Faxriyor. She’rlar

0555 октябрь  — шоир Фахриёр таваллуд топган кун

    Бугун истеъдодли шоир Фахриёрнинг туғилган куни яхши хабар эшитдим. Куниеча Қозон шаҳрида 11 маротиба ўтказилган Халқаро туркча шеърият анжумани бўлиб ўтди. Ушбу фестиваль ниҳоясида  туркча шеърият ривожига ҳисса қўшган  ижодкорларга  тақдим этиладиган уч мукофотдан бири — бошқирд халқининг атоқли шоири Рами Ғарипов номидаги мукофот Фахриёрга берилди. Мен 1992 йил баҳорида  анжуманнинг биринчи тадбирида устоз Эркин Воҳидов, Рауф Парфи ва Азим Суюн билан қатнашган ижодкор сифатида мазкур тадбир умумтурк адабиёти иқлимида жуда катта мақом тутишини яхши биламан. Айни шу сабабдан Фахриёрнинг анжуман мукофоти билан тақдирланишини бугунги ўзбек шеъриятига берилган юксак баҳо деб ҳисоблайман. Бу муваффақият ва туғилган куни билан шоирни чин юракдан табриклаб, унга саломатлик, хотиржамлик, ижодий юксаклик тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ФАХРИЁР
ШЕЪРЛАР
002

* * *

Ҳаёт, сен шаробсан, майсан бир сузим,
Йигирма тўрт йилки, тўймадим, аё.
Юрар май ичинда ҳасратлар сузиб,
Соқиё, айш қаён, уқубат қаён?

Гоҳо тўйиб кетар севгимдан аёл,
Кўзёшлар тўйдирар, ичгум бир ўзим.
Мен сендан, барибир, тўймасман ҳаёт,
Кўзинг оч, кўзим оч, очкўзим, кўзим.

Тахир бир шаробсан, о ширин ҳаёт,
Сабрим косасига сени қуярман,
Ичарман кўзёшни ичганим каби.

Тотинг унутмагай ёдим умрбод,
Сени қуяр жомим, нимкосам сабр.
Мен унга аёлнинг исмин ўярман.

1987

* * *

Одам тарошламоқ бўлсангиз тошдан,
тошни силанг,
имкон қадар кўргазинг меҳр.

Тошлар фақат шафқат олдида
ҳимоясиздир.

Тошга гуллар тутинг,
нимпушти гуллар —
шафқат рангидаги гулларни тутинг.

Тош, албатта, чўзар қўлини,
гулингизни олар,
қўлингизни ўпар,
йиғлаб юборади, ишонинг, шу тош.

1983

* * *

Сени сендан изладим,
йўқсан.
Эгалари кўчиб кетган уй каби
бўм-бўш турибсан.

Фақат кимсасиз уйда
унутиб қолдирилган мушук мисоли
кўксингни ичдан
тирнар бир нима

1999

* * *

Соғинч менинг Ватаним эрур,
Қароғингдай мўъжаз бир Ватан.
Энди унинг чегарасини
Мен бахтлардан қўриб ётаман.

Агар соғинч фуқаролигин
Қабул этмоқ қасдида атай
Бирорта бахт бахтимга қарши
Чегарани бузса дафъатан.

Мен азалий удумга кўра
Шафқат қилмам у нобакорга,
Қиладурман уни сазойи,
осадурман ва ёки дорга.

1989

СУЛУК

Даҳога талпинма, даҳодан талпин,
Маънисин унутма қадим оятнинг.
Даҳолар — жодугар, ғоялар — фолбин,
Кўзларин боғлайди инсониятнинг.

Қўлларидан тутгил устоз ҳаётнинг,
Сиғинчга — сиғинчдан — бошлагин, қалбим.
Тазарру тозартса бизни шоядким…
Кўҳна туркуларни шивирлар лабим.

Кўзларин боғлайди инсониятнинг.
Ҳарис ғояларга таланган устод
Ортимдан эргашар шогирд мисоли…

Яна тупроқ бўлар алданган ақл,
Шамоллар руҳ бўлиб қайтажаклар бот.
Дардларим кийина бошлайди—ШАКЛ.

1989

* * *

Суйгилим, суй, гулим, суйги лим.
Юракларим кўзимдан тошар.
Мени енгиб бормоқда ўлим,
Сени эса қийнайди яшаш…

Қуймоқ бўлди менинг насибам,
Бахтиёрлик — сенинг қисматинг.
Бахтми, зомин бўлди, масиҳам,
Бахтимизга? Бахт мусибати.

Юракларим кўзимдан тошар,
Мени енгиб бормоқда ўлим,
Куз ёмғири ғаиимат, гулим.

Севиб қолма, майли, севиб қол,
Хаёт оша, мамотлар оша
Бизни таъқиб этмоқда висол.

1995

* * *

Бегона табассум сиғмади, зўрлаб
Кимнинг жилмайишин олдим ўғирлаб,
Кимнинг табассумин тортдим юзимга?
Тортавердим уни лекин ўзимча.

Фалокат кўргазди шунда бўй-энин:
Бир чети йиртилди табассумнинг «шарт».
Сири фош этилган жосусдай мени
Бехос таниб қолди излаб юрган дард.

1989

* * *

Хиёнат қилолмас ҳеч ким пулчалик.
ғанимлар душманлиги

Дўстлик бўлиб туюлар, ҳатто,
душманлиги олдида пулнинг.

Қирқ газли шамшир билан
кесиб бўлмас пулнинг бошини.

Дарвоқе, пулнинг боши йўқ,
унга бош бермаган раббил оламин.

Йўқса, сал инсофга кирармиди у,
ўйлаб кўрармиди…

1985

* * *

Баҳор ҳеч нарсани эсдан чиқармас.
Ҳар сафар гул қўяр
ҳар бир қабр пойига.

1988

* * *

Сенда айб йўқ, биламан,
кетмоқчи эмасдинг қошимдан.
Сени авраб олиб кетди йўл,
лаганбардор йўл.

1988

* * *

Сиз уни кўкларга кўтарманг бунча,
нима ҳам қиласиз гуноҳга ботиб.
Сабри чидамайин учгунча,
Исташиб парвозни,
учаман, до-од, деб
Заминга қайтолмай юрганлар озми?

1985

* * *

Йиллар ўтди.
Шоир айтмоқчи,
Муҳаббатнинг сочи оқарди.
Кўнгил куйиб бўлди,
инчунун,
ўзгачадир мазмуни дарднинг.

Энди, ҳатто, ҳеч қачон, ҳеч гап
бўлмагандай ўртада худди
нафақахўр муҳаббат ҳақда
сўзлаш мумкин бемалол, жиддий.

1988

ХАВОТИР

1. Вақт саҳроси.
Кетиб бораётган тоғлар карвони.

2. Бурнидан ип ўтказилган
тоғлар карвони.
Ортига ўгирилиб қаролмайдиган
тоғлар карвони.

3. Тошларни келажакка
ташиб кетмоқда тоғлар.

1989

* * *

Юрак узлатнишин Яссавий каби
ёлғончи дунёни кечириб яшар.

Юрак —
Усмон Носирга
ҳаётлигида
берилган яккаю ёлғиз мукофот.

Юрак қушдир.
Қафас билан бирга туғилган
қуш.
Патларини қонга ботириб,
шеърлар ёзар ОЗОДЛИК ҳақда.

1977

БАХШИНИНГ СЕВГИСИ

(XIX аср)

Сангижумон элида Раҳимбойнинг Махфират исмли бир ҳурлиқо қизи бор эди. Кўнгилнинг кўзи кўр эканки, мўйлаблари эндигина сабза уриб келаётган Собир бахши ўзидан 2—3 ёш катта шу ҳурлиқони суйиб қолибди. Лекин у бой-бадавлат хонадоннинг қизи эмасми, шу ялангоёқ мени ўзига тенг кўрдими, шу ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак менга кўнгил қўйдими, деб гапни узиб юбормоқчи бўлибди.

Бахши зоти ўр бўлмайдими, барибир, ўз билганидан қолмабдн. Ҳурлиқонинг қўлини сўратишини қўймабди. Қиз ҳам, йўқ, дейишдан чарчамабди.
Кўнгил кўр бўлса-да нозик бўлади, ўр бўлса-да, нозик бўлади. Кўнгилнинг ёши, кўнгилнинг қариси бўлмайди.
Куйгани қўшиқ бўлибди, суйгани қўшиқ бўлибди бахши шўрликнинг.

Лаънат бўлсин, лаънат, менинг ёшима,
На кўргулик тушмиш эмди бошима,
Бу савдодан заҳар бўлган ошим-а,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Оқтов ёқдан от дупури келади,
Даралари гумбурларга тўлади,
Паризод, бу сенинг совчинг бўлади,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Ёшим дарёсига чўкиб бораман,
Дардимни сен эмас, тошга ёраман,
Энди бир вужудмас, минг бир пораман,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Кўнглимдай совийди тунлар тупроғи,
Қўксимга ботади Ойнинг ўроғи,
Қошингдай қародир зулмат сўроғи,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Ғаним йўқ, юрак — ишқ қалъаси вайрон,
Сўроқдай эгилдим, эгилдим ёмон,
Энди мен сўроқман. Жавоб йўқ замон,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Сен кетарсан ўзгаларга ёр бўлиб,
Мен қоларман бунда зору зор бўлиб,
Бир дунёмас, икки дунё тор бўлиб,
Нечун ёшим сен қатори бўлмади?

Тақдирлари қўшилмаган экан, қизни тўю томошалар билан ўзга юртга келнн қилиб олиб кетишибди.
Собир бахши куйиб-куйкб, куйлаб-куйлаб қолаверибди.

Кунлар ўтибди, онлар ўтибди, йиллар ўтибди, лекин қайтиб бошқпга кўнгнл қўёлмабди.
Бахши-да, қартайнб қолганига қарамай, давраларнинг гули, йиғинларпинг булбули бўлиб юраверибди. Бир куни ундан ёлғизлиги саоабнни сўрсалар, кўнглига қўл солиб кўрсалар, дўмбирасини тиринглатиб, йиғин аҳлига қаратиб, бир сўз деб турган экан, яъни будир:

Юрак экан, юраклигин қилди-да,
Нотенгига кўнгил қўяр бўлди-да,
Омад экан, ўзгаларга кулди-да,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Болаларим, мендай ҳеч зот куймасин,
Нотенгига асло кўнгил қўймасин,
Муҳаббатнинг насибасин қиймасин,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Не алпларни ишқ тахтига ўтқаздим,
Куйлай-куйлай муродига етказдим,
ўзим бўлса, умримни тоқ ўтказдим,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Тенг тенгини топса, қандай яхшидир,
ёр вафоли бўлса, асли бахт шудир,
Сизлар куйманг, куйган Собир бахшидир,
Мен куйганим етар икки жаҳона.

Иттифоқо, шу йиғинда Махфират момо ҳам бор экан. У бахшини танибди. Овозидан-да. Шу кеча у ўтмишни эслабми, бахшининг ўзисиз кечган ёлғизлигига раҳми келибми, ишқилиб, тунбўйи йиғлаб чиқибди.
Биз бахши эмасмизки, уларни муродига етказсак…

1984

КУЗ ЁМҒИРИ

Булут билан ёмғир иккови ҳамкасаба айниқса кузда бироқ ёмғир тўкилмагандай хазонлар ҳам ёғмас ҳёч қачон таҳрирталаб ўхшашлик бор булут билан ёмғир ўртасида шу лаҳзада гужум соясида шеър ёзаётган шоир булут кўланкаси ва йўлбошчилигида йўлга чиққан пайғамбарга ўхшайди жуда лекин шоир кузги ёмғирга ўхшаб баргрезонга тақлид қилмайди ёмғир хазонларнинг ҳолини кўриб мунғайиб олади дафъатан сўнгра баҳордагидай шовуллаб эмас эзилиб-эзилиб ёғади шўрлик ким билади дейсиз балки у ҳам суяк сураётгандир яратилажак одам атонинг тупроғига ўттиз тўққиз йил ёққани эсига тушгандир эҳтимол унинг ёмғир шўрлик тушган кузнинг аробасига хазонлар қўшиғини айтмасдан иложи йўқ энди эзилиб шоир чиқмас куз ёмғиридан.

ТИНИШ БЕЛГИЛАРИ

Нуқта тиниш белгимас сиз ўйлаганча, шоир айтганидай ўлим ҳам эмас, у арқондир бир учидан кўркнаётган таранг тортилган арқон.
Ундов эса дор устида лангарсиз томоша кўрсатаётган дорбоз, у ўзига шу қадар ишонадики мувозанат сақламоқ учун қўлларин ёзмоқнн эп кўрмас ҳатто.
Сўроқ белгиси дордан пастга қараётган дорбоз.
Кўпнуқта ҳар куни кийимини алмаштириб киядиган олифта шоирнинг хотини кирларини қуритмоқ учун ёйган учта дор.
Тире — бу тахта бу тахтадан кўнгил қушига уя ясаб бериш мумкин.
Иккинуқта қоралама дафтар чизиғи, шеър ёзса бўлади баҳор ҳақда масалан бу чизиқларга.
Вергул тухумини ёриб чиқаётган жўжа.
Қўштирноқ буюклар қамалган турма. Деди соқчилари уларга эрк бермас гўё ҳали сиёсий маҳбуснинг қамоқ муддати тугамагандай.
Қавс янги чиққан ой. Ёнбошига қайрилиб юлдузларга қараётган ой.
Ва ниҳоят нуқтали вергул. Унинг қиёси йўқдир, йўқсил каби фақат вазифаси бор.

БАЙРОҚ

Кузатаётган аёлнинг қўлидаги рўмол байроқдир висол билан ҳижроннинг чегарасига тикилган байроқ садоқат байроғи лекин висол билан ҳижрон чегарасини бузмоқ учун бу байроқни йиқиш шарт эмас ҳижронзада аёл рўмолини ўпиб йиғлайди юзлар байроқдир илк марта севилган қизнинг юзлари байроқ каби олланар ғолиб муҳаббатнинг байроғи мағлуб муҳаббатнинг байроғи кнмнинг қўлин ўпсанг ўша қўл байроқ одам ҳам байроқдир бошга кўтармоққа арзиса гар у одам нени ўпса байроқдир ўша бошга кўтаргани демакки байроқ.

043

5 oktyabr — shoir Faxriyor tavallud topgan kun

     Bugun iste’dodli shoir Faxriyorning tug’ilgan kuni yaxshi xabar eshitdim. Kuni-kecha Qozon shahrida 11 marotiba o’tkazilgan Xalqaro turkcha she’riyat anjumani bo’lib o’tdi. Ushbu festival` nihoyasida turkcha she’riyat rivojiga hissa qo’shgan ijodkorlarga taqdim etiladigan uch mukofotdan biri — boshqird xalqining atoqli shoiri Rami G’aripov nomidagi mukofot Faxriyorga berildi. Men 1992 yil bahorida anjumanning birinchi tadbirida ustoz Erkin Vohidov, Rauf Parfi va Azim Suyun bilan qatnashgan ijodkor sifatida mazkur tadbir umumturk adabiyoti iqlimida juda katta maqom tutishini yaxshi bilaman. Ayni shu sababdan Faxriyorning anjuman mukofoti bilan taqdirlanishini bugungi o’zbek she’riyatiga berilgan yuksak baho deb hisoblayman. Bu muvaffaqiyat va tug’ilgan kuni bilan shoirni chin yurakdan tabriklab, unga salomatlik, xotirjamlik, ijodiy yuksaklik tilab qolaman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

FAXRIYOR
SHE’RLAR
002

* * *

Hayot, sen sharobsan, maysan bir suzim,
Yigirma to’rt yilki, to’ymadim, ayo.
Yurar may ichinda hasratlar suzib,
Soqiyo, aysh qayon, uqubat qayon?

Goho to’yib ketar sevgimdan ayol,
Ko’zyoshlar to’ydirar, ichgum bir o’zim.
Men sendan, baribir, to’ymasman hayot,
Ko’zing och, ko’zim och, ochko’zim, ko’zim.

Taxir bir sharobsan, o shirin hayot,
Sabrim kosasiga seni quyarman,
Icharman ko’zyoshni ichganim kabi.

Toting unutmagay yodim umrbod,
Seni quyar jomim, nimkosam sabr.
Men unga ayolning ismin o’yarman.

1987

* * *

Odam taroshlamoq bo’lsangiz toshdan,
toshni silang,
imkon qadar ko’rgazing mehr.

Toshlar faqat shafqat oldida
himoyasizdir.

Toshga gullar tuting,
nimpushti gullar —
shafqat rangidagi gullarni tuting.

Tosh, albatta, cho’zar qo’lini,
gulingizni olar,
qo’lingizni o’par,
yig’lab yuboradi, ishoning, shu tosh.

1983

* * *

Seni sendan izladim,
yo’qsan.
Egalari ko’chib ketgan uy kabi
bo’m-bo’sh turibsan.

Faqat kimsasiz uyda
unutib qoldirilgan mushuk misoli
ko’ksingni ichdan
tirnar bir nima

1999

* * *

Sog’inch mening Vatanim erur,
Qarog’ingday mo»jaz bir Vatan.
Endi uning chegarasini
Men baxtlardan qo’rib yotaman.

Agar sog’inch fuqaroligin
Qabul etmoq qasdida atay
Birorta baxt baxtimga qarshi
Chegarani buzsa daf’atan.

Men azaliy udumga ko’ra
Shafqat qilmam u nobakorga,
Qiladurman uni sazoyi,
osadurman va yoki dorga.

1989

SULUK

Dahoga talpinma, dahodan talpin,
Ma’nisin unutma qadim oyatning.
Daholar — jodugar, g’oyalar — folbin,
Ko’zlarin bog’laydi insoniyatning.

Qo’llaridan tutgil ustoz hayotning,
Sig’inchga — sig’inchdan — boshlagin, qalbim.
Tazarru tozartsa bizni shoyadkim…
Ko’hna turkularni shivirlar labim.

Ko’zlarin bog’laydi insoniyatning.
Haris g’oyalarga talangan ustod
Ortimdan ergashar shogird misoli…

Yana tuproq bo’lar aldangan aql,
Shamollar ruh bo’lib qaytajaklar bot.
Dardlarim kiyina boshlaydi—SHAKL.

1989

* * *

Suygilim, suy, gulim, suygi lim.
Yuraklarim ko’zimdan toshar.
Meni yengib bormoqda o’lim,
Seni esa qiynaydi yashash…

Quymoq bo’ldi mening nasibam,
Baxtiyorlik — sening qismating.
Baxtmi, zomin bo’ldi, masiham,
Baxtimizga? Baxt musibati.

Yuraklarim ko’zimdan toshar,
Meni yengib bormoqda o’lim,
Kuz yomg’iri g’aiimat, gulim.

Sevib qolma, mayli, sevib qol,
Xayot osha, mamotlar osha
Bizni ta’qib etmoqda visol.

1995

* * *

Begona tabassum sig’madi, zo’rlab
Kimning jilmayishin oldim o’g’irlab,
Kimning tabassumin tortdim yuzimga?
Tortaverdim uni lekin o’zimcha.

Falokat ko’rgazdi shunda bo’y-enin:
Bir cheti yirtildi tabassumning «shart».
Siri fosh etilgan josusday meni
Bexos tanib qoldi izlab yurgan dard.

1989

* * *

Xiyonat qilolmas hech kim pulchalik.
g’animlar dushmanligi

Do’stlik bo’lib tuyular, hatto,
dushmanligi oldida pulning.

Qirq gazli shamshir bilan
kesib bo’lmas pulning boshini.

Darvoqe, pulning boshi yo’q,
unga bosh bermagan rabbil olamin.

Yo’qsa, sal insofga kirarmidi u,
o’ylab ko’rarmidi…

1985

* * *

Bahor hech narsani esdan chiqarmas.
Har safar gul qo’yar
har bir qabr poyiga.

1988

* * *

Senda ayb yo’q, bilaman,
ketmoqchi emasding qoshimdan.
Seni avrab olib ketdi yo’l,
laganbardor yo’l.

1988

* * *

Siz uni ko’klarga ko’tarmang buncha,
nima ham qilasiz gunohga botib.
Sabri chidamayin uchguncha,
Istashib parvozni,
uchaman, do-od, deb
Zaminga qaytolmay yurganlar ozmi?

1985

* * *

Yillar o’tdi.
Shoir aytmoqchi,
Muhabbatning sochi oqardi.
Ko’ngil kuyib bo’ldi,
inchunun,
o’zgachadir mazmuni dardning.

Endi, hatto, hech qachon, hech gap
bo’lmaganday o’rtada xuddi
nafaqaxo’r muhabbat haqda
so’zlash mumkin bemalol, jiddiy.

1988

XAVOTIR

1. Vaqt sahrosi.
Ketib borayotgan tog’lar karvoni.

2. Burnidan ip o’tkazilgan
tog’lar karvoni.
Ortiga o’girilib qarolmaydigan
tog’lar karvoni.

3. Toshlarni kelajakka
tashib ketmoqda tog’lar.

1989

* * *

Yurak uzlatnishin Yassaviy kabi
yolg’onchi dunyoni kechirib yashar.

Yurak —
Usmon Nosirga
hayotligida
berilgan yakkayu yolg’iz mukofot.

Yurak qushdir.
Qafas bilan birga tug’ilgan
qush.
Patlarini qonga botirib,
she’rlar yozar OZODLIK haqda.

1977

BAXSHINING SEVGISI

(XIX asr)

Sangijumon elida Rahimboyning Maxfirat ismli bir hurliqo qizi bor edi. Ko’ngilning ko’zi ko’r ekanki, mo’ylablari endigina sabza urib kelayotgan Sobir baxshi o’zidan 2—3 yosh katta shu hurliqoni suyib qolibdi. Lekin u boy-badavlat xonadonning qizi emasmi, shu yalangoyoq meni o’ziga teng ko’rdimi, shu hali ona suti og’zidan ketmagan go’dak menga ko’ngil qo’ydimi, deb gapni uzib yubormoqchi bo’libdi.

Baxshi zoti o’r bo’lmaydimi, baribir, o’z bilganidan qolmabdn. Hurliqoning qo’lini so’ratishini qo’ymabdi. Qiz ham, yo’q, deyishdan charchamabdi.
Ko’ngil ko’r bo’lsa-da nozik bo’ladi, o’r bo’lsa-da, nozik bo’ladi. Ko’ngilning yoshi, ko’ngilning qarisi bo’lmaydi.
Kuygani qo’shiq bo’libdi, suygani qo’shiq bo’libdi baxshi sho’rlikning.

La’nat bo’lsin, la’nat, mening yoshima,
Na ko’rgulik tushmish emdi boshima,
Bu savdodan zahar bo’lgan oshim-a,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

Oqtov yoqdan ot dupuri keladi,
Daralari gumburlarga to’ladi,
Parizod, bu sening sovching bo’ladi,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

Yoshim daryosiga cho’kib boraman,
Dardimni sen emas, toshga yoraman,
Endi bir vujudmas, ming bir poraman,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

Ko’nglimday soviydi tunlar tuprog’i,
Qo’ksimga botadi Oyning o’rog’i,
Qoshingday qarodir zulmat so’rog’i,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

G’anim yo’q, yurak — ishq qal’asi vayron,
So’roqday egildim, egildim yomon,
Endi men so’roqman. Javob yo’q zamon,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

Sen ketarsan o’zgalarga yor bo’lib,
Men qolarman bunda zoru zor bo’lib,
Bir dunyomas, ikki dunyo tor bo’lib,
Nechun yoshim sen qatori bo’lmadi?

Taqdirlari qo’shilmagan ekan, qizni to’yu tomoshalar bilan o’zga yurtga kelnn qilib olib ketishibdi.
Sobir baxshi kuyib-kuykb, kuylab-kuylab qolaveribdi.

Kunlar o’tibdi, onlar o’tibdi, yillar o’tibdi, lekin qaytib boshqpga ko’ngnl qo’yolmabdi.
Baxshi-da, qartaynb qolganiga qaramay, davralarning guli, yig’inlarping bulbuli bo’lib yuraveribdi. Bir kuni undan yolg’izligi saoabnni so’rsalar, ko’ngliga qo’l solib ko’rsalar, do’mbirasini tiringlatib, yig’in ahliga qaratib, bir so’z deb turgan ekan, ya’ni budir:

Yurak ekan, yurakligin qildi-da,
Notengiga ko’ngil qo’yar bo’ldi-da,
Omad ekan, o’zgalarga kuldi-da,
Men kuyganim yetar ikki jahona.

Bolalarim, menday hech zot kuymasin,
Notengiga aslo ko’ngil qo’ymasin,
Muhabbatning nasibasin qiymasin,
Men kuyganim yetar ikki jahona.

Ne alplarni ishq taxtiga o’tqazdim,
Kuylay-kuylay murodiga yetkazdim,
o’zim bo’lsa, umrimni toq o’tkazdim,
Men kuyganim yetar ikki jahona.

Teng tengini topsa, qanday yaxshidir,
yor vafoli bo’lsa, asli baxt shudir,
Sizlar kuymang, kuygan Sobir baxshidir,
Men kuyganim yetar ikki jahona.

Ittifoqo, shu yig’inda Maxfirat momo ham bor ekan. U baxshini tanibdi. Ovozidan-da. Shu kecha u o’tmishni eslabmi, baxshining o’zisiz kechgan yolg’izligiga rahmi kelibmi, ishqilib, tunbo’yi yig’lab chiqibdi.
Biz baxshi emasmizki, ularni murodiga yetkazsak…

1984

KUZ YOMG’IRI

Bulut bilan yomg’ir ikkovi hamkasaba ayniqsa kuzda biroq yomg’ir to’kilmaganday xazonlar ham yog’mas hyoch qachon tahrirtalab o’xshashlik bor bulut bilan yomg’ir o’rtasida shu lahzada gujum
soyasida she’r yozayotgan shoir bulut ko’lankasi va yo’lboshchiligida yo’lga chiqqan payg’ambarga o’xshaydi juda lekin shoir kuzgi yomg’irga o’xshab bargrezonga taqlid qilmaydi yomg’ir xazonlarning holini ko’rib mung’ayib oladi daf’atan so’ngra bahordagiday shovullab emas ezilib-ezilib yog’adi sho’rlik kim biladi deysiz balki u ham suyak surayotgandir yaratilajak odam atoning tuprog’iga o’ttiz to’qqiz yil yoqqani esiga tushgandir ehtimol uning yomg’ir sho’rlik tushgan kuzning arobasiga xazonlar qo’shig’ini aytmasdan iloji yo’q endi ezilib shoir chiqmas kuz yomg’iridan.

TINISH BELGILARI

Nuqta tinish belgimas siz o’ylagancha, shoir aytganiday o’lim ham emas, u arqondir bir uchidan ko’rknayotgan tarang tortilgan arqon.
Undov esa dor ustida langarsiz tomosha ko’rsatayotgan dorboz, u o’ziga shu qadar ishonadiki muvozanat saqlamoq uchun qo’llarin yozmoqnn ep ko’rmas hatto.
So’roq belgisi dordan pastga qarayotgan dorboz.
Ko’pnuqta har kuni kiyimini almashtirib kiyadigan olifta shoirning xotini kirlarini quritmoq uchun yoygan uchta dor.
Tire — bu taxta bu taxtadan ko’ngil qushiga uya yasab berish mumkin.
Ikkinuqta qoralama daftar chizig’i, she’r yozsa bo’ladi bahor haqda masalan bu chiziqlarga.
Vergul tuxumini yorib chiqayotgan jo’ja.
Qo’shtirnoq buyuklar qamalgan turma. Dedi soqchilari ularga erk bermas go’yo hali siyosiy mahbusning qamoq muddati tugamaganday.
Qavs yangi chiqqan oy. Yonboshiga qayrilib yulduzlarga qarayotgan oy.
Va nihoyat nuqtali vergul. Uning qiyosi yo’qdir, yo’qsil kabi faqat vazifasi bor.

BAYROQ

Kuzatayotgan ayolning qo’lidagi ro’mol bayroqdir visol bilan hijronning chegarasiga tikilgan bayroq sadoqat bayrog’i lekin visol bilan hijron chegarasini buzmoq uchun bu bayroqni yiqish shart emas hijronzada ayol ro’molini o’pib yig’laydi yuzlar bayroqdir ilk marta sevilgan qizning yuzlari bayroq kabi ollanar g’olib muhabbatning bayrog’i mag’lub muhabbatning bayrog’i knmning qo’lin o’psang o’sha qo’l bayroq odam ham bayroqdir boshga ko’tarmoqqa arzisa gar u odam neni o’psa bayroqdir o’sha boshga ko’targani demakki bayroq.

043

(Tashriflar: umumiy 8 425, bugungi 1)

2 izoh

  1. Адабиётимизда ўз сўзи, ўз йўли, ўз ташбиҳларига эга бўлган шоирга мукофот муборак бўлсин.Шоир Фахриёр ўзининг сўздаги тасвирлари, ифода йўсини билан бошқа шоирлардан ажралиб туради.Унинг шеърларини ўқиган одам хаёл ва тасаввур оламининг янги калитини қўлга киритгандек бўлади.(Гулноз)

  2. Мән фәхрияр акиниң шеирлири билән мушу йилда учираштим. Униң шеирлирини оқуп чин туйғу билән йезилған , лирика ичигә йошурунған қоюқ пәләсәпәви пикирләр,инсан изтираплири, зәхмиләнгән һәқиқәт,
    Бозлап турған сөйгү нидалири, яшлиқ изтираплири, көңүлниң пинһан йеридә вида қилидиған видаларниң инчиклик билән ишлитилгән мәҗази вастиләр билән устилиқ билән ипадилиниши мени таң қалдурди.
    Униң көз яш намлиқ шеири мени чоңқур ойларға әсир қилди. Бу шерда парлап турған дуня һәқиқти билән инсан изтираплириниң милләт чегриси йоқтур. Бу шеир тил чәклимилиридин һалиқип кәткән.
    Тилниң барлиқ имканийәтлиридин толуқ пайдиланған. Қоюқ мудернизм алаһидиликини намайән қилиған. Фәхрияр ака шеирийәттә өзгичә аһаң билән сайрайдиған қуш. Униң муңлуқ авази қәлбни ойға салиду.
    Дуня һәқиқәтлири, инсан роһи үстидә ойлинишқа йетәкләйду.омумән, у шеирға тик қаралиған шаирдур. Қәлбниң чегриси йоқ, шаирларниң му чеәриси йоқ, дуня уларниң вәтини.
    Фәхрияр акиниң шиерлири мениң роһимни даим чулғитип туриду, шеирниң нимә икәнликини әскәртип туриду.

Izoh qoldiring