Ahmad A’zam. Vatan haqida yozishga kuchim yetmagan she’rim

055    Эски шаҳарнинг эски бир ҳовлисида тураман. Дўппидек ҳовлича, ёзув-чизувим билан унга сиғмай, тепага — болохонага чиқиб олганман; деразадан фақат томлар, томлар орасидан бошини чиқарган дарахтлару онда-сонда учиб ўтган қушлар кўринади; офтоб нури тўғри мен ёзадиган қоғозларга тушади, кўзимни қамаштиради; шовқин йўқ, ҳаммаёқ осойишта — сенга нима етишмайди, истаганингча тўйиб-тўйиб ёзмайсанми, дейман ўзимга…

Аҳмад АЪЗАМ
ВАТАН ҲАҚИДА ЁЗИШГА
КУЧИМ ЕТМАГАН ШЕЪРИМ

032

033 Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
2014 йил 4 январида вафот этган

044

Эски шаҳарнинг эски бир ҳовлисида тураман.

Дўппидек ҳовлича, ёзув-чизувим билан унга сиғмай, тепага — болохонага чиқиб олганман; деразадан фақат томлар, томлар орасидан бошини чиқарган дарахтлару онда-сонда учиб ўтган қушлар кўринади; офтоб нури тўғри мен ёзадиган қоғозларга тушади, кўзимни қамаштиради; шовқин йўқ, ҳаммаёқ осойишта — сенга нима етишмайди, истаганингча тўйиб-тўйиб ёзмайсанми, дейман ўзимга.

Лекин ҳеч кўнглим тўлмайди, нимагадир бўм-бўш; болохонага чиқиб олган бўлсам-да, пастда рўзғоримдан баландда эмасман, турмуш ташвишлари худди қўрдан учган қурумдек келиб қоғозларим тушаверади -ёзганларимда майда-чуйда кўп, баландлик йўқ.

Осмон тоза, офтоб ҳамишагидек чарақлаган бир кун эди, деразадан қараб шуларни ўйлаб ўтирга эдим, бирдан томлар кўзимга бошқача кўриниб кетди: ҳаммаси туташ, бир-бирига кифтини тираб, пастда яшаётган оилаларнинг аҳил ё аразлашганига қарамай, келишувчилик билан ястаниб, қуёшнинг нурида биргалашиб исинаётгандек туюлди: мисоли эрта кўкламда офтоб-шувоққа ёнбошлаб, ундан-бундан иноққина гурунг қурган, олтовлон ола бўлмаган оға-инилардек… Бир-бирининг шу дунёда борлигидан, қаторлари камаймаганидан қувониб, шу қувончларини ҳангомалашиб ўтирган, ҳали ҳам забардаст, ҳали ҳам чорпаҳил чоллардек… Хуллас, бир-бирини кўрс юзи яшнаб кетадиган одамлардек…

Дарахтлар ҳам томлар орасидан бўйнини чўзиб, шамолда аланглаганча, бир-биридан ҳол-аҳвол сўраётгандек кўринди.

Яна биридан бирига нур ўтаётган қувватсимларнинг томлар бошини қовуштириши; кечаси ҳовлиларнинг бирида чироқ ўчса, ҳаммаси зимистон ичида коладн; ёруғ оқиб келса, баравар бўлашиб олади…

Ҳозир ҳаммасининг тепасида чарақлаётган битта куёш, баланд-баландларда кўкиш товланаётган ягона осмон!

Томлар бир-бирига соя ташламайди, осмонни, қуёшни бир-биридан қизғанмайди; бўғотларда жой талашиб чирқиллашаётган чумчуқларнинг кунчковлигига бепарво. Гўё томлар аҳил, атроф тинч бўлиб, ташвишланадиган каттароқ гап топилмаганидан зериккан чумчуқларга майда-чуйдадан бошқа ташвиш қолмагандек…

Юксаклардан ўтиб қолган катта қушлар томларга соқчи, осмоннинг кўкрагига расм чизаётган қалдирғочлар — хабаркаш…

Бу кўринишда…

Эҳ! Айтиб беролмайман.

Шу ўтирган жойимда, болохонам, ҳовлим, қоғозларим билан бирга, ўзим ҳам шу кўринишнинг бир бўлаги эканман; кўриб турибман, кўрганларимни уқяпман: ҳали бу ҳаммаси эмас, кўз олдимдаги кўриниш тасаввуримга сиғмаётган жуда катта, чексиз-чегарасиз манзаранинг бир бўлаги, бир парчаси, холос, деб ўйлаяпман.

Бу — тириклик, мен ҳам унинг ичида тирикман: шулар бўлмаса, мен бўлармидим!

Ғалати бўлиб кетдим.

Мен бу манзаранинг ўртасида ўтирибман, агар ҳозир болохонам томига чиқиб, чор-атрофга назар солсам, ҳаммаёқда шу манзаранинг парчаларини кўрар, худди ҳадсиз-ҳудудсиз, яшноқ гиламнинг ўртасида, унинг рангларидан кўзи қамашиб, унинг чексизлигидан ақли шошиб қолган чумолидек, анқайиб тураверар эдим.

Кўнглим орзиқиб, қани эди-я, шуларни ёзсам, деб ўйладим. Ичимдаги шу туйғуларни қоғозга туширсам: ёзганларимни ўқиганлар уларда шу томларни, дарахтларни, осмонни, офтобни ва шу устивор кенг-ликка қараб қувониб ўтирган ўзимни ҳам кўришса, ўқиётиб менга ўхшаб қувонишса…

Э, шоир эмасман-да! Агар шоир бўлганимдами!

Лекин шоирларга ўхшаб ҳаяжонланиб кетдим. Ҳаяжонимни ёзмоқчи бўлдим, майли-да, шеър бўлмаса ҳам, кўнглимга яраша:  агар тўрт деворни битта томга жуфтлаб, оламга кириб-чиқиладиган эшик очилса уй бўлади;

уйнинг деразаларидан осмон оқиб киради, агар уйлар бирлашиб, бетма-бет турса кўча, кўчалар бир-бирига уланса, — қишлоқ бўлади; қишлоқнинг йўллари бошқа қишлоқларга оқиб чиқади;

агар қишлоқлар қўшилиб, томлар бир-бирига кифтини тутса, чорраҳаларда бошини бошига тираб кўчалар гурунглашиб ётса — шаҳар бўлади; шаҳарнинг уйлари офтобга қараб ўсаверади, йўлларидан яна-яна қиш лоқлар оқиб келаверади; агар шаҳарлар, қишлоқлар, далалар, қирлар, яйловлар, саҳролар, чўллар, тоғлар, дарёлар уйлари, дарахтлари, ўт-ўлани, сувлари, тупроғи, тоши, шамоллари, жонзотлари ва одамлари билан битта қуёш, ягона осмон остида бирлашиб кетса — Ватан бўлади — ка-атта!

Бу тирик ҳақиқатни ўзимча шундай англадим: Ватан кўз олдимга келди, рўйирост кўринди, уни бағрида ўзимни ҳам кўрдим: кичкинагина ҳовлимнинг устида қўндирилган каптархонадек болохонада ўтириб-учиб, Ватанимнинг поёнсиз суратини ойна-кўнглимга сиғдиришга уриниб турган ҳолимда унга қўшилиб-бирлашиб кетган эканман.

Мен Ватаним берган бошпанада яшаб, у берган неъматлардан жон, ҳавосидан нафас олиб ўтирган эканман.

Зувалам ҳам унинг тупроғидан, қариб-чурисам ҳам шу тупроққа қайтаман!

Ҳатто шу гапларни ёзаётган қоғозларим ҳам Ватанники — унинг ўрмонларида ўсган оғочларда олинган экан. Мен эсам шу пайтгача бу қоғозларга ким қайдаги майда-чуйдаларни тўкиб…

Энди шукронамни шеърга солмоқчи бўлдим.

“Ўҳ-ҳў, қанчалар бепоён экансам, Ватан!”—деб ёздим, қуруқ гап бўлиб қолди; Ватанга қуруқ гап айтиб бўлмас экан.

«Каъбамсан, Ватан!” — деб ёздим, лекин ўзим Ватанимнинг қоқ бағрида — пойтахтида ўтирибман, чор-атрофим — Ватан, унга букилиб сажда эмас, етиб-югуриб хизмат қилишим керак, деб ўйладим.

«Эрка ўғлингман, Ватан”, деб ёздим, аммо ёшим кирққа бориб ҳам, ҳалиям боладай эркалик қилиб юрсам, ярашмас-ов, деган андишага бордим.

«Ватан, сен — уйлар бир-бирини суяйдиган, йўллар бир-бирини улайдиган, қўшиқлар бир-бирини тинглайдиган, сувлар бир-бирини излайдиган, мақсадлар бир-бирини сизлайдиган бузрук маъвосан, лекин юрагимга сиғасан”, деб ёздим, тузукка ўхшади, аммо шеър бўлмади.

«Ватан — мен сенинг…” деб ёзаётиб шартта тўхтаб қолдим: боядан бери Ватанни таърифлайман деб, нуқул ўзимни тиқиштиряпман экан; худди Ватан ҳаммамизники эмас, битта меникидек.

Кейин “Ватан — онамиз”, деб ёздим, лекин қишлоқдаги онамнинг ҳолидан хабар ололмаганимга икки ой бўлгани эсимга тушиб қолди, онасига бепарво одам, қандай қилиб Ватан—она ҳақида оғиз тўлди-риб гапираман, деб ўйладим.

Бошқа ёзолмадим, ўйлайвердим, ўйлаганим сари Ватан катталашиб, ўзим кичрайиб боравердим…

Қарасам, қоғозга термилганча, қаламни қийнаб, фақат бир сўзни шивирлаб ётибман: “Ватан”, “Ватан”, “ Ватан…”

Шу сўзни товушимни чиқариб, баралла айтиб юбордим.

Айтдиму…

Бирдан дераза кенгайиб, осмон ёнимга келди, ўзим қуёшнинг ёнидан жой олдим…

Ўша ёқдан туриб Ватанга қарадим: томлар томларга, йўллар йўлларга улашган, қишлоқлар қўл ушлашган, тоғлар оқ қалпоқли бошини кўкка тираб, ҳа, шунақа баландмиз, деб туришибди, ўрмонлар нафасида тозаланган ҳаволарни шамоллар одамларга ташиб кетяпти, шамолларнинг шаффоф оқимларида қушлар чўмилиб юрибди, одамлар бир-бирларига қараб бош ирғашяпти, саломлашишяпти шекилли, яхши нарсаларни маъқуллашяпти шекилли, — буларнинг ҳаммаси кўнглимда бўляпти экан!

Алқисса, шундай: одам Ватанни англаши учун доим уйида ўтиравермай, сал баландроқ жойга, осмонга бўлмаса ҳам, ҳеч қурса, уйининг томига чиқиб чор-атрофга узоқ-узоқ тикилиши кифоя.

Аввал ўзига қараб…

Агар унинг кўнгли ойна бўлса…

Бу ойна тоза бўлса…

Шоирлик қилолмаганимга шу таскин бўлди.

Энди билмадим: ёзишимнинг буёғи қандай бўлар экан?

Бу туйғу ярим давлатми ё бутунми?

044

Ahmad A’ZAM
VATAN HAQIDA YOZISHGA
KUCHIM YETMAGAN SHE’RIM

22

033 Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G’azira qishlog’ida tug’ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o’zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O’zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug’ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo’lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O’zbekiston televideniesida bosh muharrir, “O’zbekiston” telekanali bosh direktori, “O’zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O’zbekiston televideniesida yuzlab ko’rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O’zlik”, “Xalqning ko’ngli”, To’rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog’ tomonlarda”, “Soyasini yo’qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so’z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to’plamlari, “O’zi uylanmagan sovchi”, “Ro’yo yoxud G’ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
2014 yil 4 yanvarida vafot etgan

044

Eski shaharning eski bir hovlisida turaman.

Do‘ppidek hovlicha, yozuv-chizuvim bilan unga sig‘may, tepaga — boloxonaga chiqib olganman; derazadan faqat tomlar, tomlar orasidan boshini chiqargan daraxtlaru onda-sonda uchib o‘tgan qushlar ko‘rinadi; oftob nuri to‘g‘ri men yozadigan qog‘ozlarga tushadi, ko‘zimni qamashtiradi; shovqin yo‘q, hammayoq osoyishta — senga nima yetishmaydi, istaganingcha to‘yib-to‘yib yozmaysanmi, deyman o‘zimga.

Lekin hech ko‘nglim to‘lmaydi, nimagadir bo‘m-bo‘sh; boloxonaga chiqib olgan bo‘lsam-da, pastda ro‘zg‘orimdan balandda emasman, turmush tashvishlari xuddi qo‘rdan uchgan qurumdek kelib qog‘ozlarim tushaveradi -yozganlarimda mayda-chuyda ko‘p, balandlik yo‘q.

Osmon toza, oftob hamishagidek charaqlagan bir kun edi, derazadan qarab shularni o‘ylab o‘tirga edim, birdan tomlar ko‘zimga boshqacha ko‘rinib ketdi: hammasi tutash, bir-biriga kiftini tirab, pastda yashayotgan oilalarning ahil yo arazlashganiga qaramay, kelishuvchilik bilan yastanib, quyoshning nurida birgalashib isinayotgandek tuyuldi: misoli erta ko‘klamda oftob-shuvoqqa yonboshlab, undan-bundan inoqqina gurung qurgan, oltovlon ola bo‘lmagan og‘a-inilardek… Bir-birining shu dunyoda borligidan, qatorlari kamaymaganidan quvonib, shu quvonchlarini hangomalashib o‘tirgan, hali ham zabardast, hali ham chorpahil chollardek… Xullas, bir-birini ko‘rs yuzi yashnab ketadigan odamlardek…

Daraxtlar ham tomlar orasidan bo‘ynini cho‘zib, shamolda alanglagancha, bir-biridan hol-ahvol so‘rayotgandek ko‘rindi.

Yana biridan biriga nur o‘tayotgan quvvatsimlarning tomlar boshini qovushtirishi; kechasi hovlilarning birida chiroq o‘chsa, hammasi zimiston ichida koladn; yorug‘ oqib kelsa, baravar bo‘lashib oladi…

Hozir hammasining tepasida charaqlayotgan bitta kuyosh, baland-balandlarda ko‘kish tovlanayotgan yagona osmon!
Tomlar bir-biriga soya tashlamaydi, osmonni, quyoshni bir-biridan qizg‘anmaydi; bo‘g‘otlarda joy talashib chirqillashayotgan chumchuqlarning kunchkovligiga beparvo. Go‘yo tomlar ahil, atrof tinch bo‘lib, tashvishlanadigan kattaroq gap topilmaganidan zerikkan chumchuqlarga mayda-chuydadan boshqa tashvish qolmagandek…

Yuksaklardan o‘tib qolgan katta qushlar tomlarga soqchi, osmonning ko‘kragiga rasm chizayotgan qaldirg‘ochlar — xabarkash…

Bu ko‘rinishda…

Eh! Aitib berolmayman.

Shu o‘tirgan joyimda, boloxonam, hovlim, qog‘ozlarim bilan birga, o‘zim ham shu ko‘rinishning bir bo‘lagi ekanman; ko‘rib turibman, ko‘rganlarimni uqyapman: hali bu hammasi emas, ko‘z oldimdagi ko‘rinish tasavvurimga sig‘mayotgan juda katta, cheksiz-chegarasiz manzaraning bir bo‘lagi, bir parchasi, xolos, deb o‘ylayapman.

Bu — tiriklik, men ham uning ichida tirikman: shular bo‘lmasa, men bo‘larmidim!

G’alati bo‘lib ketdim.

Men bu manzaraning o‘rtasida o‘tiribman, agar hozir boloxonam tomiga chiqib, chor-atrofga nazar solsam, hammayoqda shu manzaraning parchalarini ko‘rar, xuddi hadsiz-hududsiz, yashnoq gilamning o‘rtasida, uning ranglaridan ko‘zi qamashib, uning cheksizligidan aqli shoshib qolgan chumolidek, anqayib turaverar edim.
Ko‘nglim orziqib, qani edi-ya, shularni yozsam, deb o‘yladim. Ichimdagi shu tuyg‘ularni qog‘ozga tushirsam: yozganlarimni o‘qiganlar ularda shu tomlarni, daraxtlarni, osmonni, oftobni va shu ustivor keng-likka qarab quvonib o‘tirgan o‘zimni ham ko‘rishsa, o‘qiyotib menga o‘xshab quvonishsa…

E, shoir emasman-da! Agar shoir bo‘lganimdami!

Lekin shoirlarga o‘xshab hayajonlanib ketdim. Hayajonimni yozmoqchi bo‘ldim, mayli-da, she’r bo‘lmasa ham, ko‘nglimga yarasha:  agar to‘rt devorni bitta tomga juftlab, olamga kirib-chiqiladigan eshik ochilsa uy bo‘ladi;

uyning derazalaridan osmon oqib kiradi, agar uylar birlashib, betma-bet tursa ko‘cha, ko‘chalar bir-biriga ulansa, — qishloq bo‘ladi; qishloqning yo‘llari boshqa qishloqlarga oqib chiqadi;

agar qishloqlar qo‘shilib, tomlar bir-biriga kiftini tutsa, chorrahalarda boshini boshiga tirab ko‘chalar gurunglashib yotsa — shahar bo‘ladi; shaharning uylari oftobga qarab o‘saveradi, yo‘llaridan yana-yana qish loqlar oqib kelaveradi;

agar shaharlar, qishloqlar, dalalar, qirlar, yaylovlar, sahrolar, cho‘llar, tog‘lar, daryolar uylari, daraxtlari, o‘t-o‘lani, suvlari, tuprog‘i, toshi, shamollari, jonzotlari va odamlari bilan bitta quyosh, yagona osmon ostida birlashib ketsa — Vatan bo‘ladi — ka-atta!

Bu tirik haqiqatni o‘zimcha shunday angladim: Vatan ko‘z oldimga keldi, ro‘yirost ko‘rindi, uni bag‘rida o‘zimni ham ko‘rdim: kichkinagina hovlimning ustida qo‘ndirilgan kaptarxonadek boloxonada o‘tirib-uchib, Vatanimning poyonsiz suratini oyna-ko‘nglimga sig‘dirishga urinib turgan holimda unga qo‘shilib-birlashib ketgan ekanman.

Men Vatanim bergan boshpanada yashab, u bergan ne’matlardan jon, havosidan nafas olib o‘tirgan ekanman.

Zuvalam ham uning tuprog‘idan, qarib-churisam ham shu tuproqqa qaytaman!

Hatto shu gaplarni yozayotgan qog‘ozlarim ham Vatanniki — uning o‘rmonlarida o‘sgan og‘ochlarda olingan ekan. Men esam shu paytgacha bu qog‘ozlarga kim qaydagi mayda-chuydalarni to‘kib…

Endi shukronamni she’rga solmoqchi bo‘ldim.

“O’h-ho‘, qanchalar bepoyon ekansam, Vatan!”—deb yozdim, quruq gap bo‘lib qoldi; Vatanga quruq gap aytib bo‘lmas ekan.

«Ka’bamsan, Vatan!” — deb yozdim, lekin o‘zim Vatanimning qoq bag‘rida — poytaxtida o‘tiribman, chor-atrofim — Vatan, unga bukilib sajda emas, yetib-yugurib xizmat qilishim kerak, deb o‘yladim.

«Erka o‘g‘lingman, Vatan”, deb yozdim, ammo yoshim kirqqa borib ham, haliyam boladay erkalik qilib yursam, yarashmas-ov, degan andishaga bordim.

«Vatan, sen — uylar bir-birini suyaydigan, yo‘llar bir-birini ulaydigan, qo‘shiqlar bir-birini tinglaydigan, suvlar bir-birini izlaydigan, maqsadlar bir-birini sizlaydigan buzruk ma’vosan, lekin yuragimga sig‘asan”, deb yozdim, tuzukka o‘xshadi, ammo she’r bo‘lmadi.

«Vatan — men sening…” deb yozayotib shartta to‘xtab qoldim: boyadan beri Vatanni ta’riflayman deb, nuqul o‘zimni tiqishtiryapman ekan; xuddi Vatan hammamizniki emas, bitta menikidek.

Keyin “Vatan — onamiz”, deb yozdim, lekin qishloqdagi onamning holidan xabar ololmaganimga ikki oy bo‘lgani esimga tushib qoldi, onasiga beparvo odam, qanday qilib Vatan—ona haqida og‘iz to‘ldi-rib gapiraman, deb o‘yladim.

Boshqa yozolmadim, o‘ylayverdim, o‘ylaganim sari Vatan kattalashib, o‘zim kichrayib boraverdim…

Qarasam, qog‘ozga termilgancha, qalamni qiynab, faqat bir so‘zni shivirlab yotibman: “Vatan”, “Vatan”, “ Vatan…”
Shu so‘zni tovushimni chiqarib, baralla aytib yubordim.

Aytdimu…
Birdan deraza kengayib, osmon yonimga keldi, o‘zim quyoshning yonidan joy oldim…

O’sha yoqdan turib Vatanga qaradim: tomlar tomlarga, yo‘llar yo‘llarga ulashgan, qishloqlar qo‘l ushlashgan, tog‘lar oq qalpoqli boshini ko‘kka tirab, ha, shunaqa balandmiz, deb turishibdi, o‘rmonlar nafasida tozalangan havolarni shamollar odamlarga tashib ketyapti, shamollarning shaffof oqimlarida qushlar cho‘milib yuribdi, odamlar bir-birlariga qarab bosh irg‘ashyapti, salomlashishyapti shekilli, yaxshi narsalarni ma’qullashyapti shekilli, — bularning hammasi ko‘nglimda bo‘lyapti ekan!

Alqissa, shunday: odam Vatanni anglashi uchun doim uyida o‘tiravermay, sal balandroq joyga, osmonga bo‘lmasa ham, hech qursa, uyining tomiga chiqib chor-atrofga uzoq-uzoq tikilishi kifoya.

Avval o‘ziga qarab…

Agar uning ko‘ngli oyna bo‘lsa…

Bu oyna toza bo‘lsa…

Shoirlik qilolmaganimga shu taskin bo‘ldi.

Endi bilmadim: yozishimning buyog‘i qanday bo‘lar ekan?
Bu tuyg‘u yarim davlatmi yo butunmi?

007

(Tashriflar: umumiy 470, bugungi 1)

Izoh qoldiring