O’tirik gaplar emas. Yozuvchi Erkin A’zam asarlari haqida & SurxonTVda Erkin A’zam bilan suhbat

011«10 АВГУСТ — ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ ЭРКИН АЪЗАМНИ 70 ЁШИ БИЛАН ҚУТЛАЙМИЗ

Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин, бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас! Муҳим гапни айтиш учун аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак». Фикр муаллифи – ёзувчи Эркин Аъзам. Назаримда ёзувчининг ушбу фикрларидан унинг ижодга катта масъулият билан ёндашиши яққол кўриниб туради. Биз ана шу руҳиятни, шу кайфиятни ёзувчининг ҳар бир асарида кўрамиз.

ЎТИРИК ГАПЛАР ЭМАС


19«Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин, бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас! Муҳим гапни айтиш учун аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак».

Фикр муаллифи – ёзувчи Эркин Аъзам. Назаримда ёзувчининг ушбу фикрларидан унинг ижодга катта масъулият билан ёндашиши яққол кўриниб туради. Биз ана шу руҳиятни, шу кайфиятни ёзувчининг ҳар бир асарида кўрамиз.

«Дўрмон асири»

Ёзувчи Шукур Холмирзаевни замондошлари, тенгдошлари, шогирдлари кўп эслайди. «Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида» номли китоб ҳам чоп этилган. Китобда юзга яқин адиблар, ижодкорлар, фан арбоблари ва санъат кишиларининг ёзувчи ҳақидаги илиқ гаплари, у билан боғлиқ воқеалар баён этилган.

Эркин Аъзам хотираларини «Дўрмон асири» деб номлади ва ҳеч кимникига ўхшамаган, лекин Шукур Холмирзаевга бироз эргашиброқ (услуби ўхшаброқ кетади) ёзди. Соғинчини билдириб қўйди. Хотира хулосага ўхшаб кетади. Менга ҳикояни эслатди. Сиз асарни мутолаа қилар экансиз, худди Эркин Аъзамдек Шукур Холмирзаевнинг яқин кишисига айланасиз, унга нисбатан илиқ меҳрни туясиз, соғинасиз. Бундай туйғуни ҳис этиш Шукур Холмирзаевнинг самимий, фидоий инсон бўлганлигиданми ёки Эркин Аъзамнинг ёзиш услуби ва маҳоратиданмикан? Шукур Холмирзаев бундан ҳам ортиғига лойиқлигини адабиёт аҳли яхши билади. Лекин «Дўрмон асири»нинг ютуғи – муаллифнинг маҳорати, бетакрор ижоди маҳсули. У шунчаки ёзувчини эсламади, шунчаки у билан замондош бўлганини айтиб бермади. У юракдан, қалбдан устозини соғинди, ёд этди. Йўқотишларидан куюнди, ютуғидан суюнди. Нимани айтган бўлса, юракдан айтди, борини гапирди. Ортиқча пафосга, сунъий танқидга берилмади. Биз ўқиганларимизни ёзмади, кўнглидан ўтказди, хаёлот дунёсига чўкди. Қарабсизки, хотиралар ўз-ўзидан қоғозга кўчиб, «Дўрмон асири»га айланди. Назаримда, худди шу тарзда фақат Эркин Аъзам ёзиши мумкин:

«Шукур ака ҳақидаги баъзи хотираларни ўқиб, рости, кулгим келади, «Йўқ, йўқ, бунақа эмас эди», дегим келади». «Бугун лўндароқ қилиб бундай дейиш мумкин: Шукур Холмирзаев ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўзига хос ноёб ҳодиса эди!»

Унинг қарашларида доимгидек фалсафийлик, теран фикрлилик, мулоҳазавийлик бор:

«Ўзбек бўлиб туғилиш мумкин, аммо ростакамига ўзбек бўлиб яшамоқ осон иш эмас».

У ёзувчи ҳақида эмас, ёзувчининг қалби ҳақида ёзади, борини айтади ва ўз қалбини ҳам очиб қўяди:

«Шукур аканинг назарида, ҳаётда энг қудратли моҳият – адабиёт, жамиятдаги энг зўр одам – ёзувчи эди. Адабиётга ғайриоддий бир қизғаниш билан қарар, уни баайни норасмий мулкидек кўрар, унга даъвогарларга муносабатда ҳам гоҳо ўта муросасиз эди».

Қуруқ сўзамолликдан, сўз ўйинидан қочади. Ўхшатишларнинг нақдини топади:

«Ёзганларини ҳеч ким ўқимаслиги»га, ўн-ўн беш йиллардан бери биронта ҳам китоби чоп этилмаганига қарамай, Шукур ака болалигида яхши кўрган қаҳрамони Робинзон Крузо мисол, кимсасиз Дўрмон боғида ўтириб, қиссаю ҳикояларини ёзаверади. …наср майдонида Шукур ака ростдан ҳам Робинзон Крузога ўхшаб ёлғизланиброқ қолган эди».

Ёзувчи ўйларини шундай хулосалайди:

«Хотиранома ёзиш шавқига берилиб, бу дунёда битган ҳар бир сўзингизга жавоб бермоқ азоби бор! Қўрқиблар кетасиз, ўтирик гаплар тўқиган қаламни ўшанда синдириб ташламаганингизга пушаймонлар қиласиз. Ана шунисидан сақласин!

Уят, хижолатлилик деган гаплар фақат бу дунёнинг матоҳи эмасдир…»

«Хотира» журналистик жанр, лекин биз юқорида айтиб ўтганимиз ҳикоядек ўқилади. Тили тоза, ёзувчи сўзларни ўз ўрнида қўллайди, сўз танлашда адашмайди, сўз исрофгарчилигига йўл қўймайди. Киноявийлик, аниқлик, лўндаликка эътибор қаратади. Рост гапиришни яхши кўради. Қисқа, лекин соз ёзади. Биз эътиборингизни бошқа унсурларга эмас, ёзиш услубига қаратдик.

«Мени ёзибди»

Энди адибнинг яна бир мақоласи ҳақида…

«Академик Қўшжоновнинг «Устоз»и ким, биласизми? Ўйланиб қолдингиз… майли, унда сиз «Шу одам ўзгармади»; «Ҳа ўша-ўша, ..ака! Адабиёту матбуотнинг чин фидойиси. Китоб жинниси, ёш ижодкорларга отадек ғамхўр. Гоҳо биров ярмидан даҳо ясамоққа ҳам киришиб кетади. Бу борада бир-икки сира муродига етди ҳам»; «Ҳаммага лақаб қўйиб чиққан: кимдир «Шукшин», яна кимдир «Айтматов». «Ҳа, Шукшиним, деб бошлайди кўрганда»; «Бирон бир адабий ҳодиса бу одамни четлаб ўтмаган, десак муболаға бўлмас. Бирига муҳаррирлик қилган, бирига мураббийлик, яна бирига тақриз ёзган ёки куйиб-пишиб фикр билдирган, таклиф айтган. Матёқуб Қўшжоновдек аллома бекорга уни «устозим» деб атамасди. Бу лутфда ҳазилдан бошқа бир маъно ҳам бор эди» каби таърифларга эътибор қилинг: (Адашмадингиз, сиз таниган, билган) таҳрир санъати устаси, таҳрир мактаби асосчиларидан бири бу ўша – Маҳмуд Саъдий.

Ўхшатишлар, иборалар, фикрлар ўз ўрнида қўлланганки, буниси нотўғри ёки буниси сал тўқимароқ дея олмайсиз. Ҳар бир гап ўз ўрнида, ўз вақтида қўлланган. Ҳеч бири бўрттирилган ёки ёлғон эмас. Хўш энди бу фикрлар муаллифи ким экан-а? Ким айтди экан бу гапларни, очиқ-ойдин. На бир илтифотсиз, на бир қўшиб-чатишларсиз, нима бўлса, фақат борини. Услубнинг равонлиги, бошқаларга ўхшамаслиги сизга кимнидир эслатдими? Бу инсон Маҳмуд Саъдий деса, ўттиз йиллар бурун машҳур «Гулистон» журналида бирга ишлаган даврлари ёдга тушадиган Эркин Аъзам. Унинг хотирасида гавдаланади: «Аксарият кечки палла, тўрт киши бемалол айланолмайдиган торгина хона, тепасида ҳали ҳеч кимга нотаниш бир тўп ҳаваскор қаламкаш, Маҳмуд ака ўтириб олиб адабий «ликбез» ўтказаяпти. Устознинг дангал-дангал ҳукмларидан ёшлар ҳангу манг: адабиётда аллақачон ном қозониб улгурган фалон-фалон арбоблар, аслида ёзувчи-позувчи эмас экан-ку, қаранг-а!»

Эркин Аъзам, ўзи айтганидек, қисқаликни яхши кўради. Қисқа, лекин соз ёзади. Ўзига хос услубга эга десак, нотўғри бўлмайди. Тўқима образлардан кўра, реал нарсани ёзишни одат қилган. Бу эса ўқувчининг унга бўлган ишончини, қизиқишини янада оширади. Ҳақиқатни айтишда кесатиқ, бироз юмор, ҳазил ва аччиқ гаплардан ҳам фойдаланади. Бу ҳам унинг ютуғи. «Бизнинг ҳам иягимизга отасоқол битганига кўп замон бўлди, бироқ, Маҳмуд ака ҳаммамизни, биз тенги барчани бирдай сенсираб гапиради – яқин олади-да».

Эркин Аъзам ҳаётни кузатади, инсон руҳиятини синчковлик билан ўрганади, шунинг учун ҳам унинг ёзганларини ўқиб бехосдан «Ўҳ, топибди», «Мени ёзибди» деб ўйлайсиз. Воқеа-ҳодисага, нимагадир ёки кимгадир муносабатда, албатта ўз фикрига эга ва бу ёзганларида ҳам кўриниб туради: «Ҳали-ҳануз ҳар учрашганда безор қилиб, аллақайлар учун ҳикоя ёзиб беришни қистайди. Адабиёт, адабий жараён, деганлари қизиқ, сирли жумбоқ. Гоҳида ёстиқдек-ёстиқдек китоб ёзган мулаллифларнинг номи ҳадемай унутилиб кетади. Шу жараёнга фаол аралашган, бирон ижодкор ёки асарнинг рўёбга чиқишида жонкуярлик қилган кишилар эса кўп замонлар эслаб юрилади. Маҳмуд Саъдий кейинги қирқ-эллик йиллик адабиётимизнинг, адабий жараённинг жонли гувоҳи, жўшқин иштирокчиси».

Эркин Аъзам услуби ўзига хос ноодатий, ноанъанавий. У ўқувчини зериктиришни, меъдасига тегишни, вақтини олишни истамайди. Гапнинг индаллосини айтади-қўяди. Биз таҳлил қилаётган асарни «Шу одам ўзгармади» дея мулоҳазадан бошлаган эдик. «Насиб этса, Маҳмуд ака саксон ёшга кирганида ҳам мен у киши ҳақида ёзарман. Лекин аминманки, мана шу ёзилганлардан бирор сўз ўзгармаса керак» деган тилак билан тугаллайди.

«Муҳаррир кўзи»

Эркин Аъзамнинг муҳаррирлик фаолияти бевосита «Тафаккур» журнали билан боғлиқ. Мана салкам чорак аср давомида ушбу журналда бош муҳаррир лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бир суҳбатда ижодкор «Тафаккур» ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолганию, умрининг асосий қисми у билан кечганини айтиб ўтган эди. Ижодкор «Журналдан ҳеч қачон кўнглим тўлмаган. Камчиликлар кўп, лекин камчилигиям ўзимники. «Тафаккур» ўзимнинг болам» – деган эди.

Университетнинг сўнги босқичида ўқиб юрган кезларим (2011 йилнинг апрель ойида) устозим билан «Тафаккур» таҳририятига борганим кечагидек эсимда. Бизни у ерда очиқ чеҳра билан журнал ходимлари ва муҳаррир Эркин Аъзам кутиб олди. Унчалик катта бўлмаган, лекин илиқ бир меҳр, ўзгача файз бор ушбу даргоҳда муҳаррир суҳбатидан баҳраманд бўлдик. Бир пиёла чой устида кечган суҳбатимиз асосан адабиёт, ижод, адабий жараёндаги янгиликлар хусусида эди. Мавзудан чекинган ҳолда ижодкорнинг муҳаррирлик фаолияти билан ҳам қизиқдик.

Очиғи, устозим ёзувчи билан учраштираман деганида менда қўрқув аралаш ҳаяжон бор эди. Шу сабабданми, учрашув белгиланган биринчи кунни ёлғон баҳоналарим сабаб бекор қилдик. Шогирдларига ҳеч ҳам қаттиқ гапирмаган, бир сўзли, бугунги ишни эртага қўймайдиган Маҳмуд Саъдийнинг бу ҳолдан жаҳли чиққанини сездим. Домламни хижолатга қўйиб, эртаси куни «Тафаккур»га йўл олдик.

Хайриятки, муҳаррир кечаги учрашув бекор бўлганини эсламади ҳам, ҳатто гап орасида қистириб ҳам ўтмади. Ижодкорнинг яна муҳим учрашувлари борлигини котиба қизнинг сўзларидан билиш мумкин эди. Мен эса шундай дилкаш, инсонларнинг суҳбатидан мамнун эдим. Суҳбат сўнгида ижодкордан «Тафаккур»нинг концепцияси, умуман журнал ҳақида батафсилроқ гапириб беришини сўрадик. Муҳаррир гўё фарзанди, жонли бир нарса ҳақида сўзлагандек, гапида давом этди. Журнални ташкил этиш пайтларини эслади. Унинг айтишича, «Тафаккур» асосан ёшларга қаратилган, ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий, рангли безакли журнал. Журнал ташкил этиш тўғрисида буйруқ бор лекин, у қайси йўнилишда, қай кўринишда бўлади, бу номаълум. Шунда Эркин Аъзам жаҳоннинг етакчи журналларини, ўзимизнинг миллий матбуотимиз саҳифаларини ўрганишга киришиб кетади, журналнинг кўриниши, бичими, хуллас у ўз ўқувчисини топиши учун нима қилиш кераклиги тўғрисида бош қотиради, изланади, елади-югуради. Натижада журнал илм аҳли ва зиёлилар ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлади. Узоқ йилар ушбу журналнинг ҳар бир сони чиқишига бош-қош бўлиб келаётган, унда бериладиган барча материалларни синчковлик билан кўздан кечириб, ўқувчиларга тақдим этаётган муҳаррир илк саҳифа орқали ўз сўзини ҳам айтиб келмоқда. Муҳаррир журнал саҳифаларини янгилаб туриш ва ўқишли бўлиши кераклигини ўйларди, лекин қандай қилиб? Шу хаёлда юрган кезлари бир ижодкор дўсти – Фарҳод Ҳамроевнинг гапи унга туртки, баҳона бўлди. 2001-2010 йиллар мобайнида илк саҳифада муҳаррирнинг қисқа, лекин маънодор, замоннинг долзарб масалалари, ижодкорнинг ўйлари, фикр-мулоҳазалари чоп этилиб келинди. Долзарб, сермазмун, мулоҳазали, шов-шувга сабаб бўладиган мақолалар ўз самарасини бермай қолмади. Айниқса, унинг илк сонлари адабиёт, аҳли илм учун катта янгилик, унутилмас воқеа эди.

Муҳаррирлик фаолияти ўта масъулиятли: кучли билим, малака, синчковлик, бағрикенглик талаб қилади. Ҳар бир соҳа бўйича мустаҳкам билимга эга бўлиш жуда ҳам қийин. Аммо муҳаррир ушбу билимлар бўйича ҳеч бўлмаганда тасаввурга эга бўлиши керак. У ўз нашрида бериладиган ҳар бир материал учун масъул. Шу сабабданми, Эркин Аъзам «муҳаррир кўзи» бўлиши керак, шунда ўқувчилар олдида хижолатга қолмай, улар ишончини оқлаш мумкин деб ҳисоблайди.

Узоқ йиллар ана шу масъулиятни ҳис этиб, астойдил фаолият олиб бораётган Эркин Аъзам бош муҳаррирлигидаги «Тафаккур» таҳририяти жамоаси меҳнати эътироф этилди. Журнал саҳифаларида чоп этилган истиқлол йилларида мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида юз берган улкан янгиланишларни жамоатчиликка кенг тарғиб этган туркум материаллар учун жорий йил журналистика соҳасида бериладиган «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти халқаро танловида Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот берилди.

«Фиқра»ми ёки «иқра?»

Эркин Аъзам «Тафаккур» журналининг ҳар бир сонида бош мақола сифатида фиқра (арабча «парча», «бўлак» деган маънони билдиради. Журналистлар журналистик жанр деса, адабиётчилар адабий жанр сифатида қарашади)лар бериб боради. «Шарқ» нашриётида муаллифнинг «Жаннат ўзи қайдадир?» китоби чоп этилган. Унинг асосий қисмини публицистик фиқралар ташкил қилади. Аннотацияда берилган «фиқра» сўзи баъзи англашилмовчиликлар сабабли «иқра» тарзида ёзилган. Муаллифнинг айтишича, у аввал ёзганларини фиқра деб тақдим этмоқчи бўлган. Ҳали бу жанр кўпчиликка нотаниш бўлгани учун «публицистик миниатюралар» номи билан эълон қилган.

Эркин Аъзам фиқралари дастлаб анчайин «енгил» бўлганини кўришимиз мумкин: шунчаки журналнинг бош мақоласидай расмийроқ бўлган. Охирги фиқралари эса тезда кўплаб ўқувчиларнинг эътиборини тортди, меҳрини қозонди. Чунки уларда фиқрага хос бўлган долзарблик, сиқиқлик, дадиллик ва бироз киноявий ёндашув бор эди. «Ялаш бошқа, сийлаш бошқа», «-Ов», «-ов».., «-вич», «-вич».., «Ҳозирийлар» каби бир қанча фиқралари ўқувчилар эътиборига тушди. Ҳатто уларни нима деб аташ муаммога айланди. Мақола деса, мақола эмас. Ҳажвияга ҳам ўхшамайди…

Адиб фиқралари капалак умрига менгзанмайди, аксинча, бадиийлик ва фалсафийликка йўғрилгани учун умри узоқ. Фиқра учун энг кераклиси сўз эркинлигидир. Чунки жанр хусусияти долзарбликни, оригинал ёндашув ва бироз киноявий муносабатни талаб қилади. Эркин Аъзам фиқраларида худди шу жиҳатларни учратиш мумкин. Ижодкор қаламга олган мавзулар ўзининг долзарблиги, ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Кўтарилган ҳар бир масала ёзувчининг шахсий кузатувлари, ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан бўлиб, улар ўқувчини беихтиёр ўйлашга, мулоҳаза қилишга ундайди. Шуниси аҳамиятлики, уларнинг аксарияти танқидий фикрлардан иборат. Хусусан, «Бой бўлай десангиз», «Уят бўлади», «Санъат кимники?», «Ўзингиз ҳам ўқиганмисиз?», «Андишасиз андишалар» сарлавҳали фиқраларда кўтарилган муаммолар ғоят долзарбдир.

Адибнинг «-Ов», «-ов»… «-вич», «-вич»…» номли фиқрасида тилга олинган мавзу барчани бирдек ўйлантириши табиий. Зеро ёзувчининг ўзи таъкидлагинидек: «…Асар қаҳрамонлари – мана шу теварагимиздаги одамлар, сизу биз, лўндароқ айтсак – замондошларимиз. Уларнинг орасида яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Дарвоқе ўзимиз шундай эмасми? Бегуноҳ фаришта бўлганимизда осмонларда парвоз қилиб юрармидик…»

Юқорида устоз билан учрашиш бахтига муяссар бўлганимни айтдим. У кишига: Эркин Аъзам асарларининг кўнгилга яқинлиги, халқчиллиги нимада? Айниқса «Сув ёқалаб…» асари. Сиз ушбу воқеаларни айнан бўлмаса-да, бошдан кечиргансиз ёки кузатгансиз, тўғрими, деган саволни берган эдим.

– Менга шундай юқори баҳо берар экансиз… – дея жавоб берганди, ёзувчи.

– Мана қишлоқдан чиқиб кетганимга ҳам 40 йилдан ошди, лекин Бойсуннинг шудрингини, сув бойлашга борганларимни эсдан чиқармаганман. Айтматовнинг «инсонни болалик ёзувчи қилади» деган гапи бор. Воқеаларнинг ҳаммасини айнан бошимдан кечирмаганман, албатта. Бунда кўп рамзий гаплар бор… Кинофильмда ҳаммаси ҳам очиб берилмаган.

Яна шу ўринда ёзувчи билан бир қанча мавзуларда бўлиб ўтган суҳбатлар хотирамда муҳрланиб қолган. Айниқса, онаси, «академик энаси» ҳақидаги меҳрли гурунгларини эсласам ҳамон тўлқинланиб кетаман.

«Жаннат ўзи қайдадир?»

Инсоннинг хаёлот дунёси кенг. Осмонларда парвоз этиши, денгизларда сузиб юриши мумкин. Лекин реал нарсани хаёл сурмоқ, орзу қилмоқ, жамиятдаги иллатлар хусусида бош қотирмоқ мақсадга мувофиқ. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг «Жаҳон кенг», «Ватан қандай юксалади» каби фиқралари мудроқ хаёлларингизни уйғотиб юборади. Нима мақсадда яшаяпсизу нима қилишни унутдингиз ёки қай даражада ҳаддан ошиб кетганингиз хусусида бош қотиришга ундайди. Инсонга хос фазилатлар, унинг камчиликлари, жамиятдаги иллатлар, бошқалар илғамайдиган, лекин жуда ҳам аҳамиятли жиҳатлар маҳорат билан қаламга олинган.

«Санъат кимники»» номли фиқрасида «…Санъат деганлари халқни эргаштириши, олдинда юриши керакми ёки майда майлларнинг дастёри бўлиши керакми? Боз устига, ўзи учун асар ёзадиган, ўзи учун кино оладиганлар тоифаси чиқиб қолди», дея бу жараёнга ҳам бефарқ эмаслигини аллақачонлар билдириб қўйган эди. Куюнади, ечим топишга уринади: «Бизнингча, маънавият ва маърифатни шиор қилган жамиятда бевосита нафсу манфаат билан баҳоланмайдиган соҳаларга ҳам ўрин қолиши лозим», дейди.

Яна бир фиқрасида: «Меҳр-мурувват кўз-кўз этилса, миннатга айланади, миннатнинг эса тоши оғир, у гуноҳ, куфр ҳисобида», дея ўқувчига эслатиб қўяди.

Эркин Аъзам фиқраларининг мавзу кўлами кенг. Унда инсоний муносабатлар, ахлоқ-одоб, бугунги ижтимоий аҳвол, ўзбек менталитети кабилар ёритилади. Ижодкор бугунги кундаги ва йиллар ўтса-да, ҳамон яшаб келаётган иллатларни қаламга олади. «Шукру қаноат» фиқрасида «…шукру қаноат йўқолиб бораяпти, шу ҳисни бой бердик. Қаноатни билмаган инсонда ҳаловат бўлмайди», дея фикрини билдиради. «Искандар бу дунёдан нега қўли очиқ кетибди?» саволи билан мурожаат этади ва ўқувчини ўйлашга мажбур қилади.

Ижодкор фиқраларида ватанпарварлик, юртга садоқат, бурч, инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабат, инсоний фазилатлар, шукроналик туйғулари, ўзбекона қадриятлар маҳорат билан қаламга олинадики, ўқувчи ўзига керакли бўлган хулосани чиқаради. Энг муҳими, Эркин Аъзам фиқраларида бугунги кун одамлари ўртасидаги ўзаро муносабат, уларнинг ички кечинмалари, ташвишлари, орзу-ўйлари, салбий характерлари ҳақида фикр юритилади. Фиқраларни ўқир экансиз, чуқур ўйга толасиз, яшашдан мақсад нима эканлиги, тўғрисида бош қотирасиз. Натижада ўзингиз учун керакли хулосани чиқарасиз. Кўнглингиз муайян даражада таскин топади.

«Шовқин» ва «Эрталабки хаёллар»

Ушбу номнинг ўзиёқ китобни қўлга олишга, унга бир кўз югуртиришга ундайди. Бундай пайтда эса ёзувчининг сўз (сарлавҳа) танлаш маҳоратига тан бермасдан илож йўқ. «Шовқин» – Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг айни керакли пайтда ёзилган асарларидан бири. Орангизда китобни ўқимаганлар бордир, эҳтимол. Унда келинг, асар ҳақида ва ижодкорнинг публицистик мақолалари жамланган «Эрталабки хаёллар»и ҳамда сценарийлари тўпланган китоблари ҳақида фикрларимизни сал кейинроқ ўртоқлашамиз…

Моҳигул Қосимова, ЎзА

O’zbekiston xalq yozuvchisi Erkin A’zamni 70 yoshi bilan qutlaymiz

«Har gal yangi nimadir yozganingizda bir gaplarni aytdim-ov, deb o’ylaysiz o’zingizcha. Lekin, bari – dengizdan tomchi. Dildagisini umrning oxirigacha aytib ado qilib bo’lmas! Muhim gapni aytish uchun avvalo, ko’ngilda shunday gap bo’lishi kerak». Fikr muallifi – yozuvchi Erkin A’zam. Nazarimda yozuvchining ushbu fikrlaridan uning ijodga katta mas’uliyat bilan yondashishi yaqqol ko’rinib turadi. Biz ana shu ruhiyatni, shu kayfiyatni yozuvchining har bir asarida ko’ramiz.

O’TIRIK GAPLAR EMAS


02«Har gal yangi nimadir yozganingizda bir gaplarni aytdim-ov, deb o’ylaysiz o’zingizcha. Lekin, bari – dengizdan tomchi. Dildagisini umrning oxirigacha aytib ado qilib bo’lmas! Muhim gapni aytish uchun avvalo, ko’ngilda shunday gap bo’lishi kerak».

Fikr muallifi – yozuvchi Erkin A’zam. Nazarimda yozuvchining ushbu fikrlaridan uning ijodga katta mas’uliyat bilan yondashishi yaqqol ko’rinib turadi. Biz ana shu ruhiyatni, shu kayfiyatni yozuvchining har bir asarida ko’ramiz.

«Do’rmon asiri»

Yozuvchi Shukur Xolmirzayevni zamondoshlari, tengdoshlari, shogirdlari ko’p eslaydi. «Shukur Xolmirzayev zamondoshlari xotirasida» nomli kitob ham chop etilgan. Kitobda yuzga yaqin adiblar, ijodkorlar, fan arboblari va san’at kishilarining yozuvchi haqidagi iliq gaplari, u bilan bog’liq voqealar bayon etilgan.

Erkin A’zam xotiralarini «Do’rmon asiri» deb nomladi va hech kimnikiga o’xshamagan, lekin Shukur Xolmirzayevga biroz ergashibroq (uslubi o’xshabroq ketadi) yozdi. Sog’inchini bildirib qo’ydi. Xotira xulosaga o’xshab ketadi. Menga hikoyani eslatdi. Siz asarni mutolaa qilar ekansiz, xuddi Erkin A’zamdek Shukur Xolmirzayevning yaqin kishisiga aylanasiz, unga nisbatan iliq mehrni tuyasiz, sog’inasiz. Bunday tuyg’uni his etish Shukur Xolmirzayevning samimiy, fidoiy inson bo’lganligidanmi yoki Erkin A’zamning yozish uslubi va mahoratidanmikan? Shukur Xolmirzayev bundan ham ortig’iga loyiqligini adabiyot ahli yaxshi biladi. Lekin «Do’rmon asiri»ning yutug’i – muallifning mahorati, betakror ijodi mahsuli. U shunchaki yozuvchini eslamadi, shunchaki u bilan zamondosh bo’lganini aytib bermadi. U yurakdan, qalbdan ustozini sog’indi, yod etdi. Yo’qotishlaridan kuyundi, yutug’idan suyundi. Nimani aytgan bo’lsa, yurakdan aytdi, borini gapirdi. Ortiqcha pafosga, sun’iy tanqidga berilmadi. Biz o’qiganlarimizni yozmadi, ko’nglidan o’tkazdi, xayolot dunyosiga cho’kdi. Qarabsizki, xotiralar o’z-o’zidan qog’ozga ko’chib, «Do’rmon asiri»ga aylandi. Nazarimda, xuddi shu tarzda faqat Erkin A’zam yozishi mumkin:

«Shukur aka haqidagi ba’zi xotiralarni o’qib, rosti, kulgim keladi, «Yo’q, yo’q, bunaqa emas edi», degim keladi». «Bugun lo’ndaroq qilib bunday deyish mumkin: Shukur Xolmirzayev hayotda ham, ijodda ham o’ziga xos noyob hodisa edi!»

Uning qarashlarida doimgidek falsafiylik, teran fikrlilik, mulohazaviylik bor:

«O’zbek bo’lib tug’ilish mumkin, ammo rostakamiga o’zbek bo’lib yashamoq oson ish emas».

U yozuvchi haqida emas, yozuvchining qalbi haqida yozadi, borini aytadi va o’z qalbini ham ochib qo’yadi:

«Shukur akaning nazarida, hayotda eng qudratli mohiyat – adabiyot, jamiyatdagi eng zo’r odam – yozuvchi edi. Adabiyotga g’ayrioddiy bir qizg’anish bilan qarar, uni baayni norasmiy mulkidek ko’rar, unga da’vogarlarga munosabatda ham goho o’ta murosasiz edi».

Quruq so’zamollikdan, so’z o’yinidan qochadi. O’xshatishlarning naqdini topadi:

«Yozganlarini hech kim o’qimasligi»ga, o’n-o’n besh yillardan beri bironta ham kitobi chop etilmaganiga qaramay, Shukur aka bolaligida yaxshi ko’rgan qahramoni Robinzon Kruzo misol, kimsasiz Do’rmon bog’ida o’tirib, qissayu hikoyalarini yozaveradi. …nasr maydonida Shukur aka rostdan ham Robinzon Kruzoga o’xshab yolg’izlanibroq qolgan edi».

Yozuvchi o’ylarini shunday xulosalaydi:

«Xotiranoma yozish shavqiga berilib, bu dunyoda bitgan har bir so’zingizga javob bermoq azobi bor! Qo’rqiblar ketasiz, o’tirik gaplar to’qigan qalamni o’shanda sindirib tashlamaganingizga pushaymonlar qilasiz. Ana shunisidan saqlasin!

Uyat, xijolatlilik degan gaplar faqat bu dunyoning matohi emasdir…»

«Xotira» jurnalistik janr, lekin biz yuqorida aytib o’tganimiz hikoyadek o’qiladi. Tili toza, yozuvchi so’zlarni o’z o’rnida qo’llaydi, so’z tanlashda adashmaydi, so’z isrofgarchiligiga yo’l qo’ymaydi. Kinoyaviylik, aniqlik, lo’ndalikka e’tibor qaratadi. Rost gapirishni yaxshi ko’radi. Qisqa, lekin soz yozadi. Biz e’tiboringizni boshqa unsurlarga emas, yozish uslubiga qaratdik.

«Meni yozibdi»

Endi adibning yana bir maqolasi haqida…

«Akademik Qo’shjonovning «Ustoz»i kim, bilasizmi? O’ylanib qoldingiz… mayli, unda siz «Shu odam o’zgarmadi»; «Ha o’sha-o’sha, ..aka! Adabiyotu matbuotning chin fidoyisi. Kitob jinnisi, yosh ijodkorlarga otadek g’amxo’r. Goho birov yarmidan daho yasamoqqa ham kirishib ketadi. Bu borada bir-ikki sira murodiga yetdi ham»; «Hammaga laqab qo’yib chiqqan: kimdir «Shukshin», yana kimdir «Aytmatov». «Ha, Shukshinim, deb boshlaydi ko’rganda»; «Biron bir adabiy hodisa bu odamni chetlab o’tmagan, desak mubolag’a bo’lmas. Biriga muharrirlik qilgan, biriga murabbiylik, yana biriga taqriz yozgan yoki kuyib-pishib fikr bildirgan, taklif aytgan. Matyoqub Qo’shjonovdek alloma bekorga uni «ustozim» deb atamasdi. Bu lutfda hazildan boshqa bir ma’no ham bor edi» kabi ta’riflarga e’tibor qiling: (Adashmadingiz, siz tanigan, bilgan) tahrir san’ati ustasi, tahrir maktabi asoschilaridan biri bu o’sha – Mahmud Sa’diy.

O’xshatishlar, iboralar, fikrlar o’z o’rnida qo’llanganki, bunisi noto’g’ri yoki bunisi sal to’qimaroq deya olmaysiz. Har bir gap o’z o’rnida, o’z vaqtida qo’llangan. Hech biri bo’rttirilgan yoki yolg’on emas. Xo’sh endi bu fikrlar muallifi kim ekan-a? Kim aytdi ekan bu gaplarni, ochiq-oydin. Na bir iltifotsiz, na bir qo’shib-chatishlarsiz, nima bo’lsa, faqat borini. Uslubning ravonligi, boshqalarga o’xshamasligi sizga kimnidir eslatdimi? Bu inson Mahmud Sa’diy desa, o’ttiz yillar burun mashhur «Guliston» jurnalida birga ishlagan davrlari yodga tushadigan Erkin A’zam. Uning xotirasida gavdalanadi: «Aksariyat kechki palla, to’rt kishi bemalol aylanolmaydigan torgina xona, tepasida hali hech kimga notanish bir to’p havaskor qalamkash, Mahmud aka o’tirib olib adabiy «likbez» o’tkazayapti. Ustozning dangal-dangal hukmlaridan yoshlar hangu mang: adabiyotda allaqachon nom qozonib ulgurgan falon-falon arboblar, aslida yozuvchi-pozuvchi emas ekan-ku, qarang-a!»

Erkin A’zam, o’zi aytganidek, qisqalikni yaxshi ko’radi. Qisqa, lekin soz yozadi. O’ziga xos uslubga ega desak, noto’g’ri bo’lmaydi. To’qima obrazlardan ko’ra, real narsani yozishni odat qilgan. Bu esa o’quvchining unga bo’lgan ishonchini, qiziqishini yanada oshiradi. Haqiqatni aytishda kesatiq, biroz yumor, hazil va achchiq gaplardan ham foydalanadi. Bu ham uning yutug’i. «Bizning ham iyagimizga otasoqol bitganiga ko’p zamon bo’ldi, biroq, Mahmud aka hammamizni, biz tengi barchani birday sensirab gapiradi – yaqin oladi-da».

Erkin A’zam hayotni kuzatadi, inson ruhiyatini sinchkovlik bilan o’rganadi, shuning uchun ham uning yozganlarini o’qib bexosdan «O’h, topibdi», «Meni yozibdi» deb o’ylaysiz. Voqea-hodisaga, nimagadir yoki kimgadir munosabatda, albatta o’z fikriga ega va bu yozganlarida ham ko’rinib turadi: «Hali-hanuz har uchrashganda bezor qilib, allaqaylar uchun hikoya yozib berishni qistaydi. Adabiyot, adabiy jarayon, deganlari qiziq, sirli jumboq. Gohida yostiqdek-yostiqdek kitob yozgan mulalliflarning nomi hademay unutilib ketadi. Shu jarayonga faol aralashgan, biron ijodkor yoki asarning ro’yobga chiqishida jonkuyarlik qilgan kishilar esa ko’p zamonlar eslab yuriladi. Mahmud Sa’diy keyingi qirq-ellik yillik adabiyotimizning, adabiy jarayonning jonli guvohi, jo’shqin ishtirokchisi».

Erkin A’zam uslubi o’ziga xos noodatiy, noan’anaviy. U o’quvchini zeriktirishni, me’dasiga tegishni, vaqtini olishni istamaydi. Gapning indallosini aytadi-qo’yadi. Biz tahlil qilayotgan asarni «Shu odam o’zgarmadi» deya mulohazadan boshlagan edik. «Nasib etsa, Mahmud aka sakson yoshga kirganida ham men u kishi haqida yozarman. Lekin aminmanki, mana shu yozilganlardan biror so’z o’zgarmasa kerak» degan tilak bilan tugallaydi.

«Muharrir ko’zi»

Erkin A’zamning muharrirlik faoliyati bevosita «Tafakkur» jurnali bilan bog’liq. Mana salkam chorak asr davomida ushbu jurnalda bosh muharrir lavozimida faoliyat yuritib kelmoqda. Bir suhbatda ijodkor «Tafakkur» hayotining ajralmas qismiga aylanib qolganiyu, umrining asosiy qismi u bilan kechganini aytib o’tgan edi. Ijodkor «Jurnaldan hech qachon ko’nglim to’lmagan. Kamchiliklar ko’p, lekin kamchiligiyam o’zimniki. «Tafakkur» o’zimning bolam» – degan edi.

Universitetning so’ngi bosqichida o’qib yurgan kezlarim (2011 yilning aprelь oyida) ustozim bilan «Tafakkur» tahririyatiga borganim kechagidek esimda. Bizni u yerda ochiq chehra bilan jurnal xodimlari va muharrir Erkin A’zam kutib oldi. Unchalik katta bo’lmagan, lekin iliq bir mehr, o’zgacha fayz bor ushbu dargohda muharrir suhbatidan bahramand bo’ldik. Bir piyola choy ustida kechgan suhbatimiz asosan adabiyot, ijod, adabiy jarayondagi yangiliklar xususida edi. Mavzudan chekingan holda ijodkorning muharrirlik faoliyati bilan ham qiziqdik.

Ochig’i, ustozim yozuvchi bilan uchrashtiraman deganida menda qo’rquv aralash hayajon bor edi. Shu sababdanmi, uchrashuv belgilangan birinchi kunni yolg’on bahonalarim sabab bekor qildik. Shogirdlariga hech ham qattiq gapirmagan, bir so’zli, bugungi ishni ertaga qo’ymaydigan Mahmud Sa’diyning bu holdan jahli chiqqanini sezdim. Domlamni xijolatga qo’yib, ertasi kuni «Tafakkur»ga yo’l oldik.

Xayriyatki, muharrir kechagi uchrashuv bekor bo’lganini eslamadi ham, hatto gap orasida qistirib ham o’tmadi. Ijodkorning yana muhim uchrashuvlari borligini kotiba qizning so’zlaridan bilish mumkin edi. Men esa shunday dilkash, insonlarning suhbatidan mamnun edim. Suhbat so’ngida ijodkordan «Tafakkur»ning kontseptsiyasi, umuman jurnal haqida batafsilroq gapirib berishini so’radik. Muharrir go’yo farzandi, jonli bir narsa haqida so’zlagandek, gapida davom etdi. Jurnalni tashkil etish paytlarini esladi. Uning aytishicha, «Tafakkur» asosan yoshlarga qaratilgan, ijtimoiy-falsafiy, ma’naviy-ma’rifiy, rangli bezakli jurnal. Jurnal tashkil etish to’g’risida buyruq bor lekin, u qaysi yo’nilishda, qay ko’rinishda bo’ladi, bu noma’lum. Shunda Erkin A’zam jahonning yetakchi jurnallarini, o’zimizning milliy matbuotimiz sahifalarini o’rganishga kirishib ketadi, jurnalning ko’rinishi, bichimi, xullas u o’z o’quvchisini topishi uchun nima qilish kerakligi to’g’risida bosh qotiradi, izlanadi, yeladi-yuguradi. Natijada jurnal ilm ahli va ziyolilar o’rtasida katta shov-shuvga sabab bo’ladi. Uzoq yilar ushbu jurnalning har bir soni chiqishiga bosh-qosh bo’lib kelayotgan, unda beriladigan barcha materiallarni sinchkovlik bilan ko’zdan kechirib, o’quvchilarga taqdim etayotgan muharrir ilk sahifa orqali o’z so’zini ham aytib kelmoqda. Muharrir jurnal sahifalarini yangilab turish va o’qishli bo’lishi kerakligini o’ylardi, lekin qanday qilib? Shu xayolda yurgan kezlari bir ijodkor do’sti – Farhod Hamroyevning gapi unga turtki, bahona bo’ldi. 2001-2010 yillar mobaynida ilk sahifada muharrirning qisqa, lekin ma’nodor, zamonning dolzarb masalalari, ijodkorning o’ylari, fikr-mulohazalari chop etilib kelindi. Dolzarb, sermazmun, mulohazali, shov-shuvga sabab bo’ladigan maqolalar o’z samarasini bermay qolmadi. Ayniqsa, uning ilk sonlari adabiyot, ahli ilm uchun katta yangilik, unutilmas voqea edi.

Muharrirlik faoliyati o’ta mas’uliyatli: kuchli bilim, malaka, sinchkovlik, bag’rikenglik talab qiladi. Har bir soha bo’yicha mustahkam bilimga ega bo’lish juda ham qiyin. Ammo muharrir ushbu bilimlar bo’yicha hech bo’lmaganda tasavvurga ega bo’lishi kerak. U o’z nashrida beriladigan har bir material uchun mas’ul. Shu sababdanmi, Erkin A’zam «muharrir ko’zi» bo’lishi kerak, shunda o’quvchilar oldida xijolatga qolmay, ular ishonchini oqlash mumkin deb hisoblaydi.

Uzoq yillar ana shu mas’uliyatni his etib, astoydil faoliyat olib borayotgan Erkin A’zam bosh muharrirligidagi «Tafakkur» tahririyati jamoasi mehnati e’tirof etildi. Jurnal sahifalarida chop etilgan istiqlol yillarida mamlakatimiz ijtimoiy-ma’naviy hayotida yuz bergan ulkan yangilanishlarni jamoatchilikka keng targ’ib etgan turkum materiallar uchun joriy yil jurnalistika sohasida beriladigan «Oltin qalam» XII Milliy mukofoti xalqaro tanlovida Jurnalistika sohasida Bosh milliy mukofot berildi.

«Fiqra»mi yoki «iqra?»

Erkin A’zam «Tafakkur» jurnalining har bir sonida bosh maqola sifatida fiqra (arabcha «parcha», «bo’lak» degan ma’noni bildiradi. Jurnalistlar jurnalistik janr desa, adabiyotchilar adabiy janr sifatida qarashadi)lar berib boradi. «Sharq» nashriyotida muallifning «Jannat o’zi qaydadir?» kitobi chop etilgan. Uning asosiy qismini publitsistik fiqralar tashkil qiladi. Annotatsiyada berilgan «fiqra» so’zi ba’zi anglashilmovchiliklar sababli «iqra» tarzida yozilgan. Muallifning aytishicha, u avval yozganlarini fiqra deb taqdim etmoqchi bo’lgan. Hali bu janr ko’pchilikka notanish bo’lgani uchun «publitsistik miniatyuralar» nomi bilan e’lon qilgan.

Erkin A’zam fiqralari dastlab anchayin «engil» bo’lganini ko’rishimiz mumkin: shunchaki jurnalning bosh maqolasiday rasmiyroq bo’lgan. Oxirgi fiqralari esa tezda ko’plab o’quvchilarning e’tiborini tortdi, mehrini qozondi. Chunki ularda fiqraga xos bo’lgan dolzarblik, siqiqlik, dadillik va biroz kinoyaviy yondashuv bor edi. «Yalash boshqa, siylash boshqa», «-Ov», «-ov».., «-vich», «-vich».., «Hoziriylar» kabi bir qancha fiqralari o’quvchilar e’tiboriga tushdi. Hatto ularni nima deb atash muammoga aylandi. Maqola desa, maqola emas. Hajviyaga ham o’xshamaydi…

Adib fiqralari kapalak umriga mengzanmaydi, aksincha, badiiylik va falsafiylikka yo’g’rilgani uchun umri uzoq. Fiqra uchun eng keraklisi so’z erkinligidir. Chunki janr xususiyati dolzarblikni, original yondashuv va biroz kinoyaviy munosabatni talab qiladi. Erkin A’zam fiqralarida xuddi shu jihatlarni uchratish mumkin. Ijodkor qalamga olgan mavzular o’zining dolzarbligi, hayotiyligi bilan ajralib turadi. Ko’tarilgan har bir masala yozuvchining shaxsiy kuzatuvlari, hayotiy tajribasidan kelib chiqqan bo’lib, ular o’quvchini beixtiyor o’ylashga, mulohaza qilishga undaydi. Shunisi ahamiyatliki, ularning aksariyati tanqidiy fikrlardan iborat. Xususan, «Boy bo’lay desangiz», «Uyat bo’ladi», «San’at kimniki?», «O’zingiz ham o’qiganmisiz?», «Andishasiz andishalar» sarlavhali fiqralarda ko’tarilgan muammolar g’oyat dolzarbdir.

Adibning «-Ov», «-ov»… «-vich», «-vich»…» nomli fiqrasida tilga olingan mavzu barchani birdek o’ylantirishi tabiiy. Zero yozuvchining o’zi ta’kidlaginidek: «…Asar qahramonlari – mana shu tevaragimizdagi odamlar, sizu biz, lo’ndaroq aytsak – zamondoshlarimiz. Ularning orasida yaxshisi ham bor, yomoni ham. Darvoqe o’zimiz shunday emasmi? Begunoh farishta bo’lganimizda osmonlarda parvoz qilib yurarmidik…»

Yuqorida ustoz bilan uchrashish baxtiga muyassar bo’lganimni aytdim. U kishiga: Erkin A’zam asarlarining ko’ngilga yaqinligi, xalqchilligi nimada? Ayniqsa «Suv yoqalab…» asari. Siz ushbu voqealarni aynan bo’lmasa-da, boshdan kechirgansiz yoki kuzatgansiz, to’g’rimi, degan savolni bergan edim.

– Menga shunday yuqori baho berar ekansiz… – deya javob bergandi, yozuvchi.

– Mana qishloqdan chiqib ketganimga ham 40 yildan oshdi, lekin Boysunning shudringini, suv boylashga borganlarimni esdan chiqarmaganman. Aytmatovning «insonni bolalik yozuvchi qiladi» degan gapi bor. Voqealarning hammasini aynan boshimdan kechirmaganman, albatta. Bunda ko’p ramziy gaplar bor… Kinofilьmda hammasi ham ochib berilmagan.

Yana shu o’rinda yozuvchi bilan bir qancha mavzularda bo’lib o’tgan suhbatlar xotiramda muhrlanib qolgan. Ayniqsa, onasi, «akademik enasi» haqidagi mehrli gurunglarini eslasam hamon to’lqinlanib ketaman.

«Jannat o’zi qaydadir?»

Insonning xayolot dunyosi keng. Osmonlarda parvoz etishi, dengizlarda suzib yurishi mumkin. Lekin real narsani xayol surmoq, orzu qilmoq, jamiyatdagi illatlar xususida bosh qotirmoq maqsadga muvofiq. Yozuvchi Erkin A’zamning «Jahon keng», «Vatan qanday yuksaladi» kabi fiqralari mudroq xayollaringizni uyg’otib yuboradi. Nima maqsadda yashayapsizu nima qilishni unutdingiz yoki qay darajada haddan oshib ketganingiz xususida bosh qotirishga undaydi. Insonga xos fazilatlar, uning kamchiliklari, jamiyatdagi illatlar, boshqalar ilg’amaydigan, lekin juda ham ahamiyatli jihatlar mahorat bilan qalamga olingan.

«San’at kimniki»» nomli fiqrasida «…San’at deganlari xalqni ergashtirishi, oldinda yurishi kerakmi yoki mayda mayllarning dastyori bo’lishi kerakmi? Boz ustiga, o’zi uchun asar yozadigan, o’zi uchun kino oladiganlar toifasi chiqib qoldi», deya bu jarayonga ham befarq emasligini allaqachonlar bildirib qo’ygan edi. Kuyunadi, yechim topishga urinadi: «Bizningcha, ma’naviyat va ma’rifatni shior qilgan jamiyatda bevosita nafsu manfaat bilan baholanmaydigan sohalarga ham o’rin qolishi lozim», deydi.

Yana bir fiqrasida: «Mehr-muruvvat ko’z-ko’z etilsa, minnatga aylanadi, minnatning esa toshi og’ir, u gunoh, kufr hisobida», deya o’quvchiga eslatib qo’yadi.

Erkin A’zam fiqralarining mavzu ko’lami keng. Unda insoniy munosabatlar, axloq-odob, bugungi ijtimoiy ahvol, o’zbek mentaliteti kabilar yoritiladi. Ijodkor bugungi kundagi va yillar o’tsa-da, hamon yashab kelayotgan illatlarni qalamga oladi. «Shukru qanoat» fiqrasida «…shukru qanoat yo’qolib borayapti, shu hisni boy berdik. Qanoatni bilmagan insonda halovat bo’lmaydi», deya fikrini bildiradi. «Iskandar bu dunyodan nega qo’li ochiq ketibdi?» savoli bilan murojaat etadi va o’quvchini o’ylashga majbur qiladi.

Ijodkor fiqralarida vatanparvarlik, yurtga sadoqat, burch, insonlar o’rtasidagi o’zaro munosabat, insoniy fazilatlar, shukronalik tuyg’ulari, o’zbekona qadriyatlar mahorat bilan qalamga olinadiki, o’quvchi o’ziga kerakli bo’lgan xulosani chiqaradi. Eng muhimi, Erkin A’zam fiqralarida bugungi kun odamlari o’rtasidagi o’zaro munosabat, ularning ichki kechinmalari, tashvishlari, orzu-o’ylari, salbiy xarakterlari haqida fikr yuritiladi. Fiqralarni o’qir ekansiz, chuqur o’yga tolasiz, yashashdan maqsad nima ekanligi, to’g’risida bosh qotirasiz. Natijada o’zingiz uchun kerakli xulosani chiqarasiz. Ko’nglingiz muayyan darajada taskin topadi.

«Shovqin» va «Ertalabki xayollar»

Ushbu nomning o’ziyoq kitobni qo’lga olishga, unga bir ko’z yugurtirishga undaydi. Bunday paytda esa yozuvchining so’z (sarlavha) tanlash mahoratiga tan bermasdan iloj yo’q. «Shovqin» – O’zbekiston Respublikasi xalq yozuvchisi Erkin A’zamning ayni kerakli paytda yozilgan asarlaridan biri. Orangizda kitobni o’qimaganlar bordir, ehtimol. Unda keling, asar haqida va ijodkorning publitsistik maqolalari jamlangan «Ertalabki xayollar»i hamda stsenariylari to’plangan kitoblari haqida fikrlarimizni sal keyinroq o’rtoqlashamiz…

Mohigul Qosimova, O’zA

045

(Tashriflar: umumiy 1 000, bugungi 1)

Izoh qoldiring