Nuriddin Egamov. Uch maqola: O’g’limni qaytarib bering & Xo’sh, innankeyinchi? & «Alvastijon»ga ochiq maktub

Ashampoo_Snap_2017.03.27_21h45m58s_001_.png    Дунёда нима гаплар бўлаяптию, дунёбехабар, фақатгина ўз ҳаловатию кайфу сафосини ўйлаган, оми, калтафаҳм, банги мардумнинг гурунгини қаранг. Улардан бири китоб титкилаб, ўз “саховатпеша” ҳомийлари “Ҳожи бобо”га савол бериб қолди. Кун бўйи бекорчихўжалар китоб титкилаб, баҳслашган “долзарб” саволни қаранг: “Або Муслим Носири Сайёрни муборак гурзилари билан урганларида ул зот тиззаларигача ерга кириб кетганларми ёки белларигача? Бултурги китобда тиззаларигача, деб ёзилганди, бу йилгисида белларигача…”

Нуриддин ЭГАМОВ
УЧ МАҚОЛА
004

 09 Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.
1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. 2000-2015 йилларгача “Қашқадарё” газетаси масъул котиб лавозимида ишлаган бўлса, 2015 йил сентябрдан “Баркамол авлод” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда. “Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсталик нишонлари билан тақдирланган.

004

“ЎҒЛИМНИ ҚАЙТАРИБ БЕРИНГ…”
Ёхуд Жўломон… Шапошников… Қўчқорвой…
ва  замонавий зомбилар хусусида

5011.jpgЯқинда телевизор орқали бир фильм кўрдим. Эски кинолардан, эҳтимол Сиз ҳам кўп кўргандирсиз. Рус киноижодкорлари томонидан 1983 йилда Александр Житинскийнинг “Снюсь” қиссаси асосида суратга олинган “Уникум” фантастик комедияси…

Нима бўпти, дейсизми? Бундоқ олганда айтарли ҳеч гап йўқдай… Аммо бошқа томондан қараганда кўп гап бордай…

Болалигимдан бери бу фильмни ўттиз марталар кўргандирман. Аммо унинг замиридаги моҳиятни, киноижодкорлар айтмоқчи бўлган ҳақиқатни англамаган эканман. Шундай ҳақиқатки, бугунги давримизнинг глобал муаммолари билан муштарак…

Ёдингиздан чиққан бўлса, бир оз тафсилотини эслатай. Бир идорада оддийгина дастурчи бўлиб ишлайдиган Константин Петрович Шапошников дабдурустдан ўзидаги ноёб телепатик қобилиятни кашф этиб қолади. Ва идорадаги ҳамкасбларининг тушларига кира бошлайди. Тўғрироғи, у тунда уйида ётиб, ухлаган пайтида кўрган тушини ғайриихтиёрий тарзда ҳамкасбларига “узатади”. Дастлаб бу ҳолат унинг ҳамкасбларини ҳайратга солади. Кўплар уни олқишлашади, айримлари қоралашади. Аммо уларнинг барчаси энтикиб, барчалари бирдай кўраётган тушларининг “навбатдаги серия”сини кутишади. Ва бу алаҳлашларнинг асосий сабабчиси Шапошников биз зумда машҳур кишига айланади.

Костя ўз иқтидорини назорат қила олмайди. Шундан сўнг унинг атрофида бу ноёб қобилият ортидан пул ишлашни мақсад қилган “ҳожатбарор”лар пайдо бўлади. Улардан бири гипнозчи, иккинчиси сеанслар ташкилотчиси ва ҳоказо…

Шундай қилиб, Шапошников “Снюсь” деб номланган иллюзия гуруҳи таркибида шаҳарма-шаҳар кезиб, катта концерт залларини “забт этиб”, тушларида саодатманд бўлишни орзулаган оломонни ниятига етказишни бошлайди. Яъни саҳнада ухлаб, гипноз орқали ухлатилган томошабинларга ғаройиб туш “ҳадя” этади. Томошабинларнинг бири олдиндан саҳналаштирилган, “классик” йўналишдаги тушида маликага, иккинчиси қиролга, учинчиси кардиналга, тўртинчиси мушкетёрга айланади… Ютуқларидан кибрланиб кетган Костя антиқа “каръера”си йўлида турмуш ўртоғи ва қизалоғини ҳам ташлаб кетади.

***

Энг қизиқ жойига энди келдик (ҳар ҳолда менга шундай туюлди). Навбатдаги сеанс олдидан Шапошниковнинг олдига бир кампир телбанамо ўғлини етаклаб келади.

– Мана, менинг ўғлим Павлик – Сизнинг ашаддий мухлисингиз, – дейди у алланечук ғазабнок оҳангда.

– Яхши, – дейди ҳеч нарсага тушунмаган Костя бамайлихотир.

– Нимаси яхши, у балки Сиз каби иқтидорли эмасдир, аммо у илгари эсли-ҳушли, одобли бола эди. Энди эса аҳволига бир қаранг, ўзини мушкетёр чоғлаб, кимлар биландир ўзича жанг қилиб юрибди. Унинг оиласи, фарзанди бор ахир. Қайтариб беринг, боламни, қайтариб беринг…

– Бўлди, – дейди қаҳрамонимиз, – Биз янги, замонавий лойиҳа устида ишлаяпмиз, ўғлингиз энди бошқа мушкетёр бўлмайди.

– Унда ким бўлади? – дейди кампир алам билан.
– Билмадим… Эҳтимол геолог бўлар…

Шунда кампир ғазаб ва изтиробдан қичқириб юборади:

– Нега? Нима ҳаққингиз бор Сизнинг? Менга қаранг, нега Сиз одамларнинг тушларига кирасиз? Туш – бу муқаддас нарса. У – меники, фақат меники… Шуни тушунасизми?

Шу чоқ ўзини мушкетёр чоғлаган Павлик қочиб кетадию Костя аламзада кампирнинг қутқусидан қутулади. Аммо… виждон азобига тутилади.

Буёғини эслагандирсиз, кўп чўзиб ўтирмайлик. Фильм ниҳоясида саҳнада ухлашга маҳкум этилган Шапошников ўрнидан отилиб туради-да, ҳайқирганича залда мудраётган оломонни турткилаб, уйғота бошлайди:

– Туринглар, одамлар, уйғонинглар! Ухламанглар! Ўйлаш керак…

***

Мана энди биз айтмоқчи бўлган муддаога етиб келдик. Бу ҳолат Сизга ҳам нималарнидир эслатиб юбормадими?

Ҳа, яшанг. Бу фильмнинг суратга олинганига ўттиз уч йил бўлибди. Собиқ истибдод тузуми қамчиси тепасида ўйнаб турган бир пайтда фидойи киноижодкорлар айтмоқчи бўлган гапни қаранг.

Бугун одамларнинг нафақат тушларини, балки биратўла онгу шуурини забт этишга чоғланган ғараз ниятли кимсалар дунёда тўлиб-тошиб ётибди. Улар диний экстремизм, миссионерлик, прозелетизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” сингари жоҳилона иллатлар оғусини сочиб, муддаоларига эришмоқчи бўлаяптилар. Энг ёмони, уларнинг нишонида – асосан ҳали оқу қорани танимаган ёшлар… (??? Остига чизилган жумлани врезкага чиқариш керак). Бошдан-оёқ ғараз уфуриб турган бемаъни ғояларини асалга ўраб, одамларни кўкнорихаёл сингари “бахтиёр” этишлари учун уларга Шапошниковдаги каби катта концерт залларининг ҳожати йўқ. Аксарият ҳолларда биргина компьютер сичқончаси “қуйруғи”ни ушлаб турсалар бас. Биратўла миллионлаб кишилар учун тўр тайёрлаб, уларни фақат берилган буйруқнигина бажарадиган, ҳиссиз темиртанларга, тайёр зомбиларга айлантира оладилар.

***

Чингиз Айтматов асаридаги Найман она ва Жўломон ривоятини эсланг. Тақир бошига туя териси кийдирилиб, манқуртга айлантирилган ўғли ёнида фарёд чекаётган Найман она ноласи фильмдаги кампирнинг “Қайтариб беринг ўғлимни” деган оҳу фиғони билан уйғун эмасми?

Ёхуд ҳаммамизга маълум “Темир хотин” фильмидаги Қўчқорвойни кўз олдингизга келтиринг. Ҳатто робот Аломат англаб етган ҳақиқат унинг шуурига жуда кеч етиб боради. Унгача у ўзини шўро истибдоди исканжасидаги манқуртлик ҳаётида ҳам “бахтли” ҳис қилади. Иссиқда “байрамларда киядиган” оппоқ нейлон кўйлагида “Май байрами”да байроқча кўтариб, параддан ўтганидан хурсанд. Уззукун даладан бери келмай, меҳнат қилса-да, косаси оқармайдию, Аломатга “яхши яшаяпмиз, биров сенга ҳаётидан нолияптими?”, – деб айюҳаннос солади. Дунёбехабарлигидан “прогресс” деган сўзни эшитганида “нима “гресс?” деб анқайганича юраверади…

Менимча, “Темир хотин”да энг муваффақиятли чиққан образ бу – Бозортой. Ҳа, ҳа, ўша ҳар доим “икки қоп пиёзми, шолғомми олиб, бозорга кетган” Бозортой. Ахир у фильм давомида бирор марта ҳам кўринмайдию, дейсизми? Ҳа, у кўринмайди. Аммо Қўчқорвой юраги тўлиб кетганида “бир қўл “дуррак” ўйнаш” баҳонасида девор томонга қараб уни чақира бошлайди. Аммо кўнглини тўкиб солишга эшитадиган бир “қулоқ” тополмай, ўзининг ибораси билан айтганда “сельхозтехника” бўлган бир темир вужудга – Аломатга “ўзбекнинг дардини дастурхон қилади”. Чунки атрофидагиларнинг ҳаммаси лоқайд, гунгу кар, сўқир, тирикчилик ташвишларига шўнғиб кетишган, уларга дунёнинг қизиғи йўқ, онгу шуурларини чирмаб ташлаган мутелик тўрини кўзларига сургудай эъзозлашади…

***

Аслида Павликнинг онаси айтганидай фақатгина тушларимиз эмас, онгу шууримиз, қалбимиз муқаддас. “Кўнгил – худонинг уйи”, – дейди алломаларимиз. Улар – бизники, фақат бизники…

Энди яна бир фильмни Сизга эслатай – республика телеканаллари орқали бир неча бор намойиш этилган “Қиёматга қолган қарз” фильмини… Унда “Сусамбил” васвасасида ўзга юртларга кетиб, динни ниқоб қилган экстремистлар, террорчилар қопқонига тушиб, уларнинг манқурт жаллодлар тайёрланадиган лагерларида ўз юртига қарши тиғ кўтариш учун шайланаётган, Ватанидан, ота-онасидан, яқинларидан кечиб, фаровон ва осойишта турмушимизга таҳдид солаётган ёшларнинг аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. “Уникум”да ўзини Д`Артаньян тасаввур этиб, қилич кўтариб, хаёлидаги душманлар билан жанг қилаётган восвос Павликнинг қилиқлари менга ўшаларни эслатиб юборди. Эҳтимол улар ҳам бангиёна тушларида ўзларини кардинал, халифа ё амир чоғлашаётгандир. Аммо бу нонкўрлар халқимиз иборасида таъкидланганидек: “тушларини сувга айтишсин”.

“Қиссадан ҳисса”га келадиган бўлсак, бу жирканч тушлар асло ўнгидан келмайди. Жаҳолатга йўғрилган рўё маърифат қуёшининг заррин нурлари ёнида тумандай тарқаб кетади. Чунки, халқимиз ҳамиша сергак. Огоҳлик энди кундалик эмас, лаҳзалик ишимизга айланган. Эзгу орзуларимиз рўёбини тушимизда эмас, ўнгимизда кўраяпмиз. Атрофимизда бўлаётган хайрли ўзгаришлар, янгиланишлар, мислсиз бунёдкорликлар ўша жоҳилларнинг етти ухлаб, тушига ҳам кирмаган…

Жаҳолат ботқоғида, ғафлат уйқусида босинқираб туш кўраётганларга эса ҳайқирганча Шапошниковнинг машҳур иборасини яна бир карра эслатгимиз келади:

– Туринглар, одамлар, уйғонинглар! Ухламанглар! Ўйлаш керак…

“ХЎШ, ИННАЙКЕЙИН-ЧИ?..”
ёхуд “биринчи зарбада тиззаларигача…”
004

imag.jpgҒафур Ғуломнинг “Шум бола” асарини ўқимаганлар, шу асосда суратга олинган фильмни кўрмаганлар орамизда жуда кам топилса керак. Мени бу асар ва фильм ҳар доим ҳайратга солаверади. Яқинда шу дурдона фильмимизни томоша қила туриб, ундаги давримизнинг ўткир муаммолари билан уйғун янги қирраларни ўзимча кашф этдим.

Адиб бу ерга урса, кўкка сапчигудай шўх-шаддод, чапани, анчагина қув, аммо беғубор ва самимий образ орқали ўтган аср бошларидаги даврнинг фожеавий ҳолатларини ҳам ўткир сатира воситасида кўз ўнгизда яққол акс эттиради. “Тошқин дарё”дан ўтолмай, “ориқ от”ида манзилига етолмаётган” Қоравойнинг аянчли кечмишлари нималарнидир ёдингизга солади…

Ис босган “дунёбехабар”лар

Бир эсланг-а. (Ахир фильмдаги “иннайкейин-чи…”дан тортиб, “омбор ҳам ёнди, қўрғон ҳам ёнди” сингари иборалару диалоглар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган-ку…) “Ҳожи бобо”нинг уйидаги вазият. Тақводорлик тўнини кийган чилимкаш улфатлар давраси. Баҳс мавзуси – ўша даврда дунё аҳлини, шу жумладан чор Россиясига қарам бўлган жафокаш туркистонликларни-да таҳликага солган биринчи жаҳон уруши. Банги улфатлардан бири “Николай пошшо бир томондан, “гирмон” деганлари иккинчи томондан роса-а-а жиққамушт” бўлишаётган эмиш…” деса, иккинчиси “Гирмон” деганлари уч кўзли, қаноти бор бир махлуқ эмиш…”, – дея ўзича фалсафа сўқади. Учинчиси “Эшитдингларми, буғдойнинг нархи яна ошармиш… э-э-эй, қандоқ кунларга қолдик”, – деб ғингшийди.

s1883V_Vereshagin_kurilshiki_opiuma.jpgДунёда нима гаплар бўлаяптию, дунёбехабар, фақатгина ўз ҳаловатию кайфу сафосини ўйлаган, оми, калтафаҳм, банги мардумнинг гурунгини қаранг. Улардан бири китоб титкилаб, ўз “саховатпеша” ҳомийлари “Ҳожи бобо”га савол бериб қолди. Кун бўйи бекорчихўжалар китоб титкилаб, баҳслашган “долзарб” саволни қаранг: “Або Муслим Носири Сайёрни муборак гурзилари билан урганларида ул зот тиззаларигача ерга кириб кетганларми ёки белларигача? Бултурги китобда тиззаларигача, деб ёзилганди, бу йилгисида белларигача…” Фаҳму фаросатда чилимкаш даврадошларидан беҳроқ бўлмаган “Ҳожи бобо” салмоқланганича, уларга ўз “билимдон”лигини намойиш этади: “Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача…”

Дунё ёниб кетаяптию бу дунёбехабар, боқибеғам бангиларнинг парвойи фалак. Ўзларича дунё ташвишларидан баҳс юритадилар, шариату тариқатдан, афсонавий баҳодирларнинг қаҳрамонликларидан сўзлайдилар. Банг кайфидан ҳиринглаб, сархуш лақиллашганларича тутун ва ис босган ҳужраларида умргузаронлик қиладилар. Пировардида бир бечора етимга туҳмат қилиб, уни калтаклатишдан ҳам тоймайдилар.

Йўл ёқасидаги қийшайган чорпоя

Сизга нималарнидир эслатмаяптими бу бемаъни давра? Яна қаерда кўргансиз буларга эгизак нусхаларни? Ҳа, яшанг. Маҳаллангизда, кўча-кўйда, чойхоналарда бир бурчакда ин қуради бундай ўргимчаксимон нусхалар. Ғингшиб, нолиб, бир-бирини уриб-сўкканича баҳслашиб, даврага тасодифан ё адашиб кириб қолган донони-да оғзига уриб, ўзларини ақлли кўрсатишга бор жаҳдлари билан интилиб, дунё аҳволидан баҳс қиладиган бу каби танбал ва жоҳил кимсалар гурунгига кўп гувоҳ бўлгандирсиз эҳтимол.

…Мен ҳам йўлда кетаётиб, нотаниш қишлоқда бировнинг хонадонини сўрайман деб, шундай давраларнинг бирига гувоҳ бўлдим. Катта бунёдкорлик ишлари кетаётган Қарши-Шаҳрисабз йўлининг шундоққина ёқасида, ажриқ босган томорқа чеккасидаги тол тагидаги қийшайган чорпояга ёнбошлаган уч-тўрт улфат. Соқол босган, иркит башаралар. Ўртада қарта, нарда, кулдон, “семичка” пўчоқ, тумшуғи-лаби учган, яғир чойнак-пиёла, чивин босган тарвуз, пиёз ва … шиша… Нарда тошларининг “чиқир-чиқир” остида “баҳс” ва бемаъни гаров авжига чиққан. Мавзу – йўлдан пайдар-пай ғизиллаб ўтаётган машиналар. Аниқроғи, “навбатдаги ўтадиган машина “Нексия” бўладими, “Матиз”ми ё “КамАЗ”ми?” Бирови “Нексия” деб айтувди, “Дамас” ўтиб қолди. Гаровда ютқазган киши дўконга ғизиллади – яна пулини “темир дафтар”га ёздириб, “яримта” обкелишга…

Беихтиёр ўйланиб қоласан киши. Кап-катта одамлар бўлишса, айни чошгоҳ маҳали буларнинг уйида қиладиган иши йўқмикан? Чорпоя соҳибининг аҳволидан маълум, хонадони дарвозаси атрофини ажриқ, янтоқ, шўра босиб кетган, ёнгинасида бир ариқ сув оқиб ётибдию, томорқадаги дарахтлар саратонда лоҳас бўлиб, қуриб ётибди. Уйнинг сувоқлари кўчиб тушган, дарвоза қийшайган, иссиқда майкачан сомон ташиётган болаларнинг аҳволи чорпояда ёнбошлаб, эринмасдан йўлдаги машиналарни санаётган отанинг парвойига ҳам келмайди…

Қути кўтарган “амаки”

“Хўш, иннайкейин-чи?”, – дейсизми?! Яхшиси, яна “Шум бола”га қайта қолайлик.

Бой отадан олган чириган олмаларини сотган Қоравой бойваччалардай керилиб, бозор кезади. Шляпали, мўйловли амаки айюҳаннос солиб, тумонатни “ажойибқути”сидаги туйнук орқали “антиқа” суратларни томоша қилишга чақиради. Қоравой ҳам ҳақини тўлаб, туйнукдан мўралайди. Кўз ўнгида унга бутунлай нотаниш бўлган, ақлу ҳушни шоширадиган “жозибадор” манзаралар гавдаланади…

Менимча, бу мўйловдор амаки “ажойибқути”сини кўтарганича бизнинг асримизда ҳам виртуал оламда ёшларимизни йўлдан урганича изғиб юрибди. Фақат қути ҳам, ичидаги тасвирлар ҳам анча “такомиллашган”. Энг ёмони, бу “оломон маданияти”нинг тумонат харидорлари орасида ҳали оқу қорани танишга улгурмаган “қоравойлар” ҳам бор…
“Қандай улуғ зот билан учрашиб қолдим, деб ўйлаётгандирсан-а?”

Яна бир лавҳа. Ўғрилар даврасида шароб ичиб, аввал “бешбармоқ”, сўнг “муштбармоқ” еган чаламулла ёдингиздами? Эсингиздами, у Қоравойга ўзини қандай улуғ зотларнинг авлоди сифатида таништиради? Қолаверса, Бухорои шарифдаги катта мадрасаларда таҳсил олганлиги хусусида оғиз кўпиртириб, лоф уради. Сўнг Шум болани ўзи билан кетишга, қишлоқма-қишлоқ кезиб, ризқ териб ейишга ундайди. Қоравой рози бўлмагач, қовоқ-тумшуғи осилганича қолади. Аммо дабдурустдан йўлга отланган Қоравойнинг изидан қувиб етади ва унинг елкаларини силкитганича гарчи ғирт муттаҳам бўлса-да, алам ва изтироб билан ўзининг чаламуллалигини эътироф этадиган бир гапни айтади: “Менга қара, бўғирсоқжон! Ўқигин! Тушундингми, ўқигин! Мана, мени айтди дерсан. Одам бўласан!”

***

“…Хўш, иннайкейин-чи?”, – дерсиз яна?! Шу! “Қандил пишибди… Териш керак…”.

“ҚЎРҚСА, ҲУРМАТ ҚИЛАДИ”МИ?..
Ёхуд виртуал оламдаги “Алавастижон”га очиқ хат
004

117069259_2642543_Obez.jpgИжтимоий тармоқлардан бирида “Алвастижон” деб профил очган укамизнинг ёзишмаларига дуч келдим. Виртуал оламда ўзини шундай бемаъни ном билан атаган бу ўсмирнинг (алмойи-алжойи “битик”ларидан ҳали ғўрлиги шундоққина кўриниб турибди) қилиғи ғалати туюлди. Профилдаги суратларига ҳам алвастинамо аллақандай махлуқларнинг суратларини жойлаб қўйибди.

Шундан сўнг менда унга мана шу очиқ хатни ёзиш фикри туғилди…

Чиройли исминг бордир-а?..

Салом, “Алвастижон”! Очиғи, сени шундай аташга тилим ҳам қовушмай турибди. Ота-онанг қўйган қандай чиройли исминг бордир-а? Эҳтимол Анваржон, Нодиржон ё Комилжондирсан? Шулар каби чиройли исмингдан воз кечиб, аллақандай ваҳимали ном олишга сени нима мажбур қилди экан-а? Ахир ижтимоий тармоқларда ўз исмлари билан чиқиб, бир-бирлари билан турли мавзуларда фикр, тажриба алмашаётган тенгдошларинг қанча… Сенинг ёзганларинг эса…

Профилингни кўриб, “Ҳурматталаб Алвасти” деган мультфильм ёдимга тушиб кетди. Эҳтимол сен ҳам айнан шу мультфильмдан “илҳом”лангандирсан? Ҳа, ўша, Ялмоғизга машҳур қизиқчимиз овоз берган, “Алвастижо-о-н, қаердасан, қоранг ўчгур…” деб бошланадиган машҳур мультфильм…

Қутқу ва муддао

Интернетдан шу фильмни топиб, ҳамкасбларимни ҳайратлантирганча (аввал “ёш боламисиз?” деб кулишдию сўнг “яхши олинган-да ўзи…” деб ўзлари ҳам мониторга термулиб қолишди) диққат билан қайта кўриб чиқдим.

Эсингдами, ўрмонда излай-излай бир амаллаб Алвастини топиб олган Ялмоғиз уни авраганча ўз муддаосига етмоқчи бўлади:

– Ҳалиги Иванушка бор-ку, сен тўғрингда ёмон гапирди. Алвастингдан қўрқмайман, деди…
– Қўрқмаса, қўрқмас, – дейди соддадил Алвасти бамайлихотир.

– Нега ундай дейсан? – дейли Алвасти жиғибийрон бўлиб. – Қўрқмаса, ҳурмат қилмайди сени…
– Ҳа-а-, – дейди унинг қутқусига лаққа тушган Алвасти оғир тин олиб – Ҳурмат қилмаслиги ёмон…

“Ҳар ҳолда биз эркаклармиз…”

Мунозара шу тарзда давом этади. Алвасти “Иванушкани қўрқитиш” учун Ялмоғизнинг талаби билан бутун ўрмонни ларзага солиб даҳшатли тарзда қичқиради. Аммо “буюртмачи”нинг кўнгли тўлмайди. Алвастини яна аврай бошлайди:

– Бунақада сени ким ҳам ҳурмат қиларди, ер юткур?! Сен яхшиси, Ўлмас Кашшей бўла қолгин?.. Алёнушкани қўлга олсак, Иванушка ўз оёғи билан келади.
– Биз бундай келишмаганмиз, – дейди Алвасти аччиқланиб. – …Ҳар ҳолда биз эркаклармиз.

– Биз Алвастимиз, – дейди унинг шериги Қуён.
– Ҳа, – дейди Алвасти қатъий. – Кашшей ҳам эмасмиз!

“Иванушкани қўрқитаману Алёнушкага ёқаман…”

…Устамон Ялмоғиз аврашда давом этади:

– Алёнушкага ёқиб қолишни хоҳлайсанми?…Кел, яхшиси сен баҳайбат ботқоқ махлуқига айлана қолгин. Биласанми, ҳамма Алёнушкалар баҳайбат ботқоқ махлуқини яхши кўришади…

– Бундан чиқди Иванушкани қўрқитаману Алёнушкага ёқаман, – дея яна унинг гапига лаққа тушади Алвасти.

Соддадил Алвасти ва унинг дўсти Қуён Ялмоғиздан Иванушка унга нима учун кераклигини сўрашади.
– Печкага тиқаман, – дейди Ялмоғиз тамшаниб. – Пишириб ейман!

Икковлон яна аччиқланиб Ялмоғизга ташланишади.

– Сиз бизни алдадингиз, – дейди Қуён ғазаб билан. – Сиз бизнинг соддалигимиздан фойдаланиб, Иванушкани қўлга туширмоқчи бўлдингиз. Йўқол, жодугар!

Сен билан ҳисоблашишмаса…

…Роса майдалаб болалар кўрадиган оддий мультфильм тафсилотларини ёзишимнинг сабаби бор, укам.

Биламан, сен ҳам бошқалар ҳурмат қилишларини жуда хоҳлайсан. Бу табиий. Барча тенгдошларингда бўладиган ҳолат. Психолог олимларнинг қайд этишича, бу даврда сен каби ўсмирлар бахтли болалик билан хайрлашган, лекин катталар ҳаётида ҳали ўз ўрнини топмаган ҳолатда бўласизлар. Ўзингнинг қобилият ва кучингни тўғри баҳоламай туриб, мураккаб ҳаётий масалаларни ҳал қилишга уринасан, аммо фикр юритиш қобилиятинг юзаки бўлганлиги сабабли кундалик ҳаётида қатор камчиликларга йўл қўясан. Лекин ўз хатоингни тан олишдан кўра катталар билан баҳслашишни афзал биласан. Танқид қилган кишиларни ёқтирмайсан. Ҳар бир танқид гўёки сени менсимаслик белгиси, атайин қилинаётган иш бўлиб кўринади.

Бу даврда мустақил, ўзбошимчалик билан иш тутишга уринасан, катталарнинг маслаҳатига эътибор бермайсан. Ҳатто айрим тенгдошларинг сингари “катта бўлиб қолган”ингни исботлаш учун ичиш, чекиш, қартабозлик сингари бир қатор зарарли одатларни ҳам ўргана бошаландирсан эҳтимол…

Ўзинг аввал бажонидил бажарган талабларга энди қаршилик кўрсата бошлайсан: мустақиллигингни чеклашганларида, васийлик қилишганида, йўналтиришганида, назорат қилишганида, қулоқ солишни талаб қилишганида, жазолашганида, қизиқишларинг, муносабатларинг ва фикр-мулоҳазаларинг билан ҳисоблашишмаганларида хафа бўлиб, норозилик билдирасан.

Сени ўз шахсинг ҳақидаги фикрлар кўпроқ қизиқтиради, Катталар ҳуқуқларини ўзингча чеклайсан, ўзингникини эса кенгайтирасан. Катталарнинг ўз шахсинг ва инсонийлик қадрингни ҳурмат қилишларини хоҳлайсан. Ишонч ва мустақиллик намоён этишга даъво қиласан. Яъни катталар билан маълум тенгҳуқуқлиликка ва уларнинг шу нарсани тан олишларига эришишга ҳаракат қиласан. Кимгадир тақлид қиласан, кимларгадир билиб-билмай эргашиб кетасан.

“Ўзинг хон, кўланканг майдон”…

Ва ниҳоят… “Катта бўлиб қолган”ингни атрофдагиларга тан олдиришнинг уддасидан чиқмасанг, виртуал олам уммонига шўнғийсан. Ундаги чексиз имконият ва эркинликлар “жозиба”си ўзига тортаверади-тортаверади. Ўз-ўзингга аламбало номлар, қиёфалар танлайсан, тармоқ аро кимларгадир тақлид, кимларгадир таҳдид қиласан. Ҳеч ким танбеҳ бермайди, ҳеч ким чекламайди, гўё “ўзинг хон, кўланканг майдон”сан…

Энг ёмони, сен меҳр қўйган “жозибадор” олам ҳам Алвастининг ўрмонига ўхшайди. “Иванушка”ни қўрқитишу Алёнушкага ёқиш” сингари бетайин истакларингга пишанг берадиган Ялмоғизлар ҳам тиқилиб ётибди бунда. Уларнинг мақсади аниқ – “печкага тиқиш”у “пишириб ейиш”… Бу йўлда сенга ўхшаганларни авраб, гоҳ Кашшейга, гоҳ баҳайбат ботқоқ махлуқига айлантириш чўт эмас уларга.

Энди тушундингми, нега оддий мультфильм ҳақида эзмаланиб гапираяпман? Эътибор берсанг, бир ўринда соддадил Алвасти ёвуз жодугарнинг таклифига қатъий эътироз билдириб, “Биз Алвастимиз, Кашшей ҳам эмасмиз!”, — дейди. Ўрмондаги Алвасти бўлса-да, ёвузликдан бўйин товлаб, ўзлигини, ўз қиёфасини сақлаб қолишга интилади у…

Коса тагидаги нимкоса

Ҳа, укажон, биламан, насиҳат қулоғингга ёқмайдиган ёшдасан. Аммо сабоқ оламан, десанг, оддий болалар “мультик”идан ҳам олишинг мумкин. Гап – “коса тагидаги нимкоса”ни англашда, холос.

Сўнгги сўз ўрнида эса мультфильм ниҳоясидаги хулосани эслатиб қўймоқчиман сенга.

Пировардида мунғайиб қолган Алвасти шеригидан сўрайди:
– Иванушка мендан қўрқмаса, ҳурмат қилармикан?

– Эҳ, сени қараю, – дейди Қуён соддадил дўстининг гапларидан завқланиб – Ҳурматли бўлиш учун қўрқитиш эмас, ҳурматга лойиқ бўлиш керак!

124080797_h94901.jpgNuriddin EGAMOV
UCH MAQOLA
004

Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlog‘ida tug‘ilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan.
1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. 2000-2015 yillargacha “Qashqadaryo” gazetasi mas’ul kotib lavozimida ishlagan bo‘lsa, 2015 yil sentyabrdan “Barkamol avlod” gazetasi bosh muharriri lavozimida ishlab kelmoqda. “O‘zbekiston mustaqilligiga 10 yil”, “O‘zbekiston mustaqilligiga 15 yil” estalik nishonlari bilan taqdirlangan.

004

“O‘G‘LIMNI QAYTARIB BЕRING…”
Yoxud Jo‘lomon… Shaposhnikov… Qo‘chqorvoy…
va zamonaviy zombilar xususida

5-7811.jpgYaqinda televizor orqali bir film ko‘rdim. Eski kinolardan, ehtimol Siz ham ko‘p ko‘rgandirsiz. Rus kinoijodkorlari tomonidan 1983 yilda Aleksandr Jitinskiyning “Snyus” qissasi asosida suratga olingan “Unikum” fantastik komediyasi…

Nima bo‘pti, deysizmi? Bundoq olganda aytarli hech gap yo‘qday… Ammo boshqa tomondan qaraganda ko‘p gap borday…

Bolaligimdan beri bu filmni o‘ttiz martalar ko‘rgandirman. Ammo uning zamiridagi mohiyatni, kinoijodkorlar aytmoqchi bo‘lgan haqiqatni anglamagan ekanman. Shunday haqiqatki, bugungi davrimizning global muammolari bilan mushtarak…

Yodingizdan chiqqan bo‘lsa, bir oz tafsilotini eslatay. Bir idorada oddiygina dasturchi bo‘lib ishlaydigan Konstantin Petrovich Shaposhnikov dabdurustdan o‘zidagi noyob telepatik qobiliyatni kashf etib qoladi. Va idoradagi hamkasblarining tushlariga kira boshlaydi. To‘g‘rirog‘i, u tunda uyida yotib, uxlagan paytida ko‘rgan tushini g‘ayriixtiyoriy tarzda hamkasblariga “uzatadi”. Dastlab bu holat uning hamkasblarini hayratga soladi. Ko‘plar uni olqishlashadi, ayrimlari qoralashadi. Ammo ularning barchasi entikib, barchalari birday ko‘rayotgan tushlarining “navbatdagi seriya”sini kutishadi. Va bu alahlashlarning asosiy sababchisi Shaposhnikov biz zumda mashhur kishiga aylanadi.

Kostya o‘z iqtidorini nazorat qila olmaydi. Shundan so‘ng uning atrofida bu noyob qobiliyat ortidan pul ishlashni maqsad qilgan “hojatbaror”lar paydo bo‘ladi. Ulardan biri gipnozchi, ikkinchisi seanslar tashkilotchisi va hokazo…

Shunday qilib, Shaposhnikov “Snyus” deb nomlangan illyuziya guruhi tarkibida shaharma-shahar kezib, katta konsert zallarini “zabt etib”, tushlarida saodatmand bo‘lishni orzulagan olomonni niyatiga yetkazishni boshlaydi. Ya’ni sahnada uxlab, gipnoz orqali uxlatilgan tomoshabinlarga g‘aroyib tush “hadya” etadi. Tomoshabinlarning biri oldindan sahnalashtirilgan, “klassik” yo‘nalishdagi tushida malikaga, ikkinchisi qirolga, uchinchisi kardinalga, to‘rtinchisi mushketyorga aylanadi… Yutuqlaridan kibrlanib ketgan Kostya antiqa “karyera”si yo‘lida turmush o‘rtog‘i va qizalog‘ini ham tashlab ketadi.

***

Eng qiziq joyiga endi keldik (har holda menga shunday tuyuldi). Navbatdagi seans oldidan Shaposhnikovning oldiga bir kampir telbanamo o‘g‘lini yetaklab keladi.

– Mana, mening o‘g‘lim Pavlik – Sizning ashaddiy muxlisingiz, – deydi u allanechuk g‘azabnok ohangda.

– Yaxshi, – deydi hech narsaga tushunmagan Kostya bamaylixotir.

– Nimasi yaxshi, u balki Siz kabi iqtidorli emasdir, ammo u ilgari esli-hushli, odobli bola edi. Endi esa ahvoliga bir qarang, o‘zini mushketyor chog‘lab, kimlar bilandir o‘zicha jang qilib yuribdi. Uning oilasi, farzandi bor axir. Qaytarib bering, bolamni, qaytarib bering…

– Bo‘ldi, – deydi qahramonimiz, – Biz yangi, zamonaviy loyiha ustida ishlayapmiz, o‘g‘lingiz endi boshqa mushketyor bo‘lmaydi.

– Unda kim bo‘ladi? – deydi kampir alam bilan.
– Bilmadim… Ehtimol geolog bo‘lar…

Shunda kampir g‘azab va iztirobdan qichqirib yuboradi:

– Nega? Nima haqqingiz bor Sizning? Menga qarang, nega Siz odamlarning tushlariga kirasiz? Tush – bu muqaddas narsa. U – meniki, faqat meniki… Shuni tushunasizmi?

Shu choq o‘zini mushketyor chog‘lagan Pavlik qochib ketadiyu Kostya alamzada kampirning qutqusidan qutuladi. Ammo… vijdon azobiga tutiladi.

Buyog‘ini eslagandirsiz, ko‘p cho‘zib o‘tirmaylik. Film nihoyasida sahnada uxlashga mahkum etilgan Shaposhnikov o‘rnidan otilib turadi-da, hayqirganicha zalda mudrayotgan olomonni turtkilab, uyg‘ota boshlaydi:

– Turinglar, odamlar, uyg‘oninglar! Uxlamanglar! O‘ylash kerak…

***

Mana endi biz aytmoqchi bo‘lgan muddaoga yetib keldik. Bu holat Sizga ham nimalarnidir eslatib yubormadimi?

Ha, yashang. Bu filmning suratga olinganiga o‘ttiz uch yil bo‘libdi. Sobiq istibdod tuzumi qamchisi tepasida o‘ynab turgan bir paytda fidoyi kinoijodkorlar aytmoqchi bo‘lgan gapni qarang.

Bugun odamlarning nafaqat tushlarini, balki birato‘la ongu shuurini zabt etishga chog‘langan g‘araz niyatli kimsalar dunyoda to‘lib-toshib yotibdi. Ular diniy ekstremizm, missionerlik, prozeletizm, terrorizm, odam savdosi, giyohvandlik, “ommaviy madaniyat” singari johilona illatlar og‘usini sochib, muddaolariga erishmoqchi bo‘layaptilar. Eng yomoni, ularning nishonida – asosan hali oqu qorani tanimagan yoshlar… (??? Ostiga chizilgan jumlani vrezkaga chiqarish kerak). Boshdan-oyoq g‘araz ufurib turgan bema’ni g‘oyalarini asalga o‘rab, odamlarni ko‘knorixayol singari “baxtiyor” etishlari uchun ularga Shaposhnikovdagi kabi katta konsert zallarining hojati yo‘q. Aksariyat hollarda birgina kompyuter sichqonchasi “quyrug‘i”ni ushlab tursalar bas. Birato‘la millionlab kishilar uchun to‘r tayyorlab, ularni faqat berilgan buyruqnigina bajaradigan, hissiz temirtanlarga, tayyor zombilarga aylantira oladilar.

***

007Chingiz Aytmatov asaridagi Nayman ona va Jo‘lomon rivoyatini eslang. Taqir boshiga tuya terisi kiydirilib, manqurtga aylantirilgan o‘g‘li yonida faryod chekayotgan Nayman ona nolasi filmdagi kampirning “Qaytarib bering o‘g‘limni” degan ohu fig‘oni bilan uyg‘un emasmi?

Yoxud hammamizga ma’lum “Temir xotin” filmidagi Qo‘chqorvoyni ko‘z oldingizga keltiring. Hatto robot Alomat anglab yetgan haqiqat uning shuuriga juda kech yetib boradi. Ungacha u o‘zini sho‘ro istibdodi iskanjasidagi manqurtlik hayotida ham “baxtli” his qiladi. Issiqda “bayramlarda kiyadigan” oppoq neylon ko‘ylagida “May bayrami”da bayroqcha ko‘tarib, paraddan o‘tganidan xursand. Uzzukun daladan beri kelmay, mehnat qilsa-da, kosasi oqarmaydiyu, Alomatga “yaxshi yashayapmiz, birov senga hayotidan noliyaptimi?”, – deb ayyuhannos soladi. Dunyobexabarligidan “progress” degan so‘zni eshitganida “nima “gress?” deb anqayganicha yuraveradi…

Menimcha, “Temir xotin”da eng muvaffaqiyatli chiqqan obraz bu – Bozortoy. Ha, ha, o‘sha har doim “ikki qop piyozmi, sholg‘ommi olib, bozorga ketgan” Bozortoy. Axir u film davomida biror marta ham ko‘rinmaydiyu, deysizmi? Ha, u ko‘rinmaydi. Ammo Qo‘chqorvoy yuragi to‘lib ketganida “bir qo‘l “durrak” o‘ynash” bahonasida devor tomonga qarab uni chaqira boshlaydi. Ammo ko‘nglini to‘kib solishga eshitadigan bir “quloq” topolmay, o‘zining iborasi bilan aytganda “selxoztexnika” bo‘lgan bir temir vujudga – Alomatga “o‘zbekning dardini dasturxon qiladi”. Chunki atrofidagilarning hammasi loqayd, gungu kar, so‘qir, tirikchilik tashvishlariga sho‘ng‘ib ketishgan, ularga dunyoning qizig‘i yo‘q, ongu shuurlarini chirmab tashlagan mutelik to‘rini ko‘zlariga surguday e’zozlashadi…

***

Aslida Pavlikning onasi aytganiday faqatgina tushlarimiz emas, ongu shuurimiz, qalbimiz muqaddas. “Ko‘ngil – xudoning uyi”, – deydi allomalarimiz. Ular – bizniki, faqat bizniki…

Endi yana bir filmni Sizga eslatay – respublika telekanallari orqali bir necha bor namoyish etilgan “Qiyomatga qolgan qarz” filmini… Unda “Susambil” vasvasasida o‘zga yurtlarga ketib, dinni niqob qilgan ekstremistlar, terrorchilar qopqoniga tushib, ularning manqurt jallodlar tayyorlanadigan lagerlarida o‘z yurtiga qarshi tig‘ ko‘tarish uchun shaylanayotgan, Vatanidan, ota-onasidan, yaqinlaridan kechib, farovon va osoyishta turmushimizga tahdid solayotgan yoshlarning ayanchli taqdiri haqida hikoya qilinadi. “Unikum”da o‘zini D`Artanyan tasavvur etib, qilich ko‘tarib, xayolidagi dushmanlar bilan jang qilayotgan vosvos Pavlikning qiliqlari menga o‘shalarni eslatib yubordi. Ehtimol ular ham bangiyona tushlarida o‘zlarini kardinal, xalifa yo amir chog‘lashayotgandir. Ammo bu nonko‘rlar xalqimiz iborasida ta’kidlanganidek: “tushlarini suvga aytishsin”.

“Qissadan hissa”ga keladigan bo‘lsak, bu jirkanch tushlar aslo o‘ngidan kelmaydi. Jaholatga yo‘g‘rilgan ro‘yo ma’rifat quyoshining zarrin nurlari yonida tumanday tarqab ketadi. Chunki, xalqimiz hamisha sergak. Ogohlik endi kundalik emas, lahzalik ishimizga aylangan. Ezgu orzularimiz ro‘yobini tushimizda emas, o‘ngimizda ko‘rayapmiz. Atrofimizda bo‘layotgan xayrli o‘zgarishlar, yangilanishlar, mislsiz bunyodkorliklar o‘sha johillarning yetti uxlab, tushiga ham kirmagan…

Jaholat botqog‘ida, g‘aflat uyqusida bosinqirab tush ko‘rayotganlarga esa hayqirgancha Shaposhnikovning mashhur iborasini yana bir karra eslatgimiz keladi:

– Turinglar, odamlar, uyg‘oninglar! Uxlamanglar! O‘ylash kerak…

“XO‘SH, INNAYKЕYIN-CHI?..”
yoxud “birinchi zarbada tizzalarigacha…”
004

hqdefault.jpgG‘afur G‘ulomning “Shum bola” asarini o‘qimaganlar, shu asosda suratga olingan filmni ko‘rmaganlar oramizda juda kam topilsa kerak. Meni bu asar va film har doim hayratga solaveradi. Yaqinda shu durdona filmimizni tomosha qila turib, undagi davrimizning o‘tkir muammolari bilan uyg‘un yangi qirralarni o‘zimcha kashf etdim.

Adib bu yerga ursa, ko‘kka sapchiguday sho‘x-shaddod, chapani, anchagina quv, ammo beg‘ubor va samimiy obraz orqali o‘tgan asr boshlaridagi davrning fojeaviy holatlarini ham o‘tkir satira vositasida ko‘z o‘ngizda yaqqol aks ettiradi. “Toshqin daryo”dan o‘tolmay, “oriq ot”ida manziliga yetolmayotgan” Qoravoyning ayanchli kechmishlari nimalarnidir yodingizga soladi…

Is bosgan “dunyobexabar”lar

Bir eslang-a. (Axir filmdagi “innaykeyin-chi…”dan tortib, “ombor ham yondi, qo‘rg‘on ham yondi” singari iboralaru dialoglar hammamizga yod bo‘lib ketgan-ku…) “Hoji bobo”ning uyidagi vaziyat. Taqvodorlik to‘nini kiygan chilimkash ulfatlar davrasi. Bahs mavzusi – o‘sha davrda dunyo ahlini, shu jumladan chor Rossiyasiga qaram bo‘lgan jafokash turkistonliklarni-da tahlikaga solgan birinchi jahon urushi. Bangi ulfatlardan biri “Nikolay poshsho bir tomondan, “girmon” deganlari ikkinchi tomondan rosa-a-a jiqqamusht” bo‘lishayotgan emish…” desa, ikkinchisi “Girmon” deganlari uch ko‘zli, qanoti bor bir maxluq emish…”, – deya o‘zicha falsafa so‘qadi. Uchinchisi “Eshitdinglarmi, bug‘doyning narxi yana osharmish… e-e-ey, qandoq kunlarga qoldik”, – deb g‘ingshiydi.

Dunyoda nima gaplar bo‘layaptiyu, dunyobexabar, faqatgina o‘z halovatiyu kayfu safosini o‘ylagan, omi, kaltafahm, bangi mardumning gurungini qarang. Ulardan biri kitob titkilab, o‘z “saxovatpesha” homiylari “Hoji bobo”ga savol berib qoldi. Kun bo‘yi bekorchixo‘jalar kitob titkilab, bahslashgan “dolzarb” savolni qarang: “Abo Muslim Nosiri Sayyorni muborak gurzilari bilan urganlarida ul zot tizzalarigacha yerga kirib ketganlarmi yoki bellarigacha? Bulturgi kitobda tizzalarigacha, deb yozilgandi, bu yilgisida bellarigacha…” Fahmu farosatda chilimkash davradoshlaridan behroq bo‘lmagan “Hoji bobo” salmoqlanganicha, ularga o‘z “bilimdon”ligini namoyish etadi: “Birinchi zarbada tizzalarigacha, ikkinchi zarbada bellarigacha…”

Верещагин Политики.jpgDunyo yonib ketayaptiyu bu dunyobexabar, boqibeg‘am bangilarning parvoyi falak. O‘zlaricha dunyo tashvishlaridan bahs yuritadilar, shariatu tariqatdan, afsonaviy bahodirlarning qahramonliklaridan so‘zlaydilar. Bang kayfidan hiringlab, sarxush laqillashganlaricha tutun va is bosgan hujralarida umrguzaronlik qiladilar. Pirovardida bir bechora yetimga tuhmat qilib, uni kaltaklatishdan ham toymaydilar.

Yo‘l yoqasidagi qiyshaygan chorpoya

Sizga nimalarnidir eslatmayaptimi bu bema’ni davra? Yana qayerda ko‘rgansiz bularga egizak nusxalarni? Ha, yashang. Mahallangizda, ko‘cha-ko‘yda, choyxonalarda bir burchakda in quradi bunday o‘rgimchaksimon nusxalar. G‘ingshib, nolib, bir-birini urib-so‘kkanicha bahslashib, davraga tasodifan yo adashib kirib qolgan dononi-da og‘ziga urib, o‘zlarini aqlli ko‘rsatishga bor jahdlari bilan intilib, dunyo ahvolidan bahs qiladigan bu kabi tanbal va johil kimsalar gurungiga ko‘p guvoh bo‘lgandirsiz ehtimol.

…Men ham yo‘lda ketayotib, notanish qishloqda birovning xonadonini so‘rayman deb, shunday davralarning biriga guvoh bo‘ldim. Katta bunyodkorlik ishlari ketayotgan Qarshi-Shahrisabz yo‘lining shundoqqina yoqasida, ajriq bosgan tomorqa chekkasidagi tol tagidagi qiyshaygan chorpoyaga yonboshlagan uch-to‘rt ulfat. Soqol bosgan, irkit basharalar. O‘rtada qarta, narda, kuldon, “semichka” po‘choq, tumshug‘i-labi uchgan, yag‘ir choynak-piyola, chivin bosgan tarvuz, piyoz va … shisha… Narda toshlarining “chiqir-chiqir” ostida “bahs” va bema’ni garov avjiga chiqqan. Mavzu – yo‘ldan paydar-pay g‘izillab o‘tayotgan mashinalar. Aniqrog‘i, “navbatdagi o‘tadigan mashina “Neksiya” bo‘ladimi, “Matiz”mi yo “KamAZ”mi?” Birovi “Neksiya” deb aytuvdi, “Damas” o‘tib qoldi. Garovda yutqazgan kishi do‘konga g‘izilladi – yana pulini “temir daftar”ga yozdirib, “yarimta” obkelishga…

Beixtiyor o‘ylanib qolasan kishi. Kap-katta odamlar bo‘lishsa, ayni choshgoh mahali bularning uyida qiladigan ishi yo‘qmikan? Chorpoya sohibining ahvolidan ma’lum, xonadoni darvozasi atrofini ajriq, yantoq, sho‘ra bosib ketgan, yonginasida bir ariq suv oqib yotibdiyu, tomorqadagi daraxtlar saratonda lohas bo‘lib, qurib yotibdi. Uyning suvoqlari ko‘chib tushgan, darvoza qiyshaygan, issiqda maykachan somon tashiyotgan bolalarning ahvoli chorpoyada yonboshlab, erinmasdan yo‘ldagi mashinalarni sanayotgan otaning parvoyiga ham kelmaydi…

Quti ko‘targan “amaki”

“Xo‘sh, innaykeyin-chi?”, – deysizmi?! Yaxshisi, yana “Shum bola”ga qayta qolaylik.

Boy otadan olgan chirigan olmalarini sotgan Qoravoy boyvachchalarday kerilib, bozor kezadi. Shlyapali, mo‘ylovli amaki ayyuhannos solib, tumonatni “ajoyibquti”sidagi tuynuk orqali “antiqa” suratlarni tomosha qilishga chaqiradi. Qoravoy ham haqini to‘lab, tuynukdan mo‘ralaydi. Ko‘z o‘ngida unga butunlay notanish bo‘lgan, aqlu hushni shoshiradigan “jozibador” manzaralar gavdalanadi…

Menimcha, bu mo‘ylovdor amaki “ajoyibquti”sini ko‘targanicha bizning asrimizda ham virtual olamda yoshlarimizni yo‘ldan urganicha izg‘ib yuribdi. Faqat quti ham, ichidagi tasvirlar ham ancha “takomillashgan”. Eng yomoni, bu “olomon madaniyati”ning tumonat xaridorlari orasida hali oqu qorani tanishga ulgurmagan “qoravoylar” ham bor…
“Qanday ulug‘ zot bilan uchrashib qoldim, deb o‘ylayotgandirsan-a?”

Yana bir lavha. O‘g‘rilar davrasida sharob ichib, avval “beshbarmoq”, so‘ng “mushtbarmoq” yegan chalamulla yodingizdami? Esingizdami, u Qoravoyga o‘zini qanday ulug‘ zotlarning avlodi sifatida tanishtiradi? Qolaversa, Buxoroi sharifdagi katta madrasalarda tahsil olganligi xususida og‘iz ko‘pirtirib, lof uradi. So‘ng Shum bolani o‘zi bilan ketishga, qishloqma-qishloq kezib, rizq terib yeyishga undaydi. Qoravoy rozi bo‘lmagach, qovoq-tumshug‘i osilganicha qoladi. Ammo dabdurustdan yo‘lga otlangan Qoravoyning izidan quvib yetadi va uning yelkalarini silkitganicha garchi g‘irt muttaham bo‘lsa-da, alam va iztirob bilan o‘zining chalamullaligini e’tirof etadigan bir gapni aytadi: “Menga qara, bo‘g‘irsoqjon! O‘qigin! Tushundingmi, o‘qigin! Mana, meni aytdi dersan. Odam bo‘lasan!”

***

“…Xo‘sh, innaykeyin-chi?”, – dersiz yana?! Shu! “Qandil pishibdi… Terish kerak…”.

“QO‘RQSA, HURMAT QILADI”MI?..
Yoxud virtual olamdagi “Alavastijon”ga ochiq xat
004

76813419_1Augusto_Peyschyoto6.jpgIjtimoiy tarmoqlardan birida “Alvastijon” deb profil ochgan ukamizning yozishmalariga duch keldim. Virtual olamda o‘zini shunday bema’ni nom bilan atagan bu o‘smirning (almoyi-aljoyi “bitik”laridan hali g‘o‘rligi shundoqqina ko‘rinib turibdi) qilig‘i g‘alati tuyuldi. Profildagi suratlariga ham alvastinamo allaqanday maxluqlarning suratlarini joylab qo‘yibdi.

Shundan so‘ng menda unga mana shu ochiq xatni yozish fikri tug‘ildi…

Chiroyli isming bordir-a?..

Salom, “Alvastijon”! Ochig‘i, seni shunday atashga tilim ham qovushmay turibdi. Ota-onang qo‘ygan qanday chiroyli isming bordir-a? Ehtimol Anvarjon, Nodirjon yo Komiljondirsan? Shular kabi chiroyli ismingdan voz kechib, allaqanday vahimali nom olishga seni nima majbur qildi ekan-a? Axir ijtimoiy tarmoqlarda o‘z ismlari bilan chiqib, bir-birlari bilan turli mavzularda fikr, tajriba almashayotgan tengdoshlaring qancha… Sening yozganlaring esa…

Profilingni ko‘rib, “Hurmattalab Alvasti” degan multfilm yodimga tushib ketdi. Ehtimol sen ham aynan shu multfilmdan “ilhom”langandirsan? Ha, o‘sha, Yalmog‘izga mashhur qiziqchimiz ovoz bergan, “Alvastijo-o-n, qayerdasan, qorang o‘chgur…” deb boshlanadigan mashhur multfilm…

Qutqu va muddao

Internetdan shu filmni topib, hamkasblarimni hayratlantirgancha (avval “yosh bolamisiz?” deb kulishdiyu so‘ng “yaxshi olingan-da o‘zi…” deb o‘zlari ham monitorga termulib qolishdi) diqqat bilan qayta ko‘rib chiqdim.

Esingdami, o‘rmonda izlay-izlay bir amallab Alvastini topib olgan Yalmog‘iz uni avragancha o‘z muddaosiga yetmoqchi bo‘ladi:

– Haligi Ivanushka bor-ku, sen to‘g‘ringda yomon gapirdi. Alvastingdan qo‘rqmayman, dedi…
– Qo‘rqmasa, qo‘rqmas, – deydi soddadil Alvasti bamaylixotir.

– Nega unday deysan? – deyli Alvasti jig‘ibiyron bo‘lib. – Qo‘rqmasa, hurmat qilmaydi seni…
– Ha-a-, – deydi uning qutqusiga laqqa tushgan Alvasti og‘ir tin olib – Hurmat qilmasligi yomon…

“Har holda biz erkaklarmiz…”

Munozara shu tarzda davom etadi. Alvasti “Ivanushkani qo‘rqitish” uchun Yalmog‘izning talabi bilan butun o‘rmonni larzaga solib dahshatli tarzda qichqiradi. Ammo “buyurtmachi”ning ko‘ngli to‘lmaydi. Alvastini yana avray boshlaydi:

– Bunaqada seni kim ham hurmat qilardi, yer yutkur?! Sen yaxshisi, O‘lmas Kashshey bo‘la qolgin?.. Alyonushkani qo‘lga olsak, Ivanushka o‘z oyog‘i bilan keladi.
– Biz bunday kelishmaganmiz, – deydi Alvasti achchiqlanib. – …Har holda biz erkaklarmiz.

– Biz Alvastimiz, – deydi uning sherigi Quyon.
– Ha, – deydi Alvasti qat’iy. – Kashshey ham emasmiz!

“Ivanushkani qo‘rqitamanu Alyonushkaga yoqaman…”

…Ustamon Yalmog‘iz avrashda davom etadi:

– Alyonushkaga yoqib qolishni xohlaysanmi?…Kel, yaxshisi sen bahaybat botqoq maxluqiga aylana qolgin. Bilasanmi, hamma Alyonushkalar bahaybat botqoq maxluqini yaxshi ko‘rishadi…

– Bundan chiqdi Ivanushkani qo‘rqitamanu Alyonushkaga yoqaman, – deya yana uning gapiga laqqa tushadi Alvasti.

Soddadil Alvasti va uning do‘sti Quyon Yalmog‘izdan Ivanushka unga nima uchun kerakligini so‘rashadi.
– Pechkaga tiqaman, – deydi Yalmog‘iz tamshanib. – Pishirib yeyman!

Ikkovlon yana achchiqlanib Yalmog‘izga tashlanishadi.

– Siz bizni aldadingiz, – deydi Quyon g‘azab bilan. – Siz bizning soddaligimizdan foydalanib, Ivanushkani qo‘lga tushirmoqchi bo‘ldingiz. Yo‘qol, jodugar!

Sen bilan hisoblashishmasa…

…Rosa maydalab bolalar ko‘radigan oddiy multfilm tafsilotlarini yozishimning sababi bor, ukam.

Bilaman, sen ham boshqalar hurmat qilishlarini juda xohlaysan. Bu tabiiy. Barcha tengdoshlaringda bo‘ladigan holat. Psixolog olimlarning qayd etishicha, bu davrda sen kabi o‘smirlar baxtli bolalik bilan xayrlashgan, lekin kattalar hayotida hali o‘z o‘rnini topmagan holatda bo‘lasizlar. O‘zingning qobiliyat va kuchingni to‘g‘ri baholamay turib, murakkab hayotiy masalalarni hal qilishga urinasan, ammo fikr yuritish qobiliyating yuzaki bo‘lganligi sababli kundalik hayotida qator kamchiliklarga yo‘l qo‘yasan. Lekin o‘z xatoingni tan olishdan ko‘ra kattalar bilan bahslashishni afzal bilasan. Tanqid qilgan kishilarni yoqtirmaysan. Har bir tanqid go‘yoki seni mensimaslik belgisi, atayin qilinayotgan ish bo‘lib ko‘rinadi.

Bu davrda mustaqil, o‘zboshimchalik bilan ish tutishga urinasan, kattalarning maslahatiga e’tibor bermaysan. Hatto ayrim tengdoshlaring singari “katta bo‘lib qolgan”ingni isbotlash uchun ichish, chekish, qartabozlik singari bir qator zararli odatlarni ham o‘rgana boshalandirsan ehtimol…

O‘zing avval bajonidil bajargan talablarga endi qarshilik ko‘rsata boshlaysan: mustaqilligingni cheklashganlarida, vasiylik qilishganida, yo‘naltirishganida, nazorat qilishganida, quloq solishni talab qilishganida, jazolashganida, qiziqishlaring, munosabatlaring va fikr-mulohazalaring bilan hisoblashishmaganlarida xafa bo‘lib, norozilik bildirasan.

Seni o‘z shaxsing haqidagi fikrlar ko‘proq qiziqtiradi, Kattalar huquqlarini o‘zingcha cheklaysan, o‘zingnikini esa kengaytirasan. Kattalarning o‘z shaxsing va insoniylik qadringni hurmat qilishlarini xohlaysan. Ishonch va mustaqillik namoyon etishga da’vo qilasan. Ya’ni kattalar bilan ma’lum tenghuquqlilikka va ularning shu narsani tan olishlariga erishishga harakat qilasan. Kimgadir taqlid qilasan, kimlargadir bilib-bilmay ergashib ketasan.

“O‘zing xon, ko‘lankang maydon”…

Va nihoyat… “Katta bo‘lib qolgan”ingni atrofdagilarga tan oldirishning uddasidan chiqmasang, virtual olam ummoniga sho‘ng‘iysan. Undagi cheksiz imkoniyat va erkinliklar “joziba”si o‘ziga tortaveradi-tortaveradi. O‘z-o‘zingga alambalo nomlar, qiyofalar tanlaysan, tarmoq aro kimlargadir taqlid, kimlargadir tahdid qilasan. Hech kim tanbeh bermaydi, hech kim cheklamaydi, go‘yo “o‘zing xon, ko‘lankang maydon”san…

Eng yomoni, sen mehr qo‘ygan “jozibador” olam ham Alvastining o‘rmoniga o‘xshaydi. “Ivanushka”ni qo‘rqitishu Alyonushkaga yoqish” singari betayin istaklaringga pishang beradigan Yalmog‘izlar ham tiqilib yotibdi bunda. Ularning maqsadi aniq – “pechkaga tiqish”u “pishirib yeyish”… Bu yo‘lda senga o‘xshaganlarni avrab, goh Kashsheyga, goh bahaybat botqoq maxluqiga aylantirish cho‘t emas ularga.

Endi tushundingmi, nega oddiy multfilm haqida ezmalanib gapirayapman? E’tibor bersang, bir o‘rinda soddadil Alvasti yovuz jodugarning taklifiga qat’iy e’tiroz bildirib, “Biz Alvastimiz, Kashshey ham emasmiz!”, — deydi. O‘rmondagi Alvasti bo‘lsa-da, yovuzlikdan bo‘yin tovlab, o‘zligini, o‘z qiyofasini saqlab qolishga intiladi u…

Kosa tagidagi nimkosa

Ha, ukajon, bilaman, nasihat qulog‘ingga yoqmaydigan yoshdasan. Ammo saboq olaman, desang, oddiy bolalar “multik”idan ham olishing mumkin. Gap – “kosa tagidagi nimkosa”ni anglashda, xolos.

So‘nggi so‘z o‘rnida esa multfilm nihoyasidagi xulosani eslatib qo‘ymoqchiman senga.

Pirovardida mung‘ayib qolgan Alvasti sherigidan so‘raydi:
– Ivanushka mendan qo‘rqmasa, hurmat qilarmikan?

– Eh, seni qarayu, – deydi Quyon soddadil do‘stining gaplaridan zavqlanib – Hurmatli bo‘lish uchun qo‘rqitish emas, hurmatga loyiq bo‘lish kerak!

009

(Tashriflar: umumiy 766, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ҳа, хурматли бўлиш учун қўрқитиш эмас, хурматга лойиқ бўлиш керак!.. Нимкосаларингизга барака, Нуриддинжон!

Izoh qoldiring