Chingiz Aytmatov, Muxtor Shaxanov. Olis yulduz shu’lasi yoxud bir siqim tuproq

011

  «Манас» тақдири одамларни нечоғлик ташвишга солиб қўйганини бир кўриш керак эди. Ҳамма нафасини ичига ютиб, «ҳукм» ўқилишини сабрсизлик билан кутмоқда. Мен бир иложини қилиб, туртиниб-суриниб залга кириладиган жойга етиб олдим. Эшик ёнида турганимча бўйнимни чўзиб, раёсатда ўтирган ўн-ўн беш кишини кўрдим. Раёсат ўртасида Қирғизистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби Исҳоқ Раззоқов ўтирарди. Унинг ўнг томонидан Мухтор Авезов жой олганди. Мен у билан юзма-юз учрашмаган бўлсам-да, лекин китобларида суратларини кўп марта кўргандим. Юзларидан нур ёғилиб турган бу инсондан кўзларимни ололмасдим.

033

02    АВЕЗОВ Мухтор Умархонович (1897.28.9, Шарқий Қозоғистон (собиқ Семипалатинск) вилояти Абай тумани — 1961.27.6, Москва) — қозоқ ёзувчиси, олим. Қозоғистон ФА акад. (1946), филол. фанлари д-ри (1952), Қозоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1957). Семипалатинскдаги мадрасада ҳамда ўша ердаги 5 синфли рус мактабида ўқиган, сўнг ўқитувчилар семинариясини тамомлаган (1917). Абай овулида саҳналаштирилган (1917) «Енглик — Кебек» интермедияси б-н қозоқ драматургиясига асос солди. Тўнғич қозоқ театри (ҳоз. Авезов номида) — Қозоғистон давлат академик драма театри ҳам 1926 й. 13 янв.да шу пьесани саҳналаштириб очилган. Авезовнинг драматик асарлари қозоқ драматургиясининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Авезов 20-й. ларда Тошкентда яшади ва Ўрта Осиё давлат ун-ти аспирантурасида ўқиди (1928). Машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий романларидан кучли илҳомланди.
1920—30 й.ларда Тошкентдаги қозоқ нашриётида адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий «Чўлпон» журнали б-н бир неча адабий тўплам нашр этилган. Авезов 1922— 23 й.ларда Тошкентдалик вақтида «Кундошлар» пьесаси, ҳикоялари, «Асов тулпорлар ҳақида» (1922), «Қозоқ қаламкашларига очиқ хат» (1922) мақолалари шу журналда босилди.
Адибнинг «Абай», «Абай йўли» эпопеяси қозоқ халқи ҳаётига бағишланган бўлиб, у ўз даврида юксак баҳога сазовор бўлди. Асарда қозоқ халқининг 19- а.даги оғир, зиддиятларга тўла ҳаёти бадиий акс эттирилган. Ўша даврдаги қозоқ даштини қамраб олган нодонлик ва жоҳиллик тўсиқларини енгган Абайнинг ўз халқи асл фарзанди, мутафаккир, инсонпарвар шоир даражасига кўтарила олиши асарда моҳирлик б-н тасвирланган. «Абай йўли»ни Зумрад (Орифжонова) 1950—60 й.ларда ўзбек тилига таржима қилган. У бошқа халқлар тилларига ҳам таржима қилинди. Жан. Қозоғистон чорвадорлари ҳаётига бағишланган «Равнақ» романи вафотидан сўнг босилиб чиқди (1962).
20- й.ларда қозоқ чўлларида юз берган очарчилик ва б. даҳшатли воқеалар акс эттирилган «Оғир синов» романи ҳам вафотидан сўнг нашр этилди. Авезов ижодий, илмий ишлар б-н бирга, 30 йилдан ортиқ (1928—61) Олмаота пед. ин-ти, Қозоғистон ва Москва давлат ун-тларида педагоглик фаолиятини қўшиб олиб борди. Адиб умрининг кўп йилларини шўро мафкурачиларининг оғир тазйиқи ва таъқиби остида ўтказишга мажбур бўлди.
Авезов туркий халқлар адабиёти тарихини теран тадқиқ этувчи кўплаб мақолалар яратди. Узоқ йиллар давомида туркий халқлар оғзаки ижоди намуналарини, хусусан халқ достонларини кенг тарғиб қилди. «Эр Тарғин», «Алпомиш», «Манас» достонларини тадкиқ этди.

0121
Чингиз Айтматов, Мухтор Шаханов
ОЛИС ЮЛДУЗ ШУЪЛАСИ ЁКИ
БИР СИҚИМ ТУПРОҚ
09

«ЧЎҚҚИДА ҚОЛГАН ОВЧИНИНГ ОҲИ-ЗОРИ» АСАРИДАН ПАРЧА
Таржимонлар: Набижон БОҚИЙ, Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИ

Ота-боболаримизни эсласак, бизни ажиб ҳис-туйғулар чулғаб олади. Улар узоққа кетмаганлар. Илло, ўзимиз ҳам уларнинг қаватига киражакмиз…
Мудом уларни ёдлаб туриш бизнинг бурчимиз, уларнинг хотираси ўзимиз учун зарур. Уларнинг мозорига ташлаганимиз бир сиқим тупроқ — бизни боғлаб турган ришта ҳисобланади.
Чингиз Айтматов

Қараб туриб танимаслик — сўқирмисан, айт! Англамаслик айб эмас деб, кимлар айтади? Тушунишни истамаслик — бу ҳам жиноят! Шундай бўлганми? Бўлган. Ҳисоб-китоб тугамас ҳали.
Мухтор Шохонов

Айтматов. Кўнгилсиз воқеа. Доим туш кўряпман. Узлуксиз. Кўзларимни юмган заҳотим туш кўраман. Тонг отар-отмас уйғониб кетаману нима гуноҳ қилдим экан, деб ўйлайман.
Кўпинча тушларимга буюк шахслар киради. Улар билан ҳеч қачон учрашмаган бўлсам-да,аммо улар ҳақда тасаввурга эгаман. Баъзан бирорта тирик жонга айтмай юрганим сирларимни уларга айтиб қўяман.
Ростини айтсам, мўъжизавий тушлар мени хавотирга солиб қўйди, ҳатто дўхтирга мурожаат этдим. Хавотирланишга ҳеч қандай хожат йўқ, ҳаммаси жойида, дедилар. Яна кўзим илинган заҳоти ғира-шира манзаралар, ҳодисалар уммонига шўнгиб кетавераман.

Шохонов. Менимча, у тушларнинг ўзига хос сабаблари бор. Сизни сал-пал қўрқитиб қўймоқчиман. Рожер Желязннинг айтишича, «тушлар бизни кундуздан ажратиб турадиган ҳарир пардалардир, ҳар бир туш — вақт қудуғи». Тушда руҳимиз ўзини ўзи поклайди. Туш кўрмайдиган одам ҳақиқий ҳаётни ҳам кўрмайди. Тушлар ижод аҳлига қилинган тортиқ, олам билан суҳбатдир… Эҳтимол, асарларингиздаги сир-саноат тушларингиз маҳсули бўлса не ажаб?! Балки, Сиз тушларингизни адабий тилга таржима қилаётгандирсиз?!
Туш кўрсангиз, хурсанд бўлинг.
Мана, биз сўниб кетган юлдузлар ҳақида гапирамиз. Сўнган юлдузларнинг энг охирги шуъласи бизга миллион йиллардан кейин етиб келади.
Одамлар ҳам шунақа бўлади. Фоний дунё билан хайрлашиб, боқийликка юз тутган кўпчилик одамларнинг хотираси сўнмас юлдуз мисоли яшайверади. Нариги дунёга равона бўлган юлдузлар кўринмас шуъласи билан тушларингизни нурафшон этиб, абадиятдан дарак бериб турган бўлса не ажаб?! Кимнингдир ушалмай қолган буюк армонини, гўзал орзу- умидларини, фоний дунёнинг ўнқир-чўнқирларига урилиб чил-чил синган улуғ мақсадларни рўёбга чиқариш, балки, Сизнинг чекингизга тушгандир?! Олислардан келаётган кимнингдир товушини эшитиб, уни келажак авлодларга етказиш Сизнинг бурчингиз бўлса не ажаб?!

Айтматов. Гапларинг ҳазил аралаш бўлса-да, лекин жон бор. «Илиада», «Одиссия» достонларининг муаллифи бўлмиш Гомер тўғрисида Афлотун: «Бу шоир бутун Юнонистоннинг куйчиси», деган эди. Буюк шоирлар халқнинг ўқитувчилари бўладилар. Ким билсин, агар уларнинг эзгу-ният йўлидаги жонбозликлари бизгача етиб келмаганда борми, тақдиримиз бутунлай бошқача бўлиб кетиши ҳам мумкин эди.

Агар ўз даврининг юлдузи бўлган шахслар тўғрисида гапирадиган бўлсак, менинг ҳаёт йўлимни ёритган биринчи ёрқин юлдуз — буюк ёзувчи Мухтор Авезов эди. Бу воқеа шундай бўлган.
Мен у пайтлари Фрунзедаги Скрябин номли қишлоқ хўжалик институтининг талабаси эдим.
Ўша пайтларда «Манас» эпоси масаласида илмий баҳс-мунозаралар қизғин тус олади. Бизнинг халқимиз қаҳрамонлик эпосини қирғизларнинг улуғ тарихи сифатида қабул қилганди. Лекин, ўша замон талабларига кўра, эпос социалистик реализм методининг қонун-қоидаларига мос келадими, деган масала кун тартибига қалқиб чиққан заҳоти кўпчилик ўзини четга тортади. Начора, Сталин мафкураси ҳар қандай асардан бойларни фош этишни, камбағалларнинг юпун ҳаётини кўкларга кўтариб мадҳ этишни ва охир оқибат эзилган халқ ўз ҳукмдорларига қарши қўзғолон кўтаришини талаб қиларди.

Кўпчилик забардаст адабиётшунослар эътикрди туфайли, бошқалар эса ижтимоий тузумнинг бачкана қонуниятларига мослашиб, эпосни расмиятчилик нуқтаи назаридан талқин этишга киришадилар: Манас — эпоснинг бош қаҳрамони, унинг отаси Жақип — хон. Демак, Манас ҳам ўша дарахтнинг меваси. Маълум бўляптики, эпосда совет кишисига ёт бўлган мафкура тараннум этилади! Мана шундай ур-йиқит йилларда «Манас» бой-феодаллар даврининг достони деган тушунча пайдо бўлди. Аслини олганда, бу «Кремль хўжаси»нинг навбатдаги аҳмоқона топшириғига жавоб эди. Газета-журнал саҳифаларида эпосни фош этадиган мақолалар, мулоҳазалар пайдо бўла бошлади. Улуғвор «Манас»нинг бошида қора булутлар тўпланади. Энди охири ёмон бўлиши мумкин эди.

Айни ўша пайтларда эпосни ҳимоя қилиб чиққан ҳалол инсонлар ҳам бўлди. Бироқ, уларнинг овозини ҳеч ким эшитмасди ва эшитишни ҳам исташмасди.  Жамият бу борада ҳали аниқ бир тўхтамга келиб улгурмаган бир пайтда СССР Фанлар академиясининг Қирғизистон бўлимида «Манас»га бағишланган конференция бўлажаги тўғрисида хабар тарқалиб қолди. Эпоснинг тақдири шунда ҳал этилар экан. Ўқитувчимизнинг маърузасини охиригача эшитиб бўлишимиз биланоқ биз талаба ёшлар мажлис бўладиган жойга қараб югурдик. Янглишмасам, бу воқеа 1952 йилнинг кузида рўй берди. Академия биносига кириш жуда қийин эди. У ерда лим-лим тўла оломон, кўпчилик кўчада тўпланиб турарди.

«Манас» тақдири одамларни нечоғлик ташвишга солиб қўйганини бир кўриш керак эди. Ҳамма нафасини ичига ютиб, «ҳукм» ўқилишини сабрсизлик билан кутмоқда. Мен бир иложини қилиб, туртиниб-суриниб залга кириладиган жойга етиб олдим. Эшик ёнида турганимча бўйнимни чўзиб, раёсатда ўтирган ўн-ўн беш кишини кўрдим. Раёсат ўртасида Қирғизистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби Исҳоқ Раззоқов ўтирарди. Унинг ўнг томонидан Мухтор Авезов жой олганди. Мен у билан юзма-юз учрашмаган бўлсам-да, лекин китобларида суратларини кўп марта кўргандим. Юзларидан нур ёғилиб турган бу инсондан кўзларимни ололмасдим.

Бирин-кетин минбарга кўтарилган нотиқлар эпосни обдон топтадилар. Авезов қилт этмасдан ўтирарди. Ҳар бир нотиқнинг сўзларини синчиклаб тингларди. Вақти-вақти билан қўл остидаги вараққа бир нималарни қайд этиб қўярди.
— «Манас» — бу партиянинг ҳозирги сиёсатига ёт бўлган асар… У ўз моҳиятига кўра бизнинг жамиятимизда пантуркизм ғоясини тарғиб қилади, — деди партия адабиётчиси А.Боровков.
Бундай хуружни исботлайдиган бирорта далил-дастак тополмаган нотиқ бутун эпосга лой чаплашга киришиб кетди. Зал худди арининг уяси каби ғувиллаб қолди. Лекин, ошкора бўҳтонга қарши эътироз билдиришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади. Эшикдан ташқарида одамлар норозилик изҳор этдилар. Бизнинг назаримизда, халқимиз шу тобда «Манас»дан маҳрум бўлиб қоладигандай эди. Қалтис бир вазиятда Мухтор Авезов салмоқли одим ташлаб минбар томон йўл олди.

— Ростдан ҳам, «Манас»да бойлар ва бошқа аслзодалар тўғрисида яхши гаплар айтилган бўлиши мумкин, — деб ўз нутқини бошлади у. — Лекин, бу бутун бошли битта халқнинг бебаҳо тарихи, унинг қаҳрамонона ўтмиши, анъаналари, маънавий мероси, авлоддан авлодга ўтиб келган буюк маданияти, оғиздан оғизга ўтиб келган соф шеърияти ҳисобланади. Вақт ўтган сари камол топган, бойитилган. Қирғиз халқининг ҳаётидан «Манас» юлиб олинса, бутун халқнинг тилини кесиб олган бўламиз. Бизнинг жамиятимиз шошқалоқликдан қачон қутилади? Қачонгача салланинг ўрнига каллани оламиз? — деди Авезов нутқининг охирида ва бир оз сукут сақлагач, Боровковга назар ташлаб қўйди.

Боровков эса худди ўрдакка ўхшаб бошини елкалари орасига яшириб олди.

Қамровдор дунёқарашга эга бўлган Авезов жаҳон адабиёти тарихининг теран билимдони сифатида, фикр-мулоҳазаларини фалсафий нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда ифодалай олгани учун, қирғиз халқининг маънавий бойлигини бағоят эъзозлагани учун залда ажойиб кайфият ҳукм сура бошлади. У ниҳоятда уста нотиқ эди. Адолат юзасидан айтганда, Авезовнинг тарихий нутқидан кейин «Манас» эпоси аксилшўравий асарларнинг қора рўйхатига кирмай қолди. Ёзувчининг оқилона нутқини Исҳоқ Раззоқов ҳам зўр қониқиш билан тинглаб, боши билан тасдиқлаб ўтирди. Қирғиз эпосининг бебаҳо эканини тушуниб ўтирган бўлса-да, лекин сиёсат билан ҳисоблашишга мажбур эди. У ҳис-туйғуларини аранг жиловлаб турарди. Бу ҳол яққол кўзга ташланарди. «Манас»ни ҳимоя қилиб кўплаб мақолалар ёзган Тошим Бойжиев ўша пайтлари қамоқда сакланаётган бўлиб, кўпчиликнинг юрагига ғулғула тушиб қолгани бежиз эмасди.

Ташқаридан одамларнинг: «Суюнчи беринг, суюнчи! «Манас» сақлаб қолинди! Мухтор қани?!» деган қичқириқлари эшитилган пайтда конференция ўз ишини тамомлаган эди. «Сени туққан онангга ҳам, бутун қозоқ халқига ҳам минг-минг раҳматлар бўлсин!» «Ақсарбас!» Кўзларида севинч ёшлари порлаб турган юзлаб одамлар бир-бирларини қучоқлашиб қутлашарди. Гўё жонли халқ денгизи Академия деворларига урилиб, кўпирмоқда эди.

Шохонов. Ўша пайтларда қозоқ халқининг энг яхши бадиий асарлари — эртаклари, достонлари ҳам қора рўйхатга тушиб, гумдон қилинган эди. Авезовнинг ўзи у пайтлари икки йил тутқунлиқда ётиб чиқиб, қамоқ қанақа бўлишини кўриб келган эди. Озодликка чиққандан кейин ҳам доим таъқиб остида юрарди. Айтишларича, кунлардан бир кун республика Давлат Хавфсизлиги Қўмитасидан нотаниш аёл телефон қилади-да: «Бир иложини топиб, шу бугуноқ яшириниб олинг. Акс ҳолда, кеч бўлади. Сизни қамоққа олиш тўғрисида буйруқ тайёрланяпти», дейди. Ўша оқшом ёзувчи яширинча Москвага жўнаб кетади. Ишончли одамлар уни таъқибдан қутқариб қоладилар. Кейинчалик у Москва Давлат университетининг профессори бўлади.

Айнан Авезовнинг «Манас» ҳимоясига ташлангани, шубҳасиз, буюк фидоий эканидан дарак бериб турибди. Шундай эмасми?

Айтматов. Тўғри. Боя айтганимдек, конференция залининг остонасида туриб олиб, эпос учун ичим ачиган эди. Орадан ўттиз йил ўтгач, «Манас»нинг тўла нашрига бош муҳаррир бўламан, сўзбоши ёзаман ва халқаро анжуманларда у ҳақда нутқ сўзлайман деб асло ўйламаган эдим!

Мухтор Авезов билан учрашувим жуда қизиқ бўлган эди. Ўшандан сўнг уни устозим деб билдим, ўзимни унга шогирд ҳисоблардим. У пайтлари М. Горький номидаги Олий адабиёт билим юртида таҳсил кўрардим. Ўша кунлари Москва адабий доирасида Владимир Дудинцевнинг «Қорин дардида яшамайдилар» романи устида қизғин баҳс-мунозаралар авж олиб кетган эди. Баъзи бировлар романни кўкларга кўтариб мақтаса, бошқалар лойга қориб ташларди. Охир оқибат Адабиётчиларнинг марказий саройида умумий йиғилиш ўтказишга қарор қилинди. Одатдагидек, раёсатдан номдор адиблар ва мансабдор шахслар жой олдилар. Шу қадар кўп одам тўпландики, оёқ қўйгудек бўш ер топилмасди. Кишилар дераза рафларига ҳам, остиларига газета тўшаб полга ҳам ўтириб олишганди.

Музокаралар чўзилиб кетади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, мен эшик тарафга қарадиму Авезовнинг таниш қиёфасини кўриб қолдим. Афтидан, у бир оз кечикиб келган, шекилли. Равшанки раёсатда ўтирган зотлар уни кўрмасдилар. Кўрган тақдирда ҳам Авезов барибир залга кира олмасди. Чунки, у оломон ўртасига тушиб қолган эди. Олдинга ҳам, орқага ҳам силжий олмасди.

Ниҳоят, танаффус эълон қиладилар. Терлаб-пишиб, бўғриқиб кетган одамлар димиққан зални тезроқ тарк этиш ниятида ёппасига ўзларини эшикка урадилар. Мен бир иложини топиб Мухтор оға томон интилдим. Салом-аликдан сўнг у кишига икки қўлимни чўздим.
— Мухтор оға, Сизга жой бор. Юринг, кўрсатиб қўяман, — дедим.
Уни қатордаги ўз жойимга ўтқазиб қўйдим.
— Ўзинг кимсан? Қаердан келдинг? — деб сўради у ажабланиб.
— Қирғизистондан келганман. Шу ерда Адабиёт институтида ўқийман, — деб жавоб қайтардим.
— Шунақами! — деди Авезов ҳайрат аралаш — Энди ҳаммаси тушунарли. Раҳмат,айналайин! — Юзлари кулгудан яшнаб кетди. — Бахтли бўл!
Менга бундан ортиқ олқиш керак эмасди. Бизнинг биринчи учрашувимиз шу тарзда кечади.
Ўша учрашув умрбод хотирамда сақланиб қолди.
Сен ўзинг Авезов билан учрашганмисан? Айтмоқ-чи, у вафот этган кезлари сен ҳали ёш эдинг.

Шохонов. Айтиш мумкинки, менинг омадим бор экан. Ёзувчининг ўлимидан сал олдин Чимкентдаги қўрғошин заводининг Маданият саройида «Абай йўли» эпопеясига бағишланган китобхонлар конференцияси бўлади. Анжуман икки кун давом этади. Олмаотадан етиб келган Мухтор оға анжуманда шахсан қатнашади. У пайтлари Маматбек Қолдибоев вилоятимизда хийла ном қозонган шоир эди. Ўша учрашувга таклифнома топиб беради. Биринчи марта донғи дунёга кетган ёзувчини ўшанда кўрганман. Биз ёшлар унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини зимдан кузатардик. Қандай гапиради, қандай юради — ҳаммаси диққатимизни тортарди. У хурсанд бўлиб кетган чоғларида бурнининг учини чимдиб-чимдиб қўярди. Эгнида кулранг костюм бор эди. Китобларидаги суратларига нисбатан хийла озғин кўринарди. Букчайиб қолганди. Эҳтимол, «Абай йўли»дан кейин ёза бошлагани «Навқирон қабила» номли янги асари уни чарчатиб қўйган бўлиши мумкин…

Конференция тамом бўлган заҳоти биз ёзувчидан дастхат олиш учун навбатга турдик. Жуда кўп шинавандалар тўпланди, ҳамманинг қўлида Авезовнинг китоби бор эди. Аста сурилиб, ниҳоят, ёзувчининг рўпарасига етиб бордим. Ўша чоғлари «Абай йўли» ва «Енлик-Кебек» асарларидан бир неча парчани ёддан билардим. Ўзим севган парчаларни Авезовга ўқиб беришни жуда истардим-у, аммо журъатсизлик қилдим. Уялдим. Боз устига, орқамдан навбатда турган китобхонлар қисталанг қилишарди.
— Ўғлим, исминг нима? — деб сўради Авезов. У мен узатган китобнинг биринчи варағини очади.
— Мухтор.
«Китобингизни ўқигандан сўнг отам менга сизнинг исмингизни қўйган экан», демоқчи бўлдим-у, лекин уялганимдан тилим калимага келмасди.

Ёзувчи менга қандайдир эркалатувчан назар солиб, бошини қимирлатиб қўйди. Сунг китобнинг ички муқовасига: «Мухтор деган болага Мухтор деган бобойдан эзгу хотира бўлиб қолсин», деб ажи-бужи дастхат битиб берди. Шу тарзда мен буюк сўз санъаткори билан биринчи ва охирги марта учрашганман.

Эсимда, Чимкент педагогика институтида сиртдан таҳсил олиб юрган вақтимда Одил Ермеков деган ўқитувчимиз бўларди. Ажабланадиган жойи шундаки, у Мухтор Авезовнинг «Абай йўли» эпопеясини бошдан охиригача ёддан биларди. Хотирасининг зўрлиги жиҳатидан машҳур қирғиз манасчи-бахши Саёқбой Қоралаевга ўхшарди. Чике, у Сизнинг «Момо ер» асарингиздан ҳам кўпинча бутун бошли монологларни ёддан ўқирди. Менинг дастлабки шеърларимни ҳам ёддан биларди-ю, лекин ўзининг услубига мослаб ўқирди. Бир гал ўша ўқитувчим ўз ҳаётида рўй берган қизиқ воқеани сўйлаб берган эди.

Навбатдаги роман устида иш бошлаган Авезов умрининг охирларида Қозоғистоннинг жанубий вилоятларига тез-тез сафар қилади. Ўшандай сафарларнинг бирида Одил Ермеков ёзувчи билан битта гуруҳга тушиб қолади. Ҳар хил мавзуларда суҳбатлашадилар-да, бирдан Авезов талабалик йилларида рўй берган бир воқеани эслайди. Бир вақтлар у Қониш Сатпаев билан биргаликда Ленинградда ўқиган экан. Ажойиб кунларнинг бирида лўли аёл икковига фол очади. Сатпаевнинг кафтига қараб:
—Ҳаётингда жуда кўп қийинчиликларга дуч келасан. Аммо, барча мушкулотни енгиб ўтиб, донгдор олим бўласан, — дейди лўли аёл.
Кейин лўли аёл Авезовнинг қўлини ушлайди-да, кафтига тикилганча ўйланиб қолади.

— Сен ҳам катта одам бўласан, — дейди сукунатдан сўнг. — Шон-шуҳратинг дунёга ёйилади. Бироқ, ҳаёт йўлинг ниҳоятда оғир, ўнқир-чўнқир бўлади. Улуғ мартабага сазовор бўлгунингча бир неча марта ўлимга чап берасан, мислсиз азоб-уқубатларни бошингдан кечирасан. Уч марта уйланасан. Ажалинг пичоқ тимсолида келади.
— Ҳақиқатан ҳам, ҳаёт йўлим ўнқир-чўнқир бўлди, — дейди ўшанда Авезов атрофини қуршаб олган тингловчиларга. — Долғали йилларда «халқ душмани» сифатида отилиб кетишим ҳам мумкин эди. Тасодиф туфайли бир ўлимдан қолдим. Фолбин айтган шон-шуҳратга маълум маънода эришдим. Бундан ташқари, уч марта уйланишим борасидаги каромати ҳам тўғри чиқди. Кейинги йилларда пичоқ тимсолида ажалингни топасан деган гап каминага тинчлик бермай қўйди. Кечалари ёлғиз юрмасликка ҳаракат қиламан, уйга эртароқ қайтаман.

Чике, Авезов Кремль касалхонасида операция остида ётган пайтида вафот этади. Демак, фолбиннинг айтганлари тўғри чиқибди-да?

Айтматов.  Мен охирги марта 1961 йили «Москва» меҳмонхонасида Авезов билан учрашганман. У касалхонага ётмоқчи бўлиб юрган экан. Жуда хушчақчақ эди. Уйдан келтирилган қази-қарта дастурхонга қўйилди, биргалашиб чой дамладик. Кейин худли ота-боладек шошилмасдан чин юракдан суҳбат бошладик. Ярим кечагача ўтирибмиз.
—«Кунцевка» касалхонасида даволаниш учун келдим, — деди. — Дўхтирларнинг айтишича, ўсимта зарарли эмас экан. Лекин, кучим бор вақтимда ундан қутилиб олишим керак. Кексайганимдан сўнг қийин бўлади.

Агар мен ўшанда Авезов билан охирги марта бир дастурхон теварагида ўтирганимни, у охирги марта менга эзгу тилакларини изҳор этганини билганимда борми!.. Эртаси куни ҳеч нарсани хаёлимга келтирмасдан Фрунзега учиб кетдим.

Шохонов. Биласизми, Москвага сафарга келган француз ёзувчиси Луи Арагонни Мухтор оға дастурхон ёзиб меҳмон қилган экан?

Айтматов. Қайдам. Лекин улар жуда яқин дўстона алоқада бўлганини яхши биламан.

Шохонов. Шундоқ. Маълумки, Авезов келишган, кенг яғринли, кўзга яқин эркак эди.
Зиёфатга Динмуҳаммад Қунаев билан Қониш Сатпоевлар ҳам таклиф қилинади. Иккови ҳам келишган, барваста кишилар эди. Боз устига, уларнинг ёнида яна битта новча йигит бор экан.
Луи Арагон шарқона қиёфали тўрт кишига тикилиб тўймайди. Уларнинг камтарона муносабатларидан тўлқинланиб:
— Айтинглар-чи, ҳамма қозоқлар сизларга ўхшаган новчами? — деб сўрайди.
— Бўлмасам-чи, ҳамма новча, мендан паканасини тополмайсиз, — деб жавоб беради Мухтор оға ҳазил аралаш.

Афтидан, Арагон ҳазилни чин ўрнида қабул қиладию ҳайрати баттар авж олади. Шу пайт эшик очилиб хонага пак-пакана одамча кириб келади. Бу кимса ўша пайтлари республика мафкурасини бошқарарди ва фойдасидан кўра, зарари кўпроқ эди.
— Буниси истисно, — деб изоҳ беради Авезов чақирилмаган меҳмонга ишора қилиб.

Чике, хаёлимга яна бир фикр келиб қолди. Авезовнинг машҳур «Абай йўли» китобини француз тилига таржима қилган Луи Арагон шу баҳонада Сизнинг асарларингиз билан қизиқиб қолган бўлиши мумкин. Дарвоқе, Қирғизистон халқ ёзувчиси Жўнай Мавлонов ҳам ўз хотираларида мана шундай фикрни тасдиқлайди: «Иссиқкўл соҳилидаги кенг-мўл чорбоғда ёзувчилар учрашуви бўлади. Бир оқшом адабиёт тўғрисида гап кетади. Бизнинг фахрий меҳмонимиз бўлган Мухтор Авезов гапини бирданига Айтматовдан бошлади:
«Ҳозир Ўрта Осиёда ҳам, Қозоғистонда ҳам, умуман, Совет Иттифоқида Чингизга тенг келадиган ёзувчи йўқ. Биласиз, мен Ленин ва Давлат мукофотлари қўмитасининг аъзосиман. Камина кўкларга кўтарилиб мақталган кўплаб асарларни ўқиганман. Лекин, уларнинг бирортаси ҳам «Жамила» билан баҳслаша олмайди! Бу ҳақда бир неча марта гапирганман. Менинг француз дўстим Луи Арагон ҳам Чингизнинг асарларига жуда юксак баҳо берди. Қадим замонлардан буён қирғизлар Олатовдан то Иссиқкўлгача бўлган бепоён сарҳадларда қозоқлар билан бақамти яшаганлар. Уларнинг яйловлари ҳам, тарихий тараққиёти ҳам, тиллари ҳам, дунёқараши ҳам бир. Ўйлайманки, энди Чингизни икки халқнинг фарзанди дейишимиз мумкин. У билан биргаликда фахрланамиз, истеъдодига ҳасад қилмаймиз. Туф-туф, ишқилиб, кўз тегмасин!» деб ҳазил аралаш сўзини якунлайди Авезов».

Айтматов. «Жамила» босмадан чиқиши биланоқ «Литературная газета»да эълон қилинган мухтасар мақола ҳали-ҳали ёдимда турибди. Авезов унда бағоят самимий мулоҳазаларини баён этганди. Бу улуғ носирнинг оқ фотиҳаси эди. Ўша пайтлари устозим олдида қарздор эканимни теран ҳис қилдим. Ундан кейин марказий матбуотда «Туякўз» номли ҳикоям эълон қилинди. Дарҳол Авезов менга Олмаотадан телеграмма жўнатди: «Чингиз, асарингни ўқидим. Жуда маъқул бўлди. Бағоят хурсандман. Мана шу руҳда давом этавер!» дейилганди. Ўша телеграммани ҳозиргача ўз архивимда кўз қорачиғидай асраб юраман.

Олтмишинчи йилларнинг бошларида Мухтор Авезов Фрунзега ташриф буюрди. Мен уни меҳмондорчиликка чақирдим. Уйимизга буюк ёзувчи меҳмонга келаётганини эшитиб, онам саросимага тушиб қолди. Уйни яхшилаб тартибга келтирдилар. Тўрига юмшоқ кўрпачаларни тўшаб қўйдилар. Дастурхон тузадилар, тансиқ таомлар, мева-чевалар тўкиб ташланди. Тўнғич ўғлим Санжар дастурхонда турган йирик олмаларни кўриши билан уларни яширинча битталаб кўчага таший бошлади. Ўзи тўйгунича еб, қолганларини қўшни болаларга удашади. Албатта, бувиси уни «жиноят устида» қўлга туширади.
— Ойбай! Ахир, у ҳамма олмани ташиб тугатибди-ку! Энди меҳмонларга нима дейман? — деб оҳ-воҳ қилганча шўх неварасининг қулоғидан чўзиб, эшик томон йўналади. Шу пайт эшик очиладию ичкарига Мухтор оға кириб қолади.

У чин кўнгулдан кула-кула:
— Парво қилманг, ахир бола шунақа бўлади-да! — дейди. Сўнг, онамнинг қўлидан ушлайдию шумтакани бувисининг жазосидан қутқаради.
Биз ўшанда манасчи Саёқбой Қоралаев билан девордармиён қўшни бўлиб яшардик. У Мухтор оғанинг эски қадрдонларидан бири эди. Икки сўз устасининг учрашуви узоқ давом этган оқилона суҳбатларга уланиб кетди. Оқшом давомида мен уларнинг гап-сўзларини жонқулоғим билан тинглаб ўтирдим.

Зиёфат ўрталарида меҳмонлар тоза ҳаводан нафас олиб қайтишга қарор қилдилар. Эшик томон кетаётган Мухтор оға бирдан ўзи ўтирган ўринга онам кенжа невараси Асқарни юмалатиб олаётганини кўриб қолди.
— Нима қилаяпсиз? — деб сўради ҳайрон бўлиб.
— Азизим, бу яхшилик аломатини билдирадиган ирим-сирим. Менинг пандавақи неварам ҳам худди Сиз каби ҳамма одамлар ҳурмат қиладиган инсон бўлиб етишсин, илойим!
Мухтор оға кулумсираб, бошини силкитиб қўйди.

Шохонов. Эшитишимча, Авезов бир гал Саёқбой Қоралаевни ўз машинасига ўтқазиб, Олмаотага — Қозоғистон Давлат университетининг талабалари билан учрашувга махсус олиб борган экан.
— Қирғизлар билан қозоқларнинг сўнгги могиканларидан бирини кўриб қўйинглар,эшитинглар! — деган экан Авезов меҳмонни таништириб.

Ёзувчи умрининг сўнгги йилларида Иссиқкўлдаги чорбоғига тез-тез келиб, бўлажак йирик романига хом ашё тўплаганини кўпчилик билмайди. Ўша асарда Манас, Саёқбой, Бўлтирик полвон ўз аксини топиши керак эди. Бироқ, тақдир тақозоси билан ёзувчининг орзу-умидлари рўёбга чиқмай қолади. Роман ёзилмайди.

«Жалин» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб юрган кезларим Луи Арагоннинг ўгай ўғли Жан Рист меҳмон бўлиб келди. Биз Олмаота яқинидаги гўзал масканларда узоқ-узоқ сайр қилдик, суҳбатлашдик. Жан бир неча марта айтдики, Луи Арагон умрининг охиригача Сизни XX асрнинг ёрқин ҳодисаси деб билган экан, номингизни ҳурмат-эҳтиром билан тилга оларкан. Сиз ҳам устозингиз олдидаги бурчингизни адо этдингиз. Луи Арагон вафотидан сўнг у ҳақда ажойиб мақола ёздингиз, Парижга махсус сафар қилиб, унинг қабрини зиёрат қилдингиз. Бундан ташқари, Сизнинг беқиёс куч-ғайратингиз ва обрў-эътиборингиз туфайли мустабид тузум шароитида «Новый мир» журналида Авезовнинг «Оғир йил» қиссаси чоп этилди. Ғоявий жиҳатдан яроқсиз ҳисобланган бу асар халққа қайтарилди. Ўша саъй- ҳаракатингиз қозоқ халқи ўртасидаги ҳурматингизни янада ошириб юборди.
Чике, шу кунларда катта муваффақиятларга эришган, лекин шу мартабага етиши учун ёрдам берган зотларни бутунлай унутиб юборган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Сизга бундай калондимоқлик мутлоқ ёт хусусиятдир.

Ҳозир ўзингиз айтган сўзларни эслатиб ўтмоқчиман: «Қачонки хорижий ўлкаларга сафарга отлансам, ўзим билан «Манас»ни ва Мухтор Авезов китобларини бирга олиб кетаман. Агар мендан: «Қозоқмисиз ёки қирғизми?» деб сўраб қолсалар, аввало, бу қўшалоқ миллий бойлигимиз тўғрисида гапираман. Улар менинг халқимнинг тимсолларидир», деган эдингиз.
Менимча, бу иқрорномангиз юқорида айтилган сўзларни исботлаб турибди.

Айтматов. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш керак деб ҳисоблайман. Бу табиий ҳол. Аслида, мен ҳалигача бўйнимдаги қарзимнинг юздан бир қисмини ҳам қайтарганим йўқ.

………………………………………

Булут ўраб-чирмаб олган қоянинг чўққиси каби биз юқорида эслаб ўтган зотларнинг ҳар бири ўз ҳаёти чорраҳаларида тушунмовчилик оқибатида эзилганлар. Сен шеърда шу нарсани тўғри ифодалагансан. Азал-азалдан буён давом этиб келаётган жон ва жасад курашида ўзларининг қудратли иқтидори ва букилмас иродаси туфайли мудом ғолиб бўлган бу инсонлар ҳам дорилбақога юз тутдилар. Кимдир эрта кетди, кимдир кеч. Авлодларга сўнмас ёдгорлик — бой маънавий мерос қолдирдилар. Уларнинг хотирасини ёд этсанг, кўнгул қувончга тўлиб- тошади, олам чароғон бўлади, диллар яйрайди! Ишончим комилки, бошқаларнинг улуғ фазилатларини, хатти-ҳаракатларини тан олиш билан ҳам дунёвий салтанат тараққиётига муносиб улуш қўшиш мумкин. Биринчидан, уларни билишимиз ва эслаб юришимиз ўзимиз учун керак. Иккинчидан, азиз мозорларига бир сиқим тупроқ ташлаганимиз боболаримизнинг ўлмас руҳи ва қудрати  олдидаги бизнинг фарзандлик бурчимиз ҳам шуни тақозо этади.

021

(Tashriflar: umumiy 392, bugungi 1)

Izoh qoldiring