Aziz Said. She’rlar & Dili qani bedilning?

Ashampoo_Snap_2017.09.22_16h42m05s_003_a.png25 сентябр — Шоир Азиз Саид таваллуд топган кун

Одамзод ижод қила бошлаганидан буён адабиёт, санъат, мусиқа Қалб тарбиясидек олий мақсадга хизмат қиляпти. “Авесто” ва “Рамаяна”, “Қобуснома” ва “Калила ва Димна”дан тортиб “Гўрўғли”ю “Алпомиш”гача, Шарқу Ғарбнинг антик адабиётидан бугунги адабиётгача қалб тарбияси, руҳнинг эркинлиги ва озодлиги, муқаддас туйғуларнинг умрбоқийлиги гарови бўлиб келган (Шоир билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Азиз САИД
ШЕЪРЛАР
09

  Азиз Саид 1961 йил, 25 сентябрда Душанбе шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тутатган (1984). «Чилтор» (1988), «Дили қани Бедилнинг» (1996), «Ғойибдан дўст билан суҳбатлар» (2001), «Фурсат дарвозаси» (2007) номли шеърий китоблар муаллифи. У. Уитменнинг «Майса япроқлари», Н. Ҳикматнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Б. Брехтнинг «Театр ва реализм», Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» китобларини ўзбек тилига таржима қилган.

09

ВАҚТ МАНЗИЛИ

Ва бундан икки минг йил муқаддам эди
ва шу куни эдиAziz Said 1.jpg
ва ярим тунда юлдузларга тикилиб ўтирар
ва уларнинг нима эканлигини
ва ўзимнинг нега пайдо этилганимни
ва бизни Ким қўшиқ куйлашга
ва Ким йиғлашга мажбур қилаётганини
ва муҳаббат
ва нафрат қаердан пайдо бўлишини англамоқчи бўлар
ва осмонга
ва ўз ичимга қулоқ тутар
ва шамолми, вақтми шовуллар
ва шамолни Ким юбораётганини ўйлар
ва кўзларимни катта-катта очиб вақтнинг рангини
ва шаклини кўрмоқчи бўлар
ва лабларим беихтиёр пичирлар
ва уни Ким ясаганини сўрар
ва қулоқ солар
ва вақтнинг овозини эшитмоқчи бўлар
ва вақт келаётибдими, кетаётибдими аниқлай олмас
ва у тўхташи мумкинми
ва қаерда
ва қачон деб ўз-ўзимдан сўрар
ва атрофимдаги баҳайбат
ва совуқ Тошлар жим турганидан шубҳам ортар
ва барча тилсимотлар
ва сир-асрорларнинг
ва барча саволларга жавобларнинг соҳиби шулар деб ишонар
ва қавмимни ўт
ва сув балосидан асрашини
ва уларни илону чаёнларга чақтирмаслигини
ва деҳқонга ёмғир
ва барака
ва чорвага тўқлик
ва кўпайиш ато этишини илтижо қилар
ва ўзим учун вақт ҳали бормаган вақтларга сафар тиланар
ва Тошлар ўз сукутини бузмас
ва вақт орқагами, олдингами эканлигини англаб бўлмас даражада шиддат билан оқар
ва ер силкинар
ва қавмим мен сиғинган Тошлар остида нобуд бўлар
ва дарёлар тошар
ва балиқларни еб юрганлар энди балиқларга ем бўлар
ва аввал бирга яшаган қавм бўлак-бўлакларга бўлинар
ва ўзлари қурган работ
ва кентларни бузар
ва вайрон қилар
ва мен вақт олдингами, орқагами оқаётганини аниқ билгувчини излаб зир югурар
ва кўзларим ҳайратдан
ва юрагим даҳшатдан музга айланаётганини туяр
ва ҳар тун сарбонини йўқотган карвондай олазарак қавмим билан чорасизлик базмини қурар
ва шундай машваратларнинг бирида кўзимдаги муз аллақандай тафтдан эриётганидан
ва қавмим ҳам музлаган юракларига қандайдир илиқлик югураётганидан янада даҳшатга тушар
ва онасининг исини олган
ва уни тополмаётган гўдакдай чор атрофга аланглар
ва ҳарорат ўртадаги гулхандан эканлигини аста-секин англар
ва мен Оловнинг тилларига қараб вақтнинг ранги
ва шаклини тасаввур қилар
ва вақт гулханнинг ичидан чиққанига имоним тобора комил бўлар
ва тонгда барча гулханлар
ва машъалларнинг
ва юлдузлар
ва нурларнинг
ва гиёҳлар
ва дарахтларнинг
ва қушлар
ва ҳайвонларнинг
ва бизнинг
ва вақтнинг онаси эканлигига тўла ишонч билан Қуёшга сажда қилар
ва ундан буғдойни бошоқдан
ва боғларни мевадан
ва эркакни аёлдан
ва болани онадан
ва кўзни нурдан жудо қилмаслигини сўрар
ва қувватсизларга қувват
ва беморларга шифо
ва одам одамни ўлдирмаслигини илтижо қилар
ва дуоларимнинг ижобат бўлиши учун
ва оловнинг тафтини
ва меҳрибонлигини ҳар лаҳза ҳис қилиб туриш учун
ва Оловнинг қувонч
ва қайғумизга гувоҳ бўлиши учун
ва бизни гуноҳлардан сақлаши учун қавмимнинг кулбаларида туну кун олов ёниқ турар
ва маййитлар ёнига шамдонда олов қўяр
ва дўстникига қўлда олов билан борар
ва уйлансак келинникига олов кўтариб борар
ва гўдагимизни бешикка олов билан боғлар
ва Олов билан
ва Қуёш билан қасам ичар
ва вақт олдингами орқагами шитоб билан елар
ва мен вақтнинг манзилини сўрар
ва олов ҳам мужда беролмас
ва мен хотир ғорларида адашар
ва бу ғор деворидаги суратлардан
ва тошларга
ва дарахт пўстлоғига
ва ҳўкиз ва кийик териларига
ва китобларга битилган руний
ва сўғдий ва оромий
ва юноний ёзувларда чекилган мактублардан
ва солномалардан
ва ёдномалардан
ва Тунюқуқ битигидан
ва Кул Тигин битигидан
ва Билга Хоқон битигидан
ва Унгин битигидан
ва Моюн Чур битигидан
ва Энасой битикларидан
ва Ирқ битигидан
ва Авестодан
ва Ведалардан
ва Тавротдан
ва Забурдан
ва Инжилдан вақтнинг қаерга кетаётганини излар
ва тополмас
ва Олов ҳам гапирмас
ва қавм адашар
ва сўздан-да
ва тушларидан-да
ва соғинчдан-да
ва севгидан-да
ва болаларидан-да
ва вақтдан-да
ва ўзидан-да қимматроқ нимарсани излар
ва тимирскиланар
ва ерни кавлар
ва сариқ тош топар
ва уни олтин деб номлар
ва олтини борлар
ва йўқларга бўлинар
ва очлар
ва тўқларга бўлинар
ва бир-бирларини қул қилиб сотар
ва ўзлари сиғинган гулханларда ёқар
ва дорларга тортар
ва олтинларини ва канизакларини
ва зийнатларини ва баданларини
ва мушакларини бир-бирларига кўз-кўз қилишдан лаззат топар
ва буларнинг асл соҳиби борлигини
ва тўғри йўл борлигини айтиш учун бирин-кетин хабарчилар келар
ва мен Одамни
ва Идрисни ва Нуҳни
ва Ҳудни ва Солиҳни
ва Иброҳимни ва Исҳоқни
ва Исмоилни ва Яқубни
ва Юсуфни ва Шуайбни
ва Лутни ва Яҳёни
ва Закариёни ва Мусони
ва Хорунни ва Довудни
ва Сулаймонни ва Илёсни
ва Аййубни ва Ёфасни
ва Зулкифлни ва Юнусни
ва Узайрни ва Луқмонни
ва Зулқарнайнни
ва Исони уларнинг ҳаммасига ўз саловоти
ва саломини йўллаган
ва вақтнинг Эгаси бўлган юбораётганини сезар
ва мен вақт орқага қайтяптими
ва ё олдинга кетяптими
ва юз йил ва беш юз йил
ва минг йил
ва ўн минг йилдан сўнг қаерда бўлади
ва мен
ва қавмим ким бўлади
ва қай ҳолатда бўлади билгим келар
ва хаёлнинг зим-зиё салтанатига тасаввур отларини вақтданда ўздириб елдирмоқчи бўлар ва сигир ўрнига қайғуни соғаётган кампирларнинг
ва адолат кўлида зулм бақаларини боқаётган қозиларнинг
ва чор-атрофга руҳ қопқонларини қураётган овчиларнинг
ва шаҳват арқоғидан кийим тўқиётган тўқувчиларнинг
ва ёвузлик унидан хамир қораётган новвойларнинг
ва хиёнат тиғини чархлаётган сарбозларнинг
ва ватани сарҳадларига ришва симларини тортаётган посбонларнинг
ва зурриётларига алдов илмидан сабоқ бераётган устозларнинг
ва очлик дастурхонини муҳтожлик омочи ила шудгорлаётган деҳқонларнинг
ва эзгулик дарахтларини арралаб тахт қураётган дурадгорларнинг суратларига кўзим тушар
ва бу кетмишми
ва ё келмишми англай олмас
ва сўнгги хабарчи Муҳаммад алайҳиссалом ташрифидан
ва унга Қуръони Карим туширилганидан
ва Қазодан
ва Қадардан
ва Лавҳул-Маҳфуздан
ва шайтони лаиндан
ва аслим руҳлигидан
ва вужудим руҳга идишлигидан
ва либослигидан
ва жаннат йўлидан
ва дўзах йўлидан
ва бу дунё
ва қуёш ва ой
ва юлдузлар
ва тун ва кун
ва денгизлар ва тоғлар
ва сузгувчи ва учгувчи
ва юргувчи ҳайвонлар
ва даррандалар
ва паррандалар
ва дарахтлар ва майсалар
ва тиканлар ва гуллар мен учун
ва менга хизмат қилиш учун яратилганидан
ва менинг энг шарафли зот қилиб бунёд этилганимдан хабар топдим
ва менга тақдир қилиб берилган ватан бор эди
ва қавмнинг тилида у Бақтрия
ва Сўғдиёна
ва Хоразм
ва Турон
ва Мовароуннаҳр эди
ва менга тақдир қилиб берилган ном бор эди
ва қавмнинг тилида у скиф
ва сак
ва массагет
ва хоразмий
ва сўғд
ва туркий эди
ва қавм ғофил эди
ва эгаси бор бу ватанга эгалик илинжида бўлдилар
ва Кайхусрав келди
ва мен Тўмарис эдим
ва ўғлим Спарганисни жангга жўнатдим
ва Кир ҳийла қилди
ва узум суви билан ўғлимни маст қилди
ва асир олди
ва ўғлим номус қилди
ва ўзини ўлдирди
ва мен ҳалол жанг қилдим
ва Кайхусравнинг бошини тўйсин дедим
ва ичсин дедим
ва қонли мешга солдим
ва мен вақтнинг манзилини билмас эдим
ва Доро келди
ва мен Широқ эдим
ва қулоқ-бурнимни кесдим
ва Дорони саҳрода адаштирдим
ва сувсиз
ва озиқсиз қилдим
ва қавмимни қутқардим
ва мени чопиб ташладилар
ва мен вақтнинг манзилини билмас эдим
ва Искандар келди
ва мен лак-лак эдим
ва туман-туман эдим
ва мени қирди
ва қонларим дарёдай оқди
ва мени
ва хотинларимни
ва болаларимни асир олди
ва дунёнинг қул бозорларида савдо қизиди
ва мен Спитамен бўлдим
ва бутун қавмимни оёққа қўйдим
ва Искандарни ҳолдан тойдирдим
ва яқинларим хиёнат қиличини кўтарди
ва бошимни олди
ва мен вақтнинг манзилини билмас эдим
ва Қутайба келди
ва мен фаровон эдим
ва маъмур эдим
ва мени хор тутди
ва забун тутди
ва хотинларимни
ва қизларимни сарбозларга бўлиб берди
ва хирож солди
ва мен Муқанна бўлдим
ва юзимни кўрсатмадим
ва қасос олдим
ва халифаликни заиф қилдим
ва яқинларим хиёнат китобини хатм қилдилар
ва ўларкан вақтнинг манзилини билмас эдим
ва Чингиз келди
ва мен Жалолиддин эдим
ва оловда қолган
ва сувда қолган шаҳарларим ҳаққи
ва қон сачраган гиёҳларим ҳаққи
ва ҳайдаб кетилган болаларим ҳаққи
ва аёлларим ҳаққи
ва қизларим ҳаққи
ва ёндирилган тоғ-тоғ китобларим ҳаққи
ва кесилган бошлар ҳаққи
ва дарё-дарё ёшлар ҳаққи жангга кирдим
ва ёғийга омонлик бермадим
ва тутқич бермадим
ва ўғлимнинг юрагини тириклай суғуриб олдилар
ва хотинимни
ва онамни ва боламни
ва ўзимни ёвга бермадим
ва дарёга бердим
ва омон ўтдим
ва душманни қўрқувда тутдим
ва яқинларим хиёнат тўнини кийдилар
ва бу дунёдан кетаркан вақтнинг манзилини билмас эдим
ва мен ҳаётни севардим
ва ўлимни севмасдим
ва озодликни севардим
ва қулликни севмасдим
ва тинчликни севардим
ва урушни севмасдим
ва ҳурликни севардим
ва зўрликни севмасдим
ва мағрурликни севардим
ва мутеликни севмасдим
ва мен парча-парча эдим
ва бўлакларимни бирлаштиргим келарди
ва Амир Темур бўлдим
ва қаричма-қарич
ва қадам-бақадам юртни ёвдан тозаладим
ва бузган эдилар қурдим
ва ёққан эдилар яшнатдим
ва қавмимни буккан эдилар тикладим
ва ожиз тутган эдилар қудратли қилдим
ва йиғлатган эдилар кулдирдим
ва ғам ўрнига шодлик
ва ҳақорат ўрнига эҳтиром
ва зулм ўрнига адолат бердим
ва вақтнинг чархпалаги ортгами олдингами бетиним айланар
ва мен уни ой
ва қуёшнинг айланиши ила ўлчар
ва ой
ва қуёш олдинга айланяптими
ва ё орқага айланяптими билолмас
ва вақтдан ўзмоқчи бўлар
ва қанот бойлаб учар
ва устурлоб ясар
ва сайёралар рақсига термулар
ва кемалар созлар
ва денгизларда сузар
ва миноралар
ва мадрасалар қурар
ва маъданларни маъданларга қўшар
ва ажратар
ва абадий тириклик сувини ясамоқчи бўлар
ва китоблар битар
ва ғазаллар тўқир
ва қавм қора қутқуда эди
ва вужуди тупроқ
ва олов
ва шамол
ва сувга жанггоҳ эди
ва улар навбат-банавбат ғолиб
ва мағлуб келар
ва қавм тахт талашар
ва ер талашар
ва шон талашар
ва қон талашар
ва ўғил отага
ва оға инига
ва хотин эрига тиғ санчар
ва адоват
ва хиёнат косаларида ажал тутар
ва бутунни яна бўлдилар
ва пароканда қавмим бошига энди Николай келди
ва миноралар тўпга тутилар
ва китоблар ёқилар
ва дорлардан ўрмонлар тикланар
ва кентлар ёқилар ва олтинлар ташилар
ва мен тўқсон ҳомила эдим
ва тўққиз ўрис аскари эвазига Самарқандда оналаримнинг қорнига найза санчиб ўлдирилдим
ва мен ҳали вақт нималигини билмас эдим
ва мен кампир эдим
ва гўё далли эдим
ва неварамни тоғоранинг остига гизлар
ва йиғиси эшитилмасин ва ёғий билмасин деб тоғора чалар
ва Тошкентни босқин қилаётган ўрис аскари тоғорани ағдариб неварамни милтиқ найзасига илиб кетди
ва мен вақтнинг манзилини билмас эдим
ва қавмим сибир бўлди
ва мардикор бўлди
ва оқлар қизил бўлди
ва сўзлаганни олдилар
ва ўйлаганни олдилар
ва ўқиганни олдилар
ва эшитганни олдилар
ва ватанни олдилар
ва тарихни олдилар
ва хатни олдилар
ва динни олдилар
ва тилни олдилар
ва ғурурни олдилар
ва орни олдилар
ва бердилар
ва қулларга нишон
ва сотқинларга амал
ва қўрқоқларга ёрлиқ
ва жосусларга унвон
ва маддоҳларга мартаба
ва раиятга ёлғон
ва ўз-ўзига ниш урган чаён янглиғ бу қора салтанат жон берди
ва менга тақдир қилинган Ватанни қавм Ўзбекистон деди
ва менга тақдир қилинган номни ўзбек деди
ва мен озодман
ва мен ҳурман
ва мен ташнаман
ва меҳрга
ва шафқатга
ва ҳақиқатга
ва адолатга
ва қавмимдан олганларини
ва тарихни
ва хатни
ва динни
ва тилни
ва ғурурни
ва орни зурриётларга қайтармоқ учун Тинчликка Ташнаман
ва олдингами орқагами шитоб билан сузаётган вақтнинг манзилини ҳамон билмайман…

2000

ПАГАНИНИНГ СЎНГГИ КОНЦЕРТИ

Ҳали ухлар эди малоиклар жим,
Ғафлат елларидан чодирлар тикиб.
Ҳали ухлар эди ёсуман ғаддор,
Нафрат кўйлагининг ярмини бичиб.
Ҳали ухлар эди шайтон ва раҳмон
Етти қат осмонда – маъсум, бегуноҳ.
Ухларди ҳаттоки ерни яратиб,
Унга ном беришни унутган илоҳ.

Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.

Сўнгги бор кулди-ю боладай,
созининг торини тоблади.
Кўзини юлди-ю, дунёдан
туйдинг, деб пойига ташлади.

Ким деди: қаранглар,
кулгуси заҳар.
Ким деди: қаранглар,
нур ёғар – саҳар.

Машшоқ бешикдай қўйди-ю елкага созни
Энг нозик пардада дунёга келган
Энг нозик оҳангни ўраб сеҳрга
Узатди…
Узатди… қўллари муаллақ қолди.
Куй эмас эди бу – хаёл қушларин
Дилафшон гулларнинг косаларидан
Нам ичган чоғдаги
Сайроғи эди.

Куй эмас эди у – тонг йиртиғидан
Гўдаклар кулгусин ўғирлаб чиққан
Мангу булоқларнинг
Қўшиғи эди.
Куй эмас эди бу – муждакаш елнинг
Яралмоқ сирини билмоқлик учун
Заминдан осмонга
Сўроғи эди.

Миллион йил излаган – топа олмаган
Юраклар эшитиб ўз овозини
Кўзлардан париллаб учиб чиқдилар.
Томирда ухлаган соҳир ҳисларни
Денгиздай кўпиринг, дея уйғотди
Оҳангдан тўкилган қўнғироқчалар.
Нигоҳлар ўрлади дил пештоқига,
Пайпаслаб топдилар руҳнинг инини –
Чирқиллаб куйларди сўқир қушчалар.

Нимадир тўкилди,
Нимадир ёзилди.
Нимадир чўзилди,
Нимадир узилди.

Омон қолган уч торга
тақдирини боғлади.
Тилини ҳам тилди-ю
қарғаларга ташлади.

Ким деди: қаранглар,
бармоғи илон.
Ким деди: қаранглар
оқаётир қон.

Машшоқ чалар эди ўзини ўзи,
Гулхандан сачраган чўғдай ушалиб.
Машшоқ чорлар эди ўзини ўзи,
Умрининг йўлига гулдай тўшалиб.

Бир куни эрк салтанатидан
Илоҳалар келтирди яроқ:
“Юрагингнинг деворига чиз,
Бир қиз сенга ташлайди нигоҳ”.

Ким дунёнинг қотил неъмати –
Ишқ кўзига бардош беролган.
Ҳақни севган бандадай севдим
Бунёдиму ҳам барбод билан.

Бир лаҳза ўт бўлдим, кулимни
Кафтларига олиб сочдилар.
Мен самога дўндим бир лаҳза –
Юлдузларим ташлаб қочдилар.
Севавердим қайта ва қайта,
Алдамадим аммо ҳеч кимни.
Сўрадилар – тутдим неки бор,
Лек бермадим ёлғиз эркимни.

Машшоқ чалар эди – томошагоҳ гунг,
ишонган эдилар Одам Атога
жонни Ҳақ куй билан киритганига.
Машшоқ чалар эди – оломон телба,
ишонган эдилар Паганинининг
иблисга қалбини сотганлигига.
Машшоқ чалар эди бахтни, сурурни,
издиҳом тебраниб бири-бирига
жонларин бахшида айлар эдилар.
Машшоқ чалар эди ғамни, қайғуни,
руҳлари жисмини тарк этиб чиқиб
еттинчи фалакка йиғлар эдилар.

Нимадир торайди,
Нимадир қорайди.
Нимадир юмилди,
Нимадир кўмилди.

Унинг оҳанг ўйган кулгичларига
истеҳзо чандиқдай қолди осилиб.
Созининг бир жуфти таранг торига
бармоғи пичоқдай ботди санчилиб.

Ким деди: қаранглар,
ортида шайтон.
Ким деди: қарананглар,
ахир у имон.

Машшоқ қўлларини кўтариб кўкка
Ғазабнок пардага урди зарб билан.
Ногоҳ уммонга дўнди-ю саҳна,
Гувиллаб атрофда турди шум тўфон…

Бу вақт судраб келар эди
розолатнинг совуқ шарпасин
уфқлар ортида зериккан оқшом.

Бу вақт чиқиб келар эди мозий қаъридан
на иблис, на худо бўлолган авлод –
алданган, таланган, адашган, бешон.

Бу вақт сознинг қилларидан
юракка номаълум қўрқув ва даҳшат
уфуриб келарди фарёдга менгзар бир садо.

Ва мудҳиш рақсини бошлади оҳанг –
Шайтонлар уйғониб қарс уриб кулди.
Яланғоч ва кўзсиз аёллар рақсга тушаркан
Алвасти биз, дея сочларин юлди.

Авжиган чинқириқ ҳамда уввосдан
На умид, на нажот қолмади, тинди.
Гўёки Исрофил Сурин чалди-ю
Заминнинг бошида қиёмат синди.

Машшоқнинг лаблари титраб асабий,
Бетиним ўқирди тилсимли дуо –
Сулаймон кўзага солиб ташлаган
Жунлару девларни чорлади гўё.

Кўзада девларнинг ғўлдирагани
Таралди созчининг ғолиб торидан.
Ниҳоят кўзанинг етти қат муҳри
Ушалди жинларнинг оҳу зоридан.

Тўфон қутуртирган денгизнинг ранги
Қонолуд бўлди-ю, сакраб чиқдилар –
Қанотли тимсоҳу шохдор илонлар,
Бошини чиғаноқ ўйган маймунлар.

Машшоқни ўртага олиб қайрашди –
Тишларин, нишларин ҳамда тилларин.
Сўнгги кучлари-ла зарб урар машшоқ,
Узиб ташламоқчун сознинг қилларин.

Нимадир суринди,
Нимадир кўринди.
Нимадир тўлди,
Нимадир бўлди.

Хаёл ойнасига нур тушиб ногоҳ
жилмайган армони кўринди.
Қақшаган суякка нафратин жойлаб
ягона торига сиғинди.

Ким деди: қаранглар,
ўлди у.
Ким деди: қаранглар,
кулди у.

Машшоқ тобутдай қўйди-ю елкага созни
Гулханлар гувлаган оловларига,
Дарёлар қуриган ўзанларига,
Дарахтлар тўкилган хазонларига
Айта олмаган марсиясини
Бошлади…
Бошлади… оҳанглар созининг бўғзида қолди.
Ва дарднинг энг узун риштасин тоблаб
Эшилган ягона торда югурган
Бармоқда мусиқа йиғлади.
Ва қалбнинг энг чуқур қаърига йиллар
Яширган муножот ўрлаб фалакка
Сўз бўлиб, сўз бўлиб қулади.

Эй, менга олқишу санолар айтиб
Пойимга бош урган ожиз бандалар!
Эй, менга санъатда худосан, деган
Беҳишт қувғиндиси – гуноҳкор пуштлар!

Айтингиз – қаердан қуёш ва зулмат,
Қаердан муҳаббат, қаердан нафрат?
Кўзингиз яширманг, айтинг – бошланар
Қаердан дўзаху, қаердан жаннат?

Сизларни севдим мен худди боламдай,
Руҳингиз бешигин тебратдим бир зум.
Сизларни севдим мен худди онамдай,
Садоқат рамзидир шу икки кўзим.

Биламан,
Тун дафтарин очган маҳалда,
Ғийбату туҳматдан достон битасиз.
Ўзингиз олқишлаб, ўзингиз мақтаб,
Ўзингиз ҳасаддан қонлар ютасиз.

Ва сезаман ёлғиз ҳамда бегоналигим,
Қора шубҳа ўрмалайди дилни қақшатиб.
Нима қилай, ўлгим келмас, лек қўрқув солар –
Машшоқлигим ва сизлар-ла яшаш даҳшати…

Эй, ўзини Худонинг авлоди билган ровийлар,
Нега йўл бошланса тугар, албатта,
Нега гул ёнида тикан, албатта,
Нега тоғ бағрида ўпқон, албатта,
Нега… сўзингизни осмонми ютган,
Нега… кўзингизда қонми ким тўккан,
Нега… бўйнингизда домми, ким таққан,
Нега сўровимга жавоб бермас ҳеч кимса ахир?

Ахир
Тириклик бу – беш кунлик макр.
Дилга ёлғон қанот бериб кўкка учирган
Шон-шуҳрат – макр.
Дунёни сочига гул қилиб таққан
Муҳаббат – макр.
Кечанинг қалбида ғулувлар ёққан
Оловлар – макр.
Бағрида илоҳий рўёлар оққан
Ўзанлар – макр.
Ҳилпираб баҳорнинг кўксини соққан
Хазонлар – макр.

Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.

Ғафлат елларини ҳайдаб малаклар
Чодирлар тикишди хушбўй сабодан.
Нафрат кўйлагини тикиб ёсуман
Пинҳона жўнади арши аълодан.
Уйғониб учдилар одамзод сари
Раҳмонда – масъумлик, шайтонда – гуноҳ.
Заминда кўпган кўп савдони кўриб,
Дўзах деб ном берди уйғонган илоҳ.

ХДК ушбу шеърларни тақдим этгани учун Билол Қаландаровга миннатдорчилик билдиради.

02lv7Y.jpg25 sentyabr — Shoir Aziz Said tavallud topgan kun

Odamzod ijod qila boshlaganidan buyon adabiyot, san’at, musiqa Qalb tarbiyasidek oliy maqsadga xizmat qilyapti. “Avesto” va “Ramayana”, “Qobusnoma” va “Kalila va Dimna”dan tortib “Go‘ro‘g‘li”yu “Alpomish”gacha, Sharqu G‘arbning antik adabiyotidan bugungi adabiyotgacha qalb tarbiyasi, ruhning erkinligi va ozodligi, muqaddas tuyg‘ularning umrboqiyligi garovi bo‘lib kelgan (Shoir bilan suhbatdan. Suhbatni mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin).

Aziz SAID
SHE’RLAR
09

Aziz Said 1961 yil, 25 sentyabrda Dushanbe shahrida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tutatgan (1984). «Chiltor» (1988), «Dili qani Bedilning» (1996), «G‘oyibdan do‘st bilan suhbatlar» (2001), «Fursat darvozasi» (2007) nomli she’riy kitoblar muallifi. U. Uitmenning «Maysa yaproqlari», N. Hikmatning «Yusuf va Zulayho», B. Brextning «Teatr va realizm», Paulo Koeloning «Alkimyogar» kitoblarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

09

VAQT MANZILI

Va bundan ikki ming yil muqaddam edi
va shu kuni ediAziz Said 2.jpg
va yarim tunda yulduzlarga tikilib o‘tirar
va ularning nima ekanligini
va o‘zimning nega paydo etilganimni
va bizni Kim qo‘shiq kuylashga
va Kim yig‘lashga majbur qilayotganini
va muhabbat
va nafrat qayerdan paydo bo‘lishini anglamoqchi bo‘lar
va osmonga
va o‘z ichimga quloq tutar
va shamolmi, vaqtmi shovullar
va shamolni Kim yuborayotganini o‘ylar
va ko‘zlarimni katta-katta ochib vaqtning rangini
va shaklini ko‘rmoqchi bo‘lar
va lablarim beixtiyor pichirlar
va uni Kim yasaganini so‘rar
va quloq solar
va vaqtning ovozini eshitmoqchi bo‘lar
va vaqt kelayotibdimi, ketayotibdimi aniqlay olmas
va u to‘xtashi mumkinmi
va qayerda
va qachon deb o‘z-o‘zimdan so‘rar
va atrofimdagi bahaybat
va sovuq Toshlar jim turganidan shubham ortar
va barcha tilsimotlar
va sir-asrorlarning
va barcha savollarga javoblarning sohibi shular deb ishonar
va qavmimni o‘t
va suv balosidan asrashini
va ularni ilonu chayonlarga chaqtirmasligini
va dehqonga yomg‘ir
va baraka
va chorvaga to‘qlik
va ko‘payish ato etishini iltijo qilar
va o‘zim uchun vaqt hali bormagan vaqtlarga safar tilanar
va Toshlar o‘z sukutini buzmas
va vaqt orqagami, oldingami ekanligini anglab bo‘lmas darajada shiddat bilan oqar
va yer silkinar
va qavmim men sig‘ingan Toshlar ostida nobud bo‘lar
va daryolar toshar
va baliqlarni yeb yurganlar endi baliqlarga yem bo‘lar
va avval birga yashagan qavm bo‘lak-bo‘laklarga bo‘linar
va o‘zlari qurgan rabot
va kentlarni buzar
va vayron qilar
va men vaqt oldingami, orqagami oqayotganini aniq bilguvchini izlab zir yugurar
va ko‘zlarim hayratdan
va yuragim dahshatdan muzga aylanayotganini tuyar
va har tun sarbonini yo‘qotgan karvonday olazarak qavmim bilan chorasizlik bazmini qurar
va shunday mashvaratlarning birida ko‘zimdagi muz allaqanday taftdan eriyotganidan
va qavmim ham muzlagan yuraklariga qandaydir iliqlik yugurayotganidan yanada dahshatga tushar
va onasining isini olgan
va uni topolmayotgan go‘dakday chor atrofga alanglar
va harorat o‘rtadagi gulxandan ekanligini asta-sekin anglar
va men Olovning tillariga qarab vaqtning rangi
va shaklini tasavvur qilar
va vaqt gulxanning ichidan chiqqaniga imonim tobora komil bo‘lar
va tongda barcha gulxanlar
va mash’allarning
va yulduzlar
va nurlarning
va giyohlar
va daraxtlarning
va qushlar
va hayvonlarning
va bizning
va vaqtning onasi ekanligiga to‘la ishonch bilan Quyoshga sajda qilar
va undan bug‘doyni boshoqdan
va bog‘larni mevadan
va erkakni ayoldan
va bolani onadan
va ko‘zni nurdan judo qilmasligini so‘rar
va quvvatsizlarga quvvat
va bemorlarga shifo
va odam odamni o‘ldirmasligini iltijo qilar
va duolarimning ijobat bo‘lishi uchun
va olovning taftini
va mehribonligini har lahza his qilib turish uchun
va Olovning quvonch
va qayg‘umizga guvoh bo‘lishi uchun
va bizni gunohlardan saqlashi uchun qavmimning kulbalarida tunu kun olov yoniq turar
va mayyitlar yoniga shamdonda olov qo‘yar
va do‘stnikiga qo‘lda olov bilan borar
va uylansak kelinnikiga olov ko‘tarib borar
va go‘dagimizni beshikka olov bilan bog‘lar
va Olov bilan
va Quyosh bilan qasam ichar
va vaqt oldingami orqagami shitob bilan yelar
va men vaqtning manzilini so‘rar
va olov ham mujda berolmas
va men xotir g‘orlarida adashar
va bu g‘or devoridagi suratlardan
va toshlarga
va daraxt po‘stlog‘iga
va ho‘kiz va kiyik terilariga
va kitoblarga bitilgan runiy
va so‘g‘diy va oromiy
va yunoniy yozuvlarda chekilgan maktublardan
va solnomalardan
va yodnomalardan
va Tunyuquq bitigidan
va Kul Tigin bitigidan
va Bilga Xoqon bitigidan
va Ungin bitigidan
va Moyun Chur bitigidan
va Enasoy bitiklaridan
va Irq bitigidan
va Avestodan
va Vedalardan
va Tavrotdan
va Zaburdan
va Injildan vaqtning qayerga ketayotganini izlar
va topolmas
va Olov ham gapirmas
va qavm adashar
va so‘zdan-da
va tushlaridan-da
va sog‘inchdan-da
va sevgidan-da
va bolalaridan-da
va vaqtdan-da
va o‘zidan-da qimmatroq nimarsani izlar
va timirskilanar
va yerni kavlar
va sariq tosh topar
va uni oltin deb nomlar
va oltini borlar
va yo‘qlarga bo‘linar
va ochlar
va to‘qlarga bo‘linar
va bir-birlarini qul qilib sotar
va o‘zlari sig‘ingan gulxanlarda yoqar
va dorlarga tortar
va oltinlarini va kanizaklarini
va ziynatlarini va badanlarini
va mushaklarini bir-birlariga ko‘z-ko‘z qilishdan lazzat topar
va bularning asl sohibi borligini
va to‘g‘ri yo‘l borligini aytish uchun birin-ketin xabarchilar kelar
va men Odamni
va Idrisni va Nuhni
va Hudni va Solihni
va Ibrohimni va Is’hoqni
va Ismoilni va Yaqubni
va Yusufni va Shuaybni
va Lutni va Yahyoni
va Zakariyoni va Musoni
va Xorunni va Dovudni
va Sulaymonni va Ilyosni
va Ayyubni va Yofasni
va Zulkiflni va Yunusni
va Uzayrni va Luqmonni
va Zulqarnaynni
va Isoni ularning hammasiga o‘z salovoti
va salomini yo‘llagan
va vaqtning Egasi bo‘lgan yuborayotganini sezar
va men vaqt orqaga qaytyaptimi
va yo oldinga ketyaptimi
va yuz yil va besh yuz yil
va ming yil
va o‘n ming yildan so‘ng qayerda bo‘ladi
va men
va qavmim kim bo‘ladi
va qay holatda bo‘ladi bilgim kelar
va xayolning zim-ziyo saltanatiga tasavvur otlarini vaqtdanda o‘zdirib yeldirmoqchi bo‘lar va sigir o‘rniga qayg‘uni sog‘ayotgan kampirlarning
va adolat ko‘lida zulm baqalarini boqayotgan qozilarning
va chor-atrofga ruh qopqonlarini qurayotgan ovchilarning
va shahvat arqog‘idan kiyim to‘qiyotgan to‘quvchilarning
va yovuzlik unidan xamir qorayotgan novvoylarning
va xiyonat tig‘ini charxlayotgan sarbozlarning
va vatani sarhadlariga rishva simlarini tortayotgan posbonlarning
va zurriyotlariga aldov ilmidan saboq berayotgan ustozlarning
va ochlik dasturxonini muhtojlik omochi ila shudgorlayotgan dehqonlarning
va ezgulik daraxtlarini arralab taxt qurayotgan duradgorlarning suratlariga ko‘zim tushar
va bu ketmishmi
va yo kelmishmi anglay olmas
va so‘nggi xabarchi Muhammad alayhissalom tashrifidan
va unga Qur’oni Karim tushirilganidan
va Qazodan
va Qadardan
va Lavhul-Mahfuzdan
va shaytoni laindan
va aslim ruhligidan
va vujudim ruhga idishligidan
va libosligidan
va jannat yo‘lidan
va do‘zax yo‘lidan
va bu dunyo
va quyosh va oy
va yulduzlar
va tun va kun
va dengizlar va tog‘lar
va suzguvchi va uchguvchi
va yurguvchi hayvonlar
va darrandalar
va parrandalar
va daraxtlar va maysalar
va tikanlar va gullar men uchun
va menga xizmat qilish uchun yaratilganidan
va mening eng sharafli zot qilib bunyod etilganimdan xabar topdim
va menga taqdir qilib berilgan vatan bor edi
va qavmning tilida u Baqtriya
va So‘g‘diyona
va Xorazm
va Turon
va Movarounnahr edi
va menga taqdir qilib berilgan nom bor edi
va qavmning tilida u skif
va sak
va massaget
va xorazmiy
va so‘g‘d
va turkiy edi
va qavm g‘ofil edi
va egasi bor bu vatanga egalik ilinjida bo‘ldilar
va Kayxusrav keldi
va men To‘maris edim
va o‘g‘lim Sparganisni jangga jo‘natdim
va Kir hiyla qildi
va uzum suvi bilan o‘g‘limni mast qildi
va asir oldi
va o‘g‘lim nomus qildi
va o‘zini o‘ldirdi
va men halol jang qildim
va Kayxusravning boshini to‘ysin dedim
va ichsin dedim
va qonli meshga soldim
va men vaqtning manzilini bilmas edim
va Doro keldi
va men Shiroq edim
va quloq-burnimni kesdim
va Doroni sahroda adashtirdim
va suvsiz
va oziqsiz qildim
va qavmimni qutqardim
va meni chopib tashladilar
va men vaqtning manzilini bilmas edim
va Iskandar keldi
va men lak-lak edim
va tuman-tuman edim
va meni qirdi
va qonlarim daryoday oqdi
va meni
va xotinlarimni
va bolalarimni asir oldi
va dunyoning qul bozorlarida savdo qizidi
va men Spitamen bo‘ldim
va butun qavmimni oyoqqa qo‘ydim
va Iskandarni holdan toydirdim
va yaqinlarim xiyonat qilichini ko‘tardi
va boshimni oldi
va men vaqtning manzilini bilmas edim
va Qutayba keldi
va men farovon edim
va ma’mur edim
va meni xor tutdi
va zabun tutdi
va xotinlarimni
va qizlarimni sarbozlarga bo‘lib berdi
va xiroj soldi
va men Muqanna bo‘ldim
va yuzimni ko‘rsatmadim
va qasos oldim
va xalifalikni zaif qildim
va yaqinlarim xiyonat kitobini xatm qildilar
va o‘larkan vaqtning manzilini bilmas edim
va Chingiz keldi
va men Jaloliddin edim
va olovda qolgan
va suvda qolgan shaharlarim haqqi
va qon sachragan giyohlarim haqqi
va haydab ketilgan bolalarim haqqi
va ayollarim haqqi
va qizlarim haqqi
va yondirilgan tog‘-tog‘ kitoblarim haqqi
va kesilgan boshlar haqqi
va daryo-daryo yoshlar haqqi jangga kirdim
va yog‘iyga omonlik bermadim
va tutqich bermadim
va o‘g‘limning yuragini tiriklay sug‘urib oldilar
va xotinimni
va onamni va bolamni
va o‘zimni yovga bermadim
va daryoga berdim
va omon o‘tdim
va dushmanni qo‘rquvda tutdim
va yaqinlarim xiyonat to‘nini kiydilar
va bu dunyodan ketarkan vaqtning manzilini bilmas edim
va men hayotni sevardim
va o‘limni sevmasdim
va ozodlikni sevardim
va qullikni sevmasdim
va tinchlikni sevardim
va urushni sevmasdim
va hurlikni sevardim
va zo‘rlikni sevmasdim
va mag‘rurlikni sevardim
va mutelikni sevmasdim
va men parcha-parcha edim
va bo‘laklarimni birlashtirgim kelardi
va Amir Temur bo‘ldim
va qarichma-qarich
va qadam-baqadam yurtni yovdan tozaladim
va buzgan edilar qurdim
va yoqqan edilar yashnatdim
va qavmimni bukkan edilar tikladim
va ojiz tutgan edilar qudratli qildim
va yig‘latgan edilar kuldirdim
va g‘am o‘rniga shodlik
va haqorat o‘rniga ehtirom
va zulm o‘rniga adolat berdim
va vaqtning charxpalagi ortgami oldingami betinim aylanar
va men uni oy
va quyoshning aylanishi ila o‘lchar
va oy
va quyosh oldinga aylanyaptimi
va yo orqaga aylanyaptimi bilolmas
va vaqtdan o‘zmoqchi bo‘lar
va qanot boylab uchar
va usturlob yasar
va sayyoralar raqsiga termular
va kemalar sozlar
va dengizlarda suzar
va minoralar
va madrasalar qurar
va ma’danlarni ma’danlarga qo‘shar
va ajratar
va abadiy tiriklik suvini yasamoqchi bo‘lar
va kitoblar bitar
va g‘azallar to‘qir
va qavm qora qutquda edi
va vujudi tuproq
va olov
va shamol
va suvga janggoh edi
va ular navbat-banavbat g‘olib
va mag‘lub kelar
va qavm taxt talashar
va yer talashar
va shon talashar
va qon talashar
va o‘g‘il otaga
va og‘a iniga
va xotin eriga tig‘ sanchar
va adovat
va xiyonat kosalarida ajal tutar
va butunni yana bo‘ldilar
va parokanda qavmim boshiga endi Nikolay keldi
va minoralar to‘pga tutilar
va kitoblar yoqilar
va dorlardan o‘rmonlar tiklanar
va kentlar yoqilar va oltinlar tashilar
va men to‘qson homila edim
va to‘qqiz o‘ris askari evaziga Samarqandda onalarimning qorniga nayza sanchib o‘ldirildim
va men hali vaqt nimaligini bilmas edim
va men kampir edim
va go‘yo dalli edim
va nevaramni tog‘oraning ostiga gizlar
va yig‘isi eshitilmasin va yog‘iy bilmasin deb tog‘ora chalar
va Toshkentni bosqin qilayotgan o‘ris askari tog‘orani ag‘darib nevaramni miltiq nayzasiga ilib ketdi
va men vaqtning manzilini bilmas edim
va qavmim sibir bo‘ldi
va mardikor bo‘ldi
va oqlar qizil bo‘ldi
va so‘zlaganni oldilar
va o‘ylaganni oldilar
va o‘qiganni oldilar
va eshitganni oldilar
va vatanni oldilar
va tarixni oldilar
va xatni oldilar
va dinni oldilar
va tilni oldilar
va g‘ururni oldilar
va orni oldilar
va berdilar
va qullarga nishon
va sotqinlarga amal
va qo‘rqoqlarga yorliq
va josuslarga unvon
va maddohlarga martaba
va raiyatga yolg‘on
va o‘z-o‘ziga nish urgan chayon yanglig‘ bu qora saltanat jon berdi
va menga taqdir qilingan Vatanni qavm O‘zbekiston dedi
va menga taqdir qilingan nomni o‘zbek dedi
va men ozodman
va men hurman
va men tashnaman
va mehrga
va shafqatga
va haqiqatga
va adolatga
va qavmimdan olganlarini
va tarixni
va xatni
va dinni
va tilni
va g‘ururni
va orni zurriyotlarga qaytarmoq uchun Tinchlikka Tashnaman
va oldingami orqagami shitob bilan suzayotgan vaqtning manzilini hamon bilmayman…

2000

PAGANINING SO‘NGGI KONSЕRTI

Hali uxlar edi maloiklar jim,
G‘aflat yellaridan chodirlar tikib.
Hali uxlar edi yosuman g‘addor,
Nafrat ko‘ylagining yarmini bichib.
Hali uxlar edi shayton va rahmon
Yetti qat osmonda – ma’sum, begunoh.
Uxlardi hattoki yerni yaratib,
Unga nom berishni unutgan iloh.

Nimadir qaynadi,
Nimadir tindi.
Nimadir yalt etdi,
Nimadir so‘ndi.

So‘nggi bor kuldi-yu boladay,
sozining torini tobladi.
Ko‘zini yuldi-yu, dunyodan
tuyding, deb poyiga tashladi.

Kim dedi: qaranglar,
kulgusi zahar.
Kim dedi: qaranglar,
nur yog‘ar – sahar.

Mashshoq beshikday qo‘ydi-yu yelkaga sozni
Eng nozik pardada dunyoga kelgan
Eng nozik ohangni o‘rab sehrga
Uzatdi…
Uzatdi… qo‘llari muallaq qoldi.
Kuy emas edi bu – xayol qushlarin
Dilafshon gullarning kosalaridan
Nam ichgan chog‘dagi
Sayrog‘i edi.

Kuy emas edi u – tong yirtig‘idan
Go‘daklar kulgusin o‘g‘irlab chiqqan
Mangu buloqlarning
Qo‘shig‘i edi.
Kuy emas edi bu – mujdakash yelning
Yaralmoq sirini bilmoqlik uchun
Zamindan osmonga
So‘rog‘i edi.

Million yil izlagan – topa olmagan
Yuraklar eshitib o‘z ovozini
Ko‘zlardan parillab uchib chiqdilar.
Tomirda uxlagan sohir hislarni
Dengizday ko‘piring, deya uyg‘otdi
Ohangdan to‘kilgan qo‘ng‘iroqchalar.
Nigohlar o‘rladi dil peshtoqiga,
Paypaslab topdilar ruhning inini –
Chirqillab kuylardi so‘qir qushchalar.

Nimadir to‘kildi,
Nimadir yozildi.
Nimadir cho‘zildi,
Nimadir uzildi.

Omon qolgan uch torga
taqdirini bog‘ladi.
Tilini ham tildi-yu
qarg‘alarga tashladi.

Kim dedi: qaranglar,
barmog‘i ilon.
Kim dedi: qaranglar
oqayotir qon.

Mashshoq chalar edi o‘zini o‘zi,
Gulxandan sachragan cho‘g‘day ushalib.
Mashshoq chorlar edi o‘zini o‘zi,
Umrining yo‘liga gulday to‘shalib.

Bir kuni erk saltanatidan
Ilohalar keltirdi yaroq:
“Yuragingning devoriga chiz,
Bir qiz senga tashlaydi nigoh”.

Kim dunyoning qotil ne’mati –
Ishq ko‘ziga bardosh berolgan.
Haqni sevgan bandaday sevdim
Bunyodimu ham barbod bilan.

Bir lahza o‘t bo‘ldim, kulimni
Kaftlariga olib sochdilar.
Men samoga do‘ndim bir lahza –
Yulduzlarim tashlab qochdilar.
Sevaverdim qayta va qayta,
Aldamadim ammo hech kimni.
So‘radilar – tutdim neki bor,
Lek bermadim yolg‘iz erkimni.

Mashshoq chalar edi – tomoshagoh gung,
ishongan edilar Odam Atoga
jonni Haq kuy bilan kiritganiga.
Mashshoq chalar edi – olomon telba,
ishongan edilar Paganinining
iblisga qalbini sotganligiga.
Mashshoq chalar edi baxtni, sururni,
izdihom tebranib biri-biriga
jonlarin baxshida aylar edilar.
Mashshoq chalar edi g‘amni, qayg‘uni,
ruhlari jismini tark etib chiqib
yettinchi falakka yig‘lar edilar.

Nimadir toraydi,
Nimadir qoraydi.
Nimadir yumildi,
Nimadir ko‘mildi.

Uning ohang o‘ygan kulgichlariga
istehzo chandiqday qoldi osilib.
Sozining bir jufti tarang toriga
barmog‘i pichoqday botdi sanchilib.

Kim dedi: qaranglar,
ortida shayton.
Kim dedi: qarananglar,
axir u imon.

Mashshoq qo‘llarini ko‘tarib ko‘kka
G‘azabnok pardaga urdi zarb bilan.
Nogoh ummonga do‘ndi-yu sahna,
Guvillab atrofda turdi shum to‘fon…

Bu vaqt sudrab kelar edi
rozolatning sovuq sharpasin
ufqlar ortida zerikkan oqshom.

Bu vaqt chiqib kelar edi moziy qa’ridan
na iblis, na xudo bo‘lolgan avlod –
aldangan, talangan, adashgan, beshon.

Bu vaqt sozning qillaridan
yurakka noma’lum qo‘rquv va dahshat
ufurib kelardi faryodga mengzar bir sado.

Va mudhish raqsini boshladi ohang –
Shaytonlar uyg‘onib qars urib kuldi.
Yalang‘och va ko‘zsiz ayollar raqsga tusharkan
Alvasti biz, deya sochlarin yuldi.

Avjigan chinqiriq hamda uvvosdan
Na umid, na najot qolmadi, tindi.
Go‘yoki Isrofil Surin chaldi-yu
Zaminning boshida qiyomat sindi.

Mashshoqning lablari titrab asabiy,
Betinim o‘qirdi tilsimli duo –
Sulaymon ko‘zaga solib tashlagan
Junlaru devlarni chorladi go‘yo.

Ko‘zada devlarning g‘o‘ldiragani
Taraldi sozchining g‘olib toridan.
Nihoyat ko‘zaning yetti qat muhri
Ushaldi jinlarning ohu zoridan.

To‘fon quturtirgan dengizning rangi
Qonolud bo‘ldi-yu, sakrab chiqdilar –
Qanotli timsohu shoxdor ilonlar,
Boshini chig‘anoq o‘ygan maymunlar.

Mashshoqni o‘rtaga olib qayrashdi –
Tishlarin, nishlarin hamda tillarin.
So‘nggi kuchlari-la zarb urar mashshoq,
Uzib tashlamoqchun sozning qillarin.

Nimadir surindi,
Nimadir ko‘rindi.
Nimadir to‘ldi,
Nimadir bo‘ldi.

Xayol oynasiga nur tushib nogoh
jilmaygan armoni ko‘rindi.
Qaqshagan suyakka nafratin joylab
yagona toriga sig‘indi.

Kim dedi: qaranglar,
o‘ldi u.
Kim dedi: qaranglar,
kuldi u.

Mashshoq tobutday qo‘ydi-yu yelkaga sozni
Gulxanlar guvlagan olovlariga,
Daryolar qurigan o‘zanlariga,
Daraxtlar to‘kilgan xazonlariga
Ayta olmagan marsiyasini
Boshladi…
Boshladi… ohanglar sozining bo‘g‘zida qoldi.
Va dardning eng uzun rishtasin toblab
Eshilgan yagona torda yugurgan
Barmoqda musiqa yig‘ladi.
Va qalbning eng chuqur qa’riga yillar
Yashirgan munojot o‘rlab falakka
So‘z bo‘lib, so‘z bo‘lib quladi.

Ey, menga olqishu sanolar aytib
Poyimga bosh urgan ojiz bandalar!
Ey, menga san’atda xudosan, degan
Behisht quvg‘indisi – gunohkor pushtlar!

Aytingiz – qayerdan quyosh va zulmat,
Qayerdan muhabbat, qayerdan nafrat?
Ko‘zingiz yashirmang, ayting – boshlanar
Qayerdan do‘zaxu, qayerdan jannat?

Sizlarni sevdim men xuddi bolamday,
Ruhingiz beshigin tebratdim bir zum.
Sizlarni sevdim men xuddi onamday,
Sadoqat ramzidir shu ikki ko‘zim.

Bilaman,
Tun daftarin ochgan mahalda,
G‘iybatu tuhmatdan doston bitasiz.
O‘zingiz olqishlab, o‘zingiz maqtab,
O‘zingiz hasaddan qonlar yutasiz.

Va sezaman yolg‘iz hamda begonaligim,
Qora shubha o‘rmalaydi dilni qaqshatib.
Nima qilay, o‘lgim kelmas, lek qo‘rquv solar –
Mashshoqligim va sizlar-la yashash dahshati…

Ey, o‘zini Xudoning avlodi bilgan roviylar,
Nega yo‘l boshlansa tugar, albatta,
Nega gul yonida tikan, albatta,
Nega tog‘ bag‘rida o‘pqon, albatta,
Nega… so‘zingizni osmonmi yutgan,
Nega… ko‘zingizda qonmi kim to‘kkan,
Nega… bo‘yningizda dommi, kim taqqan,
Nega so‘rovimga javob bermas hech kimsa axir?

Axir
Tiriklik bu – besh kunlik makr.
Dilga yolg‘on qanot berib ko‘kka uchirgan
Shon-shuhrat – makr.
Dunyoni sochiga gul qilib taqqan
Muhabbat – makr.
Kechaning qalbida g‘uluvlar yoqqan
Olovlar – makr.
Bag‘rida ilohiy ro‘yolar oqqan
O‘zanlar – makr.
Hilpirab bahorning ko‘ksini soqqan
Xazonlar – makr.

Nimadir qaynadi,
Nimadir tindi.
Nimadir yalt etdi,
Nimadir so‘ndi.

G‘aflat yellarini haydab malaklar
Chodirlar tikishdi xushbo‘y sabodan.
Nafrat ko‘ylagini tikib yosuman
Pinhona jo‘nadi arshi a’lodan.
Uyg‘onib uchdilar odamzod sari
Rahmonda – mas’umlik, shaytonda – gunoh.
Zaminda ko‘pgan ko‘p savdoni ko‘rib,
Do‘zax deb nom berdi uyg‘ongan iloh.

XDK ushbu she’rlarni taqdim etgani uchun Bilol Qalandarovga minnatdorchilik bildiradi.

Aziz Said. Dili qani bedilning?

09

(Tashriflar: umumiy 385, bugungi 1)

Izoh qoldiring