Shukur Xolmirzayev. Adabiyot o`ladimi?

adabiyot

     «Адабиёт ўладими?» ўз вақтида кўпгина баҳсу мунозаралар қўзғаганди. Айримлар адибга эътироз билдирган бўлса, баъзилар «адабиётнинг ўлмаслиги»ни ёзувчига исботлашга ҳам тушишади. Ҳолбуки, муаллиф адабиётнинг ўткинчилигидан эмас, балки умрбоқийлигидан сўз очади. Мақола бугун ҳам кўп фикрлар уйғотиши шубҳасиз.

Шукур Холмирзаев
АДАБИЁТ ЎЛАДИМИ?

     Бундан уч йилча бурун, демак, талай жумҳуриятларнинг собиқ Иттифоқ таркибидан ажралиб чиқиши аниқ бўлиб турган, ҳатто мухториятларда ҳам ғалоғул қўнган, ҳамма нарса ўз номи билан аталиб, асл қадриятлар юзага балқиб чиқаётган ва жамиятнинг устивор устунларига-да танқидий кўз билан қараш авж олган, ит эгасига боқмай қўйган «асов ғала»нлар замонида кўпларнинг кўзига адабиёт кўринмай қолди; бундай вақтларда «қиёмат қойим» яқинлигидан башорат қилувчилар ҳам пайдо бўлганидек (тарихда бундай башоратлар авж олган даврлар кўп бўлган), оммавий олатасирда кўздан йироқлашган адабиётни ҳам «ўлди»га ёхуд «ўнгланмайдиган касал»га чиқарганларнинг-да овози эшитила бошлади.
Камина ўшанда «Адабиёт ўладими?» деган мақола ёзиб, уни Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида ўқиб ҳам берган эдим. Табиийки, мен ҳам ўша даврдаги «янгиланиш» жараёнини ҳисобга олароқ ва боқий қадриятларга суянган ҳолда мулоҳаза юритган эдим; уларни кенгаш аъзолари маъқул топган ва шундан сўнг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида унинг бир бўлаги чоп этилган, ўқиганлардан ҳар хил (бирларидан кинояли, бирларидан самимий) фикр эшитган эдим.
Йиллар ўтди. Яқинда бир дўстим ҳақида хотира ёзиш баҳонасида бисотимни кавлаб ўтирсам, ўша маъруза-мақоланинг сарғайиб кетган нусхаси чиқиб қолди. Ўқисам, бўлгудек…
«Тафаккур» фикрлар мажалласи бўлгани учун унга тавсия этдим. Балки бугунги ўқувчиларга ҳам «бир нарса» берар, ҳеч қурса, ўша суронли даврларни эслатар.

Муаллиф

1

Кейинги вақтда матбуотда ҳам, радио ва теледастурларда ҳам бу машъум савол қулоққа чалинаётир. Нафақат ўзимизда балки Россия ва собиқ социалистик мамлакатларда – Чехия, Словакия Польша, Можристонда ҳам шундай гаплар бор: биз буни ҳар хил суҳбат-интервьюлардан ўқиб турибмиз. Қолаверса, бу мишмиш Ғарбнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам йўқ эмас.
Яқинда «Культура» газетасида русларнинг энг истеъдодли адибларидан бири Василий Акёновнинг Вена шаҳрида ўтган алломалар йиғинида сўзлаган нутқини ўқиб қолдим. Брежнев даврида СССРдан бадарға этилган, бугунги кунда Америкада истиқомат қилаётган бу сермаҳсул адиб хуноб бўлиб: «Америкада ҳукм сураётган бозор иқтисодиёти нафис адабиётнинг илдизига болта ураётир. Унинг ўрнини «кўча адабиёти» — фаҳш, найрангбозлик, олди-қочди «адабиёти» эгаллаб олаётир…» дейди. Ва бу ҳолнинг сабаби — «ўзимизда юз бераётган воқеаларнинг замирида ётган пул-бизнеснинг талаб-эҳтиёжидир», дея хулоса қилади.
Шу билан бирга, у эътироф этадики, ўша Американинг ўзида ўқтин-ўқтин бадиий баркамол асарлар ҳам яратилиб, кўп қийинчиликлар билан бўлса-да чоп этилаётган экан. Ундай асарларнинг битта-яримтаси билан яқин-яқингача танишиш имконига эга эдик, ҳозир, орадаги узилишлар туфайли, бу имкониятдан маҳрум бўлдик. Хуллас, ҳаёт тарзининг асосини «бозор иқтисодиёти» ташкил этадиган мамлакатларда асл Адабиёт ҳам яратилаётган экан.
Ўзимизда – бу «бозор» сари илдам кириб бораётган жамиятимизда эса ўшандай асарлар яратилмаётгани кундек равшан.

2

Хўш, бизда нечун энди Адабиётга ҳалигидай бефарқ ва беписанд қарша пайдо бўлди? Айни чоғда ёзувчининг мавқеи нафақат пасайди, балки у жамиятнинг энг ночор табақасига айланаётир?
Қизиқ, куни кеча, яқиндагина ўзбек ёзувчилари миллий мустақиллик, давлат тили, моддий бойликларнинг ўз тасарруфимизда бўлиши учун курашда байроқдор эдилар-ку? Илло, раҳбарлар улар билан ҳисоблашар ҳам эди? Бугун эса ўз ҳолимизга ташлаб қўйишди: ўзинг учун ўл, етим.
Шу ўринда бир ажиб ўхшашликни эслайсан киши: ўтган истбдод тузуми даврида (унинг бошидан адоғигача) қайсики ёзувчи-адиб-зиёли ҳокимиятни мустаҳкамлашга бевоситами, бавоситами ёрдам қилган бўлса, ҳокимият уни улуғларди: кўксига нишонлар тақиб, имтиёзлар бериб, элу халқ олдида мавқеини кўтариб, бағрига оларди. Ва кейин…
…айримларидан воз кечар, қувғин қилар, йўқотар эди ҳам.
Тарихда ҳам шундай бўлган-а? Дейлик, ўзимизнинг хонларимиз замонида ҳам «Сарой шоирлари» деб аталмиш ижодкорлар ҳар жиҳатдан ҳурмату рағбатда бўлганлар. Саройга… сал-пал ғайрлик ила қараганлар эса бадарға қилинганлар ёки ўзлари саройни ташлаб кетганлар. Ва саройдан йироқларда – ғурбатда, йўқсилликда вафот этганлар. Оддий бир мисол: Турди Фароғий даврининг энг эътиборли шоирларидан бири бўлган.
Хон бир фармон чиқаради. Унга кўра етти йилик «барот» солиғини бир йилда тўлаш талаб этилади. Фароғий бунга қаршилик қилади – бефойда! У хон саройини тарк этади ва, тасаввур этинг, йигирма йил мобайнида хонга қарши курашувчилар сафида бўлади. Ушбу сатрларни ҳам ўша шоир айтган-да:

Тор кўнгиллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидир – тенглик қилинг…

Биз энди ўтган баъзи хонларимизни ҳам улуғлашга тушиб кетдик! Бироқ ўтмишда барча ҳокиму ҳокимият вакилига хос бўлган ҳалиги сифатни – халқнинг ичидан чиққан энг иймонли ва виждонли (баъзилари ҳатто энг иймонсиз ва виждонсиз) адибу шоирларни бағрига тортгани баайни қонуният эканини ҳам унутмаслигимиз керак.
Дарвоқе, ўзимизга қарайлик: мана, мустақилликка эришдик! Мана, ўз ихтиёримиз билан, тасаввур этингки, ўзбеклик тарихимиз давомида илк бор юрт эгасини – Президентни сайладик!
Бу – халқимизнинг зўр умиду ишонч билан мустақил тараққиёт йўлига чиқиб олганининг, келажаги буюк давлат қуришга азму қарор қилганининг далолати эди. Аммо ўшандан сал олдинроқ, ёвузлик тимсоли бўлган улкан салтанат ҳалокат сари бораётган даврдаги ижтимоий кайфият қандай эди? «Адабиёт ўладими?» деган муаммо ана шу кайфиятнинг ифодаси ўлароқ юзага келмаганмиди?

3

Ёзувчининг эл-юрт назаридаги обрўйи ҳам тушиб кетаётгани аёндирки, бунинг сабаби нимада?
Менинг фикримча, илк сабабларидан бири ўзимизда: «Ҳақиқатни айтиш керак! Демократия замони!» дея ҳовлиқиб кетиб, энг мўътабар адибларимиз, шоир ва шоираларимизнинг ҳам – беайб Парвардигор! – мустабид тузум тазйиқи, ўлим хавфи остида қилиб қўйган айрим «гуноҳ»ларини кавлаб топиб, матбуотда (демократик матбуотимизда!) эълон қилишлар бўлди.
Онангни отангга пардозсиз кўрсатма, дейдилар. Онамиз, бувимиз қатори мўътабар шоира ҳақида тўқилган асоссиз ғийбатларни ҳам эълон қилдик. Оқибатда уларнинг обрўйига путур етди, ўзлари оғир изтиробга тушдилар. Ёзувчи-мухбирларимиз эса: «Ҳақиқатни очдим!» деб кўкракларига уриб юрдилар ва ҳамон маъқул иш қилдим, деб ўйламоқдалар. Бу «иш»ланинг натижаси шу бўлдики, эл-юртнинг айрим қатлами орасида кўпгина ёши улуғ адибларнинг ҳурмати пасайди, оғзига кучи етмаганлар: «Э, булар ҳам шунақа экан-да!» деб қўлларини бигиз қилиб кўрсатадиган бўлдилар.
Шу ўринда мен русларнинг ҳамиша буюк бўлиб қоладиган донишманд шоири Пушкиннинг бир муносабат ила қилган ҳаракаини эслашни истар эдим: инглиз шоири Байроннинг юздан зиёд хати бир-икки корчалон ноширларнинг қўлига тушиб қолади. Хатларнинг аксарияти оқсоқ лорднинг севгилисига ёзган махфий мактублари экан. Бундан хабар топган Пушкин оёқ тираб туриб олади: «Босиб чиқармаслик керак. Ахир, бизга Байрон шоир сифатида азиз! У – шоирдир! Унинг инсоний ожизликларини ошкор этиш нега керак?!» Шу тариқа мактублар босилмайди. Байронга қўлини бигиз қилгувчиларнинг ҳам тили тушовланади. Бу одобни қаранг, рус шоири инглиз шоирининг шаъни учун курашибди!
Рост, бугунги кунда Ғарб мамлакатлари ёки Америкада кино юлдузларию Президентдан тортиб машҳур ёзувчиларнинг шахсий ҳаётигача – барчасини чиғириқдан ўтказиб ёзишга кундалик ҳол! Улардан қай бирининг қандай ўйнаши ё ўйнашлари бор ёки бўлган (хусусан, актрисаларнинг) қайси бири гиёҳвандлик қилган ёки гиёҳвандлик қилади, қай бири пиёнисталик этган – бари ўқувчига маълум бўлиб туради. Бироқ у ердаги ўқувчининг биздаги ўқувчидан фарқи шундаки, у: «Нима қипти, уям – одам!» деб қўя қолади ва уларнинг санъатидан баҳра топаверади! У – тарбия топган, чин маънода демократ ўқувчидир!
Биз, Шарқ халқлари, ў-ў, бошқачамиз: ичкари уйда ўз онамиз нима қилади, отамиз нима иш қилади – билатуриб, кўчада бировнинг жигарлари ўша «иш»нинг юздан бирини қилсин ё қилган бўлсин-чи, ноғора қилиб чаламиз! Қандай риёкорлик! Лекин бу ҳолга ҳам «на чора?» дейишдан ўзга илож йўқ. Балки бу ҳолни оқловчи, буни «фазилат» дегувчи мухбирлар ҳам топилар? Топилади!
Мен бу ўринда Зулфия опа, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек ва бошқа адибларимиз ҳақида, аниқроғи, уларнинг инсон сифатидаги айрим фазилатлари тўғрисида сўзламоқчи эдим. Аммо юқоридаги гаплар ҳам кифоя қилади, деб ўйлайман.
Рост, Қаҳҳорнинг ҳам, Комил Яшиннинг ҳам, Уйғун ёки Мирмуҳсиннинг ҳам адвокати эмасман! (Агар масалага «фойдалилик» нуқтаи назаридан қарасак, менга зиғирча наф тегмайди, аксинча…) Бироқ буларга ҳам эҳтирос мезонлари билан эмас, ақл мезонлари билан баҳо бермоқ керак, деб ҳисоблайман.
Шу ўринда тағин бир гап: ҳаётда ҳамма нарсани кечириш мумкин, фақат… хиёнатни кечириш мумкин эмас. Аммо ўлим хавфи – ойболта остида турганингизда энг яқин дўстингизга ҳам хиёнат қилиш мумкин эканини, тўғрироғи, хиёнат қилишга мажбур этишларини хусусан Солженицин исботлаб берди. Ахир, кеча қулаган тузум каби истибдод тузуми оламда бўлмаган! Ахир, у одамзоднинг иродасини букиш, руҳини синдиришга қаратилган эди!
Биз Абдулла Қодирийнинг суддаги нутқини биламиз: «Марксизмдан таълим олганман», дейди устоз адиб. Усмон Носирнинг Сталинга ёлвориб ёзган хатини ҳам ўқидик. Фитратнинг атеистик мавзудаги «Қиёмат» пьесаси ҳам адиб учун таъна-дашномлар келтиради. Энди бир савол туғилади: бири шундай нутқ ирод қилган экан, бири бундай мактуб битган экан, бу ҳол уларнинг ақидасини акс эттирадими? Албатта, йўқ! Бу ҳол – озод бўлиш учун шунчаки интилишлар натижасидир.
Во ажаб! Домла Шайхзода қамоқдан озод бўлиб келгач, биринчи қилган иши нима бўлди? Ўзини қаматганларни кечириш бўлди. Ўйлайманки, Усмон Носир билан Абдулла Қодирий ҳам омон қайтганларида, хоинларни авф этар эдилар. Илло, улар ўч олиш, таҳқирлаш каби «қаноат»дан баланд турар эдилар! Такрор айтаман: мен анавиларнинг ҳам адвокати эмасман – улар улуғларга нисбатан жуда-жуда ожиз эканига юз фоиз ишонаман. Мен фақат шахсий нуқсонлари, ҳатто «кечирилмас қусурлари»га қараб ҳам ёзувчига баҳо бериб, яъни уни сондан чиқариб қўйилишини ҳазм қила олмайман. Бундай дейишимнинг яна бир сабаби шундаки, юқорида номлари тутилган адибларнинг ижодлари ҳам бугунги кунда «чикитга чиққан»дай туюлаётир! Шуниси кишига алам қилади.

4

Энди уларнинг асарларидаги айрим қаҳрамон ва ғояларда марксизм-ленинизм кашф этган «дастур» — социалистик реализм усулига амал қилганига келсак, бу йўриғда ҳам фақат рад этиш йўлидан борилмоқда! Ахир, бир оз ўйлаб кўрайлик: биз ўшаларни – Ойбек, Қаҳҳор, Уйғун (дастлабки ижодини), Зулфия, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, қолаверса, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Шароф Рашидов ва бошқа-бошқаларнинг асарларини ўқиб савод чиқардик-ку? Миллий ҳаётимиз, қадриятларимиз, яхши-ёмон кишиларимизни дастлаб ўша зотларнинг ижодида кўрдик – бадиий асар саҳифаларидан танидик! Агар бу адибларнинг сара асарларидан истибдод тузуми ташвиқи, улуғ оғаларимизни улуғлаш ва ёлғон соцқаҳрамонларимизга бағишланган сатрлар, боблар-саҳифаларни бир четга олиб қўйсак, қолгани маънавий бойлигимиз бўлмайдими? Уларнинг айрим асарлари ҳатто бугунги кунда ҳам завқ ўқилади.
Масалан, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романини қўлга олинг-да, бу асар «синфий позиция»дан ёзилмаган, деб бир он тасаввур этинг. Бир он… Дарвоқе, эзилган, исён кўтаришга мажбур бўлган халқ вакили Йўлчибойга қандайдир Петров деган ўрис инқилобчисининг қамоқда ўқиган синфийлик ва синфий душман ҳақидаги сафсатасини ҳам йўқ, деб хаёл қилинг. Бу юмуш жуда осон, зеро, ўша боб асарга кейинчалик тазйиқ остида киритилган, шунинг учун бобнинг бошида ҳам, адоғида ҳам у нуқта бор. Қолаверса, ўша боб асар тўқимасига умуман ёпишмайди. Шунинг учун ҳам Ойбек оломоннинг ғалаёнини тасвирлар экан, бундай ёзади: «Бу – колониал истибдодга қарши халқ исёни эди!»
Рост, Мирзакаримбой сиймосида бўрттиришлар бор, Йўлчибойнинг айрим фикрларига «синфийлик» ёпиштирилгани ҳам сезилади. Аммо…
Мен «Қутлуғ қон»ни ҳали ҳам ҳузур қилиб ўқийман ва ҳар гал кўнглимда турли мулоҳазалар уйғонади. Мана. Мирзакаримбой ҳақидаги ўйларимдан бир шингил: «Бой бўлишнинг ўзи бўлмас экан. Ахир, у одам нақадар тадбиркорлик билан бой бўлди! Хотинининг тақинчоқларигача чиқариб сотди, ер олди. Ўғли Ҳакимбойваччага зўр маслаҳат берди-я, Фарғонада пахта заводи очиш тўғрисида? (Ўзимизда заводлар бўлиши лозимлиги ҳақида бойларимиз ўшандаёқ ўйлаган экан-да?!) Унинг Йўлчибойга насиҳатлари…» Хўп, ана, Мирзакаримбойнинг ўн олти яшар Гулнорни хотинликка олишини «ёмон» дейлик. Лекин бу ҳолни ҳам тушуниш мумкин: нима қипти ёш хотин олган бўлса? Ва ҳоказо…
Дарвоқе, бизда соцреализмнинг намунаси деб кўрсатиладиган асарлардан бири, номиёқ «синфий»лик ғояси асосига қурилганидан адалолат берадиган «Бой ила хизматчи» драмасидаги (бу пьесанинг бир қадар мукаммал ҳолга келишида Комил Яшиннинг ҳиссаси борлиги ҳақида анчадан буён дўмбира чертилаётир. Ҳолбуки, Яшиннинг ўзи 36-йилдаёқ «Қизил Ўзбекистон» газетасида бу хусусда ёзган экан. Айнан қайси сонида экани эсимда йўқ, талабаликда Навоий кутубхонасида ўқиган эдим). Солиҳбой қаролининг хотинини кўрганда нима дейди: «Жамилахон (хон!), сени кўрдиму ақлу хушимдан бегона бўлдим!..» Демак, бой севган экан-да уни? Севмаса эди, онаси ўпмаган ўн олти яшар қизни олишга қурби етмасмиди?!
Мен тағин ўзимни адвокатга ўхшатяпман… Начора? Нафсиламрни айтганда, «Қутлуғ қон», Қаҳҳорнинг ҳикоялари (ҳатто «Синчалак» ҳам!), Зулфиянинг лирикасию «Мушоира»си, Ғафур Ғуломнинг шеърий фалсафасини ўйласангиз, дамингиз ичингизга тушиб кетади… Хуллас, адабиётимиз алломаларининг асл ижодлари – сайланма асарларининг адвокати бўлсам бўлибман-да! Бундан ҳатто фахрланаман ҳам! Нимагаки, уларда халқимнинг тили, гўзал дунёвий ҳислари, ақлий камоли, теран тафаккури акс этган! «Синчалак»ни тилга олиб қўйдим. Ҳозир баъзи дўстларим менинг гўримга ғишт қалаётган бўлса ажаб эмас. Ахир, қиссада фирқа котиби улуғланган-да! Хўш, ўйлаб кўрайлик, адиб уни қайси ниятда қаламга олган? Аслида «Мен партиянинг солдати эмасман!» дегани учун ўлгунича хўрланган, ўлими эса намойишга айланиб кетган аллома адибимиз: «Партком котиби бўлса, шундай бўлса!» дея орзу қилмаганмикан? Айтмоқчи, бу қизчанинг хатти-ҳаракатларида партия сиёсатини ташвиқ қилишга оид нима бор ўзи? У хўжаликка келгач, энг ишчан, энг тадбиркор арбоб қилиши мумкин бўлган ишларни қилади-ку? Асардан «партком котиби» деган атамани олиб ташлаб, Саидани бошқа бир арбоб тарзида тасаввур этайликчи? У дарҳол суюмли қаҳрамонга айланади! Рост, бундай тасаввур этишда ҳам Саиданинг — ҳали хўжаликда ишлаб кўрмаган ёш қизнинг Қаландаров каби раис билан тўқнашуви ақлга сиғмайди. Ҳаётда бунинг акси-да – Қаландаров бир пуфласа, саидалар учиб кетади! Лекинбу – Адабиёт, ахир! – У – шунинг учун ҳам Адабиётки, ўн беш яшар бола бутун бошли кеманинг капитани бўлиб, уни ажал чангалидан олиб чиқиб кетишига бизни ишонтиради!
Сезиб турибсиз, юқоридаги мулоҳазаларим ҳозирда илдиз отиб бораётган «адабий нигилизм»га заррача таъсир этмайди. Бунинг устига, гапларимда илмий таҳлил йўқ ҳисоб. Бироқ Адабиётни тушунишга истак бор, холос! Яна вақти замонида Чўлпон, Фитрат, Қодирийларнинг шахсию ижодига чанг олган бир гуруҳ танқидчи ва адибларга ўхшамайлик, демоқчиман.
Чунки бугунги кунда куни кеча яратилган Адабиётга (унинг энг яхши намуналарига) ҳам панжа орасидан қараш ҳоллари сезилмоқда. Ва ёзувчилар обрўйини тўккан мухбиру мухбирнамо адиблардек (уларнинг айримларида ёзувчи шахсига нисбатан алам ҳам йўқ эмас) ҳақиқатни, адолатни юзага чиқаряпмиз, дея охир-оқибатда чақалоғини ювинтирган тоғорадаги мағзавага қўшиб боласини ҳам итқитиб юборган нодон она ҳолига тушиб қолмайлик, демоқчиман.

5

Адабиётшунос-танқидчилар кашф этган (аввал-бошда Абдулла Қаҳҳор тамал тоши қўйган бир дастур борки, унинг барбод бўлиши талай адибларни ҳам тентиратиб, бояги машъум саволни долзарб қилиб қўйди. У дастур — «халқнинг дилидагини ёз! Халқнинг тили учида турганини ёз!» деган ақидадир. Ҳайҳот, аслида бу ақида соцреализмнинг «Ҳаётдаги ижобий воқеаларни ёз!», яъни мазкур истибдод тузумини улуғла ва унинг ғояларига мос қаҳрамонларни топмасанг, яратгин, деган ғайриадабий талабига жавобан кашф этилган усул эдики, у адабий ҳодисаларни баҳолашда ҳам катта бир ўлчов бўлиб қолган эди! Шунинг учун ҳукуматбоп қилиб тўқилган одамлар ўрнида шарпалар ҳаракат қиладиган қўлёзмалар ҳам шу ўлчовга сиғиб кетаверардики, охир-оқибат ўшандай асарларнинг муаллифлари ҳам: «Мен халқнинг тили учида турган гапни ёздим!» деб даъво қиларди. Бунинг аксини айтган танқидчини эса у ёқасидан олар, Ҳукуматга қарши қўяр эди. Эътироф этиш керакки, соцреализм йўлида ҳам яхши роман, қисса, ҳикоя ва шеърлар ёзилди. Нафақат бизда, балки СССР отлиғ мамлакатдаги жами ёндош адабиётларда ҳам.
Бу йўлнинг шартларидан бири шу эди: сен агар чин адиб бўлсанг, иложинг етган қадар рост сўзла! Ақлинг етган қадар тазйиққа чап бер! Мумкин адар ҳақиқату адолатни юзага чиқар! Аҳвол шундай эдики, ҳатто оддий китобхон ҳам ёзувчига ана шу жиҳатдан, яъни ҳақиқатни нақадар тўғри ёритганига қараб баҳо берар эди. Шунчаки мақтовдан иборат очерк ва ижобий фелъетон ёзиб юрган мухбирлар эса озгина ҳақиқатни ҳам эплаб айтолмас эдилар: эплаш учун уни образга сингдириш керак эди…
…Образ яратиш – Ёзувчининг иши.
Хўш, бугунги кунга келиб нимани кўрдик?
Талай адибларнинг авра-астарини ағдарган «ҳақиқатчи» мухбирлар ошкоралик эълон этилиши ҳамон бу борада ҳам мана шундай жонбозлик билан ишга тушиб кетдиларки, ў-ў-, манман деган ёзувчилар ҳам анграйиб қолдилар ва бир тўпи бирваракай мухбирликни касб этиб, илгари «учини чиқариш»дан маънавий ҳаловат топган, демак, ёзувчилик бурчининг адо этилиши бўлиб кўринган ҳақиқатни яланғочлаб кўрсатишга уриб кетдилар. Натижада Дадахон Нурий каби адиблар ботин иқтидорлари айни шу йўлда эканини беихтиёр намойиш қилдилар. Ҳатто улкан шоирлардан Эркин Воҳидову Мирзо Кенжабеккача публицистика бобида намуна бўлгудек мақолалар ёздилар. Бироқ барибир мухбирлар улоқни олиб кетди! Сабаби – бу йўл аслида уларнинг йўли эди!
Инсоф юзасидан эътироф этамиз: ўшанда айрим бадиий асарларга қараганда баъзи мухбирларимиз ёзган мақолаларни ўқиш мароқли туюларди. «Мухбирнинг даври келди!» дер эдик. Ва айтиш лозимки, мустақиллик арафасида унча-мунча амалдор ҳам мухбирлар қилган ишларнинг ўндан бирини қила олгани йўқ. Айни чоғда улар, ўзлари ўйламаган ҳолда, адабиётнинг сифатини талай ўн йилликлар давомида белгилаб келган дастурга зарба бердиларки, натижада номи чиққан талай адиблар нимани ва қандай ёзишни билмай қолдилар. Шунинг самараси ўлароқ улар орасида ҳам бояги савол бош кўтара бошладиди: «Адабиёт ўладими ё ўлдими?»

6

Таъбир жоиз бўлса, шу усул билан «елкадош» яна бир йўл мавжуд эдики, жайдаричасига таърифласак, у бундай: «Бадиий асарда ҳаётий муаммоларни ёритиш керак!» Муаммонинг ечимини талаб этадиган олимлар ҳам бор эди. Чунки ёзувчини «ҳёт муаллими» дейишарди-да! Аслида бу дастур азалдан дунё адабиётида ҳам бор эди ва то абад қолверади. Гап – унинг моҳиятини тушунишда.
Асарда «ҳаётий муаммоларни ёритиш» талаби, менимча, бизга рус адабиётидан ўтди. Рус адабиётида эса уни XIX асрда Чернишевский, Добролюбов, Белинский каби қаламкашлар кашф этган бўлиб, ўшандаёқ бу дастурни жўн тушунишлар бошланган эди. Масалан, ҳаммага машҳур ва манзур бўлган Иван Тургеневнинг барча романлари – муаммоли асарлар, деб аталарди. Гончаровнинг «Обломов» романи ҳақида эса Добролюбов: «Обломовшина»ни очиб ташлади», деб ёзган эдики, бу гапни ўқиган Гончаров: «Ўша йигит билан мени таништиринглар! Асарни зўр тушунар экан! Бу гап менинг хаёлимдаям йўқ эди», деб таъкидлаган эди. Тургенев бўлса ҳалигидай мақтовларга жавобан елка қисиб: «Мен ҳаётда бор-у, холос», деб қўяқолган. Бироқ талай рус зиёлилари бугунги кунда ҳам орзу қилаётган монархиянинг ўшанда тезроқ қулашини истаб «Нима қилмоқ керак?» деган бадиий ночор, аммо келгуси қўпорувчиликлар йўлида чиниқиш учун михлар устида ётишни-да тарғиб этган рахметов деган муаммо-образни яратган Чернишевский Добролюбовдан ҳам ўтиб кетиб, «Санъат ҳаётни ўзгартириши керак!» деган илмий иш ёзиб нашр эттирганидан сўнг тургенев тоқат қилолмай бундай деган эди: «Это не только дурная книга, это – дурной поступок!»
Камтар санъаткор Чехов эса «адабиётда муаммони ёритиш» масаласи ҳақида қисқагина қилиб: «Ёзувчи асарда муаммони ёритиши мумкин. Аммо уни ҳал этиш — ҳаётнинг иши…» деган эди. Хулласи калом, муаммо масаласи – кенг ва теран тушунилиши лозим бўлган масаладирки, бизда қишлоқ хўжалиги ёки чорвачиликка дахлдор бирон бир муаммони (мухбирлар ишини!) бадиий асарда ёритиш ва иложи бўлса ҳал этиб бериш фақат фазилат ҳисобланарди! Афтидан, ҳамон шу фикрда юрганлар бор.
Биродарлар, мана энди ўз-ўзидан аёнки, «муаммони ёритиш» бобида ҳам адашиб кетган эканмиз. Тўғрироғи, йўлдан оздирилган эканмиз! Фикримга ойдинлик киритай: совет даврида ҳаётимиздаги энг муҳим муаммо нима эди? Ватан озодлиги, сўз эркинлиги, қарамликнинг барҳам топиши! Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам ана шу армонда қурбон бўлиб кетди. Қодирий эса муаммога зимдан ёндашган эди. Хўш, энди бугун ёзувчидан қайси муаммони ёритишни талаб этасиз? Буни асли мухбирдан талаб этиш керак, у боплайди! Бундан чиқди, чин ёзувчининг, асл адабиётнинг проблемасию «тили учида турган гапи» бошқача экан-да? Ҳа, ҳа! Ҳа!
Алқисса, ана шуни англамаслик оқибатида ҳам бугунги кунда ҳалиги савол…

7

Е, савол Россия ва айрим собиқ социалистик ўлкалар адиблари тилида зикр этилаётгани ҳақида икки оғиз сўз айтмоқ лозим.
Сир эмас, биз ҳамон рус матбуотига қараммиз, хориж ҳақида, жумладан, у ёқдаги адабий ҳаракату фикрлар тўғрисида шу матбуотдан хабар топамиз.
Бироқ мен ҳозир тилга олмоқчи бўлган гап барча адабиёт мутахассисларига таниш, яъни «Адабиёт, ижод ҳамма вақт ҳокимиятга қарши туради», деган ақида, чамаси, санъат пайдо бўлганидан буён мавжуддир. Шунинг учун ҳам ҳамма даврларда, хусусан Истибдод – диктатура ҳукмрон бўлган тузумларда, адолатга салгина шаъма қилинса, бас, уларнинг ижодкорлари ижодий жараёндан четлатилган, ҳақоратланган, асарларинг чиқиши тақиқланган. Асарга «кишан солиниши» ижодкор учун энг оғир жазо экани сизга маълум. Бу ўринда ўзбекнинг «камбағални урма-сўкма, кўйлагини йирт!» деган ҳикматини эслаш кифоя. Лекин, ажабо, шунча асрлар ўтибдики, сон-саноқсиз ёзувчи-шоирларнинг кўйлаклари дабдала бўлиб кетса ҳам адабиёт диктатурага – ғайриинсоний кучларга қарши мардона туриб келаётир! Табиийки, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Бироқ, қизиқ-да, бир чех адибининг «Литературная газета»да босилган суҳбатидан, «Бизда қарши куч – соцмафкураўлди (яъни адабиётни гиж-гижлаб, қайраб турадиган куч ўлди), демак, адабиёт ҳам ўлади!» деган гапини ўқиб, унга раҳмим келди: бечора адиб адабиётнинг мақсадини (фақат!) шундан иборат деб билган экан. Дарвоқе, фақат угина эмас, рус адибларидан ҳам анча-мунчаси шундай фикрни айтишаётир. Тўғри, Россия мустамлака бўлмаса-да, истибдод занжирлари уларнинг адабиётини ҳам банд қилган эди.
Энди бошқа гапни эшитинг: Швейцарияда яшовчи номдор драматург («Физиклар» пьесасини эсланг) Фридрих Дюрренматт ватанида — ҳамма тўқ-тўкис экани, уруш-жанжал (у мамлакатда мутлақо уруш бўлмаган!) йўқлиги, ўғрилик, порахўрлик ва ҳоказо қусурлар ҳам одамларнинг эсидан чиқиб кетганини айтиб: «бизда ҳаёт тўхтаб қолган! Бизда яхши адабиёт яратилмайди! Яратиб келинган бўлса, энди …ўлади», дебди. Албатта, мен бу гапга ишонмайман: эгизаклар орасидаям жанжал чиқиши турган гап. Сўнгра ер курраси ва инсоният тақдири миқёсида фикр юритадиган ёзувчининг бу мулоҳазасини унинг ўзига хос «эркинлиги» натижаси деб тушундим. Қисқаси, «Адабиёт ҳокимиятга қарши қутбда тургандагина ижод яйраб-яшнайди», деган ақиданинг инқирози ўзимизнинг ўзбек танқидчи ва адибларидан ҳам баъзи бирлари тилида акс-садо бераётирки, охир-оқибатда шундай фикрлар айтилаётир: «Энди нимани ёзиш мумкин? Кимга қарши?»
Демак, адабиёт…

8

Мана, энди асл адабиётнинг «асл масаласи»га етиб келдик. У шундан иборат эканки, адабий ҳодисани, яъни асарни ичдан ёритиб ва тўппа-тўғри кўнгилда акс садо бериб, кишини қаёққадир бошлайдиган бир нур бўлар экан! Илло, инсоннинг ўзи ҳам табиатан қандайдир бекатга – нурга интилади! Гап – ўша нурнинг қандай эканида, холос! Зеро, у нурнинг шакли-шамойили кўп, шунинг учун уни ҳар хил тушунадилар. Чунончи, Хемингуэйнинг таърифича, у — «ашаддий истеъдод соҳиби», Киплинг ижодида эса, у – одамларнинг Одами – оқтанлилардир.
Инсонни «Табиат тожи» деб улуғлаган Жек Лондон ҳам охири англо-саксонларни «энг буюк инсонлардир» дея тасвирлашга жазм қилди. Олмонияда немис фашитлари ҳукмронлик қила бошлагач, табиий равишда «орий»ларни «энг буюк ирқ» сифатида тасвирловчи ёзувчи ва шоирлар ҳам пайдо бўлди. Бизнинг кечаги мустабид ҳокимиятимиз даврида эса «Энг улуғ инсон – совет кишисидир!» деган шиор қонун тусини олди, демак, бу – бошқа тузумлардаги одамлар паст ва ожиздир, дегани эди. Табиийки, бундай ақиданинг замирида Шўро сиёсати ҳукмрон эди. Сиёсатнинг ортида эса социалистик мафкура тоғдек қўр тўкиб турардики, ўша «тоғ»ларнинг булоқларидан баҳра олиш шарт эди!
Энди Киплингу Лондону орийпарастларнинг қандай нурга тортганлари ҳақида тўхталмай, социалистик мафкурани ичдан ёритиб, инсониятни қайгади бошламоқчи бўлган нурни кўрмоқ истасак, табиийки, «коммунизм» отлиғ саробга дуч келамиз.
Яна тибийки, коммунизм фирқанинг жаннати эди! Ҳа, унга интилмаслигимиз дўзахда қолиш билан баробар эди! Демак, коммунизм ғирт ақидапарастлик эди!
Тарихдан маълумки, мамлакатда ёки муайян бир тузумда турфа динлар ёхуд олий ғоялар ўзига топингувчи кишиларга «йўлчи юлдуз» бўлиб хизмат қилиши мумкин ва улар бир-бири билан ҳеч маҳал рақобат қилмаслиги ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай ҳолни шу кунларда тараққий этган мамлакатларда кўриб турибмиз. Ва ўзимизда ҳам шундай бўлаётир. Бизнинг муфтиймиз насроний руҳонийси билан ёнма ён қадам ташлай бошлади. Эслайсизми, Туркияда аллома, валий Жалолиддин Румий бандаликни бажо келтиргач, марҳумнинг тобути ортидан нафақат мусулмон диндорлари, балки насроний иуда ва бошқа дину мазҳабларнинг коҳин, руҳний ва роҳиблари ҳам бошларини эгиб эргашган эдилар!
Қандай порлоқ манзара!
Ёхуд Ибн Сино Ғазнавий таъқибидан қочиб кетаётиб кимнинг қўлида жон берганини эслайсизми? Суюкли шогирди журжонийнинг қўлида жон берган! Журжоний эса… насроний динига сиғинар эди. Табиийки, улар барчаси «Оллоҳ — ягона!» деган буюк қаноатда муқим эдилар. Шунинг учун ҳам илоҳий китоблар ўртасида кучли зиддият кўрмасдилар. Аксинча, ул зотлар кўнгиллари овозига қулоқ тутар эдиларки, у кўнгиллар «кўчаси кўп» кўнгиллар эмас, иймон ва шуур билан йўғрилган, қарийб бир бутунликка етишган кўнгиллар эди!
Гап шундоқ экан, халқни коммунизм сари йўналтирган, уни алдаб-ишонтириб «жаннат»га ҳайдаган марксизм-ленинизм мафкураси наинки насроний динига, балки исломга, Будда, Иуда ва бошқа динларга ҳам қарши – барчасининг ёвуз душмани эди. Чунки у ҳар қандай динда ҳам… ўз рақибини кўрарди! Фақат рақибини! Ахир дин иши – кўнгил иши!
Коммунистик мафкура инсонлар кўнглини ўзиники қилмоқчи эди! Унинг «жаннати» ҳам шу мақсадга хизмат қиларди, «дўзах»и ҳам Шу боис ҳам у ўлимга, лаънатга маҳкум этилган экан. Мана, кўз ўнгимизда жон берди ҳам.
Энди, бош мавзуга қайтиб, бояги машъум саволнинг туғилиш сабабларини излаш нуқтаи назаридан қарасак, дарҳол кўрамизки, ярим асрдан зиёдроқ вақт мобайнида анови қалбаки «дин»нинг сунъий нури кўрсатган йўлда, яъни «коммунизм кишисини тарбиялаш йўли»да ижод қилган тўп-тўп адиблар, у нурнинг сўнганини кўриб, нечук аросатда қолмасин? Кўплар аросатда қолди ва йўлини йўқотган йўловчилар каби, қаёққа боришини билмай қаламларини тишлаб турибди. Шунинг оқибатида улар даврасида ҳам маълумингиз савол туғила бошлади: «Адабиёт нима бўлади? Ё…»

9

Вақт етди, энди санъатнинг, жумладан, Адабиётнинг пайдо бўлиш сабабларини эсга олсак. Бунинг учун ўзимизни ҳар ёнга урмасдан Арастунинг «Поэтика» асарига (бу асар эрамиздан бурун яратилган-а!) мурожаат этсак, санъат уч бирликнинг уйғунлиги негизида пайдо бўлганини кўрамиз: биринчи сабаб – табиатга тақлид (ибтидоий одам тош деворларга ишлаган турли-туман ҳайвон, дарахт ва қуроллар расмини эсланг): иккинчи сабаб – қаноат-ҳузур (ўша ибтидоий рассом ўз ишидан завқ-қаноат топмаса, чизиб ўтирармиди?); учинчи сабаб – тарбиядир.
Деворга чизилган ҳайвон, ўсимликлару манзараларни кўрган қабиладошлар уларни янада яхши кўриб қолмайдими? Демак, ибтидоий рассом қавмларини тарбия қилаётир! Санъатнинг таърифи ҳам, моҳияти ҳам шудирки, бу «иш» кўнгил эҳтиёжи бўлиб, тўппа-тўғри кўнгилларда акс садо беради. Мана, Адабиётнинг нимадан пайдо бўлишию нимага хизмат қилиши – инсонни қаёққадир тортишининг моҳияти Бу борда ортиқча иккиланиш чалкашликларга дучор этади. Лекин инсон табиатан шунга мойил: излашга, қидиришга, имкониятлар ахтаришга, яъни табиатга бевосита тақлиддан ҳам устун воситалар – йўллар излашга маҳкумлиги учун оқибат-натижада ҳақиқий санъат вужудга келди ва у шохлаб, тармоқлаб кетди. Ажабо, ҳатто XIX асрда ҳам Россияда наср билан назм фарқ қилинмас – иккиси ҳам поэзия деб аталар эди, роман жанри эса мифларнинг ўрнини босаётир, деган ақида бор эди…
Ўзимизнинг Адабиётга назар ташласак, яқин ўн-йигирма йиллар орасида руслар «маленькая повесть» деб атайдиган жанрга ўхшаш «қисса» жанри пайдо бўлди. «Қиса» «повест»нинг таржимаси бўлмаганидек, «достон» ҳам — «роман» эмас. Ўзбек романчилигининг асосчиси – Абдулла Қодирий, деймиз. Ҳақиқатан ҳам шундай ва Вертельс юз фоиз ҳақ: «Дунё романчилигида бешинчи мактаб – ўзбек романчилигидир. Аттанг, бу миллий роман туғилди-ю, издошлар бўлмади». Бу – олимнинг фикри. Лекин издошлар бўлди. Бироқ улар ўзига хос, яъни мусулмоний-туркий анъаналардан йироқроғ-у, оврупо-рус романчилигига яқиндирки, бунинг сабабларини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Гапнинг қисқаси, санъатнинг, жумладан Адабиётнинг ҳам, шакл-шамойили ва тасвир воситалари бойиб келмоқдаки, бу-да кўнгил талабидир. Демак, Адабиётнинг асл-азалий мақсади – тарбия, яъни – инсонни эзгуликка тортиш, энг олий нурга етакаш экан, бу ҳам бевосита қалб эҳтиёжидирки, инсон барҳаёт экан, бу эҳтиёж ҳам яшайверади.
Мен хулоса қилгандай бўлдим. Бироқ, яйраб фикр юритгингиз келади. Ҳар қандай ғоя-мафкура таъқибида туриб ҳам дуруст асарлар яратиш мумкин. Агар ўшандай асарлар бунёд бўлмаса, жилла қурса «Қутлуғ қон»га ўхшаш романлар ҳам ёзилар эканки, биз улар билан «муомала» қилганда, зинҳор мағзавага қўшиб чақалоғини ҳам итқитган онага ўхшамаслигимиз лозим. Бу – насиҳат эмас, бу — ҳақиқат Олдин этиб қолган ва миллий-маънавий бойликларимизга нописандлик билан қарайдиган «илғор»лар бундай ўйламаса, ўзларининг иши. «Адабиётда муаммони ёритиш» дастурининг-да талай ёзувчиларни (жумладан, ўқувчини ҳам) чалғитишини кўрдик. Ҳолбуки, бу дастур йўлида яхши асарлар ҳам яратилгани ва яратилажаги шубҳасиздир.
Ёхуд «совет кишисининг образини яратиш» талабига жавобан ёзилган ва коммунизм номли «жаннат»га тортиш учун мўлжалланган асарларни ҳам саралаб кўрсак, улар орасида эзгуликка хизмат қилувчилари ҳам топилади. Демак, ҳар йўсинда, ҳар қандай тузум ва ҳар қандай мафкура ҳукмронлиги даврида ҳам баркамол асарлар яратилиши мумкин, яратилар экан ҳам, ва ҳеч қурса баъзи асарлардан ҳаётбахш боблар-саҳифаларни топиш мумкинки, бу ҳам мон эмас. Қолаверса, ундай асарлар – ўшандай жамиятларда, бизда – социалистик истибдод шароитида инсоннинг қандоқ бузилиб-ўзгартирилиб, тор қобиқларга солиб тасвирланиши мумкинлигини келгуси авлодлар кўрмоғи учун ҳам намуна бўлиб қолишга ҳақлидир

10

Энди ўзимизга, қалбу шууримизга ёққан, ёқиб келаётган ва маънавий бадиий таъсири сира сусаймайдиган баъзи улуғ ёзувчиларнинг улуғ асарларини эсласак: «Ҳамлет» Шекспир уни кимнинг буюртмаси ёки тазйиқи остида ёзди экан? Ёхуд унда қандай «муаммо»ни ёритишни мақсад қилиб қўйди экан? Ёки кимга – қандай цензурага чап беришни ўйлаб, қайси ўринларида бош қотирди экан? Балки асарда энг олий мафкура – диннинг бирон бир ўгитини исботлаган ва шу тариқа инсонни тарбия қилишни кўзлагандир? Бу саволларга «Ҳа, ҳа» деб, ёки «Йўқ, йўқ» деб жавоб бериш мумкин.
Тагор, Чехов, Генри, Мериме, Кортасар Буларнинг қайси ҳикоясида қандай муаммо ёритилган? Уларнинг асарларида қайси ҳокимиятнинг талаби ёки тазйиқи сезилади? Сервантеснинг «Дон Кихот», Шолоховнинг «Тинч Дон», Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» романларидачи? Ёки бўлмаса, Теодор Драйзернинг «Америка фожиаси» асарини эслайлик: агар асар ғоясини унинг номидан, демак, бундай фожиа бўлмаслигини исташдан англаб олмасак, асар қаҳрамонига – қотилга ачинамиз ва яна… уни айблаймиз Инсон шу қадар мураккаб экан-да
Дарҳақиқат, Адабиётнинг мавзуи – одамлар, деган (табиатнинг бир бўлаги сифатида) эски ҳақиқат айни чоғда янги, мангу ҳақиқат экан-да?
Жуда жўн хулоса-я?
Энди ўз-ўзидан аёнки: Адабиёт учун инсондан қизиқ, инсондан қадрлди, инсондан азиз ва инсондан ваҳший, ёвуз, йиртқич «муаммо» йўқ экан Ва бинобарин, унинг мангу вазифаси ана шу ёзиш, очиш, кашф этиш, ҳа-ҳа, энг пинҳон тарафларини ҳам оча билиш ва пировардида у шу тариқа эзгуликка, инсон камолотига кўмаклашар эканки, бу ишни-да у беихтиёр адо этар экан
Алқисса, ҳақиқий ёзувчилар ана шуни тасвирлаш-ифодалашга маҳкумдирлар. Мажбур эмас, маҳкумдирлар Бундан чиқди, ёзувчилик касб эмас, ҳунар ҳам эмас, қисмат экан Ҳар биримиз ана шу ҳақиқатни ўзимизники қилиб, унга ўзимизни бахшида этишни ўйласаккина, пешонада ёзиғимиз шуми, бошқа нарсами – дарҳол билиб оламиз ва шунга қараб иш тутамиз.
Хулосамиз будир: Адабиётнинг асл мақсадини аниқ билмаслик ёки уни унутиб қўйиб, ҳукмрон мафкурага оғиб кетиш, ёхуд ҳар хил дастурларга алданишнинг энг ёмон оқибати шу бўлар эканки, юқорида айтилганидек, беҳуда саволлар онгимизу кўнглимизга соя солар экан Пировардида, гангиб, аросатда қолишимиз мумкин экан.
Демак, йўл аниқ
Айниқса, биздек ўзбек ёзувчи, шоир, адабиётчиларига Ахир, сўз эркинлигини истар эдик — эришдик Цензура ҳам йўқ
Биз криб-яшаб турган ҳаёт эса мислсиздир: инсоннинг ноёб сифатлари, қусурларию эврилишлари, буюкликлари ҳар сонияда намоён бўлмоқда. Вазифа – уларни кўриш, англаш, мағзини чақиш ва тасвирлаш орқали инсонларни олий нурга – эзгуликка тортишдан иборатдир Шу йўлдан адашмасак ва бизни адашишга мажбур этмасалар, бас, қолгани ўзимизга боғлиқ экан. Тўғри, ҳар ким ҳар хил савяда ёзади, бу ёқда «бозор иқтисодиёти» ҳам хавф солаётирки, у ҳар қандай асарни ҳам кўтармайди. Буларни-да ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Ҳисобга олиш эса маҳоратга, ибтидоий одам истаганидек, асарнинг қизиқ ва завқли бўлишига зўр эътибор бериш демакдир. Ана шундай талабга жавоб бергудек асарлар яратила бошлар экан, китобхонлар кўзи ўнгида хийлагина обрўйи тушган адабиётимиз ҳам, ёзувчиларимиз ҳам яна қайта ўз мавқеини эгаллайдики, бу – янги обрў, янги мавқе бўлади
Акс ҳолда, давлат қилиши мумкин бўлган ҳомийлик ҳам, «адолатчи» мухбирларнинг вазмин тортиб қолиши ҳам, айрим адиб ва танқидчиларнинг яқин ўтмишимизда яратилган асарларга нигилистик қарашдан тийилиши ҳам ўша машъум саволнинг туғилиб, бош кўтариб туришидан бизни халос этолмайди.

1992 йил

Maнбаъ: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1992 йил, 10 апрел.
“Тафаккур”, 1998 йил, 2-с.

Мазкур мақолани Шукур Холмирзаевнинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган (саҳифани ҳам ташкил этган) ёш дўстим Отабек Муҳаммадийга миннатдорчилик билдираман.

(Tashriflar: umumiy 1 618, bugungi 1)

Izoh qoldiring