Akademik Aziz Qayumov: Navoiy vafot etgan kunda ham bir g’azalni boshlab qo’ygan ekan.

09    Оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Уйимиз тўрида мўътабар яратиқ сифатида китоблар турарди. Турли тиллардаги газеталар келарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. Ғазал ўқиётганларида отамнинг юзидан меҳр уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз.

НАВОИЙ ВАФОТ ЭТГАН КУНДА ҲАМ БИР ҒАЗАЛНИ БОШЛАБ ҚЎЙГАН ЭКАН
Академик Азиз Қаюмов билан суҳбат
Суҳбатдош: Жавлон Жовлиев
034

–  «Болалик – инсон келажагининг ойнаси», дейишади. Айниқса, бу ижодкорлар, илм аҳлида ўзгача кечади. Болаликда кўрганлари, билганлари вақти келиб унинг ҳаётини ёритувчи ягона порлоқ юлдуз бўлиб хизмат қилиши мумкин. Болаликда олган илк таълим, илк ўгит, илк синовларни қандай хотирлайсиз?

– Келинг, мактабдан бошлай. Бизга биринчи синфда ўқишни ўргатган, қўлимизга илк марта қалам тутган устозимиз Ҳамзахон Аббосов деган домла эди. Улар Қўқондаги машҳур илмли домлалардан бўлиб, ўта зукко, маърифатли одам эди. У киши бизга китобга меҳр қўйишни ва доимо ўзаро самимий бўлишни уқтирардилар. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Эсдан чиқаришга ҳаққим йўқдек, гўё.

1932 йил… Қўқондаги 3-мактаб, биринчи синф ўқувчисиман. Бир куни мактабимизга бир гуруҳ амалиётчилар келишди. Бўлажак ўқитувчилар. Улар бизнинг саводхонлигимизни кўрмоқчи бўлишди. Шунда устозим доскага бир нималарни ёздида, ҳаммага қараб шундай деди: «Буни энг ақлли ўқувчим, Азизбек ўқиб беради». Аммо мен ўша пайтда ўқишни яхши билмасдим. Устозимнинг эса, мени «ақлли» деб ўйлашига сабаб менинг хотирам эди. Яъни, устозим бир жумлани овоз чиқариб айтар, мен уни тезда ёдлаб олардим. Хотирамдан сира ўчмасди. Кейин уни шартта айтиб ташлардим. Ўша пайт устознинг нима ёзганини кимгадир чалғиб эшитолмай қолдим ва амалиётчилар олдида кичкинагина жумлани ўқиб бера олмадим. Мен-ку ёш боламан, лекин ўқитувчим қаттиқ мулзам бўлди. Амалиётчилар ҳам ҳайрон, энг яхшиси шу бўлса, қолганлари… Ишонасизми, ўша пайтда қалбимни эгаллаган ҳижолат ҳали ҳам мени қийнайди.

– Илк марта бадиий ижоддан ҳайрат туйғусини қачон ҳис қилгансиз? Қандай адабиётлар бунга сабаб бўлган?

– Жуда ёш эдим. Адашмасам, биринчи ё иккинчи синфда ўқирдим. Адабиёт хрестоматиясида Уйғуннинг «Тонг» деган шеърини ёдлаб олганман. У ҳали ҳам хотирамда сақланади.

Тонг қизи кулимсираб, юзини очди,
Кўк юзидан юлдузлар уялиб қочди…

«Адабиёт хрестоматияси»даги турли шеърларни, ҳикояларни, романлардан парчаларни ўқиб тўймасдим.

Бир куни қўлимга Пушкиннинг «Дубровский» асари тушиб қолди. Ким бу асарни ўзбек тилига ўгирганлигини билмайман. Бу асарга мафтун бўлиб қолдим ва шу мафтунлик ҳозир ҳам мендан айро тушгани йўқ.

Ўша пайтда ўқиб чиққан китобларим рўйхати менда ҳали ҳам сақланиб турибди. Онам менга ўқиб чиққан китобларингни бир дафтарга ёзиб қўйгин, болам дер эдилар. Мен ёзиб қўйган эканман. Онанинг ёш болага эътиборини қаранг…

– Демак, ёш авлоднинг шаклланишида оила ва китобнинг ўрни жуда катта экан-да?!

– Албатта! Оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Отам маърифатли, илмли одам эдилар. Уйимиз тўрида мўътабар яратиқ сифатида китоблар турарди. Турли тиллардаги газеталар келарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. Ғазал ўқиётганларида отамнинг юзидан меҳр уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз.

– Нега айнан мумтоз адабиётга меҳр қўйдингиз ва бутун умрингизни ушбу йўналишдаги тадқиқот ишларига бағишладингиз?

– Мумтоз адабиётга бўлган оилавий муҳаббатимиз бунга сабаб бўлган деб айта оламан. Отам мени Навоийга шайдо қилган. Онам мумтоз ғазалларни эшитганда кўзига ёш оларди. Буни биз кўрардик.

Акам Ҳафизхон Қаюмов мендан икки ёш катта эди. Кейинчалик уришга кетган ва 1944 йилда бедарак йўқолди деган хат келган. Хуллас, бир куни уйда отам акам иккимизни ёнига чақириб, ёқимли оҳанг билан Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд» мусаддасини ўқий кетдилар. Кейин унинг мазмунини тушунтириб бердилар. Яъники, бир кишининг рафиқаси оламдан ўтган экан, унинг қайғусида чўлу биёбонларда юрганида бир овчи кийикни ушлаб, уни отига босиб олиб келаётган экан. Фиғон чекаётган одам кийикнинг кўзларини ўзининг дилдори кўзларига ўхшатиб, сайёдга:«Сайдинг қўявер, сайёд, сайёра экан мендек, Ол домини бўйнидан, бечора экан мендек», – деган экан. Отам шунчалик таъсирчан қилиб шеърни ўқир эдиларки, бизнинг кўзимиздан ёшлар дув-дув тўкила бошлади. Қанча вақт ўтганини билмай қолибмиз. Кун кеч бўлибди. Хона чироғини ёқиш ҳам хаёлимизга келмабди. Чунки кўнглимиз маънавият чироғи билан равшан эди. Шунда онам кириб қолдилар. Қараса, бизлар йиғлаб ўтирибмиз. Хавотирланиб астагина отамдан сабабини сўрадилар. Отам шеърни ўқиб берганлигини, бизлар таъсирланиб йиғлаётганлигимизни айтдилар. Онам шунда бизнинг бошларимиздан силаб, юзларимизга иссиқ юзини қўйиб бағриларига босган эди.

Ўша пайтларда радиода бериладиган шашмақом концертларини отам қолдирмай эшитардилар ва бизларни ҳам мажбурлаб олдиларига олиб ўтирардилар. Аста-секин бу санъатнинг моҳиятини тушуна бошладик ва ҳозиргача ушбу куйларнинг мухлисиман. Мумтоз адабиётсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Чунки бу менинг қон-қонимга сингиб кетган.

– Ўша пайтларда илм қилиш билан биргаликда сизни раҳбарлик лавозимига тайинлашади. Кўпчилик олимлар раҳбар бўлгач, илмий ишлари бир четда қолиб кетади. Сизда-чи, аксинча бўлди. Илмда ҳам юксалиб бордингиз. Бунинг сири нимада деб биласиз?

– Ўша пайтларда ҳали ўзбек адабиёти тарихи ёзилмаган эди. Бундан ташқари, Олий таълим муассасалари учун адабиёт дарслиги умуман йўқ эди. Олий ўқув юртлари учун ўзбек тили грамматикаси йўқ. Мен ўз жойимда шундай бир пайтда бўлишни истардим. Ҳар ким ўзининг ўрнида ишлаши керак деган фикрда эдим. «Менинг ўрним Тил ва адабиёт институтида, отам тил ва адабиёт фанидан ўқитувчи, менинг укам адабиётчи-ку» – дея, мени катта лавозимга таклиф қилганларга тушунтирдим. Аммо бўлмади. Катта лавозимда 18 йил ишладим. Лекин бирон сония илмдан узилмадим, тинимсиз ўқидим, изландим. Дам олишга борганда илм қилишга борардим. Чекка-чекка юртларга одамлар саёҳат қилгани борса, мен илм қилишга ҳоли жой қидириб борардим. Олим аҳлини мен яхши биламан. Минглаб катта лавозимларда ишламанг, минглаб медалларни олманг илмлилардан бир-иккитаси сизни сариқ чақага олмаса, демак, сиз ҳеч кимсиз. Ўша бир иккита ҳақиқий олимларнинг фикри сизнинг унвонларингиздан юқори туради. Шуни айтмоқчиманки, бир кун ҳам илмдан узоқлашганим йўқ. Қандай ишлар топширишмади. Чидадим. Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асари тадқиқотини Кореянинг Пхеньян шаҳрида ёзганман. Бизнинг ишимизда лаборатория керак эмас, махсус суюқликлар керак эмас. Фақат ишлаш керак, ишлаш. Ҳар куни. Мен бир кунда камида беш варақ ёзишни одат қилганман. Ҳозир ҳам. Ахир, ўн жилдлик асарлар тўпламим бекордан-бекорга пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу ҳар кунги ижод, ҳар кунги пешона тери маҳсули.

– Биз Навоийдан фахрланамиз, улуғ бобомиз деб Навоийни суямиз. Аммо Ҳазрат Навоийга қанчалик яқинмиз – бу катта савол?! Навоий даҳосига қанча яқинлашган сайин, унинг бебаҳо ижодидан шунчалик узоқда эканлигимизни англаб қоламиз. Масалан, мен сизнинг “Садди Искандарий” асарингизни ўқиганимдан сўнг, “Ҳамса” ни қайтадан ўқиб чиққанман ва энди ундан олган ҳайратим чексиз эди. Бугунги кунда навоийшунослар Навоийни халққа яқинлаштириш учун нималарга эътибор қаратиши керак деб ўйлайсиз?

– Навоий ижодини бугун халқимиз тушунмаслигига биз, навоийшунослар айбдор. Мен айбдор, ҳамкасбларим айбдор. Кўпинча биз бир-биримиз учун ишлаймиз. Кимгадир, қайсидир олимга янгилик топиш учунгина ишлаймиз. Ўша тадқиқотимиз халқимизга қизиқми, йўқми деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Натижада, халқимиз Навоийдан узоқлашиб бормоқда. Унинг ижодини тушунмаслик келиб чиқмоқда.

Навоий ижодини халққа етказишнинг турли йўллари бор. Навоийнинг содда, тушунарли ижод намуналарини халқимиз орасида кенг ёйиш керак. Аста-секин ўқувчиларнинг ҳайрати ошиб кетаверади. Бирин-кетин Навоийнинг бошқа ижод намуналарини ҳам ўқиб чиқаверади.

Бугунги кунда Навоий ғазаллари телевидение сухандонлари томонидан жуда яхши ўқилаётганлиги бор гап. Симфония ҳам жўрлик қилган ҳолатларни ҳам кўряпмиз. Лекин бу юртдошларимизга қанчалик етиб бормоқда? Навоий ижодининг асоси – сўз, сўздаги моҳият. Моҳиятни халқимизга чақиб беришимиз керак, уни шунчаки чиройли ўқиб қўйиш эмас. Авваллари телевидениеда Навоий асарларининг насрий баёни бериларди. Буни кимлардир илмий иш эмас дейди. Илмий ишми ёки йўқми халққа манзур бўлаяпти-ку, халқимизни қандайдир чет эл ёзувчиси билан эмас, ҳазрат Навоий билан боғлаяпти-ку?! Олимларимиз шу нуқтаи назар билан қараса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳар қандай докторлик иши халқимизга бирор наф бермаса унинг зарурати бормикан? Қилаётган илмимизнинг халққа қанчалик фойдаси бор? Бундан кимга фойда? Бир ўйлаб кўрайлик.

Яна бир нарса, бугунги оммабоп – «сариқ матбуот» нашрларида Навоий ижодидан бир шингил бериб бориш керак. Ахир, улар ҳам маънавият учун хизмат қилишлари керак-ку. Моддиятга унчалик интилиб кетмайлик. Уйимизда битта машина, битта кутубхона бўлсин. Уйда китоб бўлсин, азизлар. Улар ўқилсин. Беруний ёзади: Денгизда бир кема адашиб узоқ оролга бориб қолибди. Оролда яшовчи бир оила кемалардаги одамларни меҳмон қилибди, ноз-неъматлар қўйибди. Уларнинг заҳирасини тўлғозишга кўмаклашибди. Шунда кемадагилар кетар чоғида оила бошлиғига мурувват қилайин деб, олтин танга берибди. Олтин тангани қўлига ушлаган мезбон уни тишлаб кўрибди, ҳидлаб кўриб қайтариб берибди ва кема капитанига шундай дебди: «Сенга амалий фойдаси тегмайдиган нарсани, сенга фойдаси теккан нарсалар эвазига беришинг яхши эмас». Қиссадан ҳисса шуки, бойликка муносабат шундай бўлиши керак, дейди Беруний. Инсон учун, энг муҳими, маънавиятли бўлишдир. Маънавиятни эса, Низомийдан, Жомийдан, ва, албатта, Навоий каби улуғлардан ўрганишимиз керак. Навоий айтганидек; «Умидимдан мани хурсанд этгил, Умидим шу, умидингға етғил».

– Сиз ХХ асрда ижод қилган ва ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шуҳрат каби фидойи ижодкорларни нафақат кўрган, балки улар билан бирга турли жойларда фаолият олиб боргансиз. Шу билан биргаликда, бугунги кунда адабиётда ўз ўрнига эга бўлган кўплаб ёзувчи ва шоирларга йўл кўрсатган, уларнинг ижодини тўғри баҳолаган устозсиз. Истеъдодни адабиётчилар, танқидчилар қандай ҳимоялаши ва қандай ўсишига хизмат қилиши керак?

– Бу жуда осон. Уларни ишлашга ундаш керак. Қўпол қилиб айтганда, ишлатиш керак. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бир учрашув бўлди. Аниқроғи, мен билан учрашув. Аудитория тўла. Атрофда қатор унвонли ижодкорлар. Ёш истеъдодлар ўтирибди. Мен уларга қараб шундай дедим: «Беш юз йилдан бери ўзбек тилида битта Хамса ёзилган. Ўша пайтда Навоий қирқ ёшларда эди. Нега сизлар ёзмаяпсизлар? Ахир, форсий забон адабиётида 100 дан ортиқ «Хамса» бор. Нега бизда ёзилмаяпти?». ХХ асрда Барот Бойқобил ёзди. «Янги Хамса» беш китобдан иборат. Яхши-да бу. Ишлади-да. Меҳнат қилди. Ҳаракат бор, уриниш бор. Лекин ҳозир биров тилга олмаяпти. Саралаш учун гуллар кўп бўлиши керак. Шунда гулчамбар бўлади. ХХI аср  «Хамсаси»ни ёзиш вақти келди. Ижодкорларни ғайрат қилишга чақириш керак. Ҳар куни ўз устида ишлаш керак. Яна Навоийга қайтадиган бўлсак, Навоий вафот этган кунда ҳам бир ғазални бошлаб қўйган экан. Қаранг, нақадар буюк. Бу гапларни айтиб, ҳис қилиб кўзингизга ёш келади.

– Дунёнинг кўпгина мутафаккир олимлари, ёзувчилари, шоирлари кутубхона олдида қарздорлик ҳиссини туйишларини айтиб ўтганлар. Чунки кутубхоналар уларга улкан хазинани очиб берган. Уларнинг муваффақиятларига ҳисса қўшган. Сизнинг ҳаётингизда кутубхоналар қандай ўринга эга? Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси?

– Олий ўқув юртида Саъдийнинг «Гулистон» асари ўқитила бошланди. Лекин бизда Саъдий ким, унинг бу асаридан ташқари, қандай асарлари бор? Ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Унинг пурмаъно сўзлари ҳайратимни, ижодига қизиқишимни оширганди. Институт кутубхонасида у ҳақда маълумотлар йўқ. Ўшанда биринчи бор Миллий кутубхонага боргандим. У ердаги нодир нашрлар орасидан Саъдий китобларини топиб ўқидим, рус тилидаги турли нашрлар билан танишдим ва ўқиганларим бўйича талабалар илмий конференцияси учун маъруза тайёрладим. Маърузам ҳаммага маъқул келди. Чунки у ердаги мен қатори кўпчилик талаблар Саъдий ижоди билан таниш эмасдилар.

1946 йили кутубхонага илк марта борганман ва ўтган етмиш йилим шу кутубхона билан боғланди. Ўша пайтларда кутубхона жуда тирбанд эди. Эшикда одамлар ким чиқиб кетса ўрнига кирамиз деб пойлаб ўтиришарди. Биз ҳам шулар сафида эдик.

Авваллари ёшлар ҳақиқий илм оладиган, қунт билан ўқийдиган, ҳамма қулайликка эга кутубхона бўлишини ният қилардим. Кутубхонада, ҳатто, машҳур фильмлар кўриладиган зал бўлишни орзу қилардик, ҳам дам олишса, ҳам ўқишса. Мана бугун Тошкентда шундай кутубхона мавжуд. Биз бундан жуда бахтиёрмиз. Лекин бунинг сонини кўпайтириш керак. Ҳар бир вилоятда шундай кутубхоналар қад ростласа, қандай яхши бўларди! Ёшлар у ерда ҳам дам олсин, ҳам илм олсин. Бир кирганча у ердан кечқурун чиқиб кетсин. Бу бизнинг орзумиз эди. Бугунги ёшлар бахтиёр ёшлар.

– Шу ёшларга тилакларингиз?

– Болалик вақтимда отам ҳар хил тасвирлар туширилган мактублар олиб келарди. Уларнинг бирида узун, оппоқ соқолли одам турли гуллар орасидаги дарахтга суянганча, китоб ўқиб ўтирарди. Жуда гўзал эди бу манзара. Кейинчалик бу чол Лев Николаев Толстой эканлигини билганман. Одамларимиз қалбида китобга бўлган муҳаббатни тарбиялаш керак. Журналлар, газеталар, телевидениялар бу соҳада ташаббускор бўлишини истардим.

Минг бор шукур. Мамлакатимиз – тинч, тотув. Ҳамма нарса мана шу тинчликнинг фазилатидан. Доим юртимиз тинч бўлсин. Шу ўринда Саъдийнинг бир жумласини келтирмоқчиман: «Ўзганинг дардидан эрсанг беғам, лойиқ эрмас сени демак одам». Бу гапни Навоий ҳам айтган: «Одамий эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидан ғами». Инсонпарварлик сизни тарк этмасин. Шунда барча омад ва бахт сиз билан бирга бўлади.

07

NAVOIY VAFOT ETGAN KUNDA HAM BIR G’AZALNI BOSHLAB QO’YGAN EKAN
Akademik Aziz Qayumov bilan suhbat
Suhbatdosh: Javlon Jovliev
034

– «Bolalik – inson kelajagining oynasi», deyishadi. Ayniqsa, bu ijodkorlar, ilm ahlida o’zgacha kechadi. Bolalikda ko’rganlari, bilganlari vaqti kelib uning hayotini yorituvchi yagona porloq yulduz bo’lib xizmat qilishi mumkin. Bolalikda olgan ilk ta’lim, ilk o’git, ilk sinovlarni qanday xotirlaysiz?

– Keling, maktabdan boshlay. Bizga birinchi sinfda o’qishni o’rgatgan, qo’limizga ilk marta qalam tutgan ustozimiz Hamzaxon Abbosov degan domla edi. Ular Qo’qondagi mashhur ilmli domlalardan bo’lib, o’ta zukko, ma’rifatli odam edi. U kishi bizga kitobga mehr qo’yishni va doimo o’zaro samimiy bo’lishni uqtirardilar. Bir voqea hech esimdan chiqmaydi. Esdan chiqarishga haqqim yo’qdek, go’yo.

1932 yil… Qo’qondagi 3-maktab, birinchi sinf o’quvchisiman. Bir kuni maktabimizga bir guruh amaliyotchilar kelishdi. Bo’lajak o’qituvchilar. Ular bizning savodxonligimizni ko’rmoqchi bo’lishdi. Shunda ustozim doskaga bir nimalarni yozdida, hammaga qarab shunday dedi: «Buni eng aqlli o’quvchim, Azizbek o’qib beradi». Ammo men o’sha paytda o’qishni yaxshi bilmasdim. Ustozimning esa, meni «aqlli» deb o’ylashiga sabab mening xotiram edi. Ya’ni, ustozim bir jumlani ovoz chiqarib aytar, men uni tezda yodlab olardim. Xotiramdan sira o’chmasdi. Keyin uni shartta aytib tashlardim. O’sha payt ustozning nima yozganini kimgadir chalg’ib eshitolmay qoldim va amaliyotchilar oldida kichkinagina jumlani o’qib bera olmadim. Men-ku yosh bolaman, lekin o’qituvchim qattiq mulzam bo’ldi. Amaliyotchilar ham hayron, eng yaxshisi shu bo’lsa, qolganlari… Ishonasizmi, o’sha paytda qalbimni egallagan hijolat hali ham meni qiynaydi.

– Ilk marta badiiy ijoddan hayrat tuyg’usini qachon his qilgansiz? Qanday adabiyotlar bunga sabab bo’lgan?

– Juda yosh edim. Adashmasam, birinchi yo ikkinchi sinfda o’qirdim. Adabiyot xrestomatiyasida Uyg’unning «Tong» degan she’rini yodlab olganman. U hali ham xotiramda saqlanadi.

Tong qizi kulimsirab, yuzini ochdi,
Ko’k yuzidan yulduzlar uyalib qochdi…

«Adabiyot xrestomatiyasi»dagi turli she’rlarni, hikoyalarni, romanlardan parchalarni o’qib to’ymasdim.

Bir kuni qo’limga Pushkinning «Dubrovskiy» asari tushib qoldi. Kim bu asarni o’zbek tiliga o’girganligini bilmayman. Bu asarga maftun bo’lib qoldim va shu maftunlik hozir ham mendan ayro tushgani yo’q.

O’sha paytda o’qib chiqqan kitoblarim ro’yxati menda hali ham saqlanib turibdi. Onam menga o’qib chiqqan kitoblaringni bir daftarga yozib qo’ygin, bolam der edilar. Men yozib qo’ygan ekanman. Onaning yosh bolaga e’tiborini qarang…

– Demak, yosh avlodning shakllanishida oila va kitobning o’rni juda katta ekan-da?!

– Albatta! Oilaviy muhit va kitob bolaning kelgusidagi istiqbolini belgilab beruvchi katta kuchdir. Otam ma’rifatli, ilmli odam edilar. Uyimiz to’rida mo»tabar yaratiq sifatida kitoblar turardi. Turli tillardagi gazetalar kelardi. Men ularni o’qishga ishtiyoqmand edim. Bundan tashqari, otam uyda qiroat bilan g’azal o’qirdilar. G’azal o’qiyotganlarida otamning yuzidan mehr ufurib turardi. Insonga kitobning ta’sirini
bolalar o’z otasida, onasida ko’rmasa, qaerda ko’radi? Kitobga muhabbatni otamizdan va onamizdan o’rganganmiz.

– Nega aynan mumtoz adabiyotga mehr qo’ydingiz va butun umringizni ushbu yo’nalishdagi tadqiqot ishlariga bag’ishladingiz?

– Mumtoz adabiyotga bo’lgan oilaviy muhabbatimiz bunga sabab bo’lgan deb ayta olaman. Otam meni Navoiyga shaydo qilgan. Onam mumtoz g’azallarni eshitganda ko’ziga yosh olardi. Buni biz ko’rardik.

Akam Hafizxon Qayumov mendan ikki yosh katta edi. Keyinchalik urishga ketgan va 1944 yilda bedarak yo’qoldi degan xat kelgan. Xullas, bir kuni uyda otam akam ikkimizni yoniga chaqirib, yoqimli ohang bilan Furqatning «Sayding qo’ya ber, sayyod» musaddasini o’qiy ketdilar. Keyin uning mazmunini tushuntirib berdilar. Ya’niki, bir kishining rafiqasi olamdan o’tgan ekan, uning qayg’usida cho’lu biyobonlarda yurganida bir ovchi kiyikni ushlab, uni otiga bosib olib kelayotgan ekan. Fig’on chekayotgan odam kiyikning ko’zlarini o’zining dildori ko’zlariga o’xshatib, sayyodga:«Sayding qo’yaver, sayyod, sayyora ekan mendek, Ol domini bo’ynidan, bechora ekan mendek», – degan ekan. Otam shunchalik ta’sirchan qilib she’rni o’qir edilarki, bizning ko’zimizdan yoshlar duv-duv to’kila boshladi. Qancha vaqt o’tganini bilmay qolibmiz. Kun kech bo’libdi. Xona chirog’ini yoqish ham xayolimizga kelmabdi. Chunki ko’nglimiz ma’naviyat chirog’i bilan ravshan edi. Shunda onam kirib qoldilar. Qarasa, bizlar yig’lab o’tiribmiz. Xavotirlanib astagina otamdan sababini so’radilar. Otam she’rni o’qib berganligini, bizlar ta’sirlanib yig’layotganligimizni aytdilar. Onam shunda bizning boshlarimizdan silab, yuzlarimizga issiq yuzini qo’yib bag’rilariga bosgan edi.

O’sha paytlarda radioda beriladigan shashmaqom kontsertlarini otam qoldirmay eshitardilar va bizlarni ham majburlab oldilariga olib o’tirardilar. Asta-sekin bu san’atning mohiyatini tushuna boshladik va hozirgacha ushbu kuylarning muxlisiman. Mumtoz adabiyotsiz hayotimni tasavvur qila olmayman. Chunki bu mening qon-qonimga singib ketgan.

– O’sha paytlarda ilm qilish bilan birgalikda sizni rahbarlik lavozimiga tayinlashadi. Ko’pchilik olimlar rahbar bo’lgach, ilmiy ishlari bir chetda qolib ketadi. Sizda-chi, aksincha bo’ldi. Ilmda ham yuksalib bordingiz. Buning siri nimada deb bilasiz?

– O’sha paytlarda hali o’zbek adabiyoti tarixi yozilmagan edi. Bundan tashqari, Oliy ta’lim muassasalari uchun adabiyot darsligi umuman yo’q edi. Oliy o’quv yurtlari uchun o’zbek tili grammatikasi yo’q. Men o’z joyimda shunday bir paytda bo’lishni istardim. Har kim o’zining o’rnida ishlashi kerak degan fikrda edim. «Mening o’rnim Til va adabiyot institutida, otam til va adabiyot fanidan o’qituvchi, mening ukam adabiyotchi-ku» – deya, meni katta lavozimga taklif qilganlarga tushuntirdim. Ammo bo’lmadi. Katta lavozimda 18 yil ishladim. Lekin biron soniya ilmdan uzilmadim, tinimsiz o’qidim, izlandim. Dam olishga borganda ilm qilishga borardim. Chekka-chekka yurtlarga odamlar sayohat qilgani borsa, men ilm qilishga holi joy qidirib borardim. Olim ahlini men yaxshi bilaman. Minglab katta lavozimlarda ishlamang, minglab medallarni olmang ilmlilardan bir-ikkitasi sizni sariq chaqaga olmasa, demak, siz hech  kimsiz. O’sha bir ikkita haqiqiy olimlarning fikri sizning unvonlaringizdan yuqori turadi. Shuni aytmoqchimanki, bir kun ham ilmdan uzoqlashganim yo’q. Qanday ishlar topshirishmadi. Chidadim. Navoiyning «Lison ut-tayr» asari tadqiqotini Koreyaning Pxen`yan shahrida yozganman. Bizning ishimizda laboratoriya kerak emas, maxsus suyuqliklar kerak emas. Faqat ishlash kerak, ishlash. Har kuni. Men bir kunda kamida besh varaq yozishni odat qilganman. Hozir ham. Axir, o’n jildlik asarlar to’plamim bekordan-bekorga paydo bo’lib qolgani yo’q. Bu har kungi ijod, har kungi peshona teri mahsuli.

– Biz Navoiydan faxrlanamiz, ulug’ bobomiz deb Navoiyni suyamiz. Ammo Hazrat Navoiyga qanchalik yaqinmiz – bu katta savol?! Navoiy dahosiga qancha yaqinlashgan sayin, uning bebaho ijodidan shunchalik uzoqda ekanligimizni anglab qolamiz. Masalan, men sizning “Saddi Iskandariy” asaringizni o’qiganimdan so’ng, “Hamsa” ni qaytadan o’qib chiqqanman va endi undan olgan hayratim cheksiz edi. Bugungi kunda navoiyshunoslar Navoiyni xalqqa yaqinlashtirish uchun nimalarga e’tibor qaratishi kerak deb o’ylaysiz?

– Navoiy ijodini bugun xalqimiz tushunmasligiga biz, navoiyshunoslar aybdor. Men aybdor, hamkasblarim aybdor. Ko’pincha biz bir-birimiz uchun ishlaymiz. Kimgadir, qaysidir olimga yangilik topish uchungina ishlaymiz. O’sha tadqiqotimiz xalqimizga qiziqmi, yo’qmi deb o’ylab ham ko’rmaymiz. Natijada, xalqimiz Navoiydan uzoqlashib bormoqda. Uning ijodini tushunmaslik kelib chiqmoqda.

Navoiy ijodini xalqqa yetkazishning turli yo’llari bor. Navoiyning sodda, tushunarli ijod namunalarini xalqimiz orasida keng yoyish kerak. Asta-sekin o’quvchilarning hayrati oshib ketaveradi. Birin-ketin Navoiyning boshqa ijod namunalarini ham o’qib chiqaveradi.

Bugungi kunda Navoiy g’azallari televidenie suxandonlari tomonidan juda yaxshi o’qilayotganligi bor gap. Simfoniya ham jo’rlik qilgan holatlarni ham ko’ryapmiz. Lekin bu yurtdoshlarimizga qanchalik yetib bormoqda? Navoiy ijodining asosi – so’z, so’zdagi mohiyat. Mohiyatni xalqimizga chaqib berishimiz kerak, uni shunchaki chiroyli o’qib qo’yish emas. Avvallari televidenieda Navoiy asarlarining nasriy bayoni berilardi. Buni kimlardir ilmiy ish emas deydi. Ilmiy ishmi yoki yo’qmi xalqqa manzur bo’layapti-ku, xalqimizni qandaydir chet el yozuvchisi bilan emas, hazrat Navoiy bilan bog’layapti-ku?! Olimlarimiz shu nuqtai nazar bilan qarasa maqsadga muvofiq bo’lardi. Har qanday doktorlik ishi xalqimizga biror naf bermasa uning zarurati bormikan? Qilayotgan ilmimizning xalqqa qanchalik foydasi bor? Bundan kimga foyda? Bir o’ylab ko’raylik.

Yana bir narsa, bugungi ommabop – «sariq matbuot» nashrlarida Navoiy ijodidan bir shingil berib borish kerak. Axir, ular ham ma’naviyat uchun xizmat qilishlari kerak-ku. Moddiyatga unchalik intilib ketmaylik. Uyimizda bitta mashina, bitta kutubxona bo’lsin. Uyda kitob bo’lsin, azizlar. Ular o’qilsin. Beruniy yozadi: Dengizda bir kema adashib uzoq orolga borib qolibdi. Orolda yashovchi bir oila kemalardagi odamlarni mehmon qilibdi, noz-ne’matlar qo’yibdi. Ularning zahirasini to’lg’ozishga ko’maklashibdi. Shunda kemadagilar ketar chog’ida oila boshlig’iga muruvvat qilayin deb, oltin tanga beribdi. Oltin tangani qo’liga ushlagan mezbon uni tishlab ko’ribdi, hidlab ko’rib qaytarib beribdi va kema kapitaniga shunday debdi: «Senga amaliy foydasi tegmaydigan narsani, senga foydasi tekkan narsalar evaziga berishing yaxshi emas». Qissadan hissa shuki, boylikka munosabat shunday bo’lishi kerak, deydi Beruniy. Inson uchun, eng muhimi, ma’naviyatli bo’lishdir. Ma’naviyatni esa, Nizomiydan, Jomiydan, va, albatta, Navoiy kabi ulug’lardan o’rganishimiz kerak. Navoiy aytganidek; «Umidimdan mani xursand etgil, Umidim shu, umidingg’a yetg’il».

– Siz XX asrda ijod qilgan va o’zbek adabiyotiga katta hissa qo’shgan Oybek, G’afur G’ulom, Abdulla Qahhor, Mirtemir, Shuhrat kabi fidoyi ijodkorlarni nafaqat ko’rgan, balki ular bilan birga turli joylarda faoliyat olib borgansiz. Shu bilan birgalikda, bugungi kunda adabiyotda o’z o’rniga ega bo’lgan ko’plab yozuvchi va shoirlarga yo’l ko’rsatgan, ularning ijodini to’g’ri baholagan ustozsiz. Iste’dodni adabiyotchilar, tanqidchilar qanday himoyalashi va qanday o’sishiga xizmat qilishi kerak?

– Bu juda oson. Ularni ishlashga undash kerak. Qo’pol qilib aytganda, ishlatish kerak. Yaqinda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida bir uchrashuv bo’ldi. Aniqrog’i, men bilan uchrashuv. Auditoriya to’la. Atrofda qator unvonli ijodkorlar. Yosh iste’dodlar o’tiribdi. Men ularga qarab shunday dedim: «Besh yuz yildan beri o’zbek tilida bitta Xamsa yozilgan. O’sha paytda Navoiy qirq yoshlarda edi. Nega sizlar yozmayapsizlar? Axir, forsiy zabon adabiyotida 100 dan ortiq «Xamsa» bor. Nega bizda yozilmayapti?». XX asrda Barot Boyqobil yozdi. «Yangi Xamsa» besh kitobdan iborat. Yaxshi-da bu. Ishladi-da. Mehnat qildi. Harakat bor, urinish bor. Lekin hozir birov tilga olmayapti. Saralash uchun gullar ko’p bo’lishi kerak. Shunda gulchambar bo’ladi. XXI asr «Xamsasi»ni yozish vaqti keldi. Ijodkorlarni g’ayrat qilishga chaqirish kerak. Har kuni o’z ustida ishlash kerak. Yana Navoiyga qaytadigan bo’lsak, Navoiy vafot etgan kunda ham bir g’azalni boshlab qo’ygan ekan. Qarang, naqadar buyuk. Bu gaplarni aytib, his qilib ko’zingizga yosh keladi.

– Dunyoning ko’pgina mutafakkir olimlari, yozuvchilari, shoirlari kutubxona oldida qarzdorlik hissini tuyishlarini aytib o’tganlar. Chunki kutubxonalar ularga ulkan xazinani ochib bergan. Ularning muvaffaqiyatlariga hissa qo’shgan. Sizning hayotingizda kutubxonalar qanday o’ringa ega? Xususan, O’zbekiston Milliy kutubxonasi?

– Oliy o’quv yurtida Sa’diyning «Guliston» asari o’qitila boshlandi. Lekin bizda Sa’diy kim, uning bu asaridan tashqari, qanday asarlari bor? Hech qanday ma’lumot yo’q edi. Uning purma’no so’zlari hayratimni, ijodiga qiziqishimni oshirgandi. Institut kutubxonasida u haqda ma’lumotlar yo’q. O’shanda birinchi bor Milliy kutubxonaga borgandim. U yerdagi nodir nashrlar orasidan Sa’diy kitoblarini topib o’qidim, rus tilidagi turli nashrlar bilan tanishdim va o’qiganlarim bo’yicha talabalar ilmiy konferentsiyasi uchun ma’ruza tayyorladim. Ma’ruzam hammaga ma’qul keldi. Chunki u yerdagi men qatori ko’pchilik talablar Sa’diy ijodi bilan tanish emasdilar.

1946 yili kutubxonaga ilk marta borganman va o’tgan yetmish yilim shu kutubxona bilan bog’landi. O’sha paytlarda kutubxona juda tirband edi. Eshikda odamlar kim chiqib ketsa o’rniga kiramiz deb poylab o’tirishardi. Biz ham shular safida edik.

Avvallari yoshlar haqiqiy ilm oladigan, qunt bilan o’qiydigan, hamma qulaylikka ega kutubxona bo’lishini niyat qilardim. Kutubxonada, hatto, mashhur fil`mlar ko’riladigan zal bo’lishni orzu qilardik, ham dam olishsa, ham o’qishsa. Mana bugun Toshkentda shunday kutubxona mavjud. Biz bundan juda baxtiyormiz. Lekin buning sonini ko’paytirish kerak. Har bir viloyatda shunday kutubxonalar qad rostlasa, qanday yaxshi bo’lardi! Yoshlar u yerda ham dam olsin, ham ilm olsin. Bir kirgancha u yerdan kechqurun chiqib ketsin. Bu bizning orzumiz edi. Bugungi yoshlar baxtiyor yoshlar.

– Shu yoshlarga tilaklaringiz?

– Bolalik vaqtimda otam har xil tasvirlar tushirilgan maktublar olib kelardi. Ularning birida uzun, oppoq soqolli odam turli gullar orasidagi daraxtga suyangancha, kitob o’qib o’tirardi. Juda go’zal edi bu manzara. Keyinchalik bu chol Lev Nikolaev Tolstoy ekanligini bilganman. Odamlarimiz qalbida kitobga bo’lgan muhabbatni tarbiyalash kerak. Jurnallar, gazetalar, televideniyalar bu sohada tashabbuskor bo’lishini istardim.

Ming bor shukur. Mamlakatimiz – tinch, totuv. Hamma narsa mana shu tinchlikning fazilatidan. Doim yurtimiz tinch bo’lsin. Shu o’rinda Sa’diyning bir jumlasini keltirmoqchiman: «O’zganing dardidan ersang beg’am, loyiq ermas seni demak odam». Bu gapni Navoiy ham aytgan: «Odamiy ersang demagil odami, onikim yo’q xalq g’amidan g’ami». Insonparvarlik sizni tark etmasin. Shunda barcha omad va baxt siz bilan birga bo’ladi.

07

(Tashriflar: umumiy 689, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring