Qutlibeka. She’rlar

0909 феврал — Ўзбек шеъриятининг ёрқин шоираси Қутлибеканинг туғилган куни.

Мен бошқача руҳдаги одамман. Эл нима еса еб, нима кўрса кўриб юрибман. Мен миллатни бутунлигича қабул қилишни истайман… Бу менинг миллатим. Мен уни ҳеч қайси миллатга алмаштирмайман. Бу элнинг яхшисини ëмони билан қўшиб севаман.

 

05
ҚУТЛИБЕКА

ШЕЪРЛАР
022

qutlibeka Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Туркмамстон Республикаси Тошовуз вилоятининг Олтмиш қишлоғида туғилган. Онаси — Пошша Матсафоева олти яшарлигида отаси қулоқ қилинганлиги туфайли Украинанинг Херсон вилоятига сургун қилинган. 1941 йил иккинчи жаҳон уруши бошланишидан икки ой олдлн ватанига қайтган ва умри давомида бошланғич синф ўқитувчиси, раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Отаси — Рейимбой Бозорбоев колхоз раиси бўлиб ишлаган. 1956-йил колхозчиларга уруғлик буғдойни кузда қайтариб бериш шарти билан бергани учун қамалган. 196л-йилларгача Тошкент яқинидаги Чирчиқ шаҳрида қамоқда ўтирган. 1961 йилда озодликка чиққан ва орадан 4 ой ўтиб, юрак пароги касаллигидан вафот этган.
Қутлибека 1980-йил ўрта мактабни битириб, Фарғона Давлат педагогика институти (ҳозирги пайтда университет) га ўқишга кирди ва 1973-йили имтиёзли диплом билан тугатди.Меҳнат фаолиятини ўрта мактабда ўқитувчилик қилишдан бошлади. 1973-йилдан 1983-йилиаргача пойтахт нашриётларида фаолият юритди.1983-йилдан то шу пайтгача Ўзбекистон хотин-қизларининг журнали — «Саодат»да ишлайди.Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

022

ГИНА

Мен сендан нима деб гина қилайин?
«Қул эдик» десам ҳам бошинг силкийсан,
«Кул эдик» десам ҳам силкийсан бошинг,
«Озодмиз» десам ҳам бошинг силкийсан,
«Бунёдмиз» десам ҳам силкийсан бошинг
Мен сендан нима деб гина қилайин?
«Тахтлимиз» десам-да,
«Бахтлимиз» десам-да,
«Жасорат» десам-да,
«Матонат» десам-да
«Хиёнат» десам-да
Бошинг силкийсан.
Баъзида бошингни ушлагим келар,
Бўйнингдан бўғизлаб ташлагим келар,
Қора кўзларингга термилсам лекин,
Қадоқ қў лларингга термилсам лекин
Ўзимнинг бошимга муштлагим келар.
Мен сендан нима деб гина қилайин?

МЕНДАН НЕ ИСТАЙСАН?

Мендан не истайсан — игна тилимда,
Мендан не истайсан — лабларимда ип.
Кўксимда жуфтланган — икки қўлим ҳам,
Бошим битта дея турибман эгиб.
Мендан не истайсан – қуйида кўзим,
Киприк ушламаса, кетар тўкилиб.
Чўккалаб вашашга кўниккан тизим —
Тиклашга уринсам, титрар букилиб.
Мендан не истайсан, ўғлим — ҳали ёш,
Ҳали гулдуролмас, ҳали чулдирар.
Бола нафрат билан бехос отса тош,
Қари қумурсқага тегиб ўлдирар.
Яна не истайсан: ярагимми бир,
Ҳақсизлигинг солган алам-титроғи,
Сен ундан қўрқмайсан — биласан, ахир,
Юрак худо эмас, йўқдир таёғи!

СЎЗИМ

Сўзим етти ўлчаб бир қийдим,
Қўлларимга гулдаста тутиб,
Эгнимга ҳам гуллибос кийдим.
Гулга ўхшаб кўриндим энди,
Атрофимда «шит-шит»лаб юрган
Гумонларнинг шарпаси синди.
Бизлар кўпмиз. Ой — кумуш ҳуққа.
Шивирлаймиз унга ва яна
Шивирлаймииз юрак — қудуққа.
Бари яхши. Ҳаммаси гўзал.
Фақат юрак қудуқ тубида
Искандарнинг шохига менгзаб
Тарвақайлаб ўсмоқда сўзлар.

КИМНИ СУЙИБМАН

Мен суйиб, мен суйиб кимни суйибман?
Чўлпон

Севгимни дарёга ташласам агар
сувларга қўшилса, ичса балиқлар
сайраган бўларди булбуллар каби.
Саҳрога ташласам, еса илонлар
бари париларга айланиб қачон
малика бўларди шаҳзодаларга.
Тошбақа тотинса, қўшқанот боғлаб,
Кўтариб келарди Боғи Эрамни.
Севгимни кечага сочсайдим агар
ой қуёш бўларди,юлдуз ҳам қуёш.
Мен буюк севгимни сенга ҳерибман.
Балиқларинг балиқ,
Илонинг — илон.
Тошбақанг — тошбақа.
Кечанинг кундузга қадамлари суст.
Севгим кучсизмикин,
ё севгим эссиз?
Тилланмоғинг учун,
учмоғинг учун,
кечадан батамом
кечмоғинг учун,
Айт, қанча хоҳласанг, шунча суярман,
Айт, қандоқ хоҳлссанг, шундоқ суярман!

* * *

Тонг, осмонга сўйладинг не сўз —
Рангига қон югурди бирдан.
Ёмғир, нима дединг гиёҳга —
Эгик бошин тлклади ердан.
Шамол, боғда сўйладинг не сўз —
Лол баргларнинг тили очилдл.
Қалдироқ,не дединг кечага —
Кўр кўзидан учқун сочллди.
Ўзгартишга қодир бу сўзни
Айт, таблат – эшиттир ҳақни:
Турғиз, йиртиқ сабр кўйлагин
Яна ямаб ўтирган халқни!

* * *

Сенга ишонмайман бу Эркрни, эй тан,
Қў рқмайман,қўрқинч, бир қафас деб сени.
Қора кишанларни кийганда Ватан
Ўтранг либосларда юрдинг ясаниб.
Ҳамон оромингнинг суврати — ёйиқ,
Тонгги тушларингдан анқир ёғ иси.
Бошинг хитоб эмас, нуқтадир — тасдиқ,
Сўқмоғинг сўқмоқмас, чизиқнинг изи.
Сенга ишонмайман бу Эркни, жисм,
Руҳимга ваъдалар этма — салмоқдор.
Тириклик қўлида хизматкорсан – жим
Сен қаттиқ қўрқасан ўлиб қолмоқдан.

КИНОЯ

Аҳ-ҳа, айтганлардай айтингиз, Бикам,
Аҳ-ҳа, қайтганлардай қайтдингиз, Бикам.
Тузуклар – ясанган фоҳиша,
Кучаник нутқлар — бўш шиша.
Қувончлар,илинжлар — музқаймоқ,
Ваъдалар — сим қармоқ, чўп қармоқ.
Сўзингизга гуллар қадайсиз, Бикам,
Ўлгингиз келмаса чидайсиз, Бикам.
Садоқат – бўйсунгич – чўри, қул,
Ғурурлар — совуқ кул – ўчган кул.
Собитлик – ёлғиздир — оролдир,
Озодлик – яримжон ҳаёлдир.
Сўзингизга гуллар қадайсиз, Бикам,
Ў лгингиз келмаса чидайсиз, Бикам.
Жасорат – ўрага кўмик мих,
Адолат — майсага қўнган чиғ,
Таланган хонликдир — иқтисод,
Мафсдир биздаги бор бисот.
Сўзингизга гуллар- қадайсиз, Бикам,
Ўлгингиз келмаса чидайсиз,Бикам.

КУЗ

“Туз,оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…”
Куз оҳ…Бикажон…

Қуёш мағлуб лашкарбошидир,
Йиғар жонсизланган нурларин,
Хазон боғининг сўзон ёшидир,
Сўзон этган бири-бирларин.
Атиргул — баҳорнинг сағири —
Қалбидан ёзларни кечирган.
Сариқ сувлар умид чоғири —
Қуйқасига қадар ичилган.
Қумрининг қушлиги сусайган,
Пастга рози, ерларда рози.
Қарға — тиллари узайган,
Очилиб боради овози.
Булут қайта бутланган қалқон
Шамол — қилич, дарахтлар зирлар …
Ажаб…фақат коринмайди қон,
Шитоб ювар ғассол ёмғирлар.
Туз оҳ…Бикажон…

* * *

Қалблар – ўша, қиёфа янги,
Овоз — янги, ўшадир мазмун.
Ҳар кеч ёлғон, рост аро гангиб
Юрагимда йиқилади кун.
Қаттиқ босар юракниинг юки,
Чўкаяпман – кўринмас қирғоқ.
Сувилонлар ялар қон юқин,
Майда, тилсиз балиқлар — тарқоқ.
Руҳим, бундай кетмаклик оғир,
Мени ечиб ташиа, шошил, бўл.
Чўксанг баланд кўкка чўк, ахир,
Ўлсанг юлдуз бўғизида ўл!

ҚОРЛИ ТОНГ ХАЁЛИ

Мўъжиза юз берган:
Кечагина бошқа эди ҳаммаси:
аёздан қорайиб ётарди йўллар;
Шамол теракларнинг бошига миниб,
юпқа япроқларин юларди.
Анорлар кўмилган сокин сайҳонлик
тортмасди ҳеч кимнинг эътиборини.

Муъжиза юз берган;
Тераклар — алпқомат йигитлар:
эгнида оқ пўстин, бошида оқ бўрк.
Ҳатто қамчисининг дастаси кумуш.
Сайхонлик бағрида ҳайбатли отлар
кунчиқиш тарафга қараб оромда:
олмос эгарлари қамаштирар кўз.

Мўъжиза юз берган:
Менинг назаримда, ҳозир йигитлар
мудроқ тулпорларин уйғотиб шошқин,
Дунёнинг қайсидир парчаларида
парчинланган Эркни қутқармоқ учун
буюк курашларга кириб кетадир.
Улар жим… мен ҳам жим.
Нимадан чўчийсиз, оғалар.
Ахир тўрт томоннинг йўллари ёруғ.
Бутун ишонч билан турибман ҳамон,
Мўъжиза юз берсин!

ҚИШ ЯХШИ

Тераклар ўхшамас озғин ўсмирга,
Букчайган толларга ўхшамас толлар.
Қиш кийим тиқдирди барига бирдай,
Оқшомда қўли гул чеварлар ёллаб.

Кўпроқ кўрганига ишонар кўзинг,
Тегрангда подшолик қилар оқ ранглар.
Шу хаёл ҳовурин иситиб кўксинг,
Лабингда чиройли овоз жаранглар.

Қуёш қиздирмайди, лекин ярқираб
Ёруғлик сочади. Ёруғлик азиз.
Бошингни деворга турмайсан тираб,
Топасан оёғинг сигадиган из.

Куйчисиз салтанат ғариб санапар,
Ғариблар сафига қўшилмайди қиш.
Муножот айтмаса ҳамки қарғалар,
Ҳар қалай ҳўкизмас, сайрайдиган қуш.

Дарёни соғинсанг, ётмайсан бўзлаб,
Қиргоққа чиқасан. Қарайсан пастга.
Ўзини кўрсатмай ҳикматлар сўзлаб,
Тип-тиниқ дарёлар оқади аста.

Қиш яхши. Фақат бир кичик нуқси бор:
Йўллар муз. Муз амри билан юрасан
Эркингда юрмакни этсанг ихтиёр,
Қулайсан. Манглайинг ёмон ёрасан.

ҲАҚБОЙ БУВАНИНГ СОДДА ФАЛСАФАСИ
(1973-83 йиллар)

Раҳмдил бўлса бор давлатбошилар:
аввал ўз элини этса осойиш,
буюрса кучига ярашуғлик иш,
қондирса чанқоқнинг ташналигини,
тиндирса очларнинг нолаларини.

Яна одил бўлса давлатбошилар:
битирса кишининг бахналигини,
айниқса, эзмаса болаларини.

Яна ботир бўлса давлатбошилар:
ўлдирса заҳарли ёлғонни,
дўстига хиёнат қилғонни.

Сўнгра ўша улуғ давлатбошилар
бир-бирини ортидан айтмаса ғийбат,
тинч қўйса бобоси — оталарини.
Дастурхон бошида сўйлашса баланд
юзма-юз ўтириб хатоларини.
Қисқа кунда қирқ бор бузмаса сарҳад,
Азасига борса, борса тўйига.

Ҳуда-беҳудага сочмаса танга,
Кўмак сўраганда бўлса танти, мард.

Шунда осонгина тинчир-ку олам,
Гапим нодурустми ё шоир болам?.

066

05
QUTLIBEKA

SHE’RLAR
022

qutlibeka Qutlibeka Rahimboeva 1952 yil 9 fevralda Turkmamston Respublikasi Toshovuz viloyatining Oltmish qishlog’ida tug’ilgan. Onasi — Poshsha Matsafoeva olti yasharligida otasi quloq qilinganligi tufayli Ukrainaning Xerson viloyatiga surgun qilingan. 1941 yil ikkinchi jahon urushi boshlanishidan ikki oy oldln vataniga qaytgan va umri davomida boshlang’ich sinf o’qituvchisi, rahbarlik lavozimlarida ishlagan.
Otasi — Reyimboy Bozorboev kolxoz raisi bo’lib ishlagan. 1956-yil kolxozchilarga urug’lik bug’doyni kuzda qaytarib berish sharti bilan bergani uchun qamalgan. 196l-yillargacha Toshkent yaqinidagi Chirchiq shahrida qamoqda o’tirgan. 1961 yilda ozodlikka chiqqan va oradan 4 oy o’tib, yurak parogi kasalligidan vafot etgan.
Qutlibeka 1980-yil o’rta maktabni bitirib, Farg’ona Davlat pedagogika instituti (hozirgi paytda universitet) ga o’qishga kirdi va 1973-yili imtiyozli diplom bilan tugatdi.Mehnat faoliyatini o’rta maktabda o’qituvchilik qilishdan boshladi. 1973-yildan 1983-yiliargacha poytaxt nashriyotlarida faoliyat yuritdi.1983-yildan to shu paytgacha O’zbekiston xotin-qizlarining jurnali — «Saodat»da ishlaydi.O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi

022

GINA

Men sendan nima deb gina qilayin?
«Qul edik» desam ham boshing silkiysan,
«Kul edik» desam ham silkiysan  boshing,
«Ozodmiz» desam ham boshing silkiysan,
«Bunyodmiz» desam ham silkiysan boshing
Men sendan nima deb gina qilayin?
«Taxtlimiz» desam-da,
«Baxtlimiz» desam-da,
«Jasorat» desam-da,
«Matonat» desam-da
«Xiyonat» desam-da
Boshing  silkiysan.
Ba’zida boshingni ushlagim kelar,
Bo’yningdan  bo’g’izlab tashlagim  kelar,
Qora ko’zlaringga termilsam lekin,
Qadoq  qo’ llaringga termilsam lekin
O’zimning boshimga mushtlagim kelar.
Men sendan nima deb gina qilayin?

MENDAN NE ISTAYSAN?

Mendan ne istaysan — igna tilimda,
Mendan ne istaysan — lablarimda ip.
Ko’ksimda juftlangan — ikki qo’lim ham,
Boshim  bitta deya turibman  egib.
Mendan ne istaysan – quyida  ko’zim,
Kiprik ushlamasa, ketar to’kilib.
Cho’kkalab  vashashga ko’nikkan tizim —
Tiklashga urinsam, titrar bukilib.
Mendan ne istaysan, o’g’lim — hali yosh,
Hali guldurolmas, hali chuldirar.
Bola nafrat bilan bexos otsa tosh,
Qari qumursqaga tegib o’ldirar.
Yana ne istaysan: yaragimmi  bir,
Haqsizliging solgan alam-titrog’i,
Sen undan qo’rqmaysan — bilasan, axir,
Yurak xudo emas, yo’qdir tayog’i!

SO’ZIM

So’zim  yetti  o’lchab bir qiydim,
Qo’llarimga guldasta tutib,
Egnimga ham  gullibos kiydim.
Gulga o’xshab ko’rindim endi,
Atrofimda «shit-shit»lab  yurgan
Gumonlarning sharpasi sindi.
Bizlar ko’pmiz. Oy — kumush huqqa.
Shivirlaymiz unga va yana
Shivirlaymiiz yurak — quduqqa.
Bari yaxshi.  Hammasi  go’zal.
Faqat yurak quduq tubida
Iskandarning shoxiga mengzab
Tarvaqaylab o’smoqda so’zlar.

KIMNI  SUYIBMAN

Men suyib, men suyib kimni suyibman?
Cho’lpon

Sevgimni daryoga tashlasam agar
suvlarga qo’shilsa,  ichsa baliqlar
sayragan bo’lardi bulbullar kabi.
Sahroga tashlasam, yesa ilonlar
bari parilarga aylanib  qachon
malika bo’lardi shahzodalarga.
Toshbaqa totinsa, qo’shqanot bog’lab,
Ko’tarib kelardi Bog’i Eramni.
Sevgimni kechaga sochsaydim agar
oy quyosh bo’lardi,yulduz ham quyosh.
Men buyuk sevgimni senga heribman.
Baliqlaring  baliq,
Iloning — ilon.
Toshbaqang — toshbaqa.
Kechaning  kunduzga qadamlari sust.
Sevgim kuchsizmikin,
yo sevgim essiz?
Tillanmog’ing  uchun,
uchmog’ing  uchun,
kechadan batamom
kechmog’ing uchun,
Ayt, qancha xohlasang,  shuncha suyarman,
Ayt, qandoq xohlssang, shundoq suyarman!

*     *     *

Tong, osmonga so’ylading ne so’z  —
Rangiga qon yugurdi birdan.
Yomg’ir, nima deding giyohga  —
Egik boshin tlkladi yerdan.
Shamol, bog’da so’ylading ne  so’z —
Lol  barglarning tili ochildl.
Qaldiroq,ne deding kechaga —
Ko’r  ko’zidan uchqun sochlldi.
O’zgartishga qodir bu so’zni
Ayt, tablat – eshittir  haqni:
Turg’iz, yirtiq sabr ko’ylagin
Yana yamab o’tirgan xalqni!

*     *     *

Senga ishonmayman bu Erkrni, ey tan,
Qo’ rqmayman,qo’rqinch, bir qafas deb seni.
Qora kishanlarni kiyganda Vatan
O’trang liboslarda yurding  yasanib.
Hamon oromingning  suvrati — yoyiq,
Tonggi tushlaringdan anqir yog’  isi.
Boshing xitob emas, nuqtadir — tasdiq,
So’qmog’ing so’qmoqmas, chiziqning izi.
Senga  ishonmayman bu Erkni, jism,
Ruhimga va’dalar etma — salmoqdor.
Tiriklik qo’lida  xizmatkorsan –  jim
Sen  qattiq qo’rqasan o’lib qolmoqdan.

KINOYA

Ah-ha, aytganlarday aytingiz, Bikam,
Ah-ha, qaytganlarday qaytdingiz, Bikam.
Tuzuklar – yasangan  fohisha,
Kuchanik nutqlar —  bo’sh  shisha.
Quvonchlar,ilinjlar — muzqaymoq,
Va’dalar   — sim qarmoq, cho’p  qarmoq.
So’zingizga gullar qadaysiz, Bikam,
O’lgingiz kelmasa chidaysiz, Bikam.
Sadoqat – bo’ysungich – cho’ri, qul,
G’ururlar — sovuq kul – o’chgan kul.
Sobitlik – yolg’izdir — oroldir,
Ozodlik – yarimjon  hayoldir.
So’zingizga  gullar qadaysiz, Bikam,
O’ lgingiz kelmasa chidaysiz, Bikam.
Jasorat – o’raga ko’mik mix,
Adolat — maysaga qo’ngan chig’,
Talangan xonlikdir — iqtisod,
Mafsdir bizdagi bor bisot.
So’zingizga gullar- qadaysiz, Bikam,
O’lgingiz kelmasa chidaysiz,Bikam.

KUZ

“Tuz,oh, Zahiriddin Muhammad Bobur…”
Kuz oh…Bikajon…
Quyosh mag’lub lashkarboshidir,
Yig’ar jonsizlangan  nurlarin,
Xazon  bog’ining so’zon yoshidir,
So’zon etgan  biri-birlarin.
Atirgul — bahorning sag’iri —
Qalbidan yozlarni kechirgan.
Sariq suvlar umid chog’iri  —
Quyqasiga qadar ichilgan.
Qumrining qushligi susaygan,
Pastga rozi, yerlarda rozi.
Qarg’a — tillari uzaygan,
Ochilib boradi ovozi.
Bulut qayta butlangan qalqon
Shamol — qilich, daraxtlar zirlar …
Ajab…faqat korinmaydi qon,
Shitob yuvar g’assol yomg’irlar.
Tuz oh…Bikajon…

*     *     *

Qalblar – o’sha, qiyofa yangi,
Ovoz — yangi, o’shadir mazmun.
Har kech yolg’on, rost aro gangib
Yuragimda yiqiladi kun.
Qattiq bosar yurakniing yuki,
Cho’kayapman – ko’rinmas qirg’oq.
Suvilonlar yalar qon yuqin,
Mayda, tilsiz baliqlar — tarqoq.
Ruhim, bunday ketmaklik og’ir,
Meni yechib tashia, shoshil, bo’l.
Cho’ksang baland ko’kka cho’k, axir,
O’lsang yulduz bo’g’izida o’l!

QORLI TONG XAYOLI

Mo»jiza yuz bergan:
Kechagina boshqa edi hammasi:
ayozdan qorayib yotardi yo’llar;
Shamol teraklarning boshiga minib,
yupqa yaproqlarin yulardi.
Anorlar ko’milgan sokin sayhonlik
tortmasdi hech kimning e’tiborini.

Mu’jiza yuz bergan;
Teraklar — alpqomat yigitlar:
egnida oq po’stin, boshida oq bo’rk.
Hatto qamchisining dastasi kumush.
Sayxonlik bag’rida haybatli otlar
kunchiqish tarafga qarab oromda:
olmos egarlari qamashtirar ko’z.

Mo»jiza yuz bergan:
Mening nazarimda, hozir yigitlar
mudroq tulporlarin uyg’otib shoshqin,
Dunyoning qaysidir parchalarida
parchinlangan Erkni qutqarmoq uchun
buyuk kurashlarga kirib ketadir.
Ular jim… men ham jim.
Nimadan cho’chiysiz, og’alar.
Axir to’rt tomonning yo’llari yorug’.
Butun ishonch bilan turibman hamon,
Mo»jiza yuz bersin!

QISH YAXSHI

Teraklar o’xshamas ozgin o’smirga,
Bukchaygan tollarga o’xshamas tollar.
Qish kiyim tiqdirdi bariga birday,
Oqshomda qo’li gul chevarlar yollab.

Ko’proq ko’rganiga ishonar ko’zing,
Tegrangda podsholik qilar oq ranglar.
Shu xayol hovurin isitib ko’ksing,
Labingda chiroyli ovoz jaranglar.

Quyosh qizdirmaydi, lekin yarqirab
Yorug’lik sochadi. Yorug’lik aziz.
Boshingni devorga turmaysan tirab,
Topasan oyog’ing sigadigan iz.

Kuychisiz saltanat g’arib sanapar,
G’ariblar safiga qo’shilmaydi qish.
Munojot aytmasa hamki qarg’alar,
Har qalay ho’kizmas, sayraydigan qush.

Daryoni sog’insang, yotmaysan bo’zlab,
Qirgoqqa chiqasan. Qaraysan pastga.
O’zini ko’rsatmay hikmatlar so’zlab,
Tip-tiniq daryolar oqadi asta.

Qish yaxshi. Faqat bir kichik nuqsi bor:
Yo’llar muz. Muz amri bilan yurasan
Erkingda yurmakni etsang ixtiyor,
Qulaysan. Manglaying yomon yorasan.

HAQBOY BUVANING SODDA FALSAFASI
(1973-83 yillar)

Rahmdil bo’lsa bor davlatboshilar:
avval o’z elini etsa osoyish,
buyursa kuchiga yarashug’lik ish,
qondirsa chanqoqning tashnaligini,
tindirsa ochlarning nolalarini.

Yana odil bo’lsa davlatboshilar:
bitirsa kishining baxnaligini,
ayniqsa, ezmasa bolalarini.

Yana botir bo’lsa davlatboshilar:
o’ldirsa zaharli yolg’onni,
do’stiga xiyonat qilg’onni.

So’ngra o’sha ulug’ davlatboshilar
bir-birini ortidan aytmasa g’iybat,
tinch qo’ysa bobosi — otalarini.
Dasturxon boshida so’ylashsa baland
yuzma-yuz o’tirib xatolarini.
Qisqa kunda qirq bor buzmasa sarhad,
Azasiga borsa, borsa to’yiga.

Huda-behudaga sochmasa tanga,
Ko’mak so’raganda bo’lsa tanti, mard.

Shunda osongina tinchir-ku olam,
Gapim nodurustmi yo shoir bolam?.

07

(Tashriflar: umumiy 327, bugungi 1)

Izoh qoldiring