Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan birinchi parcha.

022

      Иқтидорли шоир ва таржимон Одил Икром  таваллуд  куни арафасида Мавлоно Румий даҳосининг юксак тимсоли, ҳазратнинг инсониятга қолдирган ўлмас хазинаси — «Маънавий Маснавий»дек боқий асарнинг биринчи китобини тақдим этишни бошлаймиз ва таржимонга машаққатли меҳнати учун миннатдорчилик билдириб, унга янги ижодий шодликлар тилаб қоламиз.

ТАРЖИМА ВА ТАРЖИМОН ҲАҚИДА

Буюк асарларни қайта-қайта мутолаа қиламиз, ҳар қайта ўқиганда янги қирраларни,олдин сезмаган нафасларни туямиз, олдин ўқиганимизни теранроқ англаймиз. Қайта мутолаа эски туйғуларимизни янгилайди, хиралашган ҳаяжонларимизга қувват бағишлайди.

Буюк асарларнинг янги таржимаси ҳам худди қайта мутолаадир.  Ислом тафакккури ва Тасаввуф ҳикматининг шарофатли китоби бўлмиш «Маънавий Маснавий» ўзбек тилига бир неча бор таржима бўлганининг ўзи Жалолиддин Румий ижодининг теранлиги ва сирли эканидан далолатдир. Аввалан асрлар давомида бу ўлмас асарнинг парчалари таржима этилганини сониян, сўнгги 20 йил ичида Жамол Камол, Асқар Маҳкам томонидан ўзбек тилига ўгирилганини айтиб ўтиш лозим. Уларнинг машаққатли меҳнатларини тан олган ҳолда,  айтиш мумкинки, бу таржималарнинг айрим ўринларидан бари бир кўнглимиз тўлмагани аён эди.  Аён бўлмаганида «Маънавий Маснавий» таржимасига бошқа қўл урилмаган бўларди.

Бугун сизга тақдим этилаётган «Маънавий Маснавий»  таржимаси истеъдодли шоир Одил Икром томонидан бажарилган. Таржимон «Маънавий Маснавий»нинг янги таржимасига узоқ йиллик тайёргарликдан кейингина қўл урди ва буюк асарнинг янги мутолаасини ҳозирлади. Бу янги мутолаа ҳар биримизнинг қалбимизга янги ҳаяжонлар олиб киради, деб ўйлайман.

P. S. Мен бу мухтасар сўзни икки ярим йилча аввал ёзган эдим. Ўшанда  Одил Икром томонидан таржима қилинган «Маънавий Маснавий» дан бир неча саҳифаларни сайтимизда тақдим  этган эдик. Кейинчалик мутаржимнинг асар таржимасини қайта кўриб чиқаман, дегани сабабли  улар сайтимиздан олиб қўйилди. Одилжоннинг айтишича, орадан ўтган бир йилдан зиёд вақт мобайнида таржима Мавлононинг ўзи таҳрир қилган Қўниё нусхаси асосида қайтадан кўриб, жиддий таҳрир этилди.  Бугунги кунда асарнинг икки китоби тўла таҳрирдан чиққан.

 Одил Икромнинг туғилган куни арафасида Мавлоно Румий  инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг  биринчи китобидан янги таҳрирдаги бошланғич парчани сизга тақдим этамиз ва таржимонга машаққатли меҳнати учун миннатдорчилик билдириб, унга янги ижодий шодликлар тилаб қоламиз.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

077

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан
Одил Икром таржимаси
09

БИРИНЧИ КИТОБ МУҚАДДИМАСИ

Бу – “Маснавий” китоби, Ҳақ таолога етишмоқ ва Унга эътиқод сирларини очишда унинг асоси – дин асосларининг асоси. У Оллоҳнинг буюк фиқҳи, ёрқин шариати, ошкор-аён далилидир. Унинг “нури худди бир токча устидаги чироқ”1 нуридирким, шуъласи тонг нуридан ҳам ёруғроқ нур сочар. У жонларнинг дарахтзорлари ва булоқлари тўлиб-тошган жаннатидир. Жумладан, шундай булоғи борки, Тариқат ўғлонлари уни Салсабил2 дерлар, мақом эгалари ва каромат соҳиблари учун у “яхшироқ мартаба”,3 “энг яхши қароргоҳ ва энг гўзал истироҳатгоҳ бўлур”.4 “(Ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар”5 унда еб-ичадилар, ҳурлар эса ундан баҳра ва завқ оладилар. У Мисрдаги Нил дарёсидай, сабру қаноат аҳли учун ичимлик, Фиръавн қавми ҳамда кофирлар учун қайғу ва ҳасратдир. Ўзи айтганидек: Оллоҳ “кўпларни адаштиради ва кўпларни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилади”6. Бу кўнгиллар шифоси, ғам-ғуссани кетгизгувчи, “мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан”7 битилган, “таҳоратли –пок кишиларгина”8 ушлашига изн берилган, олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил – ноҳақлик келмас”9 ризқ-рўзни кўпайтиргувчи, ахлоқни поклагувчи, Қуръони карим маъноларини кашф этувчи китобдир. Унга Оллоҳнинг Ўзи назар ташлаб туради, “зотан, Оллоҳ энг яхши Сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг Меҳрибонроғидир”10 Бу китобнинг Ҳақ таоло берган бошқа лақаблари – сифатлари ҳам бор, аммо, биз шу ози билан кифояландик, зеро, оз кўпга, қатра уммонга, бир ҳовуч дон катта хирмонга далолат қилади.

077Буларни Ҳақ таоло раҳматига мужтож ожиз банда, Муҳаммад ўғли Муҳаммад Ҳусайн ўғли Балхий, Оллоҳ унинг айтганларини даргоҳида қабул этсин, айтмоқда: Мен жисмимда жон ўрнида қарор топган, бугуним ва эртанги куним захираси, тиргагим ва таянчим бўлмиш саййидимнинг илтимосига биноан, қичқа, аммо, сермаъно ажойиботлар ва ғаройиботларни, мумтоз иборатларни, йўл-йўриқ дурларини, зоҳидлар тариқати, обидлар гулшанини ўз ичига олган “Маснавий” манзумаларини тузишга уриндим.

Бу зот – орифлар пешвоси, ҳидоят ва сидқ имоми, одамий зот халоскори, қалб ва идрок муҳофизи, Оллоҳ яратган бандалар ичра омонат ва мумтоз, Унинг ўз пайғамбарига васиятларини ўзида акс этдирган ва У танлаган зот хилватгоҳи, Арш хазинасининг калити, Ер бойликларининг қўриқчиси, фазилатлар отаси, Ҳақ ва дин қиличи, Ҳасан ўғли Муҳаммад ўғли Ҳасан, Ахий Турк ўғли11 сифатида машҳур, давр Абу Язийди12, замона Жунайди,13 сиддиқ ўғлининг сиддиқ ўғли сиддиқ, разияллоҳу анҳу, келиб чиқиши Урмавий бўлган, “хуфтонда курд эдим, бомдодда арабга айландим” деган буюк бир шайхга, Оллоҳ унинг ва авлодлари арвоҳи руҳини шод этсин, мансубдир. Унинг аждодлари нечоғлик хушнуд ва авлодари нечоғлик хушбахтдирлар. Унинг шундай насл-насаби борки, ёруғлиги олдида қуёш ўз ридосини ёпинади, шуҳратин ёғдусида юлдузлар шуъласи хира тортади. Унинг даргоҳи Унга юзланганлар қибласи, Ҳақ лутфидан умидвор элчилар атрофини айланиб зиёрат қилмоқликлари учун орзулар Каъбасидир. Токи ҳар кеч юлдузлар порлаб, ҳар тонг Шарқ машъали нур сочар экан, раббоний, руҳоний, осмоний, арший назар соҳиблари, сукут ила разм солгувчилар, ҳозир бўлгувчи ғойиблар, жандапўш шоҳлар, қавмларнинг улуғвор зотлари, фазилат эгалари, далолат нурлари учун Оллоҳ уларни ўз паноҳида асрасин. Омийн, ё Раббул оламийн!

Бу дуо ижобат бўлгай, зеро, у бутун борлиқни қамраб олган дуодир. Оллоҳу Аҳадга ҳамду санолар бўлсин, Саййидимиз Муҳаммадга, унинг қавми ва хонадонига Оллоҳ раҳмати ёғилсин! “Бизга Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли Вакилдир”.14

ИЗОҲЛАР

1 – “Оллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб – йўқдан бор қилиб тургувчидир). У Зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди…” (Қуръони карим, “Нур” сураси, 35-оят).

2 – “(Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар билан – (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма билан суғорилурлар”. (Қуръони карим, “Инсон” сураси, 17-18-оятлар).

3 – “Қачон уларга (яъни, инсонларга) очиқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: “Қайси гуруҳ яхшироқ мартаба ва гўзалроқ мажлисда?”, дейдилар. (Яъни, бой-бадавлат мушриклар фақир ва мискин мўминларнинг устидан куладилар). (Қуръони карим, “Марям” сураси, 73-оят).

4 – “Жаннат эгалари эса у Кунда энг яхши қароргоҳлар ва энг гўзал истироҳатгоҳларда бўлурлар”. (Қуръони карим, “Фурқон” сураси, 24-оят).

5 – “Албатта (ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи аралашмаси кофувр – Оллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма – бўлган майкрсалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан)тчиқариб-оқизиб олурлар”. (Қуръони карим, “Инсон” сураси, 5-6-оятлар).

6 – Оллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан, Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: “Буни мисол қилиш билан Оллоҳ нима демоқчи?”, дейдилар. Бу масал сабаб (Оллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилади”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 26-оят).

7 – “(У оятлар Оллоҳ наздида) азизу мукаррам, қадри баланд, покиза саҳифаларга; Мукаррам, итоатли мирзолар (яъни, фаришталар) қўллари билан (Лаҳфул-Маҳфуздан кўчириб битилгандир)”. (Қуръони карим, “Абаса” сураси, 13-16-оятлар).

8 – “Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар”. (Қуръони карим, “Воқеа” сураси, 79-оят).

9 – “Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни, Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки, у) ҳикмат ва ҳамду сано Эгаси томонидан нозил қилингандир”. (Қуръони карим, “Фуссилат” сураси, 42-оят).

10 – “(Яъқуб) деди: “Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман (яъни, ўшанда ҳам менга берган ваъдаларингизга хиёнат қилган эдингиз. Демак, мен сизларга унинг инисини ҳам ишониб топширолмайман. Лекин мен Ёлғиз Оллоҳнинг сақлашига ишонаман, холос). Зотан, Оллоҳ энг яхши Сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг Меҳрибонроғидир”. (Қуръони карим, “Юсуф” сураси, 64-оят).

11 – Мавлононинг котиби, “Маснавий”ни ёзишга даъват этган Шайх Ҳусомиддин Чалабий назарда тутилган.

12 – Буюк авлиёлардан бири, Султон-ул –орифин лақаби билан машҳур Боязид Бистомий.

13 – Буюк мутасаввуф Жунайд Бағдодий.

14 – “Ундай зотларга айрим кимсалар: “(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқингиз””, деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: “Бизга Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли Вакилдир!”, дедилар”. (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 173-оят).

077
МЕҲРИБОН ВА РАҲМЛИ ОЛЛОҲ НОМИ БИЛАН!

Тингла найдан, не ҳикоят айлагай,1
Айрилиқлардан шикоят айлагай:

“То қамишзордан танимни кесдилар,
Зорларим эркак-аёл бағрин тилар.

Истаюрман айрилиқдан чок бағир,
Токи шавқим дардин айтай бирма-бир.

Ким агар бўлгай йироқ ўз аслидин,
Рўзғорин васлини излар тағин.

Нола қилдим ҳар йиғин мен, ҳар қадам,
Ҳамдам эрдим шодга ҳам, гирёнга ҳам. 5

Менга ўз ҳадди билан ёр бўлди ким,
Сийратимдан изламас эрди сирим.

Нола-оҳимдан сирим эрмас йироқ,
Кўз-қулоқлар ичра нур бўлмас, бироқ.

Бир-бириндан тан ва жон пинҳон эмас,
Жонни кўрмак бандага осон эмас”.2

Ел эмас, ўтлиғ садо бил най сасин,
Бунда асло ўти йўқлар қолмасин!

Чақнаган ишқ ўти бул найдан чиқар,
Қайнаган ишқ ўти шул майдан чиқар. 10

Кимки ёрдан кечса, найга интилар,
Пардасиндан пардамиз ҳам йиртилар.

Кўрди найдай заҳру ҳам малҳамни ким?
Кўрди найдай орзуманд, ҳамдамни ким?

Қонли йўллар қисматин айлар баён,
Мажнун ишқи қиссасин айлар баён.

Ёр эрур бул ҳушга беҳуш ҳар нафас,
Тил харидори қулоқдан ўзгамас.

Ўтди кунлар ғуссамизда кеч бўлиб,
Ўтди кунлар ҳасрату ғамга тўлиб. 15

Кунлар ўтса, айт: “Ўтиб кет”, қўрқмагил,
Қол, фақат, Сен, Сен каби йўқ пок, асил”.3

Ким балиқмас, Ҳақ сувига қонгай ул,
Ризқи йўқнинг кунлари куйгай нуқул.

Пухта ҳолин билмагайдир барча хом,
Гапни чўзмай, қисқа қилдик, вассалом!

Бўлгин озод, уз кишанни, эй ўғил,
Сийму зарга бунча бўлдинг банди, қул?

Кўзага денгизни қуй тўлгунча то,
Айлагай бир кунлик ул ризқингни жо. 20

Кўзи очлар кўзаси ҳеч тўлмагай,
Қонмагунча то садаф, дур бўлмагай.

Ишқдин кимнинг яқоси чок эрур,
Нафсидан пок, айбидан ҳам пок эрур.

Шодлан, эй, ишқ, хушжунун ҳар онимиз,
Барча иллатга табиб, дармонимиз.

Топди сендан малҳам ор-номусимиз,
Эй, сен Афлотуну4 Жолинус5имиз.

Жисми хок ишқ бирла чиққай то фалак,
Ишқдин рақс айлагай тоғ жонсарак. 25

Айлаган дам ишқ Турга жон ато,
Бўлди Тур маст, “харра Мусо соиқо”.6

Жуфти бўлсам менга ҳамдам ёр лабин,
Арзи ҳолим сўйлар эрдим найдайин.

Ким агар тилдошидан бўлгай жудо,
Ул забундир, гарчи чалгай юз наво.

Сўлса гул, бўлгай гулистон ҳам хазон,
Сўнгра булбул қилмагай ҳолин баён.

Неки бор – Маъшуқ ва ошиқ пардадир,
Ўлмагай Маъшуқ ва ошиқ мурдадир.7 30

Ишқ учун қай дилда гар бўлмаски жой,
Қушдир ул парсиз, қанотсиз, ҳоли вой.

Бир нафас топгайми ҳуш менда қарор,
Олду ортим гар ёритмас эрса Ёр?8

Бул каломни ишқ пинҳон асрамас,
Ойнаким фош этмагай, ҳеч нарсамас.

Ойинанг қилмас нечун фош, ошкор?
Чунки, покмас, чеҳрасинда занги бор.7

_______________________
1 – “Мўмин мисоли бир бурғудир, унинг ичида бўшлиқ бўлмаса, чиройли садо бермайди”. (Ҳадис)

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 85-оят).

3 – “Оллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) давомлироқдир”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 73-оят).

4 – Афлотун – милоддан аввал (430-347) яшаган қадимги юнон файласуфи.

5 – Жолинус – қадимги юнон табиби. (131-210)

6 – “Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди. (Оллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса деди: «Пок Парвардигор (ноўрин савол сўрашдан), Ўзингга тавба қилдим. Энди мен (Сенинг нақадар Буюк Зот эканингга) иймон келтиргувчиларнинг аввали-пешқадамиман”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 143-оят).

7 – “(Мусо) деди: “Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас, Оллоҳ айтаётган сўзимизга Вакил – Гувоҳдир”. (Қуръони карим, “Қасас” сураси, 28-оят).

“Эй (Ийсога) иймон келтирган зотлар, Оллоҳдан қўрқинглар ва Унинг Пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)га ҳам иймон келтиринглар, (шунда) У Зот сизларга Ўз раҳматидан икки ҳисса ато этур ва сизлар учун (Қиёмат Кунида олдиларингизда) юрадиган нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, “Ҳадид” сураси, 28-оят).

8 – “Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг! Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар – остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу буюк саодатнинг ўзидир!”. (Қуръони карим, «Ҳадид» сураси, 12-оят).

9 – “Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!” (Қуръони карим, «Мутаффифун» сураси, 14-оят).

ПОДШОҲНИНГ БЕМОР КАНИЗАККА ОШИҚ БЎЛГАНИ
ВА УНИ ДАВОЛАТИШ УЧУН ЧОРА АХТАРГАНИ

Тингланг, эй, дўстлар, бу он бул достон,
Ҳолимизнинг тўғрисин айлар баён. 35

Битта шоҳ ўтганди кўп йиллар бурун,
Шоҳ эди ҳам дийну ҳам дунё учун.

Бир куни отга миниб шоҳ дафъатан,
Овга чиқди бор сарой аҳли билан.

Катта йўлда бир канизакни кўриб,
Қолди шоҳнинг жони унга қул бўлиб.

Жон қуши сиғмай қафасга тортди оҳ,
Мол бериб, олмиш сотиб ул қизни шоҳ.

Олди шоҳ, бўлди унинг васлига ёр,
Лек, Қазо1дан бўлди қиз дардга дучор. 40

Эшшаги бор тўқимин топмас эмиш,
Тўқим олгач, эшшагин бўри емиш.

Кўзаси бор чоғда сув қолмиш тиниб,
Сувни топгач, кўзаси кетмиш синиб.

Ҳар тарафдан шоҳ табиблар чорлабон,
Деди: “Сизнинг қўлдадир бул икки жон!

Жон адо жонимда, жоним жони бул,
Хастадирман, дардларим дармони бул!

Топса дармон хаста бул жонимга ким,
Унга бўлсин барча дур-маржонларим!”. 45
.
Дедилар: “Бор жонимиз айлаб фидо,
Фикримиз жамлаб, топармиз бир шифо.

Ҳар биримиз бир Масиҳмиз даҳр аро,
Биз топармиз ҳар нечук дардга даво”.2

“Хоҳласа Оллоҳ” демас қай бенаво,
Сўнг уни ожиз қилиб қўйгай Худо.3

Ғофил “истисно”4 демай жим тонадир,
Ҳар тирик жонга бу ҳол бегонадир.5

Неча зотлар борки, “истисно” демас,
Жони “истисно”га жондош, айримас.6 50

Қилдилар ҳар не илож бор, не даво,
Ортди дард, бўлмай сира ҳожат раво.

Қилдай озди қиз, қўзиб дард беомон
Бўлди дарё шоҳ кўзи, қон йиғлабон.

Ҳайдамай сафрони сиркангбин7 сира,
Ҳам бодом ёғи қуритмиш Ҳукм8 ила.

Кетди итлоқ9 ҳам, ҳалила10 қабз11 этиб,
Ўтни сув олдирди авж, нафтдай етиб.

_______________

1 – Қазо – Илоҳий ҳукм

2 – “Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Оллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 49-оят).

4 – “Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман”, дея кўрманг, магар “Иншооллоҳ — Оллоҳ хоҳласа”, (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, “иншооллоҳ”, денг) ва: Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканлигимга яхшироқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса”, денг!” (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 23-24-оятлар).

3 – Истисно – “иншаоллоҳ”, яъни, “Худо хоҳласа” демоқ.

5-6 – Яъни, ҳар бир шахс Худонинг ирода ва истагисиз ҳеч бир иш қилолмаслигига ишониши керак, тилда «иншоаллоҳ» деса ҳам, демаса ҳам. Муҳими шундаки, чин қалби, виждони билан шу ҳақиқатга, яъни, Худонинг ирода ва хоҳишига имон келтирсин ва билсинки, Аллоҳ таоло уни ҳар қандай ҳолатда ўз қудрату илми билан қўллагувчидир. (Сайид Иброҳим Ҳикмат, «Қуръон дар «Маснавй», Душанбе, 2007, 24-саҳ).

7 – Сиркангбин – сафрони ҳайдаш учун шакар ва сиркадан тайёрланадиган шарбат.

8 – Ҳукм – илоҳий ҳукм, Қазо маъносида.

9 – Итлоқ – ичнинг равон келиши.

10 – Ҳалийла – ични мулойим қиладиган мева.

11 – Қабз – ичакларнинг қуриб қолиши.

КАНИЗАКНИ ДАВОЛАШДА ҲАКИМЛАР ОЖИЗ ЭКАНЛИГИ
МАЪЛУМ БЎЛГАНИ,ПОДШОҲНИНГ ОЛЛОҲ ДАРГОҲИГА ЮЗ БУРГАНИ
ВА ТУШИДА БИР АВЛИЁНИ КЎРГАНИ

Кўрди шоҳ, эрди ҳакимлар ҳоли танг,
Чопди сўнг масжидга ул оёқяланг. 55

Юзланиб меҳроб томон масжидда шоҳ,
Кўзининг ёшига тўлди саждагоҳ.

Ўзига келгач фано1 гирдобидан,
Сўзга лаб очмиш дуо, ҳамдлар билан:

“Эй, жаҳон мулкин қилувчи армуғон,
Не дейин мен? Сенга бор дардим аён.2

Эй, мудом ҳожатни қилгувчи раво,
Мен тағин йўлдан озиб, қилдим хато”.

Айтасан: “Гарчанд, сиринг ошкор-аён,
Сирларингдан зоҳиринг қилсин баён”.3 60

Йиғламиш шоҳ ўртаниб жон-жонидан,
Тошди мавжлар мағфират уммонидан.

Йиғлаётиб уйқу элтди шоҳни тез,
Уйқуда бир пирни туш кўрмиш у кез.

Деди: “Эй, шоҳ! Хушхабар! Келмоғи бор,
Эрта Биздан бир ғариб, ҳожатбарор.

Келса ул, билки, ҳаким, ҳозиқ эрур,
Ҳам ишончли билгин, ул содиқ эрур.

Кўр иложин, сеҳри мутлақ шуъласин,
Кўр унинг тимсолида Ҳақ қудратин”. 65

Ваъдаланган ўша кун келмиш етиб,
Шарқ қуёши чиқди, юлдузлар кетиб.

Кўшкида шоҳ ўлтирарди мунтазир,
То кўрай деб нелигин ул тунгги сир.

Кўрди бир фозилниким, балқиб шу он,
Чиқди соя қаъридан офтобсимон.

Эрди нур сочгувчи порлоқ ой мисол,
Бору йўқ янглиғ эди мисли хаёл.

Гар кўринмасдир хаёл жон ичра жим,
Бўйсунар, лек, унга олам бетиним. 70

Сулҳу жанг, не бор, хаёлдандир бари,
Фахру номус-ор хаёлдандир бари.

Ул хаёлким, авлиё банди эрур,
Боғи Ҳақ ойюзлиларин аксидур.

Ул хаёлким, кўрди шоҳ туш интизор,
Бўлди меҳмон шаклида пайдою бор.

Соқчилардан шунда шоҳ олдин ўтиб,
Олди ғайб меҳмонини дарҳол кутиб.

Ҳар иков уммонда сузгай бегумон,
Риштасиз, ипсиз бирикмиш икки жон. 75

Деди: “Улмас, сен эрурсан маъшуқам,
Бесабабмас, лек, бу дунё кори ҳам.

Мен учун сен Мустафо4сан, мен – Умар,5
Хизматингга боғлагум дарҳол камар”.

______________
1 – Фано – Ўзликни йўқотиб, бутун борлиқдан кечиб, илоҳиётга сингиш.

2 – “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур”. (Қуръони карим, «Fофир» сураси, 19-оят).

3 – “Улар Оллоҳ уларнинг яширган сирларини ҳам, ўзаро шивир-шивирларини ҳам билишини ва Оллоҳ ғайбни – кўринмас нарсаларни ҳам аниқ Билгувчи эканини билмайдиларми?!” (Қуръони карим, «Тавба» сураси, 78-оят).

4 – Мустафо – танланган, сайлаб олинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг сифатларидан бири.

5 – Умар – Умар Ибн Ал-Хаттоб (634-644), исломда “хулафо ар-рошидин” (тўғри йўлдан борган халифалар”), “чорёрлар” деб аталган дастлабки тўрт халифадан иккинчиси.

ТАВФИҚ ЭГАСИ ОЛЛОҲДАН ТАВФИҚ СЎРАШДА
ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ОДОБ ҲУРМАТИГА РИОЯ ҚИЛИШНИНГ
ФАЗЛИ ВА ОДОБСИЗЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ
ОҚИБАТЛАРИ БАЁНИДА

Қил адабнинг тавфиғин Ҳақдан талаб,
Маҳрум ўлди лутфи Ҳақдан беадаб.

Беадаб этмас, фақат, ўзни адо,
Балки, ўт қўйгай бутун олам аро.

Инди дастурхонда кўкдан ризқу рўз,
Бор эди на олди-сотди, гап ва сўз.1 80

Лек, Мусонинг қавмидан бир тўда зор,
Дерди: “Мош бирлан саримсоқ қайда бор?”2

Қилди кўк тақиқ бутун ноз-неъматин,
Қолдириб ўроғу меҳнат заҳматин.

Сўнг Исо қилгач шафоат, Ҳақ тағин
Берди дастурхонда нозу неъматин.3

Шубҳа-шак айлаб, адабдан чиқдилар,
Оч гадо янглиғ таомлар йиғдилар.4

Ёлвориб дерди Исоким, бул карам
Доимий, ерда сира бўлмайди кам. 85

Бадгумонлик қилдилар, ҳирсу ҳузур
Эрди бор неъмат учун буткул куфр.

Ҳирс ила қилгач гадолар таъмасин,
Қилди қўл етмас у раҳмат дарчасин.

Ман қилинганда закот, ёғмас само,
Ҳам зинолар келтирар офат, вабо.5

Сенга келган ҳар на зулматдан алам,
Шубҳа-шак, лоқайдлигингдандир бу ғам.6

Дўст йўлинда қўрқмаган номард эрур,
Неча бир мардларни йўлдан оздирур. 90

Бул фалак тўлмиш, адаб сочганда нур,
Ҳар малак бўлмиш адабдан тоза, ҳур.7

Беадабликдан тутилгайдир қуёш
Бўлди рад, шайтон кўтарган чоғда бош.8

___________________
1-2 – “Эсланг, (эй бани Исроил, Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: “Асойингни тошга ургин”, дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди – ҳар бир қабилага (улар ўн икки уруғ эдилар) ўз суви маълум бўлди. (Ва уларга дейилди): “Оллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар” Эсланг: “Эй, Мусо, Биз бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин”, деганингизда, у: Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку!”, деди. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 61-оят).

3-4 – “Ҳаворийлар: “Эй Ийсо бинни Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?”, деган пайтларида (Ийсо уларга): “Агар мўмин бўлсангизлар, Оллоҳдан қўрқинглар”, деб жавоб қилди. Улар дедилар: “Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзларингни аниқ билиб, (у дастурхонга) гувоҳ бўлгувчилардан бўлишни истаймиз”. (Шунда) Ийсо бинни Марям: «Оллоҳим, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қилгил. Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деганида, Оллоҳ айтди: «Мен уни сизларга туширгувчиман. Аммо, (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламагайман”. (Қуръони карим, «Моида» сураси, 114-115-оятлар).

5 – “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 96-оят).

“Қачонки инсонлар закот беришни тўхтатсалар, Оллоҳ таоло улардан баракотли ёмғирни тўхтатади”. (Ҳадис)

6 – “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) авф қилиб юборур”. (Қуръони карим, «Шўро» сураси, 30-оят).

7 – “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир, у (дўзах)нинг устида қаттиқдил ва қатиққўл, Оллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур”. (Қуръони карим, «Таҳрим» сураси, 6-оят).

8 – “(Оллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 34-оят).

ШОҲНИНГ ТУШИДА КЎРГАН АВЛИЁ БИЛАН МУЛОҚОТИ

Шоҳ табибни бағрига босмиш чунон,
Худди, ишқни қамрагандай дил ва жон.

Ўпди онинг манглайи ҳам қўлидан,
Бирма-бир сўрди мақому йўлидан.

Сўрди ҳол, етгунча то садри қадар,
Деди: “Тоқат айлабон, топдим самар. 95

Сенсан, эй, мушкилкушо Ҳақдан дарак!
Сендадир “Ас-сабру мифтоҳ-ул-фараж!”1

Ҳар саволга эй, жавоб, чеҳранг тугал,
Айлагайсан жим туриб, мушкулни ҳал.

Сен ўзинг тилмоч, юракда тўлса сир,
Қўллагайсан, қай аёқ гар лойдадир.

Марҳабо, эй, Мумтоз, эй, Муртазо!
“Ин тағиб жоа-л-қазо зоқа-л-фазо.2

Анта мавла-л-қовми ман ло йаштаҳий
Қад радо калло лаъин лам йантаҳий”.3 100

____________

1 – “Ас-сабру мифтоҳ-ул-фараж”! – “Сабр кушойишлар калитидир”. (Ҳадис)

2 – “Ин тағиб жоа-л-қазо зоқа-л-фазо” – “Бўлмасанг, Қазо келиб, фазо тораяди”.

3 – “Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта биз уни пешона сочидан – ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да (жаҳаннамга отурмиз)!” (Қуръони карим, «Алақ» сураси, 15-16-оятлар).

“Анта мавла-л-қовми ман ло йаштаҳий, қад радо калло лаъин лам йантаҳий” – “Сен қавмнинг устозисан, кимки у ҳалок бўлишини истамаса, йўқ, агар у тўхтамаса…”.

БЕМОРНИНГ АҲВОЛИНИ КЎРСИН ДЕБ,
ШОҲ ТАБИБНИ БЕМОР ОЛДИГА БОШЛАБ БОРГАНИ

Шоҳ табибни бошлади, ўтгач йиғин,
Сўнг ҳарам ёнга, тутиб жим илкидин.

Сўйлагач шоҳ хаста, бемор ҳолидан,
Шоҳ, табиб жой олди бемор ёнидан.

Кўрди рангин, кўрди ушлаб томирин,
Ахтариб дарднинг аломат, зоҳирин.

Деди: “Не малҳам ва дармон қилдилар,
Айламай соғлому вайрон қилдилар.

Қалбининг тарзин улар билмай бутун,
“Астаъизуллоҳа мимо йафтарун”.1 105

Кўрди бемор иллатин англаб аён,
Тутди, лек, шоҳдан, унинг дардин ниҳон.

Эрди дард сафрою савдомас бутун,
Ҳар яғочнинг ийсини бергай тутун.

Кўрди, ул зор эрди, кўнгил эрди зор,
Тан – сиҳат, лек, қалб эди дардга дучор.

Зорланар дил, ишқ уни гар ўртагай,
Хаста дилнинг дардидай дард бўлмагай.

Барча иллатдан жудо ишқ дарди чин,
Ишқ — устурлобидир Ҳақ сирларин. 110

Ишқ хоҳ осмону хоҳ ердан келур,
Оқибат бизларга йўлбошчи эрур.

Қанча қилмай ишқ шарҳин қайтадан,
Унга дуч келган маҳал шармандаман.

Гарчи тил қилгай аён, этса баён,
Лек, баёнсиз ишқ унингдан-да аён.

Гар қалам ёзгай тинимсиз ҳам жадал,
Ишққа дуч келганда ночор ҳар маҳал.

Шарҳ этар ағнаб эшак янглиғ ақл,
Ишқу ошиқликни ишқ айлар нақл. 115

Лек, қуёшга, бил, қуёшдир чин далил,
Гар далил даркор эса, юз бурмагил.2

Соя гар эрса қуёшдан бир нишон,
Лек, қуёш жонларга нурдир жовидон.

Кўлкалар эртаксимон ухлатса гар,
Сўнг қуёш чиққанда, “иншаққа-л-қамар”.3

Йўқ қуёш янглиғ кезувчи даҳр аро,
Жон қуёши боқий, улмас бебақо.

Сиртидан гарчи қуёш танҳо эрур,
Ўй-тасаввур ичра ҳам пайдо эрур. 120

Лек, фалак жон шамси бирлан биргамас,
Зеҳну идрок жон қуёшин илғамас.

Фикру ўйдан унга кенглик қайда бор?
Токи топсин ўй-хаёл ичра қарор.

Етди Шамс рухсоридан сўз ушбу дам,
Ёпди юз тўртинчи осмон шамси ҳам.

Тилга келгач исми, шартдир ушбу он
Айламак инъомининг рамзин баён.

Жони жоним этагин бир дам тутар,
Ҳам Юсуфнинг кўйлаги атрин туяр.4 125

“Неча суҳбат ҳаққи, сўйлаб бирма-бир,
Бизга сен ул ҳоли хушлардан гапир.

Еру кўк то шодланиб, топсин шукуҳ,
Яйрасин токим нигоҳу ақлу руҳ”.

“Ло тукаллифний фаинний фи-л-фано,
Куллат афҳомий фало уҳсий сано.5

Куллу шаъин қолаҳу ғайру-л-муфийқ,
Ин такаллуф ав тасаллуф ло-йалийқ.6

Айт, на дей, бир томирим ҳушёр эмас,
Ёрдинким, Ёрга ҳеч ким ёр эмас. 130

Бул жигар қони, жудолик ҳамда дард
Шарҳини сўйлай бирор бир бошқа пайт”.

Деди: “Атъимний фаинний жаиъун,
В-аътажил фа-л-вақту сайфун қатиъун.7

“Сўфий – ибну-л-вақт”8, аё, дўст, ҳар нафас,
“Эрта” деб айтмоқ – Тарийқат шартимас.

Сен, наҳот, мард сўфимасдирсан бу дам?
Нася бор жойдан йитар сўнг нақди ҳам”.

Мен дедим: “Соз – ёрда пинҳон бўлса сир,
Сен ҳикоят қаъридан ҳикмат қидир. 135

Гар у дилбарлар сири пайдо эрур,
Ўзгалардан тингласанг аъло эрур”.

Деди: “Борин бехато, ошкор-аён,
Эй, фазилат соҳиби, қилгин баён.

Пардани торт ўртадан, урён гапир,
Ётмайин кўйлакда ёр бирлан, ахир”.

Мен дедим: “Ошкору урён бўлса ул,
Қолмагай атроф, тириклик, сен тугул.

Орзу қилгин сен, бироқ, меъёрни бил,
Бир сомоннинг парчасин тоғ билмагил. 140

Ул қуёшким кўкда сочгай ёғдулар,
Гар яқинлашгай бироз, олам куяр.

Фитна, хунрезлик, ғараз ахтарма, дўст,
Шамс Табризий9дан энди дема сўз.

Бул ҳикоят сўнги йўқдир, қайтадин
Бирма-бир сўйла ҳикоятнинг барин”.

_______________

1 – “Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Оллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 15-оят).

“Астаъизуллоҳа мимо йафтарун” – “Уларнинг ёлғонлардан ўзинг асра, эй, Парвардигор!”

2 – “Оллоҳ, фаришталар ва илм аҳлари – Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай Тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У Қудратли, ҳикмат Эгасидир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 18-оят).

3 – “Иқтарабатис-саъату ваншаққал қамар” – “(Қиёмат) Соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди”. (Қуръони карим, «Қамар» сураси, 1-оят).

4 – (Юсуф деди): “Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар”. Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳис-салом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): “Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлар эдим)”, деди. (Улар) айтдилар: “Оллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатойингда турибсан” Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. “Сизларга мен Оллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди у”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 93-96-оятлар).

5 – “Ло тукаллифний фаинний фи-л-фано,
Куллат афҳомий фало уҳсий сано “ – “(Дедим) мени қийнамагин, чунки, мен фанодаман, фаҳмларим ўтмаслашиб қолган ва Унинг мадҳини бир-бир санаб ўтолмайман”.

6 – “Куллу шаъин қолаҳу ғайру-л-муфийқ,
Ин такаллуф ав тасаллуф ло-йалийқ”. “Беҳушикда айтилган ҳар нечук сўз, агар у ҳаддан ошса, лойиқ эмас”. “Ло-йалиқ” — арзимайди (лойиқ эмас)

7 – “Атъимний фаинний жаиъун,
В-аътажил фа-л-вақту сайфун қатиъун” – Деди: “Менга таом бер, чиндан ҳам мен очман ва шитоб айла, чунки, вақт кескир қиличдир”.

8 – “Сўфий – ибну-л-вақт” – “Сўфий – вақт фарзанди”.

9 – Шамс Табризий – Шамсиддин Муҳаммад Али ўғли Маликдод Табризий. Ж.Румийнинг устози. 1188 йили Табризда туғилган. 1248 йилда мухолифлари томонидан ўлдирилган.

КАНИЗАКНИНГ ДАРДИНИ АНИҚЛАШ УЧУН ҲАКИМНИНГ
ШОҲДАН УЛАРНИ ЁЛҒИЗ ҚОЛДИРИШИНИ СЎРАГАНИ

Деди: “Эй, шоҳ, бўшатиб бу хонани,
Чиқ ва ҳайда бунда бор бегонани.

Солмасин ҳеч ким қулоқ даҳлизда ҳам,
То каниз бирлан қилай суҳбат бу дам”. 145

Сўнгра кулба бўшагач уй аҳлидан,
Қолди хилватда табиб бемор билан.

Сўрди аста: “Сўйла, шаҳринг қай диёр?
Ҳар шаҳарнинг дори ҳам дармони бор.

Ул шаҳардан ким қариндошинг, гапир,
Ақрабо, пайваста этган ул надир?”

Кўрди ушлаб томирин, сўнг бирма-бир
Сўрди: “Олам айламиш қандоқ жабр?”

Ким оёғига тикон киргуси гар,
Ул оёғин тизза устига қўяр. 150

Излагай игна учи бирлан у йўл,
Топмагач, ўрнин, қилар лаб бирла ҳўл.

Бир тикон олмоқ оёқдан гар азоб,
Не бўлар дилга қадалгач? Бер жавоб!

Дил тиконин кўрса гар ҳар битта хас,
Ғам йитиб, барча олар енгил нафас.

Ботса хор эшшак думи остига гар,
Шатта отгайдир, ололмай қийналар.

Олмагай то бир закий, жиртак отиб,
Қийналар эшшак, тикон баттар ботиб. 155

Қийналиб эшшак ўзин ҳар ён отар,
Бир яра оғриғи юз чандон ошар.

Ул ҳаким билмиш тикон олмоқ йўлин,
Изламиш иллатни, ушлаб қиз қўлин.

Тинглабон қизни табиб достондайин,
Ҳолидин сўрмиш унинг ёр-дўстларин.

Қиз сирин тўкмиш ҳакимга бошидан,
Сўйламиш ҳар хожа, ҳар юртдошидан.

Тинглабон қиз қиссасин доно ҳаким,
Томирин зарбин аниқлар эрди жим. 160

Токи томир қайси номдан урса тез,
Унга жонин истагин сўйлар шу кез.

Юрт аро бор дўстларин бир-бир санаб,
Тингламиш сўнг ўзга юрт номин атаб.

Деди: “Бўлгач ўз диёрингдан йироқ,
Қайси бир юртда яшаб қолдинг узоқ?”

Айтди, бирмас, неча юрт номин шу дам,
Ўзгариш бўлмасди юз, томирда ҳам.

Кўп шаҳар ҳам хўжалардан сўйламиш,
Нону туз, жой, кўчалардан сўйламиш. 165

Сўрди юрт, ҳам уйма-уй, ким бор таниш,
Топмайин томир ва юздан ўзгариш.

Томир урмиш суст, бутунлай бехато,
Ул Самарқанд шаҳридан сўргунча то.

Сўнг қизармиш шунда, титраб қилди ҳис,
Ул Самарқанд заргарин ҳажрин каниз.

Англагач ногоҳ табиб бемор сирин,
Топди сўнг дарду балонинг томирин.

Деди: «Қай ерда макони, қай гузар?”
“Ул Сарипул, кўча номи Fотфар”. 170

Деди: “Билдим, англадим, дардинг надир,
Тез халос қилгум сени, айлаб сеҳр.

Шод бўл, дармон топарсан қайтадан,
Ёғса ёмғир, яйраган янглиғ чаман.

Сенга ғамхўрман ўзим, сен чекма ғам,
Юз ота меҳри эрур жонимда жам.

Эҳтиёт бўл, бўлмасин ошкор бу сир,
Сўрса ҳамки гарчи шоҳ, ундан яшир.

Сирларингга бўлса кўнглинг гўр агар,
Шунда бергай мақсадинг тезроқ самар. 175

Деди Пайғамбар: “Сирин ким сир тутар,
Тез ушалгай унда мақсад, орзулар”.1

Гар уруғ қилганда ер остин макон,
Яшнаган бўстон сирин айлар ниҳон.

Сийму зар гар бўлмагай кўздан ниҳон,
Сийму зарни ёшириб асрарми кон?”

Ул ҳакимдан ваъдаю лутфу карам
Қувди бемор кўнглидан қўрқувни ҳам.

Ваъдаларнинг рости бор – кўнгил тилар,
Ваъданинг ёлғони бор – ғамгин қилар. 180

Жонга ганждир аҳли диллар ваъдаси,
Жонга озор ноаҳиллар ваъдаси.

——————
1 – Мақсадингизга етиш учун махфийликдан фойдаланинг, чунки, ҳар бир фароғатдаги хотиржам киши ҳасад нишонига йўлиқади. (Ҳадис).

ВАЛИЙНИНГ КАНИЗАК ДАРДИНИ АНИҚЛАГАНИ
ВА ПОДШОҲГА МАЪЛУМ ҚИЛГАНИ

Сўнг Ҳаким бўлмиш равона шоҳ томон,
Қилгали шоҳга бу ҳол қисмин аён.

Деди: “Тадбир – шул, чақир ул мардни тез,
Келтириб, сўнгра қувайлик дардни тез.

Чорла, заргар шаҳридан келсин етиб,
Алдагин совға-салому зар бериб”.

ШОҲНИНГ ЗАРГАРНИ КЕЛТИРИШ УЧУН
САМАРҚАНДГА ЭЛЧИЛАР ЮБОРГАНИ

Шоҳ юбормиш ул тараф икки вакил,
Эрдилар зукко, адолатлик, асил. 185

Сўнг Самарқандга вакиллар етдилар,
Шоҳ сўзин заргарга маълум этдилар:

“Эй, билимдон, эзгу зотдирсан, даҳо,
Шуҳратинг буткул таралмиш эл аро.

Шоҳимиз чорлайди, отлан, ушбу кун,
Сени бош заргар қилиб қўймоқ учун.

Ол, кумуш, олтин ва сарпо, рози бўл,
Сен сарой аҳлин улуғ, мумтози бўл”.

Молу зар бермиш йигитга панд бироз,
Юртидан, фарзандлариндан кечди воз. 190

Шоду хуррам тушди йўлга, билмайин
Шоҳ унинг жонига, лек, қасд қилганин.

Ул араб тулпорида елди чунон,
Эрди сарпо эвази – қон бирла жон.

Эй, йигит, ўзни сафарга чоғлаган!1
Ўз оёғингдир ўлимга бошлаган.

Унда нафс, иззатталаблик бор эди,
Унга Азройил: “Қани, кел, ол” – деди.

Етди манзилга босиб йўл ул ғариб,
Элтди шоҳнинг олдига дарҳол табиб. 195

Элтдилар айлаб бажо бор ҳурматин,
Токи куйсин ҳис қилиб Тийроз2 шамин.

Шоҳ уни кўргач, қилиб таъзим бажо,
Этди кўп олтин, кумуш, ганжлар ато.

Сўнг Ҳаким айтди: “Саховат сенга ёр!
Хожага бўлсин канизак ҳам нисор.

То висол доғларни ювсин руҳидан,
Дилда ўт ўчсин висолнинг сувидан”.

Этди бахш заргарга шоҳ ойчеҳрасин,
Икки муштоқ бўлди сўнг жуфту яқин. 200

Олти ой тотмиш висол таъмин улар,
Токи қиз буткул соғайгунга қадар.

Сўнгра бир шарбат ясаб бергач табиб,
Заргар ичгач, кетди буткул ўзгариб.

Бўлди бемор, сўнди заргар ҳусни ҳам,
Қиз азобдан ўртаниб, кўп чекди ғам.

Сарғайиб заргар, юзин қоплаб ажин,
Кетди қизнинг кўнгли музлаб кун сайин.

Бўлса ишқда рангу тусга бандалик,
Бундайин ишқ охири – шармандалик. 205

Номус-ор заргарга бўлсайди раво,
Бўлмас эрди шум ҳукмга мубтало.

Кўзидан қон оқди дарёдай тўлиб,
Жонига ҳусни ёвуз душман бўлиб.

Ёв эрур товусга товуснинг пати,
Ўлдирар шоҳларни шону шавкати.

Деди: “Мен бир оҳудирман бағри хун,
Тўкди пок қонимни сайёд мушк учун

Тулкиман саҳройи, қопқонга тушиб,
Кетдилар пўстин дея бошим узиб. 210

Битта филман, сўнгагим кўзлаб бу дам,
Тўкди фил боққувчи сўнг қонимни ҳам.

Ким агар бекорга қонимни тўкар,
Билмагай, бир кун бу қоним қон сўрар.

Мен бугун ўлсам, ул ўлгай эрта кун,
Мендайинлар қони ҳайф бўлсин нечун?3

Ташлагай девор узун гар соясин,
Оқибатда ўзига қайтар тағин.

Бул жаҳон – тоғ, хулқимиздир бир нидо,
Қайтадир бизга нидодан акс-садо”.4 215

Берди жон заргар, шуни айтиб шу пайт,
Қизни сўнг тарк этди ишқи бирла дард.

Чунки, марҳумлар учун ишқ мангумас,
Чунки, марҳум биз тараф қайтмайди, бас.5

Ҳар тирик жон ишқи руҳда, кўзда, боқ,
Fунчадан ҳам пок эрур ҳам ярқироқ.

Сен тирик ишқин тила, боқий эрур,
Жонга ором, майга ҳам соқий эрур.6

Танла Ул ишқинки, барча анбиё
Топди Улнинг ишқидан қудрат, зиё. 220

Дема: “Бизга қайда йўл то Шоҳ қадар?”,
Меҳрибон Зотга бу осон қанчалар.7

———————————
1 – Абу Ҳурайра (р.а) айтди: “Расулуллоҳ (с.а.в) кучли бало келишидан, бахтсизлик етишидан, қазойи қадар ёмонлигидан ва душманларнинг масхара қилиб кулишларидан паноҳ сўрар эдилар”. (Ҳадис)

2 – Тироз – Туркистон ва Хитой ҳудудида жойлашган қадимий шаҳар, аҳолисининг гўзаллиги билан донг таратган.

3 – “Агар (бугун — Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Оллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни, ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Оллоҳ золим кимсаларни севмайди”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 140-оят).

4 – “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!”. (Қуръони карим, «Залзала» сураси, 6-8-оятлар).

5 – “Бас, улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 50-оят).

6 – “Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Оллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) давомлироқдир”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 73-оят).

7 – “Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки (Оллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан) ўз жонига жабр қилса, сўнгра Оллоҳдан мағфират сўраса, Оллоҳни мағфират қилгувчи ва Меҳрибон эканини топар-кўрар”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 110-оят).

ЗАРГАРНИНГ ЗАҲАР БЕРИБ ЎЛДИРИЛИШИ
ҲАВОЙИ НАФС ВА БУЗУҚ НИЯТ ОҚИБАТИ ЭМАС,
БАЛКИ, ИЛОҲИЙ ИШОРАТ ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА

Гарчи ул заргарни ўлдирмиш Ҳаким,
На умид бор эрди бунда, на ваҳм.

Таъма айлаб шоҳдан, ул ўлдирмади,
Токи Ҳақдан амру илҳом келмади.

Бир гўдакнинг ҳалқумин кесмиш Хизр,1
Лек, авом халққа аёнмас ушбу сир.2

Олса ким Ҳақдан ваҳий бирлан жавоб,
Неки ул амр айлагай – буткул савоб.3 225

Берса ким жон, жон олишга ҳаққи бор,
Ҳаққа ноиб, қўлига Ҳақ қўли ёр.4

Бошни Исмоил каби тик, бўл ризо,
Тийғидан қил шоду хуррам жон фидо.5

Токи жонинг яйрасин, худди, Аҳад
Бирла Аҳмад жонидай кулсин абад.

Ул дам ошиқлар фараҳ жомин сузар,
Маъшуғин илкинда сармаст жон узар.

Тўкмади шаҳватни деб шоҳ қон, бироқ,
Сен гумон, ғавғоларингдан бўл йироқ. 230

Шоҳни сен булғанди деб қилдинг гумон,
Покка гард қўнгайми, пок эрса чунон?

Бул риёзат, бул жафо бўлгай раво,
Қўра поклар нуқрадан ботилни то.6

Ҳар ёмон-яхши синов лозим у дам,
Қайнагач, сиртга чиқар зар занги ҳам.7

Солмаса кўнглига бул ишни Илоҳ,
Шоҳ эмас, йиртқич бир ит эрди у шоҳ.

Пок эди шаҳват, ҳаво, ҳирсдан у шоҳ,
Яхшилик қилди, кўрингай, лек, хато. 235

Ул Хизрким кемани синдирди гар,
Бул шикаст юз яхшиликка йўл очар.8

Шунча идрок-ла Мусодай нурли зот,
Билмади ул сирни, учма беқанот.

Қон қизил гулдир, уни сен хун дема,
Шоҳ ақлдан маст, уни мажнун дема.9

Бўлса мўмин қони унга муддао,
Кофир ўлгум, номин олсам тилга то.

Мақталар фосиқ агар, титрайди Арш,10
Мадҳи тақводор дилин айлайди ғаш. 240

Шоҳ эди гарчанд ул, огоҳ шоҳ эди,
Хос эди, Ҳақ унга ҳамроҳ шоҳ эди.

Шундайин шоҳ ўлдирар кимни агар,
Элтадир олий мақому бахт қадар.

Қаҳридан гар топмаса кимдир паноҳ,
Лутфи Мутлақ кўрдими қаҳрин раво?

Гар табиб тиғ тутса, гўдак титрагай,
Онаси шод, гарчи гўдак йиғлагай.11

Ул ярим жонинг олиб, юз жон тутар,
Ўй-хаёл сиғдирмаган имкон тутар.12 245

Сен қиёс олгайсану ўздан, бироқ,
Кўп йироқдирсан, йироқ, боқ яхшироқ!

————————
1 – Сўнг яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида, (Хизир) уни ўлдирди. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 74-оят).

2 – “У (Хизир) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга (илм машаққатларига) сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. (Зотан), ўзинг эгаллаб олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!” (Қуръони карим, “Каҳф” сураси, 67-68-оятлар).

3 – “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Оллоҳ томонидан Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 3-4-оятлар).

“Яна ҳаворийларга (сен орқали): Менга ва пайғамбаримга иймон келтиринглар”, деб ваҳий юборганимда, улар: “Иймон келтирдик, (Эй Парвардигор), бизнинг бўйинсунгувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл”, деганларини эслагин!” (Қуръони карим, “Моида” сураси, 111-оят).

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳга байъат қилурлар — Оллоҳнинг Қўли уларнинг қўллари устида бўлур. Энди ким (ўз қасамёдини) бузса, бас, у фақат ўз зиёнига бузур. Ва ким Оллоҳ билан аҳд-паймон қилган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Оллоҳ) унга улуғ ажр-мукофот ато этур”. (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 10-оят).

5 – “Энди қачонки у (бола катта бўлиб, отаси Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин”, деган эди. У айтди: “Эй, отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан”. (Қуръони карим, «Вас-Саффот» сураси, 102-оят).

6-7 – “(Оллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. Оллоҳ Ҳақ билан ботилни манна шундай (мисол билан) баён қилур. Энди у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ер юзида қолур. Оллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур”. (Қуръони карим, «Раъд» сураси, 17-оят).

8 – “Бас, икков йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан (Хизир кемани) тешиб қўйди. (Мусо) айтди: «Уни (бизга кемаларидан жой берган) одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдинг-ку?!” (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 71-оят).

9 – “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки, айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон курдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Оллоҳдан қўрқингиз! Албатта Оллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, «Ҳужурот» сураси, 12-оят).

10 – “Ҳар қачон фосиқ, бузуқ киши мақталса, Оллоҳнинг қаҳри келиб, Арш титрайди”. (Ҳадис)

11 – “(Эй мўминлар, гарчи) сизларга ёқмаса-да, (кофирларга қарши) жанг қилишингиз фарз қилинди. (Зотан), сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Оллоҳ билур, сизлар билмассиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 216-оят).

12 – “Албатта Оллоҳ мўминларниг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Оллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари хам Оллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Оллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Оллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз! Мана шу ҳақиқатан, буюк саодатдир”. (Қуръони карим, «Тавба» сураси, 111-оят).

Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилган ҳадис: Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Оллоҳ таоло шундай дейди: “Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзоднинг кўнглига ҳам келмаган нарсаларни (мукофот қилиб) тайёрлаб қўйганман”.

БАҚҚОЛ, УНИНГ ТЎТИСИ ВА ТЎТИНИНГ ДЎКОНГА
МОЙ ТЎКИБ ҚЎЙИШИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Бор эди баққолу тилдон тўтиси,
Хушнаво, зангори, бийрон тўтиси.

Эрди ул дўкондан огоҳ ҳар маҳал,
Ҳар мижоз-ла сўзлашарди галма-гал.

Суҳбату сўзлашда зўр нотиқ эди,
Зўр эди сайрашда ҳам, ҳозиқ эди.

Бир куни гир айланиб ҳар ёнга тез,
Тўкди гулмой челагин туртиб шу кез. 250

Хожаси уйдан келиб, дўкон аро
Ўлтирарди бемалол хожанамо.

Кўрса, дўкон жиққа ёғдир бир маҳал,
Қаттиқ урди бошига, қуш бўлди кал.

Қолди тилдан неча кунлар тўти жим,
Ўртаниб оҳ урди баққол бетиним.

“Ҳай, дариғ!”- деб соч-соқолин юлди: -“Оҳ!
Неъматим офтобидан бўлдим жудо.

Қўлларим синсайди кошки ул замон,
Хушзабоним бошига урмай ҳамон”. 255

Зора тилга кирса қуш деб ҳар сафар,
Берди дарвишларга садқа, ҳадялар.

Ўтди уч кун, уч кеча, ҳайрону зор
Қолди дўконда умидсиз, беқарор.

Тил битарми қушга деб ул ҳар сафар
Кўрсатарди кўп ғаройиб нарсалар.

Жанда кийган дарвиш ўтди шу маҳал,
Боши тосдек ялтирарди, эрди кал.

Тилга кирмиш қуш уни кўрган ҳамон,
Қотди сўз дарвишга ногоҳ: “Ҳей, фалон! 260

Эй, кал, олдинг нега каллар ичра жой,
Ёки сен ҳам шишадан тўкдингми мой?”

Барча кулди тўтининг бул сўзига,
Ўхшатарди тўти кални ўзига.

Ўхшатиб покларга ўзни, билма бир,
Гарчи бир хилдир ёзувда “шер”у “шир”.1

Шул сабаб гумроҳдир олам аҳли ҳам,
Чунки, Ҳақ абдоли2ни билгувчи кам.

Ўзларин гоҳ анбиёдек билдилар,
Ўзни огоҳ, авлиёдек билдилар. 265

Дердилар: “Биздек улар ҳам бир одам,
Не есак ер, биз каби ухлайди ҳам”.3

Билмагайлар кўзи кўр ул бандалар,
Бул арода борлигин фарқ қанчалар.

Икки ори бир чаманда айланар,
Биттаси бол, биттаси йиғмиш заҳар.

Икки оҳу сув ичиб, ўт ер, бироқ,,
Биттаси мушк, биттаси гўнг берди, боқ.4

Икки хилдир қамишу бир озиғи,
Пўк бири, шаккар бирин, лек, борлиғи.5 270

Бул қиёслар неча юз минг, мўл эрур,
Фарқи етмиш йиллик олис йўл эрур.

Ер биров, ундан палидлик ажралар,
Ер биров, Ҳақ нури бирлан қамралар.

Ер биров, кийну ҳасад ҳосил бўлар,
Ер биров, Ҳақ ишқига восил бўлар.

Ул эрур пок ер, бу шўр босган замин,
Пок фаришта ул, бу шайтондир лаъин.

Ўхшагай гар икки суврат шакли ҳам,
Икки хил, лек, шўр-шириндир унда таъм.6 275

Бил, фақат, завқ аҳли, гар кўргай татиб,
Бергуси шўр-тотли сувни ажратиб.

Сеҳр ила мўъжизани айлаб қиёс,
Дейдилар: “Ҳар иккисинга макр асос”.7

Сеҳргарлар қилдилар кин, иддао,
Сўнг Мусодай олдилар қўлга асо.8

Бул асодан ул асонинг фарқи мўл,
Бул амалларнинг ароси – катта йўл.

Бул амал сўнгида бор Ҳақ лаънати,
Ул амал сўнгида ёр Ҳақ раҳмати. 280

Эрди бир маймунмижоз кофир бари,
Дилга ёғди феълидан офатлари.

Неки одам қилса, маймун ҳам қилар,
Қайтарар ҳар лаҳза, не одам қилар.

Ўйлар у, қилгай одамдек бегумон,
Фарқини қайдан билар маймунсимон?

Ул ғараздан, бул амр, чиндан қилар,
Айла даф, кимки ғараз-киндан қилар!

Хоҳ мунофиқ ҳамнамоз мўмин билан,
Ул адо этгай намозин кин билан.9 285

То намоз, рўза, закот, ҳаж фарзи бор
Ўзаро мўмин-мунофиқ жанги бор.10

Кимки мўмин, ғолиб ўлгай оқибат,
Ким мунофиқ, мағлуб айлар охират.11

Ҳар икови бир ўйин ўйнар, бироқ,
Бир-бировдан Марву Рай янглиғ йироқ.12

Интилар ҳар ким мақоми сорига,
Ҳар киши боргай муносиб номига.13

Гар десанг мўминни мўмин, шод бўлар,
Гар мунофиққа десанг, қаҳрин тўкар. 290

Улда ном маҳбуб эрур Ҳақ зотидан,
Булда ном манфур эрур офотидан.

Бил, шарафмас “мим”у “вов”у “мим”у “нун”,
Хос эрур “мўъмин”, фақат, таъриф учун.

Гар мунофиқ деса ким пасткаш кишин,
Санчадир жонга чаёндай ўз нишин.

Бўлмаса бул ном агар дўзахга ёр,
Унда не боис жаҳаннам таъми бор?

Ном ёмон бўлса, сабаблар сўздамас,
Сув агар шўр бўлса, айбдор кўзамас. 295

Ҳарф идишдир, маъни сувдир унда ноб,
Маънига уммон эрур “Уммул-Китоб”.14

Шўр-ширин денгиз – жаҳонда ёнма-ён,
Бор арода “барзахун ла яғбиён”.15

Иккисин ҳам манбаин, аслин билиб,
Иккисиндан кеч, асилга интилиб.

Ўлчасанг соф, сохта зар қадрин агар,
Эътиборингмас, маҳактош ажратар.

Берса Ҳақ ҳар бир тирик жонга маҳак,
Ажралар не унда ҳақ, не шубҳа-шак.16 300

Тушса қай бўғз ичра ногоҳ хас агар,
Тинчимас токи олингунга қадар.

Неча минглаб луқмалардан, унга ёт
Хасни ҳис айлар тирик жон шул заҳот.

Олам англаш бул жаҳон норвонидир,
Динни англаш осмон норвонидир.

Бул шифосин сиз табибдан ахтаринг,
Ул шифосин сиз Ҳабибдан ахтаринг.

Бўлса соғ бул ҳис – фаровондир бадан,
Бўлса соғ ул туйғу – вайрондир бадан. 305

Жон йўли гар танни барбод айлагай,
Қайтадин вайронни обод айлагай.

Ганжу зар деб хонасин барбод қилар,
Ганжи сўнг шул хонани обод қилар.

Ким тўсиб сувнинг йўлин, қазгай ариқ,
Сўнгра пок сувларга тўлғазгай ариқ.

Тортса ўқни ким кесиб ногоҳ танин,
Янги эт ўсгай жароҳатдан тағин.

Қалъани кофирдан олгай ким бузиб,
Айлагай обод уни қайта қуриб. 310

Ҳақ ишин, Ҳақ ҳолатин англайди ким?
Бул заруратдир холос, айтганларим.

Фарқ қилар гоҳ ул ва гоҳ булдин иши,
Бил, фақат, ҳайратга солмоқ – дин иши.

Лек, улар ҳайронлигимас шак, малол,
Балки, Дўстнинг мастлигинда ғарқу лол.

Дўст томонга ул бирин боққай юзи,
Ул бирин юзлангани бўлгай ўзи.17

Ташлагин ҳар юзга сен бир-бир назар,
Юз танишда бул юмуш бергай самар. 315

Одамий сувратда Иблис бунда мўл,
Чўзмагил бекор улар томонга қўл.

Чунки, тақлид ҳуштагин сайёд чалар,
Барча қуш ёлғон садога алданар.

Тинглагач ҳамжинси овозин улар,
Пастланиб, дарҳол тузоқ, тўрга тушар.

Паст киши дарвишдан ўғирлаб калом,
Лақмаларни сеҳр ила айлайди ром.

Дил илитмоқлик, ёритмоқ – мард иши,
Ҳийлагар, маккор эрур пасткаш киши. 320

Жун либос аксин гадойликка бурар,
Бу Мусайламни атар Аҳмад улар.

Бул Мусайлам18га лақаб «каззоб» эрур,
Ул Муҳаммад пок, “улул албоб”19эрур.

Ҳақ шароби улки, сўнги мушки ноб,20
Боданинг сўнги эрур аччиқ, азоб.

—————————
1 – Араб имлосида «шер» ва «шир» сўзларининг бир хил ёзилишига ишора.

2 – Абдол – валийликнинг юксак мақомига эришган авлиёлар, Худога яқинлар.

3 – “Пайғамбарлари айтдилар: “Осмонлар ва Ернинг Яратувчиси бўлмиш Оллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! У Зот сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) қолдириш учун (иймонга) даъват қилмоқда-ку!” Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (санамларга сиғинишдан) тўсмоқдасизлар, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангизлар) бизга аниқ бир ҳужжат далил келтиринглар-чи?!” (Қуръони карим, «Иброҳим» сураси, 10-оят).

“Унинг қавмидан кофир бўлган, Охиратдаги мулоқотни ёлғон деган ва Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади”. (Қуръони карим, “Мўминун” сураси, 33-оят)

“Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма – оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва золим-кофир кимсалар: “Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!”, (деб) ўзаро шивирлашдилар”. (Қуръони карим, “Анбиё” сураси, 2-3-оятлар).

“Яна улар (масхара қилишиб): “Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди…” (Қуръони карим, “Фурқон” сураси, 7-оят).

4-5 – “Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр ерлар), узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ – ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун (Оллоҳнинг қудратига далолат қиладиган очиқ) оят – ибратлар бордир”. (Қурони карим, «Раъд» сураси, 4-оят).

6 – “Дарё-денгиз тенг бўлмас – буниси ширин-тотли ва ичилиши осон-ўтимли, буниси эса шўр-тахирдир…” (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 12-оят).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), кофирлар сизни ҳибс қилиш ё ўлдириш ёки (Маккадан) чиқариб юбориш учун сизга макр қилган пайтларини эсланг! Улар макр қилурлар, Оллоҳ ҳам “макр” қилур. Оллоҳ “маккор”роқдир. (Қуръони карим, “Анфол” сураси, 30-оят).

8 – “Бас, улар арқон ва асоларини (Ерга) ташладилар ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз», дедилар. Сўнг Мусо асосини ташлаган эди, баногоҳ у (асо) уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади. Шунда у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида Ерга ташланиб: “Барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар”. (Қуръони карим, «Шуаро» сураси, 44-47-оятлар).

9-10 – “Албатта мунофиқлар Оллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ уларни “алдаб” қўйгувчидир. Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Оллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Оллоҳ йўлдан оздирса, Сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Оллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужат қилиб беришни истайсизларми? Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 142-145-оятлар).

11 – “(Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб кетганларида) Мусо қавмига деди: «Оллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилдингиз! Бу Ер шак шубҳасиз, Оллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Оллоҳдан қўрққанларники) бўлур”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 128-оят).

12 – Марв, Рай – бир-биридан йироқда, яъни, Эроннинг ғарбу шарқида жойлашган икки шаҳар.

13 – “Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз Тўғри Йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур)”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 84-оят).

14 – “Ямҳуллоҳу ма яшау ва юсбиту ва ъиндаҳу уммул китаб” – “Оллоҳ ўзи хоҳлаган нарсани (яъни, ҳукмни) ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган ҳукмни) устивор қилур. Асл Китоб (яъни, Лавҳул-Маҳфуз) Унинг даргоҳидадир”. (Қуръони карим, «Раъд» сураси, 39-оят).

15 – “У Зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларда (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар”. (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 19-20-оятлар).

“Барзахул ла ябғийан” – “Ораларида тўсиқ бўлиб, тўсиқни ошиб ўтмаслар”

16 – “Эй мўминлар, агар Оллоҳдан қўрқсангизлар, У Зот сизлар учун (ҳақ билан ноҳақни) ажратадиган нарсани (яъни, Ҳақ Йўлга ҳидоятни ато) қилур ва ёмоник-гуноҳларингизни ўчириб, сизларни мағфират қилур…” (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 29-оят).

17 – Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: “Ким мени тушида кўрса, бас, Ҳақни кўргайдир”. (Ҳадис)

18 – Абу Мусайлим – сохта пайғамбар. Пайғамбаримиз (с.а.в) номларига пайғамбарлик даъвоси билан мактуб йўллаб, “каззоб” лақабини олган.

19 – Улул албоб – олий, юксак ақл соҳиби.

20 – “Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки; У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар”. (Қуръони карим, «Мутаффифин» сураси, 25-26-оят).

ТААССУБДАН НАСРОНИЙЛАРНИ ЎЛДИРГАН
ЖУҲУД ПОДШОҲИ ҲАҚИДА ҲИКОЯ

Бор эди золим, жуҳуд подшоҳ бурун,
Эрди ёв Ийсо, насоролар учун.1

Эрди Ийсо даври, гал келган замон,
Ул Мусо жони, Мусо ҳам унга жон.2 325

Шоҳ ғилай эрди ва ҳақ йўлда фидо
Икки ёрни айламиш буткул жудо.

Бир ғилайга деди устози: “Кириб,
Менга уйдан шийша бергин келтириб”.

Сўрди устоздан ғилай: “Икковидин,
Айт, аниқроқ, келтирай мен қай бирин?”

Деди устоз: “Шиша битта, кўп эмас,
Бирни қўш кўргувчиликни айла бас?”

Деди: “Эй, устоз, маломат қилмагин”,
Деди: “Синдир иккисиндан биттасин”. 330

Биттасин синдирди, йўқ бари, ажаб,
Ҳар кишин қилгай ғилай ҳирсу ғазаб.

Битта эрди шиша, жуфт кўрмиш ани,
Йитди бори, синдираркан биттани.

Қаҳру шаҳват кўзни ожиз айлагай,
Тўғри йўлдан буткул олис айлагай.

Гар ғараз пайдо, ҳунар бўлгай ниҳон,
Кўзга тушгай юз ҳижоб, дилдан шу он.3

Пора олмоқ истаса қози агар,
Золиму мазлумни қандоқ ажратар? 335

Куфру кин, чексиз ғаразлар бирла шоҳ
Сўнг ғилай бўлди, ўзинг асра, Худо!

Қирди минглаб мўмину мазлумни шоҳ,
Деб: “Мусо дийнига бўлгайман паноҳ”.

————————
1-2 – “(Эй мўминлар), айтингиз: «Биз Оллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан биронтасини ажратиб қўймаймиз ва биз фақат У Зотга (Оллоҳ таолога) бўйинсунувчилармиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 136-оят).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Сиз Қуръон тиловат қилганингизда, Биз Сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда тортиб қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар). Шунингдек, (Қуръоннни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва қулоқларида оғирлик – карлик пайдо қилурмиз. Қачон Сиз Қуръонда Ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) ораларига бурилиб қочурлар”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 45-46-оятлар).

ВАЗИРНИНГ ПОДШОҲГА МАКР ЎРГАТГАНИ

Шоҳ вазири эрди кўп маккорудум,
Сувни ҳам авраб, тугун боғловчи, шум.

Деди: “Тарсо аҳли жон асраш учун
Сир тутар ўз мазҳабин шоҳдан букун.

Бил, уларни қатл этиш бефойдадир,
Мушку уд янглиғ таратмас дин атр. 340

Сир ниҳон гар, қоплагай юзлаб ғилоф,
Сиртидан дўст эрса-да, қалбан хилоф”.

Шоҳ деди: “Шундай экан, тадбир надир?
Макру алдоқ чораси недир, гапир?

То жаҳон ичра насоро қолмасин,
Қолмасин ошкора ҳам пинҳона дин”.

Деди: “Эй, шоҳ, қўл, қулоғим кес бу дам,
Сўнгра йирт амринг-ла лаб, бурнимни ҳам.

Мени сўнг дор остига келтир, шу кез,
Топ гуноҳ сўргувчи бир одамни тез. 345

Қил бу тадбир, бўлса гавжум қай макон,
Катта йўл бўлсин, кўринсин тўрт томон.

Ҳайдалай сўнг бул шаҳардан шул заҳот,
Қўзғатай ул қавм аро ғавғо, фасод”.

ВАЗИРНИНГ НАСРОНИЙЛАР УЧУН ТУЗГАН МАКРУ ҲИЙЛАСИ

Мен дегайман: “Бир насороман, бу – сир,
Бул сирим ёлғиз Худо билгувчидир.1

Сезди иймонимни подшоҳ, худпараст
Қилди таъассуб-ла сўнг жонимга қасд.

Сир тутиб дийнимни шоҳдан ҳар маҳал,
Айладим ёт динга сўнг сиртдан амал. 350

Ногаҳонда сезди шоҳ кўнглим сирин,
Қолди пайқаб сўзларим ёлғонлигин.

Деди: “Сўзинг нонда пинҳон игнадир,
Дарча бор кўнглингга кўнглимдан, ахир.2

Дарчадан кўргач забун ҳолингни зор,
Қилмагайман сўзларингга эътибор.

Гар Исо жонимга эрмасди нажот,
Пора айларди жуҳуддай шул заҳот.

Жон тутай, мен бош тикиб Ийсога то,
Неча минг эҳсонидир қалбимга жо. 355

Мен Исодан тутмагум жоним дариғ,
Дийни илмин англадим ғоят аниқ.

Ҳайфу ҳайф, оҳ, шундайин пок битта дин,
Бўлса нобуд неча нодон илкидин.

Минг шукур, Ийсо, Худога, шубҳасиз,
Раҳнамо бўлдик улуғ, ҳақ динга биз.

Ҳам жуҳуд ҳамда жуҳудликдан кечиб,
Белга зуннор боғладим, фурсат етиб.

Давр Ийсо давридир, англанг, билинг,
Ушбу дин асрорини тез ҳис қилинг!” 360

Шоҳ вазирнинг айтганин қилмиш бажо,
Халқ кузатди шоҳ ишин ҳайрат аро.3

Улни тарсолар томон даф айлади,
Сўнг вазир даъватга ўзни шайлади.4

———————————
1 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг ҳаёти дунё ҳақида гапирган гапи Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (Исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолидаги дилидаги “иймонига” Оллоҳни гувоҳ келтиради”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 204-оят).

2 – “Қалбдан қалбга элтгувчи дарча бордир”. (Араб мақоли).

3-4 – “(Мунофиқлар) иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: “Биз ҳам иймон келтирдик”, дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганда эса: “Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (мўмин бўлдик, деб уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос”, дейишади”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 14-оят).

НАСРОНИЙЛАРНИНГ ВАЗИР МАКРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ

Неча юз минглаб насоролар шу кез
Ул вазир атрофида жам бўлди тез.

Ул баён айларди пинҳон бирма-бир,
Бўлса не Инжил, намоз, зуннорда сир.

Сиртда ул дин ҳукмига воиз у чоқ,
Ботини эрди бутунлай дом, тузоқ.1 365

Шул сабаб ёрлар Расулга гоҳи лол,
Бердилар ғул2 нафси макридан савол:

“Не қилар улким ғаразлик ҳам ниҳон,
Келтирар ихлос, ибодатга зиён?”3

Сўрмайин недир ибодат, фазли ғайб,
Изламишлар зоҳирий нуқсону айб.

Билдилар бор нафсию макрин улар,
Ажратиб кашнич ва гул фарқин улар.

Қилни қирқ ёргувчи асҳоблар чунон
Қолди ҳайрат ичра ваъзин тинглабон. 370

————————
1 – “(Улар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин. Ҳолбуки, улар агар сизларнинг устингизда ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Оғизларида сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишга) ор қилади. Уларнинг кўплари итоатсиздир”.(Қуръони карим, «Тавба» сураси, 8-оят).

2 – Ғул – ҳар хил шаклга кириб, одамларни йўлдан оздирадиган дев.

3 – Ҳузайфа (р.а) айтдилар: “Пайғамбар (с.а.в)дан саҳобалари яхшилик тўғрисида сўрадилар, мен эса унга: “Нега бундай қилдингиз, ё, расулуллоҳ?” – деб ёмонлик тўғрисида савол бердим. У: “Ёмонликни ўлдирган яхшиликда бўлади”, деди. (Ҳадис).

НАСРОНИЙЛАРНИНГ ВАЗИРГА ИТОАТ ҚИЛГАНИ

Унга тарсолар дилин бермиш бутун,
Хос бу ғўр тақлид авом аҳли учун!

Кўнглига жойлаб вазир меҳрин улар,
Улни Ийсо ноиби деб билдилар.

Асли ул бир кўзли Дажжолдир лаъин,
Оҳимиз тингла, Худо, “ниъмулмуъин!”1

Неча юз минг дому дон бул, эй, Худо,
Биз ҳарис бир гушна қушмиз бенаво.

Ҳар нафас домга тушармиз бирма-бир,
Гарчи биз Симурғ2у лочин, лек, асир. 375

Бизни қилсанг-да мудом домдан халос,
Домга тушгаймиз тағин, эй, Бениёз!3

Биз йиғиб буғдойни, омборлар тўлар,
Сўнгра биз йиққан у буғдой йўқ бўлар.

Ўйласак ҳушёр бўлиб бизлар агар,
Келди сичқон макридан барча зарар.

Тешди омборларни шум сичқон ғайир,
Макридан омборимиз вайронадир.

Бўл халос, эй, жон, у сичқон макридан,
Майли, сўнг буғдойни йиғгин жаҳд билан. 380

Тинглагил, не дейди ул Садруссудур:4
“Ло салота тамма илло билҳузур”.5

Кетмаса сичқон талаб омборимиз,
Қайда қирқ йил жамлаган дон—боримиз.

Томди ҳар кун сидқимиз қатра бўлиб,
Не учун омборимиз кетмас тўлиб?

Сачратар темир олов юлдузларин,
Ҳар куйик кўнгил қабул қилгай барин.

Лек, ўтар зулматда бир ўғри пусиб,
Неча юлдузлани қўл бирлан тўсиб. 385

Барча юлдузларни бир-бир ўлдирур,
Тушмасин деб то фалакдан тола нур.

Ҳар қадам минглаб тузоқлар бўлса ҳам,
Бизга ёр бўлсанг агар, келмайди ғам.

Ҳар кеча айро этиб ёд лавҳидан,
Қутқарарсан жонни таннинг бандидан.6

Ҳар кеча руҳлар қафасни тарк қилар,
Ўзни на ҳоким ва на маҳкум билар.

Бандилар тунда қафасни ўйламас,
Тунда султон мулкидан огоҳ эмас. 390

Бунда на фойда-зарар қайғуси бор,
На улу на бул фалон мавзуси бор.

Хос бу ҳол орифга бедорликда ҳам,
Деди Оллоҳ: “Ҳум руқудун” дам бу дам.7

Кеча-кун дунёдан огоҳмас улар,
Худди, Ҳақ илкинда довотдай турар.8

Кимки кўрмас гар ёзувда панжани,
Ўйлагайдир, деб қалам ёзгай ани.

Қилди ориф ҳолин Ул зарра аён,
Халқни, лек, ҳис уйқуси элтмиш чунон. 395

Кетди руҳлар бенишон саҳро сари,
Топди ором жони бирла танлари.

Домга тортарсан тағин айлаб садо,
Барча бўлгай даъватинг остинда жо.

(Тонгги нур бошин чиқаргай, шул заҳот,
Тилларанг кўк қузғуни ёзгай қанот). (Бу байт Николсон нусхасида йўқ).

“Фолиқул исбоҳ”9 Ул Исрофилсимон,
Айлагай ўз шаклига борин ниҳон.

Айлагайдир тўзғиган руҳларни тан,
Элтадир жонни вужудлар қайтадан.

Ажратар жон отин эгардан бу сир,10
Бил, бу “аннавму аху-л-мавт”11 сирридир. 400

Лек, тағин қайтаргали кунларни тез,
Пойларига солдилар арқон шу кез.

То чаманзордан тағин қайтсин бу ён,
Қайтса яйловдан, юкин тортсин бу жон.

Кошки “Каҳф асҳоби”дек асралса жон,
Асрагандай кемаю Нуҳни омон.

Токи бедорлик ва ҳуш тўфонидан,
Кўз, қулоқ, қалб бўлса озод домидан.12

Бул жаҳонда неча “Каҳф асҳоби”13 бор,
Ёнгинанг, қошингда ҳар дам сенга ёр. 405

“Ул биландир ёру ғор” деб куйланар,
Гар қулоқ, кўзда муҳр бор, не самар?14

————————————
1 – “Ниъмулмуъин” – “Ёлғиз Қўллагувчи!”

2 – Симурғ – Қоф тоғида яшовчи деб фараз этилган афсонавий қуш, анқо.

3 – “Ҳар қачон фитнага (яъни, куфрга) қайтишга тўғри келса, улар ўзларини унга ташлайдилар…” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 91-оят).

4 – Садруссудур – Садрлар садри, яъни, Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилган.

5 – “Ло салота тамма илло билҳузур” – “Қалб ҳозир бўлмаган намоз мукаммал бўлмайди”. (Ҳадис).

6 – “Жонларни ўша (жон)лар ўладиган вақтида Оллоҳнинг Ўзи вафот қилдирур, (ҳали-ҳануз) ўлмаган (жонлар)ни ҳам ухлаётган пайтларида (Оллоҳнинг Ўзи) олур. Сўнг (ўша уйқудаги) Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан, яъни, уйқуларидан уйғотмасдан ушлаб қолур, бошқаларини (яъни, ҳали ўлимга ҳукм қилинмаган жонларни) эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят- ибратлар бордир”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 42-оят).

7-8 – “Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан ерга тегиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз…” (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 18-оят).

“Ҳум руқудун” – “улар уйқуга чўмганлар”

9 – “(У зулматни ёриб) тонгни Чақиргувчидир. У кечани сукунат-ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг ўлчовидир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 96-оят).

“Фалиқул исбаҳ” – “тонгни Чақиргувчи”.

10 – Бу сатр исломгача бўлган араб шоири Зуҳайра ибн Абу Сулм(530-627)га тегишли.

11 – “Уйқу ўлимнинг укасидир, аммо, жаннат аҳли ҳеч ўлмайдилар”. (Ҳадис)

“Жонларни ўша(жон)лар ўладиган вақтида Оллоҳнинг Ўзи вафот қилдирур, (ҳали-ҳануз) ўлмаган (жонлар)ни ҳам ухлаётган пайтларида (Оллоҳнинг Ўзи) олур. Сўнг (ўша уйқудаги) Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан, яъни, уйқуларидан уйғотмасдан) ушлаб қолур, бошқаларини (яъни, ҳали ўлимга ҳукм қилинмаган жонларни) эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур…” (Қуръони карим, “Зумар” сураси, 42-оят).

12 – “Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва у (тўфон балоси)ни барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик”. (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 14-15-оятлар).

13 – “Балки Сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (Охират, Қиёмат ҳаққи-рост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?” (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 9-оят).

14 – “Оллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 7-оят).

022

Buyuk asarlarni qayta-qayta mutolaa qilamiz, har qayta o’qiganda yangi qirralarni,oldin sezmagan nafaslarni tuyamiz, oldin o’qiganimizni teranroq anglaymiz. Qayta mutolaa eski tuyg’ularimizni yangilaydi, xiralashgan hayajonlarimizga quvvat bag’ishlaydi.

Buyuk asarlarning yangi tarjimasi ham xuddi qayta mutolaadir. Islom tafakkkuri va Tasavvuf hikmatining sharofatli kitobi bo’lmish «Ma’naviy Masnaviy» o’zbek tiliga bir necha bor tarjima bo’lganining o’zi Jaloliddin Rumiy ijodining teranligi va sirli ekanidan dalolatdir. Avvalan asrlar davomida bu o’lmas asarning parchalari tarjima etilgan bo’lsa, soniyan, so’nggi 20 yil ichida Jamol Kamol, Asqar Mahkam tomonidan o’zbek tiliga o’girildi. Ularning mashaqqatli mehnatlarini tan olgan holda, aytish mumkinki, bari bir ko’nglimiz to’lmagani ayon edi. Ayon bo’lmaganida «Ma’naviy Masnaviy» tarjimasiga boshqa qo’l urilmagan bo’lardi.

Bugun sizga taqdim etilayotgan «Ma’naviy Masnaviy» hikoyatlari tarjimasi iste’dodli shoir Odil Ikrom tomonidan bajarilgan. Tarjimon «Ma’naviy Masnaviy»ning yangi tarjimasiga uzoq yillik tayyorgarlikdan keyingina qo’l urdi va buyuk asarning yangi mutolaasini hozirladi. Bu yangi mutolaa har birimizning qalbimizga yangi hayajonlar olib kiradi, deb o’ylayman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

077

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan
Odil Ikrom tarjimasi
09

BIRINCHI KITOB MUQADDIMASI

Bu – “Masnaviy” kitobi, Haq taologa yetishmoq va Unga e’tiqod sirlarini ochishda uning asosi – din asoslarining asosi. U Ollohning buyuk fiqhi, yorqin shariati, oshkor-ayon dalilidir. Uning “nuri xuddi bir tokcha ustidagi chiroq”1 nuridirkim, shu’lasi tong nuridan ham yorug’roq nur sochar. U jonlarning daraxtzorlari va buloqlari to’lib-toshgan jannatidir. Jumladan, shunday bulog’i borki, Tariqat o’g’lonlari uni Salsabil 2 derlar, maqom egalari va karomat sohiblari uchun u “yaxshiroq martaba”,3 “eng yaxshi qarorgoh va eng go’zal istirohatgoh bo’lur”.4 “(Hayoti dunyodan Olloh taoloning amru farmonlariga itoat qilib o’tgan) yaxshilar”5 unda yeb-ichadilar, hurlar esa undan bahra va zavq oladilar. U Misrdagi Nil daryosiday, sabru qanoat ahli uchun ichimlik, Fir’avn qavmi hamda kofirlar uchun qayg’u va hasratdir. O’zi aytganidek: Olloh “ko’plarni adashtiradi va ko’plarni (Haq Yo’lga) hidoyat qiladi”6. Bu ko’ngillar shifosi, g’am-g’ussani ketgizguvchi, “mukarram, itoatli mirzolar (ya’ni, farishtalar) qo’llari bilan”7 bitilgan, “tahoratli –pok kishilargina”8 ushlashiga izn berilgan, oldidan ham, ortidan ham (hech qanday) botil – nohaqlik kelmas”9 rizq-ro’zni ko’paytirguvchi, axloqni poklaguvchi, Qur’oni karim ma’nolarini kashf etuvchi kitobdir. Unga Ollohning O’zi nazar tashlab turadi, “zotan, Olloh eng yaxshi Saqlaguvchidir va U Zot mehribonlarning Mehribonrog’idir”10 Bu kitobning Haq taolo bergan boshqa laqablari – sifatlari ham bor, ammo, biz shu ozi bilan kifoyalandik, zero, oz ko’pga, qatra ummonga, bir hovuch don katta xirmonga dalolat qiladi.

077Bularni Haq taolo rahmatiga mujtoj ojiz banda, Muhammad o’g’li Muhammad Husayn o’g’li Balxiy, Olloh uning aytganlarini dargohida qabul etsin, aytmoqda: Men jismimda jon o’rnida qaror topgan, bugunim va ertangi kunim zaxirasi, tirgagim va tayanchim bo’lmish sayyidimning iltimosiga binoan, qichqa, ammo, serma’no ajoyibotlar va g’aroyibotlarni, mumtoz iboratlarni, yo’l-yo’riq durlarini, zohidlar tariqati, obidlar gulshanini o’z ichiga olgan “Masnaviy” manzumalarini tuzishga urindim.

Bu zot – oriflar peshvosi, hidoyat va sidq imomi, odamiy zot xaloskori, qalb va idrok muhofizi, Olloh yaratgan bandalar ichra omonat va mumtoz, Uning o’z payg’ambariga vasiyatlarini o’zida aks etdirgan va U tanlagan zot xilvatgohi, Arsh xazinasining kaliti, Yer boyliklarining qo’riqchisi, fazilatlar otasi, Haq va din qilichi, Hasan o’g’li Muhammad o’g’li Hasan, Axiy Turk o’g’li11 sifatida mashhur, davr Abu Yaziydi12, zamona Junaydi,13 siddiq o’g’lining siddiq o’g’li siddiq, raziyallohu anhu, kelib chiqishi Urmaviy bo’lgan, “xuftonda kurd edim, bomdodda arabga aylandim” degan buyuk bir shayxga, Olloh uning va avlodlari arvohi ruhini shod etsin, mansubdir. Uning ajdodlari nechog’lik xushnud va avlodari nechog’lik xushbaxtdirlar. Uning shunday nasl-nasabi borki, yorug’ligi oldida quyosh o’z ridosini yopinadi, shuhratin yog’dusida yulduzlar shu’lasi xira tortadi. Uning dargohi Unga yuzlanganlar qiblasi, Haq lutfidan umidvor elchilar atrofini aylanib ziyorat qilmoqliklari uchun orzular Ka’basidir. Toki har kech yulduzlar porlab, har tong Sharq mash’ali nur sochar ekan, rabboniy, ruhoniy, osmoniy, arshiy nazar sohiblari, sukut ila razm solguvchilar, hozir bo’lguvchi g’oyiblar, jandapo’sh shohlar, qavmlarning ulug’vor zotlari, fazilat egalari, dalolat nurlari uchun Olloh ularni o’z panohida asrasin. Omiyn, yo Rabbul olamiyn!

Bu duo ijobat bo’lgay, zero, u butun borliqni qamrab olgan duodir. Ollohu Ahadga hamdu sanolar bo’lsin, Sayyidimiz Muhammadga, uning qavmi va xonadoniga Olloh rahmati yog’ilsin! “Bizga Yolg’iz Ollohning O’zi kifoya. U Zot eng yaxshi ishonchli Vakildir”.14

IZOHLAR

1 – “Olloh osmonlar va Yerning nuridir (ya’ni, ularning barchasini yoritib, ko’zga ko’rsatib – yo’qdan bor qilib turguvchidir). U Zot nurining (mo’min banda qalbidagi) misoli xuddi bir tokcha, uning ustida bir chiroq, bu chiroq bir shisha ichida, u shisha go’yo bir dur yulduzga o’xshaydi…” (Qur’oni karim, “Nur” surasi, 35-oyat).

2 – “(Jannat ahli) u joyda mizoji-aralashmasi zanjabil bo’lgan maykosalar bilan – (jannatlardagi) salsabil-o’timli deb ataladigan chashma bilan sug’orilurlar”. (Qur’oni karim, “Inson” surasi, 17-18-oyatlar).

3 – “Qachon ularga (ya’ni, insonlarga) ochiq-ravshan bo’lgan oyatlarimiz tilovat qilinsa, kofir bo’lgan kimsalar iymon keltirgan zotlarga: “Qaysi guruh yaxshiroq martaba va go’zalroq majlisda?”, deydilar. (Ya’ni, boy-badavlat mushriklar faqir va miskin mo’minlarning ustidan kuladilar). (Qur’oni karim, “Maryam” surasi, 73-oyat).

4 – “Jannat egalari esa u Kunda eng yaxshi qarorgohlar va eng go’zal istirohatgohlarda bo’lurlar”. (Qur’oni karim, “Furqon” surasi, 24-oyat).

5 – “Albatta (hayoti dunyodan Olloh taoloning amru farmonlariga itoat qilib o’tgan) yaxshilar (jannatda) mizoji aralashmasi kofuvr – Ollohning (yaxshi) bandalari ichadigan (jannatiy) chashma – bo’lgan maykrsalardan (may) ichurlar. Ular u (chashmani o’zlari xohlagan joydan)tchiqarib-oqizib olurlar”. (Qur’oni karim, “Inson” surasi, 5-6-oyatlar).

6 – Olloh chivin yoki undan-da haqir narsalar haqida masal aytishdan hech tortinmaydi. Iymonli kishilar uning (masalning) haqiqatan, Parvardigorlari tarafidan ekanini biladilar. Kofirlar esa: “Buni misol qilish bilan Olloh nima demoqchi?”, deydilar. Bu masal sabab (Olloh) ko’plarni adashtiradi va ko’plarni (Haq Yo’lga) hidoyat qiladi”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 26-oyat).

7 – “(U oyatlar Olloh nazdida) azizu mukarram, qadri baland, pokiza sahifalarga; Mukarram, itoatli mirzolar (ya’ni, farishtalar) qo’llari bilan (Lahful-Mahfuzdan ko’chirib bitilgandir)”. (Qur’oni karim, “Abasa” surasi, 13-16-oyatlar).

8 – “Uni faqat tahoratli – pok kishilargina ushlarlar”. (Qur’oni karim, “Voqea” surasi, 79-oyat).

9 – “Unga oldidan ham, ortidan ham (hech qanday) botil-nohaqlik kelmas (ya’ni, Qur’oni Karimning hech qaysi tomonidan biron kitob yo hujjat kelib uni botil qila olmas, chunki, u) hikmat va hamdu sano Egasi tomonidan nozil qilingandir”. (Qur’oni karim, “Fussilat” surasi, 42-oyat).

10 – “(Ya’qub) dedi: “Men uni sizlarga ishonmayman. Magar ilgari uning birodarini ishonganimdek ishonaman (ya’ni, o’shanda ham menga bergan va’dalaringizga xiyonat qilgan edingiz. Demak, men sizlarga uning inisini ham ishonib topshirolmayman. Lekin men Yolg’iz Ollohning saqlashiga ishonaman, xolos). Zotan, Olloh eng yaxshi Saqlaguvchidir va U Zot mehribonlarning Mehribonrog’idir”. (Qur’oni karim, “Yusuf” surasi, 64-oyat).

11 – Mavlononing kotibi, “Masnaviy”ni yozishga da’vat etgan Shayx Husomiddin Chalabiy nazarda tutilgan.

12 – Buyuk avliyolardan biri, Sulton-ul –orifin laqabi bilan mashhur Boyazid Bistomiy.

13 – Buyuk mutasavvuf Junayd Bag’dodiy.

14 – “Unday zotlarga ayrim kimsalar: “(Quraysh) odamlari sizlarga qarshi (sanoqsiz lashkar) to’plagan; bas, ulardan qo’rqingiz””, deganlarida, (bu gap) ularning iymonlarini ziyoda qildi va: “Bizga Yolg’iz Ollohning O’zi kifoya. U Zot eng yaxshi ishonchli Vakildir!”, dedilar”. (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 173-oyat).

077
MEHRIBON VA RAHMLI OLLOH NOMI BILAN!

Tingla naydan, ne hikoyat aylagay,1
Ayriliqlardan shikoyat aylagay:

“To qamishzordan tanimni kesdilar,
Zorlarim erkak-ayol bag’rin tilar.

Istayurman ayriliqdan chok bag’ir,
Toki shavqim dardin aytay birma-bir.

Kim agar bo’lgay yiroq o’z aslidin,
Ro’zg’orin vaslini izlar tag’in.

Nola qildim har yig’in men, har qadam,
Hamdam erdim shodga ham, giryonga ham. 5

Menga o’z haddi bilan yor bo’ldi kim,
Siyratimdan izlamas erdi sirim.

Nola-ohimdan sirim ermas yiroq,
Ko’z-quloqlar ichra nur bo’lmas, biroq.

Bir-birindan tan va jon pinhon emas,
Jonni ko’rmak bandaga oson emas”.2

Yel emas, o’tlig’ sado bil nay sasin,
Bunda aslo o’ti yo’qlar qolmasin!

Chaqnagan ishq o’ti bul naydan chiqar,
Qaynagan ishq o’ti shul maydan chiqar. 10

Kimki yordan kechsa, nayga intilar,
Pardasindan pardamiz ham yirtilar.

Ko’rdi nayday zahru ham malhamni kim?
Ko’rdi nayday orzumand, hamdamni kim?

Qonli yo’llar qismatin aylar bayon,
Majnun ishqi qissasin aylar bayon.

Yor erur bul hushga behush har nafas,
Til xaridori quloqdan o’zgamas.

O’tdi kunlar g’ussamizda kech bo’lib,
O’tdi kunlar hasratu g’amga to’lib. 15

Kunlar o’tsa, ayt: “O’tib ket”, qo’rqmagil,
Qol, faqat, Sen, Sen kabi yo’q pok, asil”.3

Kim baliqmas, Haq suviga qongay ul,
Rizqi yo’qning kunlari kuygay nuqul.

Puxta holin bilmagaydir barcha xom,
Gapni cho’zmay, qisqa qildik, vassalom!

Bo’lgin ozod, uz kishanni, ey o’g’il,
Siymu zarga buncha bo’lding bandi, qul?

Ko’zaga dengizni quy to’lguncha to,
Aylagay bir kunlik ul rizqingni jo. 20

Ko’zi ochlar ko’zasi hech to’lmagay,
Qonmaguncha to sadaf, dur bo’lmagay.

Ishqdin kimning yaqosi chok erur,
Nafsidan pok, aybidan ham pok erur.

Shodlan, ey, ishq, xushjunun har onimiz,
Barcha illatga tabib, darmonimiz.

Topdi sendan malham or-nomusimiz,
Ey, sen Aflotunu4 Jolinus5imiz.

Jismi xok ishq birla chiqqay to falak,
Ishqdin raqs aylagay tog’ jonsarak. 25

Aylagan dam ishq Turga jon ato,
Bo’ldi Tur mast, “xarra Muso soiqo”.6

Jufti bo’lsam menga hamdam yor labin,
Arzi holim so’ylar erdim naydayin.

Kim agar tildoshidan bo’lgay judo,
Ul zabundir, garchi chalgay yuz navo.

So’lsa gul, bo’lgay guliston ham xazon,
So’ngra bulbul qilmagay holin bayon.

Neki bor – Ma’shuq va oshiq pardadir,
O’lmagay Ma’shuq va oshiq murdadir.7 30

Ishq uchun qay dilda gar bo’lmaski joy,
Qushdir ul parsiz, qanotsiz, holi voy.

Bir nafas topgaymi hush menda qaror,
Oldu ortim gar yoritmas ersa Yor?8

Bul kalomni ishq pinhon asramas,
Oynakim fosh etmagay, hech narsamas.

Oyinang qilmas nechun fosh, oshkor?
Chunki, pokmas, chehrasinda zangi bor.7

_______________________
1 – “Mo’min misoli bir burg’udir, uning ichida bo’shliq bo’lmasa, chiroyli sado bermaydi”. (Hadis)

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Sizdan ruh-jon haqida so’raydilar. Ayting: «Ruh Yolg’iz Parvardigorim biladigan ishlardandir». Sizlarga juda oz ilm berilgandir”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 85-oyat).

3 – “Olloh(ning savobi) yaxshiroq va (azobi) davomliroqdir”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 73-oyat).

4 – Aflotun – miloddan avval (430-347) yashagan qadimgi yunon faylasufi.

5 – Jolinus – qadimgi yunon tabibi. (131-210)

6 – “Qachonki Muso va’dalashgan vaqtimizda (Tur tog’iga) kelib, Parvardigori unga (bevosita) so’zlagach, u: «Parvardigorim, menga (jamolingni) ko’rsatgin. Senga bir qaray», dedi. (Olloh) aytdi: «Sen Meni (bu dunyoda) hargiz ko’rolmaysan. Ammo mana bu toqqa boq. (Men unga ko’rinurman). Bas, agar u (Men ko’ringanimda) o’rnashgan joyida tura olsa, sen ham Meni ko’rajaksan». Qachonki Parvardigori u toqqa ko’ringan edi, uni mayda-mayda qilib tashladi va (bu holni ko’rgan) Muso hushsiz holda yiqildi. O’ziga kelganidan keyin esa dedi: «Pok Parvardigor (noo’rin savol so’rashdan), O’zingga tavba qildim. Endi men (Sening naqadar Buyuk Zot ekaningga) iymon keltirguvchilarning avvali-peshqadamiman”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 143-oyat).

7 – “(Muso) dedi: “Mana shu sen bilan mening o’rtamizdagi (bitimdir). Ikki muddatdan qay birini ado qilsam bas, menga zo’rlik qilinmas, Olloh aytayotgan so’zimizga Vakil – Guvohdir”.
Qur’oni karim, “Qasas” surasi, 28-oyat).

“Ey (Iysoga) iymon keltirgan zotlar, Ollohdan qo’rqinglar va Uning Payg’ambari (Muhammad alayhis-salom)ga ham iymon keltiringlar, (shunda) U Zot sizlarga O’z rahmatidan ikki hissa ato etur va sizlar uchun (Qiyomat Kunida oldilaringizda) yuradigan nur (paydo) qilur hamda sizlarni mag’firat qilur. Olloh Mag’firatli, Mehribondir”. (Qur’oni karim, “Hadid” surasi, 28-oyat).

8 – “Mo’min va mo’minalarning oldilarida va o’ng tomonlarida nurlari (ya’ni, qilgan yaxshi amallari va nomai a’mollari yo’llarini yoritib) ketayotganini ko’radigan Kunni (eslang! O’sha Kunda ularga deyilur): «Sizlar uchun Bugungi xushxabar – ostidan daryolar oqib turadigan, (sizlar) mangu qoladigan jannatlardir. Bu buyuk saodatning o’zidir!”. (Qur’oni karim, «Hadid» surasi, 12-oyat).

9 – “Yo’q, (undoq emas)! Balki ularning dillarini o’zlari kasb qilguvchi bo’lgan gunohlari qoplab olgandir!” (Qur’oni karim, «Mutaffifun» surasi, 14-oyat).

PODSHOHNING BEMOR KANIZAKKA OSHIQ BO’LGANI
VA UNI DAVOLATISH UCHUN CHORA AXTARGANI

Tinglang, ey, do’stlar, bu on bul doston,
Holimizning to’g’risin aylar bayon. 35

Bitta shoh o’tgandi ko’p yillar burun,
Shoh edi ham diynu ham dunyo uchun.

Bir kuni otga minib shoh daf’atan,
Ovga chiqdi bor saroy ahli bilan.

Katta yo’lda bir kanizakni ko’rib,
Qoldi shohning joni unga qul bo’lib.

Jon qushi sig’may qafasga tortdi oh,
Mol berib, olmish sotib ul qizni shoh.

Oldi shoh, bo’ldi uning vasliga yor,
Lek, Qazo1dan bo’ldi qiz dardga duchor. 40

Eshshagi bor to’qimin topmas emish,
To’qim olgach, eshshagin bo’ri yemish.

Ko’zasi bor chog’da suv qolmish tinib,
Suvni topgach, ko’zasi ketmish sinib.

Har tarafdan shoh tabiblar chorlabon,
Dedi: “Sizning qo’ldadir bul ikki jon!

Jon ado jonimda, jonim joni bul,
Xastadirman, dardlarim darmoni bul!

Topsa darmon xasta bul jonimga kim,
Unga bo’lsin barcha dur-marjonlarim!”. 45
.
Dedilar: “Bor jonimiz aylab fido,
Fikrimiz jamlab, toparmiz bir shifo.

Har birimiz bir Masihmiz dahr aro,
Biz toparmiz har nechuk dardga davo”.2

“Xohlasa Olloh” demas qay benavo,
So’ng uni ojiz qilib qo’ygay Xudo.3

G’ofil “istisno”4 demay jim tonadir,
Har tirik jonga bu hol begonadir.5

Necha zotlar borki, “istisno” demas,
Joni “istisno”ga jondosh, ayrimas.6 50

Qildilar har ne iloj bor, ne davo,
Ortdi dard, bo’lmay sira hojat ravo.

Qilday ozdi qiz, qo’zib dard beomon
Bo’ldi daryo shoh ko’zi, qon yig’labon.

Haydamay safroni sirkangbin7 sira,
Ham bodom yog’i quritmish Hukm8 ila.

Ketdi itloq9 ham, halila10 qabz11 etib,
O’tni suv oldirdi avj, naftday yetib.

_______________

1 – Qazo – Ilohiy hukm

2 – “Va yana ko’r, pes kasallarini tuzata olaman va Ollohning izni bilan o’liklarni tiriltiraman hamda sizlarga yeydigan va uylaringizda saqlaydigan narsalaringizni aytib bera olaman. Agar mo’min bo’lsangizlar, albatta bu ishlarda sizlar uchun aniq oyat-dalillar bordir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 49-oyat).

4 – “Va biron narsa haqida: “Men albatta bu ishni ertaga qilguvchiman”, deya ko’rmang, magar “Inshoolloh — Olloh xohlasa”, (deng! Bu so’zni aytishni) unutib qoldirgan vaqtingizda (yodingizga tushishi bilan) Parvardigoringizni zikr qiling (ya’ni, “inshoolloh”, deng) va: As’hobul-Kahf voqeasi haqida xabar berishdan ham) yaqinroq (mening haq Payg’ambar ekanligimga yaxshiroq dalolat qiladigan) To’g’ri Yo’lga hidoyat qilsa”, deng!” (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 23-24-oyatlar).

3 – Istisno – “inshaolloh”, ya’ni, “Xudo xohlasa” demoq.

5-6 – Ya’ni, har bir shaxs Xudoning iroda va istagisiz hech bir ish qilolmasligiga ishonishi kerak, tilda «inshoalloh» desa ham, demasa ham. Muhimi shundaki, chin qalbi, vijdoni bilan shu haqiqatga, ya’ni, Xudoning iroda va xohishiga imon keltirsin va bilsinki, Alloh taolo uni har qanday holatda o’z qudratu ilmi bilan qo’llaguvchidir. (Sayid Ibrohim Hikmat, «Qur’on dar «Masnavy», Dushanbe, 2007, 24-sah).

7 – Sirkangbin – safroni haydash uchun shakar va sirkadan tayyorlanadigan sharbat.

8 – Hukm – ilohiy hukm, Qazo ma’nosida.

9 – Itloq – ichning ravon kelishi.

10 – Haliyla – ichni muloyim qiladigan meva.

11 – Qabz – ichaklarning qurib qolishi.

KANIZAKNI DAVOLASHDA HAKIMLAR OJIZ EKANLIGI
MA’LUM BO’LGANI,PODSHOHNING OLLOH DARGOHIGA YUZ BURGANI
VA TUSHIDA BIR AVLIYONI KO’RGANI

Ko’rdi shoh, erdi hakimlar holi tang,
Chopdi so’ng masjidga ul oyoqyalang. 55

Yuzlanib mehrob tomon masjidda shoh,
Ko’zining yoshiga to’ldi sajdagoh.

O’ziga kelgach fano1 girdobidan,
So’zga lab ochmish duo, hamdlar bilan:

“Ey, jahon mulkin qiluvchi armug’on,
Ne deyin men? Senga bor dardim ayon.2

Ey, mudom hojatni qilguvchi ravo,
Men tag’in yo’ldan ozib, qildim xato”.

Aytasan: “Garchand, siring oshkor-ayon,
Sirlaringdan zohiring qilsin bayon”.3 60

Yig’lamish shoh o’rtanib jon-jonidan,
Toshdi mavjlar mag’firat ummonidan.

Yig’layotib uyqu eltdi shohni tez,
Uyquda bir pirni tush ko’rmish u kez.

Dedi: “Ey, shoh! Xushxabar! Kelmog’i bor,
Erta Bizdan bir g’arib, hojatbaror.

Kelsa ul, bilki, hakim, hoziq erur,
Ham ishonchli bilgin, ul sodiq erur.

Ko’r ilojin, sehri mutlaq shu’lasin,
Ko’r uning timsolida Haq qudratin”. 65

Va’dalangan o’sha kun kelmish yetib,
Sharq quyoshi chiqdi, yulduzlar ketib.

Ko’shkida shoh o’ltirardi muntazir,
To ko’ray deb neligin ul tunggi sir.

Ko’rdi bir fozilnikim, balqib shu on,
Chiqdi soya qa’ridan oftobsimon.

Erdi nur sochguvchi porloq oy misol,
Boru yo’q yanglig’ edi misli xayol.

Gar ko’rinmasdir xayol jon ichra jim,
Bo’ysunar, lek, unga olam betinim. 70

Sulhu jang, ne bor, xayoldandir bari,
Faxru nomus-or xayoldandir bari.

Ul xayolkim, avliyo bandi erur,
Bog’i Haq oyyuzlilarin aksidur.

Ul xayolkim, ko’rdi shoh tush intizor,
Bo’ldi mehmon shaklida paydoyu bor.

Soqchilardan shunda shoh oldin o’tib,
Oldi g’ayb mehmonini darhol kutib.

Har ikov ummonda suzgay begumon,
Rishtasiz, ipsiz birikmish ikki jon. 75

Dedi: “Ulmas, sen erursan ma’shuqam,
Besababmas, lek, bu dunyo kori ham.

Men uchun sen Mustafo4san, men – Umar,5
Xizmatingga bog’lagum darhol kamar”.

______________
1 – Fano – O’zlikni yo’qotib, butun borliqdan kechib, ilohiyotga singish.

2 – “(Olloh) ko’zlarning xiyonatini (ya’ni, qarash harom qilingan narsaga o’g’rincha ko’z tashlashni) ham, dillar yashiradigan narsalarni ham bilur”. (Qur’oni karim, «Fofir» surasi, 19-oyat).

3 – “Ular Olloh ularning yashirgan sirlarini ham, o’zaro shivir-shivirlarini ham bilishini va Olloh g’aybni – ko’rinmas narsalarni ham aniq Bilguvchi ekanini bilmaydilarmi?!” (Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 78-oyat).

4 – Mustafo – tanlangan, saylab olingan. Payg’ambarimiz Muhammad (s.a.v)ning sifatlaridan biri.

5 – Umar – Umar Ibn Al-Xattob (634-644), islomda “xulafo ar-roshidin” (to’g’ri yo’ldan borgan xalifalar”), “choryorlar” deb atalgan dastlabki to’rt xalifadan ikkinchisi.

TAVFIQ EGASI OLLOHDAN TAVFIQ SO’RASHDA
HAR QANDAY HOLATDA ODOB HURMATIGA RIOYA QILISHNING
FAZLI VA ODOBSIZLIKNING ZARARLI
OQIBATLARI BAYONIDA

Qil adabning tavfig’in Haqdan talab,
Mahrum o’ldi lutfi Haqdan beadab.

Beadab etmas, faqat, o’zni ado,
Balki, o’t qo’ygay butun olam aro.

Indi dasturxonda ko’kdan rizqu ro’z,
Bor edi na oldi-sotdi, gap va so’z.1 80

Lek, Musoning qavmidan bir to’da zor,
Derdi: “Mosh birlan sarimsoq qayda bor?”2

Qildi ko’k taqiq butun noz-ne’matin,
Qoldirib o’rog’u mehnat zahmatin.

So’ng Iso qilgach shafoat, Haq tag’in
Berdi dasturxonda nozu ne’matin.3

Shubha-shak aylab, adabdan chiqdilar,
Och gado yanglig’ taomlar yig’dilar.4

Yolvorib derdi Isokim, bul karam
Doimiy, yerda sira bo’lmaydi kam. 85

Badgumonlik qildilar, hirsu huzur
Erdi bor ne’mat uchun butkul kufr.

Hirs ila qilgach gadolar ta’masin,
Qildi qo’l yetmas u rahmat darchasin.

Man qilinganda zakot, yog’mas samo,
Ham zinolar keltirar ofat, vabo.5

Senga kelgan har na zulmatdan alam,
Shubha-shak, loqaydligingdandir bu g’am.6

Do’st yo’linda qo’rqmagan nomard erur,
Necha bir mardlarni yo’ldan ozdirur. 90

Bul falak to’lmish, adab sochganda nur,
Har malak bo’lmish adabdan toza, hur.7

Beadablikdan tutilgaydir quyosh
Bo’ldi rad, shayton ko’targan chog’da bosh.8

___________________
1-2 – “Eslang, (ey bani Isroil, Muso o’z qavmi uchun suv tilaganida: “Asoyingni toshga urgin”, dedik. Bas, undan o’n ikki chashma otilib chiqdi – har bir qabilaga (ular o’n ikki urug’ edilar) o’z suvi ma’lum bo’ldi. (Va ularga deyildi): “Olloh bergan rizqdan yeb-ichinglar, Yer yuzida buzg’unchilik jinoyatlarini qilmanglar” Eslang: “Ey, Muso, Biz bir xil taomga hech qanoat qila olmayapmiz. Parvardigoringga duo qil, bizga Yerda unib-o’sadigan sabzavotlardan, bodring, sarimsoq, mosh, piyozga o’xshagan o’simliklardan chiqarib bersin”, deganingizda, u: Yaxshi narsani past narsaga almashtirishni istaysizlarmi? Shaharga tushsangizlar so’ragan narsalaringiz turibdi-ku!”, dedi. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 61-oyat).

3-4 – “Havoriylar: “Ey Iyso binni Maryam, Parvardigoring bizga osmondan bir dasturxon nozil qilishga qodirmi?”, degan paytlarida (Iyso ularga): “Agar mo’min bo’lsangizlar, Ollohdan qo’rqinglar”, deb javob qildi. Ular dedilar: “Biz (faqatgina) u dasturxondan yeyishni va ko’ngillarimiz taskin topishini hamda sening rost so’zlaringni aniq bilib, (u dasturxonga) guvoh bo’lguvchilardan bo’lishni istaymiz”. (Shunda) Iyso binni Maryam: «Ollohim, Parvardigoro, bizga osmondan bir dasturxon nozil qilginki, u avvalu oxirimiz uchun bayram va Sening oyat-mo»jizang bo’lib qolgay. Bizni (shu ne’matdan) bahramand qilgil. O’zing eng yaxshi rizq berguvchisan», deganida, Olloh aytdi: «Men uni sizlarga tushirguvchiman. Ammo, (shundan) keyin sizlardan kimda-kim kofir bo’lsa, uni shunday azobga giriftor qilamanki, butun olamlardan biron odamni unday azoblamagayman”. (Qur’oni karim, «Moida» surasi, 114-115-oyatlar).

5 – “Agar u qishloqlarning (joyning) ahli iymon keltirib, taqvodor bo’lganlarida edi, albatta Biz ularga osmonu Yerdan barakot (darvozalarini) ochib qo’ygan bo’lur edik. Lekin ular (payg’ambarlarimizni) yolg’onchi qildilar, bas, ularni o’zlari qilgan gunohlari sababli ushladik”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 96-oyat).

“Qachonki insonlar zakot berishni to’xtatsalar, Olloh taolo ulardan barakotli yomg’irni to’xtatadi”. (Hadis)

6 – “(Ey insonlar), sizlarga ne bir musibat yetsa, bas, o’z qo’llaringiz qilgan narsa — gunoh sababli (yetur). Yana U ko’p (gunohlarning jazosini bermasdan) avf qilib yuborur”. (Qur’oni karim, «Sho’ro» surasi, 30-oyat).

7 – “Ey mo’minlar, sizlar o’zlaringizni va ahli oilalaringizni do’zaxdan saqlangizki, uning o’tini odamlar va toshlardir, u (do’zax)ning ustida qattiqdil va qatiqqo’l, Olloh o’zlariga buyurgan narsaga itoatsizlik qilmaydigan, (faqat) o’zlariga buyurilgan narsani qiladigan farishtalar turur”. (Qur’oni karim, «Tahrim» surasi, 6-oyat).

8 – “(Olloh) dedi: «Bas, undan (ya’ni, jannatdan chiq! Endi sen, shak-shubhasiz (Mening dargohimdan) quvilgan – mal’unsan”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 34-oyat).

SHOHNING TUSHIDA KO’RGAN AVLIYO BILAN MULOQOTI

Shoh tabibni bag’riga bosmish chunon,
Xuddi, ishqni qamraganday dil va jon.

O’pdi oning manglayi ham qo’lidan,
Birma-bir so’rdi maqomu yo’lidan.

So’rdi hol, yetguncha to sadri qadar,
Dedi: “Toqat aylabon, topdim samar. 95

Sensan, ey, mushkilkusho Haqdan darak!
Sendadir “As-sabru miftoh-ul-faraj!”1

Har savolga ey, javob, chehrang tugal,
Aylagaysan jim turib, mushkulni hal.

Sen o’zing tilmoch, yurakda to’lsa sir,
Qo’llagaysan, qay ayoq gar loydadir.

Marhabo, ey, Mumtoz, ey, Murtazo!
“In tag’ib joa-l-qazo zoqa-l-fazo.2

Anta mavla-l-qovmi man lo yashtahiy
Qad rado kallo la’in lam yantahiy”.3 100

____________

1 – “As-sabru miftoh-ul-faraj”! – “Sabr kushoyishlar kalitidir”. (Hadis)

2 – “In tag’ib joa-l-qazo zoqa-l-fazo” – “Bo’lmasang, Qazo kelib, fazo torayadi”.

3 – “Yo’q! Qasamki, agar u (bunday gumrohlikdan) to’xtamasa, albatta biz uni peshona sochidan – o’sha yolg’onchi, adashgan peshona sochidan tutarmiz-da (jahannamga oturmiz)!” (Qur’oni karim, «Alaq» surasi, 15-16-oyatlar).

“Anta mavla-l-qovmi man lo yashtahiy, qad rado kallo la’in lam yantahiy” – “Sen qavmning ustozisan, kimki u halok bo’lishini istamasa, yo’q, agar u to’xtamasa…”.

BEMORNING AHVOLINI KO’RSIN DEB,
SHOH TABIBNI BEMOR OLDIGA BOSHLAB BORGANI

Shoh tabibni boshladi, o’tgach yig’in,
So’ng haram yonga, tutib jim ilkidin.

So’ylagach shoh xasta, bemor holidan,
Shoh, tabib joy oldi bemor yonidan.

Ko’rdi rangin, ko’rdi ushlab tomirin,
Axtarib dardning alomat, zohirin.

Dedi: “Ne malham va darmon qildilar,
Aylamay sog’lomu vayron qildilar.

Qalbining tarzin ular bilmay butun,
“Asta’izulloha mimo yaftarun”.1 105

Ko’rdi bemor illatin anglab ayon,
Tutdi, lek, shohdan, uning dardin nihon.

Erdi dard safroyu savdomas butun,
Har yag’ochning iysini bergay tutun.

Ko’rdi, ul zor erdi, ko’ngil erdi zor,
Tan – sihat, lek, qalb edi dardga duchor.

Zorlanar dil, ishq uni gar o’rtagay,
Xasta dilning dardiday dard bo’lmagay.

Barcha illatdan judo ishq dardi chin,
Ishq — usturlobidir Haq sirlarin. 110

Ishq xoh osmonu xoh yerdan kelur,
Oqibat bizlarga yo’lboshchi erur.

Qancha qilmay ishq sharhin qaytadan,
Unga duch kelgan mahal sharmandaman.

Garchi til qilgay ayon, etsa bayon,
Lek, bayonsiz ishq uningdan-da ayon.

Gar qalam yozgay tinimsiz ham jadal,
Ishqqa duch kelganda nochor har mahal.

Sharh etar ag’nab eshak yanglig’ aql,
Ishqu oshiqlikni ishq aylar naql. 115

Lek, quyoshga, bil, quyoshdir chin dalil,
Gar dalil darkor esa, yuz burmagil.2

Soya gar ersa quyoshdan bir nishon,
Lek, quyosh jonlarga nurdir jovidon.

Ko’lkalar ertaksimon uxlatsa gar,
So’ng quyosh chiqqanda, “inshaqqa-l-qamar”.3

Yo’q quyosh yanglig’ kezuvchi dahr aro,
Jon quyoshi boqiy, ulmas bebaqo.

Sirtidan garchi quyosh tanho erur,
O’y-tasavvur ichra ham paydo erur. 120

Lek, falak jon shamsi birlan birgamas,
Zehnu idrok jon quyoshin ilg’amas.

Fikru o’ydan unga kenglik qayda bor?
Toki topsin o’y-xayol ichra qaror.

Yetdi Shams ruxsoridan so’z ushbu dam,
Yopdi yuz to’rtinchi osmon shamsi ham.

Tilga kelgach ismi, shartdir ushbu on
Aylamak in’omining ramzin bayon.

Joni jonim etagin bir dam tutar,
Ham Yusufning ko’ylagi atrin tuyar.4 125

“Necha suhbat haqqi, so’ylab birma-bir,
Bizga sen ul holi xushlardan gapir.

Yeru ko’k to shodlanib, topsin shukuh,
Yayrasin tokim nigohu aqlu ruh”.

“Lo tukallifniy fainniy fi-l-fano,
Kullat afhomiy falo uhsiy sano.5

Kullu sha’in qolahu g’ayru-l-mufiyq,
In takalluf av tasalluf lo-yaliyq.6

Ayt, na dey, bir tomirim hushyor emas,
Yordinkim, Yorga hech kim yor emas. 130

Bul jigar qoni, judolik hamda dard
Sharhini so’ylay biror bir boshqa payt”.

Dedi: “At’imniy fainniy jai’un,
V-a’tajil fa-l-vaqtu sayfun qati’un.7

“So’fiy – ibnu-l-vaqt”8, ayo, do’st, har nafas,
“Erta” deb aytmoq – Tariyqat shartimas.

Sen, nahot, mard so’fimasdirsan bu dam?
Nasya bor joydan yitar so’ng naqdi ham”.

Men dedim: “Soz – yorda pinhon bo’lsa sir,
Sen hikoyat qa’ridan hikmat qidir. 135

Gar u dilbarlar siri paydo erur,
O’zgalardan tinglasang a’lo erur”.

Dedi: “Borin bexato, oshkor-ayon,
Ey, fazilat sohibi, qilgin bayon.

Pardani tort o’rtadan, uryon gapir,
Yotmayin ko’ylakda yor birlan, axir”.

Men dedim: “Oshkoru uryon bo’lsa ul,
Qolmagay atrof, tiriklik, sen tugul.

Orzu qilgin sen, biroq, me’yorni bil,
Bir somonning parchasin tog’ bilmagil. 140

Ul quyoshkim ko’kda sochgay yog’dular,
Gar yaqinlashgay biroz, olam kuyar.

Fitna, xunrezlik, g’araz axtarma, do’st,
Shams Tabriziy9dan endi dema so’z.

Bul hikoyat so’ngi yo’qdir, qaytadin
Birma-bir so’yla hikoyatning barin”.

_______________

1 – “O’shanda sizlar uni tildan tilga olib, og’izlaringiz bilan o’zlaringiz aniq bilmagan narsani so’ylar va buni yengil ish deb o’ylar edingizlar. Holbuki, u Olloh nazdida ulug’ (gunohdir)”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 15-oyat).

“Asta’izulloha mimo yaftarun” – “Ularning yolg’onlardan o’zing asra, ey, Parvardigor!”

2 – “Olloh, farishtalar va ilm ahlari – Yolg’iz Ollohdan o’zga hech qanday tangri yo’q, faqat Uning O’zi borligiga guvohlik berdilar. U adolat bilan turguvchi — Hukm qilguvchidir. Hech qanday Tangri yo’q, faqat Uning O’zi bor. U Qudratli, hikmat Egasidir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 18-oyat).

3 – “Iqtarabatis-sa’atu vanshaqqal qamar” – “(Qiyomat) Soati yaqinlashib qoldi va oy ham bo’lindi”. (Qur’oni karim, «Qamar» surasi, 1-oyat).

4 – (Yusuf dedi): “Sizlar mana bu ko’ylagimni olib borib, otamning yuziga tashlasangiz, uning ko’zlari ochilur. So’ng barcha ahli oilalaringiz bilan birga mening oldimga kelinglar”. Karvon (Misrdan) chiqishi bilanoq otalari (Ya’qub alayhis-salom o’z uylarida turib, huzuridagi kishilarga): “Men Yusufning bo’yini tuymoqdaman. Agar meni aqldan ozgan demasangizlar (Yusuf tirik, degan bo’lar edim)”, dedi. (Ular) aytdilar: “Ollohga qasamki, sen (hali ham) o’sha eski xatoyingda turibsan” Endi qachonki xushxabarchi kelib, uni (ya’ni, Yusufning ko’ylagini Ya’qubning) yuziga tashlagach, uning ko’zlari ochildi. “Sizlarga men Ollohning (Mehribon, Rahmli ekanligi haqida) sizlar bilmaydigan narsalarni bilurman, demaganmidim”, dedi u”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 93-96-oyatlar).

5 – “Lo tukallifniy fainniy fi-l-fano,
Kullat afhomiy falo uhsiy sano “ – “(Dedim) meni qiynamagin, chunki, men fanodaman, fahmlarim o’tmaslashib qolgan va Uning madhini bir-bir sanab o’tolmayman”.

6 – “Kullu sha’in qolahu g’ayru-l-mufiyq,
In takalluf av tasalluf lo-yaliyq”. “Behushikda aytilgan har nechuk so’z, agar u haddan oshsa, loyiq emas”. “Lo-yaliq” — arzimaydi (loyiq emas)

7 – “At’imniy fainniy jai’un,
V-a’tajil fa-l-vaqtu sayfun qati’un” – Dedi: “Menga taom ber, chindan ham men ochman va shitob ayla, chunki, vaqt keskir qilichdir”.

8 – “So’fiy – ibnu-l-vaqt” – “So’fiy – vaqt farzandi”.

9 – Shams Tabriziy – Shamsiddin Muhammad Ali o’g’li Malikdod Tabriziy. J.Rumiyning ustozi. 1188 yili Tabrizda tug’ilgan. 1248 yilda muxoliflari tomonidan o’ldirilgan.

KANIZAKNING DARDINI ANIQLASH UCHUN HAKIMNING
SHOHDAN ULARNI YOLG’IZ QOLDIRISHINI SO’RAGANI

Dedi: “Ey, shoh, bo’shatib bu xonani,
Chiq va hayda bunda bor begonani.

Solmasin hech kim quloq dahlizda ham,
To kaniz birlan qilay suhbat bu dam”. 145

So’ngra kulba bo’shagach uy ahlidan,
Qoldi xilvatda tabib bemor bilan.

So’rdi asta: “So’yla, shahring qay diyor?
Har shaharning dori ham darmoni bor.

Ul shahardan kim qarindoshing, gapir,
Aqrabo, payvasta etgan ul nadir?”

Ko’rdi ushlab tomirin, so’ng birma-bir
So’rdi: “Olam aylamish qandoq jabr?”

Kim oyog’iga tikon kirgusi gar,
Ul oyog’in tizza ustiga qo’yar. 150

Izlagay igna uchi birlan u yo’l,
Topmagach, o’rnin, qilar lab birla ho’l.

Bir tikon olmoq oyoqdan gar azob,
Ne bo’lar dilga qadalgach? Ber javob!

Dil tikonin ko’rsa gar har bitta xas,
G’am yitib, barcha olar yengil nafas.

Botsa xor eshshak dumi ostiga gar,
Shatta otgaydir, ololmay qiynalar.

Olmagay to bir zakiy, jirtak otib,
Qiynalar eshshak, tikon battar botib. 155

Qiynalib eshshak o’zin har yon otar,
Bir yara og’rig’i yuz chandon oshar.

Ul hakim bilmish tikon olmoq yo’lin,
Izlamish illatni, ushlab qiz qo’lin.

Tinglabon qizni tabib dostondayin,
Holidin so’rmish uning yor-do’stlarin.

Qiz sirin to’kmish hakimga boshidan,
So’ylamish har xoja, har yurtdoshidan.

Tinglabon qiz qissasin dono hakim,
Tomirin zarbin aniqlar erdi jim. 160

Toki tomir qaysi nomdan ursa tez,
Unga jonin istagin so’ylar shu kez.

Yurt aro bor do’stlarin bir-bir sanab,
Tinglamish so’ng o’zga yurt nomin atab.

Dedi: “Bo’lgach o’z diyoringdan yiroq,
Qaysi bir yurtda yashab qolding uzoq?”

Aytdi, birmas, necha yurt nomin shu dam,
O’zgarish bo’lmasdi yuz, tomirda ham.

Ko’p shahar ham xo’jalardan so’ylamish,
Nonu tuz, joy, ko’chalardan so’ylamish. 165

So’rdi yurt, ham uyma-uy, kim bor tanish,
Topmayin tomir va yuzdan o’zgarish.

Tomir urmish sust, butunlay bexato,
Ul Samarqand shahridan so’rguncha to.

So’ng qizarmish shunda, titrab qildi his,
Ul Samarqand zargarin hajrin kaniz.

Anglagach nogoh tabib bemor sirin,
Topdi so’ng dardu baloning tomirin.

Dedi: «Qay yerda makoni, qay guzar?”
“Ul Saripul, ko’cha nomi Fotfar”. 170

Dedi: “Bildim, angladim, darding nadir,
Tez xalos qilgum seni, aylab sehr.

Shod bo’l, darmon toparsan qaytadan,
Yog’sa yomg’ir, yayragan yanglig’ chaman.

Senga g’amxo’rman o’zim, sen chekma g’am,
Yuz ota mehri erur jonimda jam.

Ehtiyot bo’l, bo’lmasin oshkor bu sir,
So’rsa hamki garchi shoh, undan yashir.

Sirlaringga bo’lsa ko’ngling go’r agar,
Shunda bergay maqsading tezroq samar. 175

Dedi Payg’ambar: “Sirin kim sir tutar,
Tez ushalgay unda maqsad, orzular”.1

Gar urug’ qilganda yer ostin makon,
Yashnagan bo’ston sirin aylar nihon.

Siymu zar gar bo’lmagay ko’zdan nihon,
Siymu zarni yoshirib asrarmi kon?”

Ul hakimdan va’dayu lutfu karam
Quvdi bemor ko’nglidan qo’rquvni ham.

Va’dalarning rosti bor – ko’ngil tilar,
Va’daning yolg’oni bor – g’amgin qilar. 180

Jonga ganjdir ahli dillar va’dasi,
Jonga ozor noahillar va’dasi.

——————
1 – Maqsadingizga yetish uchun maxfiylikdan foydalaning, chunki, har bir farog’atdagi xotirjam kishi hasad nishoniga yo’liqadi. (Hadis).

VALIYNING KANIZAK DARDINI ANIQLAGANI
VA PODSHOHGA MA’LUM QILGANI

So’ng Hakim bo’lmish ravona shoh tomon,
Qilgali shohga bu hol qismin ayon.

Dedi: “Tadbir – shul, chaqir ul mardni tez,
Keltirib, so’ngra quvaylik dardni tez.

Chorla, zargar shahridan kelsin yetib,
Aldagin sovg’a-salomu zar berib”.

SHOHNING ZARGARNI KELTIRISH UCHUN
SAMARQANDGA ELCHILAR YUBORGANI

Shoh yubormish ul taraf ikki vakil,
Erdilar zukko, adolatlik, asil. 185

So’ng Samarqandga vakillar yetdilar,
Shoh so’zin zargarga ma’lum etdilar:

“Ey, bilimdon, ezgu zotdirsan, daho,
Shuhrating butkul taralmish el aro.

Shohimiz chorlaydi, otlan, ushbu kun,
Seni bosh zargar qilib qo’ymoq uchun.

Ol, kumush, oltin va sarpo, rozi bo’l,
Sen saroy ahlin ulug’, mumtozi bo’l”.

Molu zar bermish yigitga pand biroz,
Yurtidan, farzandlarindan kechdi voz. 190

Shodu xurram tushdi yo’lga, bilmayin
Shoh uning joniga, lek, qasd qilganin.

Ul arab tulporida yeldi chunon,
Erdi sarpo evazi – qon birla jon.

Ey, yigit, o’zni safarga chog’lagan!1
O’z oyog’ingdir o’limga boshlagan.

Unda nafs, izzattalablik bor edi,
Unga Azroyil: “Qani, kel, ol” – dedi.

Yetdi manzilga bosib yo’l ul g’arib,
Eltdi shohning oldiga darhol tabib. 195

Eltdilar aylab bajo bor hurmatin,
Toki kuysin his qilib Tiyroz2 shamin.

Shoh uni ko’rgach, qilib ta’zim bajo,
Etdi ko’p oltin, kumush, ganjlar ato.

So’ng Hakim aytdi: “Saxovat senga yor!
Xojaga bo’lsin kanizak ham nisor.

To visol dog’larni yuvsin ruhidan,
Dilda o’t o’chsin visolning suvidan”.

Etdi baxsh zargarga shoh oychehrasin,
Ikki mushtoq bo’ldi so’ng juftu yaqin. 200

Olti oy totmish visol ta’min ular,
Toki qiz butkul sog’aygunga qadar.

So’ngra bir sharbat yasab bergach tabib,
Zargar ichgach, ketdi butkul o’zgarib.

Bo’ldi bemor, so’ndi zargar husni ham,
Qiz azobdan o’rtanib, ko’p chekdi g’am.

Sarg’ayib zargar, yuzin qoplab ajin,
Ketdi qizning ko’ngli muzlab kun sayin.

Bo’lsa ishqda rangu tusga bandalik,
Bundayin ishq oxiri – sharmandalik. 205

Nomus-or zargarga bo’lsaydi ravo,
Bo’lmas erdi shum hukmga mubtalo.

Ko’zidan qon oqdi daryoday to’lib,
Joniga husni yovuz dushman bo’lib.

Yov erur tovusga tovusning pati,
O’ldirar shohlarni shonu shavkati.

Dedi: “Men bir ohudirman bag’ri xun,
To’kdi pok qonimni sayyod mushk uchun

Tulkiman sahroyi, qopqonga tushib,
Ketdilar po’stin deya boshim uzib. 210

Bitta filman, so’ngagim ko’zlab bu dam,
To’kdi fil boqquvchi so’ng qonimni ham.

Kim agar bekorga qonimni to’kar,
Bilmagay, bir kun bu qonim qon so’rar.

Men bugun o’lsam, ul o’lgay erta kun,
Mendayinlar qoni hayf bo’lsin nechun?3

Tashlagay devor uzun gar soyasin,
Oqibatda o’ziga qaytar tag’in.

Bul jahon – tog’, xulqimizdir bir nido,
Qaytadir bizga nidodan aks-sado”.4 215

Berdi jon zargar, shuni aytib shu payt,
Qizni so’ng tark etdi ishqi birla dard.

Chunki, marhumlar uchun ishq mangumas,
Chunki, marhum biz taraf qaytmaydi, bas.5

Har tirik jon ishqi ruhda, ko’zda, boq,
Funchadan ham pok erur ham yarqiroq.

Sen tirik ishqin tila, boqiy erur,
Jonga orom, mayga ham soqiy erur.6

Tanla Ul ishqinki, barcha anbiyo
Topdi Ulning ishqidan qudrat, ziyo. 220

Dema: “Bizga qayda yo’l to Shoh qadar?”,
Mehribon Zotga bu oson qanchalar.7

———————————
1 – Abu Hurayra (r.a) aytdi: “Rasululloh (s.a.v) kuchli balo kelishidan, baxtsizlik yetishidan, qazoyi qadar yomonligidan va dushmanlarning masxara qilib kulishlaridan panoh so’rar edilar”. (Hadis)

2 – Tiroz – Turkiston va Xitoy hududida joylashgan qadimiy shahar, aholisining go’zalligi bilan dong taratgan.

3 – “Agar (bugun — Uhudda) sizlarga jarohat yetgan bo’lsa, (Badr jangida) u qavmga ham xuddi shunday jarohat yetgan. (Toki ibrat bo’lsin deb) va Olloh haqiqiy iymon keltirgan kishilarni bilishi hamda oralaringdan shahidlarni saralab olishi uchun bu kunlarni (ya’ni, g’alaba va mag’lubiyat kunlarini) odamlar orasida aylantirib turamiz. Olloh zolim kimsalarni sevmaydi”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 140-oyat).

4 – “O’sha Kunda odamlar, ularga (qilib o’tgan) amallari(ning jazo yoki mukofotlari) ko’rsatilishi uchun to’da-to’da bo’lib chiqib kelurlar! Bas, kim (hayoti dunyodalik paytida) zarra misqolichalik yaxshilik qilsa, (Qiyomat kunida) o’shani ko’rur. Kim zarra misqolichalik yomonlik qilsa uni ham ko’rur!”. (Qur’oni karim, «Zalzala» surasi, 6-8-oyatlar).

5 – “Bas, ular na biron vasiyat qilishga va na uylariga qaytishga qodir bo’lurlar”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 50-oyat).

6 – “Bizlar esa xatolarimizni va sen bizlarni majbur qilgan sehrgarlikdan iborat (gunohimizni) mag’firat qilishi uchun Parvardigorimizga iymon keltirdik. Olloh(ning savobi) yaxshiroq va (azobi) davomliroqdir”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 73-oyat).

7 – “Kim biron bir yomon ish qilsa yoki (Ollohning buyruqlariga itoat etmasdan) o’z joniga jabr qilsa, so’ngra Ollohdan mag’firat so’rasa, Ollohni mag’firat qilguvchi va Mehribon ekanini topar-ko’rar”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 110-oyat).

ZARGARNING ZAHAR BERIB O’LDIRILISHI
HAVOYI NAFS VA BUZUQ NIYAT OQIBATI EMAS,
BALKI, ILOHIY ISHORAT EKANLIGI BAYONIDA

Garchi ul zargarni o’ldirmish Hakim,
Na umid bor erdi bunda, na vahm.

Ta’ma aylab shohdan, ul o’ldirmadi,
Toki Haqdan amru ilhom kelmadi.

Bir go’dakning halqumin kesmish Xizr,1
Lek, avom xalqqa ayonmas ushbu sir.2

Olsa kim Haqdan vahiy birlan javob,
Neki ul amr aylagay – butkul savob.3 225

Bersa kim jon, jon olishga haqqi bor,
Haqqa noib, qo’liga Haq qo’li yor.4

Boshni Ismoil kabi tik, bo’l rizo,
Tiyg’idan qil shodu xurram jon fido.5

Toki joning yayrasin, xuddi, Ahad
Birla Ahmad joniday kulsin abad.

Ul dam oshiqlar farah jomin suzar,
Ma’shug’in ilkinda sarmast jon uzar.

To’kmadi shahvatni deb shoh qon, biroq,
Sen gumon, g’avg’olaringdan bo’l yiroq. 230

Shohni sen bulg’andi deb qilding gumon,
Pokka gard qo’ngaymi, pok ersa chunon?

Bul riyozat, bul jafo bo’lgay ravo,
Qo’ra poklar nuqradan botilni to.6

Har yomon-yaxshi sinov lozim u dam,
Qaynagach, sirtga chiqar zar zangi ham.7

Solmasa ko’ngliga bul ishni Iloh,
Shoh emas, yirtqich bir it erdi u shoh.

Pok edi shahvat, havo, hirsdan u shoh,
Yaxshilik qildi, ko’ringay, lek, xato. 235

Ul Xizrkim kemani sindirdi gar,
Bul shikast yuz yaxshilikka yo’l ochar.8

Shuncha idrok-la Musoday nurli zot,
Bilmadi ul sirni, uchma beqanot.

Qon qizil guldir, uni sen xun dema,
Shoh aqldan mast, uni majnun dema.9

Bo’lsa mo’min qoni unga muddao,
Kofir o’lgum, nomin olsam tilga to.

Maqtalar fosiq agar, titraydi Arsh,10
Madhi taqvodor dilin aylaydi g’ash. 240

Shoh edi garchand ul, ogoh shoh edi,
Xos edi, Haq unga hamroh shoh edi.

Shundayin shoh o’ldirar kimni agar,
Eltadir oliy maqomu baxt qadar.

Qahridan gar topmasa kimdir panoh,
Lutfi Mutlaq ko’rdimi qahrin ravo?

Gar tabib tig’ tutsa, go’dak titragay,
Onasi shod, garchi go’dak yig’lagay.11

Ul yarim joning olib, yuz jon tutar,
O’y-xayol sig’dirmagan imkon tutar.12 245

Sen qiyos olgaysanu o’zdan, biroq,
Ko’p yiroqdirsan, yiroq, boq yaxshiroq!

————————
1 – So’ng yana yo’lga tushdilar. To borib bir bolaga ro’baro’ bo’lganlarida, (Xizir) uni o’ldirdi. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 74-oyat).

2 – “U (Xizir) aytdi: “Aniqki, sen men bilan birga (ilm mashaqqatlariga) sabr qilishga hargiz toqating yetmas. (Zotan), o’zing egallab olmagan – xabardor bo’lmagan narsaga qanday sabr qilursan?!” (Qur’oni karim, “Kahf” surasi, 67-68-oyatlar).

3 – “Va u (sizlarga keltirayotgan Qur’onni) o’z havoyi-xohishi bilan so’zlamas. U (Qur’on) faqat (Olloh tomonidan Payg’ambarga) vahiy qilinayotgan (tushirilayotgan) bir vahiydir”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 3-4-oyatlar).

“Yana havoriylarga (sen orqali): Menga va payg’ambarimga iymon keltiringlar”, deb vahiy yuborganimda, ular: “Iymon keltirdik, (Ey Parvardigor), bizning bo’yinsunguvchilar ekanimizga O’zing shohid bo’l”, deganlarini eslagin!” (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 111-oyat).

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Sizga bay’at-qasamyod qiladigan zotlar hech shak-shubhasiz, Ollohga bay’at qilurlar — Ollohning Qo’li ularning qo’llari ustida bo’lur. Endi kim (o’z qasamyodini) buzsa, bas, u faqat o’z ziyoniga buzur. Va kim Olloh bilan ahd-paymon qilgan narsasiga vafo qilsa, u holda (Olloh) unga ulug’ ajr-mukofot ato etur”. (Qur’oni karim, «Fath» surasi, 10-oyat).

5 – “Endi qachonki u (bola katta bo’lib, otasi Ibrohim) bilan birga yuradigan bo’lgach, (Ibrohim): “Ey o’g’ilcham, men (hadeb) tushimda seni (qurbonlik uchun) so’yayotganimni ko’rmoqdaman. Endi sen o’zing nima ra’y-fikr qilishingni bir o’ylab ko’rgin”, degan edi. U aytdi: “Ey, otajon, senga (tushingda Parvardigor tomonidan) buyurilgan ishni qilgin. Inshoolloh, meni sabr qilguvchilardan topursan”. (Qur’oni karim, «Vas-Saffot» surasi, 102-oyat).

6-7 – “(Olloh) osmondan suv (yomg’ir) yog’dirganida jilg’alar to’lib-toshib oqib, bu sel o’z ustida ko’piklarni ham ko’tarib kelur. (Odamlar) zeb-ziynat yoki asbob-uskuna yasash uchun o’tda eritadigan narsa-ma’danlardan ham shunga o’xshash ko’pik (chiqindi paydo) bo’lur. Olloh Haq bilan botilni manna shunday (misol bilan) bayon qilur. Endi u ko’pik-chiqindi o’z-o’zidan yo’q bo’lib ketur. Odamlarga foydali bo’lgan narsa esa Yer yuzida qolur. Olloh misollarni mana shunday bayon qilur”. (Qur’oni karim, «Ra’d» surasi, 17-oyat).

8 – “Bas, ikkov yo’lga tushdilar. To borib bir kemaga minishlari bilan (Xizir kemani) teshib qo’ydi. (Muso) aytdi: «Uni (bizga kemalaridan joy bergan) odamlarni g’arq qilish uchun teshdingmi? Juda dahshatli ish qilding-ku?!” (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 71-oyat).

9 – “Ey mo’minlar, ko’p gumon(lar)dan chetlaninglar! Chunki, ayrim gumon(lar) gunohdir! (O’zgalarning ayblari ortidan) josuslik qilib yurmanglar va ayrimlaringiz ayrimlarni g’iybat qilmasin! Sizlardan biron kishi o’zining o’lgan birodarining go’shtini yeyishni yaxshi ko’rurmi?! Ana yomon kurdingizmi?! (Bas, gunohi bundan-da ortiq bo’lgan g’iybatni ham yomon ko’ringiz)! Ollohdan qo’rqingiz! Albatta Olloh tavbalarni Qabul qilguvchi, Mehribondir”. (Qur’oni karim, «Hujurot» surasi, 12-oyat).

10 – “Har qachon fosiq, buzuq kishi maqtalsa, Ollohning qahri kelib, Arsh titraydi”. (Hadis)

11 – “(Ey mo’minlar, garchi) sizlarga yoqmasa-da, (kofirlarga qarshi) jang qilishingiz farz qilindi. (Zotan), sizlar o’zingiz uchun yaxshi bo’lgan narsani yoqtirmasligingiz va sizlar uchun yomon bo’lgan narsani yaxshi ko’rishingiz mumkin. Olloh bilur, sizlar bilmassiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 216-oyat).

12 – “Albatta Olloh mo’minlarnig jonlarini va mollarini ulardan jannat barobariga sotib oldi – ular Olloh yo’lida jang qilishib (kofirlarni) o’ldiradilar va (o’zlari xam Olloh uchun shahid bo’lib) o’ldiriladilar. (Bunday mo’minlarga jannat berilishiga) Olloh Tavrot, Injil va Qur’onda O’zining haq va’dasini bergandir. Ollohdan ham ahdiga vafodorroq kim bor? Bas, (ey mo’minlar), qilgan bu savdolaringizdan shod bo’lingiz! Mana shu haqiqatan, buyuk saodatdir”. (Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 111-oyat).

Abu Hurayra (r.a) rivoyat qilgan hadis: Rasululloh (s.a.v) aytdilar: “Olloh taolo shunday deydi: “Men solih bandalarim uchun ko’z ko’rmagan, quloq eshitmagan, odamzodning ko’ngliga ham kelmagan narsalarni (mukofot qilib) tayyorlab qo’yganman”.

BAQQOL, UNING TO’TISI VA TO’TINING DO’KONGA
MOY TO’KIB QO’YISHI HAQIDA HIKOYAT

Bor edi baqqolu tildon to’tisi,
Xushnavo, zangori, biyron to’tisi.

Erdi ul do’kondan ogoh har mahal,
Har mijoz-la so’zlashardi galma-gal.

Suhbatu so’zlashda zo’r notiq edi,
Zo’r edi sayrashda ham, hoziq edi.

Bir kuni gir aylanib har yonga tez,
To’kdi gulmoy chelagin turtib shu kez. 250

Xojasi uydan kelib, do’kon aro
O’ltirardi bemalol xojanamo.

Ko’rsa, do’kon jiqqa yog’dir bir mahal,
Qattiq urdi boshiga, qush bo’ldi kal.

Qoldi tildan necha kunlar to’ti jim,
O’rtanib oh urdi baqqol betinim.

“Hay, darig’!”- deb soch-soqolin yuldi: -“Oh!
Ne’matim oftobidan bo’ldim judo.

Qo’llarim sinsaydi koshki ul zamon,
Xushzabonim boshiga urmay hamon”. 255

Zora tilga kirsa qush deb har safar,
Berdi darvishlarga sadqa, hadyalar.

O’tdi uch kun, uch kecha, hayronu zor
Qoldi do’konda umidsiz, beqaror.

Til bitarmi qushga deb ul har safar
Ko’rsatardi ko’p g’aroyib narsalar.

Janda kiygan darvish o’tdi shu mahal,
Boshi tosdek yaltirardi, erdi kal.

Tilga kirmish qush uni ko’rgan hamon,
Qotdi so’z darvishga nogoh: “Hey, falon! 260

Ey, kal, olding nega kallar ichra joy,
Yoki sen ham shishadan to’kdingmi moy?”

Barcha kuldi to’tining bul so’ziga,
O’xshatardi to’ti kalni o’ziga.

O’xshatib poklarga o’zni, bilma bir,
Garchi bir xildir yozuvda “sher”u “shir”.1

Shul sabab gumrohdir olam ahli ham,
Chunki, Haq abdoli2ni bilguvchi kam.

O’zlarin goh anbiyodek bildilar,
O’zni ogoh, avliyodek bildilar. 265

Derdilar: “Bizdek ular ham bir odam,
Ne yesak yer, biz kabi uxlaydi ham”.3

Bilmagaylar ko’zi ko’r ul bandalar,
Bul aroda borligin farq qanchalar.

Ikki ori bir chamanda aylanar,
Bittasi bol, bittasi yig’mish zahar.

Ikki ohu suv ichib, o’t yer, biroq,,
Bittasi mushk, bittasi go’ng berdi, boq.4

Ikki xildir qamishu bir ozig’i,
Po’k biri, shakkar birin, lek, borlig’i.5 270

Bul qiyoslar necha yuz ming, mo’l erur,
Farqi yetmish yillik olis yo’l erur.

Yer birov, undan palidlik ajralar,
Yer birov, Haq nuri birlan qamralar.

Yer birov, kiynu hasad hosil bo’lar,
Yer birov, Haq ishqiga vosil bo’lar.

Ul erur pok yer, bu sho’r bosgan zamin,
Pok farishta ul, bu shaytondir la’in.

O’xshagay gar ikki suvrat shakli ham,
Ikki xil, lek, sho’r-shirindir unda ta’m.6 275

Bil, faqat, zavq ahli, gar ko’rgay tatib,
Bergusi sho’r-totli suvni ajratib.

Sehr ila mo»jizani aylab qiyos,
Deydilar: “Har ikkisinga makr asos”.7

Sehrgarlar qildilar kin, iddao,
So’ng Musoday oldilar qo’lga aso.8

Bul asodan ul asoning farqi mo’l,
Bul amallarning arosi – katta yo’l.

Bul amal so’ngida bor Haq la’nati,
Ul amal so’ngida yor Haq rahmati. 280

Erdi bir maymunmijoz kofir bari,
Dilga yog’di fe’lidan ofatlari.

Neki odam qilsa, maymun ham qilar,
Qaytarar har lahza, ne odam qilar.

O’ylar u, qilgay odamdek begumon,
Farqini qaydan bilar maymunsimon?

Ul g’arazdan, bul amr, chindan qilar,
Ayla daf, kimki g’araz-kindan qilar!

Xoh munofiq hamnamoz mo’min bilan,
Ul ado etgay namozin kin bilan.9 285

To namoz, ro’za, zakot, haj farzi bor
O’zaro mo’min-munofiq jangi bor.10

Kimki mo’min, g’olib o’lgay oqibat,
Kim munofiq, mag’lub aylar oxirat.11

Har ikovi bir o’yin o’ynar, biroq,
Bir-birovdan Marvu Ray yanglig’ yiroq.12

Intilar har kim maqomi soriga,
Har kishi borgay munosib nomiga.13

Gar desang mo’minni mo’min, shod bo’lar,
Gar munofiqqa desang, qahrin to’kar. 290

Ulda nom mahbub erur Haq zotidan,
Bulda nom manfur erur ofotidan.

Bil, sharafmas “mim”u “vov”u “mim”u “nun”,
Xos erur “mo»min”, faqat, ta’rif uchun.

Gar munofiq desa kim pastkash kishin,
Sanchadir jonga chayonday o’z nishin.

Bo’lmasa bul nom agar do’zaxga yor,
Unda ne bois jahannam ta’mi bor?

Nom yomon bo’lsa, sabablar so’zdamas,
Suv agar sho’r bo’lsa, aybdor ko’zamas. 295

Harf idishdir, ma’ni suvdir unda nob,
Ma’niga ummon erur “Ummul-Kitob”.14

Sho’r-shirin dengiz – jahonda yonma-yon,
Bor aroda “barzaxun la yag’biyon”.15

Ikkisin ham manbain, aslin bilib,
Ikkisindan kech, asilga intilib.

O’lchasang sof, soxta zar qadrin agar,
E’tiboringmas, mahaktosh ajratar.

Bersa Haq har bir tirik jonga mahak,
Ajralar ne unda haq, ne shubha-shak.16 300

Tushsa qay bo’g’z ichra nogoh xas agar,
Tinchimas toki olingunga qadar.

Necha minglab luqmalardan, unga yot
Xasni his aylar tirik jon shul zahot.

Olam anglash bul jahon norvonidir,
Dinni anglash osmon norvonidir.

Bul shifosin siz tabibdan axtaring,
Ul shifosin siz Habibdan axtaring.

Bo’lsa sog’ bul his – farovondir badan,
Bo’lsa sog’ ul tuyg’u – vayrondir badan. 305

Jon yo’li gar tanni barbod aylagay,
Qaytadin vayronni obod aylagay.

Ganju zar deb xonasin barbod qilar,
Ganji so’ng shul xonani obod qilar.

Kim to’sib suvning yo’lin, qazgay ariq,
So’ngra pok suvlarga to’lg’azgay ariq.

Tortsa o’qni kim kesib nogoh tanin,
Yangi et o’sgay jarohatdan tag’in.

Qal’ani kofirdan olgay kim buzib,
Aylagay obod uni qayta qurib. 310

Haq ishin, Haq holatin anglaydi kim?
Bul zaruratdir xolos, aytganlarim.

Farq qilar goh ul va goh buldin ishi,
Bil, faqat, hayratga solmoq – din ishi.

Lek, ular hayronligimas shak, malol,
Balki, Do’stning mastliginda g’arqu lol.

Do’st tomonga ul birin boqqay yuzi,
Ul birin yuzlangani bo’lgay o’zi.17

Tashlagin har yuzga sen bir-bir nazar,
Yuz tanishda bul yumush bergay samar. 315

Odamiy suvratda Iblis bunda mo’l,
Cho’zmagil bekor ular tomonga qo’l.

Chunki, taqlid hushtagin sayyod chalar,
Barcha qush yolg’on sadoga aldanar.

Tinglagach hamjinsi ovozin ular,
Pastlanib, darhol tuzoq, to’rga tushar.

Past kishi darvishdan o’g’irlab kalom,
Laqmalarni sehr ila aylaydi rom.

Dil ilitmoqlik, yoritmoq – mard ishi,
Hiylagar, makkor erur pastkash kishi. 320

Jun libos aksin gadoylikka burar,
Bu Musaylamni atar Ahmad ular.

Bul Musaylam18ga laqab «kazzob» erur,
Ul Muhammad pok, “ulul albob”19erur.

Haq sharobi ulki, so’ngi mushki nob,20
Bodaning so’ngi erur achchiq, azob.

—————————
1 – Arab imlosida «sher» va «shir» so’zlarining bir xil yozilishiga ishora.

2 – Abdol – valiylikning yuksak maqomiga erishgan avliyolar, Xudoga yaqinlar.

3 – “Payg’ambarlari aytdilar: “Osmonlar va Yerning Yaratuvchisi bo’lmish Olloh(ning borligi va birligi) xususida shak-shubha bo’lishi mumkinmi?! U Zot sizlarning gunohlaringizni mag’firat qilish va o’zlaringizni ma’lum muddatgacha (halok qilmay) qoldirish uchun (iymonga) da’vat qilmoqda-ku!” Ular dedilar: «Sizlar ham xuddi o’zimizga o’xshagan odamlarsiz, faqat bizni ota-bobolarimiz ibodat qilib o’tgan narsadan (sanamlarga sig’inishdan) to’smoqdasizlar, xolos. Bas, (agar chin payg’ambar bo’lsangizlar) bizga aniq bir hujjat dalil keltiringlar-chi?!” (Qur’oni karim, «Ibrohim» surasi, 10-oyat).

“Uning qavmidan kofir bo’lgan, Oxiratdagi muloqotni yolg’on degan va Biz hayoti dunyoda boy-badavlat qilib qo’ygan kimsalar dedilar: “Bu ham xuddi sizlarga o’xshagan odam. U ham sizlar yeydigan narsadan yeydi, sizlar ichadigan narsadan ichadi”. (Qur’oni karim, “Mo’minun” surasi, 33-oyat)

“Ularga Parvardigorlari tomonidan biron yangi eslatma – oyat kelar ekan, albatta uni masxara qilib, dillari g’ofil bo’lgan hollarida tingladilar va zolim-kofir kimsalar: “Bu (ya’ni, Muhammad alayhis-salom) o’zlaringizga o’xshagan bir odam xolos-ku! Ko’rib turgan holingizda sehr-joduga (aldanish uchun) kelaverasizlarmi?!”, (deb) o’zaro shivirlashdilar”. (Qur’oni karim, “Anbiyo” surasi, 2-3-oyatlar).

“Yana ular (masxara qilishib): “Nega bu Payg’ambar (oddiy odamlardek) taom yer va bozorlarda yurar?! Unga (payg’ambarligini tasdiqlaydigan) biron farishta tushirilib, u bilan birga qo’rqitguvchi bo’lsa edi…” (Qur’oni karim, “Furqon” surasi, 7-oyat).

4-5 – “Bu Yerda bir-biriga qo’shni bo’lgan bo’lak-bo’lak (ya’ni, biri unumdor bo’lsa, biri sho’r yerlar), uzumzor bog’lar, ekinzorlar va shoxlab ketgan-shoxlamagan xurmolar bo’lib, (ularning hammasi ham) bir suv bilan sug’orilur. (Lekin) Biz ularning ayrimlaridan ayrimlarini ta’mliroq – yeyishliroq qilib qo’yurmiz. Albatta bunda ham aql yurgizadigan qavm uchun (Ollohning qudratiga dalolat qiladigan ochiq) oyat – ibratlar bordir”. (Quroni karim, «Ra’d» surasi, 4-oyat).

6 – “Daryo-dengiz teng bo’lmas – bunisi shirin-totli va ichilishi oson-o’timli, bunisi esa sho’r-taxirdir…” (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 12-oyat).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), kofirlar sizni hibs qilish yo o’ldirish yoki (Makkadan) chiqarib yuborish uchun sizga makr qilgan paytlarini eslang! Ular makr qilurlar, Olloh ham “makr” qilur. Olloh “makkor”roqdir. (Qur’oni karim, “Anfol” surasi, 30-oyat).

8 – “Bas, ular arqon va asolarini (Yerga) tashladilar va: “Fir’avnning qudratiga qasamki, albatta bizlargina g’olib bo’lguvchidirmiz», dedilar. So’ng Muso asosini tashlagan edi, banogoh u (aso) ularning “uydirma”larini yuta boshladi. Shunda u sehrgarlar sajda qilgan hollarida Yerga tashlanib: “Barcha olamlarning Parvardigoriga – Muso va Horunning Parvardigoriga iymon keltirdik”, dedilar”. (Qur’oni karim, «Shuaro» surasi, 44-47-oyatlar).

9-10 – “Albatta munofiqlar Ollohni aldamoqchi bo’ladilar. Holbuki, Olloh ularni “aldab” qo’yguvchidir. Va ular qachon namozga tursalar dangasalik bilan, odamlar ko’rsin, deb turadilar va Ollohni kamdan-kam yodga oladilar. Ular na uyoqlik, na buyoqlik bo’lmay ikki orada sarson holda qolganlar. Kimniki Olloh yo’ldan ozdirsa, Siz unga biron yo’l topib bera olmaysiz. Ey mo’minlar, mo’minlarni qo’yib, kofirlarni do’st tutmanglar! Olloh uchun o’z zararlaringizga ochiq hujat qilib berishni istaysizlarmi? Albatta munofiqlar do’zaxning eng tuban joyida bo’lurlar. Va ular uchun biron madadkor topa olmaysiz!” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 142-145-oyatlar).

11 – “(Fir’avnning so’zlaridan dahshatga tushib ketganlarida) Muso qavmiga dedi: «Ollohdan madad tilab, sabr-toqat qildingiz! Bu Yer shak shubhasiz, Ollohnikidir. Uni O’zi xohlagan bandalariga meros qilib berur. Oqibat-natija esa taqvodorlarniki (Ollohdan qo’rqqanlarniki) bo’lur”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 128-oyat).

12 – Marv, Ray – bir-biridan yiroqda, ya’ni, Eronning g’arbu sharqida joylashgan ikki shahar.

13 – “Ayting: «Har kim o’z holicha amal qilur. Parvardigoringiz To’g’ri Yo’ldagi zotlarni juda yaxshi bilur (va har kimga qilgan ish-amaliga muvofiq jazo-mukofot berur)”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 84-oyat).

14 – “Yamhullohu ma yashau va yusbitu va ‘indahu ummul kitab” – “Olloh o’zi xohlagan narsani (ya’ni, hukmni) o’chirur va (O’zi xohlagan hukmni) ustivor qilur. Asl Kitob (ya’ni, Lavhul-Mahfuz) Uning dargohidadir”. (Qur’oni karim, «Ra’d» surasi, 39-oyat).

15 – “U Zot ikki dengiz-daryoni bir-birlari bilan uchrashadigan hollarda (yonma-yon) oqizib qo’ydi. (Ammo) u ikkisining o’rtalarida bir to’siq bo’lib, ular (o’sha to’siqdan) oshib o’tmaslar”. (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 19-20-oyatlar).

“Barzaxul la yabg’iyan” – “Oralarida to’siq bo’lib, to’siqni oshib o’tmaslar”

16 – “Ey mo’minlar, agar Ollohdan qo’rqsangizlar, U Zot sizlar uchun (haq bilan nohaqni) ajratadigan narsani (ya’ni, Haq Yo’lga hidoyatni ato) qilur va yomonik-gunohlaringizni
o’chirib, sizlarni mag’firat qilur…” (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 29-oyat).

17 – Payg’ambar (s.a.v) aytdilar: “Kim meni tushida ko’rsa, bas, Haqni ko’rgaydir”. (Hadis)

18 – Abu Musaylim – soxta payg’ambar. Payg’ambarimiz (s.a.v) nomlariga payg’ambarlik da’vosi bilan maktub yo’llab, “kazzob” laqabini olgan.

19 – Ulul albob – oliy, yuksak aql sohibi.

20 – “Ular (jannatda) muhrlangan maydan sug’orilurlarki; U (may)ning muhri mushk bo’lur. Bas, bahslashguvchi – musobaqa qilguvchi kishilar (mana shunday mangu ne’matga yetish yo’lida) bahslashsinlar – musobaqa qilsinlar”. (Qur’oni karim, «Mutaffifin» surasi, 25-26-oyat).

TAASSUBDAN NASRONIYLARNI O’LDIRGAN
JUHUD PODSHOHI HAQIDA HIKOYA

Bor edi zolim, juhud podshoh burun,
Erdi yov Iyso, nasorolar uchun.1

Erdi Iyso davri, gal kelgan zamon,
Ul Muso joni, Muso ham unga jon.2 325

Shoh g’ilay erdi va haq yo’lda fido
Ikki yorni aylamish butkul judo.

Bir g’ilayga dedi ustozi: “Kirib,
Menga uydan shiysha bergin keltirib”.

So’rdi ustozdan g’ilay: “Ikkovidin,
Ayt, aniqroq, keltiray men qay birin?”

Dedi ustoz: “Shisha bitta, ko’p emas,
Birni qo’sh ko’rguvchilikni ayla bas?”

Dedi: “Ey, ustoz, malomat qilmagin”,
Dedi: “Sindir ikkisindan bittasin”. 330

Bittasin sindirdi, yo’q bari, ajab,
Har kishin qilgay g’ilay hirsu g’azab.

Bitta erdi shisha, juft ko’rmish ani,
Yitdi bori, sindirarkan bittani.

Qahru shahvat ko’zni ojiz aylagay,
To’g’ri yo’ldan butkul olis aylagay.

Gar g’araz paydo, hunar bo’lgay nihon,
Ko’zga tushgay yuz hijob, dildan shu on.3

Pora olmoq istasa qozi agar,
Zolimu mazlumni qandoq ajratar? 335

Kufru kin, cheksiz g’arazlar birla shoh
So’ng g’ilay bo’ldi, o’zing asra, Xudo!

Qirdi minglab mo’minu mazlumni shoh,
Deb: “Muso diyniga bo’lgayman panoh”.

————————
1-2 – “(Ey mo’minlar), aytingiz: «Biz Ollohga va bizga nozil qilingan Kitobga va Ibrohim, Ismoil, Is’hoq, Ya’qubga va o’sha urug’-avlodga nozil qilingan narsalarga, Muso va Iysoga berilgan narsalarga va barcha payg’ambarlarga Parvardigorlari tarafidan berilgan narsalarga ishondik. Biz ulardan birontasini ajratib qo’ymaymiz va biz faqat U Zotga (Olloh taologa) bo’yinsunuvchilarmiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 136-oyat).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), qachon Siz Qur’on tilovat qilganingizda, Biz Siz bilan Oxiratga ishonmaydigan kimsalar o’rtasida ko’rinmas parda tortib qo’yurmiz (bas, ular Qur’on ma’nolarini anglay olmaslar). Shuningdek, (Qur’onnni) anglay olmasinlar uchun ularning dillarida to’siqlar va quloqlarida og’irlik – karlik paydo qilurmiz. Qachon Siz Qur’onda Yolg’iz Parvardigoringizni zikr qilsangiz, (mushriklar) oralariga burilib qochurlar”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 45-46-oyatlar).

VAZIRNING PODSHOHGA MAKR O’RGATGANI

Shoh vaziri erdi ko’p makkorudum,
Suvni ham avrab, tugun bog’lovchi, shum.

Dedi: “Tarso ahli jon asrash uchun
Sir tutar o’z mazhabin shohdan bukun.

Bil, ularni qatl etish befoydadir,
Mushku ud yanglig’ taratmas din atr. 340

Sir nihon gar, qoplagay yuzlab g’ilof,
Sirtidan do’st ersa-da, qalban xilof”.

Shoh dedi: “Shunday ekan, tadbir nadir?
Makru aldoq chorasi nedir, gapir?

To jahon ichra nasoro qolmasin,
Qolmasin oshkora ham pinhona din”.

Dedi: “Ey, shoh, qo’l, qulog’im kes bu dam,
So’ngra yirt amring-la lab, burnimni ham.

Meni so’ng dor ostiga keltir, shu kez,
Top gunoh so’rguvchi bir odamni tez. 345

Qil bu tadbir, bo’lsa gavjum qay makon,
Katta yo’l bo’lsin, ko’rinsin to’rt tomon.

Haydalay so’ng bul shahardan shul zahot,
Qo’zg’atay ul qavm aro g’avg’o, fasod”.

VAZIRNING NASRONIYLAR UCHUN TUZGAN MAKRU HIYLASI

Men degayman: “Bir nasoroman, bu – sir,
Bul sirim yolg’iz Xudo bilguvchidir.1

Sezdi iymonimni podshoh, xudparast
Qildi ta’assub-la so’ng jonimga qasd.

Sir tutib diynimni shohdan har mahal,
Ayladim yot dinga so’ng sirtdan amal. 350

Nogahonda sezdi shoh ko’nglim sirin,
Qoldi payqab so’zlarim yolg’onligin.

Dedi: “So’zing nonda pinhon ignadir,
Darcha bor ko’nglingga ko’nglimdan, axir.2

Darchadan ko’rgach zabun holingni zor,
Qilmagayman so’zlaringga e’tibor.

Gar Iso jonimga ermasdi najot,
Pora aylardi juhudday shul zahot.

Jon tutay, men bosh tikib Iysoga to,
Necha ming ehsonidir qalbimga jo. 355

Men Isodan tutmagum jonim darig’,
Diyni ilmin angladim g’oyat aniq.

Hayfu hayf, oh, shundayin pok bitta din,
Bo’lsa nobud necha nodon ilkidin.

Ming shukur, Iyso, Xudoga, shubhasiz,
Rahnamo bo’ldik ulug’, haq dinga biz.

Ham juhud hamda juhudlikdan kechib,
Belga zunnor bog’ladim, fursat yetib.

Davr Iyso davridir, anglang, biling,
Ushbu din asrorini tez his qiling!” 360

Shoh vazirning aytganin qilmish bajo,
Xalq kuzatdi shoh ishin hayrat aro.3

Ulni tarsolar tomon daf ayladi,
So’ng vazir da’vatga o’zni shayladi.4

———————————
1 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), odamlar orasida shunday kimsalar borki, uning hayoti dunyo haqida gapirgan gapi Sizga qiziq tuyuladi. Va o’zi (Islomga) ashaddiy xusumatchi bo’lgan holidagi dilidagi “iymoniga” Ollohni guvoh keltiradi”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 204-oyat).

2 – “Qalbdan qalbga eltguvchi darcha bordir”. (Arab maqoli).

3-4 – “(Munofiqlar) iymon keltirgan zotlarga yo’liqqanlarida: “Biz ham iymon keltirdik”, deydilar. O’zlarining shaytonlari (boshliqlari) bilan xoli qolganda esa: “Biz albatta sizlar bilan birgamiz, faqat (mo’min bo’ldik, deb ularning ustidan) kulmoqdamiz, xolos”, deyishadi”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 14-oyat).

NASRONIYLARNING VAZIR MAKRINI QABUL QILGANI

Necha yuz minglab nasorolar shu kez
Ul vazir atrofida jam bo’ldi tez.

Ul bayon aylardi pinhon birma-bir,
Bo’lsa ne Injil, namoz, zunnorda sir.

Sirtda ul din hukmiga voiz u choq,
Botini erdi butunlay dom, tuzoq.1 365

Shul sabab yorlar Rasulga gohi lol,
Berdilar g’ul2 nafsi makridan savol:

“Ne qilar ulkim g’arazlik ham nihon,
Keltirar ixlos, ibodatga ziyon?”3

So’rmayin nedir ibodat, fazli g’ayb,
Izlamishlar zohiriy nuqsonu ayb.

Bildilar bor nafsiyu makrin ular,
Ajratib kashnich va gul farqin ular.

Qilni qirq yorguvchi as’hoblar chunon
Qoldi hayrat ichra va’zin tinglabon. 370

————————
1 – “(Ular uchun) qanday (ahd-paymon) bo’lsin. Holbuki, ular agar sizlarning ustingizda g’olib bo’lsalar, sizlarning xususingizda na ahdga va na burchga boqadilar. Og’izlarida sizlarni rozi qilishadi-yu, ko’ngillari (ahdga vafo qilishga) or qiladi. Ularning ko’plari itoatsizdir”.(Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 8-oyat).

2 – G’ul – har xil shaklga kirib, odamlarni yo’ldan ozdiradigan dev.

3 – Huzayfa (r.a) aytdilar: “Payg’ambar (s.a.v)dan sahobalari yaxshilik to’g’risida so’radilar, men esa unga: “Nega bunday qildingiz, yo, rasululloh?” – deb yomonlik to’g’risida savol berdim. U: “Yomonlikni o’ldirgan yaxshilikda bo’ladi”, dedi. (Hadis).

NASRONIYLARNING VAZIRGA ITOAT QILGANI

Unga tarsolar dilin bermish butun,
Xos bu g’o’r taqlid avom ahli uchun!

Ko’ngliga joylab vazir mehrin ular,
Ulni Iyso noibi deb bildilar.

Asli ul bir ko’zli Dajjoldir la’in,
Ohimiz tingla, Xudo, “ni’mulmu’in!”1

Necha yuz ming domu don bul, ey, Xudo,
Biz haris bir gushna qushmiz benavo.

Har nafas domga tusharmiz birma-bir,
Garchi biz Simurg’2u lochin, lek, asir. 375

Bizni qilsang-da mudom domdan xalos,
Domga tushgaymiz tag’in, ey, Beniyoz!3

Biz yig’ib bug’doyni, omborlar to’lar,
So’ngra biz yiqqan u bug’doy yo’q bo’lar.

O’ylasak hushyor bo’lib bizlar agar,
Keldi sichqon makridan barcha zarar.

Teshdi omborlarni shum sichqon g’ayir,
Makridan omborimiz vayronadir.

Bo’l xalos, ey, jon, u sichqon makridan,
Mayli, so’ng bug’doyni yig’gin jahd bilan. 380

Tinglagil, ne deydi ul Sadrussudur:4
“Lo salota tamma illo bilhuzur”.5

Ketmasa sichqon talab omborimiz,
Qayda qirq yil jamlagan don—borimiz.

Tomdi har kun sidqimiz qatra bo’lib,
Ne uchun omborimiz ketmas to’lib?

Sachratar temir olov yulduzlarin,
Har kuyik ko’ngil qabul qilgay barin.

Lek, o’tar zulmatda bir o’g’ri pusib,
Necha yulduzlani qo’l birlan to’sib. 385

Barcha yulduzlarni bir-bir o’ldirur,
Tushmasin deb to falakdan tola nur.

Har qadam minglab tuzoqlar bo’lsa ham,
Bizga yor bo’lsang agar, kelmaydi g’am.

Har kecha ayro etib yod lavhidan,
Qutqararsan jonni tanning bandidan.6

Har kecha ruhlar qafasni tark qilar,
O’zni na hokim va na mahkum bilar.

Bandilar tunda qafasni o’ylamas,
Tunda sulton mulkidan ogoh emas. 390

Bunda na foyda-zarar qayg’usi bor,
Na ulu na bul falon mavzusi bor.

Xos bu hol orifga bedorlikda ham,
Dedi Olloh: “Hum ruqudun” dam bu dam.7

Kecha-kun dunyodan ogohmas ular,
Xuddi, Haq ilkinda dovotday turar.8

Kimki ko’rmas gar yozuvda panjani,
O’ylagaydir, deb qalam yozgay ani.

Qildi orif holin Ul zarra ayon,
Xalqni, lek, his uyqusi eltmish chunon. 395

Ketdi ruhlar benishon sahro sari,
Topdi orom joni birla tanlari.

Domga tortarsan tag’in aylab sado,
Barcha bo’lgay da’vating ostinda jo.

(Tonggi nur boshin chiqargay, shul zahot,
Tillarang ko’k quzg’uni yozgay qanot). (Bu bayt Nikolson nusxasida yo’q).

“Foliqul isboh”9 Ul Isrofilsimon,
Aylagay o’z shakliga borin nihon.

Aylagaydir to’zg’igan ruhlarni tan,
Eltadir jonni vujudlar qaytadan.

Ajratar jon otin egardan bu sir,10
Bil, bu “annavmu axu-l-mavt”11 sirridir. 400

Lek, tag’in qaytargali kunlarni tez,
Poylariga soldilar arqon shu kez.

To chamanzordan tag’in qaytsin bu yon,
Qaytsa yaylovdan, yukin tortsin bu jon.

Koshki “Kahf as’hobi”dek asralsa jon,
Asraganday kemayu Nuhni omon.

Toki bedorlik va hush to’fonidan,
Ko’z, quloq, qalb bo’lsa ozod domidan.12

Bul jahonda necha “Kahf as’hobi”13 bor,
Yonginang, qoshingda har dam senga yor. 405

“Ul bilandir yoru g’or” deb kuylanar,
Gar quloq, ko’zda muhr bor, ne samar?14

————————————
1 – “Ni’mulmu’in” – “Yolg’iz Qo’llaguvchi!”

2 – Simurg’ – Qof tog’ida yashovchi deb faraz etilgan afsonaviy qush, anqo.

3 – “Har qachon fitnaga (ya’ni, kufrga) qaytishga to’g’ri kelsa, ular o’zlarini unga tashlaydilar…” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 91-oyat).

4 – Sadrussudur – Sadrlar sadri, ya’ni, Muhammad alayhissalom nazarda tutilgan.

5 – “Lo salota tamma illo bilhuzur” – “Qalb hozir bo’lmagan namoz mukammal bo’lmaydi”. (Hadis).

6 – “Jonlarni o’sha (jon)lar o’ladigan vaqtida Ollohning O’zi vafot qildirur, (hali-hanuz) o’lmagan (jonlar)ni ham uxlayotgan paytlarida (Ollohning O’zi) olur. So’ng (o’sha uyqudagi) O’zi o’limga hukm qilgan jonlarni (badanlarga qaytarmasdan, ya’ni, uyqularidan uyg’otmasdan ushlab qolur, boshqalarini (ya’ni, hali o’limga hukm qilinmagan jonlarni) esa belgilangan bir muddatgacha (ya’ni, ajallari yetgunicha) qo’yib yuborur. Albatta bunda tafakkur qiladigan qavm uchun oyat- ibratlar bordir”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 42-oyat).

7-8 – “Uyquda ekanlar, (ko’zlari ochiq bo’lgani uchun) sen ularni uyg’oq deb o’ylarsan. Biz ularni (badanlaridan yerga tegib turgan tomoni chirib ketmasligi uchun) o’ng tomon, so’l tomonga aylantirib tururmiz…” (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 18-oyat).

“Hum ruqudun” – “ular uyquga cho’mganlar”

9 – “(U zulmatni yorib) tongni Chaqirguvchidir. U kechani sukunat-orom qilib qo’ydi, quyosh va oyni esa hisob o’lchovi qildi. Bu Qudratli va Bilguvchi Zotning o’lchovidir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 96-oyat).

“Faliqul isbah” – “tongni Chaqirguvchi”.

10 – Bu satr islomgacha bo’lgan arab shoiri Zuhayra ibn Abu Sulm(530-627)ga tegishli.

11 – “Uyqu o’limning ukasidir, ammo, jannat ahli hech o’lmaydilar”. (Hadis)

“Jonlarni o’sha(jon)lar o’ladigan vaqtida Ollohning O’zi vafot qildirur, (hali-hanuz) o’lmagan (jonlar)ni ham uxlayotgan paytlarida (Ollohning O’zi) olur. So’ng (o’sha uyqudagi) O’zi o’limga hukm qilgan jonlarni (badanlarga qaytarmasdan, ya’ni, uyqularidan uyg’otmasdan) ushlab qolur, boshqalarini (ya’ni, hali o’limga hukm qilinmagan jonlarni) esa belgilangan bir muddatgacha (ya’ni, ajallari yetgunicha) qo’yib yuborur…”
(Qur’oni karim, “Zumar” surasi, 42-oyat).

12 – “Aniqki, Biz Nuhni o’z qavmiga payg’ambar qildik. Bas, u ularning orasida ellik yili kam ming yil turdi (ammo ular iymon keltirmadilar), bas, ularni zolim-kofir bo’lgan hollarida to’fon (balosi) tutdi. So’ng Biz (Nuh)ga va kema(dagi) hamrohlariga najot berdik va u (to’fon balosi)ni barcha olamlarga oyat-ibrat qilib qo’ydik”. (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 14-15-oyatlar).

13 – “Balki Siz Kahf (g’or) va Bitik (ularning qissalari bitilgan tosh) egalari (haqidagi rivoyatdan voqif bo’lgach, bu) Bizning (Oxirat, Qiyomat haqqi-rost ekanligi to’g’risidagi) oyatlarimizning eng ajoyibi, deb o’ylagandirsiz?” (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 9-oyat).

14 – “Olloh ularning dillarini va quloqlarini muhrlab qo’ygan. Ko’zlarini esa parda qoplab olgan. Ular uchun buyuk azob bordir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 7-oyat).

045

(Tashriflar: umumiy 1 285, bugungi 1)

Izoh qoldiring