Xurshid Do’stmuhammad. Beminnat muhabbat

011

У фақат ўйларди ва ёзарди — ундан бошқа ҳеч нарса қилмас эди, ҳатто бирон тузукроқ мансаб эгаси бўлишга ҳам ҳаракат қилмади, ҳатто ўз ҳаётини таъминлаш, шуҳрат қозониш учун ҳам ҳаракат қилмади… у ҳеч кимдан табрик сўзи эшитмади, унга ҳеч ким далда бермади, унга жуда содиқ бўлган бир неча кишиларгина унинг ўткир ақпига, олижаноб қалбига қойил бўлди… У шуҳрат ҳам қозонмади, лекин у туфайли минг-минглаб киши одам бўлиб қолди. У бутун бир авлодни тарбиялаб етиштирди. Кўп кишиларнинг номини у тилга олганлиги туфайлиёқ улар шуҳратли одамлар бўлиб қолдилар, бошқа кўп кишилар эса унинг бир-икки фикрини тушуниб олганликлари учунгина ном чиқардилар…

012
Хуршид Дўстмуҳаммад
БЕМИННАТ МУҲАББАТ
021

Ўтган йил апрелининг ўрталари. Жаҳон адабиётига дахлдор туғилган бир саволга жавоб истаб Талъат ака ёлғиз яшаётган уйга қўнғироқ қилдим. Жавоб бўлмади. Икки-уч қайта, уч-тўрт кун яна, яна телефон рақамини тердим. Жавоб йўқ. Орада ой охирлади. ТошДУ филология факултети чет эл адабиёти кафедрасидан, “Талъат Рустамович уч-тўрт кундан буён кўринмадилар’’ деган жавоб эшитдим. Ойнинг йигирма тўққизи, асрдан кейин хабар келди — Талъат ака вафот этибдилар…

Жанозага тумонат одам йиғилди, раҳматли домламиз ҳақида армонли сўзлар айтилди. Шу тариқа яна бир билимдон, ориф ўзбекни одатланганимиздек кечиккан ва бефойда пушаймонлар билан тупроққа қўйдик.

Талъат ака ҳақида нафақат салбий, ҳатго бундайроқ фикр айтган одамни учратмаганман. “Ажойиб домла”, “Яхши инсон”, “Зукко олим” ҳоказо ва ҳоказо. Аммо “ажойиб” ёки “яхши” тушунчалари ҳам бениҳоя кенг! Уларни истаганча талқин этиш мумкин. Хусусан, Талъат аканинг яхшилигию, закийлигию беозорлиги биз, яъни шу замонда, шу ҳою-ҳаваслар, орзу умидлар орасида яшаб юрган одамлар тушунганидан мутлақо ўзгача эди! Устоз умр бўйи адабиёт, адабиёт бўлганида ҳам КАТТА АДАБИЁТ дунёсида яшадилар. Ётганда ҳам, турганда ҳам, юрганда ҳам у киши ўзлари севган асар қаҳрамонлари оламига ғарқ бўлиб — ўша ёкда яшар эдилар.

Кўчада, хийла наридан кўринадилар: ўрта бўй, ихчам, қорамағиз, қуюқ мошкичири соч елкага тушган, йирик ойнакли кўзойнак, бармоқлар орасида сигарет. Манглайда тарам-тарам из, яноқ суяги билан даҳанни туташтирган ботиқ бир йўл ажин, бўйин терисига ҳуруж қилган ажинлар.

Билмаган-нетмаган одам шундай қиёфадаги кишига кўнгил тортиб мурожаат этиши маҳол. Эҳгимол, ўзгаларни ўзидан нарироқ тутиш учун тангрим ато этган зирҳ эди бу қиёфа?.. Негаки, Талъат ака ўша ёқда — адабий ўйлар оламида хотиржам яшамоғи учун беминнат хизмат қилар эди бу қиёфа. Устознинг қадам олишлари, қўлларини ёнбошга босганча ҳаракатлантирмай юришлари, айниқса, ерга озор етмасин дегандек қадамни ниҳоятда енгил ва авайлаб қўйишлари бу ИНСОНнинг нақадар беозорлигидан… ичида бир дунё гап борлигидан далолат бериб турарди.

Узоқдан мўлжални олиб, ниҳоят юзма-юз келасиз (домланинг ўйларини бузмаслик фикрида неча бор индамай- нетмай ўтиб кетганман), саломлашасиз. Қандайдир бир сония устознинг юз қиёфасида тараддуд аломатини илғайсиз — бир лаҳза, сўнг ҳозиргина ўйчан, бир оз тунд қиёфа шундайин ёришиб кетадики!.. Гўё ушбу лаҳзада сизни учратиш-кўриш у кишининг асрий орзусидек, нуқул сизни орзиқиб кутиб юргандек!.. Қорамағиздан келган, ажин босган юзда табассум, жилмайиш.

Тараддуд сониялари Талъат устозни ўша ёқдан бу ёққа олиб чиқади.
— Уйлар тинчми, соғлиқлар?..

Домланинг ҳол-аҳвол сўраши бундан нарига ўтмас эди, шу саволлар ҳам беихтиёр берилар эди чамамда. Ихтиёрсиз хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар замирида ҳам катта мантиқлар бўлишидан келиб чиқсак, Устознинг ушбу икки саволи остида бир инсон тақдири, қисмати пинҳон эди… Талъат ака учун уйнинг, хонадоннинг тинчлиги-хотиржамлиги инсоннинг саломатлигидан-да муҳимроқ эди. Бироқ, назаримда, домлани беихтиёр берилган шу икки саволнинг жавоби кўпда қизиқтирмаётгандек туюлар эди. Ахир мутлақ тинч-тотув оила, мутлақ соғлом одам борми дунёда?! Сўрашамиз-хўшлашамиз, бир- бировимизнинг жонимизга оро кираётгандек бўламиз, лекин ўз тақдири, ўз қисмати олдида ҳар ким ўзи ёлғиз! Ёр-дўстларни, қариндош-уруғни, таниш-билишни хабарлаб ҳашар уюштириш, чунончи, лўмбоз босиш, тўй ўтказиш табиий, аммо дуненинг лашкарини қалқон қилганингда ҳам қисматинг рўпарасида ёлтизсан, ёлғиз!

Ушбу мавзуда неча бор оғиз очмоққа шайланганман, лекин Кафкани, Маркесни, Оэни, уларга қўшиб мен билмаган-эшитмаган шу тоифадаги адиблару донишмандлар фалсафасини сув қилиб ичган одамга нима деб ақл ўргатиш мумкин?! Ақл ўргатиш эмас, ҳар қандай одам Афлотун мақомига кўтарилиб кетган тақдирида ҳам руҳий мададга, бир илиқ сўзга муҳтож, зеро, гап қўзғаш — дардлашиш, ҳасратлашиш ортиқлик қилмас эди. Бундай десам, ҳасрат, гина-қудурат, зорланиш-инграниш, ғийбат вақтинча кўнгил бўшатишга хизмат қилса-қилар, вақт-бевақт “Татьат ака бир ҳасрат қилсалар эди, анча енгил тортар эдилар-да!” деган хаёлга ҳам борганман, бироқ у кишидан бизнинг тасаввуримиздаги ҳасрат-надомат қабилида бир оғиз ҳам сўз эшитмаганман. Чунки ҳар бир учрашув қисқа ва беихтиёр салом-аликдан сўнг муқаррар адабиёт ҳақидаги суҳбатга айланар эди.

Талъат муаллим адабиётнинг ичида яшар эди, ҳаёт у киши учун адабиётда эди, ўттиз йилдан зиёд бўлғуси адабиётчиларга, бўлғуси журналистларга чет эл адабиётвдан маъруза қилган бўлсалар — маърузалар маъруза эмас, Талъат ака ўзи танҳо яшайдиган паноҳ, қўним топадиган сирларга бой ва муҳташам бошпана эди.

Янглиш бўлса ҳам айтай, Талъат устоз талабаларга янгилик, билим беришдан кўра ўзи яшайдиган ўша бошпана дунёсига бўлган ҳайратларини изҳор этиш имкониятидан фойдаланиб берилиб, ўзини-ўзлигини унутиб маъруза ўқир эдилар! Маърузалар Талъат устознинг истиҳфорига айланиб кетарди. Ручканинг учини остки лабга, гоҳо даҳан чуқурчасига босганча соатлаб маъруза қилиши мумкин эди домла. Ўйчан нигоҳ, маъюс чеҳра, вазнсиздек кўринадиган бу тана, бу вужудни тугиб турган хаёл, тасаввур, хотира, меҳр-муҳаббат, тафаккурнингбеқиёслиги тингловчиларни беихтиёр ўзига қаттиқ ром этарди!..

Тальат устознинг маърузалари тингловчиларни бу ёқдан ўша ёққа ғойибона олиб кириб кетар, адабиёт оламидан, ўша томон гўзалликларидан бир бора баҳра олган одам қалбида умрбод қўмсаш, исташ ғунча отар эди! Энг мураккаб, ҳазми оғир асарларни икки оғиз изоҳда, заррача эҳтиросларсиз лўнда қилиб тушунтириш борасида Устозга тенг келадиган мутахассисни учратмаганман. Маъруза онлари Талъат ака ҳаётининг энг масрур дамлари эди! Жаҳон адабиётининг сара асарлари мавзусидаги маъруза Талъат аканинг меърожи эди!

Ўша меърож қадар юксала олган ИНСОНнинг маъруза тугагач яна бу ёққа қайтиши нақадар уқубатли кечганини сўраб-суриштиришнинг энди иложи йўқ…

— Шунча гапларни қаторлаштириб ёзиб ташласангиз- чи! — деб қистовга олаверардим домлани. Устоз фақат ўзларига ярашган ниҳоятда мулойим ва сирли жилмайиш билан жавоб қайтарар, баъзан “Жуда кўп ёзаман, ёзаяпман”, деб қўяр эдилар.

Катта сўз санъатига меҳр қўйган талабалар Талъат аканинг изидан қолишмас эди, домла адабиётни кенгроқ, бойроқ, чуқурроқ тушунадиган ўзбек зиёлилари кўпайиб бораётганини севиниб айтдилар бир куни.
— Жойс, Пруст, Камю, Кафкани бизнинг китобхонлар қачон қўлма-қўл қилиб ўқир экан? — деб сўрадим.
— Уларни ўз юртларида ҳам кенг омма ўқимайди, ҳатто шундай ёзувчилар борлигини унутиб юборишади ҳам. Фақат жамият ҳаётида шундай мушоҳадали ёзувчиларга вақги- вақги билан эҳтиёж туғилади, шунда сен айтган ёзувчилар оғизга тушади, бир муддат қўлма-қўл бўлади.

— Шунга ўхшаш эҳтиёж нега бизнинг жамиятимизда сезилмайди?
— Эҳтиёж сезилиши учун эҳтиёжни англаб етадиган одамлар керак. Тушунаяпсанми, эҳтиёжнинг эҳтиёж эканлигини тушуниб етмоқ зарур.
— Сиз назарда тутган тушуниб етмоқликни тарбиялаш миллий адабиёт зиммасига ҳам тушадими?
— Бўлмаса-чи!
— У ҳолда бизда…
— Бизда аҳвол ёмон эмас… — домла шундай деб бир зум ўйш чўмдилар-да, давом этдилар: — Темурни ўқигансан-ку,Пўлатовни! Биргина ёзувчининг ижоди бутун бир халқ адабиётининг мавқеини белгилаб туриши мумкин.

— Темур Пўлат асарларини ўқишмайди-да.
— Ўқишади. Мен ўзимча, ўзбеклар орасида унинг асарларини 1990 йилларга бориб ўқий бошлашса керак, деб тахмин қилгандим — янглишган эканман — мўлжалимдан беш-етти йил бурун талабалар орасида унинг ижодига қизиқувчилар кўпайгани сезилди.
— Темур аканинг асарларида миллий руҳнинг йўқлигидан нолишади.
— “Мулк” — соф ўзбекона асар! Миллий руҳ бу қадар улуғланган асарларимиз жуда кам.

— Адабиётни ибтидоий тушуниш, ҳаётни жўн ва даққи андозаларда тасвирлаш жонга тегди-да, Талъат ака!
— Бундай дейишга ҳақинг йўқ, адабиёт бадиий тафаккурнинг маҳсули. Ҳикоями, қиссами, романми — ёзилаётган, нашр этилаётган экан, уларнинг бари бадиий тафаккуримиз меваси. Бу сенинг ё менинг ихтиёримдан ташқарида. Қолаверса, синчиклаб ўқигин, “Улуғбек хазинаси”да, “Юлдузли тунлар”да, “Тошкентликлар”да катта адабиёт аломатларини топиш мумкин. Фақат уларни аниқлаб, ўқувчилар кўзига кўрсата билиш керак.
— Қодирийда, айниқса Чўлпонда ҳам кўп бундай аломатлар.
— Чўлпон Европани кўп ўқиган!

Тальат акани фақат жаҳон адабиётининг билимдони деб янглишган эканман. У кишининг жаҳон мусиқа тарихи, маданияти, ривожланиш-тарқалиш қонуниятлари, рок- музика моҳиятидаги умуминсоний жиҳатлар ва оммалашиш омиллари мавзуидаги суҳбатларини тинглаб ҳайратга тушганман. Кобул дорулфунинида ўзбек мумтоз адабиёти, хусусан, Навоий ва Бобур ижодидан соатлаб маърузалар қилганларини, магнит тасмасига муҳрланган маърузалари афғон зиёлилари орасида қўлма-қўл бўлганини эшитиб яна бир бор ҳайратландим.

— Кафканинг “Қалъа”сини тушунтириб беринг. “Иностранка”даги сўнгсўзни ўқиб ҳафсалам пир бўлди, — дедим бир куни.
— У сўнгсўзни ўқима, чалғитади.
— “Улисс”га сира тишим ўтмаяпти.

Талъат аканинг чеҳрасини майин табассум ёриштириб юборди:
— Ўқийвер, дам-бадам ўқигин, — дедилар домла жилмайиб. — Романни яхлит идрок этиш оғир, аввалига парча-парчаларини илғаб олсанг ҳам катта бахт!
— Шу ҳақда “Ёш куч”га бир нарса ёзиб беринг.
— Хў-ў!.. “Улисс” ҳақида ёзиш… Ёзса бўлади, фақат бунинг учун узо-оқ хотиржамлик керак, хотиржамлик…

Боқий дунёда сизни асл хотиржамликдан қисмасин дея, Яратгандан сўрайин, Устоз! Талъат Рустам ўғлидек ориф ва хокисор бандангдан раҳматингни дариғ тутма, Худойим! Ўтган асрда яшаган Н.Чернишевскийдан Талъат устозга берилган таърифни кўчириб ёзишга ижозат эт: “У фақат ўйларди ва ёзарди — ундан бошқа ҳеч нарса қилмас эди, ҳатто бирон тузукроқ мансаб эгаси бўлишга ҳам ҳаракат қилмади, ҳатто ўз ҳаётини таъминлаш, шуҳрат қозониш учун ҳам ҳаракат қилмади… у ҳеч кимдан табрик сўзи эшитмади, унга ҳеч ким далда бермади, унга жуда содиқ бўлган бир неча кишиларгина унинг ўткир ақпига, олижаноб қалбига қойил бўлди… У шуҳрат ҳам қозонмади, лекин у туфайли минг-минглаб киши одам бўлиб қолди. У бутун бир авлодни тарбиялаб етиштирди. Кўп кишиларнинг номини у тилга олганлиги туфайлиёқ улар шуҳратли одамлар бўлиб қолдилар, бошқа кўп кишилар эса унинг бир-икки фикрини тушуниб олганликлари учунгина ном чиқардилар…”

1993

Манба: Хуршид Дўстмуҳаммад. Ижод кўнгил мунавварлиги. Тошкент,2011

04

012
Xurshid Do’stmuhammad
BEMINNAT MUHABBAT
021

O’tgan yil aprelining o’rtalari. Jahon adabiyotiga daxldor tug’ilgan bir savolga javob istab Tal’at aka yolg’iz yashayotgan uyga qo’ng’iroq qildim. Javob bo’lmadi. Ikki-uch qayta, uch-to’rt kun yana, yana telefon raqamini terdim. Javob yo’q. Orada oy oxirladi. ToshDU filologiya fakulteti chet el adabiyoti kafedrasidan, “Tal’at Rustamovich uch-to’rt kundan buyon ko’rinmadilar’’ degan javob eshitdim. Oyning yigirma to’qqizi, asrdan keyin xabar keldi — Tal’at aka vafot etibdilar…

Janozaga tumonat odam yig’ildi, rahmatli domlamiz haqida armonli so’zlar aytildi. Shu tariqa yana bir bilimdon, orif o’zbekni odatlanganimizdek kechikkan va befoyda pushaymonlar bilan tuproqqa qo’ydik.

Tal’at aka haqida nafaqat salbiy, hatgo bundayroq fikr aytgan odamni uchratmaganman. “Ajoyib domla”, “Yaxshi inson”, “Zukko olim” hokazo va hokazo. Ammo “ajoyib” yoki “yaxshi” tushunchalari ham benihoya keng! Ularni istagancha talqin etish mumkin. Xususan, Tal’at akaning yaxshiligiyu, zakiyligiyu beozorligi biz, ya’ni shu zamonda, shu hoyu-havaslar, orzu umidlar orasida yashab yurgan odamlar tushunganidan mutlaqo o’zgacha edi! Ustoz umr bo’yi adabiyot, adabiyot bo’lganida ham KATTA ADABIYOT dunyosida yashadilar. Yotganda ham, turganda ham, yurganda ham u kishi o’zlari sevgan asar  qahramonlari olamiga g’arq bo’lib — o’sha yokda yashar edilar.

Ko’chada, xiyla naridan ko’rinadilar: o’rta bo’y, ixcham, qoramag’iz, quyuq moshkichiri soch yelkaga tushgan, yirik oynakli ko’zoynak, barmoqlar orasida sigaret. Manglayda taram-taram iz, yanoq suyagi bilan dahanni tutashtirgan botiq bir yo’l ajin, bo’yin terisiga huruj qilgan ajinlar.

Bilmagan-netmagan odam shunday qiyofadagi kishiga ko’ngil tortib murojaat etishi mahol. Ehgimol, o’zgalarni o’zidan nariroq tutish uchun tangrim ato etgan zirh edi bu qiyofa?.. Negaki, Tal’at aka o’sha yoqda — adabiy o’ylar olamida xotirjam yashamog’i uchun beminnat xizmat qilar edi bu qiyofa. Ustozning qadam olishlari, qo’llarini yonboshga bosgancha harakatlantirmay yurishlari, ayniqsa, yerga ozor yetmasin degandek qadamni nihoyatda yengil va avaylab qo’yishlari bu INSONning naqadar beozorligidan… ichida bir dunyo gap borligidan dalolat berib turardi.

Uzoqdan mo’ljalni olib, nihoyat yuzma-yuz kelasiz (domlaning o’ylarini buzmaslik fikrida necha bor indamay- netmay o’tib ketganman), salomlashasiz. Qandaydir bir soniya ustozning yuz qiyofasida taraddud alomatini ilg’aysiz — bir lahza, so’ng hozirgina o’ychan, bir oz tund qiyofa shundayin yorishib ketadiki!.. Go’yo ushbu lahzada sizni uchratish-ko’rish u kishining asriy orzusidek, nuqul sizni orziqib kutib yurgandek!.. Qoramag’izdan kelgan, ajin bosgan yuzda tabassum, jilmayish.

Taraddud soniyalari Tal’at ustozni o’sha yoqdan bu yoqqa olib chiqadi.
— Uylar tinchmi, sog’liqlar?..

Domlaning hol-ahvol so’rashi bundan nariga o’tmas edi, shu savollar ham beixtiyor berilar edi chamamda. Ixtiyorsiz xatti-harakatlar, gap-so’zlar zamirida ham katta mantiqlar bo’lishidan kelib chiqsak, Ustozning ushbu ikki savoli ostida bir inson taqdiri, qismati pinhon edi… Tal’at aka uchun uyning, xonadonning tinchligi-xotirjamligi insonning salomatligidan-da muhimroq edi. Biroq, nazarimda, domlani beixtiyor berilgan shu ikki savolning javobi ko’pda qiziqtirmayotgandek tuyular edi. Axir mutlaq tinch-totuv oila, mutlaq sog’lom odam bormi dunyoda?! So’rashamiz-xo’shlashamiz, bir- birovimizning jonimizga oro kirayotgandek bo’lamiz, lekin o’z taqdiri, o’z qismati oldida har kim o’zi yolg’iz! Yor-do’stlarni, qarindosh-urug’ni, tanish-bilishni xabarlab hashar uyushtirish, chunonchi, lo’mboz bosish, to’y o’tkazish tabiiy, ammo dunening lashkarini qalqon qilganingda ham qismating ro’parasida yoltizsan, yolg’iz!

Ushbu mavzuda necha bor og’iz ochmoqqa shaylanganman, lekin Kafkani, Markesni, Oeni, ularga qo’shib men bilmagan-eshitmagan shu toifadagi adiblaru donishmandlar falsafasini suv qilib ichgan odamga nima deb aql o’rgatish mumkin?! Aql o’rgatish emas, har qanday odam Aflotun maqomiga ko’tarilib ketgan taqdirida ham ruhiy madadga, bir iliq so’zga muhtoj, zero, gap qo’zg’ash — dardlashish, hasratlashish ortiqlik qilmas edi. Bunday desam, hasrat, gina-qudurat, zorlanish-ingranish, g’iybat vaqtincha ko’ngil bo’shatishga xizmat qilsa-qilar, vaqt-bevaqt “Tat`at aka bir hasrat qilsalar edi, ancha yengil tortar edilar-da!” degan xayolga ham borganman, biroq u kishidan bizning tasavvurimizdagi hasrat-nadomat qabilida bir og’iz ham so’z eshitmaganman. Chunki har bir uchrashuv qisqa va beixtiyor salom-alikdan so’ng muqarrar adabiyot haqidagi suhbatga aylanar edi.

Tal’at muallim adabiyotning ichida yashar edi, hayot u kishi uchun adabiyotda edi, o’ttiz yildan ziyod bo’lg’usi adabiyotchilarga, bo’lg’usi jurnalistlarga chet el adabiyotvdan ma’ruza qilgan bo’lsalar — ma’ruzalar ma’ruza emas, Tal’at aka o’zi tanho yashaydigan panoh, qo’nim topadigan sirlarga boy va muhtasham boshpana edi.

Yanglish bo’lsa ham aytay, Tal’at ustoz talabalarga yangilik, bilim berishdan ko’ra o’zi yashaydigan o’sha boshpana dunyosiga bo’lgan hayratlarini izhor etish imkoniyatidan foydalanib berilib, o’zini-o’zligini unutib ma’ruza o’qir edilar! Ma’ruzalar Tal’at ustozning istihforiga aylanib ketardi. Ruchkaning uchini ostki labga, goho dahan chuqurchasiga bosgancha soatlab ma’ruza qilishi mumkin edi domla. O’ychan nigoh, ma’yus chehra, vaznsizdek ko’rinadigan bu tana, bu vujudni tugib turgan xayol, tasavvur, xotira, mehr-muhabbat, tafakkurningbeqiyosligi tinglovchilarni beixtiyor o’ziga qattiq rom etardi!..

Tal`at ustozning ma’ruzalari tinglovchilarni bu yoqdan o’sha yoqqa g’oyibona olib kirib ketar, adabiyot olamidan, o’sha tomon go’zalliklaridan bir bora bahra olgan odam qalbida umrbod qo’msash, istash g’uncha otar edi! Eng murakkab, hazmi og’ir asarlarni ikki og’iz izohda, zarracha ehtiroslarsiz lo’nda qilib tushuntirish borasida Ustozga teng keladigan mutaxassisni uchratmaganman. Ma’ruza onlari Tal’at aka hayotining eng masrur damlari edi! Jahon adabiyotining sara asarlari mavzusidagi ma’ruza Tal’at akaning me’roji edi!

O’sha me’roj qadar yuksala olgan INSONning ma’ruza tugagach yana bu yoqqa qaytishi naqadar uqubatli kechganini so’rab-surishtirishning endi iloji yo’q…

— Shuncha gaplarni qatorlashtirib yozib tashlasangiz- chi! — deb qistovga olaverardim domlani. Ustoz faqat o’zlariga yarashgan nihoyatda muloyim va sirli jilmayish bilan javob qaytarar, ba’zan “Juda ko’p yozaman, yozayapman”, deb qo’yar edilar.

Katta so’z san’atiga mehr qo’ygan talabalar Tal’at akaning izidan qolishmas edi, domla adabiyotni kengroq, boyroq, chuqurroq tushunadigan o’zbek ziyolilari ko’payib borayotganini sevinib aytdilar bir kuni.
— Joys, Prust, Kamyu, Kafkani bizning kitobxonlar qachon qo’lma-qo’l qilib o’qir ekan? — deb so’radim.
— Ularni o’z yurtlarida ham keng omma o’qimaydi, hatto shunday yozuvchilar borligini unutib yuborishadi ham. Faqat jamiyat hayotida shunday mushohadali yozuvchilarga vaqgi- vaqgi bilan ehtiyoj tug’iladi, shunda sen aytgan yozuvchilar og’izga tushadi, bir muddat qo’lma-qo’l bo’ladi.

— Shunga o’xshash ehtiyoj nega bizning jamiyatimizda sezilmaydi?
— Ehtiyoj sezilishi uchun ehtiyojni anglab yetadigan odamlar kerak. Tushunayapsanmi, ehtiyojning ehtiyoj ekanligini tushunib yetmoq zarur.
— Siz nazarda tutgan tushunib yetmoqlikni tarbiyalash milliy adabiyot zimmasiga ham tushadimi?
— Bo’lmasa-chi!
— U holda bizda…
— Bizda ahvol yomon emas… — domla shunday deb bir zum o’ysh cho’mdilar-da, davom etdilar: — Temurni o’qigansan-ku,Po’latovni! Birgina yozuvchining ijodi butun bir xalq adabiyotining mavqeini belgilab turishi mumkin.

— Temur Po’lat asarlarini o’qishmaydi-da.
— O’qishadi. Men o’zimcha, o’zbeklar orasida uning asarlarini 1990 yillarga borib o’qiy boshlashsa kerak, deb taxmin qilgandim — yanglishgan ekanman — mo’ljalimdan besh-yetti yil burun talabalar orasida uning ijodiga qiziquvchilar ko’paygani sezildi.
— Temur akaning asarlarida milliy ruhning yo’qligidan nolishadi.
— “Mulk” — sof o’zbekona asar! Milliy ruh bu qadar ulug’langan asarlarimiz juda kam.

— Adabiyotni ibtidoiy tushunish, hayotni jo’n va daqqi andozalarda tasvirlash jonga tegdi-da, Tal’at aka!
— Bunday deyishga haqing yo’q, adabiyot badiiy tafakkurning mahsuli. Hikoyami, qissami, romanmi — yozilayotgan, nashr etilayotgan  ekan, ularning bari badiiy tafakkurimiz mevasi. Bu sening yo mening ixtiyorimdan tashqarida. Qolaversa, sinchiklab o’qigin, “Ulug’bek xazinasi”da, “Yulduzli tunlar”da, “Toshkentliklar”da katta adabiyot alomatlarini topish mumkin. Faqat ularni aniqlab, o’quvchilar ko’ziga ko’rsata bilish kerak.
— Qodiriyda, ayniqsa Cho’lponda ham ko’p bunday alomatlar.
— Cho’lpon Yevropani ko’p o’qigan!

Tal`at akani faqat jahon adabiyotining bilimdoni deb yanglishgan ekanman. U kishining jahon musiqa tarixi, madaniyati, rivojlanish-tarqalish qonuniyatlari, rok- muzika mohiyatidagi umuminsoniy jihatlar va ommalashish omillari mavzuidagi suhbatlarini tinglab hayratga tushganman. Kobul dorulfuninida o’zbek mumtoz adabiyoti, xususan, Navoiy va Bobur ijodidan soatlab ma’ruzalar qilganlarini, magnit tasmasiga muhrlangan ma’ruzalari afg’on ziyolilari orasida qo’lma-qo’l bo’lganini eshitib yana bir bor hayratlandim.

— Kafkaning “Qal’a”sini tushuntirib bering. “Inostranka”dagi so’ngso’zni o’qib hafsalam pir bo’ldi, — dedim bir kuni.
— U so’ngso’zni o’qima, chalg’itadi.
— “Uliss”ga sira tishim o’tmayapti.

Tal’at akaning chehrasini mayin tabassum yorishtirib yubordi:
— O’qiyver, dam-badam o’qigin, — dedilar domla jilmayib. — Romanni yaxlit idrok etish og’ir, avvaliga parcha-parchalarini ilg’ab olsang ham katta baxt!
— Shu haqda “Yosh kuch”ga bir narsa yozib bering.
— Xo’-o’!.. “Uliss” haqida yozish… Yozsa bo’ladi, faqat buning uchun uzo-oq xotirjamlik kerak, xotirjamlik…

Boqiy dunyoda sizni asl xotirjamlikdan qismasin deya, Yaratgandan so’rayin, Ustoz! Tal’at Rustam o’g’lidek orif va xokisor bandangdan rahmatingni darig’ tutma, Xudoyim! O’tgan asrda yashagan N.Chernishevskiydan Tal’at ustozga berilgan ta’rifni ko’chirib yozishga ijozat et: “U faqat o’ylardi va yozardi — undan boshqa hech narsa qilmas edi, hatto biron tuzukroq mansab egasi bo’lishga ham harakat qilmadi, hatto o’z hayotini ta’minlash, shuhrat qozonish uchun ham harakat qilmadi… u hech kimdan tabrik so’zi eshitmadi, unga hech kim dalda bermadi, unga juda sodiq bo’lgan bir necha kishilargina uning o’tkir aqpiga, olijanob qalbiga qoyil bo’ldi… U shuhrat ham qozonmadi, lekin u tufayli ming-minglab kishi odam bo’lib qoldi. U butun bir avlodni tarbiyalab yetishtirdi. Ko’p kishilarning nomini u tilga olganligi tufayliyoq ular shuhratli odamlar bo’lib qoldilar, boshqa ko’p kishilar esa uning bir-ikki fikrini tushunib olganliklari uchungina nom chiqardilar…”

1993

Manba: Xurshid Do’stmuhammad. Ijod ko’ngil munavvarligi. Toshkent,2011

04

(Tashriflar: umumiy 192, bugungi 1)

Izoh qoldiring