Umarali Normatov. Murod Muhammad Do’st haqida & Ikki qissa

001Мурод Муҳаммад Дўст асарларининг қаҳрамонлари ўзи учун қадрдон маскан – киндик қони тўкилган юрт – Самарқанд вилоятига қарашли Жом қишлоғи одамлари. Бу юртни ёзувчи асарларида “Галатепа” деган чиройли адабий ном билан атайди. Бунинг боиси шуки, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи ҳақида ҳужжатли асар – очерклар туркуми ёзмоқчи эмас эди, балки ўша қадрдон масканда туриб таниш манзаралар, чеҳралар воситасида ўша кезлардаги миллат ҳаёти, ҳолати, руҳиятида кечаётган жараён – эврилишларни, шахсан ўзини қийнаётган ўй-кечинмаларни ифода этишга чоғланади…

Умарали Норматов
ЯҚИН КЕЧМИШНИНГ ҲАЛОЛ
ВА ТЕРАН БАДИИЙ ТАҲЛИЛИ

Мурод Муҳаммад Дўст ижодига бир назар
08

Ўтган аср 70-йилларининг бошлари. Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасининг шундоққина биқинида домлалар учун қурилган бинода оиламиз билан турамиз. Ўша кезлари хонадонимиз бамисоли университет аудиториясининг филиалига айланган эди. Турли муаммолар бўйича бизникига ташриф буюрадиган талабаларнинг кети узилмасди. Айниқса, ижодкор ёшлар билан хонадонимизда кечган мароқли гурунгларни бугун орзиқиб эслайман. Тоғай Муроддай ёрқин истеъдодни шундай гурунгларнинг бирида ўзим учун “кашф” этганман. Ўша кезлари яна бир ўзига хос истеъдод соҳиби Мурод Муҳаммад Дўст билан айни шу кулбамизда танишганман.

077Узун бўйли, озғин, ўйчан қоп-қора кўзлари чақнаб, юзида аллақандай киноя аралаш ним табассум уфуриб турган бу талаба йигитнинг гап-сўзлари ҳам чеҳрасига мос аллақандай ёқимли киноявий оҳанг билан йўғрилган эди. У филолог эмас, университетда фалсафа ихтисослиги бўйича таълим оларди. Дастлабки суҳбатдаёқ унинг билим, қизиқиш доирасининг кенглиги мени лол қолдирди. Ғарб фалсафаси, руҳшунослиги, тасвирий санъат, мусиқа, архитектура, адабиёт ва санъатдаги янги жараёнлар ҳақида рус тилида чиққан сон-саноқсиз китоблар, машҳур куйлар ёзилган грампластинкалар шайдоси экан бу йигит. Ётоқхонасига сиғдиролмаган китобу грампластинкаларини бизникида сақлайдиган бўлди. Ўз навбатида, мен ҳам улардан баҳраманд бўлиб турардим. Кўп ўтмай, бу йигит ижодий машқлар ҳам қилиб туришини сезиб қолдим. Илтимосимга кўра “Қайдасан, қувонч садоси” деб номланган каттагина ҳикоясини ўқишга берди. Ўқиб, қувониб кетдим. Аллақачон ҳаваскорлик босқичидан ўтган, тап-тайёр профессионал ёзувчининг асари! Орадан кўп ўтмай ҳикоя босилди. Ҳаттоки Ёзувчилар уюшмасида мазкур ҳикоя муҳокамасига бағишланган адабий анжуман ўтказилди. Одил Ёқубов, Озод Шарафиддиновдек таниқли ёзувчи, мунаққидлар у ҳақида илиқ гаплар айтди.

Бу анжуман, менимча, ёш ёзувчи ижодий тақдирида чуқур из қолдирди, балки, бурилиш ясади. Донгдор композитор ҳаёти ва ижодини теран ўрганиб, билиб, ҳис этиб қалам тебратган ёш қаламкаш асарига тасаннолар айтиш билан баробар, жиддий бир эътироз, аниқроғи, истак ҳам билдирилди. Жумладан, устоз Озод ака “Ғарбнинг машҳур кишилари ҳақида ғарблик ижодкорлар қойилмақом қилиб ёзишган. Муроднинг ҳикояси ўша асарлар билан бўйлаша оладиган даражада. Бу – яхши. Энди укамиз ўз одамларимиз ҳақида ёзиб, уларни Ғарб, балки, жаҳонга танитиш йўлидан борса, яна ҳам савоброқ иш қилган бўларди…” деди. Бу фикрни бошқалар, жумладан, Одил Ёқубов ҳам қўллаб-қувватлади. Ёш ёзувчи анжуманда бу хусусда ҳеч нарса демади. Аммо шундан кейин у ижодда миллий заминга кескин юз ўгирди. Бирин-кетин “Дашту далаларда”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби ҳикоялари, “Мустафо”, “Истеъфо”, “Галатепага қайтиш” сингари қиссалари эълон этилди. Бу асарларнинг қаҳрамонлари ўзи учун қадрдон маскан – киндик қони тўкилган юрт – Самарқанд вилоятига қарашли Жом қишлоғи одамлари. Бу юртни ёзувчи асарларида “Галатепа” деган чиройли адабий ном билан атайди. Бунинг боиси шуки, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи ҳақида ҳужжатли асар – очерклар туркуми ёзмоқчи эмас эди, балки ўша қадрдон масканда туриб таниш манзаралар, чеҳралар воситасида ўша кезлардаги миллат ҳаёти, ҳолати, руҳиятида кечаётган жараён – эврилишларни, шахсан ўзини қийнаётган ўй-кечинмаларни ифода этишга чоғланади ва бу эзгу ниятига эришади ҳам. Қисса ва ҳикоялар саҳифаларидан қад ростлаган Мустафо, Ғуччи чол, Болта қассоб, Ибодулло Махсум, Пиримқул Молия, Эломонов, Бинафшахон, Полвон, Хадича, Тошпўлат Ғайбаров, Раим оқсоқол каби персонажлар худди тирик одамлар каби “адабий аҳоли” сафидан ўрин олди. Муайян сабабларга кўра, адабиёт реал ҳаётдан узоқлашиб қолган, соцреализм талаблари асосида яратилган “совет кишиси” образлари ижобий қаҳрамон эталонига айлантирилган бир паллада бир қатор янги авлод ёзувчиларининг китобийликдан юз ўгириб, мавзу ва қаҳрамонлар танлашда реал ҳаётнинг ўзига қайтиши, бунда ҳаттоки ўзига таниш маскан қучоғига кириб бориши миллий адабиётимиз ривожида ўзига хос ҳодисага айланди. Мурод Муҳаммад Дўстдан олдинроқ ижод бўстонида кўринган Шукур Холмирзаев ўзи туғилиб ўсган Бойсун колоритини адабиётга олиб кирди, Муроджоннинг тенгдоши Тоғай Мурод қиссаларида қаламга олинган воқеа-ҳодисалар ёш ёзувчи она юрти Денов, аниқроғи, Хўжасоат қишлоғи ва унинг атрофида юз беради. Муроддан кейинроқ ижодини бошлаган бойсунлик Эркин Аъзам, паркентлик Хайриддин Султоновларнинг илк қадамларида ҳам айни шу ҳолни кузатиш мумкин.

Тенгдоши Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади, “Ойдинда юрган одамлар” қиссаларидаги каби Муроджоннинг қатор қисса ва ҳикоялари, чунончи, “Дашту далаларда” персонажлари адабиётимизда чиндан-да янгилик бўлди. Уларда сиз урфга айланган қаҳрамонларга хос “типик” хусусиятларни кўрмайсиз. Бир қарашда улар “ҳаёт оқимидан ортда қолган” оми, дағал, кўримсиз кимсалар. Бироқ тенгдошлари каби Муроджон ана шу оддий, жўн, балки, қўпол, дағалтабиат одамлар феъл-атвори, қалбидаги нурли жиҳатларни, юксак маънавий бисотни, ўтда куймайдиган, сувда чўкмайдиган оташин севги туйғуларини кўрсатишга, аниқроғи, тараннум этишга эришади. Ўша кезлари айни шундай ҳодиса бошқа қардош халқлар, жумладан, рус адабиётида ҳам содир бўлаётган эди, айниқса, рус адабиётидаги “қишлоқ прозаси” деб ном олган адабий ҳодиса, жумладан, В.Шукшин қаламига мансуб “чудик”лар – ғаройибтабиат одамлар образи туфайли “коммунистик ахлоқ кодекси” асосида ясалган “қаҳрамонлар”нинг “довруғи”га дарз кетди. Айни шундай миссияни бизда юқорида тилга олинган носирларимиз, жумладан, Мурод Муҳаммад Дўст адо этиш шарафига муяссар бўлди.

Адабий жараён бир ерда депсиниб туролмайди, узлуксиз ҳаракатда, ўзгаришда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган жаҳон адабиёти билан ҳамқадам бўлолмаган адиб миллий адабиётда ҳам ўз ўрнини тополмайди. Буни теран англаган Муроджон адабий билим ва малакасини янада ошириш ниятида Москвадаги Адабиёт институтида таълим олди, бу ердаги адабий муҳит унинг ижодий кредосига талай “таҳрир”лар киритди. Шундан кейин яратган асарларида, айниқса, “Галатепага қайтиш” қиссаси ва “Лолазор” романида ёзувчининг ижодий тафаккур доираси янги кўлам касб этганлигининг шоҳиди бўлдик.

Бу икки асарда ҳам муаллиф аввалги ҳикоя ва қиссаларидаги каби миллий заминда қатъий туради, аммо персонажлар доираси хийла кенгаяди, оддий, камсуқум қишлоқ одамлари билан баробар, қишлоқдан чиқиб, шаҳар кўрган, бинобарин, дунё таниган турфа кишилар – олим, раҳбар ходим, шоир-ёзувчи, спортчи, алпинист ва ҳоказолар орасидаги мулоқотлар, баҳсу мунозаралар, уларнинг дарду дунёси, кўнглидаги армону ўкинчлар билан танишамиз. Хилма-хил, турфа одамлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси бадиий талқинида энди биз миллий анъаналар билан баробар, жаҳон янги адабиёти тажрибалари, экзистенциализм, абсурд, онг оқими каби характерли адабий-бадиий тамойилларнинг кўринишлари гувоҳи бўламиз.

“Лолазор”да кўлам янада кенгаяди. Макон Галатепа доирасидан чиқиб кенг миқёс касб этади. Масъул раҳбар ва унга яқин турган қаламкаш асарнинг етакчи қаҳрамонлари қилиб олинади. Бу икки қадрдон ошна ва улар қаторидаги ўнлаб персонажлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси орқали бутун бир жамият, тузумнинг инқирози бадиий таҳлил ва талқин этилади.

“Лолазор” енгил ўқиладиган, осон уқиладиган асарлар хилидан эмас. Роман тафаккур тарзи, тил, ифода, услуб, усуллар жиҳатидан замонавий жаҳон адабиётидаги етакчи йўналишларга мансуб эканлигини, романдаги тасвирнинг полифоник сержило хусусиятини эслатиш билан баробар, унда тақлидчиликдан асар ҳам йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Муаллиф Ғарб тажрибасини ўзбекона миллий руҳ, бетакрор ўзбекона оҳанг билан қойилмақом қилиб уйғунлаштира олган.

Шуниси қизиқки, бир қарашда асар анчаин содда тилда ёзилгандек, характер ва ҳодисалар хийла одми – жўн бир йўсинда лоқайдроқ тарзда ифода этилаётгандай туюлади. Аммо мана шу жўнлик замирида ўта жиддийлик, гўллик қобиғида эса қувлик, теран маънодорлик бор; ҳушёр китобхон лоқайд бўлиб туюлган нигоҳ, ҳикоя тарзи замиридаги ёзувчининг позициясини, ҳодисаларга аниқ-равшан муносабати, баҳосини сезиб, ҳис этиб туради. Муаллиф қиссада Шарқ адабиётида кенг тарқалган “тажоҳилул- орифон” деб аталган билиб-билмасликка олиш, содда қувлик, донишмандлик усулини ижодий ривожлантириб, романнинг етакчи услуби даражасига кўтаради. Айни шу услуб, усул тақозо этадиган истеҳзо, киноя, кесатиқ, пичинг, нозик қочириқлар асарга халқчил миллий руҳ, ўзига хос жозиба бахш этади. Энг муҳими, бундай усул-услуб орқали ёзувчи романга асос қилиб олинган ҳаётий ҳодисалар, муаммолар, одамлар табиати, қисмати моҳиятини бетакрор тарзда чуқур, ҳаққоний очишга, уларни бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари билан кўрсатишга эришади. Ёзувчи услубининг яна бир жиҳати шундаки, асар бошдан-оёқ баҳс-мунозара тарзида битилган. Ёзувчи гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона персонажлар билан баҳсга киришади; асардаги персонажлараро тортишувлар фақат улар орасидаги конфликт-зиддият ифодасигина бўлиб қолмай, уларни муаллифнинг ҳодисаларга хилма-хил томондан ёндашуви, баҳс-мунозаралари изҳори деб ҳам айтавериш мумкин.

Роман марказида, юқорида айтиб ўтилганидек, икки қадрдон дўст – республиканинг масъул раҳбари Ошно, шу ошно паноҳида, мададида “донгдор” ёзувчи даражасига кўтарилган, аслида ўртамиёна қаламкаш Назар Яхшибоев тақдири ётади. Муаллиф замонавий романчиликда кенг қўлланаётган ретроспектив усулга таяниб, персонажлардан бири – ёзувчи Назар Яхшибоев умрининг сўнгги, касалхонада кечган бир неча кунларини гўё сарҳисоб палласи тарзида олиб, шу нуқтада туриб узоқ йиллик босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди. Бу одам умр йўлида жуда кўп кишиларга дуч келган, улар билан ҳар хил муаммолар бўйича мулоқотда бўлган; аммо унинг тақдирида чуқур из қолдирган, бутун онгли ҳаётига эш бўлиб юрган зот бу – Ошно. Ёзувчи ҳаётидаги барча хуш ва нохуш ҳодисалар, зафарлар, йўқотишлар, хато ва адашишлар, кўргилик ва аччиқ сабоқлар – барчаси шу одам билан алоқадор. Роман муаллифи бу икки шахс умр йўлини, аввало, Назар Яхшибоев нигоҳи орқали ифода этади. Аммо муаллиф бу билан чекланмайди. Агар шу билан чекланганда, эҳтимол, ёзувчи бу икки мураккаб шахс, улар тақдирига алоқадор ҳодисалар ҳақидаги тўла ҳақиқатга эришолмаган бўларди. Буни сезган муаллиф романга яна бир муҳим фигурани олиб киради – асарда тақдир тақозоси туфайли бу одамга яқинлашиб, унинг таъсирига тушиб қолган, аслида зўр истеъдод эгаси, соҳибдил, ҳақиқатгўй адиб Саидқул Мардонов отлиқ шахс пайдо бўлади. Саидқул Назар Яхшибоев ҳақида қисса ёзмоқчи. У Яхшибоевнинг ҳаёт йўли, дўсти Ошно ҳақидаги кўрган-билганларини сўзлайди, йўл-йўлакай ўз ҳаётини ҳам ҳикоя қилади… Шу тариқа асарда марказий фигуралар – Ошно ва Яхшибоевларга нисбатан бошқа бир нигоҳ – қараш, уларни янги томондан баҳолаш, очиш имконияти вужудга келади. Муаллиф воқеаларни гоҳ бемор – Яхшибоев, гоҳ қиссанавис – Мардонов нигоҳи орқали беради; ҳодисаларнинг шу тарзда икки хил табиатли, икки хил маслакли ёзувчи орқали ифода этилиши асарга ўзига хос баҳс, тасвирга эса полифоник хусусият, сержило маъно бахш этади. Роман етук реализмга хос хусусиятлари – муаллиф ҳодисаларни, одамлар тақдири, характерини, ҳаттоки яқин ўтмишда энг жиддий хатолар, жиноятлар қилиш даражасига бориб етган кимсаларни ҳам тарихий муҳит фарзанди, тирик инсон сифатида тушуниб, қалам тебратгани билан ғоят қимматлидир. Зотан, ҳақиқий реалист ёзувчининг вазифаси, А. Чехов айтганидек, гуноҳкор одамни нуқул айблаш, таъқиб қилиш эмас, аксинча, ҳаттоки гуноҳкор кимса ёнини олиб, у йўл қўйган хатолар, табиатидаги қусурлар, қабоҳатлар асоси, илдизи, сабабларини таҳлил этиб бериш, инсон жумбоғини ечишга уринишдан иборатдир.

“Лолазор” муаллифи яқин кечмишга катта масъулият билан ҳалол ёндашади, айни шу масалада конъюктура мақсадларини кўзлаб, ҳар мақомга йўрғалайверадиган, калтабин, мунофиқ кимсалар билан ошкора мунозаралар олиб боради. Узоқ йиллар Назар Яхшибоев билан мулоқотда бўлган, уни яқиндан билган, ундан гоҳ яхшиликлар кўрган, гоҳ ранжиган ҳақгўй адиб Саидқул Мардонов пировардида ўз виждонини сўроққа тутади:

“АГАРДА ЯХШИБОЕВНИНГ ЎРНИДА МЕН ЎЗИМ БЎЛГАНИМДА-ЧИ?
АГАРДА МЕН ЎЗИМ ОШНОГА ОШНО БЎЛГАНИМДА-ЧИ? ЎШАНДА НЕ БЎЛАРДИ?

Бу саволларга нима деб жавоб беришни билмайман. Ишонолмайман ўзимга. Шубҳам мўл менинг. Замонлар ўзгача эди. Қутқу деганлари ҳам ғоят улуғ эдики, Ошнога ошно бўлсам, олиймақом рағбатлар олсам, мен ўзимнинг ҳам Яхшибоевга айланишим муқаррар бўлиб туюлади.

Ҳар хил ошнолару яхшибоевларга қарши ўз вақтида билак шимариб кескин курашганмиз, деб томоқ йиртаётган ва недир янги садақалардан умидвор бўлаётган тенгдошларимдан фарқли ўлароқ, мен ўзимнинг ўша кезларда ҳам, бугун ҳам жуда ожиз эканимни сезаман”.

Бу ҳалол ва мард одамнинг, чин реалист адибнинг эътирофи! Романнинг “Охириги боб”ида кичик, аммо характерли бир лавҳа бор. Қиссанавис Саидқулнинг орадан йиллар ўтиб, бир вақтлар катта довруғ таратган, бугунги кунда эса сири фош бўлиб, қамоқда ётган донгдор раис Тўпори юртига йўли тушади, Тўпорининг тус жияни кабобпаз Неъматжонга дуч келади; жиян ҳеч тап тортмай Тўпори қисмати ҳақида қувонч билан гапиради, “Илоннинг боши янчилди, домлажон!” дея суюнчи олмоқчи бўлади. “Билмай юраверган эканмиз, қилган қилғилиғини мен айтмай, сиз эшитманг!..” деб дийдиёсини бошлайди. Саидқул лол бўлиб қолади, чунки илк бор бу ерга келганида Неъматжоннинг Тўпори тўғрисидаги гапи, талқини ўзгача эди: “икки гапнинг бирида зикр этардики, “каттамизнинг қамрови кенг, ғайрати улуғ, бу кишига битта колхоз торлик қилади, бу кишига бутун бир республикани ҳам ишониб топширса бўлади!..”

Муаллиф ёзганидек, вақтида жўр бўлиб, кейин четга чиқиб туриш осон. Вақтида жўр бўлиб, вазият ўзгаргандан кейин бутунлай бошқа томонга ўтиб олиш эса ҳаммасидан ёмон. Ёзувчи ўзини, ўз бисотини тафтиш қилишга ўтади: “Тўпорининг ёнида бунақа неъматжонлар жуда кўп бўлган. Ундан ирганишга иргандим-у, лекин аслида ўзимнинг ҳам ундан беҳроқ эмаслигимни англадим. Тўпорини яратган ким ўзи?! Наҳотки неъматжонларнинг бу ишга қурби етса! Йўқ, Тўпорини биз сўзамоллар яратдик, Яхшибоев, мен… Бошқалар ҳам қараб тургани йўқ. Мақтадик, мақтайвердик, юксакларга опчиқиб, ўзимиз пастда қолиб, пировард унинг соясига сиғинадиган бўлдик…

Ичимда аччиқ кулги уйғонди…”.

Мана шу аччиқ кулги, истеҳзо, йўл қўйилган хатолар учун ҳам оммавий, ҳам шахсий жавобгарлик, уят, иқрорлик ҳисси – роман реализмининг туб негизини ташкил этади.

“Лолазор” романи яна бир жиҳатдан характерли. 80-йилларда адабиётда “гап айтиш”, “проблема кўтариш”га мойиллик кучайиши муносабати билан қуруқ гапбозлик, проблемабозликдан иборат асарлар кўпайиб кетди. Адабий асар оддий публицистика, проблематик мақола ҳолига тушиб қолди. Адабиёт, биринчи навбатда, инсоншунослик, характершунослик эканини унутмаслик даркор. Ҳар қандай ўткинчи ижтимоий муаммо, катта гап – фалсафа асарда бевосита инсон характери, тақдири таҳлилидан табиий равишда келиб чиқмас экан, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатга айланмайди. Уни чинакам бадиий асар деб аташ маҳол. “Лолазор” муаллифи ҳаммадан бурун инсоншунос-характершунос тарзида иш кўради; ёзувчининг ўша пайтга қадар бу борада тўплаган ижодий тажрибалари, хусусан, “Галатепага қайтиш”, “Истеъфо” қиссаларида қўлга киритган ютуқлари романда қўл келган, янада сайқал топган; асарни ўқиётганда Ошнони ҳам, Назар Яхшибоевни ҳам, Саидқул Мардоновни ҳам, етакчи персонажлардан ташқари, ғаройиб табиатли Тўпори, терс, аммо мард, самимий йигит Абдужаббор, индамас, олижаноб аёл Олия, бадантарбиячи аёл Анбар, Симхо, Робия, Қурбоной, Шариф, Валломат, Александр Шойимардонович, Мойра, Муяссархон, яна ўнлаб персонажлар, асарда кенг ва оз ўрин олишига қарамай, тирик инсон сифатида бетакрор хусусиятлари билан шундоққина кўз олдимизда гавдаланади; улар шунчаки индивидуал образ – бетакрор характер бўлиш баробарида, концептуал хусусиятга эга, муайян ижтимоий ҳодиса моҳиятини очишга хизмат этадилар.

Ёзувчининг энг катта хизмати – Яхшибоев ҳаёти маъноси, умр сабоқлари, яхшибоевчилик моҳиятини чуқур таҳлил этиб берганидадир. Дадил айтиш мумкинки, Яхшибоев асарда давр типи даражасига кўтарилган. Боя айтилганидек, бу одам – мураккаб шахс; қалби эзгу туйғулардан холи эмас, ёзувчи сифатида ўзининг нимага қодирлигини, ожиз томонларини ҳам билади, ўзгаларга, муҳтожларга мурувват, ҳиммат қўлини чўзишга ҳам тайёр, дўстларга содиқ, кўп ҳолларда ҳақиқатга тик қарайди, ҳақ гапни айтишга, ёзишга интилади… У Ватан учун жанг қилган, Ватан топшириқларини баҳоли қудрат бажо келтиришга уринган. Бу одам, эҳтимол, бошқа бир шароитда, фавқулодда “омад” кулиб боқмаганда, балки, қурби, иқтидори етганича меҳнат қилиб, ҳалол ижод этиб, шу камтарона меҳнати самараси билан ҳаётда ўзига яраша ўрин, чин обрў топган бўларди. Аммо вазият ўзгача бўлиб чиқди, тақдир уни бениҳоя “сийлади”, иқтидори, меҳнатидан кўра юқори обрў-эътиборга, катта имкониятларга эришди. Унинг яқин дўсти Ошно юртнинг масъул раҳбари даражасига кўтарилгач, унинг соясида, мададида патриарх – “Ота ёзувчи”га айланади; бошда у қалб амрига бўйсуниб шаккоклик қилиб ҳам кўради, ҳақ гапни айтишга чоғланади, аммо бу иш Ошнога маъқул тушмайди, замона зайлига зид бўлиб чиқади, шаккокликнинг андак жабрини ҳам татийди. Сўнг у Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрадиган, катталар рухсатини олиб, ҳақиқатни айтадиган, ёзадиган бўлади. Бора-бора Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрган бу аллома ижодда, бинобарин, ҳаётда боши берк кўчага кира бошлайди. Бир вақтлар эзгу туйғулардан, олижаноб мақсадлардан, қалби саховатлардан холи бўлмаган Ошнонинг ўзи ҳам бора-бора нохуш бир оқимга тушиб олиб, шу оқим бошида туриб бутун бир халқ ҳаётини танг аҳволга солиб қўя бошлайди.

Тўғри, Ошно бир ўзи юртни шу даражага олиб бориши мумкин эмас эди; у бутун мамлакатдаги вазият, ижтимоий-маънавий иқлим, марказдаги бош таянчи, илҳомчиси, йўлбошчиси Катта Пахтакор таъсири, рағбати остида шу ишларни қилади, авом, жумладан, яхшибоевлар эса унга бор ҳақиқатни айтишга журъат этолмайди, аксинча, ҳар боб билан ҳурматли арбобнинг ҳурматини жойига қўйиш пайида бўладилар. Ошно ўйлаган режалар бир рўё, унинг ташаббуси, мадади билан кўтарилган қаҳрамонлар сохта қоғоз гуллар, жиноятчилар бўлиб чиқади. У туғилган юртига бир ариқ сув чиқариб бермоқчи эди, шунча йиллар ўтиб, қишлоқ сувсиз қолди; бутун юртни лолазорга айлантирмоқчи эди, юрт эса харобазорга айланди…

Назар Яхшибоев умри охирида шу фожиаларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, бу ишларда ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини ҳис этиб эзилади, қоврилади. Худди Ошно каби ўзининг ҳам қисмати танг – умр йўлдоши худбин, беоқибат; фарзандлари бемеҳр, бемаслак; умрининг сўнгги дамларида ишониб юрак розини айтадиган, дардини тушунадиган одами йўқ, ёзган асарларида амал қилган эътиқоди самарасиз, асарлари тиригидаёқ умрини тугатган; энг даҳшатлиси, бир вақтлар “Юлдузни кўзлаган қиз” деб улуғлаган қаҳрамони Қурбоной унинг кўз олдида фожиали тарзда жон таслим этади, ўлими олдида ўзини бир вақтлар улуғлаб, хато йўлга бошлаган адибга надоматлар ёғдиради… Яхшибоевнинг касалхонадаги умрининг сўнгги дақиқаларида Қурбоной билан учрашуви лавҳаси асарнинг энг таъсирчан ўринларидан. Қурбоной фожиаси бу яхшибоевлар фаолиятининг аччиқ меваси, яхшибоевчиликнинг фожеий самарасидир.

Яхшибоевдан ижодкор сифатида доғ қолди, айни пайтда ундан яхшигина бир боғ қолди. Умрининг сўнгги йилларида ўз фожиасини тушуниб, ўзи тушиб қолган йўлнинг охири вой эканини сезган бу одам туғилган юртига бориб ҳалол пуллари эвазига бир боғ яратди. Ҳамюртлари, фарзандлари унинг ижодий меросига эмас, ундан қолган боққа эҳтиром, эътибор кўрсатадилар… Бунда чуқур рамзий маъно бор. Бу боғ ҳеч қанақа ошоларнинг таъсирисиз, раъйисиз, ёрдамисиз, кўнгилдан чиқариб эл-юрт, келгуси авлод манфаатини ўйлаб қилинган беғараз меҳнат самараси. Фақат ҳалол меҳнат самарасигина эътиборга молик. Эҳтимол, бу одам ижодда ҳам шундай йўл тутганида, ошнолар раъйига қарамай, фақат қалб амри билан ижод этганда ўз иқтидори, ҳалол меҳнатига яраша адабиётда ҳам қадрини топган бўлармиди… Яхшибоев умр йўли таҳлилидан келиб чиқадиган энг муҳим сабоқ, маъно – шу.

“Лолазор” кенг, чуқур таҳлилларга, теран ўй-мушоҳадаларга, хилма-хил баҳс-мунозараларга асос берадиган асар. Биз асосан биргина етакчи персонаж устида тўхталдик, бошқа кўплаб персонажлар, уларда илгари сурилган ғоявий-бадиий концепция хусусида бирма-бир, батафсил тўхталиш мумкин эди. Аммо шу бир етакчи персонаж тўғрисидаги мулоҳазаларнинг ўзиёқ романнинг ғоявий-бадиий даражаси, асарнинг ижтимоий-эстетик салмоғи, замонавий руҳи ҳақида муайян тасаввур беради, роман етук санъаткор ёзувчи қаламига мансуб эканини тасдиқлайди.

“Лолазор” романи яна бир бор шундан далолат берадики, бадиий ижодда ҳақиқатни кашф этишнинг энг тўғри, синалган йўли ҳодисаларни, инсон ва унинг қалбини бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ҳамда манфий томонлари билан ҳалол ва теран таҳлил этишдан иборатдир. Шундай иқтидорга – тафаккур йўсинига эга адиб ҳеч қачон замоннинг ўткинчи эпкинлари олдида тебранмайди, замонлар ўзгарганда ҳам авлодлар олдида юзи шувут бўлмайди.

“Лолазор” китоб ҳолида чиққанидан кейин икки йил ўтиб романда акс этган бедаво дард – чуқур бўҳронлар гирдобида ич-ичидан нураб бораётган тузум ҳалокатга учради. Ниҳоят, халқнинг асрий орзуси ушалди, мамлакат ИСТИҚЛОЛГА эришди. Энди озодлик иштиёқида ёнган сафдошлари қатори Муроджон ҳам бадиий ижодни йиғиштирб қўйиб шу ушалган асрий орзу – истиқлол ҳимояси, равнақи йўлида амалий ишларга ўтди. Салкам йигирма йилдирки, у масъул лавозимларда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Ўзининг 60 ёши арафасида “Тафаккур” журналидаги суҳбатида шу йиллар давомида бой ҳаётий тажриба тўплагани, ижод устида ўйлашдан ҳеч қачон тўхтамагани, яна ижодга қайтиш нияти борлиги, кўнглида янгидан-янги асарлар бўй кўрсатиб келаётгани хусусида гапирди. Суюкли адибимизнинг муборак ёши билан қутлаган ҳолда, бу эзгу ниятларнинг тезроқ рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.

2009

94Murod Muhammad Do‘st asarlarining qahramonlari o‘zi uchun qadrdon maskan – kindik qoni to‘kilgan yurt – Samarqand viloyatiga qarashli Jom qishlog‘i odamlari. Bu yurtni yozuvchi asarlarida “Galatepa” degan chiroyli adabiy nom bilan ataydi. Buning boisi shuki, muallif tug‘ilib o‘sgan qishlog‘i haqida hujjatli asar – ocherklar turkumi yozmoqchi emas edi, balki o‘sha qadrdon maskanda turib tanish manzaralar, chehralar vositasida o‘sha kezlardagi millat hayoti, holati, ruhiyatida kechayotgan jarayon – evrilishlarni, shaxsan o‘zini qiynayotgan o‘y-kechinmalarni ifoda etishga chog‘lanadi…

Umarali Normatov
YAQIN KЕCHMISHNING HALOL
VA TЕRAN BADIIY TAHLILI

Murod Muhammad Do‘st ijodiga bir nazar
08

O‘tgan asr 70-yillarining boshlari. Toshkentdagi Talabalar shaharchasining shundoqqina biqinida domlalar uchun qurilgan binoda oilamiz bilan turamiz. O‘sha kezlari xonadonimiz bamisoli universitet auditoriyasining filialiga aylangan edi. Turli muammolar bo‘yicha biznikiga tashrif buyuradigan talabalarning keti uzilmasdi. Ayniqsa, ijodkor yoshlar bilan xonadonimizda kechgan maroqli gurunglarni bugun orziqib eslayman. Tog‘ay Murodday yorqin iste’dodni shunday gurunglarning birida o‘zim uchun “kashf” etganman. O‘sha kezlari yana bir o‘ziga xos iste’dod sohibi Murod Muhammad Do‘st bilan ayni shu kulbamizda tanishganman.

Uzun bo‘yli, ozg‘in, o‘ychan qop-qora ko‘zlari chaqnab, yuzida allaqanday kinoya aralash nim tabassum ufurib turgan bu talaba yigitning gap-so‘zlari ham chehrasiga mos allaqanday yoqimli kinoyaviy ohang bilan yo‘g‘rilgan edi. U filolog emas, universitetda falsafa ixtisosligi bo‘yicha ta’lim olardi. Dastlabki suhbatdayoq uning bilim, qiziqish doirasining kengligi meni lol qoldirdi. G‘arb falsafasi, ruhshunosligi, tasviriy san’at, musiqa, arxitektura, adabiyot va san’atdagi yangi jarayonlar haqida rus tilida chiqqan son-sanoqsiz kitoblar, mashhur kuylar yozilgan gramplastinkalar shaydosi ekan bu yigit. Yotoqxonasiga sig‘dirolmagan kitobu gramplastinkalarini biznikida saqlaydigan bo‘ldi. O‘z navbatida, men ham ulardan bahramand bo‘lib turardim. Ko‘p o‘tmay, bu yigit ijodiy mashqlar ham qilib turishini sezib qoldim. Iltimosimga ko‘ra “Qaydasan, quvonch sadosi” deb nomlangan kattagina hikoyasini o‘qishga berdi. O‘qib, quvonib ketdim. Allaqachon havaskorlik bosqichidan o‘tgan, tap-tayyor professional yozuvchining asari! Oradan ko‘p o‘tmay hikoya bosildi. Hattoki Yozuvchilar uyushmasida mazkur hikoya muhokamasiga bag‘ishlangan adabiy anjuman o‘tkazildi. Odil Yoqubov, Ozod Sharafiddinovdek taniqli yozuvchi, munaqqidlar u haqida iliq gaplar aytdi.

Bu anjuman, menimcha, yosh yozuvchi ijodiy taqdirida chuqur iz qoldirdi, balki, burilish yasadi. Dongdor kompozitor hayoti va ijodini teran o‘rganib, bilib, his etib qalam tebratgan yosh qalamkash asariga tasannolar aytish bilan barobar, jiddiy bir e’tiroz, aniqrog‘i, istak ham bildirildi. Jumladan, ustoz Ozod aka “G‘arbning mashhur kishilari haqida g‘arblik ijodkorlar qoyilmaqom qilib yozishgan. Murodning hikoyasi o‘sha asarlar bilan bo‘ylasha oladigan darajada. Bu – yaxshi. Endi ukamiz o‘z odamlarimiz haqida yozib, ularni G‘arb, balki, jahonga tanitish yo‘lidan borsa, yana ham savobroq ish qilgan bo‘lardi…” dedi. Bu fikrni boshqalar, jumladan, Odil Yoqubov ham qo‘llab-quvvatladi. Yosh yozuvchi anjumanda bu xususda hech narsa demadi. Ammo shundan keyin u ijodda milliy zaminga keskin yuz o‘girdi. Birin-ketin “Dashtu dalalarda”, “Bir toychoqning xuni” kabi hikoyalari, “Mustafo”, “Iste’fo”, “Galatepaga qaytish” singari qissalari e’lon etildi. Bu asarlarning qahramonlari o‘zi uchun qadrdon maskan – kindik qoni to‘kilgan yurt – Samarqand viloyatiga qarashli Jom qishlog‘i odamlari. Bu yurtni yozuvchi asarlarida “Galatepa” degan chiroyli adabiy nom bilan ataydi. Buning boisi shuki, muallif tug‘ilib o‘sgan qishlog‘i haqida hujjatli asar – ocherklar turkumi yozmoqchi emas edi, balki o‘sha qadrdon maskanda turib tanish manzaralar, chehralar vositasida o‘sha kezlardagi millat hayoti, holati, ruhiyatida kechayotgan jarayon – evrilishlarni, shaxsan o‘zini qiynayotgan o‘y-kechinmalarni ifoda etishga chog‘lanadi va bu ezgu niyatiga erishadi ham. Qissa va hikoyalar sahifalaridan qad rostlagan Mustafo, G‘uchchi chol, Bolta qassob, Ibodullo Maxsum, Pirimqul Moliya, Elomonov, Binafshaxon, Polvon, Xadicha, Toshpo‘lat G‘aybarov, Raim oqsoqol kabi personajlar xuddi tirik odamlar kabi “adabiy aholi” safidan o‘rin oldi. Muayyan sabablarga ko‘ra, adabiyot real hayotdan uzoqlashib qolgan, sosrealizm talablari asosida yaratilgan “sovet kishisi” obrazlari ijobiy qahramon etaloniga aylantirilgan bir pallada bir qator yangi avlod yozuvchilarining kitobiylikdan yuz o‘girib, mavzu va qahramonlar tanlashda real hayotning o‘ziga qaytishi, bunda hattoki o‘ziga tanish maskan quchog‘iga kirib borishi milliy adabiyotimiz rivojida o‘ziga xos hodisaga aylandi. Murod Muhammad Do‘stdan oldinroq ijod bo‘stonida ko‘ringan Shukur Xolmirzayev o‘zi tug‘ilib o‘sgan Boysun koloritini adabiyotga olib kirdi, Murodjonning tengdoshi Tog‘ay Murod qissalarida qalamga olingan voqea-hodisalar yosh yozuvchi ona yurti Denov, aniqrog‘i, Xo‘jasoat qishlog‘i va uning atrofida yuz beradi. Muroddan keyinroq ijodini boshlagan boysunlik Erkin A’zam, parkentlik Xayriddin Sultonovlarning ilk qadamlarida ham ayni shu holni kuzatish mumkin.

Tengdoshi Tog‘ay Murodning “Yulduzlar mangu yonadi, “Oydinda yurgan odamlar” qissalaridagi kabi Murodjonning qator qissa va hikoyalari, chunonchi, “Dashtu dalalarda” personajlari adabiyotimizda chindan-da yangilik bo‘ldi. Ularda siz urfga aylangan qahramonlarga xos “tipik” xususiyatlarni ko‘rmaysiz. Bir qarashda ular “hayot oqimidan ortda qolgan” omi, dag‘al, ko‘rimsiz kimsalar. Biroq tengdoshlari kabi Murodjon ana shu oddiy, jo‘n, balki, qo‘pol, dag‘altabiat odamlar fe’l-atvori, qalbidagi nurli jihatlarni, yuksak ma’naviy bisotni, o‘tda kuymaydigan, suvda cho‘kmaydigan otashin sevgi tuyg‘ularini ko‘rsatishga, aniqrog‘i, tarannum etishga erishadi. O‘sha kezlari ayni shunday hodisa boshqa qardosh xalqlar, jumladan, rus adabiyotida ham sodir bo‘layotgan edi, ayniqsa, rus adabiyotidagi “qishloq prozasi” deb nom olgan adabiy hodisa, jumladan, V.Shukshin qalamiga mansub “chudik”lar – g‘aroyibtabiat odamlar obrazi tufayli “kommunistik axloq kodeksi” asosida yasalgan “qahramonlar”ning “dovrug‘i”ga darz ketdi. Ayni shunday missiyani bizda yuqorida tilga olingan nosirlarimiz, jumladan, Murod Muhammad Do‘st ado etish sharafiga muyassar bo‘ldi.

Adabiy jarayon bir yerda depsinib turolmaydi, uzluksiz harakatda, o‘zgarishda. Ayniqsa, shiddat bilan o‘zgarib, yangilanib borayotgan jahon adabiyoti bilan hamqadam bo‘lolmagan adib milliy adabiyotda ham o‘z o‘rnini topolmaydi. Buni teran anglagan Murodjon adabiy bilim va malakasini yanada oshirish niyatida Moskvadagi Adabiyot institutida ta’lim oldi, bu yerdagi adabiy muhit uning ijodiy kredosiga talay “tahrir”lar kiritdi. Shundan keyin yaratgan asarlarida, ayniqsa, “Galatepaga qaytish” qissasi va “Lolazor” romanida yozuvchining ijodiy tafakkur doirasi yangi ko‘lam kasb etganligining shohidi bo‘ldik.

Bu ikki asarda ham muallif avvalgi hikoya va qissalaridagi kabi milliy zaminda qat’iy turadi, ammo personajlar doirasi xiyla kengayadi, oddiy, kamsuqum qishloq odamlari bilan barobar, qishloqdan chiqib, shahar ko‘rgan, binobarin, dunyo tanigan turfa kishilar – olim, rahbar xodim, shoir-yozuvchi, sportchi, alpinist va hokazolar orasidagi muloqotlar, bahsu munozaralar, ularning dardu dunyosi, ko‘nglidagi armonu o‘kinchlar bilan tanishamiz. Xilma-xil, turfa odamlar qismati, tabiati, ruhiyati ifodasi badiiy talqinida endi biz milliy an’analar bilan barobar, jahon yangi adabiyoti tajribalari, ekzistensializm, absurd, ong oqimi kabi xarakterli adabiy-badiiy tamoyillarning ko‘rinishlari guvohi bo‘lamiz.

“Lolazor”da ko‘lam yanada kengayadi. Makon Galatepa doirasidan chiqib keng miqyos kasb etadi. Mas’ul rahbar va unga yaqin turgan qalamkash asarning yetakchi qahramonlari qilib olinadi. Bu ikki qadrdon oshna va ular qatoridagi o‘nlab personajlar qismati, tabiati, ruhiyati ifodasi orqali butun bir jamiyat, tuzumning inqirozi badiiy tahlil va talqin etiladi.

“Lolazor” yengil o‘qiladigan, oson uqiladigan asarlar xilidan emas. Roman tafakkur tarzi, til, ifoda, uslub, usullar jihatidan zamonaviy jahon adabiyotidagi yetakchi yo‘nalishlarga mansub ekanligini, romandagi tasvirning polifonik serjilo xususiyatini eslatish bilan barobar, unda taqlidchilikdan asar ham yo‘qligini alohida ta’kidlab o‘tmoqchiman. Muallif G‘arb tajribasini o‘zbekona milliy ruh, betakror o‘zbekona ohang bilan qoyilmaqom qilib uyg‘unlashtira olgan.

Shunisi qiziqki, bir qarashda asar anchain sodda tilda yozilgandek, xarakter va hodisalar xiyla odmi – jo‘n bir yo‘sinda loqaydroq tarzda ifoda etilayotganday tuyuladi. Ammo mana shu jo‘nlik zamirida o‘ta jiddiylik, go‘llik qobig‘ida esa quvlik, teran ma’nodorlik bor; hushyor kitobxon loqayd bo‘lib tuyulgan nigoh, hikoya tarzi zamiridagi yozuvchining pozitsiyasini, hodisalarga aniq-ravshan munosabati, bahosini sezib, his etib turadi. Muallif qissada Sharq adabiyotida keng tarqalgan “tajohilul- orifon” deb atalgan bilib-bilmaslikka olish, sodda quvlik, donishmandlik usulini ijodiy rivojlantirib, romanning yetakchi uslubi darajasiga ko‘taradi. Ayni shu uslub, usul taqozo etadigan istehzo, kinoya, kesatiq, piching, nozik qochiriqlar asarga xalqchil milliy ruh, o‘ziga xos joziba baxsh etadi. Eng muhimi, bunday usul-uslub orqali yozuvchi romanga asos qilib olingan hayotiy hodisalar, muammolar, odamlar tabiati, qismati mohiyatini betakror tarzda chuqur, haqqoniy ochishga, ularni butun murakkabligi, ziddiyatlari, musbat va manfiy tomonlari bilan ko‘rsatishga erishadi. Yozuvchi uslubining yana bir jihati shundaki, asar boshdan-oyoq bahs-munozara tarzida bitilgan. Yozuvchi goh oshkora, goh pinhona personajlar bilan bahsga kirishadi; asardagi personajlararo tortishuvlar faqat ular orasidagi konflikt-ziddiyat ifodasigina bo‘lib qolmay, ularni muallifning hodisalarga xilma-xil tomondan yondashuvi, bahs-munozaralari izhori deb ham aytaverish mumkin.

Roman markazida, yuqorida aytib o‘tilganidek, ikki qadrdon do‘st – respublikaning mas’ul rahbari Oshno, shu oshno panohida, madadida “dongdor” yozuvchi darajasiga ko‘tarilgan, aslida o‘rtamiyona qalamkash Nazar Yaxshiboyev taqdiri yotadi. Muallif zamonaviy romanchilikda keng qo‘llanayotgan retrospektiv usulga tayanib, personajlardan biri – yozuvchi Nazar Yaxshiboyev umrining so‘nggi, kasalxonada kechgan bir necha kunlarini go‘yo sarhisob pallasi tarzida olib, shu nuqtada turib uzoq yillik bosib o‘tgan hayot yo‘liga nazar tashlaydi. Bu odam umr yo‘lida juda ko‘p kishilarga duch kelgan, ular bilan har xil muammolar bo‘yicha muloqotda bo‘lgan; ammo uning taqdirida chuqur iz qoldirgan, butun ongli hayotiga esh bo‘lib yurgan zot bu – Oshno. Yozuvchi hayotidagi barcha xush va noxush hodisalar, zafarlar, yo‘qotishlar, xato va adashishlar, ko‘rgilik va achchiq saboqlar – barchasi shu odam bilan aloqador. Roman muallifi bu ikki shaxs umr yo‘lini, avvalo, Nazar Yaxshiboyev nigohi orqali ifoda etadi. Ammo muallif bu bilan cheklanmaydi. Agar shu bilan cheklanganda, ehtimol, yozuvchi bu ikki murakkab shaxs, ular taqdiriga aloqador hodisalar haqidagi to‘la haqiqatga erisholmagan bo‘lardi. Buni sezgan muallif romanga yana bir muhim figurani olib kiradi – asarda taqdir taqozosi tufayli bu odamga yaqinlashib, uning ta’siriga tushib qolgan, aslida zo‘r iste’dod egasi, sohibdil, haqiqatgo‘y adib Saidqul Mardonov otliq shaxs paydo bo‘ladi. Saidqul Nazar Yaxshiboyev haqida qissa yozmoqchi. U Yaxshiboyevning hayot yo‘li, do‘sti Oshno haqidagi ko‘rgan-bilganlarini so‘zlaydi, yo‘l-yo‘lakay o‘z hayotini ham hikoya qiladi… Shu tariqa asarda markaziy figuralar – Oshno va Yaxshiboyevlarga nisbatan boshqa bir nigoh – qarash, ularni yangi tomondan baholash, ochish imkoniyati vujudga keladi. Muallif voqealarni goh bemor – Yaxshiboyev, goh qissanavis – Mardonov nigohi orqali beradi; hodisalarning shu tarzda ikki xil tabiatli, ikki xil maslakli yozuvchi orqali ifoda etilishi asarga o‘ziga xos bahs, tasvirga esa polifonik xususiyat, serjilo ma’no baxsh etadi. Roman yetuk realizmga xos xususiyatlari – muallif hodisalarni, odamlar taqdiri, xarakterini, hattoki yaqin o‘tmishda eng jiddiy xatolar, jinoyatlar qilish darajasiga borib yetgan kimsalarni ham tarixiy muhit farzandi, tirik inson sifatida tushunib, qalam tebratgani bilan g‘oyat qimmatlidir. Zotan, haqiqiy realist yozuvchining vazifasi, A. Chexov aytganidek, gunohkor odamni nuqul ayblash, ta’qib qilish emas, aksincha, hattoki gunohkor kimsa yonini olib, u yo‘l qo‘ygan xatolar, tabiatidagi qusurlar, qabohatlar asosi, ildizi, sabablarini tahlil etib berish, inson jumbog‘ini yechishga urinishdan iboratdir.

02“Lolazor” muallifi yaqin kechmishga katta mas’uliyat bilan halol yondashadi, ayni shu masalada kon’yuktura maqsadlarini ko‘zlab, har maqomga yo‘rg‘alayveradigan, kaltabin, munofiq kimsalar bilan oshkora munozaralar olib boradi. Uzoq yillar Nazar Yaxshiboyev bilan muloqotda bo‘lgan, uni yaqindan bilgan, undan goh yaxshiliklar ko‘rgan, goh ranjigan haqgo‘y adib Saidqul Mardonov pirovardida o‘z vijdonini so‘roqqa tutadi:

“AGARDA YAXSHIBOYEVNING O‘RNIDA MЕN O‘ZIM BO‘LGANIMDA-CHI?
AGARDA MЕN O‘ZIM OSHNOGA OSHNO BO‘LGANIMDA-CHI? O‘SHANDA NЕ BO‘LARDI?

Bu savollarga nima deb javob berishni bilmayman. Ishonolmayman o‘zimga. Shubham mo‘l mening. Zamonlar o‘zgacha edi. Qutqu deganlari ham g‘oyat ulug‘ ediki, Oshnoga oshno bo‘lsam, oliymaqom rag‘batlar olsam, men o‘zimning ham Yaxshiboyevga aylanishim muqarrar bo‘lib tuyuladi.

Har xil oshnolaru yaxshiboyevlarga qarshi o‘z vaqtida bilak shimarib keskin kurashganmiz, deb tomoq yirtayotgan va nedir yangi sadaqalardan umidvor bo‘layotgan tengdoshlarimdan farqli o‘laroq, men o‘zimning o‘sha kezlarda ham, bugun ham juda ojiz ekanimni sezaman”.

Bu halol va mard odamning, chin realist adibning e’tirofi! Romanning “Oxirigi bob”ida kichik, ammo xarakterli bir lavha bor. Qissanavis Saidqulning oradan yillar o‘tib, bir vaqtlar katta dovrug‘ taratgan, bugungi kunda esa siri fosh bo‘lib, qamoqda yotgan dongdor rais To‘pori yurtiga yo‘li tushadi, To‘porining tus jiyani kabobpaz Ne’matjonga duch keladi; jiyan hech tap tortmay To‘pori qismati haqida quvonch bilan gapiradi, “Ilonning boshi yanchildi, domlajon!” deya suyunchi olmoqchi bo‘ladi. “Bilmay yuravergan ekanmiz, qilgan qilg‘ilig‘ini men aytmay, siz eshitmang!..” deb diydiyosini boshlaydi. Saidqul lol bo‘lib qoladi, chunki ilk bor bu yerga kelganida Ne’matjonning To‘pori to‘g‘risidagi gapi, talqini o‘zgacha edi: “ikki gapning birida zikr etardiki, “kattamizning qamrovi keng, g‘ayrati ulug‘, bu kishiga bitta kolxoz torlik qiladi, bu kishiga butun bir respublikani ham ishonib topshirsa bo‘ladi!..”

Muallif yozganidek, vaqtida jo‘r bo‘lib, keyin chetga chiqib turish oson. Vaqtida jo‘r bo‘lib, vaziyat o‘zgargandan keyin butunlay boshqa tomonga o‘tib olish esa hammasidan yomon. Yozuvchi o‘zini, o‘z bisotini taftish qilishga o‘tadi: “To‘porining yonida bunaqa ne’matjonlar juda ko‘p bo‘lgan. Undan irganishga irgandim-u, lekin aslida o‘zimning ham undan behroq emasligimni angladim. To‘porini yaratgan kim o‘zi?! Nahotki ne’matjonlarning bu ishga qurbi yetsa! Yo‘q, To‘porini biz so‘zamollar yaratdik, Yaxshiboyev, men… Boshqalar ham qarab turgani yo‘q. Maqtadik, maqtayverdik, yuksaklarga opchiqib, o‘zimiz pastda qolib, pirovard uning soyasiga sig‘inadigan bo‘ldik…

Ichimda achchiq kulgi uyg‘ondi…”.

Mana shu achchiq kulgi, istehzo, yo‘l qo‘yilgan xatolar uchun ham ommaviy, ham shaxsiy javobgarlik, uyat, iqrorlik hissi – roman realizmining tub negizini tashkil etadi.

“Lolazor” romani yana bir jihatdan xarakterli. 80-yillarda adabiyotda “gap aytish”, “problema ko‘tarish”ga moyillik kuchayishi munosabati bilan quruq gapbozlik, problemabozlikdan iborat asarlar ko‘payib ketdi. Adabiy asar oddiy publitsistika, problematik maqola holiga tushib qoldi. Adabiyot, birinchi navbatda, insonshunoslik, xaraktershunoslik ekanini unutmaslik darkor. Har qanday o‘tkinchi ijtimoiy muammo, katta gap – falsafa asarda bevosita inson xarakteri, taqdiri tahlilidan tabiiy ravishda kelib chiqmas ekan, hayot haqiqati badiiy haqiqatga aylanmaydi. Uni chinakam badiiy asar deb atash mahol. “Lolazor” muallifi hammadan burun insonshunos-xaraktershunos tarzida ish ko‘radi; yozuvchining o‘sha paytga qadar bu borada to‘plagan ijodiy tajribalari, xususan, “Galatepaga qaytish”, “Iste’fo” qissalarida qo‘lga kiritgan yutuqlari romanda qo‘l kelgan, yanada sayqal topgan; asarni o‘qiyotganda Oshnoni ham, Nazar Yaxshiboyevni ham, Saidqul Mardonovni ham, yetakchi personajlardan tashqari, g‘aroyib tabiatli To‘pori, ters, ammo mard, samimiy yigit Abdujabbor, indamas, olijanob ayol Oliya, badantarbiyachi ayol Anbar, Simxo, Robiya, Qurbonoy, Sharif, Vallomat, Aleksandr Shoyimardonovich, Moyra, Muyassarxon, yana o‘nlab personajlar, asarda keng va oz o‘rin olishiga qaramay, tirik inson sifatida betakror xususiyatlari bilan shundoqqina ko‘z oldimizda gavdalanadi; ular shunchaki individual obraz – betakror xarakter bo‘lish barobarida, konseptual xususiyatga ega, muayyan ijtimoiy hodisa mohiyatini ochishga xizmat etadilar.

Yozuvchining eng katta xizmati – Yaxshiboyev hayoti ma’nosi, umr saboqlari, yaxshiboyevchilik mohiyatini chuqur tahlil etib berganidadir. Dadil aytish mumkinki, Yaxshiboyev asarda davr tipi darajasiga ko‘tarilgan. Boya aytilganidek, bu odam – murakkab shaxs; qalbi ezgu tuyg‘ulardan xoli emas, yozuvchi sifatida o‘zining nimaga qodirligini, ojiz tomonlarini ham biladi, o‘zgalarga, muhtojlarga muruvvat, himmat qo‘lini cho‘zishga ham tayyor, do‘stlarga sodiq, ko‘p hollarda haqiqatga tik qaraydi, haq gapni aytishga, yozishga intiladi… U Vatan uchun jang qilgan, Vatan topshiriqlarini baholi qudrat bajo keltirishga uringan. Bu odam, ehtimol, boshqa bir sharoitda, favqulodda “omad” kulib boqmaganda, balki, qurbi, iqtidori yetganicha mehnat qilib, halol ijod etib, shu kamtarona mehnati samarasi bilan hayotda o‘ziga yarasha o‘rin, chin obro‘ topgan bo‘lardi. Ammo vaziyat o‘zgacha bo‘lib chiqdi, taqdir uni benihoya “siyladi”, iqtidori, mehnatidan ko‘ra yuqori obro‘-e’tiborga, katta imkoniyatlarga erishdi. Uning yaqin do‘sti Oshno yurtning mas’ul rahbari darajasiga ko‘tarilgach, uning soyasida, madadida patriarx – “Ota yozuvchi”ga aylanadi; boshda u qalb amriga bo‘ysunib shakkoklik qilib ham ko‘radi, haq gapni aytishga chog‘lanadi, ammo bu ish Oshnoga ma’qul tushmaydi, zamona zayliga zid bo‘lib chiqadi, shakkoklikning andak jabrini ham tatiydi. So‘ng u Oshno ra’yiga, zamona zayliga qarab ish ko‘radigan, kattalar ruxsatini olib, haqiqatni aytadigan, yozadigan bo‘ladi. Bora-bora Oshno ra’yiga, zamona zayliga qarab ish ko‘rgan bu alloma ijodda, binobarin, hayotda boshi berk ko‘chaga kira boshlaydi. Bir vaqtlar ezgu tuyg‘ulardan, olijanob maqsadlardan, qalbi saxovatlardan xoli bo‘lmagan Oshnoning o‘zi ham bora-bora noxush bir oqimga tushib olib, shu oqim boshida turib butun bir xalq hayotini tang ahvolga solib qo‘ya boshlaydi.

To‘g‘ri, Oshno bir o‘zi yurtni shu darajaga olib borishi mumkin emas edi; u butun mamlakatdagi vaziyat, ijtimoiy-ma’naviy iqlim, markazdagi bosh tayanchi, ilhomchisi, yo‘lboshchisi Katta Paxtakor ta’siri, rag‘bati ostida shu ishlarni qiladi, avom, jumladan, yaxshiboyevlar esa unga bor haqiqatni aytishga jur’at etolmaydi, aksincha, har bob bilan hurmatli arbobning hurmatini joyiga qo‘yish payida bo‘ladilar. Oshno o‘ylagan rejalar bir ro‘yo, uning tashabbusi, madadi bilan ko‘tarilgan qahramonlar soxta qog‘oz gullar, jinoyatchilar bo‘lib chiqadi. U tug‘ilgan yurtiga bir ariq suv chiqarib bermoqchi edi, shuncha yillar o‘tib, qishloq suvsiz qoldi; butun yurtni lolazorga aylantirmoqchi edi, yurt esa xarobazorga aylandi…

Nazar Yaxshiboyev umri oxirida shu fojialarning hammasini o‘z ko‘zi bilan ko‘rib, bu ishlarda o‘zining ham hissasi borligini his etib eziladi, qovriladi. Xuddi Oshno kabi o‘zining ham qismati tang – umr yo‘ldoshi xudbin, beoqibat; farzandlari bemehr, bemaslak; umrining so‘nggi damlarida ishonib yurak rozini aytadigan, dardini tushunadigan odami yo‘q, yozgan asarlarida amal qilgan e’tiqodi samarasiz, asarlari tirigidayoq umrini tugatgan; eng dahshatlisi, bir vaqtlar “Yulduzni ko‘zlagan qiz” deb ulug‘lagan qahramoni Qurbonoy uning ko‘z oldida fojiali tarzda jon taslim etadi, o‘limi oldida o‘zini bir vaqtlar ulug‘lab, xato yo‘lga boshlagan adibga nadomatlar yog‘diradi… Yaxshiboyevning kasalxonadagi umrining so‘nggi daqiqalarida Qurbonoy bilan uchrashuvi lavhasi asarning eng ta’sirchan o‘rinlaridan. Qurbonoy fojiasi bu yaxshiboyevlar faoliyatining achchiq mevasi, yaxshiboyevchilikning fojeiy samarasidir.

Yaxshiboyevdan ijodkor sifatida dog‘ qoldi, ayni paytda undan yaxshigina bir bog‘ qoldi. Umrining so‘nggi yillarida o‘z fojiasini tushunib, o‘zi tushib qolgan yo‘lning oxiri voy ekanini sezgan bu odam tug‘ilgan yurtiga borib halol pullari evaziga bir bog‘ yaratdi. Hamyurtlari, farzandlari uning ijodiy merosiga emas, undan qolgan boqqa ehtirom, e’tibor ko‘rsatadilar… Bunda chuqur ramziy ma’no bor. Bu bog‘ hech qanaqa osholarning ta’sirisiz, ra’yisiz, yordamisiz, ko‘ngildan chiqarib el-yurt, kelgusi avlod manfaatini o‘ylab qilingan beg‘araz mehnat samarasi. Faqat halol mehnat samarasigina e’tiborga molik. Ehtimol, bu odam ijodda ham shunday yo‘l tutganida, oshnolar ra’yiga qaramay, faqat qalb amri bilan ijod etganda o‘z iqtidori, halol mehnatiga yarasha adabiyotda ham qadrini topgan bo‘larmidi… Yaxshiboyev umr yo‘li tahlilidan kelib chiqadigan eng muhim saboq, ma’no – shu.

“Lolazor” keng, chuqur tahlillarga, teran o‘y-mushohadalarga, xilma-xil bahs-munozaralarga asos beradigan asar. Biz asosan birgina yetakchi personaj ustida to‘xtaldik, boshqa ko‘plab personajlar, ularda ilgari surilgan g‘oyaviy-badiiy konsepsiya xususida birma-bir, batafsil to‘xtalish mumkin edi. Ammo shu bir yetakchi personaj to‘g‘risidagi mulohazalarning o‘ziyoq romanning g‘oyaviy-badiiy darajasi, asarning ijtimoiy-estetik salmog‘i, zamonaviy ruhi haqida muayyan tasavvur beradi, roman yetuk san’atkor yozuvchi qalamiga mansub ekanini tasdiqlaydi.

“Lolazor” romani yana bir bor shundan dalolat beradiki, badiiy ijodda haqiqatni kashf etishning eng to‘g‘ri, sinalgan yo‘li hodisalarni, inson va uning qalbini butun murakkabligi, ziddiyatlari, musbat hamda manfiy tomonlari bilan halol va teran tahlil etishdan iboratdir. Shunday iqtidorga – tafakkur yo‘siniga ega adib hech qachon zamonning o‘tkinchi epkinlari oldida tebranmaydi, zamonlar o‘zgarganda ham avlodlar oldida yuzi shuvut bo‘lmaydi.

“Lolazor” kitob holida chiqqanidan keyin ikki yil o‘tib romanda aks etgan bedavo dard – chuqur bo‘hronlar girdobida ich-ichidan nurab borayotgan tuzum halokatga uchradi. Nihoyat, xalqning asriy orzusi ushaldi, mamlakat ISTIQLOLGA erishdi. Endi ozodlik ishtiyoqida yongan safdoshlari qatori Murodjon ham badiiy ijodni yig‘ishtirb qo‘yib shu ushalgan asriy orzu – istiqlol himoyasi, ravnaqi yo‘lida amaliy ishlarga o‘tdi. Salkam yigirma yildirki, u mas’ul lavozimlarda sidqidildan xizmat qilib kelmoqda. O‘zining 60 yoshi arafasida “Tafakkur” jurnalidagi suhbatida shu yillar davomida boy hayotiy tajriba to‘plagani, ijod ustida o‘ylashdan hech qachon to‘xtamagani, yana ijodga qaytish niyati borligi, ko‘nglida yangidan-yangi asarlar bo‘y ko‘rsatib kelayotgani xususida gapirdi. Suyukli adibimizning muborak yoshi bilan qutlagan holda, bu ezgu niyatlarning tezroq ro‘yobga chiqishini tilab qolamiz.

07

(Tashriflar: umumiy 2 815, bugungi 1)

Izoh qoldiring