Moris Leblan. Qizil ipak sharf

093

Перголез кўчаси бўйлаб ўзидан олдинроқда кетаётган кишининг қуюшқондан ташқари хатти-ҳаракатлари инспектор Ганимарнинг эътиборини тортди. Бу йўловчининг эгнидаги кийимлари жуда ночор, декабрь ойи бошланганига қарамасдан похол шляпани бошига бостириб кийиб олган. Ўттиз ёки қирқ метр юргач тўхтар, шимини тўғрилар, ботинкасининг ипини боғлар ё бўлмаса эгилиб ердан ниманидир оларди. Ва ҳар сафар бир бўлак апельсин пўчоғини яширинча йўлак четига қўярди.

032

Морис Леблан
ҚИЗИЛ ИПАК ШАРФ
Рус тилидан Неъмат Арслон таржимаси
01

08Морис Леблан (фр. Maurice-Marie-Émile Leblanc, 11.11.1864 — 6.11.1941) — француз адиби. Дастлаб Флобер ва Мопассан таъсиридаги ҳикоялар ёзган ёзувчи кейинчалик ноширлар истаги туфайли детектив асарлар ёзишга киришади. Оқибатда бош қаҳрамони Арсен Люпен бўлган йигирмадан ортиқ роман ва пьесалардан иборат детектив асарлар туркуми билан машҳур бўлади. Унинг қаҳрамони Арсен Люпен ўша пайтда Артур Конан Дойлнинг жаҳонга машҳур қаҳрамони Шерлок Холмс билан рақобатлашган. Морис Леблан асарлари асосида кўплаб фильмлар суратга олинган. Француз адабиётига қилган хизматлари учун мамлакатнинг олий мукофоти — Фахрли легион ордени билан тақдирланган.

01

0921датдагидек уйидан барвақт чиқиб суд биноси томон йўл оларкан, Перголез кўчаси бўйлаб ўзидан олдинроқда кетаётган кишининг қуюшқондан ташқари хатти-ҳаракатлари инспектор Ганимарнинг эътиборини тортди. Бу йўловчининг эгнидаги кийимлари жуда ночор, декабрь ойи бошланганига қарамасдан похол шляпани бошига бостириб кийиб олган. Ўттиз ёки қирқ метр юргач тўхтар, шимини тўғрилар, ботинкасининг ипини боғлар ё бўлмаса эгилиб ердан ниманидир оларди. Ва ҳар сафар бир бўлак апельсин пўчоғини яширинча йўлак четига қўярди. Балки бу ғалати одамнинг ўйлаб топган ўйини ёки болаларга хос эрмак бўлиб, ҳеч кимни қизиқтирмаслиги мумкин. Лекин Ганимар шунақа кузатувчан, зийрак, ҳамма нарсага эътибор берадиган, токи мантиқий жавоб топмагунча тинчимайдиган кишилар жумласидан. Шу боис Ганимар бу ажабтовур одамнинг изидан тушди. Нотаниш йўловчи Granе Armее кўчасига бурилгач, йўлнинг нариги четидан бораётган болага сирли бир ишора қилганини пайқаб қолди инспектор. Йўловчи тўхтади ва шимининг пойчасини тўғрилади. Шу жойга бир бўлак апельсин пўчоғи билан белги қўйди. Худди шу лаҳзада йўлнинг нариги четидаги бола ўзи яқинлашган уй деворига бўр билан хоч расмини чизди ва уни айлана ичига олди. Улар шу тариқа йўлда давом этишди. Бир дақиқадан кейин яна тўхташди. Похол шляпа эгаси ердан игна тўғноғич топиб олди ва бу жойга ҳам бир бўлак пўчоқни яшириб қўйди, бола эса ўша ердаги уй деворига хоч чизиб, уни доира ичига олди.

«Юпитер ҳақига қасам ичаман!– ўйлади инспектор ва унинг юзида шайтоний бир кулгу зуҳур этди.– Бу жуда қизиқ ва кўп нарса ваъда қилувчи ҳолат… Бу иккови нима қилмоқчи ўзи?»

Ғаройиб жуфтлик Фридланд ва Форбург – Сент-Оноре кўчаларидан ўтишди, лекин диққатга молик бир ҳолат рўй бермади. Вақти-вақти билан улар қўшалоқ белги қўйишар ва буни гўё беихтиёр бир ҳаракат билан бажарардилар. Шунга қарамай шляпали одам уй деворига хоч белгиси чизилганига ишонч ҳосил қилмагунча апельсин пўчоғи билан белги қолдирмасди. Бундан кўринадики: ғаройиб йўловчилар ўртасида қандайдир келишув бор, инспектор бунга қизиқиб қолди.

Бове майдончасида шляпали эркак ўйланганча бироз тўхтаб турди. Кейин хаёлида қандайдир айёрликни ўйлаб, шимининг пойчаларини икки марта кўтариб туширди. Шундан сўнг бола ички ишлар бошқармасини қўриқлаб турган соқчи рўпарасига ўтирди-да, иккита кичкина хоч шаклини чизди. Елисей саройига яқинлашганда улар ўша ҳолатни яна такрорлашди. Фақат йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа юриб турган соқчи олдида энди иккита эмас, учта хоч чизиб қолдирилган эди.

–Жин урсин! – ғулдиради Ганимар ҳаяжондан ранги бўзариб ва сирли найрангбозларнинг ҳаракатини кузатаркан азалий душмани Люпен унинг ёдига тушди.

–Жин урсин, булар ниманинг аломати ўзи?

Иккаласининг ҳам ёқасидан бўғиб олгиси келди. Лекин у етарлича ақлга эга бўлиб, чуқур ўйламасдан бир ишга қўл урмасди. Кейин нотаниш одам сигарет чекди, бола ҳам лабига сигарет қистириб, тутатиб олиш учун унинг олдига келди. Улар бир-икки оғиз гаплашиб олишди. Бола яшин тезлигида ниманидир унга оширди. Инспекторга бу револьвер бўлиб туюлди.

Кейин улар шошилганча Сюрен кўчаси бўйлаб кетишди. Инспектор уларнинг диққатини тортмаслик учун эҳтиёткорлик билан кузатиб бораркан, ҳалиги ғаройиб жуфтликнинг учинчи ва тўртинчи қаватларидан бошқа қаватлардаги деразалари ёғоч эшиклар билан беркитилган эски бино дарвозаси ортига ўтиб кетганларини кўриб қолди. Юқорига кўтарилиб очиқ турган эшикка кўзи тушди. Шовқинга бироз қулоқ тутиб тургач, нафасини ичига ютиб, эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўяркан, стуллар билан полни уриб тақиллатаётган ҳалиги икковини кўрди. Шу лаҳза қўшни хонадан кимдир чиқиб келди. Бу 28-30 ёшлардаги кўринишидан русларга ўхшаш бакенбардли ва мўйловдор, кўзойнак тақиб олган киши эди. Эгнида смокинг.

–Хайрли тонг, Ганимар, – дўстона саломлашди у ва инспекторга сирли бўлиб туюлган одам билан болага қаради. – Раҳмат сизга дўстларим, муваффақиятли чиққан иш учун менинг табригимни қабул қилинглар. Мана сизга ваъда қилинган мукофот, – шу сўзларни айтаркан, уларнинг қўлига юз франкли битта банкнот туқазди. Ғаройиб жуфтлик пулни олиб хонадан чиқди. Уларнинг ортидан эшик ёпилди.

–Узр, ёшулли, – кечирим сўради навқирон киши,– сиз билан гаплашмоқчи эдим… –Ганимарнинг таажжубланиб турганини кўриб сўздан тўхтади у. – Сиз нима гаплигини тушунмадингизми? Мен бўлсам, сизни ўта ақлли деб ҳисоблагандим! Сиз билан учрашиш ниятида эдим… Айтинг-чи, энди нима қилсам бўлади? – Йўқ, йўқ, ёшулли, янглишасиз. Агар сизга хат ёзганимда ёки қўнғироқ қилганимда, ҳеч шубҳасиз, олдимга келмасдингиз… Лекин сизни олиб келиш учун бир полк аскар керак бўлди. Сиз билан ёлғиз учрашиш ниятида уларни жалб қилиб, апельсин пўчоғи ва деворларга чизилган хоч белгилари ёрдамида эътиборингизни тортишимга тўғри келди. Сиз ҳамон саросимадамисиз? Йўғ-е, мени танимадингизми? Мен – Люпенман… Арсен Люпен. Хотирангизни титкилаб кўринг… Наҳотки, бу ном сизга ҳеч нарсани англатмаётган бўлса?

– Ярамас малун! – деди тишланганча Ганимар.

Арсен Люпеннинг пешонаси тиришди ва деди:

–Жаҳлингиз чиқаяптими? Ҳа, мен буни кўзларингдан пайқаб турибман. Ўша Дагриваль иши туфайлида-а? Лекин бу суҳбатимизга соя солмаслиги керак эмасми? Аваллари сира бундай бўлмасди. Ишонтириб айтаманки, бундан кейин…

– Сен қабиҳ одамсан! – ғазаб сочди Ганимар.

– Мен эса қувончдаман! «Бу учрашувлар ёшулли Ганимарнинг ҳам қувончига сабаб бўлади», деб ўйлагандим. Ахир биз жуда узоқ вақт учрашмадик.

Ганимар ҳамон ўзини ўнглаб ололмаган ва саросималанганча атрофига алангларди, кейин Люпенга қаради, ўзини чимчилаб кўрди ва тушундики, тушида эмас, ўз душманини ҳушида кўриб турарди.

– Гапир, – деди у. – Вақтимни олма, бекор қолган вақтим йўқ.

– Бу жуда соз, – жавоб қилди Люпен. Гаплашиб оламиз. Суҳбат учун бу ердан тинчроқ жойни тополмаган бўлардик. Бу қадимий уй герцог Ришельега қарашли. Герцогнинг ўзи бу ерда яшамайди, рассом ва безакчи сифатида менга ташлаб кетган. Тинч жой. Мен собиқ вазир мсье Дебрейл номида юраман. Тушундингизми? Одамлар эътиборини тортишни хоҳламайман…

– Бу сафсаталарга мени ишонди деб ўйлайсизми? – унинг сўзини бўлди Ганимар.

– Жуда соз. Гапни қисқа қиламан. Сиз шошилмоқдасиз, мени кечиринг. Сизни узоқ ушлаб турмайман… Беш дақиқа ва тамом. Шундай қилиб бошладим… Сигарет чекасизми? Йўқми?

У столга ўтираркан бармоқлари билан уни черта туриб ҳикоясини бошлади:

– 17 октябрь 1599 йил. Кузнинг илиққина куни… Эшитяпсизми? Билмадим, Генрих IV ҳукмронлиги тўғрисида ва Понт-Неф қурилиши ҳақида сизга гапириб беришнинг ҳожати бормикан? Ўйлайманки, Франция тарихидан хабардор эмассиз, бу ҳикоям билан сизни чалғитаман, холос. Кеча тунда юк кемасида сузиб келаётган бир одам Понт-Неф кўприги остидан ўтаётиб чап соҳилдан нимадир сувга ташлаб юборилганини пайқаган. Ниманидир Сена дарёси тубиги ташлаб юборишган. Кема бортидаги ит ўзини сувга отиб, дарёдан қандайдир тугунни кўтариб чиққан. Ҳалиги киши тугунни олган, итни сувдан чиқарган ва тугун ичида нима борлигини аниқлаш учун каютага кирган. Топилдиқ уни қизиқтириб қолган ва у менга одам юборган. Ўша куни эрталаб мен тугундаги сирли нарсага эга бўлдим ва баъзи бир нарсаларни аниқладим. Мана улар.

У стол устидаги газета бўлакларига ишора қилди. Ўша ерда катта шиша сиёҳдон бўлиб, унга боғлаб қўйилган бир бўлак шардуз кўриниб турарди. Шиша синиқлари, ғижимланган картон, латта бўлаклари ҳам бор. Ва ниҳоят, стол устида қизил рангдаги бир парча шоҳи матоҳ.

– Кўряпсизми, бизнинг топилдиғимизни, ёшлигимнинг дўсту ҳамроҳи, – деди Люпен. – Шубҳа йўқки, ит тугунни сувдан олиб чиқаётганда нарсаларнинг бир қисми тушиб қолган, акс ҳолда бу топишмоқни осонгина ечса бўларди. Аммо ўйлайманки, масаланинг тубига етиш учун шуларнинг ўзи ҳам етарли. Фақат бунга сизнинг ақлингиз ва қобилиятингиз бўлса бас. Сизни қизиқтираяптими бу иш?

Ганимар ҳолатини ўзгартирмади. У масхараомуз сўзлар билан Люпен устига ташланишга тайёр эди, аммо ўзини босди.

–Шуниси аёнки, биз бир хил фикрлаймиз, – деди Люпен инспекторнинг сукутига эътибор бермай. – Мен мана бу нарсаларга таяниб, ўз фикримни қисқагина баён этмоқчиман. Кеча соат тўққиз билан ўн икки оралиғида ёш ва латофатли бир аёл пичоқ билан ярадор қилинган ва кўзойнакли ёш, ғоят келишган ҳамда спорт билан шуғулланадиган жаноб томонидан бўғиб ўлдирилган. Ана шу жаноб билан ҳалиги аёл емакхонада ўтириб, учта эклер еган ва кофе ичган.

Ганимар сигарета чекди ва Люпеннинг енгидан ушлади.

–А-ҳа, бу сизга ёқмади инспектор. Жиноят қидирув ишлари фақат полицияга тааллуқли, бошқалар учун бу имконсиз деб ўйлайсиз-да?! Тўғри эмас, азизим! Сиз, Люпен фақат алдашга қодир деб ўйлайсизми? Менинг хулосаларим жуда ҳайротомуз ва жуда оддий, – деди у ва стол устидаги нарсаларни навбатма-навбат қўлга олиб ҳикоясини давом эттирди.

–Айтганимдай, бу воқеа кеч соат тўққиздан кейин рўй берган. Мана, газетанинг кечги сони. Унинг тепасида эса «Кечки нашр» деб ёзилган. Мана бунга қаранг. Сариқ қоғоз изларини кўрдингизми? Бу одатда обуначининг манзили ёзиладиган, нарса ўраш учун ишлатиладиган қоғоз бўлакчаси. Газетанинг кечки сони қоидага кўра, соат тўққиздаги почта билан келади. Мен: «келишган эркак» дегандим. Мана бу шиша синиғига қаранг, бу ерда бор-йўғи бир хил шиша. Демак, бу лорнет (дастали кўзойнак, изоҳ бизники), мана дастасининг изи ҳам бор. Юқори табақа кишиларидан бўлак ким лорнет олиб юради. Олифта кийинган эркак пишириқлар дўконига кирган. Картон бўлаклари пирожний қутисиники. Мана, эклер кремидан қолган излар ҳам бор.

Ана шу пакетни қўлтиқлаб олган бизнинг лорнетли ёш аслзодамиз қандайдир ажойиб бир хоним билан учрашади. Бу хонимнинг ажойиблиги шундаки, у алвонранг шарф ўраб юрарди. Аёл билан учрашгандан кейин – бизга ҳозирча номаълум сабабларга кўра – унга пичоқ уради ва сўнгра мана шу шарф билан бўғиб ўлдиради. Диққат билан қарасангиз, инспектор, шарфда қорамтир-қизғиш доғ борлигини кўрасиз. Мана бу жойига пичоқни артган, бу жойини қонли панжалар ғижимлаган. Жиноят содир этилгач, қотил изини йўқотишга уринган. У чўнтагидан газетани ( дарвоқе, худди шу газетада от спорти ҳақидаги хабарлар босилади) ва ипни олади. Бу унинг спортга қизиқишини кўрсатмайдими? Кейин у шарфни қайчи билан қирқади. Шарфнинг иккинчи бўлаги мурданинг қўлида қолади. Шарфдаги қонли излар, ҳеч шубҳасиз, қурбон бўлган аёлники. Кейин уларни картон бўлагига ўрайди, ҳозир Сена тубида ётган пичоқни ҳам унинг ичига солади. Тугунчани ип билан боғлаб, кема ўтаётган пайтда сувга ташлаб юборади. Умуман, ҳаммаси – шу! Фу! Оғир иш. Нима дедингиз?

У ҳикояси қандай таассурот қолдирганини билиш учун Ганимарга қаради. Инспектор ҳамон жим эди.

Люпен кулди.

– Кўриб турибман, бу воқеа сизни ҳайратга соляпти ва зардангизни қайнатяпти. Сиз: «Қандай шайтон чалиб Люпен қотилни ўзи топмасдан ва ундан катта пул ундирмасдан бу ишни менга тиқиштиряпти?» деб ўзингизга савол бераяпсиз. Ўринли савол. Лекин, масаланинг битта «лекини» бор. Гап шундаки, менинг вақтим йўқроқ.

Ҳозирги пайтда ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди: Лондонда, кейин Лозанада қулфбузарлик рўй берган, Марселда ёш бола ўғирланган. Бунинг устига айни пайтда бир қизнинг ҳаёти ўлим хавфи остида турибди. Умуман, айтадилар-ку, бахтсизлик қўша-қўша юради деб. Шуларни ўйлаб: «Бу ишни қадрдон дўстим Ганимарга топширсам-ку бўлади, ҳаммасини у аниқ ва осонгина ҳал қилади. Қаранг, мен унга қандай ёрдам беряпман! Бу ишда Ганимар ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этади!» дедим ўзимга-ўзим. Ва эрталаб соат саккизда йигитларни сафарбар этдим. Ва мана, сиз менинг ҳузуримда турибсиз!

Люпен ўрнидан турди, инспекторга яқинлашди ва деди:

– Бўлгани – шу. Энди сизга ҳаммаси маълум. Жасадни дарҳол топа оласиз. Тахминимча, у бирорта концерт залининг ўйинчиси ёки қўшиқчиси. Жиноятчи эса менинг тахминимча, дарёнинг чап соҳилида, Понт-Неф кўприги яқинида яшайди. Ва ниҳоят, сизга манави ашёлар. Улар сизнинг ихтиёрингизда. Ишни бошланг. Фақат мен мана бу бир бўлак шарфни олиб қоламан. Агар сизга унинг зарурати бўлса, жасад бўйнида қолган қисмини олиб келарсиз. Бугун 29 декабрь, соат 10. Роппа-роса тўрт ҳафта кутаман. Бемалол ишонаверинг, ҳеч қаёққа кетмайман. Қўрқманг, қасам ичиб айтаман-ки, булар ҳаммаси жиддий иш, ёшлигимнинг дўсти-ҳамроҳи. Ҳазил қилаётганим йўқ. Шаъним ҳақи, сўз берман.

Энди бораверинг. Ҳа, дарвоқе, агар ўша одамни қўлга олиш зарурати туғилса, огоҳ бўлинг, у чапақай.

Кўришгунча хайр, дўстим, омад сизга ёр бўлсин!

Инспектор ҳушини тўплаб олишга улгурмай, Люпен ортига ўгирилди ва хонадан чиқиб кетди. Инспектор унинг ортидан отилди ва англадики, эшик унга маълум бўлмаган қандайдир усул ёрдамида қулфланиб қолган эди. У уйдан чиққунича йигирма дақиқа ўтди. Арсен Люпенни қамоққа олиш тўғрисида энди ўйлаб ўтириш бефойда. Бунинг устига ҳозир қамоққа олишни истамасди ҳам. Люпен уни руҳлантириб юборди ва инспектор ўзининг собиқ душманига нисбатан янги бир ҳиссиёт туйди. Қўрқув, кўролмаслик, қойил қолиш ҳаммаси аралашиб кетганди. У ишига йўл олди ва йўл бўйи бўлиб ўтган воқеани мулоҳаза қилди. Қизил шарф воқеаси уни қизиқтириб қўйганди. Бу жуда қизиқ ва одатдан ташқаридаги воқеа бўлиб туюларди. Арсен Люпеннинг хулосалари қатъий мантиққа асослангани билан инспекторни қойил қолдирди.

– Йўқ, у ҳазиллашмаяпти, – деди ўзига-ўзи.

***

Ганимар Соҳилбўйи Орфеврдаги полиция маҳкамасига қадам қўйганида ҳам бўлиб ўтган воқеа тўғрисида ўйларди.

– Сиз шефни кўрдингизми?–сўради ундан инспекторлардан бири.

– Йўқ.

– Сизни йўқлаштирган эди.

– Шундайми?

– Яхшиси, унинг ҳузурига боринг.

– У қаерда ўзи?

–Берни кўчасида. У ерда тунда қотиллик рўй берган.

– Жабрланувчи ким экан?

– Аниғини билолмадим. Қанақадир қўшиқчи қиз?

–Вой, худойим-ей! – ғулдиради Ганимар.

Ўлдирилган қиз санъат соҳасида дунёга танилган ва Женни Сафир деган саҳнавий ном олган қўшиқчи эди. У одатдаги уйларнинг бирида, иккинчи қаватдаги кичкина хонада яшарди. Полициячи катта инспекторни юқорига бошлаб чиқиб хонани кўрсатди. Икки хонали квартира аллақачон ҳукумат намоёндалари ва мсье Дюдуи бошчилигидаги жиноят қидирув органи ходимлари билан тўла эди.

Ганимар хонани тааажжуб ичра кўздан кечирди, кенг ва юмшоқ диван устида қўлига қизил шарф боғланган ёш аёлнинг жасади ётарди. Унинг кўксида пичоқ зарбидан қолган ва қони қотган иккита яра, юзида даҳшат ифодаси.

Хирург текширувни тамомлади ва деди:

–Биринчи хулоса аниқ. Унга икки марта пичоқ урилган, кейин шарф ёрдамида бўғилган. Ўлим бўғиш оқибатида рўй берган.

– О, худойим-а! – яна ғўлдираб қўйди Ганимар Арсен Люпеннинг гапларини эслаб.

– Лекин бўйнида бармоқ излари кўринмайди, – луқма ташлади изқуварлардан бири.

– Уни сочиқ ёки қўл рўмолча ёрдамида бўғган бўлиши ҳам мумкин, – тахминлади врач.

– Албатта, шундай бўлган, – бу фикрга қўшилди шеф ва қўшимча қилди: ўша шарфдан фойдаланган бўлишлари ҳам мумкин. Кўраяпсизми, қўли шарфнинг бир бўлаги билан боғланган, иккинчи бўлаги уни бўғиш учун ишлатилган шекилли.

– Лекин нима учун шарфнинг фақат бир бўлаги қолган? – сўради магистрат аъзоси. –Иккинчи бўлаги қаерда?

– Иккинчи бўлагида қон излари қолган бўлса, қотил уни ўзи билан бирга олиб кетган. Қаранг, у шарфни қайчи билан шошилинч тарзда кесган.

– Ё парвардигор! – ғулдиради Ганимар. – Люпен, ҳатто жиноят содир бўлган жойни кўрмасдан ҳам ҳаммасини билади.

– Жиноят нима учун рўй берган? – сўради магистрат аъзоси. –Бу ерда ҳамма нарса ағдар-тўнтар қилинган. Бу ҳақда сиз бирор фикр билдирмоқчи эмасмисиз, мсье Дюдуи.

– Мен хизматкор аёлнинг тушунтириш хатига асосланаман. Яхши қўшиқчи сифатида танилган бу қиз икки йил аввал Россиядан сарой аъёнларидан бири совға қилган ажойиб зумрад тошни олиб келган. Женни ҳеч қачон уни тақмаган бўлса-да, бундай совғадан жуда фахрланиб юрган. У ҳатто ўзига шу тошга уйқоч исм ҳам танлаган –Сафир. Агар биз жиноят ана шу зумрад туфайли рўй берган деб хулоса чиқарсак, ҳақиқатга яқин борган бўламиз.

– Хизматкор аёл бу тошнинг қаерда сақланишидан хабардор бўлганми?

– Йўқ, буни ҳеч ким билмаган. Хонадаги тартибсизликдан кўринадики, жиноячи тошнинг қаердалигидан хабарсиз бўлган.

– Хизматкор аёлни сўроқ қиламиз, – хулоса қилди магистрат аъзоси.

Мсье Дюдуи ўгирилиб қараб бош инспекторни кўриб қолди.

–Ҳорғин кўринасиз, Ганимар. Нима гап? Бировдан шубҳангиз борми?

– Йўқ, шеф.

-Афсус. Биз бу иш юзасидан шов-шув кўтарсак департаментда шуҳрат қозонган бўлардик. Бу энг ноёб жиноятлардан бири. Биз зудлик билан жиноятчини топишимиз зарур.

– Бу осон кечмайди, шеф.

– Топишимиз керак. Қулоқ солинг, Ганимар. Оқсоч аёлнинг айтишича, Женни Сафир ҳаётдан лаззат олиб яшашни яхши кўрган. Бот-бот меҳмон қабул қилган. Ўша кеча у концерт залидан ўн бир яримда эркак киши билан қайтган. Ярим тунгача бирга бўлишган. «У аслзодалардан. Менга уйланиш ниятида», дер экан Женни. Аслзода одам деганлари ўта эҳтиёткор ва сезгир киши бўлган. Шунчалик эҳтиёткор эканки, дарвозабон олдидан ўтаётиб пальтосининг ёқасини кўтариб, шляпасининг четларини тушириб оларкан. У келишидан олдин Женни Сафир оқсоч аёлни жўнатиб юбораркан. Ана шу одамни қидиришимиз керак.

– Ундан бирор белги қолганми?

– Ҳеч нарса. Кўриниб турибдики, у ярамас жуда ақлли, жиноят қилишдан аввал уни роса пишиқтирадиган ва ҳеч қандай из қолдирмасликнинг йўлини биладиган одам. Уни қўлга олиш бизнинг муқаддас бурчимиз. Бу ишни сизга ишонаман, Ганимар.

– Наҳотки, менга шеф? – деди инспектор, – яхши, ўйлаб кўрамиз… Биз ўйлаб кўрамиз… Мен айтмоқчи эмасдим… Фақат…

У жуда ҳаяжонланарди. Бу ҳолат мсье Дюдуининг энсасини қотирди.

– Фақат, –давом этди Ганимар, – қасам ичиб айтаманки, шеф, мен қасам ичаманки…

– Нимага қасам ичасиз?

– Ҳеч нарсага… Биз ўйлаб кўрамиз, шеф… Ўйлаб кўрамиз…

Ганимар ёлғиз қоларкан, узоқ вақт ўзига келмади. Сўнгра шефига таъкидлаган ўша гапнинг давомини айтди.

– Фақат осмон ҳақи қасам ичаманки, уни қўлга олиш менинг вазифам эди, ахир бу ишнинг калитини ярамас Люпен менга тутқазганди. О, лекин бундай қилолмайман!

Ганимар Люпен томонидан таклиф этилган масалани ечишга узоқ бош қотирди.

Энди ҳаммаси унинг айтганини тасдиқлаб турибди, шунга қармай, Люпен далиллар бўшлиғидан қандай қилиб бу даражада аниқ хулоса чиқара олдийкин. Ҳар ҳолда агар Люпен ҳақ бўлса, ғалаба инспекторнинг қўлида.

Ганимар емакхонада шоша-пиша тамадди қилди-да, кўчага чиқди, аммо йўлда ажабланганча тўхтаб қолди. У Люпен томонидан алдаб олиб борилган ўша Сюрен кўчасидаги чоғроқ уйнинг дарвозаси олдида турарди. Бу ерга уни иродасидан ташқари қандайдир куч етаклаб келган эди. Сирнинг калити шу ерда, фақат шу ерда. Тахминлар ва эҳтимоллар аниқ ва ҳақиқатга шу қадар яқин ҳамда шу қадар ғаройибу бехато эдики, худди бу ўзининг одатдаги хусусий ишига ўхшарди.

Инспектор барча шубҳаларга қўл силтаб уйга кирди-да, зина бўйлаб юқорига кўтарилди. Хона эшиги очиқ эди. Ҳалиги нарсалар жой-жойида турарди. Инспектор шошқин бир тарзда уларни чўнтагига тиқди-ю, чиқиб кетди. Ўша лаҳзада инспектор қандайдир кўзга кўринмас куч таъсирида фикрлар, беихтиёр ҳаракат қилар, унга қаршилик кўрсата олмас ва унга бўйсунарди.

Понт-Неф кўприги яқинида яшайдиган номаълум кимсани қидиришдан аввал оқшом пайти ишлайдиган шираворлар дўконини топиш керак эди. Бу кўп вақтини олмади. Сен-Лазар вокзали яқинидаги қандолат дўконида унга дарёдан топилган тугундагига ўхшаш картон қути беришди. Бунинг устига сотувчи қизлардан бири ўша оқшом мавсумий пальтосининг ёқасини кўтариб олган бир жаноб дўконга келганини ва унинг лорнети ҳам борлигини кўрганини айтиб берди.

– Мана, муаммонинг калити, – хаёлдан ўтказди инспектор, – демак, у лорнет олиб юради.

Кейин инспектор матбуот тарқатувчига газета бўлакчасини кўрсатди. У газета парчаси «Терф Иллюстре»дан олинганини аниқлаб берди.

Ганимар таҳририятга кириб, обуначилар рўйхатини сўради. Понт-Неф кўпригидан унча узоқ бўлмаган жойларда яшовчиларнинг номларини ёзиб оларкан, Люпеннинг сўзини эслаб, чап соҳилда яшовчиларни алоҳида белгилади. Шундан сўнг маҳкамага қайтиб, бир гуруҳ ходимларни чорлаб, уларга керакли кўрсатмалар берди. Ходимлардан энг сўнггиси кеч соат еттиларда хушхабар билан қайтди. Мсье Превалье исмли «Терф» газетасини олувчи киши Августчилар соҳилидаги квартирада яшаркан. Унинг эгнида мавсумий пальтоси бўлган, дарвозабоннинг хотинидан хат ва газетасини олиб чиқиб кетганича ярим тунда қайтган. Унинг лорнети ҳам бўлган. У ипподромнинг доимий мижози бўлиб, ўзининг оти ҳам бор экан. Отини гоҳида ўзи минар, гоҳида ижарага бераркан.

Қидирув узоқ чўзилмади, олинган маълумотлар эса Люпен айтган ҳикоянинг айнан ўзи бўлиб, изқуварлар берган маълумотлар эса Ганимарни ҳам чарчатди, ҳам зериктириб юборди. Шунча йил жиноят қидирув ишида ишлаб бунчалик аниқликка дуч келмаганди.

Бош инспектор мсье Дюдуи ҳузурига йўл олди.

–Ҳаммаси тайёр, шеф, рухсатнома берасизми?

–Нима?

–Қамоққа олиш учун ҳамма нарса тахт деяпман, шеф.

–Сиз Женни Сафирни ўлдирган кишининг исмини аниқладингизми?

–Ҳа.

–Қандай қилиб? Қай йўл билан? Тушунтиринг!

Ганимар бироз виждони қийналаётганини сезди, бироз хижолат тортди. Шунга қарамай давом этди.

– Мутлақо тасодиф, шеф. Сенага ташланган нарсалар воситасида қотилни топдик. Тасодифий бир ҳолат туфайли сувга ташлаб юборилган тугунчани топган киши уни менга олиб келган эди.

– Ким?

–Уни олиб келган киши нохуш ҳолат рўй беришидан чўчиб номини айтишни лозим кўрмади. Лекин сирнинг калити менинг қўлимда. Бу мен кутганимдан анча осон рўй берди.

Инспектор бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.

– Сиз шундай ишни тасодиф дейсизми? – таъсирланиб гапирди мсье Дюдуи. – Яна буни осон кўчди дейсиз-а! Ахир бу сизнинг энг ёрқин ишингиз!

Ганимар ишни ниҳоясига етказишга отланди. Унинг одамлари Августчилар соҳили бўйидаги уйни ўраб олдилар. Уй эгаси у одамнинг егулик олиб келиш учун кетганини маълум қилди. Ганимарнинг одамлари кутиб туришди. Кеч соат тўққизларга яқин уй эгаси инспекторга пальто кийган баланд шляпали кишини кўрсатди. У соҳил бўйи томон тез-тез юриб келарди. Ганимар қатъият билан у томонга юрди.

–Билишимча, сиз мсье Превальесиз?

–Ҳа. Ўзингиз кимсиз?

–Сизни қўлга олиш учун менда…

У сўзини тугата олмади. Қоронғуликдан бир тўда одамлар чиқиб келишди. Мсье Превалье ўзини бинога урди-да, елкаси билан дўкон эшигига тақалди.

– Кетинг! – қичқирди у – мен сизни танимайман!

Мсье Превалье ўнг қўлида оғир тросни маҳкам чангаллаб турар, чап қўли билан орқадаги эшикни пайпасларди, унинг эшикни очмоқчи бўлаётгани аниқ эди.

Ганимар Превальенинг қандайдир яширин йўл орқали қочиб кетишидан қўрқиб, унга яқин борди.

– Бас қилинг, – қаршилик кўрсатишингиз бефойда, – деди Ганимар ва унинг қўлидаги тросга қараб Люпеннинг огоҳлантиришини эсалади: «жиноятчи чапақай». Ганимар бирдан ерга эгилди, Превалье чап қўли билан пистолетни кўтариб улгурмай унга ташланди ва мушти билан жағига зарба берди. Превалье ерга қулади. Ва кўп ўтмай ўзини қамоқда кўрди.

Ганимар азалдан ўз ишининг маҳоратли устаси эди, аммо бу ишнинг тезкорлик билан очилиши унга шуҳрат келтирди.

Барча очилмаган жиноятлар ҳам дарҳол Превальенинг бўйнига илинди, газеталар эса бир-биридан ўткариб Ганимарни мақтарди.

Бу иш катта шовқин-суронга сабаб бўлди. Энг аввало, Превальенинг аслида Томас Дреклиги маълум бўлди. Биргина шу фактнинг ўзи ҳайратланарли эди. Аммо унинг хонаси кўздан кечирилганда жиноятга доир ҳеч нарса топилмади. Орадан саккиз кун ўтгач ҳамма нарса ўзгариб кетди. Шу пайтгача сўроқларга жавоб беришни истамай жим турган Превалье, адвокатнинг маслаҳати билан тилга кирди ва ишончли алиби кўрсатди. Жиноят рўй берган пайтда у Фоли-Бержер театрида ўтирганлигини айтди. Ҳақиқатдан ҳам унинг костюми чўнтакларидан топилган чипта ва театр дастурида ўша оқшом санаси турарди.

– Алиби аввалдан ҳозирлаб қўйилган, – эътироз билдирди судья.

– Буни исботланг, – талаб қилди Превалье.

Шунда уни гувоҳлар билан юзма-юз қилишди. Қандолат дўконида ишлайдиган қиз «танигандайман» деди. Бержье кўчасидаги дарвозабон ҳам Женни Сафир билан келадиган одам «шу деб ўйлагандим» деди, лекин ҳеч ким аниқ гап айтишга журъат қилолмади.

Тергов ишлари боши берк кўчага кириб қолганлиги сабабли судья Ганимарни чақириб олиб, унга рўй бераётган қийинчликлар ҳақида гапирди.

– Бошқа имконим йўқ. Қўйилган айбни қувватлаб туролмайман.

– Ўзингиз ўйланг, судья, агар Превалье гуноҳсиз бўлса нима сабабдан қўлга олинишига қаршилик кўрсатди?

– У қароқчилар ҳужум қилаяпти деб ўйлаган, айбланувчи шундай кўрсатув бераяпти. Шунингдек, у Женни Сафирни умрида кўрмаганлигини айтмоқда. Унинг эътирозларида ноўрин ҳеч нарса кўрмаяпмиз. Йўқолган сапфирни, биз Превальенинг хонасидан изладик, аммо тополмадик.

– Бошқа бирор жойдадир, – қатъий турди Ганимар.

– Мумкин, аммо бу унинг айбдорлигига исбот бўлолмайди. Сизга айтиб қўйишим керак, мсье Ганимар. Қизил шарфнинг иккинчи бўлагини топиш керак. Қанча тез топилса шунча яхши.

– Иккинчи бўлагини?

– Ҳа. Агар қотил уни ушлаган бўлса, бармоқ излари қолган бўлиши керак.

Ганимар индамади. Неча кундирки, бу ишнинг охири «вой» бўлиши тўғрисида ўйларди. Шарфнинг иккинчи бўлагини топиш ва уни судьяга кўрсатиш керак, бошқа бирор далил йўқ. Агар далил келтира олмаса, Превалье озодликка чиқади ва Ганимар кулгига қолади. Бахтга қарши шарфнинг иккинчи бўлаги Люпенда. Уни қандай қилиб олиш керак?

Ганимар айблов ишини қайта бошдан кўриб чиқди, Превальенинг ҳаётига доир ҳамма нарсага аниқлик киритиш учун одам юборди. Аммо барчаси беҳуда эди.

28 декабрда судья уни одил суд саройи йўлагида тўхтатди:

– Хўш, мсье Ганимар. Қандай янгиликлар бор?

– Афсуски, ҳеч қандай.

– Унда мен ишни тўхтатаман.

– Яна бир кун сабр қилсангиз.

– Нима ўзгаради бу билан. Бизга шарфнинг иккинчи бўлаги керак. У сиздами?

– Мен уни эрта эрталаб оламан.

– Эрта?

– Ҳа, фақат менга унинг топилган бўлагини беринг. У сизда бўлиши керак?

– Сизнинг илтимосингизни қондирсам бирор ўзгариш бўладими?

– Агар шундай қилсангиз. Мен сизга бутун шарфни тақдим этардим.

– Жуда соз.

Ганимар судья билан унинг хонасига борди ва бир бўлак қизил шоҳи шарфга эга бўлди.

– Люпен панд бермаса эртагаёқ шарфнинг ҳар иккала бўлагини қўлингизга тутқазаман.

У Люпендан шубҳа қилмасди, фақат Люпен нима сабабдан уни учрашувга чорлади? Шарф унга нима учун керак эди? Шуни ўйлаб Ганимарнинг боши қотди.

Қизиқиш ва чидамсизликдан сабри тугаган Ганимар тонг отиши билан Люпен ҳузурига йўл олди. Бу пайтда унинг одамлари ўша мавзени ўраб олишган эди.

– Агар мен учинчи қаватнинг деразасида кўринсам ёки уй ичидан бир соат ичида чиқмасам уйга бостириб кириб, у ердаги кишини қўлга оласизлар, деб топшириқ берди у одамларига.

Сўнгра чўнтагидаги пистолетини пайпаслаб қўйиб, уй томон юрди.

Ҳамма нарсанинг авалгидек жой-жойида турганини кўриб Ганимарнинг ҳайрати ошди. Деразага бир кўз югуртириб олиб, хоналарни бир-бир қараб чиқди. Жон асари йўқ.

– Люпен қўрқибди, – дея ишончсизлик билан ғулдиради у.

– Бемаъни гапларни гапирманг, – деган овоз эшитилди ортидан.

Инспектор чаққонлик билан ўгирилиб қараб, комбинзон кийиб олган кекса ишчини кўрди.

– Ҳаяжонланманг, – деди ишчи, – мен Люпенман. – Эрталабдан бери ишлаётган эдим, энди нонушта қилишим керак.

У ажабтовур жилмайиш билан Ганимарга қаради ва хитоб қилди:

– Ўз вақтида ҳозир бўлдингиз, ёшулли! Ҳаётингиз мен учун азиз. Сизни қанчалар севишимни биласиз-ку! Бу ҳақда фикрингиз қандай? Ҳаммаси ўйлаганимдек бўлиб чиқдими-а?! Бошланишидан менга маълум бўлган экан-да! Хўш, бундай ишларни қай даражада эплар эканман? Қандай сезгир ақл, Ганимар. Воқеа қай даражада тикланди! Қандай топқирлик! Ҳайротомуз даражада кўра билиш! Сизга шарф керакми?

– Ҳа, иккинчи бўлаги. У сиздами?

– Албатта. Икковини бирга қўйишингизни сўрайман.

Улар қизил матоҳнинг иккала бўлагини ёнма-ён қўйишди. Қирқимлар бири-бирига тўла мос эди, ранги тўғрисида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

– Бироқ, мен ўйлайманки, бу ерга фақат шарф учун келмагансиз, – деди Люпен, – сиз қон изларини кўрмоқчисиз. Дераза олдига борайлик, бу ер қоронғу, Ганимар.

Улар қўшни хонага ўтиб, дераза олдига боришди. Люпен шарфни дераза токчасига ёйиб қўйди.

– Қаранг, –деди у Ганимарга боши билан имо қилиб.

Инспектор шарф устига эгилди. Беш панжанинг изи аниқ кўриниб турарди. Рад этиб бўлмайдиган далил. Қотил Женни Сафирнинг шарфига из қолдирган эди.

– Бу чап қўлнинг изи, – деди Люпен. – Ёдингиздами, сизни огоҳлантирган эдим, мени жодугар деб ўйлашингизни истамайман.

Ганимар шоҳи матоҳ бўлагини дарҳол чўнтагига урди. Люпен маъқуллаб бош силкиди.

– Ҳаммаси жойида, ёшулли. Мени жуда мамнун этдингиз! Бу ерда ҳеч қанақа тузоқ йўқлигини кўриб турибсиз… Мен эски ошнам билан яқин бўлишни истагандим, холос. Лекин шарфнинг сиздаги бўлагига жуда қизиқяпман, уни диққат билан бир кўздан кечирсам… Қўрқманг… Ўзингизга қайтараман… Фақат бир дақиқага…

Люпен шарфнинг иккинчи бўлагини олиб кўздан кечира бошлади, Ганимар унинг минғирлашига қулоқ тутди:

– Бундай ишларни нақадар ҳайротомуз бажаришади аёллар! Сиз оқсоч аёл берган гувоҳликнинг бор жиҳатига эътибор қилдингизми? Женни Сафир ўзига кўйлак ва шляпа тикиб кийишни маҳорат билан бажарган. Кўриниб турибдики бу шарфни ҳам унинг ўзи тайёрлаган… Буни бирдан пайқадим. Мен ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқувчанман, чўнтагингиздаги бўлакни диққат билан текшириб. Унинг учида, пўпакларига яқин четида бечора қиз ўз қўли билан тикиб қўйган кичкина туморчани топган эдим. Бечора шу тумор бахт келтиришига ишонган. Бу таъсираланарли эмасми, Ганимар? Аммо кичкина туморча бизнинг хонимимизга унчалик фойда бермади.

Инспектор ҳайратланган кўйи Люпендан кўз узмай қараб турар, у эса давом этарди:

–Шунда мен ўз-ўзимга: «Полициянинг қўлидаги иккинчи бўлакни текшириб кўриш жуда қизиқ бўларди», деб ўйладим. Мендаги бўлагида туморча бор эди ва мен ўйладимки, «иккинчи бўлагига ҳам шунга ўхшаш нарсани яшириб қўйишнинг нимаси ёмон». Сиз нима деб ўйлайсиз, қадрдон дўстим? Масалан, сапфирга ўхшаш қимиатбаҳо тош яширилган бўлса-я?

У сўзини тамомлаганда қўлида ложувард тош ялтираб кўринди.

– А-ҳа! Айтмаганмидим сизга, ёшликдаги қадрдон дўстим?

У бошини кўтариб инспекторнинг кўзларида ёввойи бир ифодани кўрди. Инспектор топилдиққа изтироб ичра қараб турарди.

–Ярамас, – ғулдиради инспектор, – ҳароми!

Юзма-юз туришарди улар.

– Уни менга беринг, – буюрди инспектор.

Люпен унга шарф бўлагини узатди.

– Ферузани ҳам, – қатъий талаб қилди инспектор.

– Ахмоқликни йиғиштиринг.

– Қайтариб беринг ёки…

– Нима ёки, тентак! – ҳайқирди Люпен. – Наҳотки, мени текиндан-текинга ёрдам беради, деб ўйлаган бўлсангиз?

– Дарҳол қайтариб беринг, – ўз сўзида туриб олди инспектор.

– Сиз нимани ҳам билардингиз, мен тўрт ҳафта давомида худди оҳудай эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилдим, сиз бўлсангиз… Қўйинг, ёшулли. Тошни сув тагида қолган деб ҳисобланг. Ўтирайлик! Сигаретга тобингиз қалай?

Ганимар ўзининг изқуварлари келишини кутиб Люпенга ғазаб билан қараб турарди. У турган хона ҳовли тарафда эди, шундай бўлса-да деразадан ўзини кўрсатишни ўйлади.

– Мен сизни тўнка деб ҳисоблаганда ҳақ эдим. Шарф қўлингизда эди, сиз бўлса уни пайпаслаб кўришни ҳам хаёлингизга келтирмагансиз. Қизгина нима учун бу шарфни ҳар доим боғлаб юргани тўғрисида ўзингизга савол бериб кўрмагансиз.

Люпен ортига ўгирилганидан фойдаланган Ганимар ўзини эшикка урди. Аммо эшик қулф эди. Люпен унинг ортида хохолаб куларди.

– Бугун ҳам сизнинг фаҳмингиз етмади. Менга тузоқ қўйдингиз, мен бу ҳақда билиб қолишим мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмадингиз. Ҳатто эшикнинг қулфини текшириб ҳам кўрмай ичкарига кирдингиз. Энди ўзингизни нима деб ўйлайсиз?

– Нима деб ўйлайман? –қичқирди Ганимар пистолетини чиқариб Люпенга тўғриларкан.- Қўлингни кўтар! Мана мен нима деб ўйлайман!

Люпен елка қисди.

– Ҳеч ўзгармабсиз.

– Қўлингни кўтар!

– Уни чиқиндихонага ташлаб юборинг.

– Нима?

– Қария Катрин, сизнинг оқсочингиз, кўпдан бери менинг хизматимда. Сиз кофе ичаётганингизда у пистолетингиздан ўқларни олиб қўйганди.

Ганимар пистолетни чўнтагига соларкан Люпенга ваҳшиёна назар билан қаради.

– Хўш, – деди саволомуз оҳангда Люпен инспекторнинг рўпарасида туриб.

Улар бир-бирларига анча вақт тикилиб қолишди.

Ганимар ўтмиш тажрибасидан билардики, Люпен билан олишиш ақлсизлик. Қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳис этди инспектор.

– Сиз сари ҳам борайлик, – давом этди Люпен, – Ганимарнинг жим турганига эътибор қилмай, – яхшиси, бу ишни ўз ҳолича қолдиринг. Ўйлаб кўринг, ёшликдаги дўстим. Агар шундай қилсангиз бу сизга шуҳрат келтиради. Хизматда давом этиш ва қариганингизда яхши яшаш имконини беради. Ўйлайманки, сиз бечора Люпенни қамамайсиз ва ундан зумрад тошни тортиб олмайсиз. Ахир Люпен ҳаётингизни асраб қолди… Ҳа, мсье! Бу қилган ишингиз сизнинг шунча яхшиликка билдирган миннатдорчилигингизми? Превальенинг чапақайлигини ким айтиб берди сизга? Мен сиздан рози эмасман, Ганимар.

Шу гапларни айтганча, Люпен хона бўйлаб кезинарди. Эшик яқинига бориб уни очди. Ва Ганимар англадики, у қочмоқчи. Дунёдаги ҳамма нарсани унутиб Ганимар унга ташланди, лекин қорнига берилган кучли зарбадан учиб бориб девор остига йиқилди. Ёпилган эшик ортидан Люпеннинг кулгуси эштилди.

***

Ганимар орадан йигирма дақиқа ўтиб, ўзининг одамлари билан учрашаркан, улардан бири шундай маълумот берди:

– Бундан бироз аввал уйдан бир ишчи чиқди. Қўлимга хат туқазиб: «Бошлиққа бер» деди. «Қайси бошлиққа?» деб сўрагунимча ишчи кўздан йўқолди.

– Хатни беринг.

Ганимар хатни очди. Унда қалам билан шоша-пиша тирнаб ёзилган шундай сўзлар бор эди:

«Бу ҳаддан ташқари ишонувчанликка қарши огоҳлантириш, дўстим. Ҳар қандай гапга ишонавермаслик керак, агарда суҳбатдошингиз, ҳатто Арсен Люпен бўлса ҳам. Сизнинг биринчи қилган хатонгиз шуки, пистолетда ўқ йўқлигига ишондингиз. Иккинчиси, сиз қария Катрин мени сотибди деган хаёлга бориб, унинг садоқатига шубҳа қилдингиз. У эса жуда ростгўй ва тартиб-интизомли аёл. Бир кун келиб у билан танишишдан умидворман. Ҳозирча сизга садоқат билан,

Арсен Люпен».

04
Moris Leblan
QIZIL IPAK SHARF
Rus tilidan Ne’mat Arslon tarjimasi
01

Moris Leblan (fr. Maurice-Marie-Emile Leblanc, 11.11.1864 — 6.11.1941) — frantsuz adibi. Dastlab Flober va Mopassan ta’siridagi hikoyalar yozgan yozuvchi keyinchalik noshirlar istagi tufayli detektiv asarlar yozishga kirishadi. Oqibatda bosh qahramoni Arsen Lyupen bo’lgan yigirmadan ortiq roman va p`esalardan iborat detektiv asarlar turkumi bilan mashhur bo’ladi. Uning qahramoni Arsen Lyupen o’sha paytda Artur Konan Doylning jahonga mashhur qahramoni Sherlok Xolms bilan raqobatlashgan. Moris Leblan asarlari asosida ko’plab fil`mlar suratga olingan. Frantsuz adabiyotiga qilgan xizmatlari uchun mamlakatning oliy mukofoti — Faxrli legion ordeni bilan taqdirlangan.

01

0921datdagidek uyidan barvaqt chiqib sud binosi tomon yo‘l olarkan, Pergolez ko‘chasi bo‘ylab o‘zidan oldinroqda ketayotgan kishining quyushqondan tashqari xatti-harakatlari inspektor Ganimarning e’tiborini tortdi. Bu yo‘lovchining egnidagi kiyimlari juda nochor, dekabr oyi boshlanganiga qaramasdan poxol shlyapani boshiga bostirib kiyib olgan. O‘ttiz yoki qirq metr yurgach to‘xtar, shimini to‘g‘rilar, botinkasining ipini bog‘lar yo bo‘lmasa egilib yerdan nimanidir olardi. Va har safar bir bo‘lak apelsin po‘chog‘ini yashirincha yo‘lak chetiga qo‘yardi. Balki bu g‘alati odamning o‘ylab topgan o‘yini yoki bolalarga xos ermak bo‘lib, hech kimni qiziqtirmasligi mumkin. Lekin Ganimar shunaqa kuzatuvchan, ziyrak, hamma narsaga e’tibor beradigan, toki mantiqiy javob topmaguncha tinchimaydigan kishilar jumlasidan. Shu bois Ganimar bu ajabtovur odamning izidan tushdi. Notanish yo‘lovchi Grane Armee ko‘chasiga burilgach, yo‘lning narigi chetidan borayotgan bolaga sirli bir ishora qilganini payqab qoldi inspektor. Yo‘lovchi to‘xtadi va shimining poychasini to‘g‘riladi. Shu joyga bir bo‘lak apelsin po‘chog‘i bilan belgi qo‘ydi. Xuddi shu lahzada yo‘lning narigi chetidagi bola o‘zi yaqinlashgan uy devoriga bo‘r bilan xoch rasmini chizdi va uni aylana ichiga oldi. Ular shu tariqa yo‘lda davom etishdi. Bir daqiqadan keyin yana to‘xtashdi. Poxol shlyapa egasi yerdan igna to‘g‘nog‘ich topib oldi va bu joyga ham bir bo‘lak po‘choqni yashirib qo‘ydi, bola esa o‘sha yerdagi uy devoriga xoch chizib, uni doira ichiga oldi.
«Yupiter haqiga qasam ichaman!– o‘yladi inspektor va uning yuzida shaytoniy bir kulgu zuhur etdi.– Bu juda qiziq va ko‘p narsa va’da qiluvchi holat… Bu ikkovi nima qilmoqchi o‘zi?»
G‘aroyib juftlik Fridland va Forburg – Sent-Onore ko‘chalaridan o‘tishdi, lekin diqqatga molik bir holat ro‘y bermadi. Vaqti-vaqti bilan ular qo‘shaloq belgi qo‘yishar va buni go‘yo beixtiyor bir harakat bilan bajarardilar. Shunga qaramay shlyapali odam uy devoriga xoch belgisi chizilganiga ishonch hosil qilmaguncha apelsin po‘chog‘i bilan belgi qoldirmasdi. Bundan ko‘rinadiki: g‘aroyib yo‘lovchilar o‘rtasida qandaydir kelishuv bor, inspektor bunga qiziqib qoldi.
Bove maydonchasida shlyapali erkak o‘ylangancha biroz to‘xtab turdi. Keyin xayolida qandaydir ayyorlikni o‘ylab, shimining poychalarini ikki marta ko‘tarib tushirdi. Shundan so‘ng bola ichki ishlar boshqarmasini qo‘riqlab turgan soqchi ro‘parasiga o‘tirdi-da, ikkita kichkina xoch shaklini chizdi. Yelisey saroyiga yaqinlashganda ular o‘sha holatni yana takrorlashdi. Faqat yo‘lak bo‘ylab u yoqdan bu yoqqa yurib turgan soqchi oldida endi ikkita emas, uchta xoch chizib qoldirilgan edi.
–Jin ursin! – g‘uldiradi Ganimar hayajondan rangi bo‘zarib va sirli nayrangbozlarning harakatini kuzatarkan azaliy dushmani Lyupen uning yodiga tushdi.
–Jin ursin, bular nimaning alomati o‘zi?
Ikkalasining ham yoqasidan bo‘g‘ib olgisi keldi. Lekin u yetarlicha aqlga ega bo‘lib, chuqur o‘ylamasdan bir ishga qo‘l urmasdi. Keyin notanish odam sigaret chekdi, bola ham labiga sigaret qistirib, tutatib olish uchun uning oldiga keldi. Ular bir-ikki og‘iz gaplashib olishdi. Bola yashin tezligida nimanidir unga oshirdi. Inspektorga bu revolver bo‘lib tuyuldi.
Keyin ular shoshilgancha Syuren ko‘chasi bo‘ylab ketishdi. Inspektor ularning diqqatini tortmaslik uchun ehtiyotkorlik bilan kuzatib borarkan, haligi g‘aroyib juftlikning uchinchi va to‘rtinchi qavatlaridan boshqa qavatlardagi derazalari yog‘och eshiklar bilan berkitilgan eski bino darvozasi ortiga o‘tib ketganlarini ko‘rib qoldi. Yuqoriga ko‘tarilib ochiq turgan eshikka ko‘zi tushdi. Shovqinga biroz quloq tutib turgach, nafasini ichiga yutib, ehtiyotkorlik bilan ichkariga qadam qo‘yarkan, stullar bilan polni urib taqillatayotgan haligi ikkovini ko‘rdi. Shu lahza qo‘shni xonadan kimdir chiqib keldi. Bu 28-30 yoshlardagi ko‘rinishidan ruslarga o‘xshash bakenbardli va mo‘ylovdor, ko‘zoynak taqib olgan kishi edi. Egnida smoking.
–Xayrli tong, Ganimar, – do‘stona salomlashdi u va inspektorga sirli bo‘lib tuyulgan odam bilan bolaga qaradi. – Rahmat sizga do‘stlarim, muvaffaqiyatli chiqqan ish uchun mening tabrigimni qabul qilinglar. Mana sizga va’da qilingan mukofot, – shu so‘zlarni aytarkan, ularning qo‘liga yuz frankli bitta banknot tuqazdi. G‘aroyib juftlik pulni olib xonadan chiqdi. Ularning ortidan eshik yopildi.
–Uzr, yoshulli, – kechirim so‘radi navqiron kishi,– siz bilan gaplashmoqchi edim… –Ganimarning taajjublanib turganini ko‘rib so‘zdan to‘xtadi u. – Siz nima gapligini tushunmadingizmi? Men bo‘lsam, sizni o‘ta aqlli deb hisoblagandim! Siz bilan uchrashish niyatida edim… Ayting-chi, endi nima qilsam bo‘ladi? – Yo‘q, yo‘q, yoshulli, yanglishasiz. Agar sizga xat yozganimda yoki qo‘ng‘iroq qilganimda, hech shubhasiz, oldimga kelmasdingiz… Lekin sizni olib kelish uchun bir polk askar kerak bo‘ldi. Siz bilan yolg‘iz uchrashish niyatida ularni jalb qilib, apelsin po‘chog‘i va devorlarga chizilgan xoch belgilari yordamida e’tiboringizni tortishimga to‘g‘ri keldi. Siz hamon sarosimadamisiz? Yo‘g‘-e, meni tanimadingizmi? Men – Lyupenman… Arsen Lyupen. Xotirangizni titkilab ko‘ring… Nahotki, bu nom sizga hech narsani anglatmayotgan bo‘lsa?
– Yaramas malun! – dedi tishlangancha Ganimar.
Arsen Lyupenning peshonasi tirishdi va dedi:
–Jahlingiz chiqayaptimi? Ha, men buni ko‘zlaringdan payqab turibman. O‘sha Dagrival ishi tufaylida-a? Lekin bu suhbatimizga soya solmasligi kerak emasmi? Avallari sira bunday bo‘lmasdi. Ishontirib aytamanki, bundan keyin…
– Sen qabih odamsan! – g‘azab sochdi Ganimar.
– Men esa quvonchdaman! «Bu uchrashuvlar yoshulli Ganimarning ham quvonchiga sabab bo‘ladi», deb o‘ylagandim. Axir biz juda uzoq vaqt uchrashmadik.
Ganimar hamon o‘zini o‘nglab ololmagan va sarosimalangancha atrofiga alanglardi, keyin Lyupenga qaradi, o‘zini chimchilab ko‘rdi va tushundiki, tushida emas, o‘z dushmanini hushida ko‘rib turardi.
– Gapir, – dedi u. – Vaqtimni olma, bekor qolgan vaqtim yo‘q.
– Bu juda soz, – javob qildi Lyupen. Gaplashib olamiz. Suhbat uchun bu yerdan tinchroq joyni topolmagan bo‘lardik. Bu qadimiy uy gertsog Rishelega qarashli. Gertsogning o‘zi bu yerda yashamaydi, rassom va bezakchi sifatida menga tashlab ketgan. Tinch joy. Men sobiq vazir mse Debreyl nomida yuraman. Tushundingizmi? Odamlar e’tiborini tortishni xohlamayman…
– Bu safsatalarga meni ishondi deb o‘ylaysizmi? – uning so‘zini bo‘ldi Ganimar.
– Juda soz. Gapni qisqa qilaman. Siz shoshilmoqdasiz, meni kechiring. Sizni uzoq ushlab turmayman… Besh daqiqa va tamom. Shunday qilib boshladim… Sigaret chekasizmi? Yo‘qmi?
U stolga o‘tirarkan barmoqlari bilan uni cherta turib hikoyasini boshladi:
– 17 oktyabr 1599 yil. Kuzning iliqqina kuni… Eshityapsizmi? Bilmadim, Genrix IV hukmronligi to‘g‘risida va Pont-Nef qurilishi haqida sizga gapirib berishning hojati bormikan? O‘ylaymanki, Frantsiya tarixidan xabardor emassiz, bu hikoyam bilan sizni chalg‘itaman, xolos. Kecha tunda yuk kemasida suzib kelayotgan bir odam Pont-Nef ko‘prigi ostidan o‘tayotib chap sohildan nimadir suvga tashlab yuborilganini payqagan. Nimanidir Sena daryosi tubigi tashlab yuborishgan. Kema bortidagi it o‘zini suvga otib, daryodan qandaydir tugunni ko‘tarib chiqqan. Haligi kishi tugunni olgan, itni suvdan chiqargan va tugun ichida nima borligini aniqlash uchun kayutaga kirgan. Topildiq uni qiziqtirib qolgan va u menga odam yuborgan. O‘sha kuni ertalab men tugundagi sirli narsaga ega bo‘ldim va ba’zi bir narsalarni aniqladim. Mana ular.
U stol ustidagi gazeta bo‘laklariga ishora qildi. O‘sha yerda katta shisha siyohdon bo‘lib, unga bog‘lab qo‘yilgan bir bo‘lak sharduz ko‘rinib turardi. Shisha siniqlari, g‘ijimlangan karton, latta bo‘laklari ham bor. Va nihoyat, stol ustida qizil rangdagi bir parcha shohi matoh.
– Ko‘ryapsizmi, bizning topildig‘imizni, yoshligimning do‘stu hamrohi, – dedi Lyupen. – Shubha yo‘qki, it tugunni suvdan olib chiqayotganda narsalarning bir qismi tushib qolgan, aks holda bu topishmoqni osongina yechsa bo‘lardi. Ammo o‘ylaymanki, masalaning tubiga yetish uchun shularning o‘zi ham yetarli. Faqat bunga sizning aqlingiz va qobiliyatingiz bo‘lsa bas. Sizni qiziqtirayaptimi bu ish?
Ganimar holatini o‘zgartirmadi. U masxaraomuz so‘zlar bilan Lyupen ustiga tashlanishga tayyor edi, ammo o‘zini bosdi.
–Shunisi ayonki, biz bir xil fikrlaymiz, – dedi Lyupen inspektorning sukutiga e’tibor bermay. – Men mana bu narsalarga tayanib, o‘z fikrimni qisqagina bayon etmoqchiman. Kecha soat to‘qqiz bilan o‘n ikki oralig‘ida yosh va latofatli bir ayol pichoq bilan yarador qilingan va ko‘zoynakli yosh, g‘oyat kelishgan hamda sport bilan shug‘ullanadigan janob tomonidan bo‘g‘ib o‘ldirilgan. Ana shu janob bilan haligi ayol yemakxonada o‘tirib, uchta ekler yegan va kofe ichgan.
Ganimar sigareta chekdi va Lyupenning yengidan ushladi.
–A-ha, bu sizga yoqmadi inspektor. Jinoyat qidiruv ishlari faqat politsiyaga taalluqli, boshqalar uchun bu imkonsiz deb o‘ylaysiz-da?! To‘g‘ri emas, azizim! Siz, Lyupen faqat aldashga qodir deb o‘ylaysizmi? Mening xulosalarim juda hayrotomuz va juda oddiy, – dedi u va stol ustidagi narsalarni navbatma-navbat qo‘lga olib hikoyasini davom ettirdi.
–Aytganimday, bu voqea kech soat to‘qqizdan keyin ro‘y bergan. Mana, gazetaning kechgi soni. Uning tepasida esa «Kechki nashr» deb yozilgan. Mana bunga qarang. Sariq qog‘oz izlarini ko‘rdingizmi? Bu odatda obunachining manzili yoziladigan, narsa o‘rash uchun ishlatiladigan qog‘oz bo‘lakchasi. Gazetaning kechki soni qoidaga ko‘ra, soat to‘qqizdagi pochta bilan keladi. Men: «kelishgan erkak» degandim. Mana bu shisha sinig‘iga qarang, bu yerda bor-yo‘g‘i bir xil shisha. Demak, bu lornet (dastali ko‘zoynak, izoh bizniki), mana dastasining izi ham bor. Yuqori tabaqa kishilaridan bo‘lak kim lornet olib yuradi. Olifta kiyingan erkak pishiriqlar do‘koniga kirgan. Karton bo‘laklari pirojniy qutisiniki. Mana, ekler kremidan qolgan izlar ham bor.
Ana shu paketni qo‘ltiqlab olgan bizning lornetli yosh aslzodamiz qandaydir ajoyib bir xonim bilan uchrashadi. Bu xonimning ajoyibligi shundaki, u alvonrang sharf o‘rab yurardi. Ayol bilan uchrashgandan keyin – bizga hozircha noma’lum sabablarga ko‘ra – unga pichoq uradi va so‘ngra mana shu sharf bilan bo‘g‘ib o‘ldiradi. Diqqat bilan qarasangiz, inspektor, sharfda qoramtir-qizg‘ish dog‘ borligini ko‘rasiz. Mana bu joyiga pichoqni artgan, bu joyini qonli panjalar g‘ijimlagan. Jinoyat sodir etilgach, qotil izini yo‘qotishga uringan. U cho‘ntagidan gazetani ( darvoqe, xuddi shu gazetada ot sporti haqidagi xabarlar bosiladi) va ipni oladi. Bu uning sportga qiziqishini ko‘rsatmaydimi? Keyin u sharfni qaychi bilan qirqadi. Sharfning ikkinchi bo‘lagi murdaning qo‘lida qoladi. Sharfdagi qonli izlar, hech shubhasiz, qurbon bo‘lgan ayolniki. Keyin ularni karton bo‘lagiga o‘raydi, hozir Sena tubida yotgan pichoqni ham uning ichiga soladi. Tugunchani ip bilan bog‘lab, kema o‘tayotgan paytda suvga tashlab yuboradi. Umuman, hammasi – shu! Fu! Og‘ir ish. Nima dedingiz?
U hikoyasi qanday taassurot qoldirganini bilish uchun Ganimarga qaradi. Inspektor hamon jim edi.
Lyupen kuldi.
– Ko‘rib turibman, bu voqea sizni hayratga solyapti va zardangizni qaynatyapti. Siz: «Qanday shayton chalib Lyupen qotilni o‘zi topmasdan va undan katta pul undirmasdan bu ishni menga tiqishtiryapti?» deb o‘zingizga savol berayapsiz. O‘rinli savol. Lekin, masalaning bitta «lekini» bor. Gap shundaki, mening vaqtim yo‘qroq.
Hozirgi paytda ishim boshimdan oshib-toshib yotibdi: Londonda, keyin Lozanada qulfbuzarlik ro‘y bergan, Marselda yosh bola o‘g‘irlangan. Buning ustiga ayni paytda bir qizning hayoti o‘lim xavfi ostida turibdi. Umuman, aytadilar-ku, baxtsizlik qo‘sha-qo‘sha yuradi deb. Shularni o‘ylab: «Bu ishni qadrdon do‘stim Ganimarga topshirsam-ku bo‘ladi, hammasini u aniq va osongina hal qiladi. Qarang, men unga qanday yordam beryapman! Bu ishda Ganimar o‘zining nimalarga qodirligini namoyish etadi!» dedim o‘zimga-o‘zim. Va ertalab soat sakkizda yigitlarni safarbar etdim. Va mana, siz mening huzurimda turibsiz!
Lyupen o‘rnidan turdi, inspektorga yaqinlashdi va dedi:
– Bo‘lgani – shu. Endi sizga hammasi ma’lum. Jasadni darhol topa olasiz. Taxminimcha, u birorta kontsert zalining o‘yinchisi yoki qo‘shiqchisi. Jinoyatchi esa mening taxminimcha, daryoning chap sohilida, Pont-Nef ko‘prigi yaqinida yashaydi. Va nihoyat, sizga manavi ashyolar. Ular sizning ixtiyoringizda. Ishni boshlang. Faqat men mana bu bir bo‘lak sharfni olib qolaman. Agar sizga uning zarurati bo‘lsa, jasad bo‘ynida qolgan qismini olib kelarsiz. Bugun 29 dekabr, soat 10. Roppa-rosa to‘rt hafta kutaman. Bemalol ishonavering, hech qayoqqa ketmayman. Qo‘rqmang, qasam ichib aytaman-ki, bular hammasi jiddiy ish, yoshligimning do‘sti-hamrohi. Hazil qilayotganim yo‘q. Sha’nim haqi, so‘z berman.
Endi boravering. Ha, darvoqe, agar o‘sha odamni qo‘lga olish zarurati tug‘ilsa, ogoh bo‘ling, u chapaqay.
Ko‘rishguncha xayr, do‘stim, omad sizga yor bo‘lsin!
Inspektor hushini to‘plab olishga ulgurmay, Lyupen ortiga o‘girildi va xonadan chiqib ketdi. Inspektor uning ortidan otildi va angladiki, eshik unga ma’lum bo‘lmagan qandaydir usul yordamida qulflanib qolgan edi. U uydan chiqqunicha yigirma daqiqa o‘tdi. Arsen Lyupenni qamoqqa olish to‘g‘risida endi o‘ylab o‘tirish befoyda. Buning ustiga hozir qamoqqa olishni istamasdi ham. Lyupen uni ruhlantirib yubordi va inspektor o‘zining sobiq dushmaniga nisbatan yangi bir hissiyot tuydi. Qo‘rquv, ko‘rolmaslik, qoyil qolish hammasi aralashib ketgandi. U ishiga yo‘l oldi va yo‘l bo‘yi bo‘lib o‘tgan voqeani mulohaza qildi. Qizil sharf voqeasi uni qiziqtirib qo‘ygandi. Bu juda qiziq va odatdan tashqaridagi voqea bo‘lib tuyulardi. Arsen Lyupenning xulosalari qat’iy mantiqqa asoslangani bilan inspektorni qoyil qoldirdi.
– Yo‘q, u hazillashmayapti, – dedi o‘ziga-o‘zi.

***

Ganimar Sohilbo‘yi Orfevrdagi politsiya mahkamasiga qadam qo‘yganida ham bo‘lib o‘tgan voqea to‘g‘risida o‘ylardi.
– Siz shefni ko‘rdingizmi?–so‘radi undan inspektorlardan biri.
– Yo‘q.
– Sizni yo‘qlashtirgan edi.
– Shundaymi?
– Yaxshisi, uning huzuriga boring.
– U qaerda o‘zi?
–Berni ko‘chasida. U yerda tunda qotillik ro‘y bergan.
– Jabrlanuvchi kim ekan?
– Anig‘ini bilolmadim. Qanaqadir qo‘shiqchi qiz?
–Voy, xudoyim-ey! – g‘uldiradi Ganimar.
O‘ldirilgan qiz san’at sohasida dunyoga tanilgan va Jenni Safir degan sahnaviy nom olgan qo‘shiqchi edi. U odatdagi uylarning birida, ikkinchi qavatdagi kichkina xonada yashardi. Politsiyachi katta inspektorni yuqoriga boshlab chiqib xonani ko‘rsatdi. Ikki xonali kvartira allaqachon hukumat namoyondalari va mse Dyudui boshchiligidagi jinoyat qidiruv organi xodimlari bilan to‘la edi.
Ganimar xonani taaajjub ichra ko‘zdan kechirdi, keng va yumshoq divan ustida qo‘liga qizil sharf bog‘langan yosh ayolning jasadi yotardi. Uning ko‘ksida pichoq zarbidan qolgan va qoni qotgan ikkita yara, yuzida dahshat ifodasi.
Xirurg tekshiruvni tamomladi va dedi:
–Birinchi xulosa aniq. Unga ikki marta pichoq urilgan, keyin sharf yordamida bo‘g‘ilgan. O‘lim bo‘g‘ish oqibatida ro‘y bergan.
– O, xudoyim-a! – yana g‘o‘ldirab qo‘ydi Ganimar Arsen Lyupenning gaplarini eslab.
– Lekin bo‘ynida barmoq izlari ko‘rinmaydi, – luqma tashladi izquvarlardan biri.
– Uni sochiq yoki qo‘l ro‘molcha yordamida bo‘g‘gan bo‘lishi ham mumkin, – taxminladi vrach.
– Albatta, shunday bo‘lgan, – bu fikrga qo‘shildi shef va qo‘shimcha qildi: o‘sha sharfdan foydalangan bo‘lishlari ham mumkin. Ko‘rayapsizmi, qo‘li sharfning bir bo‘lagi bilan bog‘langan, ikkinchi bo‘lagi uni bo‘g‘ish uchun ishlatilgan shekilli.
– Lekin nima uchun sharfning faqat bir bo‘lagi qolgan? – so‘radi magistrat a’zosi. –Ikkinchi bo‘lagi qaerda?
– Ikkinchi bo‘lagida qon izlari qolgan bo‘lsa, qotil uni o‘zi bilan birga olib ketgan. Qarang, u sharfni qaychi bilan shoshilinch tarzda kesgan.
– Yo parvardigor! – g‘uldiradi Ganimar. – Lyupen, hatto jinoyat sodir bo‘lgan joyni ko‘rmasdan ham hammasini biladi.
– Jinoyat nima uchun ro‘y bergan? – so‘radi magistrat a’zosi. –Bu yerda hamma narsa ag‘dar-to‘ntar qilingan. Bu haqda siz biror fikr bildirmoqchi emasmisiz, mse Dyudui.
– Men xizmatkor ayolning tushuntirish xatiga asoslanaman. Yaxshi qo‘shiqchi sifatida tanilgan bu qiz ikki yil avval Rossiyadan saroy a’yonlaridan biri sovg‘a qilgan ajoyib zumrad toshni olib kelgan. Jenni hech qachon uni taqmagan bo‘lsa-da, bunday sovg‘adan juda faxrlanib yurgan. U hatto o‘ziga shu toshga uyqoch ism ham tanlagan –Safir. Agar biz jinoyat ana shu zumrad tufayli ro‘y bergan deb xulosa chiqarsak, haqiqatga yaqin borgan bo‘lamiz.
– Xizmatkor ayol bu toshning qaerda saqlanishidan xabardor bo‘lganmi?
– Yo‘q, buni hech kim bilmagan. Xonadagi tartibsizlikdan ko‘rinadiki, jinoyachi toshning qaerdaligidan xabarsiz bo‘lgan.
– Xizmatkor ayolni so‘roq qilamiz, – xulosa qildi magistrat a’zosi.
Mse Dyudui o‘girilib qarab bosh inspektorni ko‘rib qoldi.
–Horg‘in ko‘rinasiz, Ganimar. Nima gap? Birovdan shubhangiz bormi?
– Yo‘q, shef.
-Afsus. Biz bu ish yuzasidan shov-shuv ko‘tarsak departamentda shuhrat qozongan bo‘lardik. Bu eng noyob jinoyatlardan biri. Biz zudlik bilan jinoyatchini topishimiz zarur.
– Bu oson kechmaydi, shef.
– Topishimiz kerak. Quloq soling, Ganimar. Oqsoch ayolning aytishicha, Jenni Safir hayotdan lazzat olib yashashni yaxshi ko‘rgan. Bot-bot mehmon qabul qilgan. O‘sha kecha u kontsert zalidan o‘n bir yarimda erkak kishi bilan qaytgan. Yarim tungacha birga bo‘lishgan. «U aslzodalardan. Menga uylanish niyatida», der ekan Jenni. Aslzoda odam deganlari o‘ta ehtiyotkor va sezgir kishi bo‘lgan. Shunchalik ehtiyotkor ekanki, darvozabon oldidan o‘tayotib paltosining yoqasini ko‘tarib, shlyapasining chetlarini tushirib olarkan. U kelishidan oldin Jenni Safir oqsoch ayolni jo‘natib yuborarkan. Ana shu odamni qidirishimiz kerak.
– Undan biror belgi qolganmi?
– Hech narsa. Ko‘rinib turibdiki, u yaramas juda aqlli, jinoyat qilishdan avval uni rosa pishiqtiradigan va hech qanday iz qoldirmaslikning yo‘lini biladigan odam. Uni qo‘lga olish bizning muqaddas burchimiz. Bu ishni sizga ishonaman, Ganimar.
– Nahotki, menga shef? – dedi inspektor, – yaxshi, o‘ylab ko‘ramiz… Biz o‘ylab ko‘ramiz… Men aytmoqchi emasdim… Faqat…
U juda hayajonlanardi. Bu holat mse Dyuduining ensasini qotirdi.
– Faqat, –davom etdi Ganimar, – qasam ichib aytamanki, shef, men qasam ichamanki…
– Nimaga qasam ichasiz?
– Hech narsaga… Biz o‘ylab ko‘ramiz, shef… O‘ylab ko‘ramiz…
Ganimar yolg‘iz qolarkan, uzoq vaqt o‘ziga kelmadi. So‘ngra shefiga ta’kidlagan o‘sha gapning davomini aytdi.
– Faqat osmon haqi qasam ichamanki, uni qo‘lga olish mening vazifam edi, axir bu ishning kalitini yaramas Lyupen menga tutqazgandi. O, lekin bunday qilolmayman!
Ganimar Lyupen tomonidan taklif etilgan masalani yechishga uzoq bosh qotirdi.
Endi hammasi uning aytganini tasdiqlab turibdi, shunga qarmay, Lyupen dalillar bo‘shlig‘idan qanday qilib bu darajada aniq xulosa chiqara oldiykin. Har holda agar Lyupen haq bo‘lsa, g‘alaba inspektorning qo‘lida.
Ganimar yemakxonada shosha-pisha tamaddi qildi-da, ko‘chaga chiqdi, ammo yo‘lda ajablangancha to‘xtab qoldi. U Lyupen tomonidan aldab olib borilgan o‘sha Syuren ko‘chasidagi chog‘roq uyning darvozasi oldida turardi. Bu yerga uni irodasidan tashqari qandaydir kuch yetaklab kelgan edi. Sirning kaliti shu yerda, faqat shu yerda. Taxminlar va ehtimollar aniq va haqiqatga shu qadar yaqin hamda shu qadar g‘aroyibu bexato ediki, xuddi bu o‘zining odatdagi xususiy ishiga o‘xshardi.
Inspektor barcha shubhalarga qo‘l siltab uyga kirdi-da, zina bo‘ylab yuqoriga ko‘tarildi. Xona eshigi ochiq edi. Haligi narsalar joy-joyida turardi. Inspektor shoshqin bir tarzda ularni cho‘ntagiga tiqdi-yu, chiqib ketdi. O‘sha lahzada inspektor qandaydir ko‘zga ko‘rinmas kuch ta’sirida fikrlar, beixtiyor harakat qilar, unga qarshilik ko‘rsata olmas va unga bo‘ysunardi.
Pont-Nef ko‘prigi yaqinida yashaydigan noma’lum kimsani qidirishdan avval oqshom payti ishlaydigan shiravorlar do‘konini topish kerak edi. Bu ko‘p vaqtini olmadi. Sen-Lazar vokzali yaqinidagi qandolat do‘konida unga daryodan topilgan tugundagiga o‘xshash karton quti berishdi. Buning ustiga sotuvchi qizlardan biri o‘sha oqshom mavsumiy paltosining yoqasini ko‘tarib olgan bir janob do‘konga kelganini va uning lorneti ham borligini ko‘rganini aytib berdi.
– Mana, muammoning kaliti, – xayoldan o‘tkazdi inspektor, – demak, u lornet olib yuradi.
Keyin inspektor matbuot tarqatuvchiga gazeta bo‘lakchasini ko‘rsatdi. U gazeta parchasi «Terf Illyustre»dan olinganini aniqlab berdi.
Ganimar tahririyatga kirib, obunachilar ro‘yxatini so‘radi. Pont-Nef ko‘prigidan uncha uzoq bo‘lmagan joylarda yashovchilarning nomlarini yozib olarkan, Lyupenning so‘zini eslab, chap sohilda yashovchilarni alohida belgiladi. Shundan so‘ng mahkamaga qaytib, bir guruh xodimlarni chorlab, ularga kerakli ko‘rsatmalar berdi. Xodimlardan eng so‘nggisi kech soat yettilarda xushxabar bilan qaytdi. Mse Prevale ismli «Terf» gazetasini oluvchi kishi Avgustchilar sohilidagi kvartirada yasharkan. Uning egnida mavsumiy paltosi bo‘lgan, darvozabonning xotinidan xat va gazetasini olib chiqib ketganicha yarim tunda qaytgan. Uning lorneti ham bo‘lgan. U ippodromning doimiy mijozi bo‘lib, o‘zining oti ham bor ekan. Otini gohida o‘zi minar, gohida ijaraga berarkan.
Qidiruv uzoq cho‘zilmadi, olingan ma’lumotlar esa Lyupen aytgan hikoyaning aynan o‘zi bo‘lib, izquvarlar bergan ma’lumotlar esa Ganimarni ham charchatdi, ham zeriktirib yubordi. Shuncha yil jinoyat qidiruv ishida ishlab bunchalik aniqlikka duch kelmagandi.
Bosh inspektor mse Dyudui huzuriga yo‘l oldi.
–Hammasi tayyor, shef, ruxsatnoma berasizmi?
–Nima?
–Qamoqqa olish uchun hamma narsa taxt deyapman, shef.
–Siz Jenni Safirni o‘ldirgan kishining ismini aniqladingizmi?
–Ha.
–Qanday qilib? Qay yo‘l bilan? Tushuntiring!
Ganimar biroz vijdoni qiynalayotganini sezdi, biroz xijolat tortdi. Shunga qaramay davom etdi.
– Mutlaqo tasodif, shef. Senaga tashlangan narsalar vositasida qotilni topdik. Tasodifiy bir holat tufayli suvga tashlab yuborilgan tugunchani topgan kishi uni menga olib kelgan edi.
– Kim?
–Uni olib kelgan kishi noxush holat ro‘y berishidan cho‘chib nomini aytishni lozim ko‘rmadi. Lekin sirning kaliti mening qo‘limda. Bu men kutganimdan ancha oson ro‘y berdi.
Inspektor bo‘lib o‘tgan voqeani so‘zlab berdi.
– Siz shunday ishni tasodif deysizmi? – ta’sirlanib gapirdi mse Dyudui. – Yana buni oson ko‘chdi deysiz-a! Axir bu sizning eng yorqin ishingiz!
Ganimar ishni nihoyasiga yetkazishga otlandi. Uning odamlari Avgustchilar sohili bo‘yidagi uyni o‘rab oldilar. Uy egasi u odamning yegulik olib kelish uchun ketganini ma’lum qildi. Ganimarning odamlari kutib turishdi. Kech soat to‘qqizlarga yaqin uy egasi inspektorga palto kiygan baland shlyapali kishini ko‘rsatdi. U sohil bo‘yi tomon tez-tez yurib kelardi. Ganimar qat’iyat bilan u tomonga yurdi.
–Bilishimcha, siz mse Prevalesiz?
–Ha. O‘zingiz kimsiz?
–Sizni qo‘lga olish uchun menda…
U so‘zini tugata olmadi. Qorong‘ulikdan bir to‘da odamlar chiqib kelishdi. Mse Prevale o‘zini binoga urdi-da, yelkasi bilan do‘kon eshigiga taqaldi.
– Keting! – qichqirdi u – men sizni tanimayman!
Mse Prevale o‘ng qo‘lida og‘ir trosni mahkam changallab turar, chap qo‘li bilan orqadagi eshikni paypaslardi, uning eshikni ochmoqchi bo‘layotgani aniq edi.
Ganimar Prevalening qandaydir yashirin yo‘l orqali qochib ketishidan qo‘rqib, unga yaqin bordi.
– Bas qiling, – qarshilik ko‘rsatishingiz befoyda, – dedi Ganimar va uning qo‘lidagi trosga qarab Lyupenning ogohlantirishini esaladi: «jinoyatchi chapaqay». Ganimar birdan yerga egildi, Prevale chap qo‘li bilan pistoletni ko‘tarib ulgurmay unga tashlandi va mushti bilan jag‘iga zarba berdi. Prevale yerga quladi. Va ko‘p o‘tmay o‘zini qamoqda ko‘rdi.
Ganimar azaldan o‘z ishining mahoratli ustasi edi, ammo bu ishning tezkorlik bilan ochilishi unga shuhrat keltirdi.
Barcha ochilmagan jinoyatlar ham darhol Prevalening bo‘yniga ilindi, gazetalar esa bir-biridan o‘tkarib Ganimarni maqtardi.
Bu ish katta shovqin-suronga sabab bo‘ldi. Eng avvalo, Prevalening aslida Tomas Drekligi ma’lum bo‘ldi. Birgina shu faktning o‘zi hayratlanarli edi. Ammo uning xonasi ko‘zdan kechirilganda jinoyatga doir hech narsa topilmadi. Oradan sakkiz kun o‘tgach hamma narsa o‘zgarib ketdi. Shu paytgacha so‘roqlarga javob berishni istamay jim turgan Prevale, advokatning maslahati bilan tilga kirdi va ishonchli alibi ko‘rsatdi. Jinoyat ro‘y bergan paytda u Foli-Berjer teatrida o‘tirganligini aytdi. Haqiqatdan ham uning kostyumi cho‘ntaklaridan topilgan chipta va teatr dasturida o‘sha oqshom sanasi turardi.
– Alibi avvaldan hozirlab qo‘yilgan, – e’tiroz bildirdi sudya.
– Buni isbotlang, – talab qildi Prevale.
Shunda uni guvohlar bilan yuzma-yuz qilishdi. Qandolat do‘konida ishlaydigan qiz «tanigandayman» dedi. Berje ko‘chasidagi darvozabon ham Jenni Safir bilan keladigan odam «shu deb o‘ylagandim» dedi, lekin hech kim aniq gap aytishga jur’at qilolmadi.
Tergov ishlari boshi berk ko‘chaga kirib qolganligi sababli sudya Ganimarni chaqirib olib, unga ro‘y berayotgan qiyinchliklar haqida gapirdi.
– Boshqa imkonim yo‘q. Qo‘yilgan aybni quvvatlab turolmayman.
– O‘zingiz o‘ylang, sudya, agar Prevale gunohsiz bo‘lsa nima sababdan qo‘lga olinishiga qarshilik ko‘rsatdi?
– U qaroqchilar hujum qilayapti deb o‘ylagan, ayblanuvchi shunday ko‘rsatuv berayapti. Shuningdek, u Jenni Safirni umrida ko‘rmaganligini aytmoqda. Uning e’tirozlarida noo‘rin hech narsa ko‘rmayapmiz. Yo‘qolgan sapfirni, biz Prevalening xonasidan izladik, ammo topolmadik.
– Boshqa biror joydadir, – qat’iy turdi Ganimar.
– Mumkin, ammo bu uning aybdorligiga isbot bo‘lolmaydi. Sizga aytib qo‘yishim kerak, mse Ganimar. Qizil sharfning ikkinchi bo‘lagini topish kerak. Qancha tez topilsa shuncha yaxshi.
– Ikkinchi bo‘lagini?
– Ha. Agar qotil uni ushlagan bo‘lsa, barmoq izlari qolgan bo‘lishi kerak.
Ganimar indamadi. Necha kundirki, bu ishning oxiri «voy» bo‘lishi to‘g‘risida o‘ylardi. Sharfning ikkinchi bo‘lagini topish va uni sudyaga ko‘rsatish kerak, boshqa biror dalil yo‘q. Agar dalil keltira olmasa, Prevale ozodlikka chiqadi va Ganimar kulgiga qoladi. Baxtga qarshi sharfning ikkinchi bo‘lagi Lyupenda. Uni qanday qilib olish kerak?
Ganimar ayblov ishini qayta boshdan ko‘rib chiqdi, Prevalening hayotiga doir hamma narsaga aniqlik kiritish uchun odam yubordi. Ammo barchasi behuda edi.
28 dekabrda sudya uni odil sud saroyi yo‘lagida to‘xtatdi:
– Xo‘sh, mse Ganimar. Qanday yangiliklar bor?
– Afsuski, hech qanday.
– Unda men ishni to‘xtataman.
– Yana bir kun sabr qilsangiz.
– Nima o‘zgaradi bu bilan. Bizga sharfning ikkinchi bo‘lagi kerak. U sizdami?
– Men uni erta ertalab olaman.
– Erta?
– Ha, faqat menga uning topilgan bo‘lagini bering. U sizda bo‘lishi kerak?
– Sizning iltimosingizni qondirsam biror o‘zgarish bo‘ladimi?
– Agar shunday qilsangiz. Men sizga butun sharfni taqdim etardim.
– Juda soz.
Ganimar sudya bilan uning xonasiga bordi va bir bo‘lak qizil shohi sharfga ega bo‘ldi.
– Lyupen pand bermasa ertagayoq sharfning har ikkala bo‘lagini qo‘lingizga tutqazaman.
U Lyupendan shubha qilmasdi, faqat Lyupen nima sababdan uni uchrashuvga chorladi? Sharf unga nima uchun kerak edi? Shuni o‘ylab Ganimarning boshi qotdi.
Qiziqish va chidamsizlikdan sabri tugagan Ganimar tong otishi bilan Lyupen huzuriga yo‘l oldi. Bu paytda uning odamlari o‘sha mavzeni o‘rab olishgan edi.
– Agar men uchinchi qavatning derazasida ko‘rinsam yoki uy ichidan bir soat ichida chiqmasam uyga bostirib kirib, u yerdagi kishini qo‘lga olasizlar, deb topshiriq berdi u odamlariga.
So‘ngra cho‘ntagidagi pistoletini paypaslab qo‘yib, uy tomon yurdi.
Hamma narsaning avalgidek joy-joyida turganini ko‘rib Ganimarning hayrati oshdi. Derazaga bir ko‘z yugurtirib olib, xonalarni bir-bir qarab chiqdi. Jon asari yo‘q.
– Lyupen qo‘rqibdi, – deya ishonchsizlik bilan g‘uldiradi u.
– Bema’ni gaplarni gapirmang, – degan ovoz eshitildi ortidan.
Inspektor chaqqonlik bilan o‘girilib qarab, kombinzon kiyib olgan keksa ishchini ko‘rdi.
– Hayajonlanmang, – dedi ishchi, – men Lyupenman. – Ertalabdan beri ishlayotgan edim, endi nonushta qilishim kerak.
U ajabtovur jilmayish bilan Ganimarga qaradi va xitob qildi:
– O‘z vaqtida hozir bo‘ldingiz, yoshulli! Hayotingiz men uchun aziz. Sizni qanchalar sevishimni bilasiz-ku! Bu haqda fikringiz qanday? Hammasi o‘ylaganimdek bo‘lib chiqdimi-a?! Boshlanishidan menga ma’lum bo‘lgan ekan-da! Xo‘sh, bunday ishlarni qay darajada eplar ekanman? Qanday sezgir aql, Ganimar. Voqea qay darajada tiklandi! Qanday topqirlik! Hayrotomuz darajada ko‘ra bilish! Sizga sharf kerakmi?
– Ha, ikkinchi bo‘lagi. U sizdami?
– Albatta. Ikkovini birga qo‘yishingizni so‘rayman.
Ular qizil matohning ikkala bo‘lagini yonma-yon qo‘yishdi. Qirqimlar biri-biriga to‘la mos edi, rangi to‘g‘risida gapirib o‘tirmasa ham bo‘ladi.
– Biroq, men o‘ylaymanki, bu yerga faqat sharf uchun kelmagansiz, – dedi Lyupen, – siz qon izlarini ko‘rmoqchisiz. Deraza oldiga boraylik, bu yer qorong‘u, Ganimar.
Ular qo‘shni xonaga o‘tib, deraza oldiga borishdi. Lyupen sharfni deraza tokchasiga yoyib qo‘ydi.
– Qarang, –dedi u Ganimarga boshi bilan imo qilib.
Inspektor sharf ustiga egildi. Besh panjaning izi aniq ko‘rinib turardi. Rad etib bo‘lmaydigan dalil. Qotil Jenni Safirning sharfiga iz qoldirgan edi.
– Bu chap qo‘lning izi, – dedi Lyupen. – Yodingizdami, sizni ogohlantirgan edim, meni jodugar deb o‘ylashingizni istamayman.
Ganimar shohi matoh bo‘lagini darhol cho‘ntagiga urdi. Lyupen ma’qullab bosh silkidi.
– Hammasi joyida, yoshulli. Meni juda mamnun etdingiz! Bu yerda hech qanaqa tuzoq yo‘qligini ko‘rib turibsiz… Men eski oshnam bilan yaqin bo‘lishni istagandim, xolos. Lekin sharfning sizdagi bo‘lagiga juda qiziqyapman, uni diqqat bilan bir ko‘zdan kechirsam… Qo‘rqmang… O‘zingizga qaytaraman… Faqat bir daqiqaga…
Lyupen sharfning ikkinchi bo‘lagini olib ko‘zdan kechira boshladi, Ganimar uning ming‘irlashiga quloq tutdi:
– Bunday ishlarni naqadar hayrotomuz bajarishadi ayollar! Siz oqsoch ayol bergan guvohlikning bor jihatiga e’tibor qildingizmi? Jenni Safir o‘ziga ko‘ylak va shlyapa tikib kiyishni mahorat bilan bajargan. Ko‘rinib turibdiki bu sharfni ham uning o‘zi tayyorlagan… Buni birdan payqadim. Men haqiqatdan ham juda qiziquvchanman, cho‘ntagingizdagi bo‘lakni diqqat bilan tekshirib. Uning uchida, po‘paklariga yaqin chetida bechora qiz o‘z qo‘li bilan tikib qo‘ygan kichkina tumorchani topgan edim. Bechora shu tumor baxt keltirishiga ishongan. Bu ta’siralanarli emasmi, Ganimar? Ammo kichkina tumorcha bizning xonimimizga unchalik foyda bermadi.
Inspektor hayratlangan ko‘yi Lyupendan ko‘z uzmay qarab turar, u esa davom etardi:
–Shunda men o‘z-o‘zimga: «Politsiyaning qo‘lidagi ikkinchi bo‘lakni tekshirib ko‘rish juda qiziq bo‘lardi», deb o‘yladim. Mendagi bo‘lagida tumorcha bor edi va men o‘yladimki, «ikkinchi bo‘lagiga ham shunga o‘xshash narsani yashirib qo‘yishning nimasi yomon». Siz nima deb o‘ylaysiz, qadrdon do‘stim? Masalan, sapfirga o‘xshash qimiatbaho tosh yashirilgan bo‘lsa-ya?
U so‘zini tamomlaganda qo‘lida lojuvard tosh yaltirab ko‘rindi.
– A-ha! Aytmaganmidim sizga, yoshlikdagi qadrdon do‘stim?
U boshini ko‘tarib inspektorning ko‘zlarida yovvoyi bir ifodani ko‘rdi. Inspektor topildiqqa iztirob ichra qarab turardi.
–Yaramas, – g‘uldiradi inspektor, – haromi!
Yuzma-yuz turishardi ular.
– Uni menga bering, – buyurdi inspektor.
Lyupen unga sharf bo‘lagini uzatdi.
– Feruzani ham, – qat’iy talab qildi inspektor.
– Axmoqlikni yig‘ishtiring.
– Qaytarib bering yoki…
– Nima yoki, tentak! – hayqirdi Lyupen. – Nahotki, meni tekindan-tekinga yordam beradi, deb o‘ylagan bo‘lsangiz?
– Darhol qaytarib bering, – o‘z so‘zida turib oldi inspektor.
– Siz nimani ham bilardingiz, men to‘rt hafta davomida xuddi ohuday ehtiyotkorlik bilan harakat qildim, siz bo‘lsangiz… Qo‘ying, yoshulli. Toshni suv tagida qolgan deb hisoblang. O‘tiraylik! Sigaretga tobingiz qalay?
Ganimar o‘zining izquvarlari kelishini kutib Lyupenga g‘azab bilan qarab turardi. U turgan xona hovli tarafda edi, shunday bo‘lsa-da derazadan o‘zini ko‘rsatishni o‘yladi.
– Men sizni to‘nka deb hisoblaganda haq edim. Sharf qo‘lingizda edi, siz bo‘lsa uni paypaslab ko‘rishni ham xayolingizga keltirmagansiz. Qizgina nima uchun bu sharfni har doim bog‘lab yurgani to‘g‘risida o‘zingizga savol berib ko‘rmagansiz.
Lyupen ortiga o‘girilganidan foydalangan Ganimar o‘zini eshikka urdi. Ammo eshik qulf edi. Lyupen uning ortida xoxolab kulardi.
– Bugun ham sizning fahmingiz yetmadi. Menga tuzoq qo‘ydingiz, men bu haqda bilib qolishim mumkinligini o‘ylab ham ko‘rmadingiz. Hatto eshikning qulfini tekshirib ham ko‘rmay ichkariga kirdingiz. Endi o‘zingizni nima deb o‘ylaysiz?
– Nima deb o‘ylayman? –qichqirdi Ganimar pistoletini chiqarib Lyupenga to‘g‘rilarkan.- Qo‘lingni ko‘tar! Mana men nima deb o‘ylayman!
Lyupen yelka qisdi.
– Hech o‘zgarmabsiz.
– Qo‘lingni ko‘tar!
– Uni chiqindixonaga tashlab yuboring.
– Nima?
– Qariya Katrin, sizning oqsochingiz, ko‘pdan beri mening xizmatimda. Siz kofe ichayotganingizda u pistoletingizdan o‘qlarni olib qo‘ygandi.
Ganimar pistoletni cho‘ntagiga solarkan Lyupenga vahshiyona nazar bilan qaradi.
– Xo‘sh, – dedi savolomuz ohangda Lyupen inspektorning ro‘parasida turib.
Ular bir-birlariga ancha vaqt tikilib qolishdi.
Ganimar o‘tmish tajribasidan bilardiki, Lyupen bilan olishish aqlsizlik. Qo‘lidan hech narsa kelmasligini his etdi inspektor.
– Siz sari ham boraylik, – davom etdi Lyupen, – Ganimarning jim turganiga e’tibor qilmay, – yaxshisi, bu ishni o‘z holicha qoldiring. O‘ylab ko‘ring, yoshlikdagi do‘stim. Agar shunday qilsangiz bu sizga shuhrat keltiradi. Xizmatda davom etish va qariganingizda yaxshi yashash imkonini beradi. O‘ylaymanki, siz bechora Lyupenni qamamaysiz va undan zumrad toshni tortib olmaysiz. Axir Lyupen hayotingizni asrab qoldi… Ha, mse! Bu qilgan ishingiz sizning shuncha yaxshilikka bildirgan minnatdorchiligingizmi? Prevalening chapaqayligini kim aytib berdi sizga? Men sizdan rozi emasman, Ganimar.
Shu gaplarni aytgancha, Lyupen xona bo‘ylab kezinardi. Eshik yaqiniga borib uni ochdi. Va Ganimar angladiki, u qochmoqchi. Dunyodagi hamma narsani unutib Ganimar unga tashlandi, lekin qorniga berilgan kuchli zarbadan uchib borib devor ostiga yiqildi. Yopilgan eshik ortidan Lyupenning kulgusi eshtildi.

***

Ganimar oradan yigirma daqiqa o‘tib, o‘zining odamlari bilan uchrasharkan, ulardan biri shunday ma’lumot berdi:
– Bundan biroz avval uydan bir ishchi chiqdi. Qo‘limga xat tuqazib: «Boshliqqa ber» dedi. «Qaysi boshliqqa?» deb so‘ragunimcha ishchi ko‘zdan yo‘qoldi.
– Xatni bering.
Ganimar xatni ochdi. Unda qalam bilan shosha-pisha tirnab yozilgan shunday so‘zlar bor edi:
«Bu haddan tashqari ishonuvchanlikka qarshi ogohlantirish, do‘stim. Har qanday gapga ishonavermaslik kerak, agarda suhbatdoshingiz, hatto Arsen Lyupen bo‘lsa ham. Sizning birinchi qilgan xatongiz shuki, pistoletda o‘q yo‘qligiga ishondingiz. Ikkinchisi, siz qariya Katrin meni sotibdi degan xayolga borib, uning sadoqatiga shubha qildingiz. U esa juda rostgo‘y va tartib-intizomli ayol. Bir kun kelib u bilan tanishishdan umidvorman. Hozircha sizga sadoqat bilan,
Arsen Lyupen».

021

(Tashriflar: umumiy 473, bugungi 1)

Izoh qoldiring