Umid Bekmuhammad. Xorazmga talpingan Pushkin. Roman-esse (1)

777    — Сиз буюк шоирсиз-а! Гоҳида сиз билан дўстлигимизни биладиган Петербургдагилар, ҳарбий вазир Чернишев ҳам, « Хивани забт қилмоқчи бўлган хаёлпараст, шоирлар билан дўстлиги яхшиликка олиб келмайди» деб куюнади,—хохолаб кулди Перовский ва гапида давом этди.—Мен эса хаёлпараст эмаслигимни, Пётр армонини ушалтириш мумкинлигини император аъло ҳазратларига исботлаб бердим. Жаноблари хонликка юриш қилишликка рози.Фақат молия вазири Кошкин хазинада пул йўқ дея нолияпди.Ахир хазинага пулни у ерни босиб олгач, тўлдириш мумкин-ку. Канцлер Несельрод эса Англиянинг Ўрта Осиёда манфаатлари бор ва у «хафа бўлиши мумкин» деяпти...

Умид Бекмуҳаммад
ХОРАЗМГА ТАЛПИНГАН ПУШКИН
Роман-эссе
ғ11

Умид Бекмуҳаммад   1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 та китоби «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

. . .

… Жодугар айтган башорат тўғри чиқишини у ўз дўстининг эртаси куниёқ дуэлда ҳалок бўлганидан сўнг англаб етди.Натижада Александр ёшлигида опаси Ольганинг шунчаки суҳбатлар асносида айтган гапини эслади:
—Ҳаётда тасодифлар йўқ..Биз тасодиф деб биладиган воқеалар ортида эса тақдирнинг огоҳлантириши ётибди.Саша, мен сенга шарқда тарқалган бир кичик ривоятни айтиб берай,—Ольга шундай дея укасининг тийран кўзларига термуларкан , бироз сукутдан сўнг гапини давом этдирди:—Бир камбағал бойиб кетишни жудаям орзу қиларканки, эрта-ю кеч Оллоҳдан шу истаги рўёбга чиқишини тиларкан.Ниҳоят унинг оҳлари Яратганга етиб борибди ва ул зот фаришталарига дебди:
—Бу бандам мудом бойлик сўрайвериб нола қилаверди.Шу бечоранинг йўлига 5-6 олтин танга ташлаб қўйинглар!
Оллоҳ амри вожиб.Фаришталар амрни бажариб, бечора камбағалнинг ҳар кун юрадиган йўлига олтин тангаларни сочиб чиқишибди.Буни қараки, Саша! Ўша бечора ҳар кунги йўлидан юрсада, оёқ остидаги олтинларга эътибор бермай ўтиб кетаверармиш.Демак, хулоса шуки, кимки бойлик истасаю, лоақал ўз оёғи остига қарамаса, бундай тақдир огоҳлантиришини сезмаса кимда айб?
—Албатта ўзида-да-деди Александр.
—Ҳа, шундай укагинам Сашенка!Ана шунинг учун ҳам мен доимо сенга тақдиримизни ўзимиз яратамиз деб айтаман-ку.Ўша бечоранинг ноласини Оллоҳ эшитиб унга ёрдам қўлини чўзди, аммо у фақир, саховат қўлидаги олтинларни ололгани йўқ.Яъни, инсон бошига келаётган турли муаммолар, мусибатлар, йўл қўйган хатолар бандаларнинг бахтсизлиги оқибатида эмас.Аксинча одамзотнинг камчилиги бўлган хулқ атворидаги қусурлар туфайли рўй беради.Инсон қийинчиликларнигина енгиб феълидаги қусурлардан қутула бораверади.Аниқроғи, биз хатоликка йўл қўйганимиздагина, гуноҳ қилганимиздагина муаммолар тўри пайдо бўлаверади.Муаммо туфайли хатоларимиз-у, гуноҳларимизни англайверамиз.Тўғриси, англайолсагина инсон камол топади ва шаклланиб бораверади.Агарки, кимнингдир оиласига бирон бир фалокат келаётган бўлса, тақдир шундан огоҳ қилади.Бу одатда инсоннинг тушида ёки қайсидир воқеа-ҳодиса орқали аён бўлади.Бунинг учун синчков бўлиш, ҳаётдаги воқеаларни кузатиб унда тасодифлар йўқлигига амин бўлиш мумкин.
Александр, энди мен сенга узоқдаги шарқ ривоятини эмас, ўзинг ҳам танийдиган Москвалик дугонам Катянинг ҳаётидан бир фожиани ҳикоя қиламан.
—Мешчанскаяни айтяпсизми? Ҳув лицейда доим бирга юрадиган сепкилли қиз-ми?—сўради ниманидир эслаб Саша.
—Ҳа, ўша, эшитгандирсан унинг ёлғизгина қизалоғи сувга чўкиб ўлди-ку.Бу эса бирданига бўлмади.Ўша қизалоқ 3 ёшлигида кир ювадиган тоғорадаги иссиқ сувга тушиб кетиб анча жойи куйганди.Ўшанда Катя уйига тасодифан келган меҳмон билан бўлиб, тоғора ёнига бориб қолган қизига эътибор бермаган. 4 ёшга етар етмас эса қудуққа тушиб кетишига салгина қолади.Ундаям Катя қудуқдан сув олмоқчи бўлиб турганида қўшниси билан гаплашиб қизига эътиборсиз қараган.Қарагин-а, ҳаммаси сув билан боғлиқ.Бундай олиб қараганда оддий воқеадек, лекин у такрор содир бўлаяпди! Демак, бир воқеа икки марта такрорландими, бунда бир қонуният, бир сир бор.Учинчи бор бўлса қишлоққа борганларида 5 ёшга эндигина тўлган қизалоқ бувисининг уйи ёнидаги анҳорга тушиб чўкиб кетади.Бу эса фожиа.Агар Катя олдинги икки ҳолатга эътибор берганида эди, қизалоғим улғайиб қолди дея уни бувисининг уйида назоратсиз қолдирмасди.Хуллас, Сашенка тақдир огоҳлантиришларига эътибор бериб юриш керак.
Александр опасининг насиҳатомуз бу гапларидан сергакланиб атрофига бир қараб қўйди.Шунда негадир кўз олдига оқ от ва оқ-сариқдан келган баланд бўйли кимса кўриниб кетгандек бўлди.
—Нима бало ўйланиб қолдинг,—Ольга укасининг хаёлини шу гаплари билан бўлмаганида, ким билади, Саша яна қанча вақт атрофга синчков кўзлари ила боқиб ўтирарди.
—Негадир, оқ от кўзимга кўрингандек бўлди—деди Саша опасига ҳайратланиб.
-От?..От кўзингга кўрингани яхши, қолаверса унинг оқ рангдалиги ижобий ҳолат. Балки у сенинг илҳом парингдир, яна ким билади, ҳар ҳолда оқ рангга ва отларга эътиборлироқ бўлиб юр,—насиҳат қилди Ольга.
Александр негадир шошгани сабаб, фақат кўзига кўринган оқ отнигина опасига айтди.Аммо оқ-сариқдан келадиган кимсани айтмади.Нега? Буни ўзи ҳам билмайди.Эҳтимол айтгиси келмагандир? Балки опасининг яна вақтини олиб ўтиришни истамагандир? Хуллас у лицейга шошди.
Аммо мана орадан йиллар ўтиб, дўстининг дуэлда вафот этганини эшитгач опасининг айтганларини эслаб ўтирибди.Дўстининг бугун дафн маросимини ўтказиб, эртароқ уйига келмаса бўлмайди.Негаки, у эртадан сафарга чиқади.Тўғри, у ҳаётида турли жойларга сафарга чиқавериб йўл тайёргарлигига унчалик эътиборсиз қарайдиган бўлган.Аммо бу галгиси бошқачароқда.Негаки, у Одесса, Кишинёв ёки Кавказга эмас, Оренбургга томон отланяпди.У ерга бориш учун эса Петербургдан Москвага, у ердан Нижний Новгород,Қозон орқали Симбирскга ва у ўлкадан Оренбургга, ўша ердан бўлса Уральскга бориши керак.Қанчалик узоқ масофа.Ўрта Осиё билан чегаралар.Шарқ. остонаси. Мўъжизакор ўлкага бир қадам қолгулик империянинг энг чекка нуқталари.Айни салқин куз фаслида саёҳат насиб етибдики, бориб келиш керак.Ахир Оренбургда уни довруқли генерал Перовский,машҳур олим Даль кутаяпди.

. . .

Александр Сергеевичга подшо саройи архивидан фойдаланиш жараёнида мафтункор ўлка—Хоразм ҳайратланарли бўлиб туюлди.Негаки, Александр Сергеевич Пушкин (1799 йил 6 июн-1837 йил 29 январь) азалдан Шарққа, хусусан, юртдоши Бекович Черкасский калласидан жудо бўлган Хива хонлигига, у ердаги вазият, одамлар ҳаётига қизиқарди.
Подшо саройига яқин аслзодалар оиласида вояга етган Александрни, айниқса Буюк Пётрнинг араби, дея шуҳрат қозонган бобоси Иброҳим Ҳаннибал яшаган давр, Русия шавкатини дунёга таратган император Пётр 1 тутган сиёсат ҳайратга соларди.
Чунончи, Пётр 1нинг Шарққа нисбатан қўллаган сиёсати, қандай сабабларга кўра Бекович Черкасскийни 1717 йилда Хоразмга йўллаганига ойдинлик киритишни истарди.
Чунки, бу воқеалар бўлиб ўтганига бир асрдан ошганига қарамай, император аъёнлари тилидан ҳануз Бекович фожиаси, Хоразм,Шерғозихон сўзлари тушмасди.
Шундай вазиятда Пушкин бувиси Мария Алексеевнадан, шу сингари Қрим, Одесса, Кавказ, Екатеринослав,Кишиневга борганида Раевский,Инзов,Воронцов каби машҳур генераллардан Бекович ҳалокати, Хоразм босқинининг нега фожиа билан тугаганини сўраб суриштирарди.
1833 йил сентябрь.Пушкиннинг Оренбургдаги казаклар, қолаверса Даль ёнига талпинишигаям айнан Пугачёв исёни билан бирга Хоразм мавзуси сабаб бўлганди….

. . .

Пушкин Оренбургга боришидан олдин қадимий Москва йўли орқали Нижний Новгород губерниясида бўлиб, губернатор Бутурлиннинг меҳмон бўлганди.Александр Сергеевич хотини Натальяга 2 сентябрь куни ёзган хатида, губернатор ва унинг рафиқаси жуда яхши кутиб олгани тўғрисида тўхталиб ўтганди.
Маълумки,Оренбург империянинг Осиё билан чегарадош чекка ўлкаси бўлганлигидан, отларни кечувда алмаштириш лозим бўлиб, узоқ масофа сайёҳни чарчатиб қўйиши аниқ эди.Қолаверса,губернатор Бутурлин Пушкинлар авлоди учун узоқ қариндош ҳам бўлишган.Бу тўғрида шоирнинг “Меним аждодим” номли шеъри ҳам мавжуд.
Михаил Петрович Бутурлин 1786 йил 13 майда туғилган бўлиб, у 1812 йилги французлар босқинида ,Витебск ва Смоленск жангларида мардлик кўрсатган,Бородино урушида эса елкасидан яраланган жангчи ватанпарвар эди.У жанглардаги мардлиги учун “Муқаддас Валентин”, ордени билан тақдирланди. Катта адъютант унвонини қўлга киритди.Кейинчалик Бутурлин Тарутин атрофида,Малоярославл,Вязьмой,Дрезден ва Лейпциг ёнидаги жанглардаям қатнашиб, ғолибона шиддат билан Парижга кириб борди.1829 йилнинг 23 октябрида генерал-майор унвонига эга бўлди.Орадан бир йил ўтиб эса Бутурлин Москванинг Мещанский қисмида вақтинча бошқарувчи, 1832 йилдан бўлса Нижний Новгорд губернатори қилиб тайинланди.Ана шундай жанговар генерал ва тажрибали шахс ҳузурига келганида,шоир яхшигина тараддуд билан кутиб олинди.Чунки, декабристлар исёнидан сўнг сенат тарафдан император Николай 1нинг сирли кишилари декабристлар тўғрисида маълумот тўплаш учун юборилгани ҳақида шов-шувлар юрарди.Бутурлиннинг бу борада шубҳаланишига сабаб, бир пайтлари у генерал С.Г.Волконскийнинг адъютанти бўлиб ишлаган,Волконский эса декабристлар қўзғолонининг иштирокчиларидан эди.
Гарчи Бутурлин императорнинг энг ишончли одамларидан саналсада, ўша давр қоидасига кўра ҳамма ишончли кишилар иш тарзи, маълумотлариям қайтадан текшириб кўриларди.Бундан сал олдин Бутурлиннинг ўзиям декабристлар масаласини текшириб бир неча губернияларни айланиб чиққан, бу борада билганларини шахсан Николай 1га тақдим қилганди.Айнан Пушкиндек довруқли шахснинг Оренбургдек чекка ўлкага бориши, бу сайёҳатнинг эса бир неча губерниялар орқали ўтиши,Бутурлинда “шоир ҳам императорнинг сирли давлат айғоқчиси” деган шубҳани уйғотди.Император меним маълумотларимни қайтадан Пушкин орқали текширтираяпди каби гумонларга борди.
Шу боис ёзувчи В.А.Соллогуб ўз хотираларида Оренбург губернатори Перовский Нижний Новгород губернатори Бутурлиндан махфий мактуб олганлигини, унда Бутурлин ўз ҳамкасбига Пушкинни “сирли ревизор, ундан эҳтиёт бўлиш лозимлигини, Пугачёв тарихи,Ўрта Осиё мавзуси шунчаки ниқоблигини ёзиб,асли у биз губернаторларни текшириб келган” дея огоҳлантирганди.
Табиийки, Перовскийни огоҳлантирган Бутурлиннинг ўзи, Пушкиндан гарчи қариндош бўлсада хавфсираган, муомиланиям шунга қараб қилганди.
Кейинчалик Пушкин, ўзини “ревизор” деб билишганини Устюжне-Желеопольскда ва Оренбургда сезганини дўсти Гоголга сўзлаб берганди.Ана шу тариқа Пушкин ва Гоголь “Ревизор” пьесасини, ундаги образларни ўйлаб топишди…
1833 йил 3 сентябрь. “Ўша куни Бутурлинларникида нотаниш бир киши тушлик қилди.Афсуски, бизни таништиришмади.Мен ўша кишини кимгадир ўхшатар, аммо унинг кимлигини билмасдим.Бироқ меҳмоннинг қиёфасини эслаб қолдим: кўринишидан унинг ёши ўттизлар атрофида эди.Юзи чиройсиз, катта, пешонаси очиқ, узун бурун, катта лаблар..қоракўзлари эса ёрқин чарақлаб турибди.Бу кўзларни тасвирлаш қийин: қандайдир оловли, лекин эркаловчи, ёқимли.Мен ҳеч қачон бундай донишона чеҳрани кўрмаганман.Кулганида оппоқ тишлари ярқирарди.У нақадар ақл ва жилвакор ҳаётийлик билан сўзларди.Қандайдир қувноқ, илтифотли инсон ўйлайманки ҳаммага ёқиши мумкин.
Меҳмон кетгач:
-Севиклингга тўйиб қараб олдингми?-мендан сўради Анна Петровна Бутурлина.
-Қайси севиклимга ?-ажабланиб сўрайолдим бояги нотаниш кишининг ёқимтой чеҳрасини кўзда тутсамда.
— Ўзингнинг Онегинингга!-изоҳ берди Бутурлина хоним.
-Наҳотки ўша Пуш…-мен охиригача айта олмадим.Бутурлина хоним эса кулиб юборди.”
Лидия Петровна Николскаянинг кундалигида битилганидек, Пушкин Бутурлинларнинг хонадонида ўзини Россиянинг машҳур шоири сифатида эмас, оддий кишидек тутган.Дастурхон атрофида эса губернатор Бутурлинларнинг олийнасаб меҳмонлари иштирок қилишганди.
Булар генерал П.Б.Григорьев, архитектор И.Е.Ефимов,истеъфодаги амалдор А.Д.Улыбашевлар эди.Улар тушликдан сўнг меҳмонхонага чиқиб яна бир соатча суҳбатлашдилар.Шундан сўнг мезбонлар Пушкинни Қозон йўли орқали Оренбургга кузатиб қўйишди…Бепоён Русь даласи…Оренбургнинг бепоён сарҳадлари…

. . . .

…Оренбургнинг бепоён сарҳадлари…Негадир аравакаш билан ҳар доимгидек қисқа савол-жавобларини ҳисобга олмаганда сукунат уни нуқул хаёл суришга ундарди.Кенг даштлар.Кузнинг салқин ҳавоси.Ёмғир ёғаяпти.Ёмғирнинг шитир-шитири, аравага келиб тушгандаги майин жарангини айтмаса атрофда сокинлик.Сокинликда эса теваракка боқиб хаёл сурганга нима етсин.Хаёл эса худди дашт каби кенгликлардай ҳар томонга олиб кетади.Гарчи кечагина хотинига хат ёзиб юборган бўлса-да бугун ҳам сукунат асносида уни эслади.Сарвиқомат Наталья…Наталья Николаевна Гончарова-Пушкина.Александрнинг гўзал севгилиси..
Уларнинг тўйи бўлганига икки йил бўлган эсада Александр ва Наталья учун ҳамон асал ойи давом этаётгандек.Балки Александрнинг Натальяни қаттиқ севганидандир.Ҳар ҳолда у хотинини бирон кун кўрмаса тураолмасди..Бу галгидек узоқ сафарларга чиқган пайтларида эса кўрган-кечирганларини битиб мактуб устига мактуб йўлларди.Балки бу рашк туйғусидир.Ҳар ҳолда Наталья хоним рашк қилишга арзигудек гўзалликка эга эди .
Пушкин жавзо буржи остида туғилгани боисми, баъзан асабий, ҳовлиқма, терс феълига эга эди.Бироқ у ўз шеърлари, ақлу-заковати билан давраларга жўшқинлик бағишлар, ўзгача шавқ, қувноқлик ила ҳар қандай кишидаям қизиқиш уйғотарди.
У гарчи ўрта бўй-167 см бўлсада, жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиб, унинг соғломлигининг сабаби, кўпинча яёв юриш ва чавандозлигида бўлган.Александр Сергеевич шунингдек тўппончадан ўқ узишга ҳам қизиқар, моҳир мерган эди.Пушкин нафақат ўз ҳақ-ҳуқуқини қалам билан ёзганларида, балки қурол ила ҳам ҳар қандай вазиятда ҳимоя қилишга доимо тайёр бўлиб юрар, бу бора-бора унинг феъл-атворигаям айланганди.
Ана шундай довруқли шоир ва жасорат соҳиби ҳаётида 1831 йил муҳим бир ўзгариш бўлди. Яъни, Александр Сергеевич Пушкин Москвалик соҳибжамол Наталья Гончаровага уйланди.
Пушкин Наталья Николаевнадек сарвиқомат гўзални учратганида 29 ёшда бўлиб, бунгача у кўплаб жонон қизлар билан суҳбатдош ва сирдош бўлган, аммо Натальядек навниҳол 16 яшар гўзални ҳаёти давомида учратмаганди.Уларнинг танишиб, севишганига кўпчилик ҳавас, айримлар ҳасад қилишар, тушунган инсонлар эса уларга бахт тилашарди. Ҳатто князь П.А.Вяземский ҳам Пушкинга бу борада , “ Сен замонамизнинг биринчи даражали романтик шоирисанки, шу боис ҳам давримизнинг биринчи даражали романтик гўзалига уйланмоғинг шарт” дея хат тилаб уларга омад ёр бўлишини тилаганди.
Хуллас, тўй бўладиган кун белгиланди. Аммо ҳар иккаласиям ўз даврининг одамлар эътиборини тортган кишилари бўлгани учун, миш-мишлар тарқалди: Нима эмиш тўй бўлмасмиш.Петербургда тарқалган шундай миш-мишлар кўпчиликни ўйлантириб қўйди.Аммо тўй бўлди. 1831 йил 18 феврал куни шоир Пушкиннинг довруқли тўйи бўлиб ўтди.Негадир тўйдаги айрим воқеалар шоирнинг кўнглини чўктириб юборди ва қалбида нохушлик пайдо бўлди.Чунки черковда Пушкин қўлидаги шам ногоҳоний елвизак-шамол туфайли ўчиб қолди.Бир неча дақиқадан сўнг Пушкин хочни тагликка ўрнатаётганида у қўлидан тушиб кетди.Бу ҳолни дўстлари Пушкиннинг гўзал жононга уйланаётгани сабаб ҳаяжонланишига, айримлар эса шоир феълидаги ҳовлиқмалигига йўйишди.Ғашликдан ранги докадек оқарган, қўллари асабийлашганидан қалтираётган шоир эса яна кутилмаганда никоҳ узугини ҳам тушириб юборди.Унинг куёв жўрасига Пушкинннинг асабийлиги таъсир қилдими, хуллас у ҳам янглишганидан, гулчамбарни бошқа бировга тақиб юборди.Буларнинг бари ҳар нарсани ўзига оладиган шоир учун кифоя эди. Ўшанда тўй баҳона замондошлари Пушкиннинг бўйдоқлик давридаги шўхликларини, айримлар эса Гончарова хонимнинг ғоятда гўзаллигини айтиб, келажаклари ҳақида фол очишарди.Шамнинг ўчиб қолиши, хочнинг қўлидан тушиб кетиши, никоҳ узугининг тушиб кетиши, гулчамбарнинг ногоҳоний бошқа бировга тақилиши эса Пушкинга бу ҳолат тасодиф эмаслигини англатгандек бўлди.Айниқса тўй куни шамнинг ўчиши…Шунда у опаси Ольганинг гапларини эслади:
—Ҳаётда тасодифлар йўқ.!Ҳар қандай воқеа ҳодисалар тақдир огоҳлантиришидан дарак!
Аммо у кўнглида ғашлик пайдо бўлгани билан рўй берган воқеаларни таҳлил этгулик ҳолатда эмасди.Чунки, ёнида сарвиқомат дилбари Наталья хоним бор эдики, ҳар қандай нохушликни унутиб юборса бўлади.Висол оқшомидан кейин бўлса кундузги нохушликлар Александрнинг ёдидан кўтарилиб кетди…
Никоҳ тўйидан кейин Пушкиннинг гўзал хотини билан Петербургда тургиси келмас, иложини топиб Москвага кетгиси келарди.Гарчи хотини Пушкинга ғоятда содиқ бўлиб, унинг ижоди ва шахсиятини қадрласада, очиқкўнгил ва хушомадларни ёқтириши боис, олийнасаб инсонлар орасидаги базм ва зиёфатларда, тўкин сочинликда юришни ёқтирарди.Буни билган кўпчилик кишилар Пушкин ва рафиқасини тез-тез уйларига таклиф этиб туришарди. Бундай пайтларда танца тушилар, сарвиқомат Наталья эса давранинг гулига айланарди.Пушкин бўлса уни рашк қилар, баъзан эса кимдир унга хушомад қилгудек бўлса, у ким бўлмасин нафсониятига текканлиги учун асабийлашиб уришар, ҳатто даврани ташлаб кетарди.
Айниқса,Натальянинг холаси Екатерина Ивановна Загряжскаянинг подшо саройида обрў-эътибори баланд бўлиб, у Пушкиннинг ёш хотинини саройдаги баъзи бал ва карнавалларга бошлаб боргач, Гончарова –Пушкина хоним давранинг файзига айланиб қолди. Унга ҳатто карнавалларда баланд бўйли, чиройли чеҳрали император Николай 1 ҳам хушомад қиладиган бўлди. Императорнинг оппоқ ҳарир либос ичидан ярим очиқ, ойдай елкалари ва мармардай кўкраклари балқиб чиққан аёлиям Натальянинг ҳуснига лол қолди.Наталья ана шундай олийнасаблардан иборат балларда ўзининг мафтункор чеҳраси, нозли ишвалари, дилрабо рақслари билан барчани мафтун қиларди.Шундай зиёфатларда қатнашган бир иштирокчи, ёзувчи А.И. Тургеневга Натальяни таърифлаб, “У шунчалар чарақлаяптики, бошқа ҳеч бир жононнинг чеҳраси унинг олдида кўринмай қолаяпди” дея ёзганди.
Бу пайтларда Пушкинннинг моддий аҳволи ночорроқ бўлиб, уни доимий равишда пулга муҳтожлик қийнаб келарди.Шундай вазиятда унинг аҳволидан хабардор топган император Пушкинга яхшигина маош тайинлаб зарур шарт-шароит яратиб бергандек бўлади.Александрнинг ўзи бу тўғрида, “ император мен билан яхши ва шафқатли муносабатда.У мени хизматга олди, саройга ҳарбийликка ё идорага эмас,менга маош тайинлади, архивга киришимга рухсат берди.Бошқа ҳеч иш қилмай, ўшалар билан шуғуланаман, холос.Император дебдики, ҳамонки уйланган бўлса ва бойлиги етишмаса, унинг яшашига чой-чақа беришим керак-да”.
Подшо саройига бориб архив хизматидан фойдаланаётган камер юнкер либосидаги Пушкинни ўша вақтда иккита муаммо—императорнинг чой-чақасини олиб ижод қилиш ва хотинини бал ҳамда карнавалларга юбормасликнинг иложини топиш қийнарди.Зеро, офатижон Наталья хонимнинг гўзаллигидан лол қолиб, хушомад қиладиганлар кўпайиб қолганди.
Сарвиқомат Натальянинг эса, ҳамиша одамлар эътиборини тортиб бал ва маскарадларда рақс тушгиси келарди.Натальянинг ноз билан қадам ташлашлари, ғамзали нигоҳлари, ишвали сўзлари ҳар қандай кишини ўзига тортиб у билан суҳбатлашишни истаб қоларди.Табиийки, Пушкин бунинг учун уни рашк қилар,узоқроққа кетгудек бўлса, доимий равишда огоҳлантириб шу маънода хатлар битарди:“Ғамзаларингга, ишваларингга ғов солгум йўқ.Аммо сендан суюлмаслигингни, хушхулқ ва босиқ бўлишингни талаб этаман.Башарти, қайтганимда сендан эзгулик, содда-маъсумаликнинг аслзодаларга муносиб феълга ўзгарганини билсам Исо алайҳиссалом ҳаққи, билгилки, талоқ хатинг қўлингда бўлади”.
Ёш, ҳали ёшликнинг завқу шавқларига тўйиб улгурмаган Наталья хоним эса эрининг бундай таҳдидларига қарамасдан балларга боришда давом этарди.Баъзида эса эрини хиёнат, аёллар ва қизларга хушомадгўйликда айблаб, Шишкова, Смирнова, Карамзина, Вульф, Керн сингари Москва ва Петербургнинг кўплаб нозанин хонимларидан қизғонган бўларди.Айниқса, сўнгги вақтларда Наталья, Пушкинннинг Смирнова ҳамда Свитстунова каби гўзал хонимчалари билан “юрган” лигини “эслатиб” қўядиган бўлди.”Ўтган кунлари”ни эслаш ва шу баҳона шоирга айб қўйишга уриниш бўлса, Пушкинга ёқмас, бу эса оилавий зиддиятларни келтириб чиқармоқда эди.
Бу орада Пушкинларнинг хонадонига Натальянинг иккита опаси ҳам кўчиб келади.Екатерина (1809-1843) ва Александра (1811-1891) лар бу пайтда 23-25 ёшга кирган бўлсаларда, турмушга чиқишмаган эдилар.Қорасоч, жануб жононларига ўхшаб кетадиган Екатеринани “Коко”, бироз бадбушроқ Алесандрани эса “Азинька” дея аташарди оила даврасида.
Табийки, опалари ва холаси Екатерина Ивановна билан олийнасаб кишиларнинг зиёфатларига бориб ўрганган Натальянинг гўзаллигидан баҳра олиш умидида унга гап отадиган эркаклар топилиб турарди. Булар орасида граф В.А. Соллогуб ( 1813-1882) ҳам бўлиб, у дўстларига Пушкинннинг хотини ҳақида шундай хат ҳам битганди: “Умрим давомида кўп чиройли аёлларни кўрдим, бироқ улар орасида Пушкина хонимдан жозибалилари ҳам бор. Аммо бунақа ҳусн ва қомат уйғунлигидаги бусбутун ва мумтоз асарга айланган гўзални ҳеч қачон учратганим йўқ. Сарвиқомат, новдадай хипчабел, елка ва кўкси тақинчоқдай.Оқбадан, кўзлари, тишлари, қулоқлари…Мен илк кўрганимдаёқ ақлимдан ажралганман…”.
Пушкин графнинг ёзган бу хатидан хабар топгач,асабийлашганидан нафсониятига текканлиги учун Соллогубни дуэлга ҳам чақирганди. Аммо Петербургнинг обрўли зотлари аралашгач дуэль бекор қилинди.
« Наталья..Ҳозир уйдамикин, мактубим унга етиб бордимикин?»
—Александр Сергеевич! Оренбург шаҳрига келиб қолдик.
Извошчининг сўзлари кутилмаганда Пушкиннинг хаёлини бўлди ва у шавкатли Русиянинг забардаст бўлиб кўриниб турган Оренбург шаҳрига тикилди. Оренбург…

. . .

…Оренбург..Чор империясининг Ўрта Осиёга элтувчи карвон йўллари бўйида жойлашган шаҳар Орь дарёси қуйилиш жойида бунёд этилганди.Шунингдек, Оренбургни Урал дарёси ва унинг ирмоқлари кесиб ўтарди.Маълумки, Урал атамасини туркий халқлар Ёйиқ дея номлаганлар ва бу топоним нафақат дарёни, балки шу атрофдаги бепоён ҳудудларни ҳам англатган.
Пётрнинг Ўрта Осиёга нисбатан тутган сиёсатини давом этдирган чор ҳукумати Обь дарёсининг Уралга қуйилиш жойида, яъни Ор мавзесида Оренбург шаҳрини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни сенат оберсекретари И.К.Кириллов( 1689-1737) га топширади.”Жаноб Кириллов шу масала бўйича лойиҳа ишлаб чиқиб Ўрта Осиёдаги хонликлар ва қозоқ жузларига эътиборни қаратади.Чунки, Оренбург орқали нафақат Ўрта Осиё хонликлари, балки Ҳиндистон ва Афғонистон билан савдо алоқаларини ўрнатишда хонлик савдогарларининг диққатини Россияга қаратиш назарда тутилганди. Лойиҳада кейинчалик хонликларни чор ҳукуматига бўйсундириш, бундан келиб чиқиб эса Сирдарё бўйидаги қўрғошин, олтин ва кумушга бой конларни топиб ишга тушириш ва Орол денгизи атрофида ҳарбий қаъла барпо этиш , бундан фойдаланиб қорақалпоқ ва қозоқлар билан алоқа ўрнатиш зарурлиги таъкидлаб ўтилганди”( Басин В.Я. “Оренбургская экспедиция и ее первий начальник И.К.Кирилов.—В сб: Исследования и иследователи Оренбургского края 18- начала 20 вв, Свердловск, 1983, с 28).
Оренбургнинг барпо этилишида Кирилов сингари В.Н. Татишев(1686-1750 йилларда яшаган рус тарихчиси бўлиб, у шахсан Пётр 1 нинг топшириғига кўра “Истории Российской с самих древнешийх времен” асарини ёзган)нинг ҳам роли катта бўлиб, у 1737-1739 йилларда Оренбург ўлкасини бошқаради. 1741-1745 йилларда эса Астрахан губернатори бўлиб хизмат қилади.Василий Никитич Татишев Россия билан туркий халқларнинг алоқасини тадқиқ ( “Лексикон российской исторической, географической, политеческой и гражданской. Сочинений господином тайним советником и Астраханским губернатором В.Н. Татишевим” СПб, 1793) қилган тарихчи ва давлат арбоби бўлган.Шу боис ҳам у Пушкин эътиборини тортиб “ Татишев тўғрисида” номли мақола ёзган.Мақолада Татишевнинг Тошкент билан савдо алоқалари ўрнатганлиги, ўлкадаги қозоқ ( қирғиз-қайсоқ)ларни бошқариш ҳуқуқларини билишини,умуман шаҳарни бунёд этишдаги ролига катта баҳо берганди.(Пушкин А.С. Полн.собр.соч.В 6 –ти т.Т. 6. М, 1950, с 56-61).
Шунингдек, В.А.Урусов, И.И.Неплюев сингари Рус ҳукумати чиновниклари ҳам Оренбургнинг қад тиклашида ўз ҳиссаларини қўшгандилар.
Натижада 1734 йил 10 июнда империатрица Анна Ивановна Кириловнинг лойиҳасини маъқуллаб, шаҳарни барпо этишни айнан Кириловнинг ўзига топширди.Шунингдек, Оренбургда Ўрта Осиёлик савдогарларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, карвонсарой ва бозор қуриш ҳақидаги фармонига имзо чекканидан сўнг, ишлар жонланиб кетди. Ҳаттоки, янги шаҳар қурилишида Тошкент ва Чимкентлик савдогарлар ҳам иштирок қила бошлашди.Аммо кўп ўтмай дарё тошқини рўй бериб шаҳарни бошқа талафотсиз ҳудудда бошлашга тўғри келди.Ана шу туфайли 1743 йили Сакман дарёсининг Уралга қуйиладиган мавзесидан 252 км узоқликда Оренбург шаҳри қайтадан барпо этилади.Ўша санада Упелки ариғи бўйида Троицк ҳарбий қаъласиям бунёд этилади.
1743 йил 10 июндаги империатрицанинг фармонида Кириловга шундай кўрсатмалар бериб ўтилганди:
1.Тошкент,Туркистон ва бошқа Ўрта Осиё шаҳарлари савдогарлари ҳар қандай йўл билан Оренбург савдосига жалб қилинсин.У жойлардан келадиган савдогарларга ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатилсин.Бордию савдогарлар Оренбургда доимий яшашни ҳоҳласалар, у вақтда уларни ўрнашишлари учун махсус ер ажратиб берилсин.
2.Шу ёз фаслида Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларига карвонлар юборилсин.Ҳар бир карвонга бошлиқ тайинланиб, котиб сифатида геодезист бириктирилсин.
3.Карвон бошига хазина ҳисобидан 2000 рубль ҳажмида моллар берилсин.У бу молларни кўпроқ олтин ва қимматли тошларга алмаштирсин.Бу савдодан олинадиган фойданинг тўртдан бир қисмини карвонбошига беришга ваъда қилинсин.
4.Ҳиндистонга савдогар Марвари Бараль юборилсин.Унга кейин қайтиб бериш шарти билан хазина ҳисобидан мол сотиб олиш учун 1000 рубль берилсин.
5.Оренбургга берилган имтиёзлар босиб чиқарилиб аҳолига эълон қилинсин.Шаҳарни янги барпо этилганлигини инобатга олиб, бу ерда божсиз савдо қилиш яна 6 йилга чўзилсин!”( ЦГАДА России, ф .248.Сената, кн. 12143, л 318.).
Натижада Оренбурглик савдогарлар Ўрта Осиё хонликларига бормоқчи бўлишса, баъзида Бухоро ёхуд Хива элчиси, ёки савдогари Россияга кетаётган бўлса, Орь дарёси қуйилиш бўйидаги ушбу шаҳарда пайдо бўлишарди.Хусусан, 1741 йилда Оренбургдан Тошкентга татар савдогари Шубай Арслонов бошчилигида карвон юборилади.Арслонов ўша жойда ташвиқот юргизиб 700 та савдогарниям ўзи билан Оренбургга олиб келади.
1744 йил 15 мартда ўлка генерал губернаторлик мақомини олгач, биринчи губернатор бўлиш Иван Иванович Неплюевга насиб қилади.
Шу даврда нафақат Ўрта Осиёдаги хонликлари , балки қозоқ жузлариям Россия билан бўладиган савдо алоқаларини Оренбург орқали ўрнатишга имконият излай бошлашди.Бу борада “ 1745 йилда Фарғона водийсида ўз таъсирига эга Андижон, Наманган, Қўқон ва Хўжанднинг ҳукмдори Абдул Каримбек Оренбургга савдо карвонини юборишга ҳаракат қилади” ( “Казахско-русские отношения в 17-18 вв”, с 316).
« 1750 йилда эса Хива хони савдони ривожлантириш мақсадида Оренбургга элчи жўнатган».(Архив МИД России, «Сношения России с Бухарой,Д, 61н, л 3).
Шу каби 1779-1797 йилларда Бухоро ҳукмдорининг элчилари Оренбургга ташриф буюриб, савдони алоқаларини ўрнатиш ҳамда келиб-кетадиган карвон йўлларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар олиб боришади.
Ҳаттоки чор ҳукумати “1739 йилдаёқ хиваликлар, бухороликлар, тошкентликлар ва бошқаларга Оренбургга келиб ўрнашишига, савдо ва ҳунармандчилик билан бемалол шуғулланишларига рухсат берганди” ( Оренбургский областной государственний архив, ф 6, оп 10, д 2089, л 9).Хуллас, ҳар иккала томондан элчи ва савдогарлар келиб кетиши,Ўрта Осиёликларга Оренбургда яратиб берилган шарт-шароит,ҳаттоки бу ерда яшашни ҳоҳловчиларга «Экин майдонлари ва яйловлардан фойдаланиш, бошқирдлардан ер сотиб олиш, ҳунармандчилик, савдо ва бошқа ишлар билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди». (В.Н.Витевский, И,Неплюев «Оренбургский край» Казань, 1891, 441 бет).
Бундай имтиёз боис олдинига Оренбургда Сайид Каргалин деган асосан татарлардан иборат мусулмон жамоаси пайдо бўлади.Ушбу жамоа аҳолиси ҳарбий хизматга боришдан, шу билан бирга ўша даврдаги мажбуриятлардан бири бўлган ҳарбийларни ижарачи ( постой) сифатида уйига қўйишдан озод этилади. Сайид Каргалин жамоасига Оренбургдаги экин майдонлари ва яйловлардан фойдаланиш, бошқирдлардан ерларни сотиб олиш, савдо ва ҳунармандчилик ҳамда бошқа ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқи берилади.Ўрта Осиёликлар ҳам дастлаб шу жамоа орасида яшаб имтиёзлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди.Шунингдек, улар шаҳарнинг Нўғай-боқи ҳудудидаям ўрнаша бошладилар.Бундан имтиёзлардан мақсад Оренбургнинг кенг даштларини ўзлаштириш ва у ерда ерлик маҳаллий аҳолини юзага келтириш эди.
Ана шундай қулай имтиёз боис, аста-секин Оренбургда Ўрта Осиёликлардан иборат маҳаллалар ҳам вужудга кела бошлади.Чунончи, «1808 йилда Оренбургда хиваликлар,тошкентликлар,бухороликлар ва қисман қашқарликлардан иборат 46 оила яшаган» (Оренбургский областной государственний архив, ф 6,д 443, л 5-10).
Хўш, Оренбургга келиб ўрнашаётган аҳоли орасида қандай одамлар тоифаси бор эди, ёки қандай сабабларга кўра улар ўз ватанларини ташлаб ўша ерларга бориб қолишган деган савол туғилади.
Шунга бир мисол.1807 йилда бухоролик Мерган Худойназаров деган киши рус императорига ариза ёзиб шундай мурожаат қилган:
“ Бундан 16 йил илгари карвонда 11 туям билан Оренбургга келган эдим. Бу жойда ишларимни бўлиб, ҳақимни олдим-у Бухорога жўнаш учун Крсаногор қаъласига бордим.Ўша ерда туяларим тасодифан ўлиб қолди.Камбағаллигим сабаб Бухорога бораолмай Оренбургга қайтишга мажбур бўлдим.Эндиликда шу ердаги имтиёзлардан фойдаланиб Рус фуқаролигини қабул қилиш ниятидаман”(ЦГИА Республика Казахстан, ф 4, он 1, д 502, св, 252, л 2).
Бундан ташқари асосан Россияга қатновчи савдогарлар, уларнинг таниш-билишлари хонликларда бўлиб турган тинимсиз уруш-у низолардан, шу сабабли юзага келган вайронагарчилик, турмуш даражасининг пастлиги, қимматчиликдан Оренбургга бориб қолиб кетишга қарор қилгандилар.
Албатта Ўрта Осиёликлар савдогарчилик, деҳқончилик қилиб, имтиёзлардан фойдаланган ҳолда яхши яшаган,баъзида эса аҳволлари қийин ҳолга тушиб қолган пайтлари ҳам бўлган.Аммо, чор империяси мудом уларга нисбатан иложи бўлса имтиёзларни сақлаб қолишга,бу билан Ўрта Осиёни забт этиш олдидан мувозанатни бузмасликка интилди.
Хуллас ана шунақа воқеа ҳодисалар,давр суронлари оша, турли шароитда Оренбургда Ўрта Осиёликлар яшаб, меҳнат қилишарди.Оренбургликка айланаётган хонликлардан келганлар асосан савдогарчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлишган.Аммо Оренбург губернаторлигидаги раҳбарлар орасида муҳожирларга берилган имтиёзларни йўқ қилишга уринганлар ҳам бўлган. Натижада муҳожирлар “1804 йилда Оренбург губернатори князь Т.С.Волконскийга шикоят қилишади.Муҳожирлар унда ўзларининг узоқ пайтдан бери Оренбургда яшаётганлиги, чор ҳукумати берган имтиёзга қарамай уларнинг уйларига ҳарбийларни ижарачи( постой) сифатида киритишни бошлаб юборганликларини келтириб аризаларида келтириб ўтишган” ( Оренбургский областной государственний архив, ф, 6, оп 10, д 40, л 1).
Шикоят аризани текширган губернаторлик ходими Ханданов Волконскийга ёзган хатида бу ҳолатни изоҳлаб ўтганди: “ хивалик ва бухороликлар катта даромадга эга бўлмай, фақат савдо билан шуғулланишлари ва шу боис постойдан озод қилинганликлари ҳақидаги сўзлари нотўғридир. Негаки, уларнинг кўпчилиги деҳқончилик билан ҳам машғулдир.Улардан кимнигки иккита уйи бўлса, биттасига ижарачи киритилган.Уларнинг 3-4 хоналик уйлари бўлиб, шу сабаб ҳарбий кишиларнинг сонини кўпайиши муносабати билан бухоролик ва хиваликларнинг хонадонларига ижарачи қўйиш лозим.Акс ҳолатда оғирлик бошқа фуқароларнинг зиммасига тушади” ( юқоридаги архив, ўша манба, 3-4 варақлар).
Демакки, муҳожирлар қисқа фурсат ичида уддабуронлиги билан иккита уйлик ҳам бўлган ҳолатлар бор эди.Бундан ташқари хонликларга қатнаб турувчи савдогарларнинг ҳам Оренбургда уйи бўлиб, улар ҳам ажарачи қўйишликка қарши чиқиб губернаторликка шикоят қилишганди.
Чор ҳукумати хонликларни босиб олишдан олдин мувозанатни бузмасликка ҳаракат қилиб, қолаверса уларнинг уддабуронлигини назарда тутиб имтиёзларни ўз кучида қолдиришга, уларнинг уйларига ижарачи қўймасликка кўрсатма беради.
Эътиборлиси шундаки, Оренбургга келган муҳожирлар орасида татар аёлларига уйланганлар ҳам бор эди. Бу ҳолат эса қийинчилик ҳам туғдирган.Чунки, татар аёллари Россия фуқароси бўлгани сабаб хонликларга эри билан кетиш учун губернаторлик маҳкамасига мурожаат этиши керак эди.Шу боисдан ҳам 1816 йилда Бухоро амирининг элчиси Азим Мўминжонов Оренбургдаги муҳожирларнинг( асосан татар аёлларга уйланганларнинг) ҳоҳлаган пайтда ватанларига қайтиши бўйича қарор чиқаришни Рус ҳукуматидан илтимос қилади. Шундан келиб чиқиб Россия ҳукумати Бухоро амири Ҳайдархонга хат жўнатади.Унда “ мусулмон динидаги татар аёллари билан оила қурган шахслар ватанларига қайтмоқчи бўлишса, хотини ва фарзандларининг розилигини олиб, Оренбургдан чиқиб кетишлари мумкин. Ўз навбатида Бухоро амири ҳам Рус фуқаролари татар аёлларига уйланган бўлса уларга ҳам кетишларига рухсат бермоғи керак”.(Оренбургский областной государствений архив, ф 6, оп 10, д 40, л 257 ).
Хуллас бу масала шу тарзда ечиладиган бўлади.
Ўша вақтда Оренбург атрофидаги Троицк ҳам йирик савдо шаҳрига айланиб, бу ергаям хонликлардан савдогарлар келиб туришарди.Шу туфайлиям Троицкда Ўрта Осиёликларнинг маҳаллалари, мактаб, масжид ва меҳмонхонасини қуришга рус ҳукумати ижозат берган.Ҳаттоки, Урал дарёсининг соҳилларида яйлов ташкил қилиб от ва тучларини боқишга рухсат қилинганди.
Бундай катта имтиёзларнинг берилиши эса сиёсатни тушунмаган рус савдогарларининг ғаразини қўзғатди.Натижада улар рақобатни ҳукуматга шикоят ариза ёзиш билан юксалтирмоқчи бўлишди.Бу масала эса Санкт-Петербургдаги Осиё департаментида махсус муҳокама қилиниб, тавсиянома ишлаб чиқилади.Тавсиянома бўлса 1832 йил 15 мартда шахсан император томонидан тасдиқланади.Унга кўра, Ўрта Осиёлик фуқаролар ҳоҳлаган тақдирда Россия фуқаролигини олишлари, агарки бундай қилмасалар сайёқ сифатида жазоланиши кўрсатилганди.Яъни мазкур қарор муҳожирларни Оренбургда яшашини расмийлаштирган тарзда имтиёзларни чегаралаб солиқлар тўлашини англатарди.Аниқроғи Осиё департаментиям, уни маъқуллаган рус императориям ўз савдогарларининг талабини қондирганди ва бу табиий эди.
Ушбу қарордан сал олдинроқ муҳожирлар ўзларининг имтиёзларини сақлаб қолиш мақсадида Оренбург уездининг судига мурожаат қилгандилар.Негаки, суд Оренбургдаги маҳкамага юборган мактубида шундай деганди: “Хиваликлар, тошкентликлар ва бухороликлар сингари Ўрта Осиё савдогарлари турли вақтларда карвонлар билан Оренбургга қатнаганлар.Улардан маълум қисми Оренбург шаҳрида, айримлари эса “Сайид жамоаси” да ёхуд қишлоқларда яшашган. Муҳожирлар бу ерда татар аёлларига уйланиб, уй-жой ва фарзандли бўлишган.Улар савдо билан шуғулланганлар, лекин улар бирор табақа ( сославия) га ёзилмаганлар.Ҳаттоки, савдо гувоҳномасини олмай иш юритганлар.Улар ҳеч қандай ҳужжатсиз кўп йиллар давомида Оренбург шаҳрида, Орск қаъласида ва қишлоқларида яшаб келмоқдалар.Уларнинг орасида оиласини ташлаб ватанига кетганлари ҳам бор.Улардан айрим кишилар  савдо табақасига, бошқалари казаклар жамоасига ёзилиш истагини билдирдилар.Аммо уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай табақаларга ёзилишга розилик бермадилар” ( Центральний государственний архив Республики Башкирии, ф 1, оп 1, д 2882, л 1-2.).
Губернияда яшаётган Ўрта Осиёликлар хонликлардан келишадиган ватандошлари билан биргаликда савдони тобора ривож топтирганлар. Улар хонликлардан чит, зандон матоси, бўз, дағал мато, қизил рангли мато, атлас, пардалар, рўмоллар, ипак газламалар, турли кийим бошлар, қоракўллар ва бошқа молларни келтиришганлар.Россиядан эса олтин, кумуш, олмос тоши, зумрад, олмос майдаси, марварид, ёқут, қизил ва оқ лаъл, феруза ва бошқа қимматли нарсаларни олиб ватанларига қайтишган.
Осиёдан келтирилган маҳсулотлар орасида турли хил газламалар катта ўринга эга бўлган.Чунончи, 1747-1785 йилларда Оренбургга 2.349, 462 газ Ўрта Осиё газламалари олиб борилган.Бундан ташқари 1748-1757 йилларда 5776 пуд кумуш, 1750-1757 йилларда 40 пуд олтин келтирилган.
Таъкидланган маҳсулотларнинг эвазига юртларига қайтишда Оренбургдан темир, ёғоч буюмлари, тугмачалар, ниналар, мунчоқлар, ойна, чарм, бўёқ, қоғоз, мовуит, мўйналар, аччиқтош, каллақанд ва бошқа нарсалар хонликларга олиб кетилган.Хуллас, 1756-1766 йилларнинг ўзида 1.570.685 сўмлик рус маҳсулотлари хонликлар ҳудудига юборилган.
Оренбургга ўрнашиб қолган Ўрта осиёликлар савдодан ташқари деҳқончилик билан ҳам машғул бўлишган.Ҳаттоки, муҳожирлар Оренбургда Ўрта Осиё полизчилик ўсимликларини иқлимлаштириш ва қишлоқ хўжалигининг таркибини бойитишга ҳаракат қилишганди.
Жумладан, «1752 йилда чор ҳукуматининг нуфузли вакили Хоразм қовуни ва тарвузини иқлимлаштириш , уруғларидан маълум қисмини Санкт Петербурга юбориш ҳақида Оренбург губернаторига буйруқ йўллади.Бу ерда ўша полиз экинлари гоҳ яхши, гоҳ қониқарсиз ҳосил берганлиги ҳақида маълумот бор» (ЦГАДА России ф,гос архив,р ХУ,д 808, л 353).
Бундан ташқари Оренбургда хоразмликларнинг иштирокида пахтани иқлимлаштиришга ҳам киришилган.Бу борада 1753 йилда Оренбург губернатори П.Рычков Санкт-Петербургдаги ҳукумат вакилларидан бирига ахборот юбориб, унда шундай ёзганди: «Сиз жаноб олийларига бир туп Хоразмликлар етиштирган ғўзани юбораётган чоғимда экилган пахта батамом пишиб етилар деган умидда эдим.Ғўзалар бир нечта кўсак тукканда баногоҳ совуқ тушиб, уларни мужмайтириб қўйди.Шу боис камоли эҳтиром ила сиз муҳтарам зотга беш донагина бўлса ҳам кўсак юбораётирман.Бу ерда пахтани етиштиришнинг ҳеч иложиси йўққа ўхшайди» (юқоридаги манба , 365 бет).
Ўша йили губернатор П.Рычков Хоразм чигитини Оренбургда экиб курган эди.Шунингдек Оренбургга келтирилган Хоразм қовуни, тарвуз, кунжут, кади (қовоқ) уруғлари экиш учун Санкт-Петербурггаям жўнатилган.Шу каби Самарқанд олмасининг кўчати ёхуд уруғини юборишлик тўғрисида Оренбург маъмуриятигаям буюртма берилган.Аммо ноқулай иқлим шароити туфайли полизчилик ривожланмади.
Оренбургда яшаётган осиёликлар орасида савдо ва деҳқон аҳлидан ташқари илмилди, зиёли инсонлар ҳам бор эди. Масалан, 1803 йилда Мулла Фатҳулла Мирзаев форс тилидаги расмий ҳужжатларни таржима қилиб берганди губерния маъмуриятига.Ўша йили Рус ҳукумати губернияда яшаётган мусулмон Ўрта Осиёликларга , агарки улар Ҳаж сафарига боришни истасалар губерния уларга шарт шароит яратиб беришини маълум қилганди.
Хуллас, Ўрта Осиёлик муҳожирлар ва у ерга ўрнашган мусулмонлар Оренбург губерниясининг ҳар жиҳатдан юксалишига катта ҳисса қўшгандилар. Шу туфайлиям, Буюк Руснинг қозоқ даштларию,Ўрта Осиё хонликлари билан туташиб кетган Оренбург сарҳадлари кўплаб илм аҳлининг эътиборини жалб қилади.Натижада 1768-1774 йилларда П.П. Палласнинг, 1829 йилда эса немис натуралисти ва саёҳатчиси А.Гумбольдт( 1769-1859)нинг ҳамда 1832-34 йилларда бўлса Берлинлик профессор Х.Ф. Лессингларнинг илмий экспедициялари Оренбургда бўлиб фан сирларини излашганди.
Бироқ, бироқ 1833 йилда, император Николай 1 ўзининг арзанда, шовинист генералларидан Василий Алексеевич Перовский (1794-1857)ни Оренбургга генерал-губернатор қилиб тайинлаши вазиятни ўзгартириб юборди.39 ёшли графлар сулоласидан бўлган Василий Алексеевич 1812 йилги Ватан урушида қаҳрамонликлар кўрсатган,шунингдек Руссия-Туркия урушида ҳам жасоратона хизматлар қилган чор империясининг ўша вақтдаги донгдор генералларидан бўлиб, ижодкорлар орасида дўстлари кўплигидан, адабиёт ва санъат давраларидаям машҳур инсон эди.Қолаверса, акаси Алексей Иванович (1787-1836) ҳам ёзувчи, «Антоний Погорельский» тахаллуси билан эътибор қозонганди.
Императорнинг Перовскийни губернатор қилиб юборишдан мақсади,Самарадаги жангари казакларни у ерга кўчириб,Оренбургни нафақат муҳим савдо шаҳрига, балки қудратли ҳарбий қаълага айлантириш, савдогарлардан Ўрта Осиёдаги вазиятни ўрганиб, у ерга юриш қилиш эди.Генерал Перовский Ўрта Осиёни забт этиш ташаббускорларидан бўлиб, Оренбургга ҳарбий қурол аслаҳаларни тўплаш билан машғул бўлган.

. . .

Пушкин Оренбургга келмасидан олдин Кавказ, Қримдаги айрим туркий халқлар, улар орасида тарқалган достонлар, уларда куйланган мафтункор Шарқ, Хоразм ўлкаси,Оренбург орқали Москва ва Петербургга келаётган Хоразм савдогарларининг бир-бири билан она тилларида гаплашишини кузатган, улардан ҳайратланганди.Ҳатто, бир гал Москва бозорида кезиб юриб, хотини Гончарова хонимга хоразмлик савдогарлардан мўйна ҳам сотиб олганди.
Айниқса Пушкиннинг Николай 1 томонидан саройга ишга олиниши унинг бой архив билан танишишига сабаб бўлди. Хуллас, Александр Сергеевич саройга ишга келар экан, вазиятдан фойдаланиб, архивдан Пётр1 даври, Бекович-Черкасский (Унинг асл исми Искандарбек бўлиб, Кавказ халқларининг Кабарда уруғидан эди.Ўша вақтда Кабарда черкасслар ҳудудига кирганлиги сабаб Бековични Черкасский (Черкаслик) дея атаганлар.Бекович эса “бек” сўзидан олинган.У князь Голициннинг қизи Марияга уйлангач, насроний динига ўтган.Чўқинтириш маросимида Александр Бекович-Черкасский номини олган, хорижга ўқишга юборилган.Сўнгра поручик унвонида Приображенский Лейб-гвардия полкига хизматга тайинланган) Бековичнинг Хоразмга юриши, мафтункор воҳага доир маълумотлар билан таниша бошлади.Шу аснода у «Пётр 1 тарихи» асарига ҳужжатлар тўплади.
Пушкин аслида 1826 йили император ҳаётини ўрганишни бошлаган, аммо баъзи ҳужжатлар ўрганилмагани сабабли асар ёзилмай келаётганди.Империя архивига киришга рухсат тегиши билан у Пётр 1 ва Хоразм мавзусида ҳужжатлар тўплашга киришиб кетди.
Пушкин шунингдек, империя ташқи ишлар коллегияси архивига ҳам кириб, шу пайтгача Хоразмга юборилган руссиялик сайёҳ ва олим ниқобидаги жосусларнинг ёзганлари, ташқи ишлар министрлигининг Хива хонлиги бўйича тўплаган маълумотлари, савдо, дипломатик алоқаларга доир ҳужжатларниям синчиклаб ўрганади.
Пушкин Бековичнинг Хоразмга юриши тафсилоти ҳақида тугалланмай қолиб кетган «Пётр 1 тарихи» асарида шундай ёзганди: « Пётр уни Амударёнинг илгари Каспий томон окиб борганлиги, лекин бухороликлар томонидан Оролга буриб юборилганлиги аниқ эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун йўллаган эди.Шунингдек, олтин қум ҳақидаги миш-мишлар ҳам ҳукмдорни қизиқтириб қолганди.Бизнинг тижорат ишларимиз учун Ҳиндистонга олиб борадиган йўлни топиш фикри унинг даҳосига яна ҳам муносиб фикр эди.Бахтга қарши,Бекович ҳар нарсага ишонаверадиган, ўжар-кажбаҳс ва билимсиз одам эди ва буюк бир иш ўзи билан бирга кетди.
Бекович Тўқ-Қараған қаъласи (Тўқ-Қараған бурнида) пойдеворини қурдириб, унда Пенза полкини қолдирди. Ундан 120 вёрст нарида, кўрфаз бўйида бошқа бир—Александр-Бай қаъласини тиклаб, унда 3 та ротани қолдирди. Сўнгра Амударёнинг аввалги ўзани гўё қуриган жойида, Красноводск кўрфазида асосий қаъла заминини қурдириб, унда Крутояр ва Риддлер полкларини қолдирди(Александр-Байдан 300 вёрст нарида ва Астрахандан худди шунча масофада).Бекович ана шу ердан Амударёнинг ўзи хаёл қилган ўзани бўйлаб юрди, у келаси ёз фаслида тўғонни қидириб топиш умидида Орол денгизи ёқалаб боришни мўлжаллаб қўяди.
У Астрахонга қайтиб, Крсановодскда полковник фон дер Вейденни қолдирди. Хива хонига уч элчини йўллаб, ўзининг у ерга боражагини билдириб, ёрдам талаб қилди, аммо элчилар қайтиб келмади.
1717 йил июлида Бекович бир драгунлар эскадрони, икки рота саллот (тўп ва заҳиралари билан) 1500 нафар Урал казаги, 500 татар, 500 Гребня казаги, 200 рус ва татар савдогари билан юриш бошлади…Бекович Хивага етиб келади.Унинг атрофини Хива хонининг ўзи—Шерғози бошчилигидаги 24 минг қўшин қуршаб олади. Уларнинг муваффақиятсиз хуружлари уч кун давом этади.Бекович олға қараб юраверади.Аҳоли Хивадан ташқари чиқиб кета бошлаганди. Бекович айни шу пайтда хотини ( қизлик вақтидаги фамилияси—княжна Голицина, Борис Алексеевичнинг қизи) ўзининг икки фарзанди билан Волгага чўкиб кетгани тўғрисидаги хабарни эшитади.Унинг руҳи шу сабаб буткул тушиб, ақлдан озаёзди. Шу аснода Шерғози ҳийла ишлатади.Гўё музокара олиб бориш мақсадида Бековични алдаб, ўз ҳузурига олиб келишга муваффақ бўлади..Барча россияликлар қўлга олинади.Майор Франкенберг ҳам асирга тушган Бековичнинг уч карра берган буйруғини бажариб, алданади.Барча россияликлар қўлга олиниб, ўлдирилади.Бекович билан Франкенберг ҳалок бўладилар.Хива хони Бухоро хонига шўрпешона Бековичнинг калласини юбориб, ўзини ва қўшнисини хавфли бир душмандан халос этгани билан мақтанади. Унинг айёрлигидан фойдаланган Бухоро хони Шерғозини одамхўр дея атайди ва бу билан пётрнинг кўнглини олишга уринади. Пётр Бухоро хони орқали ўз ишларини қайта бошлашни дилига тугиб қўяди ҳамда шу мақсадда Ташқи ишлар коллегиясининг котиби Флорио Беневенини Бухоро хони ҳузурига йўллайди.Айтишларича Пётр ўлим тўшагида икки нарсага: Прутнинг омадсизлиги учун Туркиядан ва Бековичнинг ўлдирилганилиги учун эса Хивадан қасос ололмаганлигига афсусланган».
Пушкин Русиянинг бошқа шовинист тарихчиларидан фарқли равишда,ҳақиқатпараст шоир бўлгани боис,1717 йилдаги Бекович қўшинининг фожиасига истилочилик, географик маълумотларнинг нотўғрилиги сабаб бўлганини айтади.Бироқ, у ҳам чор империяси фуқароси сифатида Пётр 1 нинг Ҳиндистонгача бўлган ҳудудни эгаллаш сиёсатини буюк бир иш деб баҳолайди.
Айни пайтда, шу даврни синчиклаб ўргангани учун Пётр 1 нинг феъл атвори, унинг буюклигию, нуқсонларини ҳам таъкидлаган.Гарчи Пушкиннинг ушбу асари тўла ёзиб тугалланмаган бўлсада, император Николай 1 яратилаётган китоб нусхасини кўздан кечириб чиқди ва қўлёзмани ўқиб, «Буюк Пётр шаънига кўпгина беандиша гаплар ёзилгани сабабли босиб чиқариш мумкин эмас», деган хулосага келади.
Эътиборлиси шундаки, Пушкиннинг ўша тўлиқ тугалланмаган асарида Пётр1,Бекович Черкасский,Хива хонлиги,Хоразм,Шерғозихон( Пётр 1 юборган Бекович Черкасскийни 1717 йилда алдов йўли билан мағлубиятга учратган Хива хони) сўзлари учрайди.Буюк шоир,Бековичнинг Хоразмга борган йўлларини,Хива хонлиги харитаси, шаҳарлариниям ўрганиб чиқади.
Хўш, аслида Пётр 1 қандай мақсаддда Бекович-Черкасскийни Хива хонлигига йўллаганди ва бу ҳақда архив маълумотлари қандай? Пушкин империя ташқи ишлар колллегиясида ўтириб ва империя архивидан бу борадаги қуйидаги маълумотларга дуч келди.
Маълумки, Хива тахти учун курашлардаги сарой ўйинларидан чўчиган Шоҳниёзхон 1700 йилда Дўстбек Баҳодир деган элчисини Россияга жўнатиб, ўз салтанатини тобеликка олишни сўраганди.Натижада империяси ҳудудини кенгайтириш учун интилаётган Пётр учун Ватан бахтидан кўра тахтни ўйлаган олчоқ ҳукмдорнинг сўрови айни муддао бўлди.Шу тариқа ўша йилнинг 30 июнида хонликни империя тобелгига олиш тўғрисида фармон чиқарилади.Бу тўғрида элчидан ёрлиқ ҳам бериб юборилади.Аммо йўлнинг узоқлиги, Швеция ва Туркия уруши билан банд бўлган Пётрнинг хонликни назоратига олишига тўсиқ бўлади.Орадан уч йил ўтиб-“1703 йили Араб Муҳаммад иккинчи деган яна бир тахтпараст Дўстбек Баҳодирни юқоридаги мазмунда Россияга жўнатганди” ( Полное собрание Российских законов.СПБ, 1830, стр, 216).Элчи қайтишида яна ёрлиқ олиб Хивага кетади.
Ана шу тариқа вазиятда 1713 йилда Манғишлоқлик Нафасхўжа деган туркман савдогари Астраханда бўлганида князь Михаил Самсонов билан учрашганида ва у билан Петербургга борганида Бекович билан танишган ва уларга Амударёдан олтин қум олиниши ва ўтмишда унинг Каспийга қуйилганлиги тўғрисида маълумот беради.Бу фикрларни Сибир губернатори князь Гагарин,Петербургга келган Хивалик элчи Ашурбек ҳам тасдиқлагач, шарққа қизиқаётган Пётр 1 Каспийдан Амударё орқали Ҳиндистонга чиқиш мумкин деган хаёлда шахсан Хўжа Нафасни қабул қилади ва урушлар туфайли хазинанинг бўшаганидан уни биратўла Ўрта Осиё хонликларини забт этиб тўлғазишга киришилади.Бу борада “1714 йилнинг 19 майида Пётр 1 Хива хонлигини забт этиш ҳақидаги фармонни сенатга юборади” (ЦГВИА, ф ВУА, д 35, л 37).1716 йилнинг 14 февралида эса императорнинг ўзи ҳарбий юришга раҳбарлик қиладиган Бекович Черкасский билан суҳбатлашиб, амалга оширилажак ишларни белгилаб кўрсатма беради.
Шахсан Пётр 1 нинг қўли билан ёзилган кўрсатмада Бекович-Черкасский зиммасига юклатилган вазифалар қуйидагилардан иборат эди:
1.Бир вақтлари Амударё Каспий денгизига қуйилган жойда 1000 кишилик ҳарбий истеҳком қурилсин.Амударё оқимини ва тўғонларини синчковлик билан ўрганиб, имкони бўлса, эски йўлига буриб юборилсин.Орол денгизига сувни йўналтирадиган тўғонлар бузилсин.Бу ишларни бажаришга қанча киши керак бўлиши аниқлансин.
2.Хива хонлигининг Рус давлати тобелигига ўтилишига эришилсин ҳамда бизнинг манфаатларимизга хизмат қилиш шарти билан ҳарбий қисм қолдирилсин.Агар хон рози бўлса ва шароити кўтарса, ҳарбий қисмнинг ўзи қолдирилсин.Бордию буни қила олмаса, ҳарбий қисмни бир йил давомида таъминлаш кафолати олинсин, кейинги йилларда харажатлар эса унинг зиммасига юклатилсин.
3.Агар Хива хони розилик билдирса, у вақтда ундан ўз кишиларига икки русни қўшиб Сирдарё суви бўйлаб олтин борлигини аниқлаш учун Ёркентга жўнатилсин.Шунингдек, савдогарларимизнинг Амударё бўйлаб Ҳиндистонга боришлари учун кемалар берилиши хондан сўралсин.Савдогарлар кетаётганларида қуруқлик ва сув йўлларини, дарё ва кўлларни, айниқса,Ҳиндистонга борадиган йўлни яхши ўргансинлар ва маълумотлар тўпласинлар.Агар савдогарлар Ҳиндистонда Каспий денгизига борадиган йўл борлигини эшитсалар, у вақтда шу йўл билан орқага қайтсинлар ва кўрганларини қоғозга туширсинлар.
4.Хива хонлигидан Бухоро хонлигининг Рус давлати тобелигига ўтишига ҳоҳиши бор-йўқлиги билинсин.Бордию бундай истак бўлмаса, дўстлик муносабатлари ўрнатишга эришилсин.
5.Кўрсатилган топшириқларни амалга ошириш учун 4000 кишидан иборат мунтазам қўшин ва кераклигича кемалар ажратилсин.Бундан ташқари, Ёйиқ казакларидан 1500, эшкакчилардан 500 ва отлиқлардан 100киши берилсин.Улар савдо карвонларини муҳофаза қилиш ниқоби остида Астрахандан ҳарбий қаъла ва шаҳар қуриладиган жойга, яъни Каспийнинг шарқий қирғоғига юборилсин.Қўшин командирлари барча жойлардаги туб аҳолига нисбатан хушмуомилада бўлсинлар.Шаҳарни қуриш учун зарур бўлган бел ва чўкичлар берилсин.
6.Денгиз офицерларидан поручик Кожин ва навигаторлардан 5 ёки кўпроқ киши ҳарбий қисмга қўшилсин.Кожин савдогар ниқобида иш юритиши, навигаторлар эса Ёркентга юборилиши лозим.Кулюмов ўқув юрти талабаларидан икки инженер олинсин.Кожин зимммасига борган жойидаги молларнинг турларини ва умуман, савдо-сотиқни яхши ўрганиш юклатилсин.Унга савдогарлардан икки киши биркитилсин.Булар кекса бўлмасинлар”.(ЦГВИА, ф,ВУА, д 35, л 58).
Александр Сергеевич архивдан яна 1717 йилнинг 14 мартида Бекович-Черкасскийнинг ҳукумат сенатига йўллаган юришга билан боғлиқ режасини ҳам топди.Унда Бекович-Черкасский қуйидагиларни маълум қилганди:
1.Мунтазам қўшиндан 4000, драгунлардан 1500, пиёда аскарлардан, офицерлари билан биргаликда 2500, казаклардан 2000 кишини кийим-кечаклари, озиқ-овқатлари ва маошлари билан биргаликда берилсин.
2.Каспийнинг шарқий қирғоғига қуруқлик билан бориш учун белгиланган 2000 кишидан иборат аскарларга камида бир йилга етадиган озиқ-овқат, аравалар ва бошқа ашёлар ажратилсин.Шунингдек, Каспий деггизи қирғоғида ҳарбий қаъла қуриш учун жўнатиладиган аскарларга тегишли озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни олиб боришга кемалар берилсин.
3.Савдогарлар ниқобида Сирдарё бўйлаб Ёркентга олтин қидиришга ва Амударё бўйлаб Ҳиндистонга борувчи кишиларга маблағ ажратилсин.Улар шу даражада кўп ва яхши моллар билан таъминлансинларки, у жойларда ҳеч қандай шубҳа уйғотмасин.
4.Агар Хива хони 500 кишилик гвардияни сўраб қолса, у вақтда уларни бир йил муддат билан таъминлашга етарли маош ажратилсин.
5.Хива, Бухоро ва Ҳиндистон ҳукмдорларига давлат ёрлиқлари тайёрлансин.
6.24 тўпчи, 2 инженер, 3 шифокор ва кўп миқдордар дори-дармон берилсин.( ЦГВИА, ф,ВУА, д 35, л 61).
Сенат Бековичнинг режасини маъқуллаган ҳолда, кўрсатилган ҳамма нарсани муҳайё қилди ва 6100 кишилик қўшинга 481 пуд порох, 1230 пуд қўрғошин, ҳатоки 4000 челак вино, 597 челак пиво ҳам ажратди.
Бундан ташқари, Пушкин архивдан Хивага Иван Воронин ва Максим Святой деган элчиларнинг юриш олдидан жўнатилганини, улар савдо алоқалари бўйича Шерғозихон билан музокара ўрнатиб, айни пайтда юришдан олдин вазиятни ўрганиб қайтганига оид маълумотларниям топди.Ҳаттоки Қалмоқ хони Аюқхоннинг 1717 йилнинг 16 майида рус ҳукуматига ёзган хатида Шерғозихон юришни сезиб қолганига оид мактубниям ўқиди.Унда, “Менинг Хивага бориб келган одамим гувоҳлигига кўра, 2000 кишидан иборат хиваликлар, қорақалпоқлар ва қозоқлар биргалашиб чегара жойларда туришибдилар.Улар йўллардаги қудуқларни кўмганлар ҳамда жанг қилиш ниятидалар.Йўлларда жазирама оқибатида ўтлар йўқ, тағин рус аскарлари оғир аҳволга тушиб қолмасинлар.Вазиятни батафсил тушунтириш учун Цухли Здеижин бошчилигида 7 кишини юбормоқдаман” (ЦГВИА, ф,ВУА, д 35, л 131 -132 бетлар).
—Ҳар иккала томон ҳам тайёргарлик кўрган эканда-хаёлига келди бу ҳужжатларни кўздан кечираркан Пушкин.
Бекович-Черкасский эса вазиятни ўрганиш ниятида “Астрахандан Каспий бўйлаб юриб Саидмамад, Салмон, Бегнч,Пўлат Бахши, Манғлай, Қашқа сингари нуфузли кишилар билан Амударё,Хива хонлиги тўғрисида суҳбатлашган”( ЦГВИА, ф,ВУА, д 35, л356).
У Астраханлик дворян Иван Звонский ва Николай Фёдоровларни Нафасхўжага қўшиб Амударёнинг эски ўзанини аниқлашни тобширган.Натижада улар то Хива хонлигигача 17 кунлик масофадаги Қарағоч мавзесига келади.”Тадқиқотчилар” Қарағочда баландлиги бир метру чорак, узуннлиги беш чақирим, эни уч метр келадиган тепаликни кўришганда,Нафасхўжа мана шу тепаликни олиб ташлаб, ариқ қазиб борилса Амударёни Каспий денгизига бурса бўлади деган чўпчакнома гапни айтади.
Табиийки, Бекович бунга ишонмайди.У Амударё ва Хоразм тўғрисида янада кўп маълумот олишга интиларди.Шу ниятда 1716 йилнинг 15 сентябрида 69 кемада Каспий денгизи бўйлаб Астрахандан 290 чақирим масофада жойлашган Тюкқараған деган жойдан Манғишлоққа келади.Бу ерда у мустаҳкам ўрнашиб қолиш мақсадида Святой Пётр 1 номли ҳарбий истеҳком барпо этдиради.Шу ердан Кожин ва Пётр Давидовни Бухорога элчи қилиб жўнатадилар.
…Шу тахлит Бекович ҳамма чоралар кўриб,Хоразмдаги вазиятни ўрганганича 1717 йилнинг 20 февралида Крсановодск,Астрахан,Гурьевга келади.Қалмоқ хони Аюқхоннинг 10 та йўл кўрсатувчиси ва Нафасхўжани ҳам олганича май ойида Гурьевдан чиқиб Хива томон отланади.У Емба ирмоғи, Дучкон, Мансулмас, Чилдон, Сан Дурали ва Янгисув,Шершик,Қорақумобод, Оқкўл мавзеларидаги қудуқли чўлларни босиб Хивагача 4 кунлик йўл қолганда Қораоғоч мавзесида тўхтайдилар.Чунки, Бекович қўшини ўзларини ниқоблаш мақсадида Янгисувга келганларида Михаил Коретовни тинчлик мақсадида элчи бўлиб келаяпмиз дея Шерғозихон олдига жшнатганди.Хива хониям жавоб сифатида от, тўн ва бошқа маҳсулотлардан иборат совғалар билан музокара учун Қорағочга келгандилар. Аммо музокара урушга айланиб кетади.Шу тариқа хиваликлар оддий пилта милтиқ, ўқ-ёй, ойболта , қилич билан шайланган ҳолда Бековичнинг замонавий қўшини билан тўрт кун жанг қилади.Ниҳоят тўртинчи куни Шерғозихон Эшонхўжа исмли элчисини Бекович олдига юбориб ярашни таклиф қилади.”Элчи Бековичга шундай деган: Хиваликлар ўзбошимчалик билан сизларга ҳужум қилганлар,хон буни билмай қолган.Хоннинг сўрови шундан иборатки, агар Бекович-Черкасский ҳақиқатан ҳам элчи сифатида келган бўлса, у бунга бизни ишонтирсин” ”( ЦГВИА, ф,ВУА, д 35, л307).
Шунда Бекович ўзининг Пётр 1 ёрлиғи билан келаётганини маълум қилиб астраханлик Олтин Ҳусаиновни Эшонхўжа билан Шерғозихон олдига жўнатади.Аммо уни хон эмас, Қулунбой деган амалдори қабул қилиб айтадики, Бекович ҳақиқатан ҳам элчи бўлса Шерғозихоннинг ёнига ўзи келсин.
Шу тариқа Бекович княз Михаил Замонов, бригада комиссари Григорий Волков, 700 аскар билан Шерғозихон олдига боради.
Пушкин юришда қатнашган Нафасхўжа, Олтин Ҳусаинов, Фёдор Емельянов, Михаил Спиродонов,Ўразмет Ахметов сингари омон қолган кишиларнинг хотираларини архивдан топди.Улардан бири Олтин Ҳусаиновнинг хотираларига кўз югуртирди: “Бекович-Черкасский ва Михаил Замонов Шерғозихон ўрнашган чодирга киритилди.У Пётр 1 олий ҳазратларининг ёрлиғини, ясантирилган от, мовут, 5 газдан газламалар, каллақанд, кумуш идишлардан иборат совғаларни хонга топширди.Улар чодирда икки соат суҳбатлашдилар.Ўз навбатида хон ҳам Бековичга безатилган энг яхши от ҳадя қилди.Сўнгра Бекович унинг учун белгиланган чодирга кириб ўрнашди.Кўп ўтмай хон олган совғаларни, хусусан газламаларни чириганлиги учун Бековичга қайтариб юборган.Бу Бековични шу даражада хижолатга ва ҳаяжонга солганки, кўзларида ёш билан “ Нима учун шундай қилдинг?” -деб Замоновни қоралаган.Бунга Замонов “Мабодо орқага қайтишимизга тўғри келса, бир кунимизга ярар, деб қилдим”, деб жавоб берган.Кейинги куни Шерғозихон ва Бекович биргаликда Хива томон йўл олдилар. Кечқурун улар 4 соат мобайнида суҳбатлашдилар ва овқатландилар.Сўнгра йўл давом этдирилиб Хива қўшини Бекович орқасидан келаётган рус аскарларини унга яқинлаштирмасди.Хивага икки кунлик йўл қолганда Порсунгул деган дарёга келдилар.Рус аскарлари бу ердан икки чақирим нарида тўхтадилар.Эрталаб Шерғозихон Бекович ҳузурига тўрт ўзбекни юбориб рус қўшинларининг барчасини Хивага жойлаштириш ва таъминлашнинг имкони йўқлигини ва уларни беш бўлакка тақсимлаб, турли шаҳарларга ўрнаштиришни таклиф қилди.Бековичга эса ўз ёнидаги 700 кишини ҳам тарқатиб, 200 одам билан қолишни таклиф этишди.Бу сўровлар қабул қилиниб, беш қисмга ажратилган рус аскарлари хон амалдорларининг кузатувида беш тарафга олиб кетилди.Шундан кейин Шерғозихон буйруғи билан княз Замонов, астрахонлик Кирьяк Экономов, сўнгра Бекович ечинтирилиб, бошлари қиличдан ўтказилди.Бу воқеа 1717 йил 29 августда содир бўлди”( ЦГВИА, ф,ВУА, д 18250 л 1).
—Фожиа.Наҳот Бекович Шерғозихоннинг алдовига учган?—ҳайрон қолди архив ҳужжатларини кўздан кечириб Пушкин—Менимча, Бекович айни шу пайтда хотини Мариянинг икки фарзанди билан Волгага чўкиб кетгани тўғрисидаги хабарни эшитиб руҳи тушиб кетган.Ҳаттоки, яна ислом динини қабул қилган экан. Шу боис Хива хонининг таклифини чуқур ўйлаб ҳам кўрмаган.Негадир Шерғозихон Бековичнинг Суюнч ва Оқ Мирзо деган иниларни қўйиб юбориб бошқаларни қуллар сафига қўшган ? Шерғози! Қандай ҳукмдор бўлган экан-а?
Пушкин хонликга бориб қайтган Россиялик элчи, савдогар ва бошқаларнинг маълумоти асосида Шерғози ҳақида тўла тасаввурга эга бўлолмади.
—Хоразм, умуман Ўрта Осиё хонликлари тўғрисида кўплаб манбалар бордек, аммо баъзида кимлар тўғрисидадир қизиқиб қолсанг тасаввур ҳосил қилгудек тўла маълумотга эга бўлолмайсан-дея ўйга толди Александр Сергеевич сарғайган архив ҳужжатларини титкилар экан.

….

Ҳа, Ватанини ҳимоя қилишда ҳийла ишлатган Шерғозихон қудратли қўшинни мағлубиятга учратганди.Хўш, у қандай ҳукмдор эди?
Энди айнан Бековични ҳалокатга учратган ва Пётр 1-у ,Россия амалдорлари ҳамда Пушкиннинг эътиборини тортган Шерғозихон ҳақида тўхталсак.
У Хива тахтига 1714 йилда Бухородан келтириб ўтқазилган киши бўлиб, Султон Ғозий Султоннинг авлодларидан эди.Хўш, нега рақиб давлат бўлиб тинимсиз урушиб келган Бухоролик киши Хива тахтига ўтирган эди, деган табиий савол туғилади.
Маълумки, 18 асрда Хоразм тахти учун бўлган курашлар, саройда эса фитнаю низолар бўлиб, айрим нуфузли ва бойвачча амалдорлар ўзларининг йўлига юрадиган кишиларни тахтда ушлаб турганлар.Кимки, нуфузли амалдорларга қарши чиқса у кўп вақт тахтда ўтираолмаган.Яъни, бутун тожу-тахт жилови ўша амалдорларга боғлиқ бўлиб қолганди.Шу боис ҳам тарихчилар бу даврни “сарой ўйинлари” даври дея баҳолашган.Масалан, 1689-1691 йилларда Худойдодхон,1691-1695 йилларда Арангхон,1695-96 йилларда Жўжихон,1696-98 йилларда эса Валихон,1698-1703 йилларда Шоҳниёзхон,1703-1704 йилларда Шоҳ Бахтхон, 1704-1705 йилларда бўлса Саййид Алихон,1706-1707 йилларда Мусохон,Ёдгорхон эса 1707-1713 — саналарда Хива тахтида ҳукмдорлик қилишган.Кўрганингиздек, уларнинг ичида бир, бир ярим йил тахтда ўтирганлари ҳам бор.Улар бир-бирини ўлдиришган, тахт талашишган.Масалан Худойдодни иниси Арангхон ўлдирган бўлса, унинг жиловини қўлига олган Тўхтахонимни эса рақиблари отга судратиб ўлдирадилар.Арангхоннинг ўзи эса отдан йиқилиб ўлганди.Унинг ўлганини билдирмай сохта, айнан хонга ўхшаш йигитни тахтда ўтирғизиб қўйганларида бўлса исён бошланиб уни тутиб ўлдиргандилар.Валихон дегани бўлса ўзининг бошқарувга уқувсизлигидан ва исён бошланишидан қўрқиб қозоқ уруғлари ичига қочиб кетишга мажбур бўлади.Ундан сўнг тахтга чиққан Шоҳ Ниёзхон эса сарой ўйинларидан чўчиганидан нима қиларини билмасдан, ўзининг умрини , тахтини қандай қилиб бўлсада сақлаб қолишни ўйлаб, 1700 йил 30 июлда Рус императори Пётр 1 номига мактуб йўллаб Хива хонлиги ҳудудларини қўшиб олишни таклиф этганди.Натижада бундай ношуд хон ҳам орадан кўп ўтмай “ўлиб “ қолади.Ундан сўнгги Шоҳ Бахтхон эса зўрға бир йил “чидаб” тахтда ўтирди ва ихтиёри билан ҳукмдорликдан воз кечди.Сайид Алихон дегани эса бир неча ойгина тахтда ўтириб, амалдорлар қутқуси билан тожни ташлаб кетишга мажбур бўлади.Мусохон эса ўзининг ўлдирилишини билиб Марвга қочиб кетганида уни Аваз Меҳтар деган амалдори Марвда тутиб олиб бошини кесиб Хивага олиб келганди.Фақат Ёдгорхонгина ҳажга бориб обрў орттиради ва диндорлар орасида шуҳрат қозонганидан 1713 йилгача тахтда ўтираолади.Шу йили эса у ҳам Оролбўйига қилинган юришда вафот этади. Ана шундай вазиятда маҳаллий меросхўрлар ичидан ҳукмдорлик қилиш истагиям қолмаган.Шу боис айрим амалдорларнинг ёрдами билан Шерғозихон Бухородан келиб тахтга чиқганди.У дастлаб қўшинга бошчи қилиб ўзига тўла ишончли амалдорлардан қўйди ва навкарларга тўла эрк бериб, уларга таноблаб ер инъом қилади.Сўнгра Оролбўйига, қорақалпоқлар устига, Эронга ҳужум қилиб катта ўлжалар олади.Натижада унинг қўшини ўлжаларнинг кўп тақсимланганидан Шерғозихонга итоат қиладиган бўлади ва шу туфайли аста-секин саройдаги нуфузли “ўйин” кўрсатадиган амалдорлариниям суиқасд йўли билан йўқ қилиб тахтда 1726 йилгача ҳукм суради.
Унинг тарихда қолишига машҳур бўлган воқеа 1717 йилда Бекович қўшинини алдов йўли билан мағлубиятга учратгани эди.Шунингдек у 1715-20 йилларда Шерғозихон дея ўз номи билан Хивада мадраса барпо этдириб тарихнинг ёрқин саҳифаларидан жой эгаллади.Гарчи Шерғозихон Бековични ҳийла билан бўлсада енгиб ғалабага эришган бўлсада,Россиянинг ўч олишидан чўчиб, тўхтаб қолган савдо ва дипломатик алоқаларни тиклашга интилади.Шу ниятда 1720 йилда ўз элчиси Увайс Муҳаммадни Россияга юборганди. У элчига берган ёрлиғида “ Бекович кўп сонли қўшин билан келиб хонликни босиб олмоқчи бўлганлиги учун унинг қўшинларига зарба берилганлиги уқтириб ўтилган” (Архив внешной политики России, ф.Сношений России с Хивой, д .1, л 85.).Бироқ Бекович ҳалокатидан қаттиқ қайғуга тўлган Россия ҳукумати Хива элчисини 5 ҳамроҳи билан Астрахандан соқчиларнинг қаттиқ назорати остида Петербургга келтириб, Петропавловск қамоқхонасига ташлайди.Шу тариқа элчи 1721 йилнинг 10 мартида қамоқхонада вафот этади.Қолган ҳамроҳлари эса 1724 йилда қамоқхонада уч йил ётгач каторгага ҳукм қилинади.
Элчилик шундай ниҳоясига етган бўлсада Шерғозихон дипломатик алоқаларни тиклаш ниятидан қайтмайди ва 1721 йилнинг бошида Бухорога рус элчиси Ф.Беневенининг келганлигини эшитиб,уни Хивага таклиф этади. Хоразмга келган элчини ҳурмат билан кутиб олиб у билан қайтишда Субҳонқули исмли кишини элчи сифатида Россияга жўнатади.Бироқ элчи 1725 йилда Пётр 1 вафотидан сўнг Петербургга етиб боради ва Шерғозихоннинг ёрлиғини рус ҳукуматига тобширади.Ҳа,Шерғозихон алоқаларни тиклашга интилган сиёсатчи эди. Афсуски, у 1726 йилда мадрасасини кўришга келганида, Эронлик қуллар унинг ёнидаги навкарлари озлигидан фойдаланиб тош бўрон қилиб ўлдирадилар.Натижада у ўз мадрасасининг кун ботиш томонидаги ҳужрага дафн этилади…
Пушкин айнан ана шу Шерғозихон ҳаёти ва унинг давлати, халқи ҳаётига қизиққан эди.
Шу билан бирга у «Шоҳ Султон ва шаҳзода Гвидон ҳақида эртак», «Мис чавандоз» каби достонлари ҳамда «Капитан кизи», «Дубровский» сингари насрий асарлари каби Пётр 1 давридан келиб чиқиб, Хоразм мавзусидаям достон ёхуд роман ёзишни ният қилиб қўяди.
«Арзрумга сайёхат « китобида у « дарял» сўзининг этимологиясига тўхталиб, бу сўз қадимий форс тилига оид «дарвоза» маъносини билдиришини айтади.
Шунингдек, ўша асарда шоир бир қишлоққа келиб, карвонсаройдаги одамлардан от сўраганини келтирган ва уларга айтган иборасини ёзган: « Вер менга от! « (яъни туркий ўғиз-хоразмликлар шевасида—Бер менга от!).
Умуман олганда Пушкин ижодида Шарқ мавзуси,Хоразмга қизиқиши баробарида, архив ҳужжатларини ўрганиш асносида, қолаверса Кавказга борганида туркий тилларни,ўғиз шевасини ўрганишга киришганини ҳам айтиб ўтиш керак.
Умуман олганда Пушкинда Шарқ мавзусига қизиқиш катта бўлиб, у араб, форс, туркий тиллардан рус тилига таржима қилинган асарларни ўқиб борар ва шулардан таъсирланиш натижасида ўзиям шарқ мавзуларида шеър, достонлар яратар,бу эса рус назмини янги оҳанглар билан бойитарди.
Бундан ташқари Фирдасвийнинг машҳур “Шоҳнома” асари В.А.Жуковский томонидан русчага таржима қилинганидан сўнг, рус адабиётидаям шу ва бошқа шарқона асарлардан таъсирланиш натижасида “Уруслан Лазаревич деган шонли баҳодир ҳақида достон “ номли асар юзага келган.Профессор Н.Гудзийнинг “ Хрестоматия по древней русской литературе Х1-17 вв” номли асарида ( М, 1947, 439 бет) ёзилишича, “Шоҳнома”нинг бир қанча сюжетлари туркий халқлар орасида кенг тарқалган бўлиб, оғиздан-оғизга кўчиб юрган ва улар орқали рус фольклорига кириб борган.Кейинчалик-18 аср охирида яратилган “Уруслан Лазаревич ҳақида қисса” ана шу йўл билан ўтиб, кучли ўзгаришга учраган “Рустам ва Суҳроб” (“Фирдавсий “Шоҳномаси” нинг бир қисми-У.Б.) достонининг бир вариантидир”.
Пушкин эса ана шу достондан таъсирланиш натижасида ўзининг “Руслан ва Людмила” достонини яратади.
Бундан ташқари Пушкин ва М.Ю.Лермонтов ижодида яна “Боқчасарой фонтани”, “Бостончи овули”, “Кавказ асири”, сингари шарқ мавзусидаги рус кишиси билан шарқлик инсоннинг ўзаро дўстлашуви ҳамда муҳаббатини тараннум этилувчи асарлар ҳам юзага келганди.
Айниқса Пушкин ижодидаги “Ҳофиздан”, “Арабий асарга тақлид”, “Қуръонга тақлид” шеърларида шарқона ва исломий руҳ яққол акс этган.Масалан,”Қуръонга тақлид” да:

Мардона бўл, алдовлардан ҳазар қил,
Ҳақ йўлидан бардам ташлагин одим…
дейилса , “Арабий асарга тақлид” шеърида
Бир умр уятчан бўлмагин,
Эй нозик навниҳол йигитча;
Ўша исён ўти танимиздадир,
Бир ҳаёт тарзи-ла яшаймиз икков…

деган сатрлар бор.
Ана шу каби Пушкиннинг шарқона таъсирланишини тадқиқ қилган Н.Г.Чернишевский “Қуръон мусулмон халқларига албатта ўзининг поэтик жиҳати билан кучли таъсир этган.Муҳаммадни ҳам биз жаҳонда яшаб ўтган улуғ шоирлардан бири деб тан олишимиз керак…Қуръоннинг поэтик нуқтаи назардан буюк асар эканлигига қаноат ҳосил қилиш учун бир неча саҳифасини ўқиб чиқиш кифоя, ҳеч бўлмаганда Пушкиннинг бу китобдан таржима қилиб келтирган парчаларни эслаб кўрайлик-бу таржимадан таржима, аммо қанчалик аланга бор унда” ( 16 том, 1953 й,Москва ,ПСС, 384-385 бетлар) дея ёзганди.
Пушкин ва Қуръон мавзусини тадқиқ қилган рус шарқшуноси И.С.Брагинский эса “ Пушкин шарқ мотивлари, жумладан Қуръон образларида декабристлар қўзғолони арафасида қаҳрамонлик ғоясини, фидойилик кураши ва букилмас матонатини ифодалаш учун бадиий шакл топганди”( “Народи Азии и Африкии” журнали, 1965, 4 сон, 124 бет) дея ёзганди.
Табиийки, бу ерда Пушкин Шарқ мотиви асосида ўзининг ғояларини ифодалашга бир баҳона, шунчаки бир усул бўлиб хизмат қилди, дейиш нотўғрироқ бўларди.Бу ўринда Пушкинннинг шоирлик қудрати шарқона руҳни ва маънони ўз ўқувчиларига туҳфа қила бориб кўнглидаги гапларни айтишга йўл тоа олганида, рус адабиётига шарқона оҳангни олиб кирганидадир.
Айниқса у Ҳофиз Шерозийнинг “Бўстон” асаридан шунчалик таъсирландики, “Бу чашмадан биздайларнинг кўпи сув ичган.Улар кетдилар—оламдан кўз юмдилар: Нега энди бу карвонсаройга кўнгил боғлайлик, дўстлар кетдилар, биз ҳам йўлдамиз” деган деган байтини “Боғчасарой фонтани” достонига эпиграф қилиб олади.
Шу билан бирга Вяземскийга ёзган мактубида “ўзаро айтганда достоннинг ўзи эътибор қилишга арзимайди, лекин эпиграфи ажойиб!Албатта у бутун достондан устун туради, мени ўзига ром этди.Саъдий ва Ҳофиз қалами яратган пинҳоний сирлардан хабардор бўлганимга қадар менинг шеърларимда нашъали жиҳатлар ва ҳаётсеварлик ҳиссиёти камроқ кўринарди” дея камтарлик билан ўзининг асаридан ғуруланиб кетмаган ҳолда Ҳофиз ҳамда Саъдий асарига катта баҳо беради.
Шарқ шоирларининг ва Қуръоннинг Пушкинга бунчалик таъсир қилишига сабаб, Александр Сергеевич уларда ўзининг руҳий ҳолатини ифодаловчи моҳиятни кўриб, англаб билганлигида эди.
Маълумки, Пушкиннинг дўстлар бўлмиш декабристлар қўзғолони бостирилгач, шоирнинг дўстлари ҳар томонга, кимдир сургунга, яна қайсисидир қочқинликга, ўлимга дучор қилинди.Саъдийнинг байти эса ажиб бир ихчамлиги билан Пушкин қалби тубидаги садони акс этдира олган, ҲАҚИҚАТни Қуръон,Саъдий байтлари аллақачон олам ва одамларга айтиб кетган эдики, бобоси мусулмон бўлмиш Иброҳим Ҳаннибалдек инсоннинг авлоди-Пушкинни бу ҳолат ғоят ҲАЙРАТга солди.
Ана шу ҳайрат эса фақатгина шарқ адабиёти билан танишишга эмас, Шарқга, Ўрта Осиёга талпинишгаям ундади.
Пушкиннинг Оренбургга бориб, Перовский ва у ерлик зиёлилар, савдогарлар билан учрашишидан мақсад ҳам аввало Пугачёв исёни ,ҳамда шунингдек Бекович ҳалокати билан боғлиқ,унинг Хоразмда ўлдирилишига оид тафсилотларни ўрганиш, шу мавзуда тарихий роман ёзиш учун хоразмлик савдогарлар билан мулоқат ўтказиш эди.

. . .

1833 йил 18 сентябр.Оренбургдаги Неплюев номли ҳарбий билим юртининг директори, инженер-капитан Константин Демьянович Артюхов шоирни шаҳарга кираверишда кутиб олди.
—Қадрдоним Александр Сергеевич!Сизнинг Оренбургга келишингизни губернатордан эшитиб ўзим кутиб оламан дея пешвоз чиқдим—деди йўл шубасида шарф билан ўранган шоир билан қучоқлашиб кўришаркан Константин Демьянович, -ахир биз сиз билан лицейдалик пайтингиздан дўстмиз.Қани, уйга кетдик.Йўл юриб чарчамадингизми? Перовский билан эртага, бироз ҳордиқ чиқарганингиздан кейин учрашарсиз.Бугун губернатор губерниянинг чекка жойларида.
Ғоятда шўх ва уддабурон директор шу тариқа Пушкинни тарантас( одам ташийдиган тўрт ғилдиракли арава)да ўз уйига олиб кетди.
—Қаранглар ким келди шаҳарга?—у хонадони олдида кутиб олган уйидагилар ва шогирдларига шоирни кўрсатди,-Генерал! Петербургдан генерал Александр Сергеевич келдилар.Ҳамма нарса тайёрми?—шундай дея қувончдан кулиб сўзларди Константин Демьянович.
-Қўйсангизчи Артюхов жаноблари.Уялтириб юборяпсиз—ҳовлиққанича мезбонлар билан саломлашиб чиқди Пушкин.
-Ҳазиллашиб айтаётганим йўқ.Ахир сиз қайси генералдан камсиз?! Негаки сизнинг Петербургдан келишингизга бутун губерния, шахсан Перовский жаноблари катта тайёргарлик кўрди.Подшо саройидан ревизор келганидаям бунчалик тайёрланмаганмиз—дея меҳмонни уйига бошлади Константин Демьянович.
Дастлаб уй эгаси ва меҳмон ҳаммомга тушишни маъқул кўришди.Чунки, ёмғир ёққани туфайли аравада шунча йўлни босиб келган Пушкин “йўл азобини рус ҳаммоми эсдан чиқариб юборади” деган мақолга амал қиларди.
-Йўл жуда чарчатиб юборди.Агар ҳаммомингиз уйингиздан узоқ бўлмаса бажонидил-дея таклифни маъқуллади Пушкин.
-Ҳаммом уй атрофида, шундоқ йўлакдан йигирма қадам нарида-деб меҳмонни бошлади мезбон.
Пушкин Артюхов билан гаплашиб кетаркан, устки лаби болалигидан иккига бўлингани, унинг ёши ўтганида ҳамон юзидаги белги сифатида сақланиб қолганини кўрди.
Меҳмон ҳаммомга кираверишда, унинг эътиборини торгани деворларга осилган овга оид расмлар бўлди.
-Овга ҳалиям қизиқаркансизда Константин Демьянович?-сўради Александр Сергеевич.
-Ҳа, оз-оздан бўшроқ вақт топдим дегунча даштга чиқиб кетаман.Истасангиз, сизниям эртагаёқ овга олиб боришим мумкин.-деди кулимсираб мезбон.
-Хўш, нималарни овлаяпсиз, ўрдакларними?-сўради қандайдир ҳайвонларга ачиниш туйғуси билан ҳаммомда меҳмон.
-Қўйсангизчи, ким ҳозир ўрдак овларди дейсиз!Менга ўрдак қандайдир жирканч ўрдакни эслатади.Доимо балчиқда ётади..Тф-у!Мен азизим ўрдак овламайман.Шундай кенг далага чиқаман-у, итни қўйиб юбораман.У ҳид олиб ўнг ва чап тарафга юра бошлагач, отишга арзигулик қандайдир ҳайвонлар итдан ҳуркиб қочишади.Мен эса уни “пақ” этиб отаман -дея худди овга чиққандек тушунтира кетди мезбон .
Шу тахлит улар ҳаммомда ювиниб, пиво ичишди ва бир қанча вақтдан сўнг, йўл азобини рус ҳаммомига ташлаб, меҳмонхонага чиқиб келишди.
…Тўкин дастурхон атрофида Артюхов ва унинг ҳарбий билим юртидаги кадет шогирди Николай Павлович Иванов билан Пушкин учаласи ўтиришарди.
—Танишинг, шогирдим Иванов, у сизнинг асарларингиз мухлиси, айни пайтда Осиё тарихига ғоятда ихлос қўйган ёшлардан—Артюхов шундай дея дастурхон ёнида чой қуйиб хизмат кўрсатаётган Николай Павловични мақтаган бўлди.
—Демак, Оренбургга келиб тарих билан ҳам ошно бўларканмиз-да-деди Пушкин Артюховнинг табассумли юзига жавобан кулимсираб.
Ана шу тариқа Пушкин, Артюхов ва Иванов ўртасида Оренбургдаги вазият, Ўрта Осиёлик савдогарларнинг бу шаҳарга келиб кетиши, ҳарбий билим юртидаги ўқиш шароити, сафар давомида Пушкиннинг кўрган-кечирганлари, Петербург ва Москвадаги аҳвол, умумий танишлардан тортиб дастурхонга тортилган Хоразм олмаси-ю, Тошкент узуми,Фарғона қовунининг таърифигача сўз борди.
Кун ботиб, тун чўккани деразадан билингач, Пушкин Артюховнинг мулозиматларига қарамай, дўсти Дальникига бориб ётишни маъқул кўрди.
—Владимир Ивановичнинг ўзини бу ерга чақиртириб хулус( қартанинг бир тури) ўйнардик-ку?, Хизматкорларимнинг ҳозиргина айтишича, у бир соатча олдин уйига келибди. Мен унга қойил қоламан-ки, илм дея Ўрта Осиёлик савдогарларга эргашиб уларнинг чегарасигача бориб келаверади.Адашиб кетмадингизми дея ҳазиллашиб ҳам тураман—кулди Артюхов,-ноилож сизни кузатишга мажбурман.
-Нима мен тўғри уйингиздан Москва ёки Петербургга кетармидим? Ахир яна уч-тўрт кун Оренбургда бўламан.Ўзингиз мақтанганингиздай бирга овга ҳам борармиз.Сизнинг моҳир мерганлигингиз Петербургда ҳам машҳур-ку, Константин Демьянович.
Шу тариқа Артюхов меҳмонини Дальнинг уйига тарантасда кузатиб қўйишни хизматкорига топширди.

. . . .

Владимир Иванович Даль (1801 йил 10 ноябрь—1872 йил 22 сентябрь ) Луганск шаҳрида врач оиласида туғилган бўлиб, 13 ёшида Петербургдаги денгизчилар тайёрлаш корпусига ўқишга кирганди.Ўқишни тугатиб эса Қора ва Болтиқ денгизидаги ҳарбий флотда 5 йил хизмат қилади.Денгизчиликдан истеъфога чиқиб Дерпт университетининг тиббиёт факультетини 1829 йилда тугатади ва рус қўшинидаги госпиталда ҳарбий врач бўлиб, 1831 йилда эса Польша билан бўлган жангда иштирок этади.1832 йилда Петербургдаги ҳарбий госпиталда, 1833 йилдан бўлса Оренбургга алоҳида ишлар бўйича губернаторлик амалдори бўлиб ишга келганди.У нафақат денгизчи ва врач, чор ҳукумати чиновниги, балки тилшунос, ёзувчи, этнограф, диалектолог сифатидаям ўз даврида ва ҳозирдаям машҳур .Даль тилшунос сифатида «Жонли рус тилининг тўлиқ луғати» номли 200 минг сўздан иборат машҳур асарини 53 йил давомида тўплаб ёзган. Бундан ташқари «Рус эртаклари» ва 4 китобдан иборат «Ҳақиқат ва афсоналар» тўпламини нашр этдирган.”Уральский казак”, “Бикей и Мауляна”, “Башкирская русалка”, “Небывалое в былом”, “Охота на волков”, “ Рассказ пленника Ф.Ф. Грушина”, “Рассказ об осае крепости Герата”, “Осколька льду” сингари асарлар муаллифи ҳам.
У Оренбургга Перовский генерал губернатор бўлиб келганидан кейин ишга келган,Пушкин билан эса уни Василий Алексеевич Жуковский(1783-1852) таништирганди.Шунингдек у ижодкор сифатида И.А.Крылов, Н.М.Языков,А.А Дельвигов,Н.В.Гоголь ва ака-ука Перовскийлар билан ҳам анча яқин дўст-улфат эди.
Дальга Перовский яратиб берган қулай имконият боис, у асосий вақтини илм ва ижод билан ўтказарди.Ҳатто, баъзан отда, баъзида савдогарларга қўшилиб туяда Хива хонлиги чегараларигачаям бориб келди.У Перовскийнинг энг ишончли одами бўлиб, Ўрта Осиё хонликлари билан боғлиқ маълумотларни генералга етказиб турар,Перовский бўлса шундан фойдаланиб Хивага юришга тайёрланарди.
У генерал Перовскийнинг маҳкама ишларини тезлик билан бажарар, асосий иши Ўрта Осиёликлар ҳақида маълумот тўплаш, бу маълумотлар манбаси Оренбургга келган хонликлар савдогарлари ва Ўрта Осиёга бориб қайтаётган рус тижоратчилари бўлиб, уларнинг кўписи билан дўст тутинганидан, суҳбат баҳона у ердаги вазият, хонликларнинг заиф ва устунликлари,ҳарбий ҳолат, халқнинг ҳукмдорларга муносабати, фан йўлида эса эртак, достон ва мақолларни ёзиб тўплаб юрарди.Хуллас, ўз даврининг кишиси сифатида Даль ватани манфаатлари учун хизмат қилувчи, тарихда эса тўплаган, ёзган асарлари билан боқий қолган буюк шахсдир.
—Азизим, Александр Сергеевич! Яхши етиб келдингизми?-Владимир Иванович шундай дея эндигина тарантасдан тушаётган шоирнинг олдига пешвоз чиқиб уни бағрига босди,—Очиғи сиз билан Оренбургда кўришамиз дея ўйламагандим.Кечирасиз-у бу ернинг табиий шароити Петербургникидан бошқача.Шу боис чарчаб келгандирсиз, гурунгларни эртага қўйиб бугун ҳордиқ чиқарсангиз.
Даль шундай дея шоир билан уйидаги каттакон хона тўрига келиб ўтиришди.
—Ҳозир хизматкорлар пиширган қозоқча бешбармоқни еб, кейин дам олармиз.
Владимир Иванович гапини тугатар тугатмас, столдаги нону, мева-чевалар ёнига Даль айтган таомни келтиришди.
—Мен икки соатча бўлгандир уйга келганимга.Хизматкорларимга ана шу бешбармоқни пишириб қўйинглар дея тайинлагандим.Қани овқатга марҳамат.Таомдан тортиб кўринг.Мазаси оғзингизда қолади.Ўзимизнинг таомлардан пиширтирмақчи эдим-у, Осиёликлар овқатидан еб кўришингизни истадим.Қолаверса, жаноб Перовский сизнинг келишингизни тайинлаб, неки Осиёча шароит бўлса, яратгин шоирмизга, токи Бухоро-ю, Хоразм , Самарқандда юргандек ҳис қилсин ўзини деганди.
Пушкин Артюховнинг хонадонидан ҳозиргина овқатланиб келганига қарамай, бешбармоқни бир оз тотиб кўрган бўлди-ю, мазаси ёққанидан Далдек иштаҳа билан қайта-қайта таомга қўл узатарди.
—Чой қайнатадиган сувгина Оренбургники, қолган мевалар бари Ўрта Осиёдан келган—Даль бармоқлариниям ялаб қўяркан кулимсираб гапирарди:—очиғи отда 30 чақирим йўл босиб чарчадим.Қозоқларнинг бир таниш оқини тўйга айтганди. Қарангки, у ердаям бешбармоқ, Оренбургдаям шу таом.Қанча есангиз ҳам егингиз келаверади.Қимизни-ку айтмай.Афсус, қимиз олдириб қўйиш эсимда йўқ.
-Қимиз? Эшитганман.Қозоқча овқат еявериб-у, қимиз ичаверсак оқин бўлиб достон куйлаб қолмай яна!—ҳазиллашди Пушкин кулиб.
-Мени-ку айтманг!Бир кун қозоқлар орасида, гоҳида хоразмлигу, самарқандликлар орасида юравериб, уларнинг топишмоғу, эртакларини тўплаб, савдогар ва муҳожирлари билан суҳбатлашавериб Осиёликнинг ўзи бўлиб қолдим-деди Даль, -бугунги тўйга боришдан ҳам мақсад, аввало ўша оқинни қутлаш,кейин уларнинг афсонасини ёзиб олиш эди.
-Хўш, қандай достон ёки афсона ёзиб олдингиз?-олдидаги бўшаёзган идишни нарироққа суриб сўради Александр Сергеевич.
-Айтсам, ҳайратланасиз, менимча, буни эртага эрталаб айтганим дуруст.Ҳозир чарчадингиз, -Даль бешбармоқни еб бўларкан , хизматкорини чақирди:
—Вадим, бўшаган идишларни олиб кўк ҳошияли дафтаримни келтир!
—Ахир сиз шунча йўл босиб афсона ёзиб келасиз-у, мен Петербургдан келиб эшитмай ётиб ухлайолармидим?-деди стол устидаги олмалардан еяркан Пушкин.
-Унда -Даль хизматкори олиб келган дафтарни очқилаб шоирга деди:-Сиз чарчаб қоласиз-да.Балки ҳаммом қабул қилиб чиқарсиз?
-Артюховникида Оренбургча ҳаммомга тушиб маз-за қилдим.
-Айтаман, йўл босиб келганингизга қарамай тетик кўринасиз десам бу рус ҳаммомининг натижаси эканда-кулди Даль Пушкинга қараб,- унда сизга қозоқлар орасида тарқалган афсонани ўқиб бераман.
Владимир Иванович шундай дея ўзини худди қозоқ оқинидай ҳис қилиб афсонани дафтарга қараганича ўқий бошлади:
— Ушбу афсона қозоқлар орасида кенг тарқалган бўлиб, Қалча Қодир ботир деган азамат ўз халқининг озодлиги учун курашган ботир сифатида машҳурдир.У шундай озодлик учун бўлган курашларда оғир ярадор бўлади ва саҳронинг қоқ марказида яёв қолиб кетади.Ёнида бошини кўтариб қўядиган бирорта одам ҳам бўлмайди; оғзи қақрайди, бир қултум сувга зор бўлади.Энди дунёдан умидини узиб ётган пайтида бирдан осмонда оққуш пайдо бўладию, тўғри ботирнинг устига қўнади: чанқоғини қондиради, ўлимдан асраб қолади.Сўнг кўл бўйига элтиб қўяди.Қуш ҳар хил гиёҳларни тўплаб келиб, дори-дармонлар тайёрлайди ва ботирнинг ярасини даволайди.Ниҳоятда ҳолдан тойган ботир бир куни эрталаб аранг кўзларини очиб, мундоқ қараса, ёнгинасида оппоққина қиз турибди экан.Маълум бўлишича, шу қиз илгари жодулаб қўйилган бўлиб, ботир ҳузурига оққуш қиёфасида учиб борган эди.Шундай қилиб, тақдир уларни қўшиб қўяди.Эр-хотин бўладилар.Улар ўғил кўрадилар.Фарзандига Қозоқ деб исм қўйилади.Бу бола “оқ қуш”дан туғилгани сабабли уни онасининг исми билан номлайдилар: “қазақ”.Қозоқдан учта ўғил туғилади: Ақарис,Беқарис,Жонарис.Уч жуз уруғининг шажараси ҳам ўшалардан бошланади: Ақарис-улуғ жузнинг йўлбошчиси,Беқарис-ўрта жузнинг йўлбошчиси, Жонарис-кичик жузнинг йўлбошчиси.Афсонада шундай дейилган.Албатта, афсона фақат афсона холос.Бироқ, қозоқлар орасида ҳозир ҳам “Қаз” деган уруғ бор.Қозоқлар Балхашни “Қаз кўли” деб аташаркан.Яъни, “Оққуш кўли” демакдир.Боз устига ўша жойда “Қаз қаъласи” деган шаҳар ҳам бор экан.Бу ҳам “Оққуш шаҳри” деганидир.Афтидан, худди шу сабабли қозоқлар ҳам бошқа халқлар каби оққушларни хосиятли жонивор дея билишади, уни овламайдилар, балки уни эъзозлайдилар.Халқ табиблари-бахшилар ва шаманлар бош кийимларини оққуш патлари билан беззатадилар.Ўша оқинникида ёш болаларнинг кийимлари оққуш ва ғозларнинг патлари билан безанганини кўрдим.
Александр Сергеевич , буни-ку афсона деб ўйларсиз.Мен бошқа бир манбада эса араблар Ўрта Осиёга келганларига оид воқеага дуч келгандим.Маълумки, араблар ўзларининг бадавий кўчманчиларини “хибай”, “хузагу” деб атайдилар.Улар кўчманчи қозоқларга дуч келгач, булар ҳам “хузагу”-жойдан жойга кўчиб юрадиган, гўё қўним билмайдиган қуш-ғоз-оққуш, дея ўйлайдилар.Ўшандан кейин бу халқнинг номи “қозоқ” атамаси сифатида муқим бўлиб қолади дейилганди манбада.
Энди , уйқунгиз келмаган бўлса, яна бир афсонани сизга ҳикоя қилсам,—деди Даль-бу сал бошқачароқ.Унга кўра, “қозоқ”, “алаш”, “уч жуз” атамалари бир-бирига уйқаш, бу сўзларнинг келиб чиқишини шу билан боғлаш мумкин.
— Артюхов ҳаммоми кишини тетик қилиб юборгани, қолаверса сизнинг суҳбатингиз уйқуни узоқларга қочириб юборди.Қолаверса, хаёлим ўша афсонадаги оққушда.Қани бу афсонанингизни ҳам эшитайлик-деди стол устидаги Андижон нокидан тотаркан Пушкин.
—Афсонага кўра, қадим замонларда дарё соҳилларида кўп сонли халқ яшаркан.Уни Қизил арслон исмли ҳукмдор бошқарарди.Бу хон қўни-қўшнилари билан гоҳ урушарди, гоҳ ярашарди.Бир гал у бой-бадавлат ҳамсоясига ҳужум уюштириб, жуда катта миқдорда ўлжага эга бўлади.Битта гўзал қиз асирликка тушиб қолади.Хон ўша қизни хотин қилиб олади.Орадан тўққиз ою тўққиз куну тўққиз соату тўққиз дақиқа ўтгач, ўша қиз ўғил бола туғиб беради.Лекин, гўдакнинг бадани олачипор-пес бўлиб туғилади.Хон ҳам, унинг фуқароси ҳам бу гўдакни кўриб, қўрқиб кетишади ва ундан қутилмоқчи бўладилар.Хоннинг тўнғич хотини—бойбичча қоравулларга: “Гўдакни дарёга ташлаб юборинглар!” деб буйруқ беради.Туғилган пайтидаёқ бутун бошли халқнинг юрагини ёриб юбораёзган гўдак, не ажабки, сувга чўкмайди.Гўдак сув сатҳида қалқиб-қалқиб оқиб кетади ва Дарё этакларида балиқчилик билан шуғулланадиган битта бефарзанд чолнинг қўлига бориб тушади.Худонинг иноятидан қувониб кетган чол гўдакни қутқариб, бағрига босганича уйига олиб кетади.Чол-кампир гўдакни парвариш қила бошлайдилар.Болакай “олачипор” бўлгани боис уни эркалатиб “Алаш” деб номлайдилар.Шу ном билан бола вояга етади.Орадан йиллар ўтгач, бола жуда ақлли, довюрак, бақуват ботир бўлиб улғаяди.Ўзининг ажиб фазилатлари билан кўпчиликнинг назарига тушади.
Унинг ҳақиқий отаси Қизил арслон халқи орасида машҳур бўлиб кетган навқирон азаматнинг ўз пушти камаридан бўлганини билиб, илгари қилган иши учун пушаймон ейди.Дастлаб, ботир ўғлини ўз қаватига тортмоқчи бўлади.Лекин Майқи бий деган амалдори маслаҳатига кўра, унинг ихтиёрига 300 нафар аскар берадию, олис саҳрога жўнатиб юборади.300 нафар довюрак, таптрртмас йигит кўплаб жангу жадалларда иштирок этиб қаҳрамонлик намуналарини кўрсатади ва ўзларининг ҳудудини мамлакат даражасида кенгайтириб оладилар.Улар Алашни оқ кийгизга ўтқазишиб, хон этиб кўтарадилар.Уларнинг жасоратини четдан кузатиб юрган одамлар ҳасад қилишиб ёвқур жангчиларни “қозоқлар”, яъни “ мустақил кишилар” деб атайдилар.Шундай қилиб, 300 йигит учта жузга ( юз-100) асос соладилар.”Жуз”-ўнта ўн дегани, қозоқлар яшайдиган мамлакат демакдир.Ўша оқинникида қозоқ оқсоқоллар “бизнинг бобомиз Алаш, бизнинг номимиз қозоқдир” дея гурунг қилганини эшитдим.Бу афсонага муносабатингиз қандай Александр Сергеевич?-деди столга қўлидаги дафтарини қўяркан Даль Пушкиннинг ўйчан кўзларига термуларкан.
-Мен бу афсонангизни эшитиб, Кавказда бўлганимда у ерда яшайдиган нўғайларнинг ҳам ўзларини эркин тутадиган довюрак, озод кишиларни “қозоқлар” деб аташганини эсладим.Ёки ўзимизнинг казакларни олайлик.Ўз хўжайинларининг зулмидан, қулликдан қочиб Сибирга, Уролга, Донга кетиб қолган рус деҳқонлари ҳам “ қозоқлар-казаклар” дея аталади.Уларнинг тушунчаси бўйича “қозоқ” сўзи “эркин” , “мустақил” деган маъноларни англатади. Кўплаб мақол, маталлар асосида фикр юритадиган бўлсак, “қозоқ” ва “казак” атамалари фақат ташқи фонетик жиҳатдан эмас, балки ички мазмуний жиҳатдан ҳам ўхшаш эканини кузатиш мумкин.Пугачёв исёни, унда фақат казак-у, рус мужиклари эмас, бошқирд, татарлар, қозоқлар, хуллас Ўрта Осиёликлар ҳам иштирок этишгани аниқ-ку.Хуллас, афсоналар тарих билан боғлиқ..Мана афсонадан айланиб мавзуга-Пугачёв исёнига қайтдик.
-Менимча, Александр Сергеевич! Энди мен ҳам, сиз ҳам чарчадингиз.Шу сабаб ухлайлик, мавзуни бўлса, сафар давомида гаплашаверамиз—деди эснаганича Даль.
Пушкин ётиш учун ўзига ажратилган хонага кираркан, Дальнинг китоб жавонини кўздан кечирди.Унда ўзининг “Евгений Онегин” ,И.И.Пнин,Н.М.Муравьёв сингари замондошларининг асарлари, “Современник”, “Молва”, “Колокол” журналлари бор экан.Александр Сергеевичнинг эътиборини сарғайган бир саҳифа ҳажмидаги варақа ўзига тортди.У Н.Муравьёвнинг “Қизиқарли суҳбат” номли христиан диний таълимотидаги қисқача савол-жавоб тарзидаги катехизис услубидаги мақоласи эди.Пушкин 1822 йилда ёзилган, аммо расмий нашрлар чоп этмаган бўлсада, халқ ўртасида тарқалиб кетган варақа тарзидаги суҳбатни Петербургда ўқиган эди.Энди мана орадан 8 йил ўтиб унга Далнинг уйида Оренбургда дуч келиб турибди.Шоир уйқуси келмаётганидан кравотни ғижирлатиб ётгандан кўра унга яна бир назар ташлашни афзал билиб, Н.М.Муравьёв( 1796-1843) нинг “Қизиқарли суҳбати”ни ўқий кетди:
-Озодлик нима ўзи?
-Эркинликдаги ҳаёт.
-Озодликнинг манбаи нимада?
-Барча фаравонлик Оллоҳдан.Оллоҳ инсонни ўзига ўхшатиб яратди ва яхши хислатлари учун мукофотлашни, ёмонлари учун абадий азобни, яъни жазони белгилаб инсонга озодлик инъом этди.Агар мажбурий қилинган яхши ишлари учун мукофотласа, ноиложликдан қилинган ёмонликлари учун жазоласа адолатдан бўлмас эди.
-Барча кўнглимга келган ишни қилишга ҳаққим борми?
-Бошқаларга зарар келтирмайдиган ҳар қандай ишни қилишинг мумкин.Бу сенинг ҳуқуқинг.
-Агар кимдир мени жиловлаб турса-чи?
-Бу сенга нисбатан зўравонликдир, сен унга қаршилик кўрсатишга ҳаққинг бор.
-Шундай экан, барча одамлар эркин бўлишлари керак эканда?
-Шубҳасиз.
-Барча одамлар эркинми?
-Йўқ..Оз сонли кишилар кўпчиликни қарам қилишган.
-Нега озчилик кўпчиликни итоатгўйга айлантиришган?
-Баъзиларнинг калласига ҳукмронлик қилишдек ножўя фикр келган бўлса, бошқасига Оллоҳ томонидан инъом қилинган табиий инсон ҳуқуқларидан воз кечишдек аҳмоқона фикр келган.
-Эркинлик учун курашиш шартми?
-Шарт.
-Қандай қилиб?
-Қадимда Русда ҳукм сурган қоида ва қонунларни қайтадан тадбиқ қилиш керак.
-Қадимда қанақа эди?
-Яккаҳоким шоҳлар йўқ эди.
-Яккаҳукмдорлик нима ўзи?
-Яккаҳукмрон шоҳ маълум ерни эгаллаб олиб, шу ҳудудда ҳеч қандай мулоҳазаларни,Оллоҳ ва одамлар томонидан яратилган қонунларни тан олмайди, ҳеч қандай сабабсиз хархашалари билан ҳукмронлик қилади.
-Яккаҳукмдор шоҳларни ким яратди ўзи?
-Ҳеч ким.Оталаримиз айтишган: шундай княз топайликки, у бизни адолат билан бошқарсин.Лекин ҳукмдорлар алдов билан оз-оздан татар хонлари ва турк султонларига ўхшаб чексиз ҳокимиятга эга бўлиб олишди.
—Яккаҳукмронликни Оллоҳ таъсис қилмаганми?
-Оллоҳ ўз меҳрибончилиги билан ҳеч қандай ёвузликни таъсис этмаган.
-Нимага бўлмаса,Худойим бермаса ҳокимият бўлмайди дейишади.
-Мустабид ҳокимият Оллоҳдан эмас, ҳар қандай эзгулик дарахти эзгу меваларни яратади.Эзгулик мевалари бермайдиган ҳар қандай дарахт кесилиб оловга ташланади.Қўй терисини ёпинган, оллоҳ номидан иш кўраётган ёвуз қашқирларга халоскор Исонинг қуйидаги сўзлари бор: “Қонунни бузаётганлар мендан эмас”.
-Бошқа ҳудудларда ҳам яккаҳоким шаҳар борми?
-Йўқ, ҳамма ерда яккаҳокимлик-аҳмоқлик, қонунсизлик дея қабул қилинади.Ҳамма жойда жоиз бўлган қоида ва қонунларга риоя қилинади.
—Яккаҳокимиятчиликда доимий қонунлар бўлиши мумкин эмасми?
-Яккаҳокимлик унақа қонунларни ёқтирмайди.Унга тартибсизлик ва доимий ўзгаришлар керак.
-Нега якккаҳокимлик қонунларни( ёқтирмайди) кўришга кўзи йўқ?
-Чунки, шоҳ нимани ҳоҳласа, шуни қилишга қодир.Бугун унинг хаёлига бир нарса келса, эртага бошқаси.Бизнинг қайғумиз уни қизиқтирмайди.Мақол бор: “Шоҳга яқин бўлиш ўлимга яқин бўлишдир”.
-Русда яккаҳукмдорсиз бошқарув қандай бўлади?
-Ҳамма вақт халқ вече ( йиғини) бўлган.
—Вече дегани нима?
-Халқ йиғини ҳар битта шаҳар вече қўнғироқлари остида халқ ёки сайланган фуқаролар йиғилишган ва ҳамма учун умумий бўлган масалалар ҳақида маслаҳатлашишган.Талабномалар таклиф қилишган, қонунлар қабул қилган.Қаердан қанча аскарлар олиш белгиланган; умумий келишилган ҳолда солиқлар белгиланган; аҳолини талаган ҳамшаҳарлар устидан суд жараёнлари ўтказилган.Бундай вечелар Киевда, Новгородда, Псков, Владимир, Суздал ва Москвада бор эди.
-Бундай вечелар нима учун ва қачон тарқатиб юборилган?
-Бу мўғул босқини вақтида бўлган.Бизнинг боболаримизни сўзсиз мустабид ҳокимиятга бўйсунишга ўргатишган.
-Мўғул-татарларнинг ғалабасига сабаб нима эди?
-Княз Вориков сулоласининг кўпайиши, уларнинг такаббурлиги ватанни мағлуб қилди.
-Нега бу ёвузлик мўғул татарларнинг ҳукмронлиги билан тугамади?
-Шарқона тушунчалар ва ўз соҳибига итоатгўйлик Россияга жуда кўп ёвузликлар келтирди.Боту ва Сартанга чидаган халқимиз мустабид Москва князлари ҳокимиятига ҳам чидаб келаверди.
Пушкин Муравьёвнинг суҳбатини ўқиб декабристлар қўзғолонини, исёнга чиқган дўстларини эслади.Император Александр Павловичнинг вафоти ва саройдаги воқеалар ҳақидаги хабар сургунда юрган Михайловское қишлоғига 10 декабр куни етиб келди.Шунда сургунда юриб зерикиб кетган шоир дўстларини кўриб келиш учун тайёрлана бошлади.Негаки, сарой алғов долғов пайтда сургундаги кишига эътибор кам бўлади.Шу сабаб Пушкин дўстлари билан дийдорлашишни маъқул топди.Энг яқини шаҳарга яқин Тригорск қишлоғидаги дўсти Рилевникига бориш эди.Шундай режалар билан Пушкин сафар тадоригини кўраркан, қўшнилар билан хайрлашиб чиққанича хизматкорига от-аравани тайёрлашни буюрди.Эътибор бериладигани шу бўлдики, қўшнисиникига боришда ва қайтишда ҳам шоирнинг олдидан қуён кесиб ўтди.Ирим-сиримларга ишонадиган Пушкинга бу яхшилик аломати эмас бўлиб туюлди.Бундан асаби таранг бўлган Пушкинга бу ҳам камдек у билан ҳамроҳлик қилмоқчи бўлган хизматкори тўсатдан мазаси қочиб ётиб қолибди.Шунда шоир бошқа бир хизматкорига аравакашлик қилишни тобширди.Ниҳоят улар дарвозадан чиқишгандики, уйлари олдида атайлаб қилгандек таниш руҳоний уникига келаётган бўлиб чиқди.Пушкин боя қуённинг олдини қайта-қайта кесиб ўтганидан асаби таранг бўлган бўлса, руҳонийнинг олдига чиқиши яна унга тўсиқ бўлиб кўринди.Шу тахлит у сафардан воз кечди.
Мана у Дальнинг уйида ётиб ўйлаяптики, иримлар бекорга олдига тўсиқ бўлиб чиқмаган экан.Агарки у йўлга чиқса Рилевникида ўтказилаётган декабристларнинг сиёсий мажлиси устидан чиқиб қолар экан.Табиийки, улар Пушкинни тантана билан кутиб олишарди.Табиийки, маслакдошлик шоирни дўстлари билан бирга сенат майдонидаги намойишга етакларди.Ўшанда шундай бўлганида у Оренбургга келолмас, Даль билан умуман кўриша олмасди.Декабристлар!Дўстларим!Мен сизларни қўллаб қувватлардим.
Ҳа, улар халқ эрки учун сенат майдонига чиқишганди.Бўлмаса улар оддий халқ ичидан чиққан фақир кишилар эмас, дворян, ҳарбийлар бўлишганди.
Декабристлар! Улар исёни тарихда қолажак!
Нариги хонадан хизматкорнинг хурраги бу ёқга ҳам эшитилаётганди.Шундагина у вақтнинг алламаҳал бўлганини англади ва шамни ўчирди.
…Кечаги узоқ суҳбат, қолаверса ҳар иккаласининг ҳам йўл юриб чарчаганиданми Даль ва Пушкин уйғонганларида соат эрталабки 10 дан ўтиб кетганди.Шу боис хизматкорлар тайёрлаган нонуштани апил-тапил ейишгач, Владимир Иванович губернаторлик маҳкамасига,Пушкин эса Перовскийнинг уйига меҳмондорчиликка борадиган бўлди.

. . .

1833 йил 19 сентябрь.Соат 12. Генерал –губернатор Перовскийга қарашли шаҳарнинг энг сўлим жойидаги шинам ҳовли.Икки қаватли, шаҳарнинг бешинчи даҳасидаги, Благовещенский черкови рўпарасидаги,Губерния кўчасидаги №1 уй асли полковник Тимашевнинг ҳовлиси бўлиб,олти-етти ой бурун Оренбургга губернатор бўлиб келганидан,Перовский ҳали ўзига уй қурмаган, бу ерда яшаб турганди.
—Самоварни қўйиб юбор, меҳмон билан чой ичайлик,—деди камен печкага ўзи ўтин ташлаганича Перовский камердинер(хизматкор)ига.
Стол устида Андижон ноки, Хоразм олмаси, Самарқанд анори, Тошкент узуми,Фарғона қовуни турарди. Пушкин ҳайратга тушди.
—Фақат нону чой Оренбургники, қолган мевалар Ўрта Осиёлик савдогарлардан сотиб олинган. Петербургни эсга олиб туришингиз учун ўзимизнинг бланманже( қаймоққа қорилган мағиз, шакар ва желатиндан тайёрланган ликлик) ҳам бор.—деди Перовский.
—Петербургда буларни фақат орзу қилиш мумкин.Ўсмирлик пайтимизда, ҳатто ҳозир ҳам олийнасаб рус хонадонларида дастурхонга тузланган қовун, нок ва шафтолилар тортиларди.Бундай экзотик меваларни «тузлабгина сақлаш мумкин», дея ўйлаганмизда.Очиғи,Оренбург Осиё чўлларига яқин қаъла бўлгани учун, кўпчилик қолоқроқ деб ўйлайди,аслида эса…—ҳайрат ила сўзларди Пушкин.
—Ўрта Осиёлик савдогарлар бу ердаги бозорга ёки Русия ичкарисига Оренбург орқали мева, пахта, жун, қоракўл, мўйна олиб келишади ва қайтишда биздан темир, жез, мих, идиш-товоқ, ёғоч маҳсулотлари олиб кетишади,—мақтанди чойдан хўплаб генерал.
—Оренбург катта губерния шекилли?!—сўради Александр Сергеевич.
—Ҳа, азизим, Оренбургдан Петербурггача почта аравада уч ҳафталик йўл, лекин саман отларда фельдъегерларим ( давлат хизматидаги махсус чопар) 8 кунда етиб бориши мумкин. Оренбургнинг бир томони Волганинг ўрта қисмидан то Орол денгизигача, яна бир томони Екатеринбургдан Каспийгача чўзилган.У Кама,Каспий денгизи,Ғарбий Сибирь ва Қозоқ чўллари орасидаги улкан ерлардан иборат .Расман губерния Уфа, Исет, Ставрополь ва Оренбургдек тўртта катта ўлкадан ташкил топган.Жуғрофий ҳисоб китобларга кўра 1 млн,525 минг квадрат километрдан иборат.Губерниям ғоят кенг,баҳаво жойлар.Умуман бу ерда турмуш ёмон эмас.Ҳамма шароитни яратиб қўйганман. Бироқ, ёзда жазирама иссиқ, қурғоқчилик.Ҳаттоки,Ўрта Осиёдан келган туялар иссиққа зўрға чидаб оғзидан кўпик сочишади.Ҳар ҳолда Петербург эмас.Шунинг учун ҳам тез-тез пойтахтга бориб тураман-да. Ахир бу кенгликларда юравериб офтижонлар билан танца тушишни ҳам унитиб юбормасам яхши эди деб қўяман.Албатта бу ҳазил.- -дея кулиб жавоб берди генерал ва сўради:
—Қайси шаҳарлар орқали келдингиз?
—Петербургдан Москвага, у ердан Нижний Новгород,Қозон орқали Симбирскга ва у ўлкадан 16 сентябрьда сизнинг губерниянгизга.Кеча -18 сентябрда эса шаҳарга келдим. Шундай катта ҳудудга хўжайинлик қилаяпсиз, чакки эмас жаноб Перовский.
—.Меникига келсангиз, кечга қараб уйда бўлардим.Губерниянинг чекаларини айланиб келишга кетгандим, кечқурун сиз билан гурунглашиб Петербург-гу Москани айлангандек бўлардим.Оғайниларимни сўрардим,— Перовский—ахир биз олдиндан танишмиз.Қолаверса катта акам Алексей билан дўстсиз.У ҳам сиздек ижодкор бўлса!
—Тўғриси,—дея Пушкин Хоразм олмасидан еяркан суҳбатдошига деди—тўғриси, сиздек катта ҳудуд хўжайинини ишдан қўймай дедим, қолаверса йўл юриб чарчаганимдан бироз Константин Демьянович Артюховникида чарчоқни ёздим.У ҳам эски қадрдонларимдан—1817 йилда мен лицейда ўқиётганимда танишганмиз.Ўшанда Константин Демьянович ҳарбий инженерлик билим юртида таҳсил оларди. Ҳозир у губерниянгиздаги Неплюев номли ҳарбий билим юртининг директори экан.Билим юртида талабалар билан шеърият оқшоми ўтказишни таклиф қилиб қолди.Бироқ чарчаганимдан мушоирани кейинга қўйиб, унинг уйида чой ичиб, ҳаммомга тушдик.Кейин эса Владимир Иванович Дальникига br /бордим.
Перовский хохолаб кулди ва мўйловини сийпалаганича столдаги Тошкент узумига қўл чўзаётиб:—Сиз ижодкорларнинг қандай чарчоқни ёзишингизни биламан.Эрталабгача Даль билан адабиёт, тарих, туркий тил—хуллас шунақанги мавзулар тўғрисида гурунглашгандирсиз?Ахир акам Алексей ҳам уйга ҳориб бир жойдан келсаю,шу пайт бирон ижодкор йўқлаб келса, дам олиш қаёқда, алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришаверишарди.Хулус( ўша даврдаги қимор ўйинларидан бири) ўйнамадингизми ўзи, албатта бу ҳазил—деди ёшлигини эслаб.
—Йўқ жаноб граф.Хулус, бундан ташқари бостон, вентэнь, макао, штос сингари карта ўйинлари ўйнашдан кўра суҳбатлашишни афзал кўрдик. Даль ажойиб олим ва ёзувчи.У туркий тиллар, уларнинг шевалари орасидаги фарқ бўйича кўплаб маълумотлар тўплаб, фольклорга , тарихга оид қўлёзмаларни ўрганаётган экан.
—Александр Сергеевич! Уни сиз олим деб жуда яхши таърифладингиз.Бундан ташқари у меним қўл остимда ишловчи амалдор ҳам.Бу йил баҳорда махсус топшириқлар бўйича чиновник қилиб ишга олдим.Олимлигини, ёзувчилигини билганим ва ҳурмат қилганим учун кўпинча баъзи расмиятчилик ҳамда бюрократик ишлардан озод қилиб қўяман.Шу боис кўплаб маълумотлар тўплаяпди.Баъзида гурунглашиб қолсак, менга Ўрта Осиёликларнинг эртак,достон, мақолларини айтиб беради.Уларнинг тилини ҳам ўрганаяпди.Айрим пайтлари уларнинг шарадаси (топишмоқ)ини айтиб қоладики, қани топаолсам.
—Дальнинг тўплаётган «Жонли рус тилининг тўлиқ луғати»да кўплаб биз ҳам ишлатадиган ва Ўрта Осиёликлар тилидан кириб келган арқон, овул, бўз,карвон,ўрда,сандиқ, халат,чубуқ,шашлик,ёрлиқ сингари кўплаб сўзлар бор экан—ҳайратланиб сўзларди Пушкин.
—Ҳа, айниқса Оренбургда бундай сўзларни кўп ишлатишади.Бу ер Ўрта Осиёдан келадиган ва у ерга кетадиган шаҳар бўлганлигидан, айрим пайтлари Шарқдаги ўлкага ҳам ўхшаб кетади.Ҳозирда мен бир нарсани режалаштирганман.Яъни Оренбургда худди шарқ шаҳарларидаги каби савдогарлар учун барча шароитларга эга карвонсарой ҳамда масжид қуришни ўйлаяпман. Брюллов деган зўр рассом бор.Унга ана шу иншоаатларнинг лойиҳасини чиздирмоқчиман. —дея қўлини столдаги Андижон нокига узатди генерал.
—Брюллов ажойиб рассом.Бундан икки-уч йил олдин у Рафиқам Натальянинг расмини ҳам худди ўзидек қилиб чизган.Агар унга топширсангиз, лойиҳани Бухоро ёки Хивадаги карвонсаройдек,Самарқанддаги масжиддек қилиб чизишига ишонаман.Зўр ғояни ўйлапсиз.Ахир, бу ер Ўрта Осиё билан чегера ҳудуд бўлганидан кейин, қолаверса мусулмонлар кўплиги учун шундай қилсангиз, улар тили билан айтганда катта савобга қоласиз…Буни қаранг, кеча Оренбургга кирганимизда,губернаторлик маҳкамасини йўлда учраган мусулмон ва бирга кетаётган рус савдогаридан сўрадик.Ўша мусулмон кавказлик ёки бошқирд деб ўйласам,хоразмлик экан.Қизиқ-а, бу ер худди айтганингиздек Осиёнинг ўзгинаси.Самарқанд,Ҳирот, Тошкент савдогарини ҳам учратиш мумкин.Артюховнинг айтишича Оренбургда хоразмлик, бухороликларнинг алоҳида маҳаллалари ҳам бор экан-а!—деди ҳаяжонланган Александр Сергеевич дастурхондаги Тошкент узумига қўл чўзаётиб.
Хоразм сўзини эшитиб, Перовскийнинг авзойи ўзгарди.
—Хоразм савдогари.Улуғ Пётр 1нинг Хива хонидан ўч ололмай кетганидан биз генераллар хулоса чиқаришимиз керак.Яъни,хонликни забт қилиб, у ердан бутун Ўрта Осиёни ўзимизга қарам қилсак, Пётрнинг армони ушалган, дастурхондаги мана бу меваларни эса ўша савдогарлардан сотиб олиб ўтирмаган бўлардик.Улар бизга нафақат меваларни,қимматбаҳо маъданлари, олтинлариниям совға, инъом тарзида жўнатиб туришарди.Айниқса, кейинги пайтларда Хивага тобе ёвмудларнинг қароқчилиги одамнинг асабини ўйнатаяпди.Улар карвонларга ҳужум қилиб туришади.Қароқчи қароқчида, у билан сулҳ туза олмайсан.Барча қароқчилик учун Хива хони жавоб бериши керак.Тез-тез одамлар ўғирланиб олдин Хивадаги қул бозорида сотиб юборилади.Йўқолган одам қайтиб келолмайди. Хивадан Қўқонга,ундан ҳаттоки Туркияга сотиб юборилади. Оренбургликлар шунинг учун ҳам «Хивадан ўч оламиз» деган қўшиқ тўқишган.Ҳозир Хоразмда кўплаб бизнинг одамларимиз қул сифатида сақланаяпди.1500 чақиримча келадиган кимсасиз чўл Хивани барча қўрғонлардан ҳам яхшироқ мудофаа этмоқда, жазирама иссиқ ва сувсизлик хоннинг асосий мудофаа қўрғони бўлиб келмоқда.Бироқ, биз боя айтганимдек,Пётр армонини ушалтириш учун, умуман Оренбург ва Оролбўйи чўлларида Хива деворларини қулатмагунимизча менга тинчлик йўқ.Биз, ҳарбийлар Хива тўғрисидаги афсоналарни чиппакка чиқарамиз!—ҳарбийларча фикр юритди Оренбург ҳокими.
—Менимча, муносабатларини дипломатик йўл билан ҳал қилган маъқул,—деди Пушкин.
—Сиз буюк шоирсиз-а! Гоҳида сиз билан дўстлигимизни биладиган Петербургдагилар,ҳарбий вазир Чернишев ҳам, « Хивани забт қилмоқчи бўлган хаёлпараст,шоирлар билан дўстлиги яхшиликка олиб келмайди» деб куюнади,—хохолаб кулди Перовский ва гапида давом этди.—Мен эса хаёлпараст эмаслигимни, Пётр армонини ушалтириш мумкинлигини император аъло ҳазратларига исботлаб бердим. Жаноблари хонликка юриш қилишликка рози.Фақат молия вазири Кошкин хазинада пул йўқ дея нолияпди.Ахир хазинага пулни у ерни босиб олгач, тўлдириш мумкин—ку. Канцлер Несельрод эса Англиянинг Ўрта Осиёда манфаатлари бор ва у «хафа бўлиши мумкин» деяпти.
Пушкин насиҳат билан генералнинг дунёқарашини ўзгартириш мумкин эмаслигини англаб, мавзуни ўзгартиришга қарор қилди ва қўлига қадаҳни олиб, шеър ўқиди:

Эсимдадир ажиб дам ҳали:
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Пок гўзаллик даҳоси каби,
Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.

Ғам-аламдан дилим ёнганда
Тушларимда кўрдим чеҳрангни,
Ҳаётдаги бўм-бўш суронда
Келиб турди товушинг жаранги.

Йиллар ўтди.Исён бўрони
Хаёлларим совурди дилдан.
Ва унутдим дилбар садонгни,
Ўчди азиз чеҳранг ёдимдан.

Қувғинликнинг чангида нурсиз
Ғамга тўлиб кунларим ботди;
Худо, илҳом ва кўз ёшисиз,
Ишқ, изтироб,ҳаётсиз оқди.

Мана,қалбга ошно бўлди най,
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Гўзалликнинг соф парисидай,
Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.

Руҳим яна уйғонди бу дам,
Яна унда тирилди нажот;
Яна дилда худо ва илҳом,
Кўз ёшию, муҳаббат,ҳаёт.

—Тасанно! Офарин!—деди ароқни симириб бўлгач генерал.-Сиз буюк шоирсиз.Айни пайтда Шарқ шеъриятини ҳам яхши биласиз.Ҳофиз Шерозий асарларини таржима қилганингизни биламан.Қуръонга тақлидан шеър ёзгансиз-а?Анов куни «Арзрумга саёҳат» асарингизда «араба», «арқон», «арк», «омонат» каби туркий тилга оид сўзларни қўллаганингизни ўқидим.Ижозат берсангиз, шарқ мавзусидаги бир шеърингиз ёдимга тушди, шуни ўқиб берсам:

Яланг қояларга сира тўхтамай
Денгиз ҳамишалик чайқалиб урган,
Иллиққина порлаб кўкда тўлин ой
Туннинг ширин пайти жилмайиб турган,
Ҳарамда мусулмон,кайфини суриб,
Жоду қиз эркалаб,нозланиб туриб
Қўлимга тутқизган эди бир тумор.

Эркаланиб туриб менга дедики:
«Менинг туморимни йўқотмай сақла.
Унда сирли куч бор,муҳаббатимки
Бағишлади сенга, сен уни оқла!
Бўронда,довулда,мудҳиш тўфонда—
Касалдан,ўлимдан,тўфондан,эй ёр,
Бошингни сақламас ҳеч бир маконда
Сенга мен бахш этган сеҳрли тумор.

Шарқнинг сон-саноқсиз давлатларини
Бағишламас сенга бу тумор ҳеч ҳам,
Ҳамда пайғамбарнинг умматларини
Бош эгдириб сенга қилмайди қарам;
Ҳамда сени ғамгин бу узоқ юртдан
Дўстлар оғушига,ватанга,дилдор,—
Шимол сари,она юртга жанубдан
Учириб еткизмас мен берган тумор…

Ва лекин макрли,ҳийлакор нигоҳ
Мафтун этиб қўйса сани даъфатан,
Ё зулмат кечада дудоқлар ногоҳ,
Севмасдан бўсалар олса лабингдан,
Азиз дўст,ўшандай бир жиноятдан
Юракка янгидан қўймай дард,ғубор;
Хиёнат,унутиш каби ҳолатдан
Сақлаб қолар сени мен берган тумор»

—Раҳмат,жаноб граф! Ҳа,Шарқ шеърияти,ҳаёти мўъжиза.Мен бу борада насрий асар, Бекович ҳалокати,Хива хонлиги билан боғлиқ роман ёзиш ниятидаман.Оренбургга келишдан мақсад ҳам, аввало сизни зиёрат қилиб, гурунглашиш, кейин Пугачёв қўзғолони ва Хоразм билан боғлиқ материаллар тўплаш.Бунинг учун Ўрта Осиёлик савдогарлар билан учрашищдир,—мақсадини аён қилди шоир.
—Бу борада сиз жанобларига Даль катта ёрдам бераолади.Икковингиз бозорни айланишингиз, Ўрта Осиёлик савдогарлар , маҳаллий халқ билан ҳам суҳбатлашишингиз мумкин.Хўш, бизга яна қандай хизмат бор.Тортинмай айтаверинг.Ахир сиздек бобоси Улуғ Пётр қўлида таълим тарбия топган кишининг авлодига хизмат қилиш каминадек оламшумул довруқ қозонмоқчи бўлган генераллар учун шараф.Акам билан дўстлигингиз эса менга сизнинг олдингизда янада маъсулиятли бурч юклайди.Қолаверса—дея мақсадини аён қилиб қўйди—граф Перовский—Петербургга борганда нозанин жононларга Буюк Пушкин меникида меҳмон бўлган дея мақтаниб юрамизда!Айтмоқчи гўзал балерина Авдотья Ильиничнанинг балетларига олдингидек ҳозир ҳам кўп одам тушаяптими?Оҳ нақадар жонон-да ўзиям.Адашмасам 34 ёшга кирсаям 15 яшар қиздек чарақлаяпти-да—деди мўйловини сийпалаганича Перовский.
—Истоминани айтаяпсизда?!. О! Унинг санъатига мафтун бўлмаган киши Россияда бўлмаса керак.Агарки у ҳақдаги таърифларингизни эшитса унинг бошқа ишқибозлари дуэлга чорларди дея ўйлайман-ҳазиллашди Пушкин генералга кулимсираб.
Бу ҳазил эса Перовскийнинг янада завқини оширди:
-Истомина учун дуэлга чиқишнинг ўзи шараф-ку.Оҳ, қандай гўзал жонон-а—дея генерал ароқнинг кайфидан ҳузурланиб гапирарди-сиз Шереметьев билан Завадовскийнинг фожиали дуэлини назарда тутаётирсиз чамамда, тўғрими? Афсуски, мен ҳарбий арбоб, энг асосийси моҳир мерган бўлсамда одатга айланиб қолган дуэллар кўпчилик Улуғ Россиянинг даҳо фарзандлари умрига зомин бўлгани учун ачинаман.
-Ҳа, дуэл эркаклар учун ўз иззат-номусини ҳимоя қилишга айланди.Энди бояги Истомина масаласига келсак, мен “Евгений Онегин” поэмамда уни таърифлаб ўтганман- мақтанди шоир ҳам Авдотьянинг гўзал чеҳрасини кўз олдига келтираркан.
—Ў-ҳў!Унда сиз туфайли офатижон балерина тарихга кириб қолибди-да-деди генерал Пушкинга.
—Менсиз ҳам у тарихда қолгулик иқтидорли рус аёли, гўзал балерина-дея жавоб берди Пушкин   мағрурланиб.
-Иқтидорига-ку гап йўқ, аммо гўзаллигигаям гап йўқ-да, қўйинг энди уни таърифлайвермайлик.Бўлмаса, сиз билан эрта-индин Петербургга кетиб қолишим, Истоминанинг балетига тушиб жононлар билан маскарадларда иштирок қилгим келиб қолади.Шу боис унга бағишланган жойини ўқинг-чи поэмаингиздан,—кулганича деди Перовский.

… Бино тўлган.Ложалар порлар.
Мавж зўр партер ва курсиларда.
Устки қават бесабр чорлар—
Кўтарилар шиғиллаб парда.
Сир-сеҳрли комонча кўйи
Чин парилар давраси аро
Истомина турар, дилрабо.
Ерга тегар-тегмас бир оёқ,
Бир оёқда айланар бирдан;
Пат учгандек Эол лабидан
Ногоҳ сакрар, ҳаволар шу чоқ.
Бурар, тиклар қоматин гулруҳ,
Оёқларин уриштирар шўх.
Қарсак, олқиш…

—завқланиб худди балет томоша қилаётгандай шеър ўқиди Пушкин .
—Тасанно! Сизнинг шеърингизгаям, Истоминагаям!Айнан шу сабаб яна бир қадаҳ ароқ ичмасак бўлмайди-Перовский Пушкиннинг илтифотиниям кутмай ўзи ароқ қуя бошлади.
—Истомина учун бўлса, ичганим бўлсин-Пушкин Перовский узатган тўла қадаҳни қўлига олди-айни пайтда жаноб генерал сизнинг санъат қадрига етганингиз учун ҳам!
-Ў-ҳў! Мен санъатнинг ҳам, сизнинг ҳам , айни пайтда гўзал балериналарнинг ҳам қадрига етаман.Ахир шунчалик нозик санъат, худди ўзларидек -бир кўтаришди ароқни бўшатди генерал.
—Илтифотингиз учун раҳмат—деди генералнинг сўнгги сўзлари ёқинқирамаган шоир графга жавобан—Энди асосий масалага қайтсак.Дальдек зукко инсон билан Оренбургни айлансам ва уни бир-икки кун маҳкама ишларидан озод қилиб турсангиз,шунинг ўзи менга катта ёрдам.
—Жоним билан—генерал шундай деб ўрнидан тураркан қадаҳларга қайтадан ароқни қуйди—Нафақат бир-икки кун, Даль хизматидан ҳоҳлаганингизча фойдаланинг.
Шундан сўнг Пушкин ва Перовский ҳашамдор уйда ўтирганларича алламаҳалгача империяда кечаётган аҳвол, Петербургдаги ҳаёт ҳақида гурунглашдилар.
—Азизим, эшитгансизми йўқми билмадим, бир куни князь Меньшиков ҳурматли подшоҳимиз Пётр ҳазратларининг масхарабози Аксотанинг бир ҳазилидан жаҳли чиқиб, дағдаға қилибди:
—Сени шунақа калтаклайманки, туғилганларингга пушаймон бўласан ҳали!
Шунда эсхонаси чиқиб кетган масхарабоз югуриб подшоҳимиз олдига борибди ва қаҳри қаттиқ князнинг гапини оқизмай-томизмай шоҳимизга тўкиб солибди.Бу гапдан подшоҳимиз кулиб юборибди ва масхарабозига далда берган бўлиб, шундай дебди:
-Агар Меньшиков сени уриб ўлдиргудай бўлса, мен уни осиб ўлдираман!
Шунда Аксотанинг жасоратли ақлини қарангки, Александр Сергеевич, подшоҳга : “ Олампаноҳ! –дебди титраб-қақшаб,-князни осиб ўлдирасизми, отиб ўлдирасизми-ўлиб кетганимдан кейин бунинг менга ҳеч қизиғи йўқ.Нима қилганингизни кўзим очиқ пайтда кўрмоқчи эдим” деган экан масхарабозлигига бориб.Хуллас, Петербургда бунақанги ривоятларни кўплаб эшитиш мумкин.Оренбургда шуларни эслам айтиб юраман-Перовский шундай дея Пушкинга термулди, .—уйқунгиз келаяптими дейман,Александр Сергеевич,эснаяпсиз, унда ҳаммомга тушинг,Камердинерим худди Петербургдаги ҳаммомдек қизитиб қўйган бўлса керак.Суҳбатни эрталаб давом этдирамиз.Айтишадику, ахир «Утро умней, чем вечер» деди ўзиям эснаганича граф.
—Утро вечера мудренее, —(«Кеча ётиб ўйла, эрта туриб сўйла»)—тузатди Пушкин Перовскийга қараганича…
Эрталаб эса вақтли турган шоир ва генерал нонушта қилишгач, камердинерлар генерални губернаторлик маҳкамасига олиб боришди.Пушкин бўлса Даль билан бирга шаҳар чеккасига сайрга чиқишди.

ДАВОМИ БОР

— 007Siz buyuk shoirsiz-a! Gohida siz bilan doʻstligimizni biladigan Peterburgdagilar, harbiy vazir Chernishev ham, “ Xivani zabt qilmoqchi boʻlgan xayolparast, shoirlar bilan doʻstligi yaxshilikka olib kelmaydi” deb kuyunadi,—xoxolab kuldi Perovskiy va gapida davom etdi.—Men esa xayolparast emasligimni, Pyotr armonini ushaltirish mumkinligini imperator aʼlo hazratlariga isbotlab berdim. Janoblari xonlikka yurish qilishlikka rozi.Faqat moliya vaziri Koshkin xazinada pul yoʻq deya noliyapdi.Axir xazinaga pulni u yerni bosib olgach, toʻldirish mumkin-ku. Kansler Neselrod esa Angliyaning Oʻrta Osiyoda manfaatlari bor va u “xafa boʻlishi mumkin” deyapti...

Umid Bekmuhammad
XORAZMGA TALPINGAN PUSHKIN
Roman-esse 
gʻ11

Umid Bekmuhammad 1975 yilda Xorazm viloyatining Gurlan tumanida tugʻilgan.1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakultetini tugatgan.Uning Oʻzbekiston va xorijdagi 55 ta gazeta va jurnallarda 600 ga yaqin maqolalari, “Xorazm tarixidan sahifalar”,“Navoiyning armonlari”, “Qatagʻon qurbonlari-5 kitob”, “Qatagʻon qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Gurlan tarixi”, “Amudaryo”, “Moziyning qora kunlari”, “Harbiy hiylalar”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Xorazmga oshufta koʻngil”, “Tarixga bogʻlangan taqdirlar” kabi 30 ta kitobi “Pushkinning armonlari” roman-essesi nashr etilgan.

. . .

… Jodugar aytgan bashorat toʻgʻri chiqishini u oʻz doʻstining ertasi kuniyoq duelda halok boʻlganidan soʻng anglab yetdi.Natijada Aleksandr yoshligida opasi Olganing shunchaki suhbatlar asnosida aytgan gapini esladi:
—Hayotda tasodiflar yoʻq..Biz tasodif deb biladigan voqealar ortida esa taqdirning ogohlantirishi yotibdi.Sasha, men senga sharqda tarqalgan bir kichik rivoyatni aytib beray,—Olga shunday deya ukasining tiyran koʻzlariga termularkan , biroz sukutdan soʻng gapini davom etdirdi:—Bir kambagʻal boyib ketishni judayam orzu qilarkanki, erta-yu kech Ollohdan shu istagi roʻyobga chiqishini tilarkan.Nihoyat uning ohlari Yaratganga yetib boribdi va ul zot farishtalariga debdi:
—Bu bandam mudom boylik soʻrayverib nola qilaverdi.Shu bechoraning yoʻliga 5-6 oltin tanga tashlab qoʻyinglar!
Olloh amri vojib.Farishtalar amrni bajarib, bechora kambagʻalning har kun yuradigan yoʻliga oltin tangalarni sochib chiqishibdi.Buni qaraki, Sasha! Oʻsha bechora har kungi yoʻlidan yursada, oyoq ostidagi oltinlarga eʼtibor bermay oʻtib ketaverarmish.Demak, xulosa shuki, kimki boylik istasayu, loaqal oʻz oyogʻi ostiga qaramasa, bunday taqdir ogohlantirishini sezmasa kimda ayb?
—Albatta oʻzida-da-dedi Aleksandr.
—Ha, shunday ukaginam Sashenka!Ana shuning uchun ham men doimo senga taqdirimizni oʻzimiz yaratamiz deb aytaman-ku.Oʻsha bechoraning nolasini Olloh eshitib unga yordam qoʻlini choʻzdi, ammo u faqir, saxovat qoʻlidagi oltinlarni ololgani yoʻq.Yaʼni, inson boshiga kelayotgan turli muammolar, musibatlar, yoʻl qoʻygan xatolar bandalarning baxtsizligi oqibatida emas.Aksincha odamzotning kamchiligi boʻlgan xulq atvoridagi qusurlar tufayli roʻy beradi.Inson qiyinchiliklarnigina yengib feʼlidagi qusurlardan qutula boraveradi.Aniqrogʻi, biz xatolikka yoʻl qoʻyganimizdagina, gunoh qilganimizdagina muammolar toʻri paydo boʻlaveradi.Muammo tufayli xatolarimiz-u, gunohlarimizni anglayveramiz.Toʻgʻrisi, anglayolsagina inson kamol topadi va shakllanib boraveradi.Agarki, kimningdir oilasiga biron bir falokat kelayotgan boʻlsa, taqdir shundan ogoh qiladi.Bu odatda insonning tushida yoki qaysidir voqea-hodisa orqali ayon boʻladi.Buning uchun sinchkov boʻlish, hayotdagi voqealarni kuzatib unda tasodiflar yoʻqligiga amin boʻlish mumkin.
Aleksandr, endi men senga uzoqdagi sharq rivoyatini emas, oʻzing ham taniydigan Moskvalik dugonam Katyaning hayotidan bir fojiani hikoya qilaman.
—Meshchanskayani aytyapsizmi? Huv litseyda doim birga yuradigan sepkilli qiz-mi?—soʻradi nimanidir eslab Sasha.
—Ha, oʻsha, eshitgandirsan uning yolgʻizgina qizalogʻi suvga choʻkib oʻldi-ku.Bu esa birdaniga boʻlmadi.Oʻsha qizaloq 3 yoshligida kir yuvadigan togʻoradagi issiq suvga tushib ketib ancha joyi kuygandi.Oʻshanda Katya uyiga tasodifan kelgan mehmon bilan boʻlib, togʻora yoniga borib qolgan qiziga eʼtibor bermagan. 4 yoshga yetar yetmas esa quduqqa tushib ketishiga salgina qoladi.Undayam Katya quduqdan suv olmoqchi boʻlib turganida qoʻshnisi bilan gaplashib qiziga eʼtiborsiz qaragan.Qaragin-a, hammasi suv bilan bogʻliq.Bunday olib qaraganda oddiy voqeadek, lekin u takror sodir boʻlayapdi! Demak, bir voqea ikki marta takrorlandimi, bunda bir qonuniyat, bir sir bor.Uchinchi bor boʻlsa qishloqqa borganlarida 5 yoshga endigina toʻlgan qizaloq buvisining uyi yonidagi anhorga tushib choʻkib ketadi.Bu esa fojia.Agar Katya oldingi ikki holatga eʼtibor berganida edi, qizalogʻim ulgʻayib qoldi deya uni buvisining uyida nazoratsiz qoldirmasdi.Xullas, Sashenka taqdir ogohlantirishlariga eʼtibor berib yurish kerak.
Aleksandr opasining nasihatomuz bu gaplaridan sergaklanib atrofiga bir qarab qoʻydi.Shunda negadir koʻz oldiga oq ot va oq-sariqdan kelgan baland boʻyli kimsa koʻrinib ketgandek boʻldi.
—Nima balo oʻylanib qolding,—Olga ukasining xayolini shu gaplari bilan boʻlmaganida, kim biladi, Sasha yana qancha vaqt atrofga sinchkov koʻzlari ila boqib oʻtirardi.
—Negadir, oq ot koʻzimga koʻringandek boʻldi—dedi Sasha opasiga hayratlanib.
-Ot?..Ot koʻzingga koʻringani yaxshi, qolaversa uning oq rangdaligi ijobiy holat. Balki u sening ilhom paringdir, yana kim biladi, har holda oq rangga va otlarga eʼtiborliroq boʻlib yur,—nasihat qildi Olga.
Aleksandr negadir shoshgani sabab, faqat koʻziga koʻringan oq otnigina opasiga aytdi.Ammo oq-sariqdan keladigan kimsani aytmadi.Nega? Buni oʻzi ham bilmaydi.Ehtimol aytgisi kelmagandir? Balki opasining yana vaqtini olib oʻtirishni istamagandir? Xullas u litseyga shoshdi.
Ammo mana oradan yillar oʻtib, doʻstining duelda vafot etganini eshitgach opasining aytganlarini eslab oʻtiribdi.Doʻstining bugun dafn marosimini oʻtkazib, ertaroq uyiga kelmasa boʻlmaydi.Negaki, u ertadan safarga chiqadi.Toʻgʻri, u hayotida turli joylarga safarga chiqaverib yoʻl tayyorgarligiga unchalik eʼtiborsiz qaraydigan boʻlgan.Ammo bu galgisi boshqacharoqda.Negaki, u Odessa, Kishinyov yoki Kavkazga emas, Orenburgga tomon otlanyapdi.U yerga borish uchun esa Peterburgdan Moskvaga, u yerdan Nijniy Novgorod,Qozon orqali Simbirskga va u oʻlkadan Orenburgga, oʻsha yerdan boʻlsa Uralskga borishi kerak.Qanchalik uzoq masofa.Oʻrta Osiyo bilan chegaralar.Sharq. ostonasi. Moʻjizakor oʻlkaga bir qadam qolgulik imperiyaning eng chekka nuqtalari.Ayni salqin kuz faslida sayohat nasib yetibdiki, borib kelish kerak.Axir Orenburgda uni dovruqli general Perovskiy,mashhur olim Dal kutayapdi.

. . .

Aleksandr Sergeyevichga podsho saroyi arxividan foydalanish jarayonida maftunkor oʻlka—Xorazm hayratlanarli boʻlib tuyuldi.Negaki, Aleksandr Sergeyevich Pushkin (1799 yil 6 iyun-1837 yil 29 yanvar) azaldan Sharqqa, xususan, yurtdoshi Bekovich Cherkasskiy kallasidan judo boʻlgan Xiva xonligiga, u yerdagi vaziyat, odamlar hayotiga qiziqardi.
Podsho saroyiga yaqin aslzodalar oilasida voyaga yetgan Aleksandrni, ayniqsa Buyuk Pyotrning arabi, deya shuhrat qozongan bobosi Ibrohim Hannibal yashagan davr, Rusiya shavkatini dunyoga taratgan imperator Pyotr 1 tutgan siyosat hayratga solardi.
Chunonchi, Pyotr 1ning Sharqqa nisbatan qoʻllagan siyosati, qanday sabablarga koʻra Bekovich Cherkasskiyni 1717 yilda Xorazmga yoʻllaganiga oydinlik kiritishni istardi.
Chunki, bu voqealar boʻlib oʻtganiga bir asrdan oshganiga qaramay, imperator ayonlari tilidan hanuz Bekovich fojiasi, Xorazm,Shergʻozixon soʻzlari tushmasdi.
Shunday vaziyatda Pushkin buvisi Mariya Alekseyevnadan, shu singari Qrim, Odessa, Kavkaz, Yekaterinoslav,Kishinevga borganida Rayevskiy,Inzov,Voronsov kabi mashhur generallardan Bekovich halokati, Xorazm bosqinining nega fojia bilan tugaganini soʻrab surishtirardi.
1833 yil sentyabr.Pushkinning Orenburgdagi kazaklar, qolaversa Dal yoniga talpinishigayam aynan Pugachyov isyoni bilan birga Xorazm mavzusi sabab boʻlgandi….

. . .

Pushkin Orenburgga borishidan oldin qadimiy Moskva yoʻli orqali Nijniy Novgorod guberniyasida boʻlib, gubernator Buturlinning mehmon boʻlgandi.Aleksandr Sergeyevich xotini Natalyaga 2 sentyabr kuni yozgan xatida, gubernator va uning rafiqasi juda yaxshi kutib olgani toʻgʻrisida toʻxtalib oʻtgandi.
Maʼlumki,Orenburg imperiyaning Osiyo bilan chegaradosh chekka oʻlkasi boʻlganligidan, otlarni kechuvda almashtirish lozim boʻlib, uzoq masofa sayyohni charchatib qoʻyishi aniq edi.Qolaversa,gubernator Buturlin Pushkinlar avlodi uchun uzoq qarindosh ham boʻlishgan.Bu toʻgʻrida shoirning “Menim ajdodim” nomli sheʼri ham mavjud.
Mixail Petrovich Buturlin 1786 yil 13 mayda tugʻilgan boʻlib, u 1812 yilgi fransuzlar bosqinida ,Vitebsk va Smolensk janglarida mardlik koʻrsatgan,Borodino urushida esa yelkasidan yaralangan jangchi vatanparvar edi.U janglardagi mardligi uchun “Muqaddas Valentin”, ordeni bilan taqdirlandi. Katta adʼyutant unvonini qoʻlga kiritdi.Keyinchalik Buturlin Tarutin atrofida,Maloyaroslavl,Vyazmoy,Drezden va Leypsig yonidagi janglardayam qatnashib, gʻolibona shiddat bilan Parijga kirib bordi.1829 yilning 23 oktyabrida general-mayor unvoniga ega boʻldi.Oradan bir yil oʻtib esa Buturlin Moskvaning Meщanskiy qismida vaqtincha boshqaruvchi, 1832 yildan boʻlsa Nijniy Novgord gubernatori qilib tayinlandi.Ana shunday jangovar general va tajribali shaxs huzuriga kelganida,shoir yaxshigina taraddud bilan kutib olindi.Chunki, dekabristlar isyonidan soʻng senat tarafdan imperator Nikolay 1ning sirli kishilari dekabristlar toʻgʻrisida maʼlumot toʻplash uchun yuborilgani haqida shov-shuvlar yurardi.Buturlinning bu borada shubhalanishiga sabab, bir paytlari u general S.G.Volkonskiyning adʼyutanti boʻlib ishlagan,Volkonskiy esa dekabristlar qoʻzgʻolonining ishtirokchilaridan edi.
Garchi Buturlin imperatorning eng ishonchli odamlaridan sanalsada, oʻsha davr qoidasiga koʻra hamma ishonchli kishilar ish tarzi, maʼlumotlariyam qaytadan tekshirib koʻrilardi.Bundan sal oldin Buturlinning oʻziyam dekabristlar masalasini tekshirib bir necha guberniyalarni aylanib chiqqan, bu borada bilganlarini shaxsan Nikolay 1ga taqdim qilgandi.Aynan Pushkindek dovruqli shaxsning Orenburgdek chekka oʻlkaga borishi, bu sayyohatning esa bir necha guberniyalar orqali oʻtishi,Buturlinda “shoir ham imperatorning sirli davlat aygʻoqchisi” degan shubhani uygʻotdi.Imperator menim maʼlumotlarimni qaytadan Pushkin orqali tekshirtirayapdi kabi gumonlarga bordi.
Shu bois yozuvchi V.A.Sollogub oʻz xotiralarida Orenburg gubernatori Perovskiy Nijniy Novgorod gubernatori Buturlindan maxfiy maktub olganligini, unda Buturlin oʻz hamkasbiga Pushkinni “sirli revizor, undan ehtiyot boʻlish lozimligini, Pugachyov tarixi,Oʻrta Osiyo mavzusi shunchaki niqobligini yozib,asli u biz gubernatorlarni tekshirib kelgan” deya ogohlantirgandi.
Tabiiyki, Perovskiyni ogohlantirgan Buturlinning oʻzi, Pushkindan garchi qarindosh boʻlsada xavfsiragan, muomilaniyam shunga qarab qilgandi.
Keyinchalik Pushkin, oʻzini “revizor” deb bilishganini Ustyujne-Jeleopolskda va Orenburgda sezganini doʻsti Gogolga soʻzlab bergandi.Ana shu tariqa Pushkin va Gogol “Revizor” pyesasini, undagi obrazlarni oʻylab topishdi…
1833 yil 3 sentyabr. “Oʻsha kuni Buturlinlarnikida notanish bir kishi tushlik qildi.Afsuski, bizni tanishtirishmadi.Men oʻsha kishini kimgadir oʻxshatar, ammo uning kimligini bilmasdim.Biroq mehmonning qiyofasini eslab qoldim: koʻrinishidan uning yoshi oʻttizlar atrofida edi.Yuzi chiroysiz, katta, peshonasi ochiq, uzun burun, katta lablar..qorakoʻzlari esa yorqin charaqlab turibdi.Bu koʻzlarni tasvirlash qiyin: qandaydir olovli, lekin erkalovchi, yoqimli.Men hech qachon bunday donishona chehrani koʻrmaganman.Kulganida oppoq tishlari yarqirardi.U naqadar aql va jilvakor hayotiylik bilan soʻzlardi.Qandaydir quvnoq, iltifotli inson oʻylaymanki hammaga yoqishi mumkin.
Mehmon ketgach:
-Seviklingga toʻyib qarab oldingmi?-mendan soʻradi Anna Petrovna Buturlina.
-Qaysi seviklimga ?-ajablanib soʻrayoldim boyagi notanish kishining yoqimtoy chehrasini koʻzda tutsamda.
— Oʻzingning Oneginingga!-izoh berdi Buturlina xonim.
-Nahotki oʻsha Push…-men oxirigacha ayta olmadim.Buturlina xonim esa kulib yubordi.”
Lidiya Petrovna Nikolskayaning kundaligida bitilganidek, Pushkin Buturlinlarning xonadonida oʻzini Rossiyaning mashhur shoiri sifatida emas, oddiy kishidek tutgan.Dasturxon atrofida esa gubernator Buturlinlarning oliynasab mehmonlari ishtirok qilishgandi.
Bular general P.B.Grigoryev, arxitektor I.Ye.Еfimov,isteʼfodagi amaldor A.D.Ulыbashevlar edi.Ular tushlikdan soʻng mehmonxonaga chiqib yana bir soatcha suhbatlashdilar.Shundan soʻng mezbonlar Pushkinni Qozon yoʻli orqali Orenburgga kuzatib qoʻyishdi…Bepoyon Rus dalasi…Orenburgning bepoyon sarhadlari…

. . . .

…Orenburgning bepoyon sarhadlari…Negadir aravakash bilan har doimgidek qisqa savol-javoblarini hisobga olmaganda sukunat uni nuqul xayol surishga undardi.Keng dashtlar.Kuzning salqin havosi.Yomgʻir yogʻayapti.Yomgʻirning shitir-shitiri, aravaga kelib tushgandagi mayin jarangini aytmasa atrofda sokinlik.Sokinlikda esa tevarakka boqib xayol surganga nima yetsin.Xayol esa xuddi dasht kabi kengliklarday har tomonga olib ketadi.Garchi kechagina xotiniga xat yozib yuborgan boʻlsa-da bugun ham sukunat asnosida uni esladi.Sarviqomat Natalya…Natalya Nikolayevna Goncharova-Pushkina.Aleksandrning goʻzal sevgilisi..
Ularning toʻyi boʻlganiga ikki yil boʻlgan esada Aleksandr va Natalya uchun hamon asal oyi davom etayotgandek.Balki Aleksandrning Natalyani qattiq sevganidandir.Har holda u xotinini biron kun koʻrmasa turaolmasdi..Bu galgidek uzoq safarlarga chiqgan paytlarida esa koʻrgan-kechirganlarini bitib maktub ustiga maktub yoʻllardi.Balki bu rashk tuygʻusidir.Har holda Natalya xonim rashk qilishga arzigudek goʻzallikka ega edi .
Pushkin javzo burji ostida tugʻilgani boismi, baʼzan asabiy, hovliqma, ters feʼliga ega edi.Biroq u oʻz sheʼrlari, aqlu-zakovati bilan davralarga joʻshqinlik bagʻishlar, oʻzgacha shavq, quvnoqlik ila har qanday kishidayam qiziqish uygʻotardi.
U garchi oʻrta boʻy-167 sm boʻlsada, jismoniy jihatdan baquvvat boʻlib, uning sogʻlomligining sababi, koʻpincha yayov yurish va chavandozligida boʻlgan.Aleksandr Sergeyevich shuningdek toʻpponchadan oʻq uzishga ham qiziqar, mohir mergan edi.Pushkin nafaqat oʻz haq-huquqini qalam bilan yozganlarida, balki qurol ila ham har qanday vaziyatda himoya qilishga doimo tayyor boʻlib yurar, bu bora-bora uning feʼl-atvorigayam aylangandi.
Ana shunday dovruqli shoir va jasorat sohibi hayotida 1831 yil muhim bir oʻzgarish boʻldi. Yaʼni, Aleksandr Sergeyevich Pushkin Moskvalik sohibjamol Natalya Goncharovaga uylandi.
Pushkin Natalya Nikolayevnadek sarviqomat goʻzalni uchratganida 29 yoshda boʻlib, bungacha u koʻplab jonon qizlar bilan suhbatdosh va sirdosh boʻlgan, ammo Natalyadek navnihol 16 yashar goʻzalni hayoti davomida uchratmagandi.Ularning tanishib, sevishganiga koʻpchilik havas, ayrimlar hasad qilishar, tushungan insonlar esa ularga baxt tilashardi. Hatto knyaz P.A.Vyazemskiy ham Pushkinga bu borada , “ Sen zamonamizning birinchi darajali romantik shoirisanki, shu bois ham davrimizning birinchi darajali romantik goʻzaliga uylanmogʻing shart” deya xat tilab ularga omad yor boʻlishini tilagandi.
Xullas, toʻy boʻladigan kun belgilandi. Ammo har ikkalasiyam oʻz davrining odamlar eʼtiborini tortgan kishilari boʻlgani uchun, mish-mishlar tarqaldi: Nima emish toʻy boʻlmasmish.Peterburgda tarqalgan shunday mish-mishlar koʻpchilikni oʻylantirib qoʻydi.Ammo toʻy boʻldi. 1831 yil 18 fevral kuni shoir Pushkinning dovruqli toʻyi boʻlib oʻtdi.Negadir toʻydagi ayrim voqealar shoirning koʻnglini choʻktirib yubordi va qalbida noxushlik paydo boʻldi.Chunki cherkovda Pushkin qoʻlidagi sham nogohoniy yelvizak-shamol tufayli oʻchib qoldi.Bir necha daqiqadan soʻng Pushkin xochni taglikka oʻrnatayotganida u qoʻlidan tushib ketdi.Bu holni doʻstlari Pushkinning goʻzal jononga uylanayotgani sabab hayajonlanishiga, ayrimlar esa shoir feʼlidagi hovliqmaligiga yoʻyishdi.Gʻashlikdan rangi dokadek oqargan, qoʻllari asabiylashganidan qaltirayotgan shoir esa yana kutilmaganda nikoh uzugini ham tushirib yubordi.Uning kuyov joʻrasiga Pushkinnning asabiyligi taʼsir qildimi, xullas u ham yanglishganidan, gulchambarni boshqa birovga taqib yubordi.Bularning bari har narsani oʻziga oladigan shoir uchun kifoya edi. Oʻshanda toʻy bahona zamondoshlari Pushkinning boʻydoqlik davridagi shoʻxliklarini, ayrimlar esa Goncharova xonimning gʻoyatda goʻzalligini aytib, kelajaklari haqida fol ochishardi.Shamning oʻchib qolishi, xochning qoʻlidan tushib ketishi, nikoh uzugining tushib ketishi, gulchambarning nogohoniy boshqa birovga taqilishi esa Pushkinga bu holat tasodif emasligini anglatgandek boʻldi.Ayniqsa toʻy kuni shamning oʻchishi…Shunda u opasi Olganing gaplarini esladi:
—Hayotda tasodiflar yoʻq.!Har qanday voqea hodisalar taqdir ogohlantirishidan darak!
Ammo u koʻnglida gʻashlik paydo boʻlgani bilan roʻy bergan voqealarni tahlil etgulik holatda emasdi.Chunki, yonida sarviqomat dilbari Natalya xonim bor ediki, har qanday noxushlikni unutib yuborsa boʻladi.Visol oqshomidan keyin boʻlsa kunduzgi noxushliklar Aleksandrning yodidan koʻtarilib ketdi…
Nikoh toʻyidan keyin Pushkinning goʻzal xotini bilan Peterburgda turgisi kelmas, ilojini topib Moskvaga ketgisi kelardi.Garchi xotini Pushkinga gʻoyatda sodiq boʻlib, uning ijodi va shaxsiyatini qadrlasada, ochiqkoʻngil va xushomadlarni yoqtirishi bois, oliynasab insonlar orasidagi bazm va ziyofatlarda, toʻkin sochinlikda yurishni yoqtirardi.Buni bilgan koʻpchilik kishilar Pushkin va rafiqasini tez-tez uylariga taklif etib turishardi. Bunday paytlarda tansa tushilar, sarviqomat Natalya esa davraning guliga aylanardi.Pushkin boʻlsa uni rashk qilar, baʼzan esa kimdir unga xushomad qilgudek boʻlsa, u kim boʻlmasin nafsoniyatiga tekkanligi uchun asabiylashib urishar, hatto davrani tashlab ketardi.
Ayniqsa,Natalyaning xolasi Yekaterina Ivanovna Zagryajskayaning podsho saroyida obroʻ-eʼtibori baland boʻlib, u Pushkinning yosh xotinini saroydagi baʼzi bal va karnavallarga boshlab borgach, Goncharova –Pushkina xonim davraning fayziga aylanib qoldi. Unga hatto karnavallarda baland boʻyli, chiroyli chehrali imperator Nikolay 1 ham xushomad qiladigan boʻldi. Imperatorning oppoq harir libos ichidan yarim ochiq, oyday yelkalari va marmarday koʻkraklari balqib chiqqan ayoliyam Natalyaning husniga lol qoldi.Natalya ana shunday oliynasablardan iborat ballarda oʻzining maftunkor chehrasi, nozli ishvalari, dilrabo raqslari bilan barchani maftun qilardi.Shunday ziyofatlarda qatnashgan bir ishtirokchi, yozuvchi A.I. Turgenevga Natalyani taʼriflab, “U shunchalar charaqlayaptiki, boshqa hech bir jononning chehrasi uning oldida koʻrinmay qolayapdi” deya yozgandi.
Bu paytlarda Pushkinnning moddiy ahvoli nochorroq boʻlib, uni doimiy ravishda pulga muhtojlik qiynab kelardi.Shunday vaziyatda uning ahvolidan xabardor topgan imperator Pushkinga yaxshigina maosh tayinlab zarur shart-sharoit yaratib bergandek boʻladi.Aleksandrning oʻzi bu toʻgʻrida, “ imperator men bilan yaxshi va shafqatli munosabatda.U meni xizmatga oldi, saroyga harbiylikka yo idoraga emas,menga maosh tayinladi, arxivga kirishimga ruxsat berdi.Boshqa hech ish qilmay, oʻshalar bilan shugʻulanaman, xolos.Imperator debdiki, hamonki uylangan boʻlsa va boyligi yetishmasa, uning yashashiga choy-chaqa berishim kerak-da”.
Podsho saroyiga borib arxiv xizmatidan foydalanayotgan kamer yunker libosidagi Pushkinni oʻsha vaqtda ikkita muammo—imperatorning choy-chaqasini olib ijod qilish va xotinini bal hamda karnavallarga yubormaslikning ilojini topish qiynardi.Zero, ofatijon Natalya xonimning goʻzalligidan lol qolib, xushomad qiladiganlar koʻpayib qolgandi.
Sarviqomat Natalyaning esa, hamisha odamlar eʼtiborini tortib bal va maskaradlarda raqs tushgisi kelardi.Natalyaning noz bilan qadam tashlashlari, gʻamzali nigohlari, ishvali soʻzlari har qanday kishini oʻziga tortib u bilan suhbatlashishni istab qolardi.Tabiiyki, Pushkin buning uchun uni rashk qilar,uzoqroqqa ketgudek boʻlsa, doimiy ravishda ogohlantirib shu maʼnoda xatlar bitardi:“Gʻamzalaringga, ishvalaringga gʻov solgum yoʻq.Ammo sendan suyulmasligingni, xushxulq va bosiq boʻlishingni talab etaman.Basharti, qaytganimda sendan ezgulik, sodda-maʼsumalikning aslzodalarga munosib feʼlga oʻzgarganini bilsam Iso alayhissalom haqqi, bilgilki, taloq xating qoʻlingda boʻladi”.
Yosh, hali yoshlikning zavqu shavqlariga toʻyib ulgurmagan Natalya xonim esa erining bunday tahdidlariga qaramasdan ballarga borishda davom etardi.Baʼzida esa erini xiyonat, ayollar va qizlarga xushomadgoʻylikda ayblab, Shishkova, Smirnova, Karamzina, Vulf, Kern singari Moskva va Peterburgning koʻplab nozanin xonimlaridan qizgʻongan boʻlardi.Ayniqsa, soʻnggi vaqtlarda Natalya, Pushkinnning Smirnova hamda Svitstunova kabi goʻzal xonimchalari bilan “yurgan” ligini “eslatib” qoʻyadigan boʻldi.”Oʻtgan kunlari”ni eslash va shu bahona shoirga ayb qoʻyishga urinish boʻlsa, Pushkinga yoqmas, bu esa oilaviy ziddiyatlarni keltirib chiqarmoqda edi.
Bu orada Pushkinlarning xonadoniga Natalyaning ikkita opasi ham koʻchib keladi.Yekaterina (1809-1843) va Aleksandra (1811-1891) lar bu paytda 23-25 yoshga kirgan boʻlsalarda, turmushga chiqishmagan edilar.Qorasoch, janub jononlariga oʻxshab ketadigan Yekaterinani “Koko”, biroz badbushroq Alesandrani esa “Azinka” deya atashardi oila davrasida.
Tabiyki, opalari va xolasi Yekaterina Ivanovna bilan oliynasab kishilarning ziyofatlariga borib oʻrgangan Natalyaning goʻzalligidan bahra olish umidida unga gap otadigan erkaklar topilib turardi. Bular orasida graf V.A. Sollogub ( 1813-1882) ham boʻlib, u doʻstlariga Pushkinnning xotini haqida shunday xat ham bitgandi: “Umrim davomida koʻp chiroyli ayollarni koʻrdim, biroq ular orasida Pushkina xonimdan jozibalilari ham bor. Ammo bunaqa husn va qomat uygʻunligidagi busbutun va mumtoz asarga aylangan goʻzalni hech qachon uchratganim yoʻq. Sarviqomat, novdaday xipchabel, yelka va koʻksi taqinchoqday.Oqbadan, koʻzlari, tishlari, quloqlari…Men ilk koʻrganimdayoq aqlimdan ajralganman…”.
Pushkin grafning yozgan bu xatidan xabar topgach,asabiylashganidan nafsoniyatiga tekkanligi uchun Sollogubni duelga ham chaqirgandi. Ammo Peterburgning obroʻli zotlari aralashgach duel bekor qilindi.
“ Natalya..Hozir uydamikin, maktubim unga yetib bordimikin?”
—Aleksandr Sergeyevich! Orenburg shahriga kelib qoldik.
Izvoshchining soʻzlari kutilmaganda Pushkinning xayolini boʻldi va u shavkatli Rusiyaning zabardast boʻlib koʻrinib turgan Orenburg shahriga tikildi. Orenburg…

. . .

…Orenburg..Chor imperiyasining Oʻrta Osiyoga eltuvchi karvon yoʻllari boʻyida joylashgan shahar Or daryosi quyilish joyida bunyod etilgandi.Shuningdek, Orenburgni Ural daryosi va uning irmoqlari kesib oʻtardi.Maʼlumki, Ural atamasini turkiy xalqlar Yoyiq deya nomlaganlar va bu toponim nafaqat daryoni, balki shu atrofdagi bepoyon hududlarni ham anglatgan.
Pyotrning Oʻrta Osiyoga nisbatan tutgan siyosatini davom etdirgan chor hukumati Ob daryosining Uralga quyilish joyida, yaʼni Or mavzesida Orenburg shahrini barpo etishga qaratilgan chora-tadbirlarni senat obersekretari I.K.Kirillov( 1689-1737) ga topshiradi.”Janob Kirillov shu masala boʻyicha loyiha ishlab chiqib Oʻrta Osiyodagi xonliklar va qozoq juzlariga eʼtiborni qaratadi.Chunki, Orenburg orqali nafaqat Oʻrta Osiyo xonliklari, balki Hindiston va Afgʻoniston bilan savdo aloqalarini oʻrnatishda xonlik savdogarlarining diqqatini Rossiyaga qaratish nazarda tutilgandi. Loyihada keyinchalik xonliklarni chor hukumatiga boʻysundirish, bundan kelib chiqib esa Sirdaryo boʻyidagi qoʻrgʻoshin, oltin va kumushga boy konlarni topib ishga tushirish va Orol dengizi atrofida harbiy qaʼla barpo etish , bundan foydalanib qoraqalpoq va qozoqlar bilan aloqa oʻrnatish zarurligi taʼkidlab oʻtilgandi”( Basin V.Ya. “Orenburgskaya ekspeditsiya i yee perviy nachalnik I.K.Kirilov.—V sb: Issledovaniya i isledovateli Orenburgskogo kraya 18- nachala 20 vv, Sverdlovsk, 1983, s 28).
Orenburgning barpo etilishida Kirilov singari V.N. Tatishev(1686-1750 yillarda yashagan rus tarixchisi boʻlib, u shaxsan Pyotr 1 ning topshirigʻiga koʻra “Istorii Rossiyskoy s samix drevneshiyx vremen” asarini yozgan)ning ham roli katta boʻlib, u 1737-1739 yillarda Orenburg oʻlkasini boshqaradi. 1741-1745 yillarda esa Astraxan gubernatori boʻlib xizmat qiladi.Vasiliy Nikitich Tatishev Rossiya bilan turkiy xalqlarning aloqasini tadqiq ( “Leksikon rossiyskoy istoricheskoy, geograficheskoy, politecheskoy i grajdanskoy. Sochineniy gospodinom taynim sovetnikom i Astraxanskim gubernatorom V.N. Tatishevim” SPb, 1793) qilgan tarixchi va davlat arbobi boʻlgan.Shu bois ham u Pushkin eʼtiborini tortib “ Tatishev toʻgʻrisida” nomli maqola yozgan.Maqolada Tatishevning Toshkent bilan savdo aloqalari oʻrnatganligi, oʻlkadagi qozoq ( qirgʻiz-qaysoq)larni boshqarish huquqlarini bilishini,umuman shaharni bunyod etishdagi roliga katta baho bergandi.(Pushkin A.S. Poln.sobr.soch.V 6 –ti t.T. 6. M, 1950, s 56-61).
Shuningdek, V.A.Urusov, I.I.Neplyuyev singari Rus hukumati chinovniklari ham Orenburgning qad tiklashida oʻz hissalarini qoʻshgandilar.
Natijada 1734 yil 10 iyunda imperiatritsa Anna Ivanovna Kirilovning loyihasini maʼqullab, shaharni barpo etishni aynan Kirilovning oʻziga topshirdi.Shuningdek, Orenburgda Oʻrta Osiyolik savdogarlarga qulay shart-sharoit yaratib berish, ularning xavfsizligini taʼminlash, karvonsaroy va bozor qurish haqidagi farmoniga imzo chekkanidan soʻng, ishlar jonlanib ketdi. Hattoki, yangi shahar qurilishida Toshkent va Chimkentlik savdogarlar ham ishtirok qila boshlashdi.Ammo koʻp oʻtmay daryo toshqini roʻy berib shaharni boshqa talafotsiz hududda boshlashga toʻgʻri keldi.Ana shu tufayli 1743 yili Sakman daryosining Uralga quyiladigan mavzesidan 252 km uzoqlikda Orenburg shahri qaytadan barpo etiladi.Oʻsha sanada Upelki arigʻi boʻyida Troisk harbiy qaʼlasiyam bunyod etiladi.
1743 yil 10 iyundagi imperiatritsaning farmonida Kirilovga shunday koʻrsatmalar berib oʻtilgandi:
1.Toshkent,Turkiston va boshqa Oʻrta Osiyo shaharlari savdogarlari har qanday yoʻl bilan Orenburg savdosiga jalb qilinsin.U joylardan keladigan savdogarlarga hurmat va gʻamxoʻrlik koʻrsatilsin.Bordiyu savdogarlar Orenburgda doimiy yashashni hohlasalar, u vaqtda ularni oʻrnashishlari uchun maxsus yer ajratib berilsin.
2.Shu yoz faslida Toshkent, Buxoro va Xiva shaharlariga karvonlar yuborilsin.Har bir karvonga boshliq tayinlanib, kotib sifatida geodezist biriktirilsin.
3.Karvon boshiga xazina hisobidan 2000 rubl hajmida mollar berilsin.U bu mollarni koʻproq oltin va qimmatli toshlarga almashtirsin.Bu savdodan olinadigan foydaning toʻrtdan bir qismini karvonboshiga berishga vaʼda qilinsin.
4.Hindistonga savdogar Marvari Baral yuborilsin.Unga keyin qaytib berish sharti bilan xazina hisobidan mol sotib olish uchun 1000 rubl berilsin.
5.Orenburgga berilgan imtiyozlar bosib chiqarilib aholiga eʼlon qilinsin.Shaharni yangi barpo etilganligini inobatga olib, bu yerda bojsiz savdo qilish yana 6 yilga choʻzilsin!”( SGADA Rossii, f .248.Senata, kn. 12143, l 318.).
Natijada Orenburglik savdogarlar Oʻrta Osiyo xonliklariga bormoqchi boʻlishsa, baʼzida Buxoro yoxud Xiva elchisi, yoki savdogari Rossiyaga ketayotgan boʻlsa, Or daryosi quyilish boʻyidagi ushbu shaharda paydo boʻlishardi.Xususan, 1741 yilda Orenburgdan Toshkentga tatar savdogari Shubay Arslonov boshchiligida karvon yuboriladi.Arslonov oʻsha joyda tashviqot yurgizib 700 ta savdogarniyam oʻzi bilan Orenburgga olib keladi.
1744 yil 15 martda oʻlka general gubernatorlik maqomini olgach, birinchi gubernator boʻlish Ivan Ivanovich Neplyuyevga nasib qiladi.
Shu davrda nafaqat Oʻrta Osiyodagi xonliklari , balki qozoq juzlariyam Rossiya bilan boʻladigan savdo aloqalarini Orenburg orqali oʻrnatishga imkoniyat izlay boshlashdi.Bu borada “ 1745 yilda Fargʻona vodiysida oʻz taʼsiriga ega Andijon, Namangan, Qoʻqon va Xoʻjandning hukmdori Abdul Karimbek Orenburgga savdo karvonini yuborishga harakat qiladi” ( “Kazaxsko-russkiye otnosheniya v 17-18 vv”, s 316).
“ 1750 yilda esa Xiva xoni savdoni rivojlantirish maqsadida Orenburgga elchi joʻnatgan”.(Arxiv MID Rossii, «Snosheniya Rossii s Buxaroy,D, 61n, l 3).
Shu kabi 1779-1797 yillarda Buxoro hukmdorining elchilari Orenburgga tashrif buyurib, savdoni aloqalarini oʻrnatish hamda kelib-ketadigan karvon yoʻllarining xavfsizligini taʼminlash boʻyicha muzokaralar olib borishadi.
Hattoki chor hukumati “1739 yildayoq xivaliklar, buxoroliklar, toshkentliklar va boshqalarga Orenburgga kelib oʻrnashishiga, savdo va hunarmandchilik bilan bemalol shugʻullanishlariga ruxsat bergandi” ( Orenburgskiy oblastnoy gosudarstvenniy arxiv, f 6, op 10, d 2089, l 9).Xullas, har ikkala tomondan elchi va savdogarlar kelib ketishi,Oʻrta Osiyoliklarga Orenburgda yaratib berilgan shart-sharoit,hattoki bu yerda yashashni hohlovchilarga “Ekin maydonlari va yaylovlardan foydalanish, boshqirdlardan yer sotib olish, hunarmandchilik, savdo va boshqa ishlar bilan shugʻullanish huquqi berildi”. (V.N.Vitevskiy, I,Neplyuyev “Orenburgskiy kray” Kazan, 1891, 441 bet).
Bunday imtiyoz bois oldiniga Orenburgda Sayid Kargalin degan asosan tatarlardan iborat musulmon jamoasi paydo boʻladi.Ushbu jamoa aholisi harbiy xizmatga borishdan, shu bilan birga oʻsha davrdagi majburiyatlardan biri boʻlgan harbiylarni ijarachi ( postoy) sifatida uyiga qoʻyishdan ozod etiladi. Sayid Kargalin jamoasiga Orenburgdagi ekin maydonlari va yaylovlardan foydalanish, boshqirdlardan yerlarni sotib olish, savdo va hunarmandchilik hamda boshqa ishlar bilan mashgʻul boʻlish huquqi beriladi.Oʻrta Osiyoliklar ham dastlab shu jamoa orasida yashab imtiyozlardan foydalanishga harakat qilishdi.Shuningdek, ular shaharning Noʻgʻay-boqi hududidayam oʻrnasha boshladilar.Bundan imtiyozlardan maqsad Orenburgning keng dashtlarini oʻzlashtirish va u yerda yerlik mahalliy aholini yuzaga keltirish edi.
Ana shunday qulay imtiyoz bois, asta-sekin Orenburgda Oʻrta Osiyoliklardan iborat mahallalar ham vujudga kela boshladi.Chunonchi, “1808 yilda Orenburgda xivaliklar,toshkentliklar,buxoroliklar va qisman qashqarliklardan iborat 46 oila yashagan” (Orenburgskiy oblastnoy gosudarstvenniy arxiv, f 6,d 443, l 5-10).
Xoʻsh, Orenburgga kelib oʻrnashayotgan aholi orasida qanday odamlar toifasi bor edi, yoki qanday sabablarga koʻra ular oʻz vatanlarini tashlab oʻsha yerlarga borib qolishgan degan savol tugʻiladi.
Shunga bir misol.1807 yilda buxorolik Mergan Xudoynazarov degan kishi rus imperatoriga ariza yozib shunday murojaat qilgan:
“ Bundan 16 yil ilgari karvonda 11 tuyam bilan Orenburgga kelgan edim. Bu joyda ishlarimni boʻlib, haqimni oldim-u Buxoroga joʻnash uchun Krsanogor qaʼlasiga bordim.Oʻsha yerda tuyalarim tasodifan oʻlib qoldi.Kambagʻalligim sabab Buxoroga boraolmay Orenburgga qaytishga majbur boʻldim.Endilikda shu yerdagi imtiyozlardan foydalanib Rus fuqaroligini qabul qilish niyatidaman”(SGIA Respublika Kazaxstan, f 4, on 1, d 502, sv, 252, l 2).
Bundan tashqari asosan Rossiyaga qatnovchi savdogarlar, ularning tanish-bilishlari xonliklarda boʻlib turgan tinimsiz urush-u nizolardan, shu sababli yuzaga kelgan vayronagarchilik, turmush darajasining pastligi, qimmatchilikdan Orenburgga borib qolib ketishga qaror qilgandilar.
Albatta Oʻrta Osiyoliklar savdogarchilik, dehqonchilik qilib, imtiyozlardan foydalangan holda yaxshi yashagan,baʼzida esa ahvollari qiyin holga tushib qolgan paytlari ham boʻlgan.Ammo, chor imperiyasi mudom ularga nisbatan iloji boʻlsa imtiyozlarni saqlab qolishga,bu bilan Oʻrta Osiyoni zabt etish oldidan muvozanatni buzmaslikka intildi.
Xullas ana shunaqa voqea hodisalar,davr suronlari osha, turli sharoitda Orenburgda Oʻrta Osiyoliklar yashab, mehnat qilishardi.Orenburglikka aylanayotgan xonliklardan kelganlar asosan savdogarchilik va dehqonchilik bilan mashgʻul boʻlishgan.Ammo Orenburg gubernatorligidagi rahbarlar orasida muhojirlarga berilgan imtiyozlarni yoʻq qilishga uringanlar ham boʻlgan. Natijada muhojirlar “1804 yilda Orenburg gubernatori knyaz T.S.Volkonskiyga shikoyat qilishadi.Muhojirlar unda oʻzlarining uzoq paytdan beri Orenburgda yashayotganligi, chor hukumati bergan imtiyozga qaramay ularning uylariga harbiylarni ijarachi( postoy) sifatida kiritishni boshlab yuborganliklarini keltirib arizalarida keltirib oʻtishgan” ( Orenburgskiy oblastnoy gosudarstvenniy arxiv, f, 6, op 10, d 40, l 1).
Shikoyat arizani tekshirgan gubernatorlik xodimi Xandanov Volkonskiyga yozgan xatida bu holatni izohlab oʻtgandi: “ xivalik va buxoroliklar katta daromadga ega boʻlmay, faqat savdo bilan shugʻullanishlari va shu bois postoydan ozod qilinganliklari haqidagi soʻzlari notoʻgʻridir. Negaki, ularning koʻpchiligi dehqonchilik bilan ham mashgʻuldir.Ulardan kimnigki ikkita uyi boʻlsa, bittasiga ijarachi kiritilgan.Ularning 3-4 xonalik uylari boʻlib, shu sabab harbiy kishilarning sonini koʻpayishi munosabati bilan buxorolik va xivaliklarning xonadonlariga ijarachi qoʻyish lozim.Aks holatda ogʻirlik boshqa fuqarolarning zimmasiga tushadi” ( yuqoridagi arxiv, oʻsha manba, 3-4 varaqlar).
Demakki, muhojirlar qisqa fursat ichida uddaburonligi bilan ikkita uylik ham boʻlgan holatlar bor edi.Bundan tashqari xonliklarga qatnab turuvchi savdogarlarning ham Orenburgda uyi boʻlib, ular ham ajarachi qoʻyishlikka qarshi chiqib gubernatorlikka shikoyat qilishgandi.
Chor hukumati xonliklarni bosib olishdan oldin muvozanatni buzmaslikka harakat qilib, qolaversa ularning uddaburonligini nazarda tutib imtiyozlarni oʻz kuchida qoldirishga, ularning uylariga ijarachi qoʻymaslikka koʻrsatma beradi.
Eʼtiborlisi shundaki, Orenburgga kelgan muhojirlar orasida tatar ayollariga uylanganlar ham bor edi. Bu holat esa qiyinchilik ham tugʻdirgan.Chunki, tatar ayollari Rossiya fuqarosi boʻlgani sabab xonliklarga eri bilan ketish uchun gubernatorlik mahkamasiga murojaat etishi kerak edi.Shu boisdan ham 1816 yilda Buxoro amirining elchisi Azim Moʻminjonov Orenburgdagi muhojirlarning( asosan tatar ayollarga uylanganlarning) hohlagan paytda vatanlariga qaytishi boʻyicha qaror chiqarishni Rus hukumatidan iltimos qiladi. Shundan kelib chiqib Rossiya hukumati Buxoro amiri Haydarxonga xat joʻnatadi.Unda “ musulmon dinidagi tatar ayollari bilan oila qurgan shaxslar vatanlariga qaytmoqchi boʻlishsa, xotini va farzandlarining roziligini olib, Orenburgdan chiqib ketishlari mumkin. Oʻz navbatida Buxoro amiri ham Rus fuqarolari tatar ayollariga uylangan boʻlsa ularga ham ketishlariga ruxsat bermogʻi kerak”.(Orenburgskiy oblastnoy gosudarstveniy arxiv, f 6, op 10, d 40, l 257 ).
Xullas bu masala shu tarzda yechiladigan boʻladi.
Oʻsha vaqtda Orenburg atrofidagi Troisk ham yirik savdo shahriga aylanib, bu yergayam xonliklardan savdogarlar kelib turishardi.Shu tufayliyam Troiskda Oʻrta Osiyoliklarning mahallalari, maktab, masjid va mehmonxonasini qurishga rus hukumati ijozat bergan.Hattoki, Ural daryosining sohillarida yaylov tashkil qilib ot va tuchlarini boqishga ruxsat qilingandi.
Bunday katta imtiyozlarning berilishi esa siyosatni tushunmagan rus savdogarlarining gʻarazini qoʻzgʻatdi.Natijada ular raqobatni hukumatga shikoyat ariza yozish bilan yuksaltirmoqchi boʻlishdi.Bu masala esa Sankt-Peterburgdagi Osiyo departamentida maxsus muhokama qilinib, tavsiyanoma ishlab chiqiladi.Tavsiyanoma boʻlsa 1832 yil 15 martda shaxsan imperator tomonidan tasdiqlanadi.Unga koʻra, Oʻrta Osiyolik fuqarolar hohlagan taqdirda Rossiya fuqaroligini olishlari, agarki bunday qilmasalar sayyoq sifatida jazolanishi koʻrsatilgandi.Yaʼni mazkur qaror muhojirlarni Orenburgda yashashini rasmiylashtirgan tarzda imtiyozlarni chegaralab soliqlar toʻlashini anglatardi.Aniqrogʻi Osiyo departamentiyam, uni maʼqullagan rus imperatoriyam oʻz savdogarlarining talabini qondirgandi va bu tabiiy edi.
Ushbu qarordan sal oldinroq muhojirlar oʻzlarining imtiyozlarini saqlab qolish maqsadida Orenburg uyezdining sudiga murojaat qilgandilar.Negaki, sud Orenburgdagi mahkamaga yuborgan maktubida shunday degandi: “Xivaliklar, toshkentliklar va buxoroliklar singari Oʻrta Osiyo savdogarlari turli vaqtlarda karvonlar bilan Orenburgga qatnaganlar.Ulardan maʼlum qismi Orenburg shahrida, ayrimlari esa “Sayid jamoasi” da yoxud qishloqlarda yashashgan. Muhojirlar bu yerda tatar ayollariga uylanib, uy-joy va farzandli boʻlishgan.Ular savdo bilan shugʻullanganlar, lekin ular biror tabaqa ( soslaviya) ga yozilmaganlar.Hattoki, savdo guvohnomasini olmay ish yuritganlar.Ular hech qanday hujjatsiz koʻp yillar davomida Orenburg shahrida, Orsk qaʼlasida va qishloqlarida yashab kelmoqdalar.Ularning orasida oilasini tashlab vataniga ketganlari ham bor.Ulardan ayrim kishilar savdo tabaqasiga, boshqalari kazaklar jamoasiga yozilish istagini bildirdilar.Ammo ularning koʻpchiligi hech qanday tabaqalarga yozilishga rozilik bermadilar” ( Sentralniy gosudarstvenniy arxiv Respubliki Bashkirii, f 1, op 1, d 2882, l 1-2.).
Guberniyada yashayotgan Oʻrta Osiyoliklar xonliklardan kelishadigan vatandoshlari bilan birgalikda savdoni tobora rivoj toptirganlar. Ular xonliklardan chit, zandon matosi, boʻz, dagʻal mato, qizil rangli mato, atlas, pardalar, roʻmollar, ipak gazlamalar, turli kiyim boshlar, qorakoʻllar va boshqa mollarni keltirishganlar.Rossiyadan esa oltin, kumush, olmos toshi, zumrad, olmos maydasi, marvarid, yoqut, qizil va oq laʼl, feruza va boshqa qimmatli narsalarni olib vatanlariga qaytishgan.
Osiyodan keltirilgan mahsulotlar orasida turli xil gazlamalar katta oʻringa ega boʻlgan.Chunonchi, 1747-1785 yillarda Orenburgga 2.349, 462 gaz Oʻrta Osiyo gazlamalari olib borilgan.Bundan tashqari 1748-1757 yillarda 5776 pud kumush, 1750-1757 yillarda 40 pud oltin keltirilgan.
Taʼkidlangan mahsulotlarning evaziga yurtlariga qaytishda Orenburgdan temir, yogʻoch buyumlari, tugmachalar, ninalar, munchoqlar, oyna, charm, boʻyoq, qogʻoz, movuit, moʻynalar, achchiqtosh, kallaqand va boshqa narsalar xonliklarga olib ketilgan.Xullas, 1756-1766 yillarning oʻzida 1.570.685 soʻmlik rus mahsulotlari xonliklar hududiga yuborilgan.
Orenburgga oʻrnashib qolgan Oʻrta osiyoliklar savdodan tashqari dehqonchilik bilan ham mashgʻul boʻlishgan.Hattoki, muhojirlar Orenburgda Oʻrta Osiyo polizchilik oʻsimliklarini iqlimlashtirish va qishloq xoʻjaligining tarkibini boyitishga harakat qilishgandi.
Jumladan, “1752 yilda chor hukumatining nufuzli vakili Xorazm qovuni va tarvuzini iqlimlashtirish , urugʻlaridan maʼlum qismini Sankt Peterburga yuborish haqida Orenburg gubernatoriga buyruq yoʻlladi.Bu yerda oʻsha poliz ekinlari goh yaxshi, goh qoniqarsiz hosil berganligi haqida maʼlumot bor” (SGADA Rossii f,gos arxiv,r XU,d 808, l 353).
Bundan tashqari Orenburgda xorazmliklarning ishtirokida paxtani iqlimlashtirishga ham kirishilgan.Bu borada 1753 yilda Orenburg gubernatori P.Rыchkov Sankt-Peterburgdagi hukumat vakillaridan biriga axborot yuborib, unda shunday yozgandi: “Siz janob oliylariga bir tup Xorazmliklar yetishtirgan gʻoʻzani yuborayotgan chogʻimda ekilgan paxta batamom pishib yetilar degan umidda edim.Gʻoʻzalar bir nechta koʻsak tukkanda banogoh sovuq tushib, ularni mujmaytirib qoʻydi.Shu bois kamoli ehtirom ila siz muhtaram zotga besh donagina boʻlsa ham koʻsak yuborayotirman.Bu yerda paxtani yetishtirishning hech ilojisi yoʻqqa oʻxshaydi” (yuqoridagi manba , 365 bet).
Oʻsha yili gubernator P.Rыchkov Xorazm chigitini Orenburgda ekib kurgan edi.Shuningdek Orenburgga keltirilgan Xorazm qovuni, tarvuz, kunjut, kadi (qovoq) urugʻlari ekish uchun Sankt-Peterburggayam joʻnatilgan.Shu kabi Samarqand olmasining koʻchati yoxud urugʻini yuborishlik toʻgʻrisida Orenburg maʼmuriyatigayam buyurtma berilgan.Ammo noqulay iqlim sharoiti tufayli polizchilik rivojlanmadi.
Orenburgda yashayotgan osiyoliklar orasida savdo va dehqon ahlidan tashqari ilmildi, ziyoli insonlar ham bor edi. Masalan, 1803 yilda Mulla Fathulla Mirzayev fors tilidagi rasmiy hujjatlarni tarjima qilib bergandi guberniya maʼmuriyatiga.Oʻsha yili Rus hukumati guberniyada yashayotgan musulmon Oʻrta Osiyoliklarga , agarki ular Haj safariga borishni istasalar guberniya ularga shart sharoit yaratib berishini maʼlum qilgandi.
Xullas, Oʻrta Osiyolik muhojirlar va u yerga oʻrnashgan musulmonlar Orenburg guberniyasining har jihatdan yuksalishiga katta hissa qoʻshgandilar. Shu tufayliyam, Buyuk Rusning qozoq dashtlariyu,Oʻrta Osiyo xonliklari bilan tutashib ketgan Orenburg sarhadlari koʻplab ilm ahlining eʼtiborini jalb qiladi.Natijada 1768-1774 yillarda P.P. Pallasning, 1829 yilda esa nemis naturalisti va sayohatchisi A.Gumboldt( 1769-1859)ning hamda 1832-34 yillarda boʻlsa Berlinlik professor X.F. Lessinglarning ilmiy ekspeditsiyalari Orenburgda boʻlib fan sirlarini izlashgandi.
Biroq, biroq 1833 yilda, imperator Nikolay 1 oʻzining arzanda, shovinist generallaridan Vasiliy Alekseyevich Perovskiy (1794-1857)ni Orenburgga general-gubernator qilib tayinlashi vaziyatni oʻzgartirib yubordi.39 yoshli graflar sulolasidan boʻlgan Vasiliy Alekseyevich 1812 yilgi Vatan urushida qahramonliklar koʻrsatgan,shuningdek Russiya-Turkiya urushida ham jasoratona xizmatlar qilgan chor imperiyasining oʻsha vaqtdagi dongdor generallaridan boʻlib, ijodkorlar orasida doʻstlari koʻpligidan, adabiyot va sanʼat davralaridayam mashhur inson edi.Qolaversa, akasi Aleksey Ivanovich (1787-1836) ham yozuvchi, “Antoniy Pogorelskiy” taxallusi bilan eʼtibor qozongandi.
Imperatorning Perovskiyni gubernator qilib yuborishdan maqsadi,Samaradagi jangari kazaklarni u yerga koʻchirib,Orenburgni nafaqat muhim savdo shahriga, balki qudratli harbiy qaʼlaga aylantirish, savdogarlardan Oʻrta Osiyodagi vaziyatni oʻrganib, u yerga yurish qilish edi.General Perovskiy Oʻrta Osiyoni zabt etish tashabbuskorlaridan boʻlib, Orenburgga harbiy qurol aslahalarni toʻplash bilan mashgʻul boʻlgan.

. . .

Pushkin Orenburgga kelmasidan oldin Kavkaz, Qrimdagi ayrim turkiy xalqlar, ular orasida tarqalgan dostonlar, ularda kuylangan maftunkor Sharq, Xorazm oʻlkasi,Orenburg orqali Moskva va Peterburgga kelayotgan Xorazm savdogarlarining bir-biri bilan ona tillarida gaplashishini kuzatgan, ulardan hayratlangandi.Hatto, bir gal Moskva bozorida kezib yurib, xotini Goncharova xonimga xorazmlik savdogarlardan moʻyna ham sotib olgandi.
Ayniqsa Pushkinning Nikolay 1 tomonidan saroyga ishga olinishi uning boy arxiv bilan tanishishiga sabab boʻldi. Xullas, Aleksandr Sergeyevich saroyga ishga kelar ekan, vaziyatdan foydalanib, arxivdan Pyotr1 davri, Bekovich-Cherkasskiy (Uning asl ismi Iskandarbek boʻlib, Kavkaz xalqlarining Kabarda urugʻidan edi.Oʻsha vaqtda Kabarda cherkasslar hududiga kirganligi sabab Bekovichni Cherkasskiy (Cherkaslik) deya ataganlar.Bekovich esa “bek” soʻzidan olingan.U knyaz Golitsinning qizi Mariyaga uylangach, nasroniy diniga oʻtgan.Choʻqintirish marosimida Aleksandr Bekovich-Cherkasskiy nomini olgan, xorijga oʻqishga yuborilgan.Soʻngra poruchik unvonida Priobrajenskiy Leyb-gvardiya polkiga xizmatga tayinlangan) Bekovichning Xorazmga yurishi, maftunkor vohaga doir maʼlumotlar bilan tanisha boshladi.Shu asnoda u “Pyotr 1 tarixi” asariga hujjatlar toʻpladi.
Pushkin aslida 1826 yili imperator hayotini oʻrganishni boshlagan, ammo baʼzi hujjatlar oʻrganilmagani sababli asar yozilmay kelayotgandi.Imperiya arxiviga kirishga ruxsat tegishi bilan u Pyotr 1 va Xorazm mavzusida hujjatlar toʻplashga kirishib ketdi.
Pushkin shuningdek, imperiya tashqi ishlar kollegiyasi arxiviga ham kirib, shu paytgacha Xorazmga yuborilgan russiyalik sayyoh va olim niqobidagi josuslarning yozganlari, tashqi ishlar ministrligining Xiva xonligi boʻyicha toʻplagan maʼlumotlari, savdo, diplomatik aloqalarga doir hujjatlarniyam sinchiklab oʻrganadi.
Pushkin Bekovichning Xorazmga yurishi tafsiloti haqida tugallanmay qolib ketgan “Pyotr 1 tarixi” asarida shunday yozgandi: « Pyotr uni Amudaryoning ilgari Kaspiy tomon okib borganligi, lekin buxoroliklar tomonidan Orolga burib yuborilganligi aniq ekanligiga ishonch hosil qilish uchun yoʻllagan edi.Shuningdek, oltin qum haqidagi mish-mishlar ham hukmdorni qiziqtirib qolgandi.Bizning tijorat ishlarimiz uchun Hindistonga olib boradigan yoʻlni topish fikri uning dahosiga yana ham munosib fikr edi.Baxtga qarshi,Bekovich har narsaga ishonaveradigan, oʻjar-kajbahs va bilimsiz odam edi va buyuk bir ish oʻzi bilan birga ketdi.
Bekovich Toʻq-Qaragʻan qaʼlasi (Toʻq-Qaragʻan burnida) poydevorini qurdirib, unda Penza polkini qoldirdi. Undan 120 vyorst narida, koʻrfaz boʻyida boshqa bir—Aleksandr-Bay qaʼlasini tiklab, unda 3 ta rotani qoldirdi. Soʻngra Amudaryoning avvalgi oʻzani goʻyo qurigan joyida, Krasnovodsk koʻrfazida asosiy qaʼla zaminini qurdirib, unda Krutoyar va Riddler polklarini qoldirdi(Aleksandr-Baydan 300 vyorst narida va Astraxandan xuddi shuncha masofada).Bekovich ana shu yerdan Amudaryoning oʻzi xayol qilgan oʻzani boʻylab yurdi, u kelasi yoz faslida toʻgʻonni qidirib topish umidida Orol dengizi yoqalab borishni moʻljallab qoʻyadi.
U Astraxonga qaytib, Krsanovodskda polkovnik fon der Veydenni qoldirdi. Xiva xoniga uch elchini yoʻllab, oʻzining u yerga borajagini bildirib, yordam talab qildi, ammo elchilar qaytib kelmadi.
1717 yil iyulida Bekovich bir dragunlar eskadroni, ikki rota sallot (toʻp va zahiralari bilan) 1500 nafar Ural kazagi, 500 tatar, 500 Grebnya kazagi, 200 rus va tatar savdogari bilan yurish boshladi…Bekovich Xivaga yetib keladi.Uning atrofini Xiva xonining oʻzi—Shergʻozi boshchiligidagi 24 ming qoʻshin qurshab oladi. Ularning muvaffaqiyatsiz xurujlari uch kun davom etadi.Bekovich olgʻa qarab yuraveradi.Aholi Xivadan tashqari chiqib keta boshlagandi. Bekovich ayni shu paytda xotini ( qizlik vaqtidagi familiyasi—knyajna Golitsina, Boris Alekseyevichning qizi) oʻzining ikki farzandi bilan Volgaga choʻkib ketgani toʻgʻrisidagi xabarni eshitadi.Uning ruhi shu sabab butkul tushib, aqldan ozayozdi. Shu asnoda Shergʻozi hiyla ishlatadi.Goʻyo muzokara olib borish maqsadida Bekovichni aldab, oʻz huzuriga olib kelishga muvaffaq boʻladi..Barcha rossiyaliklar qoʻlga olinadi.Mayor Frankenberg ham asirga tushgan Bekovichning uch karra bergan buyrugʻini bajarib, aldanadi.Barcha rossiyaliklar qoʻlga olinib, oʻldiriladi.Bekovich bilan Frankenberg halok boʻladilar.Xiva xoni Buxoro xoniga shoʻrpeshona Bekovichning kallasini yuborib, oʻzini va qoʻshnisini xavfli bir dushmandan xalos etgani bilan maqtanadi. Uning ayyorligidan foydalangan Buxoro xoni Shergʻozini odamxoʻr deya ataydi va bu bilan pyotrning koʻnglini olishga urinadi. Pyotr Buxoro xoni orqali oʻz ishlarini qayta boshlashni diliga tugib qoʻyadi hamda shu maqsadda Tashqi ishlar kollegiyasining kotibi Florio Benevenini Buxoro xoni huzuriga yoʻllaydi.Aytishlaricha Pyotr oʻlim toʻshagida ikki narsaga: Prutning omadsizligi uchun Turkiyadan va Bekovichning oʻldirilganiligi uchun esa Xivadan qasos ololmaganligiga afsuslangan».
Pushkin Rusiyaning boshqa shovinist tarixchilaridan farqli ravishda,haqiqatparast shoir boʻlgani bois,1717 yildagi Bekovich qoʻshinining fojiasiga istilochilik, geografik maʼlumotlarning notoʻgʻriligi sabab boʻlganini aytadi.Biroq, u ham chor imperiyasi fuqarosi sifatida Pyotr 1 ning Hindistongacha boʻlgan hududni egallash siyosatini buyuk bir ish deb baholaydi.
Ayni paytda, shu davrni sinchiklab oʻrgangani uchun Pyotr 1 ning feʼl atvori, uning buyukligiyu, nuqsonlarini ham taʼkidlagan.Garchi Pushkinning ushbu asari toʻla yozib tugallanmagan boʻlsada, imperator Nikolay 1 yaratilayotgan kitob nusxasini koʻzdan kechirib chiqdi va qoʻlyozmani oʻqib, “Buyuk Pyotr shaʼniga koʻpgina beandisha gaplar yozilgani sababli bosib chiqarish mumkin emas”, degan xulosaga keladi.
Eʼtiborlisi shundaki, Pushkinning oʻsha toʻliq tugallanmagan asarida Pyotr1,Bekovich Cherkasskiy,Xiva xonligi,Xorazm,Shergʻozixon( Pyotr 1 yuborgan Bekovich Cherkasskiyni 1717 yilda aldov yoʻli bilan magʻlubiyatga uchratgan Xiva xoni) soʻzlari uchraydi.Buyuk shoir,Bekovichning Xorazmga borgan yoʻllarini,Xiva xonligi xaritasi, shaharlariniyam oʻrganib chiqadi.
Xoʻsh, aslida Pyotr 1 qanday maqsaddda Bekovich-Cherkasskiyni Xiva xonligiga yoʻllagandi va bu haqda arxiv maʼlumotlari qanday? Pushkin imperiya tashqi ishlar kolllegiyasida oʻtirib va imperiya arxividan bu boradagi quyidagi maʼlumotlarga duch keldi.
Maʼlumki, Xiva taxti uchun kurashlardagi saroy oʻyinlaridan choʻchigan Shohniyozxon 1700 yilda Doʻstbek Bahodir degan elchisini Rossiyaga joʻnatib, oʻz saltanatini tobelikka olishni soʻragandi.Natijada imperiyasi hududini kengaytirish uchun intilayotgan Pyotr uchun Vatan baxtidan koʻra taxtni oʻylagan olchoq hukmdorning soʻrovi ayni muddao boʻldi.Shu tariqa oʻsha yilning 30 iyunida xonlikni imperiya tobelgiga olish toʻgʻrisida farmon chiqariladi.Bu toʻgʻrida elchidan yorliq ham berib yuboriladi.Ammo yoʻlning uzoqligi, Shvetsiya va Turkiya urushi bilan band boʻlgan Pyotrning xonlikni nazoratiga olishiga toʻsiq boʻladi.Oradan uch yil oʻtib-“1703 yili Arab Muhammad ikkinchi degan yana bir taxtparast Doʻstbek Bahodirni yuqoridagi mazmunda Rossiyaga joʻnatgandi” ( Polnoye sobraniye Rossiyskix zakonov.SPB, 1830, str, 216).Elchi qaytishida yana yorliq olib Xivaga ketadi.
Ana shu tariqa vaziyatda 1713 yilda Mangʻishloqlik Nafasxoʻja degan turkman savdogari Astraxanda boʻlganida knyaz Mixail Samsonov bilan uchrashganida va u bilan Peterburgga borganida Bekovich bilan tanishgan va ularga Amudaryodan oltin qum olinishi va oʻtmishda uning Kaspiyga quyilganligi toʻgʻrisida maʼlumot beradi.Bu fikrlarni Sibir gubernatori knyaz Gagarin,Peterburgga kelgan Xivalik elchi Ashurbek ham tasdiqlagach, sharqqa qiziqayotgan Pyotr 1 Kaspiydan Amudaryo orqali Hindistonga chiqish mumkin degan xayolda shaxsan Xoʻja Nafasni qabul qiladi va urushlar tufayli xazinaning boʻshaganidan uni biratoʻla Oʻrta Osiyo xonliklarini zabt etib toʻlgʻazishga kirishiladi.Bu borada “1714 yilning 19 mayida Pyotr 1 Xiva xonligini zabt etish haqidagi farmonni senatga yuboradi” (SGVIA, f VUA, d 35, l 37).1716 yilning 14 fevralida esa imperatorning oʻzi harbiy yurishga rahbarlik qiladigan Bekovich Cherkasskiy bilan suhbatlashib, amalga oshirilajak ishlarni belgilab koʻrsatma beradi.
Shaxsan Pyotr 1 ning qoʻli bilan yozilgan koʻrsatmada Bekovich-Cherkasskiy zimmasiga yuklatilgan vazifalar quyidagilardan iborat edi:
1.Bir vaqtlari Amudaryo Kaspiy dengiziga quyilgan joyda 1000 kishilik harbiy istehkom qurilsin.Amudaryo oqimini va toʻgʻonlarini sinchkovlik bilan oʻrganib, imkoni boʻlsa, eski yoʻliga burib yuborilsin.Orol dengiziga suvni yoʻnaltiradigan toʻgʻonlar buzilsin.Bu ishlarni bajarishga qancha kishi kerak boʻlishi aniqlansin.
2.Xiva xonligining Rus davlati tobeligiga oʻtilishiga erishilsin hamda bizning manfaatlarimizga xizmat qilish sharti bilan harbiy qism qoldirilsin.Agar xon rozi boʻlsa va sharoiti koʻtarsa, harbiy qismning oʻzi qoldirilsin.Bordiyu buni qila olmasa, harbiy qismni bir yil davomida taʼminlash kafolati olinsin, keyingi yillarda xarajatlar esa uning zimmasiga yuklatilsin.
3.Agar Xiva xoni rozilik bildirsa, u vaqtda undan oʻz kishilariga ikki rusni qoʻshib Sirdaryo suvi boʻylab oltin borligini aniqlash uchun Yorkentga joʻnatilsin.Shuningdek, savdogarlarimizning Amudaryo boʻylab Hindistonga borishlari uchun kemalar berilishi xondan soʻralsin.Savdogarlar ketayotganlarida quruqlik va suv yoʻllarini, daryo va koʻllarni, ayniqsa,Hindistonga boradigan yoʻlni yaxshi oʻrgansinlar va maʼlumotlar toʻplasinlar.Agar savdogarlar Hindistonda Kaspiy dengiziga boradigan yoʻl borligini eshitsalar, u vaqtda shu yoʻl bilan orqaga qaytsinlar va koʻrganlarini qogʻozga tushirsinlar.
4.Xiva xonligidan Buxoro xonligining Rus davlati tobeligiga oʻtishiga hohishi bor-yoʻqligi bilinsin.Bordiyu bunday istak boʻlmasa, doʻstlik munosabatlari oʻrnatishga erishilsin.
5.Koʻrsatilgan topshiriqlarni amalga oshirish uchun 4000 kishidan iborat muntazam qoʻshin va kerakligicha kemalar ajratilsin.Bundan tashqari, Yoyiq kazaklaridan 1500, eshkakchilardan 500 va otliqlardan 100kishi berilsin.Ular savdo karvonlarini muhofaza qilish niqobi ostida Astraxandan harbiy qaʼla va shahar quriladigan joyga, yaʼni Kaspiyning sharqiy qirgʻogʻiga yuborilsin.Qoʻshin komandirlari barcha joylardagi tub aholiga nisbatan xushmuomilada boʻlsinlar.Shaharni qurish uchun zarur boʻlgan bel va choʻkichlar berilsin.
6.Dengiz ofitserlaridan poruchik Kojin va navigatorlardan 5 yoki koʻproq kishi harbiy qismga qoʻshilsin.Kojin savdogar niqobida ish yuritishi, navigatorlar esa Yorkentga yuborilishi lozim.Kulyumov oʻquv yurti talabalaridan ikki injener olinsin.Kojin zimmmasiga borgan joyidagi mollarning turlarini va umuman, savdo-sotiqni yaxshi oʻrganish yuklatilsin.Unga savdogarlardan ikki kishi birkitilsin.Bular keksa boʻlmasinlar”.(SGVIA, f,VUA, d 35, l 58).
Aleksandr Sergeyevich arxivdan yana 1717 yilning 14 martida Bekovich-Cherkasskiyning hukumat senatiga yoʻllagan yurishga bilan bogʻliq rejasini ham topdi.Unda Bekovich-Cherkasskiy quyidagilarni maʼlum qilgandi:
1.Muntazam qoʻshindan 4000, dragunlardan 1500, piyoda askarlardan, ofitserlari bilan birgalikda 2500, kazaklardan 2000 kishini kiyim-kechaklari, oziq-ovqatlari va maoshlari bilan birgalikda berilsin.
2.Kaspiyning sharqiy qirgʻogʻiga quruqlik bilan borish uchun belgilangan 2000 kishidan iborat askarlarga kamida bir yilga yetadigan oziq-ovqat, aravalar va boshqa ashyolar ajratilsin.Shuningdek, Kaspiy deggizi qirgʻogʻida harbiy qaʼla qurish uchun joʻnatiladigan askarlarga tegishli oziq-ovqat va boshqa narsalarni olib borishga kemalar berilsin.
3.Savdogarlar niqobida Sirdaryo boʻylab Yorkentga oltin qidirishga va Amudaryo boʻylab Hindistonga boruvchi kishilarga mablagʻ ajratilsin.Ular shu darajada koʻp va yaxshi mollar bilan taʼminlansinlarki, u joylarda hech qanday shubha uygʻotmasin.
4.Agar Xiva xoni 500 kishilik gvardiyani soʻrab qolsa, u vaqtda ularni bir yil muddat bilan taʼminlashga yetarli maosh ajratilsin.
5.Xiva, Buxoro va Hindiston hukmdorlariga davlat yorliqlari tayyorlansin.
6.24 toʻpchi, 2 injener, 3 shifokor va koʻp miqdordar dori-darmon berilsin.( SGVIA, f,VUA, d 35, l 61).
Senat Bekovichning rejasini maʼqullagan holda, koʻrsatilgan hamma narsani muhayyo qildi va 6100 kishilik qoʻshinga 481 pud porox, 1230 pud qoʻrgʻoshin, hatoki 4000 chelak vino, 597 chelak pivo ham ajratdi.
Bundan tashqari, Pushkin arxivdan Xivaga Ivan Voronin va Maksim Svyatoy degan elchilarning yurish oldidan joʻnatilganini, ular savdo aloqalari boʻyicha Shergʻozixon bilan muzokara oʻrnatib, ayni paytda yurishdan oldin vaziyatni oʻrganib qaytganiga oid maʼlumotlarniyam topdi.Hattoki Qalmoq xoni Ayuqxonning 1717 yilning 16 mayida rus hukumatiga yozgan xatida Shergʻozixon yurishni sezib qolganiga oid maktubniyam oʻqidi.Unda, “Mening Xivaga borib kelgan odamim guvohligiga koʻra, 2000 kishidan iborat xivaliklar, qoraqalpoqlar va qozoqlar birgalashib chegara joylarda turishibdilar.Ular yoʻllardagi quduqlarni koʻmganlar hamda jang qilish niyatidalar.Yoʻllarda jazirama oqibatida oʻtlar yoʻq, tagʻin rus askarlari ogʻir ahvolga tushib qolmasinlar.Vaziyatni batafsil tushuntirish uchun Suxli Zdeijin boshchiligida 7 kishini yubormoqdaman” (SGVIA, f,VUA, d 35, l 131 -132 betlar).
—Har ikkala tomon ham tayyorgarlik koʻrgan ekanda-xayoliga keldi bu hujjatlarni koʻzdan kechirarkan Pushkin.
Bekovich-Cherkasskiy esa vaziyatni oʻrganish niyatida “Astraxandan Kaspiy boʻylab yurib Saidmamad, Salmon, Begnch,Poʻlat Baxshi, Mangʻlay, Qashqa singari nufuzli kishilar bilan Amudaryo,Xiva xonligi toʻgʻrisida suhbatlashgan”( SGVIA, f,VUA, d 35, l356).
U Astraxanlik dvoryan Ivan Zvonskiy va Nikolay Fyodorovlarni Nafasxoʻjaga qoʻshib Amudaryoning eski oʻzanini aniqlashni tobshirgan.Natijada ular to Xiva xonligigacha 17 kunlik masofadagi Qaragʻoch mavzesiga keladi.”Tadqiqotchilar” Qaragʻochda balandligi bir metru chorak, uzunnligi besh chaqirim, eni uch metr keladigan tepalikni koʻrishganda,Nafasxoʻja mana shu tepalikni olib tashlab, ariq qazib borilsa Amudaryoni Kaspiy dengiziga bursa boʻladi degan choʻpchaknoma gapni aytadi.
Tabiiyki, Bekovich bunga ishonmaydi.U Amudaryo va Xorazm toʻgʻrisida yanada koʻp maʼlumot olishga intilardi.Shu niyatda 1716 yilning 15 sentyabrida 69 kemada Kaspiy dengizi boʻylab Astraxandan 290 chaqirim masofada joylashgan Tyukqaragʻan degan joydan Mangʻishloqqa keladi.Bu yerda u mustahkam oʻrnashib qolish maqsadida Svyatoy Pyotr 1 nomli harbiy istehkom barpo etdiradi.Shu yerdan Kojin va Pyotr Davidovni Buxoroga elchi qilib joʻnatadilar.
…Shu taxlit Bekovich hamma choralar koʻrib,Xorazmdagi vaziyatni oʻrganganicha 1717 yilning 20 fevralida Krsanovodsk,Astraxan,Guryevga keladi.Qalmoq xoni Ayuqxonning 10 ta yoʻl koʻrsatuvchisi va Nafasxoʻjani ham olganicha may oyida Guryevdan chiqib Xiva tomon otlanadi.U Yemba irmogʻi, Duchkon, Mansulmas, Childon, San Durali va Yangisuv,Shershik,Qoraqumobod, Oqkoʻl mavzelaridagi quduqli choʻllarni bosib Xivagacha 4 kunlik yoʻl qolganda Qoraogʻoch mavzesida toʻxtaydilar.Chunki, Bekovich qoʻshini oʻzlarini niqoblash maqsadida Yangisuvga kelganlarida Mixail Koretovni tinchlik maqsadida elchi boʻlib kelayapmiz deya Shergʻozixon oldiga jshnatgandi.Xiva xoniyam javob sifatida ot, toʻn va boshqa mahsulotlardan iborat sovgʻalar bilan muzokara uchun Qoragʻochga kelgandilar. Ammo muzokara urushga aylanib ketadi.Shu tariqa xivaliklar oddiy pilta miltiq, oʻq-yoy, oybolta , qilich bilan shaylangan holda Bekovichning zamonaviy qoʻshini bilan toʻrt kun jang qiladi.Nihoyat toʻrtinchi kuni Shergʻozixon Eshonxoʻja ismli elchisini Bekovich oldiga yuborib yarashni taklif qiladi.”Elchi Bekovichga shunday degan: Xivaliklar oʻzboshimchalik bilan sizlarga hujum qilganlar,xon buni bilmay qolgan.Xonning soʻrovi shundan iboratki, agar Bekovich-Cherkasskiy haqiqatan ham elchi sifatida kelgan boʻlsa, u bunga bizni ishontirsin” ”( SGVIA, f,VUA, d 35, l307).
Shunda Bekovich oʻzining Pyotr 1 yorligʻi bilan kelayotganini maʼlum qilib astraxanlik Oltin Husainovni Eshonxoʻja bilan Shergʻozixon oldiga joʻnatadi.Ammo uni xon emas, Qulunboy degan amaldori qabul qilib aytadiki, Bekovich haqiqatan ham elchi boʻlsa Shergʻozixonning yoniga oʻzi kelsin.
Shu tariqa Bekovich knyaz Mixail Zamonov, brigada komissari Grigoriy Volkov, 700 askar bilan Shergʻozixon oldiga boradi.
Pushkin yurishda qatnashgan Nafasxoʻja, Oltin Husainov, Fyodor Yemelyanov, Mixail Spirodonov,Oʻrazmet Axmetov singari omon qolgan kishilarning xotiralarini arxivdan topdi.Ulardan biri Oltin Husainovning xotiralariga koʻz yugurtirdi: “Bekovich-Cherkasskiy va Mixail Zamonov Shergʻozixon oʻrnashgan chodirga kiritildi.U Pyotr 1 oliy hazratlarining yorligʻini, yasantirilgan ot, movut, 5 gazdan gazlamalar, kallaqand, kumush idishlardan iborat sovgʻalarni xonga topshirdi.Ular chodirda ikki soat suhbatlashdilar.Oʻz navbatida xon ham Bekovichga bezatilgan eng yaxshi ot hadya qildi.Soʻngra Bekovich uning uchun belgilangan chodirga kirib oʻrnashdi.Koʻp oʻtmay xon olgan sovgʻalarni, xususan gazlamalarni chiriganligi uchun Bekovichga qaytarib yuborgan.Bu Bekovichni shu darajada xijolatga va hayajonga solganki, koʻzlarida yosh bilan “ Nima uchun shunday qilding?” -deb Zamonovni qoralagan.Bunga Zamonov “Mabodo orqaga qaytishimizga toʻgʻri kelsa, bir kunimizga yarar, deb qildim”, deb javob bergan.Keyingi kuni Shergʻozixon va Bekovich birgalikda Xiva tomon yoʻl oldilar. Kechqurun ular 4 soat mobaynida suhbatlashdilar va ovqatlandilar.Soʻngra yoʻl davom etdirilib Xiva qoʻshini Bekovich orqasidan kelayotgan rus askarlarini unga yaqinlashtirmasdi.Xivaga ikki kunlik yoʻl qolganda Porsungul degan daryoga keldilar.Rus askarlari bu yerdan ikki chaqirim narida toʻxtadilar.Ertalab Shergʻozixon Bekovich huzuriga toʻrt oʻzbekni yuborib rus qoʻshinlarining barchasini Xivaga joylashtirish va taʼminlashning imkoni yoʻqligini va ularni besh boʻlakka taqsimlab, turli shaharlarga oʻrnashtirishni taklif qildi.Bekovichga esa oʻz yonidagi 700 kishini ham tarqatib, 200 odam bilan qolishni taklif etishdi.Bu soʻrovlar qabul qilinib, besh qismga ajratilgan rus askarlari xon amaldorlarining kuzatuvida besh tarafga olib ketildi.Shundan keyin Shergʻozixon buyrugʻi bilan knyaz Zamonov, astraxonlik Kiryak Ekonomov, soʻngra Bekovich yechintirilib, boshlari qilichdan oʻtkazildi.Bu voqea 1717 yil 29 avgustda sodir boʻldi”( SGVIA, f,VUA, d 18250 l 1).
—Fojia.Nahot Bekovich Shergʻozixonning aldoviga uchgan?—hayron qoldi arxiv hujjatlarini koʻzdan kechirib Pushkin—Menimcha, Bekovich ayni shu paytda xotini Mariyaning ikki farzandi bilan Volgaga choʻkib ketgani toʻgʻrisidagi xabarni eshitib ruhi tushib ketgan.Hattoki, yana islom dinini qabul qilgan ekan. Shu bois Xiva xonining taklifini chuqur oʻylab ham koʻrmagan.Negadir Shergʻozixon Bekovichning Suyunch va Oq Mirzo degan inilarni qoʻyib yuborib boshqalarni qullar safiga qoʻshgan ? Shergʻozi! Qanday hukmdor boʻlgan ekan-a?
Pushkin xonlikga borib qaytgan Rossiyalik elchi, savdogar va boshqalarning maʼlumoti asosida Shergʻozi haqida toʻla tasavvurga ega boʻlolmadi.
—Xorazm, umuman Oʻrta Osiyo xonliklari toʻgʻrisida koʻplab manbalar bordek, ammo baʼzida kimlar toʻgʻrisidadir qiziqib qolsang tasavvur hosil qilgudek toʻla maʼlumotga ega boʻlolmaysan-deya oʻyga toldi Aleksandr Sergeyevich sargʻaygan arxiv hujjatlarini titkilar ekan.

….

Ha, Vatanini himoya qilishda hiyla ishlatgan Shergʻozixon qudratli qoʻshinni magʻlubiyatga uchratgandi.Xoʻsh, u qanday hukmdor edi?
Endi aynan Bekovichni halokatga uchratgan va Pyotr 1-u ,Rossiya amaldorlari hamda Pushkinning eʼtiborini tortgan Shergʻozixon haqida toʻxtalsak.
U Xiva taxtiga 1714 yilda Buxorodan keltirib oʻtqazilgan kishi boʻlib, Sulton Gʻoziy Sultonning avlodlaridan edi.Xoʻsh, nega raqib davlat boʻlib tinimsiz urushib kelgan Buxorolik kishi Xiva taxtiga oʻtirgan edi, degan tabiiy savol tugʻiladi.
Maʼlumki, 18 asrda Xorazm taxti uchun boʻlgan kurashlar, saroyda esa fitnayu nizolar boʻlib, ayrim nufuzli va boyvachcha amaldorlar oʻzlarining yoʻliga yuradigan kishilarni taxtda ushlab turganlar.Kimki, nufuzli amaldorlarga qarshi chiqsa u koʻp vaqt taxtda oʻtiraolmagan.Yaʼni, butun toju-taxt jilovi oʻsha amaldorlarga bogʻliq boʻlib qolgandi.Shu bois ham tarixchilar bu davrni “saroy oʻyinlari” davri deya baholashgan.Masalan, 1689-1691 yillarda Xudoydodxon,1691-1695 yillarda Arangxon,1695-96 yillarda Joʻjixon,1696-98 yillarda esa Valixon,1698-1703 yillarda Shohniyozxon,1703-1704 yillarda Shoh Baxtxon, 1704-1705 yillarda boʻlsa Sayyid Alixon,1706-1707 yillarda Musoxon,Yodgorxon esa 1707-1713 — sanalarda Xiva taxtida hukmdorlik qilishgan.Koʻrganingizdek, ularning ichida bir, bir yarim yil taxtda oʻtirganlari ham bor.Ular bir-birini oʻldirishgan, taxt talashishgan.Masalan Xudoydodni inisi Arangxon oʻldirgan boʻlsa, uning jilovini qoʻliga olgan Toʻxtaxonimni esa raqiblari otga sudratib oʻldiradilar.Arangxonning oʻzi esa otdan yiqilib oʻlgandi.Uning oʻlganini bildirmay soxta, aynan xonga oʻxshash yigitni taxtda oʻtirgʻizib qoʻyganlarida boʻlsa isyon boshlanib uni tutib oʻldirgandilar.Valixon degani boʻlsa oʻzining boshqaruvga uquvsizligidan va isyon boshlanishidan qoʻrqib qozoq urugʻlari ichiga qochib ketishga majbur boʻladi.Undan soʻng taxtga chiqqan Shoh Niyozxon esa saroy oʻyinlaridan choʻchiganidan nima qilarini bilmasdan, oʻzining umrini , taxtini qanday qilib boʻlsada saqlab qolishni oʻylab, 1700 yil 30 iyulda Rus imperatori Pyotr 1 nomiga maktub yoʻllab Xiva xonligi hududlarini qoʻshib olishni taklif etgandi.Natijada bunday noshud xon ham oradan koʻp oʻtmay “oʻlib “ qoladi.Undan soʻnggi Shoh Baxtxon esa zoʻrgʻa bir yil “chidab” taxtda oʻtirdi va ixtiyori bilan hukmdorlikdan voz kechdi.Sayid Alixon degani esa bir necha oygina taxtda oʻtirib, amaldorlar qutqusi bilan tojni tashlab ketishga majbur boʻladi.Musoxon esa oʻzining oʻldirilishini bilib Marvga qochib ketganida uni Avaz Mehtar degan amaldori Marvda tutib olib boshini kesib Xivaga olib kelgandi.Faqat Yodgorxongina hajga borib obroʻ orttiradi va dindorlar orasida shuhrat qozonganidan 1713 yilgacha taxtda oʻtiraoladi.Shu yili esa u ham Orolboʻyiga qilingan yurishda vafot etadi. Ana shunday vaziyatda mahalliy merosxoʻrlar ichidan hukmdorlik qilish istagiyam qolmagan.Shu bois ayrim amaldorlarning yordami bilan Shergʻozixon Buxorodan kelib taxtga chiqgandi.U dastlab qoʻshinga boshchi qilib oʻziga toʻla ishonchli amaldorlardan qoʻydi va navkarlarga toʻla erk berib, ularga tanoblab yer inʼom qiladi.Soʻngra Orolboʻyiga, qoraqalpoqlar ustiga, Eronga hujum qilib katta oʻljalar oladi.Natijada uning qoʻshini oʻljalarning koʻp taqsimlanganidan Shergʻozixonga itoat qiladigan boʻladi va shu tufayli asta-sekin saroydagi nufuzli “oʻyin” koʻrsatadigan amaldorlariniyam suiqasd yoʻli bilan yoʻq qilib taxtda 1726 yilgacha hukm suradi.
Uning tarixda qolishiga mashhur boʻlgan voqea 1717 yilda Bekovich qoʻshinini aldov yoʻli bilan magʻlubiyatga uchratgani edi.Shuningdek u 1715-20 yillarda Shergʻozixon deya oʻz nomi bilan Xivada madrasa barpo etdirib tarixning yorqin sahifalaridan joy egalladi.Garchi Shergʻozixon Bekovichni hiyla bilan boʻlsada yengib gʻalabaga erishgan boʻlsada,Rossiyaning oʻch olishidan choʻchib, toʻxtab qolgan savdo va diplomatik aloqalarni tiklashga intiladi.Shu niyatda 1720 yilda oʻz elchisi Uvays Muhammadni Rossiyaga yuborgandi. U elchiga bergan yorligʻida “ Bekovich koʻp sonli qoʻshin bilan kelib xonlikni bosib olmoqchi boʻlganligi uchun uning qoʻshinlariga zarba berilganligi uqtirib oʻtilgan” (Arxiv vneshnoy politiki Rossii, f.Snosheniy Rossii s Xivoy, d .1, l 85.).Biroq Bekovich halokatidan qattiq qaygʻuga toʻlgan Rossiya hukumati Xiva elchisini 5 hamrohi bilan Astraxandan soqchilarning qattiq nazorati ostida Peterburgga keltirib, Petropavlovsk qamoqxonasiga tashlaydi.Shu tariqa elchi 1721 yilning 10 martida qamoqxonada vafot etadi.Qolgan hamrohlari esa 1724 yilda qamoqxonada uch yil yotgach katorgaga hukm qilinadi.
Elchilik shunday nihoyasiga yetgan boʻlsada Shergʻozixon diplomatik aloqalarni tiklash niyatidan qaytmaydi va 1721 yilning boshida Buxoroga rus elchisi F.Benevenining kelganligini eshitib,uni Xivaga taklif etadi. Xorazmga kelgan elchini hurmat bilan kutib olib u bilan qaytishda Subhonquli ismli kishini elchi sifatida Rossiyaga joʻnatadi.Biroq elchi 1725 yilda Pyotr 1 vafotidan soʻng Peterburgga yetib boradi va Shergʻozixonning yorligʻini rus hukumatiga tobshiradi.Ha,Shergʻozixon aloqalarni tiklashga intilgan siyosatchi edi. Afsuski, u 1726 yilda madrasasini koʻrishga kelganida, Eronlik qullar uning yonidagi navkarlari ozligidan foydalanib tosh boʻron qilib oʻldiradilar.Natijada u oʻz madrasasining kun botish tomonidagi hujraga dafn etiladi…
Pushkin aynan ana shu Shergʻozixon hayoti va uning davlati, xalqi hayotiga qiziqqan edi.
Shu bilan birga u “Shoh Sulton va shahzoda Gvidon haqida ertak”, “Mis chavandoz” kabi dostonlari hamda “Kapitan kizi”, “Dubrovskiy” singari nasriy asarlari kabi Pyotr 1 davridan kelib chiqib, Xorazm mavzusidayam doston yoxud roman yozishni niyat qilib qoʻyadi.
“Arzrumga sayyoxat « kitobida u « daryal” soʻzining etimologiyasiga toʻxtalib, bu soʻz qadimiy fors tiliga oid “darvoza” maʼnosini bildirishini aytadi.
Shuningdek, oʻsha asarda shoir bir qishloqqa kelib, karvonsaroydagi odamlardan ot soʻraganini keltirgan va ularga aytgan iborasini yozgan: « Ver menga ot! « (yaʼni turkiy oʻgʻiz-xorazmliklar shevasida—Ber menga ot!).
Umuman olganda Pushkin ijodida Sharq mavzusi,Xorazmga qiziqishi barobarida, arxiv hujjatlarini oʻrganish asnosida, qolaversa Kavkazga borganida turkiy tillarni,oʻgʻiz shevasini oʻrganishga kirishganini ham aytib oʻtish kerak.
Umuman olganda Pushkinda Sharq mavzusiga qiziqish katta boʻlib, u arab, fors, turkiy tillardan rus tiliga tarjima qilingan asarlarni oʻqib borar va shulardan taʼsirlanish natijasida oʻziyam sharq mavzularida sheʼr, dostonlar yaratar,bu esa rus nazmini yangi ohanglar bilan boyitardi.
Bundan tashqari Firdasviyning mashhur “Shohnoma” asari V.A.Jukovskiy tomonidan ruschaga tarjima qilinganidan soʻng, rus adabiyotidayam shu va boshqa sharqona asarlardan taʼsirlanish natijasida “Uruslan Lazarevich degan shonli bahodir haqida doston “ nomli asar yuzaga kelgan.Professor N.Gudziyning “ Xrestomatiya po drevney russkoy literature X1-17 vv” nomli asarida ( M, 1947, 439 bet) yozilishicha, “Shohnoma”ning bir qancha syujetlari turkiy xalqlar orasida keng tarqalgan boʻlib, ogʻizdan-ogʻizga koʻchib yurgan va ular orqali rus folkloriga kirib borgan.Keyinchalik-18 asr oxirida yaratilgan “Uruslan Lazarevich haqida qissa” ana shu yoʻl bilan oʻtib, kuchli oʻzgarishga uchragan “Rustam va Suhrob” (“Firdavsiy “Shohnomasi” ning bir qismi-U.B.) dostonining bir variantidir”.
Pushkin esa ana shu dostondan taʼsirlanish natijasida oʻzining “Ruslan va Lyudmila” dostonini yaratadi.
Bundan tashqari Pushkin va M.Yu.Lermontov ijodida yana “Boqchasaroy fontani”, “Bostonchi ovuli”, “Kavkaz asiri”, singari sharq mavzusidagi rus kishisi bilan sharqlik insonning oʻzaro doʻstlashuvi hamda muhabbatini tarannum etiluvchi asarlar ham yuzaga kelgandi.
Ayniqsa Pushkin ijodidagi “Hofizdan”, “Arabiy asarga taqlid”, “Qurʼonga taqlid” sheʼrlarida sharqona va islomiy ruh yaqqol aks etgan.Masalan,”Qurʼonga taqlid” da:

Mardona boʻl, aldovlardan hazar qil,
Haq yoʻlidan bardam tashlagin odim…
deyilsa , “Arabiy asarga taqlid” sheʼrida
Bir umr uyatchan boʻlmagin,
Ey nozik navnihol yigitcha;
Oʻsha isyon oʻti tanimizdadir,
Bir hayot tarzi-la yashaymiz ikkov…

degan satrlar bor.
Ana shu kabi Pushkinning sharqona taʼsirlanishini tadqiq qilgan N.G.Chernishevskiy “Qurʼon musulmon xalqlariga albatta oʻzining poetik jihati bilan kuchli taʼsir etgan.Muhammadni ham biz jahonda yashab oʻtgan ulugʻ shoirlardan biri deb tan olishimiz kerak…Qurʼonning poetik nuqtai nazardan buyuk asar ekanligiga qanoat hosil qilish uchun bir necha sahifasini oʻqib chiqish kifoya, hech boʻlmaganda Pushkinning bu kitobdan tarjima qilib keltirgan parchalarni eslab koʻraylik-bu tarjimadan tarjima, ammo qanchalik alanga bor unda” ( 16 tom, 1953 y,Moskva ,PSS, 384-385 betlar) deya yozgandi.
Pushkin va Qurʼon mavzusini tadqiq qilgan rus sharqshunosi I.S.Braginskiy esa “ Pushkin sharq motivlari, jumladan Qurʼon obrazlarida dekabristlar qoʻzgʻoloni arafasida qahramonlik gʻoyasini, fidoyilik kurashi va bukilmas matonatini ifodalash uchun badiiy shakl topgandi”( “Narodi Azii i Afrikii” jurnali, 1965, 4 son, 124 bet) deya yozgandi.
Tabiiyki, bu yerda Pushkin Sharq motivi asosida oʻzining gʻoyalarini ifodalashga bir bahona, shunchaki bir usul boʻlib xizmat qildi, deyish notoʻgʻriroq boʻlardi.Bu oʻrinda Pushkinnning shoirlik qudrati sharqona ruhni va maʼnoni oʻz oʻquvchilariga tuhfa qila borib koʻnglidagi gaplarni aytishga yoʻl toa olganida, rus adabiyotiga sharqona ohangni olib kirganidadir.
Ayniqsa u Hofiz Sheroziyning “Boʻston” asaridan shunchalik taʼsirlandiki, “Bu chashmadan bizdaylarning koʻpi suv ichgan.Ular ketdilar—olamdan koʻz yumdilar: Nega endi bu karvonsaroyga koʻngil bogʻlaylik, doʻstlar ketdilar, biz ham yoʻldamiz” degan degan baytini “Bogʻchasaroy fontani” dostoniga epigraf qilib oladi.
Shu bilan birga Vyazemskiyga yozgan maktubida “oʻzaro aytganda dostonning oʻzi eʼtibor qilishga arzimaydi, lekin epigrafi ajoyib!Albatta u butun dostondan ustun turadi, meni oʻziga rom etdi.Saʼdiy va Hofiz qalami yaratgan pinhoniy sirlardan xabardor boʻlganimga qadar mening sheʼrlarimda nashʼali jihatlar va hayotsevarlik hissiyoti kamroq koʻrinardi” deya kamtarlik bilan oʻzining asaridan gʻurulanib ketmagan holda Hofiz hamda Saʼdiy asariga katta baho beradi.
Sharq shoirlarining va Qurʼonning Pushkinga bunchalik taʼsir qilishiga sabab, Aleksandr Sergeyevich ularda oʻzining ruhiy holatini ifodalovchi mohiyatni koʻrib, anglab bilganligida edi.
Maʼlumki, Pushkinning doʻstlar boʻlmish dekabristlar qoʻzgʻoloni bostirilgach, shoirning doʻstlari har tomonga, kimdir surgunga, yana qaysisidir qochqinlikga, oʻlimga duchor qilindi.Saʼdiyning bayti esa ajib bir ixchamligi bilan Pushkin qalbi tubidagi sadoni aks etdira olgan, HAQIQATni Qurʼon,Saʼdiy baytlari allaqachon olam va odamlarga aytib ketgan ediki, bobosi musulmon boʻlmish Ibrohim Hannibaldek insonning avlodi-Pushkinni bu holat gʻoyat HAYRATga soldi.
Ana shu hayrat esa faqatgina sharq adabiyoti bilan tanishishga emas, Sharqga, Oʻrta Osiyoga talpinishgayam undadi.
Pushkinning Orenburgga borib, Perovskiy va u yerlik ziyolilar, savdogarlar bilan uchrashishidan maqsad ham avvalo Pugachyov isyoni ,hamda shuningdek Bekovich halokati bilan bogʻliq,uning Xorazmda oʻldirilishiga oid tafsilotlarni oʻrganish, shu mavzuda tarixiy roman yozish uchun xorazmlik savdogarlar bilan muloqat oʻtkazish edi.

. . .

1833 yil 18 sentyabr.Orenburgdagi Neplyuyev nomli harbiy bilim yurtining direktori, injener-kapitan Konstantin Demyanovich Artyuxov shoirni shaharga kiraverishda kutib oldi.
—Qadrdonim Aleksandr Sergeyevich!Sizning Orenburgga kelishingizni gubernatordan eshitib oʻzim kutib olaman deya peshvoz chiqdim—dedi yoʻl shubasida sharf bilan oʻrangan shoir bilan quchoqlashib koʻrisharkan Konstantin Demyanovich, -axir biz siz bilan litseydalik paytingizdan doʻstmiz.Qani, uyga ketdik.Yoʻl yurib charchamadingizmi? Perovskiy bilan ertaga, biroz hordiq chiqarganingizdan keyin uchrasharsiz.Bugun gubernator guberniyaning chekka joylarida.
Gʻoyatda shoʻx va uddaburon direktor shu tariqa Pushkinni tarantas( odam tashiydigan toʻrt gʻildirakli arava)da oʻz uyiga olib ketdi.
—Qaranglar kim keldi shaharga?—u xonadoni oldida kutib olgan uyidagilar va shogirdlariga shoirni koʻrsatdi,-General! Peterburgdan general Aleksandr Sergeyevich keldilar.Hamma narsa tayyormi?—shunday deya quvonchdan kulib soʻzlardi Konstantin Demyanovich.
-Qoʻysangizchi Artyuxov janoblari.Uyaltirib yuboryapsiz—hovliqqanicha mezbonlar bilan salomlashib chiqdi Pushkin.
-Hazillashib aytayotganim yoʻq.Axir siz qaysi generaldan kamsiz?! Negaki sizning Peterburgdan kelishingizga butun guberniya, shaxsan Perovskiy janoblari katta tayyorgarlik koʻrdi.Podsho saroyidan revizor kelganidayam bunchalik tayyorlanmaganmiz—deya mehmonni uyiga boshladi Konstantin Demyanovich.
Dastlab uy egasi va mehmon hammomga tushishni maʼqul koʻrishdi.Chunki, yomgʻir yoqqani tufayli aravada shuncha yoʻlni bosib kelgan Pushkin “yoʻl azobini rus hammomi esdan chiqarib yuboradi” degan maqolga amal qilardi.
-Yoʻl juda charchatib yubordi.Agar hammomingiz uyingizdan uzoq boʻlmasa bajonidil-deya taklifni maʼqulladi Pushkin.
-Hammom uy atrofida, shundoq yoʻlakdan yigirma qadam narida-deb mehmonni boshladi mezbon.
Pushkin Artyuxov bilan gaplashib ketarkan, ustki labi bolaligidan ikkiga boʻlingani, uning yoshi oʻtganida hamon yuzidagi belgi sifatida saqlanib qolganini koʻrdi.
Mehmon hammomga kiraverishda, uning eʼtiborini torgani devorlarga osilgan ovga oid rasmlar boʻldi.
-Ovga haliyam qiziqarkansizda Konstantin Demyanovich?-soʻradi Aleksandr Sergeyevich.
-Ha, oz-ozdan boʻshroq vaqt topdim deguncha dashtga chiqib ketaman.Istasangiz, sizniyam ertagayoq ovga olib borishim mumkin.-dedi kulimsirab mezbon.
-Xoʻsh, nimalarni ovlayapsiz, oʻrdaklarnimi?-soʻradi qandaydir hayvonlarga achinish tuygʻusi bilan hammomda mehmon.
-Qoʻysangizchi, kim hozir oʻrdak ovlardi deysiz!Menga oʻrdak qandaydir jirkanch oʻrdakni eslatadi.Doimo balchiqda yotadi..Tf-u!Men azizim oʻrdak ovlamayman.Shunday keng dalaga chiqaman-u, itni qoʻyib yuboraman.U hid olib oʻng va chap tarafga yura boshlagach, otishga arzigulik qandaydir hayvonlar itdan hurkib qochishadi.Men esa uni “paq” etib otaman -deya xuddi ovga chiqqandek tushuntira ketdi mezbon .
Shu taxlit ular hammomda yuvinib, pivo ichishdi va bir qancha vaqtdan soʻng, yoʻl azobini rus hammomiga tashlab, mehmonxonaga chiqib kelishdi.
…Toʻkin dasturxon atrofida Artyuxov va uning harbiy bilim yurtidagi kadet shogirdi Nikolay Pavlovich Ivanov bilan Pushkin uchalasi oʻtirishardi.
—Tanishing, shogirdim Ivanov, u sizning asarlaringiz muxlisi, ayni paytda Osiyo tarixiga gʻoyatda ixlos qoʻygan yoshlardan—Artyuxov shunday deya dasturxon yonida choy quyib xizmat koʻrsatayotgan Nikolay Pavlovichni maqtagan boʻldi.
—Demak, Orenburgga kelib tarix bilan ham oshno boʻlarkanmiz-da-dedi Pushkin Artyuxovning tabassumli yuziga javoban kulimsirab.
Ana shu tariqa Pushkin, Artyuxov va Ivanov oʻrtasida Orenburgdagi vaziyat, Oʻrta Osiyolik savdogarlarning bu shaharga kelib ketishi, harbiy bilim yurtidagi oʻqish sharoiti, safar davomida Pushkinning koʻrgan-kechirganlari, Peterburg va Moskvadagi ahvol, umumiy tanishlardan tortib dasturxonga tortilgan Xorazm olmasi-yu, Toshkent uzumi,Fargʻona qovunining taʼrifigacha soʻz bordi.
Kun botib, tun choʻkkani derazadan bilingach, Pushkin Artyuxovning mulozimatlariga qaramay, doʻsti Dalnikiga borib yotishni maʼqul koʻrdi.
—Vladimir Ivanovichning oʻzini bu yerga chaqirtirib xulus( qartaning bir turi) oʻynardik-ku?, Xizmatkorlarimning hozirgina aytishicha, u bir soatcha oldin uyiga kelibdi. Men unga qoyil qolaman-ki, ilm deya Oʻrta Osiyolik savdogarlarga ergashib ularning chegarasigacha borib kelaveradi.Adashib ketmadingizmi deya hazillashib ham turaman—kuldi Artyuxov,-noiloj sizni kuzatishga majburman.
-Nima men toʻgʻri uyingizdan Moskva yoki Peterburgga ketarmidim? Axir yana uch-toʻrt kun Orenburgda boʻlaman.Oʻzingiz maqtanganingizday birga ovga ham borarmiz.Sizning mohir merganligingiz Peterburgda ham mashhur-ku, Konstantin Demyanovich.
Shu tariqa Artyuxov mehmonini Dalning uyiga tarantasda kuzatib qoʻyishni xizmatkoriga topshirdi.

. . . .

Vladimir Ivanovich Dal (1801 yil 10 noyabr—1872 yil 22 sentyabr ) Lugansk shahrida vrach oilasida tugʻilgan boʻlib, 13 yoshida Peterburgdagi dengizchilar tayyorlash korpusiga oʻqishga kirgandi.Oʻqishni tugatib esa Qora va Boltiq dengizidagi harbiy flotda 5 yil xizmat qiladi.Dengizchilikdan isteʼfoga chiqib Derpt universitetining tibbiyot fakultetini 1829 yilda tugatadi va rus qoʻshinidagi gospitalda harbiy vrach boʻlib, 1831 yilda esa Polsha bilan boʻlgan jangda ishtirok etadi.1832 yilda Peterburgdagi harbiy gospitalda, 1833 yildan boʻlsa Orenburgga alohida ishlar boʻyicha gubernatorlik amaldori boʻlib ishga kelgandi.U nafaqat dengizchi va vrach, chor hukumati chinovnigi, balki tilshunos, yozuvchi, etnograf, dialektolog sifatidayam oʻz davrida va hozirdayam mashhur .Dal tilshunos sifatida “Jonli rus tilining toʻliq lugʻati” nomli 200 ming soʻzdan iborat mashhur asarini 53 yil davomida toʻplab yozgan. Bundan tashqari “Rus ertaklari” va 4 kitobdan iborat “Haqiqat va afsonalar” toʻplamini nashr etdirgan.”Uralskiy kazak”, “Bikey i Maulyana”, “Bashkirskaya rusalka”, “Nebыvaloye v bыlom”, “Oxota na volkov”, “ Rasskaz plennika F.F. Grushina”, “Rasskaz ob osaye kreposti Gerata”, “Oskolka ldu” singari asarlar muallifi ham.
U Orenburgga Perovskiy general gubernator boʻlib kelganidan keyin ishga kelgan,Pushkin bilan esa uni Vasiliy Alekseyevich Jukovskiy(1783-1852) tanishtirgandi.Shuningdek u ijodkor sifatida I.A.Krыlov, N.M.Yazыkov,A.A Delvigov,N.V.Gogol va aka-uka Perovskiylar bilan ham ancha yaqin doʻst-ulfat edi.
Dalga Perovskiy yaratib bergan qulay imkoniyat bois, u asosiy vaqtini ilm va ijod bilan oʻtkazardi.Hatto, baʼzan otda, baʼzida savdogarlarga qoʻshilib tuyada Xiva xonligi chegaralarigachayam borib keldi.U Perovskiyning eng ishonchli odami boʻlib, Oʻrta Osiyo xonliklari bilan bogʻliq maʼlumotlarni generalga yetkazib turar,Perovskiy boʻlsa shundan foydalanib Xivaga yurishga tayyorlanardi.
U general Perovskiyning mahkama ishlarini tezlik bilan bajarar, asosiy ishi Oʻrta Osiyoliklar haqida maʼlumot toʻplash, bu maʼlumotlar manbasi Orenburgga kelgan xonliklar savdogarlari va Oʻrta Osiyoga borib qaytayotgan rus tijoratchilari boʻlib, ularning koʻpisi bilan doʻst tutinganidan, suhbat bahona u yerdagi vaziyat, xonliklarning zaif va ustunliklari,harbiy holat, xalqning hukmdorlarga munosabati, fan yoʻlida esa ertak, doston va maqollarni yozib toʻplab yurardi.Xullas, oʻz davrining kishisi sifatida Dal vatani manfaatlari uchun xizmat qiluvchi, tarixda esa toʻplagan, yozgan asarlari bilan boqiy qolgan buyuk shaxsdir.
—Azizim, Aleksandr Sergeyevich! Yaxshi yetib keldingizmi?-Vladimir Ivanovich shunday deya endigina tarantasdan tushayotgan shoirning oldiga peshvoz chiqib uni bagʻriga bosdi,—Ochigʻi siz bilan Orenburgda koʻrishamiz deya oʻylamagandim.Kechirasiz-u bu yerning tabiiy sharoiti Peterburgnikidan boshqacha.Shu bois charchab kelgandirsiz, gurunglarni ertaga qoʻyib bugun hordiq chiqarsangiz.
Dal shunday deya shoir bilan uyidagi kattakon xona toʻriga kelib oʻtirishdi.
—Hozir xizmatkorlar pishirgan qozoqcha beshbarmoqni yeb, keyin dam olarmiz.
Vladimir Ivanovich gapini tugatar tugatmas, stoldagi nonu, meva-chevalar yoniga Dal aytgan taomni keltirishdi.
—Men ikki soatcha boʻlgandir uyga kelganimga.Xizmatkorlarimga ana shu beshbarmoqni pishirib qoʻyinglar deya tayinlagandim.Qani ovqatga marhamat.Taomdan tortib koʻring.Mazasi ogʻzingizda qoladi.Oʻzimizning taomlardan pishirtirmaqchi edim-u, Osiyoliklar ovqatidan yeb koʻrishingizni istadim.Qolaversa, janob Perovskiy sizning kelishingizni tayinlab, neki Osiyocha sharoit boʻlsa, yaratgin shoirmizga, toki Buxoro-yu, Xorazm , Samarqandda yurgandek his qilsin oʻzini degandi.
Pushkin Artyuxovning xonadonidan hozirgina ovqatlanib kelganiga qaramay, beshbarmoqni bir oz totib koʻrgan boʻldi-yu, mazasi yoqqanidan Daldek ishtaha bilan qayta-qayta taomga qoʻl uzatardi.
—Choy qaynatadigan suvgina Orenburgniki, qolgan mevalar bari Oʻrta Osiyodan kelgan—Dal barmoqlariniyam yalab qoʻyarkan kulimsirab gapirardi:—ochigʻi otda 30 chaqirim yoʻl bosib charchadim.Qozoqlarning bir tanish oqini toʻyga aytgandi. Qarangki, u yerdayam beshbarmoq, Orenburgdayam shu taom.Qancha yesangiz ham yegingiz kelaveradi.Qimizni-ku aytmay.Afsus, qimiz oldirib qoʻyish esimda yoʻq.
-Qimiz? Eshitganman.Qozoqcha ovqat yeyaverib-u, qimiz ichaversak oqin boʻlib doston kuylab qolmay yana!—hazillashdi Pushkin kulib.
-Meni-ku aytmang!Bir kun qozoqlar orasida, gohida xorazmligu, samarqandliklar orasida yuraverib, ularning topishmogʻu, ertaklarini toʻplab, savdogar va muhojirlari bilan suhbatlashaverib Osiyolikning oʻzi boʻlib qoldim-dedi Dal, -bugungi toʻyga borishdan ham maqsad, avvalo oʻsha oqinni qutlash,keyin ularning afsonasini yozib olish edi.
-Xoʻsh, qanday doston yoki afsona yozib oldingiz?-oldidagi boʻshayozgan idishni nariroqqa surib soʻradi Aleksandr Sergeyevich.
-Aytsam, hayratlanasiz, menimcha, buni ertaga ertalab aytganim durust.Hozir charchadingiz, -Dal beshbarmoqni yeb boʻlarkan , xizmatkorini chaqirdi:
—Vadim, boʻshagan idishlarni olib koʻk hoshiyali daftarimni keltir!
—Axir siz shuncha yoʻl bosib afsona yozib kelasiz-u, men Peterburgdan kelib eshitmay yotib uxlayolarmidim?-dedi stol ustidagi olmalardan yeyarkan Pushkin.
-Unda -Dal xizmatkori olib kelgan daftarni ochqilab shoirga dedi:-Siz charchab qolasiz-da.Balki hammom qabul qilib chiqarsiz?
-Artyuxovnikida Orenburgcha hammomga tushib maz-za qildim.
-Aytaman, yoʻl bosib kelganingizga qaramay tetik koʻrinasiz desam bu rus hammomining natijasi ekanda-kuldi Dal Pushkinga qarab,- unda sizga qozoqlar orasida tarqalgan afsonani oʻqib beraman.
Vladimir Ivanovich shunday deya oʻzini xuddi qozoq oqiniday his qilib afsonani daftarga qaraganicha oʻqiy boshladi:
— Ushbu afsona qozoqlar orasida keng tarqalgan boʻlib, Qalcha Qodir botir degan azamat oʻz xalqining ozodligi uchun kurashgan botir sifatida mashhurdir.U shunday ozodlik uchun boʻlgan kurashlarda ogʻir yarador boʻladi va sahroning qoq markazida yayov qolib ketadi.Yonida boshini koʻtarib qoʻyadigan birorta odam ham boʻlmaydi; ogʻzi qaqraydi, bir qultum suvga zor boʻladi.Endi dunyodan umidini uzib yotgan paytida birdan osmonda oqqush paydo boʻladiyu, toʻgʻri botirning ustiga qoʻnadi: chanqogʻini qondiradi, oʻlimdan asrab qoladi.Soʻng koʻl boʻyiga eltib qoʻyadi.Qush har xil giyohlarni toʻplab kelib, dori-darmonlar tayyorlaydi va botirning yarasini davolaydi.Nihoyatda holdan toygan botir bir kuni ertalab arang koʻzlarini ochib, mundoq qarasa, yonginasida oppoqqina qiz turibdi ekan.Maʼlum boʻlishicha, shu qiz ilgari jodulab qoʻyilgan boʻlib, botir huzuriga oqqush qiyofasida uchib borgan edi.Shunday qilib, taqdir ularni qoʻshib qoʻyadi.Er-xotin boʻladilar.Ular oʻgʻil koʻradilar.Farzandiga Qozoq deb ism qoʻyiladi.Bu bola “oq qush”dan tugʻilgani sababli uni onasining ismi bilan nomlaydilar: “qazaq”.Qozoqdan uchta oʻgʻil tugʻiladi: Aqaris,Beqaris,Jonaris.Uch juz urugʻining shajarasi ham oʻshalardan boshlanadi: Aqaris-ulugʻ juzning yoʻlboshchisi,Beqaris-oʻrta juzning yoʻlboshchisi, Jonaris-kichik juzning yoʻlboshchisi.Afsonada shunday deyilgan.Albatta, afsona faqat afsona xolos.Biroq, qozoqlar orasida hozir ham “Qaz” degan urugʻ bor.Qozoqlar Balxashni “Qaz koʻli” deb atasharkan.Yaʼni, “Oqqush koʻli” demakdir.Boz ustiga oʻsha joyda “Qaz qaʼlasi” degan shahar ham bor ekan.Bu ham “Oqqush shahri” deganidir.Aftidan, xuddi shu sababli qozoqlar ham boshqa xalqlar kabi oqqushlarni xosiyatli jonivor deya bilishadi, uni ovlamaydilar, balki uni eʼzozlaydilar.Xalq tabiblari-baxshilar va shamanlar bosh kiyimlarini oqqush patlari bilan bezzatadilar.Oʻsha oqinnikida yosh bolalarning kiyimlari oqqush va gʻozlarning patlari bilan bezanganini koʻrdim.
Aleksandr Sergeyevich , buni-ku afsona deb oʻylarsiz.Men boshqa bir manbada esa arablar Oʻrta Osiyoga kelganlariga oid voqeaga duch kelgandim.Maʼlumki, arablar oʻzlarining badaviy koʻchmanchilarini “xibay”, “xuzagu” deb ataydilar.Ular koʻchmanchi qozoqlarga duch kelgach, bular ham “xuzagu”-joydan joyga koʻchib yuradigan, goʻyo qoʻnim bilmaydigan qush-gʻoz-oqqush, deya oʻylaydilar.Oʻshandan keyin bu xalqning nomi “qozoq” atamasi sifatida muqim boʻlib qoladi deyilgandi manbada.
Endi , uyqungiz kelmagan boʻlsa, yana bir afsonani sizga hikoya qilsam,—dedi Dal-bu sal boshqacharoq.Unga koʻra, “qozoq”, “alash”, “uch juz” atamalari bir-biriga uyqash, bu soʻzlarning kelib chiqishini shu bilan bogʻlash mumkin.
— Artyuxov hammomi kishini tetik qilib yuborgani, qolaversa sizning suhbatingiz uyquni uzoqlarga qochirib yubordi.Qolaversa, xayolim oʻsha afsonadagi oqqushda.Qani bu afsonaningizni ham eshitaylik-dedi stol ustidagi Andijon nokidan totarkan Pushkin.
—Afsonaga koʻra, qadim zamonlarda daryo sohillarida koʻp sonli xalq yasharkan.Uni Qizil arslon ismli hukmdor boshqarardi.Bu xon qoʻni-qoʻshnilari bilan goh urushardi, goh yarashardi.Bir gal u boy-badavlat hamsoyasiga hujum uyushtirib, juda katta miqdorda oʻljaga ega boʻladi.Bitta goʻzal qiz asirlikka tushib qoladi.Xon oʻsha qizni xotin qilib oladi.Oradan toʻqqiz oyu toʻqqiz kunu toʻqqiz soatu toʻqqiz daqiqa oʻtgach, oʻsha qiz oʻgʻil bola tugʻib beradi.Lekin, goʻdakning badani olachipor-pes boʻlib tugʻiladi.Xon ham, uning fuqarosi ham bu goʻdakni koʻrib, qoʻrqib ketishadi va undan qutilmoqchi boʻladilar.Xonning toʻngʻich xotini—boybichcha qoravullarga: “Goʻdakni daryoga tashlab yuboringlar!” deb buyruq beradi.Tugʻilgan paytidayoq butun boshli xalqning yuragini yorib yuborayozgan goʻdak, ne ajabki, suvga choʻkmaydi.Goʻdak suv sathida qalqib-qalqib oqib ketadi va Daryo etaklarida baliqchilik bilan shugʻullanadigan bitta befarzand cholning qoʻliga borib tushadi.Xudoning inoyatidan quvonib ketgan chol goʻdakni qutqarib, bagʻriga bosganicha uyiga olib ketadi.Chol-kampir goʻdakni parvarish qila boshlaydilar.Bolakay “olachipor” boʻlgani bois uni erkalatib “Alash” deb nomlaydilar.Shu nom bilan bola voyaga yetadi.Oradan yillar oʻtgach, bola juda aqlli, dovyurak, baquvat botir boʻlib ulgʻayadi.Oʻzining ajib fazilatlari bilan koʻpchilikning nazariga tushadi.
Uning haqiqiy otasi Qizil arslon xalqi orasida mashhur boʻlib ketgan navqiron azamatning oʻz pushti kamaridan boʻlganini bilib, ilgari qilgan ishi uchun pushaymon yeydi.Dastlab, botir oʻgʻlini oʻz qavatiga tortmoqchi boʻladi.Lekin Mayqi biy degan amaldori maslahatiga koʻra, uning ixtiyoriga 300 nafar askar beradiyu, olis sahroga joʻnatib yuboradi.300 nafar dovyurak, taptrrtmas yigit koʻplab jangu jadallarda ishtirok etib qahramonlik namunalarini koʻrsatadi va oʻzlarining hududini mamlakat darajasida kengaytirib oladilar.Ular Alashni oq kiygizga oʻtqazishib, xon etib koʻtaradilar.Ularning jasoratini chetdan kuzatib yurgan odamlar hasad qilishib yovqur jangchilarni “qozoqlar”, yaʼni “ mustaqil kishilar” deb ataydilar.Shunday qilib, 300 yigit uchta juzga ( yuz-100) asos soladilar.”Juz”-oʻnta oʻn degani, qozoqlar yashaydigan mamlakat demakdir.Oʻsha oqinnikida qozoq oqsoqollar “bizning bobomiz Alash, bizning nomimiz qozoqdir” deya gurung qilganini eshitdim.Bu afsonaga munosabatingiz qanday Aleksandr Sergeyevich?-dedi stolga qoʻlidagi daftarini qoʻyarkan Dal Pushkinning oʻychan koʻzlariga termularkan.
-Men bu afsonangizni eshitib, Kavkazda boʻlganimda u yerda yashaydigan noʻgʻaylarning ham oʻzlarini erkin tutadigan dovyurak, ozod kishilarni “qozoqlar” deb atashganini esladim.Yoki oʻzimizning kazaklarni olaylik.Oʻz xoʻjayinlarining zulmidan, qullikdan qochib Sibirga, Urolga, Donga ketib qolgan rus dehqonlari ham “ qozoqlar-kazaklar” deya ataladi.Ularning tushunchasi boʻyicha “qozoq” soʻzi “erkin” , “mustaqil” degan maʼnolarni anglatadi. Koʻplab maqol, matallar asosida fikr yuritadigan boʻlsak, “qozoq” va “kazak” atamalari faqat tashqi fonetik jihatdan emas, balki ichki mazmuniy jihatdan ham oʻxshash ekanini kuzatish mumkin.Pugachyov isyoni, unda faqat kazak-u, rus mujiklari emas, boshqird, tatarlar, qozoqlar, xullas Oʻrta Osiyoliklar ham ishtirok etishgani aniq-ku.Xullas, afsonalar tarix bilan bogʻliq..Mana afsonadan aylanib mavzuga-Pugachyov isyoniga qaytdik.
-Menimcha, Aleksandr Sergeyevich! Endi men ham, siz ham charchadingiz.Shu sabab uxlaylik, mavzuni boʻlsa, safar davomida gaplashaveramiz—dedi esnaganicha Dal.
Pushkin yotish uchun oʻziga ajratilgan xonaga kirarkan, Dalning kitob javonini koʻzdan kechirdi.Unda oʻzining “Yevgeniy Onegin” ,I.I.Pnin,N.M.Muravyov singari zamondoshlarining asarlari, “Sovremennik”, “Molva”, “Kolokol” jurnallari bor ekan.Aleksandr Sergeyevichning eʼtiborini sargʻaygan bir sahifa hajmidagi varaqa oʻziga tortdi.U N.Muravyovning “Qiziqarli suhbat” nomli xristian diniy taʼlimotidagi qisqacha savol-javob tarzidagi katexizis uslubidagi maqolasi edi.Pushkin 1822 yilda yozilgan, ammo rasmiy nashrlar chop etmagan boʻlsada, xalq oʻrtasida tarqalib ketgan varaqa tarzidagi suhbatni Peterburgda oʻqigan edi.Endi mana oradan 8 yil oʻtib unga Dalning uyida Orenburgda duch kelib turibdi.Shoir uyqusi kelmayotganidan kravotni gʻijirlatib yotgandan koʻra unga yana bir nazar tashlashni afzal bilib, N.M.Muravyov( 1796-1843) ning “Qiziqarli suhbati”ni oʻqiy ketdi:
-Ozodlik nima oʻzi?
-Erkinlikdagi hayot.
-Ozodlikning manbai nimada?
-Barcha faravonlik Ollohdan.Olloh insonni oʻziga oʻxshatib yaratdi va yaxshi xislatlari uchun mukofotlashni, yomonlari uchun abadiy azobni, yaʼni jazoni belgilab insonga ozodlik inʼom etdi.Agar majburiy qilingan yaxshi ishlari uchun mukofotlasa, noilojlikdan qilingan yomonliklari uchun jazolasa adolatdan boʻlmas edi.
-Barcha koʻnglimga kelgan ishni qilishga haqqim bormi?
-Boshqalarga zarar keltirmaydigan har qanday ishni qilishing mumkin.Bu sening huquqing.
-Agar kimdir meni jilovlab tursa-chi?
-Bu senga nisbatan zoʻravonlikdir, sen unga qarshilik koʻrsatishga haqqing bor.
-Shunday ekan, barcha odamlar erkin boʻlishlari kerak ekanda?
-Shubhasiz.
-Barcha odamlar erkinmi?
-Yoʻq..Oz sonli kishilar koʻpchilikni qaram qilishgan.
-Nega ozchilik koʻpchilikni itoatgoʻyga aylantirishgan?
-Baʼzilarning kallasiga hukmronlik qilishdek nojoʻya fikr kelgan boʻlsa, boshqasiga Olloh tomonidan inʼom qilingan tabiiy inson huquqlaridan voz kechishdek ahmoqona fikr kelgan.
-Erkinlik uchun kurashish shartmi?
-Shart.
-Qanday qilib?
-Qadimda Rusda hukm surgan qoida va qonunlarni qaytadan tadbiq qilish kerak.
-Qadimda qanaqa edi?
-Yakkahokim shohlar yoʻq edi.
-Yakkahukmdorlik nima oʻzi?
-Yakkahukmron shoh maʼlum yerni egallab olib, shu hududda hech qanday mulohazalarni,Olloh va odamlar tomonidan yaratilgan qonunlarni tan olmaydi, hech qanday sababsiz xarxashalari bilan hukmronlik qiladi.
-Yakkahukmdor shohlarni kim yaratdi oʻzi?
-Hech kim.Otalarimiz aytishgan: shunday knyaz topaylikki, u bizni adolat bilan boshqarsin.Lekin hukmdorlar aldov bilan oz-ozdan tatar xonlari va turk sultonlariga oʻxshab cheksiz hokimiyatga ega boʻlib olishdi.
—Yakkahukmronlikni Olloh taʼsis qilmaganmi?
-Olloh oʻz mehribonchiligi bilan hech qanday yovuzlikni taʼsis etmagan.
-Nimaga boʻlmasa,Xudoyim bermasa hokimiyat boʻlmaydi deyishadi.
-Mustabid hokimiyat Ollohdan emas, har qanday ezgulik daraxti ezgu mevalarni yaratadi.Ezgulik mevalari bermaydigan har qanday daraxt kesilib olovga tashlanadi.Qoʻy terisini yopingan, olloh nomidan ish koʻrayotgan yovuz qashqirlarga xaloskor Isoning quyidagi soʻzlari bor: “Qonunni buzayotganlar mendan emas”.
-Boshqa hududlarda ham yakkahokim shahar bormi?
-Yoʻq, hamma yerda yakkahokimlik-ahmoqlik, qonunsizlik deya qabul qilinadi.Hamma joyda joiz boʻlgan qoida va qonunlarga rioya qilinadi.
—Yakkahokimiyatchilikda doimiy qonunlar boʻlishi mumkin emasmi?
-Yakkahokimlik unaqa qonunlarni yoqtirmaydi.Unga tartibsizlik va doimiy oʻzgarishlar kerak.
-Nega yakkkahokimlik qonunlarni( yoqtirmaydi) koʻrishga koʻzi yoʻq?
-Chunki, shoh nimani hohlasa, shuni qilishga qodir.Bugun uning xayoliga bir narsa kelsa, ertaga boshqasi.Bizning qaygʻumiz uni qiziqtirmaydi.Maqol bor: “Shohga yaqin boʻlish oʻlimga yaqin boʻlishdir”.
-Rusda yakkahukmdorsiz boshqaruv qanday boʻladi?
-Hamma vaqt xalq veche ( yigʻini) boʻlgan.
—Veche degani nima?
-Xalq yigʻini har bitta shahar veche qoʻngʻiroqlari ostida xalq yoki saylangan fuqarolar yigʻilishgan va hamma uchun umumiy boʻlgan masalalar haqida maslahatlashishgan.Talabnomalar taklif qilishgan, qonunlar qabul qilgan.Qayerdan qancha askarlar olish belgilangan; umumiy kelishilgan holda soliqlar belgilangan; aholini talagan hamshaharlar ustidan sud jarayonlari oʻtkazilgan.Bunday vechelar Kiyevda, Novgorodda, Pskov, Vladimir, Suzdal va Moskvada bor edi.
-Bunday vechelar nima uchun va qachon tarqatib yuborilgan?
-Bu moʻgʻul bosqini vaqtida boʻlgan.Bizning bobolarimizni soʻzsiz mustabid hokimiyatga boʻysunishga oʻrgatishgan.
-Moʻgʻul-tatarlarning gʻalabasiga sabab nima edi?
-Knyaz Vorikov sulolasining koʻpayishi, ularning takabburligi vatanni magʻlub qildi.
-Nega bu yovuzlik moʻgʻul tatarlarning hukmronligi bilan tugamadi?
-Sharqona tushunchalar va oʻz sohibiga itoatgoʻylik Rossiyaga juda koʻp yovuzliklar keltirdi.Botu va Sartanga chidagan xalqimiz mustabid Moskva knyazlari hokimiyatiga ham chidab kelaverdi.
Pushkin Muravyovning suhbatini oʻqib dekabristlar qoʻzgʻolonini, isyonga chiqgan doʻstlarini esladi.Imperator Aleksandr Pavlovichning vafoti va saroydagi voqealar haqidagi xabar surgunda yurgan Mixaylovskoye qishlogʻiga 10 dekabr kuni yetib keldi.Shunda surgunda yurib zerikib ketgan shoir doʻstlarini koʻrib kelish uchun tayyorlana boshladi.Negaki, saroy algʻov dolgʻov paytda surgundagi kishiga eʼtibor kam boʻladi.Shu sabab Pushkin doʻstlari bilan diydorlashishni maʼqul topdi.Eng yaqini shaharga yaqin Trigorsk qishlogʻidagi doʻsti Rilevnikiga borish edi.Shunday rejalar bilan Pushkin safar tadorigini koʻrarkan, qoʻshnilar bilan xayrlashib chiqqanicha xizmatkoriga ot-aravani tayyorlashni buyurdi.Eʼtibor beriladigani shu boʻldiki, qoʻshnisinikiga borishda va qaytishda ham shoirning oldidan quyon kesib oʻtdi.Irim-sirimlarga ishonadigan Pushkinga bu yaxshilik alomati emas boʻlib tuyuldi.Bundan asabi tarang boʻlgan Pushkinga bu ham kamdek u bilan hamrohlik qilmoqchi boʻlgan xizmatkori toʻsatdan mazasi qochib yotib qolibdi.Shunda shoir boshqa bir xizmatkoriga aravakashlik qilishni tobshirdi.Nihoyat ular darvozadan chiqishgandiki, uylari oldida ataylab qilgandek tanish ruhoniy unikiga kelayotgan boʻlib chiqdi.Pushkin boya quyonning oldini qayta-qayta kesib oʻtganidan asabi tarang boʻlgan boʻlsa, ruhoniyning oldiga chiqishi yana unga toʻsiq boʻlib koʻrindi.Shu taxlit u safardan voz kechdi.
Mana u Dalning uyida yotib oʻylayaptiki, irimlar bekorga oldiga toʻsiq boʻlib chiqmagan ekan.Agarki u yoʻlga chiqsa Rilevnikida oʻtkazilayotgan dekabristlarning siyosiy majlisi ustidan chiqib qolar ekan.Tabiiyki, ular Pushkinni tantana bilan kutib olishardi.Tabiiyki, maslakdoshlik shoirni doʻstlari bilan birga senat maydonidagi namoyishga yetaklardi.Oʻshanda shunday boʻlganida u Orenburgga kelolmas, Dal bilan umuman koʻrisha olmasdi.Dekabristlar!Doʻstlarim!Men sizlarni qoʻllab quvvatlardim.
Ha, ular xalq erki uchun senat maydoniga chiqishgandi.Boʻlmasa ular oddiy xalq ichidan chiqqan faqir kishilar emas, dvoryan, harbiylar boʻlishgandi.
Dekabristlar! Ular isyoni tarixda qolajak!
Narigi xonadan xizmatkorning xurragi bu yoqga ham eshitilayotgandi.Shundagina u vaqtning allamahal boʻlganini angladi va shamni oʻchirdi.
…Kechagi uzoq suhbat, qolaversa har ikkalasining ham yoʻl yurib charchaganidanmi Dal va Pushkin uygʻonganlarida soat ertalabki 10 dan oʻtib ketgandi.Shu bois xizmatkorlar tayyorlagan nonushtani apil-tapil yeyishgach, Vladimir Ivanovich gubernatorlik mahkamasiga,Pushkin esa Perovskiyning uyiga mehmondorchilikka boradigan boʻldi.

. . .

1833 yil 19 sentyabr.Soat 12. General –gubernator Perovskiyga qarashli shaharning eng soʻlim joyidagi shinam hovli.Ikki qavatli, shaharning beshinchi dahasidagi, Blagoveщyenskiy cherkovi roʻparasidagi,Guberniya koʻchasidagi №1 uy asli polkovnik Timashevning hovlisi boʻlib,olti-yetti oy burun Orenburgga gubernator boʻlib kelganidan,Perovskiy hali oʻziga uy qurmagan, bu yerda yashab turgandi.
—Samovarni qoʻyib yubor, mehmon bilan choy ichaylik,—dedi kamen pechkaga oʻzi oʻtin tashlaganicha Perovskiy kamerdiner(xizmatkor)iga.
Stol ustida Andijon noki, Xorazm olmasi, Samarqand anori, Toshkent uzumi,Fargʻona qovuni turardi. Pushkin hayratga tushdi.
—Faqat nonu choy Orenburgniki, qolgan mevalar Oʻrta Osiyolik savdogarlardan sotib olingan. Peterburgni esga olib turishingiz uchun oʻzimizning blanmanje( qaymoqqa qorilgan magʻiz, shakar va jelatindan tayyorlangan liklik) ham bor.—dedi Perovskiy.
—Peterburgda bularni faqat orzu qilish mumkin.Oʻsmirlik paytimizda, hatto hozir ham oliynasab rus xonadonlarida dasturxonga tuzlangan qovun, nok va shaftolilar tortilardi.Bunday ekzotik mevalarni “tuzlabgina saqlash mumkin”, deya oʻylaganmizda.Ochigʻi,Orenburg Osiyo choʻllariga yaqin qaʼla boʻlgani uchun, koʻpchilik qoloqroq deb oʻylaydi,aslida esa…—hayrat ila soʻzlardi Pushkin.
—Oʻrta Osiyolik savdogarlar bu yerdagi bozorga yoki Rusiya ichkarisiga Orenburg orqali meva, paxta, jun, qorakoʻl, moʻyna olib kelishadi va qaytishda bizdan temir, jez, mix, idish-tovoq, yogʻoch mahsulotlari olib ketishadi,—maqtandi choydan xoʻplab general.
—Orenburg katta guberniya shekilli?!—soʻradi Aleksandr Sergeyevich.
—Ha, azizim, Orenburgdan Peterburggacha pochta aravada uch haftalik yoʻl, lekin saman otlarda feldyegerlarim ( davlat xizmatidagi maxsus chopar) 8 kunda yetib borishi mumkin. Orenburgning bir tomoni Volganing oʻrta qismidan to Orol dengizigacha, yana bir tomoni Yekaterinburgdan Kaspiygacha choʻzilgan.U Kama,Kaspiy dengizi,Gʻarbiy Sibir va Qozoq choʻllari orasidagi ulkan yerlardan iborat .Rasman guberniya Ufa, Iset, Stavropol va Orenburgdek toʻrtta katta oʻlkadan tashkil topgan.Jugʻrofiy hisob kitoblarga koʻra 1 mln,525 ming kvadrat kilometrdan iborat.Guberniyam gʻoyat keng,bahavo joylar.Umuman bu yerda turmush yomon emas.Hamma sharoitni yaratib qoʻyganman. Biroq, yozda jazirama issiq, qurgʻoqchilik.Hattoki,Oʻrta Osiyodan kelgan tuyalar issiqqa zoʻrgʻa chidab ogʻzidan koʻpik sochishadi.Har holda Peterburg emas.Shuning uchun ham tez-tez poytaxtga borib turaman-da. Axir bu kengliklarda yuraverib oftijonlar bilan tansa tushishni ham unitib yubormasam yaxshi edi deb qoʻyaman.Albatta bu hazil.- -deya kulib javob berdi general va soʻradi:
—Qaysi shaharlar orqali keldingiz?
—Peterburgdan Moskvaga, u yerdan Nijniy Novgorod,Qozon orqali Simbirskga va u oʻlkadan 16 sentyabrda sizning guberniyangizga.Kecha -18 sentyabrda esa shaharga keldim. Shunday katta hududga xoʻjayinlik qilayapsiz, chakki emas janob Perovskiy.
—.Menikiga kelsangiz, kechga qarab uyda boʻlardim.Guberniyaning chekalarini aylanib kelishga ketgandim, kechqurun siz bilan gurunglashib Peterburg-gu Moskani aylangandek boʻlardim.Ogʻaynilarimni soʻrardim,— Perovskiy—axir biz oldindan tanishmiz.Qolaversa katta akam Aleksey bilan doʻstsiz.U ham sizdek ijodkor boʻlsa!
—Toʻgʻrisi,—deya Pushkin Xorazm olmasidan yeyarkan suhbatdoshiga dedi—toʻgʻrisi, sizdek katta hudud xoʻjayinini ishdan qoʻymay dedim, qolaversa yoʻl yurib charchaganimdan biroz Konstantin Demyanovich Artyuxovnikida charchoqni yozdim.U ham eski qadrdonlarimdan—1817 yilda men litseyda oʻqiyotganimda tanishganmiz.Oʻshanda Konstantin Demyanovich harbiy injenerlik bilim yurtida tahsil olardi. Hozir u guberniyangizdagi Neplyuyev nomli harbiy bilim yurtining direktori ekan.Bilim yurtida talabalar bilan sheʼriyat oqshomi oʻtkazishni taklif qilib qoldi.Biroq charchaganimdan mushoirani keyinga qoʻyib, uning uyida choy ichib, hammomga tushdik.Keyin esa Vladimir Ivanovich Dalnikiga br /bordim.
Perovskiy xoxolab kuldi va moʻylovini siypalaganicha stoldagi Toshkent uzumiga qoʻl choʻzayotib:—Siz ijodkorlarning qanday charchoqni yozishingizni bilaman.Ertalabgacha Dal bilan adabiyot, tarix, turkiy til—xullas shunaqangi mavzular toʻgʻrisida gurunglashgandirsiz?Axir akam Aleksey ham uyga horib bir joydan kelsayu,shu payt biron ijodkor yoʻqlab kelsa, dam olish qayoqda, allamahalgacha suhbatlashib oʻtirishaverishardi.Xulus( oʻsha davrdagi qimor oʻyinlaridan biri) oʻynamadingizmi oʻzi, albatta bu hazil—dedi yoshligini eslab.
—Yoʻq janob graf.Xulus, bundan tashqari boston, venten, makao, shtos singari karta oʻyinlari oʻynashdan koʻra suhbatlashishni afzal koʻrdik. Dal ajoyib olim va yozuvchi.U turkiy tillar, ularning shevalari orasidagi farq boʻyicha koʻplab maʼlumotlar toʻplab, folklorga , tarixga oid qoʻlyozmalarni oʻrganayotgan ekan.
—Aleksandr Sergeyevich! Uni siz olim deb juda yaxshi taʼrifladingiz.Bundan tashqari u menim qoʻl ostimda ishlovchi amaldor ham.Bu yil bahorda maxsus topshiriqlar boʻyicha chinovnik qilib ishga oldim.Olimligini, yozuvchiligini bilganim va hurmat qilganim uchun koʻpincha baʼzi rasmiyatchilik hamda byurokratik ishlardan ozod qilib qoʻyaman.Shu bois koʻplab maʼlumotlar toʻplayapdi.Baʼzida gurunglashib qolsak, menga Oʻrta Osiyoliklarning ertak,doston, maqollarini aytib beradi.Ularning tilini ham oʻrganayapdi.Ayrim paytlari ularning sharadasi (topishmoq)ini aytib qoladiki, qani topaolsam.
—Dalning toʻplayotgan “Jonli rus tilining toʻliq lugʻati”da koʻplab biz ham ishlatadigan va Oʻrta Osiyoliklar tilidan kirib kelgan arqon, ovul, boʻz,karvon,oʻrda,sandiq, xalat,chubuq,shashlik,yorliq singari koʻplab soʻzlar bor ekan—hayratlanib soʻzlardi Pushkin.
—Ha, ayniqsa Orenburgda bunday soʻzlarni koʻp ishlatishadi.Bu yer Oʻrta Osiyodan keladigan va u yerga ketadigan shahar boʻlganligidan, ayrim paytlari Sharqdagi oʻlkaga ham oʻxshab ketadi.Hozirda men bir narsani rejalashtirganman.Yaʼni Orenburgda xuddi sharq shaharlaridagi kabi savdogarlar uchun barcha sharoitlarga ega karvonsaroy hamda masjid qurishni oʻylayapman. Bryullov degan zoʻr rassom bor.Unga ana shu inshoaatlarning loyihasini chizdirmoqchiman. —deya qoʻlini stoldagi Andijon nokiga uzatdi general.
—Bryullov ajoyib rassom.Bundan ikki-uch yil oldin u Rafiqam Natalyaning rasmini ham xuddi oʻzidek qilib chizgan.Agar unga topshirsangiz, loyihani Buxoro yoki Xivadagi karvonsaroydek,Samarqanddagi masjiddek qilib chizishiga ishonaman.Zoʻr gʻoyani oʻylapsiz.Axir, bu yer Oʻrta Osiyo bilan chegera hudud boʻlganidan keyin, qolaversa musulmonlar koʻpligi uchun shunday qilsangiz, ular tili bilan aytganda katta savobga qolasiz…Buni qarang, kecha Orenburgga kirganimizda,gubernatorlik mahkamasini yoʻlda uchragan musulmon va birga ketayotgan rus savdogaridan soʻradik.Oʻsha musulmon kavkazlik yoki boshqird deb oʻylasam,xorazmlik ekan.Qiziq-a, bu yer xuddi aytganingizdek Osiyoning oʻzginasi.Samarqand,Hirot, Toshkent savdogarini ham uchratish mumkin.Artyuxovning aytishicha Orenburgda xorazmlik, buxoroliklarning alohida mahallalari ham bor ekan-a!—dedi hayajonlangan Aleksandr Sergeyevich dasturxondagi Toshkent uzumiga qoʻl choʻzayotib.
Xorazm soʻzini eshitib, Perovskiyning avzoyi oʻzgardi.
—Xorazm savdogari.Ulugʻ Pyotr 1ning Xiva xonidan oʻch ololmay ketganidan biz generallar xulosa chiqarishimiz kerak.Yaʼni,xonlikni zabt qilib, u yerdan butun Oʻrta Osiyoni oʻzimizga qaram qilsak, Pyotrning armoni ushalgan, dasturxondagi mana bu mevalarni esa oʻsha savdogarlardan sotib olib oʻtirmagan boʻlardik.Ular bizga nafaqat mevalarni,qimmatbaho maʼdanlari, oltinlariniyam sovgʻa, inʼom tarzida joʻnatib turishardi.Ayniqsa, keyingi paytlarda Xivaga tobe yovmudlarning qaroqchiligi odamning asabini oʻynatayapdi.Ular karvonlarga hujum qilib turishadi.Qaroqchi qaroqchida, u bilan sulh tuza olmaysan.Barcha qaroqchilik uchun Xiva xoni javob berishi kerak.Tez-tez odamlar oʻgʻirlanib oldin Xivadagi qul bozorida sotib yuboriladi.Yoʻqolgan odam qaytib kelolmaydi. Xivadan Qoʻqonga,undan hattoki Turkiyaga sotib yuboriladi. Orenburgliklar shuning uchun ham “Xivadan oʻch olamiz” degan qoʻshiq toʻqishgan.Hozir Xorazmda koʻplab bizning odamlarimiz qul sifatida saqlanayapdi.1500 chaqirimcha keladigan kimsasiz choʻl Xivani barcha qoʻrgʻonlardan ham yaxshiroq mudofaa etmoqda, jazirama issiq va suvsizlik xonning asosiy mudofaa qoʻrgʻoni boʻlib kelmoqda.Biroq, biz boya aytganimdek,Pyotr armonini ushaltirish uchun, umuman Orenburg va Orolboʻyi choʻllarida Xiva devorlarini qulatmagunimizcha menga tinchlik yoʻq.Biz, harbiylar Xiva toʻgʻrisidagi afsonalarni chippakka chiqaramiz!—harbiylarcha fikr yuritdi Orenburg hokimi.
—Menimcha, munosabatlarini diplomatik yoʻl bilan hal qilgan maʼqul,—dedi Pushkin.
—Siz buyuk shoirsiz-a! Gohida siz bilan doʻstligimizni biladigan Peterburgdagilar,harbiy vazir Chernishev ham, “ Xivani zabt qilmoqchi boʻlgan xayolparast,shoirlar bilan doʻstligi yaxshilikka olib kelmaydi” deb kuyunadi,—xoxolab kuldi Perovskiy va gapida davom etdi.—Men esa xayolparast emasligimni, Pyotr armonini ushaltirish mumkinligini imperator aʼlo hazratlariga isbotlab berdim. Janoblari xonlikka yurish qilishlikka rozi.Faqat moliya vaziri Koshkin xazinada pul yoʻq deya noliyapdi.Axir xazinaga pulni u yerni bosib olgach, toʻldirish mumkin—ku. Kansler Neselrod esa Angliyaning Oʻrta Osiyoda manfaatlari bor va u “xafa boʻlishi mumkin” deyapti.
Pushkin nasihat bilan generalning dunyoqarashini oʻzgartirish mumkin emasligini anglab, mavzuni oʻzgartirishga qaror qildi va qoʻliga qadahni olib, sheʼr oʻqidi:

Esimdadir ajib dam hali:
Koʻz oldimda boʻlding namoyon,
Pok goʻzallik dahosi kabi,
Bir lahzalik xayol, tushsimon.

Gʻam-alamdan dilim yonganda
Tushlarimda koʻrdim chehrangni,
Hayotdagi boʻm-boʻsh suronda
Kelib turdi tovushing jarangi.

Yillar oʻtdi.Isyon boʻroni
Xayollarim sovurdi dildan.
Va unutdim dilbar sadongni,
Oʻchdi aziz chehrang yodimdan.

Quvgʻinlikning changida nursiz
Gʻamga toʻlib kunlarim botdi;
Xudo, ilhom va koʻz yoshisiz,
Ishq, iztirob,hayotsiz oqdi.

Mana,qalbga oshno boʻldi nay,
Koʻz oldimda boʻlding namoyon,
Goʻzallikning sof parisiday,
Bir lahzalik ajib tushsimon.

Ruhim yana uygʻondi bu dam,
Yana unda tirildi najot;
Yana dilda xudo va ilhom,
Koʻz yoshiyu, muhabbat,hayot.

—Tasanno! Ofarin!—dedi aroqni simirib boʻlgach general.-Siz buyuk shoirsiz.Ayni paytda Sharq sheʼriyatini ham yaxshi bilasiz.Hofiz Sheroziy asarlarini tarjima qilganingizni bilaman.Qurʼonga taqlidan sheʼr yozgansiz-a?Anov kuni “Arzrumga sayohat” asaringizda “araba”, “arqon”, “ark”, “omonat” kabi turkiy tilga oid soʻzlarni qoʻllaganingizni oʻqidim.Ijozat bersangiz, sharq mavzusidagi bir sheʼringiz yodimga tushdi, shuni oʻqib bersam:

Yalang qoyalarga sira toʻxtamay
Dengiz hamishalik chayqalib urgan,
Illiqqina porlab koʻkda toʻlin oy
Tunning shirin payti jilmayib turgan,
Haramda musulmon,kayfini surib,
Jodu qiz erkalab,nozlanib turib
Qoʻlimga tutqizgan edi bir tumor.

Erkalanib turib menga dediki:
«Mening tumorimni yoʻqotmay saqla.
Unda sirli kuch bor,muhabbatimki
Bagʻishladi senga, sen uni oqla!
Boʻronda,dovulda,mudhish toʻfonda—
Kasaldan,oʻlimdan,toʻfondan,ey yor,
Boshingni saqlamas hech bir makonda
Senga men baxsh etgan sehrli tumor.

Sharqning son-sanoqsiz davlatlarini
Bagʻishlamas senga bu tumor hech ham,
Hamda paygʻambarning ummatlarini
Bosh egdirib senga qilmaydi qaram;
Hamda seni gʻamgin bu uzoq yurtdan
Doʻstlar ogʻushiga,vatanga,dildor,—
Shimol sari,ona yurtga janubdan
Uchirib yetkizmas men bergan tumor…

Va lekin makrli,hiylakor nigoh
Maftun etib qoʻysa sani daʼfatan,
Yo zulmat kechada dudoqlar nogoh,
Sevmasdan boʻsalar olsa labingdan,
Aziz doʻst,oʻshanday bir jinoyatdan
Yurakka yangidan qoʻymay dard,gʻubor;
Xiyonat,unutish kabi holatdan
Saqlab qolar seni men bergan tumor»

—Rahmat,janob graf! Ha,Sharq sheʼriyati,hayoti moʻjiza.Men bu borada nasriy asar, Bekovich halokati,Xiva xonligi bilan bogʻliq roman yozish niyatidaman.Orenburgga kelishdan maqsad ham, avvalo sizni ziyorat qilib, gurunglashish, keyin Pugachyov qoʻzgʻoloni va Xorazm bilan bogʻliq materiallar toʻplash.Buning uchun Oʻrta Osiyolik savdogarlar bilan uchrashiщdir,—maqsadini ayon qildi shoir.
—Bu borada siz janoblariga Dal katta yordam beraoladi.Ikkovingiz bozorni aylanishingiz, Oʻrta Osiyolik savdogarlar , mahalliy xalq bilan ham suhbatlashishingiz mumkin.Xoʻsh, bizga yana qanday xizmat bor.Tortinmay aytavering.Axir sizdek bobosi Ulugʻ Pyotr qoʻlida taʼlim tarbiya topgan kishining avlodiga xizmat qilish kaminadek olamshumul dovruq qozonmoqchi boʻlgan generallar uchun sharaf.Akam bilan doʻstligingiz esa menga sizning oldingizda yanada maʼsuliyatli burch yuklaydi.Qolaversa—deya maqsadini ayon qilib qoʻydi—graf Perovskiy—Peterburgga borganda nozanin jononlarga Buyuk Pushkin menikida mehmon boʻlgan deya maqtanib yuramizda!Aytmoqchi goʻzal balerina Avdotya Ilinichnaning baletlariga oldingidek hozir ham koʻp odam tushayaptimi?Oh naqadar jonon-da oʻziyam.Adashmasam 34 yoshga kirsayam 15 yashar qizdek charaqlayapti-da—dedi moʻylovini siypalaganicha Perovskiy.
—Istominani aytayapsizda?!. O! Uning sanʼatiga maftun boʻlmagan kishi Rossiyada boʻlmasa kerak.Agarki u haqdagi taʼriflaringizni eshitsa uning boshqa ishqibozlari duelga chorlardi deya oʻylayman-hazillashdi Pushkin generalga kulimsirab.
Bu hazil esa Perovskiyning yanada zavqini oshirdi:
-Istomina uchun duelga chiqishning oʻzi sharaf-ku.Oh, qanday goʻzal jonon-a—deya general aroqning kayfidan huzurlanib gapirardi-siz Sheremetyev bilan Zavadovskiyning fojiali duelini nazarda tutayotirsiz chamamda, toʻgʻrimi? Afsuski, men harbiy arbob, eng asosiysi mohir mergan boʻlsamda odatga aylanib qolgan duellar koʻpchilik Ulugʻ Rossiyaning daho farzandlari umriga zomin boʻlgani uchun achinaman.
-Ha, duel erkaklar uchun oʻz izzat-nomusini himoya qilishga aylandi.Endi boyagi Istomina masalasiga kelsak, men “Yevgeniy Onegin” poemamda uni taʼriflab oʻtganman- maqtandi shoir ham Avdotyaning goʻzal chehrasini koʻz oldiga keltirarkan.
—Oʻ-hoʻ!Unda siz tufayli ofatijon balerina tarixga kirib qolibdi-da-dedi general Pushkinga.
—Mensiz ham u tarixda qolgulik iqtidorli rus ayoli, goʻzal balerina-deya javob berdi Pushkin magʻrurlanib.
-Iqtidoriga-ku gap yoʻq, ammo goʻzalligigayam gap yoʻq-da, qoʻying endi uni taʼriflayvermaylik.Boʻlmasa, siz bilan erta-indin Peterburgga ketib qolishim, Istominaning baletiga tushib jononlar bilan maskaradlarda ishtirok qilgim kelib qoladi.Shu bois unga bagʻishlangan joyini oʻqing-chi poemaingizdan,—kulganicha dedi Perovskiy.

… Bino toʻlgan.Lojalar porlar.
Mavj zoʻr parter va kursilarda.
Ustki qavat besabr chorlar—
Koʻtarilar shigʻillab parda.
Sir-sehrli komoncha koʻyi
Chin parilar davrasi aro
Istomina turar, dilrabo.
Yerga tegar-tegmas bir oyoq,
Bir oyoqda aylanar birdan;
Pat uchgandek Eol labidan
Nogoh sakrar, havolar shu choq.
Burar, tiklar qomatin gulruh,
Oyoqlarin urishtirar shoʻx.
Qarsak, olqish…

—zavqlanib xuddi balet tomosha qilayotganday sheʼr oʻqidi Pushkin .
—Tasanno! Sizning sheʼringizgayam, Istominagayam!Aynan shu sabab yana bir qadah aroq ichmasak boʻlmaydi-Perovskiy Pushkinning iltifotiniyam kutmay oʻzi aroq quya boshladi.
—Istomina uchun boʻlsa, ichganim boʻlsin-Pushkin Perovskiy uzatgan toʻla qadahni qoʻliga oldi-ayni paytda janob general sizning sanʼat qadriga yetganingiz uchun ham!
-Oʻ-hoʻ! Men sanʼatning ham, sizning ham , ayni paytda goʻzal balerinalarning ham qadriga yetaman.Axir shunchalik nozik sanʼat, xuddi oʻzlaridek -bir koʻtarishdi aroqni boʻshatdi general.
—Iltifotingiz uchun rahmat—dedi generalning soʻnggi soʻzlari yoqinqiramagan shoir grafga javoban—Endi asosiy masalaga qaytsak.Daldek zukko inson bilan Orenburgni aylansam va uni bir-ikki kun mahkama ishlaridan ozod qilib tursangiz,shuning oʻzi menga katta yordam.
—Jonim bilan—general shunday deb oʻrnidan turarkan qadahlarga qaytadan aroqni quydi—Nafaqat bir-ikki kun, Dal xizmatidan hohlaganingizcha foydalaning.
Shundan soʻng Pushkin va Perovskiy hashamdor uyda oʻtirganlaricha allamahalgacha imperiyada kechayotgan ahvol, Peterburgdagi hayot haqida gurunglashdilar.
—Azizim, eshitgansizmi yoʻqmi bilmadim, bir kuni knyaz Menshikov hurmatli podshohimiz Pyotr hazratlarining masxarabozi Aksotaning bir hazilidan jahli chiqib, dagʻdagʻa qilibdi:
—Seni shunaqa kaltaklaymanki, tugʻilganlaringga pushaymon boʻlasan hali!
Shunda esxonasi chiqib ketgan masxaraboz yugurib podshohimiz oldiga boribdi va qahri qattiq knyazning gapini oqizmay-tomizmay shohimizga toʻkib solibdi.Bu gapdan podshohimiz kulib yuboribdi va masxaraboziga dalda bergan boʻlib, shunday debdi:
-Agar Menshikov seni urib oʻldirguday boʻlsa, men uni osib oʻldiraman!
Shunda Aksotaning jasoratli aqlini qarangki, Aleksandr Sergeyevich, podshohga : “ Olampanoh! –debdi titrab-qaqshab,-knyazni osib oʻldirasizmi, otib oʻldirasizmi-oʻlib ketganimdan keyin buning menga hech qizigʻi yoʻq.Nima qilganingizni koʻzim ochiq paytda koʻrmoqchi edim” degan ekan masxarabozligiga borib.Xullas, Peterburgda bunaqangi rivoyatlarni koʻplab eshitish mumkin.Orenburgda shularni eslam aytib yuraman-Perovskiy shunday deya Pushkinga termuldi, .—uyqungiz kelayaptimi deyman,Aleksandr Sergeyevich,esnayapsiz, unda hammomga tushing,Kamerdinerim xuddi Peterburgdagi hammomdek qizitib qoʻygan boʻlsa kerak.Suhbatni ertalab davom etdiramiz.Aytishadiku, axir “Utro umney, chem vecher” dedi oʻziyam esnaganicha graf.
—Utro vechera mudreneye, —(“Kecha yotib oʻyla, erta turib soʻyla”)—tuzatdi Pushkin Perovskiyga qaraganicha…
Ertalab esa vaqtli turgan shoir va general nonushta qilishgach, kamerdinerlar generalni gubernatorlik mahkamasiga olib borishdi.Pushkin boʻlsa Dal bilan birga shahar chekkasiga sayrga chiqishdi.

DAVOMI BOR

055

(Tashriflar: umumiy 1 266, bugungi 1)

Izoh qoldiring