Xorxe Luis Borxes. Asteriyning uyi

037
Хорхе Луис Борхес — Аргентина ёзувчиси. Жаҳон адабиётида афсонавий шахс сифатида тан олинган. Борхес ўз ижодида инсон ақли нималарга қодирлигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Унинг «Алеф», «Янги изланишлар», «Делатель», «Броудининг маълумотлари», «Йўлбарслар олтини» каби тўпламларидан инсон ақлини лол қолдирувчи кўплаб ҳикоялари ўрин олган. Борхес ҳикояни қандайдир бир қўлёзмага, тарихий воқеага ёки бирор-бир китоб воқеасига изоҳ тарзида бошлаётгандай кўринади-ю, сизни инсон онги яратган фантазиялар оламига қай тарзда олиб кирганини пайқамай қоласиз (Таржимондан).

077
ХОРХЕ ЛУИС БОРХЕС
АСТЕРИЙНИНГ УЙИ
Неъмат Арслон таржимаси
033

022 Хорхе Луис Борхес (Jorge Luis Borges) – аргентиналик машҳур ёзувчи, шоир, танқидчи. Ўзининг руҳий ва фалсафий новеллараи билан машҳур. Лотин Америкасининг энг машҳур ёзувчиларидан бири. Хорхе Луис Борхес Буэнос-Айресда туғилган, ўсмирлиги Европада ўтган, шу ерда таълим олган. 1920-йилларда ўз юртига қайтган адиб дастлаб шоир сифатида машҳур бўлади. 1955 йилдан миллий кутубхона директори бўлиб ишлайди. Кўзи кўрмай қолгач, 1973 йили ишдан бўшайди. Бир қанча миллий адабий мукофотлар соҳиби; Италия, Франция, Буюк Британия, Испаниянинг олий мукофотлари совриндори; Сорбоннa, Оксфорд, Колумбия (Нью-Йорк) университетларининг фахрий доктори.

001

Ва малика берди дунёга
Бир ўғилким, номи Астерий…

Аполлодор, «Кутубхона», III, I.

09иламан, мени калондимоғликда ва балки одамзотни кўролмасликда ва ақлсизликда айблайдилар. Бундай қоралов (вақти келиб бунинг учун қасос оламан) кулгилидир. Тўғри, мен уйдан чиқмайман ва яна шуниси ҳам ҳақиқатки, унинг эшиклари (беҳисоб) кун бўйи одамлар ва ҳайвонлар учун очиқ, хоҳлаган киши кираверсин. Бу ерда на жимжимадор безаклар ва на саройларга хос улуғворлик бор, фақат тинчлик ва ёлғизлик мавжуд. Ва ер юзида бунга тенг келадиган уй йўқ (Мисрда шунга ўхшаш уй бор деганлар алдайдилар). Ҳатто мени масхара қилувчилар ҳам уйда бирорта бўлсин, мебель йўқлигини тан олишлари шарт. Яна бир бемаънилик, гўёки мен — Астерий тутқун эмишман. Бу ерда битта ҳам ёпиқ эшик ёки бирорта ҳам тамба йўқлигини яна такрорлашим шартми? Бунинг устига бир куни қош қорайган маҳал кўчага чиққанимни айтмайсизми, агар тун чўкмасдан уйга қайтган бўлсам, бунинг сабаби оддий, одамларнинг қўл кафтига ўхшаш япалоқ ва рангсиз юзларидан қўрққанимдандир. Қуёш аллақачон ботган бўлса-да, ёш гўдакнинг бетўхтов йиғлаши ҳамда оломоннинг ёлвориб фарёд уришидан билдимки, мени таниб қолишган. Одамлар ёлворишар, қочишар, тиз чўкишарди, баъзи бирлари Қўш ойболта ибодатхонаси зиналарига тирмашиб чиқишар, бошқа бировларининг қўлларида тош. Назаримда кимдир ўзини денгизга ташлаб юборди. Менинг волидам бекорга малика бўлмаган, ахир, шу сабабли, мен агар камтарлик қилган тақдиримда ҳам қора халққа қўшила олмайман.

Гап шундаки, мен бетакрорман. Менга бир одамнинг бошқа бировга фалсафа сотиши мутлақо қизиқ эмас, шуни биламанки, ёзув орқали бирор нарсани англатиш беимкон иш. Ғашни келтирадиган бундай майда-чуйда пасткашликлар менинг буюк руҳимни жиркантиради; зеро, мен бир ҳарфнинг иккинчисидан фарқланишини ҳеч маҳал хотирамда сақлаб қолмаганман. Улуғвор бир сабрсизлик ўқишни ўрганишимга тўсқинлик қилади. Баъзида бунга пушаймон ҳам бўламан. Кечалар ва кундузлар узундан узоқда ахир.

Албатта, эрмакларим ўзимга етиб-ортади. Шохлашишга ҳамиша ишқибоз қўчқордай тош галериялар бўйлаб токи кучсизланиб ерга йиқилгунга қадар кезинаман, сув ҳавзаси соясида ёки даҳлиз ўнгирида яширинарканман, гўёки мени қидиришаётгандек тутаман ўзимни, баъзи бир томларнинг бўғотидан сакраб қонга ҳам ботганман. Баъзида ўзимни ухлаётганга солиб, кўзимни юмганча чуқур-чуқур нафас олиб ётаман (гоҳида ҳақиқатдан ҳам ухлаб қолган бўламан, кўзимни очганимда эса кун бошқача тус олган бўлади).

Лекин эрмаклар орасида мен учун энг қизиғи бошқа Астерий бўлиб ўйнашдир. Мен ўзимни гўёки меҳмонга келган Астерийни кутиб олаётгандек тутаман. Унга ҳурмат-эътибор кўрсатиб: «Юр, аввалги бурчакка қайтайлик» ёки: «Энди бошқа ҳовлига ўтамиз» ё бўлмаса: «Мен ҳам бу пирамон сенга маъқул бўлади, деб ўйлагандим», ва ё: «Мана бу қум тўлдирилган идиш» ёки: «Ҳозир кўрасан, ерости йўлаги қандай қилиб иккига ажралишини», дейман. Баъзида янглишиб кетаман ва шунда иккаламиз ҳам шодланиб, кулиб юборамиз.

Мен нафақат бундай ўйинларни ўйлаб топаман, шу билан бирга уй тўғрисида фикр ҳам юритаман. Уйнинг баъзи қисмлари кўп марталаб ўз-ўзини такрорлайди. Бир қисми иккинчисининг айнан ўзи. Сув ҳавзаси, ҳовли, сувлоқ, охур биттадан эмас, ўн тўрттадан (чексиз сон) охур, сувлоқ, ҳовли, сув ҳавзасидан иборат. Бу уй дунёга ўхшайди, аниқроғи, у дунёнинг ўзи. Бироқ чанг босган кулранг тош айвонлар, сув ҳавзали ҳовли-жойлар жонимга тегса, кўчага чиқиб кетаман-да, Қўш ойболтали ибодатхонага ва денгизга қарайман. Бир куни, тунда тушимда кўрмагунимча, ўн тўртта денгиз ва ўн тўртта (бениҳоя сон) ибодатхона мавжудлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ҳамма нарса кўп марта, ўн тўрт марта такрорланади, лекин оламда икки нарса бетакрор: тепада тушуниб бўлмас Қуёш, пастда мен – Астерий. Бу юлдузлар, қуёш ва бу ҳайбатли уй мен томонимдан ясалган бўлиши мумкин, лекин мен бунга шубҳа қиламан.

Ҳар тўққиз йилда уйда тўққизта одам ҳозир бўлади, мақсад шуки, мен уларни зулмдан озод этишим керак. Мен уларнинг тош айвонлардан келаётган қадам товушларини эшитаман-да, қувонч билан уларнинг ҳузурига югураман. Бутун маросим бор-йўғи бир неча дақиқага чўзилади. Улар бирин-кетин ерга қулайдиларки, мен қонга бўялишга ҳам улгурмай қоламан. Улар қаерда йиқилишган бўлса, ўша ерда қолишади, жасадлари менга бу айвондан наригисини фарқлаб олишимга ёрдам беради. Уларнинг кимлиги менга қоронғу, аммо улардан бири ўлаётиб кунлардан бир кун менинг ҳам халоскорим келишини башорат этди. Ўшандан бери ёлғизликни малол олмайман, биламанки, қутқазувчим бор ва у қачондир чанг босган айвонга кириб келади. Агар дунёдаги бор овозлар қулоғимга эшитилиб турганда ҳам улар орасидан халоскоримнинг қадам товушларини фарқлаб олардим. Яхши бўларди агар у мени бирор томонга, эшиклари ва айвонлари камроқ жойга бошлаб борса. Халоскоримнинг кўриниши қандай ўзи, ўз-ўзимдан сўрайман.

У ҳўкиз қиёфасидами ёки одамми? Балки танаси ҳўкиз, боши инсонникидир? Ёки мен қандай бўлсам, шундайдир?

***

Эрталабки қуёш нурлари бронза қилич тиғида жилваланарди. Энди унда қон излари кўринмасди.

–Ишонасанми, Ариадна? – деди Тесей. – Минотавр деярли қаршилик кўрсатмади.

———————————

1) Асл нусхада – «ўн тўрт», лекин Астерийнинг лафзидаги бу сон «чексизлик»ни англатади.

«АСТЕРИЙ УЙИ» ГА  ИЗОҲЛАР

Борхеснинг эътирофича, бу ҳикоянинг туғилишига инглиз санъаткори Ж.Ф.Уотснинг «Минотавр» номли йирик асари туртки бўлган. (Бу тўғрида Борхес «Джон Уилкинснинг таҳлилий тили» эртак-эссесида хабар беради).

Астерий («Юлдузли») ҳўкиз инсон Минотаврнинг исми бўлиб, у аслида малика Пасифая билан Посейдоннинг ўзидан ёки у юборган ҳўкиздан туғилган. Астерий инсонлар тортиқ этган қурбонликларни қабул қилиш учун Дедал томонидан Крит оролида қурилган лабиринтга келади. Шундай қилиб Астерийни ўлдирган Тесей унга ота томонидан ука, маҳв этишда ёрдам берган Ариадна эса Астерийга она томондан сингил эди.

Аполлодор – юнон тарихчиси ва филологи. Афсонавий маълумотлар мажмуаси бўлган «Кутубхона» унинг қаламига мансуб ҳисобланади (Эрадан аввалги II аср).

…Мисрдаги уйга монанд… – фаюм «лабиринти», дунёдаги етти мўъжизанинг бири. Антик давр муаллифлари (Геродот, Плиний ва бошқалар) бу иншоотни фиръавн Аменемхет III қурдирган деб ҳисоблайдилар.

Посейдон – юнон мифологиясига кўра, денгиз худоси (бизнинг изоҳ).

Манба: Неъмат Арслон веб-саҳифаси

044

XORXE LUIS BORXES
ASTERIYNING UYI
Ne’mat Arslon tarjimasi
033

 Xorxe Luis Borxes (Jorge Luis Borges) – argentinalik mashhur yozuvchi, shoir, tanqidchi. O’zining ruhiy va falsafiy novellarai bilan mashhur. Lotin Amerikasining eng mashhur yozuvchilaridan biri. Xorxe Luis Borxes Buenos-Ayresda tug’ilgan, o’smirligi Yevropada o’tgan, shu yerda ta’lim olgan. 1920-yillarda o’z yurtiga qaytgan adib dastlab shoir sifatida mashhur bo’ladi. 1955 yildan milliy kutubxona direktori bo’lib ishlaydi. Ko’zi ko’rmay qolgach, 1973 yili ishdan bo’shaydi. Bir qancha milliy adabiy mukofotlar sohibi; Italiya, Frantsiya, Buyuk Britaniya, Ispaniyaning oliy mukofotlari sovrindori; Sorbonna, Oksford, Kolumbiya (N`yu-York) universitetlarining faxriy doktori.

001

Va malika berdi dunyoga
Bir o’g’ilkim, nomi Asteriy…

Apollodor, «Kutubxona», III, I.

09ilaman, meni kalondimog’likda va balki odamzotni ko’rolmaslikda va aqlsizlikda ayblaydilar. Bunday qoralov (vaqti kelib buning uchun qasos olaman) kulgilidir. To’g’ri, men uydan chiqmayman va yana shunisi ham haqiqatki, uning eshiklari (behisob) kun bo’yi odamlar va hayvonlar uchun ochiq, xohlagan kishi kiraversin. Bu yerda na jimjimador bezaklar va na saroylarga xos ulug’vorlik bor, faqat tinchlik va yolg’izlik mavjud. Va yer yuzida bunga teng keladigan uy yo’q (Misrda shunga o’xshash uy bor deganlar aldaydilar). Hatto meni masxara qiluvchilar ham uyda birorta bo’lsin, mebel` yo’qligini tan olishlari shart. Yana bir bema’nilik, go’yoki men — Asteriy tutqun emishman. Bu yerda bitta ham yopiq eshik yoki birorta ham tamba yo’qligini yana takrorlashim shartmi? Buning ustiga bir kuni qosh qoraygan mahal ko’chaga chiqqanimni aytmaysizmi, agar tun cho’kmasdan uyga qaytgan bo’lsam, buning sababi oddiy, odamlarning qo’l kaftiga o’xshash yapaloq va rangsiz yuzlaridan qo’rqqanimdandir. Quyosh allaqachon botgan bo’lsa-da, yosh go’dakning beto’xtov yig’lashi hamda olomonning yolvorib faryod urishidan bildimki, meni tanib qolishgan. Odamlar yolvorishar, qochishar, tiz cho’kishardi, ba’zi birlari Qo’sh oybolta ibodatxonasi zinalariga tirmashib chiqishar, boshqa birovlarining qo’llarida tosh. Nazarimda kimdir o’zini dengizga tashlab yubordi. Mening volidam bekorga malika bo’lmagan, axir, shu sababli, men agar kamtarlik qilgan taqdirimda ham qora xalqqa qo’shila olmayman.

Gap shundaki, men betakrorman. Menga bir odamning boshqa birovga falsafa sotishi mutlaqo qiziq emas, shuni bilamanki, yozuv orqali biror narsani anglatish beimkon ish. G’ashni keltiradigan bunday mayda-chuyda pastkashliklar mening buyuk ruhimni jirkantiradi; zero, men bir harfning ikkinchisidan farqlanishini hech mahal xotiramda saqlab qolmaganman. Ulug’vor bir sabrsizlik o’qishni o’rganishimga to’sqinlik qiladi. Ba’zida bunga pushaymon ham bo’laman. Kechalar va kunduzlar uzundan uzoqda axir.

Albatta, ermaklarim o’zimga yetib-ortadi. Shoxlashishga hamisha ishqiboz qo’chqorday tosh galeriyalar bo’ylab toki kuchsizlanib yerga yiqilgunga qadar kezinaman, suv havzasi soyasida yoki dahliz o’ngirida yashirinarkanman, go’yoki meni qidirishayotgandek tutaman o’zimni, ba’zi bir tomlarning bo’g’otidan sakrab qonga ham botganman. Ba’zida o’zimni uxlayotganga solib, ko’zimni yumgancha chuqur-chuqur nafas olib yotaman (gohida haqiqatdan ham uxlab qolgan bo’laman, ko’zimni ochganimda esa kun boshqacha tus olgan bo’ladi).

Lekin ermaklar orasida men uchun eng qizig’i boshqa Asteriy bo’lib o’ynashdir. Men o’zimni go’yoki mehmonga kelgan Asteriyni kutib olayotgandek tutaman. Unga hurmat-e’tibor ko’rsatib: «Yur, avvalgi burchakka qaytaylik» yoki: «Endi boshqa hovliga o’tamiz» yo bo’lmasa: «Men ham bu piramon senga ma’qul bo’ladi, deb o’ylagandim», va yo: «Mana bu qum to’ldirilgan idish» yoki: «Hozir ko’rasan, yerosti yo’lagi qanday qilib ikkiga ajralishini», deyman. Ba’zida yanglishib ketaman va shunda ikkalamiz ham shodlanib, kulib yuboramiz.

Men nafaqat bunday o’yinlarni o’ylab topaman, shu bilan birga uy to’g’risida fikr ham yuritaman. Uyning ba’zi qismlari ko’p martalab o’z-o’zini takrorlaydi. Bir qismi ikkinchisining aynan o’zi. Suv havzasi, hovli, suvloq, oxur bittadan emas, o’n to’rttadan (cheksiz son) oxur, suvloq, hovli, suv havzasidan iborat. Bu uy dunyoga o’xshaydi, aniqrog’i, u dunyoning o’zi. Biroq chang bosgan kulrang tosh ayvonlar, suv havzali hovli-joylar jonimga tegsa, ko’chaga chiqib ketaman-da, Qo’sh oyboltali ibodatxonaga va dengizga qarayman. Bir kuni, tunda tushimda ko’rmagunimcha, o’n to’rtta dengiz va o’n to’rtta (benihoya son) ibodatxona mavjudligini xayolimga ham keltirmagan edim. Hamma narsa ko’p marta, o’n to’rt marta takrorlanadi, lekin olamda ikki narsa betakror: tepada tushunib bo’lmas Quyosh, pastda men – Asteriy. Bu yulduzlar, quyosh va bu haybatli uy men tomonimdan yasalgan bo’lishi mumkin, lekin men bunga shubha qilaman.

Har to’qqiz yilda uyda to’qqizta odam hozir bo’ladi, maqsad shuki, men ularni zulmdan ozod etishim kerak. Men ularning tosh ayvonlardan kelayotgan qadam tovushlarini eshitaman-da, quvonch bilan ularning huzuriga yuguraman. Butun marosim bor-yo’g’i bir necha daqiqaga cho’ziladi. Ular birin-ketin yerga qulaydilarki, men qonga bo’yalishga ham ulgurmay qolaman. Ular qaerda yiqilishgan bo’lsa, o’sha yerda qolishadi, jasadlari menga bu ayvondan narigisini farqlab olishimga yordam beradi. Ularning kimligi menga qorong’u, ammo ulardan biri o’layotib kunlardan bir kun mening ham xaloskorim kelishini bashorat etdi. O’shandan beri yolg’izlikni malol olmayman, bilamanki, qutqazuvchim bor va u qachondir chang bosgan ayvonga kirib keladi. Agar dunyodagi bor ovozlar qulog’imga eshitilib turganda ham ular orasidan xaloskorimning qadam tovushlarini farqlab olardim. Yaxshi bo’lardi agar u meni biror tomonga, eshiklari va ayvonlari kamroq joyga boshlab borsa. Xaloskorimning ko’rinishi qanday o’zi, o’z-o’zimdan so’rayman.

U ho’kiz qiyofasidami yoki odammi? Balki tanasi ho’kiz, boshi insonnikidir? Yoki men qanday bo’lsam, shundaydir?

***

Ertalabki quyosh nurlari bronza qilich tig’ida jilvalanardi. Endi unda qon izlari ko’rinmasdi.

–Ishonasanmi, Ariadna? – dedi Tesey. – Minotavr deyarli qarshilik ko’rsatmadi.

———————————

1) Asl nusxada – «o’n to’rt», lekin Asteriyning lafzidagi bu son «cheksizlik»ni anglatadi.

«ASTERIY UYI» GA IZOHLAR

Borxesning e’tiroficha, bu hikoyaning tug’ilishiga ingliz san’atkori J.F.Uotsning «Minotavr» nomli yirik asari turtki bo’lgan. (Bu to’g’rida Borxes «Djon Uilkinsning tahliliy tili» ertak-essesida xabar beradi).

Asteriy («Yulduzli») ho’kiz inson Minotavrning ismi bo’lib, u aslida malika Pasifaya bilan Poseydonning o’zidan yoki u yuborgan ho’kizdan tug’ilgan. Asteriy insonlar tortiq etgan qurbonliklarni qabul qilish uchun Dedal tomonidan Krit orolida qurilgan labirintga keladi. Shunday qilib Asteriyni o’ldirgan Tesey unga ota tomonidan uka, mahv etishda yordam bergan Ariadna esa Asteriyga ona tomondan singil edi.

Apollodor – yunon tarixchisi va filologi. Afsonaviy ma’lumotlar majmuasi bo’lgan «Kutubxona» uning qalamiga mansub hisoblanadi (Eradan avvalgi II asr).

…Misrdagi uyga monand… – fayum «labirinti», dunyodagi yetti mo»jizaning biri. Antik davr mualliflari (Gerodot, Pliniy va boshqalar) bu inshootni fir’avn Amenemxet III qurdirgan deb hisoblaydilar.

Poseydon – yunon mifologiyasiga ko’ra, dengiz xudosi (bizning izoh).

Manba: Ne’mat Arslon veb-sahifasi

011

(Tashriflar: umumiy 196, bugungi 1)

Izoh qoldiring