Бир куни отам чияллик чорвадор бой билан саксон қўйдан бир бўрдоқи қўйнинг гўштини ейман деб гаров бойлашибди. Гаров-гаров-да, эртасига қўйни сўйишиб отамни чақиришибди…
Ўролбой ҚОБИЛ
ИККИ БАДИА
Ўролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган. Бир неча бор ижодий танловлар ғолиби бўлган.
МАЪБУДА
Бир неча йиллар аввал қўшни Бошжонбўз қишлоғидан бўлган Эрназар деган танишим эл орасида Адирма шаҳар деб номланган қадимий макондан топилган миттигина аёл ҳайкалини қўлимга тутқазиб, деди:
-Домла, мана бу ҳайкални болалар Адирмадан қўй боқиб юриб, топиб олибди, бизда турса, йўқолиши мумкин, ўзингиз бир текшириб кўрарсиз…
Мен сополдан ясалган ҳайкални қўлга олиб, танишимга миннатдорчилик билдирдим.
Адирма шаҳар… Бир томони Чиял даштлари, иккинчи томони Қашқадарё тарафга олиб борувчи қадимги йўлда жойлашган кўҳна ва сирли хароба. Бир борганимда қадамлаб ўлчаганим ёдимда. Юз йигирма қадам, иккинчи томони ҳам тахминан шунча бўлган тепалик. Шарқ ва жануб томонга қурилган дарвозалар ўрни кўриниб турибди. Қалъа мустаҳкам девор билан ўралган, ўртада яна тепалик, бу сарой ёки қаср ўрни бўлса керак. Балки унда подшоҳ ёки малика яшагандир. Хароба атрофида турли ҳажмдаги сопол парчалари сочилиб ётибди. Қўрғонга келган эски ариқ ўзани ҳам сақланиб қолган. Эл-улус орасида эса бу сирли макон ҳақида турли ривоят ва афсоналар бор. Айниқса, бу жойларда кўп бора қўй-қўзи боққан қўйчивонлар бу ривоятларни бот-бот гурунгларда сўзлаб беришади. Шундай афсоналарнинг бирини мен ҳам эшитувдим. Келинг, уни сизга ҳам айтиб берайин…
***
Эмишки, бир замонлар Адирма шаҳар қудратли давлатнинг пойтахти бўлган экан. Мамлакатни одил подшо бошқарар, унинг аҳолиси тўқ ва фаровон яшарди. Лекин, подшони неча йиллардан буён бир ўй қийнаб келар, унинг тахт вориси бўладиган фарзанди йўқ эди. Кунларнинг бирида подшо ғаройиб туш кўрибди. Тушида унинг хотини қиз туғиши, аммо қиз ўн саккиз ёшга тўлганда салтанати инқирозга юз тутиши аён бўлибди. Подшо тушининг таъбирини вазирларидан сўрабди, бироқ улар бу сирнинг моҳиятини ечиша олмабди.
Ниҳоят, подшонинг севикли хотини ҳомиладор бўлиб, тўққиз ой ўтиб қиз туғибди. Подшо қизининг шарафига қирқ кеча-кундуз тўй берибди.
Орадан йиллар ўтиб, подшо қизининг ўн саккиз ёшга тўлишига бир неча ой қолганда кўчманчи ёғийлар бостириб кириб, Адирма шаҳар қамал ичида қолибди. Душман қанчалик ҳужум қилса ҳам қўрғонни забт этолмаган.
***
Ёғий ҳолдан тойиб, қўрғонни қўлга киритишга кўзлари етмай турган бир маҳалда, ёв лашкарбошиси ёнига бир эчкибоқар кал одам келиб, қалъани қандай ишғол қилиш йўлини билишини айтибди. Лашкарбоши унга бир ҳовуч тилло танга берибди. Эчкибоқар лашкарбошига:
-Ҳув қуйида дарёдан ажраган бир ариқ бор. Ариқнинг суви ер ости қувуридан қўрғонга боради. Ариқни кўминглар, шунда ғалаба қозонасизлар.
Душман аскарлари ариқни кўмибди. Адирма шаҳардагилар сувсизлик туфайли таслим бўлибди. Ёғий лашкарбошиси эса гўзал маликани кўриб ошиқ бўлибди. Малика унга шарт қўйибди:
-Шаҳримга зиён етказмай юртингга қайтасан. Агар шартларимга рози бўлсанг, сенга тегаман. Лашкарбоши шартга кўнибди ва маликани олиб ўз мамлакатига кетибди. Маликанинг шарофати ва гўзаллиги туфайли юрт омон қолибди.
Одамлар юртпарвар малика ҳақида ғамгин қўшиқлар тўқишибди, унинг суратини мусаввирлар тошларга чизишибди, сополлардан унинг сиймосини ясашибди.
***
Мўъжазгина аёл ҳайкалини қўлимга олиб томоша қиламан ва сўрайман:
-Кимсан, эй гўзал аёл, исмингни айт, қайси замонда ва маконда яшагансан?
Ҳайкал жим, сукут сақлайди, у мендек ношуд қаламкаш билан гаплашгиси келмайди.
-Агар сўзламасанг, сени музейгами ёки бирорта тарихчигами туҳфа этиб юбораман, ўшанда кўрамиз ҳолингни, -дедим.
Аёл жим, миқ этмайди.
Кунларнинг бирида уни қизим топиб олиб, кўзи ва қошини қалам билан бўяпти.
Қизимга уришиб бердим. Кейин эса маъбудани қўлимга олдим. “Қурғур янаям очилиб кетибди”, дедим ўзимга-ўзим.
Яна бисотимдаги китобларни титкилайман, унга ўхшайдиган ҳайкаллар ҳақида маълумотлар йиғишга ҳаракат қиламан. Аммо, менинг маъбудам уларга ўхшамайди. Негадир унинг олис мозийга дахлдор бўлишини, жонсиз тарихий ашёга айланишини истамайман.
***
Эсимда, бундан ўн йиллар аввал қамашилик марҳум шоир Исмат Раҳмат хонадонида бўлган гурунгда Қашқа воҳаси тарихининг билимдони Поён Равшановдан Адирма шаҳри ҳақида сўрагандим. Домла бироз ўйланиб шундай деганди:
-Ҳа, Адирма шаҳарни биламан, бу ҳарбий истеҳком Македонский давридан қолган бўлиши мумкин.
-Хўш, нега одамлар бу жойни қалъа ёки қўрғон деб эмас, шаҳар деб аташган?
Тарих китобларида ўқиганим ёдимга тушади.
Бир замонлар Туронзаминни минг шаҳар мамлакати ҳам деб аташган, дейман ўзимча. Аёл ҳайкалини эса Зардўшт илоҳаси ёки Кушон давридаги будда роҳибаси эмасми, деб тахмин қиламан.
Қурғур японларга қойил қолиш керак, қадим аждодларининг кечмишини билиш учун денгизу мулклар оша Сурхонга келиб қадимий Будда ибодатхоналарини ўрганишади. Чунки улар ўзлари топинган қадимий дин мана шу тупроқдан борганини яхши билишади. Биз эса ёнимиздаги тарихий ошёнимизни билмаймиз, энг ачинарлиси унга бепарвомиз.
Қаердадир ўқувдим, гуржи халқи агар ўтмишга дахлдор бўлса, отнинг тақасини ҳам уйининг тўрига осиб қўйишар экан.
Бундан бир неча йил олдин қишлоққа эр-хотин савдогарлар келиб, кимда кўҳна кийим-бош бўладими, мунчоқ ёки буюмми, неки бўлса арзон-гаровга сотиб олиб кетишди. Мен улардан буни нима қиласизлар деб сўрадим. Аёл индамади. Эри эса оҳиста деди: “Ака, буларнинг бари тарихий осори-атиқалар. Ургутнинг бозорида хориждан келган сайёҳларга долларга сотамиз”.
Бугун Британия музейининг гултожи бўлган, баҳоси тенгсиз деб нархланган “Аму хазинаси” ҳам юртдошларимиз томонидан четга “совға” қилинган.
Бунга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Яқинда қўшни фермер ўғил-қизларини машинасида Шаҳрисабзга айлантириб келди. Эртасига қўшнидан сўрадим.
— Болаларни Оқсаройга олиб бордингизми?
Қўшним менга ажабсиниб қаради.
-Эй, қизиқмисиз, ўша эски бинони кўриб болаларим нима топарди, биз “оптом” бозордан қайтдик…
Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтаверди. Менинг маъбудам эса ҳамон ўзининг кечмишини яширганча китоб жавонимда турибди. Баъзан таниш-билишларга кўрсатиб мақтаниб қўяман. Кейин эса Адирма шаҳар ва унинг маликаси тўғрисида ҳеч нарса билмаслигимдан хафа бўламан.
Сабрим тугайди. Пойтахтга, мозийшунос укамиз Абдусаттор Жуманазарга сим қоқдим. Телефон гўшагидан овоз эшитилди:
-Ака, маъбуданинг изини топдим, ҳадемай унинг қайси даврда яшагани ва ясалгани ҳақида айтиб бераман. Яна, Адирма шаҳар тўғрисида ҳам маълумотлар чиқаяпти.
Хушхабардан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Хонамга кирган неварам ҳайкални қўлига олиб деди:
-Бова, бу момомнинг ҳайкалими?
-Ҳа. У — бизнинг Онамиз!..
ОЛТИН ЗАНЖИР
“Кимнинг фарзандисан, эслаб кўр! Эслаб кўр!..”
Чингиз Айтматов асаридан
1
Абдикарим деган фермер дўстим бор. Кўпни кўрган, гурунгбоз йигит. Давраларда теша тегмаган гапларни, ҳангомаларни айтиб, улфатларини кулдириб юради.
Кунларнинг бирида у билан қишлоқ гузаридаги чойхонада учрашиб, суҳбатлашдим.
-Қани ошна, “янгилари”дан борми,- дедим унга қараб.
Дўстим эса жиддий қиёфада бироз ўйланиб, деди:
-Эй, у гапларни қуйинг, бугун бошқа нарса бор. Биласиз, укам Панжи Самарқанддаги шифохонада жаррох бўлиб ишлайди. Бир куни Чироқчининг чекка қишлоғидан бўлган йигитнинг қулини ёғоч кесадиган электр арра кесиб, узиб кетибди, укам уни операция қилиб тузатгач, кўпни кўрган устози шундай дебди:
-Менимча, сенинг аждодларингдан бири табиб ўтган бўлса керак…
Меҳмонга борганимда, укам бу гапни менга айтди, рости уялиб кетдим, чунки боболарим ким бўлган, қандай яшаган билмасдим-да…
Уйга келиб, укамнинг саволини отам Наби муаллимга бердим.
-Ўша дўхтир синчков экан, ростдан ҳам боболаримиздан бирини эл-улус Мардон синиқчи деб атаган. У киши қўл-оёғи, елкаси синган-чиққанларни даволаган. Ана, Бобонар аканг ҳам синиқ-мертикларни боғлаб юради-ку, бу касб бизнинг қонимизда бор, ўғлим!-деганди отам раҳматли.
Кеча эса Бобонор акамдан Мардон синиқчининг отаси кимлигини билдим. Бош бобомизни Алпон пансод деб аташиб, у киши беш юз одамга бош бўлган эканлар.
2
Ўшанда тўртинчи синфда ўқирдим, баҳор кунларининг бирида, бобом Маҳмарўзибой мени эшагига миндириб даштга, қўйларидан хабар олгани чўпонлар ҳузурига олиб кетди.
Бобом йўл-йўлакай менга гурунг бериб борди:
-Эй, болам, мана ёшим саксонга етди, кўпни кўрдим, умр оқар дарё экан, оқти-кетди. Яратганга шукр, меҳнатим боис хорлик-зорлик кўрмадим, қўй-эчки қилдим, боғ яратдим, лозим бўлса, савдогар ҳам бўлдим, ҳалол, тўғри яшадим. Фарзандларимни оёққа турғаздим. Одамларнинг тилига бой бобо бўлиб тушдим.
Билсанг, бобокалонимиз Мардон синиқчининг зурриёдини Худойберди саркор деб чақиришган. Бобомиз қавмимизни, уруғ-аймоғимизни ўғри-қароқчилардан, босқинчилардан ҳимоя қилган. Ўзиям ёвқур, чапани киши бўлган.
Хўш, кейингиси Худойберди саркорнинг ўғли Хўжамберди ёмғирёғди, дейишган бово?
-Чунки Хўжамберди бобомиз катта чорвадор бой бўлган, уюр-уюр от-йилқилари, қўйлари, туялари бўлган. Ўзиям синчков, тадбирли киши бўлганки, қачон қор ёки ёмғир ёғишини олдиндан айтиб бера олган.
Кунларнинг бирида бобомиз чекмон, телпак кийиб даштга, чўпонлари ёнига жўнабди ва учраган чўпон-чўлиқларга “тезроқ қўйларингни қамовга ҳайданглар, қаттиқ жала ёғади”, деб айтиб кетаверибди.
Кун очиқ, қуёш чарақлаб тургани сабабли чўпонлар бобомизнинг сўзига парво қилишмаган, ҳатто баъзилари “боши айланибди”, деб кулишибдиям.
Бобомиз эса ўзига қарашли қўйларни қўрага қамабди, ишонсанг, бир зумда уфқ тарафдан шамол ва булут келиб, кучли жала қўйибди.
Бобомизнинг тезкор тадбири туфайли қўйлар омон қолибди, аммо бояги “қулоқсиз” чўпонларнинг отарлари кўп талофот кўрибди.
Эй, бўтам кексаларнинг гапларига қулоқ солмаслик қандай оқибатларга олиб келишини эшитдингми?
3
Бир йили хўжаликда бригадир бўлиб ишлаган раҳматли Ҳаким акам ўғлига суннат тўй қилди. Меҳмонлар қўноқхоналарга жойлашгач акам менга мактаб стадионига бориб кураш учун майдон ҳозирлаймиз,-деди.
Акамнинг сўзларини эшитган отам дабдурусдан:
-Ўғлим, олиш бўлмайди ёмғир ёғади,- деди.
Эй, ота қизиқмисиз, осмон юлдузлар чарақлаб турибди,-деб кулди акам.
-Айтдим қўйдим-да ўғлим.
Биласизми ошна, меҳмонлар қайтиб халойиқ тўплангач, энди кураш бошланай деб турган маҳал шағиллаб ёмғир қўйди. Кураш бўлмади, биз шалоббо бўлиб, уйга қайтдик.
Отам бизни кулиб қаршилади:
-Ай, болам-а, ахир мен Хўжамберди ёмғирёғдининг чеварасиман бекорга гапирмасам керак-ов…
4
Даштга кетаяпмиз. Бобом ҳамон ўтган-кетгандан гурунг бериб бормоқда.
Билсанг Хўжамберди бобомизнинг зурриёдини Юсуф бўрдоқ деб айтишган.
— Нега бўрдоқ дейишган бово?-сўрайман қизиқиб.
— Отам зўр чавандоз алп бўлган, ўзиям тўккиз пуд келган бу бизнинг ҳисобда бир юз қирқ тўрт кило бўлади.
— Нега бўрдоқ дейишган –сўрайман такрорлаб.
-Бунча шошқалоқсан, бизнинг уруғда мундайи бўлмоғич эди, сен қўштамғали тоғаларингга тортгансан-ов?..
Мен жим қоламан.
Бобом гурунгни келган жойидан бериб боради.
Бир куни отам чияллик чорвадор бой билан саксон қўйдан бир бўрдоқи қўйнинг гўштини ейман деб гаров бойлашибди. Гаров-гаров-да, эртасига қўйни сўйишиб отамни чақиришибди. Отам ўзи билан бир ҳуржин пиёз олиб борибди ва даврага чаппа ўтириб гўштни олиб келинглар, деб чақирибди. Катта тоғорада гўштни олиб келишибди. Отам ортига қарамай қўл узатиб пиёз билан гўштни тановвул қила бошлабди. Охири гўшт ҳам, пиёз ҳам тугабди. Кейин отам ўзини катта ариқдаги сувга ташлабди. ва бир кеча-кундуз ариқда ётибди. Кўрганлар айтади, ўшанда ариқдан сув ўрнига мой оққан экан.
-Ҳаммасини еганми,- дейман ҳовлиқиб.
-Ҳа, фақат шўрваси қолган.
-Йўғ-а
-Ишонмасанг ишонма,- дейди бобом ва эшагини қичайди.
-Бова сиз ҳам бўрдоқи қўйни еганмисиз
-Йўқ, мен емаганман аммо, укам Маматнинг егани рост.
Хаёлимга ошналаримнинг амакиларимни бўрдоқнинг болалари деб аташгани келиб жим қоламан .
-Бова сизни одамлар тиллоси бор, дермиш, агар бўлса менга бир кўрсатинг…
Бобом қовоғини уяди-да, — дейди:
-Рост, бир замонлар тиллом ҳам, нуқрам ҳам бўлганди, сўғин сурув-сурув қўйларим, йилқиларим бор эди, барисини “шўравой” лар олиб қўйишди. Эй, майли, мол дунё кимга вафо қилган ўзи, ишқилиб жонимиз омон қолди, шунинг ўзи катта давлат.
5
Ниҳоят Фозил чўпоннинг қўшхонасига етиб келдик. Чўпон келиб, бобом билан қучоқлашиб кўришди. Сўнгра мезбон бизни супага таклиф қилди.
-Аввл қўйларимни туваллаб келай, кейин гурунг қиламиз,-деди бобом.
Бобом сурувни айланиб, қўйларини санаб келгач, кўнгли жойига тушиб, супага чиқди.
— Ҳадемай ошнангиз Шоймардонбой ҳам келади, бир отамлашасизлар, -деди Фозил чўпон. -Унгача мен сиз билан бир куч синашиб олайин,-деди-да, қўйнидан халта чиқариб, бир ҳовуч қора тошларни ерга тўкди.
Бобом мийиғида кулди ва чекмоннинг чўнтагидан гулдор халта чиқариб, оқ тошларни тўкди. Улар ерга тўрт бурчакли катак чизишиб худди шахмат ўйнагандек тошларни қатор териб чиқишди.
Менинг эса бу ажойиб ўйинни биринчи бор кўришим эди.
Ўйин анча давом этди, шу орада чўпоннинг ўғли Жовли ака дастурхон, чой ва чалоп келтирди.
— “Қичаб ўт”ни кимдан ўргандинг, -сўради бобом Фозил чўпондан.
— Ошнангиздан, ҳали унча яхши ўйнолмайман.
-Биз тарафдан буни мен билан Асадулла махсумдан бошқа биров билмайди. Билсанг, бу кўҳна ўйинни қўйчивон аждодларимиз ўйлаб топишган, бу ҳазил ўйинмас, бу калласи зўр, ҳисоб –китобни биладиган, фикри тозаларнинг ўйини.
Ўйин кун ботгунча давом этди, охири Фозил чўпоннинг тошлари қамалда қолди ва иложсиз таслим бўлди.
Ўша куни биз чўпонникида ётиб қолдик, кечга тортиб от минган Шоймардонбой ҳам келди ва уч қария тонг отгунча ўтган-кетгандан, ажойибу ғаройиботлардан, ровийдан суҳбат қуришди.
Мен эса чарчаганим сабабли ухлаб қолибман, эртасига биз чой ичгач, ортга қайтдик.
6
Абдикарим фермер тин олди. Менинг эса суҳбатдошимнинг боболари ҳақида анчагина хотираларни билишига ҳавасим келди.Дарҳақиқат, гарчи истамасакда умримизнинг бир куни поёни борлиги аёндир. Аммо биздан қоладиган эзгу ишларнинг мангуликка дахлдорлиги кўнглимизга ёқимли таскин беради. Ҳаёлимиздан “мени ҳам бир кун келиб, ёр-биродарларим, фарзандларим эслаб юришармикан?”, деган савол ўтади.
Аждодлар ва авлодларни боғлаб турган олтин занжир –улуғ шажара ҳеч қачон узилмасин, унинг давомли ҳалқаларидан Сиз ва Биз ҳам муносиб жой олайлик.
Қамаши тумани Гулистон қишлоғи
Bir kuni otam chiyallik chorvador boy bilan sakson qo‘ydan bir bo‘rdoqi qo‘yning go‘shtini yeyman deb garov boylashibdi. Garov-garov-da, ertasiga qo‘yni so‘yishib otamni chaqirishibdi…
O‘rolboy QOBIL
IKKI BADIA
O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. Bir necha bor ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘lgan.
MA’BUDA
Bir necha yillar avval qo‘shni Boshjonbo‘z qishlog‘idan bo‘lgan Ernazar degan tanishim el orasida Adirma shahar deb nomlangan qadimiy makondan topilgan mittigina ayol haykalini qo‘limga tutqazib, dedi:
-Domla, mana bu haykalni bolalar Adirmadan qo‘y boqib yurib, topib olibdi, bizda tursa, yo‘qolishi mumkin, o‘zingiz bir tekshirib ko‘rarsiz…
Men sopoldan yasalgan haykalni qo‘lga olib, tanishimga minnatdorchilik bildirdim.
Adirma shahar… Bir tomoni Chiyal dashtlari, ikkinchi tomoni Qashqadaryo tarafga olib boruvchi qadimgi yo‘lda joylashgan ko‘hna va sirli xaroba. Bir borganimda qadamlab o‘lchaganim yodimda. Yuz yigirma qadam, ikkinchi tomoni ham taxminan shuncha bo‘lgan tepalik. Sharq va janub tomonga qurilgan darvozalar o‘rni ko‘rinib turibdi. Qal’a mustahkam devor bilan o‘ralgan, o‘rtada yana tepalik, bu saroy yoki qasr o‘rni bo‘lsa kerak. Balki unda podshoh yoki malika yashagandir. Xaroba atrofida turli hajmdagi sopol parchalari sochilib yotibdi. Qo‘rg‘onga kelgan eski ariq o‘zani ham saqlanib qolgan. El-ulus orasida esa bu sirli makon haqida turli rivoyat va afsonalar bor. Ayniqsa, bu joylarda ko‘p bora qo‘y-qo‘zi boqqan qo‘ychivonlar bu rivoyatlarni bot-bot gurunglarda so‘zlab berishadi. Shunday afsonalarning birini men ham eshituvdim. Keling, uni sizga ham aytib berayin…
***
Emishki, bir zamonlar Adirma shahar qudratli davlatning poytaxti bo‘lgan ekan. Mamlakatni odil podsho boshqarar, uning aholisi to‘q va farovon yashardi. Lekin, podshoni necha yillardan buyon bir o‘y qiynab kelar, uning taxt vorisi bo‘ladigan farzandi yo‘q edi. Kunlarning birida podsho g‘aroyib tush ko‘ribdi. Tushida uning xotini qiz tug‘ishi, ammo qiz o‘n sakkiz yoshga to‘lganda saltanati inqirozga yuz tutishi ayon bo‘libdi. Podsho tushining ta’birini vazirlaridan so‘rabdi, biroq ular bu sirning mohiyatini yechisha olmabdi.
Nihoyat, podshoning sevikli xotini homilador bo‘lib, to‘qqiz oy o‘tib qiz tug‘ibdi. Podsho qizining sharafiga qirq kecha-kunduz to‘y beribdi.
Oradan yillar o‘tib, podsho qizining o‘n sakkiz yoshga to‘lishiga bir necha oy qolganda ko‘chmanchi yog‘iylar bostirib kirib, Adirma shahar qamal ichida qolibdi. Dushman qanchalik hujum qilsa ham qo‘rg‘onni zabt etolmagan.
***
Yog‘iy holdan toyib, qo‘rg‘onni qo‘lga kiritishga ko‘zlari yetmay turgan bir mahalda, yov lashkarboshisi yoniga bir echkiboqar kal odam kelib, qal’ani qanday ishg‘ol qilish yo‘lini bilishini aytibdi. Lashkarboshi unga bir hovuch tillo tanga beribdi. Echkiboqar lashkarboshiga:
-Huv quyida daryodan ajragan bir ariq bor. Ariqning suvi yer osti quvuridan qo‘rg‘onga boradi. Ariqni ko‘minglar, shunda g‘alaba qozonasizlar.
Dushman askarlari ariqni ko‘mibdi. Adirma shahardagilar suvsizlik tufayli taslim bo‘libdi. Yog‘iy lashkarboshisi esa go‘zal malikani ko‘rib oshiq bo‘libdi. Malika unga shart qo‘yibdi:
-Shahrimga ziyon yetkazmay yurtingga qaytasan. Agar shartlarimga rozi bo‘lsang, senga tegaman. Lashkarboshi shartga ko‘nibdi va malikani olib o‘z mamlakatiga ketibdi. Malikaning sharofati va go‘zalligi tufayli yurt omon qolibdi.
Odamlar yurtparvar malika haqida g‘amgin qo‘shiqlar to‘qishibdi, uning suratini musavvirlar toshlarga chizishibdi, sopollardan uning siymosini yasashibdi.
***
Mo‘jazgina ayol haykalini qo‘limga olib tomosha qilaman va so‘rayman:
-Kimsan, ey go‘zal ayol, ismingni ayt, qaysi zamonda va makonda yashagansan?
Haykal jim, sukut saqlaydi, u mendek noshud qalamkash bilan gaplashgisi kelmaydi.
-Agar so‘zlamasang, seni muzeygami yoki birorta tarixchigami tuhfa etib yuboraman, o‘shanda ko‘ramiz holingni, -dedim.
Ayol jim, miq etmaydi.
Kunlarning birida uni qizim topib olib, ko‘zi va qoshini qalam bilan bo‘yapti.
Qizimga urishib berdim. Keyin esa ma’budani qo‘limga oldim. “Qurg‘ur yanayam ochilib ketibdi”, dedim o‘zimga-o‘zim.
Yana bisotimdagi kitoblarni titkilayman, unga o‘xshaydigan haykallar haqida ma’lumotlar yig‘ishga harakat qilaman. Ammo, mening ma’budam ularga o‘xshamaydi. Negadir uning olis moziyga daxldor bo‘lishini, jonsiz tarixiy ashyoga aylanishini istamayman.
***
Esimda, bundan o‘n yillar avval qamashilik marhum shoir Ismat Rahmat xonadonida bo‘lgan gurungda Qashqa vohasi tarixining bilimdoni Poyon Ravshanovdan Adirma shahri haqida so‘ragandim. Domla biroz o‘ylanib shunday degandi:
-Ha, Adirma shaharni bilaman, bu harbiy istehkom Makedonskiy davridan qolgan bo‘lishi mumkin.
-Xo‘sh, nega odamlar bu joyni qal’a yoki qo‘rg‘on deb emas, shahar deb atashgan?
Tarix kitoblarida o‘qiganim yodimga tushadi.
Bir zamonlar Turonzaminni ming shahar mamlakati ham deb atashgan, deyman o‘zimcha. Ayol haykalini esa Zardo‘sht ilohasi yoki Kushon davridagi budda rohibasi emasmi, deb taxmin qilaman.
Qurg‘ur yaponlarga qoyil qolish kerak, qadim ajdodlarining kechmishini bilish uchun dengizu mulklar osha Surxonga kelib qadimiy Budda ibodatxonalarini o‘rganishadi. Chunki ular o‘zlari topingan qadimiy din mana shu tuproqdan borganini yaxshi bilishadi. Biz esa yonimizdagi tarixiy oshyonimizni bilmaymiz, eng achinarlisi unga beparvomiz.
Qayerdadir o‘quvdim, gurji xalqi agar o‘tmishga daxldor bo‘lsa, otning taqasini ham uyining to‘riga osib qo‘yishar ekan.
Bundan bir necha yil oldin qishloqqa er-xotin savdogarlar kelib, kimda ko‘hna kiyim-bosh bo‘ladimi, munchoq yoki buyummi, neki bo‘lsa arzon-garovga sotib olib ketishdi. Men ulardan buni nima qilasizlar deb so‘radim. Ayol indamadi. Eri esa ohista dedi: “Aka, bularning bari tarixiy osori-atiqalar. Urgutning bozorida xorijdan kelgan sayyohlarga dollarga sotamiz”.
Bugun Britaniya muzeyining gultoji bo‘lgan, bahosi tengsiz deb narxlangan “Amu xazinasi” ham yurtdoshlarimiz tomonidan chetga “sovg‘a” qilingan.
Bunga yana ko‘plab misollar keltirish mumkin.
Yaqinda qo‘shni fermer o‘g‘il-qizlarini mashinasida Shahrisabzga aylantirib keldi. Ertasiga qo‘shnidan so‘radim.
— Bolalarni Oqsaroyga olib bordingizmi?
Qo‘shnim menga ajabsinib qaradi.
-Ey, qiziqmisiz, o‘sha eski binoni ko‘rib bolalarim nima topardi, biz “optom” bozordan qaytdik…
Oradan kunlar, haftalar, oylar o‘taverdi. Mening ma’budam esa hamon o‘zining kechmishini yashirgancha kitob javonimda turibdi. Ba’zan tanish-bilishlarga ko‘rsatib maqtanib qo‘yaman. Keyin esa Adirma shahar va uning malikasi to‘g‘risida hech narsa bilmasligimdan xafa bo‘laman.
Sabrim tugaydi. Poytaxtga, moziyshunos ukamiz Abdusattor Jumanazarga sim qoqdim. Telefon go‘shagidan ovoz eshitildi:
-Aka, ma’budaning izini topdim, hademay uning qaysi davrda yashagani va yasalgani haqida aytib beraman. Yana, Adirma shahar to‘g‘risida ham ma’lumotlar chiqayapti.
Xushxabardan ko‘nglim tog‘dek ko‘tarildi.
Xonamga kirgan nevaram haykalni qo‘liga olib dedi:
-Bova, bu momomning haykalimi?
-Ha. U — bizning Onamiz!..
OLTIN ZANJIR
“Kimning farzandisan, eslab ko‘r! Eslab ko‘r!..”
Chingiz Aytmatov asaridan
1
Abdikarim degan fermer do‘stim bor. Ko‘pni ko‘rgan, gurungboz yigit. Davralarda tesha tegmagan gaplarni, hangomalarni aytib, ulfatlarini kuldirib yuradi.
Kunlarning birida u bilan qishloq guzaridagi choyxonada uchrashib, suhbatlashdim.
-Qani oshna, “yangilari”dan bormi,- dedim unga qarab.
Do‘stim esa jiddiy qiyofada biroz o‘ylanib, dedi:
-Ey, u gaplarni quying, bugun boshqa narsa bor. Bilasiz, ukam Panji Samarqanddagi shifoxonada jarrox bo‘lib ishlaydi. Bir kuni Chiroqchining chekka qishlog‘idan bo‘lgan yigitning qulini yog‘och kesadigan elektr arra kesib, uzib ketibdi, ukam uni operatsiya qilib tuzatgach, ko‘pni ko‘rgan ustozi shunday debdi:
-Menimcha, sening ajdodlaringdan biri tabib o‘tgan bo‘lsa kerak…
Mehmonga borganimda, ukam bu gapni menga aytdi, rosti uyalib ketdim, chunki bobolarim kim bo‘lgan, qanday yashagan bilmasdim-da…
Uyga kelib, ukamning savolini otam Nabi muallimga berdim.
-O‘sha do‘xtir sinchkov ekan, rostdan ham bobolarimizdan birini el-ulus Mardon siniqchi deb atagan. U kishi qo‘l-oyog‘i, yelkasi singan-chiqqanlarni davolagan. Ana, Bobonar akang ham siniq-mertiklarni bog‘lab yuradi-ku, bu kasb bizning qonimizda bor, o‘g‘lim!-degandi otam rahmatli.
Kecha esa Bobonor akamdan Mardon siniqchining otasi kimligini bildim. Bosh bobomizni Alpon pansod deb atashib, u kishi besh yuz odamga bosh bo‘lgan ekanlar.
2
O‘shanda to‘rtinchi sinfda o‘qirdim, bahor kunlarining birida, bobom Mahmaro‘ziboy meni eshagiga mindirib dashtga, qo‘ylaridan xabar olgani cho‘ponlar huzuriga olib ketdi.
Bobom yo‘l-yo‘lakay menga gurung berib bordi:
-Ey, bolam, mana yoshim saksonga yetdi, ko‘pni ko‘rdim, umr oqar daryo ekan, oqti-ketdi. Yaratganga shukr, mehnatim bois xorlik-zorlik ko‘rmadim, qo‘y-echki qildim, bog‘ yaratdim, lozim bo‘lsa, savdogar ham bo‘ldim, halol, to‘g‘ri yashadim. Farzandlarimni oyoqqa turg‘azdim. Odamlarning tiliga boy bobo bo‘lib tushdim.
Bilsang, bobokalonimiz Mardon siniqchining zurriyodini Xudoyberdi sarkor deb chaqirishgan. Bobomiz qavmimizni, urug‘-aymog‘imizni o‘g‘ri-qaroqchilardan, bosqinchilardan himoya qilgan. O‘ziyam yovqur, chapani kishi bo‘lgan.
Xo‘sh, keyingisi Xudoyberdi sarkorning o‘g‘li Xo‘jamberdi yomg‘iryog‘di, deyishgan bovo?
-Chunki Xo‘jamberdi bobomiz katta chorvador boy bo‘lgan, uyur-uyur ot-yilqilari, qo‘ylari, tuyalari bo‘lgan. O‘ziyam sinchkov, tadbirli kishi bo‘lganki, qachon qor yoki yomg‘ir yog‘ishini oldindan aytib bera olgan.
Kunlarning birida bobomiz chekmon, telpak kiyib dashtga, cho‘ponlari yoniga jo‘nabdi va uchragan cho‘pon-cho‘liqlarga “tezroq qo‘ylaringni qamovga haydanglar, qattiq jala yog‘adi”, deb aytib ketaveribdi.
Kun ochiq, quyosh charaqlab turgani sababli cho‘ponlar bobomizning so‘ziga parvo qilishmagan, hatto ba’zilari “boshi aylanibdi”, deb kulishibdiyam.
Bobomiz esa o‘ziga qarashli qo‘ylarni qo‘raga qamabdi, ishonsang, bir zumda ufq tarafdan shamol va bulut kelib, kuchli jala qo‘yibdi.
Bobomizning tezkor tadbiri tufayli qo‘ylar omon qolibdi, ammo boyagi “quloqsiz” cho‘ponlarning otarlari ko‘p talofot ko‘ribdi.
Ey, bo‘tam keksalarning gaplariga quloq solmaslik qanday oqibatlarga olib kelishini eshitdingmi?
3
Bir yili xo‘jalikda brigadir bo‘lib ishlagan rahmatli Hakim akam o‘g‘liga sunnat to‘y qildi. Mehmonlar qo‘noqxonalarga joylashgach akam menga maktab stadioniga borib kurash uchun maydon hozirlaymiz,-dedi.
Akamning so‘zlarini eshitgan otam dabdurusdan:
-O‘g‘lim, olish bo‘lmaydi yomg‘ir yog‘adi,- dedi.
Ey, ota qiziqmisiz, osmon yulduzlar charaqlab turibdi,-deb kuldi akam.
-Aytdim qo‘ydim-da o‘g‘lim.
Bilasizmi oshna, mehmonlar qaytib xaloyiq to‘plangach, endi kurash boshlanay deb turgan mahal shag‘illab yomg‘ir qo‘ydi. Kurash bo‘lmadi, biz shalobbo bo‘lib, uyga qaytdik.
Otam bizni kulib qarshiladi:
-Ay, bolam-a, axir men Xo‘jamberdi yomg‘iryog‘dining chevarasiman bekorga gapirmasam kerak-ov…
4
Dashtga ketayapmiz. Bobom hamon o‘tgan-ketgandan gurung berib bormoqda.
Bilsang Xo‘jamberdi bobomizning zurriyodini Yusuf bo‘rdoq deb aytishgan.
— Nega bo‘rdoq deyishgan bovo?-so‘rayman qiziqib.
— Otam zo‘r chavandoz alp bo‘lgan, o‘ziyam to‘kkiz pud kelgan bu bizning hisobda bir yuz qirq to‘rt kilo bo‘ladi.
— Nega bo‘rdoq deyishgan –so‘rayman takrorlab.
-Buncha shoshqaloqsan, bizning urug‘da mundayi bo‘lmog‘ich edi, sen qo‘shtamg‘ali tog‘alaringga tortgansan-ov?..
Men jim qolaman.
Bobom gurungni kelgan joyidan berib boradi.
Bir kuni otam chiyallik chorvador boy bilan sakson qo‘ydan bir bo‘rdoqi qo‘yning go‘shtini yeyman deb garov boylashibdi. Garov-garov-da, ertasiga qo‘yni so‘yishib otamni chaqirishibdi. Otam o‘zi bilan bir hurjin piyoz olib boribdi va davraga chappa o‘tirib go‘shtni olib kelinglar, deb chaqiribdi. Katta tog‘orada go‘shtni olib kelishibdi. Otam ortiga qaramay qo‘l uzatib piyoz bilan go‘shtni tanovvul qila boshlabdi. Oxiri go‘sht ham, piyoz ham tugabdi. Keyin otam o‘zini katta ariqdagi suvga tashlabdi. va bir kecha-kunduz ariqda yotibdi. Ko‘rganlar aytadi, o‘shanda ariqdan suv o‘rniga moy oqqan ekan.
-Hammasini yeganmi,- deyman hovliqib.
-Ha, faqat sho‘rvasi qolgan.
-Yo‘g‘-a
-Ishonmasang ishonma,- deydi bobom va eshagini qichaydi.
-Bova siz ham bo‘rdoqi qo‘yni yeganmisiz
-Yo‘q, men yemaganman ammo, ukam Mamatning yegani rost.
Xayolimga oshnalarimning amakilarimni bo‘rdoqning bolalari deb atashgani kelib jim qolaman .
-Bova sizni odamlar tillosi bor, dermish, agar bo‘lsa menga bir ko‘rsating…
Bobom qovog‘ini uyadi-da, — deydi:
-Rost, bir zamonlar tillom ham, nuqram ham bo‘lgandi, so‘g‘in suruv-suruv qo‘ylarim, yilqilarim bor edi, barisini “sho‘ravoy” lar olib qo‘yishdi. Ey, mayli, mol dunyo kimga vafo qilgan o‘zi, ishqilib jonimiz omon qoldi, shuning o‘zi katta davlat.
5
Nihoyat Fozil cho‘ponning qo‘shxonasiga yetib keldik. Cho‘pon kelib, bobom bilan quchoqlashib ko‘rishdi. So‘ngra mezbon bizni supaga taklif qildi.
-Avvl qo‘ylarimni tuvallab kelay, keyin gurung qilamiz,-dedi bobom.
Bobom suruvni aylanib, qo‘ylarini sanab kelgach, ko‘ngli joyiga tushib, supaga chiqdi.
— Hademay oshnangiz Shoymardonboy ham keladi, bir otamlashasizlar, -dedi Fozil cho‘pon. -Ungacha men siz bilan bir kuch sinashib olayin,-dedi-da, qo‘ynidan xalta chiqarib, bir hovuch qora toshlarni yerga to‘kdi.
Bobom miyig‘ida kuldi va chekmonning cho‘ntagidan guldor xalta chiqarib, oq toshlarni to‘kdi. Ular yerga to‘rt burchakli katak chizishib xuddi shaxmat o‘ynagandek toshlarni qator terib chiqishdi.
Mening esa bu ajoyib o‘yinni birinchi bor ko‘rishim edi.
O‘yin ancha davom etdi, shu orada cho‘ponning o‘g‘li Jovli aka dasturxon, choy va chalop keltirdi.
— “Qichab o‘t”ni kimdan o‘rganding, -so‘radi bobom Fozil cho‘pondan.
— Oshnangizdan, hali uncha yaxshi o‘ynolmayman.
-Biz tarafdan buni men bilan Asadulla maxsumdan boshqa birov bilmaydi. Bilsang, bu ko‘hna o‘yinni qo‘ychivon ajdodlarimiz o‘ylab topishgan, bu hazil o‘yinmas, bu kallasi zo‘r, hisob –kitobni biladigan, fikri tozalarning o‘yini.
O‘yin kun botguncha davom etdi, oxiri Fozil cho‘ponning toshlari qamalda qoldi va ilojsiz taslim bo‘ldi.
O‘sha kuni biz cho‘ponnikida yotib qoldik, kechga tortib ot mingan Shoymardonboy ham keldi va uch qariya tong otguncha o‘tgan-ketgandan, ajoyibu g‘aroyibotlardan, roviydan suhbat qurishdi.
Men esa charchaganim sababli uxlab qolibman, ertasiga biz choy ichgach, ortga qaytdik.
6
Abdikarim fermer tin oldi. Mening esa suhbatdoshimning bobolari haqida anchagina xotiralarni bilishiga havasim keldi.Darhaqiqat, garchi istamasakda umrimizning bir kuni poyoni borligi ayondir. Ammo bizdan qoladigan ezgu ishlarning mangulikka daxldorligi ko‘nglimizga yoqimli taskin beradi. Hayolimizdan “meni ham bir kun kelib, yor-birodarlarim, farzandlarim eslab yurisharmikan?”, degan savol o‘tadi.
Ajdodlar va avlodlarni bog‘lab turgan oltin zanjir –ulug‘ shajara hech qachon uzilmasin, uning davomli halqalaridan Siz va Biz ham munosib joy olaylik.
Qamashi tumani Guliston qishlog‘i