..Ўтган асрнинг саксонинчи йилларининг иккинчи ярмида Боғот тумани газетасида бир муддат ишлаш тақдиримга ёзилди. Бу ўша — “ошкоралик йиллари” шабадаси эндигина бўй кўрсатаётган кезлар эди. Бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган кезларимизда таҳририят қошида ёш ижодкорлар тўгараги ташкил этиб, унда қатнашишни истаган ёш қаламкашлар билан озми-кўпми ишлашимга тўғри келган. Тўгарак аъзолари орасида Гулзебо исмли қиз бошқалардан ажралиб турарди.
Рўзимбой ҲАСАН
ЎЗЛИГИ…ҚИСМАТИ ЭДИ
..Ўтган асрнинг саксонинчи йилларининг иккинчи ярмида Боғот тумани газетасида бир муддат ишлаш тақдиримга ёзилди. Бу ўша — “ошкоралик йиллари” шабадаси эндигина бўй кўрсатаётган кезлар эди. Бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган кезларимизда таҳририят қошида ёш ижодкорлар тўгараги ташкил этиб, унда қатнашишни истаган ёш қаламкашлар билан озми-кўпми ишлашимга тўғри келган. Не бахтки, ўша тўгаракка қатнашган ўн нафар ёш қаламкашдан кейинчалик саккиз нафари олийгоҳда ўқиди — журналист бўлиб етишди. Уларнинг аксари бугунда ўз сўзи, услубига эга ижодкорлар ҳам.Булар билан фахрланиб юраман.
Тўгарак аъзолари орасида Гулзебо исмли қиз бошқалардан ажралиб турарди. Камгап эди, уялчанг эди. Киришимли эмасди. Бу “ фазилатлар” бўлғуси журналистлар учун мутлақо ёт хислатлардир.
Иштирокчиларга қайсидир мавзуларда мақолалар ёзиб келиш вазифаси топшириларди. Айтайлик, йил фасллари-дала юмушларидан келиб чиқиб бирор сувчими, механизаторми, сут соғувчими…хуллас “даврнинг қайноқ нафаси акс этган” нимадир ёзиш керак бўларди. Гулзебо эса ҳар сафар эсселар, этюдлар ёзиб келтирарди. Бошқача-бошқа мавзуда ёзолмаслиги-ёзмаслигини айтмасди-ю, ёзгиси йўқлигини бир оғиз изоҳида сездириб қўярди. У бор-бўйи билан романтик-хаёлпараст қиз эди. Шу феъли билан сўнгги вақтларда вилоят телерадиокомпаниясида мухбирлик вазифасини қандай бажарди, деб ҳали ҳамон ҳайрон қоламан.
Бир вақтда ўқишган курсдошлари хотирлашича, ўша йиллари жисмоний камчиликка эга бир қиз ҳам олийгоҳда таҳсил олган.Бошқалар ногирон курсдошидан ўзларини четга олишган. Гулзебо эса ётоқхонада ўша қиз билан ҳамхона бўлиб яшаган. Буни ҳам Гулзебонинг феъл-атворини яхши билганимдан ҳеч бир ажабланмай қабул қилганман.
Шеърият тақдир, ўзига хос ўзлиги қисмати бўлган қиз ўз кўнгил қўйгани билан тақдирини боғлайди. Бу “тақдир боғлаш”да ҳам ўзига хослик бор. Бўлғуси турмуш ўртоғи бўлмиш йигит билан ҳали мактабдаёқ севишган, ҳатто аҳду паймон қилишган.Аммо, йигит оила аъзоларининг қаршилигига қарши боролмай бошқа қизга уйланишга розилик беради. Эрта-индин тўй деганида…Гулзебо — ўша биз билган камгап, уялчанг Гулзебо “исён” қилади. Бу Гулзебонинг ўз ҳақиқатини топиш йўлидаги илк исёни эди. Сўнгги исёни эса..ўз жонига қасд қилиш бўлди….
Бу воқеадан иккими-уч ойлар аввал сўраган китобини бериш учун Гулзебонинг уйига ишдан қайтишда бирров кириб ўтмоқчи бўламан. Кўчада машинадан тушиб, Гулзебонинг уйи эшигига етмасдан ичкаридан келаётган шовқиндан тўхтайман. “ Илтимос, пулингизни топиб берарман, яқинда ойлигимни оламан…ташлаб кетинг, болаларим кўришади!” Гулзебо кимгадир ялинарди. Зум ўтмай эшик очилиб , катта дастурхонга тўртбурчак нимарсани ўраганча кўтарган басавлат киши чиқади. Унинг ортидан афтода бир ҳолда Гулзебо ҳам кўринади. Яна ўша “босқинчи”га ялинмоқчи бўлади-ю..мени кўриб тили тутилади. Бояги одам “юк”ни машинасига ортиб жўнайди.Мен ноқулай пайтда келганимдан ер ёрилишидан умидвор бир алпозда тураман…
Ўшанда Гулзебо ўз “дарди”ни илк бора дастурхон қилади. Турмуш ўртоғи гиёҳвандликка берилгани, уйдаги қўлга илингулик нарсаларни сотгани, дўкончилардан анча қарз бўлгани, бояги кимса ўз қарзини ундиришга кўзи етмасдан қарзи эвазига уйдаги телевизорни олиб кетгани…ҳақида сўзлаб беради.
Гулзебо табиатан ишонувчан эди. Билганим, синашганим инсонлар орасидан уни-фақат уни ишонувчанлик тимсоли деб кўрсатишим мумкин. Балки, айнан шу феъли бу ҳаётда узоқ яшашга изн бермагандир? Вилоят телерадиокомпаниясида ишлаб юрган кезларида унга шу феъли кўп бора панд берган. Гулзебо бу даргоҳга ёт эди. Унинг феъли билан бу ерда ишлаб бўлмасди.
…Ёз ойи эди. Ишдан келсам..уйда ғалати ҳолат. “Шогирдингиз сизни излаб, топиб келибди” дейишди. Ўз ҳолидан уялган, муштдеккина бўлиб ўтирган Гулзебо илтимосини айтди:
— Султон Увайс қадамжосига зиёратга бормоқчиман.
У оёқяланг келганди…Икки қишлоқ наридан, ўн чақирим масофа босиб. Ақли ҳуши ўзида эмасди…
Эртасига машина топиб, синглимни қўшиб Гулзебони ўша зиёратгоҳга жўнатаман.Бу афсуски, уни сўнгги бора кўришим эди…
Бунгача у катта ёзув дафтарига майда, чиройли ҳуснихатда битилган барча машқлари-шеърларини берган, уни китоб қилиб чиқариш орзуси борлигини айтганди. Кичкинагина бу китоб кейинчалик чоп қилинади…
Бу ҳаётни вақтли ташлаб кетиш Гулзебо учун осон бўлмаган. Кўнгил қўйган турмуш ўртоғини ҳаётда тўғри йўлга солишга неча бора урингандир? Оиладаги дардларини бировга айтишдан, нафақат айтишдан балки эшитишларидан истиҳола қилиб, тақдири заққумларини ичга ютгандир?
У бошқача, мутлақо бошқача яшаши мумкин эди. Бунга имкони , иқтидори бор эди. Бўй тортаётган икки ўғли учун ҳам яшаши мумкин эди. Кўп гўзал, бетакрор шеърлар ёзиш учун ҳам яшашга ҳақли эди.
Бошқалар, ўзгалар-Гулзебонинг тўпиғига чиқмайдиганлар шундай фикрлаб, шундай яшашяпти-ку ахир! Аммо, у яшай олмасди? Биз билган Гулзебо бундай яшай олмасди. Юрагига-шу юрагига абадий ўрнашган ўзигагина хос ўзлигига қарши бора олмасди.Унинг феъл-атвори-ўзлиги ҳаётнинг баъзи-биз кўниккан ҳақиқатларини қабул қила олмасди. Ҳазм қила олмасди. Шунинг учун…қайсидир бир машъум кунда барчасига қўл силтади-заҳар ичди. Машойихлар заҳарни “ожизлик қуроли” дейдилар. Яъниким, ўтмишда ўз рақибини қўлда қурол билан очиқ майдонда маҳв этолмаган ожиз кимсалар шу йўлни тутишгани учун. Заҳарни бировга бериш, ичириш бошқа-ю уни ўзингга раво кўриш бошқа. Бу ўринда сифатлаш “ ожизлик қуроли”дан “мардлик қуроли”га айланади…
Гулзебодан камтарингина ижод намуналари-бир дастагина шеърлар қолди, холос.Ва яна аллақачон йигит етишган икки ўғли.
Биз энди ўзимизни-ўзимиз алдаш, авраш билан оворамиз. Ўқиётганингиз каби хотиралар ёзишгагина кучимиз етади. Ҳатто ёзаётиб, ростми-рўёми хўрсиниб ҳам қўямиз.Ҳатто чанг босган қат-қат хотираларимизни тиклашга ҳам ҳафсаламиз келмайди.Собиқ курсдошлари-ҳамдард ҳамкасбларидан қайси бири унинг қабри ёнига бориб руҳига фотиҳа ўқиди? Мозори қайдалигини билишадими, умуман?! Аввало, тиғни ўзимга урмоғим керак. Гулзебонинг бу дунёни тарк этганига ўн йил бўлди.
Шу муддатда унинг қабрини излаб бордингми?
Руҳига дуо қилиш хаёлингга келдими?
Фарзандлари тақдири билан ақалли сиртдан бўлсин қизиқдингми?
Бошқа ижодий машқлари бор-йўқлигидан хабардормисан?
У сенинг ихлоси баланд шогирдинг эдими?
Сен эса кимсан?
Айт!
Умид БЕКМУҲАММАД
ГУЛЗЕБОНИНГ НИДОЛАРИ
…Ўттиз.
Мен сенга етаман.
Ўтгиз бир, ўттиз икки…
Ўттиз уч!
Салом, Исо Масиҳ!
Кетаман.
Ушбу башоратомуз нидоли сатрлар муаллифи Гулзебо Хоразм вилоятининг Боғот туманида яшаган…
Боғот туманининг Хитой қишлоғи Урганч шаҳридан қарийиб 50 километр узоқда жойлашган.1971 йилда ушбу қишлоқда туғилган Гулзебо Абдримова болалигидан адабиётга меҳр руҳида вояга етиб, ўқувчилик пайтидан туман газетасига мақолалар ёза бошлади.Унинг орзуси журналист, шоира бўлиш эди.Шу эзгу ниятда туман газетаси қошидаги “маҳорат мактаби”га қатнади.Гулзебо билан деярли тенгдош бўлган Беруний Алимов, Эрпўлат Бахт, Азамат Сафаров, Сайёра каби бир қанча боғотлик ўқувчилар ҳам туман газетасида илк сабоқларни ола бошлаган давр эди 1985-88 йиллар.
Гулзебо 1989 йилда ТошДунинг журналистика факультетига боғотлик тенгдошлари билан ҳужжат топширади.
— Ҳужжатларни қабул ҳайъатига топшириб Тошкентни Гулзебо билан сайёҳат қилганимиз, Ойбек уй-музейига борганимизни эслайман.Ўшанда Гулзебо, Ойбек уй-музейидаги жиҳозларни кўриб ҳайратланганди. Менга “Ойбекнинг чопонини кийиб расмга тушинг, шоир бўласиз” , деганлари ҳамон ёдимда.Ўша йили Гулзебо имтиҳонлардан муваффақиятлар ўтиб талаба бўлиш бахтига эришди.Мен эса…”йиқилиб” армияга-узоқ Хабаровскга кетдим. Армиядан келишда Тошкентга тушдим-у ТошДУга-талабалар ётоқхонасига бордим. Гулзебо, унинг гуруҳдоши Гуласал Холмуродовалар билан учрашдим. Ҳамюртим Гулзебонинг кўнгилчанлигини шунда билдимки, у кўзи ожиз гуруҳдошига ачиниб у билан бир хонада бўлар, унга неки ёрдам бўлса бераркан…-дея ўтган воқеаларни эсларкан, шоир Эрпўлат Бахт.
1993 йилда таҳсилни тугатиб Гулзебо Боғотга қайтиб келади. Бир муддат ўрта мактабда ўқувчиларга сабоқ беради.Сўнгра туман газетасида ишлайди. Кейин эса вилоят телерадиокомпаниясига ишга киради.Айтиш мумкинки, ҳар кун 50 чақирим йўл босиб Урганчга қатнаш Гулзебо учун осон бўлмаган. Баъзида монтаж ишлари боис кечга қолиб йўл азобини тортганича қишлоғига кетиш машаққатли кечган. Амммо ҳамма, ҳаммасига чидаб ўзи кўнгил қўйган журналистикада фаолият юритади, шеърлар ёзади.
…Афсуски…афсуски тақдири азал сабаб 2004 йилда иқтидорли шоира Гулзебо Абдримова бу ҳаётдан бевақт кўз юмди.Шоирадан икки ўғил фарзанд, кўплаб шеърлар мерос бўлиб қолди. 2006 йили журналист Шуҳрат Маткаримов шоира Гулзебонинг шеърий тўпламини нашр этдирди.
ГУЛЗЕБО
ШЕЪРЛАР
Нашрга тайёрловчилар: Рўзимбой Ҳасан, Умид Бекмуҳаммад
* * *
Ватанни кашф қилмоқ учун.
Бармоқлар жуфтлиги шарт эмас.
Бармоқларни чопиб ташлаш мумкин.
Ватанни чопиб бўлмайди.
Ватан мен учун —
Кўздаги қорачиқ! Кўнгилдаги дард.
Қорачиқни-да тилиш мумкиндир,
Ўйиш мумкиндир.
Мумкиндир дилни ранжитиш.
Аммо дардни —
Кўнгилдаги дардни чопиб бўлмайди.
* * *
Ватан аталгандир шу кўҳна замин.
Авайла — асрагин.
Ўргатадилар:
«Кафтингда чўғ мисол сақламоқ жоиз…»
Бу фарздир.
Бу қарздир».
Мен эса ожиз…
Қачонки,
Ватан мен учун.
Муҳаббат саройи.
Ошиқлар кўшки.
Унда кўриб таниш чеҳралар,
Вафосизлар галасин
Келаверар
Севгининг рашки…
* * *
Эй, дилга кўнгил берган ҳурлигим.
Ишқингнинг асири бўлиб чоғландим.
Ишқ надир?
Ишқ баҳридан кечиб
Наҳсга эгилмаган бокиралигим.
Айт гулим —
Ишқнинг бўйларида чоғландим, деб айт.
Тушимда бўйнимга боғландим, деб айт.
Айт гулим.
Айт!
Ёмғирнинг юзига юзимни қўйиб
Йиғладим.
Ёлғизим.
Ёлғизланиб қолаётган БАХТ.
* * *
Бахтнинг белбоғини ўғирладилар
Ёлғизгина қолди.
Ялпизлар ҳидини туя олмади.
Тожини ҳам олиб қўйишди.
Ёпинчиғин айтмай.
Бўлиб қолди кўча дайдиси.
Кейин…
Кейин бир кун.
Келтириб беришди борини.
Олмади.
Ялиндилар.
Олмади.
Шу ҳолидаям бахтли эди БАХТ.
* * *
Тушлардаги моҳлардайсан,
Ўнгимдаги ойлардайсан,
Юракдаги оҳлардайсан –
Қишлоқ аёли.
Кўзимдаги қорачиқсан,
Ё ёпинчиқ, ё очиқсан.
Ё обдаста, ё сочиқсан –
Қишлоқ аёли.
Шеъримдаги шоҳ сатрсан,
Юз ҳадик, минг ҳавотирсан,
Лойга тушган жавоҳирсан –
Қишлоқ аёли.
Тун ўзингсан, саҳар ўзинг,
Зарлар ўзинг, гавҳар ўзинг,
Пахта ўзинг, заҳар ўзинг –
Қишлоқ аёли.
Оқ сутларинг оқликдандир,
Ийманишинг покликдандир,
Сукунатинг ҳокликдандир –
Қишлоқ аёли.
Дардларингга дармон бўлай,
Яхшиликка армон бўлай,
Қўй, сен яша, бор, мен ўлай…
Қишлоқ аёли.
* * *
Гулда ўлчансайди дунё бисоти.
Адирлар саҳрога дўнарди.
Бойлиги беҳисоб Ҳотами Той.
Гадо бўлишга ҳам кўнарди…
Гулда ўлчансайди дунё бисоти.
Пахта — дон экмасди одамзод.
Ўрмонда оғочлар ўсмасди
Ҳаттоки тоғу — тош обод…
Гулда ўлчансайди дунё бисоти.
Эгизак бўларди қўшиқлар.
Бир дона гул учун
Юрагини сотар ошиқлар.
Гулда ўлчансайди дунё бисоти.
Адашларим кўпаяр эди.
… Қадрлидир ҳозирча зеб — зар
Ягонаман дунёда энди.
ҚОДИРИЙГА
Абдулланинг тўни
Илгакка осилар…
Ногаҳон қўрқинч туш
Ўйғониб кетаман.
Ер ҳансирар –
У — в — в — в …
Абдулланинг тўни
Илгакда сарғаяр.
Онамнинг сочида
Оппоқ қор.
Қўрқинч туш.
Уйғониб кетаман.
Оппоқ қор –
Қип — қизил қонга бўялган.
* * *
Отабекни соғиндим.
Ота.
Кумушимни бўрилар ғажиган.
ХХ аср
Отабекни соғиндим.
Дунё.
Севги деб яшаган Кумушни
Зайнаблар дуолаб ташлаган.
XIX аср.
Ошиқлар Кумушдир
Кундага бош қўйган беозор.
Ҳар қурбон бир лола.
Бир мозор.
Бутун дунё гўзал —
Қип — қизил лолазор.
Лолазор.
* * *
Юрагим оғринди.
Қаҳ — қаҳ отиб кулдим.
Кейин сочларимни юлиб йиғладим.
Овунчоқ бўлмади.
Тўкилиб кетмади сирларим.
Юрагим оғринди.
Жимгина чидадим.
Сочларимни тарадим майин.
Сирларимни очди сукунат.
Сукунатки бунча бетайин.
Юрагим оғринди.
Бош олиб кетдим.
Сочларимни унутдим ҳатто.
Мен кутдим…
Ва қилдим хато…
* * *
Байрамлар,
Энг шодон кунлардир.
Нигоҳлар соғинчдан
Ёрилар.
Йўқлашга арзимас
Излаганим бахт.
Баҳор ўғирлади —
Висолни.
Бахт, деб бақиради
Кўнгилнинг кўзи.
Сен кутган одам йўқ.
Сен кутган дам йўқ.
Баҳор ўғирлади —
Севгимиз.
* * *
Унут!
Ёмғирларга сирингни айт.
Ернинг ифорли исига маст бўлиб
Тупроққа бўянгин.
Бўяниб —
Сени алдамоқ бўлганлар
Сени ўйнамоқ бўлганлар
Юзига тупир!
Кейин қарама ортингга
Баҳор келса ичгин симириб.
Унут
Ҳатто ўзингни ҳам.
* * *
Қўй!
Дийдоримга тўй.
Армонга чайилган қўлимни.
Ҳув ўша соғинган
Кунларни қўй.
Кетайлик иккимиз
Дил чошиб,
Эл ошиб.
Балки бўлар тўй.
Балки…
Жаноза.
Билмайман.
Аммо биламан
Бу кун бўлар
Бир кун
Овоза.
* * *
Қуёш қорайиб, дардин ютаётир
Аччиқ.
Тупуриб ташласа, аламни.
Сокин оқшом тушимга кирар.
Тўкилиб — тўкилиб.
Сочилиб — сочилиб.
Қадақланган Ой.
Ёмғир ёғаётир
Жимгина.
Кундуз.
* * *
Қуёш чиқмади,
Қаҳри қўзиди ернинг.
Довуллар уйғонди,
Бўронлар турди,
Чақинлар чақди.
Пичирлаб, қарсиллаб,
Илдизлари кўчди дарахтнинг.
Осмон аза очди –
Йиғлаб юборди бирдан…
* * *
Идрок
У — хилват.
Сирли оймомо.
Соғиниб кетдим
Юлдузларга дунё
Етмади.
Менга йўл бўлсин.
* * *
… Мен ҳовурдан тушмаган таъна.
Киприкларим жаҳлдан осилар.
Севги нима -Бу бир ўйин.
Қаҳрдан куламан.
Ҳарир тушдек тоза севгимнинг
Ёпинчиғи ғийбат — оломон.
Оломоннинг қўллари узун.
Мен — чи бунда унутилган ишқ.
Ҳақ васлини соғиниб
Ўтаётган умр –
Афсона.
* * *
Бу дунёдан кечдим,
Ичикиб.
Дарбозалар қулфсиз, калитсиз.
Эгасини пойлаган ит каби
Судралиб, ириллаб
Нафас олаётган ДУНЁ!
Мени тинч қўйгин.
* * *
Мен энди ўзимга келаётибман.
Қийналиб, азобла тушар сатрлар.
Узиб ташламоқчи бўлган юрагим.
Бўйсунмади менга.
Демак яшаяпман
Соғиниб.
* * *
Кўнгил — кўнгилнинг булоғи, дедилар.
Ҳол сўрадим кўнгилдан энди.
Кўза олиб таъмагир бордим…
Булоқнинг кўзлари кўмилди.
Кўнгил — кўнгилнинг паноҳи, дедилар.
Найзаларни ташлагин энди.
Ҳужумлардан асранганим он
Неча — неча қалқонлар синди.
Кўнгил — кўнгилнинг малҳами, дедилар.
Яраларинг яширма энди.
Сурткиларин аямай суртдим …
Ўрни эса қайта тилинди.
Кўнгил — кўнгилнинг ғаними, дедилар.
Ҳақиқатга сиғиндим энди.
Душманларим қуршагани он
Дўстларимнинг ўрни билинди.
Кўнгил — кўнгилнинг кўзи, дедилар.
Сўқирлигим йўқолинг энди.
… Мен бахтиёр. Ҳаётга қайтдим.
Қаршимдаги ким у? Келгинди…
Г.га
Кўзимга санчилар найза — минора.
Эсим ўғирлатиб, ёдимни бердим.
Айрилиқ дўстимдир, висол — бегона.
Етти ёт бандага ёримни бердим.
Булутлар пар эмас, ёмғирлар тикон.
Манзилга еголмай товонларим қон.
Энди қолдимикан мен борар макон.
Асорат манзилим — боримни бердим.
Кўзларингиз кулди, юзингиз кулди.
Рашклар қоришган сўзингиз кулди.
Қабрим қошидаям кулингиз энди.
Зўрим ўзим била, зоримни бердим.
Ш.га
Мен сизни сўкмайман.
Карғамайман ҳам.
Бутун нафратларим ўзимла кетсин.
Истаган кунимни
Истамайман ҳам.
Истаган кунларим йўқолсин, битсин!
Мен сизни билмайман.
Танимайман ҳам.
Нотаниш миллионта чеҳранинг бири.
Дунё-ку айниди…
Айнимайман ҳам.
Ўзимла кетмоқда бировнинг сири.
Мен сизни сезмадим.
Англамадим ҳам.
Кўнгил сўқирлиги бахтимга дўнди.
Юрагим ингради — тингламадим ҳам.
Ҳатто юрагимдан хафаман энди.
Мен сизни сўкмайман .
Қарғамайман ҳам.
Ғафлат уйқусидан кўп кеч уйғондим.
…Ёмонликни олиб кетаётган одам.
Не бўлса барини Худога солдим.
* * *
Мен бақироқ шамолни енгдим
Эпкинлари куйди баҳорнинг.
Мен тупроқни жонимдан суйдим…
Ҳавасини келтириб гулнинг.
Саратоннинг оташин енгдим.
Майсалари кулга айланди.
Ҳар ниҳолни жонимдан суйдим…
Қушларининг йўли бойланди.
Мен мезоннинг нафасин енгдим
Ҳазонрезги — менинг қилмишим.
Боғ — роғларни жонимдан суйдим…
Боғбонила бўлмади ишим.
Қишнинг қаттиқ қаҳрини енгдим.
Қувончлари қордек тўкилди.
Мен ўзимни жонимдан суйдим…
Ўзим билан кетаман энди..
* * *
Сиз мендан кўра бахтга нолойиқ.
Ҳашамдор яшашга ўрганган банда.
Салобатли уйлар, виқорли қомат
Омад белгиларидир шулар…
Сиз мендан кўра ишққа нолойиқ.
Гул ҳидини туймаган юрак.
Баргин эзиб ҳар бир лоланинг
Ёлғон — яшиқ айтасиз тилак.
Сиз мендан кўра юртга нолойиқ.
Ватанни зар билан тенглаган…
Онтлар ичиб, қасамлар ичиб
Гуноҳу савобни билган, билмаган…
Сиз мендан кўра… яшашга лойиқ.
Саналарни санаб юрасиз.
Мен кетаман. Дунё сизники –
Кимлигимни кейин биласиз.
Сиз мендан кўра… ўлимга лойиқ.
* * *
Дарёдан меҳрингни аяма.
Тўлқинларнинг шивири сирли.
Мен кутдим.
Ёнар чарсиллаб
Бўсани тотмаган ёвшонлар.
Қизғалдоқ нафаси бўйимда
Алаҳлаб юрганга ўхшадим.
Мен кутдим.
Йўлимда қизғалдоқ — лолазор
Қонсираган шафақли тонглар…
Биз кутмаган эртак бошланар
Кутганимиз саробга дўнди.
Мен кутдим.
Ҳақиқатлар зиндонга тушди
Қўриқчидир унга ёлғонлар.
Майсазорга оёқ босаман,
Товонлар қонар, тилинар.
Мен кутдим.
Ибтидода биз мингта эдик
Интиҳода миллионлаб жонлар…
Мен кутдим.
… Ва мен кетдим.
* * *
Бу дунёнинг бори меники.
Тўйиб — тўйиб яшагим келар.
Агар тақдир берсами изн…
Борин қайта бошлагим келар.
Бу дунёнинг ярми меники.
Ярмин бердим рақибларимга.
Токи умрим ўтмасин дедим –
Чора излаб таъқибларига.
Бу дунёнинг чораги етар.
Қолганини сизга атадим.
Ҳатто унинг бир чимдими хам
Яшамоғим учун етади…
Бу дунёдан … улуш тегмади.
Сарсон — сарсон кезишга макон.
Илтимос.
Ҳеч бўлмаса.
Кетишимга берингиз имкон.
* * *
Мен кетаман
Дардларим қолар.
Йўлларингда гардларим қолар.
Ожизману… мардларим қолар.
Мен кетаман.
Мен кетаман.
Нидолар қолар.
Оҳларимдан садолар қолар.
Мени севган гадолар қолар.
Мен кетаман.
Мен кетаман.
Қўшиқлар қолар.
Кўнгли ярим ошиқлар қолар.
Бекилмаган эшиклар қолар.
Мен кетаман.
Мен кетаман.
Лолалар қолар.
Емирилган қалъалар қолар.
Тўда қолар… галалар қолар.
Мен кетаман.
Мен кетаман.
Рақиблар қолар.
Кураш қолар, таъқиблар қолар.
Қуллар қолар, соҳиблар қолар.
Мен кетаман.
* * *
Ўттиз.
Рақамини енгиб бўлмас.
Чир айлана бошлар сўроқлар.
Сенга етаманми?
Бобо.
Байрам муборак
Бизларни йўқлар.
Ўттиз.
Рақамдан чўчидим.
Ногаҳон босароқ туш каби.
Йиғирма беш, йигирма олти…
Учиб кетди ҳуркак қуш каби.
Ўттиз.
Мен сенга етаман.
Ўтгиз бир, ўттиз икки…
Ўттиз уч!
Салом Исо Масиҳ!
Кетаман.
***
Бу йўллар.
Ажаб саодатли, савдоли.
Бола пешонасидаги ғуррадек.
Ўнқир — чўнқир.
Бу йўллар.
Ғаройиб туш каби.
Алдоқчи.
Овунчоқ.
Бу йўллар.
***
Юлдузларни соғинсанг,
«Лоп» этиб кўринар чироқлар.
* * *
Қора кўланка!
Мен сени қувдим.
Қабоҳат булғаган кўнглимни
Қўл каби ювдим.
Қора кўланка!
Мен сендан бездим.
Лашкаринг саф тортар.
Олдимда.
Олдинроқ сездим.
Қора кўланка!
Мен сени кутдим.
Келганинг яхшийди.
Келмадинг…
Кетдим.
НАЗМИЙ ҚАЙДЛАР
* * *
“Изтироб” деган нарса бор. Уни тушуниб бўлмас.
Уни англаб бўлмас. Озод қушдек кезганингда.
Ёнингга йўламас.
Олдингдан судралиб чиққан он. Супуриб ташлайсан.
«Изтироб» деган нарса бор.
Тўрт девор орасида қолсанг биласан.
Қани тушунмай кўр. Англамай бир кўр.
Қайта супуриб ташлайсан уни.
Босиб келаверар
Мисли ғаним лашкари.
* * *
Сен ким бўлмоқчисан?
Қўшиқларни эшита туриб йиғласанг.
Уҳ тортсанг, увласанг.
Гуллар тупроққа қоришиб ётса.
Сен қадрига етмаган гуллар.
Мен қадрига етмаган гуллар.
Сен ким бўлмоқчисан ўзи?
Қўшиқларни тушунмасанг.
Қаҳ — қаҳ уриб кулсанг.
Ҳандон отиб кулсанг.
Гуллар тупроққа қоришиб ётса.
Сен бермаган гуллар.
Мен олмаган гуллар.
* * *
Қучоқ — қучоқ гулларни кўрганмисиз?
Учратганмисиз?
Ранг — баранг, анвойи гулларни.
Биз уларни гулдаста деймиз.
Бир — бировга элтамиз ҳатто.
Қучоқ — қучоқ гуллар нимадир?
Анвойи гуллар. Ифорли гуллар.
Эркига қарши узилган гуллар.
Туққанлари бағридан аёвсиз юлиб олинган бечоралар.
Йиғлаб — йиғлаб сўлишлар шундан.
Бизлар… гуллар фожиасин билмаган тўда.
Ҳатто улар панасида дил изҳори айтамиз — а!
Жанозада қўшиқ айтгандек.
* * *
Тонглар ниҳоятда гўзалдир!
Шундай ўйлаймиз.
Шундай туямиз.
Аслида арафада бутун бошли қора тун турибди.
Бутун ваҳшатлари билан, азоблари билан.
Изтироблари билан. Соғинчлари билан…
Тунни қандай ўтказдингиз?
… Яна тонгнинг гўзаллигидан қувонасиз.
Қувона олармикансиз?
* * *
Бир куним ўтди.
Икки куним ўтди.
Учинчи куним ўтмади…
Мен учун.
* * *
Занжирбанд қўлларим кишанни узди….
Кишан — севги эди. Бир армон эди. Изтиробга тўла дард эди.
Энди озод бўлдим. Ҳур бўлдим. Ўйладим. Аммо… Кишансиз ҳам севги қудратли эди. Қўйиб юбормади. Кетолмадим. Кишан парчалари сочилиб ётар. Йўлларимда. Юракдан узилиб — узилиб тушган армонлар мисол.
Бир парчасин қўлимга олдим. Кафтларим куйди. Ненидир эсладим.
Кейин… бозорга бордим. Харид қилиш учун мустаҳкам кишан. Кишанли яшаш осонроқ туюлди.
Алданиб қайтдим. Кишанбоз қаттол экан. Гўё дунё каби. Мисли ишқ каби.
Яна бозор бордим. Дор ҳарид қилай деб. Алдоқчи савдогар устимдан кулди. «Шошилиб не қилдинг, эй гўл банда? Дунё ўзи дор. Бир кун истайсанми — йўқми бўйнингга чулғанар…»
Умидла қайтдим. Ўша кунни кутмоқ қандай мароқли.
* * *
… Йўловчидан сўрадим.
«Бу йўлларинг адоғи борми?»
Йўловчи кулди. Кейин хўрсинди.
«Худди шуни сўрамоқчи эдим».
Кейин кетди. Хайрлашмади.
«Йўллар адоғида бир кун учрашамиз».
* * *
Ҳақиқат. Ялпизни соғиниб туш кўраётган жонга ўхшар. Бу ёқда илдизлари баҳайбат гужумлар аразлаган. Буюклигидан орланар. Хўрланар. Қани танасини ўтга ёқсалар. Исинмаса одамлар. Яқиндаги ялпизлар куйиб битсалар.
Мен англаган ҳақиқатни сурати шу.
* * *
… Ёз! Ёзавер!
Хушрўй гуллардан улгилар ол! Улардан бахтнинг калитин сўра, ёлвориб.
Узумларни севма. Улардан қоч. Улар қорадир, қоп — қорадир. Анорни сев! Улар қизил, қип — қизил. Томирингда оқаётган қон каби.
Лоланида сев. Улар сенинг рангдошинг.
Шафақни сев! Тонгларни олқишла. Улар умидбахшлик.
Неки, қизил борки — уларга сиғин. Ортидан эргаш. Эргашиб кетавер то маҳшар қадар.
Тун қора. Қоп — қора. Шу тунларни сев. Сени ширин хаёлларинг билан ёлғиз қолдиргани учун.
Ҳеч бўлмаса бир оқшом бахтли бўлиш завқини туйганинг учун.
Шу қора тунларни сев.
У ҳақда ёз!
* * *
Тушим тушуниксиз эди. Эмишки, кимнингдир, бир зотнинг, мутлақо нотаниш банданинг жанозасидан хабар айтмишлар. Мен эса… қаҳ — қаҳ отиб кулармишман. Кўзларимдан ёш чиққун қадар.
Хабарчи йиғлармиш ҳолимни кўриб.
Кейин хабар айтиб келарииш менинг ҳолимдан.
Хабарчи айланиб — айланиб уйим остонасида пайдо бўлар. Эшигимни қоқар, бир маъум хабардан дарак бергани.
Ногаҳон остонада юзлашармишмиз. У эса, гўл банда, мени таниб — танимай, ўзим ҳақдаги шум хабарни айтармиш менга. Бийрон -бийрон.
Энди кулгу қайда. Қаҳқаҳа қайда. Тошиб келаётир кўзларимга
ёш.
Хабарчи эса… тентак хабарчи кулармиш.
.. Уйғониб кетаман. Ва телба дунё устидан кула бошлайман.
Ro’zimboy HASAN
O’ZLIGI…QISMATI EDI
..O’tgan asrning saksoninchi yillarining ikkinchi yarmida Bog’ot tumani gazetasida bir muddat ishlash taqdirimga yozildi. Bu o’sha — “oshkoralik yillari” shabadasi endigina bo’y ko’rsatayotgan kezlar edi. Bosh muharrir o’rinbosari bo’lib ishlagan kezlarimizda tahririyat qoshida yosh ijodkorlar to’garagi tashkil etib, unda qatnashishni istagan yosh qalamkashlar bilan ozmi-ko’pmi ishlashimga to’g’ri kelgan. Ne baxtki, o’sha to’garakka qatnashgan o’n nafar yosh qalamkashdan keyinchalik sakkiz nafari oliygohda o’qidi — jurnalist bo’lib yetishdi. Ularning aksari bugunda o’z so’zi, uslubiga ega ijodkorlar ham.Bular bilan faxrlanib yuraman.
To’garak a’zolari orasida Gulzebo ismli qiz boshqalardan ajralib turardi. Kamgap edi, uyalchang edi. Kirishimli emasdi. Bu “ fazilatlar” bo’lg’usi jurnalistlar uchun mutlaqo yot xislatlardir.
Ishtirokchilarga qaysidir mavzularda maqolalar yozib kelish vazifasi topshirilardi. Aytaylik, yil fasllari-dala yumushlaridan kelib chiqib biror suvchimi, mexanizatormi, sut sog’uvchimi…xullas “davrning qaynoq nafasi aks etgan” nimadir yozish kerak bo’lardi. Gulzebo esa har safar esselar, etyudlar yozib keltirardi. Boshqacha-boshqa mavzuda yozolmasligi-yozmasligini aytmasdi-yu, yozgisi yo’qligini bir og’iz izohida sezdirib qo’yardi. U bor-bo’yi bilan romantik-xayolparast qiz edi. Shu fe’li bilan so’nggi vaqtlarda viloyat teleradiokompaniyasida muxbirlik vazifasini qanday bajardi, deb hali hamon hayron qolaman.
Bir vaqtda o’qishgan kursdoshlari xotirlashicha, o’sha yillari jismoniy kamchilikka ega bir qiz ham oliygohda tahsil olgan.Boshqalar nogiron kursdoshidan o’zlarini chetga olishgan. Gulzebo esa yotoqxonada o’sha qiz bilan hamxona bo’lib yashagan. Buni ham Gulzeboning fe’l-atvorini yaxshi bilganimdan hech bir ajablanmay qabul qilganman.
She’riyat taqdir, o’ziga xos o’zligi qismati bo’lgan qiz o’z ko’ngil qo’ygani bilan taqdirini bog’laydi. Bu “taqdir bog’lash”da ham o’ziga xoslik bor. Bo’lg’usi turmush o’rtog’i bo’lmish yigit bilan hali maktabdayoq sevishgan, hatto ahdu paymon qilishgan.Ammo, yigit oila a’zolarining qarshiligiga qarshi borolmay boshqa qizga uylanishga rozilik beradi. Erta-indin to’y deganida…Gulzebo — o’sha biz bilgan kamgap, uyalchang Gulzebo “isyon” qiladi. Bu Gulzeboning o’z haqiqatini topish yo’lidagi ilk isyoni edi. So’nggi isyoni esa..o’z joniga qasd qilish bo’ldi….
Bu voqeadan ikkimi-uch oylar avval so’ragan kitobini berish uchun Gulzeboning uyiga ishdan qaytishda birrov kirib o’tmoqchi bo’laman. Ko’chada mashinadan tushib, Gulzeboning uyi eshigiga yetmasdan ichkaridan kelayotgan shovqindan to’xtayman. “ Iltimos, pulingizni topib berarman, yaqinda oyligimni olaman…tashlab keting, bolalarim ko’rishadi!” Gulzebo kimgadir yalinardi. Zum o’tmay eshik ochilib , katta dasturxonga to’rtburchak nimarsani o’ragancha ko’targan basavlat kishi chiqadi. Uning ortidan aftoda bir holda Gulzebo ham ko’rinadi. Yana o’sha “bosqinchi”ga yalinmoqchi bo’ladi-yu..meni ko’rib tili tutiladi. Boyagi odam “yuk”ni mashinasiga ortib jo’naydi.Men noqulay paytda kelganimdan yer yorilishidan umidvor bir alpozda turaman…
O’shanda Gulzebo o’z “dardi”ni ilk bora dasturxon qiladi. Turmush o’rtog’i giyohvandlikka berilgani, uydagi qo’lga ilingulik narsalarni sotgani, do’konchilardan ancha qarz bo’lgani, boyagi kimsa o’z qarzini undirishga ko’zi yetmasdan qarzi evaziga uydagi televizorni olib ketgani…haqida so’zlab beradi.
Gulzebo tabiatan ishonuvchan edi. Bilganim, sinashganim insonlar orasidan uni-faqat uni ishonuvchanlik timsoli deb ko’rsatishim mumkin. Balki, aynan shu fe’li bu hayotda uzoq yashashga izn bermagandir? Viloyat teleradiokompaniyasida ishlab yurgan kezlarida unga shu fe’li ko’p bora pand bergan. Gulzebo bu dargohga yot edi. Uning fe’li bilan bu yerda ishlab bo’lmasdi.
…Yoz oyi edi. Ishdan kelsam..uyda g’alati holat. “Shogirdingiz sizni izlab, topib kelibdi” deyishdi. O’z holidan uyalgan, mushtdekkina bo’lib o’tirgan Gulzebo iltimosini aytdi:
— Sulton Uvays qadamjosiga ziyoratga bormoqchiman.
U oyoqyalang kelgandi…Ikki qishloq naridan, o’n chaqirim masofa bosib..Aqli hushi o’zida emasdi…
Ertasiga mashina topib, singlimni qo’shib Gulzeboni o’sha ziyoratgohga jo’nataman.Bu afsuski, uni so’nggi bora ko’rishim edi…
Bungacha u katta yozuv daftariga mayda, chiroyli husnixatda bitilgan barcha mashqlari-she’rlarini bergan, uni kitob qilib chiqarish orzusi borligini aytgandi. Kichkinagina bu kitob keyinchalik chop qilinadi…
Bu hayotni vaqtli tashlab ketish Gulzebo uchun oson bo’lmagan. Ko’ngil qo’ygan turmush o’rtog’ini hayotda to’g’ri yo’lga solishga necha bora uringandir? Oiladagi dardlarini birovga aytishdan, nafaqat aytishdan balki eshitishlaridan istihola qilib, taqdiri zaqqumlarini ichga yutgandir? U boshqacha, mutlaqo boshqacha yashashi mumkin edi. Bunga imkoni , iqtidori bor edi. Bo’y tortayotgan ikki o’g’li uchun ham yashashi mumkin edi. Ko’p go’zal, betakror she’rlar yozish uchun ham yashashga haqli edi.
Boshqalar, o’zgalar-Gulzeboning to’pig’iga chiqmaydiganlar shunday fikrlab, shunday yashashyapti-ku axir! Ammo, u yashay olmasdi? Biz bilgan Gulzebo bunday yashay olmasdi. Yuragiga-shu yuragiga abadiy o’rnashgan o’zigagina xos o’zligiga qarshi bora olmasdi.Uning fe’l-atvori-o’zligi hayotning ba’zi-biz ko’nikkan haqiqatlarini qabul qila olmasdi. Hazm qila olmasdi. Shuning uchun…qaysidir bir mash’um kunda barchasiga qo’l siltadi-zahar ichdi. Mashoyixlar zaharni “ojizlik quroli” deydilar. Ya’nikim, o’tmishda o’z raqibini qo’lda qurol bilan ochiq maydonda mahv etolmagan ojiz kimsalar shu yo’lni tutishgani uchun. Zaharni birovga berish, ichirish boshqa-yu uni o’zingga ravo ko’rish boshqa. Bu o’rinda sifatlash “ ojizlik quroli”dan “mardlik quroli”ga aylanadi…
Gulzebodan kamtaringina ijod namunalari-bir dastagina she’rlar qoldi, xolos.Va yana allaqachon yigit yetishgan ikki o’g’li.
Biz endi o’zimizni-o’zimiz aldash, avrash bilan ovoramiz. O’qiyotganingiz kabi xotiralar yozishgagina kuchimiz yetadi. Hatto yozayotib, rostmi-ro’yomi xo’rsinib ham qo’yamiz.Hatto chang bosgan
qat-qat xotiralarimizni tiklashga ham hafsalamiz kelmaydi.Sobiq kursdoshlari-hamdard hamkasblaridan qaysi biri uning qabri yoniga borib ruhiga fotiha o’qidi? Mozori qaydaligini bilishadimi, umuman?! Avvalo, tig’ni o’zimga urmog’im kerak.
Gulzeboning bu dunyoni tark etganiga o’n yil bo’ldi.
Shu muddatda uning qabrini izlab bordingmi?
Ruhiga duo qilish xayolingga keldimi?
Farzandlari taqdiri bilan aqalli sirtdan bo’lsin qiziqdingmi?
Boshqa ijodiy mashqlari bor-yo’qligidan xabardormisan?
U sening ixlosi baland shogirding edimi?
Sen esa kimsan?
Ayt!
Umid BEKMUHAMMAD
GULZEBONING NIDOLARI
…O’ttiz.
Men senga yetaman.
O’tgiz bir, o’ttiz ikki…
O’ttiz uch!
Salom, Iso Masih!
Ketaman.
Ushbu bashoratomuz nidoli satrlar muallifi Gulzebo Xorazm viloyatining Bog’ot tumanida yashagan…
Bog’ot tumanining Xitoy qishlog’i Urganch shahridan qariyib 50 kilometr uzoqda joylashgan.1971 yilda ushbu qishloqda tug’ilgan Gulzebo Abdrimova bolaligidan adabiyotga mehr ruhida voyaga yetib, o’quvchilik paytidan tuman gazetasiga maqolalar yoza boshladi.Uning orzusi jurnalist, shoira bo’lish edi.Shu ezgu niyatda tuman gazetasi qoshidagi “mahorat maktabi”ga qatnadi.Gulzebo bilan deyarli tengdosh bo’lgan Beruniy Alimov, Erpo’lat Baxt, Azamat Safarov, Sayyora kabi bir qancha bog’otlik o’quvchilar ham tuman gazetasida ilk saboqlarni ola boshlagan davr edi 1985-88 yillar.
Gulzebo 1989 yilda ToshDuning jurnalistika fakul`tetiga bog’otlik tengdoshlari bilan hujjat topshiradi.
— Hujjatlarni qabul hay’atiga topshirib Toshkentni Gulzebo bilan sayyohat qilganimiz, Oybek uy-muzeyiga borganimizni eslayman.O’shanda Gulzebo, Oybek uy-muzeyidagi jihozlarni ko’rib hayratlangandi. Menga “Oybekning choponini kiyib rasmga tushing, shoir bo’lasiz” , deganlari hamon yodimda.O’sha yili Gulzebo imtihonlardan muvaffaqiyatlar o’tib talaba bo’lish baxtiga erishdi.Men esa…”yiqilib” armiyaga-uzoq Xabarovskga ketdim. Armiyadan kelishda Toshkentga tushdim-u ToshDUga-talabalar yotoqxonasiga bordim.Gulzebo, uning guruhdoshi Gulasal Xolmurodovalar bilan uchrashdim.Hamyurtim Gulzeboning ko’ngilchanligini shunda bildimki, u ko’zi ojiz guruhdoshiga achinib u bilan bir xonada bo’lar, unga neki yordam bo’lsa berarkan…-deya o’tgan voqealarni eslarkan, shoir Erpo’lat Baxt.
1993 yilda tahsilni tugatib Gulzebo Bog’otga qaytib keladi. Bir muddat o’rta maktabda o’quvchilarga saboq beradi.So’ngra tuman gazetasida ishlaydi. Keyin esa viloyat teleradiokompaniyasiga ishga kiradi.Aytish mumkinki, har kun 50 chaqirim yo’l bosib Urganchga qatnash Gulzebo uchun oson bo’lmagan. Ba’zida montaj ishlari bois kechga qolib yo’l azobini tortganicha qishlog’iga ketish mashaqqatli kechgan. Ammmo hamma, hammasiga chidab o’zi ko’ngil qo’ygan jurnalistikada faoliyat yuritadi, she’rlar yozadi.
…Afsuski…afsuski taqdiri azal sabab 2004 yilda iqtidorli shoira Gulzebo Abdrimova bu hayotdan bevaqt ko’z yumdi.Shoiradan ikki o’g’il farzand, ko’plab she’rlar meros bo’lib qoldi. 2006 yili jurnalist Shuhrat Matkarimov shoira Gulzeboning she’riy to’plamini nashr etdirdi.
GULZEBO
SHE’RLAR
Nashrga tayyorlovchilar: Ro’zimboy Hasan, Umid Bekmuhammad
* * *
Vatanni kashf qilmoq uchun.
Barmoqlar juftligi shart emas.
Barmoqlarni chopib tashlash mumkin.
Vatanni chopib bo’lmaydi.
Vatan men uchun —
Ko’zdagi qorachiq! Ko’ngildagi dard.
Qorachiqni-da tilish mumkindir,
O’yish mumkindir.
Mumkindir dilni ranjitish.
Ammo dardni —
Ko’ngildagi dardni chopib bo’lmaydi.
* * *
Vatan atalgandir shu ko’hna zamin.
Avayla — asragin.
O’rgatadilar:
«Kaftingda cho’g’ misol saqlamoq joiz…»
Bu farzdir.
Bu qarzdir».
Men esa ojiz…
Qachonki,
Vatan men uchun.
Muhabbat saroyi.
Oshiqlar ko’shki.
Unda ko’rib tanish chehralar,
Vafosizlar galasin
Kelaverar
Sevgining rashki…
* * *
Ey, dilga ko’ngil bergan hurligim.
Ishqingning asiri bo’lib chog’landim.
Ishq nadir?
Ishq bahridan kechib
Nahsga egilmagan bokiraligim.
Ayt gulim —
Ishqning bo’ylarida chog’landim, deb ayt.
Tushimda bo’ynimga bog’landim, deb ayt.
Ayt gulim.
Ayt!
Yomg’irning yuziga yuzimni qo’yib
Yig’ladim.
Yolg’izim.
Yolg’izlanib qolayotgan BAXT.
* * *
Baxtning belbog’ini o’g’irladilar
Yolg’izgina qoldi.
Yalpizlar hidini tuya olmadi.
Tojini ham olib qo’yishdi.
Yopinchig’in aytmay.
Bo’lib qoldi ko’cha daydisi.
Keyin…
Keyin bir kun.
Keltirib berishdi borini.
Olmadi.
Yalindilar.
Olmadi.
Shu holidayam baxtli edi BAXT.
* * *
Tushlardagi mohlardaysan,
O’ngimdagi oylardaysan,
Yurakdagi ohlardaysan –
Qishloq ayoli.
Ko’zimdagi qorachiqsan,
YO yopinchiq, yo ochiqsan.
YO obdasta, yo sochiqsan –
Qishloq ayoli.
She’rimdagi shoh satrsan,
Yuz hadik, ming havotirsan,
Loyga tushgan javohirsan –
Qishloq ayoli.
Tun o’zingsan, sahar o’zing,
Zarlar o’zing, gavhar o’zing,
Paxta o’zing, zahar o’zing –
Qishloq ayoli.
Oq sutlaring oqlikdandir,
Iymanishing poklikdandir,
Sukunating hoklikdandir –
Qishloq ayoli.
Dardlaringga darmon bo’lay,
Yaxshilikka armon bo’lay,
Qo’y, sen yasha, bor, men o’lay…
Qishloq ayoli.
* * *
Gulda o’lchansaydi dunyo bisoti.
Adirlar sahroga do’nardi.
Boyligi behisob Hotami Toy.
Gado bo’lishga ham ko’nardi…
Gulda o’lchansaydi dunyo bisoti.
Paxta — don ekmasdi odamzod.
O’rmonda og’ochlar o’smasdi
Hattoki tog’u — tosh obod…
Gulda o’lchansaydi dunyo bisoti.
Egizak bo’lardi qo’shiqlar.
Bir dona gul uchun
Yuragini sotar oshiqlar.
Gulda o’lchansaydi dunyo bisoti.
Adashlarim ko’payar edi.
… Qadrlidir hozircha zeb — zar
Yagonaman dunyoda endi.
QODIRIYGA
Abdullaning to’ni
Ilgakka osilar…
Nogahon qo’rqinch tush
O’yg’onib ketaman.
Yer hansirar –
U — v — v — v …
Abdullaning to’ni
Ilgakda sarg’ayar.
Onamning sochida
Oppoq qor.
Qo’rqinch tush.
Uyg’onib ketaman.
Oppoq qor –
Qip — qizil qonga bo’yalgan.
* * *
Otabekni sog’indim.
Ota.
Kumushimni bo’rilar g’ajigan.
XXasr
Otabekni sog’indim.
Dunyo.
Sevgi deb yashagan Kumushni
Zaynablar duolab tashlagan.
XIX asr.
Oshiqlar Kumushdir
Kundaga bosh qo’ygan beozor.
Har qurbon bir lola.
Bir mozor.
Butun dunyo go’zal —
Qip — qizil lolazor.
Lolazor.
* * *
Yuragim og’rindi.
Qah — qah otib kuldim.
Keyin sochlarimni yulib yig’ladim.
Ovunchoq bo’lmadi.
To’kilib ketmadi sirlarim.
Yuragim og’rindi.
Jimgina chidadim.
Sochlarimni taradim mayin.
Sirlarimni ochdi sukunat.
Sukunatki buncha betayin.
Yuragim og’rindi.
Bosh olib ketdim.
Sochlarimni unutdim hatto.
Men kutdim…
Va qildim xato…
* * *
Bayramlar,
Eng shodon kunlardir.
Nigohlar sog’inchdan
Yorilar.
Yo’qlashga arzimas
Izlaganim baxt.
Bahor o’g’irladi —
Visolni.
Baxt, deb baqiradi
Ko’ngilning ko’zi.
Sen kutgan odam yo’q.
Sen kutgan dam yo’q.
Bahor o’g’irladi —
Sevgimiz.
* * *
Unut!
Yomg’irlarga siringni ayt.
Yerning iforli isiga mast bo’lib
Tuproqqa bo’yangin.
Bo’yanib —
Seni aldamoq bo’lganlar
Seni o’ynamoq bo’lganlar
Yuziga tupir!
Keyin qarama ortingga
Bahor kelsa ichgin simirib.
Unut
Hatto o’zingni ham.
* * *
Qo’y!
Diydorimga to’y.
Armonga chayilgan qo’limni.
Huv o’sha sog’ingan
Kunlarni qo’y.
Ketaylik ikkimiz
Dil choshib,
El oshib.
Balki bo’lar to’y.
Balki…
Janoza.
Bilmayman.
Ammo bilaman
Bu kun bo’lar
Bir kun
Ovoza.
* * *
Quyosh qorayib, dardin yutayotir
Achchiq.
Tupurib tashlasa, alamni.
Sokin oqshom tushimga kirar.
To’kilib — to’kilib.
Sochilib — sochilib.
Qadaqlangan Oy.
Yomg’ir yog’ayotir
Jimgina.
Kunduz.
* * *
Quyosh chiqmadi,
Qahri qo’zidi yerning.
Dovullar uyg’ondi,
Bo’ronlar turdi,
Chaqinlar chaqdi.
Pichirlab, qarsillab,
Ildizlari ko’chdi daraxtning.
Osmon aza ochdi –
Yig’lab yubordi birdan…
* * *
Idrok
U — xilvat.
Sirli oymomo.
Sog’inib ketdim
Yulduzlarga dunyo
Yetmadi.
Menga yo’l bo’lsin.
* * *
… Men hovurdan tushmagan ta’na.
Kipriklarim jahldan osilar.
Sevgi nima -Bu bir o’yin.
Qahrdan kulaman.
Harir tushdek toza sevgimning
Yopinchig’i g’iybat — olomon.
Olomonning qo’llari uzun.
Men — chi bunda unutilgan ishq.
Haq vaslini sog’inib
O’tayotgan umr –
Afsona.
* * *
Bu dunyodan kechdim,
Ichikib.
Darbozalar qulfsiz, kalitsiz.
Egasini poylagan it kabi
Sudralib, irillab
Nafas olayotgan DUNYO!
Meni tinch qo’ygin.
* * *
Men endi o’zimga kelayotibman.
Qiynalib, azobla tushar satrlar.
Uzib tashlamoqchi bo’lgan yuragim.
Bo’ysunmadi menga.
Demak yashayapman
Sog’inib.
* * *
Ko’ngil — ko’ngilning bulog’i, dedilar.
Hol so’radim ko’ngildan endi.
Ko’za olib ta’magir bordim…
Buloqning ko’zlari ko’mildi.
Ko’ngil — ko’ngilning panohi, dedilar.
Nayzalarni tashlagin endi.
Hujumlardan asranganim on
Necha — necha qalqonlar sindi.
Ko’ngil — ko’ngilning malhami, dedilar.
Yaralaring yashirma endi.
Surtkilarin ayamay surtdim …
O’rni esa qayta tilindi.
Ko’ngil — ko’ngilning g’animi, dedilar.
Haqiqatga sig’indim endi.
Dushmanlarim qurshagani on
Do’stlarimning o’rni bilindi.
Ko’ngil — ko’ngilning ko’zi, dedilar.
So’qirligim yo’qoling endi.
… Men baxtiyor. Hayotga qaytdim.
Qarshimdagi kim u? Kelgindi…
G.ga
Ko’zimga sanchilar nayza — minora.
Esim o’g’irlatib, yodimni berdim.
Ayriliq do’stimdir, visol — begona.
Yetti yot bandaga yorimni berdim.
Bulutlar par emas, yomg’irlar tikon.
Manzilga yegolmay tovonlarim qon.
Endi qoldimikan men borar makon.
Asorat manzilim — borimni berdim.
Ko’zlaringiz kuldi, yuzingiz kuldi.
Rashklar qorishgan so’zingiz kuldi.
Qabrim qoshidayam kulingiz endi.
Zo’rim o’zim bila, zorimni berdim.
SH.ga
Men sizni so’kmayman.
Karg’amayman ham.
Butun nafratlarim o’zimla ketsin.
Istagan kunimni
Istamayman ham.
Istagan kunlarim yo’qolsin, bitsin!
Men sizni bilmayman.
Tanimayman ham.
Notanish millionta chehraning biri.
Dunyo-ku aynidi…
Aynimayman ham.
O’zimla ketmoqda birovning siri.
Men sizni sezmadim.
Anglamadim ham.
Ko’ngil so’qirligi baxtimga do’ndi.
Yuragim ingradi — tinglamadim ham.
Hatto yuragimdan xafaman endi.
Men sizni so’kmayman .
Qarg’amayman ham.
G’aflat uyqusidan ko’p kech uyg’ondim.
…Yomonlikni olib ketayotgan odam.
Ne bo’lsa barini Xudoga soldim.
* * *
Men baqiroq shamolni yengdim
Epkinlari kuydi bahorning.
Men tuproqni jonimdan suydim…
Havasini keltirib gulning.
Saratonning otashin yengdim.
Maysalari kulga aylandi.
Har niholni jonimdan suydim…
Qushlarining yo’li boylandi.
Men mezonning nafasin yengdim
Hazonrezgi — mening qilmishim.
Bog’ — rog’larni jonimdan suydim…
Bog’bonila bo’lmadi ishim.
Qishning qattiq qahrini yengdim.
Quvonchlari qordek to’kildi.
Men o’zimni jonimdan suydim…
O’zim bilan ketaman endi..
* * *
Siz mendan ko’ra baxtga noloyiq.
Hashamdor yashashga o’rgangan banda.
Salobatli uylar, viqorli qomat
Omad belgilaridir shular…
Siz mendan ko’ra ishqqa noloyiq.
Gul hidini tuymagan yurak.
Bargin ezib har bir lolaning
Yolg’on — yashiq aytasiz tilak.
Siz mendan ko’ra yurtga noloyiq.
Vatanni zar bilan tenglagan…
Ontlar ichib, qasamlar ichib
Gunohu savobni bilgan, bilmagan…
Siz mendan ko’ra… yashashga loyiq.
Sanalarni sanab yurasiz.
Men ketaman. Dunyo sizniki –
Kimligimni keyin bilasiz.
Siz mendan ko’ra… o’limga loyiq.
* * *
Daryodan mehringni ayama.
To’lqinlarning shiviri sirli.
Men kutdim.
Yonar charsillab
Bo’sani totmagan yovshonlar.
Qizg’aldoq nafasi bo’yimda
Alahlab yurganga o’xshadim.
Men kutdim.
Yo’limda qizg’aldoq — lolazor
Qonsiragan shafaqli tonglar…
Biz kutmagan ertak boshlanar
Kutganimiz sarobga do’ndi.
Men kutdim.
Haqiqatlar zindonga tushdi
Qo’riqchidir unga yolg’onlar.
Maysazorga oyoq bosaman,
Tovonlar qonar, tilinar.
Men kutdim.
Ibtidoda biz mingta edik
Intihoda millionlab jonlar…
Men kutdim.
… Va men ketdim.
* * *
Bu dunyoning bori meniki.
To’yib — to’yib yashagim kelar.
Agar taqdir bersami izn…
Borin qayta boshlagim kelar.
Bu dunyoning yarmi meniki.
Yarmin berdim raqiblarimga.
Toki umrim o’tmasin dedim –
Chora izlab ta’qiblariga.
Bu dunyoning choragi yetar.
Qolganini sizga atadim.
Hatto uning bir chimdimi xam
Yashamog’im uchun yetadi…
Bu dunyodan … ulush tegmadi.
Sarson — sarson kezishga makon.
Iltimos.
Hech bo’lmasa.
Ketishimga beringiz imkon.
* * *
Men ketaman
Dardlarim qolar.
Yo’llaringda gardlarim qolar.
Ojizmanu… mardlarim qolar.
Men ketaman.
Men ketaman.
Nidolar qolar.
Ohlarimdan sadolar qolar.
Meni sevgan gadolar qolar.
Men ketaman.
Men ketaman.
Qo’shiqlar qolar.
Ko’ngli yarim oshiqlar qolar.
Bekilmagan eshiklar qolar.
Men ketaman.
Men ketaman.
Lolalar qolar.
Yemirilgan qal’alar qolar.
To’da qolar… galalar qolar.
Men ketaman.
Men ketaman.
Raqiblar qolar.
Kurash qolar, ta’qiblar qolar.
Qullar qolar, sohiblar qolar.
Men ketaman.
* * *
O’ttiz.
Raqamini yengib bo’lmas.
Chir aylana boshlar so’roqlar.
Senga yetamanmi?
Bobo.
Bayram muborak
Bizlarni yo’qlar.
O’ttiz.
Raqamdan cho’chidim.
Nogahon bosaroq tush kabi.
Yig’irma besh, yigirma olti…
Uchib ketdi hurkak qush kabi.
O’ttiz.
Men senga yetaman.
O’tgiz bir, o’ttiz ikki…
O’ttiz uch!
Salom Iso Masih!
Ketaman.
***
Bu yo’llar.
Ajab saodatli, savdoli.
Bola peshonasidagi g’urradek.
O’nqir — cho’nqir.
Bu yo’llar.
G’aroyib tush kabi.
Aldoqchi.
Ovunchoq.
Bu yo’llar.
***
Yulduzlarni sog’insang,
«Lop» etib ko’rinar chiroqlar.
* * *
Qora ko’lanka!
Men seni quvdim.
Qabohat bulg’agan ko’nglimni
Qo’l kabi yuvdim.
Qora ko’lanka!
Men sendan bezdim.
Lashkaring saf tortar.
Oldimda.
Oldinroq sezdim.
Qora ko’lanka!
Men seni kutdim.
Kelganing yaxshiydi.
Kelmading…
Ketdim.
NAZMIY QAYDLAR
* * *
“Iztirob” degan narsa bor. Uni tushunib bo’lmas.
Uni anglab bo’lmas. Ozod qushdek kezganingda.
Yoningga yo’lamas.
Oldingdan sudralib chiqqan on. Supurib tashlaysan.
«Iztirob» degan narsa bor.
To’rt devor orasida qolsang bilasan.
Qani tushunmay ko’r. Anglamay bir ko’r.
Qayta supurib tashlaysan uni.
Bosib kelaverar
Misli g’anim lashkari.
* * *
Sen kim bo’lmoqchisan?
Qo’shiqlarni eshita turib yig’lasang.
Uh tortsang, uvlasang.
Gullar tuproqqa qorishib yotsa.
Sen qadriga yetmagan gullar.
Men qadriga yetmagan gullar.
Sen kim bo’lmoqchisan o’zi?
Qo’shiqlarni tushunmasang.
Qah — qah urib kulsang.
Handon otib kulsang.
Gullar tuproqqa qorishib yotsa.
Sen bermagan gullar.
Men olmagan gullar.
* * *
Quchoq — quchoq gullarni ko’rganmisiz?
Uchratganmisiz?
Rang — barang, anvoyi gullarni.
Biz ularni guldasta deymiz.
Bir — birovga eltamiz hatto.
Quchoq — quchoq gullar nimadir?
Anvoyi gullar. Iforli gullar.
Erkiga qarshi uzilgan gullar.
Tuqqanlari bag’ridan ayovsiz yulib olingan bechoralar.
Yig’lab — yig’lab so’lishlar shundan.
Bizlar… gullar fojiasin bilmagan to’da.
Hatto ular panasida dil izhori aytamiz — a!
Janozada qo’shiq aytgandek.
* * *
Tonglar nihoyatda go’zaldir!
Shunday o’ylaymiz.
Shunday tuyamiz.
Aslida arafada butun boshli qora tun turibdi.
Butun vahshatlari bilan, azoblari bilan.
Iztiroblari bilan. Sog’inchlari bilan…
Tunni qanday o’tkazdingiz?
… Yana tongning go’zalligidan quvonasiz.
Quvona olarmikansiz?
* * *
Bir kunim o’tdi.
Ikki kunim o’tdi.
Uchinchi kunim o’tmadi…
Men uchun.
* * *
Zanjirband qo’llarim kishanni uzdi….
Kishan — sevgi edi. Bir armon edi. Iztirobga to’la dard edi.
Endi ozod bo’ldim. Hur bo’ldim. O’yladim. Ammo… Kishansiz ham sevgi qudratli edi. Qo’yib yubormadi. Ketolmadim. Kishan parchalari sochilib yotar. Yo’llarimda. Yurakdan uzilib — uzilib tushgan armonlar
misol.
Bir parchasin qo’limga oldim. Kaftlarim kuydi. Nenidir esladim.
Keyin… bozorga bordim. Xarid qilish uchun mustahkam kishan. Kishanli yashash osonroq tuyuldi.
Aldanib qaytdim. Kishanboz qattol ekan. Go’yo dunyo kabi. Misli ishq kabi.
Yana bozor bordim. Dor harid qilay deb. Aldoqchi savdogar ustimdan kuldi. «Shoshilib ne qilding, ey go’l banda? Dunyo o’zi dor. Bir kun istaysanmi — yo’qmi bo’yningga chulg’anar…»
Umidla qaytdim. O’sha kunni kutmoq qanday maroqli.
* * *
… Yo’lovchidan so’radim.
«Bu yo’llaring adog’i bormi?»
Yo’lovchi kuldi. Keyin xo’rsindi.
«Xuddi shuni so’ramoqchi edim».
Keyin ketdi. Xayrlashmadi.
«Yo’llar adog’ida bir kun uchrashamiz».
* * *
Haqiqat. Yalpizni sog’inib tush ko’rayotgan jonga o’xshar. Bu yoqda ildizlari bahaybat gujumlar arazlagan. Buyukligidan orlanar. Xo’rlanar. Qani tanasini o’tga yoqsalar. Isinmasa odamlar.
Yaqindagi yalpizlar kuyib bitsalar.
Men anglagan haqiqatni surati shu.
* * *
… Yoz! Yozaver!
Xushro’y gullardan ulgilar ol! Ulardan baxtning kalitin so’ra, yolvorib.
Uzumlarni sevma. Ulardan qoch. Ular qoradir, qop — qoradir. Anorni sev! Ular qizil, qip — qizil. Tomiringda oqayotgan qon kabi.
Lolanida sev. Ular sening rangdoshing.
Shafaqni sev! Tonglarni olqishla. Ular umidbaxshlik.
Neki, qizil borki — ularga sig’in. Ortidan ergash. Ergashib ketaver to mahshar qadar.
Tun qora. Qop — qora. Shu tunlarni sev. Seni shirin xayollaring bilan yolg’iz qoldirgani uchun.
Hech bo’lmasa bir oqshom baxtli bo’lish zavqini tuyganing uchun.
Shu qora tunlarni sev.
U haqda yoz!
* * *
Tushim tushuniksiz edi. Emishki, kimningdir, bir zotning, mutlaqo notanish bandaning janozasidan xabar aytmishlar. Men esa… qah — qah otib kularmishman. Ko’zlarimdan yosh chiqqun
qadar.
Xabarchi yig’larmish holimni ko’rib.
Keyin xabar aytib kelariish mening holimdan.
Xabarchi aylanib — aylanib uyim ostonasida paydo bo’lar. Eshigimni qoqar, bir ma’um xabardan darak bergani.
Nogahon ostonada yuzlasharmishmiz. U esa, go’l banda, meni tanib — tanimay, o’zim haqdagi shum xabarni aytarmish menga. Biyron -biyron.
Endi kulgu qayda. Qahqaha qayda. Toshib kelayotir ko’zlarimga
yosh.
Xabarchi esa… tentak xabarchi kularmish.
.. Uyg’onib ketaman. Va telba dunyo ustidan kula boshlayman.
Яхши маълумотларни олдим. Боғотимизда шундай истеъдод эгалари бор эканлигидан фахрландим. Раҳмат Сизларга. Ишларингизга омад тилайман. Ҳаммани Ватанпарвар бўлишга чақириб қоламан.
assalomu aleykum onam haqida yozibsiz raxmat sizga sizdan olloh rozi boʻlsin
Onajon sizni sog’inib ketdim