Bahodir Sodiqov. She’rlari va tarjimalari & Umid Bekmuhammad. Xotira uyg’onsa, go’zaldir

Ashampoo_Snap_2017.04.17_11h35m45s_002_.png19 апрелда истеъдодли адабиётшунос олим Баҳодир Содиқов таваллудига 55 йил тўлади

   Баҳодир Содиқовга худо умр бериб, бугунги истиқлол кунларигача етиб келганида, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулдек етук тасаввуфшунос олим, тарихимизнинг теран тадқиқотчиси бўлиб етишарди. Бироқ унинг 21 ёшигача ёзган мақолалари ҳам тарихимиздаги нурли излар бўлиб қолаверади.Энди марҳум мунаққиднинг хотирасини абадийлаштириш масаласини маъсул раҳбарлар ўйлаб кўришса яхши бўларди.

Умид Бекмуҳаммад
ХОТИРА УЙҒОНСА, ГЎЗАЛДИР
033

Шовот Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош туманларидан бири. Бундан қараганда юртимизнинг энг чекка ҳудуди. Бироқ ана шу ҳудуд Юсуф Ҳамадоний, Ваянгонбобо каби қадамжолари, Кат,Ваянгон сингари тарихи милоддан илгариги даврга бориб тақалувчи қаълалари, тарихшунос Ниёзмуҳаммад Шайх, шоир,таржимон ҳамда хаттот Отаниёз охун Ниёзий, шоир ва саркарда Нуржон Ботир, адабиётшунос ,драматург Юнус Айёмий, ҳофиз Комилжон Отаниёзов, 2-жаҳон уруши қаҳрамони Раҳим Авазмуродов, меҳнат қаҳрамонлари Карим Раҳимов,Оводон Дўсова,Зариф Раматов, академик Азимбой Саъдуллаев, шоир Баҳром Рўзимуҳаммад, адиба Саломат Вафодек фарзандлари билан ҳам машҳур.

007Табиийки, ана шу сафда гарчи 21 ёшида вафот этган бўлсада, адабиётшунос Баҳодир Содиқовнинг ҳам ўрни бор дея айта оламиз. Агарки атрофингиздаги аксарият шу ёшдаги йигит-қизларга разм солсангиз, ҳали танлаган касби бўйича дадил бир ишга киришиб кетаолмагандек. Бироқ Баҳодир Содиқов 21 ёшигача ўз тенгдошларидан анча ўзиб кетаолганди,деса бўлади.Буни у киши ёзган адабий-танқидий мақолалари, шеърлари яққол кўрсатиб турибди.

Баҳодир Содиқов вафот этганига анча йиллар бўлган эса-да, у кишини билган яқинлари,тенгдошлари, бирга ўқиган талабаликдаги дўстлари адабиётдан гурунг очилганида “Ҳозир Баҳодир тирик бўлганидами…” дея афсус-надомат айтиб туришади.

Маълумки, 21 ёшдаги ижодкордан одатда бошловчи адабиёт ихлосмандларига хос айрим қораламаларгина қолади.Аммо Баҳодир Содиқов умри қисқа бўлгани билан ўзидан боқий асарлар яратиб қолдирган экан.

Ҳаётлигида “Учинчи имтиҳон” сарлавҳали мақоласи “Гулистон” журналида айрим қисқартишлар билан чоп этилган, “Шарқ юлдузи”да чиққан “Қирқинчи афсона” мақоласини кўриш эса у кишига насиб қилмаган экан…Бироқ Баҳодир ака кўплаб адабий танқидий мақолалар, шеърлар ёзган эканки, улар дўсти, шоир Берди Раҳматда сақланиб қолибди.Баҳодир аканинг ҳамюрти Баҳром Рўзимуҳаммаднинг саъйи ҳаракати билан кейинчалик Баҳодир Содиқов ёзган мақолалар “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” нашрларида, “Камалак” мажмуасида чоп этилди.Ана шундан кейингина фақат бирга ўқиган дўстларигагина таниш бўлган Баҳодир Содиқов номи кенг адабий-илмий , ижодий жамоатчиликка маълум бўлди.

008 Суратда: Баҳодир Содиқов (марказда) курсдошлари билан (Кумушкон, 1979 йил)

Баҳодир Содиқов Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида талаба бўлган йиллар шўро мафкурасининг цензураси, шунингдек маълум бир қолипда қотиб қолган “олим”, ижодкор, муҳаррирларнинг матбуотга “тўғон” қуриб олган зиддиятли даври эди.Ана шундай даврда яшаб ижод этган Баҳодир ака ўзбек адабиётшунослигига эркин нафас олиб киришга интилганди.Бироқ давр Баҳодир ака ёзган мақолалар,шеърларни чоп этишга тайёр эмасди.

Ўша даврнинг нақадар мафкуравий исканжада эканлигини Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мана бу ҳикоясидан ҳам билиб олиш мумкин: “Баҳодир аканинг Машраб ҳақидаги мақолаларини чиқариш учун ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқабилмай юрган пайтларига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман.1980 йилнинг баҳори эди.Мен машқларимни кўрсатиб, устодлардан маслаҳат олгани Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига бордим.Шунда Баҳодир ака бир туркум мақолаларини олиб, машинкачилар хонасидан чиқиб қолди.Ҳол-аҳвол сўрашдик.мен шеърларимни “Ёшлик” альманахига бермоқчи эканлигимни айтдим.Йўлимиз бир экан, деди у.Кейин таҳририят жойлашган “Ёшлар уйи”га бордик.Ўша ерга бориб мен турғунлик даври адабиёти қанчалик исканжага олинаётганлигини аниқ тушундим.Альманах муҳаррири Аҳмад Аъзам, баланд бўйли, сигарета тутатиб ўтирган яна бир шоир давр қийинчиликлари хусусида куйиб гапирарканлар, мен Баҳодир аканинг мақолалари нима учун матбуот юзини кўрмаётганлигини тўғри тушундим.

Баҳодир ака жуда кенг феълли, дарров кайфияти тушмайдиган, ҳар сўзини ўйлаб донишмандона сўйлайдиган йигит эди. “Ёшлик” да революция бўлибди-ку…” деди у афсусланиб, йўлда кетиб борарканмиз.” Истеъдодли ёш шоирлардан икки-уч нафарининг шеърий туркумларини 10-сондан олиб ташлабдилар…”.

Ҳа, давр ана шундай эркинликни исканжага олган ҳолатда эди.Аммо Баҳодир ака бобоси Содиқэшон, дадаси Каримберган акадек эътиқоди мустаҳкам оилада вояга этгани учун ўтмишга , қадриятларимизга ғоят ихлос қўйган инсон бўлган эканлар.

…Хоразм вилоятининг Янгибозор туманилик журналист Ўрозмат Яхшимуродов Баҳодир акадан бир йил кейин университетга ўқишга кирган.У киши марҳум мунаққид билан илк учрашувларини шундай эслайдилар:
-Тошкентда талаба бўлганимдан қувониб ўқишга борган пайтларим.Қайсидир Хоразмлик танишим билан шевамизда гаплашиб кутубхонага бораётгандик.Меним шевада гаплашганим учунми юртдошлик ҳисси билан бир йигит “Нердансиз? Гурланданми?” дея сўради.Ўзимдан каттароқ кўринган,бунинг устига 2-гуруҳда ўқиётган талабанинг “Сиз”лаб сўрашиши бошқача туюлди. Журналистикада ўқиётганим учунми “Боғолондан, шоир Омон Матжоннинг қишлоғидан” дея мақтанган бўлдим. Шунда у киши ўзини таништириб, “Боғолон топономи қандай маънони англатади?” дея сўраб қолди.Мен кексалардан эшитганим бўйича Боғолон билан боғлиқ ривоятнамо гапни айтдим.Ўшанда Баҳодир Содиқов “Хоразмдаги кўплаб жой номлари уруғ номи билан боғлиқ.Хусусан,Боғолон ҳам олон уруғига алоқадор, дея олон,ос,массагет сингари қадимда Хоразмда яшаган уруғ, қавмлар тўғрисида маълумот бериб ўтганди.Кейинчалик Баҳодир Содиқов билан анча яқин бўлиб қолдик.Баҳодир ака доимо биз ўшанда эшитмаган Хоразм тарихининг турли воқеалари тўғрисида гапириб берарди.

Ҳа, оилада тарихга, аждодлар ёдига эҳтиром руҳида вояга етган Баҳодир Содиқов ўз даврининг талабалари орасида ҳурмату-эъзозга сазовор бўлган шахс даражасига етганди, деса бўлади.Талабалик даврига оид яна бир воқеани Гурлан туманилик болалар шоири Содиқжон Иноятов сўзлаб берди:
“-Эсимда, журналистика факультетининг биринчи курсига қабул қилингач, кузда биз талабаларни Сирдарё вилоятининг “Оқ олтин” туманига пахта теримига олиб кетишди.Талаба бўлганлар яхши билишади, талабаликдаги пахта даврининг ўзига хос гашти таровати бор.Бийдай дала, дала шийпонида кечадиган кунлар, ҳар оқшом бўладиган ўйин-кулгулар, шеърхонликлар.

Қайси бир кун теримдан қайтиб дам олишга чоғланаётган эдик, биздан бир курс юқори ўқийдиган Ўрозмат Яхшимуродов шошилтириб қолди.
-Тезроқ бўла қолинглар,Баҳодир ака келинглар, деб хабар юборибди.

Юқори курс талабалари биздан уч километрча наридаги шийпонда яшардилар.Шийпоннинг ёнгинасида механизаторларга аталган кулба бўлиб, у ерда ўша йиллардаги анъанага кўра ҳар бир вилоятдан келган талабалар вақти-вақти билан алоҳида йиғилишиб ош қилишар, суҳбат қуришарди.Одатда бундай давраларда шеър ўқилар, қизғин ижодий тортишувлар бўларди.Борсак Баҳодир ака палов пиширишга уннаётган экан.

—Келинглар, йигитлар,-деб кутиб олди у бизни.-Бугун бир Хоразмни эслаб ўтирайлик.Юртни ҳам соғиниб кетдик, ахир.
Мен ўша кунги дилтортар гурунгимизни ҳали-ҳануз яхши эслайман.Баҳодир Содиқовнинг суҳбати хотирамда айниқса қаттиқ муҳрланиб қолган.у Хоразм афсоналаридан бирини сўзлаб берди.Сўфи Оллаёр ижодига нисбатан бўлган бир томонлама, нотўғри қарашлар тўғрисида куйиниб, бу шоир ижодий меросида ҳозирги кун китобхонига бемалол ҳавола этса бўладиган ажойиб асарлар борлигини, лекин бу ишга ҳеч ким бош қўшишни истамаётганлигини гапирди.Ўша йиллари эндигина сафга кираётган ёш шоирлар Усмон Азим, Хуршид Даврон,Шавкат Раҳмон ижоди тўғрисида ҳали биз учун бутунлай янгилик бўлган фикрларни айтди.Ва ниҳоят даврамиз сўнгида у ҳаммамизни ҳайрон қолдириб ( у даврларда бундай ҳол чиндан ҳам ҳайратланарли эди-да!) Қуръон тиловат қилганди.

Шу куни биз беш-олтита мақоласи-ю,бир иккита хом-хатала шеърлари газетада чиққан, университет талабаси бўлдик, деб ўзимизча ғурурланиб юрганлар нақадар ғўрлигимизни,оз нарса билишимизни, жуда кўп ўқиб ўрганишимиз зарурлигини ҳис қилдик.Айни кезда шунча кўп нарсаларни биладиган Баҳодир акага дилдан ҳавас қилдик.Шундай элдошимиз борлигидан фахрланиб қўйдик.

Кейинчалик университетга қайтгач ҳам,Баҳодир ака билан алоқаларимиз узилмади.у факультетимизда таълим олаётган барча ҳамюртларимизга бирдек меҳрибон, акаларча ғамхўр эди.У ҳар доим яхши ижодкор бўлиш учун жуда кўп нарсани билишимиз лозимлигини айтар, араб имлосини ўрганишни уқтирар, ҳар биримиз Хоразм тарихини билишимиз шарт, дер эди.Афсуски, бешафқат ўлим уни орамиздан олиб кетди.
Орадан вақт ўтиб, 1989 йилнинг кўкламида Тошкентдан шоир дўстларимиз-Абдул Жалил, Берди Раҳматлар Гурланга, Вазир қишлоғига келишди.Меним “Москвич” машинамга ўтириб Шовотга-Баҳром Рўзимуҳаммаднинг уйига бордик.Уни олиб Баҳодир ака туғилиб ўсган Бешмерган қишлоғига, унинг отаси, ака-укалари ҳузурига бордик.Ўшанда ёшлик қилиб ҳаммамиз бош кийимсиз зиёратга борган эканмиз.Баҳодир аканинг эътиқодли отаси ўшанда ҳар биримизга дўппи совға қилганди.Дастурхон атрофида суҳбат қилар эканмиз, назаримизда ёнгинамизда Баҳодир ака ҳам бордай, хиёл кулимсираб, бошини оҳиста силкитиб, сўзларимизни маъқуллаб ўтиргандай эди…”

Ҳа,Баҳодир аканинг ўзи бир мақоласида ёзганидай “хотира уйғонса гўзал”дир.Бугун гарчи орамизда Баҳодир Содиқов жисман йўқ бўлсада, уни таниган,билганлар хотирасида ул кишининг номи ҳамиша барҳаёт.Ёзган мақолалари,шеърлари,таржималари орқали Баҳодир аканинг иккинчи боқий умри давом этмоқда.Баҳодир Содиқовнинг умри қисқа экан, аммо ул кишининг ёзганларининг умри узундир…

“Олтин Мерос” жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раиси Комилжон Нуржонов айтганидек, “Баҳодир Содиқовга худо умр бериб, бугунги истиқлол кунларигача етиб келганида, Нажмиддин Комилов,Иброҳим Ҳаққулдек етук тасаввуфшунос олим, тарихимизнинг теран тадқиқотчиси бўлиб етишарди.Бироқ унинг 21 ёшигача ёзган мақолалари ҳам тарихимиздаги нурли излар бўлиб қолаверади.Энди марҳум мунаққиднинг хотирасини абадийлаштириш масаласини маъсул раҳбарлар ўйлаб кўришса яхши бўларди”.

1990 йилнинг 20 февралида “Шовот истиқболи” газетасида Урганчдаги Х.Сиддиоқ номли мактаб ўқувчиси, асли Шовотлик Гулнора Қуронбоева ўша давр анъанасига кўра, кашшофлар гуруҳига Баҳодир Содиқов номи берилганидан қувониб, ул кишининг номини Шовотдаги мактаблардан бирига беришни таклиф қилган экан.Орадан йиллар ўтди.Аммо…гарчи бугунги кунда таълим даргоҳларига атоқли шахслар номи берилмасада,Баҳодир Содиқов номини хотирлашнинг бошқача йўллари ҳам борку?!

Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида таваллуд топган ва 1980 йилнинг 12 сентябрида вафот этган.Ахир ана шу саналардан бирида Шовот туманидаги коллеж, мактабларда марҳум мунаққид хотирасига бағишлаб тадбирлар ўтказиш мумкин-ку?!

Ёки бўлмаса Баҳодир Содиқов билан бирга ўқиган,ул кишини ўқитган, таниган-билган Шовотликлардан, университетда бир даврда таҳсил олган ижодкорлардан ул инсон тўғрисидаги хотираларни ёзиб олиб ,бугунги кунда адабий анъанага айланган “Баҳодир Содиқов замондошлари хотирасида “номли китобини ҳам чоп этса бўлади.

Шунингдек ул ижодкорнинг илк ижод намунаси 1976 йил 7 февралида Шовот тумани газетасида чоп этилган экан.”Хоразм ҳақиқати”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи” нашрларида чоп этилган, шунингдек дўсти Берди Раҳматда сақланаётган мақолаларини ҳам тўплаб нашр этсак,Баҳодир Содиқовдек умри қисқа бўлган инсоннинг руҳи шод бўлган, асарлари кенг жамоатчиликка етиб борган бўларди.

Ана шундан кейингина эса мунаққид таҳсил олган Ўзбекистон Миллий Университети журналистика , ўзбек филологияси факультетларида Баҳодир Содиқов хотирасига ва у ул кишининг ижодига бағишлаб илмий-амалий анжуман ўтказмоқ керак, менимча.

Бундан ташқари мунаққиднинг юртдошлари-Урганч Давлат Университети ўзбек филологияси факультетининг зукко талабалари учун Баҳодир Содиқов номли стипендия жорий этишса,ёш авлод қалбида ўтганларга ҳурмат руҳи шаклланар,улардаги ижод куртаклари равнақ топиши учун замин ҳозирланган бўларди.

Ўйлайманки, меним бу таклифларимни ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими, вилоят маънавият тарғиботи маркази ва Шовот тумани ҳокимлиги мутасаддилари ўйлаб кўришса , яхши бўларди.Зеро,Шовотнинг шарафли Баҳодири, ўзбекнинг 21 ёшидаям етук мунаққиди даражасига чиққан ижодкори хотирасини эъзозлаш, бугунги истиқлол фарзандлари учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

БАҲОДИР СОДИҚОВ ШЕЪРЛАРИДАН
033

БАҲОР, УЙҒОН!

Баҳор, уйғон, уйғон ноз билан,
Наврўз , келгил, келгил соз билан.
Қийғос бўлиб гулласин боғлар,
Лолаларга буркансин тоғлар.

Дилдан қайғу-аламлар кетсин,
Умид қуши манзилга етсин.
Ел келтирсин гуллар тотини,
Мафтун қилсин инсон зотини.

Олам бўлсин аттор дўкони,
Боғлар бўлсин булбул макони.
Қайғу бўлсин диллардан гумроҳ,
Шодлик бўлсин инсонга ҳамроҳ.

Қуёш сочсин олтин нурини,
Деҳқон эксин бахти-дурини.
Баҳор, яшнат ўзбек элини,
Шоирлар ҳам боғлаб белини,

Тоширсинлар ижод дарёсин,
Бойитсинлар ижод дунёсин.
Сени куйлай, куйлайин баҳор,
Куйлайин ва мадҳ этай такрор.

Шодлик солиб менинг дилимга,
Баҳор Наврўз,келгил элимга!
Бунча шодлик бахш этгач менга,
Ушбу шеърни бахш этдим сенга!

1975 йил 14 март.

*   *  *

 

Дардларингни дарёга,
Сирларингни самога,
Тўкма, сочма, севгилим,
Сирларингни сев, гулим.
Дардинг билан дилбарсан,
Сирлар билан суюкли.

Дарёларнинг денгизи,
Самоларнинг юлдузи.
Сенга бўлса, мен ўзим
Борман ахир, кундузим.
Дарёлардан дилбарсан,
Самолардан суюкли.

Суйдириблар суймасанг,
Куйдириблар куймасанг,
Энг бахтиёр туйғу бўл!
Тоғсиз, чўлсиз оҳу бўл!
Куймагандан дилбарсан,
Суймагандан суюкли.

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда,
Фалакларим юракда.
Фалаклардан юракда.
Фалаклардан дилбарсан,
Юрагимдан суюкли.

1980 йил.

*   *  *

Эса бошлар ишонч шамоли,
Ва кўпирар кураш тўлқини.
Ҳам озодлик денгизи узра,
Кўринади бахтлар ёлқини.

Ҳали кўпдир қуллик қояси,
Озодликнинг денгизи ичра.
Эй, шамоллар, довулдек эсинг,
Ва сен, тўлқин, қояга сачра!

Шамол ҳамда тўлқин, бирлаш ва
Қояларнинг қирғоғин кемир,
Эй сен, денгиз, қуллик оролин,
Қаҳр ила қаърингга симир!

Шунда қоя ўсмоғи учун,
Хунта бўлиб отилмас вулқон.
Замондошим озодлик учун,
Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

1980 йил.

ТАРЖИМА ДАФТАРИДАН
ФЕЙЕРБАХ БИСОТИДАН
<033

*   *  *

 

Инсонни тушуниш учун уни севмоқ керак.

*   *  *

 

Гўдак фақат севганидан кейингина инсон бўлади.

*   *  *

 

Мардлик тафаккурнинг зарур шартидир.

*   *  *

 

Бизни фикрлашга, ўйлаб кўришга ундайдиган яхши китоблар бегона тилда ёзилган.Уларни ўқиш давомида ўз шахсий “она” тилимизга таржима қиламиз.

*   *  *

 

Ҳаёт –бизнинг фикрларимиз ва туйғуларимиз баҳори6 лекин уни фақат ёз охирларига бориб, ҳатто куздагина қоғозга туширамиз.

*   *  *

 

Дунё-гўзал сарой; фикрлар-бу қирол, туйғулар-бу ҳақиқатни тахтга томон ўтказмайдиган саройбонлар.

*   *  *

 

Ҳаёт тўхтаб-тўхтаб,томчилаб ичилиши керак бўлган шаробга ўхшайди.Энг яхши шароб ҳам, агар уни сутдек бирданига ичадиган бўлсак, биз учун барча лаззатларини йўқотади; унинг қадрига етмай қўямиз.

*   *  *

 

Ҳаёт — шоир,китоб файласуф.Биринчиси бирликни кўпликда мушоҳада қилади, иккинчиси кўпликни бирликда мушоҳада қилади.Поэзия самарани кучайтириш ва лаззатни ошириш учун дарахтга узоқдан қарайди.У дарахтнинг қандай гулларга буркангани, унда минг-минглаб гуллар қандай чайқалаётганини томоша қилади ва ушбу кузатишнинг магик кучи билан қаноатланади.Фалсафа эса дарахт олдига келади ва битта-иккита энг катта гулларини юлиб олади.Уларнинг бир-бирига ғоятда ўхшашлигини кузатади; ўзи билан уйига олиб кетади ва ақли қуёшида қуритади-да, китоб варақлари ичида сақлайди.

*   *  *

 

Вақт-борлиқ ва йўқлик шакли, у шу ҳақиқатни акс этдиради.Бугунги ҳаёт-лаҳзаларнинг давом этиши, холос; биз доимо бир лаҳзаликкина яшаймиз.Лаҳза-бу менинг бутун ҳаётимни ёритиб турадиган чақмоқ.
Лаҳзанинг борлиги ва йўқлиги ўртасида нима ётади? Унда борлиқ билан йўқлик оралиғи йўқ, акс ҳолда у лаҳза бўлмас эди.

02_f.pngUmid Bekmuhammad
XOTIRA UYG‘ONSA, GO‘ZALDIR
033

Shovot Xorazm viloyatining Turkmaniston bilan chegaradosh tumanlaridan biri. Bundan qaraganda yurtimizning eng chekka hududi.Biroq ana shu hudud Yusuf Hamadoniy, Vayangonbobo kabi qadamjolari, Kat,Vayangon singari tarixi miloddan ilgarigi davrga borib taqaluvchi qa’lalari, tarixshunos Niyozmuhammad Shayx,shoir,tarjimon hamda xattot Otaniyoz oxun Niyoziy,shoir va sarkarda Nurjon Botir, adabiyotshunos ,dramaturg Yunus Ayyomiy, hofiz Komiljon Otaniyozov, 2-jahon urushi qahramoni Rahim Avazmurodov, mehnat qahramonlari Karim Rahimov,Ovodon Do‘sova,Zarif Ramatov, akademik Azimboy Sa’dullayev, shoir Bahrom Ro‘zimuhammad, adiba Salomat Vafodek farzandlari bilan ham mashhur.

Ashampoo_Snap_2017.03.04_17h05m32s_001_.pngTabiiyki, ana shu safda garchi 21 yoshida vafot etgan bo‘lsada, adabiyotshunos Bahodir Sodiqovning ham o‘rni bor deya ayta olamiz.Agarki atrofingizdagi aksariyat shu yoshdagi yigit-qizlarga razm solsangiz, hali tanlagan kasbi bo‘yicha dadil bir ishga kirishib ketaolmagandek.Biroq Bahodir Sodiqov 21 yoshigacha o‘z tengdoshlaridan ancha o‘zib ketaolgandi,desa bo‘ladi.Buni u kishi yozgan adabiy-tanqidiy maqolalari, she’rlari yaqqol ko‘rsatib turibdi.

Bahodir Sodiqov vafot etganiga ancha yillar bo‘lgan esa-da, u kishini bilgan yaqinlari,tengdoshlari, birga o‘qigan talabalikdagi do‘stlari adabiyotdan gurung ochilganida “Hozir Bahodir tirik bo‘lganidami…” deya afsus-nadomat aytib turishadi.

Ma’lumki, 21 yoshdagi ijodkordan odatda boshlovchi adabiyot ixlosmandlariga xos ayrim qoralamalargina qoladi.Ammo Bahodir Sodiqov umri qisqa bo‘lgani bilan o‘zidan boqiy asarlar yaratib qoldirgan ekan.

Hayotligida “Uchinchi imtihon” sarlavhali maqolasi “Guliston” jurnalida ayrim qisqartishlar bilan chop etilgan, “Sharq yulduzi”da chiqqan “Qirqinchi afsona” maqolasini ko‘rish esa u kishiga nasib qilmagan ekan…Biroq Bahodir aka ko‘plab adabiy tanqidiy maqolalar, she’rlar yozgan ekanki, ular do‘sti, shoir Berdi Rahmatda saqlanib qolibdi.Bahodir akaning hamyurti Bahrom Ro‘zimuhammadning sa’yi harakati bilan keyinchalik Bahodir Sodiqov yozgan maqolalar “Yoshlik”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” nashrlarida, “Kamalak” majmuasida chop etildi.Ana shundan keyingina faqat birga o‘qigan do‘stlarigagina tanish bo‘lgan Bahodir Sodiqov nomi keng adabiy-ilmiy , ijodiy jamoatchilikka ma’lum bo‘ldi.

Bahodir Sodiqov Toshkent Davlat Universitetining jurnalistika fakultetida talaba bo‘lgan yillar sho‘ro mafkurasining senzurasi, shuningdek ma’lum bir qolipda qotib qolgan “olim”, ijodkor, muharrirlarning matbuotga “to‘g‘on” qurib olgan ziddiyatli davri edi.Ana shunday davrda yashab ijod etgan Bahodir aka o‘zbek adabiyotshunosligiga erkin nafas olib kirishga intilgandi.Biroq davr Bahodir aka yozgan maqolalar,she’rlarni chop etishga tayyor emasdi.

O‘sha davrning naqadar mafkuraviy iskanjada ekanligini Bahrom Ro‘zimuhammadning mana bu hikoyasidan ham bilib olish mumkin: “Bahodir akaning Mashrab haqidagi maqolalarini chiqarish uchun harakat qilib, buning uddasidan chiqabilmay yurgan paytlariga shaxsan o‘zim guvoh bo‘lganman.1980 yilning bahori edi.Men mashqlarimni ko‘rsatib, ustodlardan maslahat olgani G‘afur G‘ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyotiga bordim.Shunda Bahodir aka bir turkum maqolalarini olib, mashinkachilar xonasidan chiqib qoldi.Hol-ahvol so‘rashdik.men she’rlarimni “Yoshlik” almanaxiga bermoqchi ekanligimni aytdim.Yo‘limiz bir ekan, dedi u.Keyin tahririyat joylashgan “Yoshlar uyi”ga bordik.O‘sha yerga borib men turg‘unlik davri adabiyoti qanchalik iskanjaga olinayotganligini aniq tushundim.Almanax muharriri Ahmad A’zam, baland bo‘yli, sigareta tutatib o‘tirgan yana bir shoir davr qiyinchiliklari xususida kuyib gapirarkanlar, men Bahodir akaning maqolalari nima uchun matbuot yuzini ko‘rmayotganligini to‘g‘ri tushundim.

Bahodir aka juda keng fe’lli, darrov kayfiyati tushmaydigan, har so‘zini o‘ylab donishmandona so‘ylaydigan yigit edi. “Yoshlik” da revolyutsiya bo‘libdi-ku…” dedi u afsuslanib, yo‘lda ketib borarkanmiz.” Iste’dodli yosh shoirlardan ikki-uch nafarining she’riy turkumlarini 10-sondan olib tashlabdilar…”.

Ha, davr ana shunday erkinlikni iskanjaga olgan holatda edi.Ammo Bahodir aka bobosi Sodiqeshon, dadasi Karimbergan akadek e’tiqodi mustahkam oilada voyaga etgani uchun o‘tmishga , qadriyatlarimizga g‘oyat ixlos qo‘ygan inson bo‘lgan ekanlar.

006 Суратда: Баҳодир Содиқов шоир Қадам Саидмурод билан

…Xorazm viloyatining Yangibozor tumanilik jurnalist O‘rozmat Yaxshimurodov Bahodir akadan bir yil keyin universitetga o‘qishga kirgan.U kishi marhum munaqqid bilan ilk uchrashuvlarini shunday eslaydilar:
-Toshkentda talaba bo‘lganimdan quvonib o‘qishga borgan paytlarim.Qaysidir Xorazmlik tanishim bilan shevamizda gaplashib kutubxonaga borayotgandik.Menim shevada gaplashganim uchunmi yurtdoshlik hissi bilan bir yigit “Nerdansiz? Gurlandanmi?” deya so‘radi.O‘zimdan kattaroq ko‘ringan,buning ustiga 2-guruhda o‘qiyotgan talabaning “Siz”lab so‘rashishi boshqacha tuyuldi. Jurnalistikada o‘qiyotganim uchunmi “Bog‘olondan, shoir Omon Matjonning qishlog‘idan” deya maqtangan bo‘ldim. Shunda u kishi o‘zini tanishtirib, “Bog‘olon toponomi qanday ma’noni anglatadi?” deya so‘rab qoldi.Men keksalardan eshitganim bo‘yicha Bog‘olon bilan bog‘liq rivoyatnamo gapni aytdim.O‘shanda Bahodir Sodiqov “Xorazmdagi ko‘plab joy nomlari urug‘ nomi bilan bog‘liq.Xususan,Bog‘olon ham olon urug‘iga aloqador, deya olon,os,massaget singari qadimda Xorazmda yashagan urug‘, qavmlar to‘g‘risida ma’lumot berib o‘tgandi.Keyinchalik Bahodir Sodiqov bilan ancha yaqin bo‘lib qoldik.Bahodir aka doimo biz o‘shanda eshitmagan Xorazm tarixining turli voqealari to‘g‘risida gapirib berardi.

Ha, oilada tarixga, ajdodlar yodiga ehtirom ruhida voyaga yetgan Bahodir Sodiqov o‘z davrining talabalari orasida hurmatu-e’zozga sazovor bo‘lgan shaxs darajasiga yetgandi, desa bo‘ladi.Talabalik davriga oid yana bir voqeani Gurlan tumanilik bolalar shoiri Sodiqjon Inoyatov so‘zlab berdi:
“-Esimda, jurnalistika fakultetining birinchi kursiga qabul qilingach, kuzda biz talabalarni Sirdaryo viloyatining “Oq oltin” tumaniga paxta terimiga olib ketishdi.Talaba bo‘lganlar yaxshi bilishadi, talabalikdagi paxta davrining o‘ziga xos gashti tarovati bor.Biyday dala, dala shiyponida kechadigan kunlar, har oqshom bo‘ladigan o‘yin-kulgular, she’rxonliklar.

Qaysi bir kun terimdan qaytib dam olishga chog‘lanayotgan edik, bizdan bir kurs yuqori o‘qiydigan O‘rozmat Yaxshimurodov shoshiltirib qoldi.
-Tezroq bo‘la qolinglar,Bahodir aka kelinglar, deb xabar yuboribdi.

Yuqori kurs talabalari bizdan uch kilometrcha naridagi shiyponda yashardilar.Shiyponning yonginasida mexanizatorlarga atalgan kulba bo‘lib, u yerda o‘sha yillardagi an’anaga ko‘ra har bir viloyatdan kelgan talabalar vaqti-vaqti bilan alohida yig‘ilishib osh qilishar, suhbat qurishardi.Odatda bunday davralarda she’r o‘qilar, qizg‘in ijodiy tortishuvlar bo‘lardi.Borsak Bahodir aka palov pishirishga unnayotgan ekan.

—Kelinglar, yigitlar,-deb kutib oldi u bizni.-Bugun bir Xorazmni eslab o‘tiraylik.Yurtni ham sog‘inib ketdik, axir.
Men o‘sha kungi diltortar gurungimizni hali-hanuz yaxshi eslayman.Bahodir Sodiqovning suhbati xotiramda ayniqsa qattiq muhrlanib qolgan.u Xorazm afsonalaridan birini so‘zlab berdi.So‘fi Ollayor ijodiga nisbatan bo‘lgan bir tomonlama, noto‘g‘ri qarashlar to‘g‘risida kuyinib, bu shoir ijodiy merosida hozirgi kun kitobxoniga bemalol havola etsa bo‘ladigan ajoyib asarlar borligini, lekin bu ishga hech kim bosh qo‘shishni istamayotganligini gapirdi.O‘sha yillari endigina safga kirayotgan yosh shoirlar Usmon Azim, Xurshid Davron,Shavkat Rahmon ijodi to‘g‘risida hali biz uchun butunlay yangilik bo‘lgan fikrlarni aytdi.Va nihoyat davramiz so‘ngida u hammamizni hayron qoldirib ( u davrlarda bunday hol chindan ham hayratlanarli edi-da!) Qur’on tilovat qilgandi.

Shu kuni biz besh-oltita maqolasi-yu,bir ikkita xom-xatala she’rlari gazetada chiqqan, universitet talabasi bo‘ldik, deb o‘zimizcha g‘ururlanib yurganlar naqadar g‘o‘rligimizni,oz narsa bilishimizni, juda ko‘p o‘qib o‘rganishimiz zarurligini his qildik.Ayni kezda shuncha ko‘p narsalarni biladigan Bahodir akaga dildan havas qildik.Shunday eldoshimiz borligidan faxrlanib qo‘ydik.

Keyinchalik universitetga qaytgach ham,Bahodir aka bilan aloqalarimiz uzilmadi.u fakultetimizda ta’lim olayotgan barcha hamyurtlarimizga birdek mehribon, akalarcha g‘amxo‘r edi.U har doim yaxshi ijodkor bo‘lish uchun juda ko‘p narsani bilishimiz lozimligini aytar, arab imlosini o‘rganishni uqtirar, har birimiz Xorazm tarixini bilishimiz shart, der edi.Afsuski, beshafqat o‘lim uni oramizdan olib ketdi.
Oradan vaqt o‘tib, 1989 yilning ko‘klamida Toshkentdan shoir do‘stlarimiz-Abdul Jalil, Berdi Rahmatlar Gurlanga, Vazir qishlog‘iga kelishdi.Menim “Moskvich” mashinamga o‘tirib Shovotga-Bahrom Ro‘zimuhammadning uyiga bordik.Uni olib Bahodir aka tug‘ilib o‘sgan Beshmergan qishlog‘iga, uning otasi, aka-ukalari huzuriga bordik.O‘shanda yoshlik qilib hammamiz bosh kiyimsiz ziyoratga borgan ekanmiz.Bahodir akaning e’tiqodli otasi o‘shanda har birimizga do‘ppi sovg‘a qilgandi.Dasturxon atrofida suhbat qilar ekanmiz, nazarimizda yonginamizda Bahodir aka ham borday, xiyol kulimsirab, boshini ohista silkitib, so‘zlarimizni ma’qullab o‘tirganday edi…”

Ha,Bahodir akaning o‘zi bir maqolasida yozganiday “xotira uyg‘onsa go‘zal”dir.Bugun garchi oramizda Bahodir Sodiqov jisman yo‘q bo‘lsada, uni tanigan,bilganlar xotirasida ul kishining nomi hamisha barhayot.Yozgan maqolalari,she’rlari,tarjimalari orqali Bahodir akaning ikkinchi boqiy umri davom etmoqda.Bahodir Sodiqovning umri qisqa ekan, ammo ul kishining yozganlarining umri uzundir…

“Oltin Meros” jamg‘armasi Xorazm viloyat bo‘limi raisi Komiljon Nurjonov aytganidek, “Bahodir Sodiqovga xudo umr berib, bugungi istiqlol kunlarigacha yetib kelganida, Najmiddin Komilov,Ibrohim Haqquldek yetuk tasavvufshunos olim, tariximizning teran tadqiqotchisi bo‘lib yetishardi.Biroq uning 21 yoshigacha yozgan maqolalari ham tariximizdagi nurli izlar bo‘lib qolaveradi.Endi marhum munaqqidning xotirasini abadiylashtirish masalasini ma’sul rahbarlar o‘ylab ko‘rishsa yaxshi bo‘lardi”.

1990 yilning 20 fevralida “Shovot istiqboli” gazetasida Urganchdagi X.Siddioq nomli maktab o‘quvchisi, asli Shovotlik Gulnora Quronboyeva o‘sha davr an’anasiga ko‘ra, kashshoflar guruhiga Bahodir Sodiqov nomi berilganidan quvonib, ul kishining nomini Shovotdagi maktablardan biriga berishni taklif qilgan ekan.Oradan yillar o‘tdi.Ammo…garchi bugungi kunda ta’lim dargohlariga atoqli shaxslar nomi berilmasada,Bahodir Sodiqov nomini xotirlashning boshqacha yo‘llari ham borku?!

Bahodir Sodiqov 1959 yilning 19 aprelida tavallud topgan va 1980 yilning 12 sentyabrida vafot etgan.Axir ana shu sanalardan birida Shovot tumanidagi kollej, maktablarda marhum munaqqid xotirasiga bag‘ishlab tadbirlar o‘tkazish mumkin-ku?!

Yoki bo‘lmasa Bahodir Sodiqov bilan birga o‘qigan,ul kishini o‘qitgan, tanigan-bilgan Shovotliklardan, universitetda bir davrda tahsil olgan ijodkorlardan ul inson to‘g‘risidagi xotiralarni yozib olib ,bugungi kunda adabiy an’anaga aylangan “Bahodir Sodiqov zamondoshlari xotirasida “nomli kitobini ham chop etsa bo‘ladi.

Shuningdek ul ijodkorning ilk ijod namunasi 1976 yil 7 fevralida Shovot tumani gazetasida chop etilgan ekan.”Xorazm haqiqati”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Yoshlik”, “Sharq yulduzi” nashrlarida chop etilgan, shuningdek do‘sti Berdi Rahmatda saqlanayotgan maqolalarini ham to‘plab nashr etsak,Bahodir Sodiqovdek umri qisqa bo‘lgan insonning ruhi shod bo‘lgan, asarlari keng jamoatchilikka yetib borgan bo‘lardi.

Ana shundan keyingina esa munaqqid tahsil olgan O‘zbekiston Milliy Universiteti jurnalistika , o‘zbek filologiyasi fakultetlarida Bahodir Sodiqov xotirasiga va u ul kishining ijodiga bag‘ishlab ilmiy-amaliy anjuman o‘tkazmoq kerak, menimcha.

Bundan tashqari munaqqidning yurtdoshlari-Urganch Davlat Universiteti o‘zbek filologiyasi fakultetining zukko talabalari uchun Bahodir Sodiqov nomli stipendiya joriy etishsa,yosh avlod qalbida o‘tganlarga hurmat ruhi shakllanar,ulardagi ijod kurtaklari ravnaq topishi uchun zamin hozirlangan bo‘lardi.

O‘ylaymanki, menim bu takliflarimni yozuvchilar uyushmasi Xorazm viloyat bo‘limi, viloyat ma’naviyat targ‘iboti markazi va Shovot tumani hokimligi mutasaddilari o‘ylab ko‘rishsa , yaxshi bo‘lardi.Zero,Shovotning sharafli Bahodiri, o‘zbekning 21 yoshidayam yetuk munaqqidi darajasiga chiqqan ijodkori xotirasini e’zozlash, bugungi istiqlol farzandlari uchun ham qarz, ham farzdir.

BAHODIR SODIQOV SHE’RLARIDAN
033

BAHOR, UYG‘ON!

Bahor, uyg‘on, uyg‘on noz bilan,
Navro‘z , kelgil, kelgil soz bilan.
Qiyg‘os bo‘lib gullasin bog‘lar,
Lolalarga burkansin tog‘lar.

Dildan qayg‘u-alamlar ketsin,
Umid qushi manzilga yetsin.
Yel keltirsin gullar totini,
Maftun qilsin inson zotini.

Olam bo‘lsin attor do‘koni,
Bog‘lar bo‘lsin bulbul makoni.
Qayg‘u bo‘lsin dillardan gumroh,
Shodlik bo‘lsin insonga hamroh.

Quyosh sochsin oltin nurini,
Dehqon eksin baxti-durini.
Bahor, yashnat o‘zbek elini,
Shoirlar ham bog‘lab belini,

Toshirsinlar ijod daryosin,
Boyitsinlar ijod dunyosin.
Seni kuylay, kuylayin bahor,
Kuylayin va madh etay takror.

Shodlik solib mening dilimga,
Bahor Navro‘z,kelgil elimga!
Buncha shodlik baxsh etgach menga,
Ushbu she’rni baxsh etdim senga!

1975 yil 14 mart.

*   *  *

Dardlaringni daryoga,
Sirlaringni samoga,
To‘kma, sochma, sevgilim,
Sirlaringni sev, gulim.
Darding bilan dilbarsan,
Sirlar bilan suyukli.

Daryolarning dengizi,
Samolarning yulduzi.
Senga bo‘lsa, men o‘zim
Borman axir, kunduzim.
Daryolardan dilbarsan,
Samolardan suyukli.

Suydiriblar suymasang,
Kuydiriblar kuymasang,
Eng baxtiyor tuyg‘u bo‘l!
Tog‘siz, cho‘lsiz ohu bo‘l!
Kuymagandan dilbarsan,
Suymagandan suyukli.

Sochilarsan sir bo‘lib,
Hayratimda hur bo‘lib.
Ucharsan-ey falakda,
Falaklarim yurakda.
Falaklardan yurakda.
Falaklardan dilbarsan,
Yuragimdan suyukli.

1980 yil.

*   *  *

Esa boshlar ishonch shamoli,
Va ko‘pirar kurash to‘lqini.
Ham ozodlik dengizi uzra,
Ko‘rinadi baxtlar yolqini.

Hali ko‘pdir qullik qoyasi,
Ozodlikning dengizi ichra.
Ey, shamollar, dovuldek esing,
Va sen, to‘lqin, qoyaga sachra!

Shamol hamda to‘lqin, birlash va
Qoyalarning qirg‘og‘in kemir,
Ey sen, dengiz, qullik orolin,
Qahr ila qa’ringga simir!

Shunda qoya o‘smog‘i uchun,
Xunta bo‘lib otilmas vulqon.
Zamondoshim ozodlik uchun,
Kurashga chiq, uyqudan uyg‘on!

1980 yil.

TARJIMA DAFTARIDAN
FЕYЕRBAX BISOTIDAN
033

*   *  *

Insonni tushunish uchun uni sevmoq kerak.

*   *  *

Go‘dak faqat sevganidan keyingina inson bo‘ladi.

*   *  *

Mardlik tafakkurning zarur shartidir.

*   *  *

Bizni fikrlashga, o‘ylab ko‘rishga undaydigan yaxshi kitoblar begona tilda yozilgan.Ularni o‘qish davomida o‘z shaxsiy “ona” tilimizga tarjima qilamiz.

*   *  *

Hayot –bizning fikrlarimiz va tuyg‘ularimiz bahori6 lekin uni faqat yoz oxirlariga borib, hatto kuzdagina qog‘ozga tushiramiz.

*   *  *

Dunyo-go‘zal saroy; fikrlar-bu qirol, tuyg‘ular-bu haqiqatni taxtga tomon o‘tkazmaydigan saroybonlar.

*   *  *

Hayot to‘xtab-to‘xtab,tomchilab ichilishi kerak bo‘lgan sharobga o‘xshaydi.Eng yaxshi sharob ham, agar uni sutdek birdaniga ichadigan bo‘lsak, biz uchun barcha lazzatlarini yo‘qotadi; uning qadriga yetmay qo‘yamiz.

*   *  *

Hayot — shoir,kitob faylasuf.Birinchisi birlikni ko‘plikda mushohada qiladi, ikkinchisi ko‘plikni birlikda mushohada qiladi.Poeziya samarani kuchaytirish va lazzatni oshirish uchun daraxtga uzoqdan qaraydi.U daraxtning qanday gullarga burkangani, unda ming-minglab gullar qanday chayqalayotganini tomosha qiladi va ushbu kuzatishning magik kuchi bilan qanoatlanadi.Falsafa esa daraxt oldiga keladi va bitta-ikkita eng katta gullarini yulib oladi.Ularning bir-biriga g‘oyatda o‘xshashligini kuzatadi; o‘zi bilan uyiga olib ketadi va aqli quyoshida quritadi-da, kitob varaqlari ichida saqlaydi.

*   *  *

Vaqt-borliq va yo‘qlik shakli, u shu haqiqatni aks etdiradi.Bugungi hayot-lahzalarning davom etishi, xolos; biz doimo bir lahzalikkina yashaymiz.Lahza-bu mening butun hayotimni yoritib turadigan chaqmoq.
Lahzaning borligi va yo‘qligi o‘rtasida nima yotadi? Unda borliq bilan yo‘qlik oralig‘i yo‘q, aks holda u lahza bo‘lmas edi.

xdk

(Tashriflar: umumiy 288, bugungi 1)

Izoh qoldiring