Shermuhammad Amanov. Hamza ijodiy merosining qayta nashr ehtiyoji haqida.

025
Ўзбек адабиёти тарихида ижодий мероси ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган, мақолалар эълон қилинган ижодкорлар сирасига Ҳамзани ҳам қўшиш мумкин. Ҳамза ижодий меросига оид бундай тадқиқотларда уни асосан “шўролар тузумининг куйчиси”, “ўзбек совет адабиётининг асосчиси” сифатида нохолис баҳолаш, ўша кезлардаги ҳукмрон мафкурага мос келувчи айрим асарларини қайта-қайта чоп этиш ҳоллари кузатилди. Шоир лирикасига оид тадқиқотлар кўпчилик ҳолларда илмий ҳақиқатни аниқлашга эмас, сиёсий манфаатларга бўйсундирилди. Бу эса, ўз навбатида, Ҳамза шеъриятини илк манбалар асосида холис ўрганиш, илмий ҳақиқатни юзага чиқариш заруратини келтириб чиқаради.

01
ҲАМЗА ИЖОДИЙ МЕРОСИНИНГ ҚАЙТА НАШР ЭҲТИЁЖИ ҲАҚИДА
Шермуҳаммад Амонов

Ўзидан бой адабий мерос қолдирган, ижодий фаолияти бугунгача илмий жамоатчилик ўртасида кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб келаётган маърифатпарвар шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шеъриятини илк манбалар асосида тадқиқ қилиш, шу асосда ижодкор меросига доир айрим мунозарали масалаларга ойдинлик киритиш ҳал этилиши лозим бўлиб келаётган муаммолардан ҳисобланади. Шунингдек, шоир назмий меросини тўлиқ тўплаш, уларни дастхат нусхалари ва бирламчи манбалар билан қиёсий тадқиқ қилиш, шеърларининг муаллиф варианти ва унга яқин матнларини тиклаш, шу асосда унинг миллий адабиётимиз тарихида тутган ўрнини қайта баҳолаш каби масалалар ҳам ҳануз илмий ечимини топган эмас.

Ўзбек адабиёти тарихида ижодий мероси ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган, мақолалар эълон қилинган ижодкорлар сирасига Ҳамзани ҳам қўшиш мумкин. Ҳамза ижодий меросига оид бундай тадқиқотларда уни асосан “шўролар тузумининг куйчиси”, “ўзбек совет адабиётининг асосчиси” сифатида нохолис баҳолаш, ўша кезлардаги ҳукмрон мафкурага мос келувчи айрим асарларини қайта-қайта чоп этиш ҳоллари кузатилди. Шоир лирикасига оид тадқиқотлар кўпчилик ҳолларда илмий ҳақиқатни аниқлашга эмас, сиёсий манфаатларга бўйсундирилди. Бу эса, ўз навбатида, Ҳамза шеъриятини илк манбалар асосида холис ўрганиш, илмий ҳақиқатни юзага чиқариш заруратини келтириб чиқаради.

Ҳамзанинг бой назмий мероси, шоирнинг миллий шеъриятимиз ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида узоқ йиллар мобайнида кўплаб диссертациялар, монографик асарлар, рисола ва биографик очерклар, мақолалар тўплами ҳамда илмий мақолалар яратилди. Бу тадқиқотларда ҳамзашуносликка доир кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, Ҳамзанинг лирик асарлари кўчирилган қўлёзма ва тошбосма манбалар ҳамда архив ҳужжатлари тўпланиб, нашр этилди. Айрим қисқартириш ва “таҳрир”лар билан бўлса-да, шоирнинг диний-маърифий мавзудаги шеърлари “Тўла асарлар тўплами”га киритилди. Бу мавзудаги шеърлари таҳлил этила бошлади. Шоирнинг кенг халқ оммасини, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни илм олишга ундовчи шеърлари таҳлилга тортилди. Ҳамзанинг халқ оғзаки ижодига бўлган муносабати, халқ қўшиқларини тўплаш ва тадқиқ этиш борасидаги фаолияти ўрганилди.

Бу ишлар эътиборга молик. Бироқ бу мавзуга оид тадқиқотларда ўша давр мафкураси таъсири яққол сезилади, уларнинг деярли барчасида шоир ижодига, хусусан шеъриятига, шўро мафкураси нуқтаи назаридан ёндашилган. Қолаверса, тадқиқотчилар шоир меросини ўрганишга ўз мавзулари юзасидангина мурожаат этган. Ҳамза бой табақанинг, дин ва дин пешволарининг душмани сифатида талқин қилинган.

Мустақиллик даври ҳамзашунослигида янгича қарашлар юзага келди. Жумладан, Л.Қаюмов, О.Шарафиддинов, Б.Қосимов, Қ.Йўлдошев, Р.Тожибоевларнинг айрим мақолаларида масалага холис ёндашилиб, шоир меросини ўрганишнинг долзарб муаммолари ўртага ташланди. Бу ҳол, аввало, шоир шахси ва ижоди узоқ вақт нотўғри талқин қилинганидан далолат берса, иккинчидан, Ҳамза Ҳакимзода адабий меросининг асл манбалар асосидаги тадқиқини амалга ошириш ҳамда асарларининг аслиятга мос мукаммал нашрларини тайёрлаш масаласини кун тартибига қўяди.

Бундан ташқари, Ҳамза шеъриятининг адабий манбашунослик ва матншуносликка оид қуйидаги муаммолари ҳануз ўз ечимини тўла топган эмас:
1. Ҳамза асарларининг қўлёзмаларини ўрганиш асосида илмий жамоатчиликка шу пайтгача маълум бўлмаган шеърларини аниқлаш.
2. Шоирнинг “Тўла асарлар тўплами”га кирмаган назмий асарларини илмий муомалага олиб кириш, уларни таҳлил ва тадқиқ этиш.
3. Мафкура талабига кўра қисқартирилиб, “ғоявий таҳрир”дан ўтказилиб чоп этилган шеърларининг аслиятга мувофиқ матнларини тиклаш.
4. Шоир шеърий асарларининг қиёсий-матний тадқиқи.

Ҳамза Ҳакимзода ижодини тадқиқ этишда, унинг девони қўлёзмалари муҳим аҳамиятга эга. “Девони Ниҳоний”нинг Тошкентда Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 8989 инвентар рақами остида; шунингдек, Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи қўлёзмалар бўлимидаги (сақланиш рақами: Р-89) икки қўлёзмаларини қиёсий ўрганиш қимматли илмий хулосаларга олиб келади.

Тошкент нусхаси қачон китобат қилингани аниқ бўлмаса-да, шоир архивида сақланаётган ҳужжатларга таянган ҳолда унга 1914 йилда тартиб берилган, дейилади (Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Биринчи том.-Т.: Фан. 1988, 279-б.). Қўлёзманинг ким томонидан кўчирилгани маълум эмас. Девондан ўрин олган шеърлар рақамланган ва қалам билан чизилган жадвалга олинган бўлиб, айрим саҳифалар бўш қолдирилган. Бу, қўлёзмадаги шеърларни Ҳамзанинг ўзи кўчирган бўлиб, баъзи шеърларини қайта ишлаб девонга киритиб боришни режалаштирган, деган тахминга асос беради.

Ҳамза “Тўла асарлар тўплами” 1-жилдида девондаги шеърлар ҳақида қуйидагича маълумот келтирилади: “Девон” 177 та шеърдан иборат бўлиб, булардан 150 таси ғазал, қолганлари мураббаъ, мухаммас ва мусаддаслардан иборат. Булардан 165 та шеър ўзбек тилида, 10 та шеър форс-тожик тилида, икки шеър эса ўзбек ва рус тилларида ширу шакар йўли билан ёзилган” (Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Биринчи том.-Т.: Фан. 1988, 279-б.). Бу маълумотда айрим ноаниқликлар бор. 177 шеърдан аксарияти – 150 таси ғазаллар. Бундан ташқари, девондан 2 та маснавий, 3 та мураббаъ, 17 та мухаммас ва 5 та мусаддас ўрин олган. Бироқ форс-тожик тилидаги шеърлар сони 10 та эмас, 12 та. Булар 11 та ғазал ва бир мухаммасдир.

Ҳамза “Девони”нинг Ғафур Ғулом номли Қўқон адабиёт музейидаги нусхаси 1979 йилда топилган. Бу қўлёзма Ҳамзанинг яқин дўстларидан бири Бўронбой Тожибоев томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг 42-бетигача котибнинг ўзи ҳар бир саҳифани рақамлаган. 16-бетдан 77-бетгача қора сиёҳда китобат қилинган. Бундан кейинги саҳифалар охиригача оч бинафша рангда ёзилган. Тўпламнинг умумий ҳажми 60 варақ бўлиб, охирги ўн етти варақ бўш қолган. Шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан тузилган “Тўла асарлар тўплами”да девоннинг ушбу, яъни Қўқон нусхаси ҳақида ноширлар томонидан қуйидаги фикрлар айтилади: “Қўлёзмада Ниҳоний тахаллуси билан келган ғазал, мухаммас, мусаддаслардан иборат 100 атрофида шеър мавжуд. Бундан ташқари, қўлёзма охирида Фурқат, Мирзои Ҳўқандий, Зиёвуддин Маҳзун, Сирожиддин Махдум Шавкат каби шоирларнинг шеърлари ҳам қўшиб кўчирилган. Шу сирада котиб Бўронбой Миртожибой ўғлининг Бўроний тахаллуси билан ёзилган шеърлари ҳам учрайди” (Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Биринчи том.-Т.: Фан. 1988, 282-б.). Қўлёзма “Басмала”дан сўнг, “Ё илоҳо, сангадур ҳамду сано, Қодиро, ҳайю тавоно зулаъло”,- матлаъси билан бошланиб, 81-бетда муаллифи номаълум бўлган ғазал билан ниҳояланган. Тўпламда “Ниҳоний” тахаллуси билан келган ғазал, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддаслардан ташқари, бошқа тахаллуслар билан ва тахаллуссиз келган бир нечта шеър ҳам бор. Жумладан, шу тўплам котиби бўлмиш Мулло Бўронбой Миртожибой ўғлининг “Бўроний” Мирзои Хўқандийнинг “Мирзо” тахаллуслари билан кўчирилган шеърлари учрайди. Тўпламнинг 74-75–бетларида Завқийнинг “Арзирму” радифли шеъри, 76-бетда муаллифи кўрсатилмаган “Ман, қўлунг, чун хаста зоринг, ушласам” мисраси билан бошланувчи ғазал берилган. Демак, “Тўла асарлар тўплами” ноширлари тилга олган Фурқат, Зиёвуддин Маҳзун, Сирожиддин Махдум Шавкат сингари шоирларнинг шеърлари “Девони Ниҳоний”нинг Қўқон нусхасида учрамайди.

Ўзбекистон ФА Давлат Адабиёт музейидаги “Ҳамза архиви ҳужжатлари” Ҳамза ижодий мероси, айниқса, шеъриятининг нодир манбаларидандир. Ушбу архивдаги ҳужжатларнинг бир қисми “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивининг каталоги” сифатида чоп этилган (Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивининг каталоги. 3 томлик. Биринчи том.-Т.: Фан. 1990, Б. 456.). Архивда, бундан ташқари, ўзбек тилидаги шеърлар билан бир қаторда форс-тожик, татар тилидаги назм намуналари ҳам ўрин олган. Жами саккизта ҳужжатдаги шеърлар форс-тожик тилидадир. Бу шеърларнинг айримлари шоир асарлари нашрларида учрамайди. Архивдаги маълумотга кўра, Ҳамзанинг 1905–1914 йилларда ёзган шеърлари сони 218 та. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам девонга кирган эмас. Баъзи шеърлар номи рўйхатда такрорланади. Шоир келтирган рўйхатдаги 218 шеърдан 174 таси Ҳамзанинг “Тўла асарлар тўплами” нашрига киритилган. Рўйхатдаги 30 та шеър нашрда учрамайди. Сарлавҳалардан 14 таси қайта такрорланган.

Таъкидлаш керакки, девоннинг Қўқон нусхасидаги яна уч шеър нашрда ҳам, Тошкент нусхасида ҳам, бошқа манбаларда ҳам учрамайди. Булар “Боғ эшигидан чиқдилар париваш фириллаб”, “Эй маҳваши замоним, айтгонингиз муборак” ва “Қилгай хижолат кабкни ул нозанин хандасидур” мисралари билан бошланувчи ғазаллардир.

Ҳамза шеъриятига доир яна бир манба шоирнинг ижтимоий-сиёсий лирикасини жамлаган “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” мажмуасидир. Мажмуа литографияда чоп этилган. Бу манба ҳозирда Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида 7628 л I, 7628 л II ва 4066 ашё рақамлари билан сақланади. 7628 л II рақамли манбада мажмуанинг биринчи бўлимидаги олти шеър уч марта қайта-қайта кўчирилган. 7628 л I манбада эса мажмуанинг бошқа бўлимидаги шеърлар жамланган. 4066 рақамли тошбосма мазкур шеърлар матни жамланган энг ишончли манбадир.

Маълумки, Ҳамза асарлари жорий имлода қайта-қайта чоп этилган. Лекин нашрдан нашрга ўтган сари шоир асарлари матни мукаммаллашув ўрнига аслиятдан узоқлаша боргани кузатилади. Бунинг сабабларини, аввало, шоир шеъриятини ўша давр ҳукмрон мафкурасига мослаштириш, лирик асарларини аслиятга зид равишда таҳрир этиш сингари илмга зид ҳаракатлар билан изоҳлаш мумкин.

Ҳамзанинг ўтган аср 70-йиллари охири – 80-йиллари бошларида нашр қилинган тўрт жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”га, орадан қарийб ўн йил ўтгач чоп этилган беш жилдлик “Тўла асарлар тўплами”га кирган шеърларини аслият билан қиёслаш натижалари улар моҳиятан кескин фарқланадиган даражада “таҳрир” этилганини, қисқартирилганини кўрсатади. Профессор Б.Қосимовнинг “Янги тафаккур: изланишлар, машаққатлар” мақоласида худди шу хусусда фикр юритилган. Олим дастлаб “Мукаммал асарлар тўплами” сифатида тайёрланган 4 жилдлик академик нашрга муносабат билдириб, жумладан, бундай ёзади: “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси”дан “Биринчи бўлим”даги “олти дона” шеър бештага келтирилди. Ноширлар ҳеч бир изоҳсиз “Йиғла, йиғла Туркистон, йиғла Туркистон!” шеърини тушириб қолдирдилар. “Дармон истариз” мусаддас эди мухаммасга айлантирилди… Берилган беш шеърнинг учтасида жами 34 сатр ташлаб кетилди. Бу, томликлардан жой олган битта кичкина – атиги олти шеърлик тўпламча мисолида кўринган камчилик. Ва гап ҳозирча фақат “қисқартириш”, шу орқали “қалтис” жойини “силлиқлаш” устида. Хўш, шундай ҳолда уни “Мукаммал асарлар тўплами” деб бўлармикин?!” ( Қосимов Б. Ўзбек адабиёти ва адабий алоқалари тарихи.-Т.: Фан ва технология. 2008, 224-б.).

Олимнинг бу фикрига “Девони Ниҳоний”даги ҳамд, наът ва бошқа кўплаб ғазалларнинг тушириб қолдирилгани, барча жанрлардаги шеърлардан бутун бошли байтлар, бандлар қисқартирилгани, аксар сўз ва жумлаларнинг “таҳрир” қилингани фактларини қўшсак, шоирнинг “Мукаммал асарлар тўплами” деб номланган нашри талаб даражасида амалга оширилмагани аён бўлади.

Таъкидланганидек, орадан ўн йилча вақт ўтгач, шоирнинг беш жилдлик “Тўла асарлар тўплами” дунё юзини кўрди. Тўғри, бу нашрда тўрт жилдликдаги кўплаб хатолар тузатилди, айрим қисқарган байт ва бандлар тикланди, “Девони Ниҳоний” ҳам нисбатан тўлароқ чоп этилди. Бироқ бу нашрдаги шеърлар матни ҳам аслиятга мувофиқ эмас. Мазкур мақолада профессор Б.Қосимов бу нашрга қуйидагича баҳо беради: “Мана, шоир асарларининг 5 томлиги чиқди. Бу – иккинчи академик нашр. Мутасаддилардан бири матбуотда у ҳақда “нодир нашр” деб кафолат берди: “… бирор сўзи ёки ҳарфи ўзгартирилмасдан, грамматик шакли бузилмасдан айнан берилди”. Афсуски, бундай эмас”.

Олим фикрини қуйидаги мисоллар орқали асослайди. “Йиғла, Туркистон!…”ни кўрамиз: “Шундай кечса ҳолимиз, нелар бўлғуси:! Деб бошланадиган банд тушиб қолган. “Мозоринда тик ётур ихват ўргатган” дея ёзади Ҳамза. “Фироринда (?) тик ётур…” ўқийдилар ноширлар. …“Дармон истариз”да “биз”–“бир”га, “арода рўзимиз”–“ирода сўзимиз”га, “биллоҳ олим”–“бошқа олим”га, “ҳукми Қуръон”–“хатми қуръон”га айланган… Шунчадан кейин ҳам уни сўзи, ҳарфи, ҳатто грамматик шакли ўзгартирилмай “айнан берилди” деб бўладими?!”.

Б.Қосимовнинг Ҳамза шеърияти нашрларига доир юқорида келтирган мисоллари шоирнинг бор-йўғи 6 шеърига тегишлидир. Қўшимча равишда шуни таъкидлаш керакки, тўпламда ғазал жанридаги шеърлар тўртлик кўринишига келтирилган ҳоллар, баъзи назмий асарлардан бутун бошли байтлар, бандлар тушириб қолдирилган, нотўғри ўқилиб, хато табдил қилинган ўринлар ҳам мавжуд. Умуман, лирик меросининг тадқиқи, назмий асарларининг аслият ва нашр нусхаларини қиёсий таҳлил этиш натижалари Ҳамза шеърлари нашр қилиниши жараёнида жиддий “ғоявий таҳрир”дан ўтганини кўрсатади. Масалан, “Дармон истариз” шеъридаги

Эй мусулмонлар, келинглар, ҳукми Қуръон истариз,
Миллата шавкат, тараққий, шаъну даврон истариз, –

байтида “ҳукми Қуръон” бирикмаси ноширлар томонидан “хатми қуръон” тарзида таҳрирдан ўтказилган. Табиийки, бу иккала жумла бир-биридан кескин фарқ қилади ва “ҳукми Қуръон” бирикмаси мусулмон давлатчилиги мазмунини ифодалаган. Ҳамза яшаган давр ижтимоий-сиёсий мафкураси шуни тақозо қилгани аён. “Хатми Қуръон” бирикмаси эса Қуръони каримни хатм қилиш, бошидан охиригача ўқиб чиқиш маъносини билдиради. Кўриниб турибдики, ноширлар атайин “ғоявий таҳрир” йўлини тутган.

“Дардига дармон истамас” шеърида ҳам худди шунга яқин ҳолни кузатиш мумкин. “Ё ақоид, ё ҳадис, тафсири Қуръон истамас” мисрасида “тафсири Қуръон” бирикмаси “тасвири қуръон” тарзида ўзгартирилган. Ёки “Яхши ҳолин йўқотган оқибатсиз Туркистон” шеърининг охирги бандидаги

Ватанга молик бўлди яҳуд отлиғ тўнғизлар,
Оёғ остида қолди неча сандек дилсўзлар –

мисраларида “яҳуд отлиғ” жумласи ўрнига матнга унда бўлмаган “нобакор” сўзи қўшилган. Умуман, мазкур шеърнинг бир қанча ўринларида “яҳудий” сўзи “нобакор” тарзида таҳрир қилинган. “Жонларни жонони Ватан” шеърида ҳам худди шундай ҳолни кузатиш мумкин. Бу шеърда ноширлар томонидан “яҳудларга” сўзи ўрнига матнга унда бўлмаган “ёвузларга” сифати қўшилган. Таъкидлаш жоизки, матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилиши муаллиф ижодий меросининг нотўғри талқин этилишига сабаб бўлган.

Ҳамзанинг кўплаб шеърларидаги муҳим ижтимоий-сиёсий мазмунни ифодалаган мисралар аксар ҳолларда мафкура талаби билан, баъзан нашрга тайёрловчиларнинг масъулиятни тўла ҳис этмагани боис нашрларга кирмай қолган.Бошқача айтганда, шеърий асар матнидамавжуд ғоя ноширлар томонидан қисқартирилган. Жумладан, “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” туркумидаги “Йиғла, Туркистон” шеърининг 6-банди шоирнинг шу пайтгача нашрдан чиққан бирор китобига, ҳатто энг сўнгги “Тўла асарлар тўплами”га ҳам киритилмаган. Мана, ўша байтда шоир қандай ғояни ифодалаган:

Шундай кечса ҳолимиз нелар бўлғуси,
Борми кулфат бўлғуси, бизға келғуси,
Эшикларда сойиллик сўнгра қолғуси,
Таъна тоши бошларни онда ёрғуси.

“Ғоявий таҳрир”нинг бундай кўринишлари шоирнинг девони нашрида ҳам мавжуд. Ноширлар Ҳамза “Тўла асарлар тўплами”нинг илк манбалар асосида қайта тайёрлангани, шеърлар матни билан боғлиқ камчиликлар бартараф қилингани ҳақида ёзадилар (Ҳамза. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Биринчи том.-Т.: Фан. 1988, 283-б.) Масалан, девоннинг Тошкент нусхаси 4б-саҳифасида “Дариғо, бу замон аҳли бузулди, бўлди кўп расво, Туман-турлу касофат ҳам шароратлар бўлиб барпо,”– матлаъли ғазалнинг мақтаъсидан олдинги қуйидаги бир байт шоирнинг “Тўла асарлар тўплами” нашридан тушиб қолган:

Жуҳуду арманийлар мўътабар бўлди халойиқға,
Аёғ остида қолди илм эли фарёду вовайло.

Эҳтимол, Ҳамза ёки бошқа ҳар қандай шоир ўз назмий асарида ифодалаган ғоя бу асар ўрганилаётган давр қарашларига мувофиқ келмаслиги мумкин. Адабиётшунослик ёки матншунослик унга изоҳ бериши, асардаги ғоя тарихнинг қайси даврига оид эканини шарҳлаши мумкиндир. Бироқ асардаги банд, байт, мисра, ҳаттоки сўз ва жумлани ўзгартиришга ҳеч ким ҳақли эмас. Бундан ташқари, Ҳамзанинг Нисорий Намангоний ғазалига мураббаъ тарзида ёзилган “Ўйласам, жонона, йўқ оламда монандинг сани” мисраси билан бошланувчи шеъри “Девони Ниҳоний”нинг 46б-бетидан ўрин олган. Мураббаъ жами 14 банддан иборат бўлиб, нашр нусхада қисқартиришга учраган. Жумладан, мураббаънинг “Холиқим қудрат қўли бирла юзинг нақш айламиш” ва “Қодиро, бахтинг очуб, давлатни берсун безавол” мисралари билан бошланувчи олтинчи ҳамда ўн учинчи бандлари шоирнинг “Мукаммал асарлар тўплами”дан тушириб қолдирилган. Таассуфки, “Тўла асарлар тўплами”да ҳам бу камчилик тўлиқ бартараф этилмаган, яъни қуйидаги олтинчи банд бу нашрдан ҳам тушириб қолдирилган:

Холиқим қудрат қўли бирла юзинг нақш айламиш,
Ҳар малоҳат ҳусни зеболиқни санга замламиш,
Ойу кун абр ичра қилгай бир-бирини сарзаниш,
Насли одам туғмади оламда монандинг сани.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Табиийки, бундай қисқартиришлар матннинг мукаммаллигига, шеърдаги ўзига хос оҳангдорликка путур етказади, муаллиф даврига хос тил хусусиятлари бузилишига сабаб бўлади. Шу боис бу ҳолнинг сабабларини таҳлил қилиш, хулосалар чиқариш матншуносликнинг долзарб вазифаларидандир.

Юқорида таъкидланганидек, девоннинг Қўқон нусхасидаги бир қатор ғазаллар бошқа манбаларда, ҳатто шоир асарлари нашрларининг бирортасида ҳам мавжуд эмас.Девон матнини ўрганиш шундан далолат берадики, қўлёзмадаги шеърлар нашр этилиши жараёнида улардаги айрим сўзлар, мисралар ва байтлар муайян ўзгартиришларга учраган. Ана шундай саҳиҳ бўлмаган матн асосида олиб борилган тадқиқотлар эса нохолис, баъзан эса бутунлай нотўғри, ноилмий хулосаларга олиб келиши мумкин.

Манбаъ: www.fikr.uz

(Tashriflar: umumiy 274, bugungi 1)

Izoh qoldiring