvard. – Zo‘r-a, to‘g‘ri emasmi?

— Siz bilan qanday… – deya ikkilanib gap boshladi Ben Govard. — qanday qilib ikkovimiz holi joyda gaplashib olsak.

Edvardning rozi bo‘lishdan boshqa iloji qolmadi.
— Marhamat, menikiga yuring, — deb uni kabinetiga boshladi.

Ben Govard gapni aylantirib o‘tirmadi.
— Men buni oxirgi ko‘rganimda, unda bu narsa yo‘q edi.

Edvard uni bo‘ldi:
— E, uni bilasizmi?

— Ha, Uchinchi avenyudagi komission do‘konga men olib borganman. Sotishga.
— Shunaqa deng, – dedi Edvard.

— Hozir o‘sha yerdan kelyapman. Sotuvchi qirq dollar to‘ladi, dedi sizni, menga ulushimni berdi. Yigirma to‘rt dollar.
— Sizni u aldabdi, — dedi Edvard, — men oltmishga oldim.

— Ajab emas, — dedi Ben Govard. – Bari siz uchun foydali bitim bo‘lgan.
— To‘g‘ri lekin.

— Sizni keyin ham shunaqa bitimlar qiziqtiradimi?
— Ehtimol.

Ben Govard uyalinqirab, ehtimolki, kechirimli jilmaydi.

— Men aytmoqchi edimki, oxirgi ko‘rganimda unda bu ismi shariflar yo‘q edi. O.R.ni nazarda tutyapman. Bu Ogyust Renuar degan ma’noda shekilli?

— Shunday shekilli, — dedi Edvard. – Buyuk rassomlar o‘z asarlariga imzo qo‘yishga kelganda beparvolik qiladilar. Lekin xaridor olgan narsasi ishonchli bo‘lishini istaydi. Balki ayol deyishim kerakmidi. Ayollar ayniqsa imzoga o‘ch bo‘ladilar. Shunga ishonadilar.

Ben Govard bosh irg‘adi.

— Xo‘p, tushunarli, — U keskin burilib eshikka yo‘l oldt. – Men yana kelaman. Sizga qaysi vaqt o‘ng‘ay?
— Ertalab, — dedi Edvard.

— Ertalab, — deb takrorladi Ben Govard. Keyin yana o‘girilib, ko‘zlarini katta-katta ochib, sekin shivirladi: — Sakkiz ming besh yuz!

Bu endi yo‘ldan ozish edi.

Ben Govard ikki kun o‘tib keldi, keyin yana va yana keldi. Uning ishchanligi, Edvard bildiki, hayratomuz edi. Bir haftada uning mo‘yqalami ostidan Xuan Grisning xushsurat suvbo‘yoqlari, Kandinskiyning burama va aylanmalari chiqib kelaverardi. Bundan tashqari uning donolik darajasida aqli ham bor edi. U durdonalarni chizmaydi. «Durdonalar, — dedi u bir kuni, — ustalarning o‘zida turaversin. Mening ulushim — qoralama, tugallanmagan suvrat, kichkina bag‘ishlovlar. Bugunga narx-navoda, bilib qo‘ying, yetadi shu.» Edvard va Ben Govard o‘rtasida baxtli hamkorlik davri shunday boshlandi.

Bu ikki mubham juftlikning yasamalari rangtasvir ixlosmandlari qo‘liga o‘tib, Florida, Arkanzas, Oregondagi ko‘plab badavlat xonadonlar devoriga ko‘rk berdi.

Lekin bu davr uzoqqa cho‘zilmadi.

Ustalarning kartinalarini nusxa qiladigan, qalbaki yasaydigan Ben Govard toifasidagi odamlarning ko‘pi nafaqat ularning iste’dodidan, balki ochko‘zlikdan ham bebahra edi. Lekin Ben Govard unaqa emas, u Edvarddan osmon qadar bo‘nak so‘rar ediki, ajralish muqarrar bo‘lib qoldi, baqir-chaqir, so‘kinish, o‘zaro aybsitish boshlandi va ular yuzko‘rmas bo‘lib ketdilar.

Ayni shu vaziyat kutilmaganda Odri Makalister bilan Edvardni yaqinlashtirib qo‘ydi. Edvarning shahardagi yangilikdan bexabar qolmaslik uchun haftada bir-ikki marta boshqa salonlarni aylanadigan odati bor edi. U bir kuni kechqurun Odrining salonida yurganida uning kabineti eshigi ochilib, ichkaridan Ben Govard asabiy yugurib chiqdi va eshikka yo‘l oldi. Ko‘p o‘tmay Odrining o‘zi chiqdi, uning fe’li aynigan, Ben Govardning ketganiga ishonch hosil qilish uchun shekilli, atrofga alanglab oldi.

Edvard bu sahnani boshqa ko‘zlardan pana bir qulay joyda kuzatib turdi.

Edvardning kallasida fikrlar g‘ujg‘on o‘ynadi, lekin hayajoni ta’sirida ish tutdi. Odrining oldiga borib:

— Meningcha, siz bilan keragicha tanishmiz, bu sizni tushlikka taklif etishga huquq berar deb o‘ylayman, — dedi.

Odri sinini buzmay, javob berdi:
— Men jon-jon der edim.

Bu tushlik, uning sababi hamdardlikmi yo ochko‘zlikmi, ishqilib, Odri Bilan Edvard o‘rtasidagi harbiy ittifoqning boshlanishi bo‘ldi.

Ayni Odri kechqurun Edvardni hayron qo‘yib, jilovni qo‘lga oldi.

— Ba’zida o‘ksinib ketaman, — dedi Odri dasturxon ustida. – o‘rta asrlarda tug‘ilmaganimga.
— Nimaga endi? – dedi Edvard.

— Chunki u paytlari antiqafurushlar ancha oson yashaganlar. O‘sha vaqtlari mijozlarga nima kerak edi? Avliyoning suyagi, ilohiy xochning bir parchasi. Bu talabni qondirish oson bo‘lgan. Xoch parchalari nasroniy dunyoda shu qadar ko‘p bo‘lganki, butun boshli saroy qurishga ham bemalol yetgan. .

— Azizim, juda to‘kin yashagan bo‘lar edik.
Odri unga qo‘shilib bosh irg‘adi.

— Shu kunlarda Omaxadagi bir mijozim oshxonasini bezash uchun Monening kartinasini ololmay yurganidan, aytganday, yaxshi bahoga, noumidlikda o‘zini ado qilyapti.

Eduard tashvishmand qiyofaga kirdi.

— Monening yangi kartinasini ko‘rdingizmi? Anavi, o‘n to‘rtga yetti fut, kartina emas, uyning o‘lchamida, shunday emasmi… To‘xtang. Menda sizga bop Mone topilarmikan…

Odri kulib yubordi.
— Tashvish qilmang. Aytgancha, menga bugun bitta Moneni taklif qilishdi. Sizning oshnangiz Ben Govard. Jirkanch kimsa.

Edvard qoshini hayron kerdi.
— Mening oshnam?

Odri uning ko‘zlariga dadil qaradi.
— O‘zingizni go‘llikka solmang, — dedi u. – Ben Govarddan men ham kartina olardim. Xuddi sizga o‘xshab.

Edvard stol uzra sekin egilib, qo‘lini Odrining qo‘liga qo‘ydi.
— Endi, — dedi u, — biz ishga kirishamiz.

Betavfiq ittifoq gurkiradi. Buni ular maqsadi arzon olib qimmatga urish bo‘lgan va keraksiz raqobatdan holi himoya uyushmasi qilib oldilar. Bunda, albatta, Ben Govard o‘yindan chiqarib tashlandi, chunki bu ishda qiziqqonlik xatarli. Ben Govardning yagona fazilati – ko‘p qirralilik, lekin o‘zining tor sohasida mahorati hech kimdan qolishmaydigan odamlar ham ko‘p, lekin ularning ajoyib fazilatlari – kamtarliklari bor edi. Ularning piri Gyote edi. Nusxakashlarning mehnatidan hayratga tushgan, bu mehnatni muqaddas nusxa deb atagan Gyote.

— Oxir-oqibat, — dedi bir kuni Odri. – agar suvrat go‘zal bo‘lsa, uni kim chizganining nima farqi bor? Muhimi shunda-ku.
— Shunda, — deb takrorladi Edvard. – yana, pulida ham bo‘lsa kerak…

— Axir, tushunasiz-ku, qalbaki deb yerga urish ahmoqlik. O‘h, bu o‘n to‘qqizinchi asr, la’nati ahloqi bilan birga qurib ketsin. Mikelanjeloning yunon haykallaridan ko‘chirgani hammaga ma’lum-ku. Odamlar bu bilan uni kam hurmat qilmaganlar.

— Ha, to‘g‘ri, — dedi Edvard. – lekin Mikelajeloda qalbaki ham muayyan ichki qadriyatga ega edi… Yo‘q, azizim, o‘zimizni aldamaylik. Biz ko‘chaning soya tomonidan yuramiz. Bu haqiqat, unga yo ko‘nish kerak yoki, hech bo‘lmasa, mardona dosh berish kerak. Bir ko‘zing ariqchadan tilla tanga izlash bilan band bo‘lsa, ikkinchi ko‘zingni qonun vakillaridan uzmaslik kerak…

— Edvard, bilasizmi, — dedi Odri, — men hech qachon kambag‘allrga sotmayman.
— Siz qo‘yadigan narxlarga qaraganda, — dedi Edvard, — shunday bo‘lsa kerak, deyman.

Albatta, ularning hamkorligi davomida Malerbning «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li»si bilan bo‘lganidek voqea yuz bermagan. Bir tomondan, ikkalasining ham aqli shunday aniq-taniq ham hamohang ishlaganini o‘ylab zavqlangan, ikkinchi tomondan, bu ularning ishi, ishda shunaqa bo‘lib qolganidan tahlikaga ham tushgan edilar. Ular hammasiga tasodif deb qaradilar-da, tubini o‘ylab o‘tirmadilar. Kartinalar voqeasida hech qanday firib yo‘q, ikkalasini ikki usta chizgan, Edvard o‘zinikiga o‘zi olov tekizgan edi, Odri ham o‘zinikiga.

Gap endi bu yog‘iga nima qilishda qoldi. Kartinalarning bittasi yo‘q qilinsa, aqldan bo‘ladi. Lekin qaysini? Odri o‘zinikini eng yaxshisi deb bilardi, Edvard esa o‘zinikini. Bahs cho‘zildi, lekin kutilmaganda gazetadagi bitta xabar ularning tortishuviga chek qo‘ydi.

Mendeks muzeyi Malerb kartinalari ko‘rgazmasi ochilishini e’lon qildi. «Mendeks» ellik yil oldin German Mendeks asos solgan qadimiy, mo‘tabar muzey bo‘lib, narxlar arzon paytlari to‘plangan yaxshi kartinalarga boy xazinasi bor edi. Endi muzey Malerbning o‘z kolleksiyasi, boshqa muzeylar va shaxsiy kolleksiyalardan olingan katta ko‘rgazmasini va’da qilgan, bunda albatta, kartinalarning yoqib yuborilgani haqidagi xabarning ham ta’siri ancha edi.

— Mana, nihoyat, — dedi Odri. – endi hammasini – Malerbning to‘lik kartina saylanmalarini bir vaqtning o‘zida ko‘rib, ularga qaysimizniki rangi va uslubi bo‘yicha yaqin ekanini hal qilamiz.

Ikkalasiga ham ochilishiga taklifnoma keldi va ular birga bordilar. Tomoshabin odatdagidek: kamtarona kiyingan boylar, boy kiyingan kambag‘allar, san’atni sevadigan televizionchilar va hech bir tadbir shularsiz o‘tmaydigan odamlar edi. Hamma bir-biriga, bitta yarim odam kartinalarga intilgan edi.
Edvard bilan Odriga kutilmagan sovg‘a muntazir ekan. Uchinchi zalga kirishlari bilan to‘g‘rilarida, devorning markazida boshqa kartinalardan alohida osig‘li, mukammal, zarar ko‘rmagan, olov tegmagan «Bosh chanog‘i bilan boyo‘g‘li»ga ko‘zlari tushdi.

Ular bir muddat hayrat bilan, unsiz sukutda kartinaga tikilib qoldilar, Keyin Odri Edvardning qo‘lini ushlab, titroq bilan siqdi.

— O‘ylab ko‘ring… – dedi u, — bir o‘ylab ko‘ring, agar ham biz…

Ular kartina yoniga borib, tagidagi yorliqni o‘qidilar. Unda «Yangi xarid. Muzey mablag‘iga olindi» deb yozilgan edi.

— Men bilishim kerak, — dedi Edvard, – yuring.

Ular muzey saqlovchisi, ko‘hna Nili xonimni o‘z kabinetidan topdilar: ko‘ksiga qadalgan ikki atirgul bilan qirqquloq novdasi unga vaziyat taqozo qilgan tantanali tus bergan edi.

— Ah, bumi! – deb xitob qildi u. – Xo‘sh, qoyilmisiz? Bir omadimiz keldi-da, deb o‘ylaymiz. Bilasizmi… – u kimgadir jilmayib bosh irg‘adi, — kechirasiz… Malerb uni yo‘q qildi deyishar edi, lekin unday emas. Buning tarixi uzun. Malerbga qo‘shni turgan bir amerikalik yosh rassom unikiga haligi… ertasiga kirib, – u «yoqilgan» degan so‘zni aytgisi kelmadi. – «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li»ni ko‘radi. Shu zahoti sotib oladi. Malerb buni ham yoqmoqchi bo‘lgan shekilli, lekin nimadir bo‘lgan, yo fikridan qaytgan, bu ham baxtimizga. Biz ehtimol, nima bo‘lganini hech qachon bilmasmiz. Lekin bu voqeaning hammasi emas. Boshqa payti, bunchalar band bo‘lmaganimda…

— O‘sha amerikalik rassomning oti nima ekan? – deb so‘radi Odri.

— Oti, — dedi Nili xonim. – uni eshitmagan ham bo‘lsangiz kerak. qariyb nom qozonmagan. Ben Govard uning oti.

Edvard ko‘chada aytdi:
— Yaxshi, endi biz nima qilamiz?

— Met*ga boraylik, — dedi Odri. – Men san’at shaydosiman, rostdan ham qadimiy rassomlarning haqiqiy rangtasvirlarini ko‘rgim kelyapti.

Kechqurun, taomdan so‘ng ikkalasi Odrining och-jigarrrang divanida, issiqqina kamin qarshisida o‘tirar edilar. qahva ichilgan, Edvard qo‘lidagi armanyak to‘la qadahni jimgina aylantirar edi.

Nihoyat u:
— Hozirmi? – deb so‘radi.

Odri kiftini qisdi:
— Nimani ham kutamiz?

Edvard o‘rnidan turib, kamin yoniga bordi. Kaminning ikki tomonida «Bosh chanog‘i va boyo‘g‘li»ning nusxalari devorga suyab qo‘yilgan edi.

— Aval menikini, — dedi Edvard va o‘z kartinasini olovga tashladi.
— Har qalay sig‘di-ku, — dedi Odri.

Edvard Odrining kartinasini ham kaminga tashlab, divanga qaytdi. Ikkalasi ham olovning kartinalarni yamlashishiga jim qarab qoldilar.

— Shuncha mehnat-a, — dedi Odri, — shuncha niyatlar! Lekin, mayli. Hammasi yaxshilikka shekilli.
— Shunday, — dedi Edvard.

— Bitta narsa aniq. Ben Govard tamom. Agar u ekspertlar tekshiradigan, curishtiradigan muzeylarga sotish darajasida ahmoq bo‘lgan bo‘lsa, ishonavering, bir kun emas, bir kun…

— Qo‘lga tushadi, — dedi Edvard divanga yaslanib. – Lekin boshqa gap… – Edvard o‘ylanib qoldi. – meni kartinaning o‘zi hayron qoldirdi. Ikkalamiznikidan juda o‘tib tushadi. Ben Govardning qachon bo‘lmasin yaratgan hamma narsasidan shunchalar ortiq. Xayolingizga
kelmadimi, bu..

— Asl o‘zi emasmi? – Odrining ovozida ikkilanish bor edi. –

– Siz uning qadriga yetmaysiz deb o‘ylayman. Lekin, deylik, shunday ham bo‘lsin. Bari bir, bizga u xavfli emas, asl kartinalar bilan savdo qilsa ham.

Edvard kulib yubordi. O‘z qadahini ko‘tarib, Odriga qadah uzatdi.

— Keling, Ben Govard uchun ko‘taraylik, — dedi u.
— Bo‘ladi, — dedi Odri. – Ha, ko‘p narsada qarzdormiz undan.

— Ben Govard bo‘lmaganida, — dedi Edvard. – hozir oyog‘imizni stolga qo‘yib, sog‘-omon gunohga botib o‘tirmagan bo‘lar edik…

Odri jilmayib qadah ko‘tardi.

— Kelajak haqida o‘ylab…

* «Metropoliten myuzeum of arte», Nyu-Yorkdagi yirik san’at muzeyi

Manba’:«Sovremennaya amerikanskaya novella». Izd.-vo Inostrannaya literatura», M., 1963.

07

(Tashriflar: umumiy 258, bugungi 1)

Izoh qoldiring