Umid Bekmuhammad. «Duxtir»ning dardlari yoxud fidoyilik & Otaboy Madaminov. Jarroh kundaliklaridan

033

  Айтишларича, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний ҳар қандай шароитда мироб ва табибни навбатсиз қабул экан.Табиийки, мироб боғ-роғларни суғориб яшнатиш режаси хусусида маслаҳатга киради, табиб эса халқ саломатлигини яхшилаш ташвишида юради. Мен шу ҳақда ўйласам юрт подшолари ишида зўр бир ҳикмат кўраман.

08
Умид Бекмуҳаммад
“ДУХТИР”НИНГ ДАРДЛАРИ ЁХУД ФИДОЙИЛИК
011

Гурландек Хоразмда катхудолар эли дея довруқ қозонган ўлкада ўзи танлаган касбдан элда обрў эътибор топган инсонлар шукурки, кўпчилик.Айниқса исми ёнига эл орасида касбининг қўшилиб айтилиши, халқона ибора билан айтганда эса “лақаб” қилиб айтиладиганлари ҳам анча.

Гурланда шундай шарафли инсонлардан бири, халқ “Отабой духтир” дея ардоқлайдиган инсон эса Отабой ака Мадаминовдир.

Болалик ва ўсмирлик йиллари урушдан кейинги оғир ва тикланиш даврига тўғри келган Отабой Мадаминов, ёшликдан адабиёт, тарих, химия, биология фанларига қизиқиб вояга етган бўлсада , касб танлашга келганда врачликни маъқул кўрди.Аммо мана орадан 40 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, худди ёшлик пайтидагидай бадиий, фалсафий, тарихий ва табиийки ўз касбига хос тиббий асарларни мутоаала қилишни канда қилмайди.Бунинг устига илмий ишини ёқлаган олим бўлишига қарамай, доимий равишда изланиб, ўз тажрибалари, кузатувлари асосида тиббий, публицистик мақолалар , ташбеҳлар ёзиб туради.

Айниқса, катта ҳаётий тажрибалар асосида битилган ташбеҳлари адабиётчиларга хос бадиий жиҳатдан юқори савияли, файласуфларники сингари моҳиятан кучли фикрларда мужассамдир.

Гоҳида ҳатто илмий даргоҳларда ишлайдиган олимлар ҳам илмий унвон, даража олиб бўлгач, ҳаёт завқини суриб, тенгдошларию дўст-ёронлари билан умрини бемалол ўтказиб юради.Аммо Отабой акада ўз устида тинимсиз ишлаш, чинакам зиёлига хос маърифатли даврларгагина интилиш, тинимсиз мутоала, маънавиятли инсон сифатида китоб-у, газета-журналга ошнолик бор.

Энг асосийси эса билганлари, ўрганганлари, тажрибаларини умумлаштириб “Гурлан ҳаёти” ю, “Даракчи”, “Шифо”, Сиҳат-саломатлик” нашрларида чиқишлар қилиб туради.
Афсуски, кўпчиликда қотиб қолган қарашлар асосида, олий ва ўрта махсус дипломли кишиларнигина зиёли санаш одат бўлиб қолган.Афсуски, баъзи шундай “зиёли” санайдиганларимиз нафақат ўз тарихига, балки бугунги воқеликка ҳам беғам, ҳаттоки ўз касби янгиликларидан ҳам хабарсиз банда бўлиб яшайверади.Ёки бўлмаса ғарбда кенг тарқалган “Иқтидорли инсонлар қишлоқда туғилиб Парижда вафот этишади” деган ақидаям кўпчилик инсонлар онгига ўрнашиб қолганки, улар назарида шу боис малакали , профессионал касб маҳоратига эга кишилар пойтахтда, вилоят марказларида яшаб меҳнат қилишади.

Табиийки, бундай ақидаларнинг нотўғрилигини ўз ҳаёти мисолида исботлаган инсон Отабой Мадаминов деса бўлади.Чунки, илмий даражаси бўла туриб, ўз касбига моҳирликни, профессионал даражадаги иш услубини , бундай қараганда чекка туман бўлиб туюладиган Гурланда жорий қилиш учун чинакам зиёлига хос матонат ҳам керак.

Ана шу сифатлар эса Отабой акада бор эканки, юқоридагилар билангина кифояланиб қолмасдан ўз касби-тиббиётнинг Хоразмликлар мисолидаги тарихини ёзгани эса фидоийлик ҳамдир.

Ўзларингизга маълумки, Гурлан туманидан етишиб чиққан бир нечта фан номзоди, ҳаттоки докторликни ёқлаган тиб илми вакиллари мавжудки, бу фахрланарлидир.Улардан айримлари, вилоят марказидагина эмас, пойтахтимизда ҳам яшаб ўз соҳаларининг тараққиёти йўлида қўлларидан келгунича фаолият олиб боришмоқда.Аммо улардан биронтаси О.Мадаминовгача Хоразм,Гурлан тиббиёт тарихини тадқиқ қилгудек билими, айримларининг маблағи, китоб ёзса ҳомийлари бўла туриб шу ишга қўл урмагандилар.Албатта туман, вилоят тиб соҳасидан келиб чиқиб, олис ўтмишдан бугунгача бўлган даврга назар ташлаш осон эмас.О.Мадаминов эса бунга журъат қилиб Гурлан туманида яшаганича китоб яратибдики, бу табиийки фидойиликдир.

Шу боисдан ҳам Отабой Мадаминовдек фидойи инсонлари билан нафақат бугунги гурланликлар, балки келгуси авлодлар ҳам фахрланиб юраверади.

Маълумки, инсоният пайдо бўлгандан, ҳар бир даврга, шу ҳудудга, шу халқнинг салоҳиятига , зеҳниятига яраша бошқа соҳалар каби табобат ҳам ҳар хил даражада юзага кела бошлаган, қайси замонлардаки, ривож топган, айрим ҳолларда эса таназзулга ҳам учраган..

Аслида инсон пайдо бўлибдики, табобат хизматига, аниқроғи муоалажага муҳтож бўлиб келган.Демак табобат ўз тарихига эга бўлган.Масалага фалсафий нуқтаи назардан ёндошадиган бўлсак, инсон учун соғлиқдан катта бойлик борми?Йўқ албатта! Шунинг учун ҳам тиббиёт тарихини ўрганиш, унинг маъносини, моҳиятини англаш ҳар бир тиббиёт ходими учун шарафли иш бўлса керак.

Бугунги тиббиётнинг равнақ топишига қадимги аждодларимизнинг турмуш тарзи ва ижтимоий ҳаёт фаолиятини ифодалайдиган археологик манбалар, расмий ҳужжатлар, тарихий солномалар, биографик ҳамда адабий асарлар, илмий изланишлар ва чуқур таҳлиллар муҳим асос бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.

Хуллас, “Хоразм тиббиёти тарихига чизгилар” (Улуғлардан ўрганганларим) асари ( Тошкент, “Янги аср авлоди” нашриёти, 2012 йил) фақатгина тарихий-публицистик услубда битилган китобгина эмас, кенг қамровли, фундаментал илмий тадқиқот иши бўлганди, деса бўлади.Сизнинг эътиборингизга 70 ёш остонасида Отабой “духтир”нинг кундаликларидан айрим ташбеҳларни ҳавола қилиб, у кишига соғлиқ ва ижодий-илмий ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

03
ОТАБОЙ МАДАМИНОВ
ЖАРРОҲНИНГ КУНДАЛИКЛАРИДАН
01

 Жангчи кечикса ғалаба, деҳқон кечикса ҳосил бой берилар.

***

Вақт бизни танламайди, биз вақтни танламоғимиз лозим.

***

Меҳмон бўлсангиз мезбоннинг вақтини аянг, лекин меҳр ва эътиборингизни аяманг.

***

Самимий бўлмаган кишидан мурувват кутманг.

***

Яхшиларни яхшилик қилувчилар ичидан ахтаринг.

***

Айтилган тўғри сўз ёлғоннинг умрини қисқартиради.

***

Оғир юк кўтариб эгилгандан кўра оғир сўз эшитиб эзилган ёмон

***

Қўполлик ҳаддан ошса ёвузликка айланади.

***

Тартибни тарбиясиз, талабни таъминотсиз, касалликни табобатсиз, тинчликни тотоувликсиз, туҳматни тўғриликсиз, тилакни тараққиётсиз тасаввур қилсангиз, сиз кечаги одамсиз.

***

Нодоннинг каттаси ҳам, кичиги ҳам нодон.

***

Шодлик билан ғам, ғалаба билан мағлубият, яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан мунофиқлик баъзан бирга келади. Уларни фарқ қилолмаслик хатоларга йўл очади.

***

Баландпарвоз гапириб ўзгаларга нафи тегмайдиганлардан кўра, камтар бўла туриб бошқаларни ўйлаб яшайдиганлар афзалдур.

***

Даволаб бўлмайдиган беморни даволаш қийин, даволанишни истамаган беморни даволаш ундан ҳам қийин.

***

Ўйлайманки, умрининг жуда кўп қисмини ишхонасида , касалхонада ўтказадиган касб эгаси жарроҳлар бўлса керак.

***

Аслида ёлғон ўрмонга ўхшайди, инсон ўрмон ичида қанчалик адашса, ёлғон гапиргандан сўнг ҳам виждони қийналиб шунчалик азоб тортади.

***

Айтишларича, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний ҳар қандай шароитда мироб ва табибни навбатсиз қабул экан.Табиийки, мироб боғ-роғларни суғориб яшнатиш режаси хусусида маслаҳатга киради, табиб эса халқ саломатлигини яхшилаш ташвишида юради. Мен шу ҳақда ўйласам юрт подшолари ишида зўр бир ҳикмат кўраман.

***

Зарур бўлганда кичкинагина яхшилик қилиш бошқа вақтда қилинган катта эзгуликдан афзалдир.

***

Тажрибали жарроҳнинг ҳар битта бармоғи кўз саналади.

***

Шифокорнинг битта рақиби бор. У ҳам бўлса дард. Бир умр дардни енгиб беморни ҳаётга қайтариб яшаган шифокор ғолибдир.

***

Нуқсони бор одамгина аёлдан иллат қидиради.

***

Ғазаб ҳам ёмон, у кимнингдир дил ойнасини синдириб озор етказади.

ШИФОКОРЛАР ҲАҚИДА ЛУҒАТ

Билимсиз шифокор — нурсиз чироқ,
Тажрибасиз бўлса — ўтмас пичоқ.
Бепарво шифокор — оловсиз ўчоқ,
Жаҳлдор бўлса-чи — бир қучоқ янтоқ.
Эринчоқ шифокор — ёмғирсиз чақмоқ,
Вазмин бўлса гар у — ечилмас жумбоқ.
Қаттиққўли — чақилмаган ёнғоқ,
Мақтанчоғи — нураган қирғоқ,
Нафси зўри — беморга тузоқ.
Ўзбошимча бўлса — минилмаган тойчоқ,
Таъмагир шифокор — гўёки қармоқ,
Бемеҳр шифокор — хастага қийноқ.
Хушфеъл шифокор — беморга ўртоқ,
Ғамхўр шифокор — шифобахш булоқ.
Изланувчан шифокор — суви мўл ирмоқ,
Халоскор шифокор — ҳаммага сабоқ.

022

08
Umid Bekmuhammad
“DUXTIR”NING DARDLARI YOXUD FIDOYILIK
011

Gurlandek Xorazmda katxudolar eli deya dovruq qozongan o’lkada o’zi tanlagan kasbdan elda obro’ e’tibor topgan insonlar shukurki, ko’pchilik.Ayniqsa ismi yoniga el orasida kasbining qo’shilib aytilishi, xalqona ibora bilan aytganda esa “laqab” qilib aytiladiganlari ham ancha.

Gurlanda shunday sharafli insonlardan biri, xalq “Otaboy duxtir” deya ardoqlaydigan inson esa Otaboy aka Madaminovdir.

Bolalik va o’smirlik yillari urushdan keyingi og’ir va tiklanish davriga to’g’ri kelgan Otaboy Madaminov, yoshlikdan adabiyot, tarix, ximiya, biologiya fanlariga qiziqib voyaga yetgan bo’lsada , kasb tanlashga kelganda vrachlikni ma’qul ko’rdi.Ammo mana oradan 40 yildan ko’proq vaqt o’tgan bo’lsada, xuddi yoshlik paytidagiday badiiy, falsafiy, tarixiy va tabiiyki o’z kasbiga xos tibbiy asarlarni mutoaala qilishni kanda qilmaydi.Buning ustiga ilmiy ishini yoqlagan olim bo’lishiga qaramay, doimiy ravishda izlanib, o’z tajribalari, kuzatuvlari asosida tibbiy, publitsistik maqolalar , tashbehlar yozib turadi.

Ayniqsa, katta hayotiy tajribalar asosida bitilgan tashbehlari adabiyotchilarga xos badiiy jihatdan yuqori saviyali, faylasuflarniki singari mohiyatan kuchli fikrlarda mujassamdir.

Gohida hatto ilmiy dargohlarda ishlaydigan olimlar ham ilmiy unvon, daraja olib bo’lgach, hayot zavqini surib, tengdoshlariyu do’st-yoronlari bilan umrini bemalol o’tkazib yuradi.Ammo Otaboy akada o’z ustida tinimsiz ishlash, chinakam ziyoliga xos ma’rifatli davrlargagina intilish, tinimsiz mutoala, ma’naviyatli inson sifatida kitob-u, gazeta-jurnalga oshnolik bor.

Eng asosiysi esa bilganlari, o’rganganlari, tajribalarini umumlashtirib “Gurlan hayoti” yu, “Darakchi”, “Shifo”, Sihat-salomatlik” nashrlarida chiqishlar qilib turadi.
Afsuski, ko’pchilikda qotib qolgan qarashlar asosida, oliy va o’rta maxsus diplomli kishilarnigina ziyoli sanash odat bo’lib qolgan.Afsuski, ba’zi shunday “ziyoli” sanaydiganlarimiz nafaqat o’z tarixiga, balki bugungi voqelikka ham beg’am, hattoki o’z kasbi yangiliklaridan ham xabarsiz banda bo’lib yashayveradi.Yoki bo’lmasa g’arbda keng tarqalgan “Iqtidorli insonlar qishloqda tug’ilib Parijda vafot etishadi” degan aqidayam ko’pchilik insonlar ongiga o’rnashib qolganki, ular nazarida shu bois malakali , professional kasb mahoratiga ega kishilar poytaxtda, viloyat markazlarida yashab mehnat qilishadi.

Tabiiyki, bunday aqidalarning noto’g’riligini o’z hayoti misolida isbotlagan inson Otaboy Madaminov desa bo’ladi.Chunki, ilmiy darajasi bo’la turib, o’z kasbiga mohirlikni, professional darajadagi ish uslubini , bunday qaraganda chekka tuman bo’lib tuyuladigan Gurlanda joriy qilish uchun chinakam ziyoliga xos matonat ham kerak.

Ana shu sifatlar esa Otaboy akada bor ekanki, yuqoridagilar bilangina kifoyalanib qolmasdan o’z kasbi-tibbiyotning Xorazmliklar misolidagi tarixini yozgani esa fidoiylik hamdir.

O’zlaringizga ma’lumki, Gurlan tumanidan yetishib chiqqan bir nechta fan nomzodi, hattoki doktorlikni yoqlagan tib ilmi vakillari mavjudki, bu faxrlanarlidir.Ulardan ayrimlari, viloyat markazidagina emas, poytaxtimizda ham yashab o’z sohalarining taraqqiyoti yo’lida qo’llaridan kelgunicha faoliyat olib borishmoqda.Ammo ulardan birontasi O.Madaminovgacha Xorazm,Gurlan tibbiyot tarixini tadqiq qilgudek bilimi, ayrimlarining mablag’i, kitob yozsa homiylari bo’la turib shu ishga qo’l urmagandilar.Albatta tuman, viloyat tib sohasidan kelib chiqib, olis o’tmishdan bugungacha bo’lgan davrga nazar tashlash oson emas.O.Madaminov esa bunga jur’at qilib Gurlan tumanida yashaganicha kitob yaratibdiki, bu tabiiyki fidoyilikdir.

Shu boisdan ham Otaboy Madaminovdek fidoyi insonlari bilan nafaqat bugungi gurlanliklar, balki kelgusi avlodlar ham faxrlanib yuraveradi.

Ma’lumki, insoniyat paydo bo’lgandan, har bir davrga, shu hududga, shu xalqning salohiyatiga , zehniyatiga yarasha boshqa sohalar kabi tabobat ham har xil darajada yuzaga kela boshlagan, qaysi zamonlardaki, rivoj topgan, ayrim hollarda esa tanazzulga ham uchragan..

Aslida inson paydo bo’libdiki, tabobat xizmatiga, aniqrog’i muoalajaga muhtoj bo’lib kelgan.Demak tabobat o’z tarixiga ega bo’lgan.Masalaga falsafiy nuqtai nazardan yondoshadigan bo’lsak, inson uchun sog’liqdan katta boylik bormi?Yo’q albatta! Shuning uchun ham tibbiyot tarixini o’rganish, uning ma’nosini, mohiyatini anglash har bir tibbiyot xodimi uchun sharafli ish bo’lsa kerak.

Bugungi tibbiyotning ravnaq topishiga qadimgi ajdodlarimizning turmush tarzi va ijtimoiy hayot faoliyatini ifodalaydigan arxeologik manbalar, rasmiy hujjatlar, tarixiy solnomalar, biografik hamda adabiy asarlar, ilmiy izlanishlar va chuqur tahlillar muhim asos bo’lishiga hech shubha yo’q.

Xullas, “Xorazm tibbiyoti tarixiga chizgilar” (Ulug’lardan o’rganganlarim) asari ( Toshkent, “Yangi asr avlodi” nashriyoti, 2012 yil) faqatgina tarixiy-publitsistik uslubda bitilgan kitobgina emas, keng qamrovli, fundamental ilmiy tadqiqot ishi bo’lgandi, desa bo’ladi.Sizning e’tiboringizga 70 yosh ostonasida Otaboy “duxtir”ning kundaliklaridan ayrim tashbehlarni havola qilib, u kishiga sog’liq va ijodiy-ilmiy ishlarida muvaffaqiyatlar tilab qolamiz.

03
OTABOY MADAMINOV
JARROHNING KUNDALIKLARIDAN
01

Jangchi kechiksa g’alaba, dehqon kechiksa hosil boy berilar.

***

Vaqt bizni tanlamaydi, biz vaqtni tanlamog’imiz lozim.

***

Mehmon bo’lsangiz mezbonning vaqtini ayang, lekin mehr va e’tiboringizni ayamang.

***

Samimiy bo’lmagan kishidan muruvvat kutmang.

***

Yaxshilarni yaxshilik qiluvchilar ichidan axtaring.

***

Aytilgan to’g’ri so’z yolg’onning umrini qisqartiradi.

***

Og’ir yuk ko’tarib egilgandan ko’ra og’ir so’z eshitib ezilgan yomon

***

Qo’pollik haddan oshsa yovuzlikka aylanadi.

***

Tartibni tarbiyasiz, talabni ta’minotsiz, kasallikni tabobatsiz, tinchlikni totouvliksiz, tuhmatni to’g’riliksiz, tilakni taraqqiyotsiz tasavvur qilsangiz, siz kechagi odamsiz.

***

Nodonning kattasi ham, kichigi ham nodon.

***

Shodlik bilan g’am, g’alaba bilan mag’lubiyat, yaxshilik bilan yomonlik, ezgulik bilan munofiqlik ba’zan birga keladi. Ularni farq qilolmaslik xatolarga yo’l ochadi.

***

Balandparvoz gapirib o’zgalarga nafi tegmaydiganlardan ko’ra, kamtar bo’la turib boshqalarni o’ylab yashaydiganlar afzaldur.

***

Davolab bo’lmaydigan bemorni davolash qiyin, davolanishni istamagan bemorni davolash undan ham qiyin.

***

O’ylaymanki, umrining juda ko’p qismini ishxonasida , kasalxonada o’tkazadigan kasb egasi jarrohlar bo’lsa kerak.

***

Aslida yolg’on o’rmonga o’xshaydi, inson o’rmon ichida qanchalik adashsa, yolg’on gapirgandan so’ng ham vijdoni qiynalib shunchalik azob tortadi.

***

Aytishlaricha, Xiva xoni Muhammad Rahimxon Soniy har qanday sharoitda mirob va tabibni navbatsiz qabul ekan.Tabiiyki, mirob bog’-rog’larni sug’orib yashnatish rejasi xususida maslahatga kiradi, tabib esa xalq salomatligini yaxshilash tashvishida yuradi. Men shu haqda o’ylasam yurt podsholari ishida zo’r bir hikmat ko’raman.

***

Zarur bo’lganda kichkinagina yaxshilik qilish boshqa vaqtda qilingan katta ezgulikdan afzaldir.

***

Tajribali jarrohning har bitta barmog’i ko’z sanaladi.

***

Shifokorning bitta raqibi bor. U ham bo’lsa dard. Bir umr dardni yengib bemorni hayotga qaytarib yashagan shifokor g’olibdir.

***

Nuqsoni bor odamgina ayoldan illat qidiradi.

***

G’azab ham yomon, u kimningdir dil oynasini sindirib ozor yetkazadi.

SHIFOKORLAR HAQIDA LUG’AT

Bilimsiz shifokor — nursiz chiroq,
Tajribasiz bo’lsa — o’tmas pichoq.
Beparvo shifokor — olovsiz o’choq,
Jahldor bo’lsa-chi — bir quchoq yantoq.
Erinchoq shifokor — yomg’irsiz chaqmoq,
Vazmin bo’lsa gar u — yechilmas jumboq.
Qattiqqo’li — chaqilmagan yong’oq,
Maqtanchog’i — nuragan qirg’oq,
Nafsi zo’ri — bemorga tuzoq.
O’zboshimcha bo’lsa — minilmagan toychoq,
Ta’magir shifokor — go’yoki qarmoq,
Bemehr shifokor — xastaga qiynoq.
Xushfe’l shifokor — bemorga o’rtoq,
G’amxo’r shifokor — shifobaxsh buloq.
Izlanuvchan shifokor — suvi mo’l irmoq,
Xaloskor shifokor — hammaga saboq.

022

(Tashriflar: umumiy 3 834, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum. Otaboy Madaminovning uy manzili, ish joyi yoki telefon nomerini bera olasizmi. Maslahat olmoqchi edim.

Izoh qoldiring