Begali Qosimov. Maslakdoshlar & Ozod Sharafiddinov. So’nggi jadid qissasi & Bahodir Karimov. Toza bir muallim edi & Xurshid Davron. Bugungi kun jadidi edi

0_16540b_b2b42f6b_orig.png19 декабр — Устоз Бегали Қосимов таваллуд топган куннинг 75 йиллиги

  Устоз ва  муаллим Бегали Қосимов халқимизнинг миллий истиқлол учун курашида ёрқин саҳифани ташкил этган жадид адабиётини ўрганишга бутун умрини бахш этди, ўзи ҳам жадидона фидойилик билан яшади, ижод қилди, улуғ маърифатчи инсонларнинг мақсади қисматига, орзулари ҳаёти мазмунига айланди.У бугунги кун жадиди эди. 

БУГУНГИ КУН ЖАДИДИ ЭДИ
Хуршид Даврон

09

0_1652ae_b41ff1b6_orig.png Кейинги пайтларда матбуотимизда «фалончи сўнгги жадид», «писмадончи сўнгги жадид» деган ёзувлар тез-тез учрайдиган бўлиб қолди, ҳатто бу мукарррам калимани маърифатчилик бобида тайинлик иш қилмаган бир-икки кишига нисбатан қўлланилганига гувоҳ бўлдим. Бугун сизга тақдим этилаётган устоз Озод Шарафиддиновнинг 2006 йили босилган мақоласи ҳам «Сўнгги жадид қиссаси» деб номланади. Мақола атоқли маърифатпарвар олим Бегали Қосимовга бағишланган.  Мен «сўнгги жадид» калимасига қарши эмасман. Аммо, мен бу калимадаги «сўнгги» сўзининг Бегали Қосимовга нисбатан қўлланишига қаршиман. Чунки, менинг назаримда, Бегали Қосимов сўнгги жадид эмас, у янги жадид эди. У мустақиллик туфайли бошланган янги ҳаётимизда узоқ йиллик қатағондан кейин жадидчилик ҳаракатини уйғотган муаллим эди.

  Мен Бегали аканинг 2002 йилда нашр этилган «Миллий уйғониш» китобига бағишланган мақоламда ёзганимдек,  «Миллий уйғониш” китоби том маънода Бегали Қосимов илмий-ижодий фаолиятининг энг юксак чўққиси сифатида баҳоланиши керак. Менинг назаримда, бу китоб фақат олис ўтмиш ҳодисоти ҳақида эмас, бугунги кунда ҳам ўзбек зиёлисини қийнаётган саволларга жавоб топишга ёрдам ва йўлланма берадиган, маърифатпарвар боболаримиз тажрибаларидан, уларнинг хато ва адашувларидан огоҳлантирадиган, ютуқ ва камчиликларидан хулоса чиқарадиган дастуриламалдир. Бугунги янги жамият, янги маданият ва янги адабиёт қандай тамойиллар заминида шаклланиши лозим? Бугун ўзбек кишиси, аввалан, зиёлиси қайси йўлни танламоғи, нимани ҳимоя этмоғи, нимага қарши курашмоғи, халқни, унинг илғор қисмини қандай ишларга даъват қилмоғи керак? (Мақолани тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг.)

Устоз ва муаллим Бегали Қосимов халқимизнинг миллий истиқлол учун курашида ёрқин саҳифани ташкил этган жадид адабиётини ўрганишга бутун умрини бахш этди, ўзи ҳам жадидона фидойилик билан яшади, ижод қилди, улуғ маърифатчи инсонларнинг мақсади қисматига, орзулари ҳаёти мазмунига айланди.У бугунги кун жадиди эди.

2014

Озод Шарафиддинов
СЎНГГИ ЖАДИД ҚИССАСИ

09

021   Ўртоқлари ҳазиллашиб уни шундай деб аташарди. Дарҳақиқат, Бегали Қосимов илмий фаолиятининг ҳаммасини тўлалигича жадидлар мавзуига бағишлаган, уларнинг маърифатпарварлик соҳасидаги, миллатни уйғотиб ҳозирги замон цивилизациясига эш қилиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттирган эди. Деярли ярим аср давом этган бу иш жараёнида Бегалининг ўзи ҳам жадидларнинг қай бир хислатларини ўзлаштириб олгандек кўринарди. Шунинг учун “Сўнгги жадид” деган лақаб унга жуда мос тушган эди.

Бегали Қашқадарё вилоятининг Касби туманига қарашли кичикроқ бир қишлоқда туғилиб ўсган эди. Унинг болалиги уруш йилларига тўғри келди. У кезлари, айниқса, қишлоқларда шароит оғир эди. Шунинг учун Бегали ҳам бошқа қишлоқ болалари каби болаликнинг кўпгина қувончларидан маҳрум бўлиб ўсган. Қишлоқ аҳли чорвачилик билан шуғулланарди. Қўй-қўзиларнинг кетидан юриш, уларни парвариш қилиш, вақти келганда улоқлар билан қувлашмачоқ ўйнашлар қишлоқ болаларининг ягона овунчоғи эди.

Бундан ташқари, она табиат Бегалининг қалбида илк марта ватан туйғусини уйғотди. Қашқадарё адирлари, айниқса, баҳор кезларида бетакрор бир гўзаллик касб этади. Адирлар ям-яшил либос кияди, ўт-ўланлар, майсалар кишига хуш ёқувчи муаттар ҳидлар таратиб гуркираб ўсади, теварак-атрофдан узлуксиз эшитилиб турадиган қўй-қўзиларнинг маъраши адирлар бағрида ёқимли музика садоларидек туюлади. Ложувард осмон тип-тиниқ, кишида аллақандай номаълум ҳис-туйғуларни уйғотади. Бу гўзаллик ичида яшаб, улғайиб уни севиб қолмаслик мумкин эмас.

Бегали она қишлоғини, унинг теварагидаги паст-баланд адирларни жуда яхши кўрарди. У 50 ёшга кирганида бир гуруҳ дўстларини қишлоққа таклиф этганди. Қишлоқ озода, саришта, ғоятда файзли эди. Бегали ўзи ўқиган мактабни, болалиги ўтган қишлоқдаги кўчалару манзилларни қандайдир ички бир ғурур билан бизга кўз-кўз қилди. Кейин бизни туман марказидан унча олис бўлмаган қабристонга етаклади. Қабристон қадимий бўлиб, жуда катта эди. Ҳар бир мақбара таъмирланган, супириб-сидирилган.
Одамларнинг бу қабристонга ихлоси ва ҳурмати ғоят баландлиги аён кўриниб турарди. Бу қабристонда жуда кўп улуғ уламоларнинг жасади қўйилган экан.

У пайтлари Ўзбекистон мустақил ривожланиш йўлидаги биринчи қадамларини қўймоқда эди. Шунинг учун ҳали шўролар замонидаги баъзи удумлар бекор бўлмаган, ўтмишда яшаган буюк алломалар ва уламоларни, азиз авлиёларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш кўнгилдагидек эмасди. Лекин Касби яқинидаги қабристон бундан мустасно. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Бегали ҳар бир мақбарадаги азиз-авлиёнинг кимлиги, қайси даврда яшагани, қандай ишлар билан халқ ўртасида донг чиқаргани, улар тўғрисида қандай эски-эски китобларда маълумот берилганини жуда яхши биларди. Бегали бу тўғрида тўлиб-тошиб гапирар экан, биз гўё олис тарихнинг садоларини эшитаётгандек ҳис қилдик ўзимизни. Мен Бегалидан бу гапларни қаердан билишини сўрадим.

— Болаликда уйимизда ҳам, мактабда ҳам кўп гапиришарди. Неча марта қабристонни зиёрат қилиб, бу ерда ётган азиз-авлиёларни тавоф қилганман. Қолган гапларни ҳар хил китоблардан ўқиб билиб олганман.

Суҳбатдошимга яна бир бор қойил қолдим — мен унинг билимдонлигини билардим, аммо ўз қишлоғини, унинг тарихини, қадриятларини бу қадар эъзозлашини билмасдим. Демак, унинг ёшлик йиллари шунчаки ўйинқароқлик билан ўтмаган экан. Бегали болалик кезларидан синчков, ҳар нарсага қизиқадиган, ҳар нарсани таг-туги билан чуқур билиб олишга интиладиган одам бўлиб ўсган экан. Хуллас, бу синчковлик, юрт тарихига, маданиятига қизиқиш уни ҳозирги Миллий университет даргоҳига олиб келди.

Бегали ўз гуруҳидаги талабалар ичида энг жуссаси кичиги эди. Эркин адирлар бағрида, ўт-ўланлар салтанатида, бир чўпончалик қўй-қўзилар кетидан югуриб ўсган Бегали нега бунчалик кичкина бўлиб қолган, билмадим. Лекин бир-икки йил ўқигандан кейин спорт билан астойдил шуғулланиб, бу қусурини анча тўғрилаб олди. У университет командасида 15—20 йил муттасил волейбол ўйнади. Жуда эпчил ва чаққон эди. Жуда қийин тўпларни ҳам ўйинга қайтара олар, умуман, яхши ўйинчилардан бири ҳисобланарди. Бегали дурустгина шахмат ҳам ўйнарди. Кафедрамиз аъзолари ёзги таътил вақтларида ҳар хил сафарлар ва саёҳатларга кўп бориб турарди. Бегали бу сафарларнинг доимий иштирокчиси эди.

У билан Қашқадарёнинг тоғлиқ ҳудудларига сафар қилганмиз. Ҳисорак шоввасини, Қизил эмчак тоғини, Ғилон деган афсонавий масканни бирга кезганмиз. Узоқ Шарққа, Бадахшонга, Арошан бува булоғига, Сурхон воҳасига бирга борганмиз. Бегали жуда дилкаш йигит эди. У кўп гапирмас, лекин индамас ҳам эмасди. У ҳадеб бўлар-бўлмасга кулавермас, бироқ кулса, чин дилдан куларди. Бирон нарсадан ранжиса ёки жаҳли чиқса, дарғазаб бўлиб, бақириб-чақирмас, балки бирон оғиз заҳарханда гап айтиб ёки бирон пичинг билан, қошларини чимириб, муносабатини маълум қиларди.

Бегали жуда яхши ўқиди. У айниқса эски ўзбек тилини, араб ёзувини мукаммал ўрганди, бу унинг мумтоз адабиёт билан шуғулланишига имкон берди. У семинарларда, илмий конференцияларда жуда мазмунли маърузалар қилар, ўрни келганда, илмий масалаларда мунозара қилишдан қочмасди. Унинг ҳар бир чиқишида, албатта, қандайдир янгилик бўларди.

Бегалининг фаоллиги ва ғайрати, илмга астойдил берилгани домлаларнинг назаридан четда қолмади. Айниқса, профессор Ғулом Каримов унга алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Кўп ўтмай улар ўртасидаги муносабат устоз-шогирдлик муносабатига айланди. Кейин Бегали Ғулом Каримовнинг аспиранти бўлди. Албатта, унинг номзодлик иши ҳам жадидчиликка бағишланган эди.

Лекин Бегали, эҳтимол, Ғулом Каримовнинг маслаҳати билан бўлса керак, жадидчиликнинг умумий муаммолари устида эмас, бу ҳаракатнинг атоқли вакили Мирмуҳсин ижоди устида иш бошлади ва “Мирмуҳсин Шермуҳамедов (Фикрий) ва унинг адабий муҳити” мавзуидаги номзодлик диссертациясини муваффақият билан якунлади. Натижада унинг номи тикланди, ўзбек адабиёти ўзининг яна бир йирик сиймосини қайтадан бағрига қайтарди. Бу Бегали Қосимовнинг илмий жасорати эди.

Шундан кейин Бегали докторлик диссертацияси устида иш бошлади. Табиийки, бу тадқиқот ҳам жадидизм масаласига бағишланган бўлиб, энди Бегали уни катта кўламда, ҳамма назарий жиҳатлари билан бирга ёритишни мақсад қилиб қўйган эди. Бироқ бу пайтга келиб, мафкурамизда яна бир эврилиш содир бўлди — энди жадидлар масаласини умуман тилга олиш мушкул бўлиб қолди.

Маҳаллий “доҳийлар”имиздан аллақайсиси, билса-билмаса, “Жадидлар синфий душманимиздир”, деган ҳикматни айтипти. Шўролар даврида, айниқса, Ўзбекистонда мафкура ана шунақа аҳволда эди. Нима қилмоқ керак? Бу мавзудан воз кечиш — ўзбек адабиётининг чорак асрлик тарихидан воз кечиш, демак эди. ХХ аср биринчи чорагидаги адабиёт тарих саҳифаларидан ўчириб ташланса, адабиёт ривожида узилиш рўй берар, унинг тадрижий ривожланиш йўлларини изоҳлаш мумкин бўлмай қоларди. Бунинг устига, материаллар жадидчилик ҳаракатининг халқчил, демократик ҳаракат бўлганидан далолат бериб турган бўлса, ундан қандай воз кечиш мумкин?

Хуллас, бу ерда мавзуни тасдиқлатиш учун анчагина муғомбирлик ишлатишга тўғри келди. Бегали ишнинг мавзуини “ХХ аср боши ўзбек поэзияси (Инқилобий шеъриятнинг шаклланиши ва тараққиёт масалалари. (1905—1917)”, деб белгилади. Албатта, биринчи қарашда жадид адабиётини “инқилобий” адабиёт деб аташ эриш туюлади. Бироқ масаланинг моҳиятига назар ташланса, бу ерда ҳеч қандай муболаға ёки сохталик йўқ эди. Негаки, эски тартибларга, феодал муносабатларга, қотиб қолган расм-русумларга қарши чиққан жадидлар ўзбекларнинг турмуш тарзини замонавийлаштириб, бутунлай янги йўлга солиб юбориш ғоясини олға сурган эдилар. Бу эса, шубҳасиз, инқилобий ғоя эди. Шундай қилиб диссертация темаси тасдиқланди ва Бегали ғайрат билан ишга киришди.

Иш жараёнида Бегалининг олим сифатидаги муҳим бир хислати намоён бўлди ва камолга етди. Бу — академизм эди. Шўро замонида илмдаги академизм мактаби у ер-бу ерда сақланиб қолган бўлса-да, илмда енгил-елпи йўлларни қидирган ва осонгина фан чўққиларига кўтарилиб, шон-шуҳрат орттиришни истаган одамлар академизмни қоралай бошладилар. Улар академизмни услубий жиҳатдан мураккаб деб эълон қилдилар. Бу йўл билан яратилган асарлар кенг халқ оммасига тушунарли эмас деб даъво қилдилар. Ҳолбуки, бу академизмдан халос бўлган тадқиқотлар адабиётшуносликдаги саёзликни, масаланинг моҳиятига чуқур кира билмасликни, фактларни умумлаштириш салоҳиятининг заифлигини оқлар эди. Бегали бу йўлдан қочди ва тадқиқот услубида, Ғулом Каримов каби академизмга содиқ қолди.

Бироқ бу тадқиқот устида бир неча баравар кўпроқ ва қаттиқроқ меҳнат қилишни, ишдаги ҳар бир факт, тилга олинган ҳар бир исм, унинг тўғрисидаги маълумотлар аниқ бўлишини талаб этарди. Бу усулда иш кўрувчи олим баландпарвозликдан, юзакиликдан қочмоғи, олдинга сураётган ҳар бир фикрини, ҳар қандай ғоясини ҳар томонлама далиллаши керак эди. Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, ўз фикрини олға сураётган олим бу фикрни деворга мих қоққандек қоқиб, бу михнинг қалпоғини узиб ташламоғи лозим эди, шунда бу михни, яъни фикрни ҳеч ким жойидан суғуриб ололмайди. Бегалининг докторлик диссертациясининг материаллари тарқоқ ҳолда эди. Бу тадқиқотчи олдига қўшимча қийинчиликлар қўярди.

Жадидлар гарчи ХХ асрда, яъни нисбатан яқинда яшаб ўтгани учун, шўро ҳукуматининг сиёсатида қоралангани важидан, асарлари деярли унутилаёзган эди. Бегали бу борада ҳам чинакам матонат ва ғайрат билан иш юритди.

Олим Тошкент ёки Самарқанд кутубхоналаридаги материалларни аниқлаш ва тўплаш билангина шуғуллангани йўқ. У материал тўплаш учун қўшни республикаларга илмий сафарлар қилди, айниқса, Татаристон ва Бошқирдистон кутубхоналарида кўп ишлади. Айтмоқ керакки, Уфада ва Қозонда ХХ аср бошидаги ўзбек адабиёти намуналари Тошкентдагига қараганда кўпроқ сақланиб қолган.

Масалан, мен ҳам Чўлпоннинг Ўзбекистондан топилмаган биринчи шеърий тўплами “Булоқлар”ни Қозон университетининг фундаментал кутубхонасидан топган эдим. Умуман, бу кутубхона каталогидан ўзбек адабиётининг менга маълум бўлмаган 400га яқин намуналарининг номини ёзиб олгандим.

Хуллас, Бегали материалларни мисқоллаб йиғди. Ниҳоят, материал излаш жараёнида у Қиримнинг Боғчасарой шаҳарчасига ва унинг яқинидаги Ғаспирали қишлоғига ҳам борди. Бу қишлоқда бутун туркийлар дунёсини уйғотган, маърифат ғояларини тарқатган улуғ инсон Исмоилбек Ғаспирали туғилиб ўсган ва ижод қилган эди. Бегали бу буюк зотнинг уй-жойи, унинг хотираси билан боғлиқ жойлар, шу жумладан, унинг қабри ҳам қаровсиз, хароб бўлиб ётганини кўриб қаттиқ изтиробга тушди ва бу тўғрида мақолалар ёзди. Албатта, Бегали йиллар давомида тўплаган материаллар уни бу соҳанинг зукко билимдонига айлантирди.

Бутун Ўзбекистондаги Миллий Уйғониш даврини, унинг адабиётини ўрганишни истаган ёшлар Бегали атрофига уюша бошлади, бутун бир илмий мактаб шаклланди. Бу эса, кейинчалик Миллий университет таркибида Миллий Уйғониш даври адабиёти кафедрасини ташкил қилишга имкон берди. Кафедрага тўпланган илмий жамоа қисқа муддатда катта ишларни амалга оширди. Жумладан, ҳозир “Маънавият” нашриёти чоп этаётган “Истиқлол фидойилари” туркумида биринчи марта жадид адиблар ва шоирларининг асарлари нисбатан тўла равишда дунё юзини кўрди.

Бу китоблар, жадидларга бағишланган монографиялар, рисолалар, мақолалар Бегалининг номини фақат бизда эмас, чет эл илмий доираларида ҳам танитди. Америка, Франция, Германия олимлари билан унинг ўртасида ёзишмалар вужудга келди, улар манба сифатида Бегали чоп қилган асарларга мурожаат эта бошладилар. Туркиядаги туркшунос олимлар эса, туркий халқлар адабиёти бўйича ўнлаб жилддан иборат тадқиқотлар матнларини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишига Бегалини муаллиф ва муҳаррир сифатида таклиф қилишди. Бегали бир неча марта Туркияга таҳрир ҳайъатининг мажлисларига борди. У ерда нутқлар сўзлади. Бегалининг айтишича, бу улкан нашрнинг ўзбек адабиётига бағишланган жилдлари лойиҳасида парокандалик ва юзакилик мавжуд эди. Уни тузганлар ўзбек адабиётини яқиндан билмасликларини ошкор этиб қўйганлар.

Албатта, катта меҳнат сарфланиб тайёрланган лойиҳанинг танқид қилиниши ҳеч кимга ҳам ёқмайди. Унинг устига, адабиётлар бўйича янгидан лойиҳага яна нималарнидир киритиш ҳақидаги таклифлар ҳам жуда катта қийинчилик билан қабул қилинади. Чунки ҳажм чекланган, уни ҳадеб кенгайтираверишнинг имкони йўқ. Бегали бу масалаларда принципиал позицияда турди, турли мамлакатлардан келган туркшунослардан ташкил топган таҳрир ҳайъатини ўзининг танқидий фикрлари ва таклифларига кўндиришга муваффақ бўлди. Натижада лойиҳадаги ўзбек адабиётига бағишланган жилд анча тўла, илмий жиҳатдан асосланган ҳолда нашр этилди. Фақат афсусланадиган жойи шундаки, бу қимматли китобдан Ўзбекистонга 2-3 донагина етиб келди, холос! Бегали бу жилдни менга кўрсатган, ҳатто бир неча кунга бериб ҳам турган эди. Мен у билан танишиб чиққач, бу китоб ҳақида тақриз ёзишни буюрдим ва уни “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилдик.

Бегали Қосимов фақат етук истеъдодли тадқиқотчи олим эмас эди, у айни чоғда ўқитувчилик санъатини пухта эгаллаган моҳир педагог ҳам эди. Талабалар уни жуда яхши кўришар ва унинг теварагидан аримасди. Бегали ҳам талабаларни ғоятда ҳурмат қиларди. Бироқ бу ҳурмат ҳар нарсада уларга ён босишда, уларни етаклашда эмас, аксинча, маърузаларнинг сифатида, уларда ҳар гал қандайдир илмий янгиликларга интилишида, уларнинг адабиёт тарихидан олинган мароқли ҳикояларга бойлигида кўринарди. Бегали талабаларни ҳар қанча ҳурмат қилмасин, уларга нисбатан талабчанликни асло бўшаштирмас эди. Унинг фанидан имтиҳон топшириш ғоятда қийин эди, бироқ бу қийинчилик домланинг ўринсиз инжиқлигидан туғиладиган сунъий қийинчилик эмасди.

Талаба материални Бегалининг кўнглидагидек тўла ўзлаштирмаса, буюрилган бадиий адабиётларни ўқиб чиққан бўлмаса, Бегали унга ижобий баҳо қўймас эди. Албатта, кўпгина нўноқ талабаларнинг кетидан юрадиган “илтимосчи” одамлар кўп бўларди. Улар қўрқа-писа Бегалидан ҳам илтимос қилишарди. Бироқ Бегали уларнинг кўпчилигига рад жавобини берарди. У ҳатто менга ҳам шунақа муомала қилган. Мен ким тўғрисидадир илтимос қилган эдим. Бегалининг энсаси қотди, қошларини чимириб, истеҳзо билан:
— Ўқиб келсин, майли, қўйиб берарман, — деди.

Бегали талабчан бўлса-да, адолат билан иш тутар, имтиҳонни талабадан ўч олиш қуролига айлантирмас эди. Эҳтимол, университетда бунақа талабчан домла жуда кам бўлгандир, ҳар ҳолда, талабаларнинг Бегалидан ўқиган фанидан билимлари пишиқ-пухта бўларди. Бегалининг талабчанлиги ўз фанини жуда яхши кўрганидан, унга садоқатидан туғилган эди. Қани энди ҳамма домлалар шундай бўлса, менингча, таълим савиясини ошириш, биринчи навбатда, ўқитувчининг талабчанлигига боғлиқ.

Сўнгги марта биз Бегали билан 2004 йилнинг июл ойида кўришдик. Яхши мутахассис ва ажойиб инсон Омонилла Мадаев ўқитувчиларнинг таътилга чиқиши олдидан яқин дўстларига маҳалла чойхонасида ош қилиб берадиган одат чиқарган. Бегали ҳам шу йиғинларга келарди, лекин ҳар доимгидек бардам ва ҳаракатчан эмас эди. Ранги ҳам сўлғин, кайфияти паст. Ҳеч нарса емайди ҳисоб. Фақат домлалар билан гаплашиб, нима гаплигини сўрасак, ошқозони безовта қилаётганини айтди. Кейин орадан бир ой ҳам ўтмасдан Бегалининг касали жиддий эмиш, операция қилмаса бўлмас эмиш деган гап тарқалди. Лекин маълум бўлишича, операция учун 250 минг сўм тўлаш керак экан. Шунда университетнинг аввалги ректори, академик Тўрабек Долимов валломатлик қилди. У университет ҳисобидан керакли пулни ўтказиб берди.

Мен операциядан кейин 5-6 кун ўтгач, уни кўргани бордим. Бегали мени кўриши билан ётган жойидан турмоқчи бўлди. Мен, албатта, “Қимирламанг, ётаверинг”, деб уни тинчитдим ва бунақа пайтларда беморга айтиладиган тасалли сўзларини айтдим. Унинг кайфияти яхши эди — унга ҳам, менга ҳам операция муваффақиятли ўтди, ҳа демай тузалиб кетади дейишди. Биз Бегали билан келажакдаги илмий режаларимиз тўғрисида гаплашдик. Бегали Уйғониш даври адабиёти деган илмий дарсликни нашриётга топширганини айтди. Кўп ўтириш мумкин эмас эди. Бирор ўн дақиқадан сўнг қўзғалдим. Сўнг менинг ўзим ҳам шифохонага тушиб қолдим.

Кейин Бегалини уйига жавоб беришганини, анча мазаси қочганини айтишди. Юрагим “шув” этди. Уни операция қилган доктор Бегалининг рак эканини айтди. Қаттиқ қайғурдим, лекин бандасининг қўлидан нима ҳам келарди. Мен телефонда видолашдим. Йиғи босиб гапларимни айта олмадим. Бегали ҳам жуда ҳаяжонланиб кетди, икки марта “Раҳмат, Озод ака!”, “Раҳмат, Озод ака!”, деди. Бу унинг менга айтган сўнгги сўзлари бўлди.
Профессор Бегали Қосимов шу тарзда ҳаётдан кўз юмди. Шубҳа йўқки, бу ажойиб инсоннинг номи тарихдан муносиб ўрин эгаллади.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 24-сони.

Баҳодир Карим
ТОЗА БИР МУАЛЛИМ ЭДИ
007

0_1427cf_1453898a_orig.jpgПрофессор Бегали Қосимов миллий адабиётимизнинг ҳақиқий билимдони эди. 60-йиллардан бери жадид адабиёти, мумтоз адабиёт тарихи, адабий алоқалар юзасидан салмоқли илмий тадқиқотлар, “Излай-излай топганим…”, “Миллий Уйғониш” каби фундаментал асарлар ёзган, адабий меросимиз хазинасидан олиб, табдил қилинган қатор китоблар нашрига бош-қош бўлган шу мўътабар устоз билан бир илмий-педагогик жамоада бирга ишлаганимдан, айниқса, талабалик йилларимда маърузалар эшитиб, сабоқ олганимдан фахрланиб юраман. Бугун жадид адабиёти тарихини устоз хизматларисиз тасаввур этиш мумкин эмас.

Бегали Қосимов бу даврнинг етук олими эди. Фақат ўзбек адабиёти эмас, балки бу жадидчилик даврига дахлдор бошқа қардош халқларнинг адабиёти тарихи ҳамда шу даврнинг адабий сиймоларини жуда яхши билар эди. Бирор жадид зиёлиси тўғрисида гап кетса — у ўзбекми ёки татар, қозоқми ёки турк бундан қатъи назар — дарҳол далиллар асосида суҳбат мавзуига илмий мазмун, жон бахш этарди. Ўша даврнинг жуда кўп манбаларини синчиклаб ўрганган устозга бирор манба хусусида гап очиб қолинса, мазкур адабий манбанинг қанчалик аҳамиятли ёки аҳамиятсиз эканлигини кайфиятидан, авзойидан билиб олиш қийин эмасди. Агар манба муҳим бўлса, домла дарҳол жиддий тортиб, унинг қадрли жиҳатларини айтар, агар иккинчи даражали ҳисобланса, бироз камгап бўлиб, тортиниб, гўё сўзлаш малол келаётгандек қисқача фикр билдирарди. Мен Вадуд Маҳмуд ижодини ўрганиб юрган кезларимда бу адабиётшунос тўғрисида бир неча бор илҳом билан гапирганига гувоҳ бўлганман.

Бегали Қосимов адабиётнинг қай бир соҳаси тўғрисида ёзиш ёки гапириш лозим бўлса, бирор манбани излаб юрмасдан қўйилган масала юзасидан бемалол соатлаб гаприши мумкин эди. Домла қалби дарё инсон эди. Илмга лиммо-лим тўлиб турган бир дарё эдики, ундан қанчадан-қанча илмга чанқоқ шогирдлар сув ичгани билан камаймайдиган, асло тугамайдиган бир дарё олим эди. Устоз айнан шу тўлиб-тошиб турган ҳолида касалликка чалиниб, вафот этгани биз шогирдларни чуқур қайғуга солди…

80-йиллар охирларида Бегали Қосимов ўзбек филологияси факултети талабаларига мумтоз адабиётимиз тарихидан, хусусан, Алишер Навоий ижодидан мазмундор маърузалар ўқир, домланинг узоқ муддатлар эсда қоладиган имтиҳонлари бўлар эди. Албатта, бу жараёнда талабаларнинг билим даражаси, дунёқараши турли усулларда холис текширилар, кўп ҳолларда, гарчанд пастроқ баҳо олсалар-да, талабалар домланинг жуда объектив баҳо қўйганлигини очиқ тан олишар эди…

Биринчи воқеа: Алишер Навоий ижоди юзасидан маъруза ва амалий машғулотлар якунланган. Б.Қосимовга айнан шу адабий давр манбаларидан имтиҳон топширишимиз керак. Эсимда, мен “Ҳайрат ул-аброр”нинг композицион қурилиши билан боғлиқ саволга жавоб берганман…

Сирдарёлик бир қиз курсдошимизга Навоийнинг ҳаётига оид маълумотларни сўйлаш лозим бўлган. Албатта, ҳар кимга маълум ҳақиқат — Алишернинг Ҳиротда таваллуд топганлиги, ота-онасининг кимлиги, Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқигани, болалиги гапирилган. Бироқ талаба қиз кутилмаганда Ҳирот теграсида айланиб қолган ва беихтиёр имтиҳон олувчи профессорнинг эътиборини ўзига жалб этган. Шунда домла аниқловчи саволни беришни мажбур бўлади:

— Тўғри айтасиз, Ҳирот — Алишер Навоий туғилган жой. Хўш, Ҳирот қаерда жойлашган экан? (Жимлик.) Тошкент билан Самарқанд орасидами ёки Тошкент билан Бекобод оралиғида?

Сабоқдошимиз Тошкент — Самарқанд орасида Гулистон, Жиззах шаҳарлари борлигини, Ҳирот бу атрофда эмаслигини яхши билган. Бироқ Тошкент-Бекобод томонларга йўли тушмаган, география фанидан ҳам саводи ўзига яраш экан, чамаси, домланинг чалғитиб текширувчи “жавоб”ининг иккинчи вариантини танлайди:

— Ҳирот Тошкент билан Бекобод орасида жойлашган, домла.
— Ҳа, шунақами? — домла унинг синов дафтарчасини ёпиб қўлига тутқазади: — Чиқинг, тайёрланиб келасиз…

Иккинчи воқеа: Биздан бир курс кейин ўқиган Тешабек ёзда уйланиши керак. Аммо кетолмайди. Ёзги сессияни ёпмаган. Б.Қосимов фанидан қарздор. Нима қилсин? Аллақайси домлаларга қўллаган усулини ишга солмоқчи бўлади. Аввал, домланинг уй адресини билиб олади. Сўнгра курсдоши Ботир билан бозорга тушади. Бозорлик қилган бўлади. Бегали Қосимов эшикни очганда қарздор талабани, қолаверса, қўлида алланималар кўтариб келганини кўриб ҳайратга тушади. Мулозамат учун тил учида: “Келинглар”, дейди. Домланинг салобати босган икки курсдошнинг тили калимага келмайди. Тешабек нима қиларини билмай дарҳол мақсадга кўчади бир амаллаб: “Қарздор эдим. Имтиҳон топширишим керак эди. Уйдагилар кутиб турибди. Уйлантирмоқчи эдилар…”. Суҳбат узоқ чўзилмайди. Домла қисқа гапиради: “Сизга ким айтди Бегали Қосимов уйида имтиҳон олармиш деб?”. Бундай саволнинг жавоби оғир, албатта. Тешабек тилдан олади. Ёрдамчи Ботир минғиллайди. “Энди домла, шу ўртоғимиз…”. Табиийки, Б.Қосимовнинг: “Сиз ўртада даллол бўлиб келдингизми?”, деган кинояли писандасидан кейин Ботир ҳам тилдан қолади. Бегали Қосимов ана шундай тоза бир муаллим эди. Бу жиҳатдан ҳам кўпчиликка ибрат эди.

Бегали Қосимовнинг илмий рисола ва мақолаларида ҳам мавзу-муаммога холис ёндашуви яққол сезилиб туради.

Бир тоифа одамлар борки, фақат оддий гапни эмас, балки бутун бошли жумлаларни ёши ва илмий даражасига кўра ўзидан қуйироқ касбдошларидан кўчириб, ўз фикри сифатида мақолаларига ва ҳатто китобларига киритиб юбораверади. Айнан шу тоифа олимлар бошқа тиллардан таржима қилинган ёки эски ўзбек ёзувидан табдил этилган манбалардан зарур ўринларда фойдаланиб, қора меҳнатини бажарган кимсаларнинг исм-шарифини ёзиб ўтишни “унутиб” қолдиради.

Менингча, бу тоифадаги ёшу кекса олимларга Б.Қосимов илмий фаолиятидаги бағрикенглик, бировлар меҳнатини қадрлаш принципи сабоқ бўларди. Тўғриси, юқоридаги фикр-мулоҳазалар адабиётшунос устозимиз томонидан сўзбоши ва изоҳлар билан нашр этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”ини ўқиш жараёнида хаёлимга келган эди. Б.Қосимов унда Беҳбудий ижодига тегишли мақола ёзган ва ёки кичик бир манбани табдил қилган талаба-тадқиқотчилар хизматини ҳам таъкидлаб ўтишни лозим кўрган. Аслида, илмий этиканинг оддий талаби ҳам шудир.

Бегали Қосимов сўзи амалига мувофиқ келадиган ҳақиқатгўй ва тўғрисўз, чин маънодаги миллатпарвар бир инсон эди. Шу боис ҳар қайси тадбир ёки анжуманларда ўзини кўрсатиб, куйиб-пишиб гапирадиган, аммо сўзи амалига тескари юрадиган сохта миллатпарвар кимсаларни ёқтирмасди. Гарчанд очиқ гапирмаса ҳам, гоҳида жимгина ўтирган сабр-бардошли домланинг изтиробли юзидан бу ҳолат сезилиб турар эди…

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 39-сони

03219 dekabr — Ustoz Begali Qosimov tavallud topgan kunning 75 yilligi

Ustoz va muallim Begali Qosimov xalqimizning milliy istiqlol uchun kurashida yorqin sahifani tashkil etgan jadid adabiyotini o‘rganishga butun umrini baxsh etdi, o‘zi ham jadidona fidoyilik bilan yashadi, ijod qildi, ulug‘ ma’rifatchi insonlarning maqsadi qismatiga, orzulari hayoti mazmuniga aylandi.U bugungi kun jadidi edi.

BUGUNGI KUN JADIDI EDI
Xurshid Davron
09

2496.jpg Keyingi paytlarda matbuotimizda “falonchi so‘nggi jadid”, “pismadonchi so‘nggi jadid” degan yozuvlar tez-tez uchraydigan bo‘lib qoldi, hatto bu mukarrram kalimani ma’rifatchilik bobida tayinlik ish qilmagan bir-ikki kishiga nisbatan qo‘llanilganiga guvoh bo‘ldim. Bugun sizga taqdim etilayotgan ustoz Ozod Sharafiddinovning 2006 yili bosilgan maqolasi ham “So‘nggi jadid qissasi” deb nomlanadi. Maqola atoqli ma’rifatparvar olim Begali Qosimovga bag‘ishlangan. Men “so‘nggi jadid” kalimasiga qarshi emasman. Ammo, men bu kalimadagi “so‘nggi” so‘zining Begali Qosimovga nisbatan qo‘llanishiga qarshiman. Chunki, mening nazarimda, Begali Qosimov so‘nggi jadid emas, u yangi jadid edi. U mustaqillik tufayli boshlangan yangi hayotimizda uzoq yillik qatag‘ondan keyin jadidchilik harakatini uyg‘otgan muallim edi.

Men Begali akaning 2002 yilda nashr etilgan «Milliy uyg‘onish» kitobiga bag‘ishlangan maqolamda yozganimdek, «Milliy uyg‘onish” kitobi tom ma’noda Begali Qosimov ilmiy-ijodiy faoliyatining eng yuksak cho‘qqisi sifatida baholanishi kerak. Mening nazarimda, bu kitob faqat olis o‘tmish hodisoti haqida emas, bugungi kunda ham o‘zbek ziyolisini qiynayotgan savollarga javob topishga yordam va yo‘llanma beradigan, ma’rifatparvar bobolarimiz tajribalaridan, ularning xato va adashuvlaridan ogohlantiradigan, yutuq va kamchiliklaridan xulosa chiqaradigan dasturilamaldir. Bugungi yangi jamiyat, yangi madaniyat va yangi adabiyot qanday tamoyillar zaminida shakllanishi lozim? Bugun o‘zbek kishisi, avvalan, ziyolisi qaysi yo‘lni tanlamog‘i, nimani himoya etmog‘i, nimaga qarshi kurashmog‘i, xalqni, uning ilg‘or qismini qanday ishlarga da’vat qilmog‘i kerak? (Maqolani to‘liq holda mana bu sahifada o‘qing.)

Ustoz va muallim Begali Qosimov xalqimizning milliy istiqlol uchun kurashida yorqin sahifani tashkil etgan jadid adabiyotini o‘rganishga butun umrini baxsh etdi, o‘zi ham jadidona fidoyilik bilan yashadi, ijod qildi, ulug‘ ma’rifatchi insonlarning maqsadi qismatiga, orzulari hayoti mazmuniga aylandi.U bugungi kun jadidi edi.

2014

Ozod Sharafiddinov
SO‘NGGI JADID QISSASI

09

 1113.jpgO‘rtoqlari hazillashib uni shunday deb atashardi. Darhaqiqat, Begali Qosimov ilmiy faoliyatining hammasini to‘laligicha jadidlar mavzuiga bag‘ishlagan, ularning ma’rifatparvarlik sohasidagi, millatni uyg‘otib hozirgi zamon sivilizatsiyasiga esh qilish yo‘lidagi harakatlarini davom ettirgan edi. Deyarli yarim asr davom etgan bu ish jarayonida Begalining o‘zi ham jadidlarning qay bir xislatlarini o‘zlashtirib olgandek ko‘rinardi. Shuning uchun “So‘nggi jadid” degan laqab unga juda mos tushgan edi.

Begali Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumaniga qarashli kichikroq bir qishloqda tug‘ilib o‘sgan edi. Uning bolaligi urush yillariga to‘g‘ri keldi. U kezlari, ayniqsa, qishloqlarda sharoit og‘ir edi. Shuning uchun Begali ham boshqa qishloq bolalari kabi bolalikning ko‘pgina quvonchlaridan mahrum bo‘lib o‘sgan. Qishloq ahli chorvachilik bilan shug‘ullanardi. Qo‘y-qo‘zilarning ketidan yurish, ularni parvarish qilish, vaqti kelganda uloqlar bilan quvlashmachoq o‘ynashlar qishloq bolalarining yagona ovunchog‘i edi.

Bundan tashqari, ona tabiat Begalining qalbida ilk marta vatan tuyg‘usini uyg‘otdi. Qashqadaryo adirlari, ayniqsa, bahor kezlarida betakror bir go‘zallik kasb etadi. Adirlar yam-yashil libos kiyadi, o‘t-o‘lanlar, maysalar kishiga xush yoquvchi muattar hidlar taratib gurkirab o‘sadi, tevarak-atrofdan uzluksiz eshitilib turadigan qo‘y-qo‘zilarning ma’rashi adirlar bag‘rida yoqimli muzika sadolaridek tuyuladi. Lojuvard osmon tip-tiniq, kishida allaqanday noma’lum his-tuyg‘ularni uyg‘otadi. Bu go‘zallik ichida yashab, ulg‘ayib uni sevib qolmaslik mumkin emas.

Begali ona qishlog‘ini, uning tevaragidagi past-baland adirlarni juda yaxshi ko‘rardi. U 50 yoshga kirganida bir guruh do‘stlarini qishloqqa taklif etgandi. Qishloq ozoda, sarishta, g‘oyatda fayzli edi. Begali o‘zi o‘qigan maktabni, bolaligi o‘tgan qishloqdagi ko‘chalaru manzillarni qandaydir ichki bir g‘urur bilan bizga ko‘z-ko‘z qildi. Keyin bizni tuman markazidan uncha olis bo‘lmagan qabristonga yetakladi. Qabriston qadimiy bo‘lib, juda katta edi. Har bir maqbara ta’mirlangan, supirib-sidirilgan.
Odamlarning bu qabristonga ixlosi va hurmati g‘oyat balandligi ayon ko‘rinib turardi. Bu qabristonda juda ko‘p ulug‘ ulamolarning jasadi qo‘yilgan ekan.

U paytlari O‘zbekiston mustaqil rivojlanish yo‘lidagi birinchi qadamlarini qo‘ymoqda edi. Shuning uchun hali sho‘rolar zamonidagi ba’zi udumlar bekor bo‘lmagan, o‘tmishda yashagan buyuk allomalar va ulamolarni, aziz avliyolarni e’zozlash, hurmatini joyiga qo‘yish ko‘ngildagidek emasdi. Lekin Kasbi yaqinidagi qabriston bundan mustasno. Meni hayron qoldirgan narsa shu bo‘ldiki, Begali har bir maqbaradagi aziz-avliyoning kimligi, qaysi davrda yashagani, qanday ishlar bilan xalq o‘rtasida dong chiqargani, ular to‘g‘risida qanday eski-eski kitoblarda ma’lumot berilganini juda yaxshi bilardi. Begali bu to‘g‘rida to‘lib-toshib gapirar ekan, biz go‘yo olis tarixning sadolarini eshitayotgandek his qildik o‘zimizni. Men Begalidan bu gaplarni qayerdan bilishini so‘radim.

— Bolalikda uyimizda ham, maktabda ham ko‘p gapirishardi. Necha marta qabristonni ziyorat qilib, bu yerda yotgan aziz-avliyolarni tavof qilganman. Qolgan gaplarni har xil kitoblardan o‘qib bilib olganman.

Suhbatdoshimga yana bir bor qoyil qoldim — men uning bilimdonligini bilardim, ammo o‘z qishlog‘ini, uning tarixini, qadriyatlarini bu qadar e’zozlashini bilmasdim. Demak, uning yoshlik yillari shunchaki o‘yinqaroqlik bilan o‘tmagan ekan. Begali bolalik kezlaridan sinchkov, har narsaga qiziqadigan, har narsani tag-tugi bilan chuqur bilib olishga intiladigan odam bo‘lib o‘sgan ekan. Xullas, bu sinchkovlik, yurt tarixiga, madaniyatiga qiziqish uni hozirgi Milliy universitet dargohiga olib keldi.

Begali o‘z guruhidagi talabalar ichida eng jussasi kichigi edi. Erkin adirlar bag‘rida, o‘t-o‘lanlar saltanatida, bir cho‘ponchalik qo‘y-qo‘zilar ketidan yugurib o‘sgan Begali nega bunchalik kichkina bo‘lib qolgan, bilmadim. Lekin bir-ikki yil o‘qigandan keyin sport bilan astoydil shug‘ullanib, bu qusurini ancha to‘g‘rilab oldi. U universitet komandasida 15—20 yil muttasil voleybol o‘ynadi. Juda epchil va chaqqon edi. Juda qiyin to‘plarni ham o‘yinga qaytara olar, umuman, yaxshi o‘yinchilardan biri hisoblanardi. Begali durustgina shaxmat ham o‘ynardi. Kafedramiz a’zolari yozgi ta’til vaqtlarida har xil safarlar va sayohatlarga ko‘p borib turardi. Begali bu safarlarning doimiy ishtirokchisi edi.

U bilan Qashqadaryoning tog‘liq hududlariga safar qilganmiz. Hisorak shovvasini, Qizil emchak tog‘ini, G‘ilon degan afsonaviy maskanni birga kezganmiz. Uzoq Sharqqa, Badaxshonga, Aroshan buva bulog‘iga, Surxon vohasiga birga borganmiz. Begali juda dilkash yigit edi. U ko‘p gapirmas, lekin indamas ham emasdi. U hadeb bo‘lar-bo‘lmasga kulavermas, biroq kulsa, chin dildan kulardi. Biron narsadan ranjisa yoki jahli chiqsa, darg‘azab bo‘lib, baqirib-chaqirmas, balki biron og‘iz zaharxanda gap aytib yoki biron piching bilan, qoshlarini chimirib, munosabatini ma’lum qilardi.

Begali juda yaxshi o‘qidi. U ayniqsa eski o‘zbek tilini, arab yozuvini mukammal o‘rgandi, bu uning mumtoz adabiyot bilan shug‘ullanishiga imkon berdi. U seminarlarda, ilmiy konferensiyalarda juda mazmunli ma’ruzalar qilar, o‘rni kelganda, ilmiy masalalarda munozara qilishdan qochmasdi. Uning har bir chiqishida, albatta, qandaydir yangilik bo‘lardi.

Begalining faolligi va g‘ayrati, ilmga astoydil berilgani domlalarning nazaridan chetda qolmadi. Ayniqsa, professor G‘ulom Karimov unga alohida e’tibor bilan qaray boshladi. Ko‘p o‘tmay ular o‘rtasidagi munosabat ustoz-shogirdlik munosabatiga aylandi. Keyin Begali G‘ulom Karimovning aspiranti bo‘ldi. Albatta, uning nomzodlik ishi ham jadidchilikka bag‘ishlangan edi.

Lekin Begali, ehtimol, G‘ulom Karimovning maslahati bilan bo‘lsa kerak, jadidchilikning umumiy muammolari ustida emas, bu harakatning atoqli vakili Mirmuhsin ijodi ustida ish boshladi va “Mirmuhsin Shermuhamedov (Fikriy) va uning adabiy muhiti” mavzuidagi nomzodlik dissertatsiyasini muvaffaqiyat bilan yakunladi. Natijada uning nomi tiklandi, o‘zbek adabiyoti o‘zining yana bir yirik siymosini qaytadan bag‘riga qaytardi. Bu Begali Qosimovning ilmiy jasorati edi.

Shundan keyin Begali doktorlik dissertatsiyasi ustida ish boshladi. Tabiiyki, bu tadqiqot ham jadidizm masalasiga bag‘ishlangan bo‘lib, endi Begali uni katta ko‘lamda, hamma nazariy jihatlari bilan birga yoritishni maqsad qilib qo‘ygan edi. Biroq bu paytga kelib, mafkuramizda yana bir evrilish sodir bo‘ldi — endi jadidlar masalasini umuman tilga olish mushkul bo‘lib qoldi.

Mahalliy “dohiylar”imizdan allaqaysisi, bilsa-bilmasa, “Jadidlar sinfiy dushmanimizdir”, degan hikmatni aytipti. Sho‘rolar davrida, ayniqsa, O‘zbekistonda mafkura ana shunaqa ahvolda edi. Nima qilmoq kerak? Bu mavzudan voz kechish — o‘zbek adabiyotining chorak asrlik tarixidan voz kechish, demak edi. XX asr birinchi choragidagi adabiyot tarix sahifalaridan o‘chirib tashlansa, adabiyot rivojida uzilish ro‘y berar, uning tadrijiy rivojlanish yo‘llarini izohlash mumkin bo‘lmay qolardi. Buning ustiga, materiallar jadidchilik harakatining xalqchil, demokratik harakat bo‘lganidan dalolat berib turgan bo‘lsa, undan qanday voz kechish mumkin?

Xullas, bu yerda mavzuni tasdiqlatish uchun anchagina mug‘ombirlik ishlatishga to‘g‘ri keldi. Begali ishning mavzuini “XX asr boshi o‘zbek poeziyasi (Inqilobiy she’riyatning shakllanishi va taraqqiyot masalalari. (1905—1917)”, deb belgiladi. Albatta, birinchi qarashda jadid adabiyotini “inqilobiy” adabiyot deb atash erish tuyuladi. Biroq masalaning mohiyatiga nazar tashlansa, bu yerda hech qanday mubolag‘a yoki soxtalik yo‘q edi. Negaki, eski tartiblarga, feodal munosabatlarga, qotib qolgan rasm-rusumlarga qarshi chiqqan jadidlar o‘zbeklarning turmush tarzini zamonaviylashtirib, butunlay yangi yo‘lga solib yuborish g‘oyasini olg‘a surgan edilar. Bu esa, shubhasiz, inqilobiy g‘oya edi. Shunday qilib dissertatsiya temasi tasdiqlandi va Begali g‘ayrat bilan ishga kirishdi.

Ish jarayonida Begalining olim sifatidagi muhim bir xislati namoyon bo‘ldi va kamolga yetdi. Bu — akademizm edi. Sho‘ro zamonida ilmdagi akademizm maktabi u yer-bu yerda saqlanib qolgan bo‘lsa-da, ilmda yengil-yelpi yo‘llarni qidirgan va osongina fan cho‘qqilariga ko‘tarilib, shon-shuhrat orttirishni istagan odamlar akademizmni qoralay boshladilar. Ular akademizmni uslubiy jihatdan murakkab deb e’lon qildilar. Bu yo‘l bilan yaratilgan asarlar keng xalq ommasiga tushunarli emas deb da’vo qildilar. Holbuki, bu akademizmdan xalos bo‘lgan tadqiqotlar adabiyotshunoslikdagi sayozlikni, masalaning mohiyatiga chuqur kira bilmaslikni, faktlarni umumlashtirish salohiyatining zaifligini oqlar edi. Begali bu yo‘ldan qochdi va tadqiqot uslubida, G‘ulom Karimov kabi akademizmga sodiq qoldi.

Biroq bu tadqiqot ustida bir necha baravar ko‘proq va qattiqroq mehnat qilishni, ishdagi har bir fakt, tilga olingan har bir ism, uning to‘g‘risidagi ma’lumotlar aniq bo‘lishini talab etardi. Bu usulda ish ko‘ruvchi olim balandparvozlikdan, yuzakilikdan qochmog‘i, oldinga surayotgan har bir fikrini, har qanday g‘oyasini har tomonlama dalillashi kerak edi. Abdulla Qahhor ta’biri bilan aytganda, o‘z fikrini olg‘a surayotgan olim bu fikrni devorga mix qoqqandek qoqib, bu mixning qalpog‘ini uzib tashlamog‘i lozim edi, shunda bu mixni, ya’ni fikrni hech kim joyidan sug‘urib ololmaydi. Begalining doktorlik dissertatsiyasining materiallari tarqoq holda edi. Bu tadqiqotchi oldiga qo‘shimcha qiyinchiliklar qo‘yardi.

Jadidlar garchi XX asrda, ya’ni nisbatan yaqinda yashab o‘tgani uchun, sho‘ro hukumatining siyosatida qoralangani vajidan, asarlari deyarli unutilayozgan edi. Begali bu borada ham chinakam matonat va g‘ayrat bilan ish yuritdi.

Olim Toshkent yoki Samarqand kutubxonalaridagi materiallarni aniqlash va to‘plash bilangina shug‘ullangani yo‘q. U material to‘plash uchun qo‘shni respublikalarga ilmiy safarlar qildi, ayniqsa, Tatariston va Boshqirdiston kutubxonalarida ko‘p ishladi. Aytmoq kerakki, Ufada va Qozonda XX asr boshidagi o‘zbek adabiyoti namunalari Toshkentdagiga qaraganda ko‘proq saqlanib qolgan.

Masalan, men ham Cho‘lponning O‘zbekistondan topilmagan birinchi she’riy to‘plami “Buloqlar”ni Qozon universitetining fundamental kutubxonasidan topgan edim. Umuman, bu kutubxona katalogidan o‘zbek adabiyotining menga ma’lum bo‘lmagan 400ga yaqin namunalarining nomini yozib olgandim.

Xullas, Begali materiallarni misqollab yig‘di. Nihoyat, material izlash jarayonida u Qirimning Bog‘chasaroy shaharchasiga va uning yaqinidagi G‘aspirali qishlog‘iga ham bordi. Bu qishloqda butun turkiylar dunyosini uyg‘otgan, ma’rifat g‘oyalarini tarqatgan ulug‘ inson Ismoilbek G‘aspirali tug‘ilib o‘sgan va ijod qilgan edi. Begali bu buyuk zotning uy-joyi, uning xotirasi bilan bog‘liq joylar, shu jumladan, uning qabri ham qarovsiz, xarob bo‘lib yotganini ko‘rib qattiq iztirobga tushdi va bu to‘g‘rida maqolalar yozdi. Albatta, Begali yillar davomida to‘plagan materiallar uni bu sohaning zukko bilimdoniga aylantirdi.

Butun O‘zbekistondagi Milliy Uyg‘onish davrini, uning adabiyotini o‘rganishni istagan yoshlar Begali atrofiga uyusha boshladi, butun bir ilmiy maktab shakllandi. Bu esa, keyinchalik Milliy universitet tarkibida Milliy Uyg‘onish davri adabiyoti kafedrasini tashkil qilishga imkon berdi. Kafedraga to‘plangan ilmiy jamoa qisqa muddatda katta ishlarni amalga oshirdi. Jumladan, hozir “Ma’naviyat” nashriyoti chop etayotgan “Istiqlol fidoyilari” turkumida birinchi marta jadid adiblar va shoirlarining asarlari nisbatan to‘la ravishda dunyo yuzini ko‘rdi.

Bu kitoblar, jadidlarga bag‘ishlangan monografiyalar, risolalar, maqolalar Begalining nomini faqat bizda emas, chet el ilmiy doiralarida ham tanitdi. Amerika, Fransiya, Germaniya olimlari bilan uning o‘rtasida yozishmalar vujudga keldi, ular manba sifatida Begali chop qilgan asarlarga murojaat eta boshladilar. Turkiyadagi turkshunos olimlar esa, turkiy xalqlar adabiyoti bo‘yicha o‘nlab jilddan iborat tadqiqotlar matnlarini nashrga tayyorlash va chop etish ishiga Begalini muallif va muharrir sifatida taklif qilishdi. Begali bir necha marta Turkiyaga tahrir hay’atining majlislariga bordi. U yerda nutqlar so‘zladi. Begalining aytishicha, bu ulkan nashrning o‘zbek adabiyotiga bag‘ishlangan jildlari loyihasida parokandalik va yuzakilik mavjud edi. Uni tuzganlar o‘zbek adabiyotini yaqindan bilmasliklarini oshkor etib qo‘yganlar.

Albatta, katta mehnat sarflanib tayyorlangan loyihaning tanqid qilinishi hech kimga ham yoqmaydi. Uning ustiga, adabiyotlar bo‘yicha yangidan loyihaga yana nimalarnidir kiritish haqidagi takliflar ham juda katta qiyinchilik bilan qabul qilinadi. Chunki hajm cheklangan, uni hadeb kengaytiraverishning imkoni yo‘q. Begali bu masalalarda prinsipial pozitsiyada turdi, turli mamlakatlardan kelgan turkshunoslardan tashkil topgan tahrir hay’atini o‘zining tanqidiy fikrlari va takliflariga ko‘ndirishga muvaffaq bo‘ldi. Natijada loyihadagi o‘zbek adabiyotiga bag‘ishlangan jild ancha to‘la, ilmiy jihatdan asoslangan holda nashr etildi. Faqat afsuslanadigan joyi shundaki, bu qimmatli kitobdan O‘zbekistonga 2-3 donagina yetib keldi, xolos! Begali bu jildni menga ko‘rsatgan, hatto bir necha kunga berib ham turgan edi. Men u bilan tanishib chiqqach, bu kitob haqida taqriz yozishni buyurdim va uni “Jahon adabiyoti” jurnalida e’lon qildik.

Begali Qosimov faqat yetuk iste’dodli tadqiqotchi olim emas edi, u ayni chog‘da o‘qituvchilik san’atini puxta egallagan mohir pedagog ham edi. Talabalar uni juda yaxshi ko‘rishar va uning tevaragidan arimasdi. Begali ham talabalarni g‘oyatda hurmat qilardi. Biroq bu hurmat har narsada ularga yon bosishda, ularni yetaklashda emas, aksincha, ma’ruzalarning sifatida, ularda har gal qandaydir ilmiy yangiliklarga intilishida, ularning adabiyot tarixidan olingan maroqli hikoyalarga boyligida ko‘rinardi. Begali talabalarni har qancha hurmat qilmasin, ularga nisbatan talabchanlikni aslo bo‘shashtirmas edi. Uning fanidan imtihon topshirish g‘oyatda qiyin edi, biroq bu qiyinchilik domlaning o‘rinsiz injiqligidan tug‘iladigan sun’iy qiyinchilik emasdi.

Talaba materialni Begalining ko‘nglidagidek to‘la o‘zlashtirmasa, buyurilgan badiiy adabiyotlarni o‘qib chiqqan bo‘lmasa, Begali unga ijobiy baho qo‘ymas edi. Albatta, ko‘pgina no‘noq talabalarning ketidan yuradigan “iltimoschi” odamlar ko‘p bo‘lardi. Ular qo‘rqa-pisa Begalidan ham iltimos qilishardi. Biroq Begali ularning ko‘pchiligiga rad javobini berardi. U hatto menga ham shunaqa muomala qilgan. Men kim to‘g‘risidadir iltimos qilgan edim. Begalining ensasi qotdi, qoshlarini chimirib, istehzo bilan:
— O‘qib kelsin, mayli, qo‘yib berarman, — dedi.

Begali talabchan bo‘lsa-da, adolat bilan ish tutar, imtihonni talabadan o‘ch olish quroliga aylantirmas edi. Ehtimol, universitetda bunaqa talabchan domla juda kam bo‘lgandir, har holda, talabalarning Begalidan o‘qigan fanidan bilimlari pishiq-puxta bo‘lardi. Begalining talabchanligi o‘z fanini juda yaxshi ko‘rganidan, unga sadoqatidan tug‘ilgan edi. Qani endi hamma domlalar shunday bo‘lsa, meningcha, ta’lim saviyasini oshirish, birinchi navbatda, o‘qituvchining talabchanligiga bog‘liq.

So‘nggi marta biz Begali bilan 2004 yilning iyul oyida ko‘rishdik. Yaxshi mutaxassis va ajoyib inson Omonilla Madayev o‘qituvchilarning ta’tilga chiqishi oldidan yaqin do‘stlariga mahalla choyxonasida osh qilib beradigan odat chiqargan. Begali ham shu yig‘inlarga kelardi, lekin har doimgidek bardam va harakatchan emas edi. Rangi ham so‘lg‘in, kayfiyati past. Hech narsa yemaydi hisob. Faqat domlalar bilan gaplashib, nima gapligini so‘rasak, oshqozoni bezovta qilayotganini aytdi. Keyin oradan bir oy ham o‘tmasdan Begalining kasali jiddiy emish, operatsiya qilmasa bo‘lmas emish degan gap tarqaldi. Lekin ma’lum bo‘lishicha, operatsiya uchun 250 ming so‘m to‘lash kerak ekan. Shunda universitetning avvalgi rektori, akademik To‘rabek Dolimov vallomatlik qildi. U universitet hisobidan kerakli pulni o‘tkazib berdi.

Men operatsiyadan keyin 5-6 kun o‘tgach, uni ko‘rgani bordim. Begali meni ko‘rishi bilan yotgan joyidan turmoqchi bo‘ldi. Men, albatta, “Qimirlamang, yotavering”, deb uni tinchitdim va bunaqa paytlarda bemorga aytiladigan tasalli so‘zlarini aytdim. Uning kayfiyati yaxshi edi — unga ham, menga ham operatsiya muvaffaqiyatli o‘tdi, ha demay tuzalib ketadi deyishdi. Biz Begali bilan kelajakdagi ilmiy rejalarimiz to‘g‘risida gaplashdik. Begali Uyg‘onish davri adabiyoti degan ilmiy darslikni nashriyotga topshirganini aytdi. Ko‘p o‘tirish mumkin emas edi. Biror o‘n daqiqadan so‘ng qo‘zg‘aldim. So‘ng mening o‘zim ham shifoxonaga tushib qoldim.

Keyin Begalini uyiga javob berishganini, ancha mazasi qochganini aytishdi. Yuragim “shuv” etdi. Uni operatsiya qilgan doktor Begalining rak ekanini aytdi. Qattiq qayg‘urdim, lekin bandasining qo‘lidan nima ham kelardi. Men telefonda vidolashdim. Yig‘i bosib gaplarimni ayta olmadim. Begali ham juda hayajonlanib ketdi, ikki marta “Rahmat, Ozod aka!”, “Rahmat, Ozod aka!”, dedi. Bu uning menga aytgan so‘nggi so‘zlari bo‘ldi.
Professor Begali Qosimov shu tarzda hayotdan ko‘z yumdi. Shubha yo‘qki, bu ajoyib insonning nomi tarixdan munosib o‘rin egalladi.

Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2006 yil 24-soni

Bahodir Karim
TOZA BIR MUALLIM EDI
007

0_1652ae_b41ff1b6_orig.pngProfessor Begali Qosimov milliy adabiyotimizning haqiqiy bilimdoni edi. 60-yillardan beri jadid adabiyoti, mumtoz adabiyot tarixi, adabiy aloqalar yuzasidan salmoqli ilmiy tadqiqotlar, “Izlay-izlay topganim…”, “Milliy Uyg‘onish” kabi fundamental asarlar yozgan, adabiy merosimiz xazinasidan olib, tabdil qilingan qator kitoblar nashriga bosh-qosh bo‘lgan shu mo‘tabar ustoz bilan bir ilmiy-pedagogik jamoada birga ishlaganimdan, ayniqsa, talabalik yillarimda ma’ruzalar eshitib, saboq olganimdan faxrlanib yuraman. Bugun jadid adabiyoti tarixini ustoz xizmatlarisiz tasavvur etish mumkin emas.

Begali Qosimov bu davrning yetuk olimi edi. Faqat o‘zbek adabiyoti emas, balki bu jadidchilik davriga daxldor boshqa qardosh xalqlarning adabiyoti tarixi hamda shu davrning adabiy siymolarini juda yaxshi bilar edi. Biror jadid ziyolisi to‘g‘risida gap ketsa — u o‘zbekmi yoki tatar, qozoqmi yoki turk bundan qat’i nazar — darhol dalillar asosida suhbat mavzuiga ilmiy mazmun, jon baxsh etardi. O‘sha davrning juda ko‘p manbalarini sinchiklab o‘rgangan ustozga biror manba xususida gap ochib qolinsa, mazkur adabiy manbaning qanchalik ahamiyatli yoki ahamiyatsiz ekanligini kayfiyatidan, avzoyidan bilib olish qiyin emasdi. Agar manba muhim bo‘lsa, domla darhol jiddiy tortib, uning qadrli jihatlarini aytar, agar ikkinchi darajali hisoblansa, biroz kamgap bo‘lib, tortinib, go‘yo so‘zlash malol kelayotgandek qisqacha fikr bildirardi. Men Vadud Mahmud ijodini o‘rganib yurgan kezlarimda bu adabiyotshunos to‘g‘risida bir necha bor ilhom bilan gapirganiga guvoh bo‘lganman.

Begali Qosimov adabiyotning qay bir sohasi to‘g‘risida yozish yoki gapirish lozim bo‘lsa, biror manbani izlab yurmasdan qo‘yilgan masala yuzasidan bemalol soatlab gaprishi mumkin edi. Domla qalbi daryo inson edi. Ilmga limmo-lim to‘lib turgan bir daryo ediki, undan qanchadan-qancha ilmga chanqoq shogirdlar suv ichgani bilan kamaymaydigan, aslo tugamaydigan bir daryo olim edi. Ustoz aynan shu to‘lib-toshib turgan holida kasallikka chalinib, vafot etgani biz shogirdlarni chuqur qayg‘uga soldi…

80-yillar oxirlarida Begali Qosimov o‘zbek filologiyasi fakulteti talabalariga mumtoz adabiyotimiz tarixidan, xususan, Alisher Navoiy ijodidan mazmundor ma’ruzalar o‘qir, domlaning uzoq muddatlar esda qoladigan imtihonlari bo‘lar edi. Albatta, bu jarayonda talabalarning bilim darajasi, dunyoqarashi turli usullarda xolis tekshirilar, ko‘p hollarda, garchand pastroq baho olsalar-da, talabalar domlaning juda obyektiv baho qo‘yganligini ochiq tan olishar edi…

Birinchi voqea: Alisher Navoiy ijodi yuzasidan ma’ruza va amaliy mashg‘ulotlar yakunlangan. B.Qosimovga aynan shu adabiy davr manbalaridan imtihon topshirishimiz kerak. Esimda, men “Hayrat ul-abror”ning kompozitsion qurilishi bilan bog‘liq savolga javob berganman…

Sirdaryolik bir qiz kursdoshimizga Navoiyning hayotiga oid ma’lumotlarni so‘ylash lozim bo‘lgan. Albatta, har kimga ma’lum haqiqat — Alisherning Hirotda tavallud topganligi, ota-onasining kimligi, Husayn Boyqaro bilan birga o‘qigani, bolaligi gapirilgan. Biroq talaba qiz kutilmaganda Hirot tegrasida aylanib qolgan va beixtiyor imtihon oluvchi professorning e’tiborini o‘ziga jalb etgan. Shunda domla aniqlovchi savolni berishni majbur bo‘ladi:

— To‘g‘ri aytasiz, Hirot — Alisher Navoiy tug‘ilgan joy. Xo‘sh, Hirot qayerda joylashgan ekan? (Jimlik.) Toshkent bilan Samarqand orasidami yoki Toshkent bilan Bekobod oralig‘ida?

Saboqdoshimiz Toshkent — Samarqand orasida Guliston, Jizzax shaharlari borligini, Hirot bu atrofda emasligini yaxshi bilgan. Biroq Toshkent-Bekobod tomonlarga yo‘li tushmagan, geografiya fanidan ham savodi o‘ziga yarash ekan, chamasi, domlaning chalg‘itib tekshiruvchi “javob”ining ikkinchi variantini tanlaydi:

— Hirot Toshkent bilan Bekobod orasida joylashgan, domla.
— Ha, shunaqami? — domla uning sinov daftarchasini yopib qo‘liga tutqazadi: — Chiqing, tayyorlanib kelasiz…

Ikkinchi voqea: Bizdan bir kurs keyin o‘qigan Teshabek yozda uylanishi kerak. Ammo ketolmaydi. Yozgi sessiyani yopmagan. B.Qosimov fanidan qarzdor. Nima qilsin? Allaqaysi domlalarga qo‘llagan usulini ishga solmoqchi bo‘ladi. Avval, domlaning uy adresini bilib oladi. So‘ngra kursdoshi Botir bilan bozorga tushadi. Bozorlik qilgan bo‘ladi. Begali Qosimov eshikni ochganda qarzdor talabani, qolaversa, qo‘lida allanimalar ko‘tarib kelganini ko‘rib hayratga tushadi. Mulozamat uchun til uchida: “Kelinglar”, deydi. Domlaning salobati bosgan ikki kursdoshning tili kalimaga kelmaydi. Teshabek nima qilarini bilmay darhol maqsadga ko‘chadi bir amallab: “Qarzdor edim. Imtihon topshirishim kerak edi. Uydagilar kutib turibdi. Uylantirmoqchi edilar…”. Suhbat uzoq cho‘zilmaydi. Domla qisqa gapiradi: “Sizga kim aytdi Begali Qosimov uyida imtihon olarmish deb?”. Bunday savolning javobi og‘ir, albatta. Teshabek tildan oladi. Yordamchi Botir ming‘illaydi. “Endi domla, shu o‘rtog‘imiz…”. Tabiiyki, B.Qosimovning: “Siz o‘rtada dallol bo‘lib keldingizmi?”, degan kinoyali pisandasidan keyin Botir ham tildan qoladi. Begali Qosimov ana shunday toza bir muallim edi. Bu jihatdan ham ko‘pchilikka ibrat edi.

Begali Qosimovning ilmiy risola va maqolalarida ham mavzu-muammoga xolis yondashuvi yaqqol sezilib turadi.

Bir toifa odamlar borki, faqat oddiy gapni emas, balki butun boshli jumlalarni yoshi va ilmiy darajasiga ko‘ra o‘zidan quyiroq kasbdoshlaridan ko‘chirib, o‘z fikri sifatida maqolalariga va hatto kitoblariga kiritib yuboraveradi. Aynan shu toifa olimlar boshqa tillardan tarjima qilingan yoki eski o‘zbek yozuvidan tabdil etilgan manbalardan zarur o‘rinlarda foydalanib, qora mehnatini bajargan kimsalarning ism-sharifini yozib o‘tishni “unutib” qoldiradi.

Meningcha, bu toifadagi yoshu keksa olimlarga B.Qosimov ilmiy faoliyatidagi bag‘rikenglik, birovlar mehnatini qadrlash prinsipi saboq bo‘lardi. To‘g‘risi, yuqoridagi fikr-mulohazalar adabiyotshunos ustozimiz tomonidan so‘zboshi va izohlar bilan nashr etilgan Mahmudxo‘ja Behbudiyning “Tanlangan asarlar”ini o‘qish jarayonida xayolimga kelgan edi. B.Qosimov unda Behbudiy ijodiga tegishli maqola yozgan va yoki kichik bir manbani tabdil qilgan talaba-tadqiqotchilar xizmatini ham ta’kidlab o‘tishni lozim ko‘rgan. Aslida, ilmiy etikaning oddiy talabi ham shudir.

Begali Qosimov so‘zi amaliga muvofiq keladigan haqiqatgo‘y va to‘g‘riso‘z, chin ma’nodagi millatparvar bir inson edi. Shu bois har qaysi tadbir yoki anjumanlarda o‘zini ko‘rsatib, kuyib-pishib gapiradigan, ammo so‘zi amaliga teskari yuradigan soxta millatparvar kimsalarni yoqtirmasdi. Garchand ochiq gapirmasa ham, gohida jimgina o‘tirgan sabr-bardoshli domlaning iztirobli yuzidan bu holat sezilib turar edi…

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2007 yil 39-soni

055

(Tashriflar: umumiy 2 035, bugungi 1)

Izoh qoldiring