Chingiz Aytmatov. Sarvqomat dilbarim. Qissaning 3-qismi

09  Чингиз Айтматов таваллуд топган кун олдидан

Уни танидим. Бу йўл тузатувчи уста, довонда машинани шатакка олганимда учрашган ўша Бойтемир эди. Мен жуда уялиб кетдим, лекин шунга қарамай, севиндим ҳам, энди узр сўраб, ташаккур изҳор этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, шу пайт полга бир нима тарақлаб тушди. Мен қайрилиб қарадим ва елкаларимдан улкан тош босиб тургандек ўрнимдан хиёл кўтарилдим. Остонада, сочилиб ётган ўтинлар олдида тошдек серрайиб қотиб қолган Асал турарди.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ
САРВҚОМАТ ДИЛБАРИМ
Қиссанинг учинчи қисми
05

* * *

001Бир неча кундан кейин биз бирга Фрунзе шаҳрига жўнаб кетдик. Анорхой дашти яйловларини ўзлаштириш бўйича қидирув ишлари олиб бораётган экспедицияга мен шофёр, Хадича ишчи бўлиб ўрнашдик. Мана шундай қилиб янги ҳаёт бошланди.

Экспедиция билан биргаликда Анорхой чўлининг ичкарисига, нақ Балхаш бўйларигача етиб бордик. Агарда ундан ҳам олисларга бориб қолганимизда ҳам барибир, орқага қайтмаган бўлардим. Ўтмиш билан алоқани узадиган бўлгандан кейин бир умрга узмоқ керак.

Дастлабки пайтларда дард-аламимни иш билан енгдим. Иш эса истаганча топиларди. Уч йилдан ортиқроқ вақт ичида бутун Анорхой даштини кезиб чиқдик, қудуқлар қазидик, йўллар ўтказдик, йўл устида базалар қурдик. Хуллас, ҳозирги Анорхой баланд-паст адирлардан иборат бўлиб, ёвшан билан қопланиб ётган ва ҳатто киши куппа-кундузи адашиб, боши ва оёғи қаёқда эканлигини топа олмай ҳафталаб, ойлаб тентираб юрадиган илгариги ёввойи дашт эмас. Ҳозир у ерлар маданий дам олиш жойлари, уйлар ва қўшарлари бўлган чорвадорлар ўлкасига айланган. Дон экишади, ҳатто чорва учун пичан тайёрлашади. Тўғри, ҳали Анорхойда қўл урилмаган ишлар кўп, биз шофёрларни бўлса қўяверинг, уларнинг иши ҳамма вақт бошидан ортиб ётади. Бироқ мен у ердан қайтиб келдим. Ҳали кўп ерлари нообод, одамлар кам яшайдиган даштда яшаш оғирлигидан ёки бўронли қишда, йўлсиз чўлда тентираб юриш қийин бўлганлиги учун эмас. Бу қийинчиликларнинг бари вақтинчалик нарса, албатта. Агар инсон мустаҳкам ўрнашиб олса, чўлни ўзига бўйсундира олади, у ерга ўзи ҳам кўникиб қолади, чўлни ҳам ўзига мослаштира олади. Хадича иккимиз қийинчиликлардан қўрқмасдик, турмушимиз ҳам ёмон эмас эди, бир-биримизни ҳурмат қилардик. Аммо ҳурмат бошқа-ю, муҳаббат бошқа. Агар бири севиб, иккинчиси севмаса, унда бу ҳам, менимча, кўнгилдагидек ҳақиқий турмуш бўлолмайди. Ё инсон ўзи шундай тузилганми, ё фақат мен табиатан шунақаманми, билолмадим, ҳарқалай, менга доимо бир нарса етишмасди, унинг ўрнини иш билан ҳам, дўстлик билан ҳам, сени севгувчи аёлга нисбатан эътибор ва ғамхўрлигинг билан ҳам алмаштириб ёки ўрнини тўлдириб бўлмасди. Мен Асалнинг олдига боришга яна бир бор уриниб кўрмай, шошма-шошарлик қилиб кетиб қолганим учун кўпдан бери ич-ичимдан ўкиниб юрардим. Анорхойда ўтказган кейинги ярим йил мобайнида бўлса Асал ва ўғилчамни соғиниб юрак-бағрим эзилиб кетди. Тунлари ухлай олмай чиқардим. Самаднинг кулиб, нозик оёқчаларида зўрға тик тургани кўзимга кўринаверарди. Унинг илиқ тафти ва гўдакларга хос майин ҳидини гўё бутун умрга сингдириб олгандайман. Қадрдон Тянь-Шань тоғлари, мавжланиб ётган мовий Иссиқкўл, илк ва сўнгги муҳаббатимни топган тоғ этакларидаги жонажон даштлар мени ўзига тортарди. .Хадича буларнинг ҳаммасини биларди, бироқ мен уни ҳеч нарсада айбламаганимдек, у ҳам мени бирон нарсада айбламас эди. Нега ҳам айблардик? Биз бирга яшай олмаслигимизни ниҳоят тушунган эдик.

Ўша йили Анорхойга баҳор эрта келди. Адирларни қоплаб ётган қорлар тезда эриб, кунлар исиб, ўт-ўланлар кўкара бошлади. Даштга жон кира борди, у иссиқлик ва намликни эмиб буғланиб ётарди. Тунлари ҳаво шишадек мусаффо бўлар, осмонда юлдузлар чарақларди.

Биз пармалаш вишкаси ёнидаги чодирда ётган эдик. Ҳар вақтдагидек уйқу келмасди. Кутилмаганда аллақаёқлардан паровознинг қичқирган овози зўр-базўр эшитилиб, чўл сукунатини бузди. Унинг бу томонларга қай тарзда етиб келганини айтиш қийин. Қозоқ темир йўли биздан дашт бўйлаб ярим кунлик йўл нарида. Ёки менга бу товуш шунчаки эшитилгандек бўлдими, билолмайман. Бироқ юрагим «жиз» этиб кетди. У мени йўлга чорларди. Шунда мен:
— Бу ердан кетаман, Хадича, — дедим.

— Тўғри, Илёс. Ажралишимиз керак, — деди у. Биз ажралишдик. Хадича Шимолий Қозоғистонга, қўриқ ерларга жўнаб кетди. Эҳ, худо, унинг бахтиёр бўлишини чин юракдан истардим. Мен Хадичанинг кўнглидаги одамини топишига, балки ўзи ҳам сезмай-билмай туриб уни излаб юрган йигит билан учрашишига ишонгим келарди. У биринчи эридан ёлчимади. Унга кўнгилсиз бўлиб, ажралишиб кетди. Шунингдек, мен билан ҳам ўз бахтини тополмади. Агар мен ҳақиқий, чинакам севги нима эканлигини, севиш ва севилишнинг маъносини тўла англаб етмаганимда, эҳтимол, у билан турмуш қуриб кетган бўлар эдимми?.. Дарвоқе бу шунақанги нарсаки, унинг нега бундай бўлиши керагу унга ўзгача бўлиши мумкин эмаслигини изоҳлашга ожизлик қилиб қоласан киши.
Хадичани станциягача олиб бориб, поездга ўтқазиб юбордим ва то орқада қолиб кетмагунимча вагон билан ёнма-ён чопиб боравердим. «Сафаринг хайрли бўлсин. Хадича, орамизда ўтган яхши-ёмонни унут!» — деб шивирлаб қолдим сўнгги марта.

Турналар Анорхой осмонидан жанубга томон учиб борарди, мен эса шимолга, Тянь-Шань томон борардим…

* * *

Манзилга етиб келдиму ҳеч қаерда тўхтамасдан, тўппа-тўғри овулга жўнадим. Чамадонимни район меҳмонхонасида қолдирдим. Йўловчи машина ҳам жуда қулай келиб қолди: у тоққа, геолог-разведкачилар ҳузурига кетаётган экан. Мен кузовда борар эканман, ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка уриндим, бутун вужудимни бир вақтда ҳам қўрқинч, ҳам қувонч чулғаб олган эди. Биз тоғ этагидаги дашт йўлидан, Асал билан учрашган ўша қадрдон йўлдан кетаётган эдик. Аммо у энди илгариги торгина қишлоқ йўли эмас, балки шағал ётқизилган, бетон кўприклари ва йўл белгиларига эга бўлган кенг ва теп-текис кўча бўлиб кетибди. Мен ҳатто аввалги оддий йўлдан асар қолмаганига бир оз ачингандек бўлдим. Машинам тиқилиб қолган ариқни, Асал ўтирган ўша харсанг тошни ҳам таниёлмай қолдим.

Овулга етмасданоқ кабина тепасини қоқа бошладим.
— Нима гап? — деб бошини чиқариб сўради шофёр.
— Тўхтат, тушаман.
— Ўрта йўлда-я? Ҳозир етамиз-ку.
— Раҳмат! Яқин қолди, — деб магпинадан ерга сакраб тушдим. — Буёғига пиёда бора қоларман. — У менинг қаёққа ва нега келаётганимни қаёқдан билсин. Пул узатдим.
— Қўй! — деди у. — Шофёрлардан, ҳамкасабалардан олмаймиз.
— Ушла буни, шофёрлигим пешонамга ёзиб қўйилгани йўқ-ку.
— Юриш-туришингдан сезиб турибман.

— Хўп, майли, кетавер бўлмаса, саломат бўл! Машина йўлга тушди, у ҳовлилар ортидаги кўчага кириб кўздан ғойиб бўлди. Мен эса эс-ҳушимни йиғиштиролмай ҳамон йўл устида турардим. Шамолга чап бериб сигарета тутатдим. Сигаретани лабимга келтирар эканман, бармоқларим дир-дир титрарди. Бир неча бор босиб-босиб, ичимга тортдим-да, сўнгра ғилдирак изига ташлаб топтаб, йўлга равона бўлдим. «Мана, етиб ҳам келдим», деб ғўлдирадим ўз-ўзимга. Бошқа айтадиган гапим ҳам йўқ эди. Юрагим фикр-хаёлларимни босиб кетмоқчидек гурс-гурс урар, гўё бир нарсани болғалаётгандек қулоғим шанғилларди.

Овул ажабтовур ўзгариб, хийла кенгайиб қолибди, янгидан солинган кўпгина шифер томли бинолар пайдо бўлибди. Кўчаларга симёғочлар ўрнатилиб, симлар тортилибди, колхоз бошқармаси биноси олдидаги симёғочда радио гапирарди. Болалар мактабга чопқиллаб кетишяпти. Улардан сал каттароқ болалар эса университетни битирган ёш ўқитувчилари билан (бу кўкрагидаги значогидан кўриниб турарди) бир гала бўлишиб, алланималар ҳақида ўзаро гаплашиб боришарди. Эҳтимол, уларнинг орасида менга тош ва таёқлар отиб қолган болалар ҳам бордир. Майли, ҳечқиси йўқ, ўша кезларда ҳали улар ёш бола эмасмиди.

Гарчанд мени бу ерда ҳеч ким танимаса ҳам, биров сезиб қолмасин деб кўчанинг бир чеккасидан шошиб борардим.
Мана ўша самбиттолли ва пахса деворли ҳовли. Тўхтаб, нафасимни ростладим. Қўрқув ва ташвишдан баданим музлаб, кўча эшиги томон қатъиятсизлик билан юриб боравердим. Тақиллатдим. Қўлида портфель кўтарган қиз чопиб чиқди. Бу — менга тилини кўрсатиб қочган ўша қизча эди. Энди у мактабга борадиган бўлиб қолибди. Қиз шошилиб турарди. У менга ҳайрон бўлиб қаради-да:
— Уйимизда ҳеч ким йўқ! — деди.
— Ҳеч ким йўқ?
— Ҳа, ойим лесхозга меҳмон бўлиб кетди… Дадам тракторларга сув ташияпти.
— Асал-чи, қаерда у? — деб қўрқа-писа сўрадиму шу заҳотиёқ оғзим қақраб кетаётганини сездим.
— Асал? — деб ажабланди қиз. — Асал аллақачон кетиб қолган…
— Кейин ҳеч келмадими?
— Ҳар йили поччам билан бирга келади. Ойим уни жуда яхши киши деб мақтайди.

Қиздан бўлак ҳеч нарса ҳақида суриштириб ўтирмадим. У мактабига чопиб кетди, мен эса орқага қайтдим.
Бу янгилик мени шу қадар довдиратиб қўйдики, унинг кимга ва қачон турмушга чиққани энди менга барибир эди. Билиб нима ҳам қилдим? Бироқ ўтган йиллар орасида нима учундир Асал бошқа бировга турмушга чиқиб кетгандир, деган фикр ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган эди. Ахир шундай бўлиши ҳам мумкин эди-ку. Ҳеч қандай дом-дараксиз бир неча йиллар қорамни кўрсатмай кетганимдан кейин, ҳаммани қўйиб мени кутиб ўтирармиди…

Овулдан чиқибоқ, ҳеч қандай машинани кутиб ўтирмасдан, тўғри йўл ёқалаб кетавердим. Агар бирор машина қувиб етганида ҳам уни тўхтатмас эдим. Ҳар қалай, бирон ёққа юришим керак эди, қаёққа бўлса ҳам — дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам менга барибир эди энди.

Мен бир вақтлар Асални олиб кетган йўлдан борардим. Аммо йўл бурунгича эмас — яхшилаб шиббаланиб, шағал ётқизилганди, Фақат даштгина илгаригича: атрофда қоп-қора шудгору ўриб олингандан кейин қолган сарғиш поялар кўзга ташланарди. Бепоён дашт иссиқкўлнинг нурли ҳошиядек ажралиб турган узоқ қирғоқларини ёриб кириб, тоғ ёнбағирларидан тортиб то уфққа қадар ястаниб ётарди. Қорлар эриб, яланғочланиб қолган ер намга тўйиб кўпчиб ётарди. Аллақаёқларда тракторлар тариллаб, баҳорги шудгорлаш бошлаб юборилганидан дарак берарди.
Роса хуфтонда районга етиб келдим, тунни меҳмонхонада бир амаллаб ўтказдим-да, эрталаб автобазага боришга аҳд қилдим.
Қаёққадир, ўзга ўлкаларга кетишдан энди фойда йўқ эди. Ҳамма орзу-истакларим барбод бўлиб, ҳаммасидан маҳрум бўлган эдим. Энди шунчаки яшаш-у ишлашдан ўзга илож қолмаган эди — уёғи нима бўлишини ким билсин.
Тянь-Шань трактидан машиналар одатдагидек турнақатор тизилишиб у ёқдан-бу ёққа қатнаб турарди, бироқ мен ўзимизнинг автобаза машиналаридан биронтасида кетишни маъқул кўрдим. Мана, таниш машиналардан бири яқинлашиб келмоқда. Қўл кўтардим.

Кабинада ўтирган шофёр ҳадеганда мени пайқамай қолди. Катта тезлик билан келаётган машина ғизиллаб ўтиб кетди-ю, бироқ шу заҳотиёқ таққа тўхтади. Мен чамадонимни қўлга олдим. Шофёр кабинадан чиқди. Бундай қарасам, полкдошим Эрмак, у стажировкани армияда менинг қўлимда ўтаган эди. Эрмак ўша кезларда ҳали ёшгина йигитча эди. У менга қараб жимгина жилмайиб турарди.
— Танимаяпсанми?
— Сержант… Илёс! Илёс Алибоев! — Ниҳоят эслади у.
— Худди ўзи! — деб илжайдиму, аммо ўзимга жуда алам қилиб кетди, одамлар зўр-базўр танигандан кейин, жуда ўзгариб кетибман-да.
Биз йўлга тушдик. У ёқдан-бу ёқдан гаплашиб бордик, армияда хизмат қилган йилларимизни эсладик. Ишқилиб, менинг турмушим ҳақида гап очиб, суриштириб қолмаса бўлгани, деб чўчиб турардим. Аммо Эрмак, афтидан, ҳеч нарсадан хабарсиздек кўринарди. Мен бироз тинчландим.
— Уйга қачон қайтдинг? — деб сўрадим мен.
— Ишлаётганимга мана икки йил бўлди.
— Алибек Жонтурин қаерда?
— Билмадим. Мен келсам, у кетиб қолган экан. Айтишларича, Помирнинг аллақаеридаги автобазада бош механик бўлиб ишлаётган эмиш.

«Қойилман, Алибек! Қойилман сенга, дўстим! Пухта йигитсан!» — деб ундан беҳад хурсанд бўлдим. Демак, охири ўз мақсадига эришибди-да, у армияда хизмат қилиб юрган кезларидаёқ автомобиль ва йўл техникумида сиртдан ўқиб юрган эди. У институтни ҳам сиртдан тугатишни орзу қилиб юрарди.
— Бошлиқларинг Омонжўловми?
— Йўқ, янги одам. Омонжўлов министрликка кўтарилиб кетди.
— Сенингча, қалай, мени ишга олишармикин?
— Нега энди олишмасакан, олишади, албатта. Биринчи класс шофёрсан, ахир армияда ҳам яхшилар қаторида эдинг-ку.
— Қачонлардир шундай эдим, — деб тўнғилладим мен. — Жонтойни-чи, биласанми уни?
— Бизда унақа одам йўқ. Ҳеч қачон эшитмаганман ҳам.
«Ҳа, автобазада озмунча ўзгаришлар бўлмапти…» — деб хаёлимдан ўтказдим. Кейин сўрадим:
— Прицеплар билан ишлаш қалай? Довондан олиб ўтяпсизларми ?
— Ҳа, бемалол ўтиб юрибмиз, — деди у эътиборсизгина. — Юкнинг қанақалигига боғлиқ. Зарур бўлса тиркаб олишади-ю, кетишаверади. Ҳозир машиналар жуда бақувват эмасми…

Бу прицеплар менга нақадар қимматга тушганини у билмасди. Анорхой даштида ишлаб юрган кезларимда ҳам бу ҳодиса ҳақида кўп бош қотирардим. Бу ишда биргина мен айбдорманми ёки яна қандайдир бўлак сабаблар ҳам бормикин? Агар бундай ўйлаб қаралса, бу жуда оддий, унча бош қотириб ўтирадиган иш эмас эди. Қанчалик оғир ва қанчалик қийин бўлмасин, Дўландан прицеп улаб ўтиш мумкин эканлиги охири исботланди-ку, эндиликда, агар зарурият туғилиб қолса, бемалол олиб ўтиляпти-ку. Аммо бари бало шундаки, бирор янгилик ўзининг ишда қўлланилишини талаб этаётгандек, эшигингни қоқиб турган тақдирда ҳам ўз вақтида сезиб ололмаймиз. Нега одамлар менинг таклифимга шунчалик ишончсизлик билан қарашди? Бу таклифни тоғ шароитида амалга ошириш ҳақиқатан ҳам қийинлигидан ташқари, яна бизнинг трассада машиналардан фойдаланиш ва юк ташиш қонун-қоидалари инструкцияси ҳам бор эди, унда довондан прицеп улаб ўтиш ман этилганди. Худо билади, бу инструкция қачон ишлаб чиқилган экан.

Эҳтимол урушдан аввал полуторкаларга мослаб тузилгандир. Бу бечора полуторка прицеп уёқда турсин, ҳатто ўзи теп-текис йўлдан аранг юрарди. Эндиликда ҳеч қандай инструкциянинг ҳожати йўқ эди. Янги маркали, жуда бақувват замонавий юк машиналари вужудга келди-ю, аммо қоғоздаги нарсалар эса то ҳаётнинг ўзи ўчириб ташламагунча эскилигича сақланиб келаверди. Майли, бу кичкина ва алоҳида бир масала, дейлик, бироқ шунга ўхшаш нарсалар бошқа, янада муҳимроқ ва янада каттароқ ишларда юз бериб қолиши мумкин-ку, ахир. Энди-ку, ўртоқларимнинг юк ортиш станциясидаги беодоблигим учун салкам дўппосламоқчи бўлганларидан хафа эмасман-а. Лекин ўша вақтда худди ана шу нарса менинг жаҳлим чиқиб кетишига ва қизиқ устида ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, прицепни довонга олиб кетишимга сабаб бўлган эди-да…

Хуллас, ўзимнинг қадрдон автобазамга қайтдим. Биринчи куни Эрмак ўз уйига таклиф қилди. Яхшигина кутиб олди. Учрашганлигимиз шарафига бир оз ичамиз, деди. Аммо мен ичмадим, кўпдан бери ичмасдим, ичиш ниятим ҳам йўқ эди.

Автобазада ҳам яхшигина кутиб олишди. Ишга қабул қилишди, ётоқхонада яшай бошладим. Мени танийдиган ошна-оғайниларимнинг жиғимга тегиб, уни-буни сўраб-суриштиравермаганларидан жуда хурсанд бўлдим. Кўриб турибдиларки, бир кимса қаёқлардадир тентираб юриб, яна ўз ўртоқлари ҳузурига қайтиб келиб, виждонан ҳалол ишлаяпти — жуда яхши. Ўтган ишни қўзғашнинг нима ҳожати бор? Ўзим ҳам ҳаммасини унутишга, бир умрга унутишга ҳаракат қилардим. Мен бир вақтлар оилам билан яшаб турган ўша довондаги база олдидан ўтиб бораётиб, атрофга назар ташламай, ҳатто бензинколонкадан бензин ҳам олмай, ғизиллаганимча ўтиб кетардим. У ерда бир дақиқа бўлса ҳам ушланиб қолмаслик учун тўхтамасдан четлаб ўтардим. Аммо барибир мени ҳеч нарса қутқара олмади, ўзимни ўзим алдай олмадим.

Автобазага қайтганимга ҳам анча вақт бўлди. Трасса мени ўзига жалб этиб олди, унга яна кўникиб қолдим. Машинани ҳар оҳангга солиб ҳайдардим, моторни барча тезликларда ва баландликларга чиқишда синаб кўрдим. Қисқаси, ўз ишимни билардим ва унга шўнғиб кетдим.

Ўша куни Хитойдан қайтиб келаётган эдим. Бамайлихотир, ҳеч нарсани ўйламай папирос чекиб, рул чамбарагини айлантирганча, ҳар томонга назар ташлаб келардим. Айни баҳор, теварак-атроф кишини ўзига мафтун этарди. У ер-бу ерга ўтовлар тикилаётган эди: чорвадорлар баҳорги яйловларга чиқишаётган эдилар. Ўтовлар узра кўтарилган кўкиш тутунлар кўкка бўй чўзишарди. Шамол безовталаниб кишнаётган от овозини олиб келди. Қўй-қўзилар йўл ёқасида ўтлаб юришарди. Болалик чоғларим эсимга тушиб кетди, кўнглим хиёл ғаш тортди… Кўлга яқинлашиб қолганимни биламан, бирдан чўчиб, сесканиб кетдим: оққушлар!

Шу билан ҳаётимда иккинчи марта Иссиқкўлда баҳорги оққушларни кўришим эди. Кўм-кўк Иссиқкўл узра оппоқ қушлар гир айланишиб парвоз қилишарди. Тўғри бораётиб, нимагалигини ўзим ҳам билмай, машинани йўлдан кескин бурдим-да, худди ўтган сафаргидек, қўриқ ерни кесиб, кўлга томон ҳайдай бошладим.

Ў, Иссиқкўл, Иссиқкўл, қирғиз диёрининг сўнмас қўшиғи! Нега мен яна ўша кунни, Асал билан сув бўйида, тепаликда тўхтаган кунни эсладим-а! Ҳа, ҳозир ҳам ҳаммаси аввалгидек: оқ-кўкиш тўлқинлар гўё қўл ушлашиб олгандай саф тортишиб ўркач-ўркач бўлиб, сарғиш қирғоқларга мингашар эдилар. Ётоғига йўл олган қуёш тоғлар ортига аста-секин ботиб бормоқда, этакдаги сувлар эса қонталашгандек қизғиш тусда товланарди. Оққушлар тантанавор чағиллашиб чарх уришарди. Улар бирдан қанот қоқиб юқорига парвоз қилардилару яна қанотларини ёзиб чувиллаб пастга сузиб тушар, сувга тўш уриб, қат-қат ҳалқачалар ҳосил қилардилар. Ҳа, ҳамма-ҳаммаси айни ўша манзаранинг ўзи-ю, аммо ёнимда Асал йўқ эди, холос.

Ҳозир қаерларда юрибсан, қизил дуррачали сарвқоматим?

Кўл бўйида алламаҳалгача қолиб кетдим. Кейин автобазага қайтиб келдим, ундан чиқиб сабр-тоқатим тугаб, кайфиятим тағин бузила бошлади. Юрагимда қўзғалган дард-аламларни босиш учун яна чойхонага бордим. Чойхонадан жуда кеч қайтдим. Атроф қоп-қоронғи, осмонни булут қоплаган эди. Қувурдан отилиб чиқаётгандек дарадан гувиллаб эсаётган кучли шамол қутуриб дарахтлар қаддини эгиб-букар, сим-ёғочлардаги симларга урилиб чувиллар ва майда тошларни киши юзига келтириб урар эди. Кўл эса чайқалиб тўлғанарди. Мен ётоқхонага зўр-базўр етиб олдиму ечиниб ўтирмасдан ўзимни каравотга ташладим.

Эрталаб бошимни кўтара олмасдим, сирқираб рғрирди. Ташқарида юракни сиқувчи қор аралаш ёмғир шивалаб ёғарди. Ишга боришга ҳафсалам келмай, уч соатлар чамаси ағанаб ётдим. Бундай ҳодиса, яъни ҳаттоки, ишнинг ҳам кўнглимга хуш келмаётганлиги ҳаётимда биринчи марта содир бўлаётган эди. Аммо кейин ўзимдан ўзим уялиб кетдиму йўлга чиқдим.

Машина мажоли қуригандек имиллаб борарди, тўғрироғи, ўзимнинг табиатим хира эди. Бунинг устига, ҳаво ҳам айнаган эди. Қаршимдан кабиналари ва бортлари қорга ботган машиналар чиқиб турарди. Демак, довонда қор ёғаётган экан. Майли, ёғса ёғаверсин, менга нима, бўрон туриб бермайдими, менга барибир, нимадан қўрқаман, нима бўлса бўлар…

Авзойим жуда бузуқ эди. Тепамда турган кўзгучага қараб кўнглим айнаб кетди: соқол-мўйловим ўсиб кетган, худди касалдан тургандек юзларим сўлғин, қовоғим шишган эди. Йўлда бир оз тамадди қилиб олсам бўларди, эрталабдан бери туз тотганим йўқ, аммо овқатга иштаҳам йўқ бўлса ҳам ичишдан қочмасдим. Ўзингга бир марта эрк бердингми, бас, кейин тўхтатиб олиш қийин. Биринчи стакандан сўнг анча тетикланиб, ўзимга келдим. Машина ҳам енгил юриб бораётгандек бўлди. Кейин яна йўлда югуриб кириб юз грамм ичиб чиқдим, кейинроқ бунинг устига яна озроқ отиб олдим. Йўл ғириллаб ортда қолиб борар, ойна тозаловчи чўткалар у ёкдан бу ёққа бориб келарди. Машина билан жангга кириб бораётгандек эгилиб олиб, оғзимдаги сигаретани чайнардим. Қаршидан келиб, кабина ойналарига кўлмак сувларни сачратиб, ғизиллаб ўтиб кетаётган машиналарнигина кўрардим, холос. Мен ҳам тезликни ошира бордим, кеч кириб қолган, тоққа келганимда зим-зиё тун эди. Мана шу ерга келганимда ароқ ўз кучини кўрсата бошлади. Мадорим қуриб, кўзим тиниб, йўлни кўриш тобора қийинлаша борди. Кабина ичида димиқиб кетдим, кўнглим айний бошлади. Ҳали ҳеч қачон бунчалик маст бўлмаган эдим. Юзимдан шаррос тер қуйиларди. Ўзимни машинада эмас, гўё олға томон шиддат билан тун бағрини ёриб бораётган иккала чироқ нурлари ўртасида ўтириб кетаётгандек ҳис қилардим. Нурлар билан биргама-бирга мен ҳам гоҳ ёруғлик тушиб турган чуқурликка зарб билан отилиб тушар, гоҳ титраб-қалтираб қоялар устида ўрмаловчи нурларга тирмашиб юқорига кўтарилар, гоҳ нурлар кетидан қувлаб у ёқдан бу ёққа югураётгандек бўлардим. Ҳар дақиқа сайин ҳолдан тойиб боравердим. Бироқ ҳар қанча оғир бўлса ҳам тўхтамасдим, чунки рулдан қўлимни уздимми, бас, машинани энди бошқара олмаслигимга ақлим етиб турарди. Ўша пайтда довоннинг қаерида бораётганимни аниқ эслаёлмайман. Оҳ, Дўлан, Дўлан, Тянь-Шаннинг ҳайбатли бели! Сенда юриш бунчалар мушкул! Айниқса тунда, яна мен сингари кайфи ошган шофёр учун!

Машина аллақандай баландликка зўр-базўр кўтарилди-ю, бирданига пастликка, тоғ этагига қараб шўнғиди. Кўз ўнгимда тун гир-гир айланиб, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Қўлларим энди менга итоат қилмай қўйганди, рул чамбарагидан сирғалиб тушар, тезлик ричагини тута олмас эди. Борган сари машинанинг тезлиги ошиб, пастга томон учиб борарди. Сўнг алланимага урилди шекилли, тарақа-туруқ, шарақлаган овозлар эшитилди. Чироқлар ўчиб, кўз ўнгимни зим-зиё қоронғилик босди. Қалбимнинг аллақаерида: «Мана, аварияга ҳам учрадинг!» — деган фикр ялт этиб кетди.

Шу кўйда қанча вақт ётганлигимни билмайман. Бир пайт қулоғимга пахта тиқиб қўйилгандек бир овоз аранг эшитилди. «Қани, ёрит-чи!» Кимнингдир қўллари елкамни, бошимни ва кўкрагимни пайпаслаб кўрди. «Тирик, аммо ўлардек маст», — деди ўша овоз. Бошқаси эса: «Йўлни бўшатиш керак», — деди унга.
— Қани, дўстим, сал сурил-чи, рулни менга бер, машинани четга олайлик! — ҳалиги қўл елкамга секингина туртарди.
Мен инграб, рулдан зўрға бошимни кўтардим. Пешонамдан қон оқарди. Кўкрагим эзилиб шикастланган экан, қаддимни кўтаришга йўл қўймасди. Тепамдаги киши гугурт чақиб, юзимга қаради.

Сўнгра яна иккинчи марта гугурт чақиб, яна тикилди-да, қўнғир мўйловлари остидан ҳайратланиб жилмайди.
— Дўстим, сенга нима бўлди! Бу қанақаси? — дерди у хафаланиб ғамгин оҳангда қоронғилик орасидан.
— Машина… қаттиқ шикастланибдими? — дедим хириллаб қон аралаш туфлаб.
— Йўқ, унчалик эмас. Фақат бораётиб зарб билан сурилиб кетган-у, кўндаланг бўлиб қолган, холос.
— Ундай бўлса ҳозир жўнаб кетаман, йўлда турмайман! — деб ўзимга итоат қилмай қўйган қалтироқ қўлларим билан моторни юргизмоқчи бўлиб стартёрни босишга уриндим.
— Тўхта! — деб у мени маҳкам қучоқлаб олди. — Майнабозчилик етар. Чиқ бу ёққа. Тонг отгунча ухлаб ол-чи, эртага уёғини яна кўрармиз…

У мени кабинадан тортиб чиқарди.
— Камол, сен йўл тирбанд бўлиб қолмасдан машинани чеккага чиқариб қўй, кейин нима бўлганини аниқлармиз! — деди у ҳамроҳига, ўзи бўлса қўлларимни бўйнига солиб, қоронғида қаёққадир етаклади. Биз узоқ юрдик, у одам мени жимгина етаклаб борар-ди, мен иложи борича ўзим юришга ҳаракат қилардим, бироқ тезда толиқиб қолавердим, шунда у одам яна қўлтиғимга кириб етаклашда давом этарди.

Шу йўсинда биз аллақандай хонадонга етиб келдик. Бояги киши қўлтиғимдан тутиб туриб, уйга киришимга ёрдамлашди. Кираверишдаги хонада керосин чироқ ёниб турарди. У киши мени табуреткага ўтқазиб, устимдан калта пўстинимни еча бошлади. Шундагина мен унинг юзига қарадим. Уни танидим. Бу йўл тузатувчи уста, довонда машинани шатакка олганимда учрашган ўша Бойтемир эди. Мен жуда уялиб кетдим, лекин шунга қарамай, севиндим ҳам, энди узр сўраб, ташаккур изҳор этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, шу пайт полга бир нима тарақлаб тушди. Мен қайрилиб қарадим ва елкаларимдан улкан тош босиб тургандек ўрнимдан хиёл кўтарилдим. Остонада, сочилиб ётган ўтинлар олдида тошдек серрайиб қотиб қолган Асал турарди.

— Бу нимаси? — деб пичирлади у. «Асал!» — деб қичқириб юборишимга сал қолди, аммо унинг яқинлашмай, бегона қиёфада тикилиб турганидан оғиз очолмай қолдим. Уят ва номусдан ўт бўлиб ёниб, бошимни қуйи солдим. Хонага бир зум юракни ёриб юборгудек оғир сукунат чўкди. Агар Бойтемир бўлмаганида, билмадим, нима бўларди. У ҳеч нарса бўлмагандек бамайлихотир мени ўрнимга ўтқазди.
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, Асал, — деди у хотиржамгина. — Шофёр бир озгина шикастланибди, тузалиб кетади… Сен, яхшиси, йод берсанг бўларди бизга…
— Йод? — энди унинг овози ўз ҳолига қайтган, майинлашган ва ташвишли эди. — Йодни қўшнилар олиб кетишган эди… Ҳозир олиб чиқаман! — дея Асал эс-ҳушини йиғиб олди-да, югуриб ташқарига чиқиб кетди.

Мен қимир этмай, лабларимни тишлаганимча ўтирардим. Кайфим тарқаб, бир зумда ҳушимга келиб қолдим… Энди чакка томирларим лўқиллаб ура бошлади.
— Аввал ювиш керак, — деди Бойтемир пешонамдаги шилинган жойларни кўздан кечираркан, кейин челакни кўтариб ташқарига чиқиб кетди. Қўшни хонадан кўйлакчан, ялангоёқ, беш ёшлар чамасидаги бир бола мўралаб қарарди. У ётган жойидан туриб келган бўлса керак, катта-катта синчков кўзлари билан менга термилиб боқарди. Мен уни дарҳол танидим. Қандай таниганимни ўзим ҳам билмайман, ҳар қалай, ўғлим эканини сездим, қалбим сезди буни.
— Самад! — деб шивирладим кутилмаган учрашувдан овозим бўғилиб ва унга қараб интилдим. Шу пайт остонада Бойтемир пайдо бўдди, мен уни кўриб, негадир бир чўчиб тушдим. Чамаси, ўғлимнинг отини атаб чақирганимни эшитиб қолган бўлса керак. Худди ўғирлик устида қўлга тушгандек, ўзимни жуда ноқулай сеза бошладим. Хижолат тортаётганимни сездирмасликка интилиб, пешонамдаги шилинган ерни қўлим билан бекитганимча:
— Бу сизнинг ўғлингизми? — деб сўрадим. Нега шунақа деб савол бердим-а? Бу хатоим учун ўзимни ҳозиргача кечира олмайман.
— Менинг ўғлим! — деди мезбонга хос хушмуомалалик билан Бойтемир. У қўлидаги челакни полга қўйди-да, Самадни кўтариб олди. — Менинг ўғлим, албатта, ўз ўғлим, шундай эмасми, Самад! — дерди у ўғлини ўпиб ва мўйлови билан унинг бўйниларини қитиқлаб эркалаб. Бойтемирнинг овозида ва ўзини тутишида сохталикдан асар ҳам йўқ эди. Унинг барча ҳатти-ҳаракатлари шунчалик табиий эдики, гўё менинг ўрнимда менинг ролимни адо этаётгандек эди. — Ҳа, тойчоғим, нега ухламаяпсан? Ҳамма нарсадан хабардор бўлсанг-а, қани, ўрнингга чопқилла-чи!
— Ойим қани? — деб сўради Самад.
— Ҳозир келади. Ана келяпти. Бор энди, ўғлим, ухла.

Асал жимгина югуриб кирди ва бизга сергаклик билан тезгина назар ташлаб чиқди-да, йодли шишачани Бойтемирга бериб, ўғлини олиб кетди.
Бойтемир намланган сочиқ билан юзимдаги қонни артди.
— Бирпас чидайсан энди! — деб ҳазиллашди у шилинган жойларимга йод сураркан ва жиддий суратда: — Бу ишинг учун сени ўтда куйдирса ҳам бўларди-ю, майли, энди, меҳмонимизсан-да… Мана тамом, қутулдинг, битиб кетади. Асал, бизга чой қўйиб юборсанг бўларди.
— Ҳозир! — деди Асал ўғлини аллалай туриб. Бойтемир полга ёйилган кигиз устига икки қават
кўрпача солиб, ёстиқ қўйди.
— Буёққа ўтиб ўтир, — деди у менга. — Ёнбошла, бир оз дамингни ол…
— Ҳечқиси йўқ, раҳмат! — деб ғўлдирадим мен.
— Ўтир, ўтиравер, ўз уйингдек бемалол ўтиравер! — деб қаттиқ туриб олди у.

Буларнинг ҳаммаси гўё тушимда бўлаётгандек эди. Мана ҳозир ҳаммаси ошкор бўлади, қани энди ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсанг, деган қўрқув ва ташвишдан юрагим тарс ёрилиб кетаёзгандек эди. Чунки мен бу ерга нақадар аянчли аҳволда: маст, ифлос ва қонга бўялган ҳолда келганимни пайқаган эдим. Уф, онам нега туққан экан мени-я!
Асал бизга қарамасликка ҳаракат қилиб, самоварни олди-да, ташқарига олиб чиқиб кетди.
— Мен ҳозир сенга ёрдамлашиб юбораман, Асал! — деди Бойтемир унинг орқасидан. У Асалнинг кетидан энди чиқмоқчи бўлиб турган эди, Самад яна ўрнидан ирғиб турди. Унинг мутлақо ухлагиси йўқ эди.
— Сенга нима бўлди, Самад! — деб меҳрибонлик билан бош чайқади Бойтемир.
— Амаки, сиз тўппа-тўғри кинодан чиқдингизми? — деб сўради ўғлим жиддий, олдимга яқинроқ келиб.

Мен унинг нима ҳакда гапираётганини тушунмадим, Бойтемир бўлса хахолаб кулиб юборди.
— Вой, тентаг-ей, — деб куларди Бойтемир боланинг ёнига чўккалаб ўтирганича. — Тоза ичакларни уздинг-ку. Биз конга кино кўргани бориб турамиз! — деди у менга мурожаат қилиб. — У ҳам биз билан бирга боради.
— Ҳа, мен кинодан чиқдим! — деб умумий кулгига қўшилдим.

Аммо Самад қовоғини солиб олди-да:
— Ёлғон! — деди.
— Нега энди ёлғон бўларкан?
— Бўлмаса, анов уришадиган қиличингиз қани?
— Уйга ташлаб келдим…
— Менга кўрсатасизми, амаки? Эртага кўрсатасизми?
— Хўп, хўп, кўрсатаман. Қани, буёққа кел-чи, сенинг отинг нима, Самад-а, тўғрими?
— Самад. Сизнинг отингиз нима, амаки?
— Меникими… — дея нафасим ичимга тушиб кетди.— Менинг отим Илёс амаки, — дедим зўр-базўр.

Бойтемир шошиб қолди:
— Сизлар бу ерда гаплашиб ўтира туринглар, биз ҳозир чой қайнатиб келамиз. — У остонада тўхтади. — Сен, Самад, бориб ёт, кеч бўлиб қолди.
— Дада, яна озгина ўтира қолай! — деб ёлворди Самад.
— Ҳа, майли! — деб рози бўлди Бойтемир. Самад олдимга келди. Мен унинг қўлларини силадим: у менга ўхшарди, жуда ўхшарди. Ҳатто қўллари ҳам, кулгиси ҳам худди меникига ўхшарди.
— Катта бўлганингда ким бўласан? — деб сўрадим мен қандай бўлмасин, ўғлимни гапга солмоқчи болиб.
— Шофёр бўламан.
— Машинада юришни яхши кўрасанми?
— Жудаям… Қўл кўтарсам, ҳеч ким мени машинасига чиқармайди…
— Эртага мен сени ўйнатиб келаман. Бўптими?
— Бўпти. Мен сизга ўзимнинг ошиқларимни бераман! — У ошиқларни олиб келиш учун нариги хонага чопиб кириб кетди.

Дераза ортида самовар карнайидан ўт чиқиб турарди. Асал билан Бойтемир алланималар ҳақида гаплашишарди. «Самадимизнинг нима деганини эшитганингдами, ичагинг узиларди», — деди Бойтемир қувонч билан тараша ёраётиб. Қизиқ, Асал ҳам айтарли бирон нарса бўлмагандек хотиржамгина жавоб берди: «Ҳа! У шунақа, нимани кўрса, шуни гапираверади!»
Самад архар терисидан ясалган халтачадаги ошиқларини пишиллаб кўтариб келди-да, олдимга сочиб ташлади:
— Танлаб олинг, амаки! — деб у ранг-баранг бўёқларга бўялган ўз бойлигини намойиш қила бошлади.

Мен эсдалик учун биттасини олмоқчи бўлдим-у, аммо журъат эта олмадим. Эшик очилиб, қайнаган самоварни кўтариб Бойтемир кирди. Унинг кетидан Асал кўринди. У чой дамлагунча, Бойтемир бизнинг олдимизга юмалоқ хонтахтани келтириб қўйди-да, дастурхон ёзди. Биз Самад билан ошиқларни йиғиштириб, уларни яна халтачага солиб қўйдик.
— Ўз бисотини кўз-кўз қилаяпти, аҳ, мақтанчоқ! — деб севиб тортқилади Бойтемир Самаднинг қулоғидан.
Орадан сал ўтмай биз самовар атрофида ўтириб чой ича бошладик. Биз бир-биримизни гўё ҳеч қачон кўрмагандек ва билмайдигандек ўтирардик. Шунинг учун бўлса керак, ўзимизни хотиржам тутишга, камроқ гаплашишга тиришардик. Фақат Самадгина ўзини эркин тутарди. У Бойтемирнинг тиззасига чиқиб олиб, пинжига тиқилганича бошини сарак-сарак қилиб ўйнарди.
— У-уҳ, доим мўйловингиз одамни қитиқлайди-я, дада! — деб типирчиларди у ва ўзи унга ёпишиб чаккасини мўйловига тегизар эди.
— Эҳтиёт бўл, чойга куйиб қоласан! — деб огоҳлантирди Бойтемир.

Ҳали бу гўдак атрофида ўтирган биз катталарнинг ҳар биримиз ҳозир ўз ўй-хаёлларимиз билан банд эканлигимизни фаҳмламас эди. Бизнинг такдиримиз бугун фавқулодда тўқнашиб қолиши кимнингхаёлига келибди дейсиз. Буларнинг ҳаммаси нима билан тугалланаркан?..

Бошқа одамни «дада», деб эркаланаётган ўз ўғлим билан ёнма-ён ўтириш менга осон дейсизми? Висолида қанчалар азоб ва изтироб чекканим Асал, менинг азиз Асалим рўпарамда ўтирган бўлса-ю, кўзларига тик қарашга журъат эта олмасам. Қандай қилиб бу ерга келиб қолдийкин у. Севиб қолиб турмушга чиқдимикин? Гўё мен унга мутлақо бегона, мутлақо нотаниш кишидек, у ўзини танимасликка солаётган бўлса, мен буни қаёқдан билайин ахир? Наҳотки у мендан шу қадар нафратланган бўлса? Бойтемир-чи? Наҳотки у менинг аслида ким эканлигимни пайқамаётган бўлса? Самад иккимиз бир-биримизга ўхшашимизни наҳотки сезмаётган бўлса? Нега у довонда машинани шатакка олганимиздаги учрашувимизни ҳатто эсламади ҳам? Ё унутдимикин?..
Уйқуга ётганимизда мен ўзимни янада оғирроқ сездим. Менга шу ернинг ўзига, кигиз устига ўрин солиб беришди. Мен деворга қараб ётардим, чироқ пилиги хиёл пасайтирилган. Асал бўлса идиш-товоқларни йиғиштирмоқда эди.
— Асал! — деб чақирди Бойтемир секингина қўшни хонанинг қия очиқ турган эшигидан.

Асал унинг олдига борди.
— Кўйлагини ювиб қўйсанг бўларди, — деди у. Асал стулдан қонга беланган катак-катак кўйлагимни олди-да, юва бошлади. Бироқ шу заҳотиёқ ювишдан тўхтади. Бойтемир томонга ўтгани эшитилди.
— Радиаторнинг сувини тўкиб қўйдиларингми? — деб сўради у шивирлаб. — Тағин музлаб қолмасин…
— Тўкилган, Камол тўкиб ташлади! — деди Бойтемир ҳам шивирлаб. — Машина деярли лат емаган… Эрталаб ёрдамлашамиз…
Мен эса машина ҳақида ўйламабман ҳам: на радиатор ва на мотор кўринарди кўзимга.

Асал кўйлакни ювиб бўлиб, уни печка тепасига ёяр экан, чуқур хўрсиниб қўйди ва чироқни ўчириб, чиқиб кетди.
Уйни қоронғилик қоплади. Ҳаммамизнинг ҳам ухламай ётганимизни сезиб ётардим. Ҳар биримиз ўзимизча ёлғиз ўй-хаёлларимиз билан эдик. Бойтемир ўғли билан бир каравотда ётибди. У нималардир деб Самадни эркалар, уйқусида типирчилаб тепкиланса, кўрпани устига тортиб ёпиб қўярди; Асал гоҳо-гоҳо оғир хўрсиниб қўярди. Унинг қоронғида худди ёмғирда қолган тошдек йилтираётган кўзлари менга кўриниб турарди… Улар балки ёш билан тўладир. Нима ҳакда, ким ҳақида ўйлаётганикин? Энди у бир эмас, уч киши ҳақида қайғуриши керак эди… Эҳтимол, у ҳам худди мен сингари бир-биримизни боғлаб турувчи ўша ўтмиш кунларни, лаззатли ва изтиробли дамларни хотиридан бир-бир ўтказаётгандир. Аммо энди унинг висолига етолмайман, шунингдек, унинг ўй-фикрларини ҳам билолмайман. Кейинги йиллар ичида Асалнинг ўзи ҳам, кўзлари ҳам ўзгариб кетган эди… Энди бу кўзлар аввалги, ишонч билан боқиб, меҳр, соддадиллик билан порлаб турувчи ғуборсиз кўзлар эмас эди. Улар вазмин ва жиддийлашган эди. Бироқ Асал мен учун ҳамон ўша дашт қучоғида яйраб ўсган сарвқоматлигича қолган эди. Унинг ҳар бир хислат, хусусият ва хатти-ҳаракатлари мен учун таниш ва қадрдон эди. Бу эса бир аламимни икки қилиб, қалбимни ўртаб тирнарди. Аламимдан ёстиқ бурчагини тишлаганимча ғинг демай ётардим. Тонггача мижжа қоқмадим.
Деразадан кўкда сузиб юрган ой булутлар орасидан ёғду сочар, дам-бадам ўз жамолини кўрсатиб қўярди.

Эрта тонгда Асал билан Бойтемир хўжалик ишлари билан ҳовлига чиқиб кетганларида мен ҳам ўрнимдан турдим. Жўнаш керак эди. Секин одимлаб бориб Самадни ўпдим-да, тезда хонадан чиқиб кетдим.

Асал ҳовлида тош ўчоққа ўрнатилган катта қозонда сув иситмоқда эди. Бойтемир ўтин ёрарди. Биз у билан бирга машина томон кетдик. Жимгина папирос чекишиб борардик.
Машина кечаси йўл чеккасидаги бетонли устунчаларга урилган экан. Улардан иккитаси таг-туги билан қўпорилиб ётарди. Машинанинг чироғи синган, қаноти ва олдинги қисми пачақланган, ғилдираги бир томонга хиёл қийшайиб кетганди. Биз буларнинг ҳаммасини лом ва болға билан озми-кўпми тузатдик. Сўнг моторни юргизолмай узоқ вақт азоб чеқдик. Мотор довонда музлаб қолган эди. Картерни машъал ёқиб қиздирдик, кейин икки кишилашиб ручкани айлантира бошладик. Елкаларимиз тўқнашиб, кафтимиз ручка дастасини айлантиравериб қизиб кетди, бир-биримизнинг юзимизга илиқ нафасимиз уриларди, иккаламиз ҳам бир ишни бажарар эдик, эҳтимол, ўй-хаёлларимиз ҳам бир ердан чиқар.

Моторнинг ўт олиши жуда қийин бўлди. Иккаламиз ҳам ҳансирай бошладик. Шу орада Асал икки челак иссиқ сув келтирди ва уларни жимгина олдимга қўйди-да, ўзини четга олиб турди. Сувни радиаторга қуйдим. Сўнгра яна Бойтемир билан биргаликда ручкани бир-икки айлантириб юборган эдик, ниҳоят мотор ишлаб кетди. Мен кабинага ўтирдим. Мотор нотекис, узилиб-узилиб ишларди. Свечаларни текшириш учун Бойтемир капот остига кирди. Шу чоғ палточасининг тугмалари қадалмаган Самад ҳансираганича чопқиллаб келиб қолди ва машинанинг атрофидан ғизиллаб чопа бошлади. Чунки у машинага миниб сайр қилиш иштиёқида эди. Асал уни тутиб олди-да, қўлидан маҳкам ушлаб олганча, кабинанинг ёнига ўтиб турди. У менга таъна қилгандек, шунақа ҳам алам ва ачиниш билан термилдики, ўз гуноҳимни ювиш ва уларни яна ўзимга қайтариш учун шу дамда лозим бўлса ҳар нарса қилишга тайёр эдим. Мен кабинанинг очиқ эшигидан энгашиб қарадим:
— Асал! ўғлимизни олиб ўтир! Ўтган галгидек машинага ўтқазиб олиб кетаман, бир умрга олиб кетаман! Ўтир! — деб мотор шовқини остида ёлворардим унга.

Асал ҳеч нима демади, жиққа ёшга тўлган кўзларини жимгина четга буриб, «йўқ», дегандек бош чайқади.
— Ўтирайлик, ойи! — дея унинг қўлидан тортқилади Самад. — Ўйнаб келамиз!
У ўғлини силтаб ташлади ва уни қўлидан қўймай нарига етаклаб кетди. У бошини қуйи солганча атрофга назар ташламай борарди. Самад эса орқага тортқилар, кетгиси келмасди.
— Тайёр! — деб қичқирди Бойтемир капотни ёпиб, кейин, асбоб-ускуналарни менга узатди.

Йўлга тушдим. Яна қўлим рулда, яна йўл, тоғ-тошлар, машина мени учириб олиб кетмоқда, унинг мен билан қанчалик иши бор…
Асал билан ўғлимни довонда ана шу йўсинда топдим, биз шу хилда учрашдик ва ажрашдик. Чегарага бора-боргунча ва қайтишда бутун йўл бўйлаб ўйлаб ўйимга ета олмадим. Чеки-чегараси йўқ ўй-хаёллардан чарчаб кетдим… Энди бу ерлардан бошим оққан томонга қараб бош олиб кетишим керак эди, бу ерда қолишим мумкин эмас эди.

Бунга мен қатъий қарор қилдим, шу хаёллар билан орқага қайтдим. Довондан ошиб ўтдим ва йўл участкасидан ўтиб кета туриб Самадни кўриб қолдим. У йўл ёқасида бир ўғил бола ва ўзидан бир оз каттароқ бир қиз бола билан ўйнаб юрган эди. Улар тошқўрғон ўйнашарди, яъни тошлардан ҳовличалар ва моллар учун қўралар қуришмоқда эди. Эҳтимол, илгарилари ҳам уларни йўл ёқасида кўргандирману, аммо таний олмагандирман. Демак, деярли ҳар куни ўғилчамнинг ёнгинасидан ўтиб-қайтиб юрганимни ўзим пайқамай юрган эканман. Машинани тўхтатдим.
— Самад! — деб чақирдим мен тойчоғимни. Кўргим келиб кетди. Болалар менга қараб чопқиллаб келишди.
— Амаки, бизни машинада ўйнатгани келдингизми? — деб олдимга чопиб келди Самад.
— Ҳа, озгина сайр қилдирмоқчиман сизларни! — дедим мен.

Болалар чувиллашиб, ҳаммаси бирданига кабинага чиқишди.
— Бу бизнинг таниш амакимиз, — деб мақтанарди Самад ўртоқларига.
Мен уларни бир оз сайр қилдиргандек бўлдим. Аммо шу билан ўзимни шу қадар қувноқ ва шу қадар бахтиёр ҳис қилар эдимки, болаларнинг ўзлари ҳам бунчалик ҳузур қилмаган бўлсалар керак.

Сўнгра уларни машинадан туширдим.
— Қани энди уйларингга чопинглар! — Болалар чопқиллаб кетишди. Мен ўғлимни тўхтатдим:
— Шошмай тур, Самад, сенга озроқ гапим бор! — деб уни қўлимга олиб, бошим узра юқорига кўтардим, юзига узоқ тикилиб турдим сўнгра кўксимга босиб, ўпиб-ўпиб олдим-да, пастга туширдим.
— Қилич қани, олиб келдингизми, амаки? — деди Самад эсига тушиб қолиб.
— Э, ёдимдан кўтарилиб кетибди-ку, ўғлим, энди келаси сафар олиб келаман! — деб ваъда бердим унга.
— Энди эсингиздан чиқармайсиз-а, амаки? Биз бояги жойда ўйнаб юрамиз.
— Яхши, қани энди тезроқ чоп!

Автобазада дурадгорлик устахонасида ёғочдан учта ўйинчоқ қилич ясаб, ўзим билан бирга олиб юрдим.
Болалар ҳақиқатан ҳам мени кутиб туришган экан. Мен уларни машинада яна бир оз айлантирдим. Ўғлим ва унинг ўртоқлари билан дўстлигимиз ана шундай бошланди. Улар менга тез кўникиб қолишди. Узоқдан кўзлари тушиши биланоқ бир-биридан ўзишиб чопиб қолишарди.
— Машина, машинамиз келяпти! — деб қичқиришарди.

Менга яна жон кириб, одамбашара бўлиб қолдим. Йўлда кетаётиб руҳим тетик, димоғим чоғ кетар ва ўзим билан бирга қандайдир ноёб ҳис-туйғуларни элтиб борардим. Йўл ёқасида мени ўғлим кутиб турганини билардим. Лоақал бир-икки минут бўлса-да, у билан ёнма-ён ўтириш мен учун катта бахт-ку. Энди бутун фикр-у хаёлим қандай бўлса ҳам ўғлимнинг олдига ўз вақтида етиб бориш ташвиши билан банд эди. Мен ҳамма вақт довондан кундузи ўтишни мўлжаллардим. Илиқ баҳор кунлари эди, болалар доим очиқ далада ўйнаб юришарди. Шунинг учун ҳам мен уларни кўпинча йўл ёқасида учратардим. Азбаройи шу учунгина яшаётгандек ва ишлаётгандек туюларди менга: ўзимда йўқ бахтиёр эдим… Аммо баъзан юрагим қўрқувдан орқасига тортиб кетарди. У ёкда йўл участкасидагилар болаларни машинада ўйнатиб юрганлигимни билишадими-йўқми, билмадиму, аммо ўғлимнинг мен билан учрашишини ман этишлари, уни йўл ёқасига чиқармай қўйишлари мумкин эди. Мен бундан жуда қўрқардим. Асал билан Бойтемирдан бундай қилмасликларини, лоақал мана шу оний учрашувлардан мени маҳрум этмасликларини дилимдан ялиниб-ёлвориб сўрардим. Аммо бир куни худди шундай бўлди…

Биринчи Май байрами яқинлашиб келмоқда эди, ўғлимга совға қилмоқчи бўлиб, унга ўзиюрар машина — худди меникига ўхшаш юк машиначаси сотиб оддим. Ўша куни автобазада ўралашиб қолиб, йўлга кечроқ чиққаним учун жуда шошилардим. Эҳтимол, шунинг учун ҳамми, кўнглим алланарсани олдиндан сезаётгандек ғаш тортаётган эди, бекордан-бекор ҳая-жонланиб, хавотирланардим. Йўл участкасига яқинлашиб борар эканман, Самаднинг қанчалик хурсанд бўлишини кўз олдимга келтириб, ўроғлиқ ўйинчоқ машинани ёнимга солиб қўйдим. Гарчи унинг бундан кўра яхшироқ ўйинчоқлари бўлса ҳам, бу алоҳида совға — шофёр бўлишни орзу қилиб юрган жажжигина болага йўловчи таниш шофёрнинг совғаси эди. Аммо бу гал Самадни учратолмадим. Болалар усиз чопиб келишди… Мен кабинадан чиқдим:
— Самад қани?
— Уйда, касал бўлиб қолди, — деди бир бола.
— Касал бўлиб қолди? Боши оғрияптими ёки бошқа ерими?
— Йўқ, у касал эмас! — деди билағонлик билан қизча. — Ойиси буёққа юбормаяпти!
— Нега?
— Билмайман. Борма, деяпти.

Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, кайфиятим бузилди. Мана шу билан тамом, вассалом!
— Ма, олиб бориб бер, — деб ўроғлиқ ўйинчоқни ҳалиги болага узатдим, бироқ шу заҳотиёқ фикримдан қайтдим. — Йўқ, қўя қол, — ўйинчоқни қайтиб олиб, бошимни қуйи солганимча машина томон кетдим.
— Нега амакимиз бизни машинага чиқармади? — деб сўради бола опасидан.
— Касал бўлиб қолди, — деди опаси қовоғини солиб.

Ҳа, қизча тўғри топганди. Бу хабар мен учун ҳар қандай касаллиқдан ҳам ортиқ эди. Бутун йўл давоми-да ўйланиб бордим… Наҳотки Асал мендан шу даража кўнгли қолган бўлса, наҳотки у менга нисбатан шу қадар бағритошлик қилса? Мен қанчалик ёмон бўлмай, наҳотки унинг заррача ичи ачимаса! Йўқ, ишонгим келмасди… Асалнинг шу даражага бориши мумкин эмас, бу ерда бошқа бир гап бор… Хўш, нима бор? Мен қаёқдан билай… Шу чоғ, ўртоғи айтганидек, ўғлимнинг бир оз тоби қочиб қолган бўлса керак, деб ўзимни ўзим ишонтиришга уриндим. Нега унга ишонмаслигим керак экан? Ахир ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкин-ку. Мен бунга ўзимни шу даражада ишонтириб қўйган эдимки, кейин бу фикримдан ўзим ҳам чўчиб кетдим. Ўғлимнинг иситмалаб ва алаҳсираб, илондек тўлғаниб ётгани бир-бир кўз олдимдан ўтаверди… Балки бирон ёрдам зарур бўлиб қолар, дори-дармон келтириш ёки касалхонага олиб бориш керак бўлиб қолар. Ахир улар шаҳарда эмас, довонда яшашади! Жуда қийналиб кетдим. Орқага қайтишга шошилдим, қандай тадбир-чора қўллаш мумкин эканлигини тасаввур эта олмасдиму, бироқ хаёлимдан биргина нарса ўтарди: тезроқ етиб боришу, агар, ўғлим соғ-саломат бўлса, кўриб кўнгилни жойига тушириш. Мен уни учратишимга ишонардим, буни қалбим айтиб турган эди. Худди қасддан қилгандек, бакда ёнилғи тамом бўлиб қолди, машинани довондаги бензоколонка олдида тўхтатишга тўғри келди.

* * *

Ҳикоясининг шу ерига келганда ҳамроҳим Илёс жимиб қолди. Қизиб кетган юзларини кафти билан ишқалаб, чуқур хўрсиниб қўйди-да, қия очилиб турган вагон деразасини охиригача суриб, билмадим, нечанчи марта экан, яна чека бошлади.

Вақт ярим кечадан ошган эди. Биздан бошқа йўловчиларнинг ҳаммаси ухлаб қолишган бўлса керак. Ғилдираклар релсларга «тақ-тақ» урилиб, ўзларининг туганмас қўшиғини куйлаб борарди. Деразалар ортидан ёзги тун пардаси ғизиллаб ўтиб турар, станцияларнинг ер бағирлаб ёниб турган чироқлари милт-милт этиб ўтарди. Паровоз елиб бораётиб қаттиқ чинқирди.
— Худди мана шу пайтда сиз менга учраган эдингиз, оға, мен эса сизнинг илтимосингизни бажо келтиролмаган эдим. Энди сизга ҳаммаси аён бўлган бўлса керак, — деб ҳикоясини давом эттираркан, хомушгина жилмайиб қўйди қўшним. — Сиз бензоколонка олдида қолган эдингиз, сўнг «Победа»да мендан ўзиб кетдинглар. Буни кўрган эдим. Айни, шу пайт довон этагига ёмғир ёғиб ўтганди…
Ҳа, машинани қаттиқ ҳаяжон ичида ҳайдаб борардим. Ниҳоят қалб сезгиларим мени алдамаган эди. Самад йўл ёқасида кутиб турарди. У машинани кўриши биланоқ йўлни кесиб чопқиллаб қолди:
— Амаки! Шофёр амаки!..
Демак, ўғилчам соғ-саломат! Эҳ, ўзимда йўқ суюниб кетдим, қувончим ичимга сиғмасди!

Мен машинани шартта тўхтатиб, кабинадан сакраб тушиб, ўғлимга пешвоз югурдим.
— Нима бўлди, оғайни, касал бўлиб қолдингми?
— Йўқ, ойим юбормади. Унинг машинасига чиқмагин, дейди. Мен йиғладим, — деб арз қиларди Самад,
— Хўш, ҳозир қандай қилиб келдинг?
— Дадам, агар биров болаларни машинада ўйнатаман деса, қўявер, ўйнатаверсин, деди.
— Ростданми?
— Мен шофёр бўламан, дедим…
— Албатта шофёр бўласан, бўлганда ҳам қандай де! Биласанми, мен сенга нима олиб келдим? — Мен ўйинчоқ машинани олдим. — Бунга қара, ўзиюрар «ЗИЛ»ча, кичкинтой шофёрларга жуда боп машинада бу!

Бола оғзи қулоғига етиб жилмайди.
— Мен доим, ҳар доим сиз билан бирга машинада юраман-а, амаки? — деб ёлворувчи кўзлари билан термилди менга. Кўнглим бузилиб кетди.
— Албатта, ҳар доим! — деб ишонтирдим уни. — Истасанг, Биринчи май байрамида шаҳарга бирга борамиз, машинани байроқчалар билан ясатамиз, кейин сени яна олиб келиб қўяман. — Нега мен унга бу сўзларни айтганлигимни, бунга қанчалик ҳаққим борлигини ва айниқса, ўз сўзларимга нега бирдан ўзим ҳам ишониб қолганлигимни ҳозир тушунтириш қийин эди. Бу ҳам етмагандек, яна сўзларимга эрк бериб гапиравердим. — Агар ёқса бутунлай меникида қоласан! — дедим ўғлимга жуда жиддий суратда. — Биз кабинада яшаймиз, мен сени доим ўзим билан бирга олиб юраман. Бўптими?
— Бўпти! — жон-жон деб рози бўлди Самад. — Машинада яшаймиз! Кетдик, амаки, ҳозир кетамиз!..

Баъзан катталар ҳам болалик қилиб қўяди. Биз кабинага ўтирдик. Мен ишонқирамай моторни юргиздим, стартёрни босдим. Самад жуда хурсанд эди: мени тортқилар, эркаланар, ўриндикда ирғишларди. Машина қўзғалди. Самаднинг қувончи ичига сиғмасди, тинмай куларди, рулни, қаршисидаги кнопкаларни кўрсатиб алланималар деб бижирлаб гапирарди. Унга қўшилиб мен ҳам хурсанд бўлиб кетдим. Аммо бирдан эс-ҳушимни йиғиб олдим. Бутун вужудимни иссиқ аланга қоплаб олди; нима қиляпман ўзи?! Машинага тормоз бердим. Аммо Самад тўхтатишга кўнмади:
— Тезроқ, амаки, тезроқ ҳайданг! — дерди у. Боланинг илтижо билан бахтиёр боқишларини қандай қилиб рад эта олардим. Тезликни янада оширдим. Эндигина ғизиллаб учиб бораётган эдикки, йўлга гудрон ётқизиб юрган грейдер кўриниб қолди. Грейдер бурилди-да, смолали суюқликни йўлга ётқизганича бизга томон келаверди, унинг кетидан эса суюқликлар солинган улкан қозонлар орқасида Бойтемир турган экан. У грабарка билан йўлга ётқизилган гудронни текисламоқда эди. Мен довдираб қолдим. Машинани тўхтатмоқчи бўлдиму, аммо кечиккан эдим: Самад билан аллақанча ерга келиб қолган эдик. Мен бошимни пастроқ эгдим-да, жон-жаҳдим билан газни босдим. Бойтемир ҳеч нарсани сезмай қолди. У бошини кўтармай ишлаб ётган эди: бу ердан ўтиб турган машиналар кам дейсизми? Қайси бирига ҳам қарарди! Бироқ Самад уни кўриб қолди:
— Ана дадам! Амаки, келинг, дадамни ҳам чиқариб оламиз, майлими? Тўхтатинг, дадамни чақираман!

Мен индамасдим. Энди тўхтатишнинг иложи йўқ эди, унга нима дейман ахир? Самад бирдан орқасига қайрилиб қаради, қўрқиб кетди-да, қичқириб йиғлаб юборди:
— Дадамга бораман! Тўхтат, дадамга бораман! Тўхтат, тушаман! О-о-йи-и!..
Муюлишдаги қоя орқасига ўтиб машинани тўхтатдим. Ўғлимни овутишга урина бошладим:
— Йиғлама, Самад, йиғлама, қўй! Ҳозир олиб бориб қўяман. Лекин йиғлама!
Аммо қўрқиб кетган бола ҳеч нарсага қулоқ солмасди.
— Йўқ, тушаман! Дадамга бораман! Оч! — деб кабина эшигига ёпишиб тақиллата бошлади. — Оч, дадамга бораман ҳозир! Оч!

Ана холос, жуда ғалати иш бўлди-ку.
— Йиғламагин-да, ахир! — деб ялиниб-ёлвориб, уни кўндиришга уринардим. — Ҳозир очаман, йиғламасанг бўлгани! Дадангнинг олдига ўзим олиб бориб қўяман! Қани, туш-чи, кетдик!
Самад ерга сакраб тушди-да, йиғлаганча орқага чопиб кетди. Мен уни ушлаб қолдим:
— Шошма! Кўзингни арт. Йиғлама. Жон ўғлим, йиғламагин! Машинанг қолди-ку, олмайсанми? Мана қара! — Мен шошиб ўйинчоқни олдим-да, қалтироқ қўлларим билан мурватини бурадим. — Қара, сенга қараб чопиб кетяпти, қани тутиб ол-чи! — Машинача йўлда ғизиллаб юриб кетди ва тошга урилди-да, йўл ёқасидаги ариққа чирпирак бўлиб учиб тушди.
— Керак эмас! — деди у ва яна баттарроқ йиғлаб, орқасига қарамай қочиб кетди.
Мен бўлсам донг қотиб қолдим. Томоғимга қайноқ думалоқ бир нарса қадалгандек бўлди. Мен ўғлимга етиб олиш учун яна орқасидан чопдим:
— Тўхтаб тур, йиғлама, Самад! Тўхта, мен сенинг… мен, мен сенинг, ўзинг биласан-ку! — Бироқ давомини айтишга тилим келмасди…

Самад орқасига қайрилиб қарамай чопиб борарди, у муюлишдан ўтиб кўздан йўқолди. Мен қоягача чопиб бориб, қочиб кетаётган ўғлимнинг орқасидан қараб қолдим.
Унинг йўлда ишлаётган Бойтемир олдига югуриб бориб, унга ўзини ташлаганини кузатиб турдим. Бойтемир Самаднинг олдида чўққайиб ўтирди-да, уни қучоқлаб бағрига босди. Бола ҳам мен томонга қўрқиб, хавфсираб қараб, унинг бўйнидан қучоқлаб олди.
Бойтемир грабаркасини елкасига ташлаб, Самаднинг қўлидан ушлади. Улар йўл бўйлаб узун-қисқа етаклашиб кетишарди.
Мен қояга суянганимча узоқ турдим сўнгра орқага қайтдим. Ўйинчоқ машинача олдида тўхтадим. У ариқда тўнтарилиб ётарди. Кўз ёшларим юзимдан оқиб туша бошлади. «Мана, ишнинг пачаваси чиқди!» — дедим машинамга, унинг капотини сийпалаб. Моторнинг иссиқ тафти юзимга гуп этиб урилди… Энди ўғлим билан сўнгги учрашувимизнинг шоҳиди бўлган машинамга нисбатан ҳам қандайдир меҳр-муҳаббатим ошиб кетган эди…

* * *

Илёс ўрнидан туриб, эшикка томон юрди.
— Бироз соф ҳаводан нафас олай, — деди у.

Мен купеда қолдим. Ёришиб келаётган саҳар осмонининг бир парчаси дераза ортидан оқариб, тебраниб ўтиб борарди. Ғира-ширада симёғочлар лип-лип ўтиб турарди. Чироқни ўчирса ҳам бўларди.
Мен Илёс билмаган, аммо менга аён бўлган нарсаларни унга айтиб берсаммикин, йўқмикин, деб чалқанча ўйтаб ётардим. Аммо у ҳадеганда купега қайтиб келавермади. «Майли, дам олволсин, эртага айтарман», деган қарорга келдим. Айтмай яхши қилган эканман, чунки эртасига яна ўйлаб кўриб, бу фикримдан қайтдим.
Мен йўл мастери Бойтемир билан деярли ўша кезларда — Илёс Асал билан ўғлининг довонда яшаётганлигидан хабар топган чоғларда танишган эдим. Помирда Қирғизистон йўл ишчиларининг ўзаро текшириш ва тажриба алмашиш бўйича делегациясини кутишаётган эди. Шу муносабат билан Тожикистон республика газетаси қирғизистонлик тоғ йўли ишчилари ҳақида очерк ёзиб беришимизни илтимос қилган эди.
Делегация орасида энг яхши йўл мастерларидан бири Бойтемир Қулов ҳам бор эди.

Мен Бойтемир билан танишиш мақсадида Дўланга келдим.
Биз у билан қўққисдан учрашиб қолдик ва бу учрашув мен учун жуда муваффақиятли бўлди. Довонга етай-етай деб қолганимизда автобусимизни қўлида қизил байроқча тутган ишчи тўхтатди. Билсак, йўлда ҳозиргина тоғ ўпирилиши юз бериб, йўл тузатувчилар уни тозалаётган экан. Мен автобусдан чиқиб, ўпирилиш юз берган жойга қараб кетдим. Тоғ тепасида пастга қараб тош аралаш ер кўчиб, йўлга қулаб тушибди-да, ўзи билан бирга йўлнинг бир чеккасини тўсиб қўйилган бетон устунчаларни ҳам қўшиб тик қиялик бўйлаб жарликка қараб ўпириб кетибди. Йўлнинг бу қисми тахта қолиплар ёрдамида қайтадан тикланаётган эди. Бульдозер уйилиб қолган тупроқни пастликка суриб туширарди. Бульдозер юролмайдиган жойларни эса ишчилар белкураклар билан тозалаб, шиббалашарди. Брезент плаш ва кирза этик кийиб олган киши булдозер билан ёнма-ён юриб, тракторчига йўл-йўриқ кўрсатмоқчи эди:
— Хиёл чапроққа бур! Яна бироз ичкарига! Тахта қолиплар устидан ҳайда! Ҳа, шундай! Тўхта! Орқага!..

Йўл деярли тозалаб бўлинган эди. Шофёрлар иккала томондан тинмай сигнал беришиб, соқчи ишчиларни сўкиб, йўлни очишни талаб қилишарди, аммо плашли киши буларга парво қилмасди. У булдозерни мўлжалланган ердан юришга ва қолиплар ичидаги тупроқни яхшилаб шиббалашга қайта-қайта мажбур этарди. «Бойтемир деганлари шу бўлса керак. У ўз ишининг кўзини биларкан!» — деган қарорга келдим мен. Ҳа, янглишмабман, бу айни шу кишининг ўзи экан. Ниҳоят, йўл очилиб, машиналар ҳаракатга тушиб қолишди.
— Сиз нима қилиб турибсиз, автобусингиз кетиб қолди-ку? — деди менга Бойтемир.
— Мен сиз билан учрашгани келдим. Бойтемир таажжубланмади ҳам. Мен билан оддийгина қўлимни маҳкам қисиб кўришди.
— Меҳмондан қочмаймиз, хурсанд бўламиз.
— Сизда ишим бор эди, баке, — дедим уни ҳурматлаб. Ўзимни ҳам танитдим. — Йўл тузатувчиларимизнинг Тожикистонга боришидан сизнинг хабарингиз борми?
— Ҳа, эшитувдим.
— Гап бундай. Помирга кетишингиз олдидан сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим.

Мен келишдан мақсадимни аста-секин тушунтирар эканман, борган сайин Бойтемирнинг қовоғи осилиб, дағал ва қўнғир мўйловини ўйчан силай бошлади.
— Келганингиз-ку жуда яхши бўлибди, — деди у менга, — лекин Помирга мен бормайман, менинг хусусимда ёзиб ўтиришингизнинг ҳожати ҳам йўқ.
— Сабабини билсак бўладими? Ишлар кўпми? Ёки уйда бирон кори ҳол бўлдими?
— Иш ҳам етарли, ҳар қалай йўл-да, ўзингиз кўриб турибсиз. Уйда дейсизми? — у папирос ола туриб бироз жимиб қолди. — Уйда ҳам… албатта, ҳамма оилаларда бўладиганидек озми-кўпми ишлар бор… Аммо Помирга бормайман.
Мен унга ўхшаган йўл тузатувчиларнинг делегация составида боришининг қанчалик муҳим эканлигини тушунтиришга ва кўндиришга киришдим. Аммо Бойтемир кўпроқ ҳурмат юзасидангина менга қулоқ солар эди, мен уни ҳар қанча ташвиқот қилсам ҳам бари бир кўндира олмадим.

Мен жуда хафа бўлдим ва биринчи галда ўзимдан ўпкаладим. Журналистлик сезгирлигим бу сафар иш бермади, чунки мен унга тўғри ёндашолмагандим. Мен довондан редакциянинг топшириғини ҳам, қўшни республика газетасининг илтимосини ҳам бажара олмай қуппа-қуруқ кетадиганга ўхшаб қолдим.
— Хўп, майли, баке, кечирасиз, энди мен кетай. Ҳозир бирор йўловчи машина келиб қолар.
Бойтемир менга осойишта ва сергак кўзларини қадаб, диққат билан тикилди-да, мийиғида кулиб қўйди.
— Шаҳарлик қирғизлар урф-одатларимизни унутиб қўйяптилар-да. Менинг уйим, оилам, дастурхоним ва тунайдиган жойим бор. Мени деб келган экансиз, йўлдан қайтмасдан, бугун уйимга тушиб, эртага кетарсиз. Юринг, мен сизни хотиним ва ўғлимнинг олдига қолдириб қайтай: кўнглингизга олмайсиз, албатта. Қоронғи тушмасдан йўлни бир айланиб чиқишим керак. Тезда қайтаман. Ишимиз шунақа…
— Баке! — деб тўхтатдим уни. — Мен сиз билан бирга йўлни айланиб чиқа қолай.

Бойтемир менинг шаҳарлик қиёфамга бир назар ташлаб олди-да, айёрона кўз қисиб қўйди:
— Қалай бўларкан, мен билан бирга кезиб юришингиз сизга ноқулай бўлмасмикин? Масофа узоқ, бунинг устига йўл ҳам яхши эмас.
— Майли, ҳечқиси йўқ, — деб қатъий туриб олдим мен.

Шундай қилиб, биз йўлга тушдик, ҳар бир кўприк ва муюлиш олдида, ўпирилган жойлар ва осилиб турган қоялар қаршисида йўл-йўлакай тўхтаб, уларни кўздан кечириб борардик. Буларнинг ҳаммаси йўл мастерининг зийрак ва ўткир назаридан ўтарди. Биз ўз-ўзидан гапга киришиб кетдик, албатта. Ҳали-ҳалигача нима учун, қайси сўзим билан, нимам билан ва қай йўсинда Бойтемирнинг ишончини қозонганлигимни ўзим ҳам билолмайман. Азбаройи шу ишончи туфайли у менга ўз тақдири ҳақида ва оиласининг тақдири ҳақидаги қиссани сўзлаб берди.
Фақат эндигина, Илёснинг ҳикоясини охирига қадар тинглаб бўлгач, журналист сифатида омадим жуда ўнгидан келганини тушундим. Зоҳиран хотиржам ва осойишта кўринган Бойтемир ўша кунлари ўзи билан ғам-ғусса, ташвиш ва ўй-хаёлларнинг улкан юкини кўтариб юрар эди. Қандайдир, тасодифан, кўнглини ёзиш учундир, Бойтемир бир-икки оғиз айтиб юборди-ю, кейин гапини тўхтата олмай, қалбидаги дард-ҳасратлари қўзғалиб, дарё каби ошиб-тошиб кетди…

ЙЎЛ МАСТЕРИНИНГ ҲИКОЯСИ

Мана сиз, нега Помирга боргингиз йўқ, деб сўрадингиз. Ўзим помирлик қирғизман. Туғилган элим Помир бўлса ҳам мен буёқларда, Тянь-Шанда юрибман.

Жуда ёшлик чоғларимданоқ Помир йўл қурилишида ишлай бошладим. У ёққа комсомол чақириғи билан борган эдим. Қурилиш халқ қурилиши эди, механизмлар етишмасди, иш қанчалик оғир бўлмасин, биз, айниқса ёшлар, иштиёқ билан, ғайрат ва шижоат билан ишлардик. Ғайрат кўрсатмай бўлармиди: асрлар бўйи инсон қадами етмаган Помирга йўл солиняпти-я! Мен зарбдорлар қаторига ўтиб олдим, дам-бадам мукофот ва инъомлар олиб турардим. Буни мақтаниб эмас, шунчаки кези келгани учун айтяпман.

У ерда, қурилишда мен бир қизни учратиб, уни жон-дилимдан севиб қолдим. Ўзи ҳам жуда чиройли, ақлли қиз бўлиб, қурилишга овулдан келган эди; бу эса ўша пайтларда оддий қирғиз қизи учун катта қаҳрамонлик эди. Уёғини суриштирганда, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳатто ҳозир ҳам қизларнинг ишлаб чиқаришга бориб ишлашлари унчалик осон эмас — бунга урф-одатларимиз тўсқинлик қилади. Гулбара билан танишганимизга бир йилча бўлди. Йўл қурилиши охирлаб қолган эди. Йўлни ишга солиб юбориш учун ўз кадрларимиз бўлиши зарур эди. Йўл қурилиши ишнинг бир томони, уни биргалашиб, умумий куч билан бажара олиш мумкин, шунинг билан бирга, унга кўз-қулоқ бўлиб, назорат ҳам қилиб туриш керак-да. Бизда Ҳусаинов деган бир ёш инженер бор эди, у ҳозир ҳам йўл соҳасида ишлайди, министр бўлиб хизмат қилмоқда. Биз у билан дўстлашиб қолдик. Менга йўл ишлари курсларига бориб ўқишга маслаҳат берган ҳам шу киши бўлди. Мен ўқишни битириб келгунимча Гулбара кутиб туролмас, уни овулга олиб кетиб қолишар, деб ўйлаган эдим, йўқ, у қайтишимни кутди. Ниҳоят бирга турмуш қуриб, ўша ерда, йўл участкасида қолиб ишлай бошладик. Биз жуда аҳил ва бир-биримизга меҳрибон эдик… Шуни ҳам айтиш керакки, айниқса тоғ ва довонларда яшовчи йўл тузатувчилар учун мустаҳкам оила — яхши хотин ош-нондек зарур. Мен буни кейинроқ ўз ҳаётимда синаб кўрдим. Агар мен ўз ишимни бир умрга жон-дилимдан севиб қолган эканман, бунда хотинимнинг хизмати ҳам оз эмас. Биз қиз кўрдик, кейин иккинчиси дунёга келди, худди шу кезларда тўсатдан уруш бошланиб қолди.

Помир йўли шаррос қуйиб берган жаладан кейинги дарё каби чайқалиб, тўлқинланиб кетди. Бутун халқ ана шу дарё сингари пастга томон оқа бошлади — улар армияга кетаётган эди.
Ниҳоят менга ҳам навбат келди. Эрталаб ҳаммамиз бошлашиб уйдан йўл ёқасига чиқдик. Кичкина қизчамни қўлимда кўтариб борардим, каттаси эса баримдан ушлаб олганча ёнма-ён борарди. Гулбарам, бечора Гулбарам! Унинг қўлида менинг сафар халтам, ўзини дадил тутишга ва мени ҳам овутиб, тинчитишга уринарди. Аммо кимсасиз тоғу тошлардаги йўл участкасида икки ёш бола-ю, яна худди ўзига ўхшаш икки қўшни аёл билан қолиш унга нақадар оғир эканлигини бутун қалбимдан сезиб турардим. Мен уларни овулга: қариндош-уруғларим олдига жўнатмоқчи бўлдим, аммо Гулбара истамади. Кунимизни бир амаллаб ўтказармиз, сени кутамиз, йўлни ҳам қаровсиз қолдириб бўлмайди-ку, ахир, дерди у. Мен рафиқам ва фарзандларим билан сўнгги марта йўл ёқасида туриб хайрлашдим. Биз Гулбара билан у вақтда ҳали жуда ёш, ҳаётга эндигина қадам қўйган эдик…

Мен сапёрлар баталъонига тушдим. Москва остоналаридаги кўпгина танкка қарши қурилган тўсиқларга менинг ҳам қўлим теккан. Кейин эса Дон ва Висла дарёларини кечиб ўтиб, Дунайга қараб кетдик. Уруш майдонларида биз қанчадан-қанча йўллар, кечув жойлари, кўприклар барпо этдик. Қилган ишларимизни санаб саноғига етиб бўлмайди! Баъзан шундай пайтлар ҳам бўлардики, гоҳ муздай сувда титраб-қалтирайсан, гоҳ тутун ва олов ичида ёнасан, атрофингда снарядлар бетиним портлайди, кечув жойларни остин-устин қилади, қанчадан қанча одамлар қирилади, тинка-мадоринг қуриб, ўлишингга ҳам минг марта рози бўласан. Бироқ шундай пайтларда тоғ-тошларда яшаб, худди Хизрни йўқлагандеқ мени интизорлик билан кутаётган бола-чақамни эсласам ва Помирдек жойдан бу ерда, кўприк остида бекордан бекорга ўлиб кетгани келмаганимни ўйласам, куч-қудратим шу қадар ортиб кетардики, бир-биридан ажралиб кетаётган симларни ҳатто тишларим билан бурардим, ҳаётдан воз кечгим, таслим бўлгим келмасди. Ана шу куч билан Берлин остоналаригача етиб бордим.

Хотиним тез-тез хат ёзиб турарди, яхшиямки, почта уларнинг ёнгинасидаги йўлдан ўтарди. У ҳамма нарса ҳақида, шу жумладан, йўл ҳақида ҳам батафсил ёзарди — у менинг ўрнимга мастер бўлиб қолган эди. Унга жуда оғир эканлигини билардим: йўл ҳам унча-мунча йўллардан эмас, Помирда-я! Бунинг устига, қўшнилар ҳам дуч келган томонга қараб кўчиб кетишибди.
Қирқ бешинчи йилнинг баҳорига келиб тўсатдан хат келмай қўйди. Фронт почтасида ҳар хил ҳодисалар бўлиши мумкин-ку, деб ўйлаб, ўзимни ўзим овутардим. Кунлардан бирида мени полк штабига чақириб қолишди. Хўш, гап шунақа, старшина, урушиб бўлдинг, яхши жанг қилдинг, ташаккур ва мукофотлар ҳам олдинг. Энди уйингга қайтасан, у ерда сен ҳозир кўпроқ кераксан. Аммо биринчи навбатда ҳарбий комиссариатга кир, ҳужжатларингни топшир, кейин уйингга жўна… Мен кутилмаган бу хабардан қувониб кетдим, албатта. Ҳатто уйга телеграмма ҳам юбордим.
Мен қадрдон жойларимга етиб келдим. Ҳарбий комиссариатга эса кириб ўтирмадим, улгураман ҳали, қаёққа қочиб кетардим! Уйга! Тезроқ уйга етиб борай! Йўловчи полуторка машина учраб қолди, мен унда Помир йўли бўйлаб жўнаб кетдим.

Қани энди қанотим бўлса-ю, учиб борсам, фронтдаги «Студебеккер»ларда юриб ўрганиб қолибман, кабинага энгашиб шофёрга қичқирардим:
— Тезроқ ҳайда, ошна, шалдироқ аравангни мунча аямасанг! Уйимга кетяпман!

Мана, яқинлашиб ҳам қолдим. Муюлишдан ўтиш билан менинг участкам. Сабр-тоқатим чидамади. Машинанинг юриб кетаётганига қарамай, сакраб тушдим-да, сафар халтамни елкамга ташлаб, югуриб кетдим. Шундай қилсам тезроқ етиб бораман, деб ўйладим. Чопяпман, чопяпман, муюлишдан ҳам ўтдим… Ўтдим-у, ҳеч нарсани таниёлмадим. Гўё ҳамма-ҳаммаси ўз жой-жойида тургандек: тоғлар ҳам ўз урнида, ёи ҳам ўша, аммо на уй-жой, на ҳовли ва на бирон тирик жон зоти кўринарди. Фақат тош уюмларигина қалашиб ётарди. Бизнинг ҳовлимиз хиёл четроқ-да, нақ тоғнинг таггинасида эди. Тоғ этагидаги жойлар жуда тор эди. Тоққа кўзим тушди-ю, дарҳол донг қотиб анграйиб қолдим. Баландликдан қор қатлари кўчиб, ўзи билан бирга йўлда учраган ҳамма нарсани теп-текис қилиб супуриб кетган, гўё ўткир тирноқли темир пан-жалари билан тоғ ёнбағирларини қўпориб, пастликка ағанатиб улоқтирган-у чуқур ва улкан жарликнинг саҳнини қўш қўшгандек ағдар-тўнтар қилиб ташлаган эди. Хотиним ўзининг сўнгги хатида жуда қалин қор тушганини, сўнгра кутилмаганда ёмғир ёға бошлаганини ёзган эди. Демак, қор уюмини қуламасидан эртароқ портлатиб, пастга қулатиб юбориш зарур эди, бироқ бу аёл кишининг қўлидан келармиди.

Ана шундай қилиб, оилам билан ҳам учрашдим. Минг бор ўлим билан юзма-юз келиб, тириклайин дўзахга тушиб қайтсам-у, бу ерда бола-чақамдан ном-нишон бўлмаса. Тинка-мадорим қуриб, қотиб турардим. Тоғ-тошларни ларзага келтириб ҳайқиргим, дод дегим келарди-ю, нафасим бўғзимга тиқилиб, овозим чиқмасди. Гўё бутун вужудим тошга айланиб қотиб қолгандек эди. Фақат елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб турардим, холос. Мен уни ўша ерга ташлаб кетдим, унда қизларимга, хотинимга совғалар олиб келган эдим, ёзда гимнастёркамни новвотга айирбошлаб олувдим. Мен турган еримда гўё бирор мўъжизани кутаётгандек узоқ туриб қолдим. Кейин орқамга қайрилдим-да, йўлдан кетавердим. Бир зум тўхтаб, ортимга қайрилиб қарадим, тоғлар сарак-сарак бўлиб тебраниб, бутун оғирликлари билан устимга бостириб келаётгандек бўлди. Юрагим қинидан чиқаёзгандек қичқириб юбордимда, қоча бошладим. Қоч! Бу лаънати жойлардан қоч! Ана шунда даҳшатли овоз билан ҳўнграб йиғлаб юборган эдим.

Қаёққа ва қай тарзда бораётганлигимни эслаёлмайман, учинчи куни станцияга келиб қолибман. Ғала-ғовур халқ тўлқини ичида адашган кишидек дайдиб юрардим. Номимни атаб бир офицер мени чақириб қолди. Қарасам — инженер Ҳусаинов. Ҳарбий хизматдан бўшаб, уйига қайтаётган экан. Мен бошимга тушган кулфат ҳақида унга икки оғизгина сўзлаб бердим. Энди қаёққа бормоқчисан, деб сўради у. «Ўзим ҳам билмайман», деб жавоб бердим. Йўқ, деди у, бундай қилиш ярамайди, чидаш керак. Бир ўзингнинг сандироқлаб юришингга йўл қўймайман. Қани, юр, Тянь-Шанга кетдик, йўлни қуриб тугаллаш керак. У ёғини яна кўрармиз.

Мен бу ерга ана шундай қилиб келиб қолганман. Дастлаб йўлда кўприклар қуриб юрдим. Вақт ўтиб борарди, бирор ишнинг бошини тутиш керак эди. Ўша кезларда инженер Ҳусаинов министрликда ишлаётганди. У менинг олдимга тез-тез келиб турар ва ҳар келганида аввалги ишимга, участка йўл мастери бўлиб ўтишга маслаҳат берарди. Бунга юрагим дов бермасди. Эсласам, юрагим орқага тортиб кетарди. Қурилишда якка ўзим эмасман, кўпчилик билан ишлаш осон бўлади. У ёқда-чи, ким билади, ёлғизликдан юрагим ёрилиб кетса керак. Орадан неча йиллар ўтиб кетди. Бироқ мен ҳамон ўзимни ўнглолмас, бошимга тушган ташвишларни унутолмасдим. Гўё шу билан ҳаётим тамом бўлган-у, бундан бу ёғига ҳеч нарсадан умидим йўкдек эди. Уйланишни хаёлимга ҳам келтирмасдим. Гулбарам ва болаларимни ҳаддан ташқари севар эдим. Ҳеч ким, ҳеч қачон уларнинг ўрнини боса олмайдигандек туюларди менга. Фақат кун кечириш учунгина ва шунчаки уйланиш эса — иш эмас. Бундан кўра сўққабош бўлиб юрган маъқулроқ.

Ниҳоят, участкага мастер бўлиб боришга қарор қилдим, ишлаб кўраман, агар ёқмаса, яна бирон ёққа кетавераман-да, деб ўйладим. Менга бу ерда довоннинг нақ ўзидаги участкани беришди. Ёмон бўлмади, аста-секин киришиб, кўникиб кетдим. Эҳтимол бунга участканинг жуда серташвишлилиги сабаб бўлгандир: довон-да, ҳар қанча десангиз ҳам иш топилади. Аммо бу менга оғирлик қилмади, аксинча, яхши бўлди. Вақт ўтиши билан қалбимдаги дард-аламлар сўна бошлади, уларни аста-секин унута бордим. Баъзи-баъзида ўша мудҳиш кун тушимга кириб чиқарди: ўша ер юзидан супурилиб кетган ҳовли қаршисида тошдек қотиб, елкамдаги сафар халтамнинг сирғалиб оёғим остига тушиб бораётганини сезиб тураман. Кейин қайрилардим-да, орқамга қараб қайтиб кетардим. Уйғониб кетиб қарасам, кўзимда ғилт-ғилт ёш бўлади. Бундай пайтларда саҳардаёқ ўрнимдан туриб ишга жўнардим, шу кетганимча то тунга қадар уйга қайтмасдим. Шу тариқа мен сўққабош бўлиб қолгандим. Тўғри, аҳён-аҳёнда: «Эҳтимол, ҳали яна бахтли кунларга эришарман», деган ҳазин ўй хаёлимга келиб қоларди.
Ниҳоят жуда оғир, изтиробли ва чексиз машаққатли бу бахт мен кутмаган бир пайтда келиб қолди.

Бундан тўрт йилча муқаддам тугаб бораётган қиш кунларининг бирида қўшнимнинг бемор онасини област касалхонасига олиб борган эдим. Қўшнимнинг ўзи бўлса уйдан бўшаб чиқа олмасди. Бир ёқда иш, оила, бир ёқда болалари… Кампирнинг аҳволи эса кун сайин оғирлашиб бормоқда эди. Мен уни врачларга кўрсатишга аҳд қилдим. Шу кун участкамизга йўл бошқармасидан машина келиб қолди. Унда нимадир келтиришган эди. Биз ана ўша машинада област марказига бордик. Кампирни врачларга кўрсатдим. Врачлар кампирни касалхонага ётқизиш керак, ётқизилма-са бўлмайди, деб маслаҳат беришди. Кампир касалхонага биринчи марта тушганидан, ётмайман, деб қайсарлик қилиб туриб олди, ўлсам ўламанки, аммо касалхонада қолмайман, дерди у. Қайтариб олиб кет, бўлмаса қарғишимга қоласан. Шунча қилсам ҳам уни кўндира олмадим. Яна қайтариб олиб кетишга тўғри келди. Турли-туман доридармонлар олиб, орқага қайтдик. Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Автобазанинг довондаги базасидан ўтиб кетдик. Бир пайт шофёр машинасини шартта тўхтатди, мен унинг:
— Қаёққа борасиз? — деб сўраётганини эшитдим.

Алланима деб мужмалгина жавоб қайтарган аёл кишининг овози қулоққа чалинди ва унинг нари кетаётган одим шарпаси эшитилди.
— Чиқа қолинг! — деди шофёр унга. — Нега ундай қиласиз? — деб машинани унга яқинроқ ҳайдаб борди.
Қўлида бола, тугунча кўтариб олган ёшгина аёл машина бортига яқинлашди. Мен аёлнинг кузовга чиқиб олишига ёрдамлашдим, кабина орқасидаги шамол тегмайдиган пана жойни унга бўшатиб бериб, ўзим бурчакка ўрнашиб олдим.

Биз йўлга тушдик. Кун совуқ, рутубатли шамол эсарди. Бола йиғлай бошлади. Аёл болани овутишга ҳар қанча уринмасин, у сира тинчланадиганга ўхшамасди. Тоза чатоқ бўлди-ку! Кабинага ўтқазай десак, у ерда чалажон кампир ўтирарди. Шунда мен аёлнинг елкасидан секингина туртдим:
— Қани, менга беринг-чи, эҳтимол, тинчиб қолар, ўзингиз сал эгилиброқ ўтиринг, шамол тегмасин.
Мен болани калта пўстиним билан ўраб олдим-да, бағримга босдим. У тинчиб, пишиллаб нафас ола бошлади. Жуда дўмбоқ, ўзиям ўн ойлик чамаси жажжигина бола экан. Мен уни чап бағримга олиб ўтирардим. Бирдан юрагим гупиллаб, худди отиб туширилган қуш каби типирчилай бошлади. Нега эканлигини ўзим ҳам билмайман. Қалбим ҳам қайғу, ҳам қувончли туйғуларга тўлган эди. «Эҳ, наҳотки ҳеч қачон оталик бахтига муяссар бўлолмасам-а», деб ўйлардим мен. Бола эса бағримда иссиққина ётарди. Унга бошқа ҳеч нарсанинг кераги ҳам йўқ эди.
— Ўғилми? — деб сўрадим.

Аёл бош ирғаб қўйди. Кўриб турибман, бечора совқотиб қолган, эгнида юпқа палто. Мен бўлсам қишда ҳам калта пўстин устидан плаш кийиб юраман: бизнинг иш шароитимизда бусиз мумкин эмас. Болани бир қўлимда ушлаб туриб, унга иккинчи енгимни чўздим.
— Плашимни ечинг. Бунақада шамоллаб қоласиз.
— Йўғ-е, қўйинг, овора бўлманг, — деб кўнмади у.
— Тортинг, тортаверинг! — деб туриб олдим мен. — Ёпиниб олинг.

У плашга ўралиб олди, шамол кирмасин деб этакларини оёғи остига қистириб қўйдим.
— Бироз исидингизми? — деб сўрадим мен.
— Ҳа, исидим.
— Йўлга намунча кеч чиқдингиз?
— Шундай бўлиб қолди, — деди у оҳистагина. Шу пайт биз дарадан кетаётган эдик. Бу ерда кончилар посёлкаси жойлашган эди. Ҳамма уйқуга кетган, деразаларда биронта чироқ кўринмасди. Итлар вовиллаб машина кетидан чопишарди. Шунда бирдан, бу аёл қаёққа бораркин, деган фикр хаёлимга келди. Мен, нима учундир, у конга келаётган бўлса керак, чунки у ёкда борадиган жой йўқ, довон, ундан кейин эса бизнинг участка, деб ўйлардим ўзимча.

— Сиз етган бўлсангиз керак? — дедим унга ва кабинани тақиллатдим. — Биз ҳам етай деб қолдик, довонга келяпмиз. Машина нарига бормайди.
— Бу ер қанақа жой? — деб сўради у.
— Кон. Сиз бу ерга келаётганингиз йўқми?
— Мен… мен шу ерга келаётгандим, — деди у қимтиниб. Кейин «дик» этиб турди-да, менга плашни бериб, қўлига болани олди. Бола ҳиқиллай бошлади. Мен бортга яқинроқ келиб, унга ёрдамлашиш учун ерга сакрамоқчи бўлдим. Бироқ бу бечорага бир гап бўлган, бошига бирон мусибат тушган кўринади, деб ўйлаб қолдим. Совуқ тунда ёлғиз ўзини ташлаб кетсак қандай бўларкин?
— Сизнинг борадиган жойингиз йўқ! — дедим мен унга рўйирост. — Ёмон хаёлларга борманг, тағин. Болани буёққа беринг! — деб қўлидан гўдакни шартта оддим. — Сўзимни қайтарманг. Тунни бизникида ўтказасиз, кейин ихтиёр ўзингизда. Кетдик! — қичқирдим шофёрга.

Машина қўзғалди. У бошини қуйи солиб, жимгина ўтирарди, билмадим, эҳтимол йиғлаётгандир.
— Хавотир олманг! — деб тинчлантирдим уни. -Мен сизга ҳеч қанақа ёмонликни раво кўрмайман. Мен йўл мастери Бойтемир Қулов бўламан. Менга бемалол ишонаверинг.
Уларни ўз хонамга жойлаштирдим. Ўзим унга тақаб қурилган бўш уйчамизга кириб, ёғоч каравотга ётдим.

Алламаҳалгача ухлай олмадим. Ўйлар гирдобида қолдим. Тинчимни йўқотдим. Сўраб-суриштириб ўтириш жуда ноқулай эди. Ўзим ҳам буни ёқтирмайман, аммо барибир айрим нарсаларни сўрашга тўғри келди. Эҳтимол у бечорага менинг ёрдамим керакдир. У саволларимга истар-истамас қисқа-қисқа жавоб қайтарарди. Бироқ мен айтилмай, унинг юрагида қолиб кетаётган гапларни ҳам англаб турардим. Агар инсоннинг бошига мусибат тушса, унинг ҳар бир сўзининг тагида яна айтилмай қолган ўнлаб сўз ётади. У эрини ташлаб, уйидан чиқиб кетибди. Такаббурроқ бўлса керак, азоб чекаётгани, куюнаётгани сезилиб турибди-ю, аммо ҳеч таслим бўлмоқчи эмасди. Нима ҳам дейиш мумкин, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Нима қилса ўзи билади. Шундай бўлса ҳам бу ёшгина аёлга жуда раҳмим келарди. У ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизчага ўхшарди, қадди-қомати келишган, чеҳрасидан нур балқиб турарди. Одатда у меҳрибон, ширинсўз эди, эҳтимол, самимий аёлдир. Шундай жувонни ҳамма нарсадан маҳрум этиб, бош олиб кетишга мажбур этган қанақа инсон экан-а? Бунга сира тушунолмасдим. Келинг, менга нима, бу уларнинг иши. Эртага бирор машинага ўтказиб қўярман.

Ўша куни ўйлайвериб чарчаб кетдим, кўзим илиниши билан ўзимни машинада кетаётгандек ҳис қилдим. Калта пўстиним остига жажжи болани ўраб олганмишман. Гўдакнинг баданига иссиқ югуриб, кўксимда маза қилиб ётганмиш.
Тонготарда ўрнимдан турдим. Йўлларни кўздан кечириб келгани кетдим, аммо тез орада қайтдим. Меҳмонларим нима қилишаётган экан, деган ўй миямдан кетмасди. Уларнинг уйқусини бузмаслик учун эҳтиётлик билан олд хонадаги печкага ўт ёқиб, самовар қўйдим. Аммо у аллақачон уйғониб, кетишга ҳозирлик кўраётган экан. У менга миннатдорчилик билдирди. Уларни чой ичирмай жўнатмадим, бир оз кутиб ўтиришга мажбур қилдим. Тунги кичкинтой ҳамроҳим ажойиб бола экан, одамга сира тортинмай келаверади, ҳеч нарса билан иши йўқ. У билан ўйнашиб ҳузур қилдим, хумордан чиқдим: у билан дарҳол кўникишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Чой устида аёлдан сўрадим:
— Қаёққа боришингиз керак? Йўловчи машина тўхтатайми?

У бир оз ўйланиб турди-да:
— Рибачега, — деди.
— У ерда қариндошларингиз борми?
— Йўқ. Қариндош-уруғларим овулда, Тўсўрнинг нариги ёғида.
— Э-е, унда сиз ана ўша томонга борадиган бошқа машинага ўтиришингиз керак. Бўлмаса қийналиб қоласиз.
— Мен барибир у ёққа бормайман. Боришимиз ҳам мумкин эмас, — деди у ўғлига ўйчан боқиб. — ўзимиз айбдормиз…
Мен уни ота-онасининг розилигисиз турмушга чиққан бўлса керак, деб ўзимча тахмин қилардим. Кейин билсам, ҳақиқатан ҳам шундай экан.

У кетишга тайёрлана бошлади, бироқ мен уни боласи билан шамолда туриб қолмасин деб бир оз уйга кириб кутиб туришга кўндирдим. Машинани бир ўзим тўхтатсам ҳам бўлади-ку, ахир.

Юрагим эзилиб, йўлга чиқдим. Уларнинг кетишини, ўзимнинг эса ёлғиз қолишимни ўйласам негадир яна қайғум ошиб, хаёлим паришон бўларди.
Аввал йўловчи машиналар келавермади. Кейинчалик бўлса биттасини кўра туриб атайин ўтказиб юбордим, қўл кўтармадим. Аммо бу қилмишимдан ўзим чўчиб кетдим. Нега бундай қиляпман? Ана шундан бошлаб мени дард-аламларим изтиробга солиб қийнай бошлади. Машиналар бирин-кетин ўтиб борарди, мен эса уларнинг бирортасини ҳам тўхтатмай, ғайриихтиёрий равишда вақтни чўзардим. Энди келганини тўхтатаман, дердим-у, аммо қўлим яна кўтарилмасди. Уятдан юзларим лахча чўғ бўлиб ёниб, терлаб кетдим. Бу нима қилганим: бировни алдаб, йўлидан қолдиряпман-ку! Қандай ҳаққим бор бунга? Уйда у менга ишониб умид билан кутиб ўтирибди. Йўл бўйлаб у ёкдан-бу ёққа юра бошладим. Ўзимдан ўзим чўчирдим. Менга бир бало бўлаётгандек эди. Қандайдир баҳонаю сабаблар қидириб топардим. Гоҳ ойнаси синиқ экан, кабина совуқ бўлади, дейман; гоҳ машина кўнгилдагидек бўлмасди; гоҳ шофёри ёқмасди — олатасирчи кўринарди, эҳтимол, ичиб ҳам олгандир. Кабинаси банд машиналар ўтганда эса худди ёш болалардек қувониб кетардим. Ишқилиб, улар ҳозир кетмасайди, яна бир оз, яна беш-ўн минут уйимда ўтира туришса яхши бўларди. «Ахир у қаёққа ҳам боради? — деб ўйлардим мен. — Ўзи айтди, овулга бориши мумкин эмас. Бошқа жойларда уларнинг ҳеч кими йўқ. Рибаче йўл устидаги серқатнов шаҳарча, у ерда ҳар хил одам яшайди. Боласи билан қаерга боради? Дурустроқ жой топгунча, қиш пайтида ўғлидан ажралиб қолади! Яхшиси, шу ерда бир оз яшаб туришсин, яна у ёқ-бу ёқни ўйлаб кўрсин, эҳтимол, эриникига қайтиб борар. Ё у хотинини излаб келиб қолар…»

Э, шўрпешона, яхшиси, тентираб юрмасдан унинг ўзини йўл ёқасига бошлаб келиб, жўната қолсам бўлмасмиди! Уч соатлар чамаси ер депсаб вақтни бекор ўтказдим. Ўзимдан-ўзим нафратландим: нега, нима учун бундай қиляпман-а? Йўқ, ҳозир уни бу ерга бошлаб келаман-да, ўзининг олдида машина тўхтатаман. Бўлмаса, ҳеч нарса қилолмай туравераман. Мен уйга қайтдим. У энди эшикдан чиқиб келаётган экан, кутавериб тоқати тоқ бўлибди. Мен уялиб кетдим, худди бирор гуноҳ қилиб қўйган ёш боладек унга жавдираб қарадим.
— Кутиб қолдингиз-а? — деб ғўлдирадим мен. — Йўловчи машиналар учрамади, тўғрироғи, учради-ю, аммо кўнгилдагидек эмас экан. Кечирасиз, тағин ёмон хаёлларга бориб юрманг. Худо ҳаққи, уйга кириб бироз ўтира туринг. Ўтиниб сўрайман!

У таажжубланиб, менга маъюсгина боқдида, индамай уйга қайтиб кириб:
— Сиз менга ачиняпсизми? — деди.
— Йўқ, унинг учун эмас. Биласизми… Сиз учун ташвишланяпман. Қийналиб қоласиз. Қандай қилиб кун кечирмоқчисиз?
— Ишлайман. Суягим меҳнатда қотган.
— Қаерда ишлайсиз?
— Бирор ерга жойлашарман. Аммо уйга қайтмайман, овулга ҳам бормайман. Меҳнат қилиб кун кечираман.
Мен индамадим. Ҳаммаси тушунарли эди. У ҳозир ҳеч нарса ҳақида ўйламасди, кўзига ҳам ҳеч нарса кўринмасди.

Алам, ғурур уни номаълум томонларга ҳайдамоқда эди. Аммо «меҳнат қилиб кун кечираман», дейиш айтишгагина осон, ахир. Ишлаб кун кечириш тўғри-ку, лекин ҳадегунча унга эриша қолмайсан киши. Инсонни ўз эркига, хоҳишига қўймаслик ҳам яхши эмас.

Бола менга қараб талпинди. Уни кўтариб олдим. Унинг юзидан ўпарканман: «Эҳ, дўмбоғим, сендан ажралишга тўғри келяпти-ку. Қанийди сен билан бир умрга ажрашмасак. Ўз ўғлимдек қадрдон ва азиз бўлиб қолган эдинг менга», деб ўтказдим кўнглимдан.
— Ҳа, майли, юринг, — дедим кейин секингина. Ўрнимиздан турдик. Мен болани кўтариб олдим, бироқ эшик олдига борганда тўхтаб:
— Иш бўлса бизда ҳам топилади, — дедим яна унга. — Шу ерда ишласангиз ҳам бўлади. Кичикроқ хона ҳам бор. Рост, қола қолинг. Шошилманг. Кетишга ҳар вақт улгурасиз. Яна ўйлаб кўринг…
У аввал индамай турди. Аммо мен ҳозирча бу ерда ишлаб туришнинг афзаллигини, сўнг нима қилиш зарурлигини ҳаёт ўзи кўрсатишини, кетгиси келса хоҳлаган вақтида кета олиши мумкин эканлигини айтиб, унда ишонч ҳосил қилдим.
Шундай қилиб, Асал ва Самад, ўғлининг исми шундай экан, бизнинг йўл участкамизда қолишди.

Ҳовлидаги қўшимча қурилган уйча совуқ эди, шунинг учун Асални ўғли билан менинг хонамда яшашга кўндирдим, ўзим бўлсам ўша ҳужрага кўчиб ўтдим. Менга шу уйча ҳам етарди.
Шу пайтдан бошлаб менинг ҳаётим ўзгариб кетди. Бир қарашда-ку, ҳеч нарса ўзгармагандек кўринарди, ҳамон аввалгидек сўққабош эдим, аммо мен ўзимни яна инсон ҳис қила бошладим, узоқ йиллик ёлғизликда совиган қалбим тағин илий бошлади. Мен энди якка ўзим яшамасдим… Одамлар билан кишилар орасида яшаш, ишлаш, дўстлашиш, умум ишини адо этиш, ёрдамлашиш ва ёрдам олиш нақадар яхши. Кунинг битиб, вақт-соатинг етиб ўлганингда ҳам бошқалардан кам қилиб кўмишмайди… Аммо шунга қарамай, ҳаётнинг бир томони борки, уни севгилингга бўлган меҳр-муҳаббатдан бўлак ҳеч нарса билан алмаштириб, тўлдириб бўлмайди… Мен кичкинтойга жуда ўрганиб қолдим. Участкага айланиб чиққан пайтларда ҳам уни иссиққина қилиб ўраб олиб, ўзим билан бирга кўтариб юрардим. Хуллас, бўш вақтимнинг ҳаммасини у билан ўтказардим. Шу пайтгача қандай қилиб яшаб келганимни тасаввур эта олмайман. Қўшниларим ҳам анча дуруст кишилар эди. Улар Асалга ҳам, Самадга ҳам меҳрибон эдилар. Болани ким севмайди дейсиз. Асалнинг ўзини олсак дилкаш, самимий, очиқ кўнгилли аёл, шунинг учун ҳам у участкадагилар билан тил топишиб, аралашиб-қуралашиб кетди. Менинг эса кичкинтойга ҳам, Асалга ҳам меҳру муҳаббатим янада ошиб кетди. Болага меҳрим онасига бўлган меҳр-муҳаббат билан пайваста эди. Ростини айтсам, ҳар қанча уринсам ҳам ҳис-ҳаяжонларимни ўзимдан-ўзим яшира олмадим. Асални севиб қолган эдим. Бир умрга бутун қалбим билан ёлғизликда ўтказилган ҳижронли йиллар, барча азоб-уқубатларим эвазига уни беҳад севиб қолдим. Барча жудоликларим, ғам-ҳасратларим бу муҳаббатга мужассамлашган эди. Аммо буни унга ошкор этишга ҳаққим йўқ эди. Асал ҳамон эрини кутарди. Кутишга узоқ кутарди-ю, бироқ ҳеч сир бой бермасди. Биз йўлда ишлаётган кезларда унинг ҳар бир йўловчи машинани интизор ва умидвор кўзлари билан кутиб олиши ва кузатиб қолишини кўпинча сезардим. Баъзан ўғлини кўтариб йўл ёқасига чиқар ва у ерда неча соатлаб ўтирар эди. У кўрина қолмасди. У ким ва қанақа одам эканлигини билмайман, буни сўрамасдим ҳам, Асал ҳам буни ҳеч кимга сўзламасди.

Вақт ўтиб борарди. Самад ҳам улғайиб қолди. Оҳ, у жуда шўх, жажжи тойчоқ эдики, билмайман, биров ўргатганми ёки ўрганганми, ҳарҳолда у мени дада, дея бошлади. Кўрдими, бас: «Дада!» «Дада!» — деб бўйнимга осилади. Асал Самадга қараб ўйчан жилмайиб қўярди. Мен бўлсам ҳам қувонардим, ҳам юрагим ўртаниб азоб чекардим. Унга ота бўлишга минг бор рози эдиму, аммо нима ҳам қила олардим…
Ўша йили ёз кунларидан бирида биз йўл тузатаётган эдик. Машиналар бизни четлаб ўтиб борарди. Асал қўққисдан шофёрлардан бирига қараб қичқирди:
— Ҳей, Жонтой, тўхта!

Машина биздан бироз ўтди-ю, таққа тўхтади. Асал шофёр томон чопиб кетди. Уларнинг нима ҳакда гапиришганларини билмадиму, аммо Асалнинг тўсатдан кабинага қараб қичқира бошлаганини эшитиб қолдим:
— Алдаяпсан! Ёлғон! Ишонмайман! Йўқол бу ердан! Ҳозироқ йўқол!

Машина йўлига равона бўлди. Асал эса йўлни кесиб ўтиб, уйга қараб отилди. Афтидан, у йиғлаётган эди.
Латтадек бўшашиб, қўлим ишга бормай қолди. Ким бўлди у? Асалга нима деди? Шунга ўхшаган шубҳа ва тахминлар қамраб олди мени. Чидаб тура олмай, уйга юрдим. Асал ўғли билан уйда ўтирар эди. Ахири бўлмади, кечқурун унинг олдига кирдим.
— Самад қани? Уни жуда соғиниб қолдим! — дедим мен.
— Мана, бу ёқда, — деди Асал маъюсгина.
— Дада! — деб менга талпинди Самад. Уни қўлимга кўтариб, эркалатдим. Онаси эса ғамга ботиб, индамай ўтирарди.
— Нима бўлди, Асал? — деб сўрадим. Асал чуқур хўрсиниб қўйди.
— Мен кетаман, баке, — деди у. — Бу ерда турмушим ёмон бўлганидан эмас, албатта, сиздан минг марта миннатдорман. Бироқ нега, қаёққа эканлигини ўзим ҳам билмайман-у, бошим оққан томонга кетаман…

У бу гапларни шунчаки айтгани йўқ, буни кўриб турибман, ғам-алам ичида кетиб қолиши мумкин. Ҳақиқатни айтишдан бўлак иложим қолмаган эди.
— Нима ҳам дердим, Асал, сени бу ерда ушлаб туришга ҳаққим йўқ. Аммо сен кетгач, бу ерда яшай олмайман, мен ҳам бош олиб кетишим керак. Вайрон бўлган уй-жойимни бир марта ташлаб кетганман. Ўшандан буён бир оз кўникиб қолгандек бўлувдим… Тасодифми бу ёки такдирми, фақат сен ва ўғилчанг билан бирга бўлиб, ғам-ғуссаларимни унута бошлаган эдим. Буни гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ, ўзинг биласан, Асал. Агар сен ҳозир кетадиган бўлсанг, бу ер ҳам Помирда қолиб кетган уйим каби мен учун ҳаромга айланади. Ўйлаб кўр, Асал… Мабодо у қайтиб келса ва қалбинг унга ундайдиган бўлса, сизларга заррача халал бермайман, доим эркинг ўзингда, Асал…
Мен шу сўзларни айтиб Самадни кўтариб олдим-у, йўлга чиқдим. У ерда Самадни анчагача кўтариб юрдим. Бу тойчоғим ҳеч нарсани тушунмасди.
Асал шу кўйи вақтинча яшаб қолаверди. Аммо унинг нималар ҳақида ўйлаб юргани, қандай қарорга келгани менга қоронғи эди. Бу кунлар ичида мен озиб-тўзиб қорайиб кетдим.

Бир куни туш пайтида аллақандай иш билан ҳовлига кириб қолдим. Қарасам, Самад ажабтовур юришга интиляпти. Асал уни, тағин йиқилиб тушиб лат емасин, деб қўрқиб, сал ушлаб турарди. Мен тўхтадим.
— Баке, қара, ўғлинг энди юрадиган бўлиб қолди! — деди қувонч билан жилмайиб.
Нима деди у? Ўғлинг! Мен елкамдаги белкуракни ирғитиб юбордим-да, чўнқайиб ўтириб, тойчоғимни чақира бошладим:
— Той-той-той, бўталоғим! Қани, менга кел-чи, оёқларинг билан ерни тепкилаб юр-чи, дадилроқ бос!

Самад қулочини ёзиб юборди.
— Дада! — деб оёқчаларини энтак-тентак босиб, менга қараб чопди. Мен уни ушлаб олдим-да, бошим узра баланд кўтариб, бағримга қаттиқ босдим.
— Асал! — дедим мен унга. — Эртага бир болалар байрамини ўтказайлик-а. Сен оқ ва қора жундан тўқилган чилвир тайёрлаб қўй.
— Хўп, баке! — деб кулиб юборди у.
— Ҳа, ҳа, албатта оқ ва қора жундан тўқилган бўл-син.

Мен отга миндим-у, чорвадор дўстларим олдига жўнадим, у ёқдан қимиз ва янги сўйилган гўшт олиб келдим. Эртасига эса биз кичкина байрамимиз — «чилвир кесиш» байрамига қўшниларимизни таклиф этдик.
Мен Самадни ерга ўтқаздим-да, оёқларини оқ-қора чилвир билан тушовладим, ёнига қайчини келтириб қўйдим. Сўнг ҳовлининг нариги чеккасида турган болаларга қараб буйруқ бердим:
— Кимки биринчи бўлиб чопиб келиб чилвирни кесса, ўшанга биринчи бўлиб мукофот берилади, қолганларга эса навбат билан улашилади. Қани, бошланглар, болалар!— деб қўл силтадим.

Худди пойгага қўйилган арғумоқлар сингари болалар бизнинг «ҳой-ҳув» ва шовқин-суронимиз остида қийқиришиб чопа кетишди.
Чилвир кесилиб бўлгандан кейин Самадга қараб:
— Қани, ўғлим, чопқиллайвер энди! — дедим. — Уни қўлидан ушлаб олиб юринглар, болалар!
Улар Самаднинг қўлидан тутишди, у ҳам болалар билан чопиб кетди. Мен эса уларнинг орқасидан, ҳеч кимга мурожаат қилмасдан, беихтиёр гапириб юборибман:
— Одамлар! Менинг тойчоғим чопқиллаб юриб кетди! У тулпордек илдам бўлсин!

Самад болалар кетидан чопқиллаб бора туриб, орқага қайрилиб: «Дада!» деди-да, думалаб тушди. Биз Асал билан иккимиз бараварига унга томон ташландик. Мен Самадни ердан кўтариб олганимда, Асал биринчи марта менга:
— Жоним! — деди.
Шу кундан бошлаб биз эр-хотин бўлиб қовушдик.

Қишда ўғилчамизни олиб овулга, чол-кампирлар олдига бориб келдик. Улар биздан жуда хафа эди, бироқ кейинчалик кечиришди, дуо қилишиб фотиҳа беришди.
Кунлар бирин-кетин сезилмай ўтиб борарди. Самад беш ёшга тўлди. Биз Асал билан жуда аҳил, жуда иноқ яшардик, фақат биргина нарса ҳақида оғиз очмас ва эсламас эдик. Асал у ҳакда ўйлармиди, ёлғиз қолганда уни эслаб ўй-хаёлларга берилармиди, буни билмайман, бироқ биз гўё гап-сўзсиз дилимизда ўзаро шартлашиб қўйгандек эдик: биз уни танимаймиз, биз учун у одам йўқ ва бўлмайди ҳам…

Аммо инсон кўнгли нималарни истамайди дейсиз. Бунинг устига яна шундай нарсалар ҳам борки, улардан қочиб қутула олмайсан. У яқиндагина бу ерларда пайдо бўлиб қолди.
Бир куни кечаси йўлда авария бўлиб қолди. Ёрдамчим билан икковимиз нима бўлганини билиш учун югурдик. Эҳтимол, бирор бахтсизлик юз бергандир. Етиб келдик. Аллақандай юк машинаси йўл чеккасидаги устунларга тумшуғи билан келиб урилибди. Ғирт маст шофёр ҳушидан кетиб тахтадек қотиб ётарди. Мен уни танидиму, аммо исмини эслаёлмадим. У бир куни бизни фалокатдан қутқарган ва машинамизни шатакка олиб, довонга олиб чиқиб қўйган эди. Дўланда эса машинани шатакка олиб юриш ҳазилакам иш эмасди. Илгарилари бу ерда бундай иш қилиш у ёқда турсин, ҳатто ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Бу шофёр бўлса, тиришқоқ, довюрак йигит экан, ҳар қанча оғир бўлса ҳам машинамизни участкагача судраб олиб келди. У менга жуда ёқиб қолди, кўнглимдагидек йигит экан. Ўша воқеадан кейин аллаким биринчи бўлиб довондан прицсеп билан ўтмоқчи бўлиб-ди, мақсадига эришишига оз қолган экану, аммо уддалай олмабди. Прицепни йўл ёқасидаги ариққа тушириб юборибди-да, ташлаб кетиб қолибди. Мен ўшанда ўша довюрак йигитнинг иши эмасмикин, деб хаёлдан ўтказган эдим. Мард кишининг ўз мақсадига эриша олмаганига жуда ачинган эдим. Аммо ўша воқеадан кейин довондан прицеп билан ўтадиган бўлишди. Йигитлар машина ва прицепларни шароитга мослаштириб жуда тўғри иш қилган эдилар.
Виждонан айтсам, бу йигит Асал ташлаб кетган киши эканини билмасдим. Агар билганимда ҳам барибир шундай қилган бўлардим. Мен уни уйга судраб олиб келдим, шунда ҳаммаси ойдинлашди-қўйди. Эшикдан ўтин кўтариб кириб келган Асалнинг кўзи унга тушди-ю, қўлидаги ўтинлари полга сочилиб кетди. Аммо гўё биринчи марта учрашаётгандек, бирортамиз ҳам сир бой бермадик. Айниқса мен ўзимни қўлга олишим керак эди, чунки эҳтиётсизлик қилиб бирон ноўрин сўз айтиб ёки ножўя ҳаракатим билан уларнинг кўнглига тегиб кетмасликка интилардим ва уларнинг бир-бировларини тушуниб олишларига халал бермаслик учун ўзимни тутишга ҳаракат қилардим. Энди мен ҳеч нарсани ҳал эта олмасдим. Энди ҳамма гап уларнинг ўзларида қолганди: улар орасида ўтмиш кечмишлари, мен бағримга босиб ва эркалаб каравотда олиб ётган ўғиллари бор эди.

Ўша туни бирортамиз ҳам мижжа қоқмадик, ҳар ким ўз ўйлари билан банд эди. Шу жумладан, мен ҳам.

Асал ўғли билан кетиб қолиши ҳам мумкин эди. Бу албатта уларнинг иши. Майли, улар юрак амри ва ақл-идроклари буюрганини қилишсин. Мен, мен эса… нима ҳам дердим, бунга менинг нима дахлим бор, масалани ҳал этиш менга боғлиқ эмас, уларга халақит бермаслигим керак…

У ҳозир ҳам шу ерда, мана шу йўлдан қатнайди. Шунча йиллар давомида қаерларда бўлганийкин у, нима билан шуғулландийкин? Аммо бунинг аҳамияти йўқ… Бу уларнинг иши…
Биз Бойтемир билан йўлни айланиб чиқиб, орқага қайтдик. Қош қорайиб қолган зди. Тян-Шаннинг музли чўққилари устидаги осмон-у фалак баҳор оқшомининг бинафша ранг тусига кириб бораётганди. Машиналар йўлдан икки томонга қараб ғиз-ғиз ўтиб турарди.
— Мана, ҳаёт қанчалик мураккаб, — деди Бойтемир бироз сукутдан сўнг ўйчан. — Мен ҳозир уйдан кетишим керак эмас. Мабодо Асал кетиш хаёлида бўлса, майли. Фақат менга кетаётганини бир оғиз айтса бўлгани, ўғли билан сўнгги бор хайр-хўшлашиб, оқ йўл тилаб қоламан. Ахир Самад мен учун ўз ўғлимдай бўлиб қолган-ку. Бироқ уни ўз отасидан зўрлаб тортиб ололмайман. Шунинг учун мен ҳам ҳеч қаёққа бормайман. Айниқса Помирга… Мен буни сизга газета учун ҳикоя қилиб бераётганим йўқ, албатта. Шунчаки, инсон инсонга ўз дардини айтиб бераётгандек гапириб беряпман-да…

ХОТИМА ЎРНИДА

05Биз Илёс билан ўшда ажралишдик. У Помирга жўнади, мен бўлсам ўз ишларим билан кетдим.
— Бориб Алибекни топаман. Янгича ҳаёт бошлайман! — деди у йўл-йўлакай. — Мени энди тузалмас, тамом бўлган одам деб ўйламанг. Келажагим, ҳаётим ҳали олдинда. Кунлар ўтар, мен ҳам уйланарман, бошқаларга ўхшаб бола-чақали, уй-жойли бўларман. Ишлайман, дўст, ёр-биродарлар орттираман. Лекин фақат биргина нарса: умрбод, мангуга йўқотган нарсамни қайтара олмасам керак… Ўтган ишни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди… Аммо ҳаётимнинг сўнгги кунларига қадар, то сўнгги нафасимгача Асални ва орамизда бўлиб ўтган ҳамма ширин дамларни сақлаб ўтаман.

Йўлга чиқиш олдидан кўлга, ўша тик тепаликка. бордим. У ерда мен Тянь-Шань билан видолашдим, Иссиқкўл билан хайрлашдим. Хайр, Иссиқкўл, тугалланмай қолган оромбахш куйларим! Мовий тўлқинларинг ва олтин қирғоқларинг билан бирга қўшиб сени ўзим билан бирга олиб кетардим-у, аммо севгилимнинг севгисини олиб кета олмаганимдек, сени ҳам олиб кетиш қўлимдан келмайди.

Алвидо, Асал! Алвидо, қизил дуррачали сарвқоматим! Алвидо, севгилим! Бахтиёр бўлгил…

Мен Бойтемирдан эшитганларимни Илёсга сўзлаб бермадим. Ахир бу одамларнинг кўркамлиги ва қадр-қиммати ҳам уларнинг бир-бири ҳақида ҳеч нарса билмасдан туриб, бир-бирига шу қадар олийжаноблик қилиши-да, инсоний муносабатда бўлишида эмасми! Шундай экан, бу гапларни унга сўзлаб нима ҳам қилардим…

Манба: Чингиз Айтматовнинг «Танланган асарлар»и 1-жилдидан олинди.  Тошкент – 2009

012

CHINGIZ AYTMATOV
SARVQOMAT DILBARIM
Qissaning uchinchi qismi
05

* * *

08   Bir necha kundan keyin biz birga Frunze shahriga jo‘nab ketdik. Anorxoy dashti yaylovlarini o‘zlashtirish bo‘yicha qidiruv ishlari olib borayotgan ekspeditsiyaga men shofyor, Xadicha ishchi bo‘lib o‘rnashdik. Mana shunday qilib yangi hayot boshlandi.

Ekspeditsiya bilan birgalikda Anorxoy cho‘lining ichkarisiga, naq Balxash bo‘ylarigacha yetib bordik. Agarda undan ham olislarga borib qolganimizda ham baribir, orqaga qaytmagan bo‘lardim. O‘tmish bilan aloqani uzadigan bo‘lgandan keyin bir umrga uzmoq kerak.

Dastlabki paytlarda dard-alamimni ish bilan yengdim. Ish esa istagancha topilardi. Uch yildan ortiqroq vaqt ichida butun Anorxoy dashtini kezib chiqdik, quduqlar qazidik, yo‘llar o‘tkazdik, yo‘l ustida bazalar qurdik. Xullas, hozirgi Anorxoy baland-past adirlardan iborat bo‘lib, yovshan bilan qoplanib yotgan va hatto kishi kuppa-kunduzi adashib, boshi va oyog‘i qayoqda ekanligini topa olmay haftalab, oylab tentirab yuradigan ilgarigi yovvoyi dasht emas. Hozir u yerlar madaniy dam olish joylari, uylar va qo‘sharlari bo‘lgan chorvadorlar o‘lkasiga aylangan. Don ekishadi, hatto chorva uchun pichan tayyorlashadi. To‘g‘ri, hali Anorxoyda qo‘l urilmagan ishlar ko‘p, biz shofyorlarni bo‘lsa qo‘yavering, ularning ishi hamma vaqt boshidan ortib yotadi. Biroq men u yerdan qaytib keldim. Hali ko‘p yerlari noobod, odamlar kam yashaydigan dashtda yashash og‘irligidan yoki bo‘ronli qishda, yo‘lsiz cho‘lda tentirab yurish qiyin bo‘lganligi uchun emas. Bu qiyinchiliklarning bari vaqtinchalik narsa, albatta. Agar inson mustahkam o‘rnashib olsa, cho‘lni o‘ziga bo‘ysundira oladi, u yerga o‘zi ham ko‘nikib qoladi, cho‘lni ham o‘ziga moslashtira oladi. Xadicha ikkimiz qiyinchiliklardan qo‘rqmasdik, turmushimiz ham yomon emas edi, bir-birimizni hurmat qilardik. Ammo hurmat boshqa-yu, muhabbat boshqa. Agar biri sevib, ikkinchisi sevmasa, unda bu ham, menimcha, ko‘ngildagidek haqiqiy turmush bo‘lolmaydi. Yo inson o‘zi shunday tuzilganmi, yo faqat men tabiatan shunaqamanmi, bilolmadim, harqalay, menga doimo bir narsa yetishmasdi, uning o‘rnini ish bilan ham, do‘stlik bilan ham, seni sevguvchi ayolga nisbatan e’tibor va g‘amxo‘rliging bilan ham almashtirib yoki o‘rnini to‘ldirib bo‘lmasdi. Men Asalning oldiga borishga yana bir bor urinib ko‘rmay, shoshma-shosharlik qilib ketib qolganim uchun ko‘pdan beri ich-ichimdan o‘kinib yurardim. Anorxoyda o‘tkazgan keyingi yarim yil mobaynida bo‘lsa Asal va o‘g‘ilchamni sog‘inib yurak-bag‘rim ezilib ketdi. Tunlari uxlay olmay chiqardim. Samadning kulib, nozik oyoqchalarida zo‘rg‘a tik turgani ko‘zimga ko‘rinaverardi.

Uning iliq tafti va go‘daklarga xos mayin hidini go‘yo butun umrga singdirib olgandayman. Qadrdon Tyan-Shan tog‘lari, mavjlanib yotgan moviy Issiqko‘l, ilk va so‘nggi muhabbatimni topgan tog‘ etaklaridagi jonajon dashtlar meni o‘ziga tortardi. .Xadicha bularning hammasini bilardi, biroq men uni hech narsada ayblamaganimdek, u ham meni biron narsada ayblamas edi. Nega ham ayblardik? Biz birga yashay olmasligimizni nihoyat tushungan edik.

O‘sha yili Anorxoyga bahor erta keldi. Adirlarni qoplab yotgan qorlar tezda erib, kunlar isib, o‘t-o‘lanlar ko‘kara boshladi. Dashtga jon kira bordi, u issiqlik va namlikni emib bug‘lanib yotardi. Tunlari havo shishadek musaffo bo‘lar, osmonda yulduzlar charaqlardi.

Biz parmalash vishkasi yonidagi chodirda yotgan edik. Har vaqtdagidek uyqu kelmasdi. Kutilmaganda allaqayoqlardan parovozning qichqirgan ovozi zo‘r-bazo‘r eshitilib, cho‘l sukunatini buzdi. Uning bu tomonlarga qay tarzda yetib kelganini aytish qiyin. Qozoq temir yo‘li bizdan dasht bo‘ylab yarim kunlik yo‘l narida. Yoki menga bu tovush shunchaki eshitilgandek bo‘ldimi, bilolmayman. Biroq yuragim «jiz» etib ketdi. U meni yo‘lga chorlardi. Shunda men:
— Bu yerdan ketaman, Xadicha, — dedim.
— To‘g‘ri, Ilyos. Ajralishimiz kerak, — dedi u. Biz ajralishdik. Xadicha Shimoliy Qozog‘istonga, qo‘riq yerlarga jo‘nab ketdi. Eh, xudo, uning baxtiyor bo‘lishini chin yurakdan istardim. Men Xadichaning ko‘nglidagi odamini topishiga, balki o‘zi ham sezmay-bilmay turib uni izlab yurgan yigit bilan uchrashishiga ishongim kelardi. U birinchi eridan yolchimadi. Unga ko‘ngilsiz bo‘lib, ajralishib ketdi. Shuningdek, men bilan ham o‘z baxtini topolmadi. Agar men haqiqiy, chinakam sevgi nima ekanligini, sevish va sevilishning ma’nosini to‘la anglab yetmaganimda, ehtimol, u bilan turmush qurib ketgan bo‘lar edimmi?.. Darvoqe bu shunaqangi narsaki, uning nega bunday bo‘lishi keragu unga o‘zgacha bo‘lishi mumkin emasligini izohlashga ojizlik qilib qolasan kishi.

Xadichani stantsiyagacha olib borib, poezdga o‘tqazib yubordim va to orqada qolib ketmagunimcha vagon bilan yonma-yon chopib boraverdim. «Safaring xayrli bo‘lsin. Xadicha, oramizda o‘tgan yaxshi-yomonni unut!» — deb shivirlab qoldim so‘nggi marta.

Turnalar Anorxoy osmonidan janubga tomon uchib borardi, men esa shimolga, Tyan-Shan tomon borardim…

* * *

Manzilga yetib keldimu hech qaerda to‘xtamasdan, to‘ppa-to‘g‘ri ovulga jo‘nadim. Chamadonimni rayon mehmonxonasida qoldirdim. Yo‘lovchi mashina ham juda qulay kelib qoldi: u toqqa, geolog-razvedkachilar huzuriga ketayotgan ekan. Men kuzovda borar ekanman, hech narsa haqida o‘ylamaslikka urindim, butun vujudimni bir vaqtda ham qo‘rqinch, ham quvonch chulg‘ab olgan edi. Biz tog‘ etagidagi dasht yo‘lidan, Asal bilan uchrashgan o‘sha qadrdon yo‘ldan ketayotgan edik. Ammo u endi ilgarigi torgina qishloq yo‘li emas, balki shag‘al yotqizilgan, beton ko‘priklari va yo‘l belgilariga ega bo‘lgan keng va tep-tekis ko‘cha bo‘lib ketibdi. Men hatto avvalgi oddiy yo‘ldan asar qolmaganiga bir oz achingandek bo‘ldim. Mashinam tiqilib qolgan ariqni, Asal o‘tirgan o‘sha xarsang toshni ham taniyolmay qoldim.

Ovulga yetmasdanoq kabina tepasini qoqa boshladim.

— Nima gap? — deb boshini chiqarib so‘radi shofyor.

— To‘xtat, tushaman.

— O‘rta yo‘lda-ya? Hozir yetamiz-ku.

— Rahmat! Yaqin qoldi, — deb magpinadan yerga sakrab tushdim. — Buyog‘iga piyoda bora qolarman. — U mening qayoqqa va nega kelayotganimni qayoqdan bilsin. Pul uzatdim.

— Qo‘y! — dedi u. — Shofyorlardan, hamkasabalardan olmaymiz.

— Ushla buni, shofyorligim peshonamga yozib qo‘yilgani yo‘q-ku.

— Yurish-turishingdan sezib turibman.

— Xo‘p, mayli, ketaver bo‘lmasa, salomat bo‘l! Mashina yo‘lga tushdi, u hovlilar ortidagi ko‘chaga kirib ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi. Men esa es-hushimni yig‘ishtirolmay hamon yo‘l ustida turardim. Shamolga chap berib sigareta tutatdim. Sigaretani labimga keltirar ekanman, barmoqlarim dir-dir titrardi. Bir necha bor bosib-bosib, ichimga tortdim-da, so‘ngra g‘ildirak iziga tashlab toptab, yo‘lga ravona bo‘ldim. «Mana, yetib ham keldim», deb g‘o‘ldiradim o‘z-o‘zimga. Boshqa aytadigan gapim ham yo‘q edi. Yuragim fikr-xayollarimni bosib ketmoqchidek gurs-gurs urar, go‘yo bir narsani bolg‘alayotgandek qulog‘im shang‘illardi.

Ovul ajabtovur o‘zgarib, xiyla kengayib qolibdi, yangidan solingan ko‘pgina shifer tomli binolar paydo bo‘libdi. Ko‘chalarga simyog‘ochlar o‘rnatilib, simlar tortilibdi, kolxoz boshqarmasi binosi oldidagi simyog‘ochda radio gapirardi. Bolalar maktabga chopqillab ketishyapti. Ulardan sal kattaroq bolalar esa universitetni bitirgan yosh o‘qituvchilari bilan (bu ko‘kragidagi znachogidan ko‘rinib turardi) bir gala bo‘lishib, allanimalar haqida o‘zaro gaplashib borishardi. Ehtimol, ularning orasida menga tosh va tayoqlar otib qolgan bolalar ham bordir. Mayli, hechqisi yo‘q, o‘sha kezlarda hali ular yosh bola emasmidi.

Garchand meni bu yerda hech kim tanimasa ham, birov sezib qolmasin deb ko‘chaning bir chekkasidan shoshib borardim.

Mana o‘sha sambittolli va paxsa devorli hovli. To‘xtab, nafasimni rostladim. Qo‘rquv va tashvishdan badanim muzlab, ko‘cha eshigi tomon qat’iyatsizlik bilan yurib boraverdim. Taqillatdim. Qo‘lida portfel ko‘targan qiz chopib chiqdi. Bu — menga tilini ko‘rsatib qochgan o‘sha qizcha edi. Endi u maktabga boradigan bo‘lib qolibdi. Qiz shoshilib turardi. U menga hayron bo‘lib qaradi-da:
— Uyimizda hech kim yo‘q! — dedi.

— Hech kim yo‘q?

— Ha, oyim lesxozga mehmon bo‘lib ketdi… Dadam traktorlarga suv tashiyapti.

— Asal-chi, qaerda u? — deb qo‘rqa-pisa so‘radimu shu zahotiyoq og‘zim qaqrab ketayotganini sezdim.

— Asal? — deb ajablandi qiz. — Asal allaqachon ketib qolgan…

— Keyin hech kelmadimi?

— Har yili pochcham bilan birga keladi. Oyim uni juda yaxshi kishi deb maqtaydi.

Qizdan bo‘lak hech narsa haqida surishtirib o‘tirmadim. U maktabiga chopib ketdi, men esa orqaga qaytdim.

Bu yangilik meni shu qadar dovdiratib qo‘ydiki, uning kimga va qachon turmushga chiqqani endi menga baribir edi. Bilib nima ham qildim? Biroq o‘tgan yillar orasida nima uchundir Asal boshqa birovga turmushga chiqib ketgandir, degan fikr hech qachon xayolimga ham kelmagan edi. Axir shunday bo‘lishi ham mumkin edi-ku. Hech qanday dom-daraksiz bir necha yillar qoramni ko‘rsatmay ketganimdan keyin, hammani qo‘yib meni kutib o‘tirarmidi…
Ovuldan chiqiboq, hech qanday mashinani kutib o‘tirmasdan, to‘g‘ri yo‘l yoqalab ketaverdim. Agar biror mashina quvib yetganida ham uni to‘xtatmas edim. Har qalay, biron yoqqa yurishim kerak edi, qayoqqa bo‘lsa ham — dunyoning narigi chekkasiga bo‘lsa ham menga baribir edi endi.

Men bir vaqtlar Asalni olib ketgan yo‘ldan borardim. Ammo yo‘l burungicha emas — yaxshilab shibbalanib, shag‘al yotqizilgandi, Faqat dashtgina ilgarigicha: atrofda qop-qora shudgoru o‘rib olingandan keyin qolgan sarg‘ish poyalar ko‘zga tashlanardi. Bepoyon dasht issiqko‘lning nurli hoshiyadek ajralib turgan uzoq qirg‘oqlarini yorib kirib, tog‘ yonbag‘irlaridan tortib to ufqqa qadar yastanib yotardi. Qorlar erib, yalang‘ochlanib qolgan yer namga to‘yib ko‘pchib yotardi. Allaqayoqlarda traktorlar tarillab, bahorgi shudgorlash boshlab yuborilganidan darak berardi.
Rosa xuftonda rayonga yetib keldim, tunni mehmonxonada bir amallab o‘tkazdim-da, ertalab avtobazaga borishga ahd qildim.

Qayoqqadir, o‘zga o‘lkalarga ketishdan endi foyda yo‘q edi. Hamma orzu-istaklarim barbod bo‘lib, hammasidan mahrum bo‘lgan edim. Endi shunchaki yashash-u ishlashdan o‘zga iloj qolmagan edi — uyog‘i nima bo‘lishini kim bilsin.
Tyan-Shan traktidan mashinalar odatdagidek turnaqator tizilishib u yoqdan-bu yoqqa qatnab turardi, biroq men o‘zimizning avtobaza mashinalaridan birontasida ketishni ma’qul ko‘rdim. Mana, tanish mashinalardan biri yaqinlashib kelmoqda. Qo‘l ko‘tardim.

Kabinada o‘tirgan shofyor hadeganda meni payqamay qoldi. Katta tezlik bilan kelayotgan mashina g‘izillab o‘tib ketdi-yu, biroq shu zahotiyoq taqqa to‘xtadi. Men chamadonimni qo‘lga oldim. Shofyor kabinadan chiqdi. Bunday qarasam, polkdoshim Ermak, u stajirovkani armiyada mening qo‘limda o‘tagan edi. Ermak o‘sha kezlarda hali yoshgina yigitcha edi. U menga qarab jimgina jilmayib turardi.
— Tanimayapsanmi?
— Serjant… Ilyos! Ilyos Aliboev! — Nihoyat esladi u.

— Xuddi o‘zi! — deb iljaydimu, ammo o‘zimga juda alam qilib ketdi, odamlar zo‘r-bazo‘r tanigandan keyin, juda o‘zgarib ketibman-da.

Biz yo‘lga tushdik. U yoqdan-bu yoqdan gaplashib bordik, armiyada xizmat qilgan yillarimizni esladik. Ishqilib, mening turmushim haqida gap ochib, surishtirib qolmasa bo‘lgani, deb cho‘chib turardim. Ammo Ermak, aftidan, hech narsadan xabarsizdek ko‘rinardi. Men biroz tinchlandim.
— Uyga qachon qaytding? — deb so‘radim men.

— Ishlayotganimga mana ikki yil bo‘ldi.

— Alibek Jonturin qaerda?

— Bilmadim. Men kelsam, u ketib qolgan ekan. Aytishlaricha, Pomirning allaqaeridagi avtobazada bosh mexanik bo‘lib ishlayotgan emish.
«Qoyilman, Alibek! Qoyilman senga, do‘stim! Puxta yigitsan!» — deb undan behad xursand bo‘ldim. Demak, oxiri o‘z maqsadiga erishibdi-da, u armiyada xizmat qilib yurgan kezlaridayoq avtomobil va yo‘l texnikumida sirtdan o‘qib yurgan edi. U institutni ham sirtdan tugatishni orzu qilib yurardi.

— Boshliqlaring Omonjo‘lovmi?

— Yo‘q, yangi odam. Omonjo‘lov ministrlikka ko‘tarilib ketdi.

— Seningcha, qalay, meni ishga olisharmikin?

— Nega endi olishmasakan, olishadi, albatta. Birinchi klass shofyorsan, axir armiyada ham yaxshilar qatorida eding-ku.

— Qachonlardir shunday edim, — deb to‘ng‘illadim men. — Jontoyni-chi, bilasanmi uni?

— Bizda unaqa odam yo‘q. Hech qachon eshitmaganman ham.

«Ha, avtobazada ozmuncha o‘zgarishlar bo‘lmapti…» — deb xayolimdan o‘tkazdim. Keyin so‘radim:

— Pritseplar bilan ishlash qalay? Dovondan olib o‘tyapsizlarmi ?

— Ha, bemalol o‘tib yuribmiz, — dedi u e’tiborsizgina. — Yukning qanaqaligiga bog‘liq. Zarur bo‘lsa tirkab olishadi-yu, ketishaveradi. Hozir mashinalar juda baquvvat emasmi…

Bu pritseplar menga naqadar qimmatga tushganini u bilmasdi. Anorxoy dashtida ishlab yurgan kezlarimda ham bu hodisa haqida ko‘p bosh qotirardim. Bu ishda birgina men aybdormanmi yoki yana qandaydir bo‘lak sabablar ham bormikin? Agar bunday o‘ylab qaralsa, bu juda oddiy, uncha bosh qotirib o‘tiradigan ish emas edi. Qanchalik og‘ir va qanchalik qiyin bo‘lmasin, Do‘landan pritsep ulab o‘tish mumkin ekanligi oxiri isbotlandi-ku, endilikda, agar zaruriyat tug‘ilib qolsa, bemalol olib o‘tilyapti-ku. Ammo bari balo shundaki, biror yangilik o‘zining ishda qo‘llanilishini talab etayotgandek, eshigingni qoqib turgan taqdirda ham o‘z vaqtida sezib ololmaymiz. Nega odamlar mening taklifimga shunchalik ishonchsizlik bilan qarashdi? Bu taklifni tog‘ sharoitida amalga oshirish haqiqatan ham qiyinligidan tashqari, yana bizning trassada mashinalardan foydalanish va yuk tashish qonun-qoidalari instruktsiyasi ham bor edi, unda dovondan pritsep ulab o‘tish man etilgandi. Xudo biladi, bu instruktsiya qachon ishlab chiqilgan ekan.

Ehtimol urushdan avval polutorkalarga moslab tuzilgandir. Bu bechora polutorka pritsep uyoqda tursin, hatto o‘zi tep-tekis yo‘ldan arang yurardi. Endilikda hech qanday instruktsiyaning hojati yo‘q edi. Yangi markali, juda baquvvat zamonaviy yuk mashinalari vujudga keldi-yu, ammo qog‘ozdagi narsalar esa to hayotning o‘zi o‘chirib tashlamaguncha eskiligicha saqlanib kelaverdi. Mayli, bu kichkina va alohida bir masala, deylik, biroq shunga o‘xshash narsalar boshqa, yanada muhimroq va yanada kattaroq ishlarda yuz berib qolishi mumkin-ku, axir. Endi-ku, o‘rtoqlarimning yuk ortish stantsiyasidagi beodobligim uchun salkam do‘pposlamoqchi bo‘lganlaridan xafa emasman-a. Lekin o‘sha vaqtda xuddi ana shu narsa mening jahlim chiqib ketishiga va qiziq ustida hech narsani o‘ylab o‘tirmay, pritsepni dovonga olib ketishimga sabab bo‘lgan edi-da…

Xullas, o‘zimning qadrdon avtobazamga qaytdim. Birinchi kuni Ermak o‘z uyiga taklif qildi. Yaxshigina kutib oldi. Uchrashganligimiz sharafiga bir oz ichamiz, dedi. Ammo men ichmadim, ko‘pdan beri ichmasdim, ichish niyatim ham yo‘q edi.

Avtobazada ham yaxshigina kutib olishdi. Ishga qabul qilishdi, yotoqxonada yashay boshladim. Meni taniydigan oshna-og‘aynilarimning jig‘imga tegib, uni-buni so‘rab-surishtiravermaganlaridan juda xursand bo‘ldim. Ko‘rib turibdilarki, bir kimsa qayoqlardadir tentirab yurib, yana o‘z o‘rtoqlari huzuriga qaytib kelib, vijdonan halol ishlayapti — juda yaxshi. O‘tgan ishni qo‘zg‘ashning nima hojati bor? O‘zim ham hammasini unutishga, bir umrga unutishga harakat qilardim. Men bir vaqtlar oilam bilan yashab turgan o‘sha dovondagi baza oldidan o‘tib borayotib, atrofga nazar tashlamay, hatto benzinkolonkadan benzin ham olmay, g‘izillaganimcha o‘tib ketardim. U yerda bir daqiqa bo‘lsa ham ushlanib qolmaslik uchun to‘xtamasdan chetlab o‘tardim. Ammo baribir meni hech narsa qutqara olmadi, o‘zimni o‘zim alday olmadim.

Avtobazaga qaytganimga ham ancha vaqt bo‘ldi. Trassa meni o‘ziga jalb etib oldi, unga yana ko‘nikib qoldim. Mashinani har ohangga solib haydardim, motorni barcha tezliklarda va balandliklarga chiqishda sinab ko‘rdim. Qisqasi, o‘z ishimni bilardim va unga sho‘ng‘ib ketdim.

O‘sha kuni Xitoydan qaytib kelayotgan edim. Bamaylixotir, hech narsani o‘ylamay papiros chekib, rul chambaragini aylantirgancha, har tomonga nazar tashlab kelardim. Ayni bahor, tevarak-atrof kishini o‘ziga maftun etardi. U yer-bu yerga o‘tovlar tikilayotgan edi: chorvadorlar bahorgi yaylovlarga chiqishayotgan edilar. O‘tovlar uzra ko‘tarilgan ko‘kish tutunlar ko‘kka bo‘y cho‘zishardi. Shamol bezovtalanib kishnayotgan ot ovozini olib keldi. Qo‘y-qo‘zilar yo‘l yoqasida o‘tlab yurishardi. Bolalik chog‘larim esimga tushib ketdi, ko‘nglim xiyol g‘ash tortdi… Ko‘lga yaqinlashib qolganimni bilaman, birdan cho‘chib, seskanib ketdim: oqqushlar!

Shu bilan hayotimda ikkinchi marta Issiqko‘lda bahorgi oqqushlarni ko‘rishim edi. Ko‘m-ko‘k Issiqko‘l uzra oppoq qushlar gir aylanishib parvoz qilishardi. To‘g‘ri borayotib, nimagaligini o‘zim ham bilmay, mashinani yo‘ldan keskin burdim-da, xuddi o‘tgan safargidek, qo‘riq yerni kesib, ko‘lga tomon hayday boshladim.

O‘, Issiqko‘l, Issiqko‘l, qirg‘iz diyorining so‘nmas qo‘shig‘i! Nega men yana o‘sha kunni, Asal bilan suv bo‘yida, tepalikda to‘xtagan kunni esladim-a! Ha, hozir ham hammasi avvalgidek: oq-ko‘kish to‘lqinlar go‘yo qo‘l ushlashib olganday saf tortishib o‘rkach-o‘rkach bo‘lib, sarg‘ish qirg‘oqlarga mingashar edilar. Yotog‘iga yo‘l olgan quyosh tog‘lar ortiga asta-sekin botib bormoqda, etakdagi suvlar esa qontalashgandek qizg‘ish tusda tovlanardi. Oqqushlar tantanavor chag‘illashib charx urishardi. Ular birdan qanot qoqib yuqoriga parvoz qilardilaru yana qanotlarini yozib chuvillab pastga suzib tushar, suvga to‘sh urib, qat-qat halqachalar hosil qilardilar. Ha, hamma-hammasi ayni o‘sha manzaraning o‘zi-yu, ammo yonimda Asal yo‘q edi, xolos.

Hozir qaerlarda yuribsan, qizil durrachali sarvqomatim?

Ko‘l bo‘yida allamahalgacha qolib ketdim. Keyin avtobazaga qaytib keldim, undan chiqib sabr-toqatim tugab, kayfiyatim tag‘in buzila boshladi. Yuragimda qo‘zg‘algan dard-alamlarni bosish uchun yana choyxonaga bordim. Choyxonadan juda kech qaytdim. Atrof qop-qorong‘i, osmonni bulut qoplagan edi. Quvurdan otilib chiqayotgandek daradan guvillab esayotgan kuchli shamol quturib daraxtlar qaddini egib-bukar, sim-yog‘ochlardagi simlarga urilib chuvillar va mayda toshlarni kishi yuziga keltirib urar edi. Ko‘l esa chayqalib to‘lg‘anardi. Men yotoqxonaga zo‘r-bazo‘r yetib oldimu yechinib o‘tirmasdan o‘zimni karavotga tashladim.

Ertalab boshimni ko‘tara olmasdim, sirqirab rg‘rirdi. Tashqarida yurakni siquvchi qor aralash yomg‘ir shivalab yog‘ardi. Ishga borishga hafsalam kelmay, uch soatlar chamasi ag‘anab yotdim. Bunday hodisa, ya’ni hattoki, ishning ham ko‘nglimga xush kelmayotganligi hayotimda birinchi marta sodir bo‘layotgan edi. Ammo keyin o‘zimdan o‘zim uyalib ketdimu yo‘lga chiqdim.

Mashina majoli qurigandek imillab borardi, to‘g‘rirog‘i, o‘zimning tabiatim xira edi. Buning ustiga, havo ham aynagan edi. Qarshimdan kabinalari va bortlari qorga botgan mashinalar chiqib turardi. Demak, dovonda qor yog‘ayotgan ekan. Mayli, yog‘sa yog‘aversin, menga nima, bo‘ron turib bermaydimi, menga baribir, nimadan qo‘rqaman, nima bo‘lsa bo‘lar…

Avzoyim juda buzuq edi. Tepamda turgan ko‘zguchaga qarab ko‘nglim aynab ketdi: soqol-mo‘ylovim o‘sib ketgan, xuddi kasaldan turgandek yuzlarim so‘lg‘in, qovog‘im shishgan edi. Yo‘lda bir oz tamaddi qilib olsam bo‘lardi, ertalabdan beri tuz totganim yo‘q, ammo ovqatga ishtaham yo‘q bo‘lsa ham ichishdan qochmasdim. O‘zingga bir marta erk berdingmi, bas, keyin to‘xtatib olish qiyin. Birinchi stakandan so‘ng ancha tetiklanib, o‘zimga keldim. Mashina ham yengil yurib borayotgandek bo‘ldi. Keyin yana yo‘lda yugurib kirib yuz gramm ichib chiqdim, keyinroq buning ustiga yana ozroq otib oldim. Yo‘l g‘irillab ortda qolib borar, oyna tozalovchi cho‘tkalar u yokdan bu yoqqa borib kelardi. Mashina bilan jangga kirib borayotgandek egilib olib, og‘zimdagi sigaretani chaynardim. Qarshidan kelib, kabina oynalariga ko‘lmak suvlarni sachratib, g‘izillab o‘tib ketayotgan mashinalarnigina ko‘rardim, xolos. Men ham tezlikni oshira bordim, kech kirib qolgan, toqqa kelganimda zim-ziyo tun edi. Mana shu yerga kelganimda aroq o‘z kuchini ko‘rsata boshladi. Madorim qurib, ko‘zim tinib, yo‘lni ko‘rish tobora qiyinlasha bordi. Kabina ichida dimiqib ketdim, ko‘nglim ayniy boshladi. Hali hech qachon bunchalik mast bo‘lmagan edim. Yuzimdan sharros ter quyilardi. O‘zimni mashinada emas, go‘yo olg‘a tomon shiddat bilan tun bag‘rini yorib borayotgan ikkala chiroq nurlari o‘rtasida o‘tirib ketayotgandek his qilardim. Nurlar bilan birgama-birga men ham goh yorug‘lik tushib turgan chuqurlikka zarb bilan otilib tushar, goh titrab-qaltirab qoyalar ustida o‘rmalovchi nurlarga tirmashib yuqoriga ko‘tarilar, goh nurlar ketidan quvlab u yoqdan bu yoqqa yugurayotgandek bo‘lardim. Har daqiqa sayin holdan toyib boraverdim. Biroq har qancha og‘ir bo‘lsa ham to‘xtamasdim, chunki ruldan qo‘limni uzdimmi, bas, mashinani endi boshqara olmasligimga aqlim yetib turardi. O‘sha paytda dovonning qaerida borayotganimni aniq eslayolmayman. Oh, Do‘lan, Do‘lan, Tyan-Shanning haybatli beli! Senda yurish bunchalar mushkul! Ayniqsa tunda, yana men singari kayfi oshgan shofyor uchun!

Mashina allaqanday balandlikka zo‘r-bazo‘r ko‘tarildi-yu, birdaniga pastlikka, tog‘ etagiga qarab sho‘ng‘idi. Ko‘z o‘ngimda tun gir-gir aylanib, hammayoq ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi. Qo‘llarim endi menga itoat qilmay qo‘ygandi, rul chambaragidan sirg‘alib tushar, tezlik richagini tuta olmas edi. Borgan sari mashinaning tezligi oshib, pastga tomon uchib borardi. So‘ng allanimaga urildi shekilli, taraqa-turuq, sharaqlagan ovozlar eshitildi. Chiroqlar o‘chib, ko‘z o‘ngimni zim-ziyo qorong‘ilik bosdi. Qalbimning allaqaerida: «Mana, avariyaga ham uchrading!» — degan fikr yalt etib ketdi.
Shu ko‘yda qancha vaqt yotganligimni bilmayman. Bir payt qulog‘imga paxta tiqib qo‘yilgandek bir ovoz arang eshitildi. «Qani, yorit-chi!» Kimningdir qo‘llari yelkamni, boshimni va ko‘kragimni paypaslab ko‘rdi. «Tirik, ammo o‘lardek mast», — dedi o‘sha ovoz. Boshqasi esa: «Yo‘lni bo‘shatish kerak», — dedi unga.

— Qani, do‘stim, sal suril-chi, rulni menga ber, mashinani chetga olaylik! — haligi qo‘l yelkamga sekingina turtardi.

Men ingrab, ruldan zo‘rg‘a boshimni ko‘tardim. Peshonamdan qon oqardi. Ko‘kragim ezilib shikastlangan ekan, qaddimni ko‘tarishga yo‘l qo‘ymasdi. Tepamdagi kishi gugurt chaqib, yuzimga qaradi. So‘ngra yana ikkinchi marta gugurt chaqib, yana tikildi-da, qo‘ng‘ir mo‘ylovlari ostidan hayratlanib jilmaydi.

— Do‘stim, senga nima bo‘ldi! Bu qanaqasi? — derdi u xafalanib g‘amgin ohangda qorong‘ilik orasidan.

— Mashina… qattiq shikastlanibdimi? — dedim xirillab qon aralash tuflab.

— Yo‘q, unchalik emas. Faqat borayotib zarb bilan surilib ketgan-u, ko‘ndalang bo‘lib qolgan, xolos.

— Unday bo‘lsa hozir jo‘nab ketaman, yo‘lda turmayman! — deb o‘zimga itoat qilmay qo‘ygan qaltiroq qo‘llarim bilan motorni yurgizmoqchi bo‘lib startyorni bosishga urindim.
— To‘xta! — deb u meni mahkam quchoqlab oldi. — Maynabozchilik yetar. Chiq bu yoqqa. Tong otguncha uxlab ol-chi, ertaga uyog‘ini yana ko‘rarmiz…

U meni kabinadan tortib chiqardi.

— Kamol, sen yo‘l tirband bo‘lib qolmasdan mashinani chekkaga chiqarib qo‘y, keyin nima bo‘lganini aniqlarmiz! — dedi u hamrohiga, o‘zi bo‘lsa qo‘llarimni bo‘yniga solib, qorong‘ida qayoqqadir yetakladi. Biz uzoq yurdik, u odam meni jimgina yetaklab borar-di, men iloji boricha o‘zim yurishga harakat qilardim, biroq tezda toliqib qolaverdim, shunda u odam yana qo‘ltig‘imga kirib yetaklashda davom etardi. Shu yo‘sinda biz allaqanday xonadonga yetib keldik. Boyagi kishi qo‘ltig‘imdan tutib turib, uyga kirishimga yordamlashdi. Kiraverishdagi xonada kerosin chiroq yonib turardi. U kishi meni taburetkaga o‘tqazib, ustimdan kalta po‘stinimni yecha boshladi. Shundagina men uning yuziga qaradim. Uni tanidim. Bu yo‘l tuzatuvchi usta, dovonda mashinani shatakka olganimda uchrashgan o‘sha Boytemir edi. Men juda uyalib ketdim, lekin shunga qaramay, sevindim ham, endi uzr so‘rab, tashakkur izhor etmoqchi bo‘lib og‘iz juftlagan ham edimki, shu payt polga bir nima taraqlab tushdi. Men qayrilib qaradim va yelkalarimdan ulkan tosh bosib turgandek o‘rnimdan xiyol ko‘tarildim. Ostonada, sochilib yotgan o‘tinlar oldida toshdek serrayib qotib qolgan Asal turardi.
— Bu nimasi? — deb pichirladi u. «Asal!» — deb qichqirib yuborishimga sal qoldi, ammo uning yaqinlashmay, begona qiyofada tikilib turganidan og‘iz ocholmay qoldim. Uyat va nomusdan o‘t bo‘lib yonib, boshimni quyi soldim. Xonaga bir zum yurakni yorib yuborgudek og‘ir sukunat cho‘kdi. Agar Boytemir bo‘lmaganida, bilmadim, nima bo‘lardi. U hech narsa bo‘lmagandek bamaylixotir meni o‘rnimga o‘tqazdi.
— Hech narsa bo‘lgani yo‘q, Asal, — dedi u xotirjamgina. — Shofyor bir ozgina shikastlanibdi, tuzalib ketadi… Sen, yaxshisi, yod bersang bo‘lardi bizga…

— Yod? — endi uning ovozi o‘z holiga qaytgan, mayinlashgan va tashvishli edi. — Yodni qo‘shnilar olib ketishgan edi… Hozir olib chiqaman! — deya Asal es-hushini yig‘ib oldi-da, yugurib tashqariga chiqib ketdi.

Men qimir etmay, lablarimni tishlaganimcha o‘tirardim. Kayfim tarqab, bir zumda hushimga kelib qoldim… Endi chakka tomirlarim lo‘qillab ura boshladi.
— Avval yuvish kerak, — dedi Boytemir peshonamdagi shilingan joylarni ko‘zdan kechirarkan, keyin chelakni ko‘tarib tashqariga chiqib ketdi. Qo‘shni xonadan ko‘ylakchan, yalangoyoq, besh yoshlar chamasidagi bir bola mo‘ralab qarardi. U yotgan joyidan turib kelgan bo‘lsa kerak, katta-katta sinchkov ko‘zlari bilan menga termilib boqardi. Men uni darhol tanidim. Qanday taniganimni o‘zim ham bilmayman, har qalay, o‘g‘lim ekanini sezdim, qalbim sezdi buni.

— Samad! — deb shivirladim kutilmagan uchrashuvdan ovozim bo‘g‘ilib va unga qarab intildim. Shu payt ostonada Boytemir paydo bo‘ddi, men uni ko‘rib, negadir bir cho‘chib tushdim. Chamasi, o‘g‘limning otini atab chaqirganimni eshitib qolgan bo‘lsa kerak. Xuddi o‘g‘irlik ustida qo‘lga tushgandek, o‘zimni juda noqulay seza boshladim. Xijolat tortayotganimni sezdirmaslikka intilib, peshonamdagi shilingan yerni qo‘lim bilan bekitganimcha:
— Bu sizning o‘g‘lingizmi? — deb so‘radim. Nega shunaqa deb savol berdim-a? Bu xatoim uchun o‘zimni hozirgacha kechira olmayman.

— Mening o‘g‘lim! — dedi mezbonga xos xushmuomalalik bilan Boytemir. U qo‘lidagi chelakni polga qo‘ydi-da, Samadni ko‘tarib oldi. — Mening o‘g‘lim, albatta, o‘z o‘g‘lim, shunday emasmi, Samad! — derdi u o‘g‘lini o‘pib va mo‘ylovi bilan uning bo‘ynilarini qitiqlab erkalab. Boytemirning ovozida va o‘zini tutishida soxtalikdan asar ham yo‘q edi. Uning barcha hatti-harakatlari shunchalik tabiiy ediki, go‘yo mening o‘rnimda mening rolimni ado etayotgandek edi. — Ha, toychog‘im, nega uxlamayapsan? Hamma narsadan xabardor bo‘lsang-a, qani, o‘rningga chopqilla-chi!

— Oyim qani? — deb so‘radi Samad.
— Hozir keladi. Ana kelyapti. Bor endi, o‘g‘lim, uxla.

Asal jimgina yugurib kirdi va bizga sergaklik bilan tezgina nazar tashlab chiqdi-da, yodli shishachani Boytemirga berib, o‘g‘lini olib ketdi.

Boytemir namlangan sochiq bilan yuzimdagi qonni artdi.
— Birpas chidaysan endi! — deb hazillashdi u shilingan joylarimga yod surarkan va jiddiy suratda:

— Bu ishing uchun seni o‘tda kuydirsa ham bo‘lardi-yu, mayli, endi, mehmonimizsan-da… Mana tamom, qutulding, bitib ketadi. Asal, bizga choy qo‘yib yuborsang bo‘lardi.

— Hozir! — dedi Asal o‘g‘lini allalay turib. Boytemir polga yoyilgan kigiz ustiga ikki qavat ko‘rpacha solib, yostiq qo‘ydi.
— Buyoqqa o‘tib o‘tir, — dedi u menga. — Yonboshla, bir oz damingni ol…

— Hechqisi yo‘q, rahmat! — deb g‘o‘ldiradim men.

— O‘tir, o‘tiraver, o‘z uyingdek bemalol o‘tiraver! — deb qattiq turib oldi u.

Bularning hammasi go‘yo tushimda bo‘layotgandek edi. Mana hozir hammasi oshkor bo‘ladi, qani endi yer yorilsa-yu, yerga kirib ketsang, degan qo‘rquv va tashvishdan yuragim tars yorilib ketayozgandek edi. Chunki men bu yerga naqadar ayanchli ahvolda: mast, iflos va qonga bo‘yalgan holda kelganimni payqagan edim. Uf, onam nega tuqqan ekan meni-ya!
Asal bizga qaramaslikka harakat qilib, samovarni oldi-da, tashqariga olib chiqib ketdi.
— Men hozir senga yordamlashib yuboraman, Asal! — dedi Boytemir uning orqasidan. U Asalning ketidan endi chiqmoqchi bo‘lib turgan edi, Samad yana o‘rnidan irg‘ib turdi. Uning mutlaqo uxlagisi yo‘q edi.

— Senga nima bo‘ldi, Samad! — deb mehribonlik bilan bosh chayqadi Boytemir.

— Amaki, siz to‘ppa-to‘g‘ri kinodan chiqdingizmi? — deb so‘radi o‘g‘lim jiddiy, oldimga yaqinroq kelib.
Men uning nima hakda gapirayotganini tushunmadim, Boytemir bo‘lsa xaxolab kulib yubordi.

— Voy, tentag-ey, — deb kulardi Boytemir bolaning yoniga cho‘kkalab o‘tirganicha. — Toza ichaklarni uzding-ku. Biz konga kino ko‘rgani borib turamiz! — dedi u menga murojaat qilib. — U ham biz bilan birga boradi.

— Ha, men kinodan chiqdim! — deb umumiy kulgiga qo‘shildim.

Ammo Samad qovog‘ini solib oldi-da:

— Yolg‘on! — dedi.
— Nega endi yolg‘on bo‘larkan?

— Bo‘lmasa, anov urishadigan qilichingiz qani?

— Uyga tashlab keldim…

— Menga ko‘rsatasizmi, amaki? Ertaga ko‘rsatasizmi?

— Xo‘p, xo‘p, ko‘rsataman. Qani, buyoqqa kel-chi, sening oting nima, Samad-a, to‘g‘rimi?

— Samad. Sizning otingiz nima, amaki?

— Menikimi… — deya nafasim ichimga tushib ketdi.— Mening otim Ilyos amaki, — dedim zo‘r-bazo‘r.

Boytemir shoshib qoldi:

— Sizlar bu yerda gaplashib o‘tira turinglar, biz hozir choy qaynatib kelamiz. — U ostonada to‘xtadi. — Sen, Samad, borib yot, kech bo‘lib qoldi.

— Dada, yana ozgina o‘tira qolay! — deb yolvordi Samad.

— Ha, mayli! — deb rozi bo‘ldi Boytemir. Samad oldimga keldi. Men uning qo‘llarini siladim: u menga o‘xshardi, juda o‘xshardi. Hatto qo‘llari ham, kulgisi ham xuddi menikiga o‘xshardi.
— Katta bo‘lganingda kim bo‘lasan? — deb so‘radim men qanday bo‘lmasin, o‘g‘limni gapga solmoqchi bolib.

— Shofyor bo‘laman.

— Mashinada yurishni yaxshi ko‘rasanmi?

— Judayam… Qo‘l ko‘tarsam, hech kim meni mashinasiga chiqarmaydi…

— Ertaga men seni o‘ynatib kelaman. Bo‘ptimi?

— Bo‘pti. Men sizga o‘zimning oshiqlarimni beraman! — U oshiqlarni olib kelish uchun narigi xonaga chopib kirib ketdi.

Deraza ortida samovar karnayidan o‘t chiqib turardi. Asal bilan Boytemir allanimalar haqida gaplashishardi. «Samadimizning nima deganini eshitganingdami, ichaging uzilardi», — dedi Boytemir quvonch bilan tarasha yorayotib. Qiziq, Asal ham aytarli biron narsa bo‘lmagandek xotirjamgina javob berdi: «Ha! U shunaqa, nimani ko‘rsa, shuni gapiraveradi!»
Samad arxar terisidan yasalgan xaltachadagi oshiqlarini pishillab ko‘tarib keldi-da, oldimga sochib tashladi:

— Tanlab oling, amaki! — deb u rang-barang bo‘yoqlarga bo‘yalgan o‘z boyligini namoyish qila boshladi.

Men esdalik uchun bittasini olmoqchi bo‘ldim-u, ammo jur’at eta olmadim. Eshik ochilib, qaynagan samovarni ko‘tarib Boytemir kirdi. Uning ketidan Asal ko‘rindi. U choy damlaguncha, Boytemir bizning oldimizga yumaloq xontaxtani keltirib qo‘ydi-da, dasturxon yozdi. Biz Samad bilan oshiqlarni yig‘ishtirib, ularni yana xaltachaga solib qo‘ydik.
— O‘z bisotini ko‘z-ko‘z qilayapti, ah, maqtanchoq! — deb sevib tortqiladi Boytemir Samadning qulog‘idan.

Oradan sal o‘tmay biz samovar atrofida o‘tirib choy icha boshladik. Biz bir-birimizni go‘yo hech qachon ko‘rmagandek va bilmaydigandek o‘tirardik. Shuning uchun bo‘lsa kerak, o‘zimizni xotirjam tutishga, kamroq gaplashishga tirishardik. Faqat Samadgina o‘zini erkin tutardi. U Boytemirning tizzasiga chiqib olib, pinjiga tiqilganicha boshini sarak-sarak qilib o‘ynardi.
— U-uh, doim mo‘ylovingiz odamni qitiqlaydi-ya, dada! — deb tipirchilardi u va o‘zi unga yopishib chakkasini mo‘yloviga tegizar edi.

— Ehtiyot bo‘l, choyga kuyib qolasan! — deb ogohlantirdi Boytemir.

Hali bu go‘dak atrofida o‘tirgan biz kattalarning har birimiz hozir o‘z o‘y-xayollarimiz bilan band ekanligimizni fahmlamas edi. Bizning takdirimiz bugun favqulodda to‘qnashib qolishi kimningxayoliga kelibdi deysiz. Bularning hammasi nima bilan tugallanarkan?..

Boshqa odamni «dada», deb erkalanayotgan o‘z o‘g‘lim bilan yonma-yon o‘tirish menga oson deysizmi? Visolida qanchalar azob va iztirob chekkanim Asal, mening aziz Asalim ro‘paramda o‘tirgan bo‘lsa-yu, ko‘zlariga tik qarashga jur’at eta olmasam. Qanday qilib bu yerga kelib qoldiykin u. Sevib qolib turmushga chiqdimikin? Go‘yo men unga mutlaqo begona, mutlaqo notanish kishidek, u o‘zini tanimaslikka solayotgan bo‘lsa, men buni qayoqdan bilayin axir? Nahotki u mendan shu qadar nafratlangan bo‘lsa? Boytemir-chi? Nahotki u mening aslida kim ekanligimni payqamayotgan bo‘lsa? Samad ikkimiz bir-birimizga o‘xshashimizni nahotki sezmayotgan bo‘lsa? Nega u dovonda mashinani shatakka olganimizdagi uchrashuvimizni hatto eslamadi ham? Yo unutdimikin?..

Uyquga yotganimizda men o‘zimni yanada og‘irroq sezdim. Menga shu yerning o‘ziga, kigiz ustiga o‘rin solib berishdi. Men devorga qarab yotardim, chiroq piligi xiyol pasaytirilgan. Asal bo‘lsa idish-tovoqlarni yig‘ishtirmoqda edi.

— Asal! — deb chaqirdi Boytemir sekingina qo‘shni xonaning qiya ochiq turgan eshigidan. Asal uning oldiga bordi.

— Ko‘ylagini yuvib qo‘ysang bo‘lardi, — dedi u. Asal stuldan qonga belangan katak-katak ko‘ylagimni oldi-da, yuva boshladi. Biroq shu zahotiyoq yuvishdan to‘xtadi. Boytemir tomonga o‘tgani eshitildi.
— Radiatorning suvini to‘kib qo‘ydilaringmi? — deb so‘radi u shivirlab. — Tag‘in muzlab qolmasin…

— To‘kilgan, Kamol to‘kib tashladi! — dedi Boytemir ham shivirlab. — Mashina deyarli lat yemagan… Ertalab yordamlashamiz…

Men esa mashina haqida o‘ylamabman ham: na radiator va na motor ko‘rinardi ko‘zimga.

Asal ko‘ylakni yuvib bo‘lib, uni pechka tepasiga yoyar ekan, chuqur xo‘rsinib qo‘ydi va chiroqni o‘chirib, chiqib ketdi.

Uyni qorong‘ilik qopladi. Hammamizning ham uxlamay yotganimizni sezib yotardim. Har birimiz o‘zimizcha yolg‘iz o‘y-xayollarimiz bilan edik. Boytemir o‘g‘li bilan bir karavotda yotibdi. U nimalardir deb Samadni erkalar, uyqusida tipirchilab tepkilansa, ko‘rpani ustiga tortib yopib qo‘yardi; Asal goho-goho og‘ir xo‘rsinib qo‘yardi. Uning qorong‘ida xuddi yomg‘irda qolgan toshdek yiltirayotgan ko‘zlari menga ko‘rinib turardi… Ular balki yosh bilan to‘ladir. Nima hakda, kim haqida o‘ylayotganikin? Endi u bir emas, uch kishi haqida qayg‘urishi kerak edi… Ehtimol, u ham xuddi men singari bir-birimizni bog‘lab turuvchi o‘sha o‘tmish kunlarni, lazzatli va iztirobli damlarni xotiridan bir-bir o‘tkazayotgandir. Ammo endi uning visoliga yetolmayman, shuningdek, uning o‘y-fikrlarini ham bilolmayman. Keyingi yillar ichida Asalning o‘zi ham, ko‘zlari ham o‘zgarib ketgan edi… Endi bu ko‘zlar avvalgi, ishonch bilan boqib, mehr, soddadillik bilan porlab turuvchi g‘uborsiz ko‘zlar emas edi. Ular vazmin va jiddiylashgan edi. Biroq Asal men uchun hamon o‘sha dasht quchog‘ida yayrab o‘sgan sarvqomatligicha qolgan edi. Uning har bir xislat, xususiyat va xatti-harakatlari men uchun tanish va qadrdon edi. Bu esa bir alamimni ikki qilib, qalbimni o‘rtab tirnardi. Alamimdan yostiq burchagini tishlaganimcha g‘ing demay yotardim. Tonggacha mijja qoqmadim.

Derazadan ko‘kda suzib yurgan oy bulutlar orasidan yog‘du sochar, dam-badam o‘z jamolini ko‘rsatib qo‘yardi.

Erta tongda Asal bilan Boytemir xo‘jalik ishlari bilan hovliga chiqib ketganlarida men ham o‘rnimdan turdim. Jo‘nash kerak edi. Sekin odimlab borib Samadni o‘pdim-da, tezda xonadan chiqib ketdim.
Asal hovlida tosh o‘choqqa o‘rnatilgan katta qozonda suv isitmoqda edi. Boytemir o‘tin yorardi. Biz u bilan birga mashina tomon ketdik. Jimgina papiros chekishib borardik.

Mashina kechasi yo‘l chekkasidagi betonli ustunchalarga urilgan ekan. Ulardan ikkitasi tag-tugi bilan qo‘porilib yotardi. Mashinaning chirog‘i singan, qanoti va oldingi qismi pachaqlangan, g‘ildiragi bir tomonga xiyol qiyshayib ketgandi. Biz bularning hammasini lom va bolg‘a bilan ozmi-ko‘pmi tuzatdik. So‘ng motorni yurgizolmay uzoq vaqt azob cheqdik. Motor dovonda muzlab qolgan edi. Karterni mash’al yoqib qizdirdik, keyin ikki kishilashib ruchkani aylantira boshladik. Yelkalarimiz to‘qnashib, kaftimiz ruchka dastasini aylantiraverib qizib ketdi, bir-birimizning yuzimizga iliq nafasimiz urilardi, ikkalamiz ham bir ishni bajarar edik, ehtimol, o‘y-xayollarimiz ham bir yerdan chiqar.

Motorning o‘t olishi juda qiyin bo‘ldi. Ikkalamiz ham hansiray boshladik. Shu orada Asal ikki chelak issiq suv keltirdi va ularni jimgina oldimga qo‘ydi-da, o‘zini chetga olib turdi. Suvni radiatorga quydim. So‘ngra yana Boytemir bilan birgalikda ruchkani bir-ikki aylantirib yuborgan edik, nihoyat motor ishlab ketdi. Men kabinaga o‘tirdim. Motor notekis, uzilib-uzilib ishlardi. Svechalarni tekshirish uchun Boytemir kapot ostiga kirdi. Shu chog‘ paltochasining tugmalari qadalmagan Samad hansiraganicha chopqillab kelib qoldi va mashinaning atrofidan g‘izillab chopa boshladi. Chunki u mashinaga minib sayr qilish ishtiyoqida edi. Asal uni tutib oldi-da, qo‘lidan mahkam ushlab olgancha, kabinaning yoniga o‘tib turdi. U menga ta’na qilgandek, shunaqa ham alam va achinish bilan termildiki, o‘z gunohimni yuvish va ularni yana o‘zimga qaytarish uchun shu damda lozim bo‘lsa har narsa qilishga tayyor edim. Men kabinaning ochiq eshigidan engashib qaradim:

— Asal! o‘g‘limizni olib o‘tir! O‘tgan galgidek mashinaga o‘tqazib olib ketaman, bir umrga olib ketaman! O‘tir! — deb motor shovqini ostida yolvorardim unga.
Asal hech nima demadi, jiqqa yoshga to‘lgan ko‘zlarini jimgina chetga burib, «yo‘q», degandek bosh chayqadi.

— O‘tiraylik, oyi! — deya uning qo‘lidan tortqiladi Samad. — O‘ynab kelamiz!
U o‘g‘lini siltab tashladi va uni qo‘lidan qo‘ymay nariga yetaklab ketdi. U boshini quyi solgancha atrofga nazar tashlamay borardi. Samad esa orqaga tortqilar, ketgisi kelmasdi.

— Tayyor! — deb qichqirdi Boytemir kapotni yopib, keyin, asbob-uskunalarni menga uzatdi. Yo‘lga tushdim. Yana qo‘lim rulda, yana yo‘l, tog‘-toshlar, mashina meni uchirib olib ketmoqda,

uning men bilan qanchalik ishi bor…
Asal bilan o‘g‘limni dovonda ana shu yo‘sinda topdim, biz shu xilda uchrashdik va ajrashdik. Chegaraga bora-borguncha va qaytishda butun yo‘l bo‘ylab o‘ylab o‘yimga yeta olmadim. Cheki-chegarasi yo‘q o‘y-xayollardan charchab ketdim… Endi bu yerlardan boshim oqqan tomonga qarab bosh olib ketishim kerak edi, bu yerda qolishim mumkin emas edi.

Bunga men qat’iy qaror qildim, shu xayollar bilan orqaga qaytdim. Dovondan oshib o‘tdim va yo‘l uchastkasidan o‘tib keta turib Samadni ko‘rib qoldim. U yo‘l yoqasida bir o‘g‘il bola va o‘zidan bir oz kattaroq bir qiz bola bilan o‘ynab yurgan edi. Ular toshqo‘rg‘on o‘ynashardi, ya’ni toshlardan hovlichalar va mollar uchun qo‘ralar qurishmoqda edi. Ehtimol, ilgarilari ham ularni yo‘l yoqasida ko‘rgandirmanu, ammo taniy olmagandirman. Demak, deyarli har kuni o‘g‘ilchamning yonginasidan o‘tib-qaytib yurganimni o‘zim payqamay yurgan ekanman. Mashinani to‘xtatdim.

— Samad! — deb chaqirdim men toychog‘imni. Ko‘rgim kelib ketdi. Bolalar menga qarab chopqillab kelishdi.
— Amaki, bizni mashinada o‘ynatgani keldingizmi? — deb oldimga chopib keldi Samad.

— Ha, ozgina sayr qildirmoqchiman sizlarni! — dedim men.

Bolalar chuvillashib, hammasi birdaniga kabinaga chiqishdi.
— Bu bizning tanish amakimiz, — deb maqtanardi Samad o‘rtoqlariga.

Men ularni bir oz sayr qildirgandek bo‘ldim. Ammo shu bilan o‘zimni shu qadar quvnoq va shu qadar baxtiyor his qilar edimki, bolalarning o‘zlari ham bunchalik huzur qilmagan bo‘lsalar kerak. So‘ngra ularni mashinadan tushirdim.

— Qani endi uylaringga chopinglar! — Bolalar chopqillab ketishdi. Men o‘g‘limni to‘xtatdim:
— Shoshmay tur, Samad, senga ozroq gapim bor! — deb uni qo‘limga olib, boshim uzra yuqoriga ko‘tardim, yuziga uzoq tikilib turdim so‘ngra ko‘ksimga bosib, o‘pib-o‘pib oldim-da, pastga tushirdim.

— Qilich qani, olib keldingizmi, amaki? — dedi Samad esiga tushib qolib.

— E, yodimdan ko‘tarilib ketibdi-ku, o‘g‘lim, endi kelasi safar olib kelaman! — deb va’da berdim unga.
— Endi esingizdan chiqarmaysiz-a, amaki? Biz boyagi joyda o‘ynab yuramiz.

— Yaxshi, qani endi tezroq chop!

Avtobazada duradgorlik ustaxonasida yog‘ochdan uchta o‘yinchoq qilich yasab, o‘zim bilan birga olib yurdim.

Bolalar haqiqatan ham meni kutib turishgan ekan. Men ularni mashinada yana bir oz aylantirdim. O‘g‘lim va uning o‘rtoqlari bilan do‘stligimiz ana shunday boshlandi. Ular menga tez ko‘nikib qolishdi. Uzoqdan ko‘zlari tushishi bilanoq bir-biridan o‘zishib chopib qolishardi.

— Mashina, mashinamiz kelyapti! — deb qichqirishardi.

Menga yana jon kirib, odambashara bo‘lib qoldim. Yo‘lda ketayotib ruhim tetik, dimog‘im chog‘ ketar va o‘zim bilan birga qandaydir noyob his-tuyg‘ularni eltib borardim. Yo‘l yoqasida meni o‘g‘lim kutib turganini bilardim. Loaqal bir-ikki minut bo‘lsa-da, u bilan yonma-yon o‘tirish men uchun katta baxt-ku. Endi butun fikr-u xayolim qanday bo‘lsa ham o‘g‘limning oldiga o‘z vaqtida yetib borish tashvishi bilan band edi. Men hamma vaqt dovondan kunduzi o‘tishni mo‘ljallardim. Iliq bahor kunlari edi, bolalar doim ochiq dalada o‘ynab yurishardi. Shuning uchun ham men ularni ko‘pincha yo‘l yoqasida uchratardim. Azbaroyi shu uchungina yashayotgandek va ishlayotgandek tuyulardi menga: o‘zimda yo‘q baxtiyor edim… Ammo ba’zan yuragim qo‘rquvdan orqasiga tortib ketardi. U yokda yo‘l uchastkasidagilar bolalarni mashinada o‘ynatib yurganligimni bilishadimi-yo‘qmi, bilmadimu, ammo o‘g‘limning men bilan uchrashishini man etishlari, uni yo‘l yoqasiga chiqarmay qo‘yishlari mumkin edi. Men bundan juda qo‘rqardim. Asal bilan Boytemirdan bunday qilmasliklarini, loaqal mana shu oniy uchrashuvlardan meni mahrum etmasliklarini dilimdan yalinib-yolvorib so‘rardim. Ammo bir kuni xuddi shunday bo‘ldi…

Birinchi May bayrami yaqinlashib kelmoqda edi, o‘g‘limga sovg‘a qilmoqchi bo‘lib, unga o‘ziyurar mashina — xuddi menikiga o‘xshash yuk mashinachasi sotib oddim. O‘sha kuni avtobazada o‘ralashib qolib, yo‘lga kechroq chiqqanim uchun juda shoshilardim. Ehtimol, shuning uchun hammi, ko‘nglim allanarsani oldindan sezayotgandek g‘ash tortayotgan edi, bekordan-bekor haya-jonlanib, xavotirlanardim. Yo‘l uchastkasiga yaqinlashib borar ekanman, Samadning qanchalik xursand bo‘lishini ko‘z oldimga keltirib, o‘rog‘liq o‘yinchoq mashinani yonimga solib qo‘ydim. Garchi uning bundan ko‘ra yaxshiroq o‘yinchoqlari bo‘lsa ham, bu alohida sovg‘a — shofyor bo‘lishni orzu qilib yurgan jajjigina bolaga yo‘lovchi tanish shofyorning sovg‘asi edi. Ammo bu gal Samadni uchratolmadim. Bolalar usiz chopib kelishdi… Men kabinadan chiqdim:

— Samad qani?
— Uyda, kasal bo‘lib qoldi, — dedi bir bola.

— Kasal bo‘lib qoldi? Boshi og‘riyaptimi yoki boshqa yerimi?

— Yo‘q, u kasal emas! — dedi bilag‘onlik bilan qizcha. — Oyisi buyoqqa yubormayapti!

— Nega?

— Bilmayman. Borma, deyapti.

Tarvuzim qo‘ltig‘imdan tushib, kayfiyatim buzildi. Mana shu bilan tamom, vassalom!
— Ma, olib borib ber, — deb o‘rog‘liq o‘yinchoqni haligi bolaga uzatdim, biroq shu zahotiyoq fikrimdan qaytdim. — Yo‘q, qo‘ya qol, — o‘yinchoqni qaytib olib, boshimni quyi solganimcha mashina tomon ketdim.

— Nega amakimiz bizni mashinaga chiqarmadi? — deb so‘radi bola opasidan.

— Kasal bo‘lib qoldi, — dedi opasi qovog‘ini solib.

.Ha, qizcha to‘g‘ri topgandi. Bu xabar men uchun har qanday kasalliqdan ham ortiq edi. Butun yo‘l davomi-da o‘ylanib bordim… Nahotki Asal mendan shu daraja ko‘ngli qolgan bo‘lsa, nahotki u menga nisbatan shu qadar bag‘ritoshlik qilsa? Men qanchalik yomon bo‘lmay, nahotki uning zarracha ichi achimasa! Yo‘q, ishongim kelmasdi… Asalning shu darajaga borishi mumkin emas, bu yerda boshqa bir gap bor… Xo‘sh, nima bor? Men qayoqdan bilay… Shu chog‘, o‘rtog‘i aytganidek, o‘g‘limning bir oz tobi qochib qolgan bo‘lsa kerak, deb o‘zimni o‘zim ishontirishga urindim. Nega unga ishonmasligim kerak ekan? Axir haqiqatan ham shunday bo‘lishi mumkin-ku. Men bunga o‘zimni shu darajada ishontirib qo‘ygan edimki, keyin bu fikrimdan o‘zim ham cho‘chib ketdim. O‘g‘limning isitmalab va alahsirab, ilondek to‘lg‘anib yotgani bir-bir ko‘z oldimdan o‘taverdi… Balki biron yordam zarur bo‘lib qolar, dori-darmon keltirish yoki kasalxonaga olib borish kerak bo‘lib qolar. Axir ular shaharda emas, dovonda yashashadi! Juda qiynalib ketdim. Orqaga qaytishga shoshildim, qanday tadbir-chora qo‘llash mumkin ekanligini tasavvur eta olmasdimu, biroq xayolimdan birgina narsa o‘tardi: tezroq yetib borishu, agar, o‘g‘lim sog‘-salomat bo‘lsa, ko‘rib ko‘ngilni joyiga tushirish. Men uni uchratishimga ishonardim, buni qalbim aytib turgan edi. Xuddi qasddan qilgandek, bakda yonilg‘i tamom bo‘lib qoldi, mashinani dovondagi benzokolonka oldida to‘xtatishga to‘g‘ri keldi.

* * *

Hikoyasining shu yeriga kelganda hamrohim Ilyos jimib qoldi. Qizib ketgan yuzlarini kafti bilan ishqalab, chuqur xo‘rsinib qo‘ydi-da, qiya ochilib turgan vagon derazasini oxirigacha surib, bilmadim, nechanchi marta ekan, yana cheka boshladi.
Vaqt yarim kechadan oshgan edi. Bizdan boshqa yo‘lovchilarning hammasi uxlab qolishgan bo‘lsa kerak. G‘ildiraklar relslarga «taq-taq» urilib, o‘zlarining tuganmas qo‘shig‘ini kuylab borardi. Derazalar ortidan yozgi tun pardasi g‘izillab o‘tib turar, stantsiyalarning yer bag‘irlab yonib turgan chiroqlari milt-milt etib o‘tardi. Parovoz yelib borayotib qattiq chinqirdi.

— Xuddi mana shu paytda siz menga uchragan edingiz, og‘a, men esa sizning iltimosingizni bajo keltirolmagan edim. Endi sizga hammasi ayon bo‘lgan bo‘lsa kerak, — deb hikoyasini davom ettirarkan, xomushgina jilmayib qo‘ydi qo‘shnim. — Siz benzokolonka oldida qolgan edingiz, so‘ng «Pobeda»da mendan o‘zib ketdinglar. Buni ko‘rgan edim. Ayni, shu payt dovon etagiga yomg‘ir yog‘ib o‘tgandi…
Ha, mashinani qattiq hayajon ichida haydab borardim. Nihoyat qalb sezgilarim meni aldamagan edi. Samad yo‘l yoqasida kutib turardi. U mashinani ko‘rishi bilanoq yo‘lni kesib chopqillab qoldi:

— Amaki! Shofyor amaki!..

Demak, o‘g‘ilcham sog‘-salomat! Eh, o‘zimda yo‘q suyunib ketdim, quvonchim ichimga sig‘masdi!

Men mashinani shartta to‘xtatib, kabinadan sakrab tushib, o‘g‘limga peshvoz yugurdim.
— Nima bo‘ldi, og‘ayni, kasal bo‘lib qoldingmi?

— Yo‘q, oyim yubormadi. Uning mashinasiga chiqmagin, deydi. Men yig‘ladim, — deb arz qilardi Samad,

— Xo‘sh, hozir qanday qilib kelding?

— Dadam, agar birov bolalarni mashinada o‘ynataman desa, qo‘yaver, o‘ynataversin, dedi.

— Rostdanmi?

— Men shofyor bo‘laman, dedim…

— Albatta shofyor bo‘lasan, bo‘lganda ham qanday de! Bilasanmi, men senga nima olib keldim?

— Men o‘yinchoq mashinani oldim. — Bunga qara, o‘ziyurar «ZIL»cha, kichkintoy shofyorlarga juda bop mashinada bu!

Bola og‘zi qulog‘iga yetib jilmaydi.

— Men doim, har doim siz bilan birga mashinada yuraman-a, amaki? — deb yolvoruvchi ko‘zlari bilan termildi menga. Ko‘nglim buzilib ketdi.

— Albatta, har doim! — deb ishontirdim uni. — Istasang, Birinchi may bayramida shaharga birga boramiz, mashinani bayroqchalar bilan yasatamiz, keyin seni yana olib kelib qo‘yaman. — Nega men unga bu so‘zlarni aytganligimni, bunga qanchalik haqqim borligini va ayniqsa, o‘z so‘zlarimga nega birdan o‘zim ham ishonib qolganligimni hozir tushuntirish qiyin edi. Bu ham yetmagandek, yana so‘zlarimga erk berib gapiraverdim. — Agar yoqsa butunlay menikida qolasan! — dedim o‘g‘limga juda jiddiy suratda. — Biz kabinada yashaymiz, men seni doim o‘zim bilan birga olib yuraman. Bo‘ptimi?

— Bo‘pti! — jon-jon deb rozi bo‘ldi Samad. — Mashinada yashaymiz! Ketdik, amaki, hozir ketamiz!..

Ba’zan kattalar ham bolalik qilib qo‘yadi. Biz kabinaga o‘tirdik. Men ishonqiramay motorni yurgizdim, startyorni bosdim. Samad juda xursand edi: meni tortqilar, erkalanar, o‘rindikda irg‘ishlardi. Mashina qo‘zg‘aldi. Samadning quvonchi ichiga sig‘masdi, tinmay kulardi, rulni, qarshisidagi knopkalarni ko‘rsatib allanimalar deb bijirlab gapirardi. Unga qo‘shilib men ham xursand bo‘lib ketdim. Ammo birdan es-hushimni yig‘ib oldim. Butun vujudimni issiq alanga qoplab oldi; nima qilyapman o‘zi?! Mashinaga tormoz berdim. Ammo Samad to‘xtatishga ko‘nmadi:
— Tezroq, amaki, tezroq haydang! — derdi u. Bolaning iltijo bilan baxtiyor boqishlarini qanday qilib rad eta olardim. Tezlikni yanada oshirdim. Endigina g‘izillab uchib borayotgan edikki, yo‘lga gudron yotqizib yurgan greyder ko‘rinib qoldi. Greyder burildi-da, smolali suyuqlikni yo‘lga yotqizganicha bizga tomon kelaverdi, uning ketidan esa suyuqliklar solingan ulkan qozonlar orqasida

Boytemir turgan ekan. U grabarka bilan yo‘lga yotqizilgan gudronni tekislamoqda edi. Men dovdirab qoldim. Mashinani to‘xtatmoqchi bo‘ldimu, ammo kechikkan edim: Samad bilan allaqancha yerga kelib qolgan edik. Men boshimni pastroq egdim-da, jon-jahdim bilan gazni bosdim. Boytemir hech narsani sezmay qoldi. U boshini ko‘tarmay ishlab yotgan edi: bu yerdan o‘tib turgan mashinalar kam deysizmi? Qaysi biriga ham qarardi! Biroq Samad uni ko‘rib qoldi:

— Ana dadam! Amaki, keling, dadamni ham chiqarib olamiz, maylimi? To‘xtating, dadamni chaqiraman!
Men indamasdim. Endi to‘xtatishning iloji yo‘q edi, unga nima deyman axir? Samad birdan orqasiga qayrilib qaradi, qo‘rqib ketdi-da, qichqirib yig‘lab yubordi:

— Dadamga boraman! To‘xtat, dadamga boraman! To‘xtat, tushaman! O-o-yi-i!..

Muyulishdagi qoya orqasiga o‘tib mashinani to‘xtatdim. O‘g‘limni ovutishga urina boshladim:
— Yig‘lama, Samad, yig‘lama, qo‘y! Hozir olib borib qo‘yaman. Lekin yig‘lama! Ammo qo‘rqib ketgan bola hech narsaga quloq solmasdi.
— Yo‘q, tushaman! Dadamga boraman! Och! — deb kabina eshigiga yopishib taqillata boshladi.

— Och, dadamga boraman hozir! Och!

Ana xolos, juda g‘alati ish bo‘ldi-ku.
— Yig‘lamagin-da, axir! — deb yalinib-yolvorib, uni ko‘ndirishga urinardim. — Hozir ochaman, yig‘lamasang bo‘lgani! Dadangning oldiga o‘zim olib borib qo‘yaman! Qani, tush-chi, ketdik!

Samad yerga sakrab tushdi-da, yig‘lagancha orqaga chopib ketdi. Men uni ushlab qoldim:

— Shoshma! Ko‘zingni art. Yig‘lama. Jon o‘g‘lim, yig‘lamagin! Mashinang qoldi-ku, olmaysanmi? Mana qara! — Men shoshib o‘yinchoqni oldim-da, qaltiroq qo‘llarim bilan murvatini buradim. — Qara, senga qarab chopib ketyapti, qani tutib ol-chi! — Mashinacha yo‘lda g‘izillab yurib ketdi va toshga urildi-da, yo‘l yoqasidagi ariqqa chirpirak bo‘lib uchib tushdi.
— Kerak emas! — dedi u va yana battarroq yig‘lab, orqasiga qaramay qochib ketdi.

Men bo‘lsam dong qotib qoldim. Tomog‘imga qaynoq dumaloq bir narsa qadalgandek bo‘ldi. Men o‘g‘limga yetib olish uchun yana orqasidan chopdim:

— To‘xtab tur, yig‘lama, Samad! To‘xta, men sening… men, men sening, o‘zing bilasan-ku! — Biroq davomini aytishga tilim kelmasdi…

Samad orqasiga qayrilib qaramay chopib borardi, u muyulishdan o‘tib ko‘zdan yo‘qoldi. Men qoyagacha chopib borib, qochib ketayotgan o‘g‘limning orqasidan qarab qoldim.

Uning yo‘lda ishlayotgan Boytemir oldiga yugurib borib, unga o‘zini tashlaganini kuzatib turdim. Boytemir Samadning oldida cho‘qqayib o‘tirdi-da, uni quchoqlab bag‘riga bosdi. Bola ham men tomonga qo‘rqib, xavfsirab qarab, uning bo‘ynidan quchoqlab oldi.

Boytemir grabarkasini yelkasiga tashlab, Samadning qo‘lidan ushladi. Ular yo‘l bo‘ylab uzun-qisqa yetaklashib ketishardi.

Men qoyaga suyanganimcha uzoq turdim so‘ngra orqaga qaytdim. O‘yinchoq mashinacha oldida to‘xtadim. U ariqda to‘ntarilib yotardi. Ko‘z yoshlarim yuzimdan oqib tusha boshladi. «Mana, ishning pachavasi chiqdi!» — dedim mashinamga, uning kapotini siypalab. Motorning issiq tafti yuzimga gup etib urildi… Endi o‘g‘lim bilan so‘nggi uchrashuvimizning shohidi bo‘lgan mashinamga nisbatan ham qandaydir mehr-muhabbatim oshib ketgan edi…

* * *

Ilyos o‘rnidan turib, eshikka tomon yurdi.

— Biroz sof havodan nafas olay, — dedi u.
Men kupeda qoldim. Yorishib kelayotgan sahar osmonining bir parchasi deraza ortidan oqarib, tebranib o‘tib borardi. G‘ira-shirada simyog‘ochlar lip-lip o‘tib turardi. Chiroqni o‘chirsa ham bo‘lardi.

Men Ilyos bilmagan, ammo menga ayon bo‘lgan narsalarni unga aytib bersammikin, yo‘qmikin,deb chalqancha o‘ytab yotardim. Ammo u hadeganda kupega qaytib kelavermadi. «Mayli, dam olvolsin, ertaga aytarman», degan qarorga keldim. Aytmay yaxshi qilgan ekanman, chunki ertasiga yana o‘ylab ko‘rib, bu fikrimdan qaytdim.

Men yo‘l masteri Boytemir bilan deyarli o‘sha kezlarda — Ilyos Asal bilan o‘g‘lining dovonda yashayotganligidan xabar topgan chog‘larda tanishgan edim. Pomirda Qirg‘iziston yo‘l ishchilarining o‘zaro tekshirish va tajriba almashish bo‘yicha delegatsiyasini kutishayotgan edi. Shu munosabat bilan Tojikiston respublika gazetasi qirg‘izistonlik tog‘ yo‘li ishchilari haqida ocherk yozib berishimizni iltimos qilgan edi.
Delegatsiya orasida eng yaxshi yo‘l masterlaridan biri Boytemir Qulov ham bor edi. Men Boytemir bilan tanishish maqsadida Do‘langa keldim.

Biz u bilan qo‘qqisdan uchrashib qoldik va bu uchrashuv men uchun juda muvaffaqiyatli bo‘ldi. Dovonga yetay-etay deb qolganimizda avtobusimizni qo‘lida qizil bayroqcha tutgan ishchi to‘xtatdi. Bilsak, yo‘lda hozirgina tog‘ o‘pirilishi yuz berib, yo‘l tuzatuvchilar uni tozalayotgan ekan. Men avtobusdan chiqib, o‘pirilish yuz bergan joyga qarab ketdim. Tog‘ tepasida pastga qarab tosh aralash yer ko‘chib, yo‘lga qulab tushibdi-da, o‘zi bilan birga yo‘lning bir chekkasini to‘sib qo‘yilgan beton ustunchalarni ham qo‘shib tik qiyalik bo‘ylab jarlikka qarab o‘pirib ketibdi. Yo‘lning bu qismi taxta qoliplar yordamida qaytadan tiklanayotgan edi. Buldozer uyilib qolgan tuproqni pastlikka surib tushirardi. Buldozer yurolmaydigan joylarni esa ishchilar belkuraklar bilan tozalab, shibbalashardi. Brezent plash va kirza etik kiyib olgan kishi buldozer bilan yonma-yon yurib, traktorchiga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatmoqchi edi:

— Xiyol chaproqqa bur! Yana biroz ichkariga! Taxta qoliplar ustidan hayda! Ha, shunday! To‘xta! Orqaga!..

Yo‘l deyarli tozalab bo‘lingan edi. Shofyorlar ikkala tomondan tinmay signal berishib, soqchi ishchilarni so‘kib, yo‘lni ochishni talab qilishardi, ammo plashli kishi bularga parvo qilmasdi. U buldozerni mo‘ljallangan yerdan yurishga va qoliplar ichidagi tuproqni yaxshilab shibbalashga qayta-qayta majbur etardi. «Boytemir deganlari shu bo‘lsa kerak. U o‘z ishining ko‘zini bilarkan!» — degan qarorga keldim men. Ha, yanglishmabman, bu ayni shu kishining o‘zi ekan. Nihoyat, yo‘l ochilib, mashinalar harakatga tushib qolishdi.
— Siz nima qilib turibsiz, avtobusingiz ketib qoldi-ku? — dedi menga Boytemir.

— Men siz bilan uchrashgani keldim. Boytemir taajjublanmadi ham. Men bilan oddiygina qo‘limni mahkam qisib ko‘rishdi.

— Mehmondan qochmaymiz, xursand bo‘lamiz.

— Sizda ishim bor edi, bake, — dedim uni hurmatlab. O‘zimni ham tanitdim. — Yo‘l tuzatuvchilarimizning Tojikistonga borishidan sizning xabaringiz bormi?
— Ha, eshituvdim.

— Gap bunday. Pomirga ketishingiz oldidan siz bilan gaplashib olmoqchi edim.

Men kelishdan maqsadimni asta-sekin tushuntirar ekanman, borgan sayin Boytemirning qovog‘i osilib, dag‘al va qo‘ng‘ir mo‘ylovini o‘ychan silay boshladi.

— Kelganingiz-ku juda yaxshi bo‘libdi, — dedi u menga, — lekin Pomirga men bormayman, mening xususimda yozib o‘tirishingizning hojati ham yo‘q.

— Sababini bilsak bo‘ladimi? Ishlar ko‘pmi? Yoki uyda biron kori hol bo‘ldimi?

— Ish ham yetarli, har qalay yo‘l-da, o‘zingiz ko‘rib turibsiz. Uyda deysizmi? — u papiros ola turib biroz jimib qoldi. — Uyda ham… albatta, hamma oilalarda bo‘ladiganidek ozmi-ko‘pmi ishlar bor… Ammo Pomirga bormayman.

Men unga o‘xshagan yo‘l tuzatuvchilarning delegatsiya sostavida borishining qanchalik muhim ekanligini tushuntirishga va ko‘ndirishga kirishdim. Ammo Boytemir ko‘proq hurmat yuzasidangina menga quloq solar edi, men uni har qancha tashviqot qilsam ham bari bir ko‘ndira olmadim.

Men juda xafa bo‘ldim va birinchi galda o‘zimdan o‘pkaladim. Jurnalistlik sezgirligim bu safar ish bermadi, chunki men unga to‘g‘ri yondasholmagandim. Men dovondan redaktsiyaning topshirig‘ini ham, qo‘shni respublika gazetasining iltimosini ham bajara olmay quppa-quruq ketadiganga o‘xshab qoldim.

— Xo‘p, mayli, bake, kechirasiz, endi men ketay. Hozir biror yo‘lovchi mashina kelib qolar. Boytemir menga osoyishta va sergak ko‘zlarini qadab, diqqat bilan tikildi-da, miyig‘ida kulib

qo‘ydi.

— Shaharlik qirg‘izlar urf-odatlarimizni unutib qo‘yyaptilar-da. Mening uyim, oilam, dasturxonim va tunaydigan joyim bor. Meni deb kelgan ekansiz, yo‘ldan qaytmasdan, bugun uyimga tushib, ertaga ketarsiz. Yuring, men sizni xotinim va o‘g‘limning oldiga qoldirib qaytay: ko‘nglingizga olmaysiz, albatta. Qorong‘i tushmasdan yo‘lni bir aylanib chiqishim kerak. Tezda qaytaman. Ishimiz shunaqa…

— Bake! — deb to‘xtatdim uni. — Men siz bilan birga yo‘lni aylanib chiqa qolay.

Boytemir mening shaharlik qiyofamga bir nazar tashlab oldi-da, ayyorona ko‘z qisib qo‘ydi:
— Qalay bo‘larkan, men bilan birga kezib yurishingiz sizga noqulay bo‘lmasmikin? Masofa uzoq, buning ustiga yo‘l ham yaxshi emas.
— Mayli, hechqisi yo‘q, — deb qat’iy turib oldim men.

Shunday qilib, biz yo‘lga tushdik, har bir ko‘prik va muyulish oldida, o‘pirilgan joylar va osilib turgan qoyalar qarshisida yo‘l-yo‘lakay to‘xtab, ularni ko‘zdan kechirib borardik. Bularning hammasi yo‘l masterining ziyrak va o‘tkir nazaridan o‘tardi. Biz o‘z-o‘zidan gapga kirishib ketdik, albatta. Hali-haligacha nima uchun, qaysi so‘zim bilan, nimam bilan va qay yo‘sinda Boytemirning ishonchini qozonganligimni o‘zim ham bilolmayman. Azbaroyi shu ishonchi tufayli u menga o‘z taqdiri haqida va oilasining taqdiri haqidagi qissani so‘zlab berdi.
Faqat endigina, Ilyosning hikoyasini oxiriga qadar tinglab bo‘lgach, jurnalist sifatida omadim juda o‘ngidan kelganini tushundim. Zohiran xotirjam va osoyishta ko‘ringan Boytemir o‘sha kunlari o‘zi bilan g‘am-g‘ussa, tashvish va o‘y-xayollarning ulkan yukini ko‘tarib yurar edi. Qandaydir, tasodifan, ko‘nglini yozish uchundir, Boytemir bir-ikki og‘iz aytib yubordi-yu, keyin gapini to‘xtata olmay, qalbidagi dard-hasratlari qo‘zg‘alib, daryo kabi oshib-toshib ketdi…

YO‘L MASTERINING HIKOYASI

Mana siz, nega Pomirga borgingiz yo‘q, deb so‘radingiz. O‘zim pomirlik qirg‘izman. Tug‘ilgan elim Pomir bo‘lsa ham men buyoqlarda, Tyan-Shanda yuribman.

Juda yoshlik chog‘larimdanoq Pomir yo‘l qurilishida ishlay boshladim. U yoqqa komsomol chaqirig‘i bilan borgan edim. Qurilish xalq qurilishi edi, mexanizmlar yetishmasdi, ish qanchalik og‘ir bo‘lmasin, biz, ayniqsa yoshlar, ishtiyoq bilan, g‘ayrat va shijoat bilan ishlardik. G‘ayrat ko‘rsatmay bo‘larmidi: asrlar bo‘yi inson qadami yetmagan Pomirga yo‘l solinyapti-ya! Men zarbdorlar qatoriga o‘tib oldim, dam-badam mukofot va in’omlar olib turardim. Buni maqtanib emas, shunchaki kezi kelgani uchun aytyapman.
U yerda, qurilishda men bir qizni uchratib, uni jon-dilimdan sevib qoldim. O‘zi ham juda chiroyli, aqlli qiz bo‘lib, qurilishga ovuldan kelgan edi; bu esa o‘sha paytlarda oddiy qirg‘iz qizi uchun katta qahramonlik edi. Uyog‘ini surishtirganda, o‘zingizdan qolar gap yo‘q, hatto hozir ham qizlarning ishlab chiqarishga borib ishlashlari unchalik oson emas — bunga urf-odatlarimiz to‘sqinlik qiladi. Gulbara bilan tanishganimizga bir yilcha bo‘ldi. Yo‘l qurilishi oxirlab qolgan edi. Yo‘lni ishga solib yuborish uchun o‘z kadrlarimiz bo‘lishi zarur edi. Yo‘l qurilishi ishning bir tomoni, uni birgalashib, umumiy kuch bilan bajara olish mumkin, shuning bilan birga, unga ko‘z-quloq bo‘lib, nazorat ham qilib turish kerak-da. Bizda Husainov degan bir yosh injener bor edi, u hozir ham yo‘l sohasida ishlaydi, ministr bo‘lib xizmat qilmoqda. Biz u bilan do‘stlashib qoldik. Menga yo‘l ishlari kurslariga borib o‘qishga maslahat bergan ham shu kishi bo‘ldi. Men o‘qishni bitirib kelgunimcha Gulbara kutib turolmas, uni ovulga olib ketib qolishar, deb o‘ylagan edim, yo‘q, u qaytishimni kutdi. Nihoyat birga turmush qurib, o‘sha yerda, yo‘l uchastkasida qolib ishlay boshladik. Biz juda ahil va bir-birimizga mehribon edik… Shuni ham aytish kerakki, ayniqsa tog‘ va dovonlarda yashovchi yo‘l tuzatuvchilar uchun mustahkam oila — yaxshi xotin osh-nondek zarur. Men buni keyinroq o‘z hayotimda sinab ko‘rdim. Agar men o‘z ishimni bir umrga jon-dilimdan sevib qolgan ekanman, bunda xotinimning xizmati ham oz emas. Biz qiz ko‘rdik, keyin ikkinchisi dunyoga keldi, xuddi shu kezlarda to‘satdan urush boshlanib qoldi.
Pomir yo‘li sharros quyib bergan jaladan keyingi daryo kabi chayqalib, to‘lqinlanib ketdi. Butun xalq ana shu daryo singari pastga tomon oqa boshladi — ular armiyaga ketayotgan edi.

Nihoyat menga ham navbat keldi. Ertalab hammamiz boshlashib uydan yo‘l yoqasiga chiqdik. Kichkina qizchamni qo‘limda ko‘tarib borardim, kattasi esa barimdan ushlab olgancha yonma-yon borardi. Gulbaram, bechora Gulbaram! Uning qo‘lida mening safar xaltam, o‘zini dadil tutishga va meni ham ovutib, tinchitishga urinardi. Ammo kimsasiz tog‘u toshlardagi yo‘l uchastkasida ikki yosh bola-yu, yana xuddi o‘ziga o‘xshash ikki qo‘shni ayol bilan qolish unga naqadar og‘ir ekanligini butun qalbimdan sezib turardim. Men ularni ovulga: qarindosh-urug‘larim oldiga jo‘natmoqchi bo‘ldim, ammo Gulbara istamadi. Kunimizni bir amallab o‘tkazarmiz, seni kutamiz, yo‘lni ham qarovsiz qoldirib bo‘lmaydi-ku, axir, derdi u. Men rafiqam va farzandlarim bilan so‘nggi marta yo‘l yoqasida turib xayrlashdim. Biz Gulbara bilan u vaqtda hali juda yosh, hayotga endigina qadam qo‘ygan edik…

Men sapyorlar batal’oniga tushdim. Moskva ostonalaridagi ko‘pgina tankka qarshi qurilgan to‘siqlarga mening ham qo‘lim tekkan. Keyin esa Don va Visla daryolarini kechib o‘tib, Dunayga qarab ketdik. Urush maydonlarida biz qanchadan-qancha yo‘llar, kechuv joylari, ko‘priklar barpo etdik. Qilgan ishlarimizni sanab sanog‘iga yetib bo‘lmaydi! Ba’zan shunday paytlar ham bo‘lardiki, goh muzday suvda titrab-qaltiraysan, goh tutun va olov ichida yonasan, atrofingda snaryadlar betinim portlaydi, kechuv joylarni ostin-ustin qiladi, qanchadan qancha odamlar qiriladi, tinka-madoring qurib, o‘lishingga ham ming marta rozi bo‘lasan. Biroq shunday paytlarda tog‘-toshlarda yashab, xuddi Xizrni yo‘qlagandeq meni intizorlik bilan kutayotgan bola-chaqamni eslasam va Pomirdek joydan bu yerda, ko‘prik ostida bekordan bekorga o‘lib ketgani kelmaganimni o‘ylasam, kuch-qudratim shu qadar ortib ketardiki, bir-biridan ajralib ketayotgan simlarni hatto tishlarim bilan burardim, hayotdan voz kechgim, taslim bo‘lgim kelmasdi. Ana shu kuch bilan Berlin ostonalarigacha yetib bordim.
Xotinim tez-tez xat yozib turardi, yaxshiyamki, pochta ularning yonginasidagi yo‘ldan o‘tardi. U hamma narsa haqida, shu jumladan, yo‘l haqida ham batafsil yozardi — u mening o‘rnimga master bo‘lib qolgan edi. Unga juda og‘ir ekanligini bilardim: yo‘l ham uncha-muncha yo‘llardan emas, Pomirda-ya! Buning ustiga, qo‘shnilar ham duch kelgan tomonga qarab ko‘chib ketishibdi.

Qirq beshinchi yilning bahoriga kelib to‘satdan xat kelmay qo‘ydi. Front pochtasida har xil hodisalar bo‘lishi mumkin-ku, deb o‘ylab, o‘zimni o‘zim ovutardim. Kunlardan birida meni polk shtabiga chaqirib qolishdi. Xo‘sh, gap shunaqa, starshina, urushib bo‘lding, yaxshi jang qilding, tashakkur va mukofotlar ham olding. Endi uyingga qaytasan, u yerda sen hozir ko‘proq keraksan. Ammo birinchi navbatda harbiy komissariatga kir, hujjatlaringni topshir, keyin uyingga jo‘na… Men kutilmagan bu xabardan quvonib ketdim, albatta. Hatto uyga telegramma ham yubordim.
Men qadrdon joylarimga yetib keldim. Harbiy komissariatga esa kirib o‘tirmadim, ulguraman hali, qayoqqa qochib ketardim! Uyga! Tezroq uyga yetib boray! Yo‘lovchi polutorka mashina uchrab qoldi, men unda Pomir yo‘li bo‘ylab jo‘nab ketdim.

Qani endi qanotim bo‘lsa-yu, uchib borsam, frontdagi «Studebekker»larda yurib o‘rganib qolibman, kabinaga engashib shofyorga qichqirardim:

— Tezroq hayda, oshna, shaldiroq aravangni muncha ayamasang! Uyimga ketyapman!

Mana, yaqinlashib ham qoldim. Muyulishdan o‘tish bilan mening uchastkam. Sabr-toqatim chidamadi. Mashinaning yurib ketayotganiga qaramay, sakrab tushdim-da, safar xaltamni yelkamga tashlab, yugurib ketdim. Shunday qilsam tezroq yetib boraman, deb o‘yladim. Chopyapman, chopyapman, muyulishdan ham o‘tdim… O‘tdim-u, hech narsani taniyolmadim. Go‘yo hamma-hammasi o‘z joy-joyida turgandek: tog‘lar ham o‘z urnida, yoi ham o‘sha, ammo na uy-joy, na hovli va na biron tirik jon zoti ko‘rinardi. Faqat tosh uyumlarigina qalashib yotardi. Bizning hovlimiz xiyol chetroq-da, naq tog‘ning tagginasida edi. Tog‘ etagidagi joylar juda tor edi. Toqqa ko‘zim tushdi-yu, darhol dong qotib angrayib qoldim. Balandlikdan qor qatlari ko‘chib, o‘zi bilan birga yo‘lda uchragan hamma narsani tep-tekis qilib supurib ketgan, go‘yo o‘tkir tirnoqli temir pan-jalari bilan tog‘ yonbag‘irlarini qo‘porib, pastlikka ag‘anatib uloqtirgan-u chuqur va ulkan jarlikning sahnini qo‘sh qo‘shgandek ag‘dar-to‘ntar qilib tashlagan edi. Xotinim o‘zining so‘nggi xatida juda qalin qor tushganini, so‘ngra kutilmaganda yomg‘ir yog‘a boshlaganini yozgan edi. Demak, qor uyumini qulamasidan ertaroq portlatib, pastga qulatib yuborish zarur edi, biroq bu ayol kishining qo‘lidan kelarmidi.

Ana shunday qilib, oilam bilan ham uchrashdim. Ming bor o‘lim bilan yuzma-yuz kelib, tiriklayin do‘zaxga tushib qaytsam-u, bu yerda bola-chaqamdan nom-nishon bo‘lmasa. Tinka-madorim qurib, qotib turardim. Tog‘-toshlarni larzaga keltirib hayqirgim, dod degim kelardi-yu, nafasim bo‘g‘zimga tiqilib, ovozim chiqmasdi. Go‘yo butun vujudim toshga aylanib qotib qolgandek edi. Faqat yelkamdagi safar xaltamning sirg‘alib oyog‘im ostiga tushib borayotganini sezib turardim, xolos. Men uni o‘sha yerga tashlab ketdim, unda qizlarimga, xotinimga sovg‘alar olib kelgan edim, yozda gimnastyorkamni novvotga ayirboshlab oluvdim. Men turgan yerimda go‘yo biror mo‘‘jizani kutayotgandek uzoq turib qoldim. Keyin orqamga qayrildim-da, yo‘ldan ketaverdim. Bir zum to‘xtab, ortimga qayrilib qaradim, tog‘lar sarak-sarak bo‘lib tebranib, butun og‘irliklari bilan ustimga bostirib kelayotgandek bo‘ldi. Yuragim qinidan chiqayozgandek qichqirib yubordimda, qocha boshladim. Qoch! Bu la’nati joylardan qoch! Ana shunda dahshatli ovoz bilan ho‘ngrab yig‘lab yuborgan edim.
Qayoqqa va qay tarzda borayotganligimni eslayolmayman, uchinchi kuni stantsiyaga kelib qolibman. G‘ala-g‘ovur xalq to‘lqini ichida adashgan kishidek daydib yurardim. Nomimni atab bir ofitser meni chaqirib qoldi. Qarasam — injener Husainov. Harbiy xizmatdan bo‘shab, uyiga qaytayotgan ekan. Men boshimga tushgan kulfat haqida unga ikki og‘izgina so‘zlab berdim. Endi qayoqqa bormoqchisan, deb so‘radi u. «O‘zim ham bilmayman», deb javob berdim. Yo‘q, dedi u, bunday qilish yaramaydi, chidash kerak. Bir o‘zingning sandiroqlab yurishingga yo‘l qo‘ymayman. Qani, yur, Tyan-Shanga ketdik, yo‘lni qurib tugallash kerak. U yog‘ini yana ko‘rarmiz.

Men bu yerga ana shunday qilib kelib qolganman. Dastlab yo‘lda ko‘priklar qurib yurdim. Vaqt o‘tib borardi, biror ishning boshini tutish kerak edi. O‘sha kezlarda injener Husainov ministrlikda ishlayotgandi. U mening oldimga tez-tez kelib turar va har kelganida avvalgi ishimga, uchastka yo‘l masteri bo‘lib o‘tishga maslahat berardi. Bunga yuragim dov bermasdi. Eslasam, yuragim orqaga tortib ketardi. Qurilishda yakka o‘zim emasman, ko‘pchilik bilan ishlash oson bo‘ladi. U yoqda-chi, kim biladi, yolg‘izlikdan yuragim yorilib ketsa kerak. Oradan necha yillar o‘tib ketdi. Biroq men hamon o‘zimni o‘nglolmas, boshimga tushgan tashvishlarni unutolmasdim. Go‘yo shu bilan hayotim tamom bo‘lgan-u, bundan bu yog‘iga hech narsadan umidim yo‘kdek edi. Uylanishni xayolimga ham keltirmasdim. Gulbaram va bolalarimni haddan tashqari sevar edim. Hech kim, hech qachon ularning o‘rnini bosa olmaydigandek tuyulardi menga. Faqat kun kechirish uchungina va shunchaki uylanish esa — ish emas. Bundan ko‘ra so‘qqabosh bo‘lib yurgan ma’qulroq.

Nihoyat, uchastkaga master bo‘lib borishga qaror qildim, ishlab ko‘raman, agar yoqmasa, yana biron yoqqa ketaveraman-da, deb o‘yladim. Menga bu yerda dovonning naq o‘zidagi uchastkani berishdi. Yomon bo‘lmadi, asta-sekin kirishib, ko‘nikib ketdim. Ehtimol bunga uchastkaning juda sertashvishliligi sabab bo‘lgandir: dovon-da, har qancha desangiz ham ish topiladi. Ammo bu menga og‘irlik qilmadi, aksincha, yaxshi bo‘ldi. Vaqt o‘tishi bilan qalbimdagi dard-alamlar so‘na boshladi, ularni asta-sekin unuta bordim. Ba’zi-ba’zida o‘sha mudhish kun tushimga kirib chiqardi: o‘sha yer yuzidan supurilib ketgan hovli qarshisida toshdek qotib, yelkamdagi safar xaltamning sirg‘alib oyog‘im ostiga tushib borayotganini sezib turaman. Keyin qayrilardim-da, orqamga qarab qaytib ketardim. Uyg‘onib ketib qarasam, ko‘zimda g‘ilt-g‘ilt yosh bo‘ladi. Bunday paytlarda sahardayoq o‘rnimdan turib ishga jo‘nardim, shu ketganimcha to tunga qadar uyga qaytmasdim. Shu tariqa men so‘qqabosh bo‘lib qolgandim. To‘g‘ri, ahyon-ahyonda: «Ehtimol, hali yana baxtli kunlarga erisharman», degan hazin o‘y xayolimga kelib qolardi.

Nihoyat juda og‘ir, iztirobli va cheksiz mashaqqatli bu baxt men kutmagan bir paytda kelib qoldi. Bundan to‘rt yilcha muqaddam tugab borayotgan qish kunlarining birida qo‘shnimning bemor

onasini oblast kasalxonasiga olib borgan edim. Qo‘shnimning o‘zi bo‘lsa uydan bo‘shab chiqa olmasdi. Bir yoqda ish, oila, bir yoqda bolalari… Kampirning ahvoli esa kun sayin og‘irlashib bormoqda edi. Men uni vrachlarga ko‘rsatishga ahd qildim. Shu kun uchastkamizga yo‘l boshqarmasidan mashina kelib qoldi. Unda nimadir keltirishgan edi. Biz ana o‘sha mashinada oblast markaziga bordik. Kampirni vrachlarga ko‘rsatdim. Vrachlar kampirni kasalxonaga yotqizish kerak, yotqizilma-sa bo‘lmaydi, deb maslahat berishdi. Kampir kasalxonaga birinchi marta tushganidan, yotmayman, deb qaysarlik qilib turib oldi, o‘lsam o‘lamanki, ammo kasalxonada qolmayman, derdi u. Qaytarib olib ket, bo‘lmasa qarg‘ishimga qolasan. Shuncha qilsam ham uni ko‘ndira olmadim. Yana qaytarib olib ketishga to‘g‘ri keldi. Turli-tuman doridarmonlar olib, orqaga qaytdik. Vaqt allamahal bo‘lib qolgan edi. Avtobazaning dovondagi bazasidan o‘tib ketdik. Bir payt shofyor mashinasini shartta to‘xtatdi, men uning:
— Qayoqqa borasiz? — deb so‘rayotganini eshitdim.
Allanima deb mujmalgina javob qaytargan ayol kishining ovozi quloqqa chalindi va uning nari ketayotgan odim sharpasi eshitildi.

— Chiqa qoling! — dedi shofyor unga. — Nega unday qilasiz? — deb mashinani unga yaqinroq haydab bordi.
Qo‘lida bola, tuguncha ko‘tarib olgan yoshgina ayol mashina bortiga yaqinlashdi. Men ayolning kuzovga chiqib olishiga yordamlashdim, kabina orqasidagi shamol tegmaydigan pana joyni unga bo‘shatib berib, o‘zim burchakka o‘rnashib oldim.

Biz yo‘lga tushdik. Kun sovuq, rutubatli shamol esardi. Bola yig‘lay boshladi. Ayol bolani ovutishga har qancha urinmasin, u sira tinchlanadiganga o‘xshamasdi. Toza chatoq bo‘ldi-ku! Kabinaga o‘tqazay desak, u yerda chalajon kampir o‘tirardi. Shunda men ayolning yelkasidan sekingina turtdim:
— Qani, menga bering-chi, ehtimol, tinchib qolar, o‘zingiz sal egilibroq o‘tiring, shamol tegmasin. Men bolani kalta po‘stinim bilan o‘rab oldim-da, bag‘rimga bosdim. U tinchib, pishillab nafas ola

boshladi. Juda do‘mboq, o‘ziyam o‘n oylik chamasi jajjigina bola ekan. Men uni chap bag‘rimga olib o‘tirardim. Birdan yuragim gupillab, xuddi otib tushirilgan qush kabi tipirchilay boshladi. Nega ekanligini o‘zim ham bilmayman. Qalbim ham qayg‘u, ham quvonchli tuyg‘ularga to‘lgan edi. «Eh, nahotki hech qachon otalik baxtiga muyassar bo‘lolmasam-a», deb o‘ylardim men. Bola esa bag‘rimda issiqqina yotardi. Unga boshqa hech narsaning keragi ham yo‘q edi.
— O‘g‘ilmi? — deb so‘radim.
Ayol bosh irg‘ab qo‘ydi. Ko‘rib turibman, bechora sovqotib qolgan, egnida yupqa palto. Men bo‘lsam qishda ham kalta po‘stin ustidan plash kiyib yuraman: bizning ish sharoitimizda busiz mumkin emas. Bolani bir qo‘limda ushlab turib, unga ikkinchi yengimni cho‘zdim.

— Plashimni yeching. Bunaqada shamollab qolasiz.

— Yo‘g‘-e, qo‘ying, ovora bo‘lmang, — deb ko‘nmadi u.

— Torting, tortavering! — deb turib oldim men. — Yopinib oling.

U plashga o‘ralib oldi, shamol kirmasin deb etaklarini oyog‘i ostiga qistirib qo‘ydim.

— Biroz isidingizmi? — deb so‘radim men.

— Ha, isidim.

— Yo‘lga namuncha kech chiqdingiz?

— Shunday bo‘lib qoldi, — dedi u ohistagina. Shu payt biz daradan ketayotgan edik. Bu yerda konchilar posyolkasi joylashgan edi. Hamma uyquga ketgan, derazalarda bironta chiroq ko‘rinmasdi.

Itlar vovillab mashina ketidan chopishardi. Shunda birdan, bu ayol qayoqqa borarkin, degan fikr xayolimga keldi. Men, nima uchundir, u konga kelayotgan bo‘lsa kerak, chunki u yokda boradigan joy yo‘q, dovon, undan keyin esa bizning uchastka, deb o‘ylardim o‘zimcha.

— Siz yetgan bo‘lsangiz kerak? — dedim unga va kabinani taqillatdim. — Biz ham yetay deb qoldik, dovonga kelyapmiz. Mashina nariga bormaydi.

— Bu yer qanaqa joy? — deb so‘radi u.

— Kon. Siz bu yerga kelayotganingiz yo‘qmi?

— Men… men shu yerga kelayotgandim, — dedi u qimtinib. Keyin «dik» etib turdi-da, menga plashni berib, qo‘liga bolani oldi. Bola hiqillay boshladi. Men bortga yaqinroq kelib, unga yordamlashish uchun yerga sakramoqchi bo‘ldim. Biroq bu bechoraga bir gap bo‘lgan, boshiga biron musibat tushgan ko‘rinadi, deb o‘ylab qoldim. Sovuq tunda yolg‘iz o‘zini tashlab ketsak qanday bo‘larkin?

— Sizning boradigan joyingiz yo‘q! — dedim men unga ro‘yirost. — Yomon xayollarga bormang, tag‘in. Bolani buyoqqa bering! — deb qo‘lidan go‘dakni shartta oddim. — So‘zimni qaytarmang. Tunni biznikida o‘tkazasiz, keyin ixtiyor o‘zingizda. Ketdik! — qichqirdim shofyorga.
Mashina qo‘zg‘aldi. U boshini quyi solib, jimgina o‘tirardi, bilmadim, ehtimol yig‘layotgandir.

— Xavotir olmang! — deb tinchlantirdim uni. -Men sizga hech qanaqa yomonlikni ravo ko‘rmayman. Men yo‘l masteri Boytemir Qulov bo‘laman. Menga bemalol ishonavering.

Ularni o‘z xonamga joylashtirdim. O‘zim unga taqab qurilgan bo‘sh uychamizga kirib, yog‘och karavotga yotdim.
Allamahalgacha uxlay olmadim. O‘ylar girdobida qoldim. Tinchimni yo‘qotdim. So‘rab-surishtirib o‘tirish juda noqulay edi. O‘zim ham buni yoqtirmayman, ammo baribir ayrim narsalarni so‘rashga to‘g‘ri keldi. Ehtimol u bechoraga mening yordamim kerakdir. U savollarimga istar-istamas qisqa-qisqa javob qaytarardi. Biroq men aytilmay, uning yuragida qolib ketayotgan gaplarni ham anglab turardim. Agar insonning boshiga musibat tushsa, uning har bir so‘zining tagida yana aytilmay qolgan o‘nlab so‘z yotadi. U erini tashlab, uyidan chiqib ketibdi. Takabburroq bo‘lsa kerak, azob chekayotgani, kuyunayotgani sezilib turibdi-yu, ammo hech taslim bo‘lmoqchi emasdi. Nima ham deyish mumkin, har kimning ixtiyori o‘zida. Nima qilsa o‘zi biladi. Shunday bo‘lsa ham bu yoshgina ayolga juda rahmim kelardi. U hali o‘n gulidan bir guli ochilmagan qizchaga o‘xshardi, qaddi-qomati kelishgan, chehrasidan nur balqib turardi. Odatda u mehribon, shirinso‘z edi, ehtimol, samimiy ayoldir. Shunday juvonni hamma narsadan mahrum etib, bosh olib ketishga majbur etgan qanaqa inson ekan-a? Bunga sira tushunolmasdim. Keling, menga nima, bu ularning ishi. Ertaga biror mashinaga o‘tkazib qo‘yarman.

O‘sha kuni o‘ylayverib charchab ketdim, ko‘zim ilinishi bilan o‘zimni mashinada ketayotgandek his qildim. Kalta po‘stinim ostiga jajji bolani o‘rab olganmishman. Go‘dakning badaniga issiq yugurib, ko‘ksimda maza qilib yotganmish.
Tongotarda o‘rnimdan turdim. Yo‘llarni ko‘zdan kechirib kelgani ketdim, ammo tez orada qaytdim. Mehmonlarim nima qilishayotgan ekan, degan o‘y miyamdan ketmasdi. Ularning uyqusini buzmaslik uchun ehtiyotlik bilan old xonadagi pechkaga o‘t yoqib, samovar qo‘ydim. Ammo u allaqachon uyg‘onib, ketishga hozirlik ko‘rayotgan ekan. U menga minnatdorchilik bildirdi. Ularni choy ichirmay jo‘natmadim, bir oz kutib o‘tirishga majbur qildim. Tungi kichkintoy hamrohim ajoyib bola ekan, odamga sira tortinmay kelaveradi, hech narsa bilan ishi yo‘q. U bilan o‘ynashib huzur qildim, xumordan chiqdim: u bilan darhol ko‘nikishib, apoq-chapoq bo‘lib ketdim. Choy ustida ayoldan so‘radim:

— Qayoqqa borishingiz kerak? Yo‘lovchi mashina to‘xtataymi?

U bir oz o‘ylanib turdi-da:
— Ribachega, — dedi.

— U yerda qarindoshlaringiz bormi?

— Yo‘q. Qarindosh-urug‘larim ovulda, To‘so‘rning narigi yog‘ida.
— E-e, unda siz ana o‘sha tomonga boradigan boshqa mashinaga o‘tirishingiz kerak. Bo‘lmasa qiynalib qolasiz.

— Men baribir u yoqqa bormayman. Borishimiz ham mumkin emas, — dedi u o‘g‘liga o‘ychan boqib. — o‘zimiz aybdormiz…

Men uni ota-onasining roziligisiz turmushga chiqqan bo‘lsa kerak, deb o‘zimcha taxmin qilardim. Keyin bilsam, haqiqatan ham shunday ekan.
U ketishga tayyorlana boshladi, biroq men uni bolasi bilan shamolda turib qolmasin deb bir oz uyga kirib kutib turishga ko‘ndirdim. Mashinani bir o‘zim to‘xtatsam ham bo‘ladi-ku, axir.

Yuragim ezilib, yo‘lga chiqdim. Ularning ketishini, o‘zimning esa yolg‘iz qolishimni o‘ylasam negadir yana qayg‘um oshib, xayolim parishon bo‘lardi.

Avval yo‘lovchi mashinalar kelavermadi. Keyinchalik bo‘lsa bittasini ko‘ra turib atayin o‘tkazib yubordim, qo‘l ko‘tarmadim. Ammo bu qilmishimdan o‘zim cho‘chib ketdim. Nega bunday qilyapman? Ana shundan boshlab meni dard-alamlarim iztirobga solib qiynay boshladi. Mashinalar birin-ketin o‘tib borardi, men esa ularning birortasini ham to‘xtatmay, g‘ayriixtiyoriy ravishda vaqtni cho‘zardim. Endi kelganini to‘xtataman, derdim-u, ammo qo‘lim yana ko‘tarilmasdi. Uyatdan yuzlarim laxcha cho‘g‘ bo‘lib yonib, terlab ketdim. Bu nima qilganim: birovni aldab, yo‘lidan qoldiryapman-ku! Qanday haqqim bor bunga? Uyda u menga ishonib umid bilan kutib o‘tiribdi. Yo‘l bo‘ylab u yokdan-bu yoqqa yura boshladim. O‘zimdan o‘zim cho‘chirdim. Menga bir balo bo‘layotgandek edi. Qandaydir bahonayu sabablar qidirib topardim. Goh oynasi siniq ekan, kabina sovuq bo‘ladi, deyman; goh mashina ko‘ngildagidek bo‘lmasdi; goh shofyori yoqmasdi — olatasirchi ko‘rinardi, ehtimol, ichib ham olgandir. Kabinasi band mashinalar o‘tganda esa xuddi yosh bolalardek quvonib ketardim. Ishqilib, ular hozir ketmasaydi, yana bir oz, yana besh-o‘n minut uyimda o‘tira turishsa yaxshi bo‘lardi. «Axir u qayoqqa ham boradi? — deb o‘ylardim men. — O‘zi aytdi, ovulga borishi mumkin emas. Boshqa joylarda ularning hech kimi yo‘q. Ribache yo‘l ustidagi serqatnov shaharcha, u yerda har xil odam yashaydi. Bolasi bilan qaerga boradi? Durustroq joy topguncha, qish paytida o‘g‘lidan ajralib qoladi! Yaxshisi, shu yerda bir oz yashab turishsin, yana u yoq-bu yoqni o‘ylab ko‘rsin, ehtimol, erinikiga qaytib borar. Yo u xotinini izlab kelib qolar…»
E, sho‘rpeshona, yaxshisi, tentirab yurmasdan uning o‘zini yo‘l yoqasiga boshlab kelib, jo‘nata qolsam bo‘lmasmidi! Uch soatlar chamasi yer depsab vaqtni bekor o‘tkazdim. O‘zimdan-o‘zim nafratlandim: nega, nima uchun bunday qilyapman-a? Yo‘q, hozir uni bu yerga boshlab kelaman-da, o‘zining oldida mashina to‘xtataman. Bo‘lmasa, hech narsa qilolmay turaveraman. Men uyga qaytdim. U endi eshikdan chiqib kelayotgan ekan, kutaverib toqati toq bo‘libdi. Men uyalib ketdim, xuddi biror gunoh qilib qo‘ygan yosh boladek unga javdirab qaradim.
— Kutib qoldingiz-a? — deb g‘o‘ldiradim men. — Yo‘lovchi mashinalar uchramadi, to‘g‘rirog‘i, uchradi-yu, ammo ko‘ngildagidek emas ekan. Kechirasiz, tag‘in yomon xayollarga borib yurmang. Xudo haqqi, uyga kirib biroz o‘tira turing. O‘tinib so‘rayman!

U taajjublanib, menga ma’yusgina boqdida, indamay uyga qaytib kirib:

— Siz menga achinyapsizmi? — dedi.

— Yo‘q, uning uchun emas. Bilasizmi… Siz uchun tashvishlanyapman. Qiynalib qolasiz. Qanday qilib kun kechirmoqchisiz?
— Ishlayman. Suyagim mehnatda qotgan.

— Qaerda ishlaysiz?

— Biror yerga joylasharman. Ammo uyga qaytmayman, ovulga ham bormayman. Mehnat qilib kun kechiraman.

Men indamadim. Hammasi tushunarli edi. U hozir hech narsa haqida o‘ylamasdi, ko‘ziga ham hech narsa ko‘rinmasdi.

Alam, g‘urur uni noma’lum tomonlarga haydamoqda edi. Ammo «mehnat qilib kun kechiraman»,deyish aytishgagina oson, axir. Ishlab kun kechirish to‘g‘ri-ku, lekin hadeguncha unga erisha qolmaysan kishi. Insonni o‘z erkiga, xohishiga qo‘ymaslik ham yaxshi emas.

Bola menga qarab talpindi. Uni ko‘tarib oldim. Uning yuzidan o‘parkanman: «Eh, do‘mbog‘im, sendan ajralishga to‘g‘ri kelyapti-ku. Qaniydi sen bilan bir umrga ajrashmasak. O‘z o‘g‘limdek qadrdon va aziz bo‘lib qolgan eding menga», deb o‘tkazdim ko‘nglimdan.

— Ha, mayli, yuring, — dedim keyin sekingina. O‘rnimizdan turdik. Men bolani ko‘tarib oldim, biroq eshik oldiga borganda to‘xtab:
— Ish bo‘lsa bizda ham topiladi, — dedim yana unga. — Shu yerda ishlasangiz ham bo‘ladi. Kichikroq xona ham bor. Rost, qola qoling. Shoshilmang. Ketishga har vaqt ulgurasiz. Yana o‘ylab ko‘ring…

U avval indamay turdi. Ammo men hozircha bu yerda ishlab turishning afzalligini, so‘ng nima qilish zarurligini hayot o‘zi ko‘rsatishini, ketgisi kelsa xohlagan vaqtida keta olishi mumkin ekanligini aytib, unda ishonch hosil qildim.
Shunday qilib, Asal va Samad, o‘g‘lining ismi shunday ekan, bizning yo‘l uchastkamizda qolishdi. Hovlidagi qo‘shimcha qurilgan uycha sovuq edi, shuning uchun Asalni o‘g‘li bilan mening xonamda yashashga ko‘ndirdim, o‘zim bo‘lsam o‘sha hujraga ko‘chib o‘tdim. Menga shu uycha ham yetardi.

Shu paytdan boshlab mening hayotim o‘zgarib ketdi. Bir qarashda-ku, hech narsa o‘zgarmagandek ko‘rinardi, hamon avvalgidek so‘qqabosh edim, ammo men o‘zimni yana inson his qila boshladim, uzoq yillik yolg‘izlikda sovigan qalbim tag‘in iliy boshladi. Men endi yakka o‘zim yashamasdim…
Odamlar bilan kishilar orasida yashash, ishlash, do‘stlashish, umum ishini ado etish, yordamlashish va yordam olish naqadar yaxshi. Kuning bitib, vaqt-soating yetib o‘lganingda ham boshqalardan kam qilib ko‘mishmaydi… Ammo shunga qaramay, hayotning bir tomoni borki, uni sevgilingga bo‘lgan mehr-muhabbatdan bo‘lak hech narsa bilan almashtirib, to‘ldirib bo‘lmaydi… Men kichkintoyga juda o‘rganib qoldim. Uchastkaga aylanib chiqqan paytlarda ham uni issiqqina qilib o‘rab olib, o‘zim bilan birga ko‘tarib yurardim. Xullas, bo‘sh vaqtimning hammasini u bilan o‘tkazardim. Shu paytgacha qanday qilib yashab kelganimni tasavvur eta olmayman. Qo‘shnilarim ham ancha durust kishilar edi. Ular Asalga ham, Samadga ham mehribon edilar. Bolani kim sevmaydi deysiz. Asalning o‘zini olsak dilkash, samimiy, ochiq ko‘ngilli ayol, shuning uchun ham u uchastkadagilar bilan til topishib, aralashib-quralashib ketdi. Mening esa kichkintoyga ham, Asalga ham mehru muhabbatim yanada oshib ketdi. Bolaga mehrim onasiga bo‘lgan mehr-muhabbat bilan payvasta edi. Rostini aytsam, har qancha urinsam ham his-hayajonlarimni o‘zimdan-o‘zim yashira olmadim. Asalni sevib qolgan edim. Bir umrga butun qalbim bilan yolg‘izlikda o‘tkazilgan hijronli yillar, barcha azob-uqubatlarim evaziga uni behad sevib qoldim. Barcha judoliklarim, g‘am-hasratlarim bu muhabbatga mujassamlashgan edi. Ammo buni unga oshkor etishga haqqim yo‘q edi. Asal hamon erini kutardi. Kutishga uzoq kutardi-yu, biroq hech sir boy bermasdi. Biz yo‘lda ishlayotgan kezlarda uning har bir yo‘lovchi mashinani intizor va umidvor ko‘zlari bilan kutib olishi va kuzatib qolishini ko‘pincha sezardim. Ba’zan o‘g‘lini ko‘tarib yo‘l yoqasiga chiqar va u yerda necha soatlab o‘tirar edi. U ko‘rina qolmasdi. U kim va qanaqa odam ekanligini bilmayman, buni so‘ramasdim ham, Asal ham buni hech kimga so‘zlamasdi.

Vaqt o‘tib borardi. Samad ham ulg‘ayib qoldi. Oh, u juda sho‘x, jajji toychoq ediki, bilmayman, birov o‘rgatganmi yoki o‘rganganmi, harholda u meni dada, deya boshladi. Ko‘rdimi, bas: «Dada!» «Dada!» — deb bo‘ynimga osiladi. Asal Samadga qarab o‘ychan jilmayib qo‘yardi. Men bo‘lsam ham quvonardim, ham yuragim o‘rtanib azob chekardim. Unga ota bo‘lishga ming bor rozi edimu, ammo nima ham qila olardim…
O‘sha yili yoz kunlaridan birida biz yo‘l tuzatayotgan edik. Mashinalar bizni chetlab o‘tib borardi. Asal qo‘qqisdan shofyorlardan biriga qarab qichqirdi:

— Hey, Jontoy, to‘xta!

Mashina bizdan biroz o‘tdi-yu, taqqa to‘xtadi. Asal shofyor tomon chopib ketdi. Ularning nima hakda gapirishganlarini bilmadimu, ammo Asalning to‘satdan kabinaga qarab qichqira boshlaganini eshitib qoldim:

— Aldayapsan! Yolg‘on! Ishonmayman! Yo‘qol bu yerdan! Hoziroq yo‘qol!
Mashina yo‘liga ravona bo‘ldi. Asal esa yo‘lni kesib o‘tib, uyga qarab otildi. Aftidan, u yig‘layotgan edi.

Lattadek bo‘shashib, qo‘lim ishga bormay qoldi. Kim bo‘ldi u? Asalga nima dedi? Shunga o‘xshagan shubha va taxminlar qamrab oldi meni. Chidab tura olmay, uyga yurdim. Asal o‘g‘li bilan uyda o‘tirar edi. Axiri bo‘lmadi, kechqurun uning oldiga kirdim.

— Samad qani? Uni juda sog‘inib qoldim! — dedim men.
— Mana, bu yoqda, — dedi Asal ma’yusgina.

— Dada! — deb menga talpindi Samad. Uni qo‘limga ko‘tarib, erkalatdim. Onasi esa g‘amga botib, indamay o‘tirardi.

— Nima bo‘ldi, Asal? — deb so‘radim. Asal chuqur xo‘rsinib qo‘ydi.

— Men ketaman, bake, — dedi u. — Bu yerda turmushim yomon bo‘lganidan emas, albatta, sizdan ming marta minnatdorman. Biroq nega, qayoqqa ekanligini o‘zim ham bilmayman-u, boshim oqqan tomonga ketaman…

U bu gaplarni shunchaki aytgani yo‘q, buni ko‘rib turibman, g‘am-alam ichida ketib qolishi mumkin. Haqiqatni aytishdan bo‘lak ilojim qolmagan edi.

— Nima ham derdim, Asal, seni bu yerda ushlab turishga haqqim yo‘q. Ammo sen ketgach, bu yerda yashay olmayman, men ham bosh olib ketishim kerak. Vayron bo‘lgan uy-joyimni bir marta tashlab ketganman. O‘shandan buyon bir oz ko‘nikib qolgandek bo‘luvdim… Tasodifmi bu yoki takdirmi, faqat sen va o‘g‘ilchang bilan birga bo‘lib, g‘am-g‘ussalarimni unuta boshlagan edim. Buni gapirib o‘tirishning hojati ham yo‘q, o‘zing bilasan, Asal. Agar sen hozir ketadigan bo‘lsang, bu yer ham Pomirda qolib ketgan uyim kabi men uchun haromga aylanadi. O‘ylab ko‘r, Asal… Mabodo u qaytib kelsa va qalbing unga undaydigan bo‘lsa, sizlarga zarracha xalal bermayman, doim erking o‘zingda, Asal…

Men shu so‘zlarni aytib Samadni ko‘tarib oldim-u, yo‘lga chiqdim. U yerda Samadni anchagacha ko‘tarib yurdim. Bu toychog‘im hech narsani tushunmasdi.
Asal shu ko‘yi vaqtincha yashab qolaverdi. Ammo uning nimalar haqida o‘ylab yurgani, qanday qarorga kelgani menga qorong‘i edi. Bu kunlar ichida men ozib-to‘zib qorayib ketdim.

Bir kuni tush paytida allaqanday ish bilan hovliga kirib qoldim. Qarasam, Samad ajabtovur yurishga intilyapti. Asal uni, tag‘in yiqilib tushib lat yemasin, deb qo‘rqib, sal ushlab turardi. Men to‘xtadim.

— Bake, qara, o‘g‘ling endi yuradigan bo‘lib qoldi! — dedi quvonch bilan jilmayib.

Nima dedi u? O‘g‘ling! Men yelkamdagi belkurakni irg‘itib yubordim-da, cho‘nqayib o‘tirib, toychog‘imni chaqira boshladim:

— Toy-toy-toy, bo‘talog‘im! Qani, menga kel-chi, oyoqlaring bilan yerni tepkilab yur-chi, dadilroq bos!

Samad qulochini yozib yubordi.

— Dada! — deb oyoqchalarini entak-tentak bosib, menga qarab chopdi. Men uni ushlab oldim-da, boshim uzra baland ko‘tarib, bag‘rimga qattiq bosdim.
— Asal! — dedim men unga. — Ertaga bir bolalar bayramini o‘tkazaylik-a. Sen oq va qora jundan to‘qilgan chilvir tayyorlab qo‘y.

— Xo‘p, bake! — deb kulib yubordi u.

— Ha, ha, albatta oq va qora jundan to‘qilgan bo‘l-sin.

Men otga mindim-u, chorvador do‘stlarim oldiga jo‘nadim, u yoqdan qimiz va yangi so‘yilgan go‘sht olib keldim. Ertasiga esa biz kichkina bayramimiz — «chilvir kesish» bayramiga qo‘shnilarimizni taklif etdik.

Men Samadni yerga o‘tqazdim-da, oyoqlarini oq-qora chilvir bilan tushovladim, yoniga qaychini keltirib qo‘ydim. So‘ng hovlining narigi chekkasida turgan bolalarga qarab buyruq berdim:

— Kimki birinchi bo‘lib chopib kelib chilvirni kessa, o‘shanga birinchi bo‘lib mukofot beriladi, qolganlarga esa navbat bilan ulashiladi. Qani, boshlanglar, bolalar!— deb qo‘l siltadim.

Xuddi poygaga qo‘yilgan arg‘umoqlar singari bolalar bizning «hoy-huv» va shovqin-suronimiz ostida qiyqirishib chopa ketishdi.
Chilvir kesilib bo‘lgandan keyin Samadga qarab:

— Qani, o‘g‘lim, chopqillayver endi! — dedim. — Uni qo‘lidan ushlab olib yuringlar, bolalar! Ular Samadning qo‘lidan tutishdi, u ham bolalar bilan chopib ketdi. Men esa ularning orqasidan,

hech kimga murojaat qilmasdan, beixtiyor gapirib yuboribman:
— Odamlar! Mening toychog‘im chopqillab yurib ketdi! U tulpordek ildam bo‘lsin!

Samad bolalar ketidan chopqillab bora turib, orqaga qayrilib: «Dada!» dedi-da, dumalab tushdi. Biz Asal bilan ikkimiz baravariga unga tomon tashlandik. Men Samadni yerdan ko‘tarib olganimda, Asal birinchi marta menga:

— Jonim! — dedi.
Shu kundan boshlab biz er-xotin bo‘lib qovushdik.

Qishda o‘g‘ilchamizni olib ovulga, chol-kampirlar oldiga borib keldik. Ular bizdan juda xafa edi, biroq keyinchalik kechirishdi, duo qilishib fotiha berishdi.

Kunlar birin-ketin sezilmay o‘tib borardi. Samad besh yoshga to‘ldi. Biz Asal bilan juda ahil, juda inoq yashardik, faqat birgina narsa haqida og‘iz ochmas va eslamas edik. Asal u hakda o‘ylarmidi, yolg‘iz qolganda uni eslab o‘y-xayollarga berilarmidi, buni bilmayman, biroq biz go‘yo gap-so‘zsiz dilimizda o‘zaro shartlashib qo‘ygandek edik: biz uni tanimaymiz, biz uchun u odam yo‘q va bo‘lmaydi ham…
Ammo inson ko‘ngli nimalarni istamaydi deysiz. Buning ustiga yana shunday narsalar ham borki, ulardan qochib qutula olmaysan. U yaqindagina bu yerlarda paydo bo‘lib qoldi.

Bir kuni kechasi yo‘lda avariya bo‘lib qoldi. Yordamchim bilan ikkovimiz nima bo‘lganini bilish uchun yugurdik. Ehtimol, biror baxtsizlik yuz bergandir. Yetib keldik. Allaqanday yuk mashinasi yo‘l chekkasidagi ustunlarga tumshug‘i bilan kelib urilibdi. G‘irt mast shofyor hushidan ketib taxtadek qotib yotardi. Men uni tanidimu, ammo ismini eslayolmadim. U bir kuni bizni falokatdan qutqargan va mashinamizni shatakka olib, dovonga olib chiqib qo‘ygan edi. Do‘landa esa mashinani shatakka olib yurish hazilakam ish emasdi. Ilgarilari bu yerda bunday ish qilish u yoqda tursin, hatto hech kimning xayoliga ham kelmasdi. Bu shofyor bo‘lsa, tirishqoq, dovyurak yigit ekan, har qancha og‘ir bo‘lsa ham mashinamizni uchastkagacha sudrab olib keldi. U menga juda yoqib qoldi, ko‘nglimdagidek yigit ekan. O‘sha voqeadan keyin allakim birinchi bo‘lib dovondan pritssep bilan o‘tmoqchi bo‘lib-di, maqsadiga erishishiga oz qolgan ekanu, ammo uddalay olmabdi. Pritsepni yo‘l yoqasidagi ariqqa tushirib yuboribdi-da, tashlab ketib qolibdi. Men o‘shanda o‘sha dovyurak yigitning ishi emasmikin, deb xayoldan o‘tkazgan edim. Mard kishining o‘z maqsadiga erisha olmaganiga juda achingan edim. Ammo o‘sha voqeadan keyin dovondan pritsep bilan o‘tadigan bo‘lishdi. Yigitlar mashina va pritseplarni sharoitga moslashtirib juda to‘g‘ri ish qilgan edilar.

Vijdonan aytsam, bu yigit Asal tashlab ketgan kishi ekanini bilmasdim. Agar bilganimda ham baribir shunday qilgan bo‘lardim. Men uni uyga sudrab olib keldim, shunda hammasi oydinlashdi-qo‘ydi. Eshikdan o‘tin ko‘tarib kirib kelgan Asalning ko‘zi unga tushdi-yu, qo‘lidagi o‘tinlari polga sochilib ketdi. Ammo go‘yo birinchi marta uchrashayotgandek, birortamiz ham sir boy bermadik. Ayniqsa men o‘zimni qo‘lga olishim kerak edi, chunki ehtiyotsizlik qilib biron noo‘rin so‘z aytib yoki nojo‘ya harakatim bilan ularning ko‘ngliga tegib ketmaslikka intilardim va ularning bir-birovlarini tushunib olishlariga xalal bermaslik uchun o‘zimni tutishga harakat qilardim. Endi men hech narsani hal eta olmasdim. Endi hamma gap ularning o‘zlarida qolgandi: ular orasida o‘tmish kechmishlari, men bag‘rimga bosib va erkalab karavotda olib yotgan o‘g‘illari bor edi.

O‘sha tuni birortamiz ham mijja qoqmadik, har kim o‘z o‘ylari bilan band edi. Shu jumladan, men ham.

Asal o‘g‘li bilan ketib qolishi ham mumkin edi. Bu albatta ularning ishi. Mayli, ular yurak amri va aql-idroklari buyurganini qilishsin. Men, men esa… nima ham derdim, bunga mening nima daxlim bor, masalani hal etish menga bog‘liq emas, ularga xalaqit bermasligim kerak…

U hozir ham shu yerda, mana shu yo‘ldan qatnaydi. Shuncha yillar davomida qaerlarda bo‘lganiykin u, nima bilan shug‘ullandiykin? Ammo buning ahamiyati yo‘q… Bu ularning ishi…

Biz Boytemir bilan yo‘lni aylanib chiqib, orqaga qaytdik. Qosh qorayib qolgan zdi. Tyan-Shanning muzli cho‘qqilari ustidagi osmon-u falak bahor oqshomining binafsha rang tusiga kirib borayotgandi. Mashinalar yo‘ldan ikki tomonga qarab g‘iz-g‘iz o‘tib turardi.

— Mana, hayot qanchalik murakkab, — dedi Boytemir biroz sukutdan so‘ng o‘ychan. — Men hozir uydan ketishim kerak emas. Mabodo Asal ketish xayolida bo‘lsa, mayli. Faqat menga ketayotganini bir og‘iz aytsa bo‘lgani, o‘g‘li bilan so‘nggi bor xayr-xo‘shlashib, oq yo‘l tilab qolaman. Axir Samad men uchun o‘z o‘g‘limday bo‘lib qolgan-ku. Biroq uni o‘z otasidan zo‘rlab tortib ololmayman. Shuning uchun men ham hech qayoqqa bormayman. Ayniqsa Pomirga… Men buni sizga gazeta uchun hikoya qilib berayotganim yo‘q, albatta. Shunchaki, inson insonga o‘z dardini aytib berayotgandek gapirib beryapman-da…

XOTIMA O‘RNIDA

Biz Ilyos bilan o‘shda ajralishdik. U Pomirga jo‘nadi, men bo‘lsam o‘z ishlarim bilan ketdim.
— Borib Alibekni topaman. Yangicha hayot boshlayman! — dedi u yo‘l-yo‘lakay. — Meni endi tuzalmas, tamom bo‘lgan odam deb o‘ylamang. Kelajagim, hayotim hali oldinda. Kunlar o‘tar, men ham uylanarman, boshqalarga o‘xshab bola-chaqali, uy-joyli bo‘larman. Ishlayman, do‘st, yor-birodarlar orttiraman. Lekin faqat birgina narsa: umrbod, manguga yo‘qotgan narsamni qaytara olmasam kerak… O‘tgan ishni hech qachon qaytarib bo‘lmaydi… Ammo hayotimning so‘nggi kunlariga qadar, to so‘nggi nafasimgacha Asalni va oramizda bo‘lib o‘tgan hamma shirin damlarni saqlab o‘taman.

Yo‘lga chiqish oldidan ko‘lga, o‘sha tik tepalikka. bordim. U yerda men Tyan-Shan bilan vidolashdim, Issiqko‘l bilan xayrlashdim. Xayr, Issiqko‘l, tugallanmay qolgan orombaxsh kuylarim! Moviy to‘lqinlaring va oltin qirg‘oqlaring bilan birga qo‘shib seni o‘zim bilan birga olib ketardim-u, ammo sevgilimning sevgisini olib keta olmaganimdek, seni ham olib ketish qo‘limdan kelmaydi. Alvido, Asal! Alvido, qizil durrachali sarvqomatim! Alvido, sevgilim! Baxtiyor bo‘lgil…

Men Boytemirdan eshitganlarimni Ilyosga so‘zlab bermadim. Axir bu odamlarning ko‘rkamligi va qadr-qimmati ham ularning bir-biri haqida hech narsa bilmasdan turib, bir -biriga shu qadar oliyjanoblik qilishi-da, insoniy munosabatda bo‘lishida emasmi! Shunday ekan, bu gaplarni unga so‘zlab nima ham qilardim…

Manba: Chingiz Aytmatovning «Tanlangan asarlar»i 1-jildidan olindi. «Sharq» NMAK Bosh tahririyati, Toshkent – 2009

09

(Tashriflar: umumiy 894, bugungi 1)

Izoh qoldiring