Yosh 45 ga borganda (Shavkat Rahmon bilan suhbat. 1995) & Oqibat (Shavkat Rahmon xotirasi)

Ashampoo_Snap_2017.11.11_14h32m09s_001_.png  Адабиётшунос Раҳмон Қўчқорнинг «Оқибат» кўрсатуви машҳур ўзбек шоири Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган. Унда шоирнинг яқин дўстлари ва шогирдлари — Усмон Азим, Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Асқар Маҳкам,  Иқбол Мирзо иштирок этган. Шунингдек, саҳифада Раҳмон Қўчқорнинг 1995 йили Шавкат Раҳмон билан қилган суҳбати ҳам тақдим этилмоқда.

ЁШ 45 ГА БОРГАНДА…
Шоир Шавкат Раҳмон билан суҳбат
06

— Шавкат ака, Сиз озиқ-овқат масалалари бўйича масъул одам эмассизки, бу ҳақда саволга кўмсам, ёки Орол тўғрисида ҳар қанча Сизни қийин-қистовга олмай, денгизга бирор томчи сув қўшилиб қолмайди. Ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул, деганлари ҳам, агар амал қилинса, тўғри чоғи. Шу туфайли, келинг бугун фақат адабиёт, ижод, шеър тўғрисида бироз гурунглашайлик. Аввало айтсангиз, кайфиятингиз қалай?

— Фақат адабиёт, фақат шеър тўғрисида гурунглаша олмасак керак. Чунки шеър кайфият маҳсулидир. Кайфият илдизлари кундалик ҳаётимизда, кундалик ҳаётимиз эса сиёсат билан боғлиқ. Шунга кўра суҳбатимизни адабийлаштиришга қанча уринмайлик, барибир, тагидан сиёсат кўриниб қолаверади. Азалдан таъсирчанлигим туфайли кайфиятим тез-тез тушиб турадиган пайтлар бўлади. Миллатимнинг яхши ўғилларини, қизларини кўрсам, кайфиятим кўтарилади. Гарчи миллатнинг оёқларига қарабмас, миллатнинг бошига қараб фикрлашга ўрганган бўлсам ҳам баъзан ич-ичимдан ўкинчлар, ғазаблар оқиб келадиган пайтлар бўлади. Чунки миллатпарварлик баланд ғоядир ва бу ғоя бугунги адабиётнинг етакчи мавзусига айланмоғи, ҳар бир ватандошимизда миллатпарварлик туйғусини уйғотмоғи зарур.

— Мана, ёшингиз ҳам 45 га борди. Шоир учун ҳар томонлама жиддий паллани бошдан кечиряпсиз. Гарчи, ёзилган ва ёзилажак нарсаларни ёш белгиламайди, деган китобий қарашлар юрса-да, менимча ижодда бунинг катта аҳамияти бор. Сизнинг ёшингизда… деб рўйхат санашимнинг эса ҳожати бўлмаса керак…

— Мақтанса арзигулик йирик асар ёзганимиз йўқ. Биздан аввалги авлод, масалан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфилар ижоди анча баракали. Бунинг асосий сабаби шундаки, тенгдошларимиз маълум тарихий даврда қарама-қаршилик билан овора бўлиб қолдилар. Бундан ташқари, энди астойдил меҳнат қиламиз деган пайтда бутун дунё бир бозор бўлди. Мундоқ қарасак, ўғил-қизларимиз балоғатга етиб қолибди. Ижодга вақт қаёқда дейсиз. Қувватингиз борлигида фарзандларимга кичкина бир иморат қуриб берайин, деб шаҳар ҳокимиятига бир парча ер сотиб олиш мақсадида борсангиз, масалан, Шавкат Раҳмонни, ким ошди савдосига йўллашади. Ким ошди савдосида кимдан ошаман, деб ўйлайсиз. Шоир бўлиш яхшидиру, аммо шоир сифатида тирикчилик қилиш ниҳоятда қийин. Начора, миллий тикланиш даврида ҳар қандай қийинчиликни саодат меваси сифатида қабул қилиб, сўнгги бор жўмардлик, валламатлик қилсак қилибмиз-да.

— Шавкат ака, ўзингиз мансуб бўлган авлоднинг энг кучли ва энг ожиз томони нимада деб ўйлайсиз? Энди уни, масалан, Ғафур Ғуломлар авлодига ҳар томонлама қиёслаб кўрайлик-чи.

— Мен мансуб бўлган авлоднинг кучли томони дадил фикр билан чиққанида, ожиз томони эса шу фикрни ҳимоя қилишда собитликнинг етишмасигида бўлса керак. Бу менинг чуқур ўйланмаган оний муносабатим. Ғафур Ғулом авлодларига солиштиришим қийинроқ… Улар ниҳоятда сермаҳсул, билими теран кишилар эди. Қандай бўлишидан қатъий-назар, Ғафур Ғулом авлоди ўз даврининг тақдири мураккаб бошқонлари сифатида адабиёт тарихида қолган. Мен мансуб бўлган авлод ҳали ўз вазифасини тўла бажаргани йўқ…

— Ҳозир ҳам ё тушингизда ёки ўнгингизда тез-тез учиб турасизми? Балки Сиз ҳам қушлигингизни унутаёзгандирсиз?

— Баъзан учаман. Ғалати ҳолат: мен тушларимда ўзимни ўзим бошқаришга ўрганиб қолганман. Учгим келганида қанотларимни силкитсам бас. Агар шундаям учолмасам, энг баланд тоғ чўққисига чиқиб, ўзимни пастга ташлайман. Бу паровоз “холостой” парвоз. Шундай чоғларда чиндан ҳам табиий туйғулар келади…

— Деворини соҳиб атай бузиб қўйган боғ… Билол ҳақида ва умуман, замин ҳамда миллат тўғрисида самимий, гўзал шеърларингиз кўп. 80-йилларда ёзган асарларингизда туркийлар, турк бирлиги ҳақида сўз айтгансиз. Мана бугун Туркистон сўзи жонланиб келаётир.

— Агар ният яхши бўлса, ҳар қандай оғир муаммо ҳам бир куни ечимини топар экан. Атиги беш-ўн йил илгари мафкурачилар Туркистон ғоясини ўлик ғоя деб тарғиб қилардилар. Биз бу муҳтарам акахонлар ўз халқига, ватанига шу қадар усталик билар зарар бериш санъатини қаердан, қандай қилиб ўрганиб олдилар экан, деб ажабланардик. Вақт ҳар бир нарсани ўз жойига қўйди. Сунъий аралашувдан бузилган қадриятлар аслиятига қайтади. Янги иқтисодий, сиёсий шароитда қадим Туркистон ўлкасининг қариндош халқлари бир-бирларига астойдил талпина бошлади. Беш республиканинг кучли зиёлилари бошини қовуштириш орқали бошқа соҳаларни ҳам яқинлаштиришни шароит талаб қилиб турибди. Ички ва ташқи сиёсатнинг мувофиқлаштирилиши, нарх-наво, солиқ, бож сиёсати, коммуникация, умумий чегара, бирлашган армияга доир масалалар ҳал қилинса, Туркистон ўлкасида азалдан истиқомат қилаётган халқларнинг туб манфаатларига мос келмайдими? Хитой билан Россия оралиғида пировард натижада ҳар томонлама ривожланган, ўзининг илғор, инсонпарвар сиёсати билан жаҳон ҳамжамиятига таъсир қила оладиган ягона сиёсий маконнинг барпо бўлишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Мана шу нозик сиёсий тўлқинларни ўз пайтида илғаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг “Туркистон – умумий уйимиз” деган даъвати ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоғи лозим, деб ўйлайман.

— Ҳозирги ёш шоирлардан кимларни ўқиш, келажигига ишониш мумкин, деб ҳисоблайсиз. Бира тўла уларга ўз тилак ва истакларингизни ҳам айтсангиз.

— Шеъриятимиз теран, оқимлари кучли шеъриятдир. Бу шеъриятнинг кенжа авлоди орасида аллақачон шеър бахтига муяссар бўлган шоирлар бор. Уларнинг ижодига хос бўлган фазилатлардан баҳраманд бўлиш учун икки-учта шеърларини ўқиш кифоя. Масалан, Сирожиддин Саййид – нозик санъат шоири, Асқар Маҳкам – қаттиқ иймон шоири, Абдували Қутбиддин – дилбар хаёл шоири, Зебо Мирзо – мунис дард шоири, Иқбол – асов туғён шоиридир. Мен яқин ўн йиллардан буён бу шоирларнинг ижодларида қалбакилик, феъл-хўйларида сотқинлик аломатларини сезмадим. Истардимки, бу беғараз авлод ўзлари сиғинган ғояларини, байроқларини нопокларга бериб қўймасин! Акс ҳолда, ҳар қандай баланд ғоя, ҳар қандай муқаддас байроқ кирланиб, инсонларни яхши амаллар йўлида бирлаштиришдай буюк қувватдан маҳрум бўлади. Бундан эса Худо асрасин!

— Иншоаллоҳ!

Суҳбатдош — Раҳмон Қўчқор

Манбаъ: «Ватан» газетаси,1995 йил, 22-сон

  Adabiyotshunos Rahmon Qo‘chqorning “Oqibat” ko‘rsatuvi mashhur o‘zbek shoiri Shavkat Rahmon xotirasiga bag‘ishlangan. Unda shoirning yaqin do‘stlari va shogirdlari — Usmon Azim, Murod Muhammad Do‘st, Xurshid Davron, Asqar Mahkam, Ahmad A’zam, Iqbol Mirzo ishtirok etgan. Shuningdek, sahifada Rahmon Qo‘chqorning 1995 yili Shavkat Rahmon bilan qilgan suhbati ham taqdim etilmoqda.

YOSH 45 GA BORGANDA…
Shoir Shavkat Rahmon bilan suhbat
06

— Shavkat aka, Siz oziq-ovqat masalalari bo’yicha mas’ul odam emassizki, bu haqda savolga ko’msam, yoki Orol to’g’risida har qancha Sizni qiyin-qistovga olmay, dengizga biror tomchi suv qo’shilib qolmaydi. Har kim o’z ishini qilgani ma’qul, deganlari ham, agar amal qilinsa, to’g’ri chog’i. Shu tufayli, keling bugun faqat adabiyot, ijod, she’r to’g’risida biroz gurunglashaylik. Avvalo aytsangiz, kayfiyatingiz qalay?

— Faqat adabiyot, faqat she’r to’g’risida gurunglasha olmasak kerak. Chunki she’r kayfiyat mahsulidir. Kayfiyat ildizlari kundalik hayotimizda, kundalik hayotimiz esa siyosat bilan bog’liq. Shunga ko’ra suhbatimizni adabiylashtirishga qancha urinmaylik, baribir, tagidan siyosat ko’rinib qolaveradi. Azaldan ta’sirchanligim tufayli kayfiyatim tez-tez tushib turadigan paytlar bo’ladi. Millatimning yaxshi o’g’illarini, qizlarini ko’rsam, kayfiyatim ko’tariladi. Garchi millatning oyoqlariga qarabmas, millatning boshiga qarab fikrlashga o’rgangan bo’lsam ham ba’zan ich-ichimdan o’kinchlar, g’azablar oqib keladigan paytlar bo’ladi. Chunki millatparvarlik baland g’oyadir va bu g’oya bugungi adabiyotning yetakchi mavzusiga aylanmog’i, har bir vatandoshimizda millatparvarlik tuyg’usini uyg’otmog’i zarur.

— Mana, yoshingiz ham 45 ga bordi. Shoir uchun har tomonlama jiddiy pallani boshdan kechiryapsiz. Garchi, yozilgan va yozilajak narsalarni yosh belgilamaydi, degan kitobiy qarashlar yursa-da, menimcha ijodda buning katta ahamiyati bor. Sizning yoshingizda… deb ro’yxat sanashimning esa hojati bo’lmasa kerak…

— Maqtansa arzigulik yirik asar yozganimiz yo’q. Bizdan avvalgi avlod, masalan Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfilar ijodi ancha barakali. Buning asosiy sababi shundaki, tengdoshlarimiz ma’lum tarixiy davrda qarama-qarshilik bilan ovora bo’lib qoldilar. Bundan tashqari, endi astoydil mehnat qilamiz degan paytda butun dunyo bir bozor bo’ldi. Mundoq qarasak, o’g’il-qizlarimiz balog’atga yetib qolibdi. Ijodga vaqt qayoqda deysiz. Quvvatingiz borligida farzandlarimga kichkina bir imorat qurib berayin, deb shahar hokimiyatiga bir parcha yer sotib olish maqsadida borsangiz, masalan, Shavkat Rahmonni, kim oshdi savdosiga yo’llashadi. Kim oshdi savdosida kimdan oshaman, deb o’ylaysiz. Shoir bo’lish yaxshidiru, ammo shoir sifatida tirikchilik qilish nihoyatda qiyin. Nachora, milliy tiklanish davrida har qanday qiyinchilikni saodat mevasi sifatida qabul qilib, so’nggi bor jo’mardlik, vallamatlik qilsak qilibmiz-da.

— Shavkat aka, o’zingiz mansub bo’lgan avlodning eng kuchli va eng ojiz tomoni nimada deb o’ylaysiz? Endi uni, masalan, G’afur
G’ulomlar avlodiga har tomonlama qiyoslab ko’raylik-chi.

— Men mansub bo’lgan avlodning kuchli tomoni dadil fikr bilan chiqqanida, ojiz tomoni esa shu fikrni himoya qilishda sobitlikning yetishmasigida bo’lsa kerak. Bu mening chuqur o’ylanmagan oniy munosabatim. G’afur G’ulom avlodlariga solishtirishim qiyinroq… Ular nihoyatda sermahsul, bilimi teran kishilar edi. Qanday bo’lishidan qat’iy-nazar, G’afur G’ulom avlodi o’z davrining taqdiri murakkab boshqonlari sifatida adabiyot tarixida qolgan. Men mansub bo’lgan avlod hali o’z vazifasini to’la bajargani yo’q…

— Hozir ham yo tushingizda yoki o’ngingizda tez-tez uchib turasizmi? Balki Siz ham qushligingizni unutayozgandirsiz?

— Ba’zan uchaman. G’alati holat: men tushlarimda o’zimni o’zim boshqarishga o’rganib qolganman. Uchgim kelganida qanotlarimni silkitsam bas. Agar shundayam ucholmasam, eng baland tog’ cho’qqisiga chiqib, o’zimni pastga tashlayman. Bu parovoz “xolostoy” parvoz. Shunday chog’larda chindan ham tabiiy tuyg’ular keladi…

— Devorini sohib atay buzib qo’ygan bog’… Bilol haqida va umuman, zamin hamda millat to’g’risida samimiy, go’zal she’rlaringiz ko’p. 80-yillarda yozgan asarlaringizda turkiylar, turk birligi haqida so’z aytgansiz. Mana bugun Turkiston so’zi jonlanib kelayotir.

— Agar niyat yaxshi bo’lsa, har qanday og’ir muammo ham bir kuni yechimini topar ekan. Atigi besh-o’n yil ilgari mafkurachilar Turkiston g’oyasini o’lik g’oya deb targ’ib qilardilar. Biz bu muhtaram akaxonlar o’z xalqiga, vataniga shu qadar ustalik bilar zarar berish san’atini qaerdan, qanday qilib o’rganib oldilar ekan, deb ajablanardik. Vaqt har bir narsani o’z joyiga qo’ydi. Sun’iy aralashuvdan buzilgan qadriyatlar asliyatiga qaytadi. Yangi iqtisodiy, siyosiy sharoitda qadim Turkiston o’lkasining qarindosh xalqlari bir-birlariga astoydil talpina boshladi. Besh respublikaning kuchli ziyolilari boshini qovushtirish orqali boshqa sohalarni ham yaqinlashtirishni sharoit talab qilib turibdi. Ichki va tashqi siyosatning muvofiqlashtirilishi, narx-navo, soliq, boj siyosati, kommunikatsiya, umumiy chegara, birlashgan armiyaga doir masalalar hal qilinsa, Turkiston o’lkasida azaldan istiqomat qilayotgan xalqlarning tub manfaatlariga mos kelmaydimi? Xitoy bilan Rossiya oralig’ida pirovard natijada har tomonlama rivojlangan, o’zining ilg’or, insonparvar siyosati bilan jahon hamjamiyatiga ta’sir qila oladigan yagona siyosiy makonning barpo bo’lishidan hammamiz manfaatdormiz. Mana shu nozik siyosiy to’lqinlarni o’z paytida ilg’agan O’zbekiston Prezidenti Islom Karimovning “Turkiston – umumiy uyimiz” degan da’vati har taraflama qo’llab-quvvatlanmog’i lozim, deb o’ylayman.

— Hozirgi yosh shoirlardan kimlarni o’qish, kelajigiga ishonish mumkin, deb hisoblaysiz. Bira to’la ularga o’z tilak va istaklaringizni ham aytsangiz.

— She’riyatimiz teran, oqimlari kuchli she’riyatdir. Bu she’riyatning kenja avlodi orasida allaqachon she’r baxtiga muyassar bo’lgan shoirlar bor. Ularning ijodiga xos bo’lgan fazilatlardan bahramand bo’lish uchun ikki-uchta she’rlarini o’qish kifoya. Masalan, Sirojiddin Sayyid – nozik san’at shoiri, Asqar Mahkam – qattiq iymon shoiri, Abduvali Qutbiddin – dilbar xayol shoiri, Zebo Mirzo – munis dard shoiri, Iqbol – asov tug’yon shoiridir. Men yaqin o’n yillardan buyon bu shoirlarning ijodlarida qalbakilik, fe’l-xo’ylarida sotqinlik alomatlarini sezmadim. Istardimki, bu beg’araz avlod o’zlari sig’ingan g’oyalarini, bayroqlarini nopoklarga berib qo’ymasin! Aks holda, har qanday baland g’oya, har qanday muqaddas bayroq kirlanib, insonlarni yaxshi amallar yo’lida birlashtirishday buyuk quvvatdan mahrum bo’ladi. Bundan esa Xudoasrasin!

— Inshoalloh!

Suhbatdosh — Rahmon Qo’chqor

Manba’: «Vatan» gazetasi,1995 yil, 22-son

xdk

(Tashriflar: umumiy 189, bugungi 1)

Izoh qoldiring