Kotib Yosin. Olov ichida bo’ston.

09
Бир куни кечаси онам мулойим, аммо маъюс ҳолда:
– Мен сени янги дунёйингдан чалғитмаслигим лозим. Менга ҳам французчани ўргат… – дедилар.
Шундай қилиб янги замоннинг тузоғи заиф илдизларимга болта уришга улгурди. Ўша кунлардаги аҳмоқона такаббурликларимни эсласам, ўзимдан уялиб кетаман. Она қўлида француз журнали билан ўғлининг столи рўпарасида сукут сақлаб ўтирарди. Қаҳри қаттиқ мактаб боласи эса ундан жим ўтиришни, нима деса шуни ортидан қайтаришни талаб қилади…
Шундай кейин қалбимда фарзанд ва она ўртасидаги бегоналикни ҳис қилдим. Биратўла ўз она тилимни ҳам, онамни ҳам бой бераётган эдим!

011

093Котиб ЁСИН
Жазоирлик шоир,драматург ва ёзувчи. 1929 йил 6 августда Константина шаҳрида туғилган.Дастлаб араб мактабида, кейинчалик франқуз лицейида таълим олади. Жазоир адабиётида ранцуз тилида ижод қилган илк адиблардан бири. Унинг «Нажма» романи ва сюрреалистик  руҳдаги  шеърий достонлари  машҳур. Халқаро мукофотлар соҳиби. Унинг шеърлари ва романлари жуда кўп тилларга таржима қилинган. 1989 йилда вафот этган.

099

ОЛОВ ИЧИДАГИ БЎСТОН
Ҳикоя

– Грамматикани ўргатайми ёки шеър?
– Шеър.
– Балки, иккаласини ҳамдир?
– Иккаласини ҳам.

Гарчи тирноғидан айрилса-да у,
Ҳеч нарса ўзгармас,у яна арслон.
Арслонлар ичида улғайса-да ит,
Арслонга айланиб қолмас ҳеч қачон.

– Кимки бу шеърни ёддан билса, демак, у арслон, – деди отам.
– Бундан чиқди, мен арслон эканман-да.

Дадам маст бўлиб келганида қози ошнаси унга насиҳат қилар, жавобини эса шеърий тарзда қабул қиларди. Ошнаси эса “Номаълум хазина”дан мисол келтирарди. Шундай кунлар бўлардики, қози илмини ошириш учун отамга эргашиб, қовоқхонага йўл оларди.

– Чинакам арслон доимо маст юради, – дерди отам. – Азалдан шундай.

Ичиб олса, қизиб турган чўғга айланиб, оғзидан ўтдек қарғиш ёғдиради. Кейин мўйлаби осилиб, сочлари оқаради. Вақт ўтиб, шамол чўғни алангалатгандек, сочларидан сийпалайди…

– Лекин баъзида, – дерди онам, – ўзгача кайфиятда ҳушига келади.

Шунда волидам отамнинг ғазабидан яширинарди.

Болалигимда мени жўжабирдай оилам даврасида кўрган киши, бу бола ёзувчи, ҳеч бўлмаганда, адабиёт шайдоси бўларди, деб ўйлаши турган гап эди. Агар мени қайси тилда ёзишимни сўрашса, у киши: “Албатта, ота-онаси, бобокалонлари сингари араб тилида”, деган бўларди. Балки у ҳақдир: шеъриятни, шубҳасиз, она тилимдаги манбалардан ўрганардим.

Отам Қуръон шарҳлари ёки мусулмон фарзлари билан шуғулланаётиб, шеърий йўсинда сўзлар, онам ҳам шу услубда жавоб қайтаришга одатланиб қолганди. Бироқ онам театр учун туғилган эди. Қандай тушунтирсам экан?.. Унинг бир ўзи бутун бошли театр эди. Отам судга кетганида мен ягона тингловчи бўлиб қолардим. Суднинг натижасига қараб, отам шод ёки ғамгин кайфиятда қайтарди.

Онам буюк актриса бўлиши мумкин эди. Бир куни менга вокзални кўрсатиб берди. Икир-чикиридан тортиб шовқин-суронларигача. Паровозга ўхшаб ҳуштак чалди. Бу аёл – умрбод тақводорлик йўлини тутганидан саёҳатни ёқтирадиган, фидойи инсон эди… “Поезд” ортидан чопиб, қичқирардим: “Тўхта, мени ҳам олиб кет!”

040Биз Жазоир-Тунис чегарасидан унча узоқ бўлмаган Садратда кун кечирардик. Менинг энг ғала-ғовур, ёрқин хотираларим ана шу даврга тааллуқли. Ўша пайтларда бахтиёр эдим.

Мадрасанинг вақтинчалик “меҳмон”и эканман, ҳаммаси яхши кетарди. Кўплаб тушунарсиз шеърларни ёд олиб, ҳурмат тахтачасига илиндим. Бошқа билимларни ўзлаштирмай, шу билан кифоялансам бўларди, ўртамиёна, ўзига тўқ шоир ёки зим-зиё ҳовуздаги балиқ каби. Ҳайҳот, мени умри аквариум ёки товада тугайдиган ўша машҳур гулмоҳининг бўронли ҳаёти кутарди. Аммо мен кўл бўйидаги итбалиқ эканман, унинг ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшайдиган турининг тунги рангларидан фахрланардим.

Менга толиблик ёқмасди. Етти ёшга тўлганимда, бошқа қишлоққа ўтганимизда (биз тез-тез саёҳат қилардик, тўғрироғи, кўчиб юрардик: мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас экан), отам пайсалга солмай, мени “Бўрилар коми”, яъни француз мактабига беришга қарор қилди. Ўз хоҳишига қарши бўлса-да, буни изоҳлади:

– Араб тили билан узоққа боролмайсан. Сен ҳам мадраса қурбони бўлишингни истамайман. Бу тилни бошқа пайт ҳам ойинг икковимиз ўргатаверамиз. Ҳамма ёқда француз тили. Ёшлигингда нимаики уқтирган бўлсак, барини унутиб, бу тилни ўзлаштиришинг шарт. Французчани ўзингга сингдириб, арабча билимларингни бамайлихотир тиклай оласан.

Отам тахминан шундай деганди. Ўшанда бунга ўзи ишонганмикан? Онам хўрсинди. Янгича фанларни ўрганишга киришиб, ёлғиз ўзим дарс тайёрлаб ўтирарканман, волидам тинчини йўқотиб, уй ичида изғирди. Алвидо, дунёда ягона театр… Драманинг тугуни яқинлашиб қолганди.

Бошида қийин бўлса-да, кейинчалик бу тилни ёқтириб қолдим, мен ҳам муаллимимиздек бемалол гапирадиган бўлдим.

Аммо онамнинг дили “хиёнатим”дан ранжиганди. Шу кўйи мени китобдан алаҳситганлари эсимда:

– Бетоб бўлиб қолмагин яна! – дердилар.

Бир куни кечаси у мулойим, аммо маъюс ҳолда:

– Мен сени янги дунёйингдан чалғитмаслигим лозим. Менга ҳам французчани ўргат… – дедилар.

Шундай қилиб янги замоннинг тузоғи заиф илдизларимга болта уришга улгурди. Ўша кунлардаги аҳмоқона такаббурликларимни эсласам, ўзимдан уялиб кетаман. Она қўлида француз журнали билан ўғлининг столи рўпарасида сукут сақлаб ўтирарди. Қаҳри қаттиқ мактаб боласи эса ундан жим ўтиришни, нима деса шуни ортидан қайтаришни талаб қилади…

Шундай кейин қалбимда фарзанд ва она ўртасидаги бегоналикни ҳис қилдим. Биратўла ўз она тилимни ҳам, онамни ҳам бой бераётган эдим!

Орадан йигирма беш йил ўтди. Қоҳирадаман. “Ал-аҳрам” рўзномасининг муҳаррири қўлимга журнал тут­қазди: ливанлик шоир китобимни ўз она тилимга ўгирибди. Мен эса бу тилда исмимни аранг ёза оламан.

Аждодларимнинг тили менга нисбатан шафқатсиз бўлиб бораётганди, гўё. Ибн Арабийнинг оламшумул шеърлари кутилмаганда мен учун янги маъно, фалсафа кашф этиб бораётганди:

О, қандай каромат!
Бу олов ичра бўстон.
Ҳар нега қодир турар,
Вужудимда урган жон…

Бахтсизлик ичидаги бу аламли ва заиф юксалиш, аланга ичидаги бўстон – дарбадарликда, француз тилида қоғоз қоралаётган жазоир шоирининг бошпанаси мана қаерда экан – бўрилар комида.

Русчадан Саиджалол САИДУМАРОВ таржимаси

M: “Kitob dunyosi” gazetasi. 02.2014

(Tashriflar: umumiy 83, bugungi 1)

Izoh qoldiring