Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. 20 tomlik. T. 5. Xazoyin ul-maoniy: Badoe’ ul-Vasat

5 tom

Mukammal asarlar to’plami.20 tomlik.T. 5.Xazoyin ul-maoniy: Badoe’ ul-Vasat / Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т.5. Хазойин ул-маоний: Бадоеъ ул-Васат
Muallif: Alisher Navoiy
Nashrga tayyorlovchilar: Hamid Sulaymon,F.Sulaymonova
Mas’ul muharrir: S.Mutallibov
ISВN 5—648—00462—1 (т. 5)
ISВN 5—648—00150—9
Nashriyot: Т.: «Fan», 1990. Varaqlar soni: 544


02

TАҲРИР ҲАЙЪАТИДАН
011

Алишер Навоий лирик меросининг мукаммал нашри илк бор 1959-1960 йилларда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон ССР ФА нашриёти томонидан амалга оширилган эди. «Хазойин ул-маоний» девонлари нашрини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Сулаймон тайёрлаган эди. 1956-1960 йилларда тайёрланган илмий-танқидий текст ва транслитерация асосан Совет Иттифоқидаги фондларда сақланаётган қўлёзмалар (Ленинграддаги Салтиков-Шчедрин номли Давлат халқ кутубхонаси, инв. Хаников-55, 904- 1498-1499 й., Тошкент, ЎзССР ФА ШИ, инв, № 677, XVI аср ва Ленинград, ДХК, инв. Дорн-558, 1001-1004-1592-1596 й.) ва бошқа нусхалар асосида тузилган эди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат адабиёт музейи, ЎзССР ФА Қўлёзмалар институтининг директори, профессор Ҳамид Сулаймоннинг фаолияти бнлан кейинчалик Алишер Навоийнинг мўътабар икки куллиётининг фотонусхаси қўлга киритилди. Булар Алишер Навоий куллиётининг Истанбулда, Тўпқопи саройи фондида (инв. № 808) сақланаётган нусхаси, 901-902-1495-1497 йиллари хаттот Дарвеш Муҳаммад Тоқий томонидан Ҳиротда кўчирилган ҳамда Париж Миллнй кутубхонасида (инв. № 316—317) сақланаётган, 930—933-1525—1527 йилларда котиб Али Ҳижроний томонидан Ҳиротда кўчирилган икки жилдлик куллиёт фотонусхаларидир. Ҳар иккала куллиёт композиция ва мундарижа жиҳатидан бир-бирига яқин.
Шундан сўнг «Хазойин ул-маоний» илмий-танқидий текстини профессор Ҳамид Сулаймон Ленинград, Душанба, Истанбул, Париж қўлёзма нусхалари асосида қайта тузнб чиқди. Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний»сининг ушбу тўлиқ нашрини ўша илмий-танқидий текст ҳамда аввалги нашр ва юқорида зикр этилган тўрт қўлёзмага муқояса қилиб чиқилди ва босмага тайёрланди. Биринчи нашрда турли сабабларга биноан йўл қўйилган айрим нуқсонлар шу иш жараёнида имкон борича бартараф этилди.
Мазкур нашрнинг I ва II томларидаги асарлар кейинчалик шоир томонидан «Хазойин ул-маоний»га киритилган. Шунннг учун айрим шеърларда шоир томонидан қилинган тузатиш ва ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Алишер Навоийнинг «Хазойнн ул-маоний» асари Ўзбекистон ССР «Фан» нашриёти томонидан чоп этилмоқда бўлган 20 жилдлик шоир асарларининг тўлиқ нашрида III («Ғаройиб ус-сиғар»), IV («Наводир уш-шабоб»), V («Бадойиъ ул-васат»), VI («Фавойид ул-кибар») жилдларни ташкил этади.
«Хазойин ул-маоний»га кирган девонларнинг қайта кўрилган ва тўлдирилган мазкур нашрини филология фанлари кандидати Ф. Қ. Сулаймонова раҳбарлиги остида филология фанлари кандидатлари М. Ш. Ҳамидова, Ш. У. Шарипов, Л. Н. Серикова ва илмий ходимлар М. Иноғомхўжаева, М. Баҳодирова, М. Ҳайруллаевалар амалга оширдилар.

bulak

БАДОЕЪ УЛ-ВАСАТ
ҒАЗАЛЛАР

АЛИФ ҲАРФИНИНГ ОФАТЛАРИНИНГ ИБТИДОСИ
«БАДОЕЪ»ДИН

1

Эй навбаҳори оразинг субҳиға жонпарвар ҳаво,
Андин гулу булбул топиб юз барг бирла минг наво.

Тўбию шоҳи сидрадур кўюнг гиёҳи, негаким
Ушшоқ ашку оҳидин ҳар дам топар сую ҳаво.

Заҳри фироқингдин қаю ошиқки бўлди талхком,
Нўши висолинг етмаса, Исо анга топмас даво.

Чун қозиюл ҳожот сен даъвои маҳринг қилғали,
Дарду фироқ андуҳидин келтурмишам икки гуво.

Қилмай қабул ижоднинг имкони йўқ, сўнгра яна
Мақбулини рад айламак лутфунгдин ўлғайму раво.

Зоҳид, кўнгулнинг хилватин матлуб ғайридин орит,
Сен сайр қилсанг қил, керак кўнглунгга бўлса инзиво.

Десанг Навоий жон аро маҳбуб бўлғай жилвагар,
Аввал кўнгул кўзгусидин маҳв айла нақши мосиво.

2

Не сунъунгдин ажаб юз минг жаҳон бўлмоқ яна пайдо,
Не мулкунгга халал юз минг жаҳондек бўлса нопайдо.

Не поёни жалолу кибриёдурким тафовут йўқ,
Агар юз минг жаҳондек бўлса нопайдо ва ё пайдо.

Азал ҳам сен, абад ҳам сен, не аввал бирла охирким,
Анга йўқ ибтидо пайдо, мунга йўқ интиҳо пайдо.

Ироданг бирла тақдирингдин ўлғай икки кавн ичра,
Агар бўлса фано зоҳир вагар бўлса бақо пайдо.

Фалак ҳам ожиз, ахтар ҳам забун, сайру сукун ичра
Ки, сендиндур, не бўлса анжуму афлок аро пайдо.

Баҳона уммоҳот ўлдию обо йўқса сунъунгдин,
Ато бирла аноға не атову не ано пайдо.

Нечаким баҳр ила кон бўлса, сендин тарбият етмай,
Эмастур мумкин ўлмоқ дурру лаъли бебаҳо пайдо.

Чу баҳри раҳматинг мавж урса, пайдо бўлмағай хасча,
Неча журм аҳлидинким бўлса юз кўҳи хато пайдо.

Навоийнинг тилин шукрунгға гўё айлаким, бўлғай
Анга ҳамдинг гулистонида ҳар дам юз наво пайдо.

3

Эй, қилиб лутфу ато бирла улус коми раво,
Эй, вужуду адам иккиси вужудингға гуво.

Сен солиб навъи башар хайли мизожи аро заъф,
Сендин афлок тибоида қави барча қуво.

Офариниш сипаҳида бир эмас юз мингдин
Меҳрким, чекти фалак буржида зарбафт ливо.

Етмаса гарди раҳинг кўҳли бўлуб Руҳуллоҳ
Ожиз айлар чоғи хуффош амосиға даво.

Лутфунг оллида кириб равзаға аҳли исён,
Қаҳринг ўлғанда тушуб вайлға аҳли тақво.

Шарқдин ғарбни бир дам бориб аҳли талабинг
Ким, бўлуб ҳиммат аёғи била ул қавм раво.

Гулшани васлинга ҳар қушки ҳаво кўргузди,
Етмади лек агар етти қилиб эрди ҳаво.

Зотинга ғайрни кимса начук этгай ташбиҳ,
Мосиваллоҳ чу саво келдию ул зот сиво.

Ё раб, ул барг насиб этки, Навоий топқай
Боғи тавҳид гулу булбулдек баргу наво.

4

Эй, жамолинг жилваси миръот инсу жон аро,
Лек ўлуб ул жилва комил мазҳари инсон аро.

Топмаған бўлса лабингнинг шарбатидин чошни,
Бас бу не жонбахшлиқдур чашмаи ҳайвон аро.

Нега олам ўртади, ҳуснунг ўтидин ламъае,
Тушмаган бўлса жамоли Юсуфи Канъон аро.

Тушмаган бўлса қуёшингдин қўлиға партаве,
Бас не байзо эрди жайби Мусаи Умрон аро.

Эсмайин лутфунг риёзидин чаман сари насим,
Гулга булбул қайда вола бўлди бу бўстон аро.

Файз агар олмас вужудунг гулситони атридин,
Шаммаи нақши вужуд имкон эмас имкон аро.

Тортибон солғил Навоийни карам дарёсиға
Ким, бўлубтур ғарқа баҳри бодаи исён аро.

5

Ё раб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо
Ул бўлуб мундин жудо, сен бўлмағил андин жудо,

Чун жудо бўлсам мени ғамнок йўқу бордин
Не ғамим, сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.

Нақди жон чиққанда имон гавҳарин кўнглумга сол,
Айлагил жондин жудо, лек этма имондин жудо.

Хонумондин ойириб, қилғанда зиндон ичра ҳибс
Қилма лутфунг мен алохону аломондин жудо.

Ҳашр ғавғоси аро осийлиғимға раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб, қил аҳли исёндин жудо.

Гарчи ўлдум кофири ишқ аҳли ислом ичра қот,
Ул замонким бўлғуси кофир мусулмондин жудо.

Элга махлас истасанг, етти тамуғни айла кул,
Айлабон бир шуъла бу оҳи дурахшондин жудо.

Жаннат истаб айлаганларни ибодат қилмағил
Кавсару тўбию қасру ҳуру ризвондин жудо.

Барчадин айру Навоийға қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё раб, ани мундин, муни андин жудо,

6

Эй гулшани рухсоринг ўлуб даҳрға оро,
Рухсор уза сочинг гул уза анбари соро.

Гунг этти Масиҳонию тор этти қуёшни,
Ул нутқи дилором ила ул ҳусни дилоро.

Гесуву юзунг сунбулию барги гулидин,
Девона мену шифта лайлан ва наҳоро.

Ул ердаки рахшинг қилибон жилваи парвоз,
Учмоққа фалак қушлариға анда не ёро.

Захм элдин ўлуб зоҳиру сендин бори марҳам,
Эл унф аён айлабу сен барча мадоро.

Лаълингға етиб хора агарчи ушатибдур,
Чун анда етиб лаъл бўлуб қадрда хоро.

Билди чу ҳадисингни Саҳиҳ эмди Навоий,
Маскан чу тилар бўлса не Батҳо, не Бухоро.

7

Эй, санга муқтадолиқ ики кавн аро,
Анта хайрул башар, анта хайрул варо.

Кимки фавқус сурайё эди манзили,
Тобеъинг бўлмағач кирди тахтас-саро.

Зотинга фахр этиб етмиш икки фариқ,
Оразинг шамъидин ёруб икки саро.

Нафсинга раҳмати ҳақ била иқтирон,
Муъжиз отингға сиҳру фусун ифтиро.

Ҳашрға тегру меърожинг афсонаси,
Хайли хайл малойик аро можаро.

Ҳам рафъатингға арши баринда макон,
Ҳам Буроқингға хулди баринда чаро.

Ким касофат била қўйди юз наътингга,
Гар қуёш эрдиким, бўлди юзи қаро.

Ё набийаллох, аҳволима қил назар,
Журму исёну ожизлиғим мо таро.

То анинг бирла бўлғай, Навоий, сенинг
Наъту ҳамдинг баёниға достон саро.

8

Улки ишқ аҳлини ўлтурмак эрур одат анга,
Жон керак бўлса кўнгул айламагай рағбат анга.

Ҳажр муҳлик эканин мундоқ агар билсам эди,
Тутмағай эрдим агар ўлсам эди улфат анга.

Ул парий сувратиға телба кўнгул бўлди асир,
Ишқ аро, войки, юзланди ажаб суврат анга.

Юзи кўзни ёритур, лек қуёш хира қилур,
Билур улким кўзи борким, мунга йўқ нисбат анга.

Тош урарлар мени Мажнунғаки, қозмиш Фарҳод,
Ишқ аро менча қачон эрди экин шиддат анга.

Улди Мажнун кўрубон дилбарину мен кўрмай,
Менча йўқ эрди экин ўлганида ҳасрат анга.

Дийда побўсин аёғингға магар элтур ашк,
Йўқ эса мунча югурмакда недурур суръат анга.

Мени саргаштада ҳижрон ўқидин минг пайкон,
Чархи гардонға мушобиҳ кўрунур ҳайъат анга.

Даҳрнинг гулшанидин бўйи вафо тутма тамаъ
Ким, сабо машшотаси сепмади бу накҳат анга.

Эй хуш ул риндки, муғ дайрини қилди маскан,
Етса ҳам муғбачалар ишқида юз офат анга.

Эй кўнгул, қўйма Навоийники, ҳушёр ўлғай,
Кўп етардек эса даврон элидин меҳнат анга.

9

Килк эрур жисмимки, тил бўлмиш демакдин лол анга,
Ичда печу тоблиғ ноламни англа, нол анга.

Сунъ килкидин ёзилди гўйи, ул гўйи зақан,
Нуқталар янглиғ занахдонингда икки хол анга.

Кокулунг элга жаҳонни тийра қилғон дуд эрур,
Ҳар сари зулфунг ики ёнида тушкан дол анга,

Кўйнда овора кўнглум хаста эрмиш, эй рафиқ,
Лутф этиб маълум қилсангким, не бўлмиш ҳол анга.

Эй мусаввир, топмасанг Лайлию Мажнун чеҳрасин,
Дилбаримни бил мунга ўхшаш, мени тимсол анга.

Соқиё, кўнглумни даврон қилди кўптин-кўп малул,
Бўлғали фориғ керак бир жоми моломол анга.

Эй Навоий, кимки қилди ҳажр бедодин қабул,
Раҳбари сарманзили васл ўлди бу иқбол анга.

10

Лаъли лабингки, жоним эрур мубтало анга,
Махлас демонки, истарам ўлғай фидо анга.

Ҳажринг балосиға не илож айлагай Масиҳ,
Ранжидур улки заҳр емакдур даво анга.

Васлинг қушики ашк ила оҳимдин этти рам,
Гўё ярашмади бу су бирла ҳаво анга.

Маръям кеби ано эди туққонда ул Масиҳ,
Тарсо эмон десамки, ким эрди ато анга.

Дашномим этса шод нечук бўлмайинки, мен
Андоқ ҳақирменки, дей олмон дуо анга.

Соқий майики ёр лабу орази кеби
Бўлғай назар ҳаримида рангу сафо анга.

То ичсам ани ул юзу лаб жилва айласа,
Жон кўзгусида рафъ бўлуб мосиво анга.

Улким замона аҳлидин истар вафову меҳр
Ким, нақши меҳр кўрди мунга ё вафо анга.

Айб этмангиз, Навоий агар бўлса бенаво,
Қўйдиму давр чархи мухолиф наво анга.

11

Ҳажридин ҳар нечаким бўлди кўнгул зор манга,
Ҳеч раҳм этмади ул шўхи жафокор манга.

Ғунчадекдурким, очарлар куч ила баргларин,
Бўлғали ҳажрида қонлиғ кўнгул афгор манга.

Оташин лаълдек ахгар тўкадурлар ҳар дам,
Лаби ҳажрида ики дийдаи хунбор манга.

Зулфидин шиддати куфрум эрур ул ҳадғачаким,
Сабҳа торича эрур риштаи зуннор манга.

Яхшироқ равза саводидин, агар даст берур
Ул қуёш кўйида бир сояи девор манга.

Чунки бу қуббаи хазро аро жуз ҳодиса йўқ,
Эй кўнгул, авло эрур кулбаи хаммор манга.

Эй Навоий, не маю мутрибу не ҳуону не ишқ
Хонақаҳ тарки эрур, англаки, ночор манга.

12

Лабларингдин гарчи қон ютмоқ дамо-дамдур манга,
Гар даме жоми висолинг йиқса, не ғамдур манга?!

Панд эшитмай, кўруб ани, юз балоға учрадим,
Кўзларим чиқсунки, юз мунча сазо камдур манга?!

Қофи шавқум шарҳини таҳрир қилдим, ваҳ, не суд
Ким, анга ирсол учун Семурғ маҳрамдур манга?!

Ёрким, мундоқ ниҳондур кўздину мен телбамен
Ким, дегайким, фитна бўлған насли одамдур манга,

Қора чирмаб ёш тўкуб, афғон қилурмен хомадек,
Эткали нолон кўнгул бу навъ мотамдур манга?!

Ўзга юзга боқма деб, бир-бир кўзумға бости муҳр,
Ийнак-ийнак ҳар қора бир нақши хотамдур манга?

Даҳр аро тушкан ҳаводис ўтидин монеъ эмас,
Кўз ёшимдин гарчи кўз тушкунча бир намдур манга?!

Соқиё, жоми жаҳонбин тутки, андин кашф этай
Ким, кўп иш бу коргаҳ вазъида мубҳамдур манга?!

Дилбари оллида Мажнун нақди жон сарф этмади,
Эй Навоий, ишқ атвори мусалламдур манга?!

13

То сенингдек қотили хунхорае бордур манга,
Биллаҳ, ар ўлмакдин ўзга чорае бордур манга?!

Нўши жон ҳар бодаким аҳбоб ила нўш айладинг,
Гарчи ҳаргиз демадинг оворае бордур манга?!

Васли иқболию мен, ҳайҳот, басдур бу шараф
Ким, йироқдин давлати наззорае бордур манга?!

Деб эмиш ҳар кимда бор захме, отай марҳам бир ўқ,
Шукр эрурким, ҳар саримў ёрае бордур манга?!

Борди ул хуршиду ашким оқти, ваҳ, толеъ кўрунг
Ким, не янглиғ ахтари сайёрае бордур манга?!

Сабр солдим кўнглума васлинг тилаб, ваҳ, бот келиб
Турфа кўрким, шиша ичра хорае бордур манга?!

Дема кўп, эй нафским, дунё арусин иқд қил,
Уйда баъзидек соғин маккорае бордур манга?!

Дев уруб ишқи мажозий ичра мажнун айлаган,
Ёва дер, буким парий рухсорае бордур манга?!

Эй Навоий, куймакимни қилмағайсен манъ, агар
Жон аро билсанг не оташпорае бордур манга?!

14

Лабинг сари токим назардур манга,
Ёш ўрнида хуни жигардур манга.

Дема мендин айрил, доғи умр сур
Ки, ул умр ўлумдин батардур манга.

Тугонлар дирам шаклидур зод учун,
Адам сари чунким сафардур манга.

Қилур айб ошиқлиғим барча халқ,
Улус айби, ваҳким, ҳунардур манга.

Табибо, яна сабрдин дема сўз
Ки, бу шарбатингдин зарардур манга.

Дема майни тарк этки, соқий юзи
Бу кўзгу аро жилвагардур манга.

Навоий, ул ой ҳажрида туну кун
Қотиқ шому тийра саҳардур манга.

15

Жавру зулмунг гарчи ўлмаклик нишонидур манга,
Чунки сендиндур ҳаёти жовидонидур манга.

Ул париваш ишқидин, носиҳ, мени манъ этмаким,
Телбалик вақтию ошиқлиқ замонидур манга.

То ўқубмен ишқ ҳарфин дарсу такрору сабақ
Вомиқу Фарҳоду Мажнун достонидур манга.

Музтарибмен чарх янглиғким, нужуми тийрадин
Танда ҳар кун юз туман доғи ниҳонидур манга.

Ҳеч ранже зоҳир ўлмай мен худ ўлдум, эй табиб,
Лек билким, қасди жон эткан фалонидур манга.

Эйки, дерсен ишқ аро ўлмак зиёндур, умр суд,
Ҳар не судидур санга, неким зиёнидур манга.

Кўрмишам вожиб бақосин равшан, андоқким қуёш
Токи имкон соя янглиғ кўзда фонидур манга.

Бу фано дайрин бақосиз эрканин то англадим,
Эл суруди ишрати мотам фиғонидур манга.

Эй Навоий, воизу фирдавси аъло зикриким,
Боғи хулд ул ҳури пайкар остонидур манга.

16

Қилди юз пора кўнгул бўлғали афгор санга,
Юз кўнгул бирла мени ишқ гирифтор санга.

Йўқ бадан бирла кўнгулдин манга юз меҳнату дард
Ким, бўлубтур бадан афгору кўнгул зор санга.

Ғам туни субҳ тиларсен, кўнгул уз, захминг кўп,
Воқиф ўлким, дамидин етмасун озор санга.

Эйки, дерсен манга ошиқмусен, аҳволима боқ,
Ваҳки, тил бирла нечук қилғамен изҳор санга.

Эйки, даврон ғамидин йўқ сенга бир лаҳза амон,
Билки, хуш маъман эрур кулбаи хаммор санга

Май ич, эи шайхки, матлуб юзи жилвасидин,
Қилмади манъ бажуз пардаи пиндор санга.

Васл кўйида, Навоий, турубон истама ёр,
Муддаи борида ул кўйда не бор санга.

17

Баҳона қатлимадур ишқдин фасона санга,
Қилурға қатл не ҳожатдурур баҳона санга.

Ўқи ўтунлари ичра сен ўтсен, эй кўнглум,
Бошоғлари учидан ҳар тараф забона санга.

Қуруқ таним ўқ учидин кўрунмас, эй чобук,
Яқин кетур, керак эрса сўнгак нишона санга.

Иҳота айладинг, эй баҳри ашк, ер куррасин,
Ажаб эмастур, агар йўқтурур карона санга,

Дам урма муғбачалар ишвасидин, эй зоҳид,
Вужуд нақшин оқизмай майи муғона санга.

Замона таркини ком айлабон халос ўлғил,
Десангки, солмаса нокомлиғ замона санга.

Навоиё, ғами чун жону кўнглунг олди, не суд,
Суруди дилкаш ила жонфизо тарона санга.

18

Меҳнат ўқидин қабақдек қолмишам афғон аро
Ким, букун чобуксуворим йўқтурур майдон аро.

Тийраликдин кўр этибтур кўзларим ҳар кунги гард
Ким, бор эрди тўтиё бу дийдаи гирён аро.

Сенки майдон ичра йўқсен, пайкаредур жони йўқ,
Ҳар пари пайкарки маркаб секретур жавлон аро.

Гарчи ҳар шўхе сурар майдонға ўқ янглиғ саманд,
Чун сенинг рахшинг эмас, биллаҳ, ўқидур жон аро.

Тер оқизған аблақингдектур сени келгайму деб,
Ҳар сари тушкан кўзум юз минг дури ғалтон аро.

Онсиз урмиш ҳалқа чобуклар, не янглиғ этмайин
Ким, кўрунмас зарра, хуршид ўлмаса даврон аро.

Меҳрдек гар тавсани гардунга мингилким, сипеҳр
Паст этарда фарқ йўқ хуршид ила Кайвон аро,

Гар қуёш зангин фалакрафторлиғ рахшингга ос
Ким, тузар ул занг навҳанг нағмасин афғон аро.

Эй Навоий, кет бу майдондин, гар ул ҳур ўлмаса,
Биллаҳ, ўлсам турмағаймен равзаю ризвон аро.

19

Ваҳки, расвомен яна девонаву оқил аро,
Бул-ажаб ҳолим бўлуб афсона ҳар маҳфил аро.

Музтар эрдим ҳажрдин, ёр эткан эрмиш тарки меҳр,
Мушкуледур ишқдин ҳар дам манга мушкул аро.

Ақлу сабру ҳуш итиб, кўнглумда қолди доғлар,
Корвон кўчса, қолур ўтлар ери манзил аро.

Ўқларинг мужгон кеби гирён кўзум атрофида,
Рост бордур ул қамишлиқким бутар соҳил аро.

Кирпикинг тушкан кўнгул ичра хаёлинг, эй парий,
Гўйиё Юсуф нузул этмиш чаҳи Бобил аро.

Қуллуғунг доғидин ўлсам, истамон озодлиқ
Ким, бу тамғадур нишони Мудбиру Муқбил аро.

Масканинг истар Навоий, нася жаннат аҳли зуҳд,
Мунча-ўқ бўлур тафовут олиму жоҳил аро.

20

Эй алифдек рост қаддинг ҳасрати жонлар аро,
Жисм ичинда жон кеби сен барча султонлар аро.

Қушқа ўхшарким, тикандур ошиёни, эй кўнгул,
Тийри борони ғамингдин қолди пайконлар аро.

Ғам топар ҳажрингда ашким ичра кўнглум порасин,
Иш куни топқан кеби эл ғойибин қонлар аро.

Чок кўнглум хўблар кўнгли аро топти шикаст,
Ваҳ, бутун қолғайму ёруқ шиша сандонлар аро.

Доғлар ичра алифлар зор жисмим мулкида,
Ғам сипоҳиға sиличлар бўлди қолқонлар аро.

Элга кўюнгдур макон, мен қулни қавмоғлиғ недур,
Булбул ўлса, зоғ ҳам бўлур гулистонлар аро.

Иста йиртуқ жанда кийганларда маъни махзанин
Ким, бу янглиғ ганж ўлур ул навъ вайронлар аро.

Атласу зарбафт аро нодон анингдек ҳашв эрур
Ким, хатойи сафҳада сабт ўлди афшонлар аро.

Бу эшикни чун тилаб келди Навоий тенгридин,
Ул сабабдин гўйиёким қолди дарбонлар аро.

21

Демаки, кирди ўsи қатл вақти қоним аро
Ким, ул алиф кеби кирди ўларда жоним аро.

Улуб эдим ғами ҳажрингда, бўлмаса эрди
Лабинг тахайюли жон жисми нотавоним аро.

Гар айласам ватан ул кўй аро, мени қовманг
Ки, ишқ шуъласи ўт солди хонумоним аро.

Кўзу кўнгул қурумиш, не тўкай аёғингға
Ки, қолмамиш дуру лаъли ушбу баҳру коним аро.

Ажаб йўқ, оқса эриб мағзи устихонимким,
Ўтун сўнгаклар эрур шуълаи ниҳоним аро.

Сабуҳи истаю еткач саҳар очилди эшик,
Бу фатҳ дайрида ўтмас эди гумоним аро.

Навоий, истама жуз йиғламоқ, унумдинким
Нашот замзамаси йўқтурур фиғоним аро.

22

Сенингдек буте йўқтурур Чин аро,
Бути чин сенинг банданг ойин аро.

Магар оби ҳайвонға кириш Масиҳ,
Каломинг лаби лаъли ширин аро.

Гуландомлар ичра, эй гулъузор,
Қизил гул кебисен раёҳин аро.

Қадингдек десам сарвни, қилма айб,
Агар тушмади рост тахмин аро.

Фироқ ичраким ваъда қилдинг висол,
Ажаб лутф қилдинг аён кин аро.

Кўнгулда сен ўлсанг, тафовут недур,
Йўлум бўлса гар куфр, агар дин аро.

Навоий дуо айлар ул ҳур учун,
Малойик, мадад айланг омин аро.

23

Бағир хунобидин заъф ўлди ғолиб хаста жонимға,
Оғир эрди ғизо, авд этти заҳмат нотавонимға.

Лабинг ҳажрида жисмим конидин бир пора лаъледур
Кўнгул захмида, яхши боқсалар ҳар қатра қонимға.

Адам дуржики оғзинг ҳуққасидур, марҳаме андин
Даводур ғунчадек кўнглумдаги доғи ниҳонимға.

Сариғ юзумдин эл йиғлар, магарким ўлмаким етти
Ки, мундоқ хосият баръакс бўлди заъфаронимға.

Салоҳим пардаси куйди ул ўтлуғ юз хаёлидин,
Фиғонким, ойни ёд этмак зарар қилди катонимға.

Ул ой кулбамға келди, жондуру хуноб ила оҳим,
Бу тортиғлар мураттаб айламишмен меҳмонимға.

Қарору ақлу ҳушум ишқинг ўти бирла чурканди,
Самум эсди бало даштида озған корвонимға.

Замон авроқию ишқим эди Фарҳоду Мажнундин,
Фалак бир-икки фасл этти изофат достонимға.

Навоий, Зуҳра удин мотамим тутқонда куйдурди
Фалак сари эришиб борған учқунлар фиғонимға.

24

Ўтға солғил сарвни, ул қадди мавзун бўлмаса,
Елга бергил гулни, ул рухсори гулгун бўлмаса.

Сарсари оҳим эсар ғам шоми ҳижрон тоғиға,
Яхшидур тонг отқуча бу тоғ ҳомун бўлмаса.

Телбаликдин, ваҳки, ҳар дам дардим афзундур, агар
Ул парий ишқида ҳар дам дардим афзун бўлмаса.

Гар кўнгул қатл истабон сен ваъда қилдинг тонгла деб,
Ушбу дам ўлтур, бу эҳсон бирла мамнун бўлмаса.

Хирқа жинсин раҳн учун, эй шайх, олмас пири дайр,
Бода бермас, токи ўзлук жинси марҳун бўлмаса.

Фоний ўл, васл истар ўлсанг, бенаволиғдин не ғам,
Бўлмасун ҳаргиз матоъе дунёи дун бўлмаса.

Эй Навоий, тонма, гар дер ул парий мажнун сени,
Ошиқ ўлғайму парийға, улки мажнун бўлмаса?!

25

Хотирим вайронлиғин билгай биров ҳижронида,
Улки ҳар соат бировни йўқлағай вайронида.

Англағай бекаслигимни бир қуёш қилған гумон,
Тебранурда соя ҳам тебранса ногаҳ ёнида.

Тийра шомим шиддатин андин сўрунгким, бўлмағай
Нур бир шамъи шабистондин саро бўстонида.

Кулбам айвонин фалак йиққонни сўр ул зордин
Ким, аниси йўқ, йиқилғур кулбаси айвонида.

Ҳажр Канъонида шаънимда ўқир сабр оятин
Улки, ҳажр оятлари нозилдур анинг шонида.

Эйки, айтурсен фалак бедодидин кўрмай ситам,
Давр аёғин солмағил қўлдин фалак давронида.

Раҳм этиб аҳбобқа гардун, Навоий кўрди зулм,
Қўшмади гўё ани аҳли муҳаббат сонида.

26

Даҳрким, ёр йўқ манго анда,
Бор эса доғи йўқ вафо анда.

Тоза доғедурур кўзум қондин
Ким, бўлубтур ниҳон қоро анда.

Уйла зиндон дурур фироқки, йўқ
Мен кеби кимса мубтало анда.

Захми кўп кўнглум ўлди ғам тоғи,
Лолалар ҳар тараф яро анда.

Дардинга жону кўнглум ўлди ватан,
Истаган топти мунда ё анда.

Каъбадин дайр сари чек мениким,
Ринд ўлур кирса порсо анда.

Фурқат ичра Навоий ул гулсиз
Булбуледурки, йўқ наво анда.

27

Тушта кўрдум ёрни хандон рақибин ўтруда,
Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчиллатурмен уйқуда.

Ул парий васли аро ёдимға кирса фурқати,
Телбалар янглиғ тўкармен ашк айни кулгуда.

Кўзгу жаннат равзанидурким, тамошо қилғали
Ҳур келмиш гўйиё, аксинг эмастур кўзгуда.

Юлдуз иткандек қуёш ёғдусида, итти қуёш
Оразинг хуршиди чун қилди тулуъ ул ёғдуда.

Соқиё, бир журъа тут, шоядки юзлангай нашот,
Неча бўлғай ҳажрдин озурда кўнглум қайғуда.

Ўзлукумни ашк элтиб, ўздин андоқ ётмен
Ким, ўзумни тонимон, аксимни ҳам кўрсам суда.

Чун Навоий ёр сари юзланур, қайғу қолур,
Соя қолғандек кейин, хуршид бўлғач ўтруда.

28

Беҳи рангидек ўлмиш дарди ҳажрингдин манга сиймо,
Димоғим ичра ҳар бир тухми янглиғ донаи савдо.

Мазаллат туфроғи сариғ юзумда бордур андоқким,
Беҳида гард ўлтурғон масаллик тук бўлур пайдо.

Оқартиб ишқ бошимни, ннҳон бўлди сариғ чеҳрам,
Момуғ ичра беҳини чирмаған янглиғ киши амдо.

Юзумда тиғи ҳажринг захми ҳар сари эрур беважҳ,
Беҳини тиғ илан чун қатъ қилмоқ расм эмас қатъо.

Юзум туфроқдадур ҳар дам қуруғон жисм ранжидин,
Беҳига сарнигунлик шохи заъфидин бўлур гўё.

Бу гулшан ичра беҳбуд истаган доим беҳи янглиғ,
Кийиб пашмина, тоатқа қадин ҳам асрамоқ авло.

Навоий гар қуёш норанжидин беҳрак кўрар, тонг йўқ,
Беҳиким лутф қилмиш маҳди улё исмат уд-дунё.

29

Жисми беморимға бор ул наргиси шаҳло бало,
Жони хунхоримға ҳам ул лаъли руҳафзо бало.

Даҳр ичинда офият нетсунки, ичкач бир қадаҳ,
Ёғдурур оламға ул шўхи қадаҳ паймо бало.

Не балодурким, қутулмасмен балодин бир нафас
Ким, манга етмас даме ул шўхдин илло бало.

Войким, жонимға кўзу қошу хатту холидин,
Ё адамдур, ё малолат, ё суубат, ё бало.

Қасдима азм этти, ваҳ, ўлмактин ўзга чора не
Ким, эрур ҳам жилва офат, ҳам қади раъно бало.

Севгали ул шаҳни мен мунглуғ, бало ҳар дам ёғар,
Бор эмиш бўлмоқ гадонинг дилбари мирзо бало.

Ул балоға ўрганибмен, ўйлаким жоним чиқар,
Кўрмасам бошимда бир соат мени шайдо бало.

Жоми минойи иликдин қўйма, бу даврондаким,
Ёғдурур давр аҳли узра гунбади мино бало.

Эй Навоий, фарқ аро қил мосиваллоҳ дафъиким,
Келди солик бошиға дунёву мофиҳо бало.

30

Тиғи заҳр олудидин жисмимда сар-тосар яра,
Чашмаи заҳри ғамидин ичмакимга ҳар яра.

Найлай ўлмай, эй кўзи қотилки, юз минг ярадии,
Жисми афгорим уза муҳликдурур аксар яра.

Итларинг меҳмоним ўлса, тўъма ярам қонидур,
Қотил ўлғач, турфа кўрким, бўлди жонпарвар яра.

Қон борурдин гарчи жисмим боғиға бўлмиш хазон,
Турфароқким, қондин очмиш юз гули аҳмар яра.

Яраға қўйған момуғлардин бўлуб бошимға тож,
Лаълу ёқут айламиш ул тожға зевар яра.

Ёғмаған бўлса танимға тийри борони фироқ,
Бир баданда кимга бўлғай бу қадар бовар яра.

Яра гар маҳбубдин юз мунча етса бок эмас,
Чун етар аҳбобдин, айлар мени музтар яра.

Десанг, эй соқий, бадал бўлсун, қадаҳ тут беҳисоб,
Ким тўкар қонимни беҳад, ким эрур бемар яра.

Эй Навоий, қайси бир яранг ўнғалғай, негаким,
Турғани бирла эрур бу нотавон пайкар яра.

31

Гулу гулзор сенинг боғи жамолингға фидо,
Сарву шамшод доғи тоза ниҳолингға фидо.

Бутубон меҳригияҳ донаси ҳам сочилса,
Оразинг гулшани ичра хату холингға фидо.

Йўқ менинг, балки Хизр бирла Масиҳо жони,
Чашмаи нўш аро жонбахш зулолингға фидо.

Янги ой, балки тўлун ой демайин, балки қуёш,
Тўлин ою қуёшинг узра ҳилолингға фидо.

Эй кўнгул, васли хаёлини қилурсен доим
Ки, менинг жону жаҳоним бу хаёлингға фидо.

Туттунг, эй ринди харобот, манга соғарким,
Руҳ бодангғаву тан эски сафолингға фидо.

Эй Навоий, лабидин нукта сўрарсен, юз жон
Бўйла ширин сўзу жонбахш мақолингға фидо.

32

Мажнун бошини саждадин олмас эди асло,
Гар Лайли итининг жулидин топса мусалло.

Найлай қора наргисни, бошимға урайинму
Ким, бошима офат кетурур ул кўзи шаҳло.

Ёзғанда юзунг мусҳафини котиби тақдир,
Ишқ оятини қилди менинг шаънима имло.

Ул муғбача гўёки чиқибтур яна усрук,
Йўқса не учун дайрда бор элга алоло.

Дўзахни агар ишқ ўти бирла қизитурлар,
Дард аҳлиға учмоқдин эрур бас тамуғ авло.

Мақсадни йигитлар ғами ишқи аро иста,
Ёхуд қарилар ҳимматидин айла тавалло.

Васлиға етушкунг неча саъб эрса, Навоий,
Гар қилса карам тенгри таборак ва таоло.

33

Дарди ҳажримға ул икки лаъли хандондур даво
Ким, ўлар Исо дамию оби ҳайвондур даво.

Не даво Исо дамин фаҳм айла, не ҳайвон суйин,
Ҳажр жонин олғон элга васли жонондур даво.

Ишқ аро заъфим давоси шарбат эрмас, эй ҳаким,
Шарбати васл этмайин ҳосил, не имкондур даво.

Ҳажр аро дардим давосин ёр мушкул, деб эмиш,
Раҳм агар қилса, анинг оллида осондур даво.

Дарддин ғамгин кўнгулда хона қилмиш юз мавод,
Эй, қора кўз, дафъиға бир ниши мужгондур даво.

Зулфи зуннориға чирманған узорин очти ёр,
Зулмати куфр ичра элга нури имондур даво.

Гар менинг бедиллиғим дарди давосин истасанг,
Эй Навоий, бу маразға кўнглум олғандур даво.

03

(Tashriflar: umumiy 2 008, bugungi 1)

Izoh qoldiring