Javlon Jovliyev. Rauf Parfi va Turkiston

09Устоз Рауф Парфи таваллудининг 75 йиллигига

    Бу ҳали қуёш юксак тоғлар узра бош кўтармаган, қадим миноралар устига ин қурган лайлакларнинг марварид кўзларида сузмаган, булбуллар оҳангига жўр бўлмаган, булоқнинг тиниқ сувига қўшилиб оқмаган бир онда содир бўлади. Оппоқ қушларим покиза осмон бағрида Афросиёб ҳақидаги қадим қўшиқларни куйлаб, у ҳақдаги орзуларимни оламга сочади, барчага жар солади. Турон учун… Туркистон учун…

Жавлон ЖОВЛИЕВ
РАУФ ПАРФИ ВА ТУРКИСТОН
Назмий эссе
07

   09Жавлон Жовлиев 1991 йили Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунослик журналистика йўналишини бакалавр ва магистратура босқичини тамомлаган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири.
2017 – Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари иштирокчиси. “Исҳор” Миллий ёш ижодкорлар танловининг ғолиби.

— Ортингда ёнаётган қуёшми, болам?
— Йўқ, она, бу ўша қадим Туркистон.

Радди бало бўлсин Туркистонга деб ҳар тонг минглаб оппоқ кабутарларларни мовий осмон бағрига учираман… Улар қанот қоқиш олдидан қўлларимда питирлаб, кўкка боққанча эрк ва шон, ҳайрат ва само истаб тўлғонишади, юраклари тез-тез, гупиллаб уриб бармоқларимни ўзидан итаришади, мендан озодлик исташади. Оҳ, оппоқ қушларим қувлашмачоқ ўйнашгандай тезда мовий осмон бағрига сингиб кетади. Шунда бир дам кўкни оппоқ кабутарлар булути тўсиб қўяди.

Илоҳим, улар Радди бало бўлсин Туркистонимга!

Бу ҳали қуёш юксак тоғлар узра бош кўтармаган, қадим миноралар устига ин қурган лайлакларнинг марварид кўзларида сузмаган, булбуллар оҳангига жўр бўлмаган, булоқнинг тиниқ сувига қўшилиб оқмаган бир онда содир бўлади. Оппоқ қушларим покиза осмон бағрида Афросиёб ҳақидаги қадим қўшиқларни куйлаб, у ҳақдаги орзуларимни оламга сочади, барчага жар солади. Турон учун… Туркистон учун…

Сизга танишми бу номлар, жиловдош?

Келинг, оппоқ қушларимга ишонмасангиз, Ватан ҳақида бир чўпчак тўқий… Қовоқ осиб қарашингиздан ёлғону хиёнатдан кўп куйганга ўхайсиз… Худди, мен каби, Турон каби… Туркистон каби…

Жиловдошим, ҳар кимнинг кўксидаги юрак бир кун уришдан тўхтаганидек, ҳақиқатга қўйилган тўр ҳам шаксиз ситилади. Ўлим тирик жонлар билан ҳазиллашмаганидек, ҳақиқат ҳам ҳазилларни ёмон кўради. Келинг, нима бўлса бўлар, рост гапдан бошлайлик… Демак, Туркистондан бошлаймиз… Келишдик-а?!

Ғарбдаги Рум деган мамлакатни эшитганмисиз, худди ўша жойлардан Шарқда Чиннинг ичигача бўлган ҳудудларда туркий уруғ ва қабилалар азал-азалдан яшаб келган. Бу ерлар Турон, Туркистон деб аталаган… Тўғри, мен сизга кўҳна гапларни айтяпман, аммо чин сўзлаяпман.

Жиловдошим, яраларингизни очиб қўйишимдан қўрқманг. Қайтанга, уларни қуёшга тутинг… Гапларимни охиригича эшитинг.

Қадим китобларда туркий халқларининг номлари ўзлари каби кўп-хўп ёзилган… Номлар ва бўлинишлар борасида бирор халқ туркларга тенг келолмаса керак. Кўпига ҳозир тилимиз ҳам келишмайди… Қипчоқ, оғиз, емак, бошқирд, басмил, қайи, ябақу, татар, қирғиз, чигил, тўхси, яғмо, уғроқ, чаруқ, чўмил, уйғур, тунгтун, хитай… бўлди, бўлди… Ана кўрдингизми, бу уруғларни санаб адоғига етиб бўлмайди… Аммо бари-бирдир, қўл ва бармоқлар каби, сиз ва мен, тоғ ва булоқ каби. Ҳозир уларнинг номи бироз ўзгарган, жиловдошим, қисматлар каби, тақдирлар каби халқларнинг тутумлари ҳам ўзгариб туради…

Бу замин қадимдан душманнинг кўзига жаннат, туркий ўғлонлар учун шавкату шон, ялов бўлган…

***

Кутилмаганда ноғоралар чалинди. Қийқириқлар, ваҳималар кўтарилди… Атрофни болалар йиғиси ва оналар фарёди тутиб кетди. Бошимизга дўл каби олов, адоқсиз ўқлар ёғилди… “Душман, душман!”, деб ҳамма оҳ уриб, нажот қидира бошлади, қўлларга қилич олинди. Кимдир бола-бақрасига, аллаким мол-мулкига ёпишди.

Мен эса, кўксимга Туркистонни яширдим, жиловдошим!

Ўзи бу душман изғирини, бу шафқатсиз тўфонлар юртим бошига қаердан ёғилганлигини билмайман. Олов шамол билан келдими ё шамол оловга айландими, англолмай қолдик, жиловдошим! Мудраётган эдик, ўтовимиз ичига чанг кирдию, инсон ичига кириб олган шайтон каби аччиқ ўтга айланди. Шунда менинг қадим юртимни фалокат тутди. Бу олов шамоли, олов ёмғири эди. Ҳаммаёқни ёндириб, кул қилгач, кейин куюндини-да музлатиб ташлашди…

Қора музга айланди олтин ўлкам!
Ҳамма нарса ёнди, қушлар ҳам, булутлар ҳам…

Кўксимдаги яловим билан мен зўрға омон қолдим, жиловдошим! Қисматим ва қисаматдошларим қатлиом этилди… Уни асраш, ҳа, фақат Уни асраш учун омон қолдим.

Китоблар ёниб кетди, тарих кулга, сўнг музга айланди. Ўн минг йиллик йиллик китобларим бор эди, сақлаб қололмадим…
Аламли хотирам билан ёлғиз қолдим, жиловдошим… Шафтолиранг оламнинг тўғри келган тарафига қараб от солдим. Улар ҳамон мени таъқиб қилишмоқда, мен эса қочмоқдаман.

***

Эй, жиловдошим!
Кабутарларим кўкдан туриб Жайҳун ва Сайҳуннинг оқишини томоша қилади… Қандай гўзал манзара… Оҳ, улар, икки қўлимдаги икки йўғон томиримдай қайнаб оқади, азал оққан, ҳамон оқади.

Бу икки дарё, бу икки томирлар ораси оламнинг қадим цивилизация маркази бўлган. Тигр ва Евфрат дарёлари орасида шаклланган маданиятлари каби улуғдир. Уларники Шумер, Аккад, Бобил бўлса, бизники Турон, Туркистондир. Бу маскан бутун туркларга Ота Ватандир.

***

Ортимдан таъқиб этарлар, жиловдошим!

Душманнинг оловли шамолларга айланган қўшини кўксимни нишонга олган. Улар оддий одамларга мени кўриш, тинглаш ва ҳатто жулдур кийимларимни томоша қилишиларини ҳам таъқиқлаб қўйишган. Улар олтин водийларимнинг кулга айланиб, музлатилгани ҳақида айтишимдан қаттиқ чўчишади.

Уларнинг орзуси – қўлимдаги куйган китобларни, кўксимдаги ватанимни суғириб олмоқ. Бу билан менинг эр-йигитлик ғуруримни ҳам қовурмоқчи, осмоқчи бўлишар. Иншааллоҳ, уларнинг совуқ орзулари армон билан туғилиб, армон билан кетар.

Аммо, жиловдошим, узоқ сарсон бўлдим. Мадорим, кучим қолмади. Бир ойдурки очман, ташнаман… Бунинг устига отим ўлди, аламдан ўлди…

Елкамга хуржиним ташлаганча Қадим Турк саҳроларидан пиёда ўтдим, боболарим каби, момоларим каби… На гиёҳи, на илони, Ё раб, на подшоҳи бор эди.

Мен йўлда отсиз қўйишди, отсиз, жиловдошим!

***

Абут-Турк Алп Эр Тунга тарихдан қадим ҳикмат эмас, қадим ҳақиқатдир. Мунис тилимиз каби жонли, онамиз каби мушфиқ, меҳрибондир. Кел, сенга шу ҳақда, Туроннинг асл ўғлони ҳақида сўзлайин…

Хитойликлар пишиқ келади. Улар бутун бошли шаҳарларни ёқиши мумкин, одамларни ёқиши мумкин, аммо қоғозларни ёқмайди. Қоғоз, бу – тарих. Қоғоз, бу –келажак. Улар бекорга қоғозни ўйлаб топишмаган, ғурур муҳрланиши учун қоғоз яралган…

Биз эса душман қолиб, энг аввал тарихга ёпишамиз, биринчи тарихни ўлдиришга уринамиз. Гуё шу билан қилган ёвузликларимиз ўчиб кетадигандай. Анойиларча, соддаларча шундай қиламиз, жиловдошим!

Хитойликлар туркларни доим кузатган, ўрганган ва бўлиб ўтган воқеаларни муттасил ёзиб борган. Чунки Хитой давлатининг асосий ҳудуди туркий давлатларга чегарадош бўлиб, улар империяга катта хавф ҳам саналган. Хавф бор жойда ақл ишлатмаслик, ҳалокат келтиради. Уларнинг-да аламли кунлари бўлган, бир-бирини чаён каби чаққан онлари бўлган, аммо бир ҳукмдор келиб, “тарих мендан бошланади” деб даъво қилмаган, ўзидан аввалги тарихга қилич тортмаган. Тарихни зўрламаган. Шунинг учун Хитой авлодлари тарихи билан ҳам мақтана олади…

Бугун хитой манбалари тилга кираркан, Турон, Туркистон деган оҳанглар – ғурурли сўзлар янграйди. Хитой ҳужжатларининг энг қадимгиларида ҳам Туркистон номи учрайди. Беш минг йиллик манбалар бизга Турон ҳудудини тавсиф ва таъриф қилади. Турон шавкатини, аслида, хитой маданиятидан анча кексароқдир. Сақланган манбалар Туроннинг буюклигига тан беради. “Тарих ўчмайди”, деганлари ҳам шудир-да!

Турон ҳудуди у пайтлар-да жуда катта эди. Туркий уруғлар Тинч океанидан Ўрта Ер денгизигача, Шимолий муз океанидан Тибет ва Ҳимолай тоғларигача, Анатолийдан Шимолий Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларда тарқалган эди. Аммо улуғ бир давлат йўқ эди, бир бошчи йўқ эди.

Туркийлар уруғ-уруғ бўлиб яшашар, жанглардан сўнг ким ғолиб келса, шу уруғнинг номи билан умумий давлат аталарди.

Скифлар, аланлар, хунлар, хазарлар, ўзлар, команлар, татарлар шулар жумласидандир. Уларнинг бари бир илдизга бориб тақалади. Шу илдиз умумий жондир!

Ва ниҳоят Туркистон осмонида бир қуёш порлайди. Аждодлар шавкатини тиклайди. Туронликлар кўксига бир нур инади. Бутун турк уруғ ва қабилаларини бирлаштириб катта давлат барпо этиди. Бу давлатга Алп Эр Тўнга – бизнинг буюк туркий хоқон асос солади. У бизнинг миллий қаҳрамондир. Алп Эр Тўнга миллоддан аввалги VII асрда биринчи марта туркий халқлардан иборат улкан империя қуради. Душманларни яксон, уруғларни бир қилиб, катта ва қудратли давлат барпо қилади. Алп Эр Тўнгани форслар, Афросиёб, яъни “Қора от” деб аташган. Улар Алп Эр Тўнганинг кучига қанчалик тан беришмасин, уни кўролмас, Туроннинг бирлашиши улуғ форс давлатига зарар етказишидан қўрқишарди.

Эй жиловдошим, бу олам яралибдики, ҳар он туркларнинг бирлашишидан қўрққанлар, бундан қаттиқ чўчиганлар. Чунки улар бирлашсалар бари Алп Эр Тўнгага – миллат қаҳрамонига, енгиб бўлмас йўлбарчга айланарди. Тўнга йўлбарс, йўлбарсдай кучли, бақувват, қоя каби қўпорилмас баҳодир деган маъноларни ҳам англатарди. Алп Эр Тўнга довюрак, шиддаткор, душманга аёвсиз, дўстга ва миллатига содиқ подшо эди. Эл-юрт фуқаро унинг даврида мард ва заковатли подшоҳ қандайлигини кўрган эди, билган эди.

***

Жиловдошим, чопиб кетяпман-у, шу онда ҳам, таъқибчиларнинг аламли саволларига жавоб беришга мажбур эдим. Бу менинг учун оғир синов эди.

Улар савол беришар, мен жавоб берардим.

— Отанг ким?
— Бир гумроҳ

— Онанг ким?
— Бир сўқир…

— Кимнинг боласисан?
— Туркистоннинг…

— Етиммисан?

Адашиб қолгандим, савол берувчиларни-да танимадим. Ухламоқчийдим, ухлатишмади. Кейин қувондим, ахир, уйқуни ҳис қилиб ётса ҳам бўлади-ку! Мен чопаётиб ухлашни ўргандим, жиловдошим! Кўксимдаги Ватанни омон сақлашим керак эди, шунинг учун шамолга осилиб яшашни ўргандим.

***

Жиловдошим, Алп Эр Тўнга икки дарё ўртасидаги туркий қабилаларни бирлаштиргач, Шарқдаги уйғурлар ҳамда Иртиш дарёси бўйидаги барча туркий қавмларни ўз давлатига қўшиб олади. Форс давлатининг доимий ҳужумларидан безор бўлган Алп Эр Тўнга Эронни ҳам босиб олади ва шу тариқа Осиё ва Европа қиталарида яшаган туркий уруғ ва қабилалардан иборат улкан ва қудратли давлатга асос солади. Туркистон ялови осмон кўксига ўрнатилади. Бу даврда Турон, Туркистон номи турли тилларга, нав-ниҳол дилларга, туркларнинг қизил қонларига, оловли шамолларга, баланд чўққиларга, мўътабар тупроққа, озод руҳ ва ҳавога сингиб, бирлашиб кетади. Энди уни ҳеч ким бу заминдан ажратолмасди.

***

Қаён қочмай соя каби таъқиб қилдилар, жиловдошим! Бир Туйғунинг ҳам шунчалар қимматли ва оғир эканлигини билмаган эдим… Улар бу Туйғуни ўлдирмоқ учун катта қўшин ҳозирлашганди. Ҳар қаёқда қафаслар, қора деворлар тикланган эди. Овозимни бўғиш учун осмонлар сотилди. Аммо мен бўш келмадим. Қадим излар бўйлаб чопавердим, тўхтамадим …

Хотиротни титиб кўрдим. Биз қандай душманга маҳв бўлдик… Эсга тушди эски даҳшатлар…

Тинч пайтлар эди, бир кун эл бошига душман келиб алла айтаётганини кўриб қолдим.

— Эй сен, қайси тилда алла айтяпсан?
— Туркийда

— Бундан мақсадинг не?
— Туркистонни ухлатмоқ…

— Илоҳим, бу сўзинг кўзингга мил каби тортилсин…

Қисматни ҳаммага айтдим. Ҳеч ким тингламади, кейин оловли изғирин Туронни қамраб олди. Мен Уни асраб қолиш учун омон қолдим…

Аммо баъзи кунлар, жиловдошим, аламдан, азоблардан ўлимимга рози бўламан. Ахир, мен ҳам тинчгина ўлишим ва ёки одамлар қатори музлашим мумкин эди-ку! Нега мен тирик қолдим, нега? Худога ёлвордим, шаккоклик қилиб, ўлим истаб… Негадир унинг қаҳри келмади, шабадалар қулоғимга пичирлади: “Номаълум ҳар жойда қурилган доринг”…

Номаълум… ҳар жойда дор бор… Унгача кўксимдаги Кучни асраб қолишим қисматиммикан?!

***

Турк халқларини тарихнинг зарварақларидан ўчиришга ёки уларни камситишга уриниш ҳар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади-ёв, жиловдошим,

Алп Эр Тўнгадан сўнг ортиқ турк уруғлари бирлашмаслиги учун катта кураш кетган. Қанча-қанча олимлар бунинг учун тунлар ухламай бош қотирган. Бу мард элнинг, мардлигидан доим фойдаланганлар. Ҳатто, вақт ўтиб, Алп Эр Тўнга, яъни Афросиёбни тарихий шахс сифатда йўқотишга ҳам уринишган. Бу зотни “тарихда бўлмаган”, “у – бир афсона”, “тўқиб чиқарилган чўпчак” деган қарашлар шундан пайдо бўлган. Бундай қарашларни мияларга сингдирмоқ учун ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзилган. Ачинарлиси, бунга туркийларнинг ўзи ҳам ишона бошлашган. Бу эса ўғилнинг отани танимай қолиши, деганидир. Биз миллий қаҳрамонларимизни жуда арзон сотувчи халқмиз! Эй жиловдошим, не кунларни кўрмадик, не балоларни…

***

Олтой тарафларда хуржунимдан айрилдим. Куйган китобларим кулини боболар хоки ётган мозорларга сочдим. Фақатгина юрагимга Туркистонни кўмиб олиб, яна йўлга тушдим… Иртиш, Волга бўйлари томон чопиб кетдим… Сўнг Шарқий Европага ўтиб қолибман. Ўша ерга ҳам изғирин ортимдан қувиб келди. Кейин Ғарб томон сакрадим, чопиб кетавердим ҳолдан тойиб йиқилгунимча… Билмайман қаерга етарман… Боболарим босган изларнинг оҳангини бир илғаб, бир илғамай кетавердим…

Эҳ, жиловдошим, қақшатқич зарбалар бериб бору йўғимни тўзғитиб ташлашди. Аммо мен тўхтамадим, сарҳадлар ошдим, ҳар ёнга тўзғиб кетдим турк халқлари каби. Яна бироз чопиб Кичик Осиёга, у ерда бирдам тургач, кейин яна Ғарбий Сибирга келиб қолибман. Ҳолдан тойиб, ётиб қолдим.

Харобман, неча кундан бери туз тотганим йўқ, қоним ҳам музлаб қолгандай эди. Тамом бўлганимга кўндим, аммо таслим эмас, жиловдошим… Қаердандир билакларимга куч инди. Мен осилиб тоққа чиқмоқчи бўлдим. Аммо кучим етмай, сулайиб ётиб қолдим. Аҳволимни кўриб одамлар кулишди, баъзилар нега куюб-ёнганимни англаб бошларига кўтаришди. Кимдир шапалоқлаб урди, кимдир оппоқ, нозик қўллари билан қонталаш юзимни чайиб қўйди.

Энг ёмони, оч қорин ва ҳароб аҳволда уларнинг саволларига жавоб бериш керак эди. Ёшлигимдан одатим бор, ҳеч кимга нописанд қарай олмайман.

— Бу ерларда нима қилиб адашиб юрибсан?
— Қочиб келяпман…

— Кимдан…
— Изғириндан…

— Совуқдан тоққа қочасанми, аҳмоқ! Музлаб қолгандирсан?
— Тоғнинг тепасига чиқишни истайман…

— Жинни-пиннимасмисан, шундай совуқда тоғда нима бор?
— Минг марта чақиришим керак, минг марта…

— Нимага?
— Уйғотмоқчиман…

— Кимни…
— Туркистонни…

***

Жиловдошим, бизнинг кўзимизни авраб, қаҳрамонсиз халқ қилмоқчи бўлди. Алп Эр Тўнга, яъни Афросиёб деган улуғ номни фақат жой номларига буркаб, афсона сифатида ўқитишди. Аммо танадаги қон рангини ўзгартириб бўлмаганидай тарихни-да ҳеч ким ҳеч қачон ўзига мос рангга бўяй олмайди. Булутлар тарқагач, қуёш нур сочган каби, тарих ҳам ўзини ошкор этади, фош этади.

Жиловдошим, Алп Эр Тўнгани жангда биров енголмасди. Шунинг учун форс қўшинлари ҳийла қилишди Милоддан аввалги 630 йили Турон ва Эрон қўшинлари ўртасидаги қақшатқич жанг бўлиб, унда Алп Эр Тўнга ғалаба қозонади. Кайхусрав қўшини тор-мор этилади. Жангдан сўнг сулҳ ноғоралари чалинади. Мағлублар ғолибларга ялтоқланиб, зиёфатга чорлашади. Алп Эр Тўнгга ҳар жангда минглаб одамлар ўлаётганидан азият чекиб, дўстлик шаробидан ичишга рози бўлади. Аммо форсларнинг бу “дўстлиги” заҳар бўлиб, Туркистон узра сачрайди. Бобомиз хиёнатдан нобуд бўлади. Шунинг билан бирлашган турк давлатининг енгилмас қўшини парокандаликка учраб дунёнинг турли томонларига тарқаб кетади. Кейинчалик борган жойларини обод қилиб, у ерларда ўзларининг улкан империяларига асос солади.

Эй, жиловдошим, буюк қаҳрамонимиз Алп Эр Тўнга ҳам хоинликдан ҳалок бўлган… Унинг ўлимидан туркий олам ларзага тушган. Одамлар бўри каби увлаб, кўзлари кўр бўлгунча йиғлашган. Айтишларича, Бухоронинг Маъбад дарвозаси ёнидаги тепаликда Афросиёб бобомизнинг қабри бор. Бу ерда Турон элининг шавкати кўмилгандай… Аммо бу қабр ҳамон топилмаган, кейин руҳини ҳам қаердадир тушириб қолдирдик…

Жиловдошим, сенга яна нималарни айтай?..

Қаҳрамоннинг руҳи ҳам ўлдирилганлиги, руҳларнинг ҳам қафаслангани ҳақидами? Нималарни билишни, тинглашни истайсан?

Ё тарих китобларини куйдирган хонлардан сўзлайми? Тинглаш оғирми?

Яраларинг оғрияптими, Жиловдошим?

Ҳа, сенга босқинчиларининг яшнаб турган Туркистонни қандай вайрон қилганидан айтай… Қадим боболаримизнинг кўзларидан кўрқиб, девордаги суғд суратларини-да чопишганини айтай… Ё деворларни қандай сўйиш, дарахтларни дорга осишн қандай бўлишини кўрсатиб берайми?

Меҳробимдан сўзлайми ё иссиқ товоғимдан, жиловдошим?

Самандар жонли бу халқнинг кўрмаган куни, эшитмаган дўқлари қолмаганга ўхшайди…

***

Яна куч топиб, чопиб кетавердим, кетавердим, ахир, уни асраб қолишим керак, асрашим, тушуняпсанми, жиловдошим… Масхара қилишса ҳам, дарвеш, гўрсўхта, ёки даҳо десалар ҳам менга фарқ йўқ… Менинг ёлғиз умид ва оҳангим – кўксимдаги Туркистондир.

Изғирин олов қувмоқда, шошилиш керак… Уни омон асрашим керак.

***

Жиловдошим, хонликларга бўлдилар, бўлиндик, босиб келишди, босилдик… Ўғлонлар ўлиги душманга кўрпача бўлди… Алп Эр Тўнга, Улуғ Туроннинг узун бўй, кенг елкали йигитлари устига чиқиб пешоб тўкдилар, биз эса нотовон бир-биримизни кузатдик…

Туркистоннинг эшиклари олтиндан эди, амирлар уни қўпориб, туяларга жойлаб қочиб кетди. Бедарвоза қолди, Туркистон! Аммо билмадилар, жиловдошим, ватансиз ўлиш, икки марта ўлиш эканлигини…. Билмадилар, билмайдилар, жиловдошим, билмайдилар…

***

Йўқ, йўқ, жиловдошим!

Қаён ва яна қанча таъқиб қилишларини билмайман.

Душманим кўксимга қўл солиб, юрагимни суғириб, ундан ватанимни олмоқчи! Аммо мен қанчалик ҳолдан тойган бўлмай, Ватанимни ўз руҳим билан олиб кетишга тайёрман…

Ахир руҳим Туркистон руҳи билан қовушиб, бирлашиб парвоз қилишни истайди, эркин ва озод, Сирдарё ва Амударё каби тинмай оқишни истайди, жиловдошим.

Нега жимсан, жиловдошим? Наҳот, руҳимни-да қафасга солиб, банди қилмоқ истайсан…

Таъқиб қилар мени изғирин, олов…

***

Жиловдошим, 1924–25 йиллар шўровийларда Туркистондан бир Алп Эр Тўнга чиқиб, босилган ва топталган жойларнинг ҳаққин талаб қилишидан ва бирлашган мустақил давлат барпо этишидан қўрқиб, “миллий чегараланиш” тадбирини ўтказдилар. Бунга кўра Туркистон бўлакларга бўлиниб кетди. Худди осмондан сочқи отгандай душманнинг оч итларига шафқатсиз таландик.

Душманлар “Туркистон” деган деган шараф бир “қора сўз” каби англаб, ўз луғатларидан ўчирдилар. Қадим Турон оҳангларига қулоқ тутинг, юрак куяди, юрак, жиловдошим…

Ҳа, айтганча, “Туркистон кимларнингдир кўксига кўмилиб, омон қолган” деган қарашлар ҳам йўқ эмас… Аммо кимнинг кўксига жойлашгани номаълум. Туркистон ҳар кимнинг юрагига сиғавермайди-ку, ахир. Унинг учун катта юрак керак.

***

Сотсанг, бир кун мени сен сотасан, жиловдошим…
Ҳа, менинг эрким ҳам, қафасим ҳам – сен.

Сотқинсан, Жиловдошим… Аммо бўғзимда жоним қотади. Шунда ҳам, билиб қўй, тоғнинг энг баланд нуқтасига чиқиб, ҳар кун, ҳар тонг минг марта бақириб чорлайман Туркистонимни. Минг марта чорлайман Туркистонимни…

Осмонга зорланган менинг овозим – минг битта бўлакка бўлинган ёруғ Туроним!

Сен эса мен асраган ва қўриқлаган юрагимни титкилайсан, қидирасан, аммо тополмайсан Туркистонимни…

Аллақачон руҳим Туркистон руҳи билан бирлашиб кетди.

Жиловдошим, сен менинг ёлғиз оҳангим, умримнинг кўксида қолган шеъримсан, қисматимсан!

Сен менинг ажалим, менинг ҳаётимсан!
Эшит мени, сенга ўзингни эслатдим…

Қўрқиб кетма, Жиловдошим , чунки сенинг ўзинг Турон, Туркистонсан. Жаҳонга қудрату кўрксан, Жиловдошим! Сен менинг мангу шеърим – Туркистонсан!

***

Радди бало бўлсин Туркистонга деб ҳар тонг минглаб оппоқ кабутларларни мовий осмон бағрига учираман… Улар қанот қоқиш олдидан қўлларимда питирлаб, кўкка боққанча эрк ва шон, ҳайрат ва само истаб тўлғонишади, юраклари тез-тез, гупиллаб уриб бармоқларимни ўзидан итаришади, мендан озодлик исташади. Оҳ, оппоқ қушларим қувлашмачоқ ўйнашгандай тезда мовий осмон бағрига сингиб кетади. Қанотлар бирлашиб кўкни бир дам оппоқ кабутарлар булути тўсиб қўяди.

Илоҳим, улар Радди бало бўлсин Туркистонимга!

Ustoz Rauf Parfi tavalludining 75 yilligiga

   Bu hali quyosh yuksak togʻlar uzra bosh koʻtarmagan, qadim minoralar ustiga in qurgan laylaklarning marvarid koʻzlarida suzmagan, bulbullar ohangiga joʻr boʻlmagan, buloqning tiniq suviga qoʻshilib oqmagan bir onda sodir boʻladi. Oppoq qushlarim pokiza osmon bagʻrida Afrosiyob haqidagi qadim qoʻshiqlarni kuylab, u haqdagi orzularimni olamga sochadi, barchaga jar soladi. Turon uchun… Turkiston uchun…

Javlon JOVLIYEV
RAUF PARFI VA TURKISTON
Nazmiy esse
07

Javlon Jovliyev 1991 yili Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanida tugʻilgan. Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat institutining sanʼatshunoslik jurnalistika yoʻnalishini bakalavr va magistratura bosqichini tamomlagan. Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi nashriyoti muharriri.
2017 – Respublika yosh ijodkorlarining anʼanaviy Zomin seminari ishtirokchisi. “Isʼhor” Milliy yosh ijodkorlar tanlovining gʻolibi.

21— Ortingda yonayotgan quyoshmi, bolam?
— Yoʻq, ona, bu oʻsha qadim Turkiston.

Raddi balo boʻlsin Turkistonga deb har tong minglab oppoq kabutarlarlarni moviy osmon bagʻriga uchiraman… Ular qanot qoqish oldidan qoʻllarimda pitirlab, koʻkka boqqancha erk va shon, hayrat va samo istab toʻlgʻonishadi, yuraklari tez-tez, gupillab urib barmoqlarimni oʻzidan itarishadi, mendan ozodlik istashadi. Oh, oppoq qushlarim quvlashmachoq oʻynashganday tezda moviy osmon bagʻriga singib ketadi. Shunda bir dam koʻkni oppoq kabutarlar buluti toʻsib qoʻyadi.

Ilohim, ular Raddi balo boʻlsin Turkistonimga!

Bu hali quyosh yuksak togʻlar uzra bosh koʻtarmagan, qadim minoralar ustiga in qurgan laylaklarning marvarid koʻzlarida suzmagan, bulbullar ohangiga joʻr boʻlmagan, buloqning tiniq suviga qoʻshilib oqmagan bir onda sodir boʻladi. Oppoq qushlarim pokiza osmon bagʻrida Afrosiyob haqidagi qadim qoʻshiqlarni kuylab, u haqdagi orzularimni olamga sochadi, barchaga jar soladi. Turon uchun… Turkiston uchun…

Sizga tanishmi bu nomlar, jilovdosh?

Keling, oppoq qushlarimga ishonmasangiz, Vatan haqida bir choʻpchak toʻqiy… Qovoq osib qarashingizdan yolgʻonu xiyonatdan koʻp kuyganga oʻxaysiz… Xuddi, men kabi, Turon kabi… Turkiston kabi…

Jilovdoshim, har kimning koʻksidagi yurak bir kun urishdan toʻxtaganidek, haqiqatga qoʻyilgan toʻr ham shaksiz sitiladi. Oʻlim tirik jonlar bilan hazillashmaganidek, haqiqat ham hazillarni yomon koʻradi. Keling, nima boʻlsa boʻlar, rost gapdan boshlaylik… Demak, Turkistondan boshlaymiz… Kelishdik-a?!

Gʻarbdagi Rum degan mamlakatni eshitganmisiz, xuddi oʻsha joylardan Sharqda Chinning ichigacha boʻlgan hududlarda turkiy urugʻ va qabilalar azal-azaldan yashab kelgan. Bu yerlar Turon, Turkiston deb atalagan… Toʻgʻri, men sizga koʻhna gaplarni aytyapman, ammo chin soʻzlayapman.

Jilovdoshim, yaralaringizni ochib qoʻyishimdan qoʻrqmang. Qaytanga, ularni quyoshga tuting… Gaplarimni oxirigicha eshiting.

Qadim kitoblarda turkiy xalqlarining nomlari oʻzlari kabi koʻp-xoʻp yozilgan… Nomlar va boʻlinishlar borasida biror xalq turklarga teng kelolmasa kerak. Koʻpiga hozir tilimiz ham kelishmaydi… Qipchoq, ogʻiz, yemak, boshqird, basmil, qayi, yabaqu, tatar, qirgʻiz, chigil, toʻxsi, yagʻmo, ugʻroq, charuq, choʻmil, uygʻur, tungtun, xitay… boʻldi, boʻldi… Ana koʻrdingizmi, bu urugʻlarni sanab adogʻiga yetib boʻlmaydi… Ammo bari-birdir, qoʻl va barmoqlar kabi, siz va men, togʻ va buloq kabi. Hozir ularning nomi biroz oʻzgargan, jilovdoshim, qismatlar kabi, taqdirlar kabi xalqlarning tutumlari ham oʻzgarib turadi…

Bu zamin qadimdan dushmanning koʻziga jannat, turkiy oʻgʻlonlar uchun shavkatu shon, yalov boʻlgan…

***

Kutilmaganda nogʻoralar chalindi. Qiyqiriqlar, vahimalar koʻtarildi… Atrofni bolalar yigʻisi va onalar faryodi tutib ketdi. Boshimizga doʻl kabi olov, adoqsiz oʻqlar yogʻildi… “Dushman, dushman!”, deb hamma oh urib, najot qidira boshladi, qoʻllarga qilich olindi. Kimdir bola-baqrasiga, allakim mol-mulkiga yopishdi.

Men esa, koʻksimga Turkistonni yashirdim, jilovdoshim!

Oʻzi bu dushman izgʻirini, bu shafqatsiz toʻfonlar yurtim boshiga qayerdan yogʻilganligini bilmayman. Olov shamol bilan keldimi yo shamol olovga aylandimi, anglolmay qoldik, jilovdoshim! Mudrayotgan edik, oʻtovimiz ichiga chang kirdiyu, inson ichiga kirib olgan shayton kabi achchiq oʻtga aylandi. Shunda mening qadim yurtimni falokat tutdi. Bu olov shamoli, olov yomgʻiri edi. Hammayoqni yondirib, kul qilgach, keyin kuyundini-da muzlatib tashlashdi…

Qora muzga aylandi oltin oʻlkam!
Hamma narsa yondi, qushlar ham, bulutlar ham…

Koʻksimdagi yalovim bilan men zoʻrgʻa omon qoldim, jilovdoshim! Qismatim va qisamatdoshlarim qatliom etildi… Uni asrash, ha, faqat Uni asrash uchun omon qoldim.

Kitoblar yonib ketdi, tarix kulga, soʻng muzga aylandi. Oʻn ming yillik yillik kitoblarim bor edi, saqlab qololmadim…
Alamli xotiram bilan yolgʻiz qoldim, jilovdoshim… Shaftolirang olamning toʻgʻri kelgan tarafiga qarab ot soldim. Ular hamon meni taʼqib qilishmoqda, men esa qochmoqdaman.

***

Ey, jilovdoshim!
Kabutarlarim koʻkdan turib Jayhun va Sayhunning oqishini tomosha qiladi… Qanday goʻzal manzara… Oh, ular, ikki qoʻlimdagi ikki yoʻgʻon tomirimday qaynab oqadi, azal oqqan, hamon oqadi.

Bu ikki daryo, bu ikki tomirlar orasi olamning qadim sivilizatsiya markazi boʻlgan. Tigr va Yevfrat daryolari orasida shakllangan madaniyatlari kabi ulugʻdir. Ularniki Shumer, Akkad, Bobil boʻlsa, bizniki Turon, Turkistondir. Bu maskan butun turklarga Ota Vatandir.

***

Ortimdan taʼqib etarlar, jilovdoshim!

Dushmanning olovli shamollarga aylangan qoʻshini koʻksimni nishonga olgan. Ular oddiy odamlarga meni koʻrish, tinglash va hatto juldur kiyimlarimni tomosha qilishilarini ham taʼqiqlab qoʻyishgan. Ular oltin vodiylarimning kulga aylanib, muzlatilgani haqida aytishimdan qattiq choʻchishadi.

Ularning orzusi – qoʻlimdagi kuygan kitoblarni, koʻksimdagi vatanimni sugʻirib olmoq. Bu bilan mening er-yigitlik gʻururimni ham qovurmoqchi, osmoqchi boʻlishar. Inshaalloh, ularning sovuq orzulari armon bilan tugʻilib, armon bilan ketar.

Ammo, jilovdoshim, uzoq sarson boʻldim. Madorim, kuchim qolmadi. Bir oydurki ochman, tashnaman… Buning ustiga otim oʻldi, alamdan oʻldi…

Yelkamga xurjinim tashlagancha Qadim Turk sahrolaridan piyoda oʻtdim, bobolarim kabi, momolarim kabi… Na giyohi, na iloni, Yo rab, na podshohi bor edi.

Men yoʻlda otsiz qoʻyishdi, otsiz, jilovdoshim!

***

Abut-Turk Alp Er Tunga tarixdan qadim hikmat emas, qadim haqiqatdir. Munis tilimiz kabi jonli, onamiz kabi mushfiq, mehribondir. Kel, senga shu haqda, Turonning asl oʻgʻloni haqida soʻzlayin…

Xitoyliklar pishiq keladi. Ular butun boshli shaharlarni yoqishi mumkin, odamlarni yoqishi mumkin, ammo qogʻozlarni yoqmaydi. Qogʻoz, bu – tarix. Qogʻoz, bu –kelajak. Ular bekorga qogʻozni oʻylab topishmagan, gʻurur muhrlanishi uchun qogʻoz yaralgan…

Biz esa dushman qolib, eng avval tarixga yopishamiz, birinchi tarixni oʻldirishga urinamiz. Guyo shu bilan qilgan yovuzliklarimiz oʻchib ketadiganday. Anoyilarcha, soddalarcha shunday qilamiz, jilovdoshim!

Xitoyliklar turklarni doim kuzatgan, oʻrgangan va boʻlib oʻtgan voqealarni muttasil yozib borgan. Chunki Xitoy davlatining asosiy hududi turkiy davlatlarga chegaradosh boʻlib, ular imperiyaga katta xavf ham sanalgan. Xavf bor joyda aql ishlatmaslik, halokat keltiradi. Ularning-da alamli kunlari boʻlgan, bir-birini chayon kabi chaqqan onlari boʻlgan, ammo bir hukmdor kelib, “tarix mendan boshlanadi” deb daʼvo qilmagan, oʻzidan avvalgi tarixga qilich tortmagan. Tarixni zoʻrlamagan. Shuning uchun Xitoy avlodlari tarixi bilan ham maqtana oladi…

Bugun xitoy manbalari tilga kirarkan, Turon, Turkiston degan ohanglar – gʻururli soʻzlar yangraydi. Xitoy hujjatlarining eng qadimgilarida ham Turkiston nomi uchraydi. Besh ming yillik manbalar bizga Turon hududini tavsif va taʼrif qiladi. Turon shavkatini, aslida, xitoy madaniyatidan ancha keksaroqdir. Saqlangan manbalar Turonning buyukligiga tan beradi. “Tarix oʻchmaydi”, deganlari ham shudir-da!

Turon hududi u paytlar-da juda katta edi. Turkiy urugʻlar Tinch okeanidan Oʻrta Yer dengizigacha, Shimoliy muz okeanidan Tibet va Himolay togʻlarigacha, Anatoliydan Shimoliy Hindistongacha boʻlgan hududlarda tarqalgan edi. Ammo ulugʻ bir davlat yoʻq edi, bir boshchi yoʻq edi.

Turkiylar urugʻ-urugʻ boʻlib yashashar, janglardan soʻng kim gʻolib kelsa, shu urugʻning nomi bilan umumiy davlat atalardi.

Skiflar, alanlar, xunlar, xazarlar, oʻzlar, komanlar, tatarlar shular jumlasidandir. Ularning bari bir ildizga borib taqaladi. Shu ildiz umumiy jondir!

Va nihoyat Turkiston osmonida bir quyosh porlaydi. Ajdodlar shavkatini tiklaydi. Turonliklar koʻksiga bir nur inadi. Butun turk urugʻ va qabilalarini birlashtirib katta davlat barpo etidi. Bu davlatga Alp Er Toʻnga – bizning buyuk turkiy xoqon asos soladi. U bizning milliy qahramondir. Alp Er Toʻnga milloddan avvalgi VII asrda birinchi marta turkiy xalqlardan iborat ulkan imperiya quradi. Dushmanlarni yakson, urugʻlarni bir qilib, katta va qudratli davlat barpo qiladi. Alp Er Toʻngani forslar, Afrosiyob, yaʼni “Qora ot” deb atashgan. Ular Alp Er Toʻnganing kuchiga qanchalik tan berishmasin, uni koʻrolmas, Turonning birlashishi ulugʻ fors davlatiga zarar yetkazishidan qoʻrqishardi.

Ey jilovdoshim, bu olam yaralibdiki, har on turklarning birlashishidan qoʻrqqanlar, bundan qattiq choʻchiganlar. Chunki ular birlashsalar bari Alp Er Toʻngaga – millat qahramoniga, yengib boʻlmas yoʻlbarchga aylanardi. Toʻnga yoʻlbars, yoʻlbarsday kuchli, baquvvat, qoya kabi qoʻporilmas bahodir degan maʼnolarni ham anglatardi. Alp Er Toʻnga dovyurak, shiddatkor, dushmanga ayovsiz, doʻstga va millatiga sodiq podsho edi. El-yurt fuqaro uning davrida mard va zakovatli podshoh qandayligini koʻrgan edi, bilgan edi.

***

Jilovdoshim, chopib ketyapman-u, shu onda ham, taʼqibchilarning alamli savollariga javob berishga majbur edim. Bu mening uchun ogʻir sinov edi.

Ular savol berishar, men javob berardim.

— Otang kim?
— Bir gumroh

— Onang kim?
— Bir soʻqir…

— Kimning bolasisan?
— Turkistonning…

— Yetimmisan?

Adashib qolgandim, savol beruvchilarni-da tanimadim. Uxlamoqchiydim, uxlatishmadi. Keyin quvondim, axir, uyquni his qilib yotsa ham boʻladi-ku! Men chopayotib uxlashni oʻrgandim, jilovdoshim! Koʻksimdagi Vatanni omon saqlashim kerak edi, shuning uchun shamolga osilib yashashni oʻrgandim.

***

Jilovdoshim, Alp Er Toʻnga ikki daryo oʻrtasidagi turkiy qabilalarni birlashtirgach, Sharqdagi uygʻurlar hamda Irtish daryosi boʻyidagi barcha turkiy qavmlarni oʻz davlatiga qoʻshib oladi. Fors davlatining doimiy hujumlaridan bezor boʻlgan Alp Er Toʻnga Eronni ham bosib oladi va shu tariqa Osiyo va Yevropa qitalarida yashagan turkiy urugʻ va qabilalardan iborat ulkan va qudratli davlatga asos soladi. Turkiston yalovi osmon koʻksiga oʻrnatiladi. Bu davrda Turon, Turkiston nomi turli tillarga, nav-nihol dillarga, turklarning qizil qonlariga, olovli shamollarga, baland choʻqqilarga, moʻʼtabar tuproqqa, ozod ruh va havoga singib, birlashib ketadi. Endi uni hech kim bu zamindan ajratolmasdi.

***

Qayon qochmay soya kabi taʼqib qildilar, jilovdoshim! Bir Tuygʻuning ham shunchalar qimmatli va ogʻir ekanligini bilmagan edim… Ular bu Tuygʻuni oʻldirmoq uchun katta qoʻshin hozirlashgandi. Har qayoqda qafaslar, qora devorlar tiklangan edi. Ovozimni boʻgʻish uchun osmonlar sotildi. Ammo men boʻsh kelmadim. Qadim izlar boʻylab chopaverdim, toʻxtamadim …

Xotirotni titib koʻrdim. Biz qanday dushmanga mahv boʻldik… Esga tushdi eski dahshatlar…

Tinch paytlar edi, bir kun el boshiga dushman kelib alla aytayotganini koʻrib qoldim.

— Ey sen, qaysi tilda alla aytyapsan?
— Turkiyda

— Bundan maqsading ne?
— Turkistonni uxlatmoq…

— Ilohim, bu soʻzing koʻzingga mil kabi tortilsin…

Qismatni hammaga aytdim. Hech kim tinglamadi, keyin olovli izgʻirin Turonni qamrab oldi. Men Uni asrab qolish uchun omon qoldim…

Ammo baʼzi kunlar, jilovdoshim, alamdan, azoblardan oʻlimimga rozi boʻlaman. Axir, men ham tinchgina oʻlishim va yoki odamlar qatori muzlashim mumkin edi-ku! Nega men tirik qoldim, nega? Xudoga yolvordim, shakkoklik qilib, oʻlim istab… Negadir uning qahri kelmadi, shabadalar qulogʻimga pichirladi: “Nomaʼlum har joyda qurilgan doring”…

Nomaʼlum… har joyda dor bor… Ungacha koʻksimdagi Kuchni asrab qolishim qismatimmikan?!

***

Turk xalqlarini tarixning zarvaraqlaridan oʻchirishga yoki ularni kamsitishga urinish har doim boʻlgan, bundan keyin ham boʻladi-yov, jilovdoshim,

Alp Er Toʻngadan soʻng ortiq turk urugʻlari birlashmasligi uchun katta kurash ketgan. Qancha-qancha olimlar buning uchun tunlar uxlamay bosh qotirgan. Bu mard elning, mardligidan doim foydalanganlar. Hatto, vaqt oʻtib, Alp Er Toʻnga, yaʼni Afrosiyobni tarixiy shaxs sifatda yoʻqotishga ham urinishgan. Bu zotni “tarixda boʻlmagan”, “u – bir afsona”, “toʻqib chiqarilgan choʻpchak” degan qarashlar shundan paydo boʻlgan. Bunday qarashlarni miyalarga singdirmoq uchun yostiqday-yostiqday kitoblar yozilgan. Achinarlisi, bunga turkiylarning oʻzi ham ishona boshlashgan. Bu esa oʻgʻilning otani tanimay qolishi, deganidir. Biz milliy qahramonlarimizni juda arzon sotuvchi xalqmiz! Ey jilovdoshim, ne kunlarni koʻrmadik, ne balolarni…

***

Oltoy taraflarda xurjunimdan ayrildim. Kuygan kitoblarim kulini bobolar xoki yotgan mozorlarga sochdim. Faqatgina yuragimga Turkistonni koʻmib olib, yana yoʻlga tushdim… Irtish, Volga boʻylari tomon chopib ketdim… Soʻng Sharqiy Yevropaga oʻtib qolibman. Oʻsha yerga ham izgʻirin ortimdan quvib keldi. Keyin Gʻarb tomon sakradim, chopib ketaverdim holdan toyib yiqilgunimcha… Bilmayman qayerga yetarman… Bobolarim bosgan izlarning ohangini bir ilgʻab, bir ilgʻamay ketaverdim…

Eh, jilovdoshim, qaqshatqich zarbalar berib boru yoʻgʻimni toʻzgʻitib tashlashdi. Ammo men toʻxtamadim, sarhadlar oshdim, har yonga toʻzgʻib ketdim turk xalqlari kabi. Yana biroz chopib Kichik Osiyoga, u yerda birdam turgach, keyin yana Gʻarbiy Sibirga kelib qolibman. Holdan toyib, yotib qoldim.

Xarobman, necha kundan beri tuz totganim yoʻq, qonim ham muzlab qolganday edi. Tamom boʻlganimga koʻndim, ammo taslim emas, jilovdoshim… Qayerdandir bilaklarimga kuch indi. Men osilib toqqa chiqmoqchi boʻldim. Ammo kuchim yetmay, sulayib yotib qoldim. Ahvolimni koʻrib odamlar kulishdi, baʼzilar nega kuyub-yonganimni anglab boshlariga koʻtarishdi. Kimdir shapaloqlab urdi, kimdir oppoq, nozik qoʻllari bilan qontalash yuzimni chayib qoʻydi.

Eng yomoni, och qorin va harob ahvolda ularning savollariga javob berish kerak edi. Yoshligimdan odatim bor, hech kimga nopisand qaray olmayman.

— Bu yerlarda nima qilib adashib yuribsan?
— Qochib kelyapman…

— Kimdan…
— Izgʻirindan…

— Sovuqdan toqqa qochasanmi, ahmoq! Muzlab qolgandirsan?
— Togʻning tepasiga chiqishni istayman…

— Jinni-pinnimasmisan, shunday sovuqda togʻda nima bor?
— Ming marta chaqirishim kerak, ming marta…

— Nimaga?
— Uygʻotmoqchiman…

— Kimni…
— Turkistonni…

***

Jilovdoshim, bizning koʻzimizni avrab, qahramonsiz xalq qilmoqchi boʻldi. Alp Er Toʻnga, yaʼni Afrosiyob degan ulugʻ nomni faqat joy nomlariga burkab, afsona sifatida oʻqitishdi. Ammo tanadagi qon rangini oʻzgartirib boʻlmaganiday tarixni-da hech kim hech qachon oʻziga mos rangga boʻyay olmaydi. Bulutlar tarqagach, quyosh nur sochgan kabi, tarix ham oʻzini oshkor etadi, fosh etadi.

Jilovdoshim, Alp Er Toʻngani jangda birov yengolmasdi. Shuning uchun fors qoʻshinlari hiyla qilishdi Miloddan avvalgi 630 yili Turon va Eron qoʻshinlari oʻrtasidagi qaqshatqich jang boʻlib, unda Alp Er Toʻnga gʻalaba qozonadi. Kayxusrav qoʻshini tor-mor etiladi. Jangdan soʻng sulh nogʻoralari chalinadi. Magʻlublar gʻoliblarga yaltoqlanib, ziyofatga chorlashadi. Alp Er Toʻngga har jangda minglab odamlar oʻlayotganidan aziyat chekib, doʻstlik sharobidan ichishga rozi boʻladi. Ammo forslarning bu “doʻstligi” zahar boʻlib, Turkiston uzra sachraydi. Bobomiz xiyonatdan nobud boʻladi. Shuning bilan birlashgan turk davlatining yengilmas qoʻshini parokandalikka uchrab dunyoning turli tomonlariga tarqab ketadi. Keyinchalik borgan joylarini obod qilib, u yerlarda oʻzlarining ulkan imperiyalariga asos soladi.

Ey, jilovdoshim, buyuk qahramonimiz Alp Er Toʻnga ham xoinlikdan halok boʻlgan… Uning oʻlimidan turkiy olam larzaga tushgan. Odamlar boʻri kabi uvlab, koʻzlari koʻr boʻlguncha yigʻlashgan. Aytishlaricha, Buxoroning Maʼbad darvozasi yonidagi tepalikda Afrosiyob bobomizning qabri bor. Bu yerda Turon elining shavkati koʻmilganday… Ammo bu qabr hamon topilmagan, keyin ruhini ham qayerdadir tushirib qoldirdik…

Jilovdoshim, senga yana nimalarni aytay?..

Qahramonning ruhi ham oʻldirilganligi, ruhlarning ham qafaslangani haqidami? Nimalarni bilishni, tinglashni istaysan?

Yo tarix kitoblarini kuydirgan xonlardan soʻzlaymi? Tinglash ogʻirmi?

Yaralaring ogʻriyaptimi, Jilovdoshim?

Ha, senga bosqinchilarining yashnab turgan Turkistonni qanday vayron qilganidan aytay… Qadim bobolarimizning koʻzlaridan koʻrqib, devordagi sugʻd suratlarini-da chopishganini aytay… Yo devorlarni qanday soʻyish, daraxtlarni dorga osishn qanday boʻlishini koʻrsatib beraymi?

Mehrobimdan soʻzlaymi yo issiq tovogʻimdan, jilovdoshim?

Samandar jonli bu xalqning koʻrmagan kuni, eshitmagan doʻqlari qolmaganga oʻxshaydi…

***

Yana kuch topib, chopib ketaverdim, ketaverdim, axir, uni asrab qolishim kerak, asrashim, tushunyapsanmi, jilovdoshim… Masxara qilishsa ham, darvesh, goʻrsoʻxta, yoki daho desalar ham menga farq yoʻq… Mening yolgʻiz umid va ohangim – koʻksimdagi Turkistondir.

Izgʻirin olov quvmoqda, shoshilish kerak… Uni omon asrashim kerak.

***

Jilovdoshim, xonliklarga boʻldilar, boʻlindik, bosib kelishdi, bosildik… Oʻgʻlonlar oʻligi dushmanga koʻrpacha boʻldi… Alp Er Toʻnga, Ulugʻ Turonning uzun boʻy, keng yelkali yigitlari ustiga chiqib peshob toʻkdilar, biz esa notovon bir-birimizni kuzatdik…

Turkistonning eshiklari oltindan edi, amirlar uni qoʻporib, tuyalarga joylab qochib ketdi. Bedarvoza qoldi, Turkiston! Ammo bilmadilar, jilovdoshim, vatansiz oʻlish, ikki marta oʻlish ekanligini…. Bilmadilar, bilmaydilar, jilovdoshim, bilmaydilar…

***

Yoʻq, yoʻq, jilovdoshim!

Qayon va yana qancha taʼqib qilishlarini bilmayman.

Dushmanim koʻksimga qoʻl solib, yuragimni sugʻirib, undan vatanimni olmoqchi! Ammo men qanchalik holdan toygan boʻlmay, Vatanimni oʻz ruhim bilan olib ketishga tayyorman…

Axir ruhim Turkiston ruhi bilan qovushib, birlashib parvoz qilishni istaydi, erkin va ozod, Sirdaryo va Amudaryo kabi tinmay oqishni istaydi, jilovdoshim.

Nega jimsan, jilovdoshim? Nahot, ruhimni-da qafasga solib, bandi qilmoq istaysan…

Taʼqib qilar meni izgʻirin, olov…

***

Jilovdoshim, 1924–25 yillar shoʻroviylarda Turkistondan bir Alp Er Toʻnga chiqib, bosilgan va toptalgan joylarning haqqin talab qilishidan va birlashgan mustaqil davlat barpo etishidan qoʻrqib, “milliy chegaralanish” tadbirini oʻtkazdilar. Bunga koʻra Turkiston boʻlaklarga boʻlinib ketdi. Xuddi osmondan sochqi otganday dushmanning och itlariga shafqatsiz talandik.

Dushmanlar “Turkiston” degan degan sharaf bir “qora soʻz” kabi anglab, oʻz lugʻatlaridan oʻchirdilar. Qadim Turon ohanglariga quloq tuting, yurak kuyadi, yurak, jilovdoshim…

Ha, aytgancha, “Turkiston kimlarningdir koʻksiga koʻmilib, omon qolgan” degan qarashlar ham yoʻq emas… Ammo kimning koʻksiga joylashgani nomaʼlum. Turkiston har kimning yuragiga sigʻavermaydi-ku, axir. Uning uchun katta yurak kerak.

***

Sotsang, bir kun meni sen sotasan, jilovdoshim…
Ha, mening erkim ham, qafasim ham – sen.

Sotqinsan, Jilovdoshim… Ammo boʻgʻzimda jonim qotadi. Shunda ham, bilib qoʻy, togʻning eng baland nuqtasiga chiqib, har kun, har tong ming marta baqirib chorlayman Turkistonimni. Ming marta chorlayman Turkistonimni…

Osmonga zorlangan mening ovozim – ming bitta boʻlakka boʻlingan yorugʻ Turonim!

Sen esa men asragan va qoʻriqlagan yuragimni titkilaysan, qidirasan, ammo topolmaysan Turkistonimni…

Allaqachon ruhim Turkiston ruhi bilan birlashib ketdi.

Jilovdoshim, sen mening yolgʻiz ohangim, umrimning koʻksida qolgan sheʼrimsan, qismatimsan!

Sen mening ajalim, mening hayotimsan!
Eshit meni, senga oʻzingni eslatdim…

Qoʻrqib ketma, Jilovdoshim , chunki sening oʻzing Turon, Turkistonsan. Jahonga qudratu koʻrksan, Jilovdoshim! Sen mening mangu sheʼrim – Turkistonsan!

***

Raddi balo boʻlsin Turkistonga deb har tong minglab oppoq kabutlarlarni moviy osmon bagʻriga uchiraman… Ular qanot qoqish oldidan qoʻllarimda pitirlab, koʻkka boqqancha erk va shon, hayrat va samo istab toʻlgʻonishadi, yuraklari tez-tez, gupillab urib barmoqlarimni oʻzidan itarishadi, mendan ozodlik istashadi. Oh, oppoq qushlarim quvlashmachoq oʻynashganday tezda moviy osmon bagʻriga singib ketadi. Qanotlar birlashib koʻkni bir dam oppoq kabutarlar buluti toʻsib qoʻyadi.

Ilohim, ular Raddi balo boʻlsin Turkistonimga!

090

(Tashriflar: umumiy 281, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring