Устоз Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги олдидан
Эркин Воҳидов поэтик тафаккури ғоят кенг ва тиниқ шоир эканлигини таъкидлаш зарур. Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан қараш, уларнинг туб моҳиятини англашга интилиш, қайси бири хайрли, қай бири сохталигини аниқлай олиш истаги шоирнинг илк ижодий қадамларидан буён йўлдош бўлиб келди…
Йўлдош Солижонов
РУҲИЯТНИ ЁРИТГАН ШЕЪРИЯТ
Атоқли шоир Эркин Воҳидов портретига чизгилар
Одатда, улкан ва истеъдодли санъаткорларнинг бутун бир ижодигина эмас, балки ҳар бир асари ўнлаб, юзлаб олимлар томонидан батафсил тадқиқ қилинади, синчиклаб ўрганилади. Мабодо, улар бир жойга жамлангудек бўлса, ажойиб бир тафаккур чаманзори дунёга келади. Ундаги бир-бирига мутлақо ўхшамаган ҳар битта гул ўз ранги ҳамда таровати билан кўнгилларга ором беради ва ижодкор гулзорининг турфалигини кўрсатувчи фазилатга айланади. Масалан, улуғ Алишер Навоий ижоди 500 йилдан буён тадқиқ этиляпти, бундан кейин ҳам ўрганилаверади. Бу билан Навоий ижоди ҳақида айтиладиган фикр қолмади, деган муаммо келиб чиқмайди. Аксинча, фикр фикрни уйғотади деганларидек, ижодкор услуби ва маҳоратининг янги-янги қирралари очилаверади. Чунки ҳақиқий истеъдодли санъаткорнинг ижодий мероси уммонга ўхшайди. Унга шўнғиган ғаввос насибасига яраша дуру гавҳарларни териб чиқаверади, улар эса мутлақо тугамайди.
Замонамизнинг истеъдодли шоири Эркин Воҳидов ижоди ҳам ана шундай уммонлардан биридир. Агар шоир ижоди ҳақидаги илк мақолалар матбуотда эълон қилинганига ярим асрдан ошганини инобатга олсак (Т.Тўла. “Шарқ юлдузи”ни варақлаб… “Совет Ўзбекистони” газ. 1961. О.Шарафиддинов. Талант ва масъулият. “Ўзбекистон маданияти” газ. 7.08.1962), ҳозиргача бу уммондан йиғиб олинган жавоҳирот хазинасининг ҳисобига етиш мушкул эканлиги аён бўлади-қолади. Шундан буён ўтган давр мобайнида бирон бир ўзбек адабиётшуноси йўқки, ўзининг илмий-тадқиқот ишларида, ҳеч қурса, бир марта Эркин Воҳидов номини тилга олмаган, шоир ижодига хос янги бир фазилатни кашф этмаган бўлсин! Шунга қарамай, бу санъаткор ижодининг очилмаган қатламлари жуда сероб. Мен ҳам ана шу қатламлар қаърига кучим ва нафасим етганча шўнғиб, Эркин Воҳидов шеъриятининг ўзим илғаган айрим фазилатлари ҳақида фикр юритмоқчи бўлдим.
Аввало, Эркин Воҳидов поэтик тафаккури ғоят кенг ва тиниқ шоир эканлигини таъкидлаш зарур. Ҳаётда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга теран нигоҳ билан қараш, уларнинг туб моҳиятини англашга интилиш, қайси бири хайрли, қай бири сохталигини аниқлай олиш истаги шоирнинг илк ижодий қадамларидан буён йўлдош бўлиб келаётир. Шоирнинг бадиий тафаккури доимий ҳаракатда бўлгани туфайли ўзининг сархил меваларини тез ва мўл-кўл бера бошлади. Натижада, Э.Воҳидов ижоди жадал суръатлар билан камолот чўққисига кўтарилди ва устоз адабиётшунос Умарали Норматов лутф қилганларидек, шоир қаламига мансуб ҳар бир сўз, ҳар бир сатр чиндан ҳам “Кўнгилларга кўчган шеърият”га айланди.
Жуда яхши эслайман: 1961 йилда Эркин Воҳидовнинг мўъжазгина “Тонг нафаси” деб аталган шеърлар тўплами босилиб чиқди ва тез орада қўлма-қўл бўлиб кетди. Айниқса, биз каби ёшлар (ўшанда 1-курс талабаси эдим) бу китобчадаги барча шеърларни ёдлаб олиб, давраларда, тўй-маъракаларда, қизлар билан учрашувларимизда “ўзимизники” қилиб ўқиб юрардик. Албатта, баъзан дакки ҳам эшитардик, негаки, ўша пайтда Эркин Воҳидовни ўқимаган одам йўқ эди-да! Лекин биз бу танбеҳлардан ранжимасдик, сабаби Эркин Воҳидов деган шоир ўзимизнинг Олтиариқдан, демак, биз битта одаммиз деган юпанч бизга далда берган. Ҳа, Эркин ака биринчи шеърлар китоби биланоқ ўзимизники бўлиб қолган, унинг шеърлари бизнинг кўнглимизга кўчиб кирган, ҳечам чиқиб кетгиси келмасди ва ҳозиргача ҳам бемалол яшаяпти. Энди айтинг-чи, шоир учун бундан ортиқроқ бахт, бундан буюкроқ тахт борми?!
Мана, шундан буён 50 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу даврда Эркин Воҳидов ижоди ҳам бўйига, ҳам энига, ҳам айланасига беқиёс даражада ўсди, вазни ва салмоғи ортди. Бугун Эркин Воҳидов ўзбек адабиётининг ёруғ юлдузи, катта ижодий мактаб яратган улкан санъаткор бўлиб танилди.
Маълумки, Эркин Воҳидов тенгдош бўлган авлод адабиётга ўтган асрнинг 60-йилларида кириб келди ва ўзбек шеъриятини ҳам шаклан, ҳам мазмунан тубдан янгилади. Айнан шу йилларда қўлига қалам олган шоиру ёзувчилар юраги озодлик, эрк туйғуси билан тўлиб-тошган эди. Ҳурриятга, эркка интилган бу ижод аҳли ўз асарлари руҳига, энг аввало, миллатнинг қадр-қимматини улуғлашни, миллий ифтихор туйғусини сингдиришни истади ва бунга дадил киришди. Натижада, бу авлоднинг илк шеърлариёқ ўша пайтдаги жамиятда чуқур томир отган ёлғонга, сохталикка, баландпарвозликка қарши исён сифатида жаранглади. Аммо бу исённи очиқ-ошкора баён этиш мумкин эмасди. Чунки яккаҳокимликни бой бериб қўйишни истамаган коммунистик мафкура заҳарли тишларини қайраб турарди. Хайриятки, шеъриятда фикрни рамзий тимсоллар орқали ифодалаш, тиконни гулга ўраб “тортиқ” қилишнинг турли усуллари ва воситалари бор. 60-йиллар ижодкорлари ана шу усул ва воситалардан унумли фойдаланиб, одамлар юрагига кириб бордилар. “Менинг ҳам ўша йилларга мансуб шеърларимнинг ҳар учтадан биттасида жамиятдаги ёлғону алдовларга қарши исён туйғуси бор” дейди бу ҳақда Э.Воҳидов (“Бу обод кунларга етдик соғ-омон…” Суҳбат. “Тафаккур” ж., № 3, 2011).
Аслида, бу авлоднинг хизмати шу билангина чекланмайди. Чунки улар ўз қутлуғ қадами билан шеърият соҳасидагина эмас, балки ижтимоий-сиёсий жабҳаларда ҳам, маънавий-маърифий майдонда ҳам туб ўзгаришларни вужудга келтирди. Ҳар бир ижодкор қулликка маҳкум этилган халқ ўзининг аянчли турмуши моҳиятини чуқурроқ англасин, унга танқидий нуқтаи назардан қарасин, деган қутлуғ ният билан қўлига қалам олди, бутун адабиёти, маънавияти, маърифати тарихида том маънода янги саҳифалар очди. Улар бадиий сўз воситасида одамларнинг мудроқ қалбини уйғотди, онг-шуурида исён ясади.
Одамларга фақат шеъригина эмас, балки ўзи ҳам кераклигини чуқур ҳис этиб яшаш истаги Эркин Воҳидовни ҳамиша ана шу авлоднинг олдинги сафида юришга ундади. Шоир ижодининг илк қадамларидан ижодкорлик ва фуқаролик масъулиятини чуқур ҳис этиб, унинг залворли юкини онгли равишда зиммасига ортган ҳолда яшаб ва ижод қилиб келмоқда. Агар синчиклаб қаралса, Эркин Воҳидов асарларида миллат шаънига мақтов ёғдиришдан, унга ҳамду санолар ўқишдан кўра, кўпроқ инсоннинг ҳаёт олдидаги бурчини англаши, замон унинг елкасига ортаётган таҳқирли юкдан қандай қилиб озод бўлиш йўлларини излаши лозимлиги тўғрисида ёзишни муҳимроқ деб билганини англаш қийин эмас. Шу боисдан, у бутун ҳаёти давомида ҳам ижодий, ҳам ижтимоий фаолиятини бир-бирига қўшиб олиб борди ва бу узвий боғлиқлик шоир шеърларига ўзига хос мазмун ҳамда ранг бағишлади.
Эркин Воҳидов ҳар доим ижодининг бошланишида айтган:
Халқ – устозим, мен эса – толиб,
Сўз дурларин термоқдир ишим.
Одамларнинг ўзидан олиб,
Одамларга бермоқдир ишим,
— деган принципига қатъий амал қилиб яшади ва ижод қилди. Бунинг натижаси ўлароқ, у чинакам халқ шоири сифатида тан олинди. Шоир бутун ижоди мобайнида ўзини “эркалаб бағрига босган, меҳнаткаш, бағри кенг, орзуларидай улуғ халқи”нинг беқиёс фазилатларини, дардини куйлаб келмоқда. Шунинг учун ҳам шоиримиз асарларида халқона руҳ, соддалик мудом устувор бўлиб келаётир.
Дадил айтиш мумкинки, Эркин Воҳидовнинг нафақат ҳар бир шеъри, балки ундаги ҳар бир сатри ҳам “тўлқин урган сирлар тўла уммон”дир. Чунки чин маьнодаги “шоир ўз халқининг юрак парчаси” ҳисобланади. Бундай юракда, шубҳасиз, исён туғилади. Исёнга дош бермоқ эса осонмас, бинобарин, исён бедор қалб инқилобидир. Бундай қалб халқ дарди билангина нафас олади. Шу боисдан шоир “мен”и халқнинг тили ва дили, жигарбанди, фарзанди сифатида намоён бўлади. У яхшими, ёмонми, 30 миллионлик халқини ўз қалбига жо қилган, унинг ташвиши ва қувончи билан нафас олаётган тирик жондир. Ана шу халқининг дарди, сўзини ифода этмоқлик ижодкор ўзлигининг туб моҳиятини ташкил этади. Шоир томонидан мана бу мисралар бежиз ёзилмаган:
Сени сездим ҳаргиз ўзимда,
Менда фикринг, ўйинг, тилагинг.
Ҳар нафасда ёниқ кўксимда
Уриб турар сенинг юрагинг.
Айнан ана шу халқнинг юраги уриб турганлиги учун ҳам Эркин Воҳидов шеърларида “баҳорий илиқлигу наҳорий тиниқлик” барқарор.
Эркин Воҳидовнинг ҳар бир шеърида даврнинг ёрқин манзараси, халқнинг ўлмас психологияси, миллатнинг монументал қиёфаси тўла акс этади. Шоир шеърларида илгари сураётган ғояни ўқувчига мажбур қилиб тушунтирмайди, сатрлар зиммасига оғир юк ортмайди. Иложи борича, оддийгина сўзлар ва лирик қаҳрамоннинг хатти-ҳаракати орқали енгилгина тақдим этади. Қуйидаги “Ҳожи ота Марғилоний сўзи”га қулоқ тутинг-а:
Етмиш йиллик умрим ўтди хорижда,
Юздан ошган Ҳожи отанг бўламан.
Тирик юрдим Истанбулда, Порижда,
Она юртдан айру қандоқ ўламан?
Қандоқ кетай Ватанимни кўрмай ҳур,
Илхақликдан зўр дунёда ҳеч дард йўқ.
Мана, етдим муродимга, минг шукур,
Энди, болам, ўладиган номард йўқ!
Гувоҳ бўлиб турибсизки, бу шеърда ортиқча баландпарвоз сўзлар, ватанпарвар шахснинг эҳтиросли туйғулари, ташбеҳлару метафоралар, овозни кўтариб чиранишлар йўқ. Оддийгина инсоннинг одмигина суҳбати. Бироқ суҳбат шу қадар самимий, соддаки, унда юз ёшдан ошган Ҳожи отанинг бутун қалби ярқ этиб кўриняпти. Ҳожи ота фикрини ифодалаш учун танланган сўзлар содда ва қаҳрамоннинг ёшига муносиблиги билан эътиборни тортади. Мисралардаги биронта сўз ўрнини алмаштириш ҳам мумкин эмас. Ҳар бир сўзда унинг шу пайтгача тортган азоб-уқубатлари, Ватан соғинчи, шукроналиги, юртини озод кўриш туйғусидан қониқиш ҳисси яққол сезилиб турибди. Ҳақиқий шеър шунақа бўлади, ундаги ҳар бир сўз қалбни чўғдай жизиллатиб таъсир қилади. Эркин Воҳидов ижодига хос бундай фазилат унинг илк ижодий қадамларидан бошлаб ҳозиргача ҳамроҳ бўлиб келаётир.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, истиқлол ғояси, мустақиллик учун кураш мавзусини ХХ асрнинг 60-йилларида ўзбек шеъриятига Эркин Воҳидов олиб кирди. Шўро даврида ўсиб, тарбияланиб вояга етган авлод халқ иродаси, ўзига хос тарихи, миллатнинг шаъни, қадр-қиммати, жисмоний ва маънавий куч-қудрати ифодаланган, аждодларининг шон-шавкати улуғланган шеърларни иштиёқ билан ўқиши, ўқиганда ҳам тўғри қабул қилиши (яъни уқиши) бироз қийин эди. Шу боис ўша пайтда Эркин Воҳидов томонидан яратилган “Ўзбегим” қасидаси одамлар онги-шуурига чақмоқдек урилди. Айримларни куйдирди, баъзиларни карахт қилиб қўйди. Лекин бу чақмоқ жуда кўпчиликнинг қалбидаги зулматни ёритиб юборди. Бунинг боиси “Ўзбегим” қасидаси ўз даврида миллатнинг маънавий эҳтиёжи тарзида дунёга келган ва халқнинг айни пайтдаги бироз бўлса-да, янгиланаётган хоҳиш-истагини ифодалаган эди. Қасида 60-йиллар бошларида эса бошлаган демократия шабадасидек миллатнинг биқиқ кўнглида бурқсиб турган миллий ор-номус, миллий ифтихор туйғуси дарчасини очиб юборди. Натижада, бу шеър одамларда ўзига ишонч, қатъият, миллий ғурур пайдо қилди. Орадан озгина вақт ўтиб яратилган “Руҳлар исёни” достони, “Инсон”, “Бу қўллардир” каби қасидалари халқимизнинг ёришган руҳиятини ишончли кураш йўлига олиб чиқди. Шу жиҳатдан 80-йиллар ўрталарида истиқлол учун бошланган оммавий ҳаракатда ана шу шеърлари ва улар муаллифи Эркин Воҳидовнинг катта ҳиссаси борлиги шубҳасиздир.
80-90-йилларда шоирнинг аввалги шеърларига хос лирик оҳанг чекиниб, овози бироз дағаллашганлигини, фикри жиддийлашганлигини, хулосалари кескинлик касб этганлигини сезиш мумкин. Аслида, буни ўз даври учун ижобий фазилат сифатида баҳолаш ўринлидир. Негаки, мазкур хусусиятлар жамиятда юз бераётган алғов-далғов ҳодисалар, Шўро ҳукуматининг халқни менсимаслик, унинг эркини, ор-номусини топташга қаратилган амалдаги ҳаракатларига қарши норозиликнинг акс-садоси тарзида дунёга келган эди.
Оҳангдаги бундай сифат ўзгаришлари, айниқса, Эркин Воҳидовнинг “Тирик сайёралар” китобидан ўрин олган кучли ижтимоий характердаги шеърлари, “Канада туркуми”, “Донишқишлоқ латифалари”да аниқ кўзга ташланди. Гарчи шоирнинг “Арслон ўргатувчи”, “Кўча четидаги аёл”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” сингари шеърларида эрк муаммоси кучли ижтимоий руҳ билан суғорилган бўлса-да, рамзий тимсоллар орқали ифодаланган ғоя бироз мискин кайфиятда ифодаланган эди.
80-йиллар охирларида Эркин Воҳидов ижодига азалдан йўлдош бўлиб келган ҳажвиёт ҳам бутун бўй-басти билан намоён бўлди. Ижодининг дастлабки йилларидаги ҳазилга мойиллик бора-бора таги зил ғояларни илгари сурувчи жиддий кулгига асос яратди. Эътибор берилса, бу туйғу шоирнинг “Дўстларимни ҳайрон қолдирар…”, “Тинглайман кўп ўзбек сўзларин…”, “Шеър ҳақида шеър” сингари илк ҳазилларида беғараз, самимий кулгу тарзида кўнгилга енгиллик бағишлаган эди. 70-80-йилларга келиб бу йўналиш бироз жиддийлашди, кулгуда заҳар моддаси қуюқлашди, муносабат билдирилаётган иллатни инкор этиш очиқ ва кескин тус олди. Бу жиҳатдан шоирнинг “Кулгу мушоиралари”дан иборат ғазаллари, “Донишқишлоқ латифалари”, “Канада туркуми”даги асарлари характерлидир. Масалан, “Кулгу мушоиралари”ни мутолаа қилган ўқувчи танқид қилинаётган қусурларни қатъий инкор этган ҳолда шоирнинг беғараз кулгусидан яйраса, “Донишқишлоқ латифалари”ни ўқиб, дастлаб Матмусанинг девоналарча қилган қилиқларидан қаҳ-қаҳ уриб кулади. Кейин эса бирдан чуқур ўйга толади. Чунки шоир Матмуса тушган вазиятнинг туб моҳиятини англамай кулаётган биздек нодонларга нимтабассум билан:
Аё, дўстлар, адашган
Матмусадан кулмайлик.
Матмусадек ўзимиз
Тандир кийган бўлмайлик,
— деб танбеҳ беради. Чиндан ҳам Матмуса ким? У, аслида, ўз даврида коммунистик мафкура тандирини кийиб олиб, кўзлаган манзил-макони, мақсад-муддаоси номаълум бўлган ўзимиз эмасми?
Дарвоқе, Эркин Воҳидов латифаларидаги тандир, дутор, қалпоқ, лаган, эшак сингари деталлар Матмуса шахси билан ёнма-ён туриб, ривожлана бориб, қаҳрамон характерини турли томонлардан ёритувчи образ даражасига кўтарилади.
Эркин Воҳидовнинг чинакам санъаткор сифатидаги бош фазилатларидан яна бири – ўзининг халқ дардини англаш, бу дарду ташвишларни енгиллатиш учун унга ҳамкору ҳамдаст бўлиш анъанасига, мустақилликка эришилгандан кейин ҳам содиқ қолганлигидир. Яъни шоир айримларга ўхшаб, ўзининг бош мақсади – Ватани озодликка эришганидан кейин ниятига етган фуқаро сингари ўзини четга олмади. Балки мустақилликни янада мустаҳкамлаш, уни асраб қолиш йўлида собитқадамлик билан ҳам ижодий, ҳам амалий фаолиятда намуна кўрсатди.
Ҳуррият – номус-ор, нафсониятдир,
Қадрин билган элга мангу ниятдир.
Ҳурриятнинг ўзи тайёр бахт эмас,
Бахт учун энг буюк имкониятдир.
Ҳурриятга ишонч, саботинг керак,
Журъатинг, парвозинг, қанотинг керак.
Ватан ҳуррияти учун ҳамиша
Фидоликка тайёр ҳаётинг керак.
Чиндан ҳам шоирнинг ўзи айтганидек, “Адабиёт – мўмин-маъқул одамларнинг майдони эмас. Фақирона кўникувчанлик, ўз тинчини ўйлаш истеъдодни ҳалок этувчи омиллардир”. Бу билан Э.Воҳидов шеърият фақат ҳамду санолар воситаси эмас, балки унинг вазифаси мудроқ халқнинг кўзини очиш, эришилган ғалабани асраб қолиш ва кўпайтиришдан иборат эканлигини амалда исботлай олди ва истиқлол шеъриятини одамлар йўлини ёритувчи машъалага айлантирди. Бу машъала ҳануз порлаб, ўз қутлуғ вазифасини шараф билан бажариб келаётир.
Эркин Воҳидов ижодининг аввалги босқичларида учрамаган мурожаат усули “Оғриқли саволлар”, “Давлат иши”, “Шаҳарми бу, қишлоқми бу…”, “Сен менга тегма”, “Биздан кейин ҳеч бир авлод қайта қурмасин” сингари шеърларида аниқ кўзга ташланади. Уларда шоир-лирик қаҳрамони ўқувчига тўғридан тўғри мурожаат қилади, унга оғриқли саволлар бериб, мантиқли жавоблар кутади. Аммо дилини қониқтирадиган жавоб ололмай фарёд чекади. Бинобарин, Э.Воҳидовнинг бу шеърлари инсон қалбига бевосита йўналтирилган, инсон шаъни учун курашадиган, инсон шахсига нисбатан меҳр билан суғорилган шеърият эканлигини исботлайди.
Эркин Воҳидов бундан кўп йиллар муқаддам:
Шоирлик – бу ширин жондан кечмакдир,
Лиммо-лим фидолик жомин ичмакдир.
Шоирлик – жигарни минг пора этмак,
Бағир қони билан сатрлар битмак.
Ўзни томчи-томчи, зарра ва зарра
Элга қурбон қилиб, энг сўнгги карра –
Армон билан демак: “Эй, она юртим,
Кечир, хизматингни қилолмай ўтдим…
деб ёзган эди. Бугун шоирнинг улкан адабий меросидан баҳраманд бўлиш асносида тўла ҳуқуқ билан айтишимиз мумкинки, Эркин Воҳидов халқига хизмат қила олгани учун ҳақли равишда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олди. “Лиммо-лим фидойилик жомини” ичгани ва бу йўлда намуна кўрсатгани учун муҳтарам Президентимиз ўз қўллари билан кўксига “Олтин юлдуз”ни қадаб “Ўзбекистон қаҳрамони” деб эълон қилдилар. Халқимиз ва Ватанимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб келмоқда.
Сўнгги йиллар Эркин Воҳидов ижодининг ширага тўлган пайти бўлди. Бу фикримизни шоирнинг кейинги пайтда эълон қилган шеърлари, публицистик мақолалари, суҳбатлари тўла исботлаб турибди. Она халқига, Ватанига чинакам меҳр қўймаган ижодкор ҳар қанча истеъдодга эга бўлмасин бундай мавқега эриша олмайди. Меҳр-муҳаббати кучли, садоқати беқиёс бўлганлиги туфайли Эркин Воҳидов халқимизнинг чиндан ҳам ниҳоятда суюкли шоири бўлиб қолди. Шоир ўзбек шеъриятига янгича фикр, янги шакллар, янги образ, янгича оҳанг, янгича усул ва воситалар олиб кирди ва унинг тамоман янгиланишига муносиб ҳисса қўшди. Шоир шеърлари кўнгилларга ором, руҳимизга кўтаринкилик, вужудимизга мадад бағишлайди. Демак, шундай шоирни севмаслик, асарларини чин дилдан суйиб мутолаа қилмаслик мумкин эмас!
Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон
Yo’ldosh Solijonov
RUHIYATNI YORITGAN SHE’RIYAT
Atoqli shoir Erkin Vohidov portretiga chizgilar
Odatda, ulkan va iste’dodli san’atkorlarning butun bir ijodigina emas, balki har bir asari o‘nlab, yuzlab olimlar tomonidan batafsil tadqiq qilinadi, sinchiklab o‘rganiladi. Mabodo, ular bir joyga jamlangudek bo‘lsa, ajoyib bir tafakkur chamanzori dunyoga keladi. Undagi bir-biriga mutlaqo o‘xshamagan har bitta gul o‘z rangi hamda tarovati bilan ko‘ngillarga orom beradi va ijodkor gulzorining turfaligini ko‘rsatuvchi fazilatga aylanadi. Masalan, ulug‘ Alisher Navoiy ijodi 500 yildan buyon tadqiq etilyapti, bundan keyin ham o‘rganilaveradi. Bu bilan Navoiy ijodi haqida aytiladigan fikr qolmadi, degan muammo kelib chiqmaydi. Aksincha, fikr fikrni uyg‘otadi deganlaridek, ijodkor uslubi va mahoratining yangi-yangi qirralari ochilaveradi. Chunki haqiqiy iste’dodli san’atkorning ijodiy merosi ummonga o‘xshaydi. Unga sho‘ng‘igan g‘avvos nasibasiga yarasha duru gavharlarni terib chiqaveradi, ular esa mutlaqo tugamaydi. Zamonamizning iste’dodli shoiri Erkin Vohidov ijodi ham ana shunday ummonlardan biridir. Agar shoir ijodi haqidagi ilk maqolalar matbuotda e’lon qilinganiga yarim asrdan oshganini inobatga olsak (T.To‘la. “Sharq yulduzi”ni varaqlab… “Sovet O‘zbekistoni” gaz. 1961. O.Sharafiddinov. Talant va mas’uliyat. “O‘zbekiston madaniyati” gaz. 7.08.1962), hozirgacha bu ummondan yig‘ib olingan javohirot xazinasining hisobiga yetish mushkul ekanligi ayon bo‘ladi-qoladi. Shundan buyon o‘tgan davr mobaynida biron bir o‘zbek adabiyotshunosi yo‘qki, o‘zining ilmiy-tadqiqot ishlarida, hech qursa, bir marta Erkin Vohidov nomini tilga olmagan, shoir ijodiga xos yangi bir fazilatni kashf etmagan bo‘lsin! Shunga qaramay, bu san’atkor ijodining ochilmagan qatlamlari juda serob. Men ham ana shu qatlamlar qa’riga kuchim va nafasim yetgancha sho‘ng‘ib, Erkin Vohidov she’riyatining o‘zim ilg‘agan ayrim fazilatlari haqida fikr yuritmoqchi bo‘ldim.
Avvalo, Erkin Vohidov poetik tafakkuri g‘oyat keng va tiniq shoir ekanligini ta’kidlash zarur. Hayotda ro‘y berayotgan voqea-hodisalarga teran nigoh bilan qarash, ularning tub mohiyatini anglashga intilish, qaysi biri xayrli, qay biri soxtaligini aniqlay olish istagi shoirning ilk ijodiy qadamlaridan buyon yo‘ldosh bo‘lib kelayotir. Shoirning badiiy tafakkuri doimiy harakatda bo‘lgani tufayli o‘zining sarxil mevalarini tez va mo‘l-ko‘l bera boshladi. Natijada, E.Vohidov ijodi jadal sur’atlar bilan kamolot cho‘qqisiga ko‘tarildi va ustoz adabiyotshunos Umarali Normatov lutf qilganlaridek, shoir qalamiga mansub har bir so‘z, har bir satr chindan ham “Ko‘ngillarga ko‘chgan she’riyat”ga aylandi.
Juda yaxshi eslayman: 1961 yilda Erkin Vohidovning mo‘‘jazgina “Tong nafasi” deb atalgan she’rlar to‘plami bosilib chiqdi va tez orada qo‘lma-qo‘l bo‘lib ketdi. Ayniqsa, biz kabi yoshlar (o‘shanda 1-kurs talabasi edim) bu kitobchadagi barcha she’rlarni yodlab olib, davralarda, to‘y-ma’rakalarda, qizlar bilan uchrashuvlarimizda “o‘zimizniki” qilib o‘qib yurardik. Albatta, ba’zan dakki ham eshitardik, negaki, o‘sha paytda Erkin Vohidovni o‘qimagan odam yo‘q edi-da! Lekin biz bu tanbehlardan ranjimasdik, sababi Erkin Vohidov degan shoir o‘zimizning Oltiariqdan, demak, biz bitta odammiz degan yupanch bizga dalda bergan. Ha, Erkin aka birinchi she’rlar kitobi bilanoq o‘zimizniki bo‘lib qolgan, uning she’rlari bizning ko‘nglimizga ko‘chib kirgan, hecham chiqib ketgisi kelmasdi va hozirgacha ham bemalol yashayapti. Endi ayting-chi, shoir uchun bundan ortiqroq baxt, bundan buyukroq taxt bormi?!
Mana, shundan buyon 50 yildan ortiq vaqt o‘tdi. Bu davrda Erkin Vohidov ijodi ham bo‘yiga, ham eniga, ham aylanasiga beqiyos darajada o‘sdi, vazni va salmog‘i ortdi. Bugun Erkin Vohidov o‘zbek adabiyotining yorug‘ yulduzi, katta ijodiy maktab yaratgan ulkan san’atkor bo‘lib tanildi.
Ma’lumki, Erkin Vohidov tengdosh bo‘lgan avlod adabiyotga o‘tgan asrning 60-yillarida kirib keldi va o‘zbek she’riyatini ham shaklan, ham mazmunan tubdan yangiladi. Aynan shu yillarda qo‘liga qalam olgan shoiru yozuvchilar yuragi ozodlik, erk tuyg‘usi bilan to‘lib-toshgan edi. Hurriyatga, erkka intilgan bu ijod ahli o‘z asarlari ruhiga, eng avvalo, millatning qadr-qimmatini ulug‘lashni, milliy iftixor tuyg‘usini singdirishni istadi va bunga dadil kirishdi. Natijada, bu avlodning ilk she’rlariyoq o‘sha paytdagi jamiyatda chuqur tomir otgan yolg‘onga, soxtalikka, balandparvozlikka qarshi isyon sifatida jarangladi. Ammo bu isyonni ochiq-oshkora bayon etish mumkin emasdi. Chunki yakkahokimlikni boy berib qo‘yishni istamagan kommunistik mafkura zaharli tishlarini qayrab turardi. Xayriyatki, she’riyatda fikrni ramziy timsollar orqali ifodalash, tikonni gulga o‘rab “tortiq” qilishning turli usullari va vositalari bor. 60-yillar ijodkorlari ana shu usul va vositalardan unumli foydalanib, odamlar yuragiga kirib bordilar. “Mening ham o‘sha yillarga mansub she’rlarimning har uchtadan bittasida jamiyatdagi yolg‘onu aldovlarga qarshi isyon tuyg‘usi bor” deydi bu haqda E.Vohidov (“Bu obod kunlarga yetdik sog‘-omon…” Suhbat. “Tafakkur” j., 2011, 3-son).
Aslida, bu avlodning xizmati shu bilangina cheklanmaydi. Chunki ular o‘z qutlug‘ qadami bilan she’riyat sohasidagina emas, balki ijtimoiy-siyosiy jabhalarda ham, ma’naviy-ma’rifiy maydonda ham tub o‘zgarishlarni vujudga keltirdi. Har bir ijodkor qullikka mahkum etilgan xalq o‘zining ayanchli turmushi mohiyatini chuqurroq anglasin, unga tanqidiy nuqtai nazardan qarasin, degan qutlug‘ niyat bilan qo‘liga qalam oldi, butun adabiyoti, ma’naviyati, ma’rifati tarixida tom ma’noda yangi sahifalar ochdi. Ular badiiy so‘z vositasida odamlarning mudroq qalbini uyg‘otdi, ong-shuurida isyon yasadi.
Odamlarga faqat she’rigina emas, balki o‘zi ham kerakligini chuqur his etib yashash istagi Erkin Vohidovni hamisha ana shu avlodning oldingi safida yurishga undadi. Shoir ijodining ilk qadamlaridan ijodkorlik va fuqarolik mas’uliyatini chuqur his etib, uning zalvorli yukini ongli ravishda zimmasiga ortgan holda yashab va ijod qilib kelmoqda. Agar sinchiklab qaralsa, Erkin Vohidov asarlarida millat sha’niga maqtov yog‘dirishdan, unga hamdu sanolar o‘qishdan ko‘ra, ko‘proq insonning hayot oldidagi burchini anglashi, zamon uning yelkasiga ortayotgan tahqirli yukdan qanday qilib ozod bo‘lish yo‘llarini izlashi lozimligi to‘g‘risida yozishni muhimroq deb bilganini anglash qiyin emas. Shu boisdan, u butun hayoti davomida ham ijodiy, ham ijtimoiy faoliyatini bir-biriga qo‘shib olib bordi va bu uzviy bog‘liqlik shoir she’rlariga o‘ziga xos mazmun hamda rang bag‘ishladi.
Erkin Vohidov har doim ijodining boshlanishida aytgan:
Xalq – ustozim, men esa – tolib,
So‘z durlarin termoqdir ishim.
Odamlarning o‘zidan olib,
Odamlarga bermoqdir ishim, – degan printsipiga qat’iy amal qilib yashadi va ijod qildi. Buning natijasi o‘laroq, u chinakam xalq shoiri sifatida tan olindi. Shoir butun ijodi mobaynida o‘zini “erkalab bag‘riga bosgan, mehnatkash, bag‘ri keng, orzulariday ulug‘ xalqi”ning beqiyos fazilatlarini, dardini kuylab kelmoqda. Shuning uchun ham shoirimiz asarlarida xalqona ruh, soddalik mudom ustuvor bo‘lib kelayotir.
Dadil aytish mumkinki, Erkin Vohidovning nafaqat har bir she’ri, balki undagi har bir satri ham “to‘lqin urgan sirlar to‘la ummon”dir. Chunki chin ma’nodagi “shoir o‘z xalqining yurak parchasi” hisoblanadi. Bunday yurakda, shubhasiz, isyon tug‘iladi. Isyonga dosh bermoq esa osonmas, binobarin, isyon bedor qalb inqilobidir. Bunday qalb xalq dardi bilangina nafas oladi. Shu boisdan shoir “men”i xalqning tili va dili, jigarbandi, farzandi sifatida namoyon bo‘ladi. U yaxshimi, yomonmi, 30 millionlik xalqini o‘z qalbiga jo qilgan, uning tashvishi va quvonchi bilan nafas olayotgan tirik jondir. Ana shu xalqining dardi, so‘zini ifoda etmoqlik ijodkor o‘zligining tub mohiyatini tashkil etadi. Shoir tomonidan mana bu misralar bejiz yozilmagan:
Seni sezdim hargiz o‘zimda,
Menda fikring, o‘ying, tilaging.
Har nafasda yoniq ko‘ksimda
Urib turar sening yuraging.
Aynan ana shu xalqning yuragi urib turganligi uchun ham Erkin Vohidov she’rlarida “bahoriy iliqligu nahoriy tiniqlik” barqaror.
Erkin Vohidovning har bir she’rida davrning yorqin manzarasi, xalqning o‘lmas ruhiyati, millatning monumental qiyofasi to‘la aks etadi. Shoir she’rlarida ilgari surayotgan g‘oyani o‘quvchiga majbur qilib tushuntirmaydi, satrlar zimmasiga og‘ir yuk ortmaydi. Iloji boricha, oddiygina so‘zlar va lirik qahramonning xatti-harakati orqali yengilgina taqdim etadi. Quyidagi “Hoji ota Marg‘iloniy so‘zi”ga quloq tuting-a:
Yetmish yillik umrim o‘tdi xorijda,
Yuzdan oshgan Hoji otang bo‘laman.
Tirik yurdim Istanbulda, Porijda,
Ona yurtdan ayru qandoq o‘laman?
Qandoq ketay Vatanimni ko‘rmay hur,
Ilhaqlikdan zo‘r dunyoda hech dard yo‘q.
Mana, yetdim murodimga, ming shukur,
Endi, bolam, o‘ladigan nomard yo‘q!
Guvoh bo‘lib turibsizki, bu she’rda ortiqcha balandparvoz so‘zlar, vatanparvar shaxsning ehtirosli tuyg‘ulari, tashbehlaru metaforalar, ovozni ko‘tarib chiranishlar yo‘q. Oddiygina insonning odmigina suhbati. Biroq suhbat shu qadar samimiy, soddaki, unda yuz yoshdan oshgan Hoji otaning butun qalbi yarq etib ko‘rinyapti. Hoji ota fikrini ifodalash uchun tanlangan so‘zlar sodda va qahramonning yoshiga munosibligi bilan e’tiborni tortadi. Misralardagi bironta so‘z o‘rnini almashtirish ham mumkin emas. Har bir so‘zda uning shu paytgacha tortgan azob-uqubatlari, Vatan sog‘inchi, shukronaligi, yurtini ozod ko‘rish tuyg‘usidan qoniqish hissi yaqqol sezilib turibdi. Haqiqiy she’r shunaqa bo‘ladi, undagi har bir so‘z qalbni cho‘g‘day jizillatib ta’sir qiladi. Erkin Vohidov ijodiga xos bunday fazilat uning ilk ijodiy qadamlaridan boshlab hozirgacha hamroh bo‘lib kelayotir.
Hech ikkilanmasdan aytish mumkinki, istiqlol g‘oyasi, mustaqillik uchun kurash mavzusini XX asrning 60-yillarida o‘zbek she’riyatiga Erkin Vohidov olib kirdi. Sho‘ro davrida o‘sib, tarbiyalanib voyaga yetgan avlod xalq irodasi, o‘ziga xos tarixi, millatning sha’ni, qadr-qimmati, jismoniy va ma’naviy kuch-qudrati ifodalangan, ajdodlarining shon-shavkati ulug‘langan she’rlarni ishtiyoq bilan o‘qishi, o‘qiganda ham to‘g‘ri qabul qilishi (ya’ni uqishi) biroz qiyin edi. Shu bois o‘sha paytda Erkin Vohidov tomonidan yaratilgan “O‘zbegim” qasidasi odamlar ongi-shuuriga chaqmoqdek urildi. Ayrimlarni kuydirdi, ba’zilarni karaxt qilib qo‘ydi. Lekin bu chaqmoq juda ko‘pchilikning qalbidagi zulmatni yoritib yubordi. Buning boisi “O‘zbegim” qasidasi o‘z davrida millatning ma’naviy ehtiyoji tarzida dunyoga kelgan va xalqning ayni paytdagi biroz bo‘lsa-da, yangilanayotgan xohish-istagini ifodalagan edi. Qasida 60-yillar boshlarida esa boshlagan demokratiya shabadasidek millatning biqiq ko‘nglida burqsib turgan milliy or-nomus, milliy iftixor tuyg‘usi darchasini ochib yubordi. Natijada, bu she’r odamlarda o‘ziga ishonch, qat’iyat, milliy g‘urur paydo qildi. Oradan ozgina vaqt o‘tib yaratilgan “Ruhlar isyoni” dostoni, “Inson”, “Bu qo‘llardir” kabi qasidalari xalqimizning yorishgan ruhiyatini ishonchli kurash yo‘liga olib chiqdi. Shu jihatdan 80-yillar o‘rtalarida istiqlol uchun boshlangan ommaviy harakatda ana shu she’rlari va ular muallifi Erkin Vohidovning katta hissasi borligi shubhasizdir.
80-90-yillarda shoirning avvalgi she’rlariga xos lirik ohang chekinib, ovozi biroz dag‘allashganligini, fikri jiddiylashganligini, xulosalari keskinlik kasb etganligini sezish mumkin. Aslida, buni o‘z davri uchun ijobiy fazilat sifatida baholash o‘rinlidir. Negaki, mazkur xususiyatlar jamiyatda yuz berayotgan alg‘ov-dalg‘ov hodisalar, Sho‘ro hukumatining xalqni mensimaslik, uning erkini, or-nomusini toptashga qaratilgan amaldagi harakatlariga qarshi norozilikning aks-sadosi tarzida dunyoga kelgan edi.
Ohangdagi bunday sifat o‘zgarishlari, ayniqsa, Erkin Vohidovning “Tirik sayyoralar” kitobidan o‘rin olgan kuchli ijtimoiy xarakterdagi she’rlari, “Kanada turkumi”, “Donishqishloq latifalari”da aniq ko‘zga tashlandi. Garchi shoirning “Arslon o‘rgatuvchi”, “Ko‘cha chetidagi ayol”, “Sharqiy qirg‘oq”, “Kelajakka maktub” singari she’rlarida erk muammosi kuchli ijtimoiy ruh bilan sug‘orilgan bo‘lsa-da, ramziy timsollar orqali ifodalangan g‘oya biroz miskin kayfiyatda ifodalangan edi.
80-yillar oxirlarida Erkin Vohidov ijodiga azaldan yo‘ldosh bo‘lib kelgan hajviyot ham butun bo‘y-basti bilan namoyon bo‘ldi. Ijodining dastlabki yillaridagi hazilga moyillik bora-bora tagi zil g‘oyalarni ilgari suruvchi jiddiy kulgiga asos yaratdi. E’tibor berilsa, bu tuyg‘u shoirning “Do‘stlarimni hayron qoldirar…”, “Tinglayman ko‘p o‘zbek so‘zlarin…”, “She’r haqida she’r” singari ilk hazillarida beg‘araz, samimiy kulgi tarzida ko‘ngilga yengillik bag‘ishlagan edi. 70-80-yillarga kelib bu yo‘nalish biroz jiddiylashdi, kulgida zahar moddasi quyuqlashdi, munosabat bildirilayotgan illatni inkor etish ochiq va keskin tus oldi. Bu jihatdan shoirning “Kulgu mushoiralari”dan iborat g‘azallari, “Donishqishloq latifalari”, “Kanada turkumi”dagi asarlari xarakterlidir. Masalan, “Kulgu mushoiralari”ni mutolaa qilgan o‘quvchi tanqid qilinayotgan qusurlarni qat’iy inkor etgan holda shoirning beg‘araz kulgisidan yayrasa, “Donishqishloq latifalari”ni o‘qib, dastlab Matmusaning devonalarcha qilgan qiliqlaridan qah-qah urib kuladi. Keyin esa birdan chuqur o‘yga toladi. Chunki shoir Matmusa tushgan vaziyatning tub mohiyatini anglamay kulayotgan bizdek nodonlarga nimtabassum bilan:
Ayo, do‘stlar, adashgan
Matmusadan kulmaylik.
Matmusadek o‘zimiz
Tandir kiygan bo‘lmaylik,
– deb tanbeh beradi. Chindan ham Matmusa kim? U, aslida, o‘z davrida kommunistik mafkura tandirini kiyib olib, ko‘zlagan manzil-makoni, maqsad-muddaosi noma’lum bo‘lgan o‘zimiz emasmi?
Darvoqe, Erkin Vohidov latifalaridagi tandir, dutor, qalpoq, lagan, eshak singari detallar Matmusa shaxsi bilan yonma-yon turib, rivojlana borib, qahramon xarakterini turli tomonlardan yorituvchi obraz darajasiga ko‘tariladi.
Erkin Vohidovning chinakam san’atkor sifatidagi bosh fazilatlaridan yana biri – o‘zining xalq dardini anglash, bu dardu tashvishlarni yengillatish uchun unga hamkoru hamdast bo‘lish an’anasiga, mustaqillikka erishilgandan keyin ham sodiq qolganligidir. Ya’ni shoir ayrimlarga o‘xshab, o‘zining bosh maqsadi – Vatani ozodlikka erishganidan keyin niyatiga yetgan fuqaro singari o‘zini chetga olmadi. Balki mustaqillikni yanada mustahkamlash, uni asrab qolish yo‘lida sobitqadamlik bilan ham ijodiy, ham amaliy faoliyatda namuna ko‘rsatdi.
Hurriyat – nomus-or, nafsoniyatdir,
Qadrin bilgan elga mangu niyatdir.
Hurriyatning o‘zi tayyor baxt emas,
Baxt uchun eng buyuk imkoniyatdir.
Hurriyatga ishonch, saboting kerak,
Jur’ating, parvozing, qanoting kerak.
Vatan hurriyati uchun hamisha
Fidolikka tayyor hayoting kerak.
Chindan ham shoirning o‘zi aytganidek, “Adabiyot – mo‘min-ma’qul odamlarning maydoni emas. Faqirona ko‘nikuvchanlik, o‘z tinchini o‘ylash iste’dodni halok etuvchi omillardir”. Bu bilan E.Vohidov she’riyat faqat hamdu sanolar vositasi emas, balki uning vazifasi mudroq xalqning ko‘zini ochish, erishilgan g‘alabani asrab qolish va ko‘paytirishdan iborat ekanligini amalda isbotlay oldi va istiqlol she’riyatini odamlar yo‘lini yorituvchi mash’alaga aylantirdi. Bu mash’ala hanuz porlab, o‘z qutlug‘ vazifasini sharaf bilan bajarib kelayotir.
Erkin Vohidov ijodining avvalgi bosqichlarida uchramagan murojaat usuli “Og‘riqli savollar”, “Davlat ishi”, “Shaharmi bu, qishloqmi bu…”, “Sen menga tegma”, “Bizdan keyin hech bir avlod qayta qurmasin” singari she’rlarida aniq ko‘zga tashlanadi. Ularda shoir-lirik qahramoni o‘quvchiga to‘g‘ridan to‘g‘ri murojaat qiladi, unga og‘riqli savollar berib, mantiqli javoblar kutadi. Ammo dilini qoniqtiradigan javob ololmay faryod chekadi. Binobarin, Erkin Vohidovning bu she’rlari inson qalbiga bevosita yo‘naltirilgan, inson sha’ni uchun kurashadigan, inson shaxsiga nisbatan mehr bilan sug‘orilgan she’riyat ekanligini isbotlaydi.
Erkin Vohidov bundan ko‘p yillar muqaddam:
Shoirlik – bu shirin jondan kechmakdir,
Limmo-lim fidolik jomin ichmakdir.
Shoirlik – jigarni ming pora etmak,
Bag‘ir qoni bilan satrlar bitmak.
O‘zni tomchi-tomchi, zarra va zarra
Elga qurbon qilib, eng so‘nggi karra –
Armon bilan demak: “Ey, ona yurtim,
Kechir, xizmatingni qilolmay o‘tdim… – deb yozgan edi. Bugun shoirning ulkan adabiy merosidan bahramand bo‘lish asnosida to‘la huquq bilan aytishimiz mumkinki, Erkin Vohidov xalqiga xizmat qila olgani uchun haqli ravishda “O‘zbekiston Xalq shoiri” unvonini oldi. “Limmo-lim fidoyilik jomini” ichgani va bu yo‘lda namuna ko‘rsatgani uchun muhtaram Prezidentimiz o‘z qo‘llari bilan ko‘ksiga “Oltin yulduz”ni qadab “O‘zbekiston Qahramoni” deb e’lon qildilar. Xalqimiz va Vatanimiz oldidagi buyuk xizmatlari munosib taqdirlanib kelmoqda.
Hozir Erkin Vohidov ijodi aynan shiraga to‘lgan payti. Bu fikrimizni shoirning keyingi paytda e’lon qilgan she’rlari, publitsistik maqolalari, suhbatlari to‘la isbotlab turibdi. Ona xalqiga, Vataniga chinakam mehr qo‘ymagan ijodkor har qancha iste’dodga ega bo‘lmasin bunday mavqega erisha olmaydi. Mehr-muhabbati kuchli, sadoqati beqiyos bo‘lganligi tufayli Erkin Vohidov xalqimizning chindan ham nihoyatda suyukli shoiri bo‘lib qoldi. Shoir o‘zbek she’riyatiga yangicha fikr, yangi shakllar, yangi obraz, yangicha ohang, yangicha usul va vositalar olib kirdi va uning tamoman yangilanishiga munosib hissa qo‘shdi. Shoir she’rlari ko‘ngillarga orom, ruhimizga ko‘tarinkilik, vujudimizga madad bag‘ishlaydi. Demak, shunday shoirni sevmaslik, asarlarini chin dildan suyib mutolaa qilmaslik mumkin emas!
Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2013 yil, 2-son
Erkin Vohidov. Yoshlik Devoni by Khurshid Davron on Scribd