Isajon Sulton. Hikoyalar

4
“…У тоғ тарафларга боришни анча йиллардан бери орзулаган бўлсам-да, шу маҳалгача сира насиб қилмаган эди. Қаерлардадир, жануби-шарқда эканини билардим… Лекин шу – О ғ р и қ т о ғ и, ўзи эмас, номи анчадан бери сира тинчлик бермай келарди. Нима учун айнан О ғ р и қ т о ғ и деб номланган экан деб ўйлар эдим…

Исажон СУЛТОН
ИККИ ҲИКОЯ
045

0451967 йили туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Муножот”, “Ойдинбулоқ” каби ҳикоя ва қиссалар тўплами, “Боқий дарбадар”, “Озод” романлари муаллифи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

045

ХАЗИНАБОН ЁХУД ҲАЗРАТИ ХИЗР ИЗИДАН

Юртимнинг қурғоқ шамоли пайдар-пай эсар, ҳар ер-ҳар ерда ўсган дарахтларнинг қуриган япроқларини банд-бандидан узиб учириб, оёғим остига тўзон қилиб урар эди.

Даштнинг сариқ ўтлари чучмал ис таратарди. Ҳаво иссиқ бўлса-да, узоқ-узоқларда нима учундир сийрак туманга ўралиб олган кўкимтир тоғлар кўзга ташланади. Балки масофа жуда узоқ бўлгани учун шунақа кўринаётгандир? Тоғлар ёнбағрида тўп-тўп яшил қишлоқлар бор, Арслонбоб тоғлари, Арслон ота дахмаси ўша ёқларда.

У тоғ ораларида бўри, тулки ва ҳатто айиқ ҳам яшайди, дейишади. Тиёншонга қараганда анча кичкина, кўкимтир-қорамтир қояларини йилнинг деярли ҳар фаслида мана шундай сийрак туман ўраб туради. Қоятошларнинг ёнбағирлари деярли яйдоқ, майда-чуйда тоғ буталаринию писталарни айтмаса, арчаю сарвлар оз. Билмадим, лекин юртимнинг айрим кишилари бўрию айиқни улов қилиб миниб юришган. Баъзилари ҳатто арслонларни ўзларига бўйсундирганлар. Арслон ота ҳам ўшалардан бири бўлиши мумкин.

Юртим узра азизу авлиёларнинг дахмалари сочилиб кетган. Халқ бу зотларга, кўрсатган мўъжизалари Тангрига яқинликлари боис деб қаттиқ эътиқод қўйган. Бири, уни зиёрат қилиш учун йўлга чиққан кишининг қайда эканини аниқ сезиб турган. Бошқаси сув узра ва ҳатто ҳавода қадам ташлаб юра олган. Яна бири бомдод намозини Бухорода, пешинни Табризда ва шомни Каъбада ўқиган. Бошқасини эса бир вақтнинг ўзида турли ерларда кўришган. Ҳаётда эканликларида авлиё мақомини олганлар, ҳаётдан ўтганларидан кейин эса азизликнинг тимсолига айланиб кетганлар.

Ҳа, улар ҳақиқатан ҳам улуғ азиз-авлиёлардир. Умри мобайнида нафсининг ва дунёнинг жилваи нозланишларига сира ҳавасланмаган, дилларидаги ғоят кучли имон сабаб барчанинг эъзозига сазовор бўлган зотлардир. Бир неча йиллар аввал Бухорога борганимда эшитганим ривоят ёдимга тушади. Ўша ернинг хизматчисининг айтишича, бу муборак зот қошига ҳазрати Хизр суҳбатга келиб турар эмиш. Табиийки, улкан яшил ёпинчиқли дахма тубида нималар бўлаётганини тасаввур қилиш қийин, бироқ, азизликнинг сирларини англаб етишга уринаётган бир одам дахмага тушунмовчилик ила боқар экан, айни дамда икки авлиёнинг руҳи бемалол суҳбат қураётган бўлиши ҳам мумкин-ку?

Азизлар ва авлиёлар очиқ-яққол муборак кишилардирлар. Уларнинг азизлик мақомига келишларининг сири нимада? Албатта, у сирни билганим билан ўша мақомга кўтарила олишим учун билимим ва қатъиятим етмаслигини сезиб турибман. Шу боисдан юрагимда ғалати бир армон бўй чўзади, таассуф билан ҳою ҳавас ичра ўтказган умрим эсимга келади… балки мен ҳам Хизри Илёсни учратармикинман, деб илинжланаман.

Ҳа, мен ҳазрати Хизрни изламоқдаман.
Авлиёларга берилган кароматларга эриша олмаган, аммо яна бир улуғ авлиёга – Ҳазрати Хизрга дуч келган кишилар ҳақида ҳам жуда кўп ривоятлар бор. Одамлар асрлар бўйи эъзозлайдиган, Тангри таолонинг ва фаришталарининг эъзозига ҳам сазовор бўлиш учун умрини сарф қилган, дашту саҳро кезган ва у юксак даражага эришиш учун лозим бўлган ҳамма шартларни адо этса-да, валилик мақомига нима сабабдандир етиша олмаган зотларнинг баъзиларига у рўпара келган. Хазинабонлар – ана ўшалардир. Уларнинг исмлари ҳам аён эмас. Авлиёларнинг даражалари мендан жуда юксакда эканини қалбим сезади. Бирон нуқсони бўлмаган, юлдуздай нур сочиб турган авлиёлардан кўра, машаққатли билим йўлларидан тафаккур чўққилари сари интилган ва Ҳазрати Хизрнинг инояти боис мақсадига эришган хазинабонларнинг йўли менга осонроқдай туюлади…

Ҳа, авлиёларнинг дахмалари томон оломон дарёдай оқади. Уларнинг мақбаралари баланд, ҳар томондан кўриниб турадиган қилиб қурилган. Ҳазрати Хизрни учратган хазинабонларнинг дахмалари узра эса кўпинча бир дона туғ, бир туп гужум ёки қоятошдан узилиб тушган катта харсангтош бўлади. Гоҳо ҳеч нарса бўлмайди, исмсиз, белгисиз оддий бир мақбар. Лекин, қачонлардир баъзилари ўзларидан илиқ, майин ёғду таратгани ҳақида ривоятлар бор. Чунки, у муборак зот отининг туёғи теккан қақроқ ер ҳам бирданига жонланиб, гулу чечак ёзиб юборган дейдилар. Баъзиларининг тошига турли ёзувлар ўйиб битилган бўлади, баъзиларининг устида эса ҳеч қандай ёзув йўқ, кимлиги ҳам номаълум.

* * *

Ёз қуёши теваракни бирдай қиздиради. Қоп-қора узумларни оқиш чанг қоплаган. Сарғимтир пастак уйлар устида даштнинг иссиқ ҳавоси жимирлайди. Кишилар экинзорларида, уйларида турли-туман юмушлар билан овора. Ёйилиб оқаётган ингичка тошлоқ сой бўйида ўйнаётган майда-чуйда болалар менга қизиқсиниб қарашади. Хотин-халажнинг юзлари очиқ, шаддод, улар ҳам юмуш билан банд.

Даштнинг ўйноқи шабадаси ўт-ўланнинг қуриган баргларни учириб, оёқларим остига олиб келиб уради.

Ўтиб борарканман, йўл ёқасидаги дарахтдан тўп этиб бир дона мева узилиб ерга тушди. Қўлимга олиб, айлантириб қарадим. Кичкинагина, тарам-тарам хиёл қизғиш йўлли сарғиш олма экан. Бандига яқин жойидан биров тешикча очибди. Салдан кейин тешикчадан бошчаси қизғиш мева қурти безовталаниб мўралади. Олмани ўтлар орасига улоқтириб, йўлимда давом этдим.

…Мана, Ҳазрати Илон ота дахмасидаман. Бу кишининг қошига ҳам Хизри Илёс келган дейдилар. Ортидан илонлар эргашиб юришган, амрига сўзсиз бўйсунишган. Ҳатто баҳайбат биттаси оромини қўриқлаб ётганмиш. Оломон дарёдай оқиб келар эди. Улар қаторига мен ҳам қўшилдим. Кенггина, лекин шифти жуда паст даҳлизга кирдик. Эшиги ҳам паст эди, кираётган одам истаса-истамаса таъзим қилиб кирсин деб шундай қурилган деб тушунтирди хизматчи. Пойафзалларимизни ечиб, чордона қуриб кутиб ўтирдик. Ичкаридан тиловат овозлари эшитиларди. Хотин-халаж, ёшу қари кўзида ёши билан қайтиб чиқмоқда эдилар. Издиҳом орасида кўрлар, карлар, касаллар кўп эди. Бир киши ўзи юролмас экан, аравачада олиб келишибди. Жуфт-жуфт бўлиб бефарзандлар ҳам ўтирар эдилар. Хизматида ёки тижоратида иши юришмаганлар ҳам ора-сира кўзга ташланар, бундайлар юриш-туришидан ва ўзини тутишидан ажралиб турар, лекин оз саноқли бўлиб, келгувчиларнинг аксарияти оддий авом эди.

Устига товланувчан яшил мато ёпилган узун қабр атрофига айлана тўшаклар солиб қўйилибди. Хазина эгасининг ҳурмати боис шундай узун дахма қурилган бўлса керак. Дахма хизматчиси – нуроний бир отахон шикаста оҳангда тиловат бошлади. Тиловат сўзларига эътибор бердим: оят Тангри ризоси ҳақида бўлиб, «Эй хотиржам-сокин жон, сен рози бўлган ва рози бўлинган ҳолда Парвардигорингга қайт! Бас, солиҳ бандаларим қаторига ва Менинг жаннатимга кир!» дейилмоқда эди. Тиловат тугагач, кишилар қўлларини дахмага қўйишди. Ҳар ким ўзининг бир истагини, бир орзусини пичирлаб айта бошлади. Шунча юз ифодалари ўхшаш бўлиб қолганига эътибор бердим – ҳаммасининг кўзида ажиб илинж ва ёлвориш борийди. Аммо баъзилар шу ерда ҳам олазарак бўлиб ўтирар, булар – ҳожатталабларнинг ёнида келган ҳамроҳлари эдилар.

Ажаб, бу маконга етти юз йилдан буён оломон мана шундай оқиб келади. Ҳар куни сон-саноқсиз кишилар шу кишининг шаънига дуо қилиб, хайр тиламоқдалар. Мен ҳам улар қатори дуо қилдим, савобини Илон отага бағишлаб, ўрнимдан турдим. Кишилар авлиёнинг ҳаққи-ҳурмати боис орқамачасига юриб бормоқда, эшикка етганларидагина юз ўгирмоқда эдилар. Ғалати, бошқа қонуниятлар бор эди бу ерда. Ипак қурти капалакка айланиб, пиллани тешиб чиқиб учиб кетди, кишилар бўм-бўш пилла устида йиғлаб ўтирибдилар, деган эди шундай улуғ кишилардан бири. Лекин хизматчининг айтишича, авлиёнинг руҳи тирик ва айнан шу ерда эмиш. Ақл шошмасдан илож қанча? У қонуниятлар ёзилмаган, айтилмаган, бироқ, келганларнинг бари ўз-ўзидан амал қилмоқда эдилар.

* * *

Ташқарига чиққанимда туш маҳали эди.
– Мана бу туморни олинг, Илон ота ҳар доим ўқиб юрган дуолар ёзилган, – деб, яна менга тумор сотишга уриниб кўрди шу ерда айланиб юрган йигитчалардан бири.

Ичкарига кириб чиққунимча ташқарида одам яна кўпайибди. Маҳобатли, ҳашамдор аробаларда баъзи боёнлар оила аъзолари билан келган экан. Орқароқда ипак матоларга ўранган хотин-халаж, олдинда гердайиброқ қадам ташлаётган бойнинг кибрланишларини кўрдим.
Чиқишда, чинор остида бир мискин киши ўтирган экан. Олдида сувқовоқдан ясалган кўзаси, бир парча латта устида хурмо данакларидан тизилган тасбеҳи. Садақа сўровчилардан бўлса керак. Қизиғи шундаки, сонсиз-саноқсиз кишилар мана шундай дахмаларга келиб, дунёвий ҳожатларини сўраб ялиниб-ёлворсалар, дахмалар атрофидаги мискинлар ўша ҳожатталаблардан садақа сўраб ўтиришади. Ажабо, нега азиз-авлиёлардан сўрашмас экан, деб ҳайрон бўламан.

– Худо йўлига садақа қилинг, болам, – деди мискин, минғирлаб. – Болам оч, ўзим заифман. Бир бурда нон учун садақа қилинг.

* * *

Кейинги манзилимга етиб келганимда, манзаралар фарқли эди. Сабаби чўл ва даштларнинг бепоёнлигида бўлса керак. Қаровсиз оғочлар яккам-дуккам ўсибди. Ҳаммасининг баргларини оқиш тўзон қоплаган. Дарахтларга ола-була латталар бойлаб ташланган, остида эски тангалар бор. Садақа сўровчилар нима учундир у тангаларга тегишмайди, қўрқишади. Мантиқсизликдан ақлим шошади.
Бу ерда ҳам шабада қуриган баргларни оҳиста учириб ўйнар ва кишиларнинг оёқларига олиб келиб урар эди.

Мақбар атрофида ўша-ўша қуроқ оломон… Кичкина, энсиз барглари сувсизликдан қурий бошлаган уч-тўртта дарахт остида кишилар тўп-тўп бўлиб ўтиришар, бефарзандлар фарзанд, омадсизлар омад, бахтсизлар бахт, касаллар шифо тилаб авлиё мақбараси ёнида тўпланган, булар ҳам ўзлари билан олиб келган нарсаларини еб-ичиб ўтиришарди. Гужум остидаги кишилардан бири менга нақшли арабий ёзувларни сотишга уриниб кўрди, арабча билмаслигим уни қайтаролмади, шу туморларни сотиб олсам мўъжизалар рўй беришини, бало-қазолардан сақлашини айтиб иддао қилди.

– Отани етти кун тавоф қилиш керак, – деди у. – Бу кишилар етти кундан бери шу ерда. Шундагина унинг руҳи қўллаб-қувватлайди.

Нарироқда унинг хотини, онаси ва икки-учта қизалоғи ҳам кўзга ташланар эди.
– Кечаси осмонга қарасангиз, учар юлдузларнинг роса кўплигини кўрасиз, – деди тавофга келганлардан бири. – Улар авлиё ғори устида гоҳо ғуж бўлиб олишади, гоҳо эса бетиним ерга ёғилишади…

Авлиё мозори қошида етти кун ўтирдим. Бу даҳма ҳам ғоят узун, каттакон туғ қадаб қўйилган эди. Сабабини сўраганимда, Тангри таоло мўътабар кўргани боис қабрини кенгайтирган, деб жавоб қилди дахманинг кекса хизматчиси. Авлиёнинг ғорига кириш менга насиб қилмади, кирганимда ҳам бор-йўғи бир ертўлагагина кирган бўлардим, ҳақиқий билим ғори менга насиб этмаслигини аввалданоқ билардим.

Кейин яна йўлимда давом этдим. Аввалбошда тақир ерда ўсган майда-чуйда буталар ҳам тугагач, силлиқ, майда, ўзига сув юқтирмайдиган ғалати қумлар бошланди. Ҳар қанча сув ҳам бу ерда сингиб кетаверади. Олис-олисларда тоғлар кўзга ташланади, у – Тангритоғ бўлса керак, лекин саробми ёки ростми, билиш қийин. Ердан қаққайиб чиқиб турган тошларнинг харобалари аро кезарканман, атрофида сайёҳлар санқиб юрган, номаълум ёзувлар битилган тошларни ҳам кўрдим, уларни сийпалаганимда бир нималарни ҳис қилдим ҳам.

Ҳа, олам узра сочилиб кетган азиз кишиларнинг саноғини Худодан ўзга ҳеч ким билолмайди. Уларнинг қайси бири авлиёликнинг қай мақомига эришгани ҳам қоронғу. Бироқ илму фан ғоят тараққий этган шу кунда кишиларнинг бу ерларга дарёдай оқиб келишлари ҳам ғалат. Дунё хазиналарининг эшиклари тобора кенг очилган, истаган нарсангга эриша оладиган давр бўлса, фазо кемалари ўзга сайёраларга парвоз қилишга чоғланаётган, электрон кўзлар ердан юзлаб ёруғлик йили олисдаги юлдузлар бағрида рўй бераётган ҳодисалардан тортиб энг майда зарраларгача кўриб тадқиқ қилаётган, шиша идишларда одам аъзоларини ўстириш тажриба қилинаётган бир маҳалда кишиларнинг мана шундай мақбаралар пойида нималарнидир истаб-ёлворишлари янада ғалат эди.

Авлиёлар тунги осмонида юлдузлар учган маконларда асрлар бўйи жим турадилар. Бу бепоён чўллар ўз бағрида яна қанча сирларни яширган экан? Баъзи кишилар тунда ҳам уларнинг ҳузурига келадилар. Қурбонликлар сўйишади, дуолар қилишади, ҳафталаб-ойлаб кетмай ўтиришади. Ҳаётларида нимадир ўзгаришидан умидланишади. Бу ерда ҳам тунда юлдузлар ғуж-ғуж бўлиб мақбарлар тепасида тўпланар, гоҳо бир нечаси ёруғ из қолдириб пастга шўнғир эди. Теваракни узоқ кездим. Бир жойда оёғим остида ётган бир бўлак қорамтир нарсани топдим. Қўлимга олсам, кичкина, совуқ темир парчаси экан. “Ерга қараб учиб, кейин сўнган ўша юлдузлардан бирининг парчасимикин?” деб ўйладим.

* * *

Мана, кимлиги номаълум бир зотнинг олдидаман. У баланд, улкан, метин бир қоя остида. Ёнидан илиқ сувли кичкина булоқ қайнаб чиққан, турли дардларга шифо. Қоя бағрига ёзувлар ўйиб ёзилган, уларни ҳали ҳеч ким ўқий олган эмас. Қачонлардир ер юзида яшаб ўтиб кетган кишилар тош бағрига турли шаклларни ўйиб ёзишган. Булоқ тубида эски тангалар хира йилтирайди.
– Бу қоятош бир маҳаллар ўзидан ёғду таратиб турган, орадан асрлар ўтгач, нима сабабдандир ёғдуси сўниб қолган, – деди шу ердаги кишилардан бири.

Тош пойига чўк тушдим. Қанақадир бегона бир ўт бор экан, барглари камбар, учли ва калта, қатор тизилган баргчалари шабадада шириллаган овоз чиқара бошлади.
Бир дона қуриган япроғи учиб, оёғим остига келиб урилди.

Хаёлимга аввал эшитганим бир ривоят келди. Инсон болалари алмисоқда шаҳодат калимасини айтганларида бир фаришта гувоҳ бўлган экан, кейин эса у нур таратувчи тошга айланибди. Каъбадаги хажарул асвад, яъни қора тош аслида ўша фариштадир, дейдилар. Хажарул-асвад ҳозир нур таратмай қўйган, лекин сонсиз-саноқсиз кишилар уни тавоф қиладилар. Мен ҳам, агар Хазрати Хизрни топа олсам, Тангримга шукроналар айта-айта, сафаримни Каъбада якунлашни, хажарул-асвадни кўзимга суришни ният қилганман.

Қизиқ, кетай десам, кетолмайман. Қолай десам, ҳақирлигимдан, истакларимга эришолмаслигимдан, умримнинг беҳудага кетишидан ҳайиқаман.
Гоҳ-гоҳ тошга яқин бориб қулоқ соламан. Қаршимдаги зот жим. Тун салқинида совиган тош ёзувлари орасига битта ҳашарот тушиб қолибди, ёзув чуқур бўлгани сабабли чиқиб кетолмай ўрмалаб айланмоқда.
Бу ёзувларнинг маъноси нима?

Ўрхун битикларидан хабарим бор. Олтой ёзувларинингу жангу жадаллардан ҳикоя қилувчи бошқа битикларнинг маъноларини ҳам биламан.
Осмонда эса тинмай юлдузлар ғуж-ғуж бўлиб тўпланишади, гоҳида баъзилари ёғдули из қолдириб пастга – ер юзига шўнғишади.
Бу ерда ҳам қуроқ-қуроқ зиёратчилар тўп-тўп бўлиб ўтиришибди. Уларнинг истакларини тахмин қилса бўлади, яна ўша аҳвол: бефарзандлар фарзанд, омадсизлар омад, камбағаллар бойлик, касаллар соғлик илинжида турли томонлардан сургалиб етиб келишган. Ҳамманинг нияти тилак ва сўраш эди.

Бетиним, бетиним сўрар эдилар!
Ҳайфим келди. Мўъжиза эгаларининг ҳузурига бўлмағур тилаклар билан ҳам келинадими ахир? Дилимда бир ҳузун бино бўлди. Шунда дашт ели яна жонланди-да, қадимий бир қўшиқ сасини олиб келиб қулоғимга урди, сўзларини унча англамасам-да, маъносини яхши тушундим.

Дўндим шохдан қўпган қуруқ япроққа,
Саҳар ели, тўзғит мени, ур мени.
Кўтар тўзонимни бундан узоққа
Ёрнинг яланг оёғига ур мени…

Шакллар, сувратлар кезар эди бунда. Турли-турли, ёшу қари, сарвқаду эгик, соғлому хаста шакллар. Уларнинг дилларининг сувратларига разм солишнинг иложи бормикин? Кўпчилигининг қалбларида ғалати ёлғизлик ҳукм сураётган бўлса не ажаб? Аслида оломон ичида кезиб, кулиб-изтироб чексалар-да, ўз нафсу истаклари жарликларининг зулматларида санқиб юрган бўлсалар-чи? Ахир, ҳаммаси бениҳоя кўп нарсаларни сўраб, бетиним тавалло қилмоқдалар-ку? Орзулар ҳам дил осмонида тунда мен кўрган юлдузлар каби учармикин? Тилакларига етолмаганларнинг қалблари боя ерда ётган ўша темир парчаси каби парчаларга тўлиб кетган бўлса-чи? Орзулар юлдуз каби учиши ва ушалмагач, ерга тушиб, сўнган юлдуз парчаларига айланиб кетиши ҳам мумкинми?

Бир қари чолни кўрдим, умри тугашига бир ёки икки кунгина қолган бу бебахт вужудига ёпишган ва ҳозир азоб бераётган касалликдан қутқаришини сўраб илтижо қилмоқда эди.

Тужжорларни ҳам кўрдим, молу дунёси беҳисоблиги йилтиллаб ёғ босиб кетган кўзларидан билиниб турган бу кишилар у молларга яна қўшишини сўраб тавалло қилар эдилар. Бироқ, бу ердан чиққанларида қайси бири яна қайтиб ўша молу дунёсигача соғ-омон ета оларкан, биров билмас эди.

Бу оломонда яшаш истаги шу кадар зўр эдики, ақл бовар килмасди. Тўқсон олтига кирган илвираган бир чол баданида пайдо бўлган оқ доғлардан халос қилишини сўраб келибди. Аравачада қўлсиз-оёқсиз, ғўла каби бир одамни ҳам олиб келишган экан, у тушунарсиз ва тузалмас бир касалликка мубтало бўлибди, ўша касаллигига даво сўраб ёлвормоқда эди. Фақат шамолгина бегидир ва озод кезар, кумларни ва қуриган майсаларнинг хазонларини бетиним сочиб ўйнарди.

Ўйга ботиб узоқ ўтирдим бу ерларда. Қаршимдаги номаълум зот ҳам жим эди. Шу маҳалгача қошида бўлганим ҳамма-ҳаммаси улкан бир сирни бағрида яширганини, унга эришсам ҳаётим ўзгариб кетишини билсам-да, у муқаддас билимлар бобида, яъни Хазрати Хизрни қандай учратиш мумкин экани ҳақида ҳануз тасаввурим йўқ эди. Халқда бу кишилар ҳалолликлари, ростгўйликлари, Тангри таоло белгилаган чегаралардан чиқмаганлари ва сидқидилдан ибодатлари ила юксак мақомларга эришганлари ҳақида ривоятлар юради. Биpоқ, ростгўй ва ҳалол кишилар камми дунёда? Бир халқдан юз йилда бир авлиё чиқади деган гап-чи? Ҳар ҳолда, уларнинг мен англаб етмаган яна бошқа хусусиятлари борлиги аниқ, бироқ нима?

Ҳа, икки дарё оралиғидан то Табризу Кўниёга қадар азиз-авлиёларнинг қабрлари сочилиб ётибди. Уларнинг кўпидан бехабармиз. Исмларинигина биламиз, холос. Мен эсини таниганидан бери ибодат ичида бўлган жуда кўп инсонларни танийман. Аммо биронтасида юксаклик ва комиллик аломатларини кўрмадим. У қандай ғалати мақомки, айтилганларнинг барини адо этилганида ҳам эришиш мушкул? Аслида, азиз ким? У қанақа мақом? Не сабаб ила уларга бундай каромат ато этилган?

* * *

Ҳеч қаерда излаганимни топмадим. Афросиёб шамоллари, Нурота изғиринлари, Самарқанду Бухоронинг етти авлиёси дахмаларию номаълум тошлари… биронтаси менга ўз сирини очмади.
Ниҳоят, жонсиз тошлар орасидан яна бир хазинабон қабрини топдим.

Бу – сўник хазинабон эди. Балки у ҳам бир маҳаллар ёғдулана-ёғдулана, сўнг сўниб қолгандир? Худди шам ёнгани каби. Аммо шам ёғду тарата-тарата ўзини харжлаб юборади. Хазинабон эса ичида сақлаган сирлари туфайли ёғдуланади. Унинг ёғдуси битмас-туганмас бўлади.

Бироқ, сўниб қолибди-ку? Нега сўнди экан? Умуман хазинабонлар мангу яшайдилар деган гап аслида нисбий бўлса-да, уларнинг ёғдуланиш ва сўниш сабаблари бизга барибирам мавҳум. Сабабини билиш қийин.

Бу хазинабоннинг сўниш сабабини ўзимча мулоҳаза қилиб кўрдим. Мен каби сонсиз-саноқсиз инсонларнинг тарихларини ўз ичида сақлаган, ҳаётларини беҳуда нарсалару янглиш эътиқодлар учун сарф қилганларнинг муаррихи эмасмикин бу? “Ерда ётган мана бу сўник тош аскар эди, – деди тавоф учун ортимдан эргашиб келган бир киши. – У юртим дея ҳалок бўлиб кетганида, у билган юртдан асар ҳам қолмаган эди. Қаранг, ичкарироқда яна юзлаб тошчалар ётибди…”

Ерда ётган ғуж-ғуж тошчалар ўша-ўша, сўнган юлдузларнинг қолдиқларига, совиб қолган темир парчаларига ўхшар эди.
Осмон хира тусда, дашт аро изғирин шабада эсарди. Нарироқда бир тўда кишилар тўпланиб еб-ичиб ўтиришарди. Сўйилган қўйларнинг терилари кўзга ташланарди. “Тиғ тегмаган қўй бўлиши керак”, дер эди биров дўриллоқ овозда.

Авом, авом! Йўқ, каромату мўъжизалар бу авомнинг инсофга келиши учун берилмагандир? Ўзига берилган мўъжизалардан ҳеч қачон қониқмайдиган, яна ва яна кўлини чўзиб бетиним ва бетиним сўрашни, тиланишни яхши кўрадиган авом зотан сув устида сузмоқда, бўладиган воқеа-ҳодисаларни олдиндан билмоқда, хасталиклардан даво топмоқда, кўр-кўрона тимирскиланиб ҳаёти дунёдан яшаб ўтмоқда! Наҳр олдида, соҳилда қайиқ тургач, сув узра пиёда юриб ўтишдан не наф? Сув узра пиёда кетаётган киши емиш ҳақида ўйлармиди? Йўқ, албатта. Юпқа парда устида яратганнинг исмини айтиб кетаётган одам қўрқув ва ҳайиқиш ичра қадам босиши ҳақиқатга яқинроқ. Чунки юриб бораётган ғоят инжа сатҳ остида тубсиз чуқурликлар борлигининг ваҳми ҳар доим шуурида ўргимчак каби ўрмалаб туради. “Сени сув устида тутиб турган зот дунё узра ҳам мана шундай тутиб турмоқдадир”, деган қаттиқ садони эшитаётган бўлиши ҳам мумкин. Бўладиган воқеаларни олдиндан билиш янада ҳалокатлироқ билим эканига шубҳа йўқ.

Ниҳоясиз шу йўлимда кетар эканман, сўқмоқда яна бир мискин учради. Ёнида ёш бир бола бор эди.
– Худо йўлига садақа қилинг, болам, – деди мискин, ёлвориб. – Бу бола етим, мен ишлаб пул тополмайман. Худо ҳаққи, очмиз, озгина садақа қилинг.

Сўровлари ижобат бўлмаганларнинг биттасими бу? Азизлар қабри тепасида бу бебахт ҳам хазина ёки бойлик сўраб анча ёлворгандир? Дахма ичидаги зотнинг қай изтироблар ичида эканидан бехабар, пул, тилла, омад сўрагандиру тилаклари ижобат бўлмагач, тирикчиликнинг осонроқ йўлига ўтиб олгандир?

Уни қаттиқ маломат қилиб ўтиб кетдим. Мискиннинг кўзлари ёшланганини, эзилиб тупроққа ўтириб қолганини, болакай эса бошини эгиб маъюсланганини ҳам кўрдим. “Ҳой инсон, ёнингдаги ёш болангдан уялмайсанми, қай юз билан уялмасдан садақа сўрайсан?”

– Дилимни вайрон қилманг, – деди мискин. – Ҳар Мусога бир Хизр деганларини эшитмаганмидингиз, болам?

Яна қараганимда мискин ҳам, бола ҳам йўқ эди. Балки ҳўв ортда қолиб кетган дахма сари кетишгандир?
Шамол улар турган жойдаги дарахтнинг қуриган баргини узиб олди. Бироқ оёқларим остига олиб келиб урмади, балки узоқ-узоқларга учириб кетди.

* * *

Ҳа, баъзи кишиларнинг ер юзида тентирай-тентирай, ғалати нарсаларни сўраб-тилаб юришининг ўзиёқ бу оломондан узоқ туриш кераклигини билдириб турар эди. Умрларининг бир неча ўн йилини сарфлаб муҳташам баланд иморатлар қуриб, ичида олма қурти каби еб-ичиб семириб кеган кишилар азизлар қошига айниқса кўп келмоқда эдилар. Уларнинг жуда-жуда бахтсиз эканликларини кўрмоқда эдим. Эй бадбахт, ўзинг тилаган ҳашамнинг ичидасан-ку, яна қандай саодатдан лоф уряпсан, дедим фароғат илинжида келган бойлик эгаларига.

Эсимга дарахт шохида кўрганим олма қурти келди. Унинг ҳикматини ҳам дарровгина англай қолдим. Емишнинг энг лаззатлиси олма қуртига берилган экан. Бироқ ҳаёти мобайнида қуртлик мақомидан чиқа олмаслиги унинг қисмати эди. Ёдимга яна бир азизнинг ҳикмати келди, қурт жондин кечиб ипак бўлди, ипак қуртича ҳимматинг йўқми, демоқда эди у.

Лекин, мақбарлар қошига келиб турли нарсаларни сўрайдиганларга Тангрим сўраганларини беришини ҳам тушундим. Зидди берилмаслигини ҳам билдим. Ман этилган лаззатлар билан фароғат ҳеч ҳачон қўшиб берилмаслиги олов билан сувнинг бирлашолмаслиги каби эди. Оломон эса бетиним оқиб келар, дахма пойида ясланар ва тинмай, тинмай ҳожат сўрар эди. Бировнинг хасмини севиб қолган ёш йигит, ўғирлик қилиб қўлга тушиб қолишидан хавфсираган ўғри, гуноҳлари ва хатолари боис вужудига касаллик илашган нафси тўймаслар, “Бер! Бер! Бер” дея азизларнинг маконлари томон қўлларини чўза-чўза, баҳайбат оқим бўлиб оқар, оқар, оқар эдилар.

* * *

Ниҳоят, сўнгги – еттинчи авлиё дахмаси қошида чуқур ўйга ботиб узоқ, жуда узоқ ўтирдим.
Дахманинг нуроний хизматчиси – кекса чол елкамдан туртиб, “Турақолинг, саҳар вақти кира бошлади” дегандагина ўзимга келдим.
– Болам, жуда узоқ ўтириб қолдингиз. Юрагингизда армонларингизу таассуфларингиз қанчалар кўп бўлса ҳам, Тангри сўраганингизни албатта беради, ноумид бўлманг, – деди у кулимсираб.

Эҳ отахон, сизга нима ҳам дея олардим? Тилакларим ижобат бўлмади, бирон ерда ўзим истаган нарсага эришолмадим. Ҳазрати Хизрни қай тарз топиш мумкинлигига ўзимнинг ақлим етмади. Яна ниманиям сўрай? Энг оддий бир тилагим – Каъбани кўриш эди, ҳеч йўқса шу тилагим амалга ошармикин?
Гапларимни эшитиб, чол қўлларини дуога очди.
– Келинг унда, ўғлим, биргалашиб дуо қилайлик. Шояд тилагингиз ижобат бўлса.

Унга қўшилиб мен ҳам худойимдан шу ерда ётган азиз кишининг ҳаққи ҳурмати, муқаддас Каъбани кўрсатишини ёлвориб сўрадим.

Шунда… мўъжиза рўй берди!
Кўз ўнгимда Каъба ери қалқиб кўринди!
Воажаб! У ерда ҳеч нима йўқ, бўм-бўш… Каъба вайрон бўлиб кетган эди!
Нега? Нега?

Қулоғимга оқсоқолнинг сўзлари кирди: “Азиз-авлиёлар сираям сиз ўйлагандек кароматлару мўъжизаларга кўмилиб ётган кишилар эмаслар. Уларнинг янада ҳайбатлироқ изтироблари, армонлари ва афсуслари бор. Лекин Тангримнинг буюклиги – сўраганга сўралганни албатта беришидадир!..”

Ўгирилиб қараганимда, ёнимда ҳеч ким йўқ эди.
Лекин, ҳозиргина у турган ердаги бир дона қувроқ ўт жонланиб, яшил тус олган, икки дона митти баргчасини ёзиб ҳам улгурган эди!

Ҳаяжон ичра дахмадан қандай чопиб чиққанимни эслолмайман. Атрофимга аланглаб анча югурдим. Минг афсуски, атроф бўм-бўш, ҳеч кимса кўринмас эди. Яйдоқ бир қоятош тубида тиз букдим. Булоқчадан милтираб зилол сув қайнаб чиқар эди. Барча узуқ-юлуқ сафарларимнинг мазмуни садаф маржонидай тизилди-да, ҳикмати ақлимда ёлқинлана бошлади. Худди дашт ёнгани каби, узрлариму баҳоналаримни ёндира-ёндира, ақлу шууримни эгаллай бошлади бу ёнғин.

Турай десам, ўрнимдан қалққани мажолим йўқ. Жуда узоқ вақт изтироб ичра қолганим сабабли атрофимда буталар чангал ҳосил қилиб ўсган, тўзон ва чанглар устимга қўниб, баҳор ёмғирларида лойга айланган, қуёш қаттиқ қиздирганида сополсимон қатлам ҳосил қилган ва аллақачон фикрловчи қоятошга айланиб бўлган эдим.

Бағримда ҳашаротлар чопиб юришар эди. Устимда нимадир қимирлаганини ҳам сездим, қарасам – бир қуш, бошимга уя қурибди.

Юлдузлар учган кечаларда, ой ва чақмоқлар остида, елкаларимни тилкалаб, ҳамма нарсани ювиб кетадиган ёмғирлару жалалар тагида қаққайиб турар эдим, холос.

Ажабланарли жойи шундаки, нарироқдаги оғочлар остида бир тўп киши, гужум шохларига ранг-баранг латталарни бойлаб, остида еб-ичиб ўтиришарди. Яна бир тўп оломон теграмда айлана бўлиб олган эди. Кимдир тутила-тутила, янглиш тарзда тиловат қила бошлади. Хасталар, мажруҳлар, иши юришмаганлар, фарзандсизлар оломони бу ерда ҳам айни эди.

Нарироқда бир-иккита бола қўлида тумор, айланиб юрарди. “Бу – ҳазрати Хизрга дуч келган зот. Ҳаёти дунёда ўқиб юрган дуоларидан сотиб олинг”, деб қичқирарди қора соқолли давангирдай бир йигит.

Гужум остида тиғ тегмаган қўйлар сўйилмоқда эди. Атрофимда гир айланиб ўтириб олган кишилар ҳар доимгидек, ҳожатларини сўраб ялиниб-ёлворардилар.

Мен нима бера оламан сизларга? Излай-излай, излаганини тополмаган бир бандаман-ку? Тирикликнинг, яшашнинг, ҳаёт ва мамотнинг сирларига бир марта бўлсин боқишни истаб, боқолмасдан қолиб кетганимни билсайдингиз! Неки билсам, неки қилсам, бари беҳуда бўлиб чиққанини ҳам билсайдингиз!

Шу маҳал бир чол пойимга келди. Ёнида ўн бир-ўн икки ёшлар чамаси болакай ҳам бор эди. Сўз қотай десам, тилим йўқ… ўсмир эса мусаффо кўзларини менга тикиб, жим турар эди.

– Мана, Ҳазрати Хизрга дуч келган яна бир киши, – деди чол, соқоли титраб, ўғлига. – Дахмасининг ич-ичидан ёғдуланаётганини кўряпсанми? Бу одам ҳаёти дунёнинг сирларига етаман деб кўп уринди. Сўра, ўғлим, сидқидилдан сўрасанг, зоти ҳурмати, Худо тилагингни ижобат қилса ажабмас.
– Ростданми? – деди болакай, кўзлари чақнаб. Кейин ёнимга келиб, қўлларини сиртимга қўйиб, ўз тилакларини айтиб пичирлай бошлади.
Қўзғалмоққа уриндиму қўзғала олмадим.

Юлдузлар менинг ҳам тепамда ғуж бўлиб олишган, баъзилари ёруғ из қолдириб пастга шўнғир, ерда эса кичкина, совуқ темир парчалари ётар эди.

– Бобо, қаранг! Унинг ёғдуси сўна бошлади, – деди болакай тўсатдан, ҳайратланиб.
– Тавба, – деди чол ҳам. – Ғалати хазинабон экан-ку?!

…Кейин хўрсиниб, боланинг қўлидан тутди:
– Юрақол, болам, бизнинг борар манзилимиз бу эмас, бошқага ўхшайди…

2012

ОҒРИҚ ТОҒИ

“…У тоғ тарафларга боришни анча йиллардан бери орзулаган бўлсам-да, шу маҳалгача сира насиб қилмаган эди. Қаерлардадир, жануби-шарқда эканини билардим. Табиийки, кўриниши, набототи ва унда ўсадиган дов-дарахт ҳақида сира тасаввурим йўқ, билганим – ўзимизнинг азалий виқор тўкиб турадиган Тиёншон, Чотқолу Олой, улардаги қадрдон тарғил-жигарранг қўнғир тошлару ўзимиз билган оддий ўт-ўланлар. Ўзимнинг тоғларим худойимнинг қудратидан дарак бериб юксалишган. Самарқандда Лангар тоғлари бор, Қаршида Сиём… Булар болалигимдан бери эшитиб-кўникиб келганим атамалар.

Лекин шу – О ғ р и қ т о ғ и, ўзи эмас, номи анчадан бери сира тинчлик бермай келарди. Нима учун айнан О ғ р и қ т о ғ и деб номланган экан деб ўйлар эдим.

Мана, саёҳат қилиб юрганим шу томонлардаги тоғларнинг номлари ҳам қизиқ экан. Масалан, Намруд тоғи бормиш. Бағрида биронта гиёҳ ўсмас, ҳар тарафи қуп-қуруқ қорамтир тошлар, харсанглар ва қоялармиш. Ёмғиру жалаларда селларга тўсиқ бўладиган ва қуёш қиздирганида чирсиллаб-чатнаб ёриладиган у тошлар аро ўт-ўлан ўсмаслиги ҳар ҳолда ёқимсиз манзара бўлса керак. Намруд – Мусо пайғамбар замонида яшаб ўтган шаккок ҳукмдор, тоғнинг унинг исми билан аталишию бағрида ҳеч нима унмаслигида балки бир ҳикмат бўлса керак деб хаёл қилдим.

Оғриқ тоғининг устида куйланган бир қўшиқ ҳам бор:

Оғриқ тоғин устинда
Урдилар мани…

Оғриқ тоғи бепоён, устма-уст қалашиб кетган қорамтир-қизғиш, тарам-тарам қоялардан бошланар экан. Арчалар ва сарвлар оз, тоғ этакларида шу атрофдаги қишлоқларнинг болакайлари қўй-сигирларини ўтлатиб юришибди. Нарида қирлар бошланибди, уларни шу ернинг кишилари бўзқир дейишар экан. Тандирларида ёпган нонлари ўзимизнинг нонларимизнинг худди ўзи, тандир тиккамасига эмас, ётқизиб қурилган, жуваю чекичлари ҳам худди ўзимизники.

Бир оз мулоҳаза қилиб кўргач, бу тоғ шууримга нималарнидир шивирлаб огоҳлантираётганини, нималарнидир уқтирмоқчи эканини сеза бошладим.
Эсимга водийга кетаверишда, Қамчиқ довонининг бошланишида ўсаётган ёш тоғ ҳам келди.
Довонга кўтарилишда, ўнг тарафда катта кўл ўртасидан ҳақиқатан ҳам каттагина қоя бўй чўзиб чиққан. Ҳар нарсанинг чақалоғи хуш ва азиз бўлгани каби, у ҳам кўзимга ёш ва саркаш бўлиб кўринади. Ҳар ўтганимда эътибор бериб қарайман. Баъзан уловни тўхтатиб, қайиқми бир нима топиб ўша қояга яқин боргим келади. Устида қушлар ин қурибди. Балки гиёҳлар ҳам ўсгандир? Ахир, шамол турли уруғларни ҳавода учириб ҳар тарафга ёяди-ку?
Хулласки, ҳар ўтганимда ўша ёш тоққа тикилиб-тикилиб қарайман. Кўл юзаси сокин-осойишта жимирлайди. Оч-яшил тўлқинлар майда кўпиклар ҳосил қилади, шабада уларни соҳил томон суради. Йўл ёқасида майда-чуйда болалар ўралашишади. Ёш тоғнинг қоялари ҳали оч-қизғимтир, тошлари унча қотмаган, кучу қудрат сезилмайди шаклу шамойилида. Ҳақиқатан ҳам устида бир-икки ўт ўсибди, ёмғирлар мавсуми тугагани учун сарғайиб ҳам улгурибди. Қуриган гуллари шабадада чайқалади. Уч-тўртта кўл қуши устида чағиллаб айланишади, тухум қўйиб бола очган бўлса эҳтимол. Чағалайлар агар хатар бўлмаса шундоққина тошлар устига ин қуриб, тухум қўйишади. Хатар бор-йўқлигини қайдан сезишганига ақл шошади…

Лекин, кўнглимда қувонч уйғотган у ёш тоғ ўз юртимда, бу ердан жуда узоқда. Мен эса ҳозир ўша, ўзим номига қизиққан О ғ р и қ т о ғ и н и н г қаршисидаман.
Илк қоялар тарафга шошилмай чиқиб борарканман, катта бир тош узра кимнингдир кафтининг изларини кўрдим. Из шу қадар аниқ эдики, кафт чизиқларигача кўриниб турар эди.
Ҳўв пастда сурувлар ёйилган, ўша ёқдан болаларнинг ингичка овозлари, қийқиришлари қулоққа чалинади, шабада сочларимни юлқилайди… лоп этиб хаёлимга болалик уйимнинг деворларидаги кафт излари – отамнинг қўлининг азиз излари келди!

Отам… Отам ҳам тоғдай келбатли бир киши эди-я!

Кичкина болакай бўлганим учун кўзимга бениҳоя улкан бўлиб кўринарди. Пастдан тепага бошимни буриб қараганларим, улкан, қудратли қўллари эсимда. Суянган тоғим деган бир гап бор-ку. Одам нега суянчиғим дейди? Табиийки, ҳориб-чарчаб мажоли қолмаганида ёки касалланганида суянади бирон нарсага. Тоғим дейишининг сабаби тоғнинг бениҳоя ҳайбатли ва мустаҳкам эканида.

Мен отамнинг келбатига ҳавасланиб термилар ва оёқларининг остида ўралашиб юрар, у улкан, қудратли қўллардан таралаётган қуч ва қувват гоҳо чўчитар ҳам эди.

Оғриқ тоғининг тиканлари оёғимга кирди. Бир ерда тошга қоқиниб йиқилдим, болдирим қаттиқ оғриди, қарасам, сал ўтмай қизариб, шишиб чиқибди.
Хиёл нарида, жарлик лабида қанақадир ёлғиз бута ўсган экан. Жар томонга қараб эгилиб қолибди. Қип-қизил илдизлари тошлар орасидан кўриниб турибди. Шохлари носранг, барглари кулранг-оқимтир, қаттиқ, кичкина тиканчалари ҳам бор. Яқинроқ бориб қарадим, жийдами? Ия, жийда экан-ку?
Лоп этиб эсимга аммам келди. Барваста гавдали, шаддодгина у хотиндан ҳам жийда иси келмасмиди?

Қандай аёл эди-я! Кулганида кулгиси анча жойгача янграб кетарди, меҳри оташ, кўзлари кулиб-кулиб турарди. Уруш вақтида қишлоқда эркак қолмаганида, уни қирқдан ошган, учта боласи бор бир кишига никоҳлаб беришган, яна еттита бола кўрган эди. Жуда қийин ва заҳматли бир умрни бошидан кечирди. Мен талабалигимда касал ётганлари эсимда. Бир куни оламдан ўтганини айтди отам. Тоғ келбатли отам ўшанда букчайиб қолгандай эди. Ахир, биттаю битта опаси-ку?! Опа қанақа бўлишини билмайман, ўзимнинг опам ҳам, акам ҳам йўқ, бу дунёда гўё ҳеч кимим йўқ, ёлғиздайман. Лекин, отамни уришганлари эсимда. Кап-катта отам бўйнини букиб унга қулоқ солар, сира эътироз билдирмас эди. Мана, энди опасиз қолди. Қани у? Қани кулишлари, қошларини чимириб-чимириб койишлари қани?

Оғриқ тоғининг шамоли жуда узоқларда қолган бир қўшиқни олиб келиб қулоғимга урарди:

Оғриқ тоғин устинда
Урдилар мани…

Ҳаётимда ғусса-қайғуни ёқтиравермайман. Лекин бу ғалати, ёруғ ғусса эди, юрагимга малҳам берар, юпатар, аллаларди. Қалбимнинг ўзгараётганини, яхшиликка ва меҳрга тўлиб бораётганини ҳис қила-қила одимлар эдим.
Салдан кейин шарқираб оқаётган бир жилға кўринди. Ичидаги ва теграсидаги қора қизғиш жигарранг, оқ ва тарғил тошчаларни бир-бирига уриб, шарқираб оқар эди.
Тиниқ сувидан ичгим келди, кафтимга олдиму ича олмадим, жудаям муздай экан. Юксак чўққилардаги қору музларнинг эришидан ҳосил бўлганмикин, деб ўйладим.
Оғриқ тоғи баланд, пурвиқор, чўққилари кўп, қаршимда нафасимни тўсиб-ҳайиқтириб, жим турибди.

Метин қояларининг қиёфаси ҳам ҳар хил. Палахса-палахса бўлиб юксалганлари ҳам бор. Баъзилари қаттиқ, яхлит тошқоя. Яна баъзилари қуюлиб қотган каби кўринади. Ранглари ҳам турлича. Палахса қояларнинг уваланган жойларида майда чечаклар ўсган, тошқоялар ва қуйма қоялар қошида ҳеч нима бўй чўзмабди. Ораларида, тошларнинг уваланишидан ҳосил бўлган қўнғир тупроқ устида арчалар қад ростлабди. Ўтлар чунон гуркираб ўсибдики, ақл шошади.
Илк тизма учига чиқиб бориб, қаторлашиб турган ёш қояларни кўрганимда эса, кўзимдан ёш тирқираб кетди.

Ёш теваракни ҳалқалантириб-бузиб кўрсатди.
Воҳ, ахир, бир-биримизнинг қўлларимиздан ушлаб шамолдай елар, ўйинга тўймас эдик-ку? Тутқаторлар остидаги улкан сояларда бекинмачоқ ўйнамасмидик? Бепоён наъматакзорлар аро яшириниб олганимизда бизларни ҳеч ким тополмасди, фақат бир-биримизнигина топар… умрнинг улкан соялари аро аллақачон бир-биримизни топган ва қўл ушлашиб, ўсмирона мағрурлик ила келажак сари йўлга ҳам чиққан эдик!

Ёдимга дўстларимнинг бугунги қиёфаси келди. Баъзилари ҳозир сафимизда йўқ, борлари ҳам мана шу тоғ каби юксалган, бағирлари, юзлари шу тоғ каби тилиниб, ажин тушган, ҳаётимнинг тилинган, кексайган, виқорли тоғлари каби, дунёнинг мувозанатини жим ва сассиз сақлаб туришгандай…
Ҳайҳот, бу тоғ билан менинг яқинларим ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Ёш қояларнинг ранги оч, тошчалари майда, бағрида ўсган ўт-ўлан сийрак эди. Улар узра ҳам қушлар ин қурибди. Тавба, баъзиларининг бағри палахса, баъзиси тарам-тарам. Тегра сокин-осойишта. Ҳа, қоялар сўзламайдилар. Сўзласалар ҳам биз эшита олмаймиз. Лекин тилга кирсалар, ҳозирнинг ўзида у оғриққа чидолмаслигим аниқ. Ахир, сўзламоқдалар-ку? Юрагимнинг ичида пайдо бўлаётган ҳислар шу қояларнинг хитоблари туфайли эмасми?

Яна бир жойда ғуж қояларни ҳам кўрдим. Олтита ёки еттита қоя тоғ бағридан ажралиб чиқиб, ўзаро ғуж бўлиб олишибди. Улар ҳам метин-мустаҳкам, аммо устлари тилиниб-тилиниб кетган, баъзи ерлари чатнаган.
Шабада қулоққа нималарнидир олиб келиб урарди.

Шунда бу тоғни нима учун Оғриқ тоғи деб аталишини тушундим! Ахир, менинг ҳам болаларим улғайиб, қувватга тўлиб келмоқдалар-ку? Ҳар ҳолда, кўзларига тоғдай келбатли, пурвиқор, чўнг ва азим бўлиб кўринсам эҳтимол. Ичимда не оғриқларим борлигидан хабарлари йўқ, албатта. Исташганида ҳам айтармидим уларга? Лекин, менинг қояларим ҳам яшинларда тилинган, жазирамаларда ёрилиб-ёрилиб кетган, жала ва шамолларда чатнаган. Менинг чўққиларим ҳам уваланиб-уваланиб тўкилмоқдалар.

Баъзи қояларга кимдир ўз исмини ўйиб ёзибди. Бу орада жуда эски битикларни ҳам кўрдим, вақт ўтиши билан у битиклар хиралашиб, тушунарсиз ҳолга келибди. Қачонлардир кимлардир менинг ҳам бағримга ўз исмларини тиғ билан ўйиб-ўйиб ёзган, у исмлар вақт ўтиши билан хиралашиб кетган бўлса-да, ҳануз бор. Яна, бир маҳаллар… қайлардадир, жуда олисларда… кўзлари кулиб-кулиб турадиган қийиқ кўзли бир қиз бўларди, у ҳам ўз исмини бағримга айнан шундай, аммо хино суви билан ёзган эди. Тавба, ранги сира ўчмас экан! Зотан, хинонинг эмас, хино гулининг суви билан ёзилмаганмиди? Ажаб, бу орадан хино гулининг ҳам ислари келаётирми?

Хино гули шокила-шокила, қўбизли бўлади. Бармоғингизни тегизсангиз, ширр этиб ҳимоя пўстлоғи очилади-да, уруғларини теваракка сочиб юборади. Шунда ўткир иси анқиб кетади.

Дарҳақиқат, сал нарида қаторлашиб, бетартиб ўсиб ётган хино гулларини ҳам кўрдим. Бир ерда бунчалар ғуж бўлиб ўсганининг сабаби уруғларини шу атрофига сочганида бўлса керак деб ўйладим.

Энди тамомила ўз ҳаётимнинг армонларига ва хотираларига ғарқ бўла-бўла одимлар ва табиийки, Оғриқ тоғининг аввалги маънолари йўқолиб кетган эди.

Яқинларим, қавму қариндошларим, дўстларим, биродарларимнинг ёди юксалар эди бу нотаниш тоғ бағрида. Барининг чеҳраси майин, барининг ёди ёғдули, менга мулойим қараб туришгандай ва мен ҳам улар сари қадам ташлаб борарканман, мана шу Оғриқ тоғининг энг устига чиққанимда, улкан бир маънидан хабар топадигандек, шунча йиллар бўйним букик, заҳматлар ва меҳнатлар аро ўтган умримга мазмун кирадигандек… ҳаётларини мен каби яшаб ўтган қавмдошларим сари етаклаётган шу ҳислар кўзларимдан тирқиратиб ёш чиқарар ва у ёшлар теваракни кўзимга ҳануз бузиб, ҳалқалантириб кўрсатар эди.

Лекин, чарчадим-ку? Энг баланд чўққига чиққани мадорим йўқ. У ернинг шамоли анчайин кучли, ғувиллаб эсишларини ҳозир, шу ердан ҳам эшитиб тургандайман. У ернинг изғиринигаю совуғига бардошим етмаслигини ҳозирдан сезаётирман.

Энг тепа чўққиларда – изғирин шамоллар, қалин ва топ-тоза оппоқ қорлар, абадий кўк музликлар маконида… ёлғиз ўзим, нима ҳам қилардим?

“Яқинларингни сев ва қадрига ет! – дея ҳайқирар эди Оғриқ тоғининг шамоли энди, бошим узра ҳайбат солиб эсаркан. – Ҳатто энг улкан тоғлар ҳам уваланишга ва чўкишга маҳкум эканини, энг баланд чўққилар тўзонга айланиб ер узра сочилиб кетишини ва устида ўт-ўлан ўсиб, гул-чечак ёзишини зинҳор ёдингдан чиқарма!”

Сийрак туман аро элас-элас кўзга ташланаётган водийлар, ўтлоқлар, қишлоқлар кўзимга ҳозир, мана шу ерда жуда-жуда истаётганим инсоний меҳрнинг, инсоний тафтнинг узоқларда қолиб кетган тимсолидай бўлиб кўринар ва пастга қараб ошиғич чопгим, бу ғалати тоғ чўққисини тезроқ тарк этгим, ҳориб-чарчаб бўлса-да, бир амаллаб ота уйимга қайтгим ва яқинларимнинг дийдорига жуда-жуда тўйгим келар эди…”

* * *

Ниҳоят, Ота ҳориб-чарчаб сафардан қайтганида, ҳаммани меҳр билан бағрига босишини, кўзлари ёшланганини кўриб, болалари ўзларича кулиб қўйишди: одамнинг ёши ўтгач, кўнгли мана шунақа юмшаб қолар экан-да? Қаранглар отамизни, яқиндагина дунёни энлаб турган бир тоғдай эмасмиди? Ҳозир анчайин чўкиб қолгандай, ҳаммага жавдираб қараётгандай. Тавба, шиддати, қудрати қани?

Қизлари эса бағримга мусичадай кириб, бироз кўзёши ҳам қилиб олишди.

Ҳамма бир-бири билан саломлашиб, ниҳоят, дастурхонга ўтиришганида, катта ўғил кулимсираб, дўриллаган овозда сўради:
– Хўш, ота, қаерларни кездингиз? Бир тоғ ҳақида ҳам гапирган эдингиз, қанақа экан у тоғ?
Ота ўғлига қаради, шунда Оғриқ тоғида кўрган манзаралари хаёлидан бир қалқиб ўтди. Айтсаммикин деб ўйлади… Йўқ, вақти-соати етганида ўзи билиб олар деди-да, мулойим оҳангда жавоб қилди:

– Айтишга арзирли ҳеч нарсаси йўқ. Оддийгина бир тоғ экан, болам…

2012

08

Isajon SULTON
IKKI HIKOYA
045

1967 yili tug’ilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. “Munojot”, “Oydinbuloq” kabi hikoya va qissalar to’plami, “Boqiy darbadar”, “Ozod” romanlari muallifi. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi.

045

XAZINABON YOXUD HAZRATI XIZR IZIDAN

Qurg‘oq dasht shamoli paydar-pay esar, har yer-har yerda o‘sgan daraxtlarning qurigan yaproqlarini band-bandidan uzib uchirar va oyog‘im ostiga to‘zon qilib urar edi.
Dashtning sariq o‘tlari chuchmal is taratardi. Havo issiq bo‘lsa-da, uzoq-uzoqlarda nima uchundir siyrak tumanga o‘ralib olgan ko‘kimtir tog‘lar ko‘zga tashlanadi. Balki masofa juda uzoq bo‘lgani uchun shunaqa ko‘rinayotgandir? Tog‘lar yonbag‘rida to‘p-to‘p yashil qishloqlar bor, Arslonbob tog‘lari, Arslon ota daxmasi o‘sha yoqlarda.
U tog‘ oralarida bo‘ri, tulki va hatto ayiq ham yashaydi, deyishadi. Tiyonshonga qaraganda ancha kichkina, ko‘kimtir-qoramtir qoyalarini yilning deyarli har faslida mana shunday siyrak tuman o‘rab turadi. Qoyatoshlarning yonbag‘irlari deyarli yaydoq, mayda-chuyda tog‘ butalariniyu pistalarni aytmasa, archayu sarvlar oz. Bilmadim, lekin yurtimning ayrim kishilari bo‘riyu ayiqni ulov qilib minib yurishgan. Ba’zilari hatto arslonlarni o‘zlariga bo‘ysundirganlar. Arslon ota ham o‘shalardan biri bo‘lishi mumkin.
Yurtim uzra azizu avliyolarning daxmalari sochilib ketgan. Xalq bu zotlarga, ko‘rsatgan mo‘‘jizalari Tangriga yaqinliklari bois deb qattiq e’tiqod qo‘ygan. Biri, uni ziyorat qilish uchun yo‘lga chiqqan kishining qayda ekanini aniq sezib turgan. Boshqasi suv uzra va hatto havoda qadam tashlab yura olgan. Yana biri bomdod namozini Buxoroda, peshinni Tabrizda va shomni Ka’bada o‘qigan. Boshqasini esa bir vaqtning o‘zida turli yerlarda ko‘rishgan. Hayotda ekanliklarida avliyo maqomini olganlar, hayotdan o‘tganlaridan keyin esa azizlikning timsoliga aylanib ketganlar.
Ha, ular haqiqatan ham ulug‘ aziz-avliyolardir. Umri mobaynida nafsining va dunyoning jilvai nozlanishlariga sira havaslanmagan, dillaridagi g‘oyat kuchli imon sabab barchaning e’zoziga sazovor bo‘lgan zotlardir. Bir necha yillar avval Buxoroga borganimda eshitganim rivoyat yodimga tushadi. O‘sha yerning xizmatchisining aytishicha, bu muborak zot qoshiga hazrati Xizr suhbatga kelib turar emish. Tabiiyki, ulkan yashil yopinchiqli daxma tubida nimalar bo‘layotganini tasavvur qilish qiyin, biroq, azizlikning sirlarini anglab yetishga urinayotgan bir odam daxmaga tushunmovchilik ila boqar ekan, ayni damda ikki avliyoning ruhi bemalol suhbat qurayotgan bo‘lishi ham mumkin-ku?
Azizlar va avliyolar ochiq-yaqqol muborak kishilardirlar. Ularning azizlik maqomiga kelishlarining siri nimada? Albatta, u sirni bilganim bilan o‘sha maqomga ko‘tarila olishim uchun bilimim va qat’iyatim yetmasligini sezib turibman. Shu boisdan yuragimda g‘alati bir armon bo‘y cho‘zadi, taassuf bilan hoyu havas ichra o‘tkazgan umrim esimga keladi… balki men ham Xizri Ilyosni uchratarmikinman, deb ilinjlanaman.
Ha, men hazrati Xizrni izlamoqdaman.
Avliyolarga berilgan karomatlarga erisha olmagan, ammo yana bir ulug‘ avliyoga – Hazrati Xizrga duch kelgan kishilar haqida ham juda ko‘p rivoyatlar bor. Odamlar asrlar bo‘yi e’zozlaydigan, Tangri taoloning va farishtalarining e’zoziga ham sazovor bo‘lish uchun umrini sarf qilgan, dashtu sahro kezgan va u yuksak darajaga erishish uchun lozim bo‘lgan hamma shartlarni ado etsa-da, valilik maqomiga nima sababdandir yetisha olmagan zotlarning ba’zilariga u ro‘para kelgan. Azizlar – ana o‘shalardir. Ularning kщpining ismlari ham ayon emas. Avliyolarning darajalari mendan juda yuksakda ekanini qalbim sezadi. Biron nuqsoni bo‘lmagan, yulduzday nur sochib turgan avliyolardan ko‘ra, mashaqqatli bilim yo‘llaridan tafakkur cho‘qqilari sari intilgan va Hazrati Xizrning inoyati bois maqsadiga erishgan azizlarning yo‘li menga osonroqday tuyuladi…
Ha, avliyolarning daxmalari tomon olomon daryoday oqadi. Ularning maqbaralari baland, har tomondan ko‘rinib turadigan qilib qurilgan. Hazrati Xizrni uchratgan azizlarning daxmalari uzra esa ko‘pincha bir dona tug‘, bir tup gujum yoki qoyatoshdan uzilib tushgan katta xarsangtosh bo‘ladi. Goho hech narsa bo‘lmaydi, ismsiz, belgisiz oddiy bir maqbar. Lekin, qachonlardir ba’zilari o‘zlaridan iliq, mayin yog‘du taratgani haqida rivoyatlar bor. Chunki, u muborak zot otining tuyog‘i tekkan qaqroq yer ham birdaniga jonlanib, gulu chechak yozib yuborgan deydilar. Ba’zilarining toshiga turli yozuvlar o‘yib bitilgan bo‘ladi, ba’zilarining ustida esa hech qanday yozuv yo‘q, kimligi ham noma’lum.
* * *
Yoz quyoshi tevarakni birday qizdiradi. Qop-qora uzumlarni oqish chang qoplagan. Sarg‘imtir pastak uylar ustida dashtning issiq havosi jimirlaydi. Kishilar ekinzorlarida, uylarida turli-tuman yumushlar bilan ovora. Yoyilib oqayotgan ingichka toshloq soy bo‘yida o‘ynayotgan mayda-chuyda bolalar menga qiziqsinib qarashadi. Xotin-xalajning yuzlari ochiq, shaddod, ular ham yumush bilan band.
Dashtning o‘ynoqi shabadasi o‘t-o‘lanning qurigan barglarni uchirib, oyoqlarim ostiga olib kelib uradi.
O‘tib borarkanman, yo‘l yoqasidagi daraxtdan to‘p etib bir dona meva uzilib yerga tushdi. Qo‘limga olib, aylantirib qaradim. Kichkinagina, taram-taram xiyol qizg‘ish yo‘lli sarg‘ish olma ekan. Bandiga yaqin joyidan birov teshikcha ochibdi. Saldan keyin teshikchadan boshchasi qizg‘ish meva qurti bezovtalanib mo‘raladi. Olmani o‘tlar orasiga uloqtirib, yo‘limda davom etdim.
…Mana, Hazrati Ilon ota daxmasidaman. Bu kishining qoshiga ham Xizri Ilyos kelgan deydilar. Ortidan ilonlar ergashib yurishgan, amriga so‘zsiz bo‘ysunishgan. Hatto bahaybat bittasi oromini qo‘riqlab yotganmish. Olomon daryoday oqib kelar edi. Ular qatoriga men ham qo‘shildim. Kenggina, lekin shifti juda past dahlizga kirdik. Eshigi ham past edi, kirayotgan odam istasa-istamasa ta’zim qilib kirsin deb shunday qurilgan deb tushuntirdi xizmatchi. Poyafzallarimizni yechib, chordona qurib kutib o‘tirdik. Ichkaridan tilovat ovozlari eshitilardi. Xotin-xalaj, yoshu qari ko‘zida yoshi bilan qaytib chiqmoqda edilar. Izdihom orasida ko‘rlar, karlar, kasallar ko‘p edi. Bir kishi o‘zi yurolmas ekan, aravachada olib kelishibdi. Juft-juft bo‘lib befarzandlar ham o‘tirar edilar. Xizmatida yoki tijoratida ishi yurishmaganlar ham ora-sira ko‘zga tashlanar, bundaylar yurish-turishidan va o‘zini tutishidan ajralib turar, lekin oz sanoqli bo‘lib, kelguvchilarning aksariyati oddiy avom edi.
Kiraverishdagi tosh lavhga esa kufiy yozuvda bir bayt ham bitib qo‘yilibdi:
Kimki bir ko‘ngli buzuqning xotirin shod aylagay,
Oncha borkim, Ka’ba vayron bo‘lsa obod aylagay…[1]
Ustiga tovlanuvchan yashil mato yopilgan uzun qabr atrofiga aylana to‘shaklar solinibdi. Xazina egasining hurmati bois shunday uzun daxma qurilgan bo‘lsa kerak. Daxma xizmatchisi – nuroniy bir otaxon shikasta ohangda tilovat boshladi. Tilovat so‘zlariga e’tibor berdim: oyat Tangri rizosi haqida bo‘lib, «Ey xotirjam-sokin jon, sen rozi bo‘lgan va rozi bo‘lingan holda Parvardigoringga qayt! Bas, solih bandalarim qatoriga va Mening jannatimga kir!» deyilmoqda edi. Tilovat tugagach, kishilar qo‘llarini daxmaga qo‘yishdi. Har kim o‘zining bir istagini, bir orzusini pichirlab ayta boshladi. Shuncha yuz ifodalari o‘xshash bo‘lib qolganiga e’tibor berdim – hammasining ko‘zida ajib ilinj va yolvorish boriydi. Ammo ba’zilar shu yerda ham olazarak bo‘lib o‘tirar, bular – hojattalablarning yonida kelgan hamrohlari edilar.
Ajab, bu makonga yetti yuz yildan buyon olomon mana shunday oqib keladi. Har kuni son-sanoqsiz kishilar shu kishining sha’niga duo qilib, xayr tilamoqdalar. Men ham ular qatori duo qildim, savobini Ilon otaga bag‘ishlab, o‘rnimdan turdim. Kishilar avliyoning haqqi-hurmati bois orqamachasiga yurib bormoqda, eshikka yetganlaridagina yuz o‘girmoqda edilar. G‘alati, boshqa qonuniyatlar bor edi bu yerda. Ipak qurti kapalakka aylanib, pillani teshib chiqib uchib ketdi, kishilar bo‘m-bo‘sh pilla ustida yig‘lab o‘tiribdilar, degan edi shunday ulug‘ kishilardan biri. Lekin xizmatchining aytishicha, avliyoning ruhi tirik vaaynan shu yerda emish. Aql shoshmasdan iloj qancha? U qonuniyatlar yozilmagan, aytilmagan, biroq, kelganlarning bari o‘z-o‘zidan amal qilmoqda edilar.
* * *
Tashqariga chiqqanimda tush mahali edi.
– Mana bu tumorni oling, Ilon ota har doim o‘qib yurgan duolar yozilgan, – deb, yana menga tumor sotishga urinib ko‘rdi shu yerda aylanib yurgan yigitchalardan biri.
Ichkariga kirib chiqqunimcha tashqarida odam yana ko‘payibdi. Mahobatli, hashamdor arobalarda ba’zi boyonlar oila a’zolari bilan kelgan ekan. Orqaroqda ipak matolarga o‘rangan xotin-xalaj, oldinda gerdayibroq qadam tashlayotgan boyning kibrlanishlarini ko‘rdim.
Chiqishda, chinor ostida bir miskin kishi o‘tirgan ekan. Oldida suvqovoqdan yasalgan ko‘zasi, bir parcha latta ustida jiyda danaklaridan terilgan tasbehi. Sadaqa so‘rovchilardan bo‘lsa kerak. Qizig‘i shundaki, sonsiz-sanoqsiz kishilar mana shunday daxmalarga kelib, dunyoviy hojatlarini so‘rab yalinib-yolvorsalar, daxmalar atrofidagi miskinlar o‘sha hojattalablardan sadaqa so‘rab o‘tirishadi. Ajabo, nega aziz-avliyolardan so‘rashmas ekan, deb hayron bo‘laman.
– Xudo yo‘liga sadaqa qiling, bolam, – dedi miskin, ming‘irlab. – Bolam och, o‘zim zaifman. Bir burda non uchun sadaqa qiling.
* * *
Keyingi manzilimga yetib kelganimda, manzaralar farqli edi. Sababi cho‘l va dashtlarning bepoyonligida bo‘lsa kerak. Qarovsiz og‘ochlar yakkam-dukkam o‘sibdi. Hammasining barglarini oqish to‘zon qoplagan. Daraxtlarga ola-bula lattalar boylab tashlangan, ostida eski tangalar bor. Sadaqa so‘rovchilar nima uchundir u tangalarga tegishmaydi, qo‘rqishadi. Mantiqsizlikdan aqlim shoshadi.
Bu yerda ham shabada qurigan barglarni ohista uchirib o‘ynar va kishilarning oyoqlariga olib kelib urar edi.
Maqbar atrofida o‘sha-o‘sha quroq olomon… Kichkina, ensiz barglari suvsizlikdan quriy boshlagan uch-to‘rtta daraxt ostida kishilar to‘p-to‘p bo‘lib o‘tirishar, befarzandlar farzand, omadsizlar omad, baxtsizlar baxt, kasallar shifo tilab avliyo maqbarasi yonida to‘plangan, bular ham o‘zlari bilan olib kelgan narsalarini yeb-ichib o‘tirishardi. Gujum ostidagi kishilardan biri menga naqshli arabiy yozuvlarni sotishga urinib ko‘rdi, arabcha bilmasligim uni qaytarolmadi, shu tumorlarni sotib olsam mo‘‘jizalar ro‘y berishini, balo-qazolardan saqlashini aytib iddao qildi.
– Otani yetti kun tavof qilish kerak, – dedi u. – Bu kishilar yetti kundan beri shu yerda. Shundagina uning ruhi qo‘llab-quvvatlaydi.
Nariroqda uning xotini, onasi va ikki-uchta qizalog‘i ham ko‘zga tashlanar edi.
– Kechasi osmonga qarasangiz, uchar yulduzlarning rosa ko‘pligini ko‘rasiz, – dedi tavofga kelganlardan biri. – Ular avliyo g‘ori ustida goho g‘uj bo‘lib olishadi, goho esa betinim yerga yog‘ilishadi…
Avliyo mozori qoshida yetti kun o‘tirdim. Bu dahma ham g‘oyat uzun, kattakon tug‘ qadab qo‘yilgan edi. Sababini so‘raganimda, Tangri taolo mo‘‘tabar ko‘rgani bois qabrini kengaytirgan, deb javob qildi daxmaning keksa xizmatchisi. Avliyoning g‘origa kirish menga nasib qilmadi, kirganimda ham bor-yo‘g‘i bir yerto‘lagagina kirgan bo‘lardim, haqiqiy bilim g‘ori menga nasib etmasligini avvaldanoq bilardim.
Keyin yana yo‘limda davom etdim. Avvalboshda taqir yerda o‘sgan mayda-chuyda butalar ham tugagach, silliq, mayda, o‘ziga suv yuqtirmaydigan g‘alati qumlar boshlandi. Har qancha suv ham bu yerda singib ketaveradi. Olis-olislarda tog‘lar ko‘zga tashlanadi, u – Tangritog‘ bo‘lsa kerak, lekin sarobmi yoki rostmi, bilish qiyin. Yerdan qaqqayib chiqib turgan toshlarning xarobalari aro kezarkanman, atrofida sayyohlar sanqib yurgan, noma’lum yozuvlar bitilgan toshlarni ham ko‘rdim, ularni siypalaganimda bir nimalarni his qildim ham.
Ha, olam uzra sochilib ketgan aziz kishilarning sanog‘ini Xudodan o‘zga hech kim bilolmaydi. Ularning qaysi biri avliyolikning qay maqomiga erishgani ham qorong‘u. Biroq ilmu fan g‘oyat taraqqiy etgan shu kunda kishilarning bu yerlarga daryoday oqib kelishlari ham g‘alat. Dunyo xazinalarining eshiklari tobora keng ochilgan, istagan narsangga erisha oladigan davr bo‘lsa, fazo kemalari o‘zga sayyoralarga parvoz qilishga chog‘lanayotgan, elektron ko‘zlar yerdan yuzlab yorug‘lik yili olisdagi yulduzlar bag‘rida ro‘y berayotgan hodisalardan tortib eng mayda zarralargacha ko‘rib tadqiq qilayotgan, shisha idishlarda odam a’zolarini o‘stirish tajriba qilinayotgan bir mahalda kishilarning mana shunday maqbaralar poyida nimalarnidir istab-yolvorishlari yanada g‘alat edi.
Avliyolar tungi osmonida yulduzlar uchgan makonlarda asrlar bo‘yi jim turadilar. Bu bepoyon cho‘llar o‘z bag‘rida yana qancha sirlarni yashirgan ekan? Ba’zi kishilar tunda ham ularning huzuriga keladilar. Qurbonliklar so‘yishadi, duolar qilishadi, haftalab-oylab ketmay o‘tirishadi. Hayotlarida nimadir o‘zgarishidan umidlanishadi. Bu yerda ham tunda yulduzlar g‘uj-g‘uj bo‘lib maqbarlar tepasida to‘planar, goho bir nechasi yorug‘ iz qoldirib pastga sho‘ng‘ir edi. Tevarakni uzoq kezdim. Bir joyda oyog‘im ostida yotgan bir bo‘lak qoramtir narsani topdim. Qo‘limga olsam, kichkina, sovuq temir parchasi ekan. “Yerga qarab uchib, keyin so‘ngan o‘sha yulduzlardan birining parchasimikin?” deb o‘yladim.
* * *
Mana, kimligi noma’lum bir zotning oldidaman. U baland, ulkan, metin bir qoya ostida. Yonidan iliq suvli kichkina buloq qaynab chiqqan, turli dardlarga shifo. Qoya bag‘riga yozuvlar o‘yib yozilgan, ularni hali hech kim o‘qiy olgan emas. Qachonlardir yer yuzida yashab o‘tib ketgan kishilar tosh bag‘riga turli shakllarni o‘yib yozishgan. Buloq tubida eski tangalar xira yiltiraydi.
– Bu qoyatosh bir mahallar o‘zidan yog‘du taratib turgan, oradan asrlar o‘tgach, nima sababdandir yog‘dusi so‘nib qolgan, – dedi shu yerdagi kishilardan biri.
Tosh poyiga cho‘k tushdim. Qanaqadir begona bir o‘t bor ekan, barglari kambar, uchli va kalta, qator tizilgan bargchalari shabadada shirillagan ovoz chiqara boshladi.
Bir dona qurigan yaprog‘i uchib, oyog‘im ostiga kelib urildi.
Xayolimga avval eshitganim bir rivoyat keldi. Inson bolalari almisoqda shahodat kalimasini aytganlarida bir farishta guvoh bo‘lgan ekan, keyin esa u nur taratuvchi toshga aylanibdi. Ka’badagi xajarul asvad, ya’ni qora tosh aslida o‘sha farishtadir, deydilar. Xajarul-asvad hozir nur taratmay qo‘ygan, lekin sonsiz-sanoqsiz kishilar uni tavof qiladilar. Men ham, agar Xazrati Xizrni topa olsam, Tangrimga shukronalar ayta-ayta, safarimni Ka’bada yakunlashni, xajarul-asvadni ko‘zimga surishni niyat qilganman.
Qiziq, ketay desam, ketolmayman. Qolay desam, haqirligimdan, istaklarimga erisholmasligimdan, umrimning behudaga ketishidan hayiqaman.
Goh-goh toshga yaqin borib quloq solaman. Qarshimdagi zot jim. Tun salqinida sovigan tosh yozuvlari orasiga bitta hasharot tushib qolibdi, yozuv chuqur bo‘lgani sababli chiqib ketolmay o‘rmalab aylanmoqda.
Bu yozuvlarning ma’nosi nima?
O‘rxun bitiklaridan xabarim bor. Oltoy yozuvlariningu jangu jadallardan hikoya qiluvchi boshqa bitiklarning ma’nolarini ham bilaman.
Osmonda esa tinmay yulduzlar g‘uj-g‘uj bo‘lib to‘planishadi, gohida ba’zilari yog‘duli iz qoldirib pastga – yer yuziga sho‘ng‘ishadi.
Bu yerda ham quroq-quroq ziyoratchilar to‘p-to‘p bo‘lib o‘tirishibdi. Ularning istaklarini taxmin qilsa bo‘ladi, yana o‘sha ahvol: befarzandlar farzand, omadsizlar omad, kambag‘allar boylik, kasallar sog‘lik ilinjida turli tomonlardan surgalib yetib kelishgan. Hammaning niyati tilak va so‘rash edi.
Betinim, betinim so‘rar edilar!
Hayfim keldi. Mo‘‘jiza egalarining huzuriga bo‘lmag‘ur tilaklar bilan ham kelinadimi axir? Dilimda bir huzun bino bo‘ldi. Shunda dasht yeli yana jonlandi-da, qadimiy bir qo‘shiq sasini olib kelib qulog‘imga urdi, so‘zlarini uncha anglamasam-da, ma’nosini yaxshi tushundim.
Do‘ndim shoxdan qo‘pgan quruq yaproqqa,
Sahar yeli, to‘zg‘it meni, ur meni.
Ko‘tar to‘zonimni bundan uzoqqa
Yorning yalang oyog‘iga ur meni…

Turli-turli kishilar: yoshu qari, sarvqadu qaddi egik, sog‘lomu xastalar kezar edi bunda. Ularning dillarining suvratlariga razm solishning iloji bormikin? Ko‘pchiligining qalblarida g‘alati yolg‘izlik hukm surayotgan bo‘lsa ne ajab? Aslida olomon ichida kezib, kulib-iztirob cheksalar-da, o‘z nafsu istaklari jarliklarining zulmatlarida sanqib yurgan bo‘lsalar-chi? Axir, hammasi benihoya ko‘p narsalarni so‘rab, betinim tavallo qilmoqdalar-ku? Orzular ham dil osmonida tunda men ko‘rgan yulduzlar kabi ucharmikin? Tilaklariga yetolmaganlarning qalblari boya yerda yotgan o‘sha temir parchasi kabi parchalarga to‘lib ketgan bo‘lsa-chi? Orzular yulduz kabi uchishi va ushalmagach, yerga tushib, so‘ngan yulduz parchalariga aylanib ketishi ham mumkinmi?
Bir qari cholni ko‘rdim, umri tugashiga bir yoki ikki kungina qolgan bu bebaxt vujudiga yopishgan va hozir azob berayotgan kasallikdan qutqarishini so‘rab iltijo qilmoqda edi.
Tujjorlarni ham ko‘rdim, molu dunyosi behisobligi yiltillab yog‘ bosib ketgan ko‘zlaridan bilinib turgan bu kishilar u mollarga yana qo‘shishini so‘rab tavallo qilar edilar. Biroq, bu yerdan chiqqanlarida qaysi biri yana qaytib o‘sha molu dunyosigacha sog‘-omon yeta olarkan, birov bilmas edi.
Bu olomonda yashash istagi shu kadar zo‘r ediki, aql bovar kilmasdi. To‘qson oltiga kirgan ilviragan bir chol badanida paydo bo‘lgan oq dog‘lardan xalos qilishini so‘rab kelibdi. Aravachada qo‘lsiz-oyoqsiz, g‘o‘la kabi bir odamni ham olib kelishgan ekan, u tushunarsiz va tuzalmas bir kasallikka mubtalo bo‘libdi, o‘sha kasalligiga davo so‘rab yolvormoqda edi.
Faqat shamolgina begidir va ozod kezar, kumlarni va qurigan maysalarning xazonlarini betinim sochib o‘ynardi.
O‘yga botib uzoq o‘tirdim bu yerlarda. Qarshimdagi noma’lum zot ham jim edi. Shu mahalgacha qoshida bo‘lganim hamma-hammasi ulkan bir sirni bag‘rida yashirganini, unga erishsam hayotim o‘zgarib ketishini bilsam-da, u muqaddas bilimlar bobida, ya’ni Xazrati Xizrni qanday uchratish mumkin ekani haqida hanuz tasavvurim yo‘q edi. Xalqda bu kishilar halolliklari, rostgo‘yliklari, Tangri taolo belgilagan chegaralardan chiqmaganlari va sidqidildan ibodatlari ila yuksak maqomlarga erishganlari haqida rivoyatlar yuradi. Bipoq, rostgo‘y va halol kishilar kammi dunyoda? Bir xalqdan yuz yilda bir avliyo chiqadi degan gap-chi? Har holda, ularning men anglab yetmagan yana boshqa xususiyatlari borligi aniq, biroq nima?
Ha, ikki daryo oralig‘idan to Tabrizu Ko‘niyoga qadar aziz-avliyolarning qabrlari sochilib yotibdi. Ularning ko‘pidan bexabarmiz. Ismlarinigina bilamiz, xolos. Men esini taniganidan beri ibodat ichida bo‘lgan juda ko‘p insonlarni taniyman. Ammo birontasida yuksaklik va komillik alomatlarini ko‘rmadim. U qanday g‘alati maqomki, aytilganlarning barini ado etilganida ham erishish mushkul? Aslida, aziz kim? U qanaqa maqom? Ne sabab ila ularga bunday karomat ato etilgan?
* * *
Hech qaerda izlaganimni topmadim. Afrosiyob shamollari, Nurota izg‘irinlari, Samarqandu Buxoroning yetti avliyosi daxmalariyu noma’lum toshlari… birontasi menga o‘z sirini ochmadi.
Nihoyat, jonsiz toshlar orasidan yana bir aziz zotning qabrini topdim.
Bu – so‘nik daxma edi. Balki u ham bir mahallar yog‘dulana-yog‘dulana, so‘ng so‘nib qolgandir? Xuddi sham yongani kabi. Ammo sham yog‘du tarata-tarata o‘zini xarjlab yuboradi. Azizlarning daxmalari esa ichida saqlagan sirlari tufayli yog‘dulanadi. Uning yog‘dusi bitmas-tuganmas bo‘ladi.
Biroq, so‘nib qolibdi-ku? Nega so‘ndi ekan? Umuman, azizlar mangu tirikdirlar degan gap aslida nisbiy bo‘lsa-da, ularning yog‘dulanish va so‘nish sabablari bizga baribiram mavhum. Sababini bilish qiyin.
Bu daxmaning so‘nish sababini o‘zimcha mulohaza qilib ko‘rdim. Men kabi sonsiz-sanoqsiz insonlarning tarixlarini o‘z ichida saqlagan, hayotlarini behuda narsalaru yanglish e’tiqodlar uchun sarf qilganlarning muarrixi emasmikin bu? “Yerda yotgan mana bu so‘nik tosh askar edi, – dedi tavof uchun ortimdan ergashib kelgan bir kishi. – U yurtim deya halok bo‘lib ketganida, u bilgan yurtdan asar ham qolmagan edi. Qarang, ichkariroqda yana yuzlab toshchalar yotibdi…”
Yerda yotgan g‘uj-g‘uj toshchalar o‘sha-o‘sha, so‘ngan yulduzlarning qoldiqlariga, sovib qolgan temir parchalariga o‘xshar edi.
Osmon xira tusda, dasht aro izg‘irin shabada esardi. Nariroqda bir to‘da kishilar to‘planib yeb-ichib o‘tirishardi. So‘yilgan qo‘ylarning terilari ko‘zga tashlanardi. “Tig‘ tegmagan qo‘y bo‘lishi kerak”, der edi birov do‘rilloq ovozda.
Avom, avom! Yo‘q, karomatu mo‘‘jizalar bu avomning insofga kelishi uchun berilmagandir? O‘ziga berilgan mo‘‘jizalardan hech qachon qoniqmaydigan, yana va yana ko‘lini cho‘zib betinim va betinim so‘rashni, tilanishni yaxshi ko‘radigan avom zotan suv ustida suzmoqda, bo‘ladigan voqea-hodisalarni oldindan bilmoqda, xastaliklardan davo topmoqda, ko‘r-ko‘rona timirskilanib hayoti dunyodan yashab o‘tmoqda! Nahr oldida, sohilda qayiq turgach, suv uzra piyoda yurib o‘tishdan ne naf? Suv uzra piyoda ketayotgan kishi yemish haqida o‘ylarmidi? Yo‘q, albatta. Yupqa parda ustida yaratganning ismini aytib ketayotgan odam qo‘rquv va hayiqish ichra qadam bosishi haqiqatga yaqinroq. Chunki yurib borayotgan g‘oyat inja sath ostida tubsiz chuqurliklar borligining vahmi har doim shuurida o‘rgimchak kabi o‘rmalab turadi. “Seni suv ustida tutib turgan zot dunyo uzra ham mana shunday tutib turmoqdadir”, degan qattiq sadoni eshitayotgan bo‘lishi ham mumkin. Bo‘ladigan voqealarni oldindan bilish yanada halokatliroq bilim ekaniga shubha yo‘q.
Nihoyasiz shu yo‘limda ketar ekanman, so‘qmoqda yana bir miskin uchradi. Yonida yosh bir bola bor edi.
– Xudo yo‘liga sadaqa qiling, bolam, – dedi miskin, yolvorib. – Bu bola yetim, men ishlab pul topolmayman. Xudo haqqi, ochmiz, ozgina sadaqa qiling.
So‘rovlari ijobat bo‘lmaganlarning bittasimi bu? Azizlar qabri tepasida bu bebaxt ham xazina yoki boylik so‘rab ancha yolvorgandir? Daxma ichidagi zotning qay iztiroblar ichida ekanidan bexabar, pul, tilla, omad so‘ragandiru tilaklari ijobat bo‘lmagach, tirikchilikning osonroq yo‘liga o‘tib olgandir?
Uni qattiq malomat qilib o‘tib ketdim. Miskinning ko‘zlari yoshlanganini, ezilib tuproqqa o‘tirib qolganini, bolakay esa boshini egib ma’yuslanganini ham ko‘rdim. “Hoy inson, yoningdagi yosh bolangdan uyalmaysanmi, qay yuz bilan sadaqa so‘raysan?”
– Dilimni vayron qilmang, – dedi miskin. – Har Musoga bir Xizr deganlarini eshitmaganmidingiz, bolam?
Yana qaraganimda miskin ham, bola ham yo‘q edi. Balki ho‘v ortda qolib ketgan daxma sari ketishgandir?
Shamol ular turgan joydagi daraxtning qurigan bargini uzib oldi. Biroq oyoqlarim ostiga olib kelib urmadi, balki uzoq-uzoqlarga uchirib ketdi.
* * *
Ha, ba’zi kishilarning yer yuzida tentiray-tentiray, g‘alati narsalarni so‘rab-tilab yurishining o‘ziyoq bu olomondan uzoq turish kerakligini bildirib turar edi. Umrlarining bir necha o‘n yilini sarflab muhtasham baland imoratlar qurib, yeb-ichib semirib kegan kishilar azizlar qoshiga ayniqsa ko‘p kelmoqda edilar. Ularning juda-juda baxtsiz ekanliklarini ko‘rmoqda edim. Ey badbaxt, o‘zing tilagan hashamning ichidasan-ku, yana qanday saodatdan lof uryapsan, dedim farog‘at ilinjida kelgan boylik egalariga.
Esimga daraxt shoxida ko‘rganim olma qurti keldi. Uning hikmatini ham darrovgina anglay qoldim. Yemishning eng lazzatlisi olma qurtiga berilgan ekan. Biroq hayoti mobaynida qurtlik maqomidan chiqa olmasligi uning qismati edi. Yodimga yana bir azizning hikmati keldi, qurt jondin kechib ipak bo‘ldi, ipak qurticha himmating yo‘qmi, demoqda edi u.
Lekin, maqbarlar qoshiga kelib turli narsalarni so‘raydiganlarga Tangrim so‘raganlarini berishini ham tushundim. Ziddi berilmasligini ham bildim. Man etilgan lazzatlar bilan farog‘at hech hachon qo‘shib berilmasligi olov bilan suvning birlasholmasligi kabi edi. Olomon esa betinim oqib kelar, daxma poyida yaslanar va tinmay, tinmay hojat so‘rar edi. Birovning xasmini sevib qolgan yosh yigit, o‘g‘irlik qilib qo‘lga tushib qolishidan xavfsiragan o‘g‘ri, gunohlari va xatolari bois vujudiga kasallik ilashgan nafsi to‘ymaslar, “Ber! Ber! Ber” deya azizlarning makonlari tomon qo‘llarini cho‘za-cho‘za, bahaybat oqim bo‘lib oqar, oqar, oqar edilar.
* * *
Nihoyat, so‘nggi – yettinchi avliyo daxmasi qoshida chuqur o‘yga botib uzoq, juda uzoq o‘tirdim.
Daxmaning nuroniy xizmatchisi – keksa chol yelkamdan turtib, “Turaqoling, sahar vaqti kira boshladi” degandagina o‘zimga keldim.
– Bolam, juda uzoq o‘tirib qoldingiz. Yuragingizda armonlaringizu taassuflaringiz qanchalar ko‘p bo‘lsa ham, Tangri so‘raganingizni albatta beradi, noumid bo‘lmang, – dedi u kulimsirab.
Eh otaxon, sizga nima ham deya olardim? Tilaklarim ijobat bo‘lmadi, biron yerda o‘zim istagan narsaga erisholmadim. Hazrati Xizrni qay tarz topish mumkinligiga o‘zimning aqlim yetmadi. Yana nimaniyam so‘ray? Eng oddiy bir tilagim – Ka’bani ko‘rish edi, hech yo‘qsa shu tilagim amalga osharmikin?
Gaplarimni eshitib, chol qo‘llarini duoga ochdi.
– Keling unda, o‘g‘lim, birgalashib duo qilaylik. Shoyad tilagingiz ijobat bo‘lsa.
Unga qo‘shilib men ham xudoyimdan shu yerda yotgan aziz kishining haqqi hurmati, muqaddas Ka’bani ko‘rsatishini yolvorib so‘radim.
Shunda… mo‘‘jiza ro‘y berdi!
Ko‘z o‘ngimda Ka’ba yeri qalqib ko‘rindi!
Voajab! U yerda hech nima yo‘q, bo‘m-bo‘sh… Ka’ba vayron bo‘lib ketgan edi!
Nega? Nega?
Qulog‘imga oqsoqolning so‘zlari kirdi: “Aziz-avliyolar sirayam siz o‘ylagandek karomatlaru mo‘‘jizalarga ko‘milib yotgan kishilar emaslar. Ularning yanada haybatliroq iztiroblari, armonlari va afsuslari bor. Lekin Tangrimning buyukligi – so‘raganga so‘ralganni albatta berishidadir!..”
O‘girilib qaraganimda, yonimda hech kim yo‘q edi.
Lekin, hozirgina u turgan yerdagi bir dona quvroq o‘t jonlanib, yashil tus olgan, ikki dona mitti bargchasini yozib ham ulgurgan edi!
Hayajon ichra daxmadan qanday chopib chiqqanimni eslolmayman. Atrofimga alanglab ancha yugurdim. Ming afsuski, atrof bo‘m-bo‘sh, hech kimsa ko‘rinmas edi. Yaydoq bir qoyatosh tubida tiz bukdim. Buloqchadan miltirab zilol suv qaynab chiqar edi. Barcha uzuq-yuluq safarlarimning mazmuni sadaf marjoniday tizildi-da, hikmati aqlimda yolqinlana boshladi. Xuddi dasht yongani kabi, uzrlarimu bahonalarimni yondira-yondira, aqlu shuurimni egallay boshladi bu yong‘in.
Turay desam, o‘rnimdan qalqqani majolim yo‘q. Juda uzoq vaqt iztirob ichra qolganim sababli atrofimda butalar changal hosil qilib o‘sgan, to‘zon va changlar ustimga qo‘nib, bahor yomg‘irlarida loyga aylangan, quyosh qattiq qizdirganida sopolsimon qatlam hosil qilgan va allaqachon fikrlovchi qoyatoshga aylanib bo‘lgan edim.
Bag‘rimda hasharotlar chopib yurishar edi. Ustimda nimadir qimirlaganini ham sezdim, qarasam – bir qush, boshimga uya quribdi.
Yulduzlar uchgan kechalarda, oy va chaqmoqlar ostida, yelkalarimni tilkalab, hamma narsani yuvib ketadigan yomg‘irlaru jalalar tagida qaqqayib turar edim, xolos.
Ajablanarli joyi shundaki, nariroqdagi og‘ochlar ostida bir to‘p kishi, gujum shoxlariga rang-barang lattalarni boylab, ostida yeb-ichib o‘tirishardi. Yana bir to‘p olomon tegramda aylana bo‘lib olgan edi. Kimdir tutila-tutila, yanglish tarzda tilovat qila boshladi. Xastalar, majruhlar, ishi yurishmaganlar, farzandsizlar olomoni bu yerda ham ayni edi.
Nariroqda bir-ikkita bola qo‘lida tumor, aylanib yurardi. “Bu – hazrati Xizrga duch kelgan zot. Hayoti dunyoda o‘qib yurgan duolaridan sotib oling”, deb qichqirardi qora soqolli davangirday bir yigit.
Gujum ostida tig‘ tegmagan qo‘ylar so‘yilmoqda edi. Atrofimda gir aylanib o‘tirib olgan kishilar har doimgidek, hojatlarini so‘rab yalinib-yolvorardilar.
Men nima bera olaman sizlarga? Izlay-izlay, izlaganini topolmagan bir bandaman-ku? Tiriklikning, yashashning, hayot va mamotning sirlariga bir marta bo‘lsin boqishni istab, boqolmasdan qolib ketganimni bilsaydingiz! Neki bilsam, neki qilsam, bari behuda bo‘lib chiqqanini ham bilsaydingiz!
Shu mahal bir chol poyimga keldi. Yonida o‘n bir-o‘n ikki yoshlar chamasi bolakay ham bor edi. So‘z qotay desam, tilim yo‘q… o‘smir esa musaffo ko‘zlarini menga tikib, jim turar edi.
– Mana, Hazrati Xizrga duch kelgan yana bir kishi, – dedi chol, soqoli titrab, o‘g‘liga. – Daxmasining ich-ichidan yog‘dulanayotganini ko‘ryapsanmi? Bu odam hayoti dunyoning sirlariga yetaman deb ko‘p urindi. So‘ra, o‘g‘lim, sidqidildan so‘rasang, zoti hurmati, Xudo tilagingni ijobat qilsa ajabmas.
– Rostdanmi? – dedi bolakay, ko‘zlari chaqnab. Keyin yonimga kelib, qo‘llarini sirtimga qo‘yib, o‘z tilaklarini aytib pichirlay boshladi.
Qo‘zg‘almoqqa urindimu qo‘zg‘ala olmadim.
Yulduzlar mening ham tepamda g‘uj bo‘lib olishgan, ba’zilari yorug‘ iz qoldirib pastga sho‘ng‘ir, yerda esa kichkina, sovuq temir parchalari yotar edi.
– Bobo, qarang! Uning yog‘dusi so‘na boshladi, – dedi bolakay to‘satdan, hayratlanib.
– Tavba, – dedi chol ham. – G‘alati daxma ekan-ku?!
…Keyin xo‘rsinib, bolaning qo‘lidan tutdi:
– Yuraqol, bolam, bizning borar manzilimiz bu emas, boshqaga o‘xshaydi…

[1] Hazrat Alisher Navoiydan.

2012

OG’RIQ TOG’I

“…U tog‘ taraflarga borishni ancha yillardan beri orzulagan bo‘lsam-da, shu mahalgacha sira nasib qilmagan edi. Qaerlardadir, janubi-sharqda ekanini bilardim. Tabiiyki, ko‘rinishi, nabototi va unda o‘sadigan dov-daraxt haqida sira tasavvurim yo‘q, bilganim – o‘zimizning azaliy viqor to‘kib turadigan Tiyonshon, Chotqolu Oloy, ulardagi qadrdon targ‘il-jigarrang qo‘ng‘ir toshlaru o‘zimiz bilgan oddiy o‘t-o‘lanlar. O‘zimning tog‘larim xudoyimning qudratidan darak berib yuksalishgan. Samarqandda Langar tog‘lari bor, Qarshida Siyom… Bular bolaligimdan beri eshitib-ko‘nikib kelganim atamalar.
Lekin shu – O g‘ r i q t o g‘ i, o‘zi emas, nomi anchadan beri sira tinchlik bermay kelardi. Nima uchun aynan O g‘ r i q t o g‘ i deb nomlangan ekan deb o‘ylar edim.
Mana, sayohat qilib yurganim shu tomonlardagi tog‘larning nomlari ham qiziq ekan. Masalan, Namrud tog‘i bormish. Bag‘rida bironta giyoh o‘smas, har tarafi qup-quruq qoramtir toshlar, xarsanglar va qoyalarmish. Yomg‘iru jalalarda sellarga to‘siq bo‘ladigan va quyosh qizdirganida chirsillab-chatnab yoriladigan u toshlar aro o‘t-o‘lan o‘smasligi har holda yoqimsiz manzara bo‘lsa kerak. Namrud – Muso payg‘ambar zamonida yashab o‘tgan shakkok hukmdor, tog‘ning uning ismi bilan atalishiyu bag‘rida hech nima unmasligida balki bir hikmat bo‘lsa kerak deb xayol qildim.
Og‘riq tog‘ining ustida kuylangan bir qo‘shiq ham bor.
Og‘riq tog‘in ustinda
Urdilar mani…
Og‘riq tog‘i bepoyon, ustma-ust qalashib ketgan qoramtir-qizg‘ish, taram-taram qoyalardan boshlanar ekan. Archalar va sarvlar oz, tog‘ etaklarida shu atrofdagi qishloqlarning bolakaylari qo‘y-sigirlarini o‘tlatib yurishibdi. Narida qirlar boshlanibdi, ularni shu yerning kishilari bo‘zqir deyishar ekan. Tandirlarida yopgan nonlari o‘zimizning nonlarimizning xuddi o‘zi, tandir tikkamasiga emas, yotqizib qurilgan, juvayu chekichlari ham xuddi o‘zimizniki.
Bir oz mulohaza qilib ko‘rgach, bu tog‘ shuurimga nimalarnidir shivirlab ogohlantirayotganini, nimalarnidir uqtirmoqchi ekanini seza boshladim.
Esimga vodiyga ketaverishda, Qamchiq dovonining boshlanishida o‘sayotgan yosh tog‘ ham keldi.
Dovonga ko‘tarilishda, o‘ng tarafda katta ko‘l o‘rtasidan haqiqatan ham kattagina qoya bo‘y cho‘zib chiqqan. Har narsaning chaqalog‘i xush va aziz bo‘lgani kabi, u ham ko‘zimga yosh va sarkash bo‘lib ko‘rinadi. Har o‘tganimda e’tibor berib qarayman. Ba’zan ulovni to‘xtatib, qayiqmi bir nima topib o‘sha qoyaga yaqin borgim keladi. Ustida qushlar in quribdi. Balki giyohlar ham o‘sgandir? Axir, shamol turli urug‘larni havoda uchirib har tarafga yoyadi-ku?
Xullaski, har o‘tganimda o‘sha yosh toqqa tikilib-tikilib qarayman. Ko‘l yuzasi sokin-osoyishta jimirlaydi. Och-yashil to‘lqinlar mayda ko‘piklar hosil qiladi, shabada ularni sohil tomon suradi. Yo‘l yoqasida mayda-chuyda bolalar o‘ralashishadi. Yosh tog‘ning qoyalari hali och-qizg‘imtir, toshlari uncha qotmagan, kuchu qudrat sezilmaydi shaklu shamoyilida. Haqiqatan ham ustida bir-ikki o‘t o‘sibdi, yomg‘irlar mavsumi tugagani uchun sarg‘ayib ham ulguribdi. Qurigan gullari shabadada chayqaladi. Uch-to‘rtta ko‘l qushi ustida chag‘illab aylanishadi, tuxum qo‘yib bola ochgan bo‘lsa ehtimol. Chag‘alaylar agar xatar bo‘lmasa shundoqqina toshlar ustiga in qurib, tuxum qo‘yishadi. Xatar bor-yo‘qligini qaydan sezishganiga aql shoshadi…
Lekin, ko‘nglimda quvonch uyg‘otgan u yosh tog‘ o‘z yurtimda, bu yerdan juda uzoqda. Men esa hozir o‘sha, o‘zim nomiga qiziqqan O g‘ r i q t o g‘ i n i n g qarshisidaman.
Ilk qoyalar tarafga shoshilmay chiqib borarkanman, katta bir tosh uzra kimningdir kaftining izlarini ko‘rdim. Iz shu qadar aniq ediki, kaft chiziqlarigacha ko‘rinib turar edi.
Ho‘v pastda suruvlar yoyilgan, o‘sha yoqdan bolalarning ingichka ovozlari, qiyqirishlari quloqqa chalinadi, shabada sochlarimni yulqilaydi… lop etib xayolimga bolalik uyimning devorlaridagi kaft izlari – otamning qo‘lining aziz izlari keldi!
Otam… Otam ham tog‘day kelbatli bir kishi edi-ya!
Kichkina bolakay bo‘lganim uchun ko‘zimga benihoya ulkan bo‘lib ko‘rinardi. Pastdan tepaga boshimni burib qaraganlarim, ulkan, qudratli qo‘llari esimda. Suyangan tog‘im degan bir gap bor-ku. Odam nega suyanchig‘im deydi? Tabiiyki, horib-charchab majoli qolmaganida yoki kasallanganida suyanadi biron narsaga. Tog‘im deyishining sababi tog‘ning benihoya haybatli va mustahkam ekanida.
Men otamning kelbatiga havaslanib termilar va oyoqlarining ostida o‘ralashib yurar, u ulkan, qudratli qo‘llardan taralayotgan quch va quvvat goho cho‘chitar ham edi.
Og‘riq tog‘ining tikanlari oyog‘imga kirdi. Bir yerda toshga qoqinib yiqildim, boldirim qattiq og‘ridi, qarasam, sal o‘tmay qizarib, shishib chiqibdi.
Xiyol narida, jarlik labida qanaqadir yolg‘iz buta o‘sgan ekan. Jar tomonga qarab egilib qolibdi. Qip-qizil ildizlari toshlar orasidan ko‘rinib turibdi. Shoxlari nosrang, barglari kulrang-oqimtir, qattiq, kichkina tikanchalari ham bor. Yaqinroq borib qaradim, jiydami? Iya, jiyda ekan-ku?
Lop etib esimga ammam keldi. Barvasta gavdali, shaddodgina u xotindan ham jiyda isi kelmasmidi?
Qanday ayol edi-ya! Kulganida kulgisi ancha joygacha yangrab ketardi, mehri otash, ko‘zlari kulib-kulib turardi. Urush vaqtida qishloqda erkak qolmaganida, uni qirqdan oshgan, uchta bolasi bor bir kishiga nikohlab berishgan, yana yettita bola ko‘rgan edi. Juda qiyin va zahmatli bir umrni boshidan kechirdi. Men talabaligimda kasal yotganlari esimda. Bir kuni olamdan o‘tganini aytdi otam. Tog‘ kelbatli otam o‘shanda bukchayib qolganday edi. Axir, bittayu bitta opasi-ku?! Opa qanaqa bo‘lishini bilmayman, o‘zimning opam ham, akam ham yo‘q, bu dunyoda go‘yo hech kimim yo‘q, yolg‘izdayman. Lekin, otamni urishganlari esimda. Kap-katta otam bo‘ynini bukib unga quloq solar, sira e’tiroz bildirmas edi. Mana, opasiz qoldi. Qani u? Qani kulishlari, qoshlarini chimirib-chimirib koyishlari qani?
Og‘riq tog‘ining shamoli juda uzoqlarda qolgan bir qo‘shiqni olib kelib qulog‘imga urardi:
Og‘riq tog‘in ustinda
Urdilar mani…
Hayotimda g‘ussa-qayg‘uni yoqtiravermayman. Lekin bu g‘alati, yorug‘ g‘ussa edi, yuragimga malham berar, yupatar, allalardi. Qalbimning o‘zgarayotganini, yaxshilikka va mehrga to‘lib borayotganini his qila-qila odimlar edim.
Saldan keyin sharqirab oqayotgan bir jilg‘a ko‘rindi. Ichidagi va tegrasidagi qora qizg‘ish jigarrang, oq va targ‘il toshchalarni bir-biriga urib, sharqirab oqar edi.
Tiniq suvidan ichgim keldi, kaftimga oldimu icha olmadim, judayam muzday ekan. Yuksak cho‘qqilardagi qoru muzlarning erishidan hosil bo‘lganmikin, deb o‘yladim.
Og‘riq tog‘i baland, purviqor, cho‘qqilari ko‘p, qarshimda nafasimni to‘sib-hayiqtirib, jim turibdi.
Metin qoyalarining qiyofasi ham har xil. Palaxsa-palaxsa bo‘lib yuksalganlari ham bor. Ba’zilari qattiq, yaxlit toshqoya. Yana ba’zilari quyulib qotgan kabi ko‘rinadi. Ranglari ham turlicha. Palaxsa qoyalarning uvalangan joylarida mayda chechaklar o‘sgan, toshqoyalar va quyma qoyalar qoshida hech nima bo‘y cho‘zmabdi. Oralarida, toshlarning uvalanishidan hosil bo‘lgan qo‘ng‘ir tuproq ustida archalar qad rostlabdi. O‘tlar chunon gurkirab o‘sibdiki, aql shoshadi.
Ilk tizma uchiga chiqib borib, qatorlashib turgan yosh qoyalarni ko‘rganimda esa, ko‘zimdan yosh tirqirab ketdi.
Yosh tevarakni halqalantirib-buzib ko‘rsatdi.
Voh, axir, bir-birimizning qo‘llarimizdan ushlab shamolday yelar, o‘yinga to‘ymas edik-ku? Tutqatorlar ostidagi ulkan soyalarda bekinmachoq o‘ynamasmidik? Bepoyon na’matakzorlar aro yashirinib olganimizda bizlarni hech kim topolmasdi, faqat bir-birimiznigina topar… umrning ulkan soyalari aro allaqachon bir-birimizni topgan va qo‘l ushlashib, o‘smirona mag‘rurlik ila kelajak sari yo‘lga ham chiqqan edik!
Yodimga do‘stlarimning bugungi qiyofasi keldi. Ba’zilari hozir safimizda yo‘q, borlari ham mana shu tog‘ kabi yuksalgan, bag‘irlari, yuzlari shu tog‘ kabi tilinib, ajin tushgan, hayotimning tilingan, keksaygan, viqorli tog‘lari kabi, dunyoning muvozanatini jim va sassiz saqlab turishganday…
Hayhot, bu tog‘ bilan mening yaqinlarim o‘rtasida qanday bog‘liqlik bor?
Yosh qoyalarning rangi och, toshchalari mayda, bag‘rida o‘sgan o‘t-o‘lan siyrak edi. Ular uzra ham qushlar in quribdi. Tavba, ba’zilarining bag‘ri palaxsa, ba’zisi taram-taram. Tegra sokin-osoyishta. Ha, qoyalar so‘zlamaydilar. So‘zlasalar ham biz eshita olmaymiz. Lekin tilga kirsalar, hozirning o‘zida u og‘riqqa chidolmasligim aniq. Axir, so‘zlamoqdalar-ku? Yuragimning ichida paydo bo‘layotgan hislar shu qoyalarning xitoblari tufayli emasmi?
Yana bir joyda g‘uj qoyalarni ham ko‘rdim. Oltita yoki yettita qoya tog‘ bag‘ridan ajralib chiqib, o‘zaro g‘uj bo‘lib olishibdi. Ular ham metin-mustahkam, ammo ustlari tilinib-tilinib ketgan, ba’zi yerlari chatnagan.
Shabada quloqqa nimalarnidir olib kelib urardi.
Shunda bu tog‘ni nima uchun Og‘riq tog‘i deb atalishini tushundim! Axir, mening ham bolalarim ulg‘ayib, quvvatga to‘lib kelmoqdalar-ku? Har holda, ko‘zlariga tog‘day kelbatli, purviqor, cho‘ng va azim bo‘lib ko‘rinsam ehtimol. Ichimda ne og‘riqlarim borligidan xabarlari yo‘q, albatta. Istashganida ham aytarmidim ularga? Lekin, mening qoyalarim ham yashinlarda tilingan, jaziramalarda yorilib-yorilib ketgan, jala va shamollarda chatnagan. Mening cho‘qqilarim ham uvalanib-uvalanib to‘kilmoqdalar.
Ba’zi qoyalarga kimdir o‘z ismini o‘yib yozibdi. Bu orada juda eski bitiklarni ham ko‘rdim, vaqt o‘tishi bilan u bitiklar xiralashib, tushunarsiz holga kelibdi. Qachonlardir kimlardir mening ham bag‘rimga o‘z ismlarini tig‘ bilan o‘yib-o‘yib yozgan, u ismlar vaqt o‘tishi bilan xiralashib ketgan bo‘lsa-da, hanuz bor. Yana, bir mahallar… qaylardadir, juda olislarda… ko‘zlari kulib-kulib turadigan qiyiq ko‘zli bir qiz bo‘lardi, u ham o‘z ismini bag‘rimga aynan shunday, ammo xino suvi bilan yozgan edi. Tavba, rangi sira o‘chmas ekan! Zotan, xinoning emas, xino gulining suvi bilan yozilmaganmidi? Ajab, bu oradan xino gulining ham islari kelayotirmi?
Xino guli shokila-shokila, qo‘bizli bo‘ladi. Barmog‘ingizni tegizsangiz, shirr etib himoya po‘stlog‘i ochiladi-da, urug‘larini tevarakka sochib yuboradi. Shunda o‘tkir isi anqib ketadi.
Darhaqiqat, sal narida qatorlashib, betartib o‘sib yotgan xino gullarini ham ko‘rdim. Bir yerda bunchalar g‘uj bo‘lib o‘sganining sababi urug‘larini shu atrofiga sochganida bo‘lsa kerak deb o‘yladim.
Endi tamomila o‘z hayotimning armonlariga va xotiralariga g‘arq bo‘la-bo‘la odimlar va tabiiyki, Og‘riq tog‘ining avvalgi ma’nolari yo‘qolib ketgan edi.
Yaqinlarim, qavmu qarindoshlarim, do‘stlarim, birodarlarimning yodi yuksalar edi bu notanish tog‘ bag‘rida. Barining chehrasi mayin, barining yodi yog‘duli, menga muloyim qarab turishganday va men ham ular sari qadam tashlab borarkanman, mana shu Og‘riq tog‘ining eng ustiga chiqqanimda, ulkan bir ma’nidan xabar topadigandek, shuncha yillar bo‘ynim bukik, zahmatlar va mehnatlar aro o‘tgan umrimga mazmun kiradigandek… hayotlarini men kabi yashab o‘tgan qavmdoshlarim sari yetaklayotgan shu hislar ko‘zlarimdan tirqiratib yosh chiqarar va u yoshlar tevarakni ko‘zimga hanuz buzib, halqalantirib ko‘rsatar edi.
Lekin, charchadim-ku? Eng baland cho‘qqiga chiqqani madorim yo‘q. U yerning shamoli anchayin kuchli, g‘uvillab esishlarini hozir, shu yerdan ham eshitib turgandayman. U yerning izg‘irinigayu sovug‘iga bardoshim yetmasligini hozirdan sezayotirman.
Eng tepa cho‘qqilarda – izg‘irin shamollar, qalin va top-toza oppoq qorlar, abadiy ko‘k muzliklar makonida… yolg‘iz o‘zim, nima ham qilardim?
“Yaqinlaringni sev va qadriga yet! – deya hayqirar edi Og‘riq tog‘ining shamoli endi, boshim uzra haybat solib esarkan. – Hatto eng ulkan tog‘lar ham uvalanishga va cho‘kishga mahkum ekanini, eng baland cho‘qqilar to‘zonga aylanib yer uzra sochilib ketishini va ustida o‘t-o‘lan o‘sib, gul-chechak yozishini zinhor yodingdan chiqarma!”
Siyrak tuman aro elas-elas ko‘zga tashlanayotgan vodiylar, o‘tloqlar, qishloqlar ko‘zimga hozir, mana shu yerda juda-juda istayotganim insoniy mehrning, insoniy taftning uzoqlarda qolib ketgan timsoliday bo‘lib ko‘rinar va pastga qarab oshig‘ich chopgim, bu g‘alati tog‘ cho‘qqisini tezroq tark etgim, horib-charchab bo‘lsa-da, bir amallab ota uyimga qaytgim va yaqinlarimning diydoriga juda-juda to‘ygim kelar edi…”

* * *

Nihoyat, Ota horib-charchab safardan qaytganida, hammani mehr bilan bag‘riga bosishini, ko‘zlari yoshlanganini ko‘rib, bolalari o‘zlaricha kulib qo‘yishdi: odamning yoshi o‘tgach, ko‘ngli mana shunaqa yumshab qolar ekan-da? Qaranglar otamizni, yaqindagina dunyoni enlab turgan bir tog‘day emasmidi? Hozir anchayin cho‘kib qolganday, hammaga javdirab qarayotganday. Tavba, shiddati, qudrati qani?

Qizlari esa bag‘riga musichaday kirib, biroz ko‘zyoshi ham qilib olishdi.

Hamma bir-biri bilan ko‘rishib, nihoyat, dasturxonga o‘tirishganida, katta o‘g‘il kulimsirab, do‘rillagan ovozda so‘radi:
– Xo‘sh, ota, qaerlarni kezdingiz? Bir tog‘ haqida ham gapirgan edingiz, qanaqa ekan u tog‘?
Ota o‘g‘liga qaradi, shunda Og‘riq tog‘ida ko‘rgan manzaralari xayolidan bir qalqib o‘tdi. Aytsammikin deb o‘yladi… Yo‘q, vaqti-soati yetganida o‘zi bilib olar dedi-da, muloyim ohangda javob qildi:
– Aytishga arzirli hech narsasi yo‘q. Oddiygina bir tog‘ ekan, bolam…

2013

034

(Tashriflar: umumiy 4 273, bugungi 1)

Izoh qoldiring