Хаёлимга келган янги асарнинг бош қаҳрамони — қолаверса, бош ёки иккинчи даражали бўлишининг айтарли аҳамияти йўқ — ожиз, анчадан бери, балки туғилганидан буён ёруғ дунёни кўриш бахтидан бенасиб… Зулумот бандаси… Бироқ у ҳис қилади, эшитади. Бу тоифадаги кўрлар одамларни овозидан, бошқа хусусиятларидан танийдилар, ҳатто сизу мен илғамаган нарсаларни ҳис қиладилар, сезадилар…
Луи АРАГОН
КЎР ОДАМ
Рус тилидан Музаффар таржимаси
Луи Арагон (1897 — 1982) — француз ёзувчиси ва жамоат арбоби. Ижодини шоир-сюрреалист сифатида бошлаган. Туркум романлари «Мавжуд дунё» (1934—51) чиққан. Қаршилик ҳаракати иштирокчиси, қарашлари «Юракка қадалган пичоқ» шеърий тўплами (1941)да ва ҳикоялар тўплами («Французларнинг буюклиги ва тушкунлиги», 1945)да акс этган. Тарихий роман — «Пасха арафасидаги ҳафта» (1958), роман — «Анри Матисс» (1971), «Театр-роман» (1957) асарлари муаллифи.
Етмишга кирмай туриб қулоғим оғирлашиб қолди. Мабодо бирор киши телефон қилса, узуқ-юлуқ жумлалар маъносини зўрға илғаб оламан. Бироқ суҳбатдошимнинг кимлиги ва қаердан сим қоқаётганини билолмай гаранг бўламан. Бу ҳолатни тушунарсиз — ёт тилда шеър ўқигандай бир гап. Айрим районлардаги аппаратлар автоматлаштирилиб, «Клобер» ёки «Баграм» иборалари ўрнига, тўғридан-тўғри 553 ёки 924 рақамларини териш жорий этилгандан бери телефонда гаплашишим янада мушкуллашди. Ҳикоямдаги воқеалар қайси даврга алоқадорлигини англагандирсиз?! Нима ҳақда гапираётгандим? Эҳ-ҳа, қариган чоғимда севиб қолдим. Менинг ёшимда ошиқ бўлиш — кулгили! Буни қарангки, севиб қолдим. Кар ошиқ! Хаёлингизга «нотавон кўнгилга қўтир жомашов» деган гапнинг келиши табиий. Тақдир тақозоси…
Маҳбубам менга таскин бериб: «Зарари йўқ, кўзларинг кўрмаганда нима қилардим?» дейди.
Икки кундан бери ёзув столида ётган: бири Марсель, бири Японияга жўнатиладиган мактубларни маҳбубам ёзган. Кеча кечқурун у почта бўлимига бориб келишимни илтимос қилди: «Бу хатлар айтарли шошилинч эмас… Шундай бўлса-да, Марсель ва Япониядан жавоб кутаман. Йўқса, таътил кунлар бошланиб…»
Бу хатларнинг ушовидан тушови қимматлигини айтмайсизми? Марселга юбориладиган хатнинг иши осон: эски қийматдаги ўн уч франкли марка ёпиштирсам, бас. Японияга жўнатиладиган нома, асти гапирманг, юрагим безиллайди, «Авиа» бўлгани учун почта бўлимига боришим, хат вазнини ўлчатишим, қанча пул тўлаш зарурлигини сўрашим керак. Кекса одам учун бу нақадар машаққатли… Халқаро мактубларни жўнатиш учун бериладиган тўлов-купонларнинг турган-битгани ғурбат. Аллақайси Массачусетс ёки Кашмирга ярим энлик хат йўллаш дунёнинг пули туради. Шунинг учун ҳам купонларни кўргани кўзим йўқ. Улардан садақа чақадан ҳазар қилгандек нафратланаман. Бунинг сабаби бор. Чет элга хат йўлламоқчи бўлган купонларни бирор ерда ёддан чиқариб қолдираман, ё конвертга солдимми, йўқми, деган гумонга бориб, безовталанаман. Бир қанча вақт ўтиб, ажойиб кунларнинг бирида, китоб жавонини тартибга келтираётган пайтимда, қоғозлар орасида ётган купонларни кўриб қоламан: Жаҳл устида уларни йиртиб қоғоздонга ташлайман.
Афсуски, бугун ўз хоҳишимга зид иш тутишим шарт. Қон-қонингга сингиб кетган нафратдан халос бўлиш мушкул. Лекин томиримда жўш ураётган ошиқона туғён бу нафратни сиқиб чиқаролди. Хуллас, Япония ёки Кенияга хат жўнатишга мажбурман.
Мана, ниҳоят тонг ҳам отди. Омонатлар — мактуб, купонларни олиб уйдан чиқдим. Зинапоянинг ярмисига етганимда купонлар қўлимдан сирғалиб тушишига сал қолди. Тўхтаб картмонни, мактуб ва купонларни чап қўлимга олдим. Уларни тушириб қўйишдан хавфсираб, минг бир азоб билан кўчага чиқдим.
Бирорта ҳужжатни ерга туширмай, купон ва хатларни картмонга солиш учун яна тўхтадим. Картмоннинг қаватларидан ташқари бир неча қаватчалари ҳам бор. Купонларни картмон қаватчасига солаётганимда бир нарса ерга тушди. Бу маҳбубамнинг ниҳоятда гўзал сурати эди. Суратни авайлаб олиб, блокнотлар турадиган қаватга солдим. Қоғозларим аралаш-қуралаш бўлиб кетди.
Почта бўлими жойлашган Гренель кўчасига бурилдим. Хаёлимда ҳамон купонлар чарх уради. Қўлимга қарайман. Картмон ва мактублар… Купонлар қаерда қолди?.. Ҳа-я, картмонга солгандим, ҳа, ҳа картмонга солганман. Ишончим комил бўлиши учун картмонни очдим. Бир даста пул — минг франк ерга сочилди. Франкларни инқиллаб-синқиллаб йиғиб, блокнотлар орасига тикдим. Купонларни картмонга солмай, конвертларга қўшиб, қисимлаб олдим. Ортиқча даҳмаза бўлмаслиги учун картмонни костюмимнинг ички чўнтагига солдим. Тарки одат амри маҳол-керакли ҳужжатларни костюмим ёки нимчанинг ички чўнтагига соламан, маркаларни йўқотаман, майдачақаларнинг фарқига бормайман, хатларни эгасига жўнатишни унутаман… Алаҳсисам, қилаётган ишимни унутиб қўяман. Хаёлимни бир жойга жамлолмай гаранг бўламан. Қариганингда эсинг кирди-чиқди бўлиб қоларкан-да…
Бургонь кўчаси тарафдан, йўлнинг четидан ҳассаси билан пайпасланиб, майда қадам ташлаб келаётган бир мўйсафидга кўзим тушди. Орамиздаги масофа бир қадар қисқарганда унинг ҳассаси оқ эканлигини кўриб, ғалати бўлиб кетдим. Чол кўр эди… Қулоғим оғирлашгандан бери кўрларни кўрсам, ичимни ит таталайди. Карнинг йўриғи бошқа, аммо бир вақтнинг ўзида ҳам кўздан, ҳам қулоқдан ажралиш — ҳайҳот! Душманимга ҳам раво кўрмайман бу дардни… Мени кўрмаётган кишига боқарканман, хаёлан ўзимни унинг ўрнига қўйдим. Бундан ортиқроқ бахтсизлик бўлмаса керак…
Хаёлимга келган янги асарнинг бош қаҳрамони — қолаверса, бош ёки иккинчи даражали бўлишининг айтарли аҳамияти йўқ — ожиз, анчадан бери, балки туғилганидан буён ёруғ дунёни кўриш бахтидан бенасиб… Зулумот бандаси… Бироқ у ҳис қилади, эшитади. Бу тоифадаги кўрлар одамларни овозидан, бошқа хусусиятларидан танийдилар, ҳатто сизу мен илғамаган нарсаларни ҳис қиладилар, сезадилар… Янги, ёзилажак асарим кўз ёки кўриш ҳақида эмас, асло. Менинг асарим — дунё ва атроф муҳит бобида ўз тасаввури, нуқтаи назари бўлган кўр тўғрисида… Миям ари уясидек ғувиллайди… Бир неча дақиқа ичида хаёлимда минг бир ўй ғужғон ўйнади… Ўйларимни жиловлаб олишга иродам ожиз… Кўр одамнинг хотини, бола-чақаси борлиги эҳтимолдан холи эмас. Хотини унга: «Ўксинма, кўзларинг кўрмаслиги бахайр, кар бўлганингда нима қилардим…» дейиши ва бу сўзлар басирга таскин бўлиши аниқ. Бу нотавоннинг кўрлиги бир, боз устига кар бўлганда нима қиларди… Хотинининг ёнида турган бегона эркакнинг юрак уришини қандай сезарди… Кўзлар барча нарсани бирдек илғай олиши мушкул…
Мўйсафид йўлак четига биқиниб, оқ таёқчасини тақиллатиб келяпти. Унинг соч-соқоли ўсиқ, юз суяклари бўртиб чиққан, чаккаларида оқ, кўкиш нуқталар бор.
Қўлимда хат ва халқаро купонларни қисимлаганча йўлимда давом этарканман, хаёлга чўмаман. Хаёл қурғур ушовини тутқазмайди. Кейинги вақтда кўп фаромуш бўлиб қолдим. Мана шу икки-уч дақиқа ичида калламга не-не ажойиботлар келмади, дейсиз. Шу лаҳза янги, ёзилажак асаримда акс этадиган воқеалар кўз олдимда жонланди… Қолаверса… Қайсар хаёллар… Хуллас, август жангларининг бирида у қулоқдан қолади. Нима учун август дейсизми? Чунки бугун ҳам айни август тонги-да. Бундай пайтларда одатда Париж кўчаларида машиналар қатнови, шовқини анча камаяди. Аввалига бундай осойишталикда қулоқдан қолганини сезмайди… Энг даҳшатлиси, бир вақтнинг ўзида ҳам кўздан, ҳам қулоқдан айрилиш-а… Рўпарамдаги басир мўйсафидни хаёлан кар тасаввур қилдим… Ташқи дунё билан сўнгги, ягона алоқа воситасидан маҳрум бўлиш… Ҳатто ўз исмининг жаранглашини эшитмаслик… Гумроҳликка юз тутиш… Тўқ-тўқ. Ҳассанинг тўқиллаши фикримни бўлди. Ёнимдан кўр ўтиб боряпти… Китобдаги гаранг ёки басир эмас. Гренель кўчасидаги оддий авомлардан бири бўлган кўр одам… бир нафас ортимга, кўр чолга қараб қоламан. Ниҳоят, почта бўлимига ҳам етиб олдим. Очиғи ўз бошимизга ўзимиз ортиқча ғалва орттириб юрамиз. Мана шу дардисар купонларни айтаман-да! Ҳатто назарга илишга нолойиқ, оддий нарса… Ёшим олтмиш саккизга кирибдики, ҳамон бу ғурбатдан қутулолмайман. Нима учун? Ўз-ўзимдан сўрайман, сизлардан сўрайман. Балки бу инсон табиатидаги калтафаҳмликдир, ҳа, шубҳасиз калтафаҳмлик…
Японияга юбориладиган хатни жўнатиш мақсадида «Авиа почта» лавҳали дарчага мурожаат қиласан, ходима хатни олиб тарози палласига қўяди. Орага бир нафаслик жимлик чўкади. Оддий хат почта ходимасининг эътиборини ўзига бунчалик тортиши сени ажаблантиради… Ходима бир варақ қоғоз олиб ҳисоб-китобни бошлайди. Халқаро купонларни унга хат билан бирга берганман. Ҳа, айтмоқчи купонларнинг қиймати қайси нархда: ўзимизнинг франк ёки сантимдами ёки… отинг қурғур япон пули қандай аталарди? Кўрсатилганига қарамабман-у… 1905 ва 1910 йилларда марка йиғардим, ўша вақтда япон пулининг қиймати йен билан белгиланарди. Дарча рўпарасида ўтирган ходима эски ёки янги қийматдаги йенларнинг фарқини яхши билар… Қаранг-ки, тўғри хомчўт қилибман. Ходима: «Уч купон етади, истасангиз қайтимига почта маркасини берай», деди. Ахир марка йиғишни ташлаганимга анча бўлди-ку. Жавоб беришга шошилмадим. Қўлимда Марселга юбориладиган хат бор. Шунинг учун ҳам ходиманинг таклифига эътироз билдирмадим. У менга қайтим ўрнида иккита ўттиз франкли, яъни, ўттиз сантимлик марка берди. Бечора япон, жавоб хати учун атиги уч купон кераклигини билмай, ҳисобда адашибди-да… Зарар-зарар — унинг ҳамёнига зарар… Ахир Марселга юбориладиган хат пули ёнимга қолаяпти-ку, нега энди куйинишим керак…
Гренель кўчасидан уйимга қайтаётганимда хаёлимда пишаётган роман ёдимга тушди. Қайси воқеада тўхтаб қолганимни эслашга уринаман… Чигиртканинг кўриш ёки кўрмаслигини ҳеч ким билмайди. Аммо у эшитади, сезади. Прованс хиёбонига тунги сайрга чиққанимда бунга тўла ишонч ҳосил қилганман… Майсазорда чириллаётган чигиртка томон юрасиз. Чигиртка билан орангиздаги масофа қисқарганда у чириллашдан тўхтайди. Сиз чигирткани кўрмайсиз, у сизни. Лекин у чириллашдан тўхтайди. Бу хатти-ҳаракатни юз бора такрорласангиз ҳам натижа бир хил бўлади. Хулоса шуки, сиз тўхтаган нуқтада чигиртка қадам товушини бемалол сезади. Бу тавсифнинг романга қандай алоқаси бор, деган савол туғилиши табиий. Сабр қилинг, воқеанинг давомини диққат билан тинглаб, мушоҳада қилсангиз, бас…
Бояги кўр мўйсафид яна қаршимдан, бу сафар Бек кўчаси тарафдан келяпти. У бошқа кўр бўлиши ҳам мумкин. Бир марта кўрган кишини узоқдан таниш қийин… Бир-биримизга чигиртка чириллашдан тўхтаган нуқтадаги масофача яқинлашганимизда, ҳассанинг тўқиллаши эшитила бошлади. Почта бўлимига кетаётганимда қулоғимга ўтириб қолган таниш — иккита бир хил, учинчиси чўзиқроқ, яна иккита бир хил зарбли тўқиллаш овози… Айрим сўзларни зўрға илғайдиган қулоқларим ҳассасининг бир маромда тўқиллашини аниқ эшитди… Одамлар бир-бирларини юз-кўзига, мўйлаб-қошига қараб ажратишлари каби, мен ҳам ҳассанинг тўқиллашидан бояги кўрни танидим. Гапим сизга ғалати туюлмасин, бинобарин ўзимни кўрнинг ўрнига қўйиб кўряпман. Ўй-мақсадимнинг маъносини англагандирсиз? Ожизлиги етмагандек, қулоқдан ҳам қолса, хотинининг вафодорлигига қандай ишонч ҳосил қилади?.. Инсон юрагининг тепкисини эшитмайди. Боз устига ҳидни ҳам сезмаса, инсоний мулоқатдан маҳрум бўлгани…
Басир билан рўбарў келиб ундан уч-тўрт қадам узоқлашганимда мени кимдир чақираётгандек туюлди. Кўр имо-ишора билан мени тўхтатмоқчи бўлган. Ўйга толганим учун унинг имо-ишорасини илғамагандирман. Басирнинг маъсум овозини эшитмаслигим табиий… Аммо ҳассанинг тўсатдан тўқиллашдан тўхташи эътиборимни ўзига тортди… Орқамга ўгирилдим. Кўр менга қараб, худди соппа-соғ кишидек, дадил оҳангда:
— Жаноб! Жаноб! Сизмисиз? Сизни танидим шекилли? — деб сўради.
Ҳайратдан ёқа ушладим. Тавба,кўр мени қандай таниши мумкин?! Балки кийимимга ўтириб қолган қаҳва ҳидидан танигандир?! У менга аллақандай қоғозни узатди.
— Бир неча дақиқа илгари сиз билан учрашгандик. Мен у томонга кетаётгандим. Тўғрими? Демак, бу… Буни сиз тушириб қолдирмадингизми?
Маҳбубамнинг сурати… Халқаро купонларни картмонга солаётганимда яна тушириб қолдирибман-да?! Аммо мени бошқа нарса ажаблантирди. Йўлини зўрға топиб юрадиган кўр одам суратни қандай кўрган?!
— Гўзал жувон экан… Рафиқангизми? Тенгдошингизми? Омадингиз бор экан!
Басир шундай деб йўлида давом этди. Ҳассанинг тўқиллашига маҳлиё бўлиб, унинг изидан қараб қолдим. Мўйсафид мендан чигиртка чириллашдан тўхтайдиган масофачалик узоқлашганда, ҳассанинг тўқиллаши ҳам эшитилмай қолди. Бу манзара менга тунги Прованс хиёбонини, чигирткаларнинг чириллашини эслатди…
Ғайритабиий воқеа таъсирида маҳбубамнинг суратини солиш учун эмас, аксинча қоғозларнинг жойида-жойидамаслигини текшириш мақсадида ички чўнтагимдаги картмонни олдим…
Хайрият, қайтимга берилган маркалар ўз ўрнида экан…
Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1987 йил, 11-сон
Lui ARAGON
KO’R ODAM
Rus tilidan Muzaffar tarjimasi
Lui Aragon (1897 — 1982) — frantsuz yozuvchisi va jamoat arbobi. Ijodini shoir-syurrealist sifatida boshlagan. Turkum romanlari «Mavjud dunyo» (1934—51) chiqqan. Qarshilik harakati ishtirokchisi, qarashlari «Yurakka qadalgan pichoq» she’riy to’plami (1941)da va hikoyalar to’plami («Frantsuzlarning buyukligi va tushkunligi», 1945)da aks etgan. Tarixiy roman — «Pasxa arafasidagi hafta» (1958), roman — «Anri Matiss» (1971), «Teatr-roman» (1957) asarlari muallifi.
Yetmishga kirmay turib qulog‘im og‘irlashib qoldi. Mabodo biror kishi telefon qilsa, uzuq-yuluq jumlalar ma’nosini zo‘rg‘a ilg‘ab olaman. Biroq suhbatdoshimning kimligi va qaerdan sim qoqayotganini bilolmay garang bo‘laman. Bu holatni tushunarsiz — yot tilda she’r o‘qiganday bir gap. Ayrim rayonlardagi apparatlar avtomatlashtirilib, «Klober» yoki «Bagram» iboralari o‘rniga, to‘g‘ridan-to‘g‘ri 553 yoki 924 raqamlarini terish joriy etilgandan beri telefonda gaplashishim yanada mushkullashdi. Hikoyamdagi voqealar qaysi davrga aloqadorligini anglagandirsiz?! Nima haqda gapirayotgandim? Eh-ha, qarigan chog‘imda sevib qoldim. Mening yoshimda oshiq bo‘lish — kulgili! Buni qarangki, sevib qoldim. Kar oshiq! Xayolingizga «notavon ko‘ngilga qo‘tir jomashov» degan gapning kelishi tabiiy. Taqdir taqozosi…
Mahbubam menga taskin berib: «Zarari yo‘q, ko‘zlaring ko‘rmaganda nima qilardim?» deydi.
Ikki kundan beri yozuv stolida yotgan: biri Marsel, biri Yaponiyaga jo‘natiladigan maktublarni mahbubam yozgan. Kecha kechqurun u pochta bo‘limiga borib kelishimni iltimos qildi: «Bu xatlar aytarli shoshilinch emas… Shunday bo‘lsa-da, Marsel va Yaponiyadan javob kutaman. Yo‘qsa, ta’til kunlar boshlanib…»
Bu xatlarning ushovidan tushovi qimmatligini aytmaysizmi? Marselga yuboriladigan xatning ishi oson: eski qiymatdagi o‘n uch frankli marka yopishtirsam, bas. Yaponiyaga jo‘natiladigan noma, asti gapirmang, yuragim bezillaydi, «Avia» bo‘lgani uchun pochta bo‘limiga borishim, xat vaznini o‘lchatishim, qancha pul to‘lash zarurligini so‘rashim kerak. Keksa odam uchun bu naqadar mashaqqatli… Xalqaro maktublarni jo‘natish uchun beriladigan to‘lov-kuponlarning turgan-bitgani g‘urbat. Allaqaysi Massachusets yoki Kashmirga yarim enlik xat yo‘llash dunyoning puli turadi. Shuning uchun ham kuponlarni ko‘rgani ko‘zim yo‘q. Ulardan sadaqa chaqadan hazar qilgandek nafratlanaman. Buning sababi bor. Chet elga xat yo‘llamoqchi bo‘lgan kuponlarni biror yerda yoddan chiqarib qoldiraman, yo konvertga soldimmi, yo‘qmi, degan gumonga borib, bezovtalanaman. Bir qancha vaqt o‘tib, ajoyib kunlarning birida, kitob javonini tartibga keltirayotgan paytimda, qog‘ozlar orasida yotgan kuponlarni ko‘rib qolaman: Jahl ustida ularni yirtib qog‘ozdonga tashlayman.
Afsuski, bugun o‘z xohishimga zid ish tutishim shart. Qon-qoningga singib ketgan nafratdan xalos bo‘lish mushkul. Lekin tomirimda jo‘sh urayotgan oshiqona tug‘yon bu nafratni siqib chiqaroldi. Xullas, Yaponiya yoki Keniyaga xat jo‘natishga majburman.
Mana, nihoyat tong ham otdi. Omonatlar — maktub, kuponlarni olib uydan chiqdim. Zinapoyaning yarmisiga yetganimda kuponlar qo‘limdan sirg‘alib tushishiga sal qoldi. To‘xtab kartmonni, maktub va kuponlarni chap qo‘limga oldim. Ularni tushirib qo‘yishdan xavfsirab, ming bir azob bilan ko‘chaga chiqdim.
Birorta hujjatni yerga tushirmay, kupon va xatlarni kartmonga solish uchun yana to‘xtadim. Kartmonning qavatlaridan tashqari bir necha qavatchalari ham bor. Kuponlarni kartmon qavatchasiga solayotganimda bir narsa yerga tushdi. Bu mahbubamning nihoyatda go‘zal surati edi. Suratni avaylab olib, bloknotlar turadigan qavatga soldim. Qog‘ozlarim aralash-quralash bo‘lib ketdi.
Pochta bo‘limi joylashgan Grenel ko‘chasiga burildim. Xayolimda hamon kuponlar charx uradi. Qo‘limga qarayman. Kartmon va maktublar… Kuponlar qaerda qoldi?.. Ha-ya, kartmonga solgandim, ha, ha kartmonga solganman. Ishonchim komil bo‘lishi uchun kartmonni ochdim. Bir dasta pul — ming frank yerga sochildi. Franklarni inqillab-sinqillab yig‘ib, bloknotlar orasiga tikdim. Kuponlarni kartmonga solmay, konvertlarga qo‘shib, qisimlab oldim. Ortiqcha dahmaza bo‘lmasligi uchun kartmonni kostyumimning ichki cho‘ntagiga soldim. Tarki odat amri mahol-kerakli hujjatlarni kostyumim yoki nimchaning ichki cho‘ntagiga solaman, markalarni yo‘qotaman, maydachaqalarning farqiga bormayman, xatlarni egasiga jo‘natishni unutaman… Alahsisam, qilayotgan ishimni unutib qo‘yaman. Xayolimni bir joyga jamlolmay garang bo‘laman. Qariganingda esing kirdi-chiqdi bo‘lib qolarkan-da…
Burgon ko‘chasi tarafdan, yo‘lning chetidan hassasi bilan paypaslanib, mayda qadam tashlab kelayotgan bir mo‘ysafidga ko‘zim tushdi. Oramizdagi masofa bir qadar qisqarganda uning hassasi oq ekanligini ko‘rib, g‘alati bo‘lib ketdim. Chol ko‘r edi… Qulog‘im og‘irlashgandan beri ko‘rlarni ko‘rsam, ichimni it tatalaydi. Karning yo‘rig‘i boshqa, ammo bir vaqtning o‘zida ham ko‘zdan, ham quloqdan ajralish — hayhot! Dushmanimga ham ravo ko‘rmayman bu dardni… Meni ko‘rmayotgan kishiga boqarkanman, xayolan o‘zimni uning o‘rniga qo‘ydim. Bundan ortiqroq baxtsizlik bo‘lmasa kerak…
Xayolimga kelgan yangi asarning bosh qahramoni — qolaversa, bosh yoki ikkinchi darajali bo‘lishining aytarli ahamiyati yo‘q — ojiz, anchadan beri, balki tug‘ilganidan buyon yorug‘ dunyoni ko‘rish baxtidan benasib… Zulumot bandasi… Biroq u his qiladi, eshitadi. Bu toifadagi ko‘rlar odamlarni ovozidan, boshqa xususiyatlaridan taniydilar, hatto sizu men ilg‘amagan narsalarni his qiladilar, sezadilar… Yangi, yozilajak asarim ko‘z yoki ko‘rish haqida emas, aslo. Mening asarim — dunyo va atrof muhit bobida o‘z tasavvuri, nuqtai nazari bo‘lgan ko‘r to‘g‘risida… Miyam ari uyasidek g‘uvillaydi… Bir necha daqiqa ichida xayolimda ming bir o‘y g‘ujg‘on o‘ynadi… O‘ylarimni jilovlab olishga irodam ojiz… Ko‘r odamning xotini, bola-chaqasi borligi ehtimoldan xoli emas. Xotini unga: «O‘ksinma, ko‘zlaring ko‘rmasligi baxayr, kar bo‘lganingda nima qilardim…» deyishi va bu so‘zlar basirga taskin bo‘lishi aniq. Bu notavonning ko‘rligi bir, boz ustiga kar bo‘lganda nima qilardi… Xotinining yonida turgan begona erkakning yurak urishini qanday sezardi… Ko‘zlar barcha narsani birdek ilg‘ay olishi mushkul…
Mo‘ysafid yo‘lak chetiga biqinib, oq tayoqchasini taqillatib kelyapti. Uning soch-soqoli o‘siq, yuz suyaklari bo‘rtib chiqqan, chakkalarida oq, ko‘kish nuqtalar bor.
Qo‘limda xat va xalqaro kuponlarni qisimlagancha yo‘limda davom etarkanman, xayolga cho‘maman. Xayol qurg‘ur ushovini tutqazmaydi. Keyingi vaqtda ko‘p faromush bo‘lib qoldim. Mana shu ikki-uch daqiqa ichida kallamga ne-ne ajoyibotlar kelmadi, deysiz. Shu lahza yangi, yozilajak asarimda aks etadigan voqealar ko‘z oldimda jonlandi… Qolaversa… Qaysar xayollar… Xullas, avgust janglarining birida u quloqdan qoladi. Nima uchun avgust deysizmi? Chunki bugun ham ayni avgust tongi-da. Bunday paytlarda odatda Parij ko‘chalarida mashinalar qatnovi, shovqini ancha kamayadi. Avvaliga bunday osoyishtalikda quloqdan qolganini sezmaydi… Eng dahshatlisi, bir vaqtning o‘zida ham ko‘zdan, ham quloqdan ayrilish-a… Ro‘paramdagi basir mo‘ysafidni xayolan kar tasavvur qildim… Tashqi dunyo bilan so‘nggi, yagona aloqa vositasidan mahrum bo‘lish… Hatto o‘z ismining jaranglashini eshitmaslik… Gumrohlikka yuz tutish… To‘q-to‘q. Hassaning to‘qillashi fikrimni bo‘ldi. Yonimdan ko‘r o‘tib boryapti… Kitobdagi garang yoki basir emas. Grenel ko‘chasidagi oddiy avomlardan biri bo‘lgan ko‘r odam… bir nafas ortimga, ko‘r cholga qarab qolaman. Nihoyat, pochta bo‘limiga ham yetib oldim. Ochig‘i o‘z boshimizga o‘zimiz ortiqcha g‘alva orttirib yuramiz. Mana shu dardisar kuponlarni aytaman-da! Hatto nazarga ilishga noloyiq, oddiy narsa… Yoshim oltmish sakkizga kiribdiki, hamon bu g‘urbatdan qutulolmayman. Nima uchun? O‘z-o‘zimdan so‘rayman, sizlardan so‘rayman. Balki bu inson tabiatidagi kaltafahmlikdir, ha, shubhasiz kaltafahmlik… Yaponiyaga yuboriladigan xatni jo‘natish maqsadida «Avia pochta» lavhali darchaga murojaat qilasan, xodima xatni olib tarozi pallasiga qo‘yadi. Oraga bir nafaslik jimlik cho‘kadi. Oddiy xat pochta xodimasining e’tiborini o‘ziga bunchalik tortishi seni ajablantiradi… Xodima bir varaq qog‘oz olib hisob-kitobni
boshlaydi. Xalqaro kuponlarni unga xat bilan birga berganman. Ha, aytmoqchi kuponlarning qiymati qaysi narxda: o‘zimizning frank yoki santimdami yoki… oting qurg‘ur yapon puli qanday atalardi? Ko‘rsatilganiga qaramabman-u… 1905 va 1910 yillarda marka yig‘ardim, o‘sha vaqtda yapon pulining qiymati yen bilan belgilanardi. Darcha ro‘parasida o‘tirgan xodima eski yoki yangi qiymatdagi yenlarning farqini yaxshi bilar… Qarang-ki, to‘g‘ri xomcho‘t qilibman. Xodima: «Uch kupon yetadi, istasangiz qaytimiga pochta markasini beray», dedi. Axir marka yig‘ishni tashlaganimga ancha bo‘ldi-ku. Javob berishga shoshilmadim. Qo‘limda Marselga yuboriladigan xat bor. Shuning uchun ham xodimaning taklifiga e’tiroz bildirmadim. U menga qaytim o‘rnida ikkita o‘ttiz frankli, ya’ni, o‘ttiz santimlik marka berdi. Bechora yapon, javob xati uchun atigi uch kupon kerakligini bilmay, hisobda adashibdi-da… Zarar-zarar — uning hamyoniga zarar… Axir Marselga yuboriladigan xat puli yonimga qolayapti-ku, nega endi kuyinishim kerak…
Grenel ko‘chasidan uyimga qaytayotganimda xayolimda pishayotgan roman yodimga tushdi. Qaysi voqeada to‘xtab qolganimni eslashga urinaman… Chigirtkaning ko‘rish yoki ko‘rmasligini hech kim bilmaydi. Ammo u eshitadi, sezadi. Provans xiyoboniga tungi sayrga chiqqanimda bunga to‘la ishonch hosil qilganman… Maysazorda chirillayotgan chigirtka tomon yurasiz. Chigirtka bilan orangizdagi masofa qisqarganda u chirillashdan to‘xtaydi. Siz chigirtkani ko‘rmaysiz, u sizni. Lekin u chirillashdan to‘xtaydi. Bu xatti-harakatni yuz bora takrorlasangiz ham natija bir xil bo‘ladi. Xulosa shuki, siz to‘xtagan nuqtada chigirtka qadam tovushini bemalol sezadi. Bu tavsifning romanga qanday aloqasi bor, degan savol tug‘ilishi tabiiy. Sabr qiling, voqeaning davomini diqqat bilan tinglab, mushohada qilsangiz, bas…
Boyagi ko‘r mo‘ysafid yana qarshimdan, bu safar Bek ko‘chasi tarafdan kelyapti. U boshqa ko‘r bo‘lishi ham mumkin. Bir marta ko‘rgan kishini uzoqdan tanish qiyin… Bir-birimizga chigirtka chirillashdan to‘xtagan nuqtadagi masofacha yaqinlashganimizda, hassaning to‘qillashi eshitila boshladi. Pochta bo‘limiga ketayotganimda qulog‘imga o‘tirib qolgan tanish — ikkita bir xil, uchinchisi cho‘ziqroq, yana ikkita bir xil zarbli to‘qillash ovozi… Ayrim so‘zlarni zo‘rg‘a ilg‘aydigan quloqlarim hassasining bir maromda to‘qillashini aniq eshitdi… Odamlar bir-birlarini yuz-ko‘ziga, mo‘ylab-qoshiga qarab ajratishlari kabi, men ham hassaning to‘qillashidan boyagi ko‘rni tanidim. Gapim sizga g‘alati tuyulmasin, binobarin o‘zimni ko‘rning o‘rniga qo‘yib ko‘ryapman. O‘y-maqsadimning ma’nosini anglagandirsiz? Ojizligi yetmagandek, quloqdan ham qolsa, xotinining vafodorligiga qanday ishonch hosil qiladi?.. Inson yuragining tepkisini eshitmaydi. Boz ustiga hidni ham sezmasa, insoniy muloqatdan mahrum bo‘lgani…
Basir bilan ro‘baro‘ kelib undan uch-to‘rt qadam uzoqlashganimda meni kimdir chaqirayotgandek tuyuldi. Ko‘r imo-ishora bilan meni to‘xtatmoqchi bo‘lgan. O‘yga tolganim uchun uning imo-ishorasini ilg‘amagandirman. Basirning ma’sum ovozini eshitmasligim tabiiy… Ammo hassaning to‘satdan to‘qillashdan to‘xtashi e’tiborimni o‘ziga tortdi… Orqamga o‘girildim. Ko‘r menga qarab, xuddi soppa-sog‘ kishidek, dadil ohangda:
— Janob! Janob! Sizmisiz? Sizni tanidim shekilli? — deb so‘radi.
Hayratdan yoqa ushladim. Tavba,ko‘r meni qanday tanishi mumkin?! Balki kiyimimga o‘tirib qolgan qahva hididan tanigandir?! U menga allaqanday qog‘ozni uzatdi.
— Bir necha daqiqa ilgari siz bilan uchrashgandik. Men u tomonga ketayotgandim. To‘g‘rimi? Demak, bu… Buni siz tushirib qoldirmadingizmi?
Mahbubamning surati… Xalqaro kuponlarni kartmonga solayotganimda yana tushirib qoldiribman-da?! Ammo meni boshqa narsa ajablantirdi. Yo‘lini zo‘rg‘a topib yuradigan ko‘r odam suratni qanday ko‘rgan?!
— Go‘zal juvon ekan… Rafiqangizmi? Tengdoshingizmi? Omadingiz bor ekan!
Basir shunday deb yo‘lida davom etdi. Hassaning to‘qillashiga mahliyo bo‘lib, uning izidan qarab qoldim. Mo‘ysafid mendan chigirtka chirillashdan to‘xtaydigan masofachalik uzoqlashganda, hassaning to‘qillashi ham eshitilmay qoldi. Bu manzara menga tungi Provans xiyobonini, chigirtkalarning chirillashini eslatdi…
G‘ayritabiiy voqea ta’sirida mahbubamning suratini solish uchun emas, aksincha qog‘ozlarning joyida-joyidamasligini tekshirish maqsadida ichki cho‘ntagimdagi kartmonni oldim…
Xayriyat, qaytimga berilgan markalar o‘z o‘rnida ekan…
Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1987 yil, 11-son