Sulaymon Rahmon. She’rlar. Eski daftarlardan.

045       Сулаймон Раҳмон ўзбек шеъриятида ўз изини қолдира олган, бугун ҳам баракали ижод қилаётган салоҳияти баланд шоир.Унинг нашр этилган тўпламлари шеърият ихлосмандларининг севимли китобларига айланган бўлса, жаҳон адабиётининг сара  намуналаридан қилган таржималари  ўзбек таржима мактаби  хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. Бугун биз сизга   чоп этилган китобларидан шоирнинг ўзи саралаб берган шеърларини тақдим этмоқдамиз.

054

Чироқни ўчириб, (Рауф Парфи билан) иккаламиз икки каравотга чўзилдиг-у, лекин кўзимизга уйқу илинмади, туни бўйи гаплашиб ётдик. Гапимиз шеър ҳақида, адабиёт ҳақида бўлди деёлмайман. Тарих ҳақида, тил ҳақида, миллат тўғрисида, жадидлар, босмачилар хусусида гаплашдик. Унинг айтишича, босмачилар босмачи эмас, миллий озодлик учун курашчилар бўлган. Улар халқни эмас, қизил аскарларни босган. Шунинг учун ўрислар уларни «босмачилар» деган. Аслида эса, қизил аскарларнинг ўзлари босмачи бўлган. Мисол учун, Мадаминбек ўзбекларни большевеклардан қутқариш учун, ислом динини ҳимоя қилиш учун курашган. Унинг мақсади Туркистонни туркистонликлар қўлига олиб бериш бўлган…
09

Менинг ёш хаёлимда ҳам шундай гаплар йўқ эмасди. Гарчи дарсликларда Ўзбекистон иттифоқнинг тенгҳуқуқли аъзоси дейилса-да, аслида унинг Россияга қарам бир ўлка эканлигини яхши англардим. Гарчи ўша кезларда «Ўзбекфильм» босмачилар тўғрисида кетма-кет фильмлар чиқариб, «босмачилар» ҳақиқатан ҳам босмачи эканлигини исботлашга уринаётган бўлса-да, бу фильмларнинг уйдирмалигига, бундай фильмлар кимларнингдир буюртмаси билан олинаётганига ақлим етарди. Мен тарихий ҳақиқат аслида қандай бўлганини билишга қизиқардим. Шу боис кўп ўқир, тарих титардим. Тақиқланган нарса қизиқ бўлади. Айнан тақиқланган китобларни, қўлёзмаларни топиб ўқишга ҳаракат қилардим. Амир Темур ҳақида рост гапларни билгим келарди. Ўша йиллари Иброҳим Мўминовнинг худо ёрлақаб дунё юзини кўрган Амир Темурга бағишланган бир рисоласи қўлма-қўл бўлиб кетди. Лекин бу рисола менинг чанқоқ руҳимни қониқтирмади. Бошқа китобларни, асл манбаларни топиб ўқишга ҳаракат қилдим. Л.Лянгленинг 1890 йили чиққан «Жизнь Тимура» деган китобчасини, миллатчи деб қораланган Чўлпоннинг баъзи шеърларини топиб ўқишга муваффақ бўлдим…

..Мен «Гулистон» журналига ишга кирдим. Бу ерга ишга киришимга ҳам Рауф Парфи билвосита сабаб бўлган десам янглишмайман. Гап шундаки, мен армиядалигимда унинг «Тасвир» деган китоби чиққан экан. Айни кунларда «Хотирот» чиқиб қолди. Унисини ҳам, бунисини ҳам ўз қўли билан тақдим этди. Шуларни ўқиб бир мақола ёзгим келди. Йўлим тушиб «Гулистон»га борганимда, адабиёт бўлимида ишлаётган Абдулла Шерга фикримни айтган эдим, «Жуда яхши бўлади, ёзинг, «Тенгдошимнинг ижодига бир назар» деган рукнимиз бор, шунга берамиз», деди. Ёздим. «Гражданлик эҳтироси» деб сарлавҳа қўйдим. Гап шундаки, Рауф Парфи тўғрисида ўша пайтларда у бетайин ғам-қайғулар шоири деганга ўхшаш гаплар юрарди. Мен ўзимча унинг граждан шоир эканлигини исботламоқчи бўлдим. Мақола бош муҳаррир Асқад Мухторга ёқибди. «Шу йигитни топинг, бир гаплашайлик, балки ишга олармиз», дебди. Гапнинг қисқаси, мен баҳонаи сабаб билан «Гулистон»чи бўлиб қолдим… (Сулаймон Раҳмоннинг “Суюк ва буюк шоир” мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқинг.).

 

Сулаймон Раҳмон
ШЕЪРЛАР
Эски дафтарлардан
054

ОТ

Гоҳ талпинар, депсинади гоҳ,
нима истар бу асов тулпор?
Гоҳ хўрсинар, гоҳи чекар оҳ,
суворийга боқар умидвор…

Ай, чавандоз, қўйгил эркига,
муродига етсин ул бедов.
У бир буюк мақсадга эга,
у от эмас, у – тирик олов.

Қара, шаҳло кўзларида ёш,
чорлар уни кўҳна бобоқон.
Қўйвор уни, қўйвор, бағритош,
ёлларида уйғонсин бўрон.

Шамолларга керсин кўксини,
токай чулғар уни бу уйқу?
Йиқилса ҳам ўзи депсиниб,
яна ўзи туриб кетар у.

Мақсадига талпинар гўзал,
у парвозни соғинган ёмон.
Қўйвор, ҳали ҳаммадан ўзар,
элтар сени манзилга омон.

Туёғида бир латиф шиддат,
лабларида содиқ бир пичир.
Эй, чавандоз, жиловни бўшат,
учир уни, Ғиротдай учир…

Гоҳ депсинар, талпинади гоҳ,
эркни қилгил унга пояндоз.
Бўлақол, ай, бўлақол тезроқ,
тизгинини бўшат, чавандоз…

1967

* * *

Тоқ бўлди охири тоқатинг,
туни бўйи осмон йиғлади.
Буюк эди менинг ҳаётим,
сенинг тор уйингга сиғмади…

Улоқтирди зулмат кечага
гарданимга санчган кўзларинг.
Гурс-гурс этиб шилта кўчага
тушаверди отган сўзларинг.

Ғўнғиллаган аридай пусиб,
қувлаб келди ўқталиб нишлар,
лекин тегмай, думини қисиб,
итдай ғингшиб қайтди қарғишлар.

Кетавердим, кўксим бўшади,
қолавердинг сен қаро ғамдек.
Довдир-совдир қадам ташладим,
чекишни ташлаган одамдек…

Тоқатинг тоқ бўлди оқибат,
осмон ҳам тун бўйи йиғлади.
Буюк эди менда муҳаббат,
сенинг тор кўнглингга сиғмади…

1967

* * *

Менинг гўзал гуноҳкорим,
менинг азиз айбдорим,
кўзларимга кулгу солган,
қайғу солган дилдорим,

Бу не жоду? Васлинг майин
ичган сари чанқадим?
Сен ўргатдинг йиғлаб туриб
кула олмоқ санъатин.

Сувда сузган балиқ – маним,
кўкда учган қуш – маним…
Сен ўргатдинг ҳаёт қадрин,
менинг эрка душманим.

Сен ўргатдинг ҳасратларни
бол ялатиб боқмоқни…
Кулиб туриб қаршилашни
бошга тушган чақмоқни…

Номинг айтсам, дилим ёнар,
тилим ёнар, о, тилим!.. –
менинг гўзал жаллодимдир,
менинг мунис қотилим…

1968

* * *

Кута-кута толдим сени, эй, нур,
қайғулар кулмоқда устимдан масрур,
сабримнинг сочлари оқарди, ай, ҳур,
инсофинг борми?

Орзиққан орзуим озди – сен йўқсан,
умидим умидин узди – сен йўқсан,
тўзимим тирқираб тўзди – сен йўқсан,
инсофинг борми?

Чинордай чидамим чирс-чирс чириди,
ишончим ивиди, ишқим ириди,
аҳдим аразлади, қасдим қариди,
инсофинг борми?

1968

* * *

Йиғлатмади мени, азизам,
кўзларингда йиғлаётган ғам.

Кўнглинг сирин сўзда айтмадинг,
ё имо, ё кўзда айтмадинг.

Дил ўртаган дардингни, мунглим,
фаҳм этмабди бефаҳм кўнглим.

Сир айтмабди менга, азизам,
кипригингда кезган титроқ ҳам.

Бефаҳмлик – суронсиз жала,
ишқ кўшкини қилди дабдала.

Сирдошлардай бўлиб биз сирдош,
бир ёстиққа қўёлмадик бош.

Кўнгил синди, юрак еди лат,
адо қилди севгини ғафлат.

Мен шундай бўш, мен шундай баёв,
бўлолмадим сен кутган куёв.

Сўй, қаҳрингга қонимни ичир,
кечир, мендай латтани кечир…

1968

* * *

Сенинг бир кулишинг – мен учун жаннат,
бир қаср бахш этди – мен тушдим асир.
Ёраб, бандиларга қайда бор шафқат,
шўрлик мен асирга бир кун – бир аср.

Соғинч чангалида қолди кунларим,
эй, умрим, айт, кимга тўлайсан хирож?
Умидларим менинг – сўлган гулларим,
наҳот ҳидламакка йўқ энди илож?

Айт ўзинг, кимларга таъзим қилай мен,
кимларга сиғинай сенга боқгали?
Айт ўзинг, журъатни қайдан олай мен,
шоҳ Машраб сингари этак қоқгали?

Бахтини топмоқда қадим бу очун,
ватанлар бўлмоқда эркига ҳамдам.
Дариғ тутмоқдасан сен эса нечун,
мендан, эй, дилбарим, висолингни ҳам?

Яна қуёш ботди, яна қон шафақ.
Наҳот бу кеча ҳам хаёлим қақшар?
Наҳот мен ўтарман йўлингга илҳақ,
ҳазрат Навоийдек то рўзи маҳшар?..

1969

СИНГАН КЎНГИЛ

Жонона юзидай жоноқи олма
жонбахш рангларидан қон олган кўнглим,
лаблари гулғунча, ёноғи олма
қизлар нигоҳидан жон олган кўнглим,

Ҳайҳот, бир номард дўст тошидан чил-чил
синиб ётар эди – боғ аро кузнинг
маҳзун йўлагида аянч ва дардчил,
пардоз кўзгучаси каби бир қизнинг.

Нега синдинг, кўнглим,
кинлар, ғаразлар,
нокаслар тошига дош топган кўнглим?
Нега синдинг, кўнглим,
ишқлар, аразлар,
гуллар орасидан тош топган кўнглим?

Нега синдинг, нега?
Номард дўст учун
омадлар тилаган, куюнган кўнглим?
Ай, дўст қайғусидан ғижим ва ғижим,
ай, дўст шодлигидан суюнган кўнглим?

Нега синдинг, нега?

1969

* * *

Битиклар бор занжирларда, кишанларда,
жаллодларнинг кундасида, деворларда,
зиндонларда, тангаларда, нишонларда,
битиклар бор қиличларда ва дорларда…

Боболарим ёзиб кетмиш эътиқодин,
ор-номусин, бу дунёга қарашларин,
ёзиб кетмиш қаҳқаҳаси ҳам фарёдин,
ёзиб кетмиш майдон ичра курашларин.

Боболарим қони олов – ор олови,
боболарим қони исён – эрк исёни.
Боболарим қони ялов – эрк ялови,
томирларим ичра борми улар қони?

Мен турибман чорраҳада оёқяланг,
бу чорраҳа менга синов чорраҳаси.
Кўзим боқар чор тарафга аланг-жаланг,
менга ҳайрон бу дунёнинг чор даҳаси:

«Болам, сен шу боболарга боламисан?
Унда нечун қонинг совуқ, қайнамайсан?
Ўз ичингга қамалган бир ноламисан,
нечун катта майдонларда ўйнамайсан?..»

1969

БЕЗОРИ ШАМОЛ

Эй, фаввора бўйларинда
тентиб юрган тентак шамол,
йўқми шоҳи кўйлагинг-да,
йўқми сенда ҳарир рўмол?

Чанг солма, қўй, рўмолига,
юлқима ёр кўйлагин-да,
қолма ҳаё уволига,
уялтирма ўйларин-да…

Юлқиб қочдинг, парча-пурча
учар кўкда газеталар.
Сенга парво қилмас унча,
тош ҳайкаллар, кассеталар.

Юлқиб қочдинг, қувлар шаҳдам
рўмолин не овворалар,
отма уни, шамолгинам,
қайтиб бермас фавворалар.

Безорисан, безорисан,
тиниқ сувни лойқатурсан.
Осуда дил озорисан,
тинч кўнгилни чайқатурсан.

Эрмак йўқми сенга бошқа,
мунча шилқим, сурсан ахир?
Кетсанг-чи, ҳув, тоғу тошга,
ҳурсан ахир, ҳурсан ахир…

1969

* * *

Ватан ҳақда шеър ўқиб берай?
Сен тинглайсан уни эринмай?
Ундай бўлса, топиб бер, кўрай,
ватан йўқдир қайси шеъримда?

Мен алқасам боғу роғларни,
ё дардимни, ишқимни айтсам,
ё қарғасам қарға, зоғларни,
ё севгимни, рашкимни айтсам,

наҳот булар эмасдир ватан?
Ватанмасми кулгим, хонишим?
Ватан эрур номус, вафо, шаън,
ватан – эрк деб куйиб-ёнишим.

Қизлар, гуллар, юлдузлар, замон –
бир ғилдирак, ватан эса – ўқ.
Ҳислар, нафслар, яхши ва ёмон
ё бор қилар ватанни, ё йўқ.

Ватан ҳақда бўлмасми, ай, гул,
ё дарахт, ё ой ҳақда ёзсам?
Ватан хокин ўпди деб билгил,
гар шеъримда лабга лаб боссам…

Бир майсани жўшиб куйласам,
бир хаёлим ватан ёқдадир.
Сен ҳақингда қўшиқ куйласам,
эй, ёр, бу ҳам ватан ҳақдадир…

1969

* * *

Зулматлар бир куни нурга дўнажак,
кулган бахтимизни ўпгайман, гулим.
Учган ҳушларимиз қайтиб қўнажак,
бошингдан оқ тонглар сепгайман, гулим.

Бўронлар бўғзини бир кун йиртгаймиз,
сабр тўрларини тортгаймиз сувдан.
Йўрға хаёлларни миниб йўртгаймиз,
кетгаймиз қайғудан, ғамдан, ҳай-ҳувдан…

Кетгаймиз, албатта бир кун етгаймиз
саболар юртига, сафо мулкига.
Абадий видолар айтиб кетгаймиз
жабрлар юртига, жафо мулкига.

Иймоним – бешикдир, полвон умидлар,
париваш орзулар улғаяр унда.
Ёруғ келажакдан келган хуш ҳидлар
кезар дил аталмиш гўзал очунда.

Илоҳо, етайлик… Дунё кўрмаган
жамолга етайлик, кўркка етайлик.
Қўлини ҳеч қачон қонга урмаган
камолга етайлик, эркка етайлик…

Зулматлар бир ажиб нурга дўнганда,
кулган юзларингдан ўпарман, гулим.
Учган ҳушларимиз қайтиб қўнганда,
бошингдан оқ тонглар сепарман, гулим…

1970

* * *

Нечун кўзларингда ёшинг шалола,
нечун сўзларингда оташин нола,
сабҳидам сабоси нозик адо-ла
нозик хаёлингни бузиб ўтдими?

Боғлар ороланиб ҳайрон қарайди,
не гап деб чуғурлаб қушлар сўрайди,
ул қаро кўзларинг баттар қорайди,
бағрингни бир ҳасрат эзиб ўтдими?

Очилиб қолдими кўнглингдаги сир,
ё ўзга севгига бўлдингми асир,
ё кўрган тушларинг қилдими таъсир,
ё нохуш хотиринг тўзиб ўтдими?

Нечун заъфаронсан, урдими ё зах,
ё таъна чимчиди, ё чақди мазах,
ишқ кирган дилингга кирдими дўзах,
ё шайтон қонингда қўзиб ўтдими?

Ғам деган балони қийратган эдик,
ошифта дилларни яйратган эдик,
ишқ деган бир гулзор яратган эдик,
айрилиқ шамоли эсиб ўтдими?

Оламда нима бор ишқдан хайрилиқ,
ҳижрон ишқ йўлида жўн бир қайрилиқ,
ёхуд шу арзимас, қисқа айрилиқ
умидинг риштасин узиб ўтдими?

Ҳайронман, ғуссага ботибсан нечун,
ҳайронман, бу ҳолдан ҳайронмас очун,
ё отанг, менга дил берганинг учун
жазолаб, қулоғинг чўзиб ўтдими?..

Нечун кўзларингда ёшинг шалола,
нечун сўзларингда оташин нола,
субҳидам сабоси нозик адо-ла
нозик хаёлингни бузиб ўтдими?

1970

* * *

Ҳаётнинг ҳар они туман-туман роз,
овоз ол ва бергил эрк учун овоз,
қайдадир чинқирар сўйилган хўроз,
ожизларга ён бос, раҳм эт, кўз ёшла,
яхшилик қилгилу дарёга ташла,
билса, балиқ билар, билмаса – холиқ.

Хўрознинг бўғзидан сачраган ул нур,
бутун бир дунёни уйғота олур,
уйғонган дунёнинг боқишлари ҳур,
ҳур-ҳур шамолни ўп, лабларин тишла,
яхшилик қилгилу дарёга ташла,
билса, балиқ билар, билмаса – холиқ.

Чинқириқ тўлдирар юракка ваҳм,
ингроқ фарзандидир туғилган раҳм,
дилларда илондай ўрмалар заҳм,
адолат байроғин баландроқ ушла,
яхшилик қилгилу дарёга ташла,
билса, балиқ билар, билмаса – холиқ.

Ёмғирдан қочганлар дўлга дуч келар,
ўнгдан юз бурганлар сўлга дуч келар,
йўлдан адашганлар йўлга дуч келар,
дунёни ҳуррият йўлига бошла,
яхшилик қилгилу дарёга ташла,
билса, балиқ билар, билмаса – холиқ.

1971

* * *

Қалбим унгурида ётган муҳаббат,
илонга айланар, сени ўйласам.
Илонга айланиб, ўткир, бешафқат,
қатъий сўзлар билан ичар у қасам.

Оҳиста ўрмалаб, ўрим сочларинг
бағрида очилар бойчечак бўлиб.
Қоматинг сарвига чирмашиб яшар,
зарпечак эмасу гулпечак бўлиб.

Ўсма бўлиб инар қошларингга у,
сирға бўлиб тишлар қулоқларингни.
Билакларинг чирмар билакузукдай,
узук бўлиб силар бармоқларингни.

У сени бой қилар, бахтларга буркар,
хазина қўриқлаб ётгандай, жоним,
қўриқлаб ётади сени қалбимда
менинг муҳаббатим – менинг илоним…

1971

* * *

Мен уни мерганнинг ўқлари етмас,
жоҳилнинг дўқлари етмас жойлардан,
мен уни жодугар жодуси ўтмас,
сувлари ҳаётбахш, жонбахш сойлардан,
энг узоқ ўйлардан топганман, дўстим,
чолғусиз куйлардан топганман, дўстим.

У учар ва лекин ажабки, қушмас,
тушмас у, тушмоллар кўролмас таъбир,
балиқдир ва лекин қармоққа тушмас,
емиши – юракдир, емиши – сабр;
гулдир у, ҳар кимса теролмас, дўстим,
бойликдир, ҳотамлар беролмас, дўстим.

У – тирик, у олар хаёлдан нафас,
у одам қалбига қурар уясин.
Унга сўз – тузоқдир, хотира – қафас,
чўқилаб ейди у инсон миясин.
Нурдир у, ҳамма ҳам кўролмас, дўстим,
йўлдир у, ҳамма ҳам юролмас, дўстим.

Ким топса, кенг олам шуники бўлар,
кафтига жо бўлар замину фалак,
ўлса ҳам мозори нурларга тўлар,
пойига гул қўяр келажак-малак,
руҳдир у, ҳар ким ҳам ушлолмас, дўстим,
чўғдир у, ушлаган ташлолмас, дўстим…

1974

* * *

Мен учун хушбўй гул – сен учун бадбўй,
мен учун некбин кас – сен учун бадбин.
Сен учун зино – ишқ, мен учун у – наҳс,
адолат – менга ҳақ, сен учун у – кин.

Мен учун тонг отган лаҳзада, не тонг,
сен учун кун ботар, бўларсан адо.
Тунда ҳам гуноҳ йўқ, кун ҳам бегуноҳ,
кун кимга саломдир, тун кимга – видо.

Сен учун садақа гўёки пора,
чилвирни илон деб сесканар қўрқоқ.
Сен оппоқ кўз билан кўрасан: қора,
мен қора кўз билан кўрдим: дунё оқ.

Бир тангани кўрдик икки тарафдан,
мен кўрдим тамғани, сен-чи, рақамни…
Мен сенинг қўлингни ушлайман, дўст, деб,
сен эса ушлайсан менинг ёқамни…

Сен остдан қарадинг, мен боқдим устдан,
мен ўнгдан қарадим, сен боқдинг чапдан.
Сен сиртдан боққанда мен боқдим ичдан,
мен гапга қолганда, сен қолдинг гапдан…

Биз битта арқоннинг икки учимиз,
биримизда – қозиқ, биримизда – от.
Биз битта журъатмиз, журъатга эса
гоҳ жазо берилар, гоҳи мукофот.

Тонгда кун чиқмоғи қанчалар гўзал,
шунчалар гўзалдир шомда ботмоғи.
Санъатдир – бир тилнинг бир-бирига ёв
икки ёт оламга олқиш айтмоғи…

1974

* * *

Учрашган биз эмас – баҳор ила куз,
ҳурпайган жайраю сип-силлиқ қундуз,
булутсиз кечаю булутли кундуз…

Учрашган биз эмас – кексайган ёшлик,
саркаш латофату латиф саркашлик,
ғашланган шодлигу шодланган ғашлик…

Учрашган биз эмас – булбул ва ғажир,
гул ила тикану васл ила ҳажр,
гуноҳ ила савоб, жазо ва ажр…

Учрашган биз эмас – қартайган шўхлик,
ёшарган вазминлик, очлик ва тўқлик,
шоҳлик ва гадолик, борлик ва йўқлик…

Учрашган биз эмас – олов ила сув,
навқирон эҳтирос, кексайган туйғу,
йиғлаётган кулгу ва кулган қайғу…

1975

* * *

Тош оғир. Тоғ оғир. Оғирдир дарё.
Севмайсан. Бу алам чўғдан-да оғир.
Дарёдан-да оғир ҳасрат бу, аё.
Тошдан-да оғир бу, тоғдан-да оғир.

Ҳаммага боққан ой менга боқмайди.
Ҳаммага кулган гул кулмайди менга.
Ҳаммага ёққан той сенга ёқмайди.
Ҳаммага тенг йигит тенг эмас сенга…

Севмайсан. Наҳот бу мевасиз дарахт
менинг тақдиримга отгандир илдиз?
Сенсиз бир шуъладир мен учун карахт
ошиқлар кўзини куйдирган юлдуз.

Севмайсан. Токай бу азобга чидай?
Севмайсан. Назарга илмайсан гулни.
Севмайсан. Айт, ахир қандай уйғотай,
кўксингдаги беғам, мудроқ булбулни?..

1975

ЯШИК ОДАМ

Кабо АБЭ рўмони қаҳрамонига

Ай, хокинг муқаддас хокмиди, дўстим,
ҳисларинг шу қадар покмиди, дўстим?

Қалбинг жаннатмиди, ишқинг нурмиди,
орзуинг малакми, дардинг ҳурмиди?

Ваҳ, дилинг шунчалар нозик дилмиди –
сиғмаган қилмиди, сиққан гулмиди?

Шунчалар ожизу маъсуммидинг сен,
қил қотил, тил қотил, гул қотилмиди?

Сен учун кўз – тикан, нигоҳлар – тикан,
ингроқлар тикану оҳ-воҳлар – тикан…

Наволар – қўйтикан, қалбингни тилар,
саволлар – кўзтикан, лабингни тилар…

Атрофинг тирнайди, тирнар ўнг-сўллар,
қўлингни тирнайди порахўр қўллар,

ёлғон оқ юзингга чаплар бўёқлар,
оёғинг қонатар фоҳиш оёқлар…

кўнглингни бузади кўнгли бузуқлар,
қонингни сўради қонун-тузуклар,

айнаган дунёдан кўнглинг айнайди,
зардали дунёдан зарданг қайнайди.

Мезондан ташқари тартиб-мезонлар,
низомга бўйсунмас номсиз низомлар,

икки тил, икки дил, икки юзликлар,
қонундан қон ичган қонунсизликлар;

Кўр-кўрона қуллик, тошдил саллотлик,
золимлик, қаттоллик, тошлик, жаллодлик,

ё қўрқув, ё таъма боис сотқинлик,
сотқинлик важҳидан беайб тутқунлик;

Эл кўнглин овлаган ёлғон ваъдалар,
ваъдага ишонган гўллар, лодалар,

ётсанг, ётоғингда тўкар қонингни,
ўтирсанг, ўрнингда олар жонингни…

Бу ҳаёт, бу дунё шу қадар иркит,
ахлат қутиларда бижғиган сарқит

сенга минг авло дўст иғволаридан,
дунёнинг дунёвий ғавғоларидан…

Ғужанак бўлдинг сен, дунёдан қочдинг
ва ногоҳ ўзга бир дунёни очдинг:

ҳар лаҳза дуч келиб ранжу ғашликка,
сен урдинг ўзингни картон яшикка.

Кўзларим ҳаромни кўрмасин дединг,
гадони, ғуломни кўрмасин дединг,

кўзларим кўзлардан куймасин, дединг,
кўзлари кўзимни ўймасин, дединг.

Қочиб бу дунёнинг булғончларидан,
воз кечиб, роҳату қувончларидан,

ул картон яшикка ўзни тиқдинг сен,
наҳот бу балчиқдан тоза чиқдинг сен?

Қочиб бу фасоддан, йиринг, мишиқдан,
не нажот топдинг шу картон яшикдан?

Наҳот сен жо бўлиб картон яшикка,
ботганинг билмадинг бошқа мишиққа?

Бизнинг ул «бесавод» боболар – маҳзан,
сен каби қочоқлар учраса баъзан,

бепарво сипқориб бу дунё жомин,
«зоҳид» деб қўйганлар ундайлар номин.

Ай, зоҳид, ёлғизлик майин ичиб сен,
башар дийдоридан қочиб, кечиб сен,

неларга тўлдирдинг юрагинг тўрин,
кимларга бўшатдинг дунёда ўрин?

Эзгулик хизматин қилса ҳар анжом,
бу дунё бўлмасми тўкис, саранжом?

Гар инсон фаришта бўлса ҳар ишда,
бўлмасми бу дунё обод, саришта?

Сен-чи, бу оламдан тортиб пойингни,
шайтанат қавмига бердинг жойингни.

Ёлғиз эдинг, ёлғиз ёруғ куч эрдинг,
нега ўз нурингни ўзинг ўчирдинг?..

1976

* * *

Мен туғилдим, гувоҳим – Миррих.
Урар эди чапараста қор.
Оҳ урма, бас, уфлама, тарих,
бир эслаб кўр, шундай кунинг бор.

Совуқ эди ниҳоятда кун,
мен туғилган ўша маҳали.
Чўнг ёнғиндан ўрлаган тутун
дайдир эди жаҳонда ҳали.

Қора кўзлар қора хатлардан
гирён эди, шилпиқ, шалаббо.
Қочган эди барча юртлардан
нон-насиба, гўшту мураббо.

Наҳот урён дунёга келдим,
кўрмоқ учун жулдур ҳаётни?
Кўрмай дебми кечроқ туғилдим,
у даҳшатли қирғинбаротни?

Туғилдимми Афросиёбнинг
ўчиб кетган расмларидай
қайғуларни ўчирмоқ учун?

Қонлардаги ғафлат ва хобни,
баҳорнинг ҳур насимларидай,
саҳроларга кўчирмоқ учун?

Мен туғилдим буюк боболар
милтиғини ўқламоқ учун.
Қайдасиз, деб, гўзал иболар,
ҳаёларни йўқламоқ учун.

Мен туғилдим куйламоқ учун,
ватанни ёр атамоқ учун,
эл бахтини ўйламоқ учун,
ёр нозига чидамоқ учун.

Мен зулмга буткул ёт эдим,
муҳаббатга дўст эдим, о, мен.
Ёвузликлар таъмин татидим,
ичиб кўрдим мен шодлик ғамин.

Пахта тердим, мих қоқдим, боқдим
қўй-қўзи, мол, эчки-улоқни.
Тирмашиб тоғ-тошларга чиқдим,
ахтариб энг шаффоф булоқни.

Мен туғилдим совуқ дилларни
ёқмоқ учун, чўғламоқ учун.
Бошларини силаб қулларнинг,
қўшилишиб йиғламоқ учун.

Хазон титган шамолдай ҳазин,
ғувлаш учун туғилмадим мен.
Бўри каби бемақсад, узун,
увлаш учун туғилмадим мен.

Чидаш учун туғилганман мен
аччиқ кулги, ширин йиғига.
Мен туғилдим айланмоқ учун
шеъриятнинг рангин туғига.

Мен туғилдим юрт омадидай,
эл шодлигин майдай ичгали.
Мен туғилдим, ёр қоматидай
қучилмас оламни қучгали.

Мен дилларни эркалаб, суюб
қитиғлай деб келдим, ёронлар.
Бахт кўксига бошимни қўйиб,
бир йиғлай деб келдим, ёронлар.

Туғилмадим мен тасодифан,
онам, сенинг тирагингман мен,
халқим, сенинг юрагингман мен,
ватан, сенинг керагингман мен.

Туғилмадим мен тасодифан…

1976, 12 январь

КЎЧА

Гугурт қутисидай терилди уйлар,
бир Кўча туғилди пурвиқор, кўркам.
Келди семиз-семиз ҳисори қўйлар,
келди тўй-томоша, карнай-сурнай ҳам.

Кимларга бермади бу Кўча илҳом,
кимлар унга келиб, кетмади кимлар?
Қўйдилар Ўткинчи Дунё деган ном,
симёғоч ўрнатиб, тортдилар симлар.

Чироқлар тизилди бамисли мунчоқ,
бахш этиб тунлари чирой ва савлат.
Одамлар ўтдилар у ёқдан бу ёқ,
қориндор, димоғдор, қашшоқ, бадавлат.

Ўтдилар некбинлар, ўтди бадбинлар,
ўтди серғайратлар, ўтди сусткашлар,
ўтди художўйлар, ўтди бединлар,
ўтди ҳотамтойлар, ўтди пасткашлар.

Ўтди таманнолар, нозу фироқлар
қолдириб турфа хил анвойи ислар.
Ўтди пошнасини эзган оёқлар,
ўтди бигизпошна жувонлар, қизлар.

Кимдир ҳушёр ўтди, ким – кайфитароқ,
ким ўтди бурқситиб тамакисини.
Фақат ташлаб кетди бир яланг оёқ
КЎЧАга инсоннинг асл изини.

1978

* * *

Мен тушингман, қайта кўрмайсан,
қайтиб келмас бахтли ҳолингман.
Мен йўлингман, бошқа юрмайсан,
рўёби йўқ хомхаёлингман.

Чорчўбангда эски расмман,
кўриб, кўнглинг хушлай олмайсан.
Сочларинг силаган насимман,
сезасан-у, ушлай олмайсан.

Мен – тизгинсиз ҳислар тизгини,
мен – жиловсиз истак жилови.
Мен – ширин хаёллар бузғуни,
мен – ўчган хотиранг олови.

Мен йўлингда толмас йўлчиман,
ҳаддидан ошганлар ҳаддиман.
Муҳаббат элидан элчиман,
элас-элас жаннат ҳидиман.

Сен-чи, сен-чи, сен кимсан менга?

1979

* * *

Боғларга атирлар сепади баҳор,
яшил қўшин тортиб қўпади баҳор,
қишнинг қаншарига тепади баҳор,
на гўзал босқиндир баҳорий босқин!

Оқ, қизил, зангори либосли лашкар,
булутларга миниб отишма бошлар,
майсани ёпиниб мўралар тошлар,
қуёш шовуллатиб нур тўкар тошқин.

Бу қўшин олдида оқ байроқ тутиб,
қорларни, музларни эритиб, ютиб,
оқпаррак ойчасин хурсанд силкитиб,
бойчечак югурар ҳаммадан ўзғин.

Бойчечак ортидан қиқирлаб хушҳол,,
бошларида сариқ, қуёшранг рўмол,
тўп-тўп қизалоқлар – нозик-навниҳол
қўзигуллар келар ёприлиб тўзғин…

Яйдоқ дов-дарахтни босар япроқлар,
таслим бўлар боғлар, далалар, тоғлар,
йиғлаб пешвоз чиқар шаффоф булоқлар,
бу гўзал босқинга қайда бор тўсқин?

Ким билан, кимларга қарши жанг қилар?
У қаттол, баттол қиш ҳолин танг қилар.
Оламни, одамни, руҳни янгилар,
на гўзал босқиндир баҳорий босқин!

1979

* * *

Мен сени наҳорни кутгандай кутдим,
дарахтлар баҳорни кутгандай кутдим,
чўққилар шунқорни кутгандай кутдим,
келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Гар келса, бошимга бўрк бўлар, девдим,
умримга, юртимга кўрк бўлар, девдим,
эрксиз манглайимга эрк бўлар, девдим,
келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Торим бор, торимни чолғувчим йўқдир,
гулим бор, гулимни олгувчим йўқдир,
кўнглим бор, ёғдулар солгувчим йўқдир,
келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Туш кўрсам, тушмолим таъбир берибди:
«Болам, сенга Ўзи сабр берибди…»
Йўқ, сабр эмас бу, жабр берибди!
Келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Мен сени китоблар ичида кутдим,
шиорлар, хитоблар ичида кутдим,
зулматлар, офтоблар ичида кутдим,
келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Жазм этсам, ташвишлар, ишлар ушлади,
ўтлиғ ёз, қаҳратон қишлар ушлади,
сени-чи, сени қай тишлар ушлади?
Келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Қадрим, қадриятдай кутдим мен сени,
омадим, омаддай кутдим мен сени,
эрким, саодатдай кутдим мен сени,
келмадинг. Мен эса бормадим. Дод-а.

Ёш ўтди, англадим, турмоғим керак,
бас, ўзим, ҳа, ўзим бормоғим керак,
сен ўзи нимасан? Кўрмоғим керак.
Келмадинг. Бормадим. Кўрмадим. Дод-а.

1979

* * *

Умид шамоллари ортиқ эсмайди,
ёдимни ёндирмас таниш тотли тот.
Ишончим мудрайди, бот-бот эснайди,
бот-бот орзиқтирар олис хотирот.

Кайфиятим тушар, руҳим мунграйди,
термулиб-термулиб дилим толиқар.
Ҳисларим инграйди, сўзим синграйди,
юрагим хўрсинар, кўзим тўлиқар…

Борлиғим титрайди, вужудим ларзон,
бағрим сим-сим тўкар тилакларини.
Битта-битта тушиб кўмади хазон
кўнглимнинг сен ўтган йўлакларини…

1981

* * *

Ақлимиз – дунёни бир бош узумдай
сиқиб тайёрланган май тўла қудуқ.
Бу қудуқ тубида тинмасдан бир най
эзгу бир куй чалар, худога содиқ.

Бу қудуқ тубида бўронлар бедор.
Бу қудуқ тубида сокин гўша йўқ.
Бу қудуқ тубида ҳаловат бекор,
чексиз тўлғоқларга она бу қудуқ.

Кимнинг қудуғида май эмас, айрон
ё бўлса лиқ тўла ачиган қатиқ,
дилни вайрон қилса, бўлмангиз ҳайрон,
сўзи бетуз бўлса, иши – беютуқ…

Ақлимиз дунёни бир бош узумдай
сиқиб тайёрланган май тўла қудуқ.
Бизни бийрон қилган қудрат ҳам шу май,
шу майдир гоҳ бизни айлаган дудуқ.

Қанча теран бўлса агар бу қудуқ,
шунча тор кўринар бу дунё кўзга.
Бу майни оламга қилмасак тортиқ,
чўкиб ўламиз ўз қудуғимизга…

03.04.82

* * *

Сўзларим озодлик сўзидан озод,
эрк юзи уларга беркдир дафъатан.
Сўзларимда кураш курашларга ёт,
сўзларимда ватан яшар беватан.

Шамол йўқ. Ҳаво йўқ. Туғилар сўзлар.
На қилгай илтижо, на қилгай зарда.
Беимкон, бағри қон, бўғилар сўзлар,
юзларида алвон – қип-қизил парда.

Шўрликлар ўзларин урар тўрт томон,
кўнглим зиндонида изғир жонсарак.
Замон хос туйнукдан боқар ҳар замон,
ой ҳамон бедарак, қуёш бедарак.

Давр вужудида минг турли яра,
сўзларим тиғ бўлиб кесолмас, ёраб.
Сўзларим йўлида қизил панжара,
сўзларим ел бўлиб эсолмас, ёраб.

Қайси бир қасирға синдиргай шитоб,
озодлик жаллодин – исканжа тошин?
Оҳ, қачон елкамга тегар ул офтоб,
қачон ғоз тутарман эгилган бошим?

Ким тиқиб ўзбекнинг оғзига пахта,
шонли пештоқига қонли туғ илган?
Саволлар қон қусар, бас, лахта-лахта.
Шамол йўқ. Ҳаво йўқ. Сўзлар бўғилган…

1981

* * *

Сепган атирларинг бунчалар хушбўй,
исминг ой исмидай бунчалар ойдин?
Жисминг қиз жисмидай бунчалар хушрўй,
тошлар тарс ёрилар бундай чиройдин.

Нафасларинг Исо нафасидай пок,
гул исмидай нафис исмингга борман.
Ҳуснингдан кўз тинар ва тинар идрок,
ҳушдан айиргувчи исингга борман…

Исмингда қўшиқлар, наволар пинҳон,
сафо бор, карашма, ишва, ғамза бор.
Мовий кенгликлару ҳаволар пинҳон,
ҳуррият шамси бор, эркнинг рамзи бор.

Оҳиста-оҳиста эсса насимлар,
булбулга айланиб чаҳ-чаҳлар тошлар.
Сайрар қалдирғочга айланган симлар,
ҳатто устунларга жон ина бошлар…

Аёзлар арийди, музлар арийди,
эрийди булоқлар кўзин босган тош.
Кўнгиллар эрийди, кўзлар эрийди,
ҳар ғариб бош узра чиқар бир қуёш.

Сенда ҳуш олгувчи атир бор, баҳор,
тошга дил бергувчи сас бор, сайрам бор.
Қуръондан оят бор, шеърдан сатр бор,
наврўзий базм бор, ишқий байрам бор.

Ай, маним кўнглимга қўнган хумойим,
руҳимга шеър бўлиб чўмгувчи баҳор,
бир кун ўлар бўлсам, жисмим мулойим
гул баргига ўраб кўмгувчи баҳор,

сепган атирларинг бунчалар хушбўй?..

1982

* * *

Айтинг, ҳақиқатни қачон айтасиз,
ай, ялтоқ қўшиқлар, шалтоқ хитоблар?
Сиз қачон қайтасиз, қачон қайтасиз,
ўзбек тупроғидан кетган китоблар?

Сиз – теран илмимиз, юксак зеҳнимиз,
сиз – бизнинг ўтмишда қолган нуримиз.
Урфу одатимиз, тарихимизсиз,
феълу атворимиз, тафаккуримиз…

Жоҳиллар гулханга отдилар сизни,
совға деб тутдилар гўллар, тўғрилар.
Сотқинлар нафси деб сотдилар сизни,
ўғирлаб кетдилар сизни ўғрилар.

Бегона юртларда маҳкумсиз бугун,
қуёш йўқ, ҳаво йўқ, ҳурлик йўқ сизга…
Сизни юртингизга қайтармоқ учун
Ҳамид Сулаймонлар етишмас бизга…

1984

САРБАДОРЛАР ҚЎШИҒИ

Самарқанд сойида тошлар йўқ,
ой йиғлар, кўзида ёшлар йўқ,
дорлар бор, муносиб бошлар йўқ…

Бу зулмат замонда нур эдик,
Ҳуррият, удумга кир, дедик,
ҳур келдик, кетайлик ҳур, дедик…

Силқ, десак, ойдан нур силқмади,
балқ, десак, қуёш ҳам балқмади,
қалқ, десак, халойиқ қалқмади…

Босмадик, бизларни босдилар,
эзмадик, бизларни эздилар,
осмадик, бизларни осдилар.

Жаҳонда ҳар ёрнинг ёри бор,
ёри бор ҳар жоннинг ори бор,
ори бор ҳар жоннинг дори бор…

Бирубор ишонган ёр бўлди,
эътиқод биз учун дор бўлди,
дор бизга Эрк бўлди, Ор бўлди!..

Шу боис кексаю ёшимиз,
бахш этдик дорга ўз бошимиз.
Қандай ҳур солланар лошимиз!..

Ай, наслим, еганинг ош бўлсин,
ёш бошинг тик бўлсин, тош бўлсин,
бош дорга муносиб бош бўлсин!..

1984

* * *

Севги келди – ўт тушди жонга,
бир хас каби мен ўтга тушдим.
Олиб кетди хаёл осмонга,
гўё бир тахт – булутга тушдим.

Ишқ йўғида қор ичра эдим,
ишқ келдию нақ ҳутга тушдим.
Нола ичра, зор ичра эдим,
наҳот тиндим – сукутга тушдим?

Тушдим, ай, қиз, нигоҳингга мен,
нигоҳ дема, барқутга тушдим.
Тушсанг эди никоҳимга сен,
мен дер эдим: оҳ, қутга тушдим…

Сўз ташладим, сўзга тушмадинг,
олам ёнди, мен дудга тушдим.
Кўз ташладим, кўзга тушмадинг,
кўзёш отлиқ бир рудга тушдим.

Куйдим, пишдим, кўпирдим, гўё
қайнаб турган бир сутга тушдим.
Ўзинг унга инсоф бер, худо,
деб ёлвордим, «кут-кут»га тушдим.

Нотинч қилай тушларингни мен,
дедим, дуо – умидга тушдим.
Ул бераҳм тошларингни мен
силаб-сийпаб, ўгитга тушдим…

Менга тушсанг, дерсан беармон:
«Сулаймондай йигитга тушдим».
Токи мен ҳам қилмасман армон:
«Қўлин тутмай, тобутга тушдим… »

1985

* * *

Ў, боғлар, ў, боғлар, ў, боғлар…
Йўқ сиздан ўзга бир ҳабибим.
Севги солса кўнглимга доғлар,
фақат сиз, фақат сиз – табибим.

Саволлар бағримни арралар:
адолат тобакай сўздадир?
Номардлар етказган яралар
давоси сиздадир, сиздадир.

Сиз – нафас, мусаффо бир ҳаво –
роҳатсиз, сурурсиз, навосиз.
Дўстларим етказган бедаво
дардимга беназир давосиз…

Ў, дилим дил эмас – мозордир –
кўмилган орзулар, ҳаваслар.
Бу дунё бешафқат бозордир,
сотилгай умрлар, нафаслар…

Мен сизга суяниб йиғлайман,
қалбимда хўрликлар, қадоқлар,
мен сиздан шифолар тилайман,
ў, боғлар, ў, боғлар, ў, боғлар…

1985

* * *

Қорлар ёғар, излар босилар.
Қайтмас бўлиб кетди мозийлар.
Бегуноҳлар дорга осилар,
ялло қилиб яшар осийлар.
Қорлар ёғар, излар босилар.

Мени қийнар ортиқ қонбосим,
қай юпунни эзар қаҳратон.
Кимни кутар маҳзун маросим,
олиб кетар кимни саратон?
Мени қийнар ортиқ қонбосим.

Кимдир кимга ўқир чилёсин,
кимдир юрак давосин излар.
Кимдир кезар тушлар дунёсин,
йўлдан урар кимнидир қизлар.
Кимдир кимга ўқир чилёсин.

Умр кўрар биров шод, узун,
биров яшар ғурбатда қисқа.
Ташлаб кетар кимнидир ҳусн,
кимни тангри меҳрдан қисгай.
Умр кўрар биров шод, узун.

Бу шундайин нотанти дунё.
Кимга азоб, кимгадир маза.
Кимга – зулмат, кимгадир – зиё,
кимгадир тўй, кимгадир аза.
Бу шундайин нотанти дунё.

1985

* * *

Алдоқчи салтанат қачон хушлайди
адолатнинг одил хитобларни?
Қачон жавонидан олиб ташлайди
замон ўз ёлғончи китобларини?

Биламан, қисқадир ёлғоннинг умри,
бир кун қаллобликни фош қилар фурсат.
Ҳануз яшайдилар, майнани – қумри,
қарғани булбул, деб, бировлар хурсанд.

Қорани оқ дерлар, оқни-чи, – қора,
фазилат атарлар чиркин иллатни.
Ҳурматни – хушомад, ҳадяни – пора,
ҳур миллат дейдилар ҳақсиз миллатни.

Чаноқ шилган қўллар – олтин қўл эмиш,
елкаси қисиқлар – юрт қаҳрамони.
Яллачи маддоҳлар чин булбул эмиш,
тил ютган қўрқоқлар – эл паҳлавони.

Қўли ишлаганнинг – кўрпаси мағор,
тили ишлаганнинг – ёстиғи пўссиқ.
Истеъдод эгаси яшар оч-наҳор,
истибдод эгаси – кекирар сассиқ…

Алдоқчи салтанат қачон хушлайди
адолатнинг одил хитобларини?
Қачон жавонидан олиб ташлайди
замон тилёғлама китобларини?

1985

* * *

Қўшин тортиб булутлар осмонга ҳайҳув экдилар,
тўп отиб, қарсиллатиб, қалбларга қўрқув экдилар.

Чақнатиб чақмоқларин, питрадай дўллар отиб,
чўлу боғлар, тоғу тошлар узра шов-шув экдилар.

Сою жарни тўлдириб, пишқириб арслон каби,
гулдираб селлар босиб қишлоққа қайғу экдилар.

Ёш ниҳолларни букиб, синдириб шох-шаббани,
шамоллар ҳам қутуриб ваҳмаю ҳайҳу экдилар.

Пайҳон этиб умидлар боғини дўл-жалалар,
надоматдан боғбонлар бағрига ёҳу экдилар…

О, фақат гул-лолалар ял-ял ёниб, чақчалашиб,
қувнашиб-ўйноқлашиб қирларга қий-чув экдилар.

1986

* * *

Тоғ душман изламас асрий қорлардан,
ёр душман изламас ўзга ёрлардан,
боғ душман изламас тиканзорлардан,
гулзорга гулзорнинг ўз гули душман.

Қолоқнинг душмани – қолоқлигидир,
булоқнинг душмани – булоқлигидир,
суллоҳнинг душмани – суллоҳлигидир,
пулдорга пулдорнинг ўз пули душман.

Гадо ҳам гадога душман-да доим,
шоҳнинг душманлари кишанда доим,
мазлумлар золимга кушанда доим,
қулдорга қулдорнинг ўз қули душман.

Дўстнинг луқмасини душман ютолмас,
дўстнинг имлосини душман битолмас,
дўстнинг дарёсидан душман ўтолмас,
душманга душманнинг ўз йўли душман.

Ўзлигин билган эл ёвга эл бўлмас,
эл билан тиллашган тил унутилмас,
тўғри тўғрига ҳеч душманлик қилмас,
ўғрига ўғрининг ўз қўли душман.

Тулкининг душмани мўйнаси деб бил,
жонидан айрилар суяги деб фил,
бегуноҳ оҳуга ўз мушки қотил,
нодонга нодоннинг ўз тили душман.

Юзи чиройлининг душмани – юзи,
кўзи чиройлининг душмани – кўзи,
душман излаганнинг душмани – ўзи,
душманга душманнинг ўз дили душман.

1987

* * *

Ғамнинг қаро қушларига дон этма мени,
изтироблар оғушлаган жон этма мени,
раиятсиз, мамлакатсиз хон этма мени,
ҳар балога тоқатли қил, сабрни ўргат.

Балки, дунё охири йўқ, кимсасиз чўлдир,
йўқдан йўқни бино қилган сеҳрли қўлдир,
Ҳечнарсадан Ҳечнарсага элтгувчи йўлдир?
Ҳар балога тоқатли қил, сабрни ўргат.

Ҳар нарсада бир ёмонлик кўргувчи қилма,
нафс йўлида чапараста юргувчи қилма,
мункирларнинг қаторига киргувчи қилма,
ҳар балога тоқатли қил, сабрни ўргат.

Ўргат, билай ёмонлардан жирканишни мен,
ҳаромлардан, ёлғонлардан ирганишни мен;
ўргат, билай яхшиларга тирканишни мен,
ҳар балога тоқатли қил, сабрни ўргат.

Яхши-ёмон кунда дўстсиз қолдирма мени,
ҳамма йиғлаб турганида кулдирма мени,
халқнинг бахти туғилганда ўлдирма мени,
ҳар балога тоқатли қил, сабрни ўргат.

1988

* * *

Йўқ нарсани орзу қилар орзуманд кўнглим,
оғушига имлар мени номаълумликлар.
Биёбон – жим, ёбонлар – жим, хиёбонлар – жим,
мўъжизалар ваъда қилар барча жимликлар.

Хаёлимни қайтармайман қалтис сайрдан,
билмоқ учун чоғланаман билгисизларни.
Менинг телба истакларим келар қаердан,
қандай қилиб кулдирай мен кулгисизларни?

Бўм-бўш бўлиб кўринган бу осмон бўш эмас,
чуқур бўлиб кўринган бор уммонлар – юза.
Учиб юрган бу қушлар ҳам асло қуш эмас,
қиш – мўъжиза, ёз – мўъжиза, баҳор – мўъжиза.

Йўқ нарсани орзу қилар орзуманд кўнглим,
кўрмаганни кўрсам дейди кўзларим – йиғлоқ.
Ҳеч тутмаган нарсаларни тутсам дер қўлим,
эшитсам дер эшитмаган гапларни қулоқ.

Кошки эди ҳеч бўлмаган нарсалар бўлса,
зўр ниятга она бўлса кошки ҳур ният.
Зурриёдим, кошки сенинг омадинг кулса,
келин бўлиб келса тезроқ гўзал ҳуррият.

1989

* * *

Болам, бир гапим бор, қулоғингга ил:
дунёда номусни чинакам дўст бил.
Йиғлаб турган бўлсанг, душман кўрса, кул,
сирни ҳеч бой берма, чакки бўлмайди.

Қай эл мутеликни эп кўрса агар,
миннатнинг нонни еб юрса агар,
хушомад, таъмага зеб берса агар,
бу элдан даққироқ даққи бўлмайди.

Шеър ҳам озод эмас, туроғи бордир,
ҳар касбу корнинг ҳам яроғи бордир,
ҳар ишнинг оқибат сўроғи бордир,
қайчини минг чархла, пакки бўлмайди.

Кимки эл юзига оёқ қўймаса,
ўзи ўз жигарин кўзин ўймаса,
кимки ўз миллатин бахтин ўйласа,
ажри раҳмат бўлар, дакки бўлмайди.

Қай эл ўз ерига ўзи эгадир,
унга ўз ризқини ўзи экадир,
то унга ҳақиқат бўйин эгадир,
бил, ундан баландроқ чўққи бўлмайди.

Қайдаки, итлар ўз эгасин қопса,
элдошлар бир-бирин пойини чопса,
қизлари хаёлан иблисни ўпса,
бу юртнинг бири ҳеч икки бўлмайди.

1986

* * *

Бу ёлғон дунёда ёлғон эмасман,
ёлғон дунёга ёр бўлғон эмасман.
Обод қилолмадим куйган дил боғин,
суйган дил боғига боғбон эмасман.

Куйган дил суйгувчи бир дилга зордир,
инжиб интиламан – етмагим бордир.
То бу кун етганим – тиғли сукунат,
то бу кун етганим – тиғсиз озордир.

Ай, санам, мен сендан меҳр тиландим,
илло, айш демадим, ишқ деб эландим.
Хаёлинг пойига кўнглимни сўйиб,
ҳар кеча қонига неча беландим.

Ҳасратдир бағримдан тўккан тўкиндим,
тўкмасам – тўкилдим, тўксам – ўкиндим.
Худодан ўзгага юкинмоқ – гуноҳ,
гуноҳга ботдим мен, сенга юкиндим.

Менинг бор гуноҳим – телба севгимдир,
севганман, севяпман, яна севгумдир.
Дунёдан дунёнинг ёлғонларини
қувганман, қувяпман, яна қувгумдир…

Нечун индамайсан, ай, гўзал ўжар,
ё жоду қилганми сени жодугар?
Бизни не кўргулик кутар олдинда,
қурч чўққи кутарми, кутарми ё жар?..

1986

* * *

Оҳимни ич, воҳимни ич, воламни ич,
юракларни вайрон қилган жоламни ич,
фиғонларни фиғон этган ноламни ич,
жоним замон, ичиб-ичиб тўй энди,
менга ортиқ ситамингни қўй энди.

Оми кўпми оламингда, олим кўпми?
Шод ҳолатим ёхуд ношод ҳолим кўпми?
От устида ҳалим кўпми, золим кўпми?
Золимларинг кўзларини ўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Ҳурлик истаб, хўр бўлдим-у, ҳур бўлмадим,
терга ботиб дурлар тердим, дур олмадим,
шуурларга нурлар бердим, нур олмадим,
шудир менга теккан феълу хўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Ҳақни айтиб, дучор бўлдим тиғингга мен,
қаҳратонда исинмадим чўғингга мен,
гуноҳимми, сиғинмасам туғингга мен,
гуноҳларим савобларга йўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Тазйиқларинг тоқатимни кемирди-ку,
таҳсилларинг тоатимни емирди-ку,
қайғуларим қаҳрингни еб семирди-ку,
семирган шу қайғумни ол, сўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди.

Узлату ғам зиндонидан чиқай мен ҳам,
эл қалбида эзгу ўтлар ёқай мен ҳам,
дунё кўриб, бу дунёни уқай мен ҳам,
бўлсин бизнинг кулбада ҳам тўй энди,
замон, менга ситамингни қўй энди…

1986

АСҚАР ҚОСИМ:

«Оламни уйғотар аста тонг нури,
руҳимда уйғонар қушлар чуғури;
кўнглим ҳасратларин шабнамга чаяр,
шабнамли гулбарглар аста жилмаяр.

Мен бу дунёсини кўшк деб келувдим.

Самода юлдузлар ўчар бирма-бир,
менинг шууримда ўчмаслар бироқ.
Томирларим ичра кезиб юрадир
ўн тўрт кунлик ҳилол – илоҳий чироқ.

Мен бу дунёсига ишқ деб келувдим.

Ҳур-ҳур эсиб юрар унда шамоллар,
бунда-чи, оҳ, бунда қисар нафаслар.
Қузғунлар учади кўкда бемалол,
булбулни банд этмиш ерда қафаслар.

Мен бу дунёсини ҳур деб келувдим.

Ортимдан ўтмишлар эргашар: вайрон,
теграмда ўрмалар туманлар – кулфат.
Осмондан тикилар осмон ҳам ҳайрон,
олдинда бир зулмат, ортда бир зулмат.

Мен бу дунёсига нур деб келувдим.

Тафаккур майини ичдиму ногоҳ
вужудим ўртанди соҳир гулханда,
қисматим айлади ақлимни огоҳ,
дунёга келибман тутқун ватанда.

Мен бу дунёсига эрк деб келувдим.

Эрк излаб, топмадим, энди нетаман,
ишқ излаб, ишқимни кимга айтаман,
нур излаб, наҳотки нурсиз ўтаман?
Мен энди кетаман, қайтиб кетаман.

Дунёга ҳайю ҳайт айтиб кетаман…»

1986

* * *

Гунг йиғлар: «Эй, худо, тил бер, гапирай…»
Кўр йиғлар: «Кўзим оч, жаҳонни кўрай…»

Оқпадар фарзандга жовдираб падар
ёлворар: «Имон бер, имонни кўрай…»

Донғил йўл бўйида бўзлар бўтакўз:
«Менга раҳм этгувчи карвонни кўрай…»

Навоий булбули ёш тўкар ҳануз:
«Буз олтин қафасни, осмонни кўрай…»

Ёлғону риёдан зада кас инграр:
«Мен ҳам бир инсондай инсонни кўрай…»

Дод солар қаллоблар жабрин чеккан зот:
«Шайтонни кўп кўрдим, Раҳмонни кўрай…»

Мен муте кўзларга термулиб дедим:
«Тангрим, қул қонида исённи кўрай…»

1987

* * *

Қўлдошим, қўлингни сайёрга* берма,
дилдошим, дилингни айёрга берма,
элдошим, элингни ағёрга берма,
умрингни энг эзгу аъмолларга бер.

Йиғлама, ёвғонсиз ўтмаса кунинг,
йиғлама, ёлғонсиз ўтмаса кунинг,
ўйлашга етмаса уйқусиз тунинг,
бошингни энг содда саволларга бер.

Меҳр йўқ, шафқат йўқ, қизларда ҳам йўқ,
энг яқин, энг азиз дўстларда ҳам йўқ,
на йўқдир кўзларда, сўзларда ҳам йўқ,
ўзингни, кўзингни хаёлларга бер.

Гар ишқда Мажнундан ибрат олмасанг,
ё рўзғор бешигин тебратолмасанг,
эркаклик номига содиқ қолмасанг,
дунёнинг жиловин аёлларга бер.

Отангни отангдай суймасанг агар,
эл учун, юрт учун куймасанг агар,
Ватанни ватандай суймасанг агар,
жисминг ёқ, кулини шамолларга бер.

1987

—————
*Сайёр – бу ерда беқарор, бетайин, дайди маъносида….

* * *

Сен аниқ севасан, севасан қатъий.
Мени эса қийнар иккиланишлар.
Мен содда севаман, севаман оддий.
бағримни куйдирар аччиқ ёнишлар.

Сен мени бошлайсан нотаниш йўлга,
етаклаб чиқасан гўё тик тоққа.
Худди айб устида тушгандай қўлга,
мен асир тушаман ширин титроққа.

Ёввойи ўт-ўлан тиззага урган
далада борамиз – бу қандай гуллар?
Буниси — сачратқи, буниси — бурган,
марварид шабнамлар почамни ҳўллар.

Мен беҳуш, юраман ҳайрон, етакда,
розиман, элтсанг ҳам ҳатто ўлимга.
Терган гулларингни солиб этакка,
сен чиқиб оласан менинг қўлимга.

Кўтариб боряпман сени, гулингни,
шивирлайсан: «Дунё нақадар гўзал…»
Ўйлайман: «Наҳотки шундай сулувни
менга насиб этди тақдири азал?..»

Афсуски, бу тушдир. Мен севдим қатъий,
сенинг йўлинг тўсди иккиланишлар.
Сенга йўл бермади қизлик иффати,
мени тинчитмади ширин ёнишлар.

Тоққа ҳам чиқмадик, гул ҳам термадик,
шивирлаб айтмадинг: “Дунё кўп гўзал…”
Мени ишқ қийнади, сени-чи, – ҳадик,
Наҳотки шу бўлса тақдири азал?..

1987

* * *

Энтикасан, кўзларимга кўз тикасан,
мендан кўнглинг кўтаргувчи сўз кутасан.

Афсус, кутган сўзингни мен айтолмайман,
кўнглим солиб қўйган йўлдан қайтолмайман.

Довдиратма мени, сен ҳам довдирама,
севги изҳор қилади деб жовдирама.

Нетай журъат деворидан ўтолмасам,
алдолмасам, ростини ҳам айтолмасам?

Севаман деб айтсам агар ёлғондакам,
алдаганим бўлмайдими ўзимни ҳам?

Аммо, ишон, сендан бошқа юрганим — йўқ,
ҳали сендан яхшисини кўрганим йўқ.

Биламанки, мардлик бўлар, бўлар савоб,
ким севгига севги билан берса жавоб.

Ким ўйнашса бундай нозик туйғу билан,
умри ўтар армон билан, қайғу билан.

Биламанки, узоқлашсам сендан қанча,
яқинлашгим келаверар сенга шунча.

Ўзим ҳам бу ҳолатимни тушунмайман,
ё севмайман, ё севгимга ишонмайман.

Сенга етиб, дилгир дилим чоғламайман,
сендан ажраб қолишни ҳам хоҳламайман…

1987

* * *

Ухлаётган Тошкент осмонида тун,
менинг кўнглим ярим, гарчи ой бутун,
юлдузлар – умидим ўтидан учқун,
кўнглимдай хуфтондир бу салқин хуфтон.

Йўлимни супурар кузнинг шамоли,
хаёлимни қийнар васлинг хаёли,
наҳотки рост бўлса севгим заволи,
наҳот кўришмакка йўқ бўлса имкон?

Кўзимдан ғам ёғар, деразангдан нур,
гуноҳим мунғаяр, ғўдаяр узр,
сенинг кўзларингни кулдирар ғурур,
менинг юрагимни ғижимлар армон.

Балки сен ухларсан ёстиққа ботиб,
мен эса беҳушман сени йўқотиб,
кузак шамолида шаъм каби қотиб,
мўлтираб, дилдираб кутяпман ҳамон.

Мендай севганмикан Мажнун Лайлини,
қандоқ ўзгартирай замон зайлини,
ҳеч қурса, тушингга кирсам майлими,
йўл ёпиқ, ер қаттиқ, йироқдир осмон…

1988

* * *
Урхун тошларидай тош, қари тилим,
Кошғарий қолдирган кошғарий тилим.

Ҳам қадим, ҳам мангу ёш-сабий тилим,
тангрига ҳамд айтган Яссавий тилим.

Аравон тоғидай хушҳаво тилим,
Навоий лафзидай хушнаво тилим.

Ҳиндистонга кетган Бобурим – тилим,
Ҳиндистонда йитган бобурий тилим.

Менинг Машраб тилим, Гулханий тилим,
Зебунисо тилим, қул, ғаний тилим.

Нодира назмидай нодирим, тилим,
йиғлатмоққа қодир Қодирий тилим.

Тақдири ўзбекнинг ўзидек тилим,
бўлиб қол ўзига ўзи бек тилим!..

1987

* * *

Сочлари қоп-қора, эй, гўзал кеча!
Ойбек

Қандай гўзал бу кеча, бу тун,
кўзларингга йўламас уйқу.
Юлдузларга нигоҳ сол мафтун,
Усмон Носир шеърларин ўқи.

Ёмғир ёғар, туннинг ҳўл, қора
сочларини силайди шамол.
Тун зулфини маст бўлиб тара,
қўлга Ойбек шеърларини ол…

Тун гувоҳдир қотилликларга,
сотқинликлар гувоҳидир тун.
Адашганни қулатар жарга,
эр шаънини булғар ғар хотин.

Жавоб бермай саволимизга
то тонггача алдар, етаклар.
Сеҳри билан хаёлимизда
яратади гўзал эртаклар.

Ботир бўлар қўрқоқлар тунда,
тундан қўрқар баъзи жасурлар.
Тунда иллат бўлмас шарманда,
кўзга тушмас тунда қусурлар.

Зулмат ичра урчийди риё,
қутуради гуноҳлар беҳад.
Ҳуррият деб аталмиш зиё
руҳ зулматин аритгай фақат…

Қандай гўзал, қандай қаро тун,
кўзларингга йўламас уйқу…
Ўқи Чўлпон шеърларин мафтун,
Рауф Парфи шеърларин ўқи…

1987

* * *

Имладим, жилмайиб гуллар келдилар,
чорладим, ўйноқлаб еллар келдилар,
тикилдим, тўлғониб йўллар келдилар,
лекин сен келмадинг, келмадинг, омад.

Жигарим чўқиди ғамлар – бургутлар,
жигардай ҳилвираб тўкилди тутлар,
кўзимнинг сувини ичди булутлар,
сен раҳм қилмадинг, қилмадинг, омад.

Бахтим қаролигин қушлар билдилар,
қаро кўзлар, қаро қошлар билдилар,
сенга зорлигимни тошлар билдилар,
аммо сен билмадинг, билмадинг, омад.

Инградим, соғиндим, зориқдим, кутдим,
толе деб қон ютдим, зардоблар ютдим,
бу ёруғ дунёдан мен сенсиз ўтдим,
билмадинг, келмадинг, кулмадинг, омад.

1988

* * *

Эслайсанми, хушбўй кўйлагин
кўз-кўз қилган ёш ялпизларни?
Бағримизда ғужғон ўйнаган
рангин-рангин инжа ҳисларни?

Ёдингдами, потирлаб учган,
ул муаттар нашъадан сархуш,
қанот етмас кўкларни қучган,
кўксимиздан отилган зар қуш?..

Наҳот бу қуш парвози тинди?
Йўқотдикми ул болупарни?
Юр, зиёрат қилайлик энди
ўшал хушбўй хотираларни…

Топармикан димоғларимиз
элас-элас эсган исларни?
Туярмикан дудоқларимиз
ялпиз бўйли инжа ҳисларни?

Яна қайта ёнармиканмиз
туюб тотли, топилмас ҳисни?
Ялпизларни танирмиканмиз,
танирмикан ялпизлар бизни?..

1988

* * *

Лайло юзли, лайло кўзли, лайлогинам,
йўлларимда пайдо бўлган пайдогинам,
шеърларимга шайдо бўлган шайдогинам,
шеърларимнинг шайдосига шайдо бўлдим.

Шайдо бўлдим, лайло кўзга боқолмадим,
сочларингга сочпопуклар тақолмадим,
имоларинг маъносини уқолмадим,
оғримаган бошингга бир савдо бўлдим.

Шайдо бўлдинг, йўлатмадинг, четлатмадинг,
бетларимни бетларингга бетлатмадинг,
сочларингни силатмадинг, ҳидлатмадинг,
сочларингнинг савдосида адо бўлдим.

Оҳ урмаган тилимда сен оҳим бўлдинг,
маним осмон бу кўнглимда моҳим бўлдинг,
муҳаббатда мурувватсиз шоҳим бўлдинг,
мен васлингни тилаб турган гадо бўлдим…

1988

* * *

Қулоғига қизғалдоқлар таққан қиз,
бойчечаклар вой-вуйлашиб боққан қиз,
ақлли қиз, чиройли қиз, чаққон қиз,
қачон сенга боқишларим кор қилар?

Қаро тунлар кўзим ойда бўлди, ҳей,
ой юзингга ой ҳам шайдо бўлди, ҳей,
йўлларингда кимлар пайдо бўлди, ҳей,
қачон сенга оҳ-воҳларим кор қилар?

Умр қисқа, бор-йўғи бир тутамдир,
уни ёрга ҳадя этган – ҳотамдир,
ёрнинг ҳажри тошдан оғир ситамдир,
қачон сенга ўгитларим кор қилар?

Сен – нафосат, сен – ибо, сен – уятсан,
ўзинг куйсан, ўзинг шеър, шеъриятсан,
сен дилимнинг дилбари – ҳурриятсан,
қачон сенга даъватларим кор қилар?

Сен – озод руҳ, сен бир малак бадансан,
Туркистонсан, сен Ҳиротсан, Хўтансан,
менга мангу орзу бўлган ватансан,
қачон сенга ўтинчларим кор қилар?

Қулоғимга меҳмон бўлди гапларинг,
лабларимга армон бўлди лабларинг,
бунча узун, бунча узоқ хобларинг,
қачон сенга кўзёшларим кор қилар?

Кўзёш тўкдим, гуллар юзи ювилди,
нола чекдим, гуллар кўзи юмилди,
оҳлар урдим, ер хазонга кўмилди,
қачон сенга фарёдларим кор қилар?..

Қулоғига қоқигуллар таққан қиз,
қизғалдоқлар қиқирлашиб боққан қиз,
эҳ, ҳаммага, эҳ, ҳаммага ёққан қиз,
қачон сенга уввосларим кор қилар?..

1988

* * *

Тонгларда тоғнинг муз ҳавосин гўё
фаранги рўмолдай ўраган қишлоқ
дилдираб, уфқдан кутади зиё.

Осмон кутганидай ўз юлдузини…
Менинг шоир кўзим аста симирар,
қатра-қатра ютар кўк денгизини.

Йўқ, ҳали етмаган бизга тўй гали.
Мактаб қўнғироғи болғасин урар
шамолни дарахтга михлаб қўйгали.

Аммо қурғур шамол тушмас тузоққа…
Қудуқларнинг суви сув эмас, оғу,
бериб бўлмас ҳатто эчки-бузоққа.

Бу ерда адолат шапалоқ еди,
бу ерда нафс отди ортиқ ҳакалак.
Бунда байрам қилар бу кун гўнг ҳиди.

Менинг гўл, бўш-баёв ҳамқишлоқларим
чексиз пайкалларда тер тўкар тўкис,
кўнгиллари – ярим, жонлари – ярим…

Улар жудоликда яшарлар жудо.
Улар-ку худони унутган эмас,
наҳот унутгандир уларни худо?

Кўзсиз кўзларида уйқусиз уйқу,
дилсиз дилларида умидсиз умид,
жонсиз жонларида қўрқувсиз қўрқув…

Дарахтлар ўй сурар боши қайрилиқ.
Хайрлик истадим, бағрингга қайтдим,
қишлоғим, қайтарди мени айрилиқ…

Йўқ, ҳали етмаган бизга тўй гали.
Қишлоғим, ҳали кўп терлар тўкамиз,
бебош шамолларни михлаб қўйгали…

1988

* * *

Дарё шаффоф эди, уфқ соф эди.
Дунё жаннат эди. Жаннат лоф эди.
Қуёш сахий эди, ноинсоф эди,
мени ташлаб, неча ботиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Қушлар дилим овлаб сайровчи бўлди,
кўнглим чаҳ-чаҳлардан яйровчи бўлди,
аммо бу чаҳ-чаҳлар чайқовчи бўлди,
оламни сукутга сотиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Дарё асов экан, кўп отқин экан,
ўзин қирғоғига у тутқун экан,
баҳор жилвалари, оҳ, сотқин экан,
билдирмай куз томон ўтиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Гоҳо унутилдим, гоҳо унутдим,
кимнидир кутдирдим, кимнидир кутдим,
дунё мендан ўтди, мен ундан ўтдим,
дийдаларим тошдай қотиблар кетди,

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади.

Гоҳ қочиб жавобдан, гоҳи саволдан,
умр тулпори ҳам тоймоқда ҳолдан,
ўзинг асра, тангрим, бевақт заволдан,
онам қулоғига қистирган бир тўп

райҳон ҳиди мени ташлаб кетмади…

1988

* * *

Ёз ўтди. Куз ўтди. Тоғ ҳануз йироқ.
Биз ҳали чўққига етмадик, ай, дил.
Ҳали ҳам ўчмаган у соҳир чироқ.
Ҳали ҳам чорлайди у сирли манзил.

Кечаги кўм-кўк барг бугун заъфарон.
Қадлар куз ҳосили босгандай эгик.
Ҳар ишда ёшликдан излаймиз нишон,
ҳатто ишқ биз учун энди оғир юк.

Йиллар қувлашмачоқ ўйнаб толиқмас,
биз эса толиқдик орзуни қувлаб.
Сувга терс сузмаган балиқ балиқмас,
ожизмиз, бу дарё оқизар гувлаб.

Баъзан олдимизга қўйдилар ялоқ,
гоҳ бўлдик бир чакра мурувватга зор.
Гоҳ ҳаром нафаслар булғаган булоқ
сувларин ичдик биз истамай, ночор…

Оппоқ қор ёғмоқда, алам қорлари!
Кўмилиб бормоқда ўтмиш, хотирот.
Қайдасиз, ай, кўнглим бойчиборлари,
қайдасан, ай, имкон аталган Ғирот?..

Йил ўлди эскириб, қартайиб роса.
Жаноза ўқиркан кўксим силкинди…
Янги йил туғилди гўдакдай тоза,
мен унга аллалар айтаман энди…

Ёз ўтди. Куз ўтди. Тоғ ҳануз йироқ…

1989

* * *

Юлдуз сенинг номингдир,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.
Сен юлдузнинг номисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.

Сен шомнинг оромисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.
Сен оромнинг шомисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.

Сен жомнинг шаробисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.
Сен шаробнинг жомисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.

Сен авомнинг эркисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а.
Сен эркнинг авомисан,
Чўлпон, Чўлпон, Чўлпон-а…

1989

* * *

У ёнимда бир ялов,
бу ёнимда бир ялов –
у ёнимда бир олов,
бу ёнимда бир олов
ёқар жону жаҳоним,
нажот қайда, вой, жоним!..

Икки ўтнинг ораси –
чорасизнинг чораси…
Ўнгга юрсам, ўнг жоним,
чапга юрсам, чап жоним
куйиб-куйиб кул бўлар…
Йўлим қайси йўл бўлар?

Наҳот тилим тилсиздир,
наҳот йўлим йўлсиздир,
ортимда ҳам бир жарлик,
олдимда ҳам бир жарлик,
зулмат ичра ҳар ёғим,
қайда маним маёғим?

Бу бино қандай бино,
бузсамми ё қурсамми?
Бу дунё қандай дунё,
чиқсамми ё кирсамми?
Йўқдир азму қарорим,
йўл кўрсат, бируборим.

Беқарорлик тобора,
қилар мени дилпора,
заволлар силар мени,
саволлар талар мени,
қувлар сонсиз гуноҳим,
қайга қочай, аллоҳим?

Ё раб, дедим, истак бер,
эътиқод бер, маслак бер,
завқ бер, сурур, ҳайрат бер,
шижоат бер, ғайрат бер…
Сас келди мен адога:
«Худога қоч, худога…»

1989

* * *

Кўзимнинг тилига тушунмас кўзинг,
сўзимга эш бўлиб эшилмас сўзинг,
нечун юлдузимдан қочар юлдузинг,
эй, менинг ғайритил, айридил ёрим?..

Ёмғирлар хушзабон, гуллар гуландом,
тошлар хуштакаллум, тоғлар хушкалом,
дарахтлар сертаъзим, қушлар серсалом,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

Сен – қалбим тоқига чиққан моҳтобсан,
сен – булут ортидан боққан офтобсан,
сен – бахту ғамларга тўлиқ китобсан,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

Китобсан, китобдай англай олмайман,
қўшиқсан, қўшиқдай тинглай олмайман,
наҳот терс дунёсан, ўнглай олмайман,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

Ишқ ичра мен борман, сен нечун йўқсан,
мен хасман, сен менга ўт қўйган чўғсан,
мен шайдо кийикман, сен – дайди ўқсан,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

Ухласам, тушларим – хобларимда қон,
уйғонсам, тонгларим, шабларимда қон,
жилмайсам, қалбимда, лабларимда қон,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

Кўзимнинг кўзига тушунмас кўзинг,
сўзимга эш бўлиб эшилмас сўзинг.
Юлдузим ортидан юрмас юлдузинг,
ай, менинг ғайритил, айридил ёрим…

1989

* * *

Тарих – ким учундир музейда суврат,
ким учундир – қисса, эртак – осуда.
Кимгадир у жанглар омборхонаси,
мен учун у – ҳаёт, руҳий восита…

Мен учун у – нафас, гўё чақмоқлар
чақиб ўтгандан сўнг олинган нафас.
У шундай тозаки, симирганингда
асрлар чанги ҳам безовта қилмас.

Кечадан бугуннинг фарқи йўқ, кўрдим,
бугундан фарқ қилмас балки эрта ҳам.
Тарихни ўтмиш деб билади мардум,
кошки келажак деб билсайди одам…

Абадият ичра кўзинг етмаган
замон нуқталари борки, етажак…
Тарих менинг учун – бўлиб ўтмаган,
тарих менинг учун – бўлиб ўтажак…

Уни туғар фикру хаёлларимиз,
улғаяр у бизнинг ёшимиз билан.
Туғиб берар уни аёлларимиз,
унга жавобгармиз бошимиз билан…

1989

* * *

Изғиринлар ғарбдан келади,
гармсел – жанубий хориждан.
Йиғи келар дарду аламдан,
уйқу келар қаттиқ ҳоришдан.

Маним мунглуғ кўнглимга эса
нур келади сокин хонамдан –
етти қават кўрпача узра
жилмайиб ўтирган онамдан.

1992

* * *

Ёшлигим, оҳ, ёшлигим, юз-кўзлари тиниғим,
бўшлигим, бебошлигим, қалби лов-лов ёниғим!

Бугун мени соғиниб, хайр-хўшга кебсан-да?
Сочларимнинг оқини бир кўришга кебсан-да?

Ёш келмас, нетай, кўзга, илож қанча? Пешона!
Соч оқи энди бизга айрилиқдан нишона.

Ай, кечаги жон дўстим, ай, бугунги бегонам,
ай, кечаги кам-кўстим, ай, бугунги афсонам,

Сен минг бир зинам эдинг, чиқдим, чиқдим, толмадим,
сен бир хазинам эдинг, мен ҳеч вақо олмадим.

Хазинангдан илҳомим ололмади дур-маржон,
дур-маржонсиз бу қулинг топармиди шуҳрат-шон?

Баҳор келиб, заминдан эриб кетган қор каби,
кетмоқдасан сен мендан бир суюкли ёр каби.

Кетган менми, сенми ё, қолган сенми ё менми?
Ишқ топдими интиҳо, энди ишққа оминми?..

Ёшлигим, оҳ, ёшлигим, юз-кўзлари тиниғим,
сен энди – дилғашлигим, сен энди – хўрсиниғим…

1994

* * *

Мен суйиб хато қилдим.
Рауф Парфи

Сени излаб сарсон юрган садолар бор,
сенинг битта сўзингга зор гадолар бор,
сенинг битта боқишингга фидолар бор,
васлингга зор менинг каби адолар бор,
бу дунёда хатолар бор, хатолар бор.

Агар боқсанг очиб хаёл дарчасини,
ёғиб турган қорнинг нафис парчасини,
ё капалак қанотин чанг – зарчасини
ушлаб бўлмас, севиб бўлмас барчасини,
бу гўзал деб, бу нафис деб; адо бўлғай,
гар ушласанг хато бўлғай, хато бўлғай.

Қўйгил, қор ҳам учаверсин ҳаволарда,
ўйнайверсин капалак ҳам саболарда,
ушлаб бўлмас нафосат бор наволарда,
ушлаб бўлмас хаёлот бор ҳаёларда,
гар ушласанг, нафосатлар адо бўлғай,
агар севсанг хато бўлғай, хато бўлғай.

Сен-да қордай кўп нафиссан, хўб нафиссан,
ушлаб бўлмас нозик ҳиссан, инжа ҳиссан,
ё капалак янглиғ латиф ҳам муниссан,
қиз эмассан, сен парисан, аммо қизсан,
сени суйдим, майли, умрим адо бўлғай,
сени суйдим, хато бўлди, суймасам-да, хато бўлғай.

1994

ЎГИТ

Номардга йўлиқсанг, тарки низо қил,
нодонга йўлиқсанг – ҳақдан жазо бил,
отангни ранжитма, рози-ризо қил,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Пул топ, лекин дўстни ундан-да мўл топ,
яхши-ёмон кунда қўлловчи қўл топ,
йўл топсанг, отангнинг кўнглига йўл топ,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Хаёл элагида дунёни эла,
отанг қўлларин ўп, белларин сила,
худодан тиласанг, отангга тила,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Кулиб турсин десанг толе безавол,
отанг насиҳатин қилмагин увол,
дуо олсанг, отанг дуосини ол,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Худо солган мўъмин фарзанд бўл доим,
элу юрт ишига каманд бўл доим,
отангнинг умрига пайванд бўл доим,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Бир сабаб бирла у тушса ҳам йироқ,
тўлдирса ҳам бир кун кўзларин тупроқ,
меҳринг дарахтидан узмагил япроқ,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам.

Тутилмас бахтларни тута билсанг ҳам,
етилмас тахтларга ета билсанг ҳам,
отангни ардоқла, ота бўлсанг ҳам,
боғлаб қўйган эмас отангни, болам…

1994

* * *

Катта шаҳарларда бинолар катта,
акаслар, эманлар, чинорлар катта,
айшу ишрат, сафо, зинолар катта,
гуноҳни кўрмаган кўзлар майдадир.

Катта шаҳарларнинг гуллари минг-минг,
майдонлари чўнг-чўнг, йўллари кенг-кенг,
бевалари лак-лак, туллари минг-минг,
қизлик қизғанмаган қизлар майдадир.

Катта шаҳарларда катта фозиллар,
катта аблаҳлар бор, катта разиллар,
катта ўйинлар бор, катта ҳазиллар,
иззат изламаган излар майдадир.

Катта шаҳарларнинг бозорлари кўп,
хилват гўшалари, мозорлари кўп,
қонуний, қонунсиз озорлари кўп,
сўзни сизламаган сўзлар майдадир.

Катта шаҳарларда катта алдовлар,
катта савдолар бор, катта чайқовлар,
чув тушиб туради тез-тез анқовлар,
юзсизга юзлашган юзлар майдадир.

Катта шаҳарларда қатновлар тез-тез,
синишлар, ёнишлар, чатновлар тез-тез,
тўйлар, томошалар, қутловлар тез-тез,
ҳуснига ҳирс қўйган ҳислар майдадир.

Катта шаҳарларда саволлар катта,
исрофлар, иснодлар, уволлар катта,
тилдаги, урфдаги заволлар катта,
эснаб, эсламаган эслар майдадир.

1995

* * *

Сайрашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
қарашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
курашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша ғамгинман, мен ўша – ғамгин.

Танишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
хонишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
ёнишлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша ёнғинман, мен – ўша ёнғин.

Султонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
замонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
жаҳонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,
мен – ўша жаҳонман, мен – ўша жаҳон.

Шамоллар ўзгарди, мен ўзгармадим,
аъмоллар ўзгарди, мен ўзгармадим,
саволлар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша саволман, мен – ўша савол.

Тавоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
савоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
жавоблар ўзгарди, мен ўзгармадим,
мен – ўша жавобман, мен – ўша жавоб.

1995

* * *

Тангрим тилагимни бажо қиларми
саждага бош қўйиб сени тиласам?
Қалампирмунчоқлар ҳиди келарми,
сумбул сочларингни суюб силасам?

Бир қулинг бўлишга мени кўндирди,
қалбимни кул қилиб тўзғитган оҳинг.
Кўзим кўзгусини чил-чил синдирди
сенинг ул бераҳм тошинг – нигоҳинг.

Тилло тиғларини санчдию қуёш
тирқиратди туннинг рўёларини, –
сенинг бир нигоҳинг қилиб қўйди фош
кўнглимнинг ишқ тўла дунёларини.

Кўксимга санчилди ойнинг ханжари,
шодимарг шамоллар ичди қонимни.
Ай, менинг жонимни олган ойпари,
қайлардан ахтарай энди жонимни?

Жайронкўз жийроним, бу кун қайдасан,
ғизолим, ғазалим овчи қилайми?
Совчилар юборсам, не сўз айтасан,
райҳонлар исини совчи қилайми?

Ай, менинг мунгларга менгзамас мунглим,
кўнглим – ишқ каъбаси, ҳаж қил, тавоф қил.
Кўнглингнинг кўнглини сўрайди кўнглим,
кўнглимнинг кўнглига қараб жавоб қил.

Тангрим тилагимни бажо қиларми
саждага бош қўйиб сени тиласам.
Қалампирмунчоқлар ҳиди келарми,
сумбул сочларингни суюб силасам?..

1995

* * *

Исминг экиб ёр ёдига, кўкартиргил,
ишқинг экиб, парвариш қил раҳминг билан.
Ўйчан-ўйчан кунларини кўпайтиргил,
орзуларин чўчитмагил ваҳминг билан.

Суйгил уни, сочларини силаб суйгил,
сен бўлмасанг, адоман, деб қўрқитиб суй.
Суйдир уни, куйдир уни, ўзинг куйгил,
қизғон уни, кўзларингга беркитиб суй.

Ўзгаларга қиё боқма ёнида сен,
рашк ўтига отма уни, қийнамагил.
Вафо бўлиб киргил шайдо қонига сен,
шум ўйларни ўйламагил, ўйнамагил.

Эркаланиб, эркалагил, эркига қўй,
тўй кечаси ёқгил ишқий шаъмларингни.
Чимилдиқда боқиб юрган шубҳангни сўй,
сочларига осиб ўлдир ғамларингни.

Кўзларидан олиб вафо сабоғини,
хиёнатнинг хаёлини пичоқлагил.
Дудоғингга никоҳлагил дудоғини,
қучоғини қучоқ очиб қучоқлагил…

1995

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ:

«Етдим деганимда дунё мағзига,
бошимдан мағзава ағдарди риё.
Тиқди аждаҳонинг қонли оғзига,
мени мен ишонган ул аҳли зиё…

Нон излаб изғир эл дўконма-дўкон,
дон излаб изғир эл бозорма-бозор.
Оқибат ахтариб сарсондир инсон,
мен эса сарсонман тополмай мозор.

Замона итқитган ташландиқ виждон,
пашшага таланар ахлатхонада.
Диёнат – пажмурда, мажруҳ, чалажон,
ҳибсда сақланар махсус зонада…

Ялтоқлар зол, қаттол назар остида
золимга шукрона айтдилар, кўрдим.
Тазйиқлар, қийноқлар, озор остида
одамлар худодан қайтдилар, кўрдим…

Мен олқиш айтмадим золим замонга,
қайтмадим тангрим ҳақ қилган йўлимдан.
Хиёнат қилмадим дийну иймонга,
қўрқдилар, қўрқмадим зулму ўлимдан…

Неки жафо кўрдим, не иллат кўрдим,
қаҳрим асрамадим темир сандиқда.
Мен ўз тимсолимда бир миллат кўрдим,
қон кўрдим қамчидан қолган чандиқда.

Ёвга сочдим заҳрим сатрлар аро,
тўкдим оқ қоғозга шикоятларни.
Сабоқ бўлсин учун элимга, «қаро»
мозийдан келтирдим ҳикоятларни.

Ўзбегим, қалбингга муқаддас уруғ –
миллат муҳаббати уруғин тикдим.
Жаллодлар елкамга қадаганда ўқ,
гўзал бир жаннатни кўриб, энтикдим…

Мен тиккан бу боғни сўлдиролмаслар,
кесиб олсалар ҳам агар тегимни.
Менинг Кумушимни ўлдиролмаслар,
ўлдира олмаслар Отабегимни…»

1995

* * *

Дунёдан шеър йиғиб, дунёга сочдим,
дил очган кимсага дилимни очдим,
ҳар неки қувласа, ўзимга қочдим,
даврадош бўлмадим даврон ила мен.

Сўзларим тик бўлди – ёвлар турдилар,
юзлашсам, дўстларим юзин бурдилар,
ўзларим ўзимни четга сурдилар,
маслакдош бўлмадим ёлғон ила мен.

Хоинлар йиққан ул боғни йиқмадим,
сотқинлар чиққан ул тоққа чиқмадим,
ўзим кулдим, аё, ўзим сиқтадим,
бир ўзим олишдим замон ила мен.

Суқ кўрсам, сўкиндим, сўқишолмадим,
тўқ кўрсам, тўқиндим, тўқишолмадим,
бу меҳмонхонада чиқишолмадим
ўзин мезбон билган меҳмон ила мен.

Чидадим, кўзимни ўйсалар-да гоҳ,
инградим санчилган найзалардан гоҳ,
дўст топдим гуллардан, майсалардан гоҳ,
кўпроқ дўст тутиндим осмон ила мен.

Билмайман, ҳақманми, ноҳақманми ё,
балки мен бошқаман, бошқадир дунё,
тунлари тортишиб чиқаман танҳо
душманим Сулаймон Раҳмон ила мен…

1996

* * *

Дунёдан шеър йиғиб, дунёга сочдим,
дил очган кимсага дилимни очдим,
ҳар неки қувласа, ўзимга қочдим,
даврадош бўлмадим даврон ила мен.

Сўзларим тик бўлди – ёвлар турдилар,
юзлашсам, дўстларим юзин бурдилар,
ўзларим ўзимни четга сурдилар,
маслакдош бўлмадим ёлғон ила мен.

Хоинлар йиққан ул боғни йиқмадим,
сотқинлар чиққан ул тоққа чиқмадим,
ўзим кулдим, аё, ўзим сиқтадим,
бир ўзим олишдим замон ила мен.

Суқ кўрсам, сўкиндим, сўқишолмадим,
тўқ кўрсам, тўқиндим, тўқишолмадим,
бу меҳмонхонада чиқишолмадим
ўзин мезбон билган меҳмон ила мен.

Чидадим, кўзимни ўйсалар-да гоҳ,
инградим санчилган найзалардан гоҳ,
дўст топдим гуллардан, майсалардан гоҳ,
кўпроқ дўст тутиндим осмон ила мен.

Билмайман, ҳақманми, ноҳақманми ё,
балки мен бошқаман, бошқадир дунё,
тунлари тортишиб чиқаман танҳо
душманим Сулаймон Раҳмон ила мен…

1996

* * *

Кезасан бир дилдош ахтариб ҳалак,
ўз дилинг қаърига чўкар вужудинг.
Унсиз мулоқотга тортади фалак,
титраган титроқлар тўкар вужудинг.

Англайсан, умринг бир учаётган ўқ.
Қайдадир ул сени отган камонинг?
Ажал ҳам ўз ўқин отади аниқ,
ўқ бўлиб у томон учган замонинг.

Ҳар икки қутбдан икки ўқ елар,
бири ғарбга учар, бири шарқ томон.
Сен унга борасан, у сенга келар,
учрашув рўй берар қайда, қайси он?

Буни билолмассан, билар бир худо,
сенга ноаёндир умринг саноғи.
Ҳар лаҳза ноилсан, ҳар лаҳза жудо,
сен мангу дунёнинг оний қўноғи.

Ҳар гал хазондан сўнг барқ урар дарахт,
ҳар бир гуллашдан сўнг қисматдир сўлмоқ.
Бахтсизлик ичидан ўсиб чиқар бахт,
туғилмоқ – ўлмоқдир, ўлмоқ – туғилмоқ…

Замон дарёсида сув йўқ, соҳил йўқ,
оқар бу дарёда туғён ва ором.
Келмагу кетмакка, дема, дохил йўқ,
кунда ҳам маром бор, тунда ҳам маром.

Мезон тунларининг салқин саҳнида
хаёллар чорлайди сени беадад.
Бир илинж туясан худо раҳмига,
фалакдан кутасан илоҳий мадад.

Саволлар туғади бот-бот хаёлинг,
талпиниб яшайсан олий висолга.
Заволга етаклар сени камолинг,
заволинг етаклар сени камолга…

Кезасан бир дилдош ахтариб ҳалак,
юрагинг қоврилар, куяр вужудинг.
Унсиз мулоқотга тортади фалак,
титраган титроқлар туяр вужудинг…

1999

* * *

Қайтар мени. Тўхтат мени. Совут мени.
Ҳайда мени. Алда мени. Овут мени.

Энтиктирма. Ҳансиратма.Тўлиқтирма.
Яқинлатма. Ёвуқтирма. Йўлиқтирма.

Эсингни йиғ. Ҳушингни йиғ. Ақлли бўл.
Бу қинғир йўл, қоронғи йўл, бу хато йўл.

Муз лабимга лабинг босиб музламагил,
мендаги йўқ ўтни мендан изламагил…

Ҳовлиқма кўп, ҳали шундай севги келар,
чақмоқлари юрагингга чизар гуллар.

Ер йўқолар, осмон жуда паст бўлади,
қийноғидан туйғуларинг маст бўлади.

Парво қилмай сенинг барча парвойингга,
ойни узиб ташлаб қўяр у пойингга.

Лаззатларга ўхшаб кетар ҳасратлари,
ҳасратларга ўхшаб кетар лаззатлари…

Қайтар мени, тўхтат мени, овут мени,
қўрқит мени, алда мени, совут мени…

Тўхтатолсанг, тўхтайолсам, жаврмикан?
Қизиб кетган темир энди совирмикан?

1999

* * *

Ҳовлиқиб, ҳансираб чопасан, эй, дил,
оёғинг остидан узмай кўзингни.
Излаб юрибсанми, бечора, ай, қул,
оғзингдан тушириб қўйган сўзингни?

Тўкилган сўзларинг чиқарми униб,
изингда боғ-роғлар отарми куртак?
Бир гўзал афсона чорларми сени,
ё сени имларми сеҳрли эртак?

Чопарсан, тегрангга солмасдан назар,
нигоҳинг тикканча оёқ остига.
Айт, қайга шошасан, беписанд, бесар,
кўз солмай дунёнинг баланд-пастига?

Чопарсан, ортингдан сўкар бўралаб,
каззоблар, муртадлар, ғарлар, қинғирлар.
Ўтарсан ғийбатлар, қасдлар оралаб,
таъналар тинғирлар, миннат минғирлар…

Ортингдан ҳасадлар боқар ўртаниб,
суқланиб қувлайди сени ҳаваслар.
Билмассан, олдинда не кутар яниб,
қасрлар кутарми, кутар қафаслар?..

Чопарсан, билмасдан – гуноҳми, савоб,
чопарсан, англамай фарзми бу, суннат.
Мақсадинг нимадир – саждами, тавоф,
қўналғанг – дўзахми, манзилинг – жаннат?..

Билмассан, манглайда не ёзуқ, эй, қул,
қисматинг ҳал этар Одил Тарози.
Халқ учун югурсанг – сен халққа мақбул,
Ҳақ учун югурсанг – Ҳақ бўлар рози…

1999

* * *

Шаҳар дим. Саҳар дим. Уфққа боқдим.
Осмонда булутлар мажлиси қизғин.
Бир малла ит ҳурар. Оқ бўйин. Оқ дум.
Юнглари тўзғин-у, ўлгудай озғин…

Мусича кукулар, каптар ғуғулар,
марвартак тўкилар ночор ҳилвираб.
Шамол жим. Ҳаво дим. Нафас бўғилар.
Палаклар, япроқлар сўлар шалвираб.

Жавзоми – жазоми? Бу қандай димлик?
Начора? Чорамиз – чорасизликми?
Жиққа ҳўл кўрпадай босар бир жимлик.
Муштарак бир ҳадик бўғар ўзликни.

Ёғсанг-чи, ай, ҳаво, тўйиб ёғсанг-чи!
Айт, яна кутайлик, айт, яна қанча?
Сим-сим санчилмоқда юракка санчиқ,
жонларга тегди бу номсиз исканжа…

Булутлар, оҳ, бунча секин ўрлайди,
барглар аро шамол ғивири янглиғ?
Томчилар томларни қачон тирнайди,
маҳбусларнинг сирли шивири янглиғ?..

Шаҳар дим. Саҳар дим. Бўғилар нафас…

1999

МЕН КИММАН?

Мен ёлғиз эмасман, ёлғизлик – ёрим,
шаҳдсизлик – шаҳдимдир, аҳдсизлик – аҳдим.
Ҳақорат – бўйнимда содиқ туморим,
дўстсизлик – дўстимдир, бахтсизлик – бахтим.

Қаровсиз эмасман, сўраб турар ҳол
ҳар кун эшигимни чертиб улфатлар –
қашшоқлик елкамдан қучоқлар дарҳол,
кулфатдош бўлади дарҳол кулфатлар.

Изтироб – инимдир, синглимдир – ситам,
хўрликдан ҳеч қачон келмайди ғашим.
Очлик очлигимга шерикдир ҳар дам,
дардлар ҳар нафасда бўлар дардкашим.

Азобим – севгилим, соғинч – сирдошим,
ғамлар ғамларимдан эмаслар беғам.
Кўзимдан ҳеч нари кетмас кўзёшим,
эрксизлик – бошимни силаган оғам.

Мен бахтли яшайман поймол ор билан,
таҳқирлар қилолмас ҳеч қачон изза.
Мени саратонлар сийлар қор билан,
қайноқ бўронларда қиламан мазза…

Иложсизлик бўлди доим иложим,
замон қайнаб ётар, мен эса жимман.
Мутелик – тахтимдир, хоксорлик – тожим…
Хўш, энди айтинг-чи, мен ўзи кимман?..

1999

033Суратда: Тилак Жўра, Сулаймон Раҳмон ва Абдулла Шер.

Sulaymon Rahmon o’zbek she’riyatida o’z izini qoldira olgan, bugun ham barakali ijod qilayotgan salohiyati baland shoir.Uning nashr etilgan to’plamlari she’riyat ixlosmandlarining sevimli kitoblariga aylangan bo’lsa, jahon adabiyotining sara namunalaridan qilgan tarjimalari o’zbek tarjima maktabi xazinasidan munosib o’rin egalladi. Bugun biz sizga chop etilgan kitoblaridan shoirning o’zi saralab bergan she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

054

Chiroqni o’chirib, (Rauf Parfi bilan) ikkalamiz ikki karavotga cho’zildig-u, lekin ko’zimizga uyqu ilinmadi, tuni bo’yi gaplashib yotdik. Gapimiz she’r haqida, adabiyot haqida bo’ldi deyolmayman. Tarix haqida, til haqida, millat to’g’risida, jadidlar, bosmachilar xususida gaplashdik. Uning aytishicha, bosmachilar bosmachi emas, milliy ozodlik uchun kurashchilar bo’lgan. Ular xalqni emas, qizil askarlarni bosgan. Shuning uchun o’rislar ularni «bosmachilar» degan. Aslida esa, qizil askarlarning o’zlari bosmachi bo’lgan. Misol uchun, Madaminbek o’zbeklarni bol`sheveklardan qutqarish uchun, islom dinini himoya qilish uchun kurashgan. Uning maqsadi Turkistonni turkistonliklar qo’liga olib berish bo’lgan…

Mening yosh xayolimda ham shunday gaplar yo’q emasdi. Garchi darsliklarda O’zbekiston ittifoqning tenghuquqli a’zosi deyilsa-da, aslida uning Rossiyaga qaram bir o’lka ekanligini yaxshi anglardim. Garchi o’sha kezlarda «O’zbekfil`m» bosmachilar to’g’risida ketma-ket fil`mlar chiqarib, «bosmachilar» haqiqatan ham bosmachi ekanligini isbotlashga urinayotgan bo’lsa-da, bu fil`mlarning uydirmaligiga, bunday fil`mlar kimlarningdir buyurtmasi bilan olinayotganiga aqlim yetardi. Men tarixiy haqiqat aslida qanday bo’lganini bilishga qiziqardim. Shu bois ko’p o’qir, tarix titardim. Taqiqlangan narsa qiziq bo’ladi. Aynan taqiqlangan kitoblarni, qo’lyozmalarni topib o’qishga harakat qilardim. Amir Temur haqida rost gaplarni bilgim kelardi. O’sha yillari Ibrohim Mo’minovning xudo yorlaqab dunyo yuzini ko’rgan Amir Temurga bag’ishlangan bir risolasi qo’lma-qo’l bo’lib ketdi. Lekin bu risola mening chanqoq ruhimni qoniqtirmadi. Boshqa kitoblarni, asl manbalarni topib o’qishga harakat qildim. L.Lyanglening 1890 yili chiqqan «Jizn` Timura» degan kitobchasini, millatchi deb qoralangan Cho’lponning ba’zi she’rlarini topib o’qishga muvaffaq bo’ldim…

..Men «Guliston» jurnaliga ishga kirdim. Bu yerga ishga kirishimga ham Rauf Parfi bilvosita sabab bo’lgan desam yanglishmayman. Gap shundaki, men armiyadaligimda uning «Tasvir» degan kitobi chiqqan ekan. Ayni kunlarda «Xotirot» chiqib qoldi. Unisini ham, bunisini ham o’z qo’li bilan taqdim etdi. Shularni o’qib bir maqola yozgim keldi. Yo’lim tushib «Guliston»ga borganimda, adabiyot bo’limida ishlayotgan Abdulla Sherga fikrimni aytgan edim, «Juda yaxshi bo’ladi, yozing, «Tengdoshimning ijodiga bir nazar» degan ruknimiz bor, shunga beramiz», dedi. Yozdim. «Grajdanlik ehtirosi» deb sarlavha qo’ydim. Gap shundaki, Rauf Parfi to’g’risida o’sha paytlarda u betayin g’am-qayg’ular shoiri deganga o’xshash gaplar yurardi. Men o’zimcha uning grajdan shoir ekanligini isbotlamoqchi bo’ldim. Maqola bosh muharrir Asqad Muxtorga yoqibdi. «Shu yigitni toping, bir gaplashaylik, balki ishga olarmiz», debdi. Gapning qisqasi, men bahonai sabab bilan «Guliston»chi bo’lib qoldim…(Sulaymon Rahmonning “Suyuk va buyuk shoir” maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qing.).

 

Sulaymon Rahmon
SHE’RLAR
Eski daftarlardan
054

OT

Goh talpinar, depsinadi goh,
nima istar bu asov tulpor?
Goh xo’rsinar, gohi chekar oh,
suvoriyga boqar umidvor…

Ay, chavandoz, qo’ygil erkiga,
murodiga yetsin ul bedov.
U bir buyuk maqsadga ega,
u ot emas, u – tirik olov.

Qara, shahlo ko’zlarida yosh,
chorlar uni ko’hna boboqon.
Qo’yvor uni, qo’yvor, bag’ritosh,
yollarida uyg’onsin bo’ron.

Shamollarga kersin ko’ksini,
tokay chulg’ar uni bu uyqu?
Yiqilsa ham o’zi depsinib,
yana o’zi turib ketar u.

Maqsadiga talpinar go’zal,
u parvozni sog’ingan yomon.
Qo’yvor, hali hammadan o’zar,
eltar seni manzilga omon.

Tuyog’ida bir latif shiddat,
lablarida sodiq bir pichir.
Ey, chavandoz, jilovni bo’shat,
uchir uni, G’irotday uchir…

Goh depsinar, talpinadi goh,
erkni qilgil unga poyandoz.
Bo’laqol, ay, bo’laqol tezroq,
tizginini bo’shat, chavandoz…

1967

* * *

Toq bo’ldi oxiri toqating,
tuni bo’yi osmon yig’ladi.
Buyuk edi mening hayotim,
sening tor uyingga sig’madi…

Uloqtirdi zulmat kechaga
gardanimga sanchgan ko’zlaring.
Gurs-gurs etib shilta ko’chaga
tushaverdi otgan so’zlaring.

G’o’ng’illagan ariday pusib,
quvlab keldi o’qtalib nishlar,
lekin tegmay, dumini qisib,
itday g’ingshib qaytdi qarg’ishlar.

Ketaverdim, ko’ksim bo’shadi,
qolaverding sen qaro g’amdek.
Dovdir-sovdir qadam tashladim,
chekishni tashlagan odamdek…

Toqating toq bo’ldi oqibat,
osmon ham tun bo’yi yig’ladi.
Buyuk edi menda muhabbat,
sening tor ko’nglingga sig’madi…

1967

* * *

Mening go’zal gunohkorim,
mening aziz aybdorim,
ko’zlarimga kulgu solgan,
qayg’u solgan dildorim,

Bu ne jodu? Vasling mayin
ichgan sari chanqadim?
Sen o’rgatding yig’lab turib
kula olmoq san’atin.

Suvda suzgan baliq – manim,
ko’kda uchgan qush – manim…
Sen o’rgatding hayot qadrin,
mening erka dushmanim.

Sen o’rgatding hasratlarni
bol yalatib boqmoqni…
Kulib turib qarshilashni
boshga tushgan chaqmoqni…

Noming aytsam, dilim yonar,
tilim yonar, o, tilim!.. –
mening go’zal jallodimdir,
mening munis qotilim…

1968

* * *

Kuta-kuta toldim seni, ey, nur,
qayg’ular kulmoqda ustimdan masrur,
sabrimning sochlari oqardi, ay, hur,
insofing bormi?

Orziqqan orzuim ozdi – sen yo’qsan,
umidim umidin uzdi – sen yo’qsan,
to’zimim tirqirab to’zdi – sen yo’qsan,
insofing bormi?

Chinorday chidamim chirs-chirs chiridi,
ishonchim ividi, ishqim iridi,
ahdim arazladi, qasdim qaridi,
insofing bormi?

1968

* * *

Yig’latmadi meni, azizam,
ko’zlaringda yig’layotgan g’am.

Ko’ngling sirin so’zda aytmading,
yo imo, yo ko’zda aytmading.

Dil o’rtagan dardingni, munglim,
fahm etmabdi befahm ko’nglim.

Sir aytmabdi menga, azizam,
kiprigingda kezgan titroq ham.

Befahmlik – suronsiz jala,
ishq ko’shkini qildi dabdala.

Sirdoshlarday bo’lib biz sirdosh,
bir yostiqqa qo’yolmadik bosh.

Ko’ngil sindi, yurak yedi lat,
ado qildi sevgini g’aflat.

Men shunday bo’sh, men shunday bayov,
bo’lolmadim sen kutgan kuyov.

So’y, qahringga qonimni ichir,
kechir, menday lattani kechir…

1968

* * *

Sening bir kulishing – men uchun jannat,
bir qasr baxsh etdi – men tushdim asir.
Yorab, bandilarga qayda bor shafqat,
sho’rlik men asirga bir kun – bir asr.

Sog’inch changalida qoldi kunlarim,
ey, umrim, ayt, kimga to’laysan xiroj?
Umidlarim mening – so’lgan gullarim,
nahot hidlamakka yo’q endi iloj?

Ayt o’zing, kimlarga ta’zim qilay men,
kimlarga sig’inay senga boqgali?
Ayt o’zing, jur’atni qaydan olay men,
shoh Mashrab singari etak qoqgali?

Baxtini topmoqda qadim bu ochun,
vatanlar bo’lmoqda erkiga hamdam.
Darig’ tutmoqdasan sen esa nechun,
mendan, ey, dilbarim, visolingni ham?

Yana quyosh botdi, yana qon shafaq.
Nahot bu kecha ham xayolim qaqshar?
Nahot men o’tarman yo’lingga ilhaq,
hazrat Navoiydek to ro’zi mahshar?..

1969

SINGAN KO’NGIL

Jonona yuziday jonoqi olma
jonbaxsh ranglaridan qon olgan ko’nglim,
lablari gulg’uncha, yonog’i olma
qizlar nigohidan jon olgan ko’nglim,

Hayhot, bir nomard do’st toshidan chil-chil
sinib yotar edi – bog’ aro kuzning
mahzun yo’lagida ayanch va dardchil,
pardoz ko’zguchasi kabi bir qizning.

Nega sinding, ko’nglim,
kinlar, g’arazlar,
nokaslar toshiga dosh topgan ko’nglim?
Nega sinding, ko’nglim,
ishqlar, arazlar,
gullar orasidan tosh topgan ko’nglim?

Nega sinding, nega?
Nomard do’st uchun
omadlar tilagan, kuyungan ko’nglim?
Ay, do’st qayg’usidan g’ijim va g’ijim,
ay, do’st shodligidan suyungan ko’nglim?

Nega sinding, nega?

1969

* * *

Bitiklar bor zanjirlarda, kishanlarda,
jallodlarning kundasida, devorlarda,
zindonlarda, tangalarda, nishonlarda,
bitiklar bor qilichlarda va dorlarda…

Bobolarim yozib ketmish e’tiqodin,
or-nomusin, bu dunyoga qarashlarin,
yozib ketmish qahqahasi ham faryodin,
yozib ketmish maydon ichra kurashlarin.

Bobolarim qoni olov – or olovi,
bobolarim qoni isyon – erk isyoni.
Bobolarim qoni yalov – erk yalovi,
tomirlarim ichra bormi ular qoni?

Men turibman chorrahada oyoqyalang,
bu chorraha menga sinov chorrahasi.
Ko’zim boqar chor tarafga alang-jalang,
menga hayron bu dunyoning chor dahasi:

«Bolam, sen shu bobolarga bolamisan?
Unda nechun qoning sovuq, qaynamaysan?
O’z ichingga qamalgan bir nolamisan,
nechun katta maydonlarda o’ynamaysan?..»

1969

BEZORI SHAMOL

Ey, favvora bo’ylarinda
tentib yurgan tentak shamol,
yo’qmi shohi ko’ylaging-da,
yo’qmi senda harir ro’mol?

Chang solma, qo’y, ro’moliga,
yulqima yor ko’ylagin-da,
qolma hayo uvoliga,
uyaltirma o’ylarin-da…

Yulqib qochding, parcha-purcha
uchar ko’kda gazetalar.
Senga parvo qilmas uncha,
tosh haykallar, kassetalar.

Yulqib qochding, quvlar shahdam
ro’molin ne ovvoralar,
otma uni, shamolginam,
qaytib bermas favvoralar.

Bezorisan, bezorisan,
tiniq suvni loyqatursan.
Osuda dil ozorisan,
tinch ko’ngilni chayqatursan.

Ermak yo’qmi senga boshqa,
muncha shilqim, sursan axir?
Ketsang-chi, huv, tog’u toshga,
hursan axir, hursan axir…

1969

* * *

Vatan haqda she’r o’qib beray?
Sen tinglaysan uni erinmay?
Unday bo’lsa, topib ber, ko’ray,
vatan yo’qdir qaysi she’rimda?

Men alqasam bog’u rog’larni,
yo dardimni, ishqimni aytsam,
yo qarg’asam qarg’a, zog’larni,
yo sevgimni, rashkimni aytsam,

nahot bular emasdir vatan?
Vatanmasmi kulgim, xonishim?
Vatan erur nomus, vafo, sha’n,
vatan – erk deb kuyib-yonishim.

Qizlar, gullar, yulduzlar, zamon –
bir g’ildirak, vatan esa – o’q.
Hislar, nafslar, yaxshi va yomon
yo bor qilar vatanni, yo yo’q.

Vatan haqda bo’lmasmi, ay, gul,
yo daraxt, yo oy haqda yozsam?
Vatan xokin o’pdi deb bilgil,
gar she’rimda labga lab bossam…

Bir maysani jo’shib kuylasam,
bir xayolim vatan yoqdadir.
Sen haqingda qo’shiq kuylasam,
ey, yor, bu ham vatan haqdadir…

1969

* * *

Zulmatlar bir kuni nurga do’najak,
kulgan baxtimizni o’pgayman, gulim.
Uchgan hushlarimiz qaytib qo’najak,
boshingdan oq tonglar sepgayman, gulim.

Bo’ronlar bo’g’zini bir kun yirtgaymiz,
sabr to’rlarini tortgaymiz suvdan.
Yo’rg’a xayollarni minib yo’rtgaymiz,
ketgaymiz qayg’udan, g’amdan, hay-huvdan…

Ketgaymiz, albatta bir kun yetgaymiz
sabolar yurtiga, safo mulkiga.
Abadiy vidolar aytib ketgaymiz
jabrlar yurtiga, jafo mulkiga.

Iymonim – beshikdir, polvon umidlar,
parivash orzular ulg’ayar unda.
Yorug’ kelajakdan kelgan xush hidlar
kezar dil atalmish go’zal ochunda.

Iloho, yetaylik… Dunyo ko’rmagan
jamolga yetaylik, ko’rkka yetaylik.
Qo’lini hech qachon qonga urmagan
kamolga yetaylik, erkka yetaylik…

Zulmatlar bir ajib nurga do’nganda,
kulgan yuzlaringdan o’parman, gulim.
Uchgan hushlarimiz qaytib qo’nganda,
boshingdan oq tonglar separman, gulim…

1970

* * *

Nechun ko’zlaringda yoshing shalola,
nechun so’zlaringda otashin nola,
sabhidam sabosi nozik ado-la
nozik xayolingni buzib o’tdimi?

Bog’lar orolanib hayron qaraydi,
ne gap deb chug’urlab qushlar so’raydi,
ul qaro ko’zlaring battar qoraydi,
bag’ringni bir hasrat ezib o’tdimi?

Ochilib qoldimi ko’nglingdagi sir,
yo o’zga sevgiga bo’ldingmi asir,
yo ko’rgan tushlaring qildimi ta’sir,
yo noxush xotiring to’zib o’tdimi?

Nechun za’faronsan, urdimi yo zax,
yo ta’na chimchidi, yo chaqdi mazax,
ishq kirgan dilingga kirdimi do’zax,
yo shayton qoningda qo’zib o’tdimi?

G’am degan baloni qiyratgan edik,
oshifta dillarni yayratgan edik,
ishq degan bir gulzor yaratgan edik,
ayriliq shamoli esib o’tdimi?

Olamda nima bor ishqdan xayriliq,
hijron ishq yo’lida jo’n bir qayriliq,
yoxud shu arzimas, qisqa ayriliq
umiding rishtasin uzib o’tdimi?

Hayronman, g’ussaga botibsan nechun,
hayronman, bu holdan hayronmas ochun,
yo otang, menga dil berganing uchun
jazolab, qulog’ing cho’zib o’tdimi?..

Nechun ko’zlaringda yoshing shalola,
nechun so’zlaringda otashin nola,
subhidam sabosi nozik ado-la
nozik xayolingni buzib o’tdimi?

1970

* * *

Hayotning har oni tuman-tuman roz,
ovoz ol va bergil erk uchun ovoz,
qaydadir chinqirar so’yilgan xo’roz,
ojizlarga yon bos, rahm et, ko’z yoshla,
yaxshilik qilgilu daryoga tashla,
bilsa, baliq bilar, bilmasa – xoliq.

Xo’rozning bo’g’zidan sachragan ul nur,
butun bir dunyoni uyg’ota olur,
uyg’ongan dunyoning boqishlari hur,
hur-hur shamolni o’p, lablarin tishla,
yaxshilik qilgilu daryoga tashla,
bilsa, baliq bilar, bilmasa – xoliq.

Chinqiriq to’ldirar yurakka vahm,
ingroq farzandidir tug’ilgan rahm,
dillarda ilonday o’rmalar zahm,
adolat bayrog’in balandroq ushla,
yaxshilik qilgilu daryoga tashla,
bilsa, baliq bilar, bilmasa – xoliq.

Yomg’irdan qochganlar do’lga duch kelar,
o’ngdan yuz burganlar so’lga duch kelar,
yo’ldan adashganlar yo’lga duch kelar,
dunyoni hurriyat yo’liga boshla,
yaxshilik qilgilu daryoga tashla,
bilsa, baliq bilar, bilmasa – xoliq.

1971

* * *

Qalbim ungurida yotgan muhabbat,
ilonga aylanar, seni o’ylasam.
Ilonga aylanib, o’tkir, beshafqat,
qat’iy so’zlar bilan ichar u qasam.

Ohista o’rmalab, o’rim sochlaring
bag’rida ochilar boychechak bo’lib.
Qomating sarviga chirmashib yashar,
zarpechak emasu gulpechak bo’lib.

O’sma bo’lib inar qoshlaringga u,
sirg’a bo’lib tishlar quloqlaringni.
Bilaklaring chirmar bilakuzukday,
uzuk bo’lib silar barmoqlaringni.

U seni boy qilar, baxtlarga burkar,
xazina qo’riqlab yotganday, jonim,
qo’riqlab yotadi seni qalbimda
mening muhabbatim – mening ilonim…

1971

* * *

Men uni merganning o’qlari yetmas,
johilning do’qlari yetmas joylardan,
men uni jodugar jodusi o’tmas,
suvlari hayotbaxsh, jonbaxsh soylardan,
eng uzoq o’ylardan topganman, do’stim,
cholg’usiz kuylardan topganman, do’stim.

U uchar va lekin ajabki, qushmas,
tushmas u, tushmollar ko’rolmas ta’bir,
baliqdir va lekin qarmoqqa tushmas,
yemishi – yurakdir, yemishi – sabr;
guldir u, har kimsa terolmas, do’stim,
boylikdir, hotamlar berolmas, do’stim.

U – tirik, u olar xayoldan nafas,
u odam qalbiga qurar uyasin.
Unga so’z – tuzoqdir, xotira – qafas,
cho’qilab yeydi u inson miyasin.
Nurdir u, hamma ham ko’rolmas, do’stim,
yo’ldir u, hamma ham yurolmas, do’stim.

Kim topsa, keng olam shuniki bo’lar,
kaftiga jo bo’lar zaminu falak,
o’lsa ham mozori nurlarga to’lar,
poyiga gul qo’yar kelajak-malak,
ruhdir u, har kim ham ushlolmas, do’stim,
cho’g’dir u, ushlagan tashlolmas, do’stim…

1974

* * *

Men uchun xushbo’y gul – sen uchun badbo’y,
men uchun nekbin kas – sen uchun badbin.
Sen uchun zino – ishq, men uchun u – nahs,
adolat – menga haq, sen uchun u – kin.

Men uchun tong otgan lahzada, ne tong,
sen uchun kun botar, bo’larsan ado.
Tunda ham gunoh yo’q, kun ham begunoh,
kun kimga salomdir, tun kimga – vido.

Sen uchun sadaqa go’yoki pora,
chilvirni ilon deb seskanar qo’rqoq.
Sen oppoq ko’z bilan ko’rasan: qora,
men qora ko’z bilan ko’rdim: dunyo oq.

Bir tangani ko’rdik ikki tarafdan,
men ko’rdim tamg’ani, sen-chi, raqamni…
Men sening qo’lingni ushlayman, do’st, deb,
sen esa ushlaysan mening yoqamni…

Sen ostdan qarading, men boqdim ustdan,
men o’ngdan qaradim, sen boqding chapdan.
Sen sirtdan boqqanda men boqdim ichdan,
men gapga qolganda, sen qolding gapdan…

Biz bitta arqonning ikki uchimiz,
birimizda – qoziq, birimizda – ot.
Biz bitta jur’atmiz, jur’atga esa
goh jazo berilar, gohi mukofot.

Tongda kun chiqmog’i qanchalar go’zal,
shunchalar go’zaldir shomda botmog’i.
San’atdir – bir tilning bir-biriga yov
ikki yot olamga olqish aytmog’i…

1974

* * *

Uchrashgan biz emas – bahor ila kuz,
hurpaygan jayrayu sip-silliq qunduz,
bulutsiz kechayu bulutli kunduz…

Uchrashgan biz emas – keksaygan yoshlik,
sarkash latofatu latif sarkashlik,
g’ashlangan shodligu shodlangan g’ashlik…

Uchrashgan biz emas – bulbul va g’ajir,
gul ila tikanu vasl ila hajr,
gunoh ila savob, jazo va ajr…

Uchrashgan biz emas – qartaygan sho’xlik,
yoshargan vazminlik, ochlik va to’qlik,
shohlik va gadolik, borlik va yo’qlik…

Uchrashgan biz emas – olov ila suv,
navqiron ehtiros, keksaygan tuyg’u,
yig’layotgan kulgu va kulgan qayg’u…

1975

* * *

Tosh og’ir. Tog’ og’ir. Og’irdir daryo.
Sevmaysan. Bu alam cho’g’dan-da og’ir.
Daryodan-da og’ir hasrat bu, ayo.
Toshdan-da og’ir bu, tog’dan-da og’ir.

Hammaga boqqan oy menga boqmaydi.
Hammaga kulgan gul kulmaydi menga.
Hammaga yoqqan toy senga yoqmaydi.
Hammaga teng yigit teng emas senga…

Sevmaysan. Nahot bu mevasiz daraxt
mening taqdirimga otgandir ildiz?
Sensiz bir shu’ladir men uchun karaxt
oshiqlar ko’zini kuydirgan yulduz.

Sevmaysan. Tokay bu azobga chiday?
Sevmaysan. Nazarga ilmaysan gulni.
Sevmaysan. Ayt, axir qanday uyg’otay,
ko’ksingdagi beg’am, mudroq bulbulni?..

1975

YASHIK ODAM

Kabo ABE ro’moni qahramoniga

Ay, xoking muqaddas xokmidi, do’stim,
hislaring shu qadar pokmidi, do’stim?

Qalbing jannatmidi, ishqing nurmidi,
orzuing malakmi, darding hurmidi?

Vah, diling shunchalar nozik dilmidi –
sig’magan qilmidi, siqqan gulmidi?

Shunchalar ojizu ma’summiding sen,
qil qotil, til qotil, gul qotilmidi?

Sen uchun ko’z – tikan, nigohlar – tikan,
ingroqlar tikanu oh-vohlar – tikan…

Navolar – qo’ytikan, qalbingni tilar,
savollar – ko’ztikan, labingni tilar…

Atrofing tirnaydi, tirnar o’ng-so’llar,
qo’lingni tirnaydi poraxo’r qo’llar,

yolg’on oq yuzingga chaplar bo’yoqlar,
oyog’ing qonatar fohish oyoqlar…

ko’nglingni buzadi ko’ngli buzuqlar,
qoningni so’radi qonun-tuzuklar,

aynagan dunyodan ko’ngling aynaydi,
zardali dunyodan zardang qaynaydi.

Mezondan tashqari tartib-mezonlar,
nizomga bo’ysunmas nomsiz nizomlar,

ikki til, ikki dil, ikki yuzliklar,
qonundan qon ichgan qonunsizliklar;

Ko’r-ko’rona qullik, toshdil sallotlik,
zolimlik, qattollik, toshlik, jallodlik,

yo qo’rquv, yo ta’ma bois sotqinlik,
sotqinlik vajhidan beayb tutqunlik;

El ko’nglin ovlagan yolg’on va’dalar,
va’daga ishongan go’llar, lodalar,

yotsang, yotog’ingda to’kar qoningni,
o’tirsang, o’rningda olar joningni…

Bu hayot, bu dunyo shu qadar irkit,
axlat qutilarda bijg’igan sarqit

senga ming avlo do’st ig’volaridan,
dunyoning dunyoviy g’avg’olaridan…

G’ujanak bo’lding sen, dunyodan qochding
va nogoh o’zga bir dunyoni ochding:

har lahza duch kelib ranju g’ashlikka,
sen urding o’zingni karton yashikka.

Ko’zlarim haromni ko’rmasin deding,
gadoni, g’ulomni ko’rmasin deding,

ko’zlarim ko’zlardan kuymasin, deding,
ko’zlari ko’zimni o’ymasin, deding.

Qochib bu dunyoning bulg’onchlaridan,
voz kechib, rohatu quvonchlaridan,

ul karton yashikka o’zni tiqding sen,
nahot bu balchiqdan toza chiqding sen?

Qochib bu fasoddan, yiring, mishiqdan,
ne najot topding shu karton yashikdan?

Nahot sen jo bo’lib karton yashikka,
botganing bilmading boshqa mishiqqa?

Bizning ul «besavod» bobolar – mahzan,
sen kabi qochoqlar uchrasa ba’zan,

beparvo sipqorib bu dunyo jomin,
«zohid» deb qo’yganlar undaylar nomin.

Ay, zohid, yolg’izlik mayin ichib sen,
bashar diydoridan qochib, kechib sen,

nelarga to’ldirding yuraging to’rin,
kimlarga bo’shatding dunyoda o’rin?

Ezgulik xizmatin qilsa har anjom,
bu dunyo bo’lmasmi to’kis, saranjom?

Gar inson farishta bo’lsa har ishda,
bo’lmasmi bu dunyo obod, sarishta?

Sen-chi, bu olamdan tortib poyingni,
shaytanat qavmiga berding joyingni.

Yolg’iz eding, yolg’iz yorug’ kuch erding,
nega o’z nuringni o’zing o’chirding?..

1976

* * *

Men tug’ildim, guvohim – Mirrix.
Urar edi chaparasta qor.
Oh urma, bas, uflama, tarix,
bir eslab ko’r, shunday kuning bor.

Sovuq edi nihoyatda kun,
men tug’ilgan o’sha mahali.
Cho’ng yong’indan o’rlagan tutun
daydir edi jahonda hali.

Qora ko’zlar qora xatlardan
giryon edi, shilpiq, shalabbo.
Qochgan edi barcha yurtlardan
non-nasiba, go’shtu murabbo.

Nahot uryon dunyoga keldim,
ko’rmoq uchun juldur hayotni?
Ko’rmay debmi kechroq tug’ildim,
u dahshatli qirg’inbarotni?

Tug’ildimmi Afrosiyobning
o’chib ketgan rasmlariday
qayg’ularni o’chirmoq uchun?

Qonlardagi g’aflat va xobni,
bahorning hur nasimlariday,
sahrolarga ko’chirmoq uchun?

Men tug’ildim buyuk bobolar
miltig’ini o’qlamoq uchun.
Qaydasiz, deb, go’zal ibolar,
hayolarni yo’qlamoq uchun.

Men tug’ildim kuylamoq uchun,
vatanni yor atamoq uchun,
el baxtini o’ylamoq uchun,
yor noziga chidamoq uchun.

Men zulmga butkul yot edim,
muhabbatga do’st edim, o, men.
Yovuzliklar ta’min tatidim,
ichib ko’rdim men shodlik g’amin.

Paxta terdim, mix qoqdim, boqdim
qo’y-qo’zi, mol, echki-uloqni.
Tirmashib tog’-toshlarga chiqdim,
axtarib eng shaffof buloqni.

Men tug’ildim sovuq dillarni
yoqmoq uchun, cho’g’lamoq uchun.
Boshlarini silab qullarning,
qo’shilishib yig’lamoq uchun.

Xazon titgan shamolday hazin,
g’uvlash uchun tug’ilmadim men.
Bo’ri kabi bemaqsad, uzun,
uvlash uchun tug’ilmadim men.

Chidash uchun tug’ilganman men
achchiq kulgi, shirin yig’iga.
Men tug’ildim aylanmoq uchun
she’riyatning rangin tug’iga.

Men tug’ildim yurt omadiday,
el shodligin mayday ichgali.
Men tug’ildim, yor qomatiday
quchilmas olamni quchgali.

Men dillarni erkalab, suyub
qitig’lay deb keldim, yoronlar.
Baxt ko’ksiga boshimni qo’yib,
bir yig’lay deb keldim, yoronlar.

Tug’ilmadim men tasodifan,
onam, sening tiragingman men,
xalqim, sening yuragingman men,
vatan, sening keragingman men.

Tug’ilmadim men tasodifan…

1976, 12 yanvar

KO’CHA

Gugurt qutisiday terildi uylar,
bir Ko’cha tug’ildi purviqor, ko’rkam.
Keldi semiz-semiz hisori qo’ylar,
keldi to’y-tomosha, karnay-surnay ham.

Kimlarga bermadi bu Ko’cha ilhom,
kimlar unga kelib, ketmadi kimlar?
Qo’ydilar O’tkinchi Dunyo degan nom,
simyog’och o’rnatib, tortdilar simlar.

Chiroqlar tizildi bamisli munchoq,
baxsh etib tunlari chiroy va savlat.
Odamlar o’tdilar u yoqdan bu yoq,
qorindor, dimog’dor, qashshoq, badavlat.

O’tdilar nekbinlar, o’tdi badbinlar,
o’tdi serg’ayratlar, o’tdi sustkashlar,
o’tdi xudojo’ylar, o’tdi bedinlar,
o’tdi hotamtoylar, o’tdi pastkashlar.

O’tdi tamannolar, nozu firoqlar
qoldirib turfa xil anvoyi islar.
O’tdi poshnasini ezgan oyoqlar,
o’tdi bigizposhna juvonlar, qizlar.

Kimdir hushyor o’tdi, kim – kayfitaroq,
kim o’tdi burqsitib tamakisini.
Faqat tashlab ketdi bir yalang oyoq
KO’CHAga insonning asl izini.

1978

* * *

Men tushingman, qayta ko’rmaysan,
qaytib kelmas baxtli holingman.
Men yo’lingman, boshqa yurmaysan,
ro’yobi yo’q xomxayolingman.

Chorcho’bangda eski rasmman,
ko’rib, ko’ngling xushlay olmaysan.
Sochlaring silagan nasimman,
sezasan-u, ushlay olmaysan.

Men – tizginsiz hislar tizgini,
men – jilovsiz istak jilovi.
Men – shirin xayollar buzg’uni,
men – o’chgan xotirang olovi.

Men yo’lingda tolmas yo’lchiman,
haddidan oshganlar haddiman.
Muhabbat elidan elchiman,
elas-elas jannat hidiman.

Sen-chi, sen-chi, sen kimsan menga?

1979

* * *

Bog’larga atirlar sepadi bahor,
yashil qo’shin tortib qo’padi bahor,
qishning qanshariga tepadi bahor,
na go’zal bosqindir bahoriy bosqin!

Oq, qizil, zangori libosli lashkar,
bulutlarga minib otishma boshlar,
maysani yopinib mo’ralar toshlar,
quyosh shovullatib nur to’kar toshqin.

Bu qo’shin oldida oq bayroq tutib,
qorlarni, muzlarni eritib, yutib,
oqparrak oychasin xursand silkitib,
boychechak yugurar hammadan o’zg’in.

Boychechak ortidan qiqirlab xushhol,,
boshlarida sariq, quyoshrang ro’mol,
to’p-to’p qizaloqlar – nozik-navnihol
qo’zigullar kelar yoprilib to’zg’in…

Yaydoq dov-daraxtni bosar yaproqlar,
taslim bo’lar bog’lar, dalalar, tog’lar,
yig’lab peshvoz chiqar shaffof buloqlar,
bu go’zal bosqinga qayda bor to’sqin?

Kim bilan, kimlarga qarshi jang qilar?
U qattol, battol qish holin tang qilar.
Olamni, odamni, ruhni yangilar,
na go’zal bosqindir bahoriy bosqin!

1979

* * *

Men seni nahorni kutganday kutdim,
daraxtlar bahorni kutganday kutdim,
cho’qqilar shunqorni kutganday kutdim,
kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Gar kelsa, boshimga bo’rk bo’lar, devdim,
umrimga, yurtimga ko’rk bo’lar, devdim,
erksiz manglayimga erk bo’lar, devdim,
kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Torim bor, torimni cholg’uvchim yo’qdir,
gulim bor, gulimni olguvchim yo’qdir,
ko’nglim bor, yog’dular solguvchim yo’qdir,
kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Tush ko’rsam, tushmolim ta’bir beribdi:
«Bolam, senga O’zi sabr beribdi…»
Yo’q, sabr emas bu, jabr beribdi!
Kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Men seni kitoblar ichida kutdim,
shiorlar, xitoblar ichida kutdim,
zulmatlar, oftoblar ichida kutdim,
kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Jazm etsam, tashvishlar, ishlar ushladi,
o’tlig’ yoz, qahraton qishlar ushladi,
seni-chi, seni qay tishlar ushladi?
Kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Qadrim, qadriyatday kutdim men seni,
omadim, omadday kutdim men seni,
erkim, saodatday kutdim men seni,
kelmading. Men esa bormadim. Dod-a.

Yosh o’tdi, angladim, turmog’im kerak,
bas, o’zim, ha, o’zim bormog’im kerak,
sen o’zi nimasan? Ko’rmog’im kerak.
Kelmading. Bormadim. Ko’rmadim. Dod-a.

1979

* * *

Umid shamollari ortiq esmaydi,
yodimni yondirmas tanish totli tot.
Ishonchim mudraydi, bot-bot esnaydi,
bot-bot orziqtirar olis xotirot.

Kayfiyatim tushar, ruhim mungraydi,
termulib-termulib dilim toliqar.
Hislarim ingraydi, so’zim singraydi,
yuragim xo’rsinar, ko’zim to’liqar…

Borlig’im titraydi, vujudim larzon,
bag’rim sim-sim to’kar tilaklarini.
Bitta-bitta tushib ko’madi xazon
ko’nglimning sen o’tgan yo’laklarini…

1981

* * *

Aqlimiz – dunyoni bir bosh uzumday
siqib tayyorlangan may to’la quduq.
Bu quduq tubida tinmasdan bir nay
ezgu bir kuy chalar, xudoga sodiq.

Bu quduq tubida bo’ronlar bedor.
Bu quduq tubida sokin go’sha yo’q.
Bu quduq tubida halovat bekor,
cheksiz to’lg’oqlarga ona bu quduq.

Kimning qudug’ida may emas, ayron
yo bo’lsa liq to’la achigan qatiq,
dilni vayron qilsa, bo’lmangiz hayron,
so’zi betuz bo’lsa, ishi – beyutuq…

Aqlimiz dunyoni bir bosh uzumday
siqib tayyorlangan may to’la quduq.
Bizni biyron qilgan qudrat ham shu may,
shu maydir goh bizni aylagan duduq.

Qancha teran bo’lsa agar bu quduq,
shuncha tor ko’rinar bu dunyo ko’zga.
Bu mayni olamga qilmasak tortiq,
cho’kib o’lamiz o’z qudug’imizga…

03.04.82

* * *

So’zlarim ozodlik so’zidan ozod,
erk yuzi ularga berkdir daf’atan.
So’zlarimda kurash kurashlarga yot,
so’zlarimda vatan yashar bevatan.

Shamol yo’q. Havo yo’q. Tug’ilar so’zlar.
Na qilgay iltijo, na qilgay zarda.
Beimkon, bag’ri qon, bo’g’ilar so’zlar,
yuzlarida alvon – qip-qizil parda.

Sho’rliklar o’zlarin urar to’rt tomon,
ko’nglim zindonida izg’ir jonsarak.
Zamon xos tuynukdan boqar har zamon,
oy hamon bedarak, quyosh bedarak.

Davr vujudida ming turli yara,
so’zlarim tig’ bo’lib kesolmas, yorab.
So’zlarim yo’lida qizil panjara,
so’zlarim yel bo’lib esolmas, yorab.

Qaysi bir qasirg’a sindirgay shitob,
ozodlik jallodin – iskanja toshin?
Oh, qachon yelkamga tegar ul oftob,
qachon g’oz tutarman egilgan boshim?

Kim tiqib o’zbekning og’ziga paxta,
shonli peshtoqiga qonli tug’ ilgan?
Savollar qon qusar, bas, laxta-laxta.
Shamol yo’q. Havo yo’q. So’zlar bo’g’ilgan…

1981

* * *

Sepgan atirlaring bunchalar xushbo’y,
isming oy ismiday bunchalar oydin?
Jisming qiz jismiday bunchalar xushro’y,
toshlar tars yorilar bunday chiroydin.

Nafaslaring Iso nafasiday pok,
gul ismiday nafis ismingga borman.
Husningdan ko’z tinar va tinar idrok,
hushdan ayirguvchi isingga borman…

Ismingda qo’shiqlar, navolar pinhon,
safo bor, karashma, ishva, g’amza bor.
Moviy kengliklaru havolar pinhon,
hurriyat shamsi bor, erkning ramzi bor.

Ohista-ohista essa nasimlar,
bulbulga aylanib chah-chahlar toshlar.
Sayrar qaldirg’ochga aylangan simlar,
hatto ustunlarga jon ina boshlar…

Ayozlar ariydi, muzlar ariydi,
eriydi buloqlar ko’zin bosgan tosh.
Ko’ngillar eriydi, ko’zlar eriydi,
har g’arib bosh uzra chiqar bir quyosh.

Senda hush olguvchi atir bor, bahor,
toshga dil berguvchi sas bor, sayram bor.
Qur’ondan oyat bor, she’rdan satr bor,
navro’ziy bazm bor, ishqiy bayram bor.

Ay, manim ko’nglimga qo’ngan xumoyim,
ruhimga she’r bo’lib cho’mguvchi bahor,
bir kun o’lar bo’lsam, jismim muloyim
gul bargiga o’rab ko’mguvchi bahor,

sepgan atirlaring bunchalar xushbo’y?..

1982

* * *

Ayting, haqiqatni qachon aytasiz,
ay, yaltoq qo’shiqlar, shaltoq xitoblar?
Siz qachon qaytasiz, qachon qaytasiz,
o’zbek tuprog’idan ketgan kitoblar?

Siz – teran ilmimiz, yuksak zehnimiz,
siz – bizning o’tmishda qolgan nurimiz.
Urfu odatimiz, tariximizsiz,
fe’lu atvorimiz, tafakkurimiz…

Johillar gulxanga otdilar sizni,
sovg’a deb tutdilar go’llar, to’g’rilar.
Sotqinlar nafsi deb sotdilar sizni,
o’g’irlab ketdilar sizni o’g’rilar.

Begona yurtlarda mahkumsiz bugun,
quyosh yo’q, havo yo’q, hurlik yo’q sizga…
Sizni yurtingizga qaytarmoq uchun
Hamid Sulaymonlar yetishmas bizga…

1984

SARBADORLAR QO’SHIG’I

Samarqand soyida toshlar yo’q,
oy yig’lar, ko’zida yoshlar yo’q,
dorlar bor, munosib boshlar yo’q…

Bu zulmat zamonda nur edik,
Hurriyat, udumga kir, dedik,
hur keldik, ketaylik hur, dedik…

Silq, desak, oydan nur silqmadi,
balq, desak, quyosh ham balqmadi,
qalq, desak, xaloyiq qalqmadi…

Bosmadik, bizlarni bosdilar,
ezmadik, bizlarni ezdilar,
osmadik, bizlarni osdilar.

Jahonda har yorning yori bor,
yori bor har jonning ori bor,
ori bor har jonning dori bor…

Birubor ishongan yor bo’ldi,
e’tiqod biz uchun dor bo’ldi,
dor bizga Erk bo’ldi, Or bo’ldi!..

Shu bois keksayu yoshimiz,
baxsh etdik dorga o’z boshimiz.
Qanday hur sollanar loshimiz!..

Ay, naslim, yeganing osh bo’lsin,
yosh boshing tik bo’lsin, tosh bo’lsin,
bosh dorga munosib bosh bo’lsin!..

1984

* * *

Sevgi keldi – o’t tushdi jonga,
bir xas kabi men o’tga tushdim.
Olib ketdi xayol osmonga,
go’yo bir taxt – bulutga tushdim.

Ishq yo’g’ida qor ichra edim,
ishq keldiyu naq hutga tushdim.
Nola ichra, zor ichra edim,
nahot tindim – sukutga tushdim?

Tushdim, ay, qiz, nigohingga men,
nigoh dema, barqutga tushdim.
Tushsang edi nikohimga sen,
men der edim: oh, qutga tushdim…

So’z tashladim, so’zga tushmading,
olam yondi, men dudga tushdim.
Ko’z tashladim, ko’zga tushmading,
ko’zyosh otliq bir rudga tushdim.

Kuydim, pishdim, ko’pirdim, go’yo
qaynab turgan bir sutga tushdim.
O’zing unga insof ber, xudo,
deb yolvordim, «kut-kut»ga tushdim.

Notinch qilay tushlaringni men,
dedim, duo – umidga tushdim.
Ul berahm toshlaringni men
silab-siypab, o’gitga tushdim…

Menga tushsang, dersan bearmon:
«Sulaymonday yigitga tushdim».
Toki men ham qilmasman armon:
«Qo’lin tutmay, tobutga tushdim… »

1985

* * *

O’, bog’lar, o’, bog’lar, o’, bog’lar…
Yo’q sizdan o’zga bir habibim.
Sevgi solsa ko’nglimga dog’lar,
faqat siz, faqat siz – tabibim.

Savollar bag’rimni arralar:
adolat tobakay so’zdadir?
Nomardlar yetkazgan yaralar
davosi sizdadir, sizdadir.

Siz – nafas, musaffo bir havo –
rohatsiz, surursiz, navosiz.
Do’stlarim yetkazgan bedavo
dardimga benazir davosiz…

O’, dilim dil emas – mozordir –
ko’milgan orzular, havaslar.
Bu dunyo beshafqat bozordir,
sotilgay umrlar, nafaslar…

Men sizga suyanib yig’layman,
qalbimda xo’rliklar, qadoqlar,
men sizdan shifolar tilayman,
o’, bog’lar, o’, bog’lar, o’, bog’lar…

1985

* * *

Qorlar yog’ar, izlar bosilar.
Qaytmas bo’lib ketdi moziylar.
Begunohlar dorga osilar,
yallo qilib yashar osiylar.
Qorlar yog’ar, izlar bosilar.

Meni qiynar ortiq qonbosim,
qay yupunni ezar qahraton.
Kimni kutar mahzun marosim,
olib ketar kimni saraton?
Meni qiynar ortiq qonbosim.

Kimdir kimga o’qir chilyosin,
kimdir yurak davosin izlar.
Kimdir kezar tushlar dunyosin,
yo’ldan urar kimnidir qizlar.
Kimdir kimga o’qir chilyosin.

Umr ko’rar birov shod, uzun,
birov yashar g’urbatda qisqa.
Tashlab ketar kimnidir husn,
kimni tangri mehrdan qisgay.
Umr ko’rar birov shod, uzun.

Bu shundayin notanti dunyo.
Kimga azob, kimgadir maza.
Kimga – zulmat, kimgadir – ziyo,
kimgadir to’y, kimgadir aza.
Bu shundayin notanti dunyo.

1985

* * *

Aldoqchi saltanat qachon xushlaydi
adolatning odil xitoblarni?
Qachon javonidan olib tashlaydi
zamon o’z yolg’onchi kitoblarini?

Bilaman, qisqadir yolg’onning umri,
bir kun qalloblikni fosh qilar fursat.
Hanuz yashaydilar, maynani – qumri,
qarg’ani bulbul, deb, birovlar xursand.

Qorani oq derlar, oqni-chi, – qora,
fazilat atarlar chirkin illatni.
Hurmatni – xushomad, hadyani – pora,
hur millat deydilar haqsiz millatni.

Chanoq shilgan qo’llar – oltin qo’l emish,
yelkasi qisiqlar – yurt qahramoni.
Yallachi maddohlar chin bulbul emish,
til yutgan qo’rqoqlar – el pahlavoni.

Qo’li ishlaganning – ko’rpasi mag’or,
tili ishlaganning – yostig’i po’ssiq.
Iste’dod egasi yashar och-nahor,
istibdod egasi – kekirar sassiq…

Aldoqchi saltanat qachon xushlaydi
adolatning odil xitoblarini?
Qachon javonidan olib tashlaydi
zamon tilyog’lama kitoblarini?

1985

* * *

Qo’shin tortib bulutlar osmonga hayhuv ekdilar,
to’p otib, qarsillatib, qalblarga qo’rquv ekdilar.

Chaqnatib chaqmoqlarin, pitraday do’llar otib,
cho’lu bog’lar, tog’u toshlar uzra shov-shuv ekdilar.

Soyu jarni to’ldirib, pishqirib arslon kabi,
guldirab sellar bosib qishloqqa qayg’u ekdilar.

Yosh nihollarni bukib, sindirib shox-shabbani,
shamollar ham quturib vahmayu hayhu ekdilar.

Payhon etib umidlar bog’ini do’l-jalalar,
nadomatdan bog’bonlar bag’riga yohu ekdilar…

O, faqat gul-lolalar yal-yal yonib, chaqchalashib,
quvnashib-o’ynoqlashib qirlarga qiy-chuv ekdilar.

1986

* * *

Tog’ dushman izlamas asriy qorlardan,
yor dushman izlamas o’zga yorlardan,
bog’ dushman izlamas tikanzorlardan,
gulzorga gulzorning o’z guli dushman.

Qoloqning dushmani – qoloqligidir,
buloqning dushmani – buloqligidir,
sullohning dushmani – sullohligidir,
puldorga puldorning o’z puli dushman.

Gado ham gadoga dushman-da doim,
shohning dushmanlari kishanda doim,
mazlumlar zolimga kushanda doim,
quldorga quldorning o’z quli dushman.

Do’stning luqmasini dushman yutolmas,
do’stning imlosini dushman bitolmas,
do’stning daryosidan dushman o’tolmas,
dushmanga dushmanning o’z yo’li dushman.

O’zligin bilgan el yovga el bo’lmas,
el bilan tillashgan til unutilmas,
to’g’ri to’g’riga hech dushmanlik qilmas,
o’g’riga o’g’rining o’z qo’li dushman.

Tulkining dushmani mo’ynasi deb bil,
jonidan ayrilar suyagi deb fil,
begunoh ohuga o’z mushki qotil,
nodonga nodonning o’z tili dushman.

Yuzi chiroylining dushmani – yuzi,
ko’zi chiroylining dushmani – ko’zi,
dushman izlaganning dushmani – o’zi,
dushmanga dushmanning o’z dili dushman.

1987

* * *

G’amning qaro qushlariga don etma meni,
iztiroblar og’ushlagan jon etma meni,
raiyatsiz, mamlakatsiz xon etma meni,
har baloga toqatli qil, sabrni o’rgat.

Balki, dunyo oxiri yo’q, kimsasiz cho’ldir,
yo’qdan yo’qni bino qilgan sehrli qo’ldir,
Hechnarsadan Hechnarsaga eltguvchi yo’ldir?
Har baloga toqatli qil, sabrni o’rgat.

Har narsada bir yomonlik ko’rguvchi qilma,
nafs yo’lida chaparasta yurguvchi qilma,
munkirlarning qatoriga kirguvchi qilma,
har baloga toqatli qil, sabrni o’rgat.

O’rgat, bilay yomonlardan jirkanishni men,
haromlardan, yolg’onlardan irganishni men;
o’rgat, bilay yaxshilarga tirkanishni men,
har baloga toqatli qil, sabrni o’rgat.

Yaxshi-yomon kunda do’stsiz qoldirma meni,
hamma yig’lab turganida kuldirma meni,
xalqning baxti tug’ilganda o’ldirma meni,
har baloga toqatli qil, sabrni o’rgat.

1988

* * *

Yo’q narsani orzu qilar orzumand ko’nglim,
og’ushiga imlar meni noma’lumliklar.
Biyobon – jim, yobonlar – jim, xiyobonlar – jim,
mo»jizalar va’da qilar barcha jimliklar.

Xayolimni qaytarmayman qaltis sayrdan,
bilmoq uchun chog’lanaman bilgisizlarni.
Mening telba istaklarim kelar qaerdan,
qanday qilib kuldiray men kulgisizlarni?

Bo’m-bo’sh bo’lib ko’ringan bu osmon bo’sh emas,
chuqur bo’lib ko’ringan bor ummonlar – yuza.
Uchib yurgan bu qushlar ham aslo qush emas,
qish – mo»jiza, yoz – mo»jiza, bahor – mo»jiza.

Yo’q narsani orzu qilar orzumand ko’nglim,
ko’rmaganni ko’rsam deydi ko’zlarim – yig’loq.
Hech tutmagan narsalarni tutsam der qo’lim,
eshitsam der eshitmagan gaplarni quloq.

Koshki edi hech bo’lmagan narsalar bo’lsa,
zo’r niyatga ona bo’lsa koshki hur niyat.
Zurriyodim, koshki sening omading kulsa,
kelin bo’lib kelsa tezroq go’zal hurriyat.

1989

* * *

Bolam, bir gapim bor, qulog’ingga il:
dunyoda nomusni chinakam do’st bil.
Yig’lab turgan bo’lsang, dushman ko’rsa, kul,
sirni hech boy berma, chakki bo’lmaydi.

Qay el mutelikni ep ko’rsa agar,
minnatning nonni yeb yursa agar,
xushomad, ta’maga zeb bersa agar,
bu eldan daqqiroq daqqi bo’lmaydi.

She’r ham ozod emas, turog’i bordir,
har kasbu korning ham yarog’i bordir,
har ishning oqibat so’rog’i bordir,
qaychini ming charxla, pakki bo’lmaydi.

Kimki el yuziga oyoq qo’ymasa,
o’zi o’z jigarin ko’zin o’ymasa,
kimki o’z millatin baxtin o’ylasa,
ajri rahmat bo’lar, dakki bo’lmaydi.

Qay el o’z yeriga o’zi egadir,
unga o’z rizqini o’zi ekadir,
to unga haqiqat bo’yin egadir,
bil, undan balandroq cho’qqi bo’lmaydi.

Qaydaki, itlar o’z egasin qopsa,
eldoshlar bir-birin poyini chopsa,
qizlari xayolan iblisni o’psa,
bu yurtning biri hech ikki bo’lmaydi.

1986

* * *

Bu yolg’on dunyoda yolg’on emasman,
yolg’on dunyoga yor bo’lg’on emasman.
Obod qilolmadim kuygan dil bog’in,
suygan dil bog’iga bog’bon emasman.

Kuygan dil suyguvchi bir dilga zordir,
injib intilaman – yetmagim bordir.
To bu kun yetganim – tig’li sukunat,
to bu kun yetganim – tig’siz ozordir.

Ay, sanam, men sendan mehr tilandim,
illo, aysh demadim, ishq deb elandim.
Xayoling poyiga ko’nglimni so’yib,
har kecha qoniga necha belandim.

Hasratdir bag’rimdan to’kkan to’kindim,
to’kmasam – to’kildim, to’ksam – o’kindim.
Xudodan o’zgaga yukinmoq – gunoh,
gunohga botdim men, senga yukindim.

Mening bor gunohim – telba sevgimdir,
sevganman, sevyapman, yana sevgumdir.
Dunyodan dunyoning yolg’onlarini
quvganman, quvyapman, yana quvgumdir…

Nechun indamaysan, ay, go’zal o’jar,
yo jodu qilganmi seni jodugar?
Bizni ne ko’rgulik kutar oldinda,
qurch cho’qqi kutarmi, kutarmi yo jar?..

1986

* * *

Ohimni ich, vohimni ich, volamni ich,
yuraklarni vayron qilgan jolamni ich,
fig’onlarni fig’on etgan nolamni ich,
jonim zamon, ichib-ichib to’y endi,
menga ortiq sitamingni qo’y endi.

Omi ko’pmi olamingda, olim ko’pmi?
Shod holatim yoxud noshod holim ko’pmi?
Ot ustida halim ko’pmi, zolim ko’pmi?
Zolimlaring ko’zlarini o’y endi,
zamon, menga sitamingni qo’y endi.

Hurlik istab, xo’r bo’ldim-u, hur bo’lmadim,
terga botib durlar terdim, dur olmadim,
shuurlarga nurlar berdim, nur olmadim,
shudir menga tekkan fe’lu xo’y endi,
zamon, menga sitamingni qo’y endi.

Haqni aytib, duchor bo’ldim tig’ingga men,
qahratonda isinmadim cho’g’ingga men,
gunohimmi, sig’inmasam tug’ingga men,
gunohlarim savoblarga yo’y endi,
zamon, menga sitamingni qo’y endi.

Tazyiqlaring toqatimni kemirdi-ku,
tahsillaring toatimni yemirdi-ku,
qayg’ularim qahringni yeb semirdi-ku,
semirgan shu qayg’umni ol, so’y endi,
zamon, menga sitamingni qo’y endi.

Uzlatu g’am zindonidan chiqay men ham,
el qalbida ezgu o’tlar yoqay men ham,
dunyo ko’rib, bu dunyoni uqay men ham,
bo’lsin bizning kulbada ham to’y endi,
zamon, menga sitamingni qo’y endi…

1986

ASQAR QOSIM:

«Olamni uyg’otar asta tong nuri,
ruhimda uyg’onar qushlar chug’uri;
ko’nglim hasratlarin shabnamga chayar,
shabnamli gulbarglar asta jilmayar.

Men bu dunyosini ko’shk deb keluvdim.

Samoda yulduzlar o’char birma-bir,
mening shuurimda o’chmaslar biroq.
Tomirlarim ichra kezib yuradir
o’n to’rt kunlik hilol – ilohiy chiroq.

Men bu dunyosiga ishq deb keluvdim.

Hur-hur esib yurar unda shamollar,
bunda-chi, oh, bunda qisar nafaslar.
Quzg’unlar uchadi ko’kda bemalol,
bulbulni band etmish yerda qafaslar.

Men bu dunyosini hur deb keluvdim.

Ortimdan o’tmishlar ergashar: vayron,
tegramda o’rmalar tumanlar – kulfat.
Osmondan tikilar osmon ham hayron,
oldinda bir zulmat, ortda bir zulmat.

Men bu dunyosiga nur deb keluvdim.

Tafakkur mayini ichdimu nogoh
vujudim o’rtandi sohir gulxanda,
qismatim ayladi aqlimni ogoh,
dunyoga kelibman tutqun vatanda.

Men bu dunyosiga erk deb keluvdim.

Erk izlab, topmadim, endi netaman,
ishq izlab, ishqimni kimga aytaman,
nur izlab, nahotki nursiz o’taman?
Men endi ketaman, qaytib ketaman.

Dunyoga hayyu hayt aytib ketaman…»

1986

* * *

Gung yig’lar: «Ey, xudo, til ber, gapiray…»
Ko’r yig’lar: «Ko’zim och, jahonni ko’ray…»

Oqpadar farzandga jovdirab padar
yolvorar: «Imon ber, imonni ko’ray…»

Dong’il yo’l bo’yida bo’zlar bo’tako’z:
«Menga rahm etguvchi karvonni ko’ray…»

Navoiy bulbuli yosh to’kar hanuz:
«Buz oltin qafasni, osmonni ko’ray…»

Yolg’onu riyodan zada kas ingrar:
«Men ham bir insonday insonni ko’ray…»

Dod solar qalloblar jabrin chekkan zot:
«Shaytonni ko’p ko’rdim, Rahmonni ko’ray…»

Men mute ko’zlarga termulib dedim:
«Tangrim, qul qonida isyonni ko’ray…»

1987

* * *

Qo’ldoshim, qo’lingni sayyorga* berma,
dildoshim, dilingni ayyorga berma,
eldoshim, elingni ag’yorga berma,
umringni eng ezgu a’mollarga ber.

Yig’lama, yovg’onsiz o’tmasa kuning,
yig’lama, yolg’onsiz o’tmasa kuning,
o’ylashga yetmasa uyqusiz tuning,
boshingni eng sodda savollarga ber.

Mehr yo’q, shafqat yo’q, qizlarda ham yo’q,
eng yaqin, eng aziz do’stlarda ham yo’q,
na yo’qdir ko’zlarda, so’zlarda ham yo’q,
o’zingni, ko’zingni xayollarga ber.

Gar ishqda Majnundan ibrat olmasang,
yo ro’zg’or beshigin tebratolmasang,
erkaklik nomiga sodiq qolmasang,
dunyoning jilovin ayollarga ber.

Otangni otangday suymasang agar,
el uchun, yurt uchun kuymasang agar,
Vatanni vatanday suymasang agar,
jisming yoq, kulini shamollarga ber.

1987

—————
*Sayyor – bu yerda beqaror, betayin, daydi ma’nosida….

* * *

Sen aniq sevasan, sevasan qat’iy.
Meni esa qiynar ikkilanishlar.
Men sodda sevaman, sevaman oddiy.
bag’rimni kuydirar achchiq yonishlar.

Sen meni boshlaysan notanish yo’lga,
yetaklab chiqasan go’yo tik toqqa.
Xuddi ayb ustida tushganday qo’lga,
men asir tushaman shirin titroqqa.

Yovvoyi o’t-o’lan tizzaga urgan
dalada boramiz – bu qanday gullar?
Bunisi — sachratqi, bunisi — burgan,
marvarid shabnamlar pochamni ho’llar.

Men behush, yuraman hayron, yetakda,
roziman, eltsang ham hatto o’limga.
Tergan gullaringni solib etakka,
sen chiqib olasan mening qo’limga.

Ko’tarib boryapman seni, gulingni,
shivirlaysan: «Dunyo naqadar go’zal…»
O’ylayman: «Nahotki shunday suluvni
menga nasib etdi taqdiri azal?..»

Afsuski, bu tushdir. Men sevdim qat’iy,
sening yo’ling to’sdi ikkilanishlar.
Senga yo’l bermadi qizlik iffati,
meni tinchitmadi shirin yonishlar.

Toqqa ham chiqmadik, gul ham termadik,
shivirlab aytmading: “Dunyo ko’p go’zal…”
Meni ishq qiynadi, seni-chi, – hadik,
Nahotki shu bo’lsa taqdiri azal?..

1987

* * *

Entikasan, ko’zlarimga ko’z tikasan,
mendan ko’ngling ko’targuvchi so’z kutasan.

Afsus, kutgan so’zingni men aytolmayman,
ko’nglim solib qo’ygan yo’ldan qaytolmayman.

Dovdiratma meni, sen ham dovdirama,
sevgi izhor qiladi deb jovdirama.

Netay jur’at devoridan o’tolmasam,
aldolmasam, rostini ham aytolmasam?

Sevaman deb aytsam agar yolg’ondakam,
aldaganim bo’lmaydimi o’zimni ham?

Ammo, ishon, sendan boshqa yurganim — yo’q,
hali sendan yaxshisini ko’rganim yo’q.

Bilamanki, mardlik bo’lar, bo’lar savob,
kim sevgiga sevgi bilan bersa javob.

Kim o’ynashsa bunday nozik tuyg’u bilan,
umri o’tar armon bilan, qayg’u bilan.

Bilamanki, uzoqlashsam sendan qancha,
yaqinlashgim kelaverar senga shuncha.

O’zim ham bu holatimni tushunmayman,
yo sevmayman, yo sevgimga ishonmayman.

Senga yetib, dilgir dilim chog’lamayman,
sendan ajrab qolishni ham xohlamayman…

1987

* * *

Uxlayotgan Toshkent osmonida tun,
mening ko’nglim yarim, garchi oy butun,
yulduzlar – umidim o’tidan uchqun,
ko’nglimday xuftondir bu salqin xufton.

Yo’limni supurar kuzning shamoli,
xayolimni qiynar vasling xayoli,
nahotki rost bo’lsa sevgim zavoli,
nahot ko’rishmakka yo’q bo’lsa imkon?

Ko’zimdan g’am yog’ar, derazangdan nur,
gunohim mung’ayar, g’o’dayar uzr,
sening ko’zlaringni kuldirar g’urur,
mening yuragimni g’ijimlar armon.

Balki sen uxlarsan yostiqqa botib,
men esa behushman seni yo’qotib,
kuzak shamolida sha’m kabi qotib,
mo’ltirab, dildirab kutyapman hamon.

Menday sevganmikan Majnun Laylini,
qandoq o’zgartiray zamon zaylini,
hech qursa, tushingga kirsam maylimi,
yo’l yopiq, yer qattiq, yiroqdir osmon…

1988

* * *

Urxun toshlariday tosh, qari tilim,
Koshg’ariy qoldirgan koshg’ariy tilim.

Ham qadim, ham mangu yosh-sabiy tilim,
tangriga hamd aytgan Yassaviy tilim.

Aravon tog’iday xushhavo tilim,
Navoiy lafziday xushnavo tilim.

Hindistonga ketgan Boburim – tilim,
Hindistonda yitgan boburiy tilim.

Mening Mashrab tilim, Gulxaniy tilim,
Zebuniso tilim, qul, g’aniy tilim.

Nodira nazmiday nodirim, tilim,
yig’latmoqqa qodir Qodiriy tilim.

Taqdiri o’zbekning o’zidek tilim,
bo’lib qol o’ziga o’zi bek tilim!..

1987

* * *

Sochlari qop-qora, ey, go’zal kecha!
Oybek

Qanday go’zal bu kecha, bu tun,
ko’zlaringga yo’lamas uyqu.
Yulduzlarga nigoh sol maftun,
Usmon Nosir she’rlarin o’qi.

Yomg’ir yog’ar, tunning ho’l, qora
sochlarini silaydi shamol.
Tun zulfini mast bo’lib tara,
qo’lga Oybek she’rlarini ol…

Tun guvohdir qotilliklarga,
sotqinliklar guvohidir tun.
Adashganni qulatar jarga,
er sha’nini bulg’ar g’ar xotin.

Javob bermay savolimizga
to tonggacha aldar, yetaklar.
Sehri bilan xayolimizda
yaratadi go’zal ertaklar.

Botir bo’lar qo’rqoqlar tunda,
tundan qo’rqar ba’zi jasurlar.
Tunda illat bo’lmas sharmanda,
ko’zga tushmas tunda qusurlar.

Zulmat ichra urchiydi riyo,
quturadi gunohlar behad.
Hurriyat deb atalmish ziyo
ruh zulmatin aritgay faqat…

Qanday go’zal, qanday qaro tun,
ko’zlaringga yo’lamas uyqu…
O’qi Cho’lpon she’rlarin maftun,
Rauf Parfi she’rlarin o’qi…

1987

* * *

Imladim, jilmayib gullar keldilar,
chorladim, o’ynoqlab yellar keldilar,
tikildim, to’lg’onib yo’llar keldilar,
lekin sen kelmading, kelmading, omad.

Jigarim cho’qidi g’amlar – burgutlar,
jigarday hilvirab to’kildi tutlar,
ko’zimning suvini ichdi bulutlar,
sen rahm qilmading, qilmading, omad.

Baxtim qaroligin qushlar bildilar,
qaro ko’zlar, qaro qoshlar bildilar,
senga zorligimni toshlar bildilar,
ammo sen bilmading, bilmading, omad.

Ingradim, sog’indim, zoriqdim, kutdim,
tole deb qon yutdim, zardoblar yutdim,
bu yorug’ dunyodan men sensiz o’tdim,
bilmading, kelmading, kulmading, omad.

1988

* * *

Eslaysanmi, xushbo’y ko’ylagin
ko’z-ko’z qilgan yosh yalpizlarni?
Bag’rimizda g’ujg’on o’ynagan
rangin-rangin inja hislarni?

Yodingdami, potirlab uchgan,
ul muattar nash’adan sarxush,
qanot yetmas ko’klarni quchgan,
ko’ksimizdan otilgan zar qush?..

Nahot bu qush parvozi tindi?
Yo’qotdikmi ul boluparni?
Yur, ziyorat qilaylik endi
o’shal xushbo’y xotiralarni…

Toparmikan dimog’larimiz
elas-elas esgan islarni?
Tuyarmikan dudoqlarimiz
yalpiz bo’yli inja hislarni?

Yana qayta yonarmikanmiz
tuyub totli, topilmas hisni?
Yalpizlarni tanirmikanmiz,
tanirmikan yalpizlar bizni?..

1988

* * *

Laylo yuzli, laylo ko’zli, layloginam,
yo’llarimda paydo bo’lgan paydoginam,
she’rlarimga shaydo bo’lgan shaydoginam,
she’rlarimning shaydosiga shaydo bo’ldim.

Shaydo bo’ldim, laylo ko’zga boqolmadim,
sochlaringga sochpopuklar taqolmadim,
imolaring ma’nosini uqolmadim,
og’rimagan boshingga bir savdo bo’ldim.

Shaydo bo’lding, yo’latmading, chetlatmading,
betlarimni betlaringga betlatmading,
sochlaringni silatmading, hidlatmading,
sochlaringning savdosida ado bo’ldim.

Oh urmagan tilimda sen ohim bo’lding,
manim osmon bu ko’nglimda mohim bo’lding,
muhabbatda muruvvatsiz shohim bo’lding,
men vaslingni tilab turgan gado bo’ldim…

1988

* * *

Qulog’iga qizg’aldoqlar taqqan qiz,
boychechaklar voy-vuylashib boqqan qiz,
aqlli qiz, chiroyli qiz, chaqqon qiz,
qachon senga boqishlarim kor qilar?

Qaro tunlar ko’zim oyda bo’ldi, hey,
oy yuzingga oy ham shaydo bo’ldi, hey,
yo’llaringda kimlar paydo bo’ldi, hey,
qachon senga oh-vohlarim kor qilar?

Umr qisqa, bor-yo’g’i bir tutamdir,
uni yorga hadya etgan – hotamdir,
yorning hajri toshdan og’ir sitamdir,
qachon senga o’gitlarim kor qilar?

Sen – nafosat, sen – ibo, sen – uyatsan,
o’zing kuysan, o’zing she’r, she’riyatsan,
sen dilimning dilbari – hurriyatsan,
qachon senga da’vatlarim kor qilar?

Sen – ozod ruh, sen bir malak badansan,
Turkistonsan, sen Hirotsan, Xo’tansan,
menga mangu orzu bo’lgan vatansan,
qachon senga o’tinchlarim kor qilar?

Qulog’imga mehmon bo’ldi gaplaring,
lablarimga armon bo’ldi lablaring,
buncha uzun, buncha uzoq xoblaring,
qachon senga ko’zyoshlarim kor qilar?

Ko’zyosh to’kdim, gullar yuzi yuvildi,
nola chekdim, gullar ko’zi yumildi,
ohlar urdim, yer xazonga ko’mildi,
qachon senga faryodlarim kor qilar?..

Qulog’iga qoqigullar taqqan qiz,
qizg’aldoqlar qiqirlashib boqqan qiz,
eh, hammaga, eh, hammaga yoqqan qiz,
qachon senga uvvoslarim kor qilar?..

1988

* * *

Tonglarda tog’ning muz havosin go’yo
farangi ro’molday o’ragan qishloq
dildirab, ufqdan kutadi ziyo.

Osmon kutganiday o’z yulduzini…
Mening shoir ko’zim asta simirar,
qatra-qatra yutar ko’k dengizini.

Yo’q, hali yetmagan bizga to’y gali.
Maktab qo’ng’irog’i bolg’asin urar
shamolni daraxtga mixlab qo’ygali.

Ammo qurg’ur shamol tushmas tuzoqqa…
Quduqlarning suvi suv emas, og’u,
berib bo’lmas hatto echki-buzoqqa.

Bu yerda adolat shapaloq yedi,
bu yerda nafs otdi ortiq hakalak.
Bunda bayram qilar bu kun go’ng hidi.

Mening go’l, bo’sh-bayov hamqishloqlarim
cheksiz paykallarda ter to’kar to’kis,
ko’ngillari – yarim, jonlari – yarim…

Ular judolikda yasharlar judo.
Ular-ku xudoni unutgan emas,
nahot unutgandir ularni xudo?

Ko’zsiz ko’zlarida uyqusiz uyqu,
dilsiz dillarida umidsiz umid,
jonsiz jonlarida qo’rquvsiz qo’rquv…

Daraxtlar o’y surar boshi qayriliq.
Xayrlik istadim, bag’ringga qaytdim,
qishlog’im, qaytardi meni ayriliq…

Yo’q, hali yetmagan bizga to’y gali.
Qishlog’im, hali ko’p terlar to’kamiz,
bebosh shamollarni mixlab qo’ygali…

1988

* * *

Daryo shaffof edi, ufq sof edi.
Dunyo jannat edi. Jannat lof edi.
Quyosh saxiy edi, noinsof edi,
meni tashlab, necha botiblar ketdi,

rayhon hidi meni tashlab ketmadi.

Qushlar dilim ovlab sayrovchi bo’ldi,
ko’nglim chah-chahlardan yayrovchi bo’ldi,
ammo bu chah-chahlar chayqovchi bo’ldi,
olamni sukutga sotiblar ketdi,

rayhon hidi meni tashlab ketmadi.

Daryo asov ekan, ko’p otqin ekan,
o’zin qirg’og’iga u tutqun ekan,
bahor jilvalari, oh, sotqin ekan,
bildirmay kuz tomon o’tiblar ketdi,

rayhon hidi meni tashlab ketmadi.

Goho unutildim, goho unutdim,
kimnidir kutdirdim, kimnidir kutdim,
dunyo mendan o’tdi, men undan o’tdim,
diydalarim toshday qotiblar ketdi,

rayhon hidi meni tashlab ketmadi.

Goh qochib javobdan, gohi savoldan,
umr tulpori ham toymoqda holdan,
o’zing asra, tangrim, bevaqt zavoldan,
onam qulog’iga qistirgan bir to’p

rayhon hidi meni tashlab ketmadi…

1988

* * *

Yoz o’tdi. Kuz o’tdi. Tog’ hanuz yiroq.
Biz hali cho’qqiga yetmadik, ay, dil.
Hali ham o’chmagan u sohir chiroq.
Hali ham chorlaydi u sirli manzil.

Kechagi ko’m-ko’k barg bugun za’faron.
Qadlar kuz hosili bosganday egik.
Har ishda yoshlikdan izlaymiz nishon,
hatto ishq biz uchun endi og’ir yuk.

Yillar quvlashmachoq o’ynab toliqmas,
biz esa toliqdik orzuni quvlab.
Suvga ters suzmagan baliq baliqmas,
ojizmiz, bu daryo oqizar guvlab.

Ba’zan oldimizga qo’ydilar yaloq,
goh bo’ldik bir chakra muruvvatga zor.
Goh harom nafaslar bulg’agan buloq
suvlarin ichdik biz istamay, nochor…

Oppoq qor yog’moqda, alam qorlari!
Ko’milib bormoqda o’tmish, xotirot.
Qaydasiz, ay, ko’nglim boychiborlari,
qaydasan, ay, imkon atalgan G’irot?..

Yil o’ldi eskirib, qartayib rosa.
Janoza o’qirkan ko’ksim silkindi…
Yangi yil tug’ildi go’dakday toza,
men unga allalar aytaman endi…

Yoz o’tdi. Kuz o’tdi. Tog’ hanuz yiroq…

1989

* * *

Yulduz sening nomingdir,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.
Sen yulduzning nomisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.

Sen shomning oromisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.
Sen oromning shomisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.

Sen jomning sharobisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.
Sen sharobning jomisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.

Sen avomning erkisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a.
Sen erkning avomisan,
Cho’lpon, Cho’lpon, Cho’lpon-a…

1989

* * *

U yonimda bir yalov,
bu yonimda bir yalov –
u yonimda bir olov,
bu yonimda bir olov
yoqar jonu jahonim,
najot qayda, voy, jonim!..

Ikki o’tning orasi –
chorasizning chorasi…
O’ngga yursam, o’ng jonim,
chapga yursam, chap jonim
kuyib-kuyib kul bo’lar…
Yo’lim qaysi yo’l bo’lar?

Nahot tilim tilsizdir,
nahot yo’lim yo’lsizdir,
ortimda ham bir jarlik,
oldimda ham bir jarlik,
zulmat ichra har yog’im,
qayda manim mayog’im?

Bu bino qanday bino,
buzsammi yo qursammi?
Bu dunyo qanday dunyo,
chiqsammi yo kirsammi?
Yo’qdir azmu qarorim,
yo’l ko’rsat, biruborim.

Beqarorlik tobora,
qilar meni dilpora,
zavollar silar meni,
savollar talar meni,
quvlar sonsiz gunohim,
qayga qochay, allohim?

YO rab, dedim, istak ber,
e’tiqod ber, maslak ber,
zavq ber, surur, hayrat ber,
shijoat ber, g’ayrat ber…
Sas keldi men adoga:
«Xudoga qoch, xudoga…»

1989

* * *

Ko’zimning tiliga tushunmas ko’zing,
so’zimga esh bo’lib eshilmas so’zing,
nechun yulduzimdan qochar yulduzing,
ey, mening g’ayritil, ayridil yorim?..

Yomg’irlar xushzabon, gullar gulandom,
toshlar xushtakallum, tog’lar xushkalom,
daraxtlar serta’zim, qushlar sersalom,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

Sen – qalbim toqiga chiqqan mohtobsan,
sen – bulut ortidan boqqan oftobsan,
sen – baxtu g’amlarga to’liq kitobsan,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

Kitobsan, kitobday anglay olmayman,
qo’shiqsan, qo’shiqday tinglay olmayman,
nahot ters dunyosan, o’nglay olmayman,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

Ishq ichra men borman, sen nechun yo’qsan,
men xasman, sen menga o’t qo’ygan cho’g’san,
men shaydo kiyikman, sen – daydi o’qsan,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

Uxlasam, tushlarim – xoblarimda qon,
uyg’onsam, tonglarim, shablarimda qon,
jilmaysam, qalbimda, lablarimda qon,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

Ko’zimning ko’ziga tushunmas ko’zing,
so’zimga esh bo’lib eshilmas so’zing.
Yulduzim ortidan yurmas yulduzing,
ay, mening g’ayritil, ayridil yorim…

1989

* * *

Tarix – kim uchundir muzeyda suvrat,
kim uchundir – qissa, ertak – osuda.
Kimgadir u janglar omborxonasi,
men uchun u – hayot, ruhiy vosita…

Men uchun u – nafas, go’yo chaqmoqlar
chaqib o’tgandan so’ng olingan nafas.
U shunday tozaki, simirganingda
asrlar changi ham bezovta qilmas.

Kechadan bugunning farqi yo’q, ko’rdim,
bugundan farq qilmas balki erta ham.
Tarixni o’tmish deb biladi mardum,
koshki kelajak deb bilsaydi odam…

Abadiyat ichra ko’zing yetmagan
zamon nuqtalari borki, yetajak…
Tarix mening uchun – bo’lib o’tmagan,
tarix mening uchun – bo’lib o’tajak…

Uni tug’ar fikru xayollarimiz,
ulg’ayar u bizning yoshimiz bilan.
Tug’ib berar uni ayollarimiz,
unga javobgarmiz boshimiz bilan…

1989

* * *

Izg’irinlar g’arbdan keladi,
garmsel – janubiy xorijdan.
Yig’i kelar dardu alamdan,
uyqu kelar qattiq horishdan.

Manim munglug’ ko’nglimga esa
nur keladi sokin xonamdan –
yetti qavat ko’rpacha uzra
jilmayib o’tirgan onamdan.

1992

* * *

Yoshligim, oh, yoshligim, yuz-ko’zlari tinig’im,
bo’shligim, beboshligim, qalbi lov-lov yonig’im!

Bugun meni sog’inib, xayr-xo’shga kebsan-da?
Sochlarimning oqini bir ko’rishga kebsan-da?

Yosh kelmas, netay, ko’zga, iloj qancha? Peshona!
Soch oqi endi bizga ayriliqdan nishona.

Ay, kechagi jon do’stim, ay, bugungi begonam,
ay, kechagi kam-ko’stim, ay, bugungi afsonam,

Sen ming bir zinam eding, chiqdim, chiqdim, tolmadim,
sen bir xazinam eding, men hech vaqo olmadim.

Xazinangdan ilhomim ololmadi dur-marjon,
dur-marjonsiz bu quling toparmidi shuhrat-shon?

Bahor kelib, zamindan erib ketgan qor kabi,
ketmoqdasan sen mendan bir suyukli yor kabi.

Ketgan menmi, senmi yo, qolgan senmi yo menmi?
Ishq topdimi intiho, endi ishqqa ominmi?..

Yoshligim, oh, yoshligim, yuz-ko’zlari tinig’im,
sen endi – dilg’ashligim, sen endi – xo’rsinig’im…

1994

* * *

Men suyib xato qildim.
Rauf Parfi

Seni izlab sarson yurgan sadolar bor,
sening bitta so’zingga zor gadolar bor,
sening bitta boqishingga fidolar bor,
vaslingga zor mening kabi adolar bor,
bu dunyoda xatolar bor, xatolar bor.

Agar boqsang ochib xayol darchasini,
yog’ib turgan qorning nafis parchasini,
yo kapalak qanotin chang – zarchasini
ushlab bo’lmas, sevib bo’lmas barchasini,
bu go’zal deb, bu nafis deb; ado bo’lg’ay,
gar ushlasang xato bo’lg’ay, xato bo’lg’ay.

Qo’ygil, qor ham uchaversin havolarda,
o’ynayversin kapalak ham sabolarda,
ushlab bo’lmas nafosat bor navolarda,
ushlab bo’lmas xayolot bor hayolarda,
gar ushlasang, nafosatlar ado bo’lg’ay,
agar sevsang xato bo’lg’ay, xato bo’lg’ay.

Sen-da qorday ko’p nafissan, xo’b nafissan,
ushlab bo’lmas nozik hissan, inja hissan,
yo kapalak yanglig’ latif ham munissan,
qiz emassan, sen parisan, ammo qizsan,
seni suydim, mayli, umrim ado bo’lg’ay,
seni suydim, xato bo’ldi, suymasam-da, xato bo’lg’ay.

1994

O’GIT

Nomardga yo’liqsang, tarki nizo qil,
nodonga yo’liqsang – haqdan jazo bil,
otangni ranjitma, rozi-rizo qil,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Pul top, lekin do’stni undan-da mo’l top,
yaxshi-yomon kunda qo’llovchi qo’l top,
yo’l topsang, otangning ko’ngliga yo’l top,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Xayol elagida dunyoni ela,
otang qo’llarin o’p, bellarin sila,
xudodan tilasang, otangga tila,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Kulib tursin desang tole bezavol,
otang nasihatin qilmagin uvol,
duo olsang, otang duosini ol,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Xudo solgan mo»min farzand bo’l doim,
elu yurt ishiga kamand bo’l doim,
otangning umriga payvand bo’l doim,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Bir sabab birla u tushsa ham yiroq,
to’ldirsa ham bir kun ko’zlarin tuproq,
mehring daraxtidan uzmagil yaproq,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam.

Tutilmas baxtlarni tuta bilsang ham,
yetilmas taxtlarga yeta bilsang ham,
otangni ardoqla, ota bo’lsang ham,
bog’lab qo’ygan emas otangni, bolam…

1994

* * *

Katta shaharlarda binolar katta,
akaslar, emanlar, chinorlar katta,
ayshu ishrat, safo, zinolar katta,
gunohni ko’rmagan ko’zlar maydadir.

Katta shaharlarning gullari ming-ming,
maydonlari cho’ng-cho’ng, yo’llari keng-keng,
bevalari lak-lak, tullari ming-ming,
qizlik qizg’anmagan qizlar maydadir.

Katta shaharlarda katta fozillar,
katta ablahlar bor, katta razillar,
katta o’yinlar bor, katta hazillar,
izzat izlamagan izlar maydadir.

Katta shaharlarning bozorlari ko’p,
xilvat go’shalari, mozorlari ko’p,
qonuniy, qonunsiz ozorlari ko’p,
so’zni sizlamagan so’zlar maydadir.

Katta shaharlarda katta aldovlar,
katta savdolar bor, katta chayqovlar,
chuv tushib turadi tez-tez anqovlar,
yuzsizga yuzlashgan yuzlar maydadir.

Katta shaharlarda qatnovlar tez-tez,
sinishlar, yonishlar, chatnovlar tez-tez,
to’ylar, tomoshalar, qutlovlar tez-tez,
husniga hirs qo’ygan hislar maydadir.

Katta shaharlarda savollar katta,
isroflar, isnodlar, uvollar katta,
tildagi, urfdagi zavollar katta,
esnab, eslamagan eslar maydadir.

1995

* * *

Sayrashlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
qarashlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
kurashlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
men – o’sha g’amginman, men o’sha – g’amgin.

Tanishlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
xonishlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
yonishlar o’zgardi, men o’zgarmadim,
men – o’sha yong’inman, men – o’sha yong’in.

Sultonlar o’zgardi, o’zgarmadim men,
zamonlar o’zgardi, o’zgarmadim men,
jahonlar o’zgardi, o’zgarmadim men,
men – o’sha jahonman, men – o’sha jahon.

Shamollar o’zgardi, men o’zgarmadim,
a’mollar o’zgardi, men o’zgarmadim,
savollar o’zgardi, men o’zgarmadim,
men – o’sha savolman, men – o’sha savol.

Tavoblar o’zgardi, men o’zgarmadim,
savoblar o’zgardi, men o’zgarmadim,
javoblar o’zgardi, men o’zgarmadim,
men – o’sha javobman, men – o’sha javob.

1995

* * *

Tangrim tilagimni bajo qilarmi
sajdaga bosh qo’yib seni tilasam?
Qalampirmunchoqlar hidi kelarmi,
sumbul sochlaringni suyub silasam?

Bir quling bo’lishga meni ko’ndirdi,
qalbimni kul qilib to’zg’itgan ohing.
Ko’zim ko’zgusini chil-chil sindirdi
sening ul berahm toshing – nigohing.

Tillo tig’larini sanchdiyu quyosh
tirqiratdi tunning ro’yolarini, –
sening bir nigohing qilib qo’ydi fosh
ko’nglimning ishq to’la dunyolarini.

Ko’ksimga sanchildi oyning xanjari,
shodimarg shamollar ichdi qonimni.
Ay, mening jonimni olgan oypari,
qaylardan axtaray endi jonimni?

Jayronko’z jiyronim, bu kun qaydasan,
g’izolim, g’azalim ovchi qilaymi?
Sovchilar yuborsam, ne so’z aytasan,
rayhonlar isini sovchi qilaymi?

Ay, mening munglarga mengzamas munglim,
ko’nglim – ishq ka’basi, haj qil, tavof qil.
Ko’nglingning ko’nglini so’raydi ko’nglim,
ko’nglimning ko’ngliga qarab javob qil.

Tangrim tilagimni bajo qilarmi
sajdaga bosh qo’yib seni tilasam.
Qalampirmunchoqlar hidi kelarmi,
sumbul sochlaringni suyub silasam?..

1995

* * *

Isming ekib yor yodiga, ko’kartirgil,
ishqing ekib, parvarish qil rahming bilan.
O’ychan-o’ychan kunlarini ko’paytirgil,
orzularin cho’chitmagil vahming bilan.

Suygil uni, sochlarini silab suygil,
sen bo’lmasang, adoman, deb qo’rqitib suy.
Suydir uni, kuydir uni, o’zing kuygil,
qizg’on uni, ko’zlaringga berkitib suy.

O’zgalarga qiyo boqma yonida sen,
rashk o’tiga otma uni, qiynamagil.
Vafo bo’lib kirgil shaydo qoniga sen,
shum o’ylarni o’ylamagil, o’ynamagil.

Erkalanib, erkalagil, erkiga qo’y,
to’y kechasi yoqgil ishqiy sha’mlaringni.
Chimildiqda boqib yurgan shubhangni so’y,
sochlariga osib o’ldir g’amlaringni.

Ko’zlaridan olib vafo sabog’ini,
xiyonatning xayolini pichoqlagil.
Dudog’ingga nikohlagil dudog’ini,
quchog’ini quchoq ochib quchoqlagil…

1995

ABDULLA QODIRIY:

«Yetdim deganimda dunyo mag’ziga,
boshimdan mag’zava ag’dardi riyo.
Tiqdi ajdahoning qonli og’ziga,
meni men ishongan ul ahli ziyo…

Non izlab izg’ir el do’konma-do’kon,
don izlab izg’ir el bozorma-bozor.
Oqibat axtarib sarsondir inson,
men esa sarsonman topolmay mozor.

Zamona itqitgan tashlandiq vijdon,
pashshaga talanar axlatxonada.
Diyonat – pajmurda, majruh, chalajon,
hibsda saqlanar maxsus zonada…

Yaltoqlar zol, qattol nazar ostida
zolimga shukrona aytdilar, ko’rdim.
Tazyiqlar, qiynoqlar, ozor ostida
odamlar xudodan qaytdilar, ko’rdim…

Men olqish aytmadim zolim zamonga,
qaytmadim tangrim haq qilgan yo’limdan.
Xiyonat qilmadim diynu iymonga,
qo’rqdilar, qo’rqmadim zulmu o’limdan…

Neki jafo ko’rdim, ne illat ko’rdim,
qahrim asramadim temir sandiqda.
Men o’z timsolimda bir millat ko’rdim,
qon ko’rdim qamchidan qolgan chandiqda.

Yovga sochdim zahrim satrlar aro,
to’kdim oq qog’ozga shikoyatlarni.
Saboq bo’lsin uchun elimga, «qaro»
moziydan keltirdim hikoyatlarni.

O’zbegim, qalbingga muqaddas urug’ –
millat muhabbati urug’in tikdim.
Jallodlar yelkamga qadaganda o’q,
go’zal bir jannatni ko’rib, entikdim…

Men tikkan bu bog’ni so’ldirolmaslar,
kesib olsalar ham agar tegimni.
Mening Kumushimni o’ldirolmaslar,
o’ldira olmaslar Otabegimni…»

1995

* * *

Dunyodan she’r yig’ib, dunyoga sochdim,
dil ochgan kimsaga dilimni ochdim,
har neki quvlasa, o’zimga qochdim,
davradosh bo’lmadim davron ila men.

So’zlarim tik bo’ldi – yovlar turdilar,
yuzlashsam, do’stlarim yuzin burdilar,
o’zlarim o’zimni chetga surdilar,
maslakdosh bo’lmadim yolg’on ila men.

Xoinlar yiqqan ul bog’ni yiqmadim,
sotqinlar chiqqan ul toqqa chiqmadim,
o’zim kuldim, ayo, o’zim siqtadim,
bir o’zim olishdim zamon ila men.

Suq ko’rsam, so’kindim, so’qisholmadim,
to’q ko’rsam, to’qindim, to’qisholmadim,
bu mehmonxonada chiqisholmadim
o’zin mezbon bilgan mehmon ila men.

Chidadim, ko’zimni o’ysalar-da goh,
ingradim sanchilgan nayzalardan goh,
do’st topdim gullardan, maysalardan goh,
ko’proq do’st tutindim osmon ila men.

Bilmayman, haqmanmi, nohaqmanmi yo,
balki men boshqaman, boshqadir dunyo,
tunlari tortishib chiqaman tanho
dushmanim Sulaymon Rahmon ila men…

1996

* * *

Dunyodan she’r yig’ib, dunyoga sochdim,
dil ochgan kimsaga dilimni ochdim,
har neki quvlasa, o’zimga qochdim,
davradosh bo’lmadim davron ila men.

So’zlarim tik bo’ldi – yovlar turdilar,
yuzlashsam, do’stlarim yuzin burdilar,
o’zlarim o’zimni chetga surdilar,
maslakdosh bo’lmadim yolg’on ila men.

Xoinlar yiqqan ul bog’ni yiqmadim,
sotqinlar chiqqan ul toqqa chiqmadim,
o’zim kuldim, ayo, o’zim siqtadim,
bir o’zim olishdim zamon ila men.

Suq ko’rsam, so’kindim, so’qisholmadim,
to’q ko’rsam, to’qindim, to’qisholmadim,
bu mehmonxonada chiqisholmadim
o’zin mezbon bilgan mehmon ila men.

Chidadim, ko’zimni o’ysalar-da goh,
ingradim sanchilgan nayzalardan goh,
do’st topdim gullardan, maysalardan goh,
ko’proq do’st tutindim osmon ila men.

Bilmayman, haqmanmi, nohaqmanmi yo,
balki men boshqaman, boshqadir dunyo,
tunlari tortishib chiqaman tanho
dushmanim Sulaymon Rahmon ila men…

1996

* * *

Kezasan bir dildosh axtarib halak,
o’z diling qa’riga cho’kar vujuding.
Unsiz muloqotga tortadi falak,
titragan titroqlar to’kar vujuding.

Anglaysan, umring bir uchayotgan o’q.
Qaydadir ul seni otgan kamoning?
Ajal ham o’z o’qin otadi aniq,
o’q bo’lib u tomon uchgan zamoning.

Har ikki qutbdan ikki o’q yelar,
biri g’arbga uchar, biri sharq tomon.
Sen unga borasan, u senga kelar,
uchrashuv ro’y berar qayda, qaysi on?

Buni bilolmassan, bilar bir xudo,
senga noayondir umring sanog’i.
Har lahza noilsan, har lahza judo,
sen mangu dunyoning oniy qo’nog’i.

Har gal xazondan so’ng barq urar daraxt,
har bir gullashdan so’ng qismatdir so’lmoq.
Baxtsizlik ichidan o’sib chiqar baxt,
tug’ilmoq – o’lmoqdir, o’lmoq – tug’ilmoq…

Zamon daryosida suv yo’q, sohil yo’q,
oqar bu daryoda tug’yon va orom.
Kelmagu ketmakka, dema, doxil yo’q,
kunda ham marom bor, tunda ham marom.

Mezon tunlarining salqin sahnida
xayollar chorlaydi seni beadad.
Bir ilinj tuyasan xudo rahmiga,
falakdan kutasan ilohiy madad.

Savollar tug’adi bot-bot xayoling,
talpinib yashaysan oliy visolga.
Zavolga yetaklar seni kamoling,
zavoling yetaklar seni kamolga…

Kezasan bir dildosh axtarib halak,
yuraging qovrilar, kuyar vujuding.
Unsiz muloqotga tortadi falak,
titragan titroqlar tuyar vujuding…

1999

* * *

Qaytar meni. To’xtat meni. Sovut meni.
Hayda meni. Alda meni. Ovut meni.

Entiktirma. Hansiratma.To’liqtirma.
Yaqinlatma. Yovuqtirma. Yo’liqtirma.

Esingni yig’. Hushingni yig’. Aqlli bo’l.
Bu qing’ir yo’l, qorong’i yo’l, bu xato yo’l.

Muz labimga labing bosib muzlamagil,
mendagi yo’q o’tni mendan izlamagil…

Hovliqma ko’p, hali shunday sevgi kelar,
chaqmoqlari yuragingga chizar gullar.

Yer yo’qolar, osmon juda past bo’ladi,
qiynog’idan tuyg’ularing mast bo’ladi.

Parvo qilmay sening barcha parvoyingga,
oyni uzib tashlab qo’yar u poyingga.

Lazzatlarga o’xshab ketar hasratlari,
hasratlarga o’xshab ketar lazzatlari…

Qaytar meni, to’xtat meni, ovut meni,
qo’rqit meni, alda meni, sovut meni…

To’xtatolsang, to’xtayolsam, javrmikan?
Qizib ketgan temir endi sovirmikan?

1999

* * *

Hovliqib, hansirab chopasan, ey, dil,
oyog’ing ostidan uzmay ko’zingni.
Izlab yuribsanmi, bechora, ay, qul,
og’zingdan tushirib qo’ygan so’zingni?

To’kilgan so’zlaring chiqarmi unib,
izingda bog’-rog’lar otarmi kurtak?
Bir go’zal afsona chorlarmi seni,
yo seni imlarmi sehrli ertak?

Choparsan, tegrangga solmasdan nazar,
nigohing tikkancha oyoq ostiga.
Ayt, qayga shoshasan, bepisand, besar,
ko’z solmay dunyoning baland-pastiga?

Choparsan, ortingdan so’kar bo’ralab,
kazzoblar, murtadlar, g’arlar, qing’irlar.
O’tarsan g’iybatlar, qasdlar oralab,
ta’nalar ting’irlar, minnat ming’irlar…

Ortingdan hasadlar boqar o’rtanib,
suqlanib quvlaydi seni havaslar.
Bilmassan, oldinda ne kutar yanib,
qasrlar kutarmi, kutar qafaslar?..

Choparsan, bilmasdan – gunohmi, savob,
choparsan, anglamay farzmi bu, sunnat.
Maqsading nimadir – sajdami, tavof,
qo’nalg’ang – do’zaxmi, manziling – jannat?..

Bilmassan, manglayda ne yozuq, ey, qul,
qismating hal etar Odil Tarozi.
Xalq uchun yugursang – sen xalqqa maqbul,
Haq uchun yugursang – Haq bo’lar rozi…

1999

* * *

Shahar dim. Sahar dim. Ufqqa boqdim.
Osmonda bulutlar majlisi qizg’in.
Bir malla it hurar. Oq bo’yin. Oq dum.
Yunglari to’zg’in-u, o’lguday ozg’in…

Musicha kukular, kaptar g’ug’ular,
marvartak to’kilar nochor hilvirab.
Shamol jim. Havo dim. Nafas bo’g’ilar.
Palaklar, yaproqlar so’lar shalvirab.

Javzomi – jazomi? Bu qanday dimlik?
Nachora? Choramiz – chorasizlikmi?
Jiqqa ho’l ko’rpaday bosar bir jimlik.
Mushtarak bir hadik bo’g’ar o’zlikni.

Yog’sang-chi, ay, havo, to’yib yog’sang-chi!
Ayt, yana kutaylik, ayt, yana qancha?
Sim-sim sanchilmoqda yurakka sanchiq,
jonlarga tegdi bu nomsiz iskanja…

Bulutlar, oh, buncha sekin o’rlaydi,
barglar aro shamol g’iviri yanglig’?
Tomchilar tomlarni qachon tirnaydi,
mahbuslarning sirli shiviri yanglig’?..

Shahar dim. Sahar dim. Bo’g’ilar nafas…

1999

MEN KIMMAN?

Men yolg’iz emasman, yolg’izlik – yorim,
shahdsizlik – shahdimdir, ahdsizlik – ahdim.
Haqorat – bo’ynimda sodiq tumorim,
do’stsizlik – do’stimdir, baxtsizlik – baxtim.

Qarovsiz emasman, so’rab turar hol
har kun eshigimni chertib ulfatlar –
qashshoqlik yelkamdan quchoqlar darhol,
kulfatdosh bo’ladi darhol kulfatlar.

Iztirob – inimdir, singlimdir – sitam,
xo’rlikdan hech qachon kelmaydi g’ashim.
Ochlik ochligimga sherikdir har dam,
dardlar har nafasda bo’lar dardkashim.

Azobim – sevgilim, sog’inch – sirdoshim,
g’amlar g’amlarimdan emaslar beg’am.
Ko’zimdan hech nari ketmas ko’zyoshim,
erksizlik – boshimni silagan og’am.

Men baxtli yashayman poymol or bilan,
tahqirlar qilolmas hech qachon izza.
Meni saratonlar siylar qor bilan,
qaynoq bo’ronlarda qilaman mazza…

Ilojsizlik bo’ldi doim ilojim,
zamon qaynab yotar, men esa jimman.
Mutelik – taxtimdir, xoksorlik – tojim…
Xo’sh, endi ayting-chi, men o’zi kimman?..

1999

012

(Tashriflar: umumiy 2 584, bugungi 1)

Izoh qoldiring