Nodir Normatov. Adibning sehrli ko’zgusi

006

Эркин Аъзам ҳақида ҳозир гап айтиш мавриди келди, фақат олтмишга кираётганлиги учунгина эмас (назаримда, олтмишга кирганлар ҳақида ёзиш, бу унга далда, юпатишдай бўлиб туюлади, ёшинг кетиб бораётибди, аммо қўрқма дегандай). Мавриди шунинг учунки, у шу йиллар мобайнида худо берган ўзидаги истеъдодни суистеъмол қилмади, шунинг учунки, кўнглидагини ёзди, муҳими, ижод деб аталмиш буюк бир неъматга катта эҳтиром билан қараб келди.

001
Нодир Норматов
АДИБНИНГ СЕҲРЛИ КЎЗГУСИ
001

Эркин Аъзам ҳақида ҳозир гап айтиш мавриди келди, фақат олтмишга кираётганлиги учунгина эмас (назаримда, олтмишга кирганлар ҳақида ёзиш, бу унга далда, юпатишдай бўлиб туюлади, ёшинг кетиб бораётибди, аммо қўрқма дегандай). Мавриди шунинг учунки, у шу йиллар мобайнида худо берган ўзидаги истеъдодни суистеъмол қилмади, шунинг учунки, кўнглидагини ёзди, муҳими, ижод деб аталмиш буюк бир неъматга катта эҳтиром билан қараб келди. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани, рўй берган воқеликни ўз номи билан аташни хуш кўрди, бу номнинг минг бир хил атамаларини, айта билиш усулларини излаб топди. Қайси бир куни Мирпўлат Мирзонинг адабий кечасида Эркиннинг самимий гапиргани эсимда: «Бу шоирнинг юраги нега хасталанади? Феъли кенгу ўзи қувноқ бўлса… Мана, бизнинг юрагимиз тор, феълимиз ўзига яраша», — деб ўзига ҳам баҳо бериб кетди.

Эркин балки чиндан шундайдир, аммо бу унинг куйинчаклигидан, ношоён бир ишларга шунчаки бепарво қараб ўтиб кетолмаслигидан. Эркин қайсидир маънода ўзи ёзган «Отойининг туғилган йили» қиссасидаги шартаки қаҳрамонининг ижобий кўриниши. Эркин нимаики ёзган бўлса, уни ўзи излаб топган усул-бадиият деб аталган «кўзгу»сига солиб ёзди. Бу кўзгу менга тўрт томони ойнаванд, аммо турли ҳолатларга солиб кўрувчи «кулгу хона»сини эслатади. Фақат Эркиннинг кўзгуси сўзларнинг ажиб товланишлари, тусланишлари, ихтинишларию гувранишлари каби минг бир хил нағма-наволардан иборат. Муаллиф қаҳрамонни ана шу кўзгуда ўзини танимагунча ўз ихтиёрига қўймайди. У яратган фош этишнинг ўзига хос бу санъатида на Абдулла Қаҳҳор, на Шукур Холмирзаев (Эркиннинг ўзи эҳтиром билан қарайдиган устозлари) анъанаси бор, у том маънода ёзувчининг ўзи яратган дастхат. Тўғри, мен ундаги бу «шолойимлик»ни — услубдаги ўйноқи, айни пайтда истеҳзоли, кинояли тасвирларни ўқиганимда, баъзан Гогол асарларини эслаб кетаман.

 Эркин билан бир курсда ўқиганмиз, уни мактаб давридан бери биламан. У шу йиллар мобайнида, менинг назаримда бир марта ўзгарди (мен унинг сийратини, ҳаётни англашдаги топган бадиий йўлини назарда тутаман, суратида эса барча қатори минг бор ўзгаришлар рўй берган), бу — адабиёт деб аталмиш сеҳрли маконга киришнинг чинакам калитини топиб олганида рўй берган эди. У шу калитни топганидан сўнг, «Анойининг жайдари олмаси», «Отойининг туғилган йили», «Жавоб», «Пиёда» каби кўплаб асарлар ёзди. Унинг бисотини ковласангиз, қанча-қанча драмалар, киноқиссалар, стсенарийлар ҳам чиқиб қолади.
 

Эркиннинг табиати нозик — бировнинг овозидаги ясамаликни, сохталикни сезса, жунбушга келади, аммо ёшлик йилларидагидек уни дарҳол фош қилиб ташламайди. Йиллар энди уни анча босиқ, вазмин қилиб қўйган.

Унинг мен ҳурмат қиладиган яна бир хусусияти бор: Эркин адабиётда ҳалол хизмат қилганларни, агар унинг бир ғиштини қўйишга хизмат қилган бўлса, иззат-икром қилади, оламдан ўтган бўлса, хотирасини қўлидан келганча эъзозлайди. Устоз деб этагидан тутган Асқад Мухтор, Саид Аҳмад каби ёзувчилар хотирасига киши билмас савоб ишларга қўл уришдан толмайди.

Эркин Аъзам баъзи бир ёзувчилар сингари адабиётнинг авангард намуналарини яратиш учун зўриқмади, зўракилик унга, унинг ижодига ётлиги ўзбекона, равон, бурро, ширалию гинали тилида кўриниб туради. Чунки, ёзувчи бадиий талқиндаги табиийлик барча мактабларнинг бош мезони эканлигини яхши англайди. Бу табиийликни чеклаб бўлмайди, унинг шаклу шамойили, ўлчами, қирраларию кўринишлари ҳамиша хилма-хил, ранго-ранг, беадад. Эркин Аъзамнинг бадиий ҳақиқатлари ҳаётий ҳақиқатлардан туғилган, шунинг учун ҳам уларда мантиқийлик бор, шунинг учун ҳам умр манзараларининг жонли чизгилари, воқеликнинг остин-устун эврилишлари китобхонни жалб этади.

Эркин Аъзам ижодидаги диққатга сазовор яна бир хусусият — у қишлоқ мавзусида талай асарлар ёзиб, ажойиб типажлар, бетакрор феъл-атворлар, ўжар, дангал, ўзича ҳақ одамларнинг яхлит галереясини ярата олди. Аммо у шаҳар мавзусига ҳам дадил қўл урган, маҳорат билан китоблар ёза олган, таъбир жоиз бўлса, қишлоқ ёзувчиларидан. Уларда кўз ўнгимизда бўлиб ўтган таниш воқеаларнинг бош иштирокчиларини дарҳол таниш мумкин, уларда ҳам ёзувчининг ўткир психологик портретлар устаси эканлиги кўринди.
 

Сурхондарёда собиқ туман ҳокимлардан бири менга бир куни Эркин Аъзамнинг устидан шикоят қилиб қолди: «Бу ёзувчи оғайнингиз бир йиғинда: ҳаммамизни устимиздан кулгандай гапирди. Кейин, билсам, Эркин вилоятдаги катта бир йиғинда сўзга чиқиб, «вилоятдаги буғдойзорларга занг деган касаллик теккан экан. Майли, буни бир амаллаб, даво-чорасини топишар. Аммо, миямиздаги танбаллик, бефарқлик деб аталган зангни қачон ювамиз. Мана шу иллатдан энг аввало қутулишимиз зарур эмасми?», деган экан. Унинг бу гаплари янги гап эмас, аммо қайта-қайта айтилса, арзийдиган ҳикматли гап.
 

Эркин бундай гапни айтишга ҳаққи бор эди. У ориятли, ота тарбиясини олган, ҳар ерга суқилмайдиган, иззатини биладиган, нафсини тия олган инсон сифатида вилоятда рўй берган ножоиз ишлардан, кўрган-билганларидан дили озор чекканидан ҳам шу гапларни айтишни раво кўрган.

  Марҳум Муҳаммад Раҳмон Эркин Аъзам ҳақида шундай деб қолган эди: «У Сурхондарёда мен бир пайтлар кўрган, сира ҳам бировнинг ҳақини емаган, ҳақгўй, адолат учун курашган, аммо алданган инсонни эслатади». Билмадим, бу гап қанчалик тўғри, аммо шуниси аниқки, Эркин Аъзам адабиётда бировга ҳақини берадиган, ёки алданадиган, шунчаки ишониб кетаверадиганлар тоифасига кирмайди. Чунки, унинг энг ишонарли, энг адолатли суянчиғи — уни ўзига мезон деб билган ишончли, синчков «кўзгу»си бор. Бу кўзгу ҳали унга, адабиётимизга узоқ-узоқ йиллар содиқлик билан хизмат қилади.

«Моҳият» газетасидан олинди

001
Nodir Normatov
ADIBNING SEHRLI KO’ZGUSI
001

Erkin A’zam haqida hozir gap aytish mavridi keldi, faqat oltmishga kirayotganligi uchungina emas (nazarimda, oltmishga kirganlar haqida yozish, bu unga dalda, yupatishday bo’lib tuyuladi, yoshing ketib borayotibdi, ammo qo’rqma deganday). Mavridi shuning uchunki, u shu yillar mobaynida xudo bergan o’zidagi iste’dodni suiste’mol qilmadi, shuning uchunki, ko’nglidagini yozdi, muhimi, ijod deb atalmish buyuk bir ne’matga katta ehtirom bilan qarab keldi. Hayotdagi har bir narsani, ro’y bergan voqelikni o’z nomi bilan atashni xush ko’rdi, bu nomning ming bir xil atamalarini, ayta bilish usullarini izlab topdi. Qaysi bir kuni Mirpo’lat Mirzoning adabiy kechasida Erkinning samimiy gapirgani esimda: «Bu shoirning yuragi nega xastalanadi? Fe’li kengu o’zi quvnoq bo’lsa… Mana, bizning yuragimiz tor, fe’limiz o’ziga yarasha», — deb o’ziga ham baho berib ketdi.

Erkin balki chindan shundaydir, ammo bu uning kuyinchakligidan, noshoyon bir ishlarga shunchaki beparvo qarab o’tib ketolmasligidan. Erkin qaysidir ma’noda o’zi yozgan «Otoyining tug’ilgan yili» qissasidagi shartaki qahramonining ijobiy ko’rinishi. Erkin nimaiki yozgan bo’lsa, uni o’zi izlab topgan usul-badiiyat deb atalgan «ko’zgu»siga solib yozdi. Bu ko’zgu menga to’rt tomoni oynavand, ammo turli holatlarga solib ko’ruvchi «kulgu xona»sini eslatadi. Faqat Erkinning ko’zgusi so’zlarning ajib tovlanishlari, tuslanishlari, ixtinishlariyu guvranishlari kabi ming bir xil nag’ma-navolardan iborat. Muallif qahramonni ana shu ko’zguda o’zini tanimaguncha o’z ixtiyoriga qo’ymaydi. U yaratgan fosh etishning o’ziga xos bu san’atida na Abdulla Qahhor, na Shukur Xolmirzayev (Erkinning o’zi ehtirom bilan qaraydigan ustozlari) an’anasi bor, u tom ma’noda yozuvchining o’zi yaratgan dastxat. To’g’ri, men undagi bu «sholoyimlik»ni — uslubdagi o’ynoqi, ayni paytda istehzoli, kinoyali tasvirlarni o’qiganimda, ba’zan Gogol asarlarini eslab ketaman.

Erkin bilan bir kursda o’qiganmiz, uni maktab davridan beri bilaman. U shu yillar mobaynida, mening nazarimda bir marta o’zgardi (men uning siyratini, hayotni anglashdagi topgan badiiy yo’lini nazarda tutaman, suratida esa barcha qatori ming bor o’zgarishlar ro’y bergan), bu — adabiyot deb atalmish sehrli makonga kirishning chinakam kalitini topib olganida ro’y bergan edi. U shu kalitni topganidan so’ng, «Anoyining jaydari olmasi», «Otoyining tug’ilgan yili», «Javob», «Piyoda» kabi ko’plab asarlar yozdi. Uning bisotini kovlasangiz, qancha-qancha dramalar, kinoqissalar, stsenariylar ham chiqib qoladi.

Erkinning tabiati nozik — birovning ovozidagi yasamalikni, soxtalikni sezsa, junbushga keladi, ammo yoshlik yillaridagidek uni darhol fosh qilib tashlamaydi. Yillar endi uni ancha bosiq, vazmin qilib qo’ygan.
Uning men hurmat qiladigan yana bir xususiyati bor: Erkin adabiyotda halol xizmat qilganlarni, agar uning bir g’ishtini qo’yishga xizmat qilgan bo’lsa, izzat-ikrom qiladi, olamdan o’tgan bo’lsa, xotirasini qo’lidan kelgancha e’zozlaydi. Ustoz deb etagidan tutgan Asqad Muxtor, Said Ahmad kabi yozuvchilar xotirasiga kishi bilmas savob ishlarga qo’l urishdan tolmaydi.

Erkin A’zam ba’zi bir yozuvchilar singari adabiyotning avangard namunalarini yaratish uchun zo’riqmadi, zo’rakilik unga, uning ijodiga yotligi o’zbekona, ravon, burro, shiraliyu ginali tilida ko’rinib turadi. Chunki, yozuvchi badiiy talqindagi tabiiylik barcha maktablarning bosh mezoni ekanligini yaxshi anglaydi. Bu tabiiylikni cheklab bo’lmaydi, uning shaklu shamoyili, o’lchami, qirralariyu ko’rinishlari hamisha xilma-xil, rango-rang, beadad. Erkin A’zamning badiiy haqiqatlari hayotiy haqiqatlardan tug’ilgan, shuning uchun ham ularda mantiqiylik bor, shuning uchun ham umr manzaralarining jonli chizgilari, voqelikning ostin-ustun evrilishlari kitobxonni jalb etadi.

Erkin A’zam ijodidagi diqqatga sazovor yana bir xususiyat — u qishloq mavzusida talay asarlar yozib, ajoyib tipajlar, betakror fe’l-atvorlar, o’jar, dangal, o’zicha haq odamlarning yaxlit galereyasini yarata oldi. Ammo u shahar mavzusiga ham dadil qo’l urgan, mahorat bilan kitoblar yoza olgan, ta’bir joiz bo’lsa, qishloq yozuvchilaridan. Ularda ko’z o’ngimizda bo’lib o’tgan tanish voqealarning bosh ishtirokchilarini darhol tanish mumkin, ularda ham yozuvchining o’tkir psixologik portretlar ustasi ekanligi ko’rindi.

Surxondaryoda sobiq tuman hokimlardan biri menga bir kuni Erkin A’zamning ustidan shikoyat qilib qoldi: «Bu yozuvchi og’ayningiz bir yig’inda: hammamizni ustimizdan kulganday gapirdi. Keyin, bilsam, Erkin viloyatdagi katta bir yig’inda so’zga chiqib, «viloyatdagi bug’doyzorlarga zang degan kasallik tekkan ekan. Mayli, buni bir amallab, davo-chorasini topishar. Ammo, miyamizdagi tanballik, befarqlik deb atalgan zangni qachon yuvamiz. Mana shu illatdan eng avvalo qutulishimiz zarur emasmi?», degan ekan. Uning bu gaplari yangi gap emas, ammo qayta-qayta aytilsa, arziydigan hikmatli gap.

Erkin bunday gapni aytishga haqqi bor edi. U oriyatli, ota tarbiyasini olgan, har yerga suqilmaydigan, izzatini biladigan, nafsini tiya olgan inson sifatida viloyatda ro’y bergan nojoiz ishlardan, ko’rgan-bilganlaridan dili ozor chekkanidan ham shu gaplarni aytishni ravo ko’rgan.

Marhum Muhammad Rahmon Erkin A’zam haqida shunday deb qolgan edi: «U Surxondaryoda men bir paytlar ko’rgan, sira ham birovning haqini emagan, haqgo’y, adolat uchun kurashgan, ammo aldangan insonni eslatadi». Bilmadim, bu gap qanchalik to’g’ri, ammo shunisi aniqki, Erkin A’zam adabiyotda birovga haqini beradigan, yoki aldanadigan, shunchaki ishonib ketaveradiganlar toifasiga kirmaydi. Chunki, uning eng ishonarli, eng adolatli suyanchig’i — uni o’ziga mezon deb bilgan ishonchli, sinchkov «ko’zgu»si bor. Bu ko’zgu hali unga, adabiyotimizga uzoq-uzoq yillar sodiqlik bilan xizmat qiladi.

«Mohiyat»  gazetasidan olindi 

хдк

(Tashriflar: umumiy 108, bugungi 1)

Izoh qoldiring