Xulio Kortasar. Iblis so’lagi

026

      Жаҳонга машҳур адиб, ажойиб романнавис, қисқа ва ғайритабиий новелла-ю ҳикоялар устаси Хулио Кортасарнинг “Имтиҳон”, “Ютуқ” каби ажойиб романлари, “Бестиарий”, “Ўйин тугади” каби қатор ҳикоялар тўплами ҳамон адабиёт мухлисларини ҳайратга солиб келмоқда, ажойиб адабий маҳоратга далил сифатида катта адабиётга хизмат қилмоқда. Яқин кунларда унинг икки ҳикояси таржимаси ҳам сайтимиз саҳифаларида илк бор эълон қилинади.

Хулио КОРТАСАР
ИБЛИС СЎЛАГИ
Маъсума Аҳмедова таржимаси

01

09Хулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Корта́сар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.

01

    Бориб, буни қандай тарзда ҳикоя қилиш мумкинлигини билиш керак: биринчи шахсданми, иккинчи шахсданми, эҳтимол кўплик сонининг учинчи шахсидан сўзлаган маъқулдир ёки шундай тўқиб ташлайсанки, калаванинг учини ҳатто ўзинг ҳам тополмай қоласан.

Масалан, фараз қилайлик, мана бундай: “Ой чиқиб келаётганини кўриб турибман” ёки мана шундай: “Бизнинг, уларнинг кўзлари туб-тубида оғриқ сезилди”, айниқса, мана шунисини олсак: “Улар, сарғиш аёл, булутлар ҳамон менинг, сенинг, сизнинг, бизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда…” Падарига қусур, бунинг нималигини ким билади дейсиз!

Яхшиси – барга бориб пиво ичиш керак, машинка эса ўз фаҳми идроки етганича ҳикояни ёзаверсин (ахир мен бирдан машинкада ёзаман-да).

Зўр-да, худо ҳаққи, бу қуруқ гап эмас, мен буни ҳикоям “контакс”га (1) дахлдор бўлганлиги учун айтяпман; шуниси ҳам борки, бир машина бошқаси ҳақида мендан ҳам, сен ва у, панжарадаги сарғиш аёл ва булутлардан ҳам кўпроқ билади. Ва буларнинг бари бўлмағур сафсата, мен яна шуни ҳам биламанки, ўрнимдан турдим, дегунча “ремингтон”им (2) қотиб қолади, икки баробар қайсарлик билан туриб олади, гўёки тошга айланади, бу ҳол биз фақат ҳаракат пайти кўриб турган ҳамма жонсиз жисмларга хос.

Қисқаси, ҳикояни ёзишим керакка ўхшаяпти. Икковимиздан бировимиз ёзишимиз керак, яхшиси, ўзим ёзганим маъқул, мен ўлганман, демак, энди мутлақо холис бўлишим мумкин. Модомики, кўзларим осмондан бўлак ҳеч нимани кўрмаётган экан, демак, менинг ўйлашимга, ёзишимга (мана, четлари гезариб, булут ҳам чиқиб келди), ўз хаёл-кечинмаларимни титкилашимга ҳеч ким халал бермайди. Мен ўлсам-ўлгандирман, йўқ, ахир тирикман-ку, ҳа, ҳа, бунинг ёлғон жойи йўқ, вақти келиб, бари равшанлашади. Нимадандир бошлаш керак, мен дастлаб воқеа рўй берган нуқтадан бошладим, ҳа, пировардида ҳар қандай ҳикоя шундай бошланади-да ахир.

Ҳақиқатга кўчганда, умуман, бу ҳақда нима учун ҳикоя қилиш кераклиги менга азоб бермоқда. Агар биз бирор ишни нима учун қилишимизни ўзимиздан ўзимиз сўрасак ва инсон бу саволга аниқ жавоб бериши мумкин бўлса, масалан, таклиф этилган зиёфатга нима учун рози бўлганлигини айтиб бера олса (ҳозир каптар, янглишмасам, чумчуқ учиб ўтди), қизиқ латифани эшитиб нима учун кулгиси қистаганини, нима учун қотиб-қотиб кулганлигини билганида эди. Кейин нима учун ана шу латифани қўшни бўлимдаги ошналарига айтиб беришга сабри чидамаганлигини-чи? Нима учун киши шу латифани айтмагунча ишга қўли бормаслигини айтмайсизми. Менимча, ҳеч ким бу саволнинг тагига етолмаган, яхшиси, киши ақл ва виждонини маломатга қолдирмасдан нима бўлганлигини тўкиб сол-гани маъқул: ахир аслида нафас олиш ёки пойабзал кийишнинг айбли томони йўқ-ку – бу одатий ҳол. Лекин бирор кор-ҳол юз бергудай бўлса, айтайлик, пойабзалингга ўргимчак кириб қолса ёки худди ойна сингандай, ўпканг ғалати тасирлаб кетса, – ҳар қандай киши буни ишхонасидагиларга айтишга тушар ёки докторга боришга ошиқарди… “Оҳ, доктор, биласизми, нафас олсам…” Ичдан келган кулгини босиш учун ҳам ҳикоя қилинади, вассалом.

Модомики, шундай экан, биз тез орада ҳикоя айтишга киришамиз, майли, анъанавий тартибга риоя қилсак-қила қолайлик. Бунинг учун аввало ана шу уй зиналаридан тушиш ва бундан роппа-роса бир ой олдинги еттинчи ноябрга, якшанба кунига қайтиш керак бўлади. Мана, биринчи қаватдан тушамиз, шунда бизни якшанба ва Париж кузи учун мисли кўрилмаган қуёшли тонг қарши олади.

Ва шунда шаҳар бўйлаб сайр этгинг, теварак-атрофни томоша қилгинг ва суратга олгинг келиб кетади! (Биз суратчилармиз, яъни мен – суратчиман.) Мен ҳикоя қандай дунёга келишини бутунлай ҳал қилиб олиш ҳаммасидан ҳам мушкул эканлигини биламан. Бу ҳақда айтиб ўтилди, бироқ шу гапни яна такрорлашдан ҳеч уялмайман. Энг қийини шундаки, аслида ҳикоя қилувчи ким эканлигини билиб бўлмайди – менми ёки бўлиб ўтган воқеами, ёки бўлмаса, ҳозир кўриб турганим: булутларми, булутлар, баъзан – каптар пайдо бўлади… Эҳтимол мен шунчаки ҳақиқатни, фақат ўзимники бўлиб қоладиган ҳақиқатни ҳикоя қиларман ва бу фақат менгагина керак, ана шу аҳмоқона кулги қисташини босиш учун керак бўляпти, ҳа, буни тезроқ йўқотиш керак – кейин нима бўлса бўлар!

Йўқ, шошмасдан ҳикоя қилмоқ лозим – кейин бари ўз-ўзидан жойига тушиб кетади. Агар менинг ўрнимни кимдир эгалласа, агар гапиришга гапим бўлмаса, булутлар тарқаса-ю, ниҳоят ўрнида бутунлай бошқа нарса пайдо бўлса-чи? (Ахир киши фақат булутларни, аҳён-аҳёнда-каптарларнигина кўрган бўлиши мумкин эмас-ку.) Ана шу бари “агар”лардан сўнг мен қандай сўзни қўллашим мумкин? Жумлани қандай тўғри тугатиш мумкин? Агарда мен савол бера бошласам, ҳеч нима чиқмайди, яхшиси, тинчланиб, ҳикояни давом эттирганим маъқул. Кутилмаганда у лоақал биттагина, ҳикояни ўқиган кишига жавоб бўла олар!

Роберто Мишель, ярим француз, ярим чилилик, малакали таржимон, бўш вақтларида эса – ҳаваскор суратчи, Мосье-ле-Пренс кўчасидаги ўн биринчи сонли уйдан чиқиб келди. Бу шу йилнинг еттинчи ноябрь куни эди (ҳозир камида иккита булут чеккалари бўзариб чиқиб келмоқда). У муттасил уч ҳафта ўтириб, Сантьяго университети профессори – Хосе Норберто Альенде қаламига мансуб апелляцияга оид илмий ишни таржима қилди. Парижда шамол кам бўлади, лекин аҳён-аҳён бурчак-бурчакларда ҳалқа бўлиб ўйнашади, қуюн бўлиб кўкка кўтарилади, ранж-алам билан кўҳна уйларнинг ёғоч чийпардаларига урилади, парда ортидаги аёллар ўзларича бетайин об-ҳаводан нолийдилар.

Ўша куни эса кун чиққан эди: у шамолни жиловлаб, Париж мушуклари ва менинг кўнглимни хуш қилиб, шаҳар бўйлаб нур сочмоқда эди – мен энди маза қилиб, Сена соҳилида сайр қилишим ҳамда Консьержери ва Сент-Шапелни қандай суратга олиш ҳақида ўйлашим мумкин эди. Соат миллари ўнга яқинлашмоқда эди, мен ўн бирда кун ёруғ бўлади, деб чамалаб кўрдим, куз кунлари учун энг яхши об-ҳаво. Вақтни ўтказиш учун секин-секин Сен-Луи ороли томон йўл олдим, сўнгра соҳил бўйлаб аста Кэ д’Анжуга жўнадим ва бир пайт нигоҳим данғиллама Отель-де-Лозен иморатида тўхталди. Мен шунда албатта Аполлинернинг (3) ўзим севган мисраларини ўқидим (бошқа шоирни эсласа, яхши эди, бироқ Мишель… бунақа қайсарни ўлиб ҳам тополмайсан!). Бирдан шамол тиниб қолди ва қуёш икки баравар мўлроқ нур сочди (мен – ҳаво икки баравар илиқ бўлди, демоқчи эдим, аслида бунинг унча аҳамияти ҳам йўқ), панжарага ўтириб олдим ва ниҳоят, ана шу якшанба тонги мени нақадар бахтиёр этганини ҳис этдим.

Азоб-қийноқли Ҳеч нимани енгишнинг кўпгина усуллари бор, шулардан бири – суратчилик. Лекин суратга олишни болалик пайтларидан бошлаб ўрганган маъқул, чунки қатъий тартиб-интизомга риоя қилмасдан туриб, теран нигоҳ ва эстетик тарбия ҳамда ишончли бармоқларсиз – ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу ўринда гап умуман навбатдаги хом-хатала материални зўр бериб тиқиштирадиган ёки Даунинг Стритдаги (4) 10 иморатга кириб кетаётган қандайдир муҳтарам зотнинг беўхшов шарпасини вақтида суратга олишга улгуриб қоладиган мухбир аҳли ҳақида кетмаяпти.

Бу бошқа масала. Гап шундаки, қўлингда яхши камера бўлиши гуноҳ, лекин айниқса қуёшнинг қисқагина “ялт” этиб ярақлашини, нурининг отилган ўқ сингари эски тошдан учишини ёки сочлари шамолда силкинганча юмшоқ булка билан бир шиша сут олиш учун елган қизалоқни суратга олмай ўтказиб юборишинг бориб турган гуноҳдир. Мишель аллақачон суратчи оламга ўз нигоҳи билан қарай олмаслигини, бунга ўзи изн беролмаслигини англаб етган эди – шум камера ҳар ерда ва ҳамма жойда кишига ўз ҳукмини ўтказаверади (ҳозир эса осмонни булут қоплаб келмоқда, деярли қоп-қора). Лекин Мишель шуни ҳам аниқ биладики, борди-ю, кўчага “контакс”сиз чиқадиган бўлса, бир зумда ҳеч қандай ғам-ташвиши йўқ одамга айланади – кадрдан ташқаридаги олам ҳам, диафрагмасиз ва 1/250 ҳолатдаги фотоаппарат ҳам ғойиб бўлади. Ҳа, мана, ҳозир ҳам (“ҳозир” эмиш, ёлғон!) панжарага ўтириб олдим-да, кўзларим билан қизил ва қора кемачаларни кузата бошладим ва қандай қилиб яхши сурат чиқариш учун кадрга тушириш эсимга ҳам келмади, хаёл шунчаки мени, вақтга кўра ҳаракатсиз одамни атрофимдаги нарсалар билан бирга қайларгадир етаклаб кетган эди. Муҳими – шамолнинг ўзи йўқ!

Сўнгра Бурбонлар соҳили бўйлаб то орол тубига қадар бордим, бу ерда ўзим севган жой бўлиб, у жуда дилкаш, тўғрироғи, сирли хиёбон эди (сирлилиги яширин эканлигида эмас, мўъжазлигида эди: аксинча хиёбон дарё ва осмонга кенг бағир очганди). Хиёбонда ҳеч кимса кўринмасди – ягона севишганлар жуфти ҳам… бу каптарларга ўхшайди). Эҳтимол мен ана шу каптарлардан бирини ҳозир ҳам кўриб тургандирман. Бир сакраб, панжарага ўтириб олдим, шунда ноябрь қуёши вужудимни ўз нурларига чирмаб илитди, – мен кунга гоҳ юзимни, гоҳ қулоғимни, гоҳ қўлларимни тутдим (қўлқопим киссамда эди). Менинг сира суратга олиш истагим бўлмади, – чекдим, шунчаки эрмакка. Шу вақт бўлса керак, кўзим бир ўспиринга тушди.

Мен дастлаб севишганлар деб ўйлаганим кўпроқ она билан ўғилга ўхшаб кетарди, гарчанд бир кўришимдаёқ уларнинг она-бола эмасликлари аён бўлганди, иккиси биз назарда тутган маънони англатардилар, яъни икки киши – йигит билан қиз бир-бирларига биқинишиб турсалар ёки боғдаги ўтирғичда қучоқлашиб ўтирсалар, албатта биз уларни севишганлар, деб ўйлашимиз табиий.

Мен бирдан азбаройи қизиққанимдан нима учун йигитча шу қадар ҳаяжонда, худди ҳуркиб кетган қулундай ёки тутқун қуёндай олазарак эканлигини билишга жазм қилдим… Йигитча гоҳ иккала қўлини киссасига солар, гоҳ бирини олиб, ирғитгудай бўлиб, юзига тутар, гоҳ қўллари билан сочларини тарагандай бўлар, гоҳ ундай, гоҳ бундай туриб оларди. У бутун туриш-турмуши билан қочмоққа чоғланган одамни эслатар, ҳар бир ҳаракатида қўрқув, қандайдир уят аралаш таҳлика зоҳир эди.

Бу шунчалик аниқ-равшан кўзга ташланиб турардики, – мендан нари беш метр масофада ва оролда биз учовимиздан бошқа ҳеч кимса йўқ эди, – қаттиқ қўрқиб кетган ўспирин бутун диққат-эътиборимни эгаллаб олганлигидан дастлаб сарғиш аёлни пайқамабман ҳам. Энди ҳаммасини бир бошдан хотирласам, мен ўшанда башарасини кўрсатган онлардан кўра уларни ҳозир яхшироқ кўриб турибман, шунда йигитчага нима бўлганлигини фаҳмлай бошладим, кейин қолиб, энди буёғи нима бўлишини кўришга аҳд қилдим (аёл бирдан мис флюгер**** сингари бошини бурди, шунда кўзлари, ҳа, аввал, кўзлари пайдо бўлди). Шамол уларнинг сўзларини, тўғрироғи, шивир-шивирини олиб келди.

Умуман олганда, ҳаётимда қўлимдан келадигани – қараш, лекин қарасанг ҳам, қарамасанг ҳам барча нарсаларда сохталик аломати бўлади, негаки томоша, мушоҳада эҳтиётсизлик билан бизни ўз “мен”имиздан нариларга ирғитиб юборади, сезмоқ – бошқа гап ёки… (Бўлди-да, етар, бизнинг Мишель доимо унисидан бунисига ирғигани ирғиган, унга қўйиб берсанг бас). Ундайми, бундайми, агар ана ўша сохталик ҳақида эсланадиган бўлса, унда нигоҳингга, ҳаттоки ўз кўзларингга ишонишинг мумкин; муҳими, сен қарайсанми ёки сенга қарайдиларми, ана шуни ҳал қилиб олиш, сўнгра эса нарсалардан ортиқча кераксиз ниқобни олиб ташлаб, буларни ошкор этиш, фош қилиш керак бўлади. Тургап гапки, буниси қийин.

Дарё бўйидагидан кўра (сўнгра бари равшан бўлади) суратдаги ўспирин хотирамда кўпроқ сақланиб қолганди, аёлни эса яхши эслайман, у ҳозир ҳам шундай қаршимда – нозиккина, хушбичим (иккита нотўғри, кераксиз сўзларни қўлладим), мўйнали, деярли қора, деярли узун, деярли башанг мантода турибди. Якшанба тонгининг бутун шамоли оқиш ва ғира-шира (яна иккита нотўғри сўз) юзини тутган тилларанг сочларини тўзғитарди. Ана шу сочлар тўзғишида – қора кўзлар ажралиб туради, шундай кўзларки, улар олдида ўзингни ёлғиз, кимсасиз сезасан. Кўзлар эмас, ўлжасига ташланган нақ иккита калхат, ям-яшил ботқоқзорда “ялт” этган чақмоқ дейсан. Буни мен кўзлар ҳақида ёзмаяпман, шунчаки ўзим тушуниб олгим келяпти, мана, айтдим: “Ям-яшил ботқоқликдаги иккита чақмоқ”.

Адолат ҳаққи ҳурмати, айтиш мумкинки, йигитча бинойидай кийиниб олганди; қасам ичаман, сариқ қўлқоплар акасига, ўйлашимча, ҳуқуқшунослик ёки ижтимоий фанлар факультетида таҳсил олувчи талабага тегишли эканлиги тайин; ана шу қўлқоп бармоқлари пиджак чўнтакларидан жуда ғалати тарзда диккайиб чиқиб турарди. Мен анча вақтгача унинг юзини кўра олмадим, ён томонидан зинҳор аҳмоқ бўлмаган башараси сал-пал кўзга ташланарди – гўё безовта қуш, Фра Филиппо (5) расмидаги фаришта, гуручли пудингнинг ўзгинаси. Кўз олдимда мана-мана, дзю-до усулларини кўрсатишга чоғланган, шу тарзда синглисини ҳам ҳимоя қилган, аллақандай ғоялар учун ёқалашган, ҳатто ўн беш ёшида, кўриниб турибдики, ота-онаси бағрида ҳамма нарса тап-тайёр шароитда яшайди, бироқ чўнтагида сариқ чақа бўлмайди ва ҳар сафар бир қадаҳ коньяк, бир қути сигарета ёки бир финжон қаҳва хусусида гап кетганида бечора танишлари ҳузурида кўзларини ерга олади.

Эҳтимол у бир синфда ўқийдиган қизлар ҳақида хаёл сурганича кўча санғиган, нима қилиб бўлмасин, янги чиққан кинони томоша қилиш учун югуришни ёки романми, яна урф бўлган бўйинбоғми, янаям яхшиси сариқ ва яшил ёрлиқ ёпиштирилган бир шиша ликёр сотиб олишни орзу қилган бўлса ажаб эмас. Унинг уйида (бу ҳашаматли уй бўлиши мумкин: роппа-роса соат бирда тушлик қилинади, деворга романтик услубда чизилган расм илинган, нимқоронғи даҳлиз ва эшик ёнгинасида соябонлар учун таглик қўйилган) онасининг умидига айланишга мажбур бўлиб, дадасидан ибрат олиб, сабоқларни ёдаки қилиб, Авинь-онда яшайдиган холажонига мактублар битиш билан вақт имирсилаб ўтмоқда эди.

Мана, сал юрсанг – кўчага чиқасан, сабаб, дарё бўйи шу қадар кенг (аттанг, чўнтакда ҳемири йўқ-да!) туюлади. Мана, эшикларига алоҳида тамға урилган, дарвоза тагида ҳурпайган мушук чўнқайган, ўттиз франкли қовурилган картошка халтаси, тўрт бўлакка букланган шаҳвоний журнал турган шаҳар нима учун бунчалик ўзига тортиши маълум бўлади. Худди бўм-бўш чўнтак каби ёлғизлик ҳам, шодон учрашувлар ҳам, ҳамма нарсаларга интилиш ҳам ҳали ошкор бўлмаган сирдирки, у шамол ва бўм-бўш кўчаларга ўхшаш буюк муҳаббат ҳамда эркинлик билан чароғон бўлади.

Бу йигитчанинг ҳаёти менга мана шундай ўта жўн ҳамда ўша дақиқаларда ана шу кечирмиш кунлари ҳам зўрлик билан тортиб олингандай туюлди ва ҳозир эса у томоғидан хиппа бўғган аёлнинггина сўзларини диққат билан тингламоқда эди. (Мен ҳадеб бир нарсани қайта-қайта такрорлайверишдан чарчадим, ҳозир осмонда иккита увада булут сузиб ўтди.

Ўйлаб кўрсам, ўша тонгда бир марта ҳам осмонга кўз ташлаб қўймабман, мени ўспирин билан аёл ўртасида нима гап бўлиши мумкин, деган ўй чулғаб олганди, улардан ҳеч кўзимни узолмаётган эдим – фақат қарардим ва кутардим, қарардим ва … ) Қисқаси, йигитчанинг аҳволи танглиги шундоқ кўриниб турарди, шунда менинг бундан ярим соат илгари нималар бўлиб ўтганлигини тасаввур қилишим унча қийин бўлмади. Ўспирингина, эҳтимол, бекорчиликдан сандироқлаб оролнинг энг чеккасига адашиб келиб қолади-ю, аёлга кўзи тушади ва ҳайратдан оғзи очилиб қолади.

Аёл бўлса… аёл фақат шуни кутган, фақат шунинг учунгина панжара ёнига келган. Балки воқеа мутлақо бундай бўлмагандир, эҳтимол йигитча олдинроқ пайдо бўлгандир ва аёл уни балкондан ёки машина ойнасидан кўриб қолгану, бирор баҳонани рўкач қилибми ёки важ бўлмаса ҳам гаплашиш учун унга пешвоз чиқишга шошилгандир, чунки аёл олдиндан унинг қўрққанидан жуфтакни ростлаб, қочиб қолгиси келаётганини ва ҳеч қаёққа кетолмаслигини ва яна-тағин чираниб, ўзини ҳамма нарсани кўришга улгурган саргузашт ишқибози қилиб кўрсатишини билган.

Якуни ҳам равшан: ҳаммаси кўз олдимда содир бўлмоқда эди ва менинг ўрнимда бўлган ҳар қандай одам бемалол ўйиннинг кейинги ривожини ҳам чамалаши, тўғрироғи, ана шу нотенг беллашувдаги қизиқ ҳолатни кўриши мумкин эди. Бунинг ажойиб томони шунда эдики, айнан ҳозирги манзара ана шу беллашув якуни, унинг ечими эканлигини яққол тасаввур қилса бўларди. Йигитча, эҳтимол, янги учрашув учун баҳонани ўзи ўйлаб топади, сўнгра эса уйи томон секин-секин, судралиб жўнайди – у ўзига ишонч билан лапанглаганича – орқасида аёлнинг масхараомуз нигоҳини ҳис қилганича боради.

Лекин шуниси ҳам эҳтимолдан холи эмаски, йигитча эс-ҳушидан айрилганлигидан ёки қўрқоқлигидан ҳаттоки шунга ҳам журъат қилолмайди ва худди жойида қоққан қозиқдай серрайиб туради, аёл бўлса, ошиғининг сочларини ҳурпайтириб, тутамлаб, эркалайди, юзларини силайди ва у билан сўз қўшмай гаплашади, қўлидан тутганича уйига етаклаб олиб боради; негадир сўнгги дақиқага келиб, қандайдир тушуниб бўлмас хоҳишсизлик кўланка солади – афсус!– йигитча ана шу кайфиятини яшириб, дадилланади: аёлнинг лабларидан ўпади ва қўллари нозик беллардан қучади…

Буларнинг бари содир бўлиши мумкин эди, лекин ҳозирча бу воқеа рўй бермади ва панжарада ўтирган Мишель ана шу якунлардан истаганини олдиндан сезиб, завқланганича оролнинг хилват бурчагида суҳбат билан машғул, шу қадар банд севишганларни вақтида суратга олиш учун беихтиёр ва бехосдан камерасини тўғрилай бошлади.

Қизиқ, мана шу саҳнага (умуман, ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ: йигитча билан аёл, улар ҳам ўзларича ёшлар-да) қандайдир хавотир соя солиб турганга ўхшарди. Ҳатто назаримда, бу хавотир ўзимнинг ичимда бўлгандай ва суратлар – агар чиқса, фавқулодда оппа-осон ҳақиқатни очиб ташлайдигандай туюларди. Ҳа, айтмоқчи, мен бирдан кўприкда тош қотган машинада ўтирган одамни қандай хаёллар чулғаб олганини жудаям билгим келди. Мен уни ҳозиргина пайқаб қолганимга ажабланмаса ҳам бўлади: ахир ҳаракатсиз машинанинг ичида ўтирган ҳар қандай киши ҳаракат ва журъат гўзаллигидан маҳрум ҳолда кўз илғамайдиган даражада ғойиб бўлади, шунчаки ана шу нотавон яшик ичида йўқолади. Шундай бўлса-да, машина аввал-бошдан ҳеч қаёққа силжимай шу ерда, ана шу ажиб дилкаш манзарага халақит қилиб, аксинча уни поёнига етказиб, қаққайиб турарди.

Машина – бу манзарада фонарь осиладиган симёғоч ёки боғдаги ўтирғич сингари бир ёрдамчи деталь; шамол билан қуёш нури эса бошқа гап: уларда доимо кўз ва тери учун янги бир нарса яширинган бўлади. Мана, йигитча ўз жонони билан турибди, улар худди қадрдон оролга мутлақо бошқача нигоҳ ташлашим учун турганга ўхшайдилар. Эҳтимол, муккасидан тушиб газета ўқиётган одам ҳам уларни кузатаётган, ва, эҳтимол, мен каби унга ҳам ҳадеб кутавериш, афтидан, ёқмай турибди…

Аёл писибгина киши билмас бир чеккага силжиди ва бирдан шундай туриб олдики, ўспирин у билан панжара ўртасида бўлиб қолди. Мен уларни ёнбошларидан кўриб турардим. Ўспириннинг бўйи баланд эди, хийлагина бўлса-да, баланд эди, шу аснода аёл оёқлари учида кўтарилгандай бўлди, худди унинг устига энгашган каби (гўё ҳавони хивич билан қамчилагандай, аёлнинг қўққисдан кулгисини қулоқларга олиб келди) йигитчани шу ерда ҳозирлиги, табассуми, қўлларини силкиши билан эзгандан-эзиб турарди! Яна нимани кутиб турибман ўзи? Диафрагма – ўн олти, кадр танланди, тамом-вассалом, худога шукур, анави лаънати машина ҳам йўқ, мана, бир хилдаги сўлғин фонни безаши керак бўлган дарахт турибди.

Худди ана шу севишганлар умуман қизиқтирмаётгандай, камерани кўзларимга олиб бордим, ўзим эсам чеҳранинг ўзимга керакли юз ифодаси, бари жумбоқлар ечими бўлмиш сирли имо-ишораларни илғаб, тутиб олишга муваффақ бўлишимни билиб турардим, мен кўпгина суратларда бўлгани сингари авжи ҳаракатнинг кескин ўзгараётган жойини беҳудага ўтказиб юбормасдан ушлаб олишим керак эди, агарда бўлинган вақтнинг жонли лаҳзаси бой берилса борми… Кўп кутишимга тўғри келмади. Аёл ишонч билан ҳужумга ўтди, шунда йигитча азобли ҳамда ширин қийноқ исканжасида озодлигининг сўнгги илинжини ҳам йўқотиб бўлди. Кўз ўнгимда боягидай шу воқеанинг эҳтимолий якуни гавдалана бошлади (энди осмонда биргина ёлғиз момиқ булут сузиб юрибди).

Мен хаёлан хонимнинг йигитчани уйига қандай олиб келганини кўрдим (мушуклар ва ола-чипор ёстиқчалар ғиж-ғиж биринчи қаватдаги уй), болакайнинг ночор ва аянчли башарасини, унинг қандай довдираб, саросимага тушишини, буни сохта бетакаллуфлик остига яширишга уринишини – гўё, бизга шуям янгилик бўптими, дегандай ҳаракатини кўрдим. Мен юмуқ кўзларим билан (юмуқмиди?) бу манзарани ипидан-игнасигача яққол кўз олдимга келтирдим: ҳазилнамо бўсалар, оч бинафшаранг, ҳа, ҳа, каравотга тўшалган оч бинафшаранг партўшак шундоқ кўз олдимда намоён, аёл-чи, эркаланиб, қўллари билан кўйлагини эгнидан ечишга шошилади (ҳаммаси худди романлардагидай); шунда аёлнинг ўзи уни, мўмингина, мўлтайиб турган йигитчани ечинтиради, – уларни гўё оч долчин тусидаги маъдандан ишланган тунчироқнинг сарғимтир нурлари остида мисли она ва бола дейсиз.

Кейинми – кейин бари худди одатдагидай бўлади, балки, йўқ…. ана шу чўзилиб кетган муқаддима қандай ривож топишини ким билади – қўлларнинг ошиқич саросимаси, шиддатли эркалашлар, ўнғайсиз, қовушмаслик оқибати нима билан тугайди? Балки йигитчага олдиндан такаббурона табассум остида қарши зарба тайёрлаб қўйилгандир, балки бечорагина бола аччиқ ҳайрат ичида мурдадек қотиб қолар? Балки ёлғизгина, заифгина қувонч бўлар? Бари шундай, бари мутлақо шундай бўлиши керак… Ахир шундай мишиқини ҳам ўйнаш қиладиларми ҳеч? Агарда бошқа кишига мўлжалланган ёвуз ўйинни тасаввур қилмасдан туриб, бу аёлнинг қандай ниятни кўзлаганлигини билиб бўладими?

Мишель ана шунга ўхшаш адабий хаёллар суришга муккасидан кетган эди. Ҳаётда бўлмаган ғалати вазиятлар, мантиқан тушунтириб бўлмайдиган қаҳрамонлар ва аллақандай махлуқларни ичидан тўқиб чиқариш унинг жони дили эди, ахир булар ҳамиша ҳам ғашга тегавермайди-да. Бироқ бу ерда вазият бошқача эди: бу аёл унинг хаёлоти, тасаввурини қўзғаб юборган ва айни вақтда ўзининг ҳар бир ҳаракати билан бунинг ҳақиқат эканлигига ишора қилмоқда эди. Мен бир сония ҳам кутмасликка аҳд қилдим – қуруқ таваккалчилик кимга керак? Ҳозир (менинг ўтиб кетган воқеаларни ҳуда-беҳудага қайтараверишга мойиллигим учун ҳам бу ҳақда узоқ бош қотирсам керак), фотоаппаратим объект ҳолатининг кузатувчиси атрофдаги бари нарсаларни – дарахт, панжара, қуёшни қамраб олган лаҳзани эслайман. Ниҳоят, сурат олинди! Шунда иккови “ялт” этиб менга қаради, улар нима гаплигини тушуниб етганликларини дарров англаб ета қолмадим. Ўспирин – таажжубланган, кўзларида соқов савол ифодаси қотиб қолган алфозда эди, аёл эса шундай ғазабландики, афти башараси, фақат башарасигина эмас, бутун вужуди қаҳрга тўлиб-тошди, улар жимитдай фотокадр асирлари бўлиб қолганликларидан қаттиқ жазавага тушди.

Бу ҳақда анча батафсил сўзлаб берсам бўлар эди. Лекин нима учун? Аёл ҳеч ким бегоналарни рухсатсиз суратга олишга ҳаққи йўқлигини айтди ва плёнкани унга қайтариб беришимни талаб қилди. Талаффузига қараганда, аёл асл парижлик эди; унинг қуруқ, қатъий овози ҳар бир ибора сари кўтарилиб, тобора ранг-баранг оҳанг касб эта бошлади. Умуман олганда, менга – плёнкани қайтариш ёки қайтармасликнинг фарқи йўқ эди, лекин ҳамма иш яхшилик билан битади, шунинг учун ҳам тўсатдан менинг ўжарлигим тутди ва ҳеч ким, ҳеч қачон жамоат жойларида суратга олишни тақиқламаганлигини ва аксинча: суратчилик ҳар қанақасига ҳам хусусий, ҳам давлат муассасалари томонидан рағбатлантиражаклигини айтдим.

Мен буларнинг барини тўкиб соларканман, яширин завқ билан йигитчанинг бирдан чеккага ирғигудай бўлиб, орқасига тисланаётганини… кузатдим ва мана, у, қандайдир ақл бовар қилмас даражада эпчиллик билан ўзини олиб қочди ва югура солди. Бечора балки ўзимни муносиб тутиб, жўнадим, деб хаёл қилгандир, аслида эса у оёғини қўлига олди, машина ёнидан елдай учиб ўтди ва худди тонгги сарин ҳавода дарахтлардан тараладиган, Аргентинада “фариштанинг соч толаси”, деб аталмиш узун-узун иплар сингари кўздан ғойиб бўлди.

Ана шу ўргимчак ини толасининг яна бир – “иблис сўлаги” деган номи ҳам бор, шунда бизнинг суратчимиз оғзидан тупук сачратиб, бўралаб сўкина кетди. Шуни айтиш керакки, Мишель ўзини мардонавор тутди (бу ундан ортиқча заҳмат талаб этмади): у саховат қилиб айтилган ҳақоратларни назокатли табассум билан қарши олди ва ўта одоб билан таъзим қилди. Мен бировларнинг ишларига бурнини суқадиган аблаҳ, палид ва нобакор хусусидаги узундан-узоқ монологдан ғоят зерикканимда бирдан машина эшигининг “тарс” этган овозини эшитдим ва аёл ёнида бир эркакни кўрдим – у тўғри бизга қараб турарди. Шундагина мана шу саҳнада унинг ҳам ўз роли борлиги “ярқ” этиб миямга урилди.

У машинада бағоят қунт билан ўқиган ўша газетани қўлидан қўймай биз томон йўналди. Айниқса унинг афтини ғалати буриштиргани ёдимда қолди – бунақасини осонгина унутиб бўлмайди, – юзининг бужмайиши оғзини қийшайтириб қўйган, бурушиқ башарасини бузиб, из қолдириб ўтган эди, муҳими, лаблари гоҳ ўнгга, гоҳ чапга қимирлаб, қандайдир жонли, ғайришуурий нарса вишиллаб чиқарди. Бу – оппоқ бўрга беланган, бир томчи қони йўқ, қоқчакак териси шалвираган, тош қотган масхарабознинг башараси эди. Кўзлари чуқур-чуқур, бурун тешиклари – ҳаддан ташқари очиқ, қоп-қора, қошлардан ҳам қора, сочлардан ҳам қора, қора бўйинбоғдан ҳам қора эди. Эркак чағиртошларни худди оёқларини яра қиладигандай, эҳтиёткорлик билан босди, лок пойабзалининг тагчарми жуда юпқа эди – буни мен жуда яхши эслайман, – ҳаттоки майдагина тошдан ҳам йиртилиб кетадиганга ўхшарди.

Нимагалигини ўзим ҳам билмай, дарров панжарадан тушдим. Яна нима учунлигини билмайману, мен узил-кесил ўлиб қолсам ҳам уларга плёнкани бермасликка, хавотир, тўғрироғи, қўрқув, таҳлика ошкора намоён бўлган талабчан овозга бўш келмасликка қарор қилдим. Аёл билан масхарабоз индамай бир-бирларига қарадилар – биз ўта оғир, чидаб бўлмас даражада мудҳиш учбурчакни ҳосил қилганимизча турардик, ушбу учбурчак бузилиши, ҳозир-ҳозир гумбурлаб қулашига шак-шубҳа йўқ эди.

Мен негадир уларнинг юзларига қараб туриб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордим-да, нари кетдим ва анави мактаб ўқувчисидан кўра обрў билан жўнадим, деб умид қиламан. Кўприкда, кўприк билан тенглашиб, дастлабки уйлар кўзга ташланганда орқамга қайрилиб қарадим. Улар ҳамон ўша жойда туришар, фақат газета ерда ётар, аёл эса панжарага суянганча титраб-қақшаб, қўлларини тошлар бўйлаб юргизарди – бу қутулиш илинжидаги тутқун одамнинг одатий ва маъносиз ҳаракати эди.

Бари қолган гаплар шу ерда ва яқиндагина – бешинчи қаватдаги уйимда рўй берди. Мишель якшанбада олинган плёнкани ювиб қўйганига ҳам бир неча кун бўлган эди. Сент-Шапель ва Консьержери чиндан ҳам бинойидай чиқибди. Икки-учта синаш учун олинган кадр-лар хотирамдан кўтарилаёзибди. Қай мўъжиза билан жамоат ҳожатхонаси қувурининг энг учига чиқиб олган мушук кадри яхши чиқмаганлиги шундоқ билиниб турарди.

Мана, оролда олинган сурат – сарғиш аёл ва ўспирин. Негатив аъло даражада чиққанлигидан Мишель тасвирни йирик планда бермоқчи бўлди. Йирик пландагиси ҳам чакки чиқмади, шунда Мишель уни катта афиша ҳажмича катталаштирди. Мишель ўша лаҳзада Сент-Шапель ва Консьержери суратларигина ортиқча дахмаза бўлади, деб хаёлига ҳам келтирмаганди (шунинг учун ҳам у ҳозир ажаблангандан-ажабланмоқда эди). Бутун бошли плёнкадан негадир аёл билан ўспирин кадригина унинг диққатини тортди. У катталаштирилган суратни тўғри деворга ўрнатди ва биринчи кун тасвирга қараб туриб, эслади, тўғрироғи, эсламади, ўлиб бўлган ҳақиқатни хотира билан (тўғрисини айтсам, бу анчайин ғамгин машғулот), ҳаракатсиз, қотиб қолган хотира билан таққосладим – гўёки ҳамма нарса жой-жойида, ҳеч нима йўқолмаганга ўхшаб кўринган ҳар қандай сурат ана шу хотирага айланиши мумкин, лекин шундай бўлса-да, ана шу Ҳеч ниманинг ўзи тасвир устидан ҳукмронлик қилмоқда эди.

Мана, аёл, мана, йигитча, мана, уларнинг бошлари узра пана бўлган, жойида тош қотган дарахт ва осмон, ўз туб моҳиятига кўра ягона ва айнан бир хил, мисли тош панжара сингари аниқ-тиниқ қуйма булутлар (ҳозир эса кўкка булут сузиб чиқди, у худди момогулдуракни етаклаб келадиганга ўхшаб турибди). Дастлабки икки кун бемалол юрдим, суратнинг ўзи ҳам, деворга осиғлиқ, катталаштирилган нусхаси ҳам менга маъқул эди ва нега қилаётган таржимамдан дам-бадам узилиб, ўқтин-ўқтин аёл юзига ёки тош панжарадаги қоп-қора доғга диққат билан тикилаётганим учун шунчаки ўзимга-ўзим ҳисоб беролмасдим. Мен ана шунда пешонамга бир урдим… Нима учун ҳанузгача шундай оддийгина нарса хаёлимга келмади экан-а!

Агар биз суратни тўғри кўз олдимизга келтириб тутсак, кўзларимиз аниқ объектив ҳолатини такрорлайди-ку! Одамлар шундоқ кўриниб турган ҳақиқат ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмайдилар. Мен ёзув машинкаси қаршисида ўтириб, тасвирга қарадим – бизни кўп эмас, уч метрча масофа ажратиб турарди, – шунда мен ўша пайт камерам объективи қаршисидаги сингари ҳолатда турганлигимни англаб етдим. Яна нимаси маъқул? Суратнинг бари фазилатларини осонгина баҳолаш мумкин, агар диагоналига қарасанг, бунинг ҳам ўз жозибаси, тасодифий ҳолати борлиги маълум бўлади.

Тўғрироғи, Хосе Норберто Альенде испан тилида яхшилаб ёзганини француз тилида унча яхши ифода қилолмай қолганимда вақт-вақти билан суратга қарардим – гоҳ аёл қиёфаси, гоҳ ўспирин, қуриган япроқ, ён томондан олинган суратни аъло даражада тўлдириб, унга маъно бериб турган тош йўл мени ўзига жалб этмоқда эди. Ишдан дам олган пайтларим мана шу сурат ижодкори бўлган ўша кунги тонгга хаёлим кетиб қоларди. Аёлнинг суратга олинган плёнкани қанчалик титраб-қақшаб, аччиғи чиқиб, қайтариб беришимни талаб қилганини эслардим, йигитчанинг қочиб қолгани кулгили, айни вақтда ўша ғалати одамнинг тўсатдан пайдо бўлиши кишини хавотирга соларди.

Виждонан айтганда, мен ушбу саҳнани унча чиройли тарк этмаган бўлсам-да, ўз-ўзимдан мамнуният ҳосил қилишим мумкин эди. Агар французлар тезоб бўладилар, десалар, менинг нима учун фуқаролик ҳуқуқлари, эркинликлар ва алоҳида имтиёзларни керагида исбот қилолмай, бирдан жуфтакни ростлаб қолганлигим ўзимга ҳам қоронғи эди. Бироқ бошқа томондан – шуниси энг муҳими, — мен йигитчанинг вақтида қочиб қолишига, қутулиб кетишига имкон яратдим (агарда менинг ҳисобим тўғри бўлса, йигитчанинг қочганми йўқми, буниси номаълум). Мен ўзим истамаган ҳолда бировларнинг ишига бурнимни суқдим, лекин шу билан бирга қўрқувдан ўтакаси ёрилган болакайнинг таҳликадан қутулишига пича бўлса-да, ёрдам бердим. Энди у афсусланса афсусланаверсин, уялса, уялаверсин, ўзини ландавур деб ўйласа ўйлайверсин, кейин бу панжарадан ўзига ғалати қараган аёлдақалар билан танишишдан кўра дурустроқдир.
Мишелда баъзан ўта одоб-ахлоқли одам уйғонарди, у шунда табиатига хос бўлмаган тарзда хунук, ножўя ишлар ҳақида ўйлайверарди.

Демак, тасодифий олинган сурат ўзининг эзгу вазифасини бажарибди-да. Шуни айтиш керакки, мутлақо ихтиёрсиз равишда ҳар бир бандда ишимни тўхтатиб қўймоқда эдим; ўша дақиқаларда ушбу тасвир нима учун мени бунчалик ўзига тортаётганлиги ва нима учун уни катта қилиб деворга осиб қўйганлигим ҳақида ўйлаб ҳам кўрганим йўқ эди… Эҳтимол фақат шунда, фақат шундай вазиятларда бари юз бериши муқаррар воқеалар содир бўлса керак.

Дарахтларнинг астагина, аранг сезиларли шитирлаши мени сира безовта қилмади, бошлаб қўйган жумламни яна ёза бошладим ва уни бемалол муваффақият билан тугатдим. Сира ажабланарли жойи йўқ! Биз одат қилиб олган нарсалар – каттакон гербарий. Чиндан ҳам йирик пландаги, саксонга етмиш ҳажмдаги сурат экранга жуда ўхшаб кетади, ушбу экранда аёл тилёғламалик билан йигитчани суҳбатга тортмоқда ва уларнинг бошлари узра япроқлари қуруқшаб қолган дарахт бутоқлари чайқалади.

Аммо манави қўлларни қаранг – буниси жуда ортиқча! Шуниси қизиқки, мен эндигина таржима қила бошлаганимни биламан: “Donc, la seconde olй rйsiddans la nature intrinsйque des difficultйs que les sociйtйs…”(6) – бирдан аёлнинг кафти, бармоқлари аста-секин бирлашиб мушт бўлганини кўриб қолдим. Кўз очиб юмгунча ўзимни йўқотдим, батамом чала, тугалланмаган французча жумла, полда машинка, ғичирлаб қолган курси ва туман ўз ҳолича қолди. Ўспирин бутунлай ҳолдан тойган боксчилар сўнгги зарбани кутаётиб қилганидай, бошини мағлубона эгди. У ёқасини кўтариб олган ва шу ҳолати билан асирга, ҳалокат сари ўзи йўл очиб берган ҳақиқий қурбонга янада кўпроқ ўхшаб кетди…

Аёлнинг қўллари яна ёзилди ва узун-узун бармоқлари ўспириннинг бетларига узалди. Аёл йигитчанинг қулоғига нималарнидир шивирлади, у эса, қўрқув ичида, тўғрироғи, безовталаниб, аёлнинг елкаси узра бошини чўзди ва дам-бадам ўша томонга қаради, қаёққалигини – Мишель жуда яхши биларди – уёқда машина ва кулранг шляпали одам турарди. Улар кадрга тушмабди, хўш, тушмаса нима қипти? Ўша одам ўспириннинг кўзларида (бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади), аёлнинг сўзлари ва қўлларида, маълум бўлишича, атиги воситачи ролини ижро этаётган ҳузуридаги ана шу аёлнинг иштирокида яшамоқда эди.

Сўнгра эса мен ўша одамнинг уларга яқин келганини, уларга қандай нигоҳ ташлаганини – қўллари чўнтагида, башарасида ранжишми, тоқатсизликми зоҳир, — мисоли ҳозир-ҳозир берилиб ўйнаган итига ҳуштак чалиб, чорлаган қаҳри қаттиқ хўжа-йинни кўрдим. Шунда мен, агар бу ўринда “тушундим” иборасини қўллаш жоиз бўлса, ўша пайт бошланган ва албатта содир бўлиши керак бўлган иш, беихтиёр ва қўққисдан келиб қолиб халал бермаганимда, эҳтимолдаги воқеа, бўлиши зарур ҳодиса, шак-шубҳасиз, шу кишилар ўртасида рўй бериши муқаррарлигига тушуниб етдим. Ҳақиқат, менинг тасаввурим намоён этган манзарадан ҳам даҳшатлироқ эди. Бу аёл панжара ёнида ёноқлари қип-қизил беозоргина фаришта билан ўз ихтиёри билан турмаган, болакайнинг қалтираши ва журъатсизлигидан маза қилиб завқланмоқчи, вақтини чоғ қилмоқчи ҳам эмас. Ҳақиқий хўжайин мавриди келишини пойламоқда ва ҳаммаси рисоладагидай бўлишига ишонмоқда эди.

Янги-янги қурбонлар изидан бир марта эмас, икки марта эмас, кўп маротаба аёлни жўнатган… Кейинми – кейин воқеалар оддийдан ҳам оддий кечади: машина, уй – бунақаси эмас, бошқача уй, шароблар, шаҳвоний суратлар ва кечиккан кўзёшлар. Мен бу сафар тамоман ҳеч нима қила олмадим, мутлақо ҳеч нима.

Аслида суратчилик менга асло ёрдамчи эмас, балки душман экан, у ошкора қасос олди – энди нима бўлишини кўр, бир маза қил, дегандай бўлди. Мен суратни аллақачонлар чиқариб қўйганман, орадан соатлар эмас, кунлар, ҳафталар ўтди, биз энди бир-биримиздан йироқда турибмиз, ўкинч-пушаймонлик кўзёшлари аллақачонлар тўкилиб бўлган, фақат ҳасрат ва ҳайрат қолган, холос, биз бирдан ўрнимизни алмаштирдик, бу одамлар яшамоқдалар, ҳаракат қилмоқдалар, ишларини ҳал этмоқдалар ва уларнинг қарорлари ўзлари томонидан идора қилинмоқда, мен эсам буёқда ана шу кишилар – сарғиш аёл, ўспирин ва эркак кимлар эканлигини билмаслигим, бу ҳақда хабарсизлигим асирига, мен – фақатгина ўз камерамнинг аянчли линзаси, тош қотган, ҳаракатланишга қодир бўлмаган қандайдир нима асирига айланаман.

Кўз ўнгимда рўй берган бари воқеалар менинг ожизлигим устидан шу қадар шафқатсизлик, шу қадар бераҳмлик билан кулгандай, мазах қилгандай бўлди: мен башараси оппоқ бўр билан чапланган масхарабозга йигитчанинг қандай нигоҳ ташлаганини кўрдим; мен боланинг тузоққа тушишини, уни пул билан йўлдан оздиришларини билдим. Мен энди – қоч! – дея ҳайқира олмаслигимни – бир лаҳзада қимматбаҳо атирлар ифори ва ҳирс-эҳтирос тупуги билан мустаҳкамланган синчни бузиб юборган тасодифий суратга олишдай, арзимас бўлса-да, ҳаракатим билан болани энди қутқариб қололмаслигимни билдим.

Бу воқеаларнинг бари қандайдир табиий сукунатга ўхшамаган сукутга чўмган ўша дақиқаларда содир бўлган эди. Назаримда, мен қичқириб юбордим, умидсизлик, ранж-алам билан ҳайқирдим, ўша лаҳзада уларга пешвоз,- бир қадам, ярим қадам, яна бир қадам босиб бораётганимни тушуниб етган эдим. Олдинги планда дарахт новдалари майин силкинмоқда эди, панжарадаги доғ ҳам кадрга тушиб қолибди. Аёл ўгирилди, шунда унинг хавотирли, қўрқиб кетган башараси менга таҳдид қилди.

Ўшанда мен бир оз чеккага сурилдим, тўғрироғи, мен эмас, менинг камерам силжиди. Аёлни кўздан қочирмай, мен, яъни камерам, ўша одамга яқинлашди, у эса саросимага тушиб, дарғазаб кепатада менга кўз ўрнидаги қоп-қора, чуқур ўралари билан тикилди, шундай тикилдики, нақ ниманидир ҳавога михлаб ташлагиси келгандай бўлди. Мана, шу ерда, қаршимда, фокусдан ташқарида бир каттакон қуш бутун суратни тўсиб, ўтиб кетди. Мен бир он ўзимни бахтиёр сездим ва деворга суяндим – нима бўлса ҳам менинг болакайим қочиб қолди-ку, кўздан ғойиб бўлди-ку. Сўнгра мен уни фокуснинг ўзида кўришга муваффақ бўлдим: у оёғини қўлига олиб югурди, йўқ, югурди эмас, орол узра қанот қоқиб учди – унинг жингала сочлари шамолда – ўша кўприкка томон елди, ҳилпиради. У учишга ўрганди ва шаҳарга қайтишни эплади.

Иккинчи марта шундай бўлдики, йигитча жуфтакни ростлади, мен иккинчи марта унга ёрдам қўлини чўздим ва ўспиринни омонат жаннатга қайтариб юбордим. Бирдан нафасим ичимга тушиб кетди, шунда мен тўғри улар қаршисида тўхтадим. Яна олға юришдан маъно йўқ – ўйин ўйналиб бўлди! Аёл кифти ва бир тутам сочи аранг кўзга ташланган, менга еб қўйгудай тикилган ўша одам тушган янги кадр шу қадар шафқатсиз эдики, унда ўша одамнинг ним очиқ ўра каби оғзи, қоп-қора тили қанчалик титраётганини кўрдим… У қўлларини оҳиста кўтарди, бир онга фокуснинг ўзига тушди ва олдинги планга чўзди, сўнгра эса каттакон яхлит бўлак сингари барини – дарахтни ҳам, оролни ҳам тўсиб олди, мен эсам бориб турган телбаи девонадай ҳўнграб йиғлаб юбордим.

Ҳозир, ҳа, ҳамиша – боши ҳам, кети ҳам кўринмайди – осмонда катта оппоқ булут сузиб юрибди. Мен ҳозир кўкда биттагина булут ёки иккита булут борлиги ҳақида, ёки соатлаб осмон ғоят тиниқ бўлиши ҳақидагина гапиришим мумкин, холос. Яна деворга нинатўғнағич қадалган квадрат қоғоз бор. Мен кўзларимни очиб, бармоқларим билан кўзёшларимни артганимда дастлаб кўрганим мусаффо осмон бўлди, сўнгра эса булутлар – чапдан чиқиб келиб, аста-аста, гўё савлат тўккан каби ўнг томонга сузиб бормоқда эди. Шундай ҳам бўладики, ҳаммаёқ кул рангига, улкан қора булутга бурканади ва кейин ёмғир томчилай бошлайди. Бу ёмғир мисли эгри чизиқча-чизиқча бўлиб ёғади, бу худди менга ўзгача йиғи, нолага ўхшаб туюлади. Сўнгра квадрат топ-тоза бўлиб қолади – бунга қуёш сабабчи бўлса керак – ва яна осмонга булут чиқади: битта, иккита, баъзан учтаси бирданига пайдо бўлади. Гоҳо каптарлар, гоҳо битта-иккита чумчуқлар ҳам кўриниб қолади.

_____________
1. Машҳур япон фирмаси ишлаб чиқарган фотоаппарат (Тарж.)
2. Ёзув машинкаси
3. Аполлинер Гийом (1988–1918) – ХХ аср бошларида яшаб ижод этган машҳур француз шоири «Янги замонавий шеъриятнинг ёрқин вакили. Илк марта адабиётга сюрреализм атамасини олиб кирган. (Тарж.)
4. Шамол йўналиши ва тезлигини кўрсатиб, аниқлайдиган асбоб.
5. Ижоди XV–XVI асрларга мансуб итальян рассоми.
6. Лекин бошқа йўли ҳам бор – қийинчиликларнинг ички табиатига кўра, жамият…(Франц.)

089

Xulio KORTASAR
IBLIS SO’LAGI
Ma’suma Ahmedova tarjimasi

01

  Xulio Kortasar (isp. Julio Cortazar; asl ismi: Xules Florensio Korta?sar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug’ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o’tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o’qituvchisi bo’lib ishlashga majbur bo’ldi. 1944 yildan Mendosa universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo’yicha stependiyaga sazovor bo’lgan Kortasar Yevropaga yo’l oladi va o’shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o’tdi.«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o’z qimmatini yo’qotgani yo’q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so’lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo’lib qo’shildi.

01

Borib, buni qanday tarzda hikoya qilish mumkinligini bilish kerak: birinchi shaxsdanmi, ikkinchi shaxsdanmi, ehtimol ko’plik sonining uchinchi shaxsidan so’zlagan ma’quldir yoki shunday to’qib tashlaysanki, kalavaning uchini hatto o’zing ham topolmay qolasan.

Masalan, faraz qilaylik, mana bunday: “Oy chiqib kelayotganini ko’rib turibman” yoki mana shunday: “Bizning, ularning ko’zlari tub-tubida og’riq sezildi”, ayniqsa, mana shunisini olsak: “Ular, sarg’ish ayol, bulutlar hamon mening, sening, sizning, bizning ko’z o’ngimizda namoyon bo’lmoqda…” Padariga qusur, buning nimaligini kim biladi deysiz!

Yaxshisi – barga borib pivo ichish kerak, mashinka esa o’z fahmi idroki yetganicha hikoyani yozaversin (axir men birdan mashinkada yozaman-da).

Zo’r-da, xudo haqqi, bu quruq gap emas, men buni hikoyam “kontaks”ga (1) daxldor bo’lganligi uchun aytyapman; shunisi ham borki, bir mashina boshqasi haqida mendan ham, sen va u, panjaradagi sarg’ish ayol va bulutlardan ham ko’proq biladi. Va bularning bari bo’lmag’ur safsata, men yana shuni ham bilamanki, o’rnimdan turdim, deguncha “remington”im (2) qotib qoladi, ikki barobar qaysarlik bilan turib oladi, go’yoki toshga aylanadi, bu hol biz faqat harakat payti ko’rib turgan hamma jonsiz jismlarga xos.

Qisqasi, hikoyani yozishim kerakka o’xshayapti. Ikkovimizdan birovimiz yozishimiz kerak, yaxshisi, o’zim yozganim ma’qul, men o’lganman, demak, endi mutlaqo xolis bo’lishim mumkin. Modomiki, ko’zlarim osmondan bo’lak hech nimani ko’rmayotgan ekan, demak, mening o’ylashimga, yozishimga (mana, chetlari gezarib, bulut ham chiqib keldi), o’z xayol-kechinmalarimni titkilashimga hech kim xalal bermaydi. Men o’lsam-o’lgandirman, yo’q, axir tirikman-ku, ha, ha, buning yolg’on joyi yo’q, vaqti kelib, bari ravshanlashadi. Nimadandir boshlash kerak, men dastlab voqea ro’y bergan nuqtadan boshladim, ha, pirovardida har qanday hikoya shunday boshlanadi-da axir.

Haqiqatga ko’chganda, umuman, bu haqda nima uchun hikoya qilish kerakligi menga azob bermoqda. Agar biz biror ishni nima uchun qilishimizni o’zimizdan o’zimiz so’rasak va inson bu savolga aniq javob berishi mumkin bo’lsa, masalan, taklif etilgan ziyofatga nima uchun rozi bo’lganligini aytib bera olsa (hozir kaptar, yanglishmasam, chumchuq uchib o’tdi), qiziq latifani eshitib nima uchun kulgisi qistaganini, nima uchun qotib-qotib kulganligini bilganida edi. Keyin nima uchun ana shu latifani qo’shni bo’limdagi oshnalariga aytib berishga sabri chidamaganligini-chi? Nima uchun kishi shu latifani aytmaguncha ishga qo’li bormasligini aytmaysizmi. Menimcha, hech kim bu savolning tagiga yetolmagan, yaxshisi, kishi aql va vijdonini malomatga qoldirmasdan nima bo’lganligini to’kib sol-gani ma’qul: axir aslida nafas olish yoki poyabzal kiyishning aybli tomoni yo’q-ku – bu odatiy hol. Lekin biror kor-hol yuz berguday bo’lsa, aytaylik, poyabzalingga o’rgimchak kirib qolsa yoki xuddi oyna singanday, o’pkang g’alati tasirlab ketsa, – har qanday kishi buni ishxonasidagilarga aytishga tushar yoki doktorga borishga oshiqardi… “Oh, doktor, bilasizmi, nafas olsam…” Ichdan kelgan kulgini bosish uchun ham hikoya qilinadi, vassalom.

Modomiki, shunday ekan, biz tez orada hikoya aytishga kirishamiz, mayli, an’anaviy tartibga rioya qilsak-qila qolaylik. Buning uchun avvalo ana shu uy zinalaridan tushish va bundan roppa-rosa bir oy oldingi yettinchi noyabrga, yakshanba kuniga qaytish kerak bo’ladi. Mana, birinchi qavatdan tushamiz, shunda bizni yakshanba va Parij kuzi uchun misli ko’rilmagan quyoshli tong qarshi oladi.

Va shunda shahar bo’ylab sayr etging, tevarak-atrofni tomosha qilging va suratga olging kelib ketadi! (Biz suratchilarmiz, ya’ni men – suratchiman.) Men hikoya qanday dunyoga kelishini butunlay hal qilib olish hammasidan ham mushkul ekanligini bilaman. Bu haqda aytib o’tildi, biroq shu gapni yana takrorlashdan hech uyalmayman. Eng qiyini shundaki, aslida hikoya qiluvchi kim ekanligini bilib bo’lmaydi – menmi yoki bo’lib o’tgan voqeami, yoki bo’lmasa, hozir ko’rib turganim: bulutlarmi, bulutlar, ba’zan – kaptar paydo bo’ladi… Ehtimol men shunchaki haqiqatni, faqat o’zimniki bo’lib qoladigan haqiqatni hikoya qilarman va bu faqat mengagina kerak, ana shu ahmoqona kulgi qistashini bosish uchun kerak bo’lyapti, ha, buni tezroq yo’qotish kerak – keyin nima bo’lsa bo’lar!

Yo’q, shoshmasdan hikoya qilmoq lozim – keyin bari o’z-o’zidan joyiga tushib ketadi. Agar mening o’rnimni kimdir egallasa, agar gapirishga gapim bo’lmasa, bulutlar tarqasa-yu, nihoyat o’rnida butunlay boshqa narsa paydo bo’lsa-chi? (Axir kishi faqat bulutlarni, ahyon-ahyonda-kaptarlarnigina ko’rgan bo’lishi mumkin emas-ku.) Ana shu bari “agar”lardan so’ng men qanday so’zni qo’llashim mumkin? Jumlani qanday to’g’ri tugatish mumkin? Agarda men savol bera boshlasam, hech nima chiqmaydi, yaxshisi, tinchlanib, hikoyani davom ettirganim ma’qul. Kutilmaganda u loaqal bittagina, hikoyani o’qigan kishiga javob bo’la olar!

Roberto Mishel`, yarim frantsuz, yarim chililik, malakali tarjimon, bo’sh vaqtlarida esa – havaskor suratchi, Mos`e-le-Prens ko’chasidagi o’n birinchi sonli uydan chiqib keldi. Bu shu yilning yettinchi noyabr` kuni edi (hozir kamida ikkita bulut chekkalari bo’zarib chiqib kelmoqda). U muttasil uch hafta o’tirib, Sant`yago universiteti professori – Xose Norberto Al`ende qalamiga mansub apellyatsiyaga oid ilmiy ishni tarjima qildi. Parijda shamol kam bo’ladi, lekin ahyon-ahyon burchak-burchaklarda halqa bo’lib o’ynashadi, quyun bo’lib ko’kka ko’tariladi, ranj-alam bilan ko’hna uylarning yog’och chiypardalariga uriladi, parda ortidagi ayollar o’zlaricha betayin ob-havodan noliydilar.

O’sha kuni esa kun chiqqan edi: u shamolni jilovlab, Parij mushuklari va mening ko’nglimni xush qilib, shahar bo’ylab nur sochmoqda edi – men endi maza qilib, Sena sohilida sayr qilishim hamda Kons`erjeri va Sent-Shapelni qanday suratga olish haqida o’ylashim mumkin edi. Soat millari o’nga yaqinlashmoqda edi, men o’n birda kun yorug’ bo’ladi, deb chamalab ko’rdim, kuz kunlari uchun eng yaxshi ob-havo. Vaqtni o’tkazish uchun sekin-sekin Sen-Lui oroli tomon yo’l oldim, so’ngra sohil bo’ylab asta Ke d’Anjuga jo’nadim va bir payt nigohim dang’illama Otel`-de-Lozen imoratida to’xtaldi. Men shunda albatta Apollinerning (3) o’zim sevgan misralarini o’qidim (boshqa shoirni eslasa, yaxshi edi, biroq Mishel`… bunaqa qaysarni o’lib ham topolmaysan!). Birdan shamol tinib qoldi va quyosh ikki baravar mo’lroq nur sochdi (men – havo ikki baravar iliq bo’ldi, demoqchi edim, aslida buning uncha ahamiyati ham yo’q), panjaraga o’tirib oldim va nihoyat, ana shu yakshanba
tongi meni naqadar baxtiyor etganini his etdim.

Azob-qiynoqli Hech nimani yengishning ko’pgina usullari bor, shulardan biri – suratchilik. Lekin suratga olishni bolalik paytlaridan boshlab o’rgangan ma’qul, chunki qat’iy tartib-intizomga rioya qilmasdan turib, teran nigoh va estetik tarbiya hamda ishonchli barmoqlarsiz – hech narsaga erishib bo’lmaydi. Bu o’rinda gap umuman navbatdagi xom-xatala materialni zo’r berib tiqishtiradigan yoki Dauning Stritdagi (4) 10 imoratga kirib ketayotgan qandaydir muhtaram zotning beo’xshov sharpasini vaqtida suratga olishga ulgurib qoladigan muxbir ahli haqida ketmayapti.

Bu boshqa masala. Gap shundaki, qo’lingda yaxshi kamera bo’lishi gunoh, lekin ayniqsa quyoshning qisqagina “yalt” etib yaraqlashini, nurining otilgan o’q singari eski toshdan uchishini yoki sochlari shamolda silkingancha yumshoq bulka bilan bir shisha sut olish uchun yelgan qizaloqni suratga olmay o’tkazib yuborishing borib turgan gunohdir. Mishel` allaqachon suratchi olamga o’z nigohi bilan qaray olmasligini, bunga o’zi izn berolmasligini anglab yetgan edi – shum kamera har yerda va hamma joyda kishiga o’z hukmini o’tkazaveradi (hozir esa osmonni bulut qoplab kelmoqda, deyarli qop-qora). Lekin Mishel` shuni ham aniq biladiki, bordi-yu, ko’chaga “kontaks”siz chiqadigan bo’lsa, bir zumda hech qanday g’am-tashvishi yo’q odamga aylanadi – kadrdan tashqaridagi olam ham, diafragmasiz va 1/250 holatdagi fotoapparat ham g’oyib bo’ladi. Ha, mana, hozir ham (“hozir” emish, yolg’on!) panjaraga o’tirib oldim-da, ko’zlarim bilan qizil va qora kemachalarni kuzata boshladim va qanday qilib yaxshi surat chiqarish uchun kadrga tushirish esimga ham kelmadi, xayol shunchaki meni, vaqtga ko’ra harakatsiz odamni atrofimdagi narsalar bilan birga qaylargadir yetaklab ketgan edi. Muhimi – shamolning o’zi yo’q!

So’ngra Burbonlar sohili bo’ylab to orol tubiga qadar bordim, bu yerda o’zim sevgan joy bo’lib, u juda dilkash, to’g’rirog’i, sirli xiyobon edi (sirliligi yashirin ekanligida emas, mo»jazligida edi: aksincha xiyobon daryo va osmonga keng bag’ir ochgandi). Xiyobonda hech kimsa ko’rinmasdi – yagona sevishganlar jufti ham… bu kaptarlarga o’xshaydi). Ehtimol men ana shu kaptarlardan birini hozir ham ko’rib turgandirman. Bir sakrab, panjaraga o’tirib oldim, shunda noyabr` quyoshi vujudimni o’z nurlariga chirmab ilitdi, – men kunga goh yuzimni, goh qulog’imni, goh qo’llarimni tutdim (qo’lqopim kissamda edi). Mening sira suratga olish istagim bo’lmadi, – chekdim, shunchaki ermakka. Shu vaqt bo’lsa kerak, ko’zim bir o’spiringa tushdi.

Men dastlab sevishganlar deb o’ylaganim ko’proq ona bilan o’g’ilga o’xshab ketardi, garchand bir ko’rishimdayoq ularning ona-bola emasliklari ayon bo’lgandi, ikkisi biz nazarda tutgan ma’noni anglatardilar, ya’ni ikki kishi – yigit bilan qiz bir-birlariga biqinishib tursalar yoki bog’dagi o’tirg’ichda quchoqlashib o’tirsalar, albatta biz ularni sevishganlar, deb o’ylashimiz tabiiy.

Men birdan azbaroyi qiziqqanimdan nima uchun yigitcha shu qadar hayajonda, xuddi hurkib ketgan qulunday yoki tutqun quyonday olazarak ekanligini bilishga jazm qildim… Yigitcha goh ikkala qo’lini kissasiga solar, goh birini olib, irg’itguday bo’lib, yuziga tutar, goh qo’llari bilan sochlarini taraganday bo’lar, goh unday, goh bunday turib olardi. U butun turish-turmushi bilan qochmoqqa chog’langan odamni eslatar, har bir harakatida qo’rquv, qandaydir uyat aralash tahlika zohir edi.

Bu shunchalik aniq-ravshan ko’zga tashlanib turardiki, – mendan nari besh metr masofada va orolda biz uchovimizdan boshqa hech kimsa yo’q edi, – qattiq qo’rqib ketgan o’spirin butun diqqat-e’tiborimni egallab olganligidan dastlab sarg’ish ayolni payqamabman ham. Endi hammasini bir boshdan xotirlasam, men o’shanda basharasini ko’rsatgan onlardan ko’ra ularni hozir yaxshiroq ko’rib turibman, shunda yigitchaga nima bo’lganligini fahmlay boshladim, keyin qolib, endi buyog’i nima bo’lishini ko’rishga ahd qildim (ayol birdan mis flyuger**** singari boshini burdi, shunda ko’zlari, ha, avval, ko’zlari paydo bo’ldi). Shamol ularning so’zlarini, to’g’rirog’i, shivir-shivirini olib keldi.

Umuman olganda, hayotimda qo’limdan keladigani – qarash, lekin qarasang ham, qaramasang ham barcha narsalarda soxtalik alomati bo’ladi, negaki tomosha, mushohada ehtiyotsizlik bilan bizni o’z “men”imizdan narilarga irg’itib yuboradi, sezmoq – boshqa gap yoki… (Bo’ldi-da, yetar, bizning Mishel` doimo unisidan bunisiga irg’igani irg’igan, unga qo’yib bersang bas). Undaymi, bundaymi, agar ana o’sha soxtalik haqida eslanadigan bo’lsa, unda nigohingga, hattoki o’z ko’zlaringga ishonishing mumkin; muhimi, sen qaraysanmi yoki senga qaraydilarmi, ana shuni hal qilib olish, so’ngra esa narsalardan ortiqcha keraksiz niqobni olib tashlab, bularni oshkor etish, fosh qilish kerak bo’ladi. Turgap gapki, bunisi qiyin.

Daryo bo’yidagidan ko’ra (so’ngra bari ravshan bo’ladi) suratdagi o’spirin xotiramda ko’proq saqlanib qolgandi, ayolni esa yaxshi eslayman, u hozir ham shunday
qarshimda – nozikkina, xushbichim (ikkita noto’g’ri, keraksiz so’zlarni qo’lladim), mo’ynali, deyarli qora, deyarli uzun, deyarli bashang mantoda turibdi. Yakshanba tongining butun shamoli oqish va g’ira-shira (yana ikkita noto’g’ri so’z) yuzini tutgan tillarang sochlarini to’zg’itardi. Ana shu sochlar to’zg’ishida – qora ko’zlar ajralib turadi, shunday ko’zlarki, ular oldida o’zingni yolg’iz, kimsasiz sezasan. Ko’zlar emas, o’ljasiga tashlangan naq ikkita kalxat, yam-yashil botqoqzorda “yalt” etgan chaqmoq deysan. Buni men ko’zlar haqida yozmayapman, shunchaki o’zim tushunib olgim kelyapti, mana, aytdim: “Yam-yashil botqoqlikdagi ikkita chaqmoq”.

Adolat haqqi hurmati, aytish mumkinki, yigitcha binoyiday kiyinib olgandi; qasam ichaman, sariq qo’lqoplar akasiga, o’ylashimcha, huquqshunoslik yoki ijtimoiy fanlar fakul`tetida tahsil oluvchi talabaga tegishli ekanligi tayin; ana shu qo’lqop barmoqlari pidjak cho’ntaklaridan juda g’alati tarzda dikkayib chiqib turardi. Men ancha vaqtgacha uning yuzini ko’ra olmadim, yon tomonidan zinhor ahmoq bo’lmagan basharasi sal-pal ko’zga tashlanardi – go’yo bezovta qush, Fra Filippo (5) rasmidagi farishta, guruchli pudingning o’zginasi. Ko’z oldimda mana-mana, dzyu-do usullarini ko’rsatishga chog’langan, shu tarzda singlisini ham himoya qilgan, allaqanday g’oyalar uchun yoqalashgan, hatto o’n besh yoshida, ko’rinib turibdiki, ota-onasi bag’rida hamma narsa tap-tayyor sharoitda yashaydi, biroq cho’ntagida sariq chaqa bo’lmaydi va har safar bir qadah kon`yak, bir quti sigareta yoki bir finjon qahva xususida gap ketganida bechora tanishlari huzurida ko’zlarini yerga oladi.

Ehtimol u bir sinfda o’qiydigan qizlar haqida xayol surganicha ko’cha sang’igan, nima qilib bo’lmasin, yangi chiqqan kinoni tomosha qilish uchun yugurishni yoki romanmi, yana urf bo’lgan bo’yinbog’mi, yanayam yaxshisi sariq va yashil yorliq yopishtirilgan bir shisha likyor sotib olishni orzu qilgan bo’lsa ajab emas. Uning uyida (bu hashamatli uy bo’lishi mumkin: roppa-rosa soat birda tushlik qilinadi, devorga romantik uslubda chizilgan rasm ilingan, nimqorong’i dahliz va eshik yonginasida soyabonlar uchun taglik qo’yilgan) onasining umidiga aylanishga majbur bo’lib, dadasidan ibrat olib, saboqlarni yodaki qilib, Avin`-onda yashaydigan xolajoniga maktublar bitish bilan vaqt imirsilab o’tmoqda edi.

Mana, sal yursang – ko’chaga chiqasan, sabab, daryo bo’yi shu qadar keng (attang, cho’ntakda hemiri yo’q-da!) tuyuladi. Mana, eshiklariga alohida tamg’a urilgan, darvoza tagida hurpaygan mushuk cho’nqaygan, o’ttiz frankli qovurilgan kartoshka xaltasi, to’rt bo’lakka buklangan shahvoniy jurnal turgan shahar nima uchun bunchalik o’ziga tortishi ma’lum bo’ladi. Xuddi bo’m-bo’sh cho’ntak kabi yolg’izlik ham, shodon uchrashuvlar ham, hamma narsalarga intilish ham hali oshkor bo’lmagan sirdirki, u shamol va bo’m-bo’sh ko’chalarga o’xshash buyuk muhabbat hamda erkinlik bilan charog’on bo’ladi.

Bu yigitchaning hayoti menga mana shunday o’ta jo’n hamda o’sha daqiqalarda ana shu kechirmish kunlari ham zo’rlik bilan tortib olinganday tuyuldi va hozir esa u tomog’idan xippa bo’g’gan ayolninggina so’zlarini diqqat bilan tinglamoqda edi. (Men hadeb bir narsani qayta-qayta takrorlayverishdan charchadim, hozir osmonda ikkita uvada bulut suzib o’tdi.

O’ylab ko’rsam, o’sha tongda bir marta ham osmonga ko’z tashlab qo’ymabman, meni o’spirin bilan ayol o’rtasida nima gap bo’lishi mumkin, degan o’y chulg’ab olgandi, ulardan hech ko’zimni uzolmayotgan edim – faqat qarardim va kutardim, qarardim va … ) Qisqasi, yigitchaning ahvoli tangligi shundoq ko’rinib turardi, shunda mening bundan yarim soat ilgari nimalar bo’lib o’tganligini tasavvur qilishim uncha qiyin bo’lmadi. O’spiringina, ehtimol, bekorchilikdan sandiroqlab orolning eng chekkasiga adashib kelib qoladi-yu, ayolga ko’zi tushadi va hayratdan og’zi ochilib qoladi.

Ayol bo’lsa… ayol faqat shuni kutgan, faqat shuning uchungina panjara yoniga kelgan. Balki voqea mutlaqo bunday bo’lmagandir, ehtimol yigitcha oldinroq paydo bo’lgandir va ayol uni balkondan yoki mashina oynasidan ko’rib qolganu, biror bahonani ro’kach qilibmi yoki vaj bo’lmasa ham gaplashish uchun unga peshvoz chiqishga shoshilgandir, chunki ayol oldindan uning qo’rqqanidan juftakni rostlab, qochib qolgisi kelayotganini va hech qayoqqa ketolmasligini va yana-tag’in chiranib, o’zini hamma narsani ko’rishga ulgurgan sarguzasht ishqibozi qilib ko’rsatishini bilgan.

Yakuni ham ravshan: hammasi ko’z oldimda sodir bo’lmoqda edi va mening o’rnimda bo’lgan har qanday odam bemalol o’yinning keyingi rivojini ham chamalashi, to’g’rirog’i, ana shu noteng bellashuvdagi qiziq holatni ko’rishi mumkin edi. Buning ajoyib tomoni shunda ediki, aynan hozirgi manzara ana shu bellashuv yakuni, uning yechimi ekanligini yaqqol tasavvur qilsa bo’lardi. Yigitcha, ehtimol, yangi uchrashuv uchun bahonani o’zi o’ylab topadi, so’ngra esa uyi tomon sekin-sekin, sudralib jo’naydi – u o’ziga ishonch bilan lapanglaganicha – orqasida ayolning masxaraomuz nigohini his qilganicha boradi.

Lekin shunisi ham ehtimoldan xoli emaski, yigitcha es-hushidan ayrilganligidan yoki qo’rqoqligidan hattoki shunga ham jur’at qilolmaydi va xuddi joyida qoqqan qoziqday serrayib turadi, ayol bo’lsa, oshig’ining sochlarini hurpaytirib, tutamlab, erkalaydi, yuzlarini silaydi va u bilan so’z qo’shmay gaplashadi, qo’lidan tutganicha uyiga yetaklab olib boradi; negadir so’nggi daqiqaga kelib, qandaydir tushunib bo’lmas xohishsizlik ko’lanka soladi – afsus!– yigitcha ana shu kayfiyatini yashirib, dadillanadi: ayolning lablaridan o’padi va qo’llari nozik bellardan quchadi…

Bularning bari sodir bo’lishi mumkin edi, lekin hozircha bu voqea ro’y bermadi va panjarada o’tirgan Mishel` ana shu yakunlardan istaganini oldindan sezib, zavqlanganicha orolning xilvat burchagida suhbat bilan mashg’ul, shu qadar band sevishganlarni vaqtida suratga olish uchun beixtiyor va bexosdan kamerasini to’g’rilay boshladi.

Qiziq, mana shu sahnaga (umuman, hech bir ajablanarli joyi yo’q: yigitcha bilan ayol, ular ham o’zlaricha yoshlar-da) qandaydir xavotir soya solib turganga o’xshardi. Hatto nazarimda, bu xavotir o’zimning ichimda bo’lganday va suratlar – agar chiqsa, favqulodda oppa-oson haqiqatni ochib tashlaydiganday tuyulardi. Ha, aytmoqchi, men birdan ko’prikda tosh qotgan mashinada o’tirgan odamni qanday xayollar chulg’ab olganini judayam bilgim keldi. Men uni hozirgina payqab qolganimga ajablanmasa ham bo’ladi: axir harakatsiz mashinaning ichida o’tirgan har qanday kishi harakat va jur’at go’zalligidan mahrum holda ko’z ilg’amaydigan darajada g’oyib bo’ladi, shunchaki ana shu notavon yashik ichida yo’qoladi. Shunday bo’lsa-da, mashina avval-boshdan hech qayoqqa siljimay shu yerda, ana shu ajib dilkash manzaraga xalaqit qilib, aksincha uni poyoniga yetkazib, qaqqayib turardi.

Mashina – bu manzarada fonar` osiladigan simyog’och yoki bog’dagi o’tirg’ich singari bir yordamchi detal`; shamol bilan quyosh nuri esa boshqa gap: ularda doimo ko’z va teri uchun yangi bir narsa yashiringan bo’ladi. Mana, yigitcha o’z jononi bilan turibdi, ular xuddi qadrdon orolga mutlaqo boshqacha nigoh tashlashim uchun turganga o’xshaydilar. Ehtimol, mukkasidan tushib gazeta o’qiyotgan odam ham ularni kuzatayotgan, va, ehtimol, men kabi unga ham hadeb kutaverish, aftidan, yoqmay turibdi…

Ayol pisibgina kishi bilmas bir chekkaga siljidi va birdan shunday turib oldiki, o’spirin u bilan panjara o’rtasida bo’lib qoldi. Men ularni yonboshlaridan ko’rib turardim. O’spirinning bo’yi baland edi, xiylagina bo’lsa-da, baland edi, shu asnoda ayol oyoqlari uchida ko’tarilganday bo’ldi, xuddi uning ustiga engashgan kabi (go’yo havoni xivich bilan qamchilaganday, ayolning qo’qqisdan kulgisini quloqlarga olib keldi) yigitchani shu yerda hozirligi, tabassumi, qo’llarini silkishi bilan ezgandan-ezib turardi! Yana nimani kutib turibman o’zi? Diafragma – o’n olti, kadr tanlandi, tamom-vassalom, xudoga shukur, anavi la’nati mashina ham yo’q, mana, bir xildagi so’lg’in fonni bezashi kerak bo’lgan daraxt turibdi.

Xuddi ana shu sevishganlar umuman qiziqtirmayotganday, kamerani ko’zlarimga olib bordim, o’zim esam chehraning o’zimga kerakli yuz ifodasi, bari jumboqlar yechimi bo’lmish sirli imo-ishoralarni ilg’ab, tutib olishga muvaffaq bo’lishimni bilib turardim, men ko’pgina suratlarda bo’lgani singari avji harakatning keskin o’zgarayotgan joyini behudaga o’tkazib yubormasdan ushlab olishim kerak edi, agarda bo’lingan vaqtning jonli lahzasi boy berilsa bormi… Ko’p kutishimga to’g’ri kelmadi. Ayol ishonch bilan hujumga o’tdi, shunda yigitcha azobli hamda shirin qiynoq iskanjasida ozodligining so’nggi ilinjini ham yo’qotib bo’ldi. Ko’z o’ngimda boyagiday shu voqeaning ehtimoliy yakuni gavdalana boshladi (endi osmonda birgina yolg’iz momiq bulut suzib yuribdi).

Men xayolan xonimning yigitchani uyiga qanday olib kelganini ko’rdim (mushuklar va ola-chipor yostiqchalar g’ij-g’ij birinchi qavatdagi uy), bolakayning nochor va ayanchli basharasini, uning qanday dovdirab, sarosimaga tushishini, buni soxta betakalluflik ostiga yashirishga urinishini – go’yo, bizga shuyam yangilik bo’ptimi, deganday harakatini ko’rdim. Men yumuq ko’zlarim bilan (yumuqmidi?) bu manzarani ipidan-ignasigacha yaqqol ko’z oldimga keltirdim: hazilnamo bo’salar, och binafsharang, ha, ha, karavotga to’shalgan och binafsharang parto’shak shundoq ko’z oldimda namoyon, ayol-chi, erkalanib, qo’llari bilan ko’ylagini egnidan yechishga shoshiladi (hammasi xuddi romanlardagiday); shunda ayolning o’zi uni, mo’mingina, mo’ltayib turgan yigitchani yechintiradi, – ularni go’yo och dolchin tusidagi ma’dandan ishlangan tunchiroqning sarg’imtir nurlari ostida misli ona va bola deysiz.

Keyinmi – keyin bari xuddi odatdagiday bo’ladi, balki, yo’q…. ana shu cho’zilib ketgan muqaddima qanday rivoj topishini kim biladi – qo’llarning oshiqich sarosimasi, shiddatli erkalashlar, o’ng’aysiz, qovushmaslik oqibati nima bilan tugaydi? Balki yigitchaga oldindan takabburona tabassum ostida qarshi zarba tayyorlab qo’yilgandir, balki bechoragina bola achchiq hayrat ichida murdadek qotib qolar? Balki yolg’izgina, zaifgina quvonch bo’lar? Bari shunday, bari mutlaqo shunday bo’lishi kerak… Axir shunday mishiqini ham o’ynash qiladilarmi hech? Agarda boshqa kishiga mo’ljallangan yovuz o’yinni tasavvur qilmasdan turib, bu ayolning qanday niyatni ko’zlaganligini bilib bo’ladimi?

Mishel` ana shunga o’xshash adabiy xayollar surishga mukkasidan ketgan edi. Hayotda bo’lmagan g’alati vaziyatlar, mantiqan tushuntirib bo’lmaydigan qahramonlar va allaqanday maxluqlarni ichidan to’qib chiqarish uning joni dili edi, axir bular hamisha ham g’ashga tegavermaydi-da. Biroq bu yerda vaziyat boshqacha edi: bu ayol uning xayoloti, tasavvurini qo’zg’ab yuborgan va ayni vaqtda o’zining har bir harakati bilan buning haqiqat ekanligiga ishora qilmoqda edi. Men bir soniya ham kutmaslikka ahd qildim – quruq tavakkalchilik kimga kerak? Hozir (mening o’tib ketgan voqealarni huda-behudaga qaytaraverishga moyilligim uchun ham bu haqda uzoq bosh qotirsam kerak), fotoapparatim ob’ekt holatining kuzatuvchisi atrofdagi bari narsalarni – daraxt, panjara, quyoshni qamrab olgan lahzani eslayman. Nihoyat, surat olindi! Shunda ikkovi “yalt” etib menga qaradi, ular nima gapligini tushunib yetganliklarini darrov anglab yeta qolmadim. O’spirin – taajjublangan, ko’zlarida soqov savol ifodasi qotib qolgan alfozda edi, ayol esa shunday g’azablandiki, afti basharasi, faqat basharasigina emas, butun vujudi qahrga to’lib-toshdi, ular jimitday fotokadr asirlari bo’lib qolganliklaridan qattiq jazavaga tushdi.

Bu haqda ancha batafsil so’zlab bersam bo’lar edi. Lekin nima uchun? Ayol hech kim begonalarni ruxsatsiz suratga olishga haqqi yo’qligini aytdi va plyonkani unga qaytarib berishimni talab qildi. Talaffuziga qaraganda, ayol asl parijlik edi; uning quruq, qat’iy ovozi har bir ibora sari ko’tarilib, tobora rang-barang ohang kasb eta boshladi. Umuman olganda, menga – plyonkani qaytarish yoki qaytarmaslikning farqi yo’q edi, lekin hamma ish yaxshilik bilan bitadi, shuning uchun ham to’satdan mening o’jarligim tutdi va hech kim, hech qachon jamoat joylarida suratga olishni taqiqlamaganligini va aksincha: suratchilik har qanaqasiga ham xususiy, ham davlat muassasalari tomonidan rag’batlantirajakligini aytdim.

Men bularning barini to’kib solarkanman, yashirin zavq bilan yigitchaning birdan chekkaga irg’iguday bo’lib, orqasiga tislanayotganini… kuzatdim va mana, u, qandaydir aql bovar qilmas darajada epchillik bilan o’zini olib qochdi va yugura soldi. Bechora balki o’zimni munosib tutib, jo’nadim, deb xayol qilgandir, aslida esa u oyog’ini qo’liga oldi, mashina yonidan yelday uchib o’tdi va xuddi tonggi sarin havoda daraxtlardan taraladigan, Argentinada “farishtaning soch tolasi”, deb atalmish uzun-uzun iplar singari ko’zdan g’oyib bo’ldi.

Ana shu o’rgimchak ini tolasining yana bir – “iblis so’lagi” degan nomi ham bor, shunda bizning suratchimiz og’zidan tupuk sachratib, bo’ralab so’kina ketdi. Shuni aytish kerakki, Mishel` o’zini mardonavor tutdi (bu undan ortiqcha zahmat talab etmadi): u saxovat qilib aytilgan haqoratlarni nazokatli tabassum bilan qarshi oldi va o’ta odob bilan ta’zim qildi. Men birovlarning ishlariga burnini suqadigan ablah, palid va nobakor xususidagi uzundan-uzoq monologdan g’oyat zerikkanimda birdan mashina eshigining “tars” etgan ovozini eshitdim va ayol yonida bir erkakni ko’rdim – u to’g’ri bizga qarab turardi. Shundagina mana shu sahnada uning ham o’z roli borligi “yarq” etib miyamga urildi.

U mashinada bag’oyat qunt bilan o’qigan o’sha gazetani qo’lidan qo’ymay biz tomon yo’naldi. Ayniqsa uning aftini g’alati burishtirgani yodimda qoldi – bunaqasini osongina unutib bo’lmaydi, – yuzining bujmayishi og’zini qiyshaytirib qo’ygan, burushiq basharasini buzib, iz qoldirib o’tgan edi, muhimi, lablari goh o’ngga, goh chapga qimirlab, qandaydir jonli, g’ayrishuuriy narsa vishillab chiqardi. Bu – oppoq bo’rga belangan, bir tomchi qoni yo’q, qoqchakak terisi shalviragan, tosh qotgan masxarabozning basharasi edi. Ko’zlari chuqur-chuqur, burun teshiklari – haddan tashqari ochiq, qop-qora, qoshlardan ham qora, sochlardan ham qora, qora bo’yinbog’dan ham qora edi. Erkak chag’irtoshlarni xuddi oyoqlarini yara qiladiganday, ehtiyotkorlik bilan bosdi, lok poyabzalining tagcharmi juda yupqa edi – buni men juda yaxshi eslayman, – hattoki maydagina toshdan ham yirtilib ketadiganga o’xshardi.

Nimagaligini o’zim ham bilmay, darrov panjaradan tushdim. Yana nima uchunligini bilmaymanu, men uzil-kesil o’lib qolsam ham ularga plyonkani bermaslikka, xavotir, to’g’rirog’i, qo’rquv, tahlika oshkora namoyon bo’lgan talabchan ovozga bo’sh kelmaslikka qaror qildim. Ayol bilan masxaraboz indamay bir-birlariga qaradilar – biz o’ta og’ir, chidab bo’lmas darajada mudhish uchburchakni hosil qilganimizcha turardik, ushbu uchburchak buzilishi, hozir-hozir gumburlab qulashiga shak-shubha yo’q edi.

Men negadir ularning yuzlariga qarab turib, qah-qah otib kulib yubordim-da, nari ketdim va anavi maktab o’quvchisidan ko’ra obro’ bilan jo’nadim, deb umid qilaman. Ko’prikda, ko’prik bilan tenglashib, dastlabki uylar ko’zga tashlanganda orqamga qayrilib qaradim. Ular hamon o’sha joyda turishar, faqat gazeta yerda yotar, ayol esa panjaraga suyangancha titrab-qaqshab, qo’llarini toshlar bo’ylab yurgizardi – bu qutulish ilinjidagi tutqun odamning odatiy va ma’nosiz harakati edi.

Bari qolgan gaplar shu yerda va yaqindagina – beshinchi qavatdagi uyimda ro’y berdi. Mishel` yakshanbada olingan plyonkani yuvib qo’yganiga ham bir necha kun bo’lgan edi. Sent-Shapel` va Kons`erjeri chindan ham binoyiday chiqibdi. Ikki-uchta sinash uchun olingan kadr-lar xotiramdan ko’tarilayozibdi. Qay mo»jiza bilan jamoat hojatxonasi quvurining eng uchiga chiqib olgan mushuk kadri yaxshi chiqmaganligi shundoq bilinib turardi.

Mana, orolda olingan surat – sarg’ish ayol va o’spirin. Negativ a’lo darajada chiqqanligidan Mishel` tasvirni yirik planda bermoqchi bo’ldi. Yirik plandagisi ham chakki chiqmadi, shunda Mishel` uni katta afisha hajmicha kattalashtirdi. Mishel` o’sha lahzada Sent-Shapel` va Kons`erjeri suratlarigina ortiqcha daxmaza bo’ladi, deb xayoliga ham keltirmagandi (shuning uchun ham u hozir ajablangandan-ajablanmoqda edi). Butun boshli plyonkadan negadir ayol bilan o’spirin kadrigina uning diqqatini tortdi. U kattalashtirilgan suratni to’g’ri devorga o’rnatdi va birinchi kun tasvirga qarab turib, esladi, to’g’rirog’i, eslamadi, o’lib bo’lgan haqiqatni xotira bilan (to’g’risini aytsam, bu anchayin g’amgin mashg’ulot), harakatsiz, qotib qolgan xotira bilan taqqosladim – go’yoki hamma narsa joy-joyida, hech nima yo’qolmaganga o’xshab ko’ringan har qanday surat ana shu xotiraga aylanishi mumkin, lekin shunday bo’lsa-da, ana shu Hech nimaning o’zi tasvir ustidan hukmronlik qilmoqda edi.

Mana, ayol, mana, yigitcha, mana, ularning boshlari uzra pana bo’lgan, joyida tosh qotgan daraxt va osmon, o’z tub mohiyatiga ko’ra yagona va aynan bir xil, misli tosh panjara singari aniq-tiniq quyma bulutlar (hozir esa ko’kka bulut suzib chiqdi, u xuddi momoguldurakni yetaklab keladiganga o’xshab turibdi). Dastlabki ikki kun bemalol yurdim, suratning o’zi ham, devorga osig’liq, kattalashtirilgan nusxasi ham menga ma’qul edi va nega qilayotgan tarjimamdan dam-badam uzilib, o’qtin-o’qtin ayol yuziga yoki tosh panjaradagi qop-qora dog’ga diqqat bilan tikilayotganim uchun shunchaki o’zimga-o’zim hisob berolmasdim. Men ana shunda peshonamga bir urdim… Nima uchun hanuzgacha shunday oddiygina narsa xayolimga kelmadi ekan-a!

Agar biz suratni to’g’ri ko’z oldimizga keltirib tutsak, ko’zlarimiz aniq ob’ektiv holatini takrorlaydi-ku! Odamlar shundoq ko’rinib turgan haqiqat haqida bosh qotirib ham o’tirmaydilar. Men yozuv mashinkasi qarshisida o’tirib, tasvirga qaradim – bizni ko’p emas, uch metrcha masofa ajratib turardi, – shunda men o’sha payt kameram ob’ektivi qarshisidagi singari holatda turganligimni anglab yetdim. Yana nimasi ma’qul? Suratning bari fazilatlarini osongina baholash mumkin, agar diagonaliga qarasang, buning ham o’z jozibasi, tasodifiy holati borligi ma’lum bo’ladi.

To’g’rirog’i, Xose Norberto Al`ende ispan tilida yaxshilab yozganini frantsuz tilida uncha yaxshi ifoda qilolmay qolganimda vaqt-vaqti bilan suratga qarardim – goh ayol qiyofasi, goh o’spirin, qurigan yaproq, yon tomondan olingan suratni a’lo darajada to’ldirib, unga ma’no berib turgan tosh yo’l meni o’ziga jalb etmoqda edi. Ishdan dam olgan paytlarim mana shu surat ijodkori bo’lgan o’sha kungi tongga xayolim ketib qolardi. Ayolning suratga olingan plyonkani qanchalik titrab-qaqshab, achchig’i chiqib, qaytarib berishimni talab qilganini eslardim, yigitchaning qochib qolgani kulgili, ayni vaqtda o’sha g’alati odamning to’satdan paydo bo’lishi kishini xavotirga solardi.

Vijdonan aytganda, men ushbu sahnani uncha chiroyli tark etmagan bo’lsam-da, o’z-o’zimdan mamnuniyat hosil qilishim mumkin edi. Agar frantsuzlar tezob bo’ladilar, desalar, mening nima uchun fuqarolik huquqlari, erkinliklar va alohida imtiyozlarni keragida isbot qilolmay, birdan juftakni rostlab qolganligim o’zimga ham qorong’i edi. Biroq boshqa tomondan – shunisi eng muhimi, — men yigitchaning vaqtida qochib qolishiga, qutulib ketishiga imkon yaratdim (agarda mening hisobim to’g’ri bo’lsa, yigitchaning qochganmi yo’qmi, bunisi noma’lum). Men o’zim istamagan holda birovlarning ishiga burnimni suqdim, lekin shu bilan birga qo’rquvdan o’takasi yorilgan bolakayning tahlikadan qutulishiga picha bo’lsa-da, yordam berdim. Endi u afsuslansa afsuslanaversin, uyalsa, uyalaversin, o’zini landavur deb o’ylasa o’ylayversin, keyin bu panjaradan o’ziga g’alati qaragan ayoldaqalar bilan tanishishdan ko’ra durustroqdir.Mishelda ba’zan o’ta odob-axloqli odam uyg’onardi, u shunda tabiatiga xos bo’lmagan tarzda xunuk, nojo’ya ishlar haqida o’ylayverardi.

Demak, tasodifiy olingan surat o’zining ezgu vazifasini bajaribdi-da. Shuni aytish kerakki, mutlaqo ixtiyorsiz ravishda har bir bandda ishimni to’xtatib qo’ymoqda edim; o’sha daqiqalarda ushbu tasvir nima uchun meni bunchalik o’ziga tortayotganligi va nima uchun uni katta qilib devorga osib qo’yganligim haqida o’ylab ham ko’rganim yo’q edi… Ehtimol faqat shunda, faqat shunday vaziyatlarda bari yuz berishi muqarrar voqealar sodir bo’lsa kerak.

Daraxtlarning astagina, arang sezilarli shitirlashi meni sira bezovta qilmadi, boshlab qo’ygan jumlamni yana yoza boshladim va uni bemalol muvaffaqiyat bilan tugatdim. Sira ajablanarli joyi yo’q! Biz odat qilib olgan narsalar – kattakon gerbariy. Chindan ham yirik plandagi, saksonga yetmish hajmdagi surat ekranga juda o’xshab ketadi, ushbu ekranda ayol tilyog’lamalik bilan yigitchani suhbatga tortmoqda va ularning boshlari uzra yaproqlari quruqshab qolgan daraxt butoqlari chayqaladi.

Ammo manavi qo’llarni qarang – bunisi juda ortiqcha! Shunisi qiziqki, men endigina tarjima qila boshlaganimni bilaman: “Donc, la seconde oly rysid?dans la nature intrinsyque des difficultys que les sociytys…”(6) – birdan ayolning kafti, barmoqlari asta-sekin birlashib musht bo’lganini ko’rib qoldim. Ko’z ochib yumguncha o’zimni yo’qotdim, batamom chala, tugallanmagan frantsuzcha jumla, polda mashinka, g’ichirlab qolgan kursi va tuman o’z holicha qoldi. O’spirin butunlay holdan toygan bokschilar so’nggi zarbani kutayotib qilganiday, boshini mag’lubona egdi. U yoqasini ko’tarib olgan va shu holati bilan asirga, halokat sari o’zi yo’l ochib bergan haqiqiy qurbonga yanada ko’proq o’xshab ketdi…

Ayolning qo’llari yana yozildi va uzun-uzun barmoqlari o’spirinning betlariga uzaldi. Ayol yigitchaning qulog’iga nimalarnidir shivirladi, u esa, qo’rquv ichida, to’g’rirog’i, bezovtalanib, ayolning yelkasi uzra boshini cho’zdi va dam-badam o’sha tomonga qaradi, qayoqqaligini – Mishel` juda yaxshi bilardi – uyoqda mashina va kulrang shlyapali odam turardi. Ular kadrga tushmabdi, xo’sh, tushmasa nima qipti? O’sha odam o’spirinning ko’zlarida (bunga shubha qilmasa ham bo’ladi), ayolning so’zlari va qo’llarida, ma’lum bo’lishicha, atigi vositachi rolini ijro etayotgan huzuridagi ana shu ayolning ishtirokida yashamoqda edi.

So’ngra esa men o’sha odamning ularga yaqin kelganini, ularga qanday nigoh tashlaganini – qo’llari cho’ntagida, basharasida ranjishmi, toqatsizlikmi zohir, — misoli hozir-hozir berilib o’ynagan itiga hushtak chalib, chorlagan qahri qattiq xo’ja-yinni ko’rdim. Shunda men, agar bu o’rinda “tushundim” iborasini qo’llash joiz bo’lsa, o’sha payt boshlangan va albatta sodir bo’lishi kerak bo’lgan ish, beixtiyor va qo’qqisdan kelib qolib xalal bermaganimda, ehtimoldagi voqea, bo’lishi zarur hodisa, shak-shubhasiz, shu kishilar o’rtasida ro’y berishi muqarrarligiga tushunib yetdim. Haqiqat, mening tasavvurim namoyon etgan manzaradan ham dahshatliroq edi. Bu ayol panjara yonida yonoqlari qip-qizil beozorgina farishta bilan o’z ixtiyori bilan turmagan, bolakayning qaltirashi va jur’atsizligidan maza qilib zavqlanmoqchi, vaqtini chog’ qilmoqchi ham emas. Haqiqiy xo’jayin mavridi kelishini poylamoqda va hammasi risoladagiday bo’lishiga ishonmoqda edi.

Yangi-yangi qurbonlar izidan bir marta emas, ikki marta emas, ko’p marotaba ayolni jo’natgan… Keyinmi – keyin voqealar oddiydan ham oddiy kechadi: mashina, uy – bunaqasi emas, boshqacha uy, sharoblar, shahvoniy suratlar va kechikkan ko’zyoshlar. Men bu safar tamoman hech nima qila olmadim, mutlaqo hech nima.

Aslida suratchilik menga aslo yordamchi emas, balki dushman ekan, u oshkora qasos oldi – endi nima bo’lishini ko’r, bir maza qil, deganday bo’ldi. Men suratni allaqachonlar chiqarib qo’yganman, oradan soatlar emas, kunlar, haftalar o’tdi, biz endi bir-birimizdan yiroqda turibmiz, o’kinch-pushaymonlik ko’zyoshlari allaqachonlar to’kilib bo’lgan, faqat hasrat va hayrat qolgan, xolos, biz birdan o’rnimizni almashtirdik, bu odamlar yashamoqdalar, harakat qilmoqdalar, ishlarini hal etmoqdalar va ularning qarorlari o’zlari tomonidan idora qilinmoqda, men esam buyoqda ana shu kishilar – sarg’ish ayol, o’spirin va erkak kimlar ekanligini bilmasligim, bu haqda xabarsizligim asiriga, men – faqatgina o’z kameramning ayanchli linzasi, tosh qotgan, harakatlanishga qodir bo’lmagan qandaydir nima asiriga aylanaman.

Ko’z o’ngimda ro’y bergan bari voqealar mening ojizligim ustidan shu qadar shafqatsizlik, shu qadar berahmlik bilan kulganday, mazax qilganday bo’ldi: men basharasi oppoq bo’r bilan chaplangan masxarabozga yigitchaning qanday nigoh tashlaganini ko’rdim; men bolaning tuzoqqa tushishini, uni pul bilan yo’ldan ozdirishlarini bildim. Men endi – qoch! – deya hayqira olmasligimni – bir lahzada qimmatbaho atirlar ifori va hirs-ehtiros tupugi bilan mustahkamlangan sinchni buzib yuborgan tasodifiy suratga olishday, arzimas bo’lsa-da, harakatim bilan bolani endi qutqarib qololmasligimni bildim.

Bu voqealarning bari qandaydir tabiiy sukunatga o’xshamagan sukutga cho’mgan o’sha daqiqalarda sodir bo’lgan edi. Nazarimda, men qichqirib yubordim, umidsizlik, ranj-alam bilan hayqirdim, o’sha lahzada ularga peshvoz,- bir qadam, yarim qadam, yana bir qadam bosib borayotganimni tushunib yetgan edim. Oldingi planda daraxt novdalari mayin silkinmoqda edi, panjaradagi dog’ ham kadrga tushib qolibdi. Ayol o’girildi, shunda uning xavotirli, qo’rqib ketgan basharasi menga tahdid qildi.

O’shanda men bir oz chekkaga surildim, to’g’rirog’i, men emas, mening kameram siljidi. Ayolni ko’zdan qochirmay, men, ya’ni kameram, o’sha odamga yaqinlashdi, u esa sarosimaga tushib, darg’azab kepatada menga ko’z o’rnidagi qop-qora, chuqur o’ralari bilan tikildi, shunday tikildiki, naq nimanidir havoga mixlab tashlagisi kelganday bo’ldi. Mana, shu yerda, qarshimda, fokusdan tashqarida bir kattakon qush butun suratni to’sib, o’tib ketdi. Men bir on o’zimni baxtiyor sezdim va devorga suyandim – nima bo’lsa ham mening bolakayim qochib qoldi-ku, ko’zdan g’oyib bo’ldi-ku. So’ngra men uni fokusning o’zida ko’rishga muvaffaq bo’ldim: u oyog’ini qo’liga olib yugurdi, yo’q, yugurdi emas, orol uzra qanot qoqib uchdi – uning jingala sochlari shamolda – o’sha ko’prikka tomon yeldi, hilpiradi. U uchishga o’rgandi va shaharga qaytishni epladi.

Ikkinchi marta shunday bo’ldiki, yigitcha juftakni rostladi, men ikkinchi marta unga yordam qo’lini cho’zdim va o’spirinni omonat jannatga qaytarib yubordim. Birdan nafasim ichimga tushib ketdi, shunda men to’g’ri ular qarshisida to’xtadim. Yana olg’a yurishdan ma’no yo’q – o’yin o’ynalib bo’ldi! Ayol kifti va bir tutam sochi arang ko’zga tashlangan, menga yeb qo’yguday tikilgan o’sha odam tushgan yangi kadr shu qadar shafqatsiz ediki, unda o’sha odamning nim ochiq o’ra kabi og’zi, qop-qora tili qanchalik titrayotganini ko’rdim… U qo’llarini ohista ko’tardi, bir onga fokusning o’ziga tushdi va oldingi planga cho’zdi, so’ngra esa kattakon yaxlit bo’lak singari barini – daraxtni ham, orolni ham to’sib oldi, men esam borib turgan telbai devonaday ho’ngrab yig’lab yubordim.

Hozir, ha, hamisha – boshi ham, keti ham ko’rinmaydi – osmonda katta oppoq bulut suzib yuribdi. Men hozir ko’kda bittagina bulut yoki ikkita bulut borligi haqida, yoki soatlab osmon g’oyat tiniq bo’lishi haqidagina gapirishim mumkin, xolos. Yana devorga ninato’g’nag’ich qadalgan kvadrat qog’oz bor. Men ko’zlarimni ochib, barmoqlarim bilan ko’zyoshlarimni artganimda dastlab ko’rganim musaffo osmon bo’ldi, so’ngra esa bulutlar – chapdan chiqib kelib, asta-asta, go’yo savlat to’kkan kabi o’ng tomonga suzib bormoqda edi. Shunday ham bo’ladiki, hammayoq kul rangiga, ulkan qora bulutga burkanadi va keyin yomg’ir tomchilay boshlaydi. Bu yomg’ir misli egri chiziqcha-chiziqcha bo’lib yog’adi, bu xuddi menga o’zgacha yig’i, nolaga o’xshab tuyuladi. So’ngra kvadrat top-toza bo’lib qoladi – bunga quyosh sababchi bo’lsa kerak – va yana osmonga bulut chiqadi: bitta, ikkita, ba’zan uchtasi birdaniga paydo bo’ladi. Goho kaptarlar, goho bitta-ikkita chumchuqlar ham ko’rinib qoladi.

_____________
1. Mashhur yapon firmasi ishlab chiqargan fotoapparat (Tarj.)
2. Yozuv mashinkasi
3. Apolliner Giyom (1988–1918) – XX asr boshlarida yashab ijod etgan mashhur frantsuz shoiri «Yangi zamonaviy she’riyatning yorqin vakili. Ilk marta adabiyotga syurrealizm atamasini olib kirgan. (Tarj.)
4. Shamol yo’nalishi va tezligini ko’rsatib, aniqlaydigan asbob.
5. Ijodi XV–XVI asrlarga mansub ital`yan rassomi.
6. Lekin boshqa yo’li ham bor – qiyinchiliklarning ichki tabiatiga ko’ra, jamiyat…(Frants.)

хдк

(Tashriflar: umumiy 346, bugungi 1)

Izoh qoldiring