Nika Turbina. She’rlar & Kundalikdan yozuvlar. Umid Ali va Rafiq Saydullo tarjimalari

09i    Ника Турбинанинг номи мен мансуб авлод шоирларига яхши таниш. 4 ёшидан шеър ёза бошлаган, 7 ёшида таниқли ёзувчи Юлиан Семёновнинг назари тушиб, шеърлари марказий матбуотда эълон қилинган, 9 ёшида «Қоралама» номли илк шеърий тўплами Евгений Евтушенко сўзбошиси билан нашр этилган, юксак парвоз билан бошланган, кейинчалик эса мураккаб руҳий изтироблар  гирдобида қолиб ўз ҳаётига қасд қилган шоиранинг 27 йиллик ҳаёти ва ижоди ўз даврида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

02Хуршид Даврон
НИКА ТУРБИНА ҲАҚИДА
09

Ника Турбина (1974–2002) шахсияти мен мансуб авлод шоирларига яхши таниш. 4 ёшидан шеър ёза бошлаган, 7 ёшида таниқли ёзувчи Юлиан Семёновнинг назари тушиб, шеърлари марказий матбуотда эълон қилинган, 9 ёшида «Қоралама» номли илк шеърий тўплами Евгений Евтушенко сўзбошиси билан нашр этилган, юксак парвоз билан бошланган, кейинчалик эса мураккаб руҳий изтироблар, маълум маънода ижодий фожиалар гирдобида қолиб ўз ҳаётига қасд қилган шоиранинг 27 йиллик ҳаёти ва ижоди ўз даврида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Унинг илк китобидаги шеърлар табиати мурғак инсон дунёқарашларига мутлақо бегона эди, улар машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган, муҳаббат ва хиёнат азобларини бошидан кечирган, айрилиқ ва йўқотишлардан қийналган умрзоқ кишининг туйғуларидан иборат эди. Ҳар бир шеърда чорасиз одамнинг қичқириғи янграрди. Шеърлардаги тимсоллар ҳам шунга яраша қора ва изтиробли рангларда эди.

Улардаги қайғу нечоғли мафтункор бўлса, шунчалик саволлар уйғотарди, деб ёзганди ўша йиллари бир рус адабиётшуноси. Энг биринчи туғиладиган савол ҳукмдай янграрди:  Бундай шеърларни гўдак ёзиши мумкин эмас?!  Одамлар оғзидан  «Бу шеърларни Никанинг онаси, шоир Анатолий Никаноркиннинг қизи бўлмиш ва бир пайтлар ўзиям шеър машқ қилган Майя Турбина-Никаноркина  ёзган» деган миш-миш тушмасди.  Евтушенконинг сўзбошисида кўпчиликни қийнаган саволга берилган жавоб ҳам  кўпчиликни қониқтирмас эди:  «Унинг тилидан чиққан илк сатрларданоқ, бу шеърлар кимнингдир адабий ўйинлари меваси бўлиши мумкинлиги  ҳақидаги шубҳаларим барҳам топди. Фақат шоирларгина бу тарзда шеър ўқиши мумкин эди.  Унинг овозида ўзига хос, айтардимки, юракда етилиб пишган оҳанг бор эди».

Бугун ёш дўстим Умид Али сабаб  ёш ижодкорлар Ника Турбинани қайта кашф эта бошлаганига гувоҳ бўлиб турибман. Умид Али бир суҳбатда шундай деб ёзади: «Яқинда бир шоирани ўзимга кашф этдим. Афсуски, катта истеъдод соҳибаси бўлган бу шоира Ника Турбина 27 ёшида оламдан ўтган экан. Сизда тасаввур уйғотиш учун унинг қисқача таржимаи ҳолини айтиб берай. “Худо мени ёзишга буюряпти. Унинг кўнглимга солганларини сизга айтяпман”, дея тўрт ёшиданоқ шеър бита бошлаган қизалоққа ўз даврининг номдор шоири Евгений Евтушенконинг меҳри тушиб қолади. Уни вундеркинд деб атаб, ижодий давраларга, шеърхонлик кечаларига таклиф этади. Ника Турбинанинг ўн икки ёшида илк китоби “Қоралама” (“Черновик”) нашр этилиб, дарров ўндан зиёд тилларга таржима қилинади. У Венецияда ўтказилган “Коинот ва шоирлар” ижодий танловида бош совринни («Олтин шер» мукофотини. ХДК изоҳи) қўлга киритгач, яна ҳам обрўси ошади. Дарвоқе, бу кунгача бу халқаро мукофотга рус шоирларидан фақат Анна Ахматова муносиб кўрилган эди. Аммо шундан кейин Никанинг ҳаётида ҳам, ижодида ҳам мақташга арзигулик воқеалар рўй бермайди, аксинча бахтсизлик, омадсизлик гирдобида қолади. Бунга чидай олмаган ёш шоира ичкиликка муккасидан кетади, бебошликка берилади. Оқибат ўз ижодиёти билан адабий жамоатчиликни ҳайратда қолдирган, шеърсеварларга мўъжаз мўъжизалар ҳозирлаган Ника Турбина 27 ёшида жувонмарг кетади. Истеъдоднинг туғма эканлигига ишонаман, аммо уни тарбиялаш, доимий эътибор, назорат ҳам керак экан. Гоҳи катта истеъдод эгаларининг иродаси мўрт бўлармикан деган хаёлларга ҳам бораман…»

Умид Алининг айни шу фикрларидан келиб чиқиб, айрим мулоҳазаларимни айтиб ўтмоқчиман. Энг аввало,Умиднинг «Истеъдоднинг туғма эканлигига ишонаман, аммо уни тарбиялаш, доимий эътибор, назорат ҳам керак экан» деган фикрини тўлиқ қувватлайман. Адабиётимиз тарихи, хусусан, ХХ аср шеърияти тарихидаги жуда кўп ижодкорлар қисмати бу фикрнинг тўғрилигини исботлайди. Қолаверса, адабиёт иқлимида яна бир гап бор. Бу гап  мен севиб таржима қилган рус шоири Николай Заболоцкийнинг бир шеъридаги «Эрта сайраган булбул эрта сайрашдан тўхтар» деган сатрида мужассамдир. Ника Турбинанинг қисмати ҳақида гап кетганда мен ҳамиша мана шу сатрни эслайман.

Ника Турбина жуда эрта шуҳрат қозонди. Таъкидлаш лозимки, ҳақли шуҳрат қозонди. Аммо, ҳаётининг кейинги — ёшлик палласи ана шу шуҳрат гирдоби чангалида қолди. Евтушенко ёш шоирани Европа, Американинг турли мамлакатларига олиб бориб, кўз-кўз қилди. Аммо, Евтушенко кейинчалик Никани ташвиқ этишни батамом тўхтатди. Қолаверса, машҳур шоир бир умр Никага ғамхўрлик қилолмаслиги тайин гап:  унинг ўз ҳаёти, ўз ташвиши бор эди. Ника ҳам улғайиб қолган эди.  Аммо, мишмишга ўч кимсалар бунга ҳам сабаб топдилар. Эмишким, гап Никанинг онаси Майя экан. Тўғри, бу бағоят  дилбар аёлга Евтушенко бефарқ эмаслигини кўпчилик биларди. Аммо, Евтушенко Никанинг онаси яна бир машҳур шоир Андрей Вознесенский  билан яқин ишқий алоқада эканини билгач, аччиқланиб, бу оила билан алоқасини тамоман узган.  Андрей Вознесенскийнинг ўзи ҳам  Майя Турбина билан ишқий муносабатда бўлганини бир суҳбатда очиқ тан олгани маълум.

Евтушенкодан кейин ҳам  шуҳрати оламга ёйилган  Никанинг атрофида  фақат яхшилик тилаган мададкор инсонлар билан баб-баробар унинг шуҳратига шерик бўлишни истаган, уни фақат мақтовлар билан ўраган, шуҳратидан пул ишловчи кимсалар пайдо бўлди. «Уни 150 сўмга дам олиш уйларига шеър ўқишга олиб боришади,» деб афсусланганди Андрей Вознесенский. Болалик мавсумида фақат ижод туйғуси билан яшаган Ника катталар ҳаётидаги, жуда кўп  ижодкорлар ҳаётини зомин этган  манфур иллатлар: ичкилик, гиёҳвандлик балосидан ўзини асраёлмади. У ўзини бу бало чангалидан қутқаришга қанчалик уринмасин, нажот йўлини тополмади.  Болалигида фақат қалб таъсирида бўлган Ника улғайгач  шуҳрат истаган ақл ихтиёрида қолди. Унинг кейинги ижодида қалб шуури худди тунги чақмоқнинг оний ярақлашларидек пайдо бўлар, аммо ақл бу ярақлашларни чирмовуқдек ўраб олаверарди. Бу қониқмаслик, номи унутила бошланганига чидаёлмаслик охир-оқибат уни  жар ёқасига олиб келди: 27 ёшлик Ника билиб жонига қасд қилдими (чунки  олдин ҳам бир неча марта  жонига қасд қилгани маълум) ёки тасодифан бешинчи қаватдан ерга қулаб тушдими, бу ёлғиз Яратганга аён.

   «Никани шуҳрат ва реклама гирдобига тортиб шундай қийнашдики, 16-17 ёшида унинг аввалги табиий шууридан ҳеч нима қолмади», деб ёзади адабиётчи Евгений Бунимович. «Унинг тоза табиатини адабиётимиздаги муттаҳамлар бузишди. Ника ўз моҳиятини йўқотган фариштага айланди», деб айтади Андрей  Вознесенский.

  Ника Турбина қисмати бугунги ёш ижодкорларга қандай сабоқ бериши мумкин? Биринчи сабоқ.  Рауф Парфининг мана бу сатрларини унутманг: Мақтов кимга ёқмас, кўнглинг тўлдирар, Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар… Яна бир хулоса Никанинг 8 ёшида ёзган мана бу мулоҳазасида мужассам: «Шеър инсонга бир мўъжизадай келади, кейин эса уни ташлаб кетади… Аммо, ҳозирча мени ташлаб кетмаяпти. Ёзаётганимда мени, агар чин дилдан хоҳласа, инсон ҳамма нарсага қодир, деган туйғу чулғаб олади… Инсон умри қисқалигини унутмаслиги керак. Агар у умрини қадрига етса, умри узун бўлади, ҳатто ўлимидан кейин ҳам яшайди…» .

01Ника Турбина
КУНДАЛИКДАГИ ЁЗУВЛАРДАН
Умид Али таржимаси
09

Ҳаёт ўз тақдиримизни янада теранг англаш учун аломатлар кўрсатади. Афсуски, биз уларни илғамаймиз. Нодонлигимиз панд беради. Айни дам Коинотнинг нима дейиши, нимани намоён этишини ҳам истамаймиз. Аммо омадимиз юришмаганида ё муваффақиятсизликка учраганимизда ё пайдар-пай кўнгилсизликлару фалокатлар гирдобида қолганимизда “Бу – Тангрининг иши. У бизни қайсарлигимиз учун ҳам жазоляпти”, деймиз. Тангри ўз бандасини ҳеч қачон жазоламайди. Балки айбу хатоларимиз, гуноҳларимизнинг ўзи бизни жазо чоҳига итқитади.
Мен назарда тутган аломатлари, белгилар бу – тақдирнинг ўз соҳибу соҳибасига чалган огоҳлик бонгидир.

***

Кўнглингиздан бир сўраб кўрингчи: изтиробу дард қоришиқ фикрларни нима қилиш лозим? Уларни даволашнинг ҳожати йўқ, шунчаки тафаккур боғига қўйиб юбориб, эътибор ва муҳаббат билан иҳоталаш зарур. Кўрдингизми, бари қанчалар оддий. Бу билан сиз руҳингиз сокинлигини, хотиржамликни таъминлаган бўласиз. Муҳаббатингиз ҳақида ўйлайсиз. Ранжу аламлар бари кимсасизлик сари сингиб кетади.

***

Ҳаёт ўзимга кўп маротаба кўзгу кўрсатди. Мен ўз қиёфамга қараб ниманидир экиб, парваришлаб, ўстирганимни билдим. Нимани йиғиб олганимни эса вақт кўрсатади. Муҳими, ҳеч кимни алдамаганим, хиёнат қилмаганим. Бировларнинг дарду изтиробларига кўнглим бошпана бўлди. Беҳисоб хатолар қилдим. Бу худди тўппончанинг оғзини ўзимга, ўз кўксимга қадагандек туйилади менга. Бари аҳмоқона туш кўргандек ўтди кетди. Аммо ранжу ситам билан тугади. Ранжу ситамдан асоратлар қолди.

***
Янги сўзлар изламанг, аслида улар йўқ. Фақат кўҳна сўзларга янги нигоҳ билан разм солиш бор, холос.

***

Мен изтироб билангина тирикман. У мени тарк этган кун ўламан.

***

Кўзгу менга ҳақиқатни ошкор этади: ишлашга ишлаганману, машаққатни вақт чеккан.

***

Мен минглаб зумрашалар сингари бахтлиман.

***

Кун адоғига бориб, қўлларим ҳолдан тояди. Кўтариб юриш бирам оғирки… Яхшиям чўнтаклар бор!

***

Йиғилиб олиб “Бувимнинг кул ранг эчкиси бор эди” қўшиғини куйлашга тушамиз. Ижро мобайнида биз-ижрочилардан кимнинг эчки, кимнинг эса бўри экани аён бўлади. Қўшиқ айтишга тоби келмаётган кас бўри. Унинг қорни тўқ, шунинг учун ҳам куйламаяпти.

***

Тун изтиробларимизни янада кескир, тунд этиб, хавф жойлагач, қалбимиз қоврила бошлайди. Бу беомонликдан аранг қутуламиз.

***

Мен ўзимни лойдан қоргандим. Йиллар ўтиб тупроқ бўлиб тўкилдим.

***

Деворда илиғлиқ суратда ўтаб бўлинган йиллар…

***

Ҳаммага ишониб, бироқ ўзимга ишонмай ҳаёт кечиряпман. Алдамайсизми – шубҳалансам…

***

Дарахт тагига оҳиста чўкаман.
“Дам оляпсанми?”-сўрайди бир дўстим.
“Йўқ”, дейман мен унга,”дарахт билан сўзлашяпман”

***

Шляпамни қўлимга олган кўйи турибман. Оломон тўпланган.
“Бир вақтлар шеърлар ёзган қизалоқ Ника мана шуми?”-хе-хелаб кулади кимдир. Кимдир чекиб бўлган сигарета қолдиғини чеккага ирғитади.

***

Менинг шеърларим камолга етганича йўқ. Қалб куйлайди, ақл эса негадир жим. Қалб куйламасдан тура олмайди. У осмон, эзгулик ва изтироб тилида куйлайди. Шеърларим жимжимадорликдан холи. Барчаси аниқ ва равшан, худди осмону заминдек. Масалан, ёз – бу гуллар, қиш эса қор дегандай. Бироқ шеърларимда йиғи овози бор. Муҳаббат туфайли йиғлайди улар. Қизалоқлик пайтларим “кимгадир яхшилик қилишни истайман” дея аюҳаннос солардим. Мана улғайиб, ақлим тўлишгач ҳам шу истак ҳақида гапиряпман.

***

Мен юрагингизга яқин келдим, бироқ ҳали унга кира олмадим.

09Ника Турбина
ШЕЪРЛАР
Умид Али таржималари
09

Ушбу шеърий таржималар мукаммал эмас, гарчанд кишига аъло туйилгани билан ҳам оригинал шеърнинг руҳи, ҳарорати, оҳангнии бера олмайди. Аммо мен Ника билан танишгач, унинг изтиробларини гўёки ҳис қилдим. Мен Ника Турбина дарди билан яшадим, унинг руҳи ҳаётини ўз қалбимда кўрдим, тасаввур қилдим. Мутаассирликданми, унинг шеърларини таржима қилишга журъат топдим ўзимда. Демак кимнингдир ё ниманингдир таъсири одамни ҳамма вақт ҳам жодуламас экан, руҳ, журъат, муҳаббат бахш этар экан. Турбина шеърияти менга шу неъматларни берди.

09

***
Тунги фонусларга алданманг —
Мудроқ жойлаб кўзларингизга,
Қалбдан қувар бедорликни ҳам.
Вақт келар,
Сиз бедор турган дам,
Ўзи томон чорлар юлдузлар.
Тунги фонусларга алданманг-
Мудроқ жойлар кўзларингизга.

1981

ҚОРАЛАМА

Қораламадир менинг ҳаётим-
Ҳамма ҳарфлар айланиб буржга
Мен ҳали кечиб улгурмаган
маҳзун умрдан қилар башорат.
Қораламадир менинг ҳаётим-
Гўё ҳайқириқ
Ўз аксидан парчалангандек
Бўлакланган бахту иқболлар
Ёзиғлиқ.

МЕН КИМ?

Кимнинг нигоҳила кузатаяпман дунёни-
Дўст,
Жону жигар ,
дарахт,
қушнингми?
Дилдираб тушган бу баргдаги ёшни
Кимнинг лабларила ҳўплаяпман?
Кимнинг қўлларила қучоқлаяпман
Нотавон, мўртдан-мўрт дунёни?
Ўрмон, дала, ёмғир, бўрону туннинг
Овозини киймаганми овозим?
Мен кимман ахир, ким —
Табиат акс-садоси.
Акс-садодан
Ўзлигимни топа оламанми?

УХЛАТАСИЗ МЕНИ АЛЛАЛАБ

Иссиқ тўшагимга ётқизиб,
Ухлатасиз мени аллалаб.
Бир гўдакбоп қўшиқни айта
Ширин тушлар тилайсиз қайта.
Тонгда ёстиғимнинг тагида
Пайдо бўлар сиз қўйган офтоб —
Мен кунлари қўлдан қўймаган,
Ҳеч тўймаган бир гўзал сурат.
Энди бундай қила кўрманг ҳеч
Мен улғайдим.
Болалик кетди.
Болалик кетди…

ЁМҒИР. ТУН. СИНИҚ ДЕРАЗА

Ёмғир. Тун. Синиқ дераза.
Шамолга терс келган баргдек
Ҳаво узра учди шиша парчалари
Қолдириб жарангдор овоз.
Одатда
Шундай узилар инсон жони ҳам.

ЕВГЕНИЙ ЕВТУШЕНКОГА

Сиз халоскор йўлдош, мен кўздан қолган чол.
Йўлбошчи — сиз. Чиптасиз ҳам элтяпсиз мени.
Лекин бир саволга ҳеч тополмам жавоб:
Топталмаяптими дўстлар туроби.
Жимлик…
Сиз қалбдаги нидо. Мен – унутилган шеър.

1983

ЎЗ МАНЗИЛИН ТОПМОҚ ҚАСДИДА

Ўз манзилин топмоқ қасдида
Кеза-кеза чиқиб қолар кас
Ҳаёт-ўлим туташган жойдан.
Қани энди топа олсайдим
Ажал қувиб етолмас маскан.
Бироқ тонг отгандай ботар шом…
Шунинг-чун мен чиқдим отланиб
Қуёш ботмас томонни кўзлаб.

ЁТ ТИЛЛАРГА КЎЧГАН ШЕЪРЛАР

Ёт тилларга кўчган шеърлар бу –
Шум сўқирлар ҳолига менгзар.
Одатда
Учрамай деб бирор хатарга
Қилар ўзин ўзин ҳимоя —
Пайпаслана юрар сўқирлар.
Ёт тилларга кўчган шеърлар ҳам
Келмасидан бирор хавфга дуч
Керак ҳимоя.

ҚАРШИМДАГИ БУ ДЕРАЗАЛАР

Қаршимдаги бу деразалар –
Нақ овозсиз кино.
Ёлқин бору, бироқ
Таралмайди ҳеч.
Бир ойна ортидан гўдак ҳайқирар,
Бир ойнада яна қандайдир овоз,
Аммо мен томонга келмагай етиб.
Ойнадан нарида сон-саноқсиз кўз –
Чиптасизлар
Ўлтирар сукутга бериб дилдан роз.
Менинг деразамчи? Жарангдор!
Бироқ
Таратар борлиқа дард-алам куйин.

ВЕНЕЦИЯ

Кўприкларла қуршалган шаҳар-
Тош либосда бўлар намоён.
Маржон – оққа бўялган уйлар…
Пойидаги ороллар сонин,
Саноғига етиб бўлмас ҳеч.
Нега энди йиғлар бу аёл-
Тошдан кўйлак кийган
Венеция?

ОЛТИН БАЛИҚЧА

Тилла балиқчага бериб оғриқ, ғам –
Қайтариб бердик биз бор ҳадяларин.
Севги ҳам кўнгилга бўлолмагач жо
Ошёнига қайтди.
Айланди фалак.
Мана яна қирғоқ бўйида туриб,
Сўряпмиз ўтиниб, қайтишини
Муҳаббатнинг.

***

Қирмизи ой,
Қирмизи ой.
Тим қора
Деразамдан
Мўралаб қўй.
Қирмизи ой,
Хонам зим-зиё.
Зим-зиёдир уйлар,
Деворлари ҳам.
Бурчаклари ҳам.
Нетай?
Ҳатто
Ичим сим-сиёҳ.

***

Бармоқларим бир шуур билан
Тинглаётир ёмғирнинг куйин.
Куй таратиб тушган томчилар
Кафтгинамда йиғилиб охир
Айланадир улкан кўзёшга.
Йўқ куй эмас, бу аччиқ нола.
Осмон, наҳот йиғлаётирсан?!
Изн бер, мен ҳорган отимга
Элтай ва туёқларига
Сочай сенинг дардга даво.
Изн бер, осмон!

***
А.Н.

Гарчи сўзлашсам-да сен билан,
Бу сўзларда ҳис йўқ,
Йўқ ранг, тус.
Гарчи яшасакда бир уйда
Айро-айро дунёдамиз… афсус

ҚЎҒИРЧОҚ

Мен мисоли мажруҳ қўғирчоқ
Юраги суғуриб олиниб,
Қайта жойлаш ёдга келмаган
Ва кераксиз буюмдек
Чеккага
Ирғитилган, хўрланган.
Мен мисоли мажруҳ қўғирчоқ
Алданишга мойил, бечора,
Қулоғимга майин шивирлаб,
Ухлашга чорланган:
“Ухла, жоним, ухлагин,
Ором ол, бир пас.
Уйғониб, кўз очганингда
Яна сенга бўлар эл
Бор яқинларинг,
Яна қувнаб-эркалатамиз,
Ура бошлар шунда юрагинг…”
Кутишдан ҳам борми оғир мусибат?

1983

05Ника Турбина
ШЕЪРЛАР
Рафиқ Сайдулло таржималари
09

АЛЛА АЙТИНГ…

Алла айтинг менга, тебратинг,
Кўрпа билан ўранг қалинроқ,
Алла билан алданг мени сиз;
Осмонида қуёш порлаган
Тушларим суратин тонг чоғи
Ёстиғим остига беркитинг;
Кутманг асло, кутманг сиз бироқ…
Кетди мендан болалик йироқ.

ОНАМГА

Ёлғизлик онларида
Осмон бағрида жон талашган қушдек,
Етишмайди менга сенинг борлигинг,
Лабларинг ташвишли титроғи етмас,
Кулгуларинг етмас кўзларингдаги-
Улар кўз ёш тўкар менга термулиб…
Она, нечун дунё- оғриқ сим-сиёҳ?
Балки, сен ягона бўлганинг учун?

ҚОЯ
В.Луговскийга

Денгиз тўлқинланар, денгиз шовуллар;
О, Сенинг юрагинг туғилди, шоир,
Денгиз кўпигида, шамс ёғдусида!
…Бироқ вақт ўткинчи, ўлди шоир.
Юраккинанг сенинг денгизда оқар,
Лек бунда бир қоя- кўкка бўй чўзган.
«Қолдир юрагингни харсанглар аро!»,-
Шамол саси ила сўрайди сендан.
…Одамлар кетмоқда қоя томонга,
Қуёш ҳам ошиқар қояга томон.
-Сен денгиз фарзанди- юрак урмоқда.
-Яшайман мен, мангу! Тирикман ҳамон.

ҚЎҒИРЧОҚ

Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Кўксида бўш қолган бир юракка жой
Ва кераксиз бир матоҳдек
Ним қоронғу бурчакка ташлаб қўйилган.
Мен бир синиқ қўғирчоқ каби…
Бир сафар, тонг чоғи уйқу оҳиста
Қулоғимга шивирлаб айтди:
«Ухла, миттигинам, кўзларингни юм.
Йиллар учиб ўтар- уйғонганингда
Ниҳоят одамлар истаб қолишар
Сени қўлга олишни,
Аллалаб, шунчаки, ўйин қилишни.
Шунда ура бошлар сенинг юрагинг.»
Фақат, қўрқинчлидир кутиш онлари…

БУВИМГА

Оғриқларинг олайин мен.
Бир даста гул териб, сўнг
Уддасидан чиққанимча
Ёзайин бир-икки сўз,
Тонготар пайт ҳақда- мовий,
Булбуллар ҳақда кўкламги,
Оғриқларинг олайин мен…
Фақат, бир ўй кўп қийнайди:
Ним қоронғу уй тўрида
Юрак зорланар недан?
Деворлардан пойгаккача
Бор йўллар парчаланган.
Даста гуллар сўлиб борар
Жон берар аста-секин…
Оғриқларинг олайин мен,
Кўнглинг ёзилармикин?

***

Тунгги чироқларга кўз тикманг:
Уйқу ботар кўзларингизга.
Ҳасрат чекманг,
Кун келар-
Офат, ҳасрат нари кетиб,
Юлдузлар ўзига чорлаган бир кун.
Тунгги чироқларга кўз тикманг:
Уйқу ботар кўзларингизга.

***

Дўстларимни излайман,
Ғойиб бўлишди бирдан.
Мен сўзларни излайман-
Кетди дўстлари билан.
Кунларни излайман, лек
Қочиб қолишди нари.
Улар ортимда, мендан
Йироқлар борган сари!

***

Кўнглим менинг- ниҳоним,
Маконинг қайда?
Бежирим уйчанг сенинг
Шинамдир- сара?
Шаҳарлар кезасан,
Кезасан якка.
Кўнглим менинг- ниҳоним,
Пинҳонсан нега?

ОВОЗ

Хиёбон бўйлаб
Сенинг жарангдор,
Биллур шарсимон
Овозинг учди.
Томлар оша ўтди,
Япроқлар оша,
Кузги шитирлар
Навосин тутди.
Беҳос тин олди
Ўша ўриндиқ
Ва синиқ фонус
Қаршисида у
Ва ўтли кулиб
Қараган пайтда
Синиқ фонус ҳам
Нур сочди қайта.

***

Ухла, менинг укажоним,
Аллалар айтай.
Оқ тўшагинг бўлсин сенинг
Кенг қорли дала.
Ёстиғинг остидаги
Дарёлар тошқини-
Нурли йўлинг бўлсин
Ва мен ғамларинг олай.
Ухла сен,
Мен эса гуллар экайин, укажон,
Болалик тушларингни
Фақат уларга ишон.

***

Кунлар узун тун қадар, жала қуйган пайт
Кўзлар кўролмаса бир томчи ёмғирни.
Бироқ эшик бўсағасида,
Зимистон тун деворларга етолмай юриб,
Кундуз чақиримлар олисдаги бир
Эшикка тойиниб кетган қўллардек
Татиб кўрар ёмғирларни лаблари билан…

***

А.Н.

Биз- иккимиз
Бошқа-бошқа тилда сўзлаймиз.
Ҳарфлар ўша-ўша,
Бироқ сўзлар турлича.
Биз сен билан бир хонада-
Бир хонанинг
Икки айро оролида яшаймиз.

ШУВОҚ ЎТИ

Мен- шувоқ ўти.
Лабларимда талх,
Сўзларимда талх,
Мен- шувоқ ўти.
Дашт узра шамол
Ғувиллаб чунон
Нозик поямни
Синдирди ёмон.
Оғриқдан дув-дув
Ёшим тўкилди,
Ерга кўмилди…
Мен- шувоқ ўти.

ЯРАДОР ҚУШ

Шафқат қилинг, қўйиб юборинг.
Эзғиламанг синиқ қанотларимни,
Учолмайман мен ортиқ.
Овозим чилпарчин бўлди оғриқдан,
Оғриққа айланди менинг овозим.
Чинқирмайман мен ортиқ.
Ташлаб кетманг, ошиқманг бироз!
Куз…
Қушлар учар жануб томон жим,
Юрагимни қуршайди қўрқув.
Ёлғизликнинг дўстидир ўлим.

077Умид Али
НИКА ТУРБИНАГА МАКТУБ
045

Ассалому алайкум, Ника Турбина! Мени сизга мактуб йўллашга ундаган нарса эҳтимол ҳайратдир! Эҳтимол мўъжизадир! Эҳтимол кўнгилдир! Гарчи ҳайрат ҳам, мўъжиза ҳам биргина кўнгилнинг ўзида, қуёши ботмас, осмони мусаффо, замини хушбўй гуллару ям-яшил ўт-майсаларга бурканган, сарҳадию соҳиллари йўқ, на жиловлаш, на бир изнга солиш мушкул бўлган бир ложувард хилқатда рўй берса-да, ҳайратни алоҳида, мўъжизани алоҳида атагим келди. Туриб-туриб, яна ўз фикрларимга ўзим қарши бораман. Ахир ҳайрат ҳам, мўъжиза ҳам чақиндек ярқ этиб, сўнг қалбимизга кириб келмайдими? Ҳайратни ҳам, мўъжизани ҳам кимдир ё нимадир кўз ўнгимизда содир этиб, худди яқинимиз ўзимизга гул узатгандек кўзларимиз томон югуртирмайдими? Кўзлар деразасидан сизиб, ичкарига — кўнгил дунёмизга инган бу мунавварликлар, қувноқликлар, гўзалликлар бутун вужуду руҳимизни яйратиб, жону жисмимиздаги бор изтироб, дарду чарчоқни сирқитмайдими?

Мен шуни англаб етяпман, Ника! Ҳайрату мўъжизани ўзимиз ҳам, ёнимиздаги яқинимиз, танишу нотанишлар ҳам уйғотиши мумкин. Бунинг учун кўнгли бедор инсонда имкониятлар бор, беҳисоб. Аммо мен ҳозир фақат сиз қолдирган ҳайратлар, мўъжизалар ва кўнглингиз ҳақида сўз қораламоқчиман.

Ника, айбга буюрмайсиз, негадир сизни сенлашга тилим бормаяпти. Бундан ранжиманг, биз ўзбеклар шарқона тарбия удумида улғайганмиз, оилавий муҳитдаги тарбия ҳам шу қадриятни, ўзбекларга хос муомала маданиятини тақозо этган. Биз ўзимиздан неча ёш улуғ инсонларга “сиз” деб мурожаат қилганимиз каби ўзимиздан неча ёш кичик одамлар, ҳатто болакайларни ҳам сизлашга ўргангамиз. Ранжиманг, Ника! Биламан, бир мухбир билан суҳбатлашаётиб, мени бемалол “сенлайверинг, ахир қариб қуюлган кампир эмасманку” дея ёзғиргандингиз. Бундан сездимки, сиз ҳар бир одамни ҳам ўз яқинингиз каби яқин олиб кетавергансиз, ўзингизни доим гўдакдек ҳис қилгансиз.

Ника, ўзи мени ҳайратлантирган шеърларингиз, менга нақ мўъжизадек туйилган ашъорларингиз ҳақида ёзмоқчи эдим. Ҳайратимнинг ибтидоси – сизнинг тўрт ёшдан бошлаб, шеър қоралай бошлаганингиз. Даставвал ўжарлигим тутди. Ишонч ҳиссига эрк бермадим. Бу фавқулодда ҳодисага дабдурустдан ишониш аҳмоқлик, нодонлик бўлиб туйилди. Ахир ақли бутун, фикр қозони қайнаб турадиган “мияли” ҳар қандай одам ҳам бу чўпчакка ишонмайди-да. Қани бировга тўрт ёшли қиз одамни эсанкиратадиган шеър ёзибди, деб кўринг-чи, ундан қандай жавоб олар экансиз. Ҳеч вақт, ҳечдан ҳеч “қойил!” деб юбормаса керак. Гарчи “Қоралама” (Черновик”) тўпламингиздаги Сўз ҳосилалари бир бутун, такрорланмас истеъдодни, ҳар бир сўз заргари ҳам ёза олиши мушкул бўлган шеърлар эканига шоҳидлик берса-да, мен бир қизалоқнинг ҳали ҳарф танимай, сўзга дўст тутинмай туриб адабиётга даъволик қилиши, ўзини катта шоирлардек тутиши менга эриш туюлди. Мен сизга ижод йўлида йўлбошчи бўлган улуғ рус шоири Евгений Евтушенкони ҳам ёмон кўриб қолдим. Наздимда, сиз чала, маромига келмаган, хом-хатала шеърлар ёзгансизу, шоир уларни таҳрир этиб, тартибга киритгандек эди. Аммо кейин сиз шеър ўқиган аудиоёзувларни тинглаб, шубҳа-гумонларим асоссиз эканини, мен янглишаётганимни англаб етдим. Чунки аудиоёзувда сиз шундай берилиб, ўзингизни-да унутар даражада шеър ўқигансизки, мен фақат туғма шоира шундай ишончла, умидла, журъатла шеър айтиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдим. Шунда шоиру шеъру шуурлик илоҳий эканига, бу олий маънавий неъмат Яратганнинг ўзи танлаган бандаларига икром этишига яна бир карра имон келтирдим.

Ника, сизнинг шеърларингиз мени гангитди, ҳаяжонлантирди. Айни сизнинг шеърларингизга рўпара келгач, мен ҳайрат кўзгуси билан тўқнашдим. Бу мўъжизавий кўзгу мавжлана-мавжлана мени ўз дунёсига тортиб кетди. Мен Ника Турбина деб номланмиш бир тоза, аммо зоҳиру ботини ғамга чулғанган дунё узра парвоз қилдим. Қизиқ, ғусса ҳам одамни парвозга ундаши мумкин экан. Изтироб ҳам қанот бериши мумкин экан. Эҳтимол ана шу дарду изтироблар берган қанот туфайли парвоз қилгандирсиз. Кўк узра учгандирсиз. Юрагим сиз кечирган, ҳис этган сўнгсиз аччиқ аламу азобларга лиммо-лим бўлдию, бироқ айни шу тиғли изтироблар, оғриқлар ҳавосила ўзимни бедор ҳис қилаётгандим ва шуни англадимки, бу дарду аламлар кўнгилга нафақат қанот бахш этаркан, бошпана, либос ҳам экан. Кўнгил ўзи чеккан изтироблар ҳавосидан симириб, жон сақларкан. Кўнгилга изтиробгина сув ҳаво экан.

Ника, мен сизга яна мактуб йўллаш ваъдасини бериб, илк номага нуқта қўяётирман.

055

Xurshid Davron
NIKA TURBINA HAQIDA
09

02  Nika Turbina (1974–2002) shaxsiyati men mansub avlod shoirlariga yaxshi tanish. 4 yoshidan she’r yoza boshlagan, 7 yoshida taniqli yozuvchi Yulian Semyonovning nazari tushib, she’rlari markaziy matbuotda e’lon qilingan, 9 yoshida «Qoralama» nomli ilk she’riy to’plami Yevgeniy Yevtushenko so’zboshisi bilan nashr etilgan, yuksak parvoz bilan boshlangan, keyinchalik esa murakkab ruhiy iztiroblar, ma’lum ma’noda ijodiy fojialar girdobida qolib o’z hayotiga qasd qilgan shoiraning 27 yillik hayoti va ijodi o’z davrida katta shov-shuvlarga sabab bo’lgan edi.

Uning ilk kitobidagi she’rlar tabiati murg’ak inson dunyoqarashlariga mutlaqo begona edi, ular mashaqqatli hayot yo’lini bosib o’tgan, muhabbat va xiyonat azoblarini boshidan kechirgan, ayriliq va yo’qotishlardan qiynalgan umrzoq kishining tuyg’ularidan iborat edi. Har bir she’rda chorasiz odamning qichqirig’i yangrardi. She’rlardagi timsollar ham shunga yarasha qora va iztirobli ranglarda edi.

Ulardagi qayg’u nechog’li maftunkor bo’lsa, shunchalik savollar uyg’otardi, deb yozgandi o’sha yillari bir rus adabiyotshunosi. Eng birinchi tug’iladigan savol hukmday yangrardi: Bunday she’rlarni go’dak yozishi mumkin emas?! Odamlar og’zidan «Bu she’rlarni Nikaning onasi, shoir Anatoliy Nikanorkinning qizi bo’lmish va bir paytlar o’ziyam she’r mashq qilgan Mayya Turbina-Nikanorkina yozgan» degan mish-mish tushmasdi. Yevtushenkoning so’zboshisida ko’pchilikni qiynagan savolga berilgan javob ham ko’pchilikni qoniqtirmas edi: «Uning tilidan chiqqan ilk satrlardanoq, bu she’rlar kimningdir adabiy o’yinlari mevasi bo’lishi mumkinligi haqidagi shubhalarim barham topdi. Faqat shoirlargina bu tarzda she’r o’qishi mumkin edi. Uning ovozida o’ziga xos, aytardimki, yurakda yetilib pishgan ohang bor edi».

Bugun yosh do’stim Umid Ali sabab yosh ijodkorlar Nika Turbinani qayta kashf eta boshlaganiga guvoh bo’lib turibman. Umid Ali bir suhbatda shunday deb yozadi: «Yaqinda bir shoirani o’zimga kashf etdim. Afsuski, katta iste’dod sohibasi bo’lgan bu shoira Nika Turbina 27 yoshida olamdan o’tgan ekan. Sizda tasavvur uyg’otish uchun uning qisqacha tarjimai holini aytib beray. “Xudo meni yozishga buyuryapti. Uning ko’nglimga solganlarini sizga aytyapman”, deya to’rt yoshidanoq she’r bita boshlagan qizaloqqa o’z davrining nomdor shoiri Yevgeniy Yevtushenkoning mehri tushib qoladi. Uni vunderkind deb atab, ijodiy davralarga, she’rxonlik kechalariga taklif etadi. Nika Turbinaning o’n ikki yoshida ilk kitobi “Qoralama” (“Chernovik”) nashr etilib, darrov o’ndan ziyod tillarga tarjima qilinadi. U Venetsiyada o’tkazilgan “Koinot va shoirlar” ijodiy tanlovida bosh sovrinni («Oltin sher» mukofotini. XDK izohi) qo’lga kiritgach, yana ham obro’si oshadi. Darvoqe, bu kungacha bu xalqaro mukofotga rus shoirlaridan faqat Anna Axmatova munosib ko’rilgan edi. Ammo shundan keyin Nikaning hayotida ham, ijodida ham maqtashga arzigulik voqealar ro’y bermaydi, aksincha baxtsizlik, omadsizlik girdobida qoladi. Bunga chiday olmagan yosh shoira ichkilikka mukkasidan ketadi, beboshlikka beriladi. Oqibat o’z ijodiyoti bilan adabiy jamoatchilikni hayratda qoldirgan, she’rsevarlarga mo»jaz mo»jizalar hozirlagan Nika Turbina 27 yoshida juvonmarg ketadi. Iste’dodning tug’ma ekanligiga ishonaman, ammo uni tarbiyalash, doimiy e’tibor, nazorat ham kerak ekan. Gohi katta iste’dod egalarining irodasi mo’rt bo’larmikan degan xayollarga ham boraman…»

Umid Alining ayni shu fikrlaridan kelib chiqib, ayrim mulohazalarimni aytib o’tmoqchiman. Eng avvalo,Umidning «Iste’dodning tug’ma ekanligiga ishonaman, ammo uni tarbiyalash, doimiy e’tibor, nazorat ham kerak ekan» degan fikrini to’liq quvvatlayman. Adabiyotimiz tarixi, xususan, XX asr she’riyati tarixidagi juda ko’p ijodkorlar qismati bu fikrning to’g’riligini isbotlaydi. Qolaversa, adabiyot iqlimida yana bir gap bor. Bu gap men sevib tarjima qilgan rus shoiri Nikolay Zabolotskiyning bir she’ridagi «Erta sayragan bulbul erta sayrashdan to’xtar» degan satrida mujassamdir. Nika Turbinaning qismati haqida gap ketganda men hamisha mana shu satrni eslayman.

Nika Turbina juda erta shuhrat qozondi. Ta’kidlash lozimki, haqli shuhrat qozondi. Ammo, hayotining keyingi — yoshlik pallasi ana shu shuhrat girdobi changalida qoldi. Yevtushenko yosh shoirani Yevropa, Amerikaning turli mamlakatlariga olib borib, ko’z-ko’z qildi. Ammo, Yevtushenko keyinchalik Nikani tashviq etishni batamom to’xtatdi. Qolaversa, mashhur shoir bir umr Nikaga g’amxo’rlik qilolmasligi tayin gap: uning o’z hayoti, o’z tashvishi bor edi. Nika ham ulg’ayib qolgan edi. Ammo, mishmishga o’ch kimsalar bunga ham sabab topdilar. Emishkim, gap Nikaning onasi Mayya ekan. To’g’ri, bu bag’oyat dilbar ayolga Yevtushenko befarq emasligini ko’pchilik bilardi. Ammo, Yevtushenko Nikaning onasi yana bir mashhur shoir Andrey Voznesenskiy bilan yaqin ishqiy aloqada ekanini bilgach, achchiqlanib, bu oila bilan aloqasini tamoman uzgan. Andrey Voznesenskiyning o’zi ham Mayya Turbina bilan ishqiy munosabatda bo’lganini bir suhbatda ochiq tan olgani ma’lum.

Yevtushenkodan keyin ham shuhrati olamga yoyilgan Nikaning atrofida faqat yaxshilik tilagan madadkor insonlar bilan bab-barobar uning shuhratiga sherik bo’lishni istagan, uni faqat maqtovlar bilan o’ragan, shuhratidan pul ishlovchi kimsalar paydo bo’ldi. «Uni 150 so’mga dam olish uylariga she’r o’qishga olib borishadi,» deb afsuslangandi Andrey Voznesenskiy. Bolalik mavsumida faqat ijod tuyg’usi bilan yashagan Nika kattalar hayotidagi, juda ko’p ijodkorlar hayotini zomin etgan manfur illatlar: ichkilik, giyohvandlik balosidan o’zini asrayolmadi. U o’zini bu balo changalidan qutqarishga qanchalik urinmasin, najot yo’lini topolmadi. Bolaligida faqat qalb ta’sirida bo’lgan Nika ulg’aygach shuhrat istagan aql ixtiyorida qoldi. Uning keyingi ijodida qalb shuuri xuddi tungi chaqmoqning oniy yaraqlashlaridek paydo bo’lar, ammo aql bu yaraqlashlarni chirmovuqdek o’rab olaverardi. Bu qoniqmaslik, nomi unutila boshlanganiga chidayolmaslik oxir-oqibat uni jar yoqasiga olib keldi: 27 yoshlik Nika bilib joniga qasd qildimi (chunki oldin ham bir necha marta joniga qasd qilgani ma’lum) yoki tasodifan beshinchi qavatdan yerga qulab tushdimi, bu yolg’iz Yaratganga ayon.

«Nikani shuhrat va reklama girdobiga tortib shunday qiynashdiki, 16-17 yoshida uning avvalgi tabiiy shuuridan hech nima qolmadi», deb yozadi adabiyotchi Yevgeniy Bunimovich. «Uning toza tabiatini adabiyotimizdagi muttahamlar buzishdi. Nika o’z mohiyatini yo’qotgan farishtaga aylandi», deb aytadi Andrey Voznesenskiy.

Nika Turbina qismati bugungi yosh ijodkorlarga qanday saboq berishi mumkin? Birinchi saboq. Rauf Parfining mana bu satrlarini unutmang: Maqtov kimga yoqmas, ko’ngling to’ldirar, Maqtov – shirin og’u, shirin o’ldirar… Yana bir xulosa Nikaning 8 yoshida yozgan mana bu mulohazasida mujassam: «She’r insonga bir mo»jizaday keladi, keyin esa uni tashlab ketadi… Ammo, hozircha meni tashlab ketmayapti. Yozayotganimda meni, agar chin dildan xohlasa, inson hamma narsaga qodir, degan tuyg’u chulg’ab oladi… Inson umri qisqaligini unutmasligi kerak. Agar u umrini qadriga yetsa, umri uzun bo’ladi, hatto o’limidan keyin ham yashaydi…» .

01Nika Turbina
KUNDALIKDAGI YOZUVLARDAN
Umid Ali tarjimasi
09

Hayot o’z taqdirimizni yanada terang anglash uchun alomatlar ko’rsatadi. Afsuski, biz ularni ilg’amaymiz. Nodonligimiz pand beradi. Ayni dam Koinotning nima deyishi, nimani namoyon etishini ham istamaymiz. Ammo omadimiz yurishmaganida yo muvaffaqiyatsizlikka uchraganimizda yo paydar-pay ko’ngilsizliklaru falokatlar girdobida qolganimizda “Bu – Tangrining ishi. U bizni qaysarligimiz uchun ham jazolyapti”, deymiz. Tangri o’z bandasini hech qachon jazolamaydi. Balki aybu xatolarimiz, gunohlarimizning o’zi bizni jazo chohiga itqitadi.
Men nazarda tutgan alomatlari, belgilar bu – taqdirning o’z sohibu sohibasiga chalgan ogohlik bongidir.

***

Ko’nglingizdan bir so’rab ko’ringchi: iztirobu dard qorishiq fikrlarni nima qilish lozim? Ularni davolashning hojati yo’q, shunchaki tafakkur bog’iga qo’yib yuborib, e’tibor va muhabbat bilan ihotalash zarur. Ko’rdingizmi, bari qanchalar oddiy. Bu bilan siz ruhingiz sokinligini, xotirjamlikni ta’minlagan bo’lasiz. Muhabbatingiz haqida o’ylaysiz. Ranju alamlar bari kimsasizlik sari singib ketadi.

***

Hayot o’zimga ko’p marotaba ko’zgu ko’rsatdi. Men o’z qiyofamga qarab nimanidir ekib, parvarishlab, o’stirganimni bildim. Nimani yig’ib olganimni esa vaqt ko’rsatadi. Muhimi, hech kimni aldamaganim, xiyonat qilmaganim. Birovlarning dardu iztiroblariga ko’nglim boshpana bo’ldi. Behisob xatolar qildim. Bu xuddi to’pponchaning og’zini o’zimga, o’z ko’ksimga qadagandek tuyiladi menga. Bari ahmoqona tush ko’rgandek o’tdi ketdi. Ammo ranju sitam bilan tugadi. Ranju sitamdan asoratlar qoldi.

***
Yangi so’zlar izlamang, aslida ular yo’q. Faqat ko’hna so’zlarga yangi nigoh bilan razm solish bor, xolos.

***

Men iztirob bilangina tirikman. U meni tark etgan kun o’laman.

***

Ko’zgu menga haqiqatni oshkor etadi: ishlashga ishlaganmanu, mashaqqatni vaqt chekkan.

***

Men minglab zumrashalar singari baxtliman.

***

Kun adog’iga borib, qo’llarim holdan toyadi. Ko’tarib yurish biram og’irki… Yaxshiyam cho’ntaklar bor!

***

Yig’ilib olib “Buvimning kul rang echkisi bor edi” qo’shig’ini kuylashga tushamiz. Ijro mobaynida biz-ijrochilardan kimning echki, kimning esa bo’ri ekani ayon bo’ladi. Qo’shiq aytishga tobi kelmayotgan kas bo’ri. Uning qorni to’q, shuning uchun ham kuylamayapti.

***

Tun iztiroblarimizni yanada keskir, tund etib, xavf joylagach, qalbimiz qovrila boshlaydi. Bu beomonlikdan arang qutulamiz.

***

Men o’zimni loydan qorgandim. Yillar o’tib tuproq bo’lib to’kildim.

***

Devorda ilig’liq suratda o’tab bo’lingan yillar…

***

Hammaga ishonib, biroq o’zimga ishonmay hayot kechiryapman. Aldamaysizmi – shubhalansam…

***

Daraxt tagiga ohista cho’kaman.
“Dam olyapsanmi?”-so’raydi bir do’stim.
“Yo’q”, deyman men unga,”daraxt bilan so’zlashyapman”

***

Shlyapamni qo’limga olgan ko’yi turibman. Olomon to’plangan.
“Bir vaqtlar she’rlar yozgan qizaloq Nika mana shumi?”-xe-xelab kuladi kimdir. Kimdir chekib bo’lgan sigareta qoldig’ini chekkaga irg’itadi.

***

Mening she’rlarim kamolga yetganicha yo’q. Qalb kuylaydi, aql esa negadir jim. Qalb kuylamasdan tura olmaydi. U osmon, ezgulik va iztirob tilida kuylaydi. She’rlarim jimjimadorlikdan xoli. Barchasi aniq va ravshan, xuddi osmonu zamindek. Masalan, yoz – bu gullar, qish esa qor deganday. Biroq she’rlarimda yig’i ovozi bor. Muhabbat tufayli yig’laydi ular. Qizaloqlik paytlarim “kimgadir yaxshilik qilishni istayman” deya ayuhannos solardim. Mana ulg’ayib, aqlim to’lishgach ham shu istak haqida gapiryapman.

***

Men yuragingizga yaqin keldim, biroq hali unga kira olmadim.

09Nika Turbina
SHE’RLAR
Umid Ali tarjimalari
09

Ushbu she’riy tarjimalar mukammal emas, garchand kishiga a’lo tuyilgani bilan ham original she’rning ruhi, harorati, ohangnii bera olmaydi. Ammo men Nika bilan tanishgach, uning iztiroblarini go’yoki his qildim. Men Nika Turbina dardi bilan yashadim, uning ruhi hayotini o’z qalbimda ko’rdim, tasavvur qildim. Mutaassirlikdanmi, uning she’rlarini tarjima qilishga jur’at topdim o’zimda. Demak kimningdir yo nimaningdir ta’siri odamni hamma vaqt ham jodulamas ekan, ruh, jur’at, muhabbat baxsh etar ekan. Turbina she’riyati menga shu ne’matlarni berdi.

09

***
Tungi fonuslarga aldanmang —
Mudroq joylab ko’zlaringizga,
Qalbdan quvar bedorlikni ham.
Vaqt kelar,
Siz bedor turgan dam,
O’zi tomon chorlar yulduzlar.
Tungi fonuslarga aldanmang-
Mudroq joylar ko’zlaringizga.

1981

QORALAMA

Qoralamadir mening hayotim-
Hamma harflar aylanib burjga
Men hali kechib ulgurmagan
mahzun umrdan qilar bashorat.
Qoralamadir mening hayotim-
Go’yo hayqiriq
O’z aksidan parchalangandek
Bo’laklangan baxtu iqbollar
Yozig’liq.

MEN KIM?

Kimning nigohila kuzatayapman dunyoni-
Do’st,
Jonu jigar ,
daraxt,
qushningmi?
Dildirab tushgan bu bargdagi yoshni
Kimning lablarila ho’playapman?
Kimning qo’llarila quchoqlayapman
Notavon, mo’rtdan-mo’rt dunyoni?
O’rmon, dala, yomg’ir, bo’ronu tunning
Ovozini kiymaganmi ovozim?
Men kimman axir, kim —
Tabiat aks-sadosi.
Aks-sadodan
O’zligimni topa olamanmi?

UXLATASIZ MENI ALLALAB

Issiq to’shagimga yotqizib,
Uxlatasiz meni allalab.
Bir go’dakbop qo’shiqni ayta
Shirin tushlar tilaysiz qayta.
Tongda yostig’imning tagida
Paydo bo’lar siz qo’ygan oftob —
Men kunlari qo’ldan qo’ymagan,
Hech to’ymagan bir go’zal surat.
Endi bunday qila ko’rmang hech
Men ulg’aydim.
Bolalik ketdi.
Bolalik ketdi…

YOMG’IR. TUN. SINIQ DERAZA

Yomg’ir. Tun. Siniq deraza.
Shamolga ters kelgan bargdek
Havo uzra uchdi shisha parchalari
Qoldirib jarangdor ovoz.
Odatda
Shunday uzilar inson joni ham.

YEVGENIY YEVTUSHENKOGA

Siz xaloskor yo’ldosh, men ko’zdan qolgan chol.
Yo’lboshchi — siz. Chiptasiz ham eltyapsiz meni.
Lekin bir savolga hech topolmam javob:
Toptalmayaptimi do’stlar turobi.
Jimlik…
Siz qalbdagi nido. Men – unutilgan she’r.

1983

O’Z MANZILIN TOPMOQ QASDIDA

O’z manzilin topmoq qasdida
Keza-keza chiqib qolar kas
Hayot-o’lim tutashgan joydan.
Qani endi topa olsaydim
Ajal quvib yetolmas maskan.
Biroq tong otganday botar shom…
Shuning-chun men chiqdim otlanib
Quyosh botmas tomonni ko’zlab.

YOT TILLARGA KO’CHGAN SHE’RLAR

Yot tillarga ko’chgan she’rlar bu –
Shum so’qirlar holiga mengzar.
Odatda
Uchramay deb biror xatarga
Qilar o’zin o’zin himoya —
Paypaslana yurar so’qirlar.
Yot tillarga ko’chgan she’rlar ham
Kelmasidan biror xavfga duch
Kerak himoya.

QARSHIMDAGI BU DERAZALAR

Qarshimdagi bu derazalar –
Naq ovozsiz kino.
Yolqin boru, biroq
Taralmaydi hech.
Bir oyna ortidan go’dak hayqirar,
Bir oynada yana qandaydir ovoz,
Ammo men tomonga kelmagay yetib.
Oynadan narida son-sanoqsiz ko’z –
Chiptasizlar
O’ltirar sukutga berib dildan roz.
Mening derazamchi? Jarangdor!
Biroq
Taratar borliqa dard-alam kuyin.

VENETSIYA

Ko’priklarla qurshalgan shahar-
Tosh libosda bo’lar namoyon.
Marjon – oqqa bo’yalgan uylar…
Poyidagi orollar sonin,
Sanog’iga yetib bo’lmas hech.
Nega endi yig’lar bu ayol-
Toshdan ko’ylak kiygan
Venetsiya?

OLTIN BALIQCHA

Tilla baliqchaga berib og’riq, g’am –
Qaytarib berdik biz bor hadyalarin.
Sevgi ham ko’ngilga bo’lolmagach jo
Oshyoniga qaytdi.
Aylandi falak.
Mana yana qirg’oq bo’yida turib,
So’ryapmiz o’tinib, qaytishini
Muhabbatning.

***

Qirmizi oy,
Qirmizi oy.
Tim qora
Derazamdan
Mo’ralab qo’y.
Qirmizi oy,
Xonam zim-ziyo.
Zim-ziyodir uylar,
Devorlari ham.
Burchaklari ham.
Netay?
Hatto
Ichim sim-siyoh.

***

Barmoqlarim bir shuur bilan
Tinglayotir yomg’irning kuyin.
Kuy taratib tushgan tomchilar
Kaftginamda yig’ilib oxir
Aylanadir ulkan ko’zyoshga.
Yo’q kuy emas, bu achchiq nola.
Osmon, nahot yig’layotirsan?!
Izn ber, men horgan otimga
Eltay va tuyoqlariga
Sochay sening dardga davo.
Izn ber, osmon!

***
A.N.

Garchi so’zlashsam-da sen bilan,
Bu so’zlarda his yo’q,
Yo’q rang, tus.
Garchi yashasakda bir uyda
Ayro-ayro dunyodamiz… afsus

QO’G’IRCHOQ

Men misoli majruh qo’g’irchoq
Yuragi sug’urib olinib,
Qayta joylash yodga kelmagan
Va keraksiz buyumdek
Chekkaga
Irg’itilgan, xo’rlangan.
Men misoli majruh qo’g’irchoq
Aldanishga moyil, bechora,
Qulog’imga mayin shivirlab,
Uxlashga chorlangan:
“Uxla, jonim, uxlagin,
Orom ol, bir pas.
Uyg’onib, ko’z ochganingda
Yana senga bo’lar el
Bor yaqinlaring,
Yana quvnab-erkalatamiz,
Ura boshlar shunda yuraging…”
Kutishdan ham bormi og’ir musibat?

1983

05Nika Turbina
SHE’RLAR
Rafiq Saydullo tarjimalari
09

ALLA AYTING…

Alla ayting menga, tebrating,
Ko’rpa bilan o’rang qalinroq,
Alla bilan aldang meni siz;
Osmonida quyosh porlagan
Tushlarim suratin tong chog’i
Yostig’im ostiga berkiting;
Kutmang aslo, kutmang siz biroq…
Ketdi mendan bolalik yiroq.

ONAMGA

Yolg’izlik onlarida
Osmon bag’rida jon talashgan qushdek,
Yetishmaydi menga sening borliging,
Lablaring tashvishli titrog’i yetmas,
Kulgularing yetmas ko’zlaringdagi-
Ular ko’z yosh to’kar menga termulib…
Ona, nechun dunyo- og’riq sim-siyoh?
Balki, sen yagona bo’lganing uchun?

QOYA
V.Lugovskiyga

Dengiz to’lqinlanar, dengiz shovullar;
O, Sening yuraging tug’ildi, shoir,
Dengiz ko’pigida, shams yog’dusida!
…Biroq vaqt o’tkinchi, o’ldi shoir.
Yurakkinang sening dengizda oqar,
Lek bunda bir qoya- ko’kka bo’y cho’zgan.
«Qoldir yuragingni xarsanglar aro!»,-
Shamol sasi ila so’raydi sendan.
…Odamlar ketmoqda qoya tomonga,
Quyosh ham oshiqar qoyaga tomon.
-Sen dengiz farzandi- yurak urmoqda.
-Yashayman men, mangu! Tirikman hamon.

QO’G’IRCHOQ

Men bir siniq qo’g’irchoq kabi…
Ko’ksida bo’sh qolgan bir yurakka joy
Va keraksiz bir matohdek
Nim qorong’u burchakka tashlab qo’yilgan.
Men bir siniq qo’g’irchoq kabi…
Bir safar, tong chog’i uyqu ohista
Qulog’imga shivirlab aytdi:
«Uxla, mittiginam, ko’zlaringni yum.
Yillar uchib o’tar- uyg’onganingda
Nihoyat odamlar istab qolishar
Seni qo’lga olishni,
Allalab, shunchaki, o’yin qilishni.
Shunda ura boshlar sening yuraging.»
Faqat, qo’rqinchlidir kutish onlari…

BUVIMGA

Og’riqlaring olayin men.
Bir dasta gul terib, so’ng
Uddasidan chiqqanimcha
Yozayin bir-ikki so’z,
Tongotar payt haqda- moviy,
Bulbullar haqda ko’klamgi,
Og’riqlaring olayin men…
Faqat, bir o’y ko’p qiynaydi:
Nim qorong’u uy to’rida
Yurak zorlanar nedan?
Devorlardan poygakkacha
Bor yo’llar parchalangan.
Dasta gullar so’lib borar
Jon berar asta-sekin…
Og’riqlaring olayin men,
Ko’ngling yozilarmikin?

***

Tunggi chiroqlarga ko’z tikmang:
Uyqu botar ko’zlaringizga.
Hasrat chekmang,
Kun kelar-
Ofat, hasrat nari ketib,
Yulduzlar o’ziga chorlagan bir kun.
Tunggi chiroqlarga ko’z tikmang:
Uyqu botar ko’zlaringizga.

***

Do’stlarimni izlayman,
G’oyib bo’lishdi birdan.
Men so’zlarni izlayman-
Ketdi do’stlari bilan.
Kunlarni izlayman, lek
Qochib qolishdi nari.
Ular ortimda, mendan
Yiroqlar borgan sari!

***

Ko’nglim mening- nihonim,
Makoning qayda?
Bejirim uychang sening
Shinamdir- sara?
Shaharlar kezasan,
Kezasan yakka.
Ko’nglim mening- nihonim,
Pinhonsan nega?

OVOZ

Xiyobon bo’ylab
Sening jarangdor,
Billur sharsimon
Ovozing uchdi.
Tomlar osha o’tdi,
Yaproqlar osha,
Kuzgi shitirlar
Navosin tutdi.
Behos tin oldi
O’sha o’rindiq
Va siniq fonus
Qarshisida u
Va o’tli kulib
Qaragan paytda
Siniq fonus ham
Nur sochdi qayta.

***

Uxla, mening ukajonim,
Allalar aytay.
Oq to’shaging bo’lsin sening
Keng qorli dala.
Yostig’ing ostidagi
Daryolar toshqini-
Nurli yo’ling bo’lsin
Va men g’amlaring olay.
Uxla sen,
Men esa gullar ekayin, ukajon,
Bolalik tushlaringni
Faqat ularga ishon.

***

Kunlar uzun tun qadar, jala quygan payt
Ko’zlar ko’rolmasa bir tomchi yomg’irni.
Biroq eshik bo’sag’asida,
Zimiston tun devorlarga yetolmay yurib,
Kunduz chaqirimlar olisdagi bir
Eshikka toyinib ketgan qo’llardek
Tatib ko’rar yomg’irlarni lablari bilan…

***

A.N.

Biz- ikkimiz
Boshqa-boshqa tilda so’zlaymiz.
Harflar o’sha-o’sha,
Biroq so’zlar turlicha.
Biz sen bilan bir xonada-
Bir xonaning
Ikki ayro orolida yashaymiz.

SHUVOQ O’TI

Men- shuvoq o’ti.
Lablarimda talx,
So’zlarimda talx,
Men- shuvoq o’ti.
Dasht uzra shamol
G’uvillab chunon
Nozik poyamni
Sindirdi yomon.
Og’riqdan duv-duv
Yoshim to’kildi,
Yerga ko’mildi…
Men- shuvoq o’ti.

YARADOR QUSH

Shafqat qiling, qo’yib yuboring.
Ezg’ilamang siniq qanotlarimni,
Ucholmayman men ortiq.
Ovozim chilparchin bo’ldi og’riqdan,
Og’riqqa aylandi mening ovozim.
Chinqirmayman men ortiq.
Tashlab ketmang, oshiqmang biroz!
Kuz…
Qushlar uchar janub tomon jim,
Yuragimni qurshaydi qo’rquv.
Yolg’izlikning do’stidir o’lim.

077Umid Ali
NIKA TURBINAGA MAKTUB
045

Assalomu alaykum, Nika Turbina! Meni sizga maktub yo’llashga undagan narsa ehtimol hayratdir! Ehtimol mo»jizadir! Ehtimol ko’ngildir! Garchi hayrat ham, mo»jiza ham birgina ko’ngilning o’zida, quyoshi botmas, osmoni musaffo, zamini xushbo’y gullaru yam-yashil o’t-maysalarga burkangan, sarhadiyu sohillari yo’q, na jilovlash, na bir iznga solish mushkul bo’lgan bir lojuvard xilqatda ro’y bersa-da, hayratni alohida, mo»jizani alohida atagim keldi. Turib-turib, yana o’z fikrlarimga o’zim qarshi boraman. Axir hayrat ham, mo»jiza ham chaqindek yarq etib, so’ng qalbimizga kirib kelmaydimi? Hayratni ham, mo»jizani ham kimdir yo nimadir ko’z o’ngimizda sodir etib, xuddi yaqinimiz o’zimizga gul uzatgandek ko’zlarimiz tomon yugurtirmaydimi? Ko’zlar derazasidan sizib, ichkariga — ko’ngil dunyomizga ingan bu munavvarliklar, quvnoqliklar, go’zalliklar butun vujudu ruhimizni yayratib, jonu jismimizdagi bor iztirob, dardu charchoqni sirqitmaydimi?

Men shuni anglab yetyapman, Nika! Hayratu mo»jizani o’zimiz ham, yonimizdagi yaqinimiz, tanishu notanishlar ham uyg’otishi mumkin. Buning uchun ko’ngli bedor insonda imkoniyatlar bor, behisob. Ammo men hozir faqat siz qoldirgan hayratlar, mo»jizalar va ko’nglingiz haqida so’z qoralamoqchiman.

Nika, aybga buyurmaysiz, negadir sizni senlashga tilim bormayapti. Bundan ranjimang, biz o’zbeklar sharqona tarbiya udumida ulg’ayganmiz, oilaviy muhitdagi tarbiya ham shu qadriyatni, o’zbeklarga xos muomala madaniyatini taqozo etgan. Biz o’zimizdan necha yosh ulug’ insonlarga “siz” deb murojaat qilganimiz kabi o’zimizdan necha yosh kichik odamlar, hatto bolakaylarni ham sizlashga o’rgangamiz. Ranjimang, Nika! Bilaman, bir muxbir bilan suhbatlashayotib, meni bemalol “senlayvering, axir qarib quyulgan kampir emasmanku” deya yozg’irgandingiz. Bundan sezdimki, siz har bir odamni ham o’z yaqiningiz kabi yaqin olib ketavergansiz, o’zingizni doim go’dakdek his qilgansiz.

Nika, o’zi meni hayratlantirgan she’rlaringiz, menga naq mo»jizadek tuyilgan ash’orlaringiz haqida yozmoqchi edim. Hayratimning ibtidosi – sizning to’rt yoshdan boshlab, she’r qoralay boshlaganingiz. Dastavval o’jarligim tutdi. Ishonch hissiga erk bermadim. Bu favqulodda hodisaga dabdurustdan ishonish ahmoqlik, nodonlik bo’lib tuyildi. Axir aqli butun, fikr qozoni qaynab turadigan “miyali” har qanday odam ham bu cho’pchakka ishonmaydi-da. Qani birovga to’rt yoshli qiz odamni esankiratadigan she’r yozibdi, deb ko’ring-chi, undan qanday javob olar ekansiz. Hech vaqt, hechdan hech “qoyil!” deb yubormasa kerak. Garchi “Qoralama” (Chernovik”) to’plamingizdagi So’z hosilalari bir butun, takrorlanmas iste’dodni, har bir so’z zargari ham yoza olishi mushkul bo’lgan she’rlar ekaniga shohidlik bersa-da, men bir qizaloqning hali harf tanimay, so’zga do’st tutinmay turib adabiyotga da’volik qilishi, o’zini katta shoirlardek tutishi menga erish tuyuldi. Men sizga ijod yo’lida yo’lboshchi bo’lgan ulug’ rus shoiri Yevgeniy Yevtushenkoni ham yomon ko’rib qoldim. Nazdimda, siz chala, maromiga kelmagan, xom-xatala she’rlar yozgansizu, shoir ularni tahrir etib, tartibga kiritgandek edi. Ammo keyin siz she’r o’qigan audioyozuvlarni tinglab, shubha-gumonlarim asossiz ekanini, men yanglishayotganimni anglab yetdim. Chunki audioyozuvda siz shunday berilib, o’zingizni-da unutar darajada she’r o’qigansizki, men faqat tug’ma shoira shunday ishonchla, umidla, jur’atla she’r aytishi mumkinligiga ishonch hosil qildim. Shunda shoiru she’ru shuurlik ilohiy ekaniga, bu oliy ma’naviy ne’mat Yaratganning o’zi tanlagan bandalariga ikrom etishiga yana bir karra imon keltirdim.

Nika, sizning she’rlaringiz meni gangitdi, hayajonlantirdi. Ayni sizning she’rlaringizga ro’para kelgach, men hayrat ko’zgusi bilan to’qnashdim. Bu mo»jizaviy ko’zgu mavjlana-mavjlana meni o’z dunyosiga tortib ketdi. Men Nika Turbina deb nomlanmish bir toza, ammo zohiru botini g’amga chulg’angan dunyo uzra parvoz qildim. Qiziq, g’ussa ham odamni parvozga undashi mumkin ekan. Iztirob ham qanot berishi mumkin ekan. Ehtimol ana shu dardu iztiroblar bergan qanot tufayli parvoz qilgandirsiz. Ko’k uzra uchgandirsiz. Yuragim siz kechirgan, his etgan so’ngsiz achchiq alamu azoblarga limmo-lim bo’ldiyu, biroq ayni shu tig’li iztiroblar, og’riqlar havosila o’zimni bedor his qilayotgandim va shuni angladimki, bu dardu alamlar ko’ngilga nafaqat qanot baxsh etarkan, boshpana, libos ham ekan. Ko’ngil o’zi chekkan iztiroblar havosidan simirib, jon saqlarkan. Ko’ngilga iztirobgina suv havo ekan.

Nika, men sizga yana maktub yo’llash va’dasini berib, ilk nomaga nuqta qo’yayotirman.

055

(Tashriflar: umumiy 886, bugungi 1)

1 izoh

  1. (Умид Али ўгирмаси)
    ***
    Тунги фонусларга алданманг —
    Мудроқ жойлаб кўзларингизга,
    Қалбдан қувар бедорликни ҳам.
    Вақт келар,
    Сиз бедор турган дам,
    Ўзи томон чорлар юлдузлар.
    Тунги фонусларга алданманг-
    Мудроқ жойлар кўзларингизга.
    1981
    Худди шу шеър Рафиқ Сайдулло ўгирмасида)
    ***
    Тунгги чироқларга кўз тикманг:
    Уйқу ботар кўзларингизга.
    Ҳасрат чекманг,
    Кун келар-
    Офат, ҳасрат нари кетиб,
    Юлдузлар ўзига чорлаган бир кун.
    Тунгги чироқларга кўз тикманг:
    Уйқу ботар кўзларингизга.

    (Яна бир қиёс. Умид Али таржимасида)
    ***
    А.Н.
    Гарчи сўзлашсам-да сен билан,
    Бу сўзларда ҳис йўқ,
    Йўқ ранг, тус.
    Гарчи яшасакда бир уйда
    Айро-айро дунёдамиз… афсус
    (Ўша шеър Рафиқ Сайдулло таржимасида)
    ***
    А.Н.
    Биз- иккимиз
    Бошқа-бошқа тилда сўзлаймиз.
    Ҳарфлар ўша-ўша,
    Бироқ сўзлар турлича.
    Биз сен билан бир хонада-
    Бир хонанинг
    Икки айро оролида яшаймиз.

    P.S.
    Умуман, ҳар икки ижодкорнинг ҳам меҳнати таҳсинга лойиқ.
    Таржималарда гоҳ Умид аканинг, гоҳида Рафиқ аканинг варианти маъқул келди. (Бироқ менга танлашни буюришса, мен Рафиқ Сайдулло ўгирмаларини ўқиган бўлардим. Бу ўринда Умид Алининг таржималарини асло камситмоқчи эмасман. Негадир кўнглимга Р.Сайдуллонинг таржималари яқин туюлаяпти.)Умид аканинг таржималарини ўқиганимда Ника Турбинанинг қизалоқлик пайтида микрофон ёнида туриб шеър ўқиётган расми кўз олдимга келаверади.
    Мен бир ўқувчи сифатида ҳар икки ижодкор акаларга муваффақият тилайман. Яхши таржималар билан ўқирманлар савияси юксалиши йўлида қилажак фидойилигингиз, меҳнатингиз муносиб баҳо топиб, ҳамиша Сизларнинг юзингизни ёруғ қилишига тилакдошман.
    Д.Д.

Izoh qoldiring