Yasunari Kavabata. Anor

0022   Кузнинг шамолли тунида анор дарахти барглари тўкилиб чиқди. Барглар дарахт танаси атрофида тоза ер қолдириб доира ясаган эди. Дераза тавақаларини очган Кимико анорнинг яланғоч шохларига ажабланиб боқди. Барглар айлана бўлиб тўкилгани, шамол уларни ҳар тарафга сочиб юбормагани ҳам унга ғалати туюлди.

09

011 Кавабата Ясунари (1899.14.6, Осака ш. — 1972.16.4, Дзуси) — япон ёзувчиси. Япон санъат академияси аъзоси (1953). 20-йилларда янги сенсуалистларнинг модернистик гуруҳига яқинлашган. Биринчи асари — «Идзунлик ўйинчи» (1926)да болалик хотиралари лирик ҳикоя қилинган. Кавабатанинг ўзига хос бадиий услуби шоирона ҳис-туйғулардан иборат «Қорли ўлка» (1937) қиссасида намоён бўлган. Санъат даражасига кўтарилган қадимий урф-одатлар — чой билан боғлиқ удум «Минг қанотли турна» (1951) қиссасининг асосий мавзуини ташкил этади. «Тоғлар ноласи» (1953), «Эски пойтахт» (1961) романлари ички лиризм билан суғорилган, «Уйқудаги нозанинлар» (1961) қиссаси ёлғиз қолган кекса инсон ҳаёти ҳақида. Кавабата бир қатор эсселар («Гўзалликнинг яратилиши ва мавжудлиги» ва б.) муаллифи. «Уйқудаги нозанинлар» қиссаси ўзбек тилига таржима қилинган (2001 йил, таржимон Учқун Назаров). Нобель мукофоти лауреати (1968).

09й
Ясунари Кавабата

АНОР
Абдувоҳид Умиров таржимаси
001

Кузнинг шамолли тунида анор дарахти барглари тўкилиб чиқди. Барглар дарахт танаси атрофида тоза ер қолдириб доира ясаган эди.

Дераза тавақаларини очган Кимико анорнинг яланғоч шохларига ажабланиб боқди. Барглар айлана бўлиб тўкилгани, шамол уларни ҳар тарафга сочиб юбормагани ҳам унга ғалати туюлди.

Дарахт тепасидаги биргина анорга кўзи тушди.
— Ойижон, қара, қандай ажойиб анор! — ҳаяжонини яшира олмай деди Кимико.
— Чиндан ҳам… Мен бўлсам уни унутган эканман. Ойиси дарахтга қаради-ю, дарҳол ошхонага қараб кетди.

“Мен бўлсам уни унутган эканман”. Ойисининг бу сўзлари Кимикога уларнинг нақадар ёлғиз эканлигини эслатди. Очиқ айвон рўпарасидаги дарахтда анор пишиб етилса-ю, ҳатто шу ҳам ёдларидан кўтарилган бўлса, уларнинг турмуши қай аҳволда бўлиши мумкин, ахир.

Ярим ойча бўлди, жияни меҳмонга келган эди. У анорга кўзи тушган заҳотиёқ дарахтга осилди. Тап тортмай дарахт танасига тирмашиб чиқаётган етти яшар болакайга Кимико сархуш боқди.
— Энг тепасида яна битта каттаси бор! — шодон қичқирди у.
— Кўряпман, — деди бола, — уни узсам тушолмай қоламан-да.
“Чиндан ҳам, икки қўлида анор бўлса, қандай тушади”, ўйлади Кимико ва кулиб қўйди. Ажойиб бола-да!

Бу болакай келмаганида улар анорни бутунлай унутишар экан. Шундан кейин ойиси ва Кимико бугун эрталабгача анор ҳақида умуман эслашмаганди.

Жияни келганида энг тепадаги анор барглар орасида кўзга ташланмас эди, бугун эса мовий осмон теграсида қип-қизил бўлиб ёниб турибди.

Кимико боққа кирди ва узун бамбук ёғоч билан анорни узиб олди. Мева пишиб кетган ва ҳатто ёрилган экан: афтидан, ундаги куч-қувват ичига сиғмай ташқарига интиларди. Кимико анорни айвон полига қўйди. Ёрилган жойидаги анор доналари қуёш нурида ялтирарди.
Кимико ёрилмагунга қадар узиб олмагани учун ўзини анор олдида гуноҳкор сезди.

У иккинчи қаватга кўтарилди-да, шоша-пиша тикишга тутинди. Соат ўнлар чамаси пастдан Кэнкичининг овози эшитилди. Эшик тамбаланмаган бўлса керак, тўғри боққа ўтди ва у ердан унинг тез-тез гапираётгани эшитила бошлади.
— Кимико, Кимико, пастга туш! Кэнкичи келди, — баланд овозда чақирди ойиси.

Қиз шошганича игнани ипдан олди-да, ёстиқчага санчди.
— Кэнкичи, фронтга жўнагунингизга қадар сиз билан учрашувга розилик беришимни сўрайвериб Кимико ҳол-жонимга қўймади, ёнингизга бориши ноқулай бўлди, ўзингиз эса бир келиб кетишга вақт топмадингиз. Қани, киринг, кира қолинг, — ялинарди ойиси.

У Кэнкичининг узоқроқ қолишини хоҳларди, бирга тушлик қилишни таклиф этди, лекин Кэнкичи, афтидан, жуда шошиларди.
— Афсус… — деди бўшашиб ойиси. — Унда, ҳеч қурса, мана бу анордан еб кўринг. Ўз боғимиздан.
Ойиси Кимикони яна чорлади.

Қиз зинапоялардан тушиб келгунга қадар Кэнкичи ундан кўз узмади. Нигоҳида шунчалар бесабрлик бор эдики, Кимико чалишиб кетишига оз қолди, сўнгги зиналарни зўрға босиб тушди.
Кэнкичининг кўзлари яшнаб кетди. Қўллари титради ва анорни тушириб юборди.
Нигоҳлари бир лаҳза тўқнашди, иккаласининг ҳам лабларига табассум инди. Кимиконинг яноқлари қизарди.

Кэнкичи шошилинч ўрнидан қўзғалди.
— Ўзингни эҳтиёт қил, Кимико! — деди у.
— Сиз ҳам, Кэнкичи, — шивирлади Кимико, лекин бу пайт йигит ойиси томон ўгирилган ва хайр-хўшлашаётган эди.

Кэнкичи кетди, Кимико бўлса яна анча вақт эшик томон қараб турди.
— Нега бунча шошилмаса бу Кэнкичи? Ҳатто шундай ажойиб анорни ҳам татиб кўрмади-я. Бу қанақаси бўлди?! — деди ойиси. У айвон қиррасига эгилди-да, қўлини узатиб, ерда ётган анорни олди.

Кэнкичининг кўзларида ёш милтиллаганини Кимико сезган вақтда у анорни иккига бўлмоқчи бўлиб ноқулай ҳаракат қилган ва уни ерга тушириб юборган эди. Анор ерга тушди, лекин ёрилмади.

Ойиси анорни ювиб, айвонга олиб келди.
— Ол, Кимико, — мевани қизига узатди у.
— У ифлос-ку, ахир, — ортга тисланиб норозилик билдирди қиз. Сўнг бирдан қип-қизариб кетди-да, шоша-пиша қўлини чўзди.

Анорнинг ёрилган жойини, чамаси, Кэнкичи тишлаб улгурган эди.
Ойиси ёнида тураркан, анордан воз кечишни беадаблик деб билди. Ўзини лоқайд кўрсатган бўлиб мевани лабига теккизди. Оғзи нордон таъмни туйди. Шира ич-ичига кириб боргандай ва унинг қувончли туйғуларига армон кўлкаси соя ташлагандай бўлди.

Ойиси Кимиконинг ҳолатини сезмади ва айвонни хотиржам тарк этди.
Кўзгу ёнидан ўтаётиб, ўзига қараб қўрқиб кетди.
— Вой, ранг-рўйим қурсин! — хитоб қилди у. — Сочимни тарамай шу ҳолда Кэнкичини кузатибман. Яхши бўлмади!

Кўзгу олдида ўтириб сочига тароқ солди.
— Отанг оламдан ўтганда, — оҳиста сўзлади ойиси, — мен узоқ вақт сочимни тарашга қўрқиб юрдим… Тароқ сочимга тегди, дегунча беихтиёр ўйга чўмар, ўтмишни эслаб кетардим. Худди даданг ёнимда-ю, соч тарашдан тўхташимни кутиб тургандай туюларди. Қўрққанимдан қалтираб кетардим.

Ойисида отасидан қолган овқатни еб қўйиш одати бўлгани Кимиконинг эсига тушди.
Уни бирдан ўтмишни қайтариб бўлмайди, деган туйғу чулғаб олди, айни чоғда шундай бахт-саодатни ҳис этдики, кўзларидан ёш қалқди.

Бирор нарса исроф бўлишига ойиси тоқат қилолмас эди. Отасидан қолган таомни еб, тозалаб қўйиш одати ҳам шундан. Кэнкичи ейишни эп кўрмаган анорни еб қўйишини Кимикодан сўрагани боиси ҳам шу бўлса керак.

Кутилмаганда туйган пинҳона шодмонлиги учун Кимико ойиси олдида ўзини ноқулай ҳис этди.
Лекин хаёлидан ҳеч нарсани кечирмаган Кэнкичи билан хайрлашаётиб қалбини тўлдирган ҳис-ҳаяжондан беҳад бахтиёр эди ва хаёлан ўйлади: унинг қайтишини бир умр кутишга қодирман.

Кимико зимдан ойиси томонга кўз ташлади ва ойна ортидаги тўсиққа қуёш нурлари тушиб, ёритиб турганини кўрди. Кейин тиззасидаги анорга нигоҳ ташлади ва уни тишлашга энди ботинолмаслиги ҳақида ўйлади.

09

09

011 Kavabata Yasunari (1899.14.6, Osaka sh. — 1972.16.4, Dzusi) — yapon yozuvchisi. Yapon san’at akademiyasi a’zosi (1953). 20-yillarda yangi sensualistlarning modernistik guruhiga yaqinlashgan. Birinchi asari — «Idzunlik o’yinchi» (1926)da bolalik xotiralari lirik hikoya qilingan. Kavabataning o’ziga xos badiiy uslubi shoirona his-tuyg’ulardan iborat «Qorli o’lka» (1937) qissasida namoyon bo’lgan. San’at darajasiga ko’tarilgan qadimiy urf-odatlar — choy bilan bog’liq udum «Ming qanotli turna» (1951) qissasining asosiy mavzuini tashkil etadi. «Tog’lar nolasi» (1953), «Eski poytaxt» (1961) romanlari ichki lirizm bilan sug’orilgan, «Uyqudagi nozaninlar» (1961) qissasi yolg’iz qolgan keksa inson hayoti haqida. Kavabata bir qator esselar («Go’zallikning yaratilishi va mavjudligi» va b.) muallifi. «Uyqudagi nozaninlar» qissasi o’zbek tiliga tarjima qilingan (2001 yil, tarjimon Uchqun Nazarov). Nobel` mukofoti laureati (1968).

09y
Yasunari Kavabata

ANOR
Abduvohid Umirov tarjimasi
001

Kuzning shamolli tunida anor daraxti barglari to’kilib chiqdi. Barglar daraxt tanasi atrofida toza yer qoldirib doira yasagan edi.

Deraza tavaqalarini ochgan Kimiko anorning yalang’och shoxlariga ajablanib boqdi. Barglar aylana bo’lib to’kilgani, shamol ularni har tarafga sochib yubormagani ham unga g’alati tuyuldi.

Daraxt tepasidagi birgina anorga ko’zi tushdi.
— Oyijon, qara, qanday ajoyib anor! — hayajonini yashira olmay dedi Kimiko.
— Chindan ham… Men bo’lsam uni unutgan ekanman. Oyisi daraxtga qaradi-yu, darhol oshxonaga qarab ketdi.

“Men bo’lsam uni unutgan ekanman”. Oyisining bu so’zlari Kimikoga ularning naqadar yolg’iz ekanligini eslatdi. Ochiq ayvon ro’parasidagi daraxtda anor pishib yetilsa-yu, hatto shu ham yodlaridan ko’tarilgan bo’lsa, ularning turmushi qay ahvolda bo’lishi mumkin, axir.

Yarim oycha bo’ldi, jiyani mehmonga kelgan edi. U anorga ko’zi tushgan zahotiyoq daraxtga osildi. Tap tortmay daraxt tanasiga tirmashib chiqayotgan yetti yashar bolakayga Kimiko sarxush boqdi.
— Eng tepasida yana bitta kattasi bor! — shodon qichqirdi u.
— Ko’ryapman, — dedi bola, — uni uzsam tusholmay qolaman-da.
“Chindan ham, ikki qo’lida anor bo’lsa, qanday tushadi”, o’yladi Kimiko va kulib qo’ydi. Ajoyib bola-da!

Bu bolakay kelmaganida ular anorni butunlay unutishar ekan. Shundan keyin oyisi va Kimiko bugun ertalabgacha anor haqida umuman eslashmagandi.

Jiyani kelganida eng tepadagi anor barglar orasida ko’zga tashlanmas edi, bugun esa moviy osmon tegrasida qip-qizil bo’lib yonib turibdi.

Kimiko boqqa kirdi va uzun bambuk yog’och bilan anorni uzib oldi. Meva pishib ketgan va hatto yorilgan ekan: aftidan, undagi kuch-quvvat ichiga sig’may tashqariga intilardi. Kimiko anorni ayvon poliga qo’ydi. Yorilgan joyidagi anor donalari quyosh nurida yaltirardi.
Kimiko yorilmagunga qadar uzib olmagani uchun o’zini anor oldida gunohkor sezdi.

U ikkinchi qavatga ko’tarildi-da, shosha-pisha tikishga tutindi. Soat o’nlar chamasi pastdan Kenkichining ovozi eshitildi. Eshik tambalanmagan bo’lsa kerak, to’g’ri boqqa o’tdi va u yerdan uning tez-tez gapirayotgani eshitila boshladi.
— Kimiko, Kimiko, pastga tush! Kenkichi keldi, — baland ovozda chaqirdi oyisi.

Qiz shoshganicha ignani ipdan oldi-da, yostiqchaga sanchdi.
— Kenkichi, frontga jo’naguningizga qadar siz bilan uchrashuvga rozilik berishimni so’rayverib Kimiko hol-jonimga qo’ymadi, yoningizga borishi noqulay bo’ldi, o’zingiz esa bir kelib ketishga vaqt topmadingiz. Qani, kiring, kira qoling, — yalinardi oyisi.

U Kenkichining uzoqroq qolishini xohlardi, birga tushlik qilishni taklif etdi, lekin Kenkichi, aftidan, juda shoshilardi.
— Afsus… — dedi bo’shashib oyisi. — Unda, hech qursa, mana bu anordan yeb ko’ring. O’z bog’imizdan.
Oyisi Kimikoni yana chorladi.

Qiz zinapoyalardan tushib kelgunga qadar Kenkichi undan ko’z uzmadi. Nigohida shunchalar besabrlik bor ediki, Kimiko chalishib ketishiga oz qoldi, so’nggi zinalarni zo’rg’a bosib tushdi.
Kenkichining ko’zlari yashnab ketdi. Qo’llari titradi va anorni tushirib yubordi.
Nigohlari bir lahza to’qnashdi, ikkalasining ham lablariga tabassum indi. Kimikoning yanoqlari qizardi.

Kenkichi shoshilinch o’rnidan qo’zg’aldi.
— O’zingni ehtiyot qil, Kimiko! — dedi u.
— Siz ham, Kenkichi, — shivirladi Kimiko, lekin bu payt yigit oyisi tomon o’girilgan va xayr-xo’shlashayotgan edi.

Kenkichi ketdi, Kimiko bo’lsa yana ancha vaqt eshik tomon qarab turdi.
— Nega buncha shoshilmasa bu Kenkichi? Hatto shunday ajoyib anorni ham tatib ko’rmadi-ya. Bu qanaqasi bo’ldi?! — dedi oyisi. U ayvon qirrasiga egildi-da, qo’lini uzatib, yerda yotgan anorni oldi.

Kenkichining ko’zlarida yosh miltillaganini Kimiko sezgan vaqtda u anorni ikkiga bo’lmoqchi bo’lib noqulay harakat qilgan va uni yerga tushirib yuborgan edi. Anor yerga tushdi, lekin yorilmadi.

Oyisi anorni yuvib, ayvonga olib keldi.
— Ol, Kimiko, — mevani qiziga uzatdi u.
— U iflos-ku, axir, — ortga tislanib norozilik bildirdi qiz. So’ng birdan qip-qizarib ketdi-da, shosha-pisha qo’lini cho’zdi.

Anorning yorilgan joyini, chamasi, Kenkichi tishlab ulgurgan edi.
Oyisi yonida turarkan, anordan voz kechishni beadablik deb bildi. O’zini loqayd ko’rsatgan bo’lib mevani labiga tekkizdi. Og’zi nordon ta’mni tuydi. Shira ich-ichiga kirib borganday va uning quvonchli tuyg’ulariga armon ko’lkasi soya tashlaganday bo’ldi.

Oyisi Kimikoning holatini sezmadi va ayvonni xotirjam tark etdi.
Ko’zgu yonidan o’tayotib, o’ziga qarab qo’rqib ketdi.
— Voy, rang-ro’yim qursin! — xitob qildi u. — Sochimni taramay shu holda Kenkichini kuzatibman. Yaxshi bo’lmadi!

Ko’zgu oldida o’tirib sochiga taroq soldi.
— Otang olamdan o’tganda, — ohista so’zladi oyisi, — men uzoq vaqt sochimni tarashga qo’rqib yurdim… Taroq sochimga tegdi, deguncha beixtiyor o’yga cho’mar, o’tmishni eslab ketardim. Xuddi dadang yonimda-yu, soch tarashdan to’xtashimni kutib turganday tuyulardi. Qo’rqqanimdan qaltirab
ketardim.

Oyisida otasidan qolgan ovqatni yeb qo’yish odati bo’lgani Kimikoning esiga tushdi.
Uni birdan o’tmishni qaytarib bo’lmaydi, degan tuyg’u chulg’ab oldi, ayni chog’da shunday baxt-saodatni his etdiki, ko’zlaridan yosh qalqdi.

Biror narsa isrof bo’lishiga oyisi toqat qilolmas edi. Otasidan qolgan taomni yeb, tozalab qo’yish odati ham shundan. Kenkichi yeyishni ep ko’rmagan anorni yeb qo’yishini Kimikodan so’ragani boisi ham shu bo’lsa kerak.

Kutilmaganda tuygan pinhona shodmonligi uchun Kimiko oyisi oldida o’zini noqulay his etdi.
Lekin xayolidan hech narsani kechirmagan Kenkichi bilan xayrlashayotib qalbini to’ldirgan his-hayajondan behad baxtiyor edi va xayolan o’yladi: uning qaytishini bir umr kutishga qodirman.

Kimiko zimdan oyisi tomonga ko’z tashladi va oyna ortidagi to’siqqa quyosh nurlari tushib, yoritib turganini ko’rdi. Keyin tizzasidagi anorga nigoh tashladi va uni tishlashga endi botinolmasligi haqida o’yladi.

09

(Tashriflar: umumiy 150, bugungi 1)

Izoh qoldiring