Rahmon Qo’chqor. Darbadarlikning bedor talqini.

082

6 апрел — истеъдодли адиб Исажон Султон таваллуди куни.

Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романи бир мақола доирасида таҳлилу талқин этиш мушкул бўлган асарлар сирасига кириши аниқ. Ҳозирча фақат шу нарсани айтиш лозимки, дунё, одамзод тақдири борасида жиддий ўй суришга қуввати етадиган бу ёзувчи ўз тафаккурида, кўнглида тўлиб-тошаётган фикрларини, ҳиссиётларини тилига чиқаришда донолик ва куч-қувват касб этиб бормоқда. Миллий адабиётимиз учун энг муҳими, бизнингча, мана шу жиҳатдир…

011

Раҳмон Қўчқор
ДАРБАДАРЛИКНИНГ БЕДОР ТАЛҚИНИ

Исажон Султон яратган романни ўқирканман, негадир ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги бир муҳим эпизод ёдимга тушаверди. Ҳозирга қадар кўрганим илмий-ижодий тадқиқотларда негадир алоҳида тўхтанилмаган (балки биз билмаган манбаларда бордир!) бу лавҳа маъно-мақсадини англаш йўлидаги ҳаракатларим ўзим учун қониқарли натижа бермагани туфайли ҳам шу ҳол юз берган бўлса, ажаб эмас. Бошқача айтганда, “Фарҳод ва Ширин”даги бош қаҳрамон Фарҳоднинг ўлими эпизоди шахсан мен учун ҳамон жумбоқлигича – англашилмай қолмоқда. Бир-бирига туташ икки мақсад – Ширин ишқи ва комиллик йўлида не ранжу синовларни бошдан ўтказган Фарҳод умрининг сўнггида ўзи бағрини босиб юргани саҳролардан, метини ва тешаси билан жисмини ёргани тоғлардан, юрганда юзини чангга булғагани осмондан, ариқ қазишдек ҳунарини намойиш этишда уқубат торттиргани метини ва тешасидан, ғарибликда қийналган кунларида унга қурдош бўлган дарранда ва паррандалардан, хулласи, бутун жумлаи жаҳондан узр сўраб тазарру қилар экан, “сўзлари шу ерга етганда, яна аччиқ-аччиқ йиғлаб” тонг елига бундай дейди (кўпчилик ўқувчиларга тўлароқ тушунарли бўлиши учун мазкур лавҳани проф. В.Раҳмонов табдилида беришни маъқул топамиз):

“ – Эй тонг ели, тур, Чин ва Хито мамлакатига етиб бориб, ер ўп. Мен сенга хоқон қошига унинг ўғли номидан бор демайман, балки ғарибликда ўлган бир хаста қул номидан бор, хоқоннинг бошидан қуюндек айланиб, ўзингни садқа қил. Сўнг мана бу сўзларни айт: “Сенинг ул овораи бехонумонинг, бағрингдан пайдо бўлган бир қатра қонинг оламдан кетиб, умидсизлик билан, юзингни кўрмай, армон билан ўтди. Унинг бағридан қонлар кўз ёшига қўшилиб оқди. Бошига фалакдан кўп оғир ишлар тушди…

Менинг тўғримдаги хабарни эшитиб, онам изтиробга тушиб, менинг қайғумдан тошларга бош уриб, ғавғоси дунёга ўт солгудай, оҳу вовайлоси ҳар томонга етгудай бўлиб, мен – ёввойига хитобан “Қўзим!” деб, ҳеч кими йўқни “Ёлғизим!” деб соғинса, ғам ва ташвишлари ошиб, юзидаги тутган пардаси юзидан учиб кетса, ғам билан парвариш топган ўғлини эслаб, тўққиз қават парданинг ичидан югуриб чиқса, “Жоним ипига боғланганим!” деб, юзларини тилим-тилим қилса, юла-юла сочларидан айрилса, бундан Чин ўлкасига қора мушк ўрнига ҳидли кофур сочилгандай бўлса, шунда сен, эй тонг ели, менинг нафасимни тутун қилиб олиб бориб, халойиқ кўзидан уни яшириш учун уни парда қил! Унга менинг номимдан шундай дегин: “Эй, юзинг жонимнинг қуввати. Изининг гарди кўзимга сурма бўлган, она! Тангри менинг вужудимни йўқликдан бор қилган экан, менга бу дард ва ҳасратлар ўзи етарли эди. Сен орқамдан эргашиб юрсин деб, ажойиб бир фарзанд кўришни жуда ҳам қаттиқ орзу қилдинг. Мендай бир фарзанднинг ташвиши билан бўлиб, бир нафас ҳам кўнглинг севинмади. Ҳамиша интизорликда ва доғда бўлдинг. Бошқа болалар майсазор ва боғларда ўйнаб юрса, менга кичик ёшимданоқ дарду доғ насиб бўлди. Озғин танинг менинг дардимни тортгани тортган, сен эса менинг доғимда ўртанишни ўзингга шиор қилиб олган эдинг. Ёқут тилаган эдинг, бир парча тош топдинг. Қуёш сўраган эдинг, бир бўлак ўтга эга бўлдинг. Мен қанча улғайсам, шунча бечора бўлдим, диёримдан, мулкимдан ажралиб овора бўлдим. Менга бу овораликни фалак ўзи берган экан, сенинг ишинг фироқимдан ўртаниш бўлди. Сенга бир умр куйишнинг ўзи етмагандай, ташвишимдан куя-куя хасга айландинг, кул бўлдинг. Менинг сенга келтирган шунча азобларим сойлари етмагандай, кўз ёшларим сели билан ўз каъбамни буздим. Мен кимман? Менга ўлим ҳам хайф. Мен халқнинг менга куйиши, куйинишига ҳам арзимайман…”

* * *

Балки, билган одамнинг оддийгина, жўнгина жавоби бордир, бироқ биз учун ҳамон жумбоқ бўлиб турган бу ҳолни қандай изоҳлаймиз? Фарҳоднинг бу тазаррусини ҳам унинг комиллигига, ўлимга тик қарай оладиган мардонаворлигига, ота-онасига меҳрибон ўғилу табиатга шафқатли инсон бўлганига йўйиб қўя қолиш мумкинмикин? Бу манзарани ўлим талвасасига тушган, ўзлигидан айрилаёзган ҳар бир банда қисматида бор табиий ҳолатнинг бадиий инъикоси, деб талқин этиш шоир дарду дунёси миқёсларини торайтиришга олиб келмайдими? Навоийдек мутафаккирнинг “Хамса”дек эпик полотно марказига жойлаган достонини шугина маъно-муддаолар билан якунлаши мумкинмиди? Агар бу саволларга “йўқ” деб жавоб берсак, унда Фарҳод қайғусининг илдизи қаерда? Жувонмард шоир тили билан айтганда: “Қайдин келаётир уюр-уюр ғам?..”

Айни ўринда ҳазратнинг ўзидан ўқиганимиз қуйидаги эътироф ёрдамга келмасмикин:

Кўзни ўкуш саъй ила забт этгамен,
Етса кўнгил забтига иш, нетгамен?

Бу ерда гап забт этилмоғи, ҳайратга тўлдирилмоғи лозим бўлган фақат ўқувчи-мухлиснинг кўнгли ҳақида эмас, балки эпик асар қаҳрамонининг, демакки, ғоят чигал, мураккаб УМУМИНСОНИЙ КЎНГИЛнинг забти – талқини тўғрисида ҳам бормоқда, десак, қаттиқ адашишга йўл қўймасмиз балки.

Навоийнинг Фарҳоди – илму маърифатда, ҳунару фазилатда комиллик касб этган инсон умр шомидаги сўнгги нафасларида “Мен кимман?” деган аччиқ саволни бермоқда.

XXI аср ўзбек ёзувчиси Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романида, Гобидаги Инсон такомили маркази томонидан юқори технологияларни қўллаш орқали сунъий бино қилинган барҳаёт одамнинг ўзини яратган инсониятга қарата айтган биринчи саволи ҳам худди шундай янграйди:

“МЕН КИММАН?”

Ҳолбуки…
Ҳолбуки, юзаки қараганда, ҳаммаси оддий нарсадан, оқибатини ўйлаб ўтиришга-да эриниб қилинган ҳаракатдан бошлангандек:

“Маҳкум бир дамгина нафас ростлаш учун этикдўзнинг деворига суянди.
– Ҳали сен менинг деворимга суянадиган бўлдингми? Имиллама! – деб қичқирди этикдўз ҳам ва шиддат билан олға интилиб, уни икки қўллаб итариб юборди. Муборак Киши ерга йиқилиб тушди, аммо лом-мим демай келаётган Ўлим лашкарининг жаллодларидан иккитаси уни яна оёққа турғизишди.

Этикдўз ўзининг қилган ишидан мамнун, тиржайиб турар эди.

Шунда…
Шунда Муборак Киши қуйи эгилган бошини кўтарди, унинг тиниқ ва нурафшон нигоҳи билан этикдўзнинг олазарак кўзлари тўқнашди.

Ва у этикдўзга қараб шундай деди:
Тургин ва бадар кетгин!
(Мен-ку имилламайман, аммо сен маҳшар куни келишини узоқ кутасан…” – дейилди унга.
“…Энди сен то қиёматга қадар ер юзида бетиним дайдишга маҳкум этилдинг” – дейилди унга.
“Ҳамда сенинг қиладиган ишинг – ҳеч нарса, ҳеч нарса, фақат ҳеч нарса”, – дейилди унга).”

Киши, агар истаса, этикдўзни оқламоққа керагидан кўпроқ сабаб, бошқаларнинг оғзини ёпиб ташлайдиган қат-қат далилларни бемалол топади. (Зеро, одамзод пайдо бўлибдики, бу сингари кирдикорларни оқлаш ёхуд “тушунтириш” учун сабаб ва далиллар топилган, яна топилаверади.) Тўғри-да, ахир этикдўз ўша Муборак Кишини бор-йўғи деворидан итариб юборди, холос. Уни этикдўзнинг кўчасига келгунга қадар кимлар хўрламади, кимлар мазахламади-ю. Умуман, уни хўрлашга, мазахлашга нишон қилиб қўйган ҳукмни бечора этикдўз эмас, жуда “улуғ зот”лар эълон қилди-ку! Қолаверса, ҳали Муборак Кишининг қўл-оёқ суякларини синдириб, ҳар бири бармоқдек келадиган михлар қоқишни ният қилиб турган кимсалар ишга киришмаган. Муборак Кишини Тангрининг зурёди деб сиғингувчи миллионлар, миллиардлар ҳали туғилмаган. Яна қолаверса, асарнинг ўзидаёқ, этикдўзнинг ичидаёқ турибди ўша “халоскор сабаб” – “Менда ҳам айб йўқ. Ҳамма ёқда айғоқчилар изғияпти… уларнинг назарига тушмаслик учун номига бўлса-да койиб қўйишим керак. Аслида… бошқаларни хавф остига қўйиб мужда олиб келадиган киши пайғамбар бўлармиди?! Амалдорлар қилмишимни кўришди, эрта-индин суриштирувлар бошланади, жосуслар барча воқеаларни оқизмай-томизмай етказишади… ва ҳеч ким менга тегмайди…”

Ҳа, энди унга ҳеч ким тегмайди.
Бандаси не, энди ҳатто ажал ҳам унга яқинлашмайди, энди унинг лаблари то қиёмат қадар ўлим шарбатини хўплолмайди…
Шундай асарлар бўладики, уларда акс эттирилган воқеалар, уюштирилган интригалар, яратилган қаҳрамонларнинг фикру ўйи ва ҳаракати – буларнинг барча-барчаси недир бир ҳақиқатни, муаллиф ўқувчига етказмоқчи бўлган муайян бир мақсадни англатишга, изоҳлашга, юқтиришга хизмат қилади. Бундай асарларнинг анатомияси юзлаб деталлардан териб чиқилган буюмни, асбобни эслатади. Мана шу буюм, асбоб фойдаланишга, ишга яроқли бўлиши учун у ёхуд бу деталь ўйлаб топилмоғи, уларнинг қаеридандир ўз жойини эгалламоғи шарт бўлгани сингари, бояги асарнинг бош ғояси – айтилмоқчи бўлган муҳим фикр тўла-тўкис ўқувчига етиб бориши учун ҳам турли воқеалар, интригалар, конфликтлар, қаҳрамонлар уюштирилади, “териб чиқилади”.

“Боқий дарбадар” тўғрисида эса бундай деб бўлмайди. Бу романда айнан тескари манзарага дуч келамиз. Яъни унинг муаллифи (яна ҳам аниқроғи – муаллиф ижодий тафаккури) ҳозирга қадар кўрган умри давомида йиғиб-тергани, ўзига оғирлик қилган шунчалик кўп савол, зиддият, ҳикмат, ибрат, фикр, ўй-мулоҳаза, иштибоҳ, гумон, тахмин, қўрқув, ваҳм ва яна бошқа инсоният ақли, онги, туйғуси, ҳиссиётига доир кечинмалар қатламини яратадики, уларнинг ҳар бири тўғрисида алоҳида китоб битмоқ, кунлаб мунозара олиб бормоқ мумкин.

Бу ўринда асарнинг биргина эпизодик образи – Тиёншон бағридаги ғорда истиқомат қилувчи Авлиёнинг ўз ҳузурига мўъжиза кўрсатишини талаб қилиб келган, агар кўрсатмаса ўлдиражагини айтиб таҳдид қилган одамга айтган мана бу ҳикматини мисол келтириш мумкин:

“ – Сен ўзинг дунёда нима исташингни билмасанг, мен бечора банда қаердан ҳам билайин… Қара, оламда ҳамма нарса мукаммал бир тартиб билан ҳаракатланиб турибди. Баҳорда бу ердан турли-туман наботот униб чиқади. Саноғини Тангридан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунча набототнинг униши учун керак бўлган сувни томчи-томчисигача ўлчови билан булутлар олиб келиб ёғдирса, ҳатто сен қудратини кўриб ҳайратланишинг ёки эски тупроқларнинг ичидаги бор-йўқ жасадлари билан ювиб, бошқа жойларга озуқа бўлиши учун олиб кетадиган ёхуд ҳар иккаласи учун ҳам бўронлар эсса, селлар оқса… Қуёш керагича қиздирса, дов-дарахту ўт-ўланнинг чангланиши учун қанча асалари ва ҳашарот керак бўлса, шунчаси яратилса-ю гулларни чанглантиришидан ташқари яна бол ҳам тўпласа ва ўзининг мавжудлиги ва ҳаёти билан яна унинг қудратидан хабар бериб турса… Сен айтаётган мўъжиза мана шу низомга қарши равишда, шу тартибни бузиб пайдо бўладиган ҳодисадир. Айт-чи, эй Тангримнинг бандаси, биргина менинг авлиё эканимга ишонишинг мана шу низомнинг бузилишига арзийдими?… Ҳаётингнинг бошидан охиригача, гўдаклигингдан то кексайгунинггача ҳаёт ҳикматини, Унинг марҳаматини англолмасдан, унинг пардалари ортидаги сирларига бир марта боқолмасдан дарбадар кезсанг-у, сенинг бу тутуминг мўъжиза талаб қилишингга ҳуқуқ бера оладими?”

Асардан келтирилган шу биргина парчадан ҳам англашиладики, Исажон Султон ўқувчи – инсоният билан рамзлар тилида сўзлашмоқни, дарду дунёсини унга юқтирмоқни истайди… ва тўғри қилади. У яратган ҳикоя ва қиссалар мисолида айта оламизки, аслида ёзувчи анъанавий усулларда ҳам бемалол бадиий дунё ярата билади, бу юмуш унга ортиқча оғирлик туғдирмайди. (Қолаверса, айни романнинг ўзида ҳам шундай деталлаштирилган тасвир намуналари борки, улар бу фикримизни тўла тасдиқлаб турибди!) Бироқ “Боқий дарбадар” орқали билдирилмоқчи бўлган ўй, ташвиш, дардлар бадиий иншонинг айнан шу йўсинини талаб қилади. Зеро, устоз адабиётшунос Иброҳим Ғафуров суҳбатларнинг бирида тагдор-маъноли ишора қилганидек, “Энди мусича ҳақида ёзиб, дунёни қойил қолдириб бўлмайди”.

Нега?
Негаки, дунё, одамзод, худди шу Иброҳим Ғафуров яна бир суҳбатда лутф этганидек, гўзаллик, эзгулик олдидан мутлақо бепарво, беписанд ўтиб кетишни ўзининг ҳаётий аъмоли қилиб олганига анча бўлди. Ҳолбуки… ҳолбуки, тўхташ керак! Ўйни жамламоқ, қаёққа кетилаётгани, бу йўл не манзилларга олиб бориши хусусида жиддий ўйламоқ мавриди аллақачон келган.

“Йўл” дедик. Ёдингизда бўлса, машҳур гуржи режиссёри Тенгиз Абуладзе яратган “Тавба” (“Покаяние”) фильмининг охирги эпизодида кекса йўловчи аёл билан деразаси йўлга қараган ёш жувон ўртасида қисқагина шундай суҳбат кечади:

“– Бу йўл ибодатхонага олиб борадими?
– Йўқ, хоним.
– Агар олиб бормаса, бундай йўлнинг нима кераги бор?..”

Рамзий маънога тўла бу савол ҳозирги пайтда бутун инсоният бошида қуюндек айланаётганини англамаслик мумкин эмас. “Боқий дарбадар” романидан ибтидода танланган, яна ҳам тўғрироғи, Яратган томонидан белгилаб берилган саодат йўлидан одамзод улоқиб кетгани бир қавм тақдири тимсолида кўрсатилган эпизод ҳам ўрин олган:

“– Бизлар кўп йиллар аввал йўлга чиққанимизни биласан, – деди Чол, тунги йўловчига. – Сен туғилмасингдан икки минг йил аввал бошланган бу дарбадарлик. Сафар манзилини биладиганлар ўша маҳалларда дунёдан ўтиб кетдилар. Тахмин қила оладиганлар ҳам аллақачон тупроққа айланганлар, балки уларнинг зарралари ҳозир шамолга қўшилиб учиб юрган бўлса, не ажаб…”

Баъзан одамни шундай хаёл олиб қочади: қанийди худди бир оилада бўлгани сингари барча миллат ва элатларнинг ишонган вакиллари бир жойга жамланса-да, инсониятнинг ҳозирга қадар босиб ўтган йўли, эришилган натижалар ва йўл қўйилган хатоларни бирма-бир муҳокама қилишса. Шу аччиқ сабоқлардан келиб чиқиб, бугун қаёққа йўл тутилганига хушёр қараб, бу йўл инсониятни саодатга олиб бормаслиги аниқлигини эътироф этиб, кейинги наслларнинг ҳаққи-ҳурмати йўлни бошқа томонга – чинакам бахт-иқбол манзилига буриш, бунинг учун ким нима қилмоғи, қачон ва қандай қилмоғи лозимлиги келишиб олинса. Шундан кейин ҳамма лафзида туриб, бир-бирига ишониб, елкама-елка олдинда хатарли жар кутмайдиган ёруғ манзил сари юрилса…

Айтганимиздек, бу бор-йўғи бир хаёл эканига ақлимиз етади. Бироқ хаёл бўлмаган реал таклиф қани? Одамзод не фикру ўйлар, истак ва хоҳишлар етовига тушиб қолган бугун? Нафс қутқуси, оламга эгалик даъвоси, мутлақ (ҳатто Яратган ҳукмидан ҳам!) эркинлик замзамаси, ҳеч нарсадан парҳез қилмаслик аъмоли, дунёпарастликка муккасидан кетиш… буларнинг барчаси инсон зотини яна қандай айнишларга – деградацияларга дучор этади? Дунё миқёсидаги маънавий дарбадарликдан, ўзи ўтирган шохни енг шимариб арралашдек бехосият талвасадан бир нафас тўхташнинг, ўша нафасни ростлаб атрофга боқмоқнинг, яна сал ортиқча ҳаракатданоқ йирилиб кетиши тайин бўлган тириклик шохининг остида одамзодни туби кўринмас жарлик кутаётганидан огоҳ бўлмоқнинг имкони, фурсати қолдими? Инсоният тақдирига дахлдор бирор-бир масалада чин қаёқда-ю, ёлғон қайда, у ёхуд бу ҳодисанинг асл сабаби, келиб чиқиш илдизи қаерда, дунё миқёсида бўлаётган адолатсизликлар, хунрезликлар, босқин ва таловлардан кимлар манфаат кўради-ю, ким оғзини очиб томошабин бўлганига-да хурсанд… – аниқ жавоб қолмаган, бу жавобни аниқлаштириш имкони ҳам йўқ қилиб юборилган бу замон унинг эгаларимиз деб юрган ва келажак зурёдларни қандай фалокатлар сари улоқтиради?

Мутолааси фикру ўйимизга оғир тош бойлаб, худди шундай оғир саволлар гирдобига ташлаган “Боқий дарбадар” романи, айтилганидек, диққатимизни бирор ҳаётий воқеанинг, у ёхуд бу қаҳрамон тақдирининг эпик бадиий талқинига эмас, балки қисмати қил устига келиб қолган одамзод наслининг кечаги ибратли, бугунги бошбошдоқ ва эртанги билиб бўлмас тақдирига шахсан дахдорлик масаласига қаратади.

Бироқ фақат дахлдорликни ҳис қилмоқнинг ўзи етарли бўлганда-ку, масала бу қадар чигаллашиб кетмас эди. Ҳамма гап инсоният аталмиш яхлит организмни ташкил этган, бир қараганда бу гигант организм миқёсида мутлақо кўзга кўринмас зарра ҳисобланмиш ҳар бир одамнинг ўша азалий савол қаршисидан кўз юмиб қочмаслигида, тирикчилик номини олган одамхўр агрегатга бош-оёқни жуфтлаб шўнғиш мажбуриятини бир муддат енгиб, “Мен кимман?” деган сўроққа бошни тик тутиб жавоб беришида қолган. Бу миллиард жавоблар эса оғриқсиз, ҳижолатпазликсиз, армонсиз, вовайлосиз кечмаслиги тайин. Худди шу туфайли ҳам ўша миллиард бош бир жойда қовушмайди, азалий савол ёнидан силлиққина сирпаниб ўтишга, яхшиси бояги агрегат домига бош-кет билан шўнғиб ўзни чалғитишга ҳаракат қилинаверади.

Мана шу шароитда ўзбек ёзувчиси ўзга қитъадаги дарддоши – Габриэл Гарсиа Маркес тилидан нажотнинг бир толасига ишора қилмоқчи бўлади:

“Ўзингга яқин инсонларни қўллаб-қувватла, қулоқларига сенга қанчалар керак эканликларини шивирлаб айт, уларни эҳтиёт қил, “афсус”, “мени кечир”, “раҳмат” ва “марҳамат” деган сўзларни ва ўзинг билган ҳамма хуш каломларни айтиш учун вақт топ. Ҳеч ким сени фикрларинг боисгина эслаб ўтирмайди. Парвардигори Оламга, ҳиссиётларингни тилингга чиқара олишинг учун донолик ва куч-қувват сўраб илтижо қил…”

Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романи бир мақола доирасида таҳлилу талқин этиш мушкул бўлган асарлар сирасига кириши аниқ. Ҳозирча фақат шу нарсани айтиш лозимки, дунё, одамзод тақдири борасида жиддий ўй суришга қуввати етадиган бу ёзувчи ўз тафаккурида, кўнглида тўлиб-тошаётган фикрларини, ҳиссиётларини тилига чиқаришда донолик ва куч-қувват касб этиб бормоқда. Миллий адабиётимиз учун энг муҳими, бизнингча, мана шу жиҳатдир.

Дарвоқе, суҳбатимизни Ҳазрат Навоийнинг талқину таҳлили ниҳоятда мураккаб бадиий олами тўғрисидаги мулоҳаза билан бошлаган эдик. Унинг ниҳоясида ҳам мутафаккир бобомиз мисраларини ёдга ола қолайлик:

Сўзим хўб эрса раҳмат айла ҳамроҳ,
Вагар дедим ёмон: астағфируллоҳ…

xdk

(Tashriflar: umumiy 145, bugungi 1)

Izoh qoldiring