Садулло Қуронов
ФАХРИЁР ШЕЪРИЯТИДА ФОЛЬКЛОРИЗМ
ХIХ аср охирларига келиб фалсафа ва санъатда борлиқни ўзга бир йўсинда англашга, ифодалашга уринишлар кучаяди. Ф.Ницше, З. Фрейд, А.Бергсон, У.Жеймс каби мутафаккирларнинг қарашларидан таъсирланган ижодкорлар санъатга янги, модернизм йўналишини олиб кирдилар. Бу йўналишнинг устувор хусусиятлари реалликни рад этиш асосига қурила бошланди.
Ўтган асрнинг сўнгига келиб модернизм ўзбек адабиётига ҳам кучли таъсир кўрсата бошлади. Фахриёр, Назар Эшонқул, Баҳром Рўзимуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Абдували Қутбиддин каби кўплаб ижодкорлар асарларида шу йўналишнинг хос хусусиятлари яққол кўзга ташланади.
Модернизмнинг илк даврлариданоқ бу йўналишда ижод этувчи санъаткорларда миф, қадимги афсона ва ривоятларга қизиқиш юқори бўлган. Айниқса, Ф.Кафка, Т.Манн, Б. Брехт каби ижодкорлар асарларида бу жиҳатнинг устуворлиги кўзга ташланади. Ўзбек модерн адабиётида ҳам фолклор намуналарига мурожаат кучли. Ҳозирча, бу жиҳатни шеъриятимизда кўпроқ кузатиш мумкин. Айниқса, Фахриёр ижодида мифик образлар, афсона ва ривоятлардаги сюжет, мотивларини кузатишимиз мумкин бўлади:
Онам болалигимда,
бу ёмғирда тулки болалайди, дегучи эди.
Офтобнинг чанг, тўғри чизиқ томирларидан
тўралган (тулкичалар) каттарган сари
— шаклини йўқотиб боради тобора.
Кўриниб турибдики, бу ўринда шеърий ифодадаги мифик образларнинг аҳамияти юқори(тулкилик – айёрлик рамзи, асарнинг кейинги қисмларида ушбу мифик образнинг аҳамияти янада ойдинлашади). Умуман олганда модернизм йўналишидаги намуналарда мифларнинг муҳим ўрин олиши табиий ҳодиса. Миф инсон ожизлигининг маҳсулидир. Миф ҳали одамлар тушунмаган, уларни ҳайратга солган, қўрқитган ва севинтирган олам силсилаларининг ўзига хос йўсиндаги англаниши демакдир. Кўринадики, миф – инсоннинг айқаш-уйқаш тасаввурлари меваси. Биз инсонлар хоҳласакда мифик тафаккурдан воз кеча олмаймиз. Миф гўдаклигизмиздан буён бизнинг онгимизга, қонимизга сингиб улгурган. Модернизмнинг устувор ифодавий хусусиятлари ҳам инсон онгининг туб-тубидаги пучмоқларни тасвирлашдан иборат. Бу ўринда мифик образ ифодавийликдаги бир восита холос. Яъни, бу каби образлар воситасида онг ости қатламларида яшириниб ётган ҳисларни қўзғатиб юбориш осон кечади.
Юқоридаги фикрларимизга янада аниқлик киритадиган бўлсак, модернизм учун асос бўлган фалсафий тушунчаларга муражат этишга эҳтиёж туғилади. ХИХ асрнинг охирларига келиб файласуфлар инсон фақатгина онги воситасида фикр юритмаслигини, балки у баъзан ҳиссиётга таянган ҳолда ҳам мушоҳада юритишини эътироф эта бошладилар. Зигмун Фрейд инсон ўз ҳислари кўмагида фикр юритсагина олам ҳодисаларини моҳиятан англаши мумкин эканлигини тасдиқлайди. Унинг издоши Карл Густав Юнг психология илмига “Жамоавий онгсизлик” тушунчасини киритади. “Юнг фикрича, психика ниманингдир ҳосиласи эмас, у бирламчи ва инсон борлиғини аниқлаб берувчи асосий принтсипдир. Жамоавий онгсизлик – инсон онгининг дастлабки ҳолати.” Юнгнинг назариясига кўра психикани англаш бутун тирик мавжудотларнинг уйғун жиҳатларини ҳис этиш билан амалга оширилади. Бундай ҳолат айнан ибтидоий одамларда яққол кузатилсада, барча ижтимоий даврлардаги инсон руҳиятига бирдай дахлдордир.
Кўриниб турибдики, модернизм йўналиши вакиллари инсон ибтидосидаги руҳиятни қидирганлар. Унинг онгсиз, табиат билан уйғун ҳолатидаги ички руҳият манзараларини ифодалашга уринганлар. Инсоннинг ибтидоий тафаккури эса ўз-ўзидан миф, асотир ва афсоналарга бориб тақалади…
Мифик образлар ўқувчи хаёлотида ўзига хос таассуротни уйғотишлиги билан аҳамиятлидир. Мисол учун Фахриёрнинг “Кузда” шеъридаги бир мисрани олиб қарайлик: “Сариқлик – тош ранги, ялмоғиз тошнинг”. Ушбу шеърда кузги манзаралар ва қаҳрамоннинг фалсафий мушоҳадалари уйғунлашиб кетган. Келтирилган мисрадаги тош образига икки хил сифат берилмоқда – сариқлик ва ялмоғизлик. Болаликда(баъзилар ҳар доим) фолклордаги Ялмоғизнинг борлигига ишонмаган, уни эслаб зир-зир титроқ босмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Шеърдаги тошни кузатарканмиз у – сариқ. Сариқ тош образи тасаввурда ялмоғизлик ва у уйғотган ҳислар билан уйғунлашиб кетаркан, кўз олдимизда ўзгача хусусиятларга эга “тош” гавдаланади. Айни шу “тош” ифодавийликдаги кейинги манзаралар учун айни муддаодир…
Фахриёр ижодининг фолклор намуналари билан уйғунлигини ўрганарканмиз, бу борада шоирнинг “Ёзиқ” ва “Аёлғу” достонлари жуда аҳамиятлидир. Ушбу асарлар бир қанча хусусиятларига кўра постмодернизм йўналишини ҳам ёдга солади. Чунки, бу асарларда халқ оғзаки ижоди, тарих лавҳалари, санъат асарлари, диний тушунча ва ривоятлар каби кўплаб соҳа намуналарига бевосита ва билвосита мурожаат, пародия, киноя яққол кузатилади. Постмодернизм методида бу ҳолат интертекстуал ўйин деб аталади:
Нилуфар кўйлагин бозорга солар,
Тангасини санайди сув парилари…
Нилуфарнинг кўйлагини сотиб олгани
Ёсуманнинг нафақаси етмайди…
Бу ўринда Ёсуман ва сув парилари каби мифик образлар муайян бир тасвирий восита сифатидагина келтирилиб, улар билан алоқадор сюжет воқелигига ишора сезилмайди. Аммо қуйидаги парчага нисбатан бундай муносабат билдириб бўлмайди:
Кунгабоқар қулоқни тунда
Ғор – қудуққа ташлаб юборар.
Қамиш униб чиқар ундан,
ё раб…
Бозингар ютган қилич цингари
Қудуқнинг бўғзига қамиш қадалар.
Чўпон йўқ битта най ясаб олгани,
қишлоққа қайтмади ҳали подалар.
Ха, бу болалигимизда кўп эшитган “Искандарнинг шохи бор” афсонасидаги сюжет мотиви. Аммо ижодкор мақсадига кўра бир мунча ўзгаришлар киритилган. Яъни қудуқ ичига сартарош бақирмай, кунгабоқар эшитилганлар(қулоқ)ни қудуққа ташлайди ва ҳ.к. Дастлабки парчалардан фарқли ўлароқ, бу ўринда ифодавий восита қаҳрамонлар эмас, балки сюжет мотиви. Икки ҳолда ҳам фолклор намуналари ижодкорнинг бадиий-ғоявий мақсади учун хизмат қилмоқда.
Шоирнинг онги ва қалбида чарх ураётган ғоя, ҳисларнинг образли ифодаси учун фолклор намуналари асос бўлаётган экан. Демак, ушбу намуналар шаклан ва ёҳуд мазмун жиҳатидан ифодавийликдаги мақсадга яқин туради. “Ёзиқ” шеърида халқ оғзаки ижоди намуналарининг асосан шаклий хусусиятлари эътиборга олиниб, маъно қайта яратилади. Дейлик сув париларига хос латофат, инсонларга ёрдам беришлик ёки аксинча жодулаб сувга ғарқ этишлик каби мазмун хусусиятлари тасвирда аҳамиятсиз. Аҳамиятли жиҳати уларнинг ташқи кўринишида. Уларнинг ярми аёл, ярми балиқ – тангали балиқ. Ёки Ёсуманнинг қаҳратон совуқ келтиришлиги эмас, балки қариялиги мухим. Қариялар эса нафақа оладилар… Искандар ҳақидаги афсонанинг сюжети ва мазмуни эса тубдан ўзгартирилади. Энди қудуқ, қамиш, най, чўпон каби образлар жар солувчи эмас, балки, айта олинмаётган, жар солинмаётган, бўгизда қолиб кетаётган ва шунга маҳкум бўлган дардларнинг рамзига айланиб қолади…
Шеърда яна дев – қурбақа ва фаришта, Жамшид, қалдирғоч, Хотамтой каби миф, эртак, ривоят қаҳрамонларини кўришимиз мумкин бўлади. Бу ўринда асардаги дев, қурбақа ва фаришталар билан боғлиқ сюжет чизиқлари ҳайратланарли даражада мазмундор ва таъсирли ифодаланади:
Гулнинг косасига қуйиб ичар Вақт
мени лиммо-лим.
Жоним қурбақага айланади:
ВАҚҚ!
Ким,
девмикин, жонимни қирқ фариштага
нимталаб нонушта ҳозирлаётган.
“Карнай бўлсин иштаҳа”
Шоирнинг нақадар буюк истеъдод соҳиби эканлигидан дарак бериб турувчи бу мисралар мазмун ва шаклий жиҳатдан мукаммалдир… Бир қарашда парчадаги қурбақа кўчма маънодаги бадиий образдай таассурот уйғотади. Умуман. дев ва қирқ фаришта образларининг ҳам фолклор қаҳромонлари эканлиги ҳис қилиниб турилса-да муайян сюжет билан алоқадорлиги сезилмайди. Бу ҳақида ўқувчи кейинроқ, йирик ҳажмдаги шеърнинг ярмига бориб қолганда хабар топади:
Тарих – гуноҳлар – турнақатор.
Ёзиққа термулар кўр(савод) сичқон.
Девнинг ҳарамидан қочган қурбақа ҳам
гўрга келиб битикларни ҳижжалар, не тонг!..
Англашиладики, шеърдаги сюжетда дев, унинг қирқ фариштадан иборат ҳарами ва унда тутқин қурбақа(лирик қаҳрамон) мавжуд. Мураккаб компазицион қурилиш ва сюжетга эга бўлган ушбу шеърдаги фолклор мотиви, биринчидан, бадиий-ғоявий мақсад учун ҳизмат қилса, иккинчидан, айқаш-уйқаш, тартибсиз таҳайюллар уйимидай таассурор бераётган сюжет чизиғини изчил, тартибли кетма-кетликдаги ҳодисотлар эканлигини ўқувчига эслатиб қўяди. Яъни асарнинг илк мисраларида қурбақа, дев, фаришта образлари асосида лирик туйғулар ифода этилиб, улар таъсирида тунги манзара ва таассуротлар (воқелик тунда содир бўлади) чизилади. Қурбақанинг ҳарамдан қочиши эса сюжетдаги иккинчи босқич ? “Тонг – чолдевор оқарар. Айрилиқ, айрилиқ, айрилиқ”. Эндиликдаги воқелик кундузга кўчади. Қурбақанинг ғорга бориши, ғорнинг тик туриб кетиши ва қудуққа айланиб қолиши воқеаларининг бари кундузда, кейинги бочқичда содир бўлади. Умуман олганда, асарни тушуниш, ҳис қилиш учун ҳар бир образга моҳиятан ёндашиш, компазицион қурилишни кузатиш ва асосийси ижодкорнинг тасаввур оқимига шўнғиш – сузиш талаб этилади.
Фахриёрнинг “Аёлғу” достонида ҳам жуда кўплаб миф, афсона, эртак қаҳрамонлари ва сюжет мотивлари келтирилади. Бу борада шоирнинг ўзи шундай дейди: “Достоннинг номи ҳам рамзий: унутилган тарих, миллат хотирасини асотирлар ёрдамида тиклашга бир уриниш бўлган эди бу”. Беш жуфт тахайюлдан иборат ушбу шеърнинг еттинчи таҳайюли тўлалигича халқ оғзаки ижодидаги образлар асосида қурилади:
бир кеча туш
шернинг тирноғини бўйнига
тумор қилиб таққан
шоҳнинг хотини
тумсо маликага
инчи иқлимдан
зангори олма келтириб берди
олмани еди у русумга кўра…
маликанинг кўзи ёриди
ой кўрсаки малика
шахзода ўрнига бўри туғибди
кўмкўк бўривачча…
Турли халқлар оғзаки ижодида маликанинг бўри туғиши ҳақидаги сюжет мотивлари мавжуд. Лекин Фахриёр яратган воқеликка бир фолклор намунасига нисбатан интертекстуал ўйин деб хулоса чиқара олмаймиз. Бу воқеликда бир неча мифик образлар, достон мотивлари ҳам мавжуд. Яъни, ижодкор мақсади йўлида бирқанча фолклор намуналари синтезини ҳосил қилади:
сандиқларни тобут қилдилар
шахзода оқмаган сандиқлар
Бу ерга “Тоҳир ва Зуҳра” достонидаги Тохирга ишора бор. Умуман, сандиқ образи асарнинг бошқа қисмларида ҳам айни шу ишора билан учрайди. Кейинги мисраларда биз яна бир мифик образни кўришимиз мумкин бўлади:
Орзуларин
чумчуқ замон териб кетган шоҳ
қафасдан учирди толе қушини
тахтга ворис излаб учиб кетди қуш
вилоятларга
Фахриёр бир неча сюжет мотивларини қориштирган ҳолда янги бир бутун воқеани яратади. Шоирнинг юқоридаги гапларига таянадиган бўлсак, кўк бўри образи қадимги туркий халқларни ёдга солади. Ривоятларда келтирилишича, турклар бўридан тарқалган эмиш. Уларни “Кўк турклар” деб ном қозонганлиги ҳам маълум ҳақиқатдир.
Мифологик мактаб вакиллари адабиёт ва санъатнинг вужудга келишига мифлар асос бўлган дея таъкидлайдилар. Бу мактабга кўра миф поезиянинг жавҳаридир. Умуман олганда, ХИХ асрга келиб санъатнинг янги босқичдаги ривожи ҳам бевосита фолклор билан муштарак боғлиқдир. Бу ҳақида “Адабиётшунослик луғатида” шундай ёзилади: “Зеро, класситсизм даври сиғинган антик эталонлардан, маърифатчилик топинган ақл култидан безган романтизм вакиллари халқ оғзаки ижодида чинакам экзотика, битмас-туганмас хазинани кўрдилар”. Демак, халқ оғзаки ижоди доимо ёзма адабиёт учун илҳом манбаи бўлиб келган. Унинг замиридаги чинакам бадиият, фалсафа ва умуминсоний қадриятлар ифодаси модерн санъаткорлар ижодида ҳам ўзига хос талқинда намоён бўлмоқда.
Sadullo Quronov
FAXRIYOR SHE’RIYATIDA FOLKLORIZM
XIX asr oxirlariga kelib falsafa va san’atda borliqni o‘zga bir yo‘sinda anglashga, ifodalashga urinishlar kuchayadi. F.Nitsshe, Z. Freyd, A.Bergson, U.Jeyms kabi mutafakkirlarning qarashlaridan ta’sirlangan ijodkorlar san’atga yangi, modernizm yo‘nalishini olib kirdilar. Bu yo‘nalishning ustuvor xususiyatlari reallikni rad etish asosiga qurila boshlandi.
O’tgan asrning so‘ngiga kelib modernizm o‘zbek adabiyotiga ham kuchli ta’sir ko‘rsata boshladi. Faxriyor, Nazar Eshonqul, Bahrom Ro‘zimuhammad, Ulug‘bek Hamdam, Abduvali Qutbiddin kabi ko‘plab ijodkorlar asarlarida shu yo‘nalishning xos xususiyatlari yaqqol ko‘zga tashlanadi.
Modernizmning ilk davrlaridanoq bu yo‘nalishda ijod etuvchi san’atkorlarda mif, qadimgi afsona va rivoyatlarga qiziqish yuqori bo‘lgan. Ayniqsa, F.Kafka, T.Mann, B. Brext kabi ijodkorlar asarlarida bu jihatning ustuvorligi ko‘zga tashlanadi. O’zbek modern adabiyotida ham folklor namunalariga murojaat kuchli. Hozircha, bu jihatni she’riyatimizda ko‘proq kuzatish mumkin. Ayniqsa, Faxriyor ijodida mifik obrazlar, afsona va rivoyatlardagi syujet, motivlarini kuzatishimiz mumkin bo‘ladi:
Onam bolaligimda,
bu yomg‘irda tulki bolalaydi, deguchi edi.
Oftobning chang, to‘g‘ri chiziq tomirlaridan
to‘ralgan (tulkichalar) kattargan sari
— shaklini yo‘qotib boradi tobora.
Ko‘rinib turibdiki, bu o‘rinda she’riy ifodadagi mifik obrazlarning ahamiyati yuqori(tulkilik – ayyorlik ramzi, asarning keyingi qismlarida ushbu mifik obrazning ahamiyati yanada oydinlashadi). Umuman olganda modernizm yo‘nalishidagi namunalarda miflarning muhim o‘rin olishi tabiiy hodisa. Mif inson ojizligining mahsulidir. Mif hali odamlar tushunmagan, ularni hayratga solgan, qo‘rqitgan va sevintirgan olam silsilalarining o‘ziga xos yo‘sindagi anglanishi demakdir. Ko‘rinadiki, mif – insonning ayqash-uyqash tasavvurlari mevasi. Biz insonlar xohlasakda mifik tafakkurdan voz kecha olmaymiz. Mif go‘dakligizmizdan buyon bizning ongimizga, qonimizga singib ulgurgan. Modernizmning ustuvor ifodaviy xususiyatlari ham inson ongining tub-tubidagi puchmoqlarni tasvirlashdan iborat. Bu o‘rinda mifik obraz ifodaviylikdagi bir vosita xolos. Ya’ni, bu kabi obrazlar vositasida ong osti qatlamlarida yashirinib yotgan hislarni qo‘zg‘atib yuborish oson kechadi.
Yuqoridagi fikrlarimizga yanada aniqlik kiritadigan bo‘lsak, modernizm uchun asos bo‘lgan falsafiy tushunchalarga murajat etishga ehtiyoj tug‘iladi. XIX asrning oxirlariga kelib faylasuflar inson faqatgina ongi vositasida fikr yuritmasligini, balki u ba’zan hissiyotga tayangan holda ham mushohada yuritishini e’tirof eta boshladilar. Zigmun Freyd inson o‘z hislari ko‘magida fikr yuritsagina olam hodisalarini mohiyatan anglashi mumkin ekanligini tasdiqlaydi. Uning izdoshi Karl Gustav Yung psixologiya ilmiga “Jamoaviy ongsizlik” tushunchasini kiritadi. “Yung fikricha, psixika nimaningdir hosilasi emas, u birlamchi va inson borlig‘ini aniqlab beruvchi asosiy printsipdir. Jamoaviy ongsizlik – inson ongining dastlabki holati.” Yungning nazariyasiga ko‘ra psixikani anglash butun tirik mavjudotlarning uyg‘un jihatlarini his etish bilan amalga oshiriladi. Bunday holat aynan ibtidoiy odamlarda yaqqol kuzatilsada, barcha ijtimoiy davrlardagi inson ruhiyatiga birday daxldordir.
Ko‘rinib turibdiki, modernizm yo‘nalishi vakillari inson ibtidosidagi ruhiyatni qidirganlar. Uning ongsiz, tabiat bilan uyg‘un holatidagi ichki ruhiyat manzaralarini ifodalashga uringanlar. Insonning ibtidoiy tafakkuri esa o‘z-o‘zidan mif, asotir va afsonalarga borib taqaladi…
Mifik obrazlar o‘quvchi xayolotida o‘ziga xos taassurotni uyg‘otishligi bilan ahamiyatlidir. Misol uchun Faxriyorning “Kuzda” she’ridagi bir misrani olib qaraylik: “Sariqlik – tosh rangi, yalmog‘iz toshning”. Ushbu she’rda kuzgi manzaralar va qahramonning falsafiy mushohadalari uyg‘unlashib ketgan. Keltirilgan misradagi tosh obraziga ikki xil sifat berilmoqda – sariqlik va yalmog‘izlik. Bolalikda(ba’zilar har doim) folklordagi Yalmog‘izning borligiga ishonmagan, uni eslab zir-zir titroq bosmagan insonning o‘zi bo‘lmasa kerak. She’rdagi toshni kuzatarkanmiz u – sariq. Sariq tosh obrazi tasavvurda yalmog‘izlik va u uyg‘otgan hislar bilan uyg‘unlashib ketarkan, ko‘z oldimizda o‘zgacha xususiyatlarga ega “tosh” gavdalanadi. Ayni shu “tosh” ifodaviylikdagi keyingi manzaralar uchun ayni muddaodir…
Faxriyor ijodining folklor namunalari bilan uyg‘unligini o‘rganarkanmiz, bu borada shoirning “Yoziq” va “Ayolg‘u” dostonlari juda ahamiyatlidir. Ushbu asarlar bir qancha xususiyatlariga ko‘ra postmodernizm yo‘nalishini ham yodga soladi. Chunki, bu asarlarda xalq og‘zaki ijodi, tarix lavhalari, san’at asarlari, diniy tushuncha va rivoyatlar kabi ko‘plab soha namunalariga bevosita va bilvosita murojaat, parodiya, kinoya yaqqol kuzatiladi. Postmodernizm metodida bu holat intertekstual o‘yin deb ataladi:
Nilufar ko‘ylagin bozorga solar,
Tangasini sanaydi suv parilari…
Nilufarning ko‘ylagini sotib olgani
Yosumanning nafaqasi yetmaydi…
Bu o‘rinda Yosuman va suv parilari kabi mifik obrazlar muayyan bir tasviriy vosita sifatidagina keltirilib, ular bilan aloqador syujet voqeligiga ishora sezilmaydi. Ammo quyidagi parchaga nisbatan bunday munosabat bildirib bo‘lmaydi:
Kungaboqar quloqni tunda
G’or – quduqqa tashlab yuborar.
Qamish unib chiqar undan,
yo rab…
Bozingar yutgan qilich singari
Quduqning bo‘g‘ziga qamish qadalar.
Cho‘pon yo‘q bitta nay yasab olgani,
qishloqqa qaytmadi hali podalar.
Xa, bu bolaligimizda ko‘p eshitgan “Iskandarning shoxi bor” afsonasidagi syujet motivi. Ammo ijodkor maqsadiga ko‘ra bir muncha o‘zgarishlar kiritilgan. Ya’ni quduq ichiga sartarosh baqirmay, kungaboqar eshitilganlar(quloq)ni quduqqa tashlaydi va h.k. Dastlabki parchalardan farqli o‘laroq, bu o‘rinda ifodaviy vosita qahramonlar emas, balki syujet motivi. Ikki holda ham folklor namunalari ijodkorning badiiy-g‘oyaviy maqsadi uchun xizmat qilmoqda.
Shoirning ongi va qalbida charx urayotgan g‘oya, hislarning obrazli ifodasi uchun folklor namunalari asos bo‘layotgan ekan. Demak, ushbu namunalar shaklan va yohud mazmun jihatidan ifodaviylikdagi maqsadga yaqin turadi. “Yoziq” she’rida xalq og‘zaki ijodi namunalarining asosan shakliy xususiyatlari e’tiborga olinib, ma’no qayta yaratiladi. Deylik suv parilariga xos latofat, insonlarga yordam berishlik yoki aksincha jodulab suvga g‘arq etishlik kabi mazmun xususiyatlari tasvirda ahamiyatsiz. Ahamiyatli jihati ularning tashqi ko‘rinishida. Ularning yarmi ayol, yarmi baliq – tangali baliq. Yoki Yosumanning qahraton sovuq keltirishligi emas, balki qariyaligi muxim. Qariyalar esa nafaqa oladilar… Iskandar haqidagi afsonaning syujeti va mazmuni esa tubdan o‘zgartiriladi. Endi quduq, qamish, nay, cho‘pon kabi obrazlar jar soluvchi emas, balki, ayta olinmayotgan, jar solinmayotgan, bo‘gizda qolib ketayotgan va shunga mahkum bo‘lgan dardlarning ramziga aylanib qoladi…
She’rda yana dev – qurbaqa va farishta, Jamshid, qaldirg‘och, Xotamtoy kabi mif, ertak, rivoyat qahramonlarini ko‘rishimiz mumkin bo‘ladi. Bu o‘rinda asardagi dev, qurbaqa va farishtalar bilan bog‘liq syujet chiziqlari hayratlanarli darajada mazmundor va ta’sirli ifodalanadi:
Gulning kosasiga quyib ichar Vaqt
meni limmo-lim.
Jonim qurbaqaga aylanadi:
VAQQ!
Kim,
devmikin, jonimni qirq farishtaga
nimtalab nonushta hozirlayotgan.
“Karnay bo‘lsin ishtaha”
Shoirning naqadar buyuk iste’dod sohibi ekanligidan darak berib turuvchi bu misralar mazmun va shakliy jihatdan mukammaldir… Bir qarashda parchadagi qurbaqa ko‘chma ma’nodagi badiiy obrazday taassurot uyg‘otadi. Umuman. dev va qirq farishta obrazlarining ham folklor qahromonlari ekanligi his qilinib turilsa-da muayyan syujet bilan aloqadorligi sezilmaydi. Bu haqida o‘quvchi keyinroq, yirik hajmdagi she’rning yarmiga borib qolganda xabar topadi:
Tarix – gunohlar – turnaqator.
Yoziqqa termular ko‘r(savod) sichqon.
Devning haramidan qochgan qurbaqa ham
go‘rga kelib bitiklarni hijjalar, ne tong!..
Anglashiladiki, she’rdagi syujetda dev, uning qirq farishtadan iborat harami va unda tutqin qurbaqa(lirik qahramon) mavjud. Murakkab kompazitsion qurilish va syujetga ega bo‘lgan ushbu she’rdagi folklor motivi, birinchidan, badiiy-g‘oyaviy maqsad uchun hizmat qilsa, ikkinchidan, ayqash-uyqash, tartibsiz tahayyullar uyimiday taassuror berayotgan syujet chizig‘ini izchil, tartibli ketma-ketlikdagi hodisotlar ekanligini o‘quvchiga eslatib qo‘yadi. Ya’ni asarning ilk misralarida qurbaqa, dev, farishta obrazlari asosida lirik tuyg‘ular ifoda etilib, ular ta’sirida tungi manzara va taassurotlar (voqelik tunda sodir bo‘ladi) chiziladi. Qurbaqaning haramdan qochishi esa syujetdagi ikkinchi bosqich ? “Tong – choldevor oqarar. Ayriliq, ayriliq, ayriliq”. Endilikdagi voqelik kunduzga ko‘chadi. Qurbaqaning g‘orga borishi, g‘orning tik turib ketishi va quduqqa aylanib qolishi voqealarining bari kunduzda, keyingi bochqichda sodir bo‘ladi. Umuman olganda, asarni tushunish, his qilish uchun har bir obrazga mohiyatan yondashish, kompazitsion qurilishni kuzatish va asosiysi ijodkorning tasavvur oqimiga sho‘ng‘ish – suzish talab etiladi.
Faxriyorning “Ayolg‘u” dostonida ham juda ko‘plab mif, afsona, ertak qahramonlari va syujet motivlari keltiriladi. Bu borada shoirning o‘zi shunday deydi: “Dostonning nomi ham ramziy: unutilgan tarix, millat xotirasini asotirlar yordamida tiklashga bir urinish bo‘lgan edi bu”. Besh juft taxayyuldan iborat ushbu she’rning yettinchi tahayyuli to‘laligicha xalq og‘zaki ijodidagi obrazlar asosida quriladi:
bir kecha tush
sherning tirnog‘ini bo‘yniga
tumor qilib taqqan
shohning xotini
tumso malikaga
inchi iqlimdan
zangori olma keltirib berdi
olmani yedi u rusumga ko‘ra…
malikaning ko‘zi yoridi
oy ko‘rsaki malika
shaxzoda o‘rniga bo‘ri tug‘ibdi
ko‘mko‘k bo‘rivachcha…
Turli xalqlar og‘zaki ijodida malikaning bo‘ri tug‘ishi haqidagi syujet motivlari mavjud. Lekin Faxriyor yaratgan voqelikka bir folklor namunasiga nisbatan intertekstual o‘yin deb xulosa chiqara olmaymiz. Bu voqelikda bir necha mifik obrazlar, doston motivlari ham mavjud. Ya’ni, ijodkor maqsadi yo‘lida birqancha folklor namunalari sintezini hosil qiladi:
sandiqlarni tobut qildilar
shaxzoda oqmagan sandiqlar
Bu yerga “Tohir va Zuhra” dostonidagi Toxirga ishora bor. Umuman, sandiq obrazi asarning boshqa qismlarida ham ayni shu ishora bilan uchraydi. Keyingi misralarda biz yana bir mifik obrazni ko‘rishimiz mumkin bo‘ladi:
Orzularin
chumchuq zamon terib ketgan shoh
qafasdan uchirdi tole qushini
taxtga voris izlab uchib ketdi qush
viloyatlarga
Faxriyor bir necha syujet motivlarini qorishtirgan holda yangi bir butun voqeani yaratadi. Shoirning yuqoridagi gaplariga tayanadigan bo‘lsak, ko‘k bo‘ri obrazi qadimgi turkiy xalqlarni yodga soladi. Rivoyatlarda keltirilishicha, turklar bo‘ridan tarqalgan emish. Ularni “Ko‘k turklar” deb nom qozonganligi ham ma’lum haqiqatdir.
Mifologik maktab vakillari adabiyot va san’atning vujudga kelishiga miflar asos bo‘lgan deya ta’kidlaydilar. Bu maktabga ko‘ra mif poeziyaning javharidir. Umuman olganda, XIX asrga kelib san’atning yangi bosqichdagi rivoji ham bevosita folklor bilan mushtarak bog‘liqdir. Bu haqida “Adabiyotshunoslik lug‘atida” shunday yoziladi: “Zero, klassitsizm davri sig‘ingan antik etalonlardan, ma’rifatchilik topingan aql kultidan bezgan romantizm vakillari xalq og‘zaki ijodida chinakam ekzotika, bitmas-tuganmas xazinani ko‘rdilar”. Demak, xalq og‘zaki ijodi doimo yozma adabiyot uchun ilhom manbai bo‘lib kelgan. Uning zamiridagi chinakam badiiyat, falsafa va umuminsoniy qadriyatlar ifodasi modern san’atkorlar ijodida ham o‘ziga xos talqinda namoyon bo‘lmoqda.
Manba’:http://quronov.narod.ru/
Maqolada shoirning mifik obrazlardan foydalnib ajoyib tashbehlar qilingani yaxshi yoritilgan,biroq Ularning nimaga xizmat qilayotgani tadqiq qilinmagan.Faxriyorning «Yoziq»dostonida mifik obrazlarning keltirilish sabablari,vazifalari mavjud.Bu esa zamon va makon bilan bog’liq tushuncha.