To’lqin Eshbek. So’nmas mehr sarchashmasi.

073
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон “Яшариб бораётган шоир” сарлавҳали мақоласида Аъзам Ўктам ижодининг салоҳияти, югуроқ кўзларга тезда чалинавермайдиган ички қудрати, ўхшаши йўқ нафосати ҳақида сўз юритар экан, “Республикамиз мустақиллигини нақадар тўлқинланиб қарши олган “Ҳамма нарса энди ростдан ўзимизникими?” деб касбдошларига мағрур боққани ҳозиргидек эсимизда” дея хотирлайди.

013

Тўлқин Эшбек
СЎНМАС МЕҲР САРЧАШМАСИ

Тенгқурнинг таъсири ўзгача бўлар экан. Гоҳо ота-она тарбияси, устозлар сабоғи тарозининг бир палласини эгалласа, тенгдош ўртоғинг қулоғингга қуйганлари иккинчи паллани босиб кетаркан. Шунинг учун ҳам зийрак ота-оналар фарзандининг феъли чатоқ болаларга қўшилиб қолишидан хавотирга тушаркан. Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга, мақоли ҳам шу аснода пайдо бўлган эҳтимол. Дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингни айтаман, деган мақол моҳиятида тенгқурнинг таъсири эътироф этилганини англаш мумкин. Демак, ўқишда бўладими, кўча-кўйдами, яхши дўстлар орттириш ҳам бир саодат! Ўтган асрнинг саксонинчи йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ўқишга кириш орзусида юрган кезларимда ётоқхонада бир ғалати кишига дуч келгандим. Қоши мудом чимирилиб туришидан феъли чатоқроқлиги кўриниб турган киши газета-журналларда чиққан мақолаларимни варақлаб чиқди-да, ҳафсаламни пир қилди:

– Эсиз истеъдод…– деди негадир пичингли оҳангда бош чайқаб.– Бу факультетга сиздақалар эмас, таниш-билишчилик қиладиганлар кириб, ҳамма ўринларни эгаллаб олишади. “Таниш-билиш бор жойда – эшагинг қолмас лойда” деган гап бор-ку. Ҳм-м. Ўқишга киришни истасангиз отни қамчиланг, керак бўлса, ёрдам бераман.

– Ҳақиқат йўқми?!– Ўзга савол топа олмасдан калавланиб қолдим, шу тобда дилимда пайдо бўлган гап тилимга отилиб чиқди.– Таниш-билишчилик қилиб ўқишга кириш мумкиндир, бироқ, улар журналист бўла олишмайди-ку?..

– Менга қолса, сиздек ёзиш қўлидан келадиганлар таниш-билишчилик қилиб бўлса-да ўқишга киринглар, ҳақиқий журналист бўлиб етишинглар!– У гўё куюнчаклик билан гапирарди. – Ана, ҳақиқат истаганлардан биттаси – Аъзам деган ёш шоир уч йилдан бери ўқишга кира олмаяпди…

Кейинчалик билсам, ўзини ҳожатбарор қилиб кўрсатган кимса ўқишга кириш орзусида келган абитуриентларни “тузоққа илинтириш” учун изғиб юрадиганлардан экан. Бошқаларга ҳам “таниш-билишчилик қилмасангиз ўқишга киролмайсиз” деб қармоқ ташлаганини эшитиб ҳанг-манг бўлиб қолдим.

Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, ҳалиги гапдан қанчалик ранжиган бўлсам, ўша киши шоир деб атаган Аъзам Худойберидев билан танишганимдан шунчалик суюндим. Орзулар оғушида юрган бола учун шоир билан танишиш қувончли ҳодиса эди-да. Ёшини суриштирсам, акамдан бир ёш (каминадан уч ёш) катта, хатти-ҳаракатлари, чўрткесарлиги ҳам акамга ўхшар экан. Хуллас, ўша суҳбат асносида биз ака-ука тутиндик.

Бизга тузоқ ташлаган кимсанинг гапини “шамол учирди…” Не бахтки, ўша йили талабалик бахтига мушарраф бўлдик! Талабалар шаҳарчасидаги 3-ётоқхонада Аъзам ака билан қўшни хоналарга жойлашдик. Шу-шу, ўқишда ҳам, дарсдан кейин ҳам кўпинча бирга юрадиган сирдош дўст бўлиб кетдик.

Аъзам аканинг даврасида суҳбат адабиётдан бўларди. Аудиториядаги ҳангомалар камлик қилгандек талабалар турар жойида ҳам Абдулла Қаҳҳор ҳақида дилтортар суҳбатларни мароқ билан тинглардик. Буюк адиб қандай яшаган, ҳақиқат учун қанчалик курашган, оиласида Кибриё опа билан қандоқ муносабатда бўлган ва ниҳоят, қай тарзда қалам тебратган, ҳикояларида қайси образ орқали нималар деган ва ҳоказо. Ҳатто, машғулотларда (фалсафа дарсида бўлса ҳам) сўзга чиқса, албатта Абдулла Қаҳҳорнинг ўша мавзуга оид бирор фикрини қистириб ўтарди. Қалами ўткир, сўзи кескир устоз адиб ўз даврида замондош қаламкашларни аямаганини, қайси нўноқроқ ёзувчини қандай танқид қилганини Аъзам ака ўз кўзи билан кўргандек сўзлаб берарди.

Биз ҳам давримизнинг қайси ёзувчи-шоири зўр-у, қай бирлари ғўрроқ эканлиги ҳақида “курсимизнинг Абдулла Қаҳҳори”дан сўрайдиган бўлдик. У шеъриятда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Анвар Обиджон, насрда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, Тоғай Мурод ижодини соддагина тилда таҳлил қилиб берарди. Керак бўлса, сумкасидан китобларини чиқариб, баъзи саҳифаларини ўқиб, сатрлар замиридаги фалсафий фикрларни тушунтирарди.

Китоблари чиққан бўлса-да шеърларини деярли ҳеч ким эсламайдиган баъзи шоирлар ҳақида Аъзам аканинг танқидий гапларини эшитиш мароқли эди. Ўзимиз таниган-билган баъзи шоирлар ҳақида “Фалончининг ижодига қандай қарайсиз?” деган саволимизга жавобни бопларди. Танқидий фикрини образли қилиб тушунтирарди: “Шеърлари худди ўзига ўхшайди; истараси иссиқ, ясама тиржайиб гапиришни қойиллатади, бироқ, уни ҳеч ким яхши гап билан эсламайди. Мана, ўзингиз ҳам унинг қайси шеърини ёддан айтоласиз? Бирор даврада унинг шеърини ўқишаётганини эшитганмисиз? Йўқ! Демак, шеъри шоирдан аввалроқ ўлгани шу…”

“Ҳай-ҳай, беаёв танқид қилишда Абдулла Қаҳҳордан ўтиб кетдингиз-ку”, дердик ҳазиллашиб.

“Мен уларнинг ортидан оғзиботирлик қилаётганим йўқ,– дерди Аъзам ака кескин бош чайқаб.– Тунов куни Ёзувчилар уюшмасида юзига шартта-шартта айтганман…”

Тенгқурнинг таъсирини қарангки, биз Аъзам Ўктам мақтаган ёзувчи-шоирларни суюб, танқид қиладиганларига озми-кўпми салбий нигоҳ билан қарайдиган бўлиб қолгандик.

Талабалик йилларидаги энг ҳаяжонли дамлар Сирдарё пахта далаларида кечган. Кун бўйи пахта териб толиққан ҳашарчиларнинг чарчоғи адабий гурунгларда чиқиб кетарди. Кечки овқатдан сўнг ҳамма гулхан атрофига ошиқарди. Бепаён далани қоплаган тун зулмати ичра биз ёққан олов шуъласи ажиб манзара кашф этарди. Худди эртаклардагидек гулхан атрофида гавжум бўлган азамат йигитлар-у чевар қизларнинг гулгун чеҳраларидан гўё нур тараларди. Ўйин-кулги роса авжига чиқар, Қадамбой Бакиев хоразмча ва Шуҳрат Умиров дилкаш қўшиқлар куйлаганларида рақсга тушмаган талаба қолмасди ҳисоби. Биздан бир-икки курс катта-кичиклигидан қатъи назар пахта даласида, баракда тенгқурдек бўлиб кетишган Отабек Мусаев, Бекқул Эгамқул, Абдунаби Ҳайдаров, Аҳрор Аҳмедов, Ғаффор Расул, Рўзибой Қўлдош, Ҳайдар Акбар, Собир Ўнар, Шодиқул Ҳамро, Ғулом Ибодов, Умида Усмонова, Обида ва Сурайё Қосимоваларнинг дилтортар ҳангомалари, Абдували Қутбиддин, Салим Ашур, Минҳожиддин Мирзо, Вафо Файзулло, Муҳаммад Исмоил, Абдумажид Азим, Валияхон Саидова, Маҳбуба Хаинова, Зарбуви Алқарова, раҳматли Акром Эрдон, Улаш Нурмон, Ҳошимжон Мирзааҳмедовларнинг шеърлари сокин далани тутиб кетар, ҳашарчи-талабаларга олам-олам завқ улашарди. Гал Аъзам Ўктамга етганида мухлислари чапак чалар, баъзи шеърларига жўр бўлишарди:

Фарғонадан келаман,
келасанми ёр-о, келасанми ёр?
Сенга ошиқ бўлганлигим
биласанми ёр-о, биласанми ёр?

Одамлар бор дунёда
ғоятда маккор-ей, доғули, айёр –
Соянгни ҳам чоҳ кавлаб,
кўммоққа тайёр-ей, кўммоққа тайёр.

Бир бошга бир ўлимни
бўйинга олдик-о, бўйинга олдик,
Ким бевафо бўлса,
уни худога солдик-о, худога солдик…

Шеър шу ерга етганида жўр бўлаётганларнинг дами ичига тушиб кетар, ҳамма ҳадик ичра домла томон кўз қирини ташларди. Негаки, бу даврда худо сўзини минбаъд шеърга солиш, унга илтижо қилиш, сано айтиш мумкин эмасди. Мумкин бўлгани: “худо йўқ, унга ишонганлар эскилик сарқитидан қутула олмабди…” қабилида сафсата сотиш эди…

Фикрлари асов отдек жиловланмаган бунақа ёшларни кўравериб “кўзи пишиган” домламиз эшитмаганга олар, сўнг ухлайдиган пайт бўлмадимикин, дегандек соатига қарарди.

Давра ўртасида ёш шоир аъзамона оҳангида давом этарди:

Сувнинг тиниғи туриб,
ичди лойини-ё, ичди лойини.
Эсон бўлсак кўрармиз
унинг ҳолини-ё, унинг ҳолини.

Ўтмишнинг кўзига қум
сочмак хатодир-ей, сочмак хатодир.
Таскиним шул – якканинг
ёри худодир-ей, ёри худодир!

Шу он кимдир бир челак сув кўтариб келганча гулханга урарди. “Пашш” этган товуш чиқиб, ҳаммаёқ зулматга айланарди. Ачимсиқ тутун иси димоққа урилганча барак томон одимлардик. Ёғдудан асар ҳам қолмаган бўлса-да, зулмат ичра оташнафас шоирнинг оҳанграбодек товуши қандайдир маънавий нурга айланарди:

Таскиним шул – якканинг
ёри худодир-ей, ёри худодир!

Ким нени изласа топгай бегумон, деганларидек, юртимиз истиқлоли шарофати ила қадр топган диний қадриятларимиз шоир Аъзам Ўктам ижодий фаолиятида ёрқин саҳифаларга айланди. У 1992 йилда Чўлпон нашриётида Қуръони каримнинг она тилимизга қилинган таржимаси салмоқли китоб ҳолида чоп этилишида муҳаррирлик қилди.

Талабалик йиллари ортда қолди. Истеъдодли ижодкорлар журналистика факультетининг нонини оқлаб таҳририятларга, нашриётларга, телевидение ва радиога ҳамда бошқа турли ижодий ташкилотларга жойлашдилар. (“Таниш-билишчилик” қилиб диплом олганлар қайларгадир тўзиб кетдилар…) Собиқ ҳамкурслар онда-сонда дийдор кўришадиган бўлдик. Ҳар гал даврамизга файз киритиб шоир Аъзам Ўктам янги шеърий тўпламларини кўтариб келарди! “Кузатиш”, “Кузда кулган чечаклар”, “Тараддуд”, “Икки дунё саодати” тўпламлари қўлма-қўл бўлиб кетганди. Соғинчли суҳбатлар албатта шеърхонликка уланарди. Бундай даврада ўзга мавзуга (қандайдир ғийбат-ғурбатларга) ҳечам ўрин қолмасди.

Бир куни ногаҳон “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида учрашиб қолдик.
Беғубор ёшлигимиз – талабалик йилларимиз ўтган масканни айланар эканмиз, истиқлол шарофати билан ақл бовар қилмас бахтга мушарраф бўлаётганимиз ҳақида ҳаяжон билан сўзлашдик.

– Талабалик йилларимизда “бир кун ўзбек тили давлат тили бўлади” дейишса ишонармидик?– Аъзам ака бош чайқаб гапирди.– Бу гапни айтган одам миллатчи, бузғунчи сифатида жазога тортиларди-я…

– Муқаддас динимиз шу қадар қадр топишини хаёлимизга ҳам келтира олмасдик,– дедим ҳаяжонимни яшира олмай.– Пахтага ҳашарга борганимиз ёдингиздами? Ўшанда бир шеърингизда худо сўзи янграгани учун гулханга сув сепиб ўчиришганди-я… Яратганга беадад шукр, бугун Оллоҳ ҳаммамизга ёр-у мададкор!

– БМТга мустақил давлат сифатида аъзо бўлиб, жаҳон харитасидан ўрин эгаллаганимизнинг қиёси йўқ,– деди суҳбатдошим.– Дунё билан бўйлашиш бахтига ҳам мушарраф бўлмоқдамиз.

– Ўзбекистон байроғи дунё узра ҳилпираб, мадҳиямиз жаранглаётгани ҳам ғурур бахш этади,– дедим ифтихор туйғусидан жўш уриб.– Ўзимизнинг бежирим енгил автомобиллар ҳар бир хонадонга кириб бораётгани-чи!

– Эсингиздами, худди мана шу ерда иккимиз Соҳибқирон Амир Темурга маҳобатли ҳайкаллар ўрнатилишини пичирлаб орзу қилгандик,– деди Аъзам ака ва ғалати кулимсираб ҳазиломуз оҳангда сўзини давом эттирди.– Ўшанда сиз бу гапни кимгадир айтиб қўймасмикинсиз… деб хавотирга тушгандим…

– Мен эса сиздан шубҳалангандим,– дедим қадрдонимнинг ҳазилига ҳазил билан.– Очиғи, шундай орзулар билан яшаганимиз ҳақида устозимиз Пиримқул Қодировга айтгандим. Улуғ адиб бетакрор асарларида яратаётган Амир Темур сиймоси улуғвор ҳайкаллардан кам эмас!

Собиқ ҳамкурс, содиқ дўстлар бу гаплардан ҳузур қилиб кулишдик.

Аъзам ака сумкасидан янги китобини чиқариб, қуйидагича дастхат ёзиб берди:

“Энг яқиним, дўстим Тўлқин Эшбекка сўнмас меҳр ила… Имзо. 19. 05. 2001”.

Чиройли гуллар расми билан безатилган китоб муқовасидаги “Қирқинчи баҳор” деган номга кўзим тушиши ҳамоно нечундир бир сескандим. Иримчи эмасман-у… айрим иримлар замирида қандайдир маънони англаганда ҳайрон-у лол қоламан. Баъзи нуронийларнинг “қирққа кирганда ёшингизни айтманг, чунки, “қирқ” сўзининг маъноси қайғулироқ, фаришта омин деб юбормасин”, деганлари қулоғимга чалинган.

Не ҳолки, кўп ўтмасдан Аъзам Ўктамнинг умр ипи қирқилгани ҳақидаги совуқ хабардан юрак ларзага келди…

Ҳар гал шу мўъжазгина тўпламни варақлаганда ғалати ҳолга тушаман. Айрим мунгли сатрлар замирида қандайдир синоат борга ўхшайди. Наҳот, шоир ўзи ҳам сезган бўлса… Ўша сатрлардан таъсирланиб, “Қирчиллама” ёш мўъжизаси” сарлавҳали мақола ёздим. (“Моҳият” газетасининг 2003 йил 15 август сонида ёритилган). Унга Аъзам Ўктамнинг ўша тўпламидаги қуйидаги сатрларини иқтибос қилиб олдим:

Валлоҳ, етди менинг ҳам галим,
Шарт гувраниб ўрнимдан турдим:
Кетмай туриб қарғалар ҳали,
Қалдирғочлар келганин кўрдим!

Бир пайтлар раҳматли ҳамкурсимиз айтган гапларнинг исботини ҳаётда кўриб турибмиз; шоиридан кейин яшаган шеър – ҳақиқий адабиёт бўлар экан! Адабиёт соҳасида катта устозлардан кўпроқ сабоқ берган дўстимизнинг 2011 йилда “Абу матбуот-консалт” нашриёти томонидан чоп этилган “Осмон яқин” китобини қайта-қайта варақлар эканман, ундан ўрин олган ҳар бир шеър янгидан барг ёзаётган ниҳолдек бўй кўрсатаверади. Айтайлик, “Менинг эртагим” сарлавҳали шеърида эртак айтаётган отанинг болага ҳақиқий панд-насиҳатлари ўз ифодасини топган:

Сал-пал унутганингда
ўйинлар, эрмакларни,
ўғлим, айтиб бераман
ажойиб эртакларни.

Кимдир тинглаб биларсан
Темур, Навоий, Бобур,
Жалолиддин, Муқанна,
Қодирий Усмон Носир.

Боламмассан, мудрасанг
бу жуда узун эртак.
Тингла агар бўлайин
десанг ҳақиқий эркак.

Аслида, эртак болаларни маънан улғайтириш учун айтилиши лозим. Баъзи оналар гўдагини ухлатиш учун эртак айтиши бор гап. Ушбу шеърдаги аъзамона руҳ сўнгги сатрда ўз аксини топади. Яъни, шоирнинг “ухлатмаслик учун айт!” деган даъватида ота-оналарга келажагимиз бўлган болаларни уйғоқликка чорлаши даъват этилгандек:

Боқ халқинг ўтмишига
эртангни ўйлаган пайт:
Эртак айтсанг ўғлингга,
ухлатмаслик учун айт!

Талабалик даврида Аъзам Ўктам шеър учун мавзуни сунъий равишда топмасди. “Ҳаётни кузатсангиз, мавзулар ўзи туғилиб келаверади” дерди. Ҳатто, ҳафтада бир кун бўладиган “Ҳарбий таълим” машғулотида ҳам зўр мавзу топгани ёдимда. Ўшанда эгнимизда ҳарбийча кўйлак билан ўзимизни “курсант”дек ҳис этардик. “Ҳарбий таълим” кафедраси офицерлари орасида ўта талабчанлари ҳам, “таниш-билишчилик”ни қойиллатадиганлари ҳам бор эди. Ҳақиқий ҳарбий, сўзида собит полковник Л.Ф.Сергеевдан талабалар қанчалик ҳайиқса, ҳалигидақа ҳамкасблари ҳам чўчиб туришларини аён ҳис этардик. Аъзам Ўктам ўша полковникка атаб ёзган “Машқ майдонидаги ўйлар” сарлавҳали шеъридаги воқеликларнинг биз ҳам шоҳиди бўлганмиз, фақат, ўша ҳодисаларни шоир қанчалик теран нигоҳ ва ўзгача руҳ ила кузатгани ҳайратга солди:

“Ҳамма жангга!” Аслаҳахона
талотумга тўлди саҳарда.
Жўнаб кетдик машқ майдонига,
ёвларимиз қолди шаҳарда.

Хижил бўла бошлайди кўнглим,
алланечук ғалат туйғудан:
Не учундир эриш туюлар,
ёвни босиб олмоқ уйқуда.

Шу аснода шоир жамиятдаги айрим иллатларга қарши исёнини ҳам маҳорат ила баён этади:

Асл ёвим ёнимда менинг,
йўлларимни доим тўсар у.
Отасининг каттадир қорни,
соясида яйраб ўсар бу.

Рост айтасиз, аммо сўзингиз,
Мағзин шундай чақишим тайин –
Ёғийни қийратиб ўлдириш,
жангда осон, машқда қийин!

Салмоқли шеърнинг хотима қисмида мураббий-полковник тилидан баён этилган сўзлар яна маънан курашга даъват этади:

То ўлгунчашу сўзларингиз,
хаёлимдан кетмайди нари:
– Энди сизлар Буюк Ватаннинг
энг ишонган офицерлари.

Отангизнинг сафига кириб,
марди майдон бўлингиз сизлар.
Хурсанд бўлсин сочини ўриб,
сизни кутиб ўтирган қизлар.

Омон бўлинг – мард бўлинг фақат,
бу ҳаётда сира адашманг.
Ёвларингиз тугамай туриб,
Истеъфога чиқишга шошманг!

Тўпламдан ўрин олган “Хосият момо армони”, “Қишлоғим таърифи”, “Саҳро изтироби”, “Тувакдаги гул”, “Пишиқчилик”, “Ҳолат”, “Юксакликда”, “Чироқ”, “Журъат” каби шеърларида ҳам шоир қисқа умри давомида англаб етган ажиб фалсафасини бадиий лавҳаларда юксак маҳорат ила тасвирлайди. Бу шеърларнинг аксариятида замон билан ҳамнафас бўлган шоир ўқувчини ўз даврида жўш урган туйғуларига ошно этади.

Шеъри ўлмаган шоир қанчалик бахтли бўлса, чироғини ёқгувчи ўғил-қизи руҳини шод эта олса, демак, у шунчалик барҳаётдир. Аъзам Ўктамнинг қизи Тўмарис ва ўғли Темурбекка журналистика факультетида сабоқ берган онларим раҳматли ҳамкурсим билан ҳаяжонга тўла талабалар аудиториясида яна дийдорлашгандек ҳис этардим ўзимни. Ота изидан борган фарзандлари бугун “Миллий тикланиш” ҳамда “Ўзбекистон овози”дек республикамизнинг етакчи газеталарида фаолият кўрсатишаётгани дилга таскин беради.

Аъзам ака фарзандларига ота сифатида қанчалик намуна кўрсатган бўлса оила бекаси Ҳулкар Ҳамроева ҳам Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаол меҳнат қилиш билан бирга “Озод Шарафиддинов публицистикасининг тили ва услуби” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлагани ғоят гўзал ибратдир.

Бир пайтлар Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий “Отам ҳақида” деб ёзган китоби буюк адиб ҳаёти ва ижодини ўрганишда қимматли манба бўлган эди. Ана шундай эзгу анъанани давом эттиришган Ҳулкар Ҳамроева ва Тўмарис “Осмон яқин…” шеърий тўпламини нашрга тайёрлаб, бугунги шеърият мухлисларини шоир Аъзам Ўктам ижодига ошно этгани жуда хайрли иш бўлганини алоҳида эҳтиром ила таъкидласак арзийди. Китоб аввалида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон “Яшариб бораётган шоир” сарлавҳали мақоласида Аъзам Ўктам ижодининг салоҳияти, югуроқ кўзларга тезда чалинавермайдиган ички қудрати, ўхшаши йўқ нафосати ҳақида сўз юритар экан, “Республикамиз мустақиллигини нақадар тўлқинланиб қарши олган “Ҳамма нарса энди ростдан ўзимизникими?” деб касбдошларига мағрур боққани ҳозиргидек эсимизда” дея хотирлайди. Бу фикрлар юқорида баён этилган бир суҳбатда Аъзам Ўктамнинг юртимиз истиқлолидан қалби қанчалик ғурурга тўлгани ҳақидаги сўзимизни яна бир бора тасдиқлагандек…

Айни пайтда Тўмарис Аъзамнинг ўз отаси ижодини илмий тадқиқ этиб докторлик диссертацияси устида ишлаётгани ҳақидаги хушхабар ҳам дилда умид уйғотади.

Ўлмас шеърлари янглиғ шоирнинг руҳан тириклиги, умрибоқийлиги ҳам ана шундадир.

Манба: www.12uz.com

(Tashriflar: umumiy 254, bugungi 1)

Izoh qoldiring