Asqar Mahkam. Oq kitob. Roman, she’riy qissa va badihalar & Barno Sultonova. Yana chiqqan jondek yonar lolalar

007Асқар Махкам таваллудининг 60 йиллиги олдидан

Юксак Ҳисор тоғларидан бошланган Кофарниҳон томонларда, Жангалобод қишлоғининг ён бошида жойлашган, наъматаклару ўриклар ўраган Гулмозорда бир қабр бор. Тириклардан йироқ,юлдузларга, ойу қуёшга яқин бир қабр. Гул билан мозор қўшилиб ном топган сокин маскан бағрида ўзбекнинг ардоқли шоири Асқар Маҳкам (Аллоҳ ўз раҳматига олсин) мангу уйқуда ётибди (Хуршид Давроннинг «Осмонга талпинган шоир» эссесидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Барно СУЛТОНОВА
“ЯНА ЧИҚҚАН ЖОНДЕК ЁНАР ЛОЛАЛАР”
07

“Яна қумурсқалар деворни ковлар
Яна чиққан жондек ёнар лолалар…”

Телеграмимда “Асқар Маҳкам ижоди” канали бор. Ким мени қўшган билмайман. Аммо ўша меҳрибонимдан бир умрга миннатдорман. Ўзбек адабиётини форс-тожик ва туркий классик шоирларимизнинг адабий меросидан илҳомланиб бойитган шоир ва таржимон Асқар Маҳкам ижодидан кўпроқ ва кўпроқ баҳраманд бўлишимга, шеърларининг ҳақиқий мухлисига айланишимга бу катта туртки бўлди. Унинг ижоди ёки ҳаёти ҳақида ёзишга маънавий ҳаққим борми йўқми билмайман. (Агар қайдадир янглиш фикр юритган бўлсам устозлардан узр сўрайман.) Шоир ва таржимон ҳақда қанчалар биламан ёки қанчалар қоронғу буни ҳам билмайман. Аммо унинг ҳаёти, унинг ижоди, унинг ўтмиши билан боғлиқ нимаики чоп этилган бўлса ўқишга ҳаракат қилиб билганим шу бўлдики, у ўзи айтганидек “шеърни қисмати” деб билган.

004Асқар Маҳкамнинг ўзи айтмоқчи бирда “боғбон” кейин “оғоч”га айланган “ситилган анор”дек, “махлуқотаро ишқ истаган” кўнглидан тизилиб қоғозга тушган сатрлари нима учун кўнгилга ёқади? Ўқигингиз, қайта-қайта ўқигингиз келаверади? Чунки унда дард бор. Юракдан ёзгани юракка етиб боради. Шоирнинг бир гапи бор: “Шеърига ўхшамаган шоир шоир эмас”. У шеърига ўхшаган шоир бўлган экан. Унинг устози ва ҳаммаслаги бўлган Шавкат раҳмон айтганидек у қаттиқ иймон шоири бўлган. Ўзи ёзганидек, “Иймонни нур дерлар, нурдир, нурдир у, Бу нурни кўрмаган кўрдир, кўрдир у…” ёки “сўз ва руҳ билан ёлғиз қолган шоир иймонли бўлса, бу жараён ибодатдир.”

Ҳа, у ижодни, адабиётни ибодат деб билган. “Адабиёт ибодат”. Асқар Маҳкамнинг Шавкат Раҳмон ҳақидаги хотира эссесини ўқирканман, якуни мени қаттиқ изтиробга солади: “…Қачон кетасан”ларни кейинчалик яна кўплаб адиб ва шоирлардан эшитдик. Тафаккури маҳаллий доирадан тажовуз қилмаган бундай кимсаларнинг уруғ-аймоқчилиги, “ўзиники”ни кўтар-кўтар қилиб, “бегона”ларни оёқ остига олиб эзғилашлари оддий ҳол эканлигини англаб етиш учун ҳали йигирма-ўттиз йил “бегоналарча” яшаш керак эди. Ва шундай яшадик ҳам… Сут билан кирган бу мудҳиш фожиа – касалликнинг даво топишига менинг кўзим етмайди. Эҳтимол жисму жони, руҳонияти пок, ўзлигини англаган, ақалли, ҳаммамиз бир Ота, бир Онанинг фарзанди эканлигимизни тушунадиган насллар келар, улар тили бир, наслу насаби бир, ирқи бир, аммо тарих тақозоси билан бошқа-бошқа сарҳадларда яшаётган миллатдошларини юзига тупурмас, уларнинг бетига эшикларини қарсиллатиб ёпмас, кўкрагидан итариб юбормас. Бизнинг ягона миллий фожиамиз худди ана шу – айни зиёлиларнинг маҳаллийчилиги эканлигини англаб етмагунимизча…” Ҳа, баъзан “ҳислари мозор каби чўккан” шоир келажакда шундай беғубор ва тоза насл келишини умид қилади. Жуда умид қилган.

Ижодкор истеъдодига баъзи адиблару шоирларнинг туҳмату таҳқирлари ҳақида ёзилган мақолаларни ўқиш жараёнида “ижодкор”ларнинг, “зиёлиларнинг” тубанлигидан ҳайратингиз ошади. Она, Ватан, Гўзаллик, Инсоф, Диёнат ҳақида тинмай китоб ёзган, ёзгани ўзига ўхшамайдиган бундай адибу шоирлар худди ана шундай мунофиқлик қилиши мумкинлигини ўйлайман. Асқар Маҳкам айтади: “Сўз асл маънода илоҳийдир. Сўз ҳамма истифода этиши мумкин бўлган Оллоҳ марҳаматидир. Чунончи, булоқдан одам ҳам, қуш ҳам баҳраманд бўлаверади. Сўз ёлғон бўлмайди. Унинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин. Агар бу ёлғончига барча ишонса, унда фалокат рўй беради.” Гўзаллик, муҳаббат ҳақида ёзган СЎЗнинг ёлғончи соҳибларидан нафратланиб кетасан беихтиёр.

Асқар Маҳкам ижоди ва ҳаёти ҳақидаги мақолаларни ўқирканман, бўғзимга тиқилган кўз ёшимни ичимга ютаман, ҳамхонам йиғлаётганимни кўришини истамайман, аммо ҳайқириқ бўғзимдан тошишга шошади, юрагим потирлайди, анчадан бери безовта қилмаётган бош оғриғим бирдан хуруж қилади, “ҳамхонам чиқиб кетсайди, ахир бошқа кўз ёшимни ушлаб туролмайман, тезроқ чиқиб кетсайди”, деган бесаранжомлик баттар юрагимни ҳовлиқтиради. Ниҳоят ҳамхонам тушликка чиқиб кетди, эшик қарсиллаб ёпилдию кўз ёшларим юзларимни ювиб-ювиб тушди, олдимдаги китобми, телефонми, қоғозма барчасига аёвсиз оқаверди. Кўз ёшларим тизгинсиз, қуйилиб келаверади, қуйилиб келаверади, ўйлайман менки шоирнинг ёзганларини ўқиб шу аҳволга тушдим, бундай аламларни бошидан ўтказган одамнинг кўз ёшлари шаффоф эмас қизил рангга айланганмикан? Сўзки, шеърки шунчалар изтиробли экан, юракдаги туйғуларнинг залвори қанчалик оғир бўлган? Туйғуларингизни, кўнглингиздаги ўзингиз ҳам англамаган ҳолатларни уйғотувчи, турткиловчи бундай мисралар, дардлар дардчил одамларни ўзига тортаверади, тортаверади. Наҳотки одам боласи бир-бирига шунчалик шавқатсизлик, шунчалик инсофсизлик қилса деб ўйлайман.

Биз ҳозир ҳам жим қараб тураётгандирмиз. Бу ҳаётнинг ноҳақликларидан, адолатсизликларидан кўнгли илвираб, ёки Шавкат Раҳмонга ҳаво етмай қолганидек ҳаво етмай қолиб, бирор хасталик орттириб эрта орамиздан ўтиб кетаётган, таланти туҳмату таҳқирларга учраётган яна бошқа Асқар Маҳкамлар орамизда йўқмикан? Уларнинг ортига қарай-қарай кетишига жим қараб тураверамизми? Ёки шоир айтанидек:

Олов қулларининг оловларини
Сўндирса сўндирар коҳинлар…
Ватан улкан жасад..
Жанозасини
Адо этар фақат хоинлар…
Йиғлама…
Очса очибди-да Шоҳнинг қабрини…
Бу ўша халқ ахир
Чорчўпга тортган…
Шоҳ нима
худонинг пайғамбарини…

Яна шоир айтганидек, “тупукка таланди гоҳида юзим, Қусуққа беланган сўзлар ичида…”. Аммо бир кун кимнинг кимлиги, СЎЗнинг сўзлиги аён бўлади. Асқар Маҳкамнинг шеърлари, рост сўзлари, қалб нидолари ҳақиқий шеърни билгичлар, англагичлар сафини кенгайтиради. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бир мақоласида таъкидлаганидек: “Ишончим комилки, охир-оқибат шоирнинг ҳайратли даражада юксак шеърияти ловуллаб турган вулқондек юракларни ларзага солади, асл шеъриятни соғинган сонсиз инсонлар унинг ҳайратига, ҳасратига шерик бўлади.” Ҳақ гап. Шуларни ёздиму менинг шоир ҳақида ёзишга маънавий ҳаққим бормиди, ўзи деб ўйладим. Билмадим, аммо билганим, ҳар сафар шоирнинг шеърларини ўқиганимда: “ЯНА ЧИҚҚАН ЖОНДЕК ЁНАР ЛОЛАЛАР…”

08 АСҚАР МАҲКАМ
ШЕЪРЛАР
033

07Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж. Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

033

* * *

Дийдор олис кетди дарёлар қадар,
Дийдор кўчди ердан юлдузлар қадар.
Дийдор ерга кирди жувонмарг каби,
Бунча олис кетди азиз дийдорлар…

* * *

Мен бу шамолларга нима ҳам дердим.
Улар ўзимдан-да тантиқ ва худсар.
Мен умримнинг ярмин уларга бердим,
керак бўлса борин берардим агар.

Улар мендан хабар элтар бувимга,
сигирларга, мозор толларига ҳам.
Сариқ хазонларни сочар юзимга,
баргрезон боғларга қўйганда қадам.

Кейин даричамиз остида ётиб
итдек улиб чиқар то тонгга қадар.
Бувим топиб олар мени йўқотиб,
секин яниб қўяр: «Асқар, эҳ Асқар!..»

Похолларга ётиб ой думалайди,
сой бўйида бир қиз ўлтирар хомуш.
Сунбул сочларида жим ўрмалайди
пастқам кулбаларда мудраётган туш.

Шамол бадар кетар тепалар ошиб,
дарича ортида ўчар садолар.
Яна бурунгидек ақлдан озиб,
бошини тошларга урар дарёлар…

***

Оғир-оғир қуюлар туман,
Оғир тоғлар чўккандай бўлар.
Туман бўлиб ўтар кўнгилдан
Туманлардан кечилган йўллар.

Реза-реза томчилар ташлаб,
Сочларингга сингар изғирин.
Лабларингни тўймайди ялаб,
Қилич каби яланғоч қуюн…

Оғир-оғир қуюлар туман.

МАКТУБ

Во дариғо…
Во дариғ…
Дариғ…
Сен машҳарга ёқув ердасан
Мен бу ерда танҳо ва ғариб
«Ғариб бувим сен қаердасан…»
Кийганим оқ
кийганим кўкдир
ай тупроғим қандай бандасан?

Ичим менинг қаро куюкдир
куйган бувим сен қаёқдасан…
Ҳей садқайи одам кет Асқар
Ким бўлибсан
бир саёқдасан…
Манглайи шўр
ичгани заҳар
шўрлик бувим сен қаёқдасан…

БУВИМГА ЮБОРИЛМАГАН МАКТУБ

Яна ёмғир ёғар тўзғиб, тирқираб,
осмон томоғида ярақлар ханжар…
Бу тўзонлар аро манзилгоҳ истаб,
умринг қай соҳилга ташлади лангар?..

Сўққа муслимадек ваҳдат ғорида
туйдинг руҳ косасин заҳру болини,
рўшино кунларинг рўшноларида
оҳулар тўлғотди кумуш ёлини…

Ой бистари куйиб битган нафасдан
фариштанинг товус қаноти ёнди
ва какликлар учиб кетди қафасдан,
пичоғини тишлаб қотиллар қолди…

Гумдон кечаларда бир гумроҳ каби
талмовсирар сарсон-саргашта шамол.
Гарчи бу шоҳ, гарчанд бу гадо қабри,
сенинг қабринг менинг бошимда, Аёл!..

Мени ўлдиролмас қисмат бари бир,
бир кун оёғингга қайтарман ўзим, —
Мушкил кунларингга гунаҳкор, мункир,
мункиллаган бувим, муслимам, бувим!

Нечун яна фарёд, нечун яна зор?
тақдир ҳамон тўзмас чориқларида…
не-не юлдузларнинг синиқлари бор
байтулҳазан кулбанг ёриқларида.

Яна ёмғир… Хайр, ёлғизим бувим!
Яна ёмғир… Хайр, мен энди қайтай…
У на яздон руҳи, на жим-жит ўлим, —
маймун йиғисига қолган бир мендай…

БУВИМГА МАКТУБ

Бувигинам,
бормисан омон?
Омонмисан
намчил тонгларда?
Оёқларинг оғрирми ҳамон
мўрисимон намозшомларда?

Мен уйғоқман,
жон буви, гапир,
киприкларим толиқсин, майли,
кўчаларга термилма, ахир,
кўзларингнинг оқи сарғайди.

Итлар узоқ-узоқ акиллар
далаларнинг
намчил бағрида.
Юлдузларнинг нури чарсиллар
лойсувоқ том сомонларида.

Тушларингда кўрасан кимни,
қизарганда уфқлар лаби?
Ёстиғингга чўккан бошингни
мен севаман шу Ватан каби.

Тиришади шом ажинлари,
милтирайди дарчада чироқ,
иблисона гўзал тунларни
мен севаман шеърдан-да кўпроқ.

Кофарниҳон бир зум тинчимас,
тўлқинлари
соч каби қўнғир.
Кофарниҳон –
бир ўткинчимас,
Кофарниҳон – мунгли куйчидир.

Мен севаман
дарё-ю тунни,
тўлқинланар
ёғдулар тарам.
Орзу эди қисиматга дўнди,
бирозгина шоирлигим ҳам.

Бувигинам
ёнсин чироғинг,
оппок тунлар тўлғоқсиз ва жим,
доғлар аро қотди нигоҳинг,
чекдим,
унинг доғини чекдим.

Биз дунёда шундайин элмиз:
«Жигар» деймиз куямиз, лекин,
болаларим улғаяр менсиз,
танирмикан энди отасин…

Дарё…
Дарё оқаверади
олисларга ташлаб ғулғула,
бироқ ой ҳам оқаверади,
тўлқинларда
сачрайди шуъла.

Ҳураверар
итлар ҳам токи
ёт шарпалар кезаркан тунда,
булар бари қисматдир боқий,
бу қисматбоз кўҳна очунда.

Лек, билмайман,
тун суронлари
ва дарёнинг тўзон тўлқини,
уйғотса-да руҳсиз жонларни,
уйғотолмас мангу уйқуни.

Лек, билмайман,
чарчоқ кўзларинг
кўчаларга сочилган онда,
узоқларга ёлғиз термилиб
топарсанми мендан нишона?..

Йук,
рўёлар васвасаси бу,
бу тун аро униққан унлар.
Кўзларимга ботмоқда уйқу,
хайр, буви,
хайрли тунлар.

И Ш Қ

Куюк бир жон эдим, жону жаҳоним ўртади Ишқ, Ишқ,
Сўнгаклар сирқираб сингайки, қоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Қиличлар тиғида қон ўрнида чаҳ-чаҳлади булбул,
Ёниб жон хокидан ақлу имоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Тириклик қиссасин бир сўз ила мен достон қилдим,
Суханпардоз, тазарру қил, забони ўртади Ишқ, Ишқ.

Маним сайёра умрим йўлларин ситоралар айтсин,
Ки ҳар қайга оёқ қўйдим, товоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Бир усрук кўз оловида куйиб ёндим самандардек,
Менга жон берди, аммо устухоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Сирим айтсам, қўпар ғавғо, кавокиб дашти ўртангай,
Заминим ўртади Ишқ, осмоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Дема Фарҳоду Мажнун ўтди олам доридан буткул,
Ҳаётим ўртади, ҳар лаҳза оним ўртади Ишқ, Ишқ.

Муҳаббат аҳлини олам аро афсоналар этдим,
Кел, эй шеър Ишққа айлан, ном-нишоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Мен—одамзода наслин ким баён айлар эса, билсин,
Ки аввал-охирим Ишқ, хонумоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Ким эрди комил ул саҳв айлади, Ишқ—бу хатолиғдир,
Хатойим ўртади, яхши-ёмоним ўртади Ишқ, Ишқ.

Насиб этмас менга жовид буюк Ишқдан бўлак савдо,
Маконим ўртади, ломаконим ўртади Ишқ, Ишқ.

Умр ўтгай, қолур мендан Муҳаббат отли бир олам,
Ҳама умр ўртанурман, ошиёним ўртади Ишқ, Ишқ!

***

Ном-нишон қолмади Одам меҳридан
тарақлаб ёпилди Ишқ эшиклари…
Чаноққа тортилган таранг теридан
ғаразли тикилар оч тешиклари.

Бу тупроқ бир замон мусулмон эди,
кўчкидек улоқди тўрт ёнга қабри…
Суронлар йиртқичдек тортқилаб еди
муаззин тупурган Ишқ жигарини…

тобора қораяр моҳтоб — мўмиё
сил булут тиллари билан ялайди…
Бу замин пўстакка айланди гўё
итлар тишларида осиб талайди.

Қоп-қора йўлларда беҳуш югурдим
такрорлаб энг кўҳна калималарни.
ҳар дарахт, ҳар япроқ остида кўрдим
номусин йўқотган заифаларни…

Нималар санчилмас бу ерда кўзга
балчиққа беланди самовий чирой…
Масжид тепасида минора узра
маъюсгина боқар ёлғиз ярим ой…

***

Довулларга солганлар юган
давру даврон сурганлар қани…
Баҳодирлар ларзага солган
замин чалчиқ билан қопланди…

кўзлар қўрқар йўлбарс теридан
чақин каби чақмас бўсалар.
Йигитларнинг нозик белидан
қучиб борар девдек жуссалар.

«Севдим» демас ҳеч кимса йиғлаб
ҳеч кимда йўқ бир пуллик қадр…
Тоғлар худди ўтин орқалаб
бораётган эшакка ўхшар…

Умр ўтар ёлғон ўйиндек
гўё ҳеч ким туғилмас ўлмас…
Ҳеч ким ахир бу дайди дунда
мардоналар ўтганин билмас…

КАРБАЛО

Бодларга бодлар бош урар
қумга Язийдлар тош урар
бардошга бардош урар
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Қонингни ичганлар қани?
Қотилни қучганлар қани?
Боши “карт” учганлар қани?
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Эй воҳ Ҳусайн! Эй воҳ Ҳусайн!
Бошсиз тананг-ла қайдасан?..
Сен то абад шармандасан
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Дунё—Язийд! Дунё – Язийд!
Дунё азалдан мустабид
Ул ёнда ит бул ёнда ит
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Зайнабми бу? Заҳроми бу?
Қон-қақшаган Куброми бу?
Ёхуд Расулуллоҳми бу?
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Ҳой базми Жамшид истаган
Зайнаб сени лаънатлаган
Саййидларин каллаклаган
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Ҳар ёнда қон қонлар қаро,
Шул ҳам мусулмонликми оҳ!
Шул ҳам мусулмонми Худо!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Табризга келдим додлар!
Табризда-да фарёдлар!
Ҳайҳотлар! Ҳайҳотлар!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Бошим менга даркор эмас
Ҳеч ким бу бошга зор эмас
Ҳеч ким Имомдек хор эмас
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Кел эй Язийд мен ҳам шаҳид
Кел қатралаб қонимни ют!
Бошдан-оёғим ичра ўт!
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Мақсад бу шеърдан доддир
Ким Дунё бир жаллоддир
Унда Язийдлар шоддир
Эй Карбало!
Эй Карбало!

Бир шоири озурдамен
Лек биргина орзудамен
Кўрсам Язийдни гўрда мен
Эй Карбало!
Эй Карбало!

СЎНГГИ НУҚТА

Қайтадан ҳувиллаб қолди юрагим
дарз кетиб эскирган идишдек бўм-бўш.
Улоқиб ётибди бўлак-бўлагим
елкамда бош эмас ошёнсиз қуш…

Қўлимдан тутганлар тобут дастасин
тутгандек оҳиста қўйиб кетдилар
Ўқидим ёронлар жанозасини
Ёрларим жанозам истаб келдилар…

Йўқ эди гул зоти
барида хорлар…
Кўр эмас эдинг сен сўйлагин кўзим…
Бир уйда бўридек яшаган “ёрлар”
бир коса сув бермас дўстларни кўрдим…

Ош тутди вафодан қасам ичганлар
миннатнинг заҳарли косаларида
Оқибат тиғ урди илким тутганлар
адоват деворин сояларида…

КУЗГИ ТУН ЎЙЛАРИ

Ахалтекин тулпорларидай
сачраб учар қуёшли кунлар,
ханжар каби қизлар бўғзида
неча ўлиб тирилар тунлар.

Ва тирилар у ҳам — бечора!
Севилмаган ғариб бир одам.
Бу кечалар гўрдан-да қора,
бу кечалар ойдин ойдан ҳам.

У тирилар ўликдан баттар,
ҳасратида тунги юзларнинг.
Шамол эсар. Шийдам дарахтлар…
кўнгли айнар бахтли қизларнинг.

Чайқалади бешик оҳиста,
қамишзорда кимдир чалар най.
Янги ой ҳам булут ортида
тобланади кумуш сумакдай.

Бу дунёда ёлғиз бир банда
банди янглиғ ўй сурар такрор:
«Қоп-қоронғу бу кечаларда
қип-яланғоч ойга нима бор?!»

ФОЖЕБОЗ

Эшик устухони синди қарсиллаб,
Қарсиллади узоқ оёқ излари.
Қолдим кўкрагимга садолар қадаб,
Садо видо бўлди, видо бўзлади.

«Мен учун ҳаммаси бари бир» — дедим.
Бир қадам нарида тургандай гўрим.
Сен мени едингми, мен сени едим,
Кўксимдан аждардай қўпган ғурурим?

Қарсиллаб тушарди уйнинг томига
Ёмғирнинг қўлидан бир даста таёқ.
Кифтимни ботирдим эшик ромига,
Биҳиштдан қувилган алвастисиёқ.

Юрагим эзилди, бўғзим гапирди,
Кўзларим йиғлади ёмғирзор тунда.
Ногаҳон ичимда кимдир бақирди:
«Сен сўнгги аблаҳсан тубан очунда!»

Ва илкбор ўзимни кўрдим — фожебоз
Юзимга чўлтоқ ел тарсаки солди.
Ёмғирга айланган ўша рахт овоз
Кўзларим ўнгида кўздан йўқолди.

Дарахтлар эгнида ёмғирдан ридо.
«Қўй, энди кетайлик, барчаси абас…»
Мен телба бақирдим ёмғирзор аро:
«Бари бир, ҳаммаси бари бир эмас!»

Изиллаган икки гўдак ортидан
Узоқ изиллади яланғоч шамол.
Бир нусха — қарғалган эркак зотидан —
Мана мен — ёнимда худсар бир хаёл.

Оёғимни қўйдим унинг бўғзига,
Айри тилларини чиқарди илон.
У кириб борарди чуқур кўзимга
Ярим ой тамғали дудамасимон.

Даричага қаттиқ йиқилди шамол
Лахта-лахта бўлиб, шарманда бўлиб.
Узоқларда икки гўдак ва аёл,
Борар эди титраб, қақшаб, тўкилиб.

Узоқларда икки гўдак ва аёл,
Гўё чўкар эди йўқликларга ой.
«Бизни сиғдирмадинг, хайр, яхши қол!»
Чўкиб борар эди бўшлиқларга ой.

«Бизни сиғдирмадинг…» Бир сиғиндидай
Остонада қолдим бехуд, бехудо…
Шамол йиғлар эди ёлғиз бандидай,
Шамол йиғлар эди девонасаро…

***

Кулфат итлари сур тортган кечада
деворларни егач оч қумурсқалар.
Бир сағир Ватанни тутиб елкада
қаён кетяпсан Асқар…

Ҳали сен одамман дедингми ўзни
бош ҳам кўтардингми издиҳом аро?
Сен Aллоҳ саси деб англаган сўзни
еди шуаро…

Қара девонларнинг илвириқ жилди
Қорилган туфроққа сен-да қорилдинг…
«Эрк» дединг, бўғзингни қиличлар тилди
ва сўзлар дорига осилдинг…

Кулбалар томида ўнган қизғалдоқ
болалар жонидек қизарган кезлар.
Сенинг-да жонларинг чиқмасин қандоқ
Асқар…

Яна қумурсқалар деворни ковлар
яна чиққан жондек ёнар лолалар…
Қайда тобуткашлар, қайда гўрковлар
Эркнинг тобутида ётар болалар…

***

Кечалар кечадек ёйилганда ғам
сўнгакни синдирса юракнинг зарби.
Сен мени ҳеч қачон танимасанг ҳам
мен сени севаман бир тентак каби…

Йиғласам мотамий каби ўкириб,
йиғласам қучганча елкаларингни.
Тошингга товоним қонини суриб
ёрита оламан кечаларингни…

ҲАҚИҚАТ

Ер тиланма бунча ватандан
бир он айшу маошдан қочгил.
Пар тўшакдан, иссиқ бадандан
тониб, тўнган тупроқда ётгил.

Улоқ Жайҳун тўлқинларида,
қайда Зуҳронг бордир Тоҳирдек.
Оёқ етмас тору тангларда
яланг оёқ кезгил Бобурдек.

чақир, чорла шамоллар эсса,
қасир-қасир ёрилсин тошлар.
Йиғла, агар қўлингдан келса,
кўзларингда гувласин ёшлар.

Суяк синса синар, эгилмас,
букилмасдан синсанг сина қол.
Панжангни ёз тупугин эмас,
кўзларини ташласин Аёл!…

МАНЗАРА

Куз… охирги барглар йиқилар,
буришади оғочлар лаби.
Қип-яланғоч толлар ўй сурар,
қадим-қадим ровийлар каби.

Ой кезади маҳзун, афтода,
олислардан олисдир йўли.
Ғудранади девор ортида
масту-алас шамоллар тили.

Аёз тушар кескир, бераҳм,
ўчар ошиқ турналар изи.
Чакалаклар увишар марҳум
хазонларнинг кул — уюндиси,

куннинг эса чеҳраси синиқ,
юзга тортар кўз сурмасини.
Санай бошлар аччиқ изғириқ,
яйдоқ толнинг қовурғасини.

Тунлар ойни кемира бошлар,
сочилади шуълалар унсиз.
Йироқларга зориқиб боқар,
йироқларда қолиб кетган қиз.
Куз…охирги барглар йиқилар.

ЧОРЛОВ

Тун хокига беланиб тунлар
Ойнинг сариқ сочларин кўрдим.
Кўзларимда оқди кукунлар —
Қайлардасан, шўрлигим, бувим?

Деворларда, чордеворларда
Исириқнинг бўйларин туйдим.
Мен изғидим қамишзорларда, —
Қайлардасан, қишлоғим, бувим?

***

«Шеърларингни эшитмай бир қур, Биби кампир оламдан ўтди…»
Бувимнинг мактубидан

…Мен-ку шоир эмас ҳайтовур,
бир кун одам бўларман, буви.
Сўнгра кузак оқшомида жим,
шеър тўқийман Биби кампирга.
Шамолларга айланиб шеърим
етиб борар унинг қабрига…

ДЎРМОН ХАЁЛЛАРИ
(Ўзимга бағишланган шеър)

Дунё теран экан мен ўйлагандан…
Ёшим қирққа тўлди…
Бас энди етар…
Дўстлар бичиб бўлди бўйимга кафан
у ҳам ёвуз руҳдек жим таъқиб этар…
Чурук туйғуларни қўйнимга солиб
йўл сўнгида қотдим оғочдек қуруқ
Қишлоғимга кетай десам бош олиб
бошимни силовчи бувигинам йўқ!..
“Азиз” деб англадим неча касларни
бари нокас экан кейин англасам…
Билмадим мен бирор мардни кўрмадим
бири молинг бири жонингга банди…

Бир умр шеър ёзиб ёр деб юрганим
бир оғиз сўз билан ёвга айланди…
Садоқат пўпанак босган нон каби
ялангоёқларнинг қўлида эди.
Чўкканда энг буюк туйғулар қабри
Ишқ йўқлик чоҳининг бўйида эди…
Сезмадим бормиди-йўқмиди юрак
Дод солиб кимнидир чорлаб чақирдим…
Дарахтлар юз тубан ётган чакалак
оралаб бормоқлик бўлди тақдирим…
Мен борин айтяпман… Нолиганим йўқ!
Йиғлаганим йўқдир ожизлигимдан…

Бир эшак бир сигир тўрт-бешта товуқ
минг бор яхши эди шоирлигимдан…
Буни кеч англадим… Азизлар ўтиб
бир ўзим қолганда қирқнинг бўйида
Ётибман номаълум бир дўстни кутиб
Дўрмон адибларин бўм-бўш уйида…

Олисда Ҳисорнинг силсиласида
болалигим бордир менинг ҳам кўм-кўк
Кофар дарёсининг зангор сасида
зарра фасад йўқдир зарра ҳаром йўқ!..
Олисда тўқайзор кечган умримни
ёриқ оёқларин қумсаб қон бўлдим…
Мен – сотқин кимларга сотдим ўзимни!..
Воҳ менинг кепакка сотилган умрим!..

Дўрмон, 24 октябр, 1999 йил

***

Яна туман тушган йўлларга
термиламан қақшаб вужудим.
Ҳеч ким «Кимсан» демас уларга
ва дод-фарёд айламас ҳеч ким…

Ер ҳалқаси Аршда шарақлар
ким ўйнатар бу ҳалқаларни?
«Улуғ халқлар» мустабид халқлар
еб ташлайди майда халқларни.

Олам тенглик майдони эмас,
ким гул тикар, ким ўқталар тош.
Энди қуёш нур сочганимас
қон қусгани чиқади қуёш.

Ҳақ дунёда ҳеч қачон йўқдек,
ириб ётар ерда вужудлар.
Латта чайнаб юрган маҳлуқдек
фалак бўйлаб ўрмалар дудлар.

Ким дўст, ким ёв бунда ашаддий
Ҳаққа ёвдир бандаси нечун?
…Бутун халқни қириб ташлади
«Худо — битта» деган сўз учун…

Нечун башар газандасини
этолмади осмон саси ром?
Нечун Худо бу бандасини
кўтармади заминдан тамом…

Калималар…
Пок калималар…
Нечун жимсиз Қутбул Авлиё?..
Чечак каби хор муслималар
исматига ким бўлар паноҳ?

Оромингни наҳотки буздим
Осий бўлдим наҳотки Раббим…
Мен осмонга қўлларим чўздим,
синдирмади қўлимни ҳеч ким…

ХОТИРА

Рангсиз хотирамда
қолди сўнгги куз…
Шамол чилторлари
юлуқ арғунун…
Бўм-бўш соҳилларга
чўқиниб маъюс,
ғариб ғойибларга
ғойиб бўлган тун…
Бева куз сочларин
мезон — толаси,
хомуш сазо элтди
ўтган кунимдан.
Боқди даричанинг
доғли ойнаси,
беун таҳқирловчи
кўзлари билан.
Яна хотирамда
куйди сўнгги тун,
сарғариб, баргларим —
оҳ, жигарларим.
Боғлар маҳбасида
ингроқ арғунун —
тилка юракларим,
хокистарларим…

* * *

Табриз шаҳрида энг сўнгги оқшом мушоира бўлди. Мушоирада Теҳрон ва Табризнинг забардаст шоирлари, ёш афғон шоирлари иштирок этдилар. Мушоиранинг бошланиши хийла оғир кечди. Ҳеч ким биринчи бўлиб шеър айтишга журъат қилолмасди…

Табриз тупроғида оғир кечди тун
Ҳатто шоирларни босди салобат
Кел эй Мавлононинг ҳурмати учун
Менга Шерозийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида чайқаларди тун
Нилий қуббаларда Қуръоний оят
Кел эй Табризийнинг ҳурмати учун
Менга Ширвонийнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида адашгандек тун
Юлдуз сачроғида шода-шода байт
Кел эй Фирдавсийнинг ҳурмати учун
Менга Шаҳриёрнинг шеърларидан айт!

Табриз тупроғида энг охирги тун
Май ичмай шоирлар яшарди сармаст…
Кел эй меҳмонингнинг ҳурмати учун
Менга Навоийнинг шеърларидан айт!..

27. 10. 2000

***

Ғурубда шом ўт олар тўзиб,
бу тўзонлар сенга-да етар.
Шамол аста дарчадан сизиб,
чироғингни ўчириб кетар.

Дунё улкан бир тегирмон тош
ҳамма унда янчилиб келган…
Дунё гоҳо тевадек ёввош
гоҳо итдек қопағон экан…

Қисмат азал-азалдан худкуш
сен ғам единг, сени ғам еди…
Гарчи битта маҳси ва ковуш
бир умрга етарлик эди…

Нима кўрдинг тутқатор йўлда
тўзиган чанг-чунглардан ўзга.
Бир ғариба дарё бўйида
ўлтиради жони бўғзида…

Нима кўрдинг йиғлоқ гўдаклар
бурнидаги сувдан зиёда.
Назарингда сассиқ йўргаклар
бизда бору
йўқдир ҳеч жойда…

Нима кўрдинг таппи гуллари
деворларда сидирғамикин.
Оёғимиз чиққан заминга
бошимизни сиғдирарми…
Ким…

***

Бир кун кетар бўлсам…
Йиғлама сен ҳам.
Ёруғлик кунларни ёд эт, ёдгорим.
Шоиринг нечоғли чекмади алам,
Дунёда бўлмади қиёмат қоим.

Тунлар бир ҳасратнинг исканжасида
Кўкрагимни эзди оғир туйғулар.
Мен жуда истардим, истардим жуда,
Дунёда бир лаҳза қолса оҳулар!..

Yuksak Hisor tog’laridan boshlangan Kofarnihon tomonlarda, Jangalobod qishlog’ining yon boshida joylashgan, na’mataklaru o’riklar o’ragan Gulmozorda bir qabr bor. Tiriklardan yiroq,yulduzlarga, oyu quyoshga yaqin bir qabr. Gul bilan mozor qo’shilib nom topgan sokin maskan bag’rida o’zbekning ardoqli shoiri Asqar Mahkam (Alloh o’z rahmatiga olsin) mangu uyquda yotibdi (Xurshid Davronning «Osmonga talpingan shoir» essesidan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Barno SULTONOVA
“YANA CHIQQAN JONDЕK YONAR LOLALAR”

07

“Yana qumursqalar devorni kovlar
Yana chiqqan jondek yonar lolalar…”

Telegramimda “Asqar Mahkam ijodi” kanali bor. Kim meni qoʻshgan bilmayman. Ammo oʻsha mehribonimdan bir umrga minnatdorman. Oʻzbek adabiyotini fors-tojik va turkiy klassik shoirlarimizning adabiy merosidan ilhomlanib boyitgan shoir va tarjimon Asqar Mahkam ijodidan koʻproq va koʻproq bahramand boʻlishimga, sheʼrlarining haqiqiy muxlisiga aylanishimga bu katta turtki boʻldi. Uning ijodi yoki hayoti haqida yozishga maʼnaviy haqqim bormi yoʻqmi bilmayman. (Agar qaydadir yanglish fikr yuritgan boʻlsam ustozlardan uzr soʻrayman.) Shoir va tarjimon haqda qanchalar bilaman yoki qanchalar qorongʻu buni ham bilmayman. Ammo uning hayoti, uning ijodi, uning oʻtmishi bilan bogʻliq nimaiki chop etilgan boʻlsa oʻqishga harakat qilib bilganim shu boʻldiki, u oʻzi aytganidek “sheʼrni qismati” deb bilgan.

88Asqar Mahkamning oʻzi aytmoqchi birda “bogʻbon” keyin “ogʻoch”ga aylangan “sitilgan anor”dek, “maxluqotaro ishq istagan” koʻnglidan tizilib qogʻozga tushgan satrlari nima uchun koʻngilga yoqadi? Oʻqigingiz, qayta-qayta oʻqigingiz kelaveradi? Chunki unda dard bor. Yurakdan yozgani yurakka yetib boradi. Shoirning bir gapi bor: “Sheʼriga oʻxshamagan shoir shoir emas”. U sheʼriga oʻxshagan shoir boʻlgan ekan. Uning ustozi va hammaslagi boʻlgan Shavkat rahmon aytganidek u qattiq iymon shoiri boʻlgan. Oʻzi yozganidek, “Iymonni nur derlar, nurdir, nurdir u, Bu nurni koʻrmagan koʻrdir, koʻrdir u…” yoki “soʻz va ruh bilan yolgʻiz qolgan shoir iymonli boʻlsa, bu jarayon ibodatdir.”

Ha, u ijodni, adabiyotni ibodat deb bilgan. “Adabiyot ibodat”. Asqar Mahkamning Shavkat Rahmon haqidagi xotira essesini oʻqirkanman, yakuni meni qattiq iztirobga soladi: “…Qachon ketasan”larni keyinchalik yana koʻplab adib va shoirlardan eshitdik. Tafakkuri mahalliy doiradan tajovuz qilmagan bunday kimsalarning urugʻ-aymoqchiligi, “oʻziniki”ni koʻtar-koʻtar qilib, “begona”larni oyoq ostiga olib ezgʻilashlari oddiy hol ekanligini anglab yetish uchun hali yigirma-oʻttiz yil “begonalarcha” yashash kerak edi. Va shunday yashadik ham… Sut bilan kirgan bu mudhish fojia – kasallikning davo topishiga mening koʻzim yetmaydi. Ehtimol jismu joni, ruhoniyati pok, oʻzligini anglagan, aqalli, hammamiz bir Ota, bir Onaning farzandi ekanligimizni tushunadigan nasllar kelar, ular tili bir, naslu nasabi bir, irqi bir, ammo tarix taqozosi bilan boshqa-boshqa sarhadlarda yashayotgan millatdoshlarini yuziga tupurmas, ularning betiga eshiklarini qarsillatib yopmas, koʻkragidan itarib yubormas. Bizning yagona milliy fojiamiz xuddi ana shu – ayni ziyolilarning mahalliychiligi ekanligini anglab yetmagunimizcha…” Ha, baʼzan “hislari mozor kabi choʻkkan” shoir kelajakda shunday begʻubor va toza nasl kelishini umid qiladi. Juda umid qilgan.

Ijodkor isteʼdodiga baʼzi adiblaru shoirlarning tuhmatu tahqirlari haqida yozilgan maqolalarni oʻqish jarayonida “ijodkor”larning, “ziyolilarning” tubanligidan hayratingiz oshadi. Ona, Vatan, Goʻzallik, Insof, Diyonat haqida tinmay kitob yozgan, yozgani oʻziga oʻxshamaydigan bunday adibu shoirlar xuddi ana shunday munofiqlik qilishi mumkinligini oʻylayman. Asqar Mahkam aytadi: “Soʻz asl maʼnoda ilohiydir. Soʻz hamma istifoda etishi mumkin boʻlgan Olloh marhamatidir. Chunonchi, buloqdan odam ham, qush ham bahramand boʻlaveradi. Soʻz yolgʻon boʻlmaydi. Uning sohibi yolgʻonchi boʻlishi mumkin. Agar bu yolgʻonchiga barcha ishonsa, unda falokat roʻy beradi.” Goʻzallik, muhabbat haqida yozgan SOʻZning yolgʻonchi sohiblaridan nafratlanib ketasan beixtiyor.

Asqar Mahkam ijodi va hayoti haqidagi maqolalarni oʻqirkanman, boʻgʻzimga tiqilgan koʻz yoshimni ichimga yutaman, hamxonam yigʻlayotganimni koʻrishini istamayman, ammo hayqiriq boʻgʻzimdan toshishga shoshadi, yuragim potirlaydi, anchadan beri bezovta qilmayotgan bosh ogʻrigʻim birdan xuruj qiladi, “hamxonam chiqib ketsaydi, axir boshqa koʻz yoshimni ushlab turolmayman, tezroq chiqib ketsaydi”, degan besaranjomlik battar yuragimni hovliqtiradi. Nihoyat hamxonam tushlikka chiqib ketdi, eshik qarsillab yopildiyu koʻz yoshlarim yuzlarimni yuvib-yuvib tushdi, oldimdagi kitobmi, telefonmi, qogʻozma barchasiga ayovsiz oqaverdi. Koʻz yoshlarim tizginsiz, quyilib kelaveradi, quyilib kelaveradi, oʻylayman menki shoirning yozganlarini oʻqib shu ahvolga tushdim, bunday alamlarni boshidan oʻtkazgan odamning koʻz yoshlari shaffof emas qizil rangga aylanganmikan? Soʻzki, sheʼrki shunchalar iztirobli ekan, yurakdagi tuygʻularning zalvori qanchalik ogʻir boʻlgan? Tuygʻularingizni, koʻnglingizdagi oʻzingiz ham anglamagan holatlarni uygʻotuvchi, turtkilovchi bunday misralar, dardlar dardchil odamlarni oʻziga tortaveradi, tortaveradi. Nahotki odam bolasi bir-biriga shunchalik shavqatsizlik, shunchalik insofsizlik qilsa deb oʻylayman.

Biz hozir ham jim qarab turayotgandirmiz. Bu hayotning nohaqliklaridan, adolatsizliklaridan koʻngli ilvirab, yoki Shavkat Rahmonga havo yetmay qolganidek havo yetmay qolib, biror xastalik orttirib erta oramizdan oʻtib ketayotgan, talanti tuhmatu tahqirlarga uchrayotgan yana boshqa Asqar Mahkamlar oramizda yoʻqmikan? Ularning ortiga qaray-qaray ketishiga jim qarab turaveramizmi? Yoki shoir aytanidek:

Olov qullarining olovlarini
Soʻndirsa soʻndirar kohinlar…
Vatan ulkan jasad..
Janozasini
Ado etar faqat xoinlar…
Yigʻlama…
Ochsa ochibdi-da Shohning qabrini…
Bu oʻsha xalq axir
Chorchoʻpga tortgan…
Shoh nima
xudoning paygʻambarini…

Yana shoir aytganidek, “tupukka talandi gohida yuzim, Qusuqqa belangan soʻzlar ichida…”. Ammo bir kun kimning kimligi, SOʻZning soʻzligi ayon boʻladi. Asqar Mahkamning sheʼrlari, rost soʻzlari, qalb nidolari haqiqiy sheʼrni bilgichlar, anglagichlar safini kengaytiradi. Oʻzbekiston xalq shoiri Xurshid Davron bir maqolasida taʼkidlaganidek: “Ishonchim komilki, oxir-oqibat shoirning hayratli darajada yuksak sheʼriyati lovullab turgan vulqondek yuraklarni larzaga soladi, asl sheʼriyatni sogʻingan sonsiz insonlar uning hayratiga, hasratiga sherik boʻladi.” Haq gap. Shularni yozdimu mening shoir haqida yozishga maʼnaviy haqqim bormidi, oʻzi deb oʻyladim. Bilmadim, ammo bilganim, har safar shoirning sheʼrlarini oʻqiganimda: “YANA CHIQQAN JONDЕK YONAR LOLALAR…”

ASQAR MAHKAM
SHE’RLAR
033

60Asqar Maxkam 1958 yil 27 noyabrda Tojikistonning Kofarnihon tumanida tugʻilgan. Xoʻjand davlat pedagogika institutini tamomlagan (1981). “Navroʻz” (1988), “Tazarru” (1982), “Tavajjuh”, “Ishq” (1994), “Ibodat” (1993), “Haq” (1998), “Analxaq”, “Tabriz daftari”, “Oqkitob” (2003) kabi asarlari nashr etilgan. “Avesto”, Xoja Abdulloh Ansoriyning “Kashf ul-asror” (Qurʼoni Karimning adabiy-irfoniy tafsiri), J. Rumiyning “Maʼnaviy masnaviy” (1-daftar)sini, Shams Tabriziyning gʻazallari hamda Eron shoirlari sheʼrlaridan namunalar tarjima qilgan (“Tuygʻular yaprogʻi”, 2005). 2007 yil 6 martda Toshkent shahrida vafot etgan.

033

* * *

Diydor olis ketdi daryolar qadar,
Diydor ko’chdi yerdan yulduzlar qadar.
Diydor yerga kirdi juvonmarg kabi,
Buncha olis ketdi aziz diydorlar…

* * *

Men bu shamollarga nima ham derdim.
Ular o’zimdan-da tantiq va xudsar.
Men umrimning yarmin ularga berdim,
kerak bo’lsa borin berardim agar.

Ular mendan xabar eltar buvimga,
sigirlarga, mozor tollariga ham.
Sariq xazonlarni sochar yuzimga,
bargrezon bog’larga qo’yganda qadam.

Keyin darichamiz ostida yotib
itdek ulib chiqar to tongga qadar.
Buvim topib olar meni yo’qotib,
sekin yanib qo’yar: «Asqar, eh Asqar!..»

Poxollarga yotib oy dumalaydi,
soy bo’yida bir qiz o’ltirar xomush.
Sunbul sochlarida jim o’rmalaydi
pastqam kulbalarda mudrayotgan tush.

Shamol badar ketar tepalar oshib,
daricha ortida o’char sadolar.
Yana burungidek aqldan ozib,
boshini toshlarga urar daryolar…

***

Og’ir-og’ir quyular tuman,
Og’ir tog’lar cho’kkanday bo’lar.
Tuman bo’lib o’tar ko’ngildan
Tumanlardan kechilgan yo’llar.

Reza-reza tomchilar tashlab,
Sochlaringga singar izg’irin.
Lablaringni to’ymaydi yalab,
Qilich kabi yalang’och quyun…

Og’ir-og’ir quyular tuman.

MAKTUB

Vo darig’o…
Vo darig’…
Darig’…
Sen mashharga yoquv yerdasan
Men bu yerda tanho va g’arib
«G’arib buvim sen qaerdasan…»
Kiyganim oq
kiyganim ko’kdir
ay tuprog’im qanday bandasan?

Ichim mening qaro kuyukdir
kuygan buvim sen qayoqdasan…
Hey sadqayi odam ket Asqar
Kim bo’libsan
bir sayoqdasan…
Manglayi sho’r
ichgani zahar
sho’rlik buvim sen qayoqdasan…

BUVIMGA YUBORILMAGAN MAKTUB

Yana yomg’ir yog’ar to’zg’ib, tirqirab,
osmon tomog’ida yaraqlar xanjar…
Bu to’zonlar aro manzilgoh istab,
umring qay sohilga tashladi langar?..

So’qqa muslimadek vahdat g’orida
tuyding ruh kosasin zahru bolini,
ro’shino kunlaring ro’shnolarida
ohular to’lg’otdi kumush yolini…

Oy bistari kuyib bitgan nafasdan
farishtaning tovus qanoti yondi
va kakliklar uchib ketdi qafasdan,
pichog’ini tishlab qotillar qoldi…

Gumdon kechalarda bir gumroh kabi
talmovsirar sarson-sargashta shamol.
Garchi bu shoh, garchand bu gado qabri,
sening qabring mening boshimda, Ayol!..

Meni o’ldirolmas qismat bari bir,
bir kun oyog’ingga qaytarman o’zim, —
Mushkil kunlaringga gunahkor, munkir,
munkillagan buvim, muslimam, buvim!

Nechun yana faryod, nechun yana zor?
taqdir hamon to’zmas choriqlarida…
ne-ne yulduzlarning siniqlari bor
baytulhazan kulbang yoriqlarida.

Yana yomg’ir… Xayr, yolg’izim buvim!
Yana yomg’ir… Xayr, men endi qaytay…
U na yazdon ruhi, na jim-jit o’lim, —
maymun yig’isiga qolgan bir menday…

BUVIMGA MAKTUB

Buviginam,
bormisan omon?
Omonmisan
namchil tonglarda?
Oyoqlaring og’rirmi hamon
mo’risimon namozshomlarda?

Men uyg’oqman,
jon buvi, gapir,
kipriklarim toliqsin, mayli,
ko’chalarga termilma, axir,
ko’zlaringning oqi sarg’aydi.

Itlar uzoq-uzoq akillar
dalalarning
namchil bag’rida.
Yulduzlarning nuri charsillar
loysuvoq tom somonlarida.

Tushlaringda ko’rasan kimni,
qizarganda ufqlar labi?
Yostig’ingga cho’kkan boshingni
men sevaman shu Vatan kabi.

Tirishadi shom ajinlari,
miltiraydi darchada chiroq,
iblisona go’zal tunlarni
men sevaman she’rdan-da ko’proq.

Kofarnihon bir zum tinchimas,
to’lqinlari
soch kabi qo’ng’ir.
Kofarnihon –
bir o’tkinchimas,
Kofarnihon – mungli kuychidir.

Men sevaman
daryo-yu tunni,
to’lqinlanar
yog’dular taram.
Orzu edi qisimatga do’ndi,
birozgina shoirligim ham.

Buviginam
yonsin chirog’ing,
oppok tunlar to’lg’oqsiz va jim,
dog’lar aro qotdi nigohing,
chekdim,
uning dog’ini chekdim.

Biz dunyoda shundayin elmiz:
«Jigar» deymiz kuyamiz, lekin,
bolalarim ulg’ayar mensiz,
tanirmikan endi otasin…

Daryo…
Daryo oqaveradi
olislarga tashlab g’ulg’ula,
biroq oy ham oqaveradi,
to’lqinlarda
sachraydi shu’la.

Huraverar
itlar ham toki
yot sharpalar kezarkan tunda,
bular bari qismatdir boqiy,
bu qismatboz ko’hna ochunda.

Lek, bilmayman,
tun suronlari
va daryoning to’zon to’lqini,
uyg’otsa-da ruhsiz jonlarni,
uyg’otolmas mangu uyquni.

Lek, bilmayman,
charchoq ko’zlaring
ko’chalarga sochilgan onda,
uzoqlarga yolg’iz termilib
toparsanmi mendan nishona?..

Yuk,
ro’yolar vasvasasi bu,
bu tun aro uniqqan unlar.
Ko’zlarimga botmoqda uyqu,
xayr, buvi,
xayrli tunlar.

I SH Q

Kuyuk bir jon edim, jonu jahonim o’rtadi Ishq, Ishq,
So’ngaklar sirqirab singayki, qonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Qilichlar tig’ida qon o’rnida chah-chahladi bulbul,
Yonib jon xokidan aqlu imonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Tiriklik qissasin bir so’z ila men doston qildim,
Suxanpardoz, tazarru qil, zaboni o’rtadi Ishq, Ishq.

Manim sayyora umrim yo’llarin sitoralar aytsin,
Ki har qayga oyoq qo’ydim, tovonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Bir usruk ko’z olovida kuyib yondim samandardek,
Menga jon berdi, ammo ustuxonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Sirim aytsam, qo’par g’avg’o, kavokib dashti o’rtangay,
Zaminim o’rtadi Ishq, osmonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Dema Farhodu Majnun o’tdi olam doridan butkul,
Hayotim o’rtadi, har lahza onim o’rtadi Ishq, Ishq.

Muhabbat ahlini olam aro afsonalar etdim,
Kel, ey she’r Ishqqa aylan, nom-nishonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Men—odamzoda naslin kim bayon aylar esa, bilsin,
Ki avval-oxirim Ishq, xonumonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Kim erdi komil ul sahv ayladi, Ishq—bu xatolig’dir,
Xatoyim o’rtadi, yaxshi-yomonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Nasib etmas menga jovid buyuk Ishqdan bo’lak savdo,
Makonim o’rtadi, lomakonim o’rtadi Ishq, Ishq.

Umr o’tgay, qolur mendan Muhabbat otli bir olam,
Hama umr o’rtanurman, oshiyonim o’rtadi Ishq, Ishq!

***

Nom-nishon qolmadi Odam mehridan
taraqlab yopildi Ishq eshiklari…
Chanoqqa tortilgan tarang teridan
g’arazli tikilar och teshiklari.

Bu tuproq bir zamon musulmon edi,
ko’chkidek uloqdi to’rt yonga qabri…
Suronlar yirtqichdek tortqilab yedi
muazzin tupurgan Ishq jigarini…

tobora qorayar mohtob — mo’miyo
sil bulut tillari bilan yalaydi…
Bu zamin po’stakka aylandi go’yo
itlar tishlarida osib talaydi.

Qop-qora yo’llarda behush yugurdim
takrorlab eng ko’hna kalimalarni.
har daraxt, har yaproq ostida ko’rdim
nomusin yo’qotgan zaifalarni…

Nimalar sanchilmas bu yerda ko’zga
balchiqqa belandi samoviy chiroy…
Masjid tepasida minora uzra
ma’yusgina boqar yolg’iz yarim oy…

***

Dovullarga solganlar yugan
davru davron surganlar qani…
Bahodirlar larzaga solgan
zamin chalchiq bilan qoplandi…

ko’zlar qo’rqar yo’lbars teridan
chaqin kabi chaqmas bo’salar.
Yigitlarning nozik belidan
quchib borar devdek jussalar.

«Sevdim» demas hech kimsa yig’lab
hech kimda yo’q bir pullik qadr…
Tog’lar xuddi o’tin orqalab
borayotgan eshakka o’xshar…

Umr o’tar yolg’on o’yindek
go’yo hech kim tug’ilmas o’lmas…
Hech kim axir bu daydi dunda
mardonalar o’tganin bilmas…

KARBALO

Bodlarga bodlar bosh urar
qumga Yaziydlar tosh urar
bardoshga bardosh urar
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Qoningni ichganlar qani?
Qotilni quchganlar qani?
Boshi “kart” uchganlar qani?
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Ey voh Husayn! Ey voh Husayn!
Boshsiz tanang-la qaydasan?..
Sen to abad sharmandasan
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Dunyo—Yaziyd! Dunyo – Yaziyd!
Dunyo azaldan mustabid
Ul yonda it bul yonda it
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Zaynabmi bu? Zahromi bu?
Qon-qaqshagan Kubromi bu?
Yoxud Rasulullohmi bu?
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Hoy bazmi Jamshid istagan
Zaynab seni la’natlagan
Sayyidlarin kallaklagan
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Har yonda qon qonlar qaro,
Shul ham musulmonlikmi oh!
Shul ham musulmonmi Xudo!
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Tabrizga keldim dodlar!
Tabrizda-da faryodlar!
Hayhotlar! Hayhotlar!
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Boshim menga darkor emas
Hech kim bu boshga zor emas
Hech kim Imomdek xor emas
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Kel ey Yaziyd men ham shahid
Kel qatralab qonimni yut!
Boshdan-oyog’im ichra o’t!
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Maqsad bu she’rdan doddir
Kim Dunyo bir jalloddir
Unda Yaziydlar shoddir
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

Bir shoiri ozurdamen
Lek birgina orzudamen
Ko’rsam Yaziydni go’rda men
Ey Karbalo!
Ey Karbalo!

SO’NGGI NUQTA

Qaytadan huvillab qoldi yuragim
darz ketib eskirgan idishdek bo’m-bo’sh.
Uloqib yotibdi bo’lak-bo’lagim
yelkamda bosh emas oshyonsiz qush…

Qo’limdan tutganlar tobut dastasin
tutgandek ohista qo’yib ketdilar
O’qidim yoronlar janozasini
Yorlarim janozam istab keldilar…

Yo’q edi gul zoti
barida xorlar…
Ko’r emas eding sen so’ylagin ko’zim…
Bir uyda bo’ridek yashagan “yorlar”
bir kosa suv bermas do’stlarni ko’rdim…

Osh tutdi vafodan qasam ichganlar
minnatning zaharli kosalarida
Oqibat tig’ urdi ilkim tutganlar
adovat devorin soyalarida…

KUZGI TUN O’YLARI

Axaltekin tulporlariday
sachrab uchar quyoshli kunlar,
xanjar kabi qizlar bo’g’zida
necha o’lib tirilar tunlar.

Va tirilar u ham — bechora!
Sevilmagan g’arib bir odam.
Bu kechalar go’rdan-da qora,
bu kechalar oydin oydan ham.

U tirilar o’likdan battar,
hasratida tungi yuzlarning.
Shamol esar. Shiydam daraxtlar…
ko’ngli aynar baxtli qizlarning.

Chayqaladi beshik ohista,
qamishzorda kimdir chalar nay.
Yangi oy ham bulut ortida
toblanadi kumush sumakday.

Bu dunyoda yolg’iz bir banda
bandi yanglig’ o’y surar takror:
«Qop-qorong’u bu kechalarda
qip-yalang’och oyga nima bor?!»

FOJEBOZ

Eshik ustuxoni sindi qarsillab,
Qarsilladi uzoq oyoq izlari.
Qoldim ko’kragimga sadolar qadab,
Sado vido bo’ldi, vido bo’zladi.

«Men uchun hammasi bari bir» — dedim.
Bir qadam narida turganday go’rim.
Sen meni yedingmi, men seni yedim,
Ko’ksimdan ajdarday qo’pgan g’ururim?

Qarsillab tushardi uyning tomiga
Yomg’irning qo’lidan bir dasta tayoq.
Kiftimni botirdim eshik romiga,
Bihishtdan quvilgan alvastisiyoq.

Yuragim ezildi, bo’g’zim gapirdi,
Ko’zlarim yig’ladi yomg’irzor tunda.
Nogahon ichimda kimdir baqirdi:
«Sen so’nggi ablahsan tuban ochunda!»

Va ilkbor o’zimni ko’rdim — fojeboz
Yuzimga cho’ltoq yel tarsaki soldi.
Yomg’irga aylangan o’sha raxt ovoz
Ko’zlarim o’ngida ko’zdan yo’qoldi.

Daraxtlar egnida yomg’irdan rido.
«Qo’y, endi ketaylik, barchasi abas…»
Men telba baqirdim yomg’irzor aro:
«Bari bir, hammasi bari bir emas!»

Izillagan ikki go’dak ortidan
Uzoq izilladi yalang’och shamol.
Bir nusxa — qarg’algan erkak zotidan —
Mana men — yonimda xudsar bir xayol.

Oyog’imni qo’ydim uning bo’g’ziga,
Ayri tillarini chiqardi ilon.
U kirib borardi chuqur ko’zimga
Yarim oy tamg’ali dudamasimon.

Darichaga qattiq yiqildi shamol
Laxta-laxta bo’lib, sharmanda bo’lib.
Uzoqlarda ikki go’dak va ayol,
Borar edi titrab, qaqshab, to’kilib.

Uzoqlarda ikki go’dak va ayol,
Go’yo cho’kar edi yo’qliklarga oy.
«Bizni sig’dirmading, xayr, yaxshi qol!»
Cho’kib borar edi bo’shliqlarga oy.

«Bizni sig’dirmading…» Bir sig’indiday
Ostonada qoldim bexud, bexudo…
Shamol yig’lar edi yolg’iz bandiday,
Shamol yig’lar edi devonasaro…

***

Kulfat itlari sur tortgan kechada
devorlarni yegach och qumursqalar.
Bir sag’ir Vatanni tutib yelkada
qayon ketyapsan Asqar…

Hali sen odamman dedingmi o’zni
bosh ham ko’tardingmi izdihom aro?
Sen Alloh sasi deb anglagan so’zni
yedi shuaro…

Qara devonlarning ilviriq jildi
Qorilgan tufroqqa sen-da qorilding…
«Erk» deding, bo’g’zingni qilichlar tildi
va so’zlar doriga osilding…

Kulbalar tomida o’ngan qizg’aldoq
bolalar jonidek qizargan kezlar.
Sening-da jonlaring chiqmasin qandoq
Asqar…

Yana qumursqalar devorni kovlar
yana chiqqan jondek yonar lolalar…
Qayda tobutkashlar, qayda go’rkovlar
Erkning tobutida yotar bolalar…

***

Kechalar kechadek yoyilganda g’am
so’ngakni sindirsa yurakning zarbi.
Sen meni hech qachon tanimasang ham
men seni sevaman bir tentak kabi…

Yig’lasam motamiy kabi o’kirib,
yig’lasam quchgancha yelkalaringni.
Toshingga tovonim qonini surib
yorita olaman kechalaringni…

HAQIQAT

Yer tilanma buncha vatandan
bir on ayshu maoshdan qochgil.
Par to’shakdan, issiq badandan
tonib, to’ngan tuproqda yotgil.

Uloq Jayhun to’lqinlarida,
qayda Zuhrong bordir Tohirdek.
Oyoq yetmas toru tanglarda
yalang oyoq kezgil Boburdek.

chaqir, chorla shamollar essa,
qasir-qasir yorilsin toshlar.
Yig’la, agar qo’lingdan kelsa,
ko’zlaringda guvlasin yoshlar.

Suyak sinsa sinar, egilmas,
bukilmasdan sinsang sina qol.
Panjangni yoz tupugin emas,
ko’zlarini tashlasin Ayol!…

MANZARA

Kuz… oxirgi barglar yiqilar,
burishadi og’ochlar labi.
Qip-yalang’och tollar o’y surar,
qadim-qadim roviylar kabi.

Oy kezadi mahzun, aftoda,
olislardan olisdir yo’li.
G’udranadi devor ortida
mastu-alas shamollar tili.

Ayoz tushar keskir, berahm,
o’char oshiq turnalar izi.
Chakalaklar uvishar marhum
xazonlarning kul — uyundisi,

kunning esa chehrasi siniq,
yuzga tortar ko’z surmasini.
Sanay boshlar achchiq izg’iriq,
yaydoq tolning qovurg’asini.

Tunlar oyni kemira boshlar,
sochiladi shu’lalar unsiz.
Yiroqlarga zoriqib boqar,
yiroqlarda qolib ketgan qiz.
Kuz…oxirgi barglar yiqilar.

CHORLOV

Tun xokiga belanib tunlar
Oyning sariq sochlarin ko’rdim.
Ko’zlarimda oqdi kukunlar —
Qaylardasan, sho’rligim, buvim?

Devorlarda, chordevorlarda
Isiriqning bo’ylarin tuydim.
Men izg’idim qamishzorlarda, —
Qaylardasan, qishlog’im, buvim?

***

«She’rlaringni eshitmay bir qur, Bibi kampir olamdan o’tdi…»
Buvimning maktubidan

…Men-ku shoir emas haytovur,
bir kun odam bo’larman, buvi.
So’ngra kuzak oqshomida jim,
she’r to’qiyman Bibi kampirga.
Shamollarga aylanib she’rim
yetib borar uning qabriga…

DO’RMON XAYOLLARI
(O’zimga bag’ishlangan she’r)

Dunyo teran ekan men o’ylagandan…
Yoshim qirqqa to’ldi…
Bas endi yetar…
Do’stlar bichib bo’ldi bo’yimga kafan
u ham yovuz ruhdek jim ta’qib etar…
Churuk tuyg’ularni qo’ynimga solib
yo’l so’ngida qotdim og’ochdek quruq
Qishlog’imga ketay desam bosh olib
boshimni silovchi buviginam yo’q!..
“Aziz” deb angladim necha kaslarni
bari nokas ekan keyin anglasam…
Bilmadim men biror mardni ko’rmadim
biri moling biri joningga bandi…

Bir umr she’r yozib yor deb yurganim
bir og’iz so’z bilan yovga aylandi…
Sadoqat po’panak bosgan non kabi
yalangoyoqlarning qo’lida edi.
Cho’kkanda eng buyuk tuyg’ular qabri
Ishq yo’qlik chohining bo’yida edi…
Sezmadim bormidi-yo’qmidi yurak
Dod solib kimnidir chorlab chaqirdim…
Daraxtlar yuz tuban yotgan chakalak
oralab bormoqlik bo’ldi taqdirim…
Men borin aytyapman… Noliganim yo’q!
Yig’laganim yo’qdir ojizligimdan…

Bir eshak bir sigir to’rt-beshta tovuq
ming bor yaxshi edi shoirligimdan…
Buni kech angladim… Azizlar o’tib
bir o’zim qolganda qirqning bo’yida
Yotibman noma’lum bir do’stni kutib
Do’rmon adiblarin bo’m-bo’sh uyida…

Olisda Hisorning silsilasida
bolaligim bordir mening ham ko’m-ko’k
Kofar daryosining zangor sasida
zarra fasad yo’qdir zarra harom yo’q!..
Olisda to’qayzor kechgan umrimni
yoriq oyoqlarin qumsab qon bo’ldim…
Men – sotqin kimlarga sotdim o’zimni!..
Voh mening kepakka sotilgan umrim!..

Do’rmon, 24 oktyabr, 1999 yil

***

Yana tuman tushgan yo’llarga
termilaman qaqshab vujudim.
Hech kim «Kimsan» demas ularga
va dod-faryod aylamas hech kim…

Yer halqasi Arshda sharaqlar
kim o’ynatar bu halqalarni?
«Ulug’ xalqlar» mustabid xalqlar
yeb tashlaydi mayda xalqlarni.

Olam tenglik maydoni emas,
kim gul tikar, kim o’qtalar tosh.
Endi quyosh nur sochganimas
qon qusgani chiqadi quyosh.

Haq dunyoda hech qachon yo’qdek,
irib yotar yerda vujudlar.
Latta chaynab yurgan mahluqdek
falak bo’ylab o’rmalar dudlar.

Kim do’st, kim yov bunda ashaddiy
Haqqa yovdir bandasi nechun?
…Butun xalqni qirib tashladi
«Xudo — bitta» degan so’z uchun…

Nechun bashar gazandasini
etolmadi osmon sasi rom?
Nechun Xudo bu bandasini
ko’tarmadi zamindan tamom…

Kalimalar…
Pok kalimalar…
Nechun jimsiz Qutbul Avliyo?..
Chechak kabi xor muslimalar
ismatiga kim bo’lar panoh?

Oromingni nahotki buzdim
Osiy bo’ldim nahotki Rabbim…
Men osmonga qo’llarim cho’zdim,
sindirmadi qo’limni hech kim…

XOTIRA

Rangsiz xotiramda
qoldi so’nggi kuz…
Shamol chiltorlari
yuluq arg’unun…
Bo’m-bo’sh sohillarga
cho’qinib ma’yus,
g’arib g’oyiblarga
g’oyib bo’lgan tun…
Beva kuz sochlarin
mezon — tolasi,
xomush sazo eltdi
o’tgan kunimdan.
Boqdi darichaning
dog’li oynasi,
beun tahqirlovchi
ko’zlari bilan.
Yana xotiramda
kuydi so’nggi tun,
sarg’arib, barglarim —
oh, jigarlarim.
Bog’lar mahbasida
ingroq arg’unun —
tilka yuraklarim,
xokistarlarim…

* * *

Tabriz shahrida eng so’nggi oqshom mushoira bo’ldi. Mushoirada Tehron va Tabrizning zabardast
shoirlari, yosh afg’on shoirlari ishtirok etdilar. Mushoiraning boshlanishi xiyla og’ir kechdi. Hech kim birinchi bo’lib she’r aytishga jur’at
qilolmasdi…

Tabriz tuprog’ida og’ir kechdi tun
Hatto shoirlarni bosdi salobat
Kel ey Mavlononing hurmati uchun
Menga Sheroziyning she’rlaridan ayt!

Tabriz tuprog’ida chayqalardi tun
Niliy qubbalarda Qur’oniy oyat
Kel ey Tabriziyning hurmati uchun
Menga Shirvoniyning she’rlaridan ayt!

Tabriz tuprog’ida adashgandek tun
Yulduz sachrog’ida shoda-shoda bayt
Kel ey Firdavsiyning hurmati uchun
Menga Shahriyorning she’rlaridan ayt!

Tabriz tuprog’ida eng oxirgi tun
May ichmay shoirlar yashardi sarmast…
Kel ey mehmoningning hurmati uchun
Menga Navoiyning she’rlaridan ayt!..

27. 10. 2000

***

G’urubda shom o’t olar to’zib,
bu to’zonlar senga-da yetar.
Shamol asta darchadan sizib,
chirog’ingni o’chirib ketar.

Dunyo ulkan bir tegirmon tosh
hamma unda yanchilib kelgan…
Dunyo goho tevadek yovvosh
goho itdek qopag’on ekan…

Qismat azal-azaldan xudkush
sen g’am yeding, seni g’am yedi…
Garchi bitta mahsi va kovush
bir umrga yetarlik edi…

Nima ko’rding tutqator yo’lda
to’zigan chang-chunglardan o’zga.
Bir g’ariba daryo bo’yida
o’ltiradi joni bo’g’zida…

Nima ko’rding yig’loq go’daklar
burnidagi suvdan ziyoda.
Nazaringda sassiq yo’rgaklar
bizda boru
yo’qdir hech joyda…

Nima ko’rding tappi gullari
devorlarda sidirg’amikin.
Oyog’imiz chiqqan zaminga
boshimizni sig’dirarmi…
Kim…

***

Bir kun ketar bo’lsam…
Yig’lama sen ham.
Yorug’lik kunlarni yod et, yodgorim.
Shoiring nechog’li chekmadi alam,
Dunyoda bo’lmadi qiyomat qoim.

Tunlar bir hasratning iskanjasida
Ko’kragimni ezdi og’ir tuyg’ular.
Men juda istardim, istardim juda,
Dunyoda bir lahza qolsa ohular!..

08

(Tashriflar: umumiy 2 987, bugungi 3)

Izoh qoldiring