Normurod Norqobilov.Enatosh

09    У базўр нафасини ростлаб, тепанинг кенг, унинг таъбирича, забардаст яғринига қадам қўяркан, одатига кўра, қаршисида юз очган манзара қошида бир зум тек қотди-да, сўнг яшил водий кунботишида, саноқли қўрғонлардан иборат жимитдек овул жойлашган дўнглик бетида кўкка бўй ростлаб турган Энатош — бошида лачак, сўл қўли кўксига ёпишган, ўнг кафти тиззасида, тепалик сари хаёлчан термулиб ўтирган аёл тимсоли — улкан қоятош бағрига ғайриихтиёрий тарзда ошиғич кўз ташлади.

Нормурод НОРҚОБИЛОВ
ЭНАТОШ
056

Нормурод Норқобилов 1953 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетини тугатган. Дастлабки ҳикояси — “Чорраҳа” (1982). ‘Зангори кўп», “Унутилган қўшиқ», “Юзма-юз“, “Пахмоқ’,’Бекатдаги оқ уйча”, “Жўшқин дарё’, “Овул оралаган бўри», «Бўрон қўпкан кун’ каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари, “Дашту далаларда» романи нашр этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

056

17Энасининг еттиси ўтказилган куннинг эртаси юмушга чиққан Тоғай оқшом олди овули томон ўша-ўша ғамнок бир кайфиятда қайтаркан, кунчиқишдаги адирлик қўйнига шўнғиган кўйи, ғуборли олис уфқ қаъриға сингиб, изсиз йўқолган кенг асфальт йўлнинг ўнг тарафидаги тоғолди кенглиги узра мисли бодроқдек сочилган пасту баланд тепаликлар орасида энг маҳобатлиси бўлмиш Чўнгтепа пойига етганида, ҳар сафаргидек, оёқ илиб, тепалик белига чирмашган ингичка сўқмоққа андак малолланиб боқди; аввалига тепалик ёнлаб бориб, сўнг наридаги дўнгликлар оралаб чуваланиб кетган энсиз тошйўлга ҳардамхаёл назар ташлаб қўйишни ҳам унутмади.

Бежизга эмас, негаки, катта йўл бўйлаб энлаб тушган Чўнгтепа ортидаги кичик водийда жойлашган мўъжазгина овулига ҳар иккиси ҳам олиб боради, фарқи — бири ҳаддан зиёд тик, юқорига ўрлагунингча тоза тинканг қурийди, бири эса айланишли, дўнгликлар оралаб хийла улоғиб юришингга тўғри келади.

Аслида тоши енгил, пойи-пиёда одамга ушбу тор сўқмоқдан сози йўқ, чунки Чўнгтепа деганлари бу томондан тик ва баланд эса-да, терс тарафи водий сатҳига туташ қиялик, қуйига ўйнаб-ўйнаб энасан. Бироқ қуйига ўйнаб-ўйнаб эниш учун эса аввало узуқ-юлуқ, ингичка, сирпанчиқ сўқмоқдан бир амаллаб тепанинг тошлоқ яғринига чиқиб олмоқ даркор. Шунинг учун, овул ёш-ялангларини демаса, катталар сўқмоққа яқин йўлашмайди, андак айланишли бўлса-да, шу ўзимизнинг кўҳна йўл дуруст, дейишади. Тоғайга келсак, Чўнгтепа елкасига оёқ қўйиши ҳамон кўзга ташланадиган оч жигарранг тусдаги баланд қоятош — Энатош бағрида ҳар шом йўлига кўз тикиб ўтирадиган энаси, Адолат кампир важидан сўқмоққа тирмашишни одат қилган.  Бу гал ҳам ушбу кўникма бўйича, боясароқ салгина севалаб ўтган кўклам ёмғиридан намланган сўқмоқдан, тийғана-тийғана, аста юқорилай бошлади.

Тоғолди заминига хос, Чўнгтепа асоси қоятош, юзасидаги бир энлик соз тупроқ эса ёғин-сочинга бардошсиз. Шунинг учун юқорига тирмашган одам йўл-йўлакай қоятошларга манглай урмай, сўқмоқ бўйидаги сертиканак аччиқ бодом буталарига “таланмай” сира иложи йўқ. Аммо болалигидан тик сўқмоқларга ўрлашнинг обдон ҳадисини олган Тоғай каби йигитларга бу хил ноқулайликлар чўт эмас, манглайи терчиб, эгни тердан намиқиб, зумда юқорига чиқиб олади.

У базўр нафасини ростлаб, тепанинг кенг, унинг таъбирича, забардаст яғринига қадам қўяркан, одатига кўра, қаршисида юз очган манзара қошида бир зум тек қотди-да, сўнг яшил водий кунботишида, саноқли қўрғонлардан иборат жимитдек овул жойлашган дўнглик бетида кўкка бўй ростлаб турган Энатош — бошида лачак, сўл қўли кўксига ёпишган, ўнг кафти тиззасида, тепалик сари хаёлчан термулиб ўтирган аёл тимсоли — улкан қоятош бағрига ғайриихтиёрий тарзда ошиғич кўз ташлади.

Во ажаб, Энатош бағри бўм-бўш эди.

—Ия, энам қани?!

Йигит кўксидан бехос кўчган бу нидо кечки шабада қанотига илашиб улгурмай, волидаси бир неча куннинг нарисида бандаликни бажо келтиргани ва энди ҳеч қачон Энатош тиззасида — унинг ушоқ ва жонли нусхаси бўлиб — ҳар кеч йўлини пойлаб ўтирмаслиги дафъатан эсига тушиб, бўғзига йиғи тиқилди, мижжалари ёшланиб, аламдан муштумини тишлади. Сўнг гўё бу жудоликни кўтармоққа ортиқ ҳоли қолмагандек, ёнидаги кулранг харсанг четига ғамгин чўкди. Энатош бағридек, кўнгли бўм-бўшлиги боис, шу ондаёқ ўта файзсиз тус олган қоятошга ортиқ қарамасликка тиришиб, эндигина қизара бошлаган уфққа, водийни тевараклаган дўнгликларга, виқорли тоғлар пойига бош қўйган қирларга, наридаги қорли чўққиларга, яшил водий пучмоқларига ҳамда тебранаётган майсалару турфа митти чечакларга бирма-бир разм солган — ўзини алаҳситган бўлди.

Бироқ ўзини ҳар қанча чалғитишга уринмасин, назарида, кимдир шу томонга зимдан тикилиб тургандек туюлаверди. Бу хил ғайритабиий туйғуни ҳали уйланмаган, шўхликдан тийилмаган, яъни тепалик бошидаги харсанглар ортига атай биқиниб, шусиз ҳам ўзини илҳақ кутиб ўтирган энасини андак хавотирга солишга уринган кезларида ҳамиша юрак-юракдан ҳис этарди. Адолат кампир аллақачон унинг қорасини илғаган ва бундан кўнгли таскин топган эса-да, токи ўғли қошига келмагунча, ўрнидан жилай демасди, ўтираверарди қоядай тош қотиб, сўнг саломига алик олиш ўрнига айтган гапи шу бўларди: “Сен тийиқсизни тезроқ уйлаб қўймасам, ҳеч қуйиладиганга ўхшамайсан!.

Охири бўлмади — ич-ичини тирнаётган соғинч ва қандайдир ундовга бўйсиниб, секин ўша тарафга бош бурди.

Энатош!

Худди энасидек ўзи томон хаёлчан термулиб турарди.

Бу қадар ўхшашликни кутмаган, аниқроғи, шу лаҳзагача буни илғашга ҳатто ҳаракат ҳам қилмаган йигитнинг юраги бир қалқиб тушди.

Ё алҳазар, нечун буни шу дамгача пайқамади экан?!

Чиндан-да нечун?

Нечунлиги шундаки, аксарият кишилар каби ўзи униб-ўсган муҳитга нисбатан анчайин лоқайд бўлган Тоғайнинг бор диққати шу дамгача қоятош қучоғида суюкли ўғлининг йўлига кўз тикиб ўтирадиган энасига қаратилгани, бундан-да ночори, овулдошлари сингари, бу кўҳна заминда ким ёхуд нимагадир ўхшаш тошдан ками борми, деган ўта ланж кўникмага эгалиги туфайли орадаги бу ўхшашликка ҳеч қачон жиддий аҳамият бермаган, янада аниқроғи, худди бошқа жой қуриб қолгандай, овул ўртасида қўнқайган қандайдир кампир нусха жўнгина бир тош эди унинг учун. Бу хил ғалати шакл-шамойилга эга тошлар водийда қаҳат эмас, санасанг — ўндан ошади. Ана, улардан яна бири — улкан Айиқтош. Турибди, Энатош бўй ростлаган бетнинг жанубий қисмида овул томонга тумшуғи ҳамда сўл панжасини дўстона чўзиб. Қисқаси, водий ҳудудида эътиборга арзигулик ғаройибатлар етарли даражада эса-да, бироқ уларни илғайдиган нигоҳ, англай оладиган идрок ғоятда тақчил эди. Овул аҳлига уларнинг ҳеч бир қизиғи ва заррача қадр-қиммати йўқ эди.

Овул аҳлидан фарқли ўлароқ, мазкур “тошҳайкал”ларга чет кишилар — айрим жўшқин феълли сайёҳларнинг эътибори ва муносабати бутунлай бўлакча эди. Қайсидир бир йили кичкина сарғиш чодирини кўтариб келган ана шундай сайёҳлардан бири Энатошни она тимсолига қиёслаб, суратини олган ва унга саккиз қатор шеър бағишлаб, газетага босиб чиқарганди. Ушбу воқеа сабаб қоятош Энатошга айланган эса-да, барибир овул кишиларининг айрича эъзозига сазовор бўлмаган, қайтамга, ўша “шоир” сайёҳ устидан анчагача кулиб юришган: “Бечора ғирт етим экан-да, а, тошни энамлаб қопти!”.

Ўша кулганлар орасида Тоғай ҳам йўқ эмасди, ҳиринглаш борасида овулдошларидан ўзган бўлса ўзгандирки, асло ортда қолмаган. Мана энди жудолик туфайли юзага келган соғинч ҳисси мудроқ шуурига тўйқусдан кескин таъсир этиб, ҳайрат тўла нигоҳини қоятошга михлаб қўйганди.

У елкасидан тоғдек босиб турган ғам балосини, зумга бўлса-да, паққос унутганча, қоятошнинг келбати ва қиёфасидан энасига ўхшаш жиҳатларни қидиришда давом эди: бошидаги лачак… манглайи… бўртиқ яноқлари… чўзинчоқроқ юзи… ўнг елкаси сўлига қараганда бироз кенгроқ демаса… ўнг тиззаси устидаги қўли… хиёл олдинга эгилган қомати — о-о, бари жуда-жуда ўхшаш… Оқибат, кенжа ўғил сифатида ҳамиша Адолат кампирнинг алоҳида меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган, чунончи, энасини акалари ва бошқа хешларига нисбатан бўлакча суйган бу эркатоброқ ўғилнинг нимочиқ лаблари орасидан бисотида бўлмаган, бўлган тақдирда ҳам, бугунга қадар бирор марта тилига олмаган ибора беихтиёр сирғалиб чиқди:

— Мўъжиза!

Бу сўзни ярим овозда такрор ирод этаркан, вужудида тийиқсиз бир ҳисни — энасининг ҳар кеч пўстак ташлаб ўтираверишидан ойнадек силлиқ тортган қизғиш тош юзасига, Энатошнинг сўл тиззасига бир дамгина бош қўйиш истагини туйди. Бироқ бу истакни қондирмоқ учун аввалига қуйига эниб, сўнг бетга ўрлаши лозим эди. Боз устига, хоҳласа-хоҳламаса, бу амални жигарлари кўз ўнгида адо этмоғи даркор эди. Агар шундай қилар бўлса, турган гап, бу қилиғидан бошда улар анқайишади, сўнг мияси суйилиб қопти бунинг, дея устидан кулишади.

— Қани, кулиб кўришсин-чи!

Тоғайнинг юраги тўйқусдан оловланиб, кишини англашдан кўра устидан кулишни хуш кўрадиган хешларига нисбатан адоватга ўхшаш оташли бир туйғуни ҳис этиб, аччиқ-тиззиқ гаплар билан барини боплаб қамчилашни кўнглига тугди: “Куйдирган калладай тиржайишни бас қилиб, аввал манову гапни эшитинглар! Бугун мен буни илкисдан билдим, баримиз кўр, Энатошни айнан энамга ўхшашини билмайдиган даражада басир эканмиз! Қаранглар! Ҳа-а, тузуклаб қаранглар, кимга ўхшайди бу?! Энамга ўхшайди! Энди гап шу, бундан сўғин ҳар куни Энатошни тавоф қиламиз! Бугун кеч, эртан пойига бир жонлиқ сўямиз, қон чиқарамиз! Нимага деганда, бу тош нафақат энамга ўхшайди, унга, ҳа, унга, энажонимнинг руҳ-рухсори сингган! Бугун менга бошқача қаради! Ҳа, худди энамдай қаради!”.

Бу гап-сўзлари жигарларига нечоғлик жиддий таъсир этишини ўзича тасаввур этиб, юзига тунд табассум инди. Кейин эса табиатнинг бу қадар моҳир, 6у қадар чеварлигини гўё энди теран идрок этаётгандек — аслида ҳам шундай — кўз ўнгида бутунлай ўзгача маъно ва мазмун касб этган теварак-атрофдаги бошқа шакл-шамойилдаги қоятошларга, жумладан, Айиқтошга айрича эътибор билан назар ташлади. Умрида илк бора феълидаги лоқайдлик сабабини қидириб, ўз таъбири билан айтганда, онгини чўкиб қолган лойқа-луйқа ва қўқимлардан тозалашга уринаркан, салдан сўнг ўзини оқламоққа топган баҳонаси шу бўлди: “Вақтида ёлчитиб ўқимаганмиз-да, агар ўз вақтида манову пишмаган хумкаллани тошларга уриб-уриб ўқиганимизда борми, бу қадар оми, 6у қадар фикри суст танбал бўлмасдик…

Қаранг-а, ахир бунинг бари шунчаки тош эмас, моҳир уста қўли билан ясалган тошҳайкалларга ўхшайди-ку…”. У боя ўзига жуда ёқиб тушган ўша янги иборани қайта тилга олди:
  — Мўъжиза!

Йигитнинг ёниқ нигоҳи энди овул бўйлаб кезина бошлади. Энатош пойига қадар чўзилган кенг йўлакнинг сўл томонида катта акаси — Абдуқаҳҳорнинг баланд тош иморати савлат тўккан, ўнгдаги ихчам қўрғон ўзиники. Кичик акаси Абдуназарнинг анчайин дидсизларча қурилган қўрғони дўнглик тепасида бўртиб турган бармоқ нусха тошбўртиқ — қоятош пойидан ўрин олган. Ундан хиёл қуйироқда қатор тушган тўрт қўрғон эса узоқ-яқин хешларига тегишли. Ўша қатор чеккасида Абдуқаҳҳор иккинчи ўғли — Рауфга атаб ташлаган янги иморат ўрни — чала-ярим пойдевор қорайиб турарди. Овулда фақат биргина Абдуқаҳҳорнинг қўрғони, бошқаларники каби белга етар-етмас тошқалама билан эмас, тепаси тунукаланган бўй баравар пишиқ-пухта тошдевор билан ўралган. Акасининг феъли шу — кимда нима кўрса, ўшандан улгу олишга уринади. Туман марказида кимнингдир данғиллама уйига ҳавас қилиб, ушбу иморатини бузиб, қайта солган. Бўлмалари ўнга яқин, бироқ келин туширган бўлишига қарамай, ҳалигача ярмидан кўпига биров бош суқмайди, қурилганидан бери чанг босиб ётибди. Бу йил эса Рауфнинг уйини янада баланд кўтармоқчи, агар имкон топса, бир эмас, қўшқаватли қилиб.

Нечун?
Бу каби саволлар уни ўйлатмайди.
Ҳозирча ягона орзуси шу — ўғлини 6у атрофда танҳо бўлмиш қўшқаватли уй соҳибига айлантириш. Уй — ўғилга, обрўй эса — отага.

Ахир, ўғил мулки — ота мулки, деган гап бор-ку. Бу ўладиган дунёда шу каби орзу-ҳаваслардан бўлак яна нима керак кишига! Айтадилар-ку, ё донғинг чиқсин, ё чангинг, деб! Отаси Ҳайдар чавандоз ушбу овулга тамал тошини қўйганидек, ўзидан ҳам бирор ёдгорлик, ҳечқурса бир-иккита қасрнома тошиморатлар қолсин-да! Бу ҳақда бировга чурқ этмаса-да, бироқ тутумидан шу нарса аён. Устига устак, ўлгудек ишчан, чорвасига бир эмас, тўрт чўпон ёллаган бўлишига қарамай, кети ер искамайди — йиллаб йиққанини йўқ ердаги орзу-ҳаваслар йўлида аямай совуришдан қайтмайди.

Бундан етти йилнинг нарисида дорилфанодан дорилбақога рихлат қилган Ҳайдар чавандоз асос солган 6у мўъжаз овул водийда танҳодек туюлса-да, аслида якка-ёлғиз эмас, тепасида тошбўртиқ бўйланиб турган дўнглик ортидаги қуйи ялангликда жойлашган Ўртаовулнинг узвий қисми — айро тушган бўлаги. Номи ҳам шунга яраша — “Айриовул”. Дарвоқе, уни асосий овулдан ажратиб турган тошбўртиқ — “Бошбармоқ”, водий эса — “Ялангкафт” деб аталади. Бу каби ғалати номланишлар бежизга эмас, эътибор билан қаралса, водий сатҳи чиндан-да бармоқлари яримдан кенгроқ ёзилган яланг кафтга, унинг шарқий-шимолий сарҳадида кўкка бўй чўзиб турган тўрт қоя — тўрт бармоққа, қибла томондаги тепа қисми чатнаган тошбўртиқ эса бошбармоққа ўхшайди. Ялангкафт замини тош, тошкафтни энлаган қалин тупроқ унумдор, водийнинг тоққа туташ қисмида тўрт булоқ жилдираб, яна иккиси овул биқинида қайнаб турибди, сув дегани мўл — хоҳлаганча деҳқончилик қилиш мумкин. Бироқ овул аҳли экин-тикиндан кўра чорвани хуш кўради. Бу кичик овулдан бир Тоғайгина четда — туман маркази биқинидаги корхонада ишлайди, қолганлар чорва этагидан маҳкам тутган, туёқ сонини кўпайтириш илинжида куйиб-пишиб юришади.

Тоғай оний лаҳзада жўн қоятошдан муқаддас тошга айланган Энатошга ўзгача эҳтиром ила қарай-қарай, қуйига энаркан, овул қўним топган бетга етганда туғишганларининг мотамсаро кўнглига ортиқча ғиди-биди сиғмаслигини назарда тутиб, ҳозирча туйғуларига эрк бермасликка, бугун айтилиши лозим бўлган гап-сўзларини сал кейинроққа қолдиришга аҳд қилди. Агар шу тобда биров, йўлига, “энам-ов» деса, қўшилиб йиғлашга ҳозир эди у.

Йигит шу андишада қуйидан бетга кўтарилар экан, тўсатдан аёл кишининг азадор муҳитга ёт қувноқ кулгусини эшитиб, таажжубга тушди. Бу пайтда у бўй баравар тошдевор ёқалаб бормоқда эди. Қувноқ кулгу бот такрорлангач, ҳайрати чўнглашиб, ўз эшиги қолиб, зумда оғасининг ланг очиқ ҳашамдор дарвозаси қаршисида пайдо бўлди.

Қизиқ, кўнглига кулгу сиққан ким бўлди экан?

Кўзи кенг ҳовли ўртасида, тепаси ёпиқ оғоч сўрида ўтирган бир тўп қиз-жувонга тушди. Аксарияти азадор кийимда эса-да, худди гап-гаштакка йиғилгандай хушҳол гурунглашганча, бири сабзи тўғраб, бири пиёз арчиб кечки таомга ҳозирлик кўришар, нарироқда янги сўйилган қўй нимталари осиғлиқ турар, ойнаванд пешайвондан эса эркакларнинг гангур-гунгури қулоққа чалинар, гўё яқиндагина бу овулдан ўлик чиқмагандай, Тоғай кутган ҳазин кайфиятдан асар ҳам йўқ эди. Ана, ўз аёли Хадича ҳам ийманибгина кулгуга жўр бўлмоқда.

Аёллар дарвозада туриб қолган Тоғайнинг қорасини илғашга улгурмай, ичкаридан акаси Абдуқаҳҳор, тиш кавлаганча, нотаниш йигитлар — ўтган кузда янги иморат пойдеворини чала-ярим қўйиб кетган усталар билан бошлашиб чиқиб келди. Демак, у қурилишни бошламоқчи.

Намунча ошиқмаса!

Қошига соядай сирғалиб келган йигитларнинг қайси бири билан сўрашди, қайси бири билан кўришди — Тоғай тузукроқ англай олмади, қоққан қозиқдай, тураверди серрайиб. Авзойидан аёллар дарров сергак тортишган эса-да, аммо эркаклар унинг тунд афтига тариқча эътибор беришмади, ўзаро сўйлашганча Энатош томон юришди.

Тоғай ҳовлига киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай, сўридан сирғалиб тушганча ўзи томон жонсаракланиб келаётган аёлига қовоғини уюб қараб тураркан, тақ-тўқ овозни эшитиб, аста Энатош томон ўгирилди. Қарасаки, белбоғи га чоққина чўкич қистириғли, манглайи кенг, яноқлари бўртиқ, кўзлари қисиқ, мўйловдор устабоши қоятош пойида уюлиб ётган катта-кичик тошлардан бирини олиб, бирини қўйиб кўрмоқда. Қолганлар эса унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, жимгина туришибди.

Нима қилаяпти бу?

Тоғай эс-ҳушини йиғишга улгурмай, қулоғига шу гап чалинди.

— Пойдеворга бемалол етса керак…
— Камига-чи? — ўсмоқчилаб сўради Абдуқаҳҳор, деворни назарда тутиб.
— Агар ҳақи тўланса, — устабоши елка учириб, қитмирона илжайди-да, Энатошга ишора қилди, — манову томони серқатлам экан… бир ҳаракат қилсак, камигаям етказамиз-да, бой ота. Ё олис дарадан тош опкеб берасизми?

Акасининг тошиморати Энатош биқинидаги кичик қоятошни комига тортгани ёдига тушиб, Тоғай ҳушёр тортди.
— Пулсиз ҳатто йўталмайман денг? — деди акаси ачитиб.
— Пулсиз йўталиб бўларканми, бой ота, — устабоши мўйловини бураб, ёйилиб кулди. — Томоқ қирилиб кетади-ку…

У қишин-ёзин бошидан тушмайдиган яғир телпагини энсасига суриб, манглайини енгилгина қашлади-да, сўнг сўзлана-сўзлана, табиий тош зиналарни бир-бир босиб, Энатошнинг “тизза”ли қисмига кўтарилди, гўё тошнинг ойнадек силлиқлигига ҳаваси келгандай, сўл “тиззатош”нинг қизғиш сиртини кафти билан силаб-сийпалади. Кейин худди ўша ерга оёқ қўйиб, “тизза” устига чиқди. Қоятошдан намуна олиш ўйида белидаги чўкични қўлига тутди. У “уста” мақомига эга эса-да, тошларнинг хили ва созига кўпам ақли етавермасди. Аммо ўрни келганда, ўзини кўрсатишга ғоятда моҳир эди. Ҳозир ҳам қуйида турганлар эътибори ўзига қаратилгани сабаб, ўта билағон киши сифатида қоятош бағрига, шунчаки йўлига, чўкич уриб кўриш ниятида эди. Бироқ мароқ билан бошлаган “ўйин”ини адоқлай олмади — тўйқусдан қўпган ғайритабиий бир ўкирикдан шўрликнинг эси тўнкарилиб, чўкичи қўлидан тушиб кетди.

— Қани, туш пастга! — дея қайта бор овозда ҳайқирди, унинг Энатош “тизза”сига, йўқ-йўқ, Энатош “тизза”сига эмас, энасининг табаррук тиззасига оёқ қўйганидан қутуриш даражасига етган Тоғай, мезбонлик таомилини паққос унутган ҳолда. — Эмасам, ҳозир чатоғингни чиқараман!

Устабоши базўр ўзини ўнглаб, “Ҳозир-ҳозир, мана, ҳозир», дея зинғиллаганча пастга энаркан, инисининг бу қилиғидан бошқалар қатори ҳанг-манг туриб қолган Абдуқаҳҳорга нимаси бу, деган маънода кўзларини жавдиратиб қаради.

— Нима гап, ўзи? — деди бегоналар олдида қаттиқ хижолатда қолган Абдуқаҳҳор, ниҳоят ўзига келиб. — Англат… бундай!
— Агар яна тошга қотинар бўлсанг, нақ қаншарингдан отаман! — деди Тоғай тахмон кунжагига бекитиб қўйилган қўшоғиз милтиғини назарда тутиб, важоҳат тўла оҳангда. — Ҳа, икки қошингни ўртасидан отаман!
— Ув-в, нималар деяпсан сен, ўзи? — Абдуқаҳҳор овозини бир парда кўтарди. — Жин чалгандай намунча бўкирасан, а?
— Жин мени эмас, сизни чалганга ўхшайди, ака! — деди Тоғай каҳр тўла кўзларини устабошидан узиб, унга ўқдек қадаркан — Иморатни деб энди бу тошниям гумдон қилмоқчимисиз? Йўқ-қ, кечирибгина қўясиз! Бу тош сиз ўйлаганчалик оддий тош эмас! Энамнинг руҳи ва рухсори бу! Қаранг, бундай! Наҳотки бунда энамнинг қиёфасини кўрмаётган бўлсангиз?! Қаранг, яхшилаб қаранг! Менинг энам! Бу оқшом энам ўрнида эна бўп кутиб олган энажоним менинг бу!

Бу гап-сўзлардан ҳамма лол туриб қолди, сўнг барча, жумладан, аллақачон сўрини тарк этиб, можаро томошабинига айланган аёллар ҳам Энатош томон ўгирилишди. Бироқ у яқиндан кўпам марҳумага ўхшамасди, унинг бутун сир-синоати кунчиқиш тарафдан туриб қараш га боғлиқ бўлиб, шунда ҳам хиёл олислаброқ боқиш лозим эди.

— Ҳа-а, энанг ўлиб, сен бечоранинг бутунлай эсинг оғиб қопти! — деди Абдуқаҳҳор ҳам ачитиб, ҳам ачиниб.
— Йўқ, энам ўлмаган! — деди Тоғай қайсарона бир оҳангда. — Мана, у киши тепамизда савлат тўкиб турибди!

Абдуқаҳҳор қизиқсиниб қоятошга қайта тикилди. Бироқ бир туки қилт этмади, қайтамга ажабсинди: “Бунинг нимаси энамга ўхшаркан,а? Лачак ёпинган қандайдир алвасти-ку бу!”. Қоятошнинг энасига ўхшаш-ўхшамаслиги эмас, аксинча, унинг ўнг биқинидаги иморатга яроқли тошлар қатлами кўпроқ қизиқтирмоқда эди уни. Ахир бурни тагида шунча тош захираси бўла туриб, нега энди чиқим қилиб, олис дарадан тош ташиб юриши керак? У шу ўйда Энатошга бошдан-оёқ разм соларкан, тўсатдан тош инисининг қўрғонидан кўра, ўзига яқинроқ ерда жойлашганини пайқаб қолди.

— Кўп бошни қотирма! — деди писанда оҳангда. — Қара, бу тош сендан кўра кўпроқ менга товин…
— Қачондан бери эна кимгадир товин бўли қолди? — деди Тоғай унинг шаъмасини англаб.

— Ахир бу энанг эмас-ку, нодон!
— Йўқ, менга эна! — деди Тоғай қатъий йўсинда. — Бундан кейин ҳар оқшом ишдан қайтишимни илҳақ кутиб оладиган энам бу менинг! Ундан кўра тавоб қилинг! Эртан, йўқ, шу жума пойига жонлиқ сўяман! Теварагини тозалаб, обод қиламан!

— Элга кулгу бўласан…
— Энам учун кулгу бўсам-бўпман-да!
— Йўқ, буни сенга бермайман, ўзимга керак 6у.

— Тириклиги малол келарди… — деди ачитиб Тоғай. — Энди тоши керак бўп қолдими сизга!
— Ҳаддингдан ошаяпсан!
— Мен эмас, сиз ошаяпсиз!

— Демак, бермайсан?
— Худди шундай.
— Ахир…
— Ахир-пахири йўқ!

Усталар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолган Абдуқаҳҳор, бир хаёли, қаҳр отига ирғиб миниб, укаси устига от сурмоқчи бўлди. Аммо агар жаҳлланса, унинг ҳеч нарсадан тап тортмаслигини билгани учун, шу хил қалтис пайтларда отаси қўллайдиган ибратли амаллардан бирини ишга солмоқни маъқул топди.

— Хай-й, бу масала ечимини сену мен эмас, — деди дарров юзига ниқоб тортиб, юрт кайвониларига хос салобатли оҳангда, — эл-улус ҳал қилади. Эл нима деса — шу! Қани, айтинглар-чи, бу тош чиндан-да марҳума энамизга ўхшайдими, ё йўқми? Агар ўхшаса, тошга қотиниш йўқ, ўхшамаса… акси бўлади.

Даврага оғир сукунат чўкди.

Абдуқаҳҳор юзага келган бу сукунатни инкор маъносида қабул қилиб, ботинан ўзида йўқ севинганча, энди тантана қилмоқчи ҳам эдики, аёллар тўпидан Хадичанинг журъатсиз овози эшитилди:

— Ҳа-а, чинданам ўхшайди, боёға.
— Балким ўхшар… — Абдуқаҳҳор ичидан қиринди ўтса-да, сир бой бермасликка тиришиб, ўша виқор, ўша салобат билан ҳар бир сўзини чертиб-чертиб деди: — Бироқ бу йиғинди сенинг гапинг инобатга олинмайди, келин. Эл, эрининг тарафини олаяпти, деган ўйга бориши мумкин. Шунинг учун биз холис одамлар фикрини эшитамиз. Хўш, ким нима дейди?

— Мен гапирсам майлими? — деди кутилмаганда ўн уч ёшли катта қизи Ойсанам, худди муаллим қаршисида тургандай, беихтиёр қўлини кўтариб.
— Гапир, қизим, — Абдуқаҳҳор унга умидвор тикилди.
— Бу тош… чинданам момомга ўхшайди, — деди қиз. — Буни мен момомнинг ўзигаям айтганман. Ўлсам, мендан силарга ёдгорлик бўп қолади, дея кулган момом.

Худди шу эътирофни кутгандай, даврада ғала-ғовур кўтарилди.

— Ҳа, ўхшайди.
— Унча ўхшамайди.
— Йўқ, ўхшайди.
— Ҳа, момонинг худди ўзи.

Абдуқаҳҳор, оббо, бу ёғи чатоқ бўлди-ку, деган маънода усталар томон ўгирилди. Қарасаки, — улардан иккиси — устабоши ҳамда қуюқ қошли бир йигит олислаб қоятошга тикилиб туришибди.

— Қани, усталардан ҳам фикр эшитайлик-чи, — деди сўнгги илинж билан Абдуқаҳҳор.

— Ҳақиқатан ҳам, момога ўхшаркан, — деди “қуюқ қош” унинг гапига аҳамият бермай, ошкора ҳайрат билан.
— Ўхшайди-ўхшайди, — деди устабоши ҳам ўзи билмаган ҳолда унинг гапини маъқуллаб. — Бунақа тошни қайси бир кинода ҳам кўрганман.

Абдуқаҳҳор бугун усталарнинг келиши шарафига жонлиқ сўйганига қаттиқ пўшаймон еди: «Иззатни билмаган нокаслар! Буларни одам десам, ғирт хоин экан-ку!” деб ўйлади алам билан. Сўнг Тоғайга юзланиб, пичинг-ла деди:
— Ҳечқурса тагидаги тошларни йиғиб олишга рухсат берарсиз, а, хўжайин?!
— Бемалол, — деди Тоғай пичингга аҳамият бермай. — Шусиз ҳам теварагини тошлардан тозалаш ўйидаман.

Абдуқаҳҳор қоятошнинг энасига ўхшашлигидан ва бу нарса қизғинлик билан эътироф этилганидан, ўзи қолиб, инисининг тегирмонига сув қўйган бефаҳм усталардан ўпкаланиб, мағлуб бўлганидан ўксиниб, секин даврани тарк этди.

***

Эртаси оқшомга яқин юмушдан қайтаётган Тоғай Чўнгтепа белига ҳарсиллаб-гурсиллаб кўтариларкан, 6у сафар қаршисида маҳобат-ла юз очган манзарага эмас, биринчи галда Энатошга кўз ташлади. Қарасаки, Энатош, Энатош эмас, энаси — Адолат кампир, қачон келасан, ўғлим, дегандай хаёлчан термулиб турибди.

Тоғай бундан енгил тин олди.
Тоғай бундан суюнди.
Тоғай бундан кўзини ёшлади.

Бироқ Тоғайнинг бу қувончи узоққа чўзилмади.

Аввалига дўнгликнинг шимолий қисмида уймалашиб юрган қора-қура кўланкаларга эътибор бермади. Сўнг кўнгли қандайдир нохушликни ҳис қилиб, беихтиёр ўша томон кўз ташлади. Не кўз билан кўрсинки, усталардан иккиси катта замбилғалтакка тош юклашмоқда, аллақачон сўл панжасидан айрилган шўрлик Айиқтош эса бу не ҳол, дегандай овул тарафга тумшуғини мунгли чўзиб турибди.

Тоғай қаттиқ сўкинганча қуйига отилди. У ўзи сезмаган ҳолда водийдаги ғаройиб “тошҳайкал”ларнинг чин қўриқчисига айланиб улгурганди.

055

Normurod NORQOBILOV
ENATOSH
056

09Normurod Norqobilov 1953 yili tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universiteti jurnalistika fakul`tetini tugatgan. Dastlabki hikoyasi — “Chorraha” (1982). ‘Zangori ko’p», “Unutilgan qo’shiq», “Yuzma-yuz“, “Paxmoq’,’Bekatdagi oq uycha”, “Jo’shqin daryo’, “Ovul oralagan bo’ri», «Bo’ron qo’pkan kun’ kabi qissa va hikoyalardan iborat to’plamlari, “Dashtu dalalarda» romani nashr etilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi.

056

17Enasining yettisi o’tkazilgan kunning ertasi yumushga chiqqan Tog’ay oqshom oldi ovuli tomon o’sha-o’sha g’amnok bir kayfiyatda qaytarkan, kunchiqishdagi adirlik qo’yniga sho’ng’igan ko’yi, g’uborli olis ufq qa’rig’a singib, izsiz yo’qolgan keng asfal`t yo’lning o’ng tarafidagi tog’oldi kengligi uzra misli bodroqdek sochilgan pastu baland tepaliklar orasida eng mahobatlisi bo’lmish Cho’ngtepa poyiga yetganida, har safargidek, oyoq ilib, tepalik beliga chirmashgan ingichka so’qmoqqa andak malollanib boqdi; avvaliga tepalik yonlab borib, so’ng naridagi do’ngliklar oralab chuvalanib ketgan ensiz toshyo’lga hardamxayol nazar tashlab qo’yishni ham unutmadi.

Bejizga emas, negaki, katta yo’l bo’ylab enlab tushgan Cho’ngtepa ortidagi kichik vodiyda joylashgan mo»jazgina ovuliga har ikkisi ham olib boradi, farqi — biri haddan ziyod tik, yuqoriga o’rlaguningcha toza tinkang quriydi, biri esa aylanishli, do’ngliklar oralab xiyla ulog’ib yurishingga to’g’ri keladi.

Aslida toshi yengil, poyi-piyoda odamga ushbu tor so’qmoqdan sozi yo’q, chunki Cho’ngtepa deganlari bu tomondan tik va baland esa-da, ters tarafi vodiy sathiga tutash qiyalik, quyiga o’ynab-o’ynab enasan. Biroq quyiga o’ynab-o’ynab enish uchun esa avvalo uzuq-yuluq, ingichka, sirpanchiq so’qmoqdan bir amallab tepaning toshloq yag’riniga chiqib olmoq darkor. Shuning uchun, ovul yosh-yalanglarini demasa, kattalar so’qmoqqa yaqin yo’lashmaydi, andak aylanishli bo’lsa-da, shu o’zimizning ko’hna yo’l durust, deyishadi. Tog’ayga kelsak, Cho’ngtepa yelkasiga oyoq qo’yishi hamon ko’zga tashlanadigan och jigarrang tusdagi baland qoyatosh — Enatosh bag’rida har shom yo’liga ko’z tikib o’tiradigan enasi, Adolat kampir vajidan so’qmoqqa tirmashishni odat qilgan. Bu gal ham ushbu ko’nikma bo’yicha, boyasaroq salgina sevalab o’tgan ko’klam yomg’iridan namlangan so’qmoqdan, tiyg’ana-tiyg’ana, asta yuqorilay boshladi.

Tog’oldi zaminiga xos, Cho’ngtepa asosi qoyatosh, yuzasidagi bir enlik soz tuproq esa yog’in-sochinga bardoshsiz. Shuning uchun yuqoriga tirmashgan odam yo’l-yo’lakay qoyatoshlarga manglay urmay, so’qmoq bo’yidagi sertikanak achchiq bodom butalariga “talanmay” sira iloji yo’q. Ammo bolaligidan tik so’qmoqlarga o’rlashning obdon hadisini olgan Tog’ay kabi yigitlarga bu xil noqulayliklar cho’t emas, manglayi terchib, egni terdan namiqib, zumda yuqoriga chiqib oladi.

U bazo’r nafasini rostlab, tepaning keng, uning ta’biricha, zabardast yag’riniga qadam qo’yarkan, odatiga ko’ra, qarshisida yuz ochgan manzara qoshida bir zum tek qotdi-da, so’ng yashil vodiy kunbotishida, sanoqli qo’rg’onlardan iborat jimitdek ovul joylashgan do’nglik betida ko’kka bo’y rostlab turgan Enatosh — boshida lachak, so’l qo’li ko’ksiga yopishgan, o’ng kafti tizzasida, tepalik sari xayolchan termulib o’tirgan ayol timsoli — ulkan qoyatosh bag’riga g’ayriixtiyoriy tarzda oshig’ich ko’z tashladi.

Vo ajab, Enatosh bag’ri bo’m-bo’sh edi.

—Iya, enam qani?!

Yigit ko’ksidan bexos ko’chgan bu nido kechki shabada qanotiga ilashib ulgurmay, volidasi bir necha kunning narisida bandalikni bajo keltirgani va endi hech qachon Enatosh tizzasida — uning ushoq va jonli nusxasi bo’lib — har kech yo’lini poylab o’tirmasligi daf’atan esiga tushib, bo’g’ziga yig’i tiqildi, mijjalari yoshlanib, alamdan mushtumini tishladi. So’ng go’yo bu judolikni ko’tarmoqqa ortiq holi qolmagandek, yonidagi kulrang xarsang chetiga g’amgin cho’kdi. Enatosh bag’ridek, ko’ngli bo’m-bo’shligi bois, shu ondayoq o’ta fayzsiz tus olgan qoyatoshga ortiq qaramaslikka tirishib, endigina qizara boshlagan ufqqa, vodiyni tevaraklagan do’ngliklarga, viqorli tog’lar poyiga bosh qo’ygan qirlarga, naridagi qorli cho’qqilarga, yashil vodiy puchmoqlariga hamda tebranayotgan maysalaru turfa mitti chechaklarga birma-bir razm solgan — o’zini alahsitgan bo’ldi.

Biroq o’zini har qancha chalg’itishga urinmasin, nazarida, kimdir shu tomonga zimdan tikilib turgandek tuyulaverdi. Bu xil g’ayritabiiy tuyg’uni hali uylanmagan, sho’xlikdan tiyilmagan, ya’ni tepalik boshidagi xarsanglar ortiga atay biqinib, shusiz ham o’zini ilhaq kutib o’tirgan enasini andak xavotirga solishga uringan kezlarida hamisha yurak-yurakdan his etardi. Adolat kampir allaqachon uning qorasini ilg’agan va bundan ko’ngli taskin topgan esa-da, toki o’g’li qoshiga kelmaguncha, o’rnidan jilay demasdi, o’tiraverardi qoyaday tosh qotib, so’ng salomiga alik olish o’rniga aytgan gapi shu bo’lardi: “Sen tiyiqsizni tezroq uylab qo’ymasam, hech quyiladiganga o’xshamaysan!.

Oxiri bo’lmadi — ich-ichini tirnayotgan sog’inch va qandaydir undovga bo’ysinib, sekin o’sha tarafga bosh burdi.

Enatosh!

Xuddi enasidek o’zi tomon xayolchan termulib turardi.

Bu qadar o’xshashlikni kutmagan, aniqrog’i, shu lahzagacha buni ilg’ashga hatto harakat ham qilmagan yigitning yuragi bir qalqib tushdi.

YO alhazar, nechun buni shu damgacha payqamadi ekan?!

Chindan-da nechun?

Nechunligi shundaki, aksariyat kishilar kabi o’zi unib-o’sgan muhitga nisbatan anchayin loqayd bo’lgan Tog’ayning bor diqqati shu damgacha qoyatosh quchog’ida suyukli o’g’lining yo’liga ko’z tikib o’tiradigan enasiga qaratilgani, bundan-da nochori, ovuldoshlari singari, bu ko’hna zaminda kim yoxud nimagadir o’xshash toshdan kami bormi, degan o’ta lanj ko’nikmaga egaligi tufayli oradagi bu o’xshashlikka hech qachon jiddiy ahamiyat bermagan, yanada aniqrog’i, xuddi boshqa joy qurib qolganday, ovul o’rtasida qo’nqaygan qandaydir kampir nusxa jo’ngina bir tosh edi uning uchun. Bu xil g’alati shakl-shamoyilga ega toshlar vodiyda qahat emas, sanasang — o’ndan oshadi. Ana, ulardan yana biri — ulkan Ayiqtosh. Turibdi, Enatosh bo’y rostlagan betning janubiy qismida ovul tomonga tumshug’i hamda so’l panjasini do’stona cho’zib. Qisqasi, vodiy hududida e’tiborga arzigulik g’aroyibatlar yetarli darajada esa-da, biroq ularni ilg’aydigan nigoh, anglay oladigan idrok g’oyatda taqchil edi. Ovul ahliga ularning hech bir qizig’i va zarracha qadr-qimmati yo’q edi.

Ovul ahlidan farqli o’laroq, mazkur “toshhaykal”larga chet kishilar — ayrim jo’shqin fe’lli sayyohlarning e’tibori va munosabati butunlay bo’lakcha edi. Qaysidir bir yili kichkina sarg’ish chodirini ko’tarib kelgan ana shunday sayyohlardan biri Enatoshni ona timsoliga qiyoslab, suratini olgan va unga sakkiz qator she’r bag’ishlab, gazetaga bosib chiqargandi. Ushbu voqea sabab qoyatosh Enatoshga aylangan esa-da, baribir ovul kishilarining ayricha e’zoziga sazovor bo’lmagan, qaytamga, o’sha “shoir” sayyoh ustidan anchagacha kulib yurishgan: “Bechora g’irt yetim ekan-da, a, toshni enamlab qopti!”.

O’sha kulganlar orasida Tog’ay ham yo’q emasdi, hiringlash borasida ovuldoshlaridan o’zgan bo’lsa o’zgandirki, aslo ortda qolmagan. Mana endi judolik tufayli yuzaga kelgan sog’inch hissi mudroq shuuriga to’yqusdan keskin ta’sir etib, hayrat to’la nigohini qoyatoshga mixlab qo’ygandi.

U yelkasidan tog’dek bosib turgan g’am balosini, zumga bo’lsa-da, paqqos unutgancha, qoyatoshning kelbati va qiyofasidan enasiga o’xshash jihatlarni qidirishda davom edi: boshidagi lachak… manglayi… bo’rtiq yanoqlari… cho’zinchoqroq yuzi… o’ng yelkasi so’liga qaraganda biroz kengroq demasa… o’ng tizzasi ustidagi qo’li… xiyol oldinga egilgan qomati — o-o, bari juda-juda o’xshash… Oqibat, kenja o’g’il sifatida hamisha Adolat kampirning alohida mehr-muhabbatiga sazovor bo’lgan, chunonchi, enasini akalari va boshqa xeshlariga nisbatan bo’lakcha suygan bu erkatobroq o’g’ilning nimochiq lablari orasidan bisotida bo’lmagan, bo’lgan taqdirda ham, bugunga qadar biror marta tiliga olmagan ibora beixtiyor sirg’alib chiqdi:

— Mo»jiza!

Bu so’zni yarim ovozda takror irod etarkan, vujudida tiyiqsiz bir hisni — enasining har kech po’stak tashlab o’tiraverishidan oynadek silliq tortgan qizg’ish tosh yuzasiga, Enatoshning so’l tizzasiga bir damgina bosh qo’yish istagini tuydi. Biroq bu istakni qondirmoq uchun avvaliga quyiga enib, so’ng betga o’rlashi lozim edi. Boz ustiga, xohlasa-xohlamasa, bu amalni jigarlari ko’z o’ngida ado etmog’i darkor edi. Agar shunday qilar bo’lsa, turgan gap, bu qilig’idan boshda ular anqayishadi, so’ng miyasi suyilib qopti buning, deya ustidan kulishadi.

— Qani, kulib ko’rishsin-chi!

Tog’ayning yuragi to’yqusdan olovlanib, kishini anglashdan ko’ra ustidan kulishni xush ko’radigan xeshlariga nisbatan adovatga o’xshash otashli bir tuyg’uni his etib, achchiq-tizziq gaplar bilan barini boplab qamchilashni ko’ngliga tugdi: “Kuydirgan kalladay tirjayishni bas qilib, avval manovu gapni eshitinglar! Bugun men buni ilkisdan bildim, barimiz ko’r, Enatoshni aynan enamga o’xshashini bilmaydigan darajada basir ekanmiz! Qaranglar! Ha-a, tuzuklab qaranglar, kimga o’xshaydi bu?! Enamga o’xshaydi! Endi gap shu, bundan so’g’in har kuni Enatoshni tavof qilamiz! Bugun kech, ertan poyiga bir jonliq so’yamiz, qon chiqaramiz! Nimaga deganda, bu tosh nafaqat enamga o’xshaydi, unga, ha, unga, enajonimning ruh-ruxsori singgan! Bugun menga boshqacha qaradi! Ha, xuddi enamday qaradi!”.

Bu gap-so’zlari jigarlariga nechog’lik jiddiy ta’sir etishini o’zicha tasavvur etib, yuziga tund tabassum indi. Keyin esa tabiatning bu qadar mohir, 6u qadar chevarligini go’yo endi teran idrok etayotgandek — aslida ham shunday — ko’z o’ngida butunlay o’zgacha ma’no va mazmun kasb etgan tevarak-atrofdagi boshqa shakl-shamoyildagi qoyatoshlarga, jumladan, Ayiqtoshga ayricha e’tibor bilan nazar tashladi. Umrida ilk bora fe’lidagi loqaydlik sababini qidirib, o’z ta’biri bilan aytganda, ongini cho’kib qolgan loyqa-luyqa va qo’qimlardan tozalashga urinarkan, saldan so’ng o’zini oqlamoqqa topgan bahonasi shu bo’ldi: “Vaqtida yolchitib o’qimaganmiz-da, agar o’z vaqtida manovu pishmagan xumkallani toshlarga urib-urib o’qiganimizda bormi, bu qadar omi, 6u qadar fikri sust tanbal bo’lmasdik…

Qarang-a, axir buning bari shunchaki tosh emas, mohir usta qo’li bilan yasalgan toshhaykallarga o’xshaydi-ku…”. U boya o’ziga juda yoqib tushgan o’sha yangi iborani qayta tilga oldi:
— Mo»jiza!

Yigitning yoniq nigohi endi ovul bo’ylab kezina boshladi. Enatosh poyiga qadar cho’zilgan keng yo’lakning so’l tomonida katta akasi — Abduqahhorning baland tosh imorati savlat to’kkan, o’ngdagi ixcham qo’rg’on o’ziniki. Kichik akasi Abdunazarning anchayin didsizlarcha qurilgan qo’rg’oni do’nglik tepasida bo’rtib turgan barmoq nusxa toshbo’rtiq — qoyatosh poyidan o’rin olgan. Undan xiyol quyiroqda qator tushgan to’rt qo’rg’on esa uzoq-yaqin xeshlariga tegishli. O’sha qator chekkasida Abduqahhor ikkinchi o’g’li — Raufga atab tashlagan yangi imorat o’rni — chala-yarim poydevor qorayib turardi. Ovulda faqat birgina Abduqahhorning qo’rg’oni, boshqalarniki kabi belga yetar-yetmas toshqalama bilan emas, tepasi tunukalangan bo’y baravar pishiq-puxta toshdevor bilan o’ralgan. Akasining fe’li shu — kimda nima ko’rsa, o’shandan ulgu olishga urinadi. Tuman markazida kimningdir dang’illama uyiga havas qilib, ushbu imoratini buzib, qayta solgan. Bo’lmalari o’nga yaqin, biroq kelin tushirgan bo’lishiga qaramay, haligacha yarmidan ko’piga birov bosh suqmaydi, qurilganidan beri chang bosib yotibdi. Bu yil esa Raufning uyini yanada baland ko’tarmoqchi, agar imkon topsa, bir emas, qo’shqavatli qilib.

Nechun?
Bu kabi savollar uni o’ylatmaydi.
Hozircha yagona orzusi shu — o’g’lini 6u atrofda tanho bo’lmish qo’shqavatli uy sohibiga aylantirish. Uy — o’g’ilga, obro’y esa — otaga.

Axir, o’g’il mulki — ota mulki, degan gap bor-ku. Bu o’ladigan dunyoda shu kabi orzu-havaslardan bo’lak yana nima kerak kishiga! Aytadilar-ku, yo dong’ing chiqsin, yo changing, deb! Otasi Haydar
chavandoz ushbu ovulga tamal toshini qo’yganidek, o’zidan ham biror yodgorlik, hechqursa bir-ikkita qasrnoma toshimoratlar qolsin-da! Bu haqda birovga churq etmasa-da, biroq tutumidan shu narsa ayon. Ustiga ustak, o’lgudek ishchan, chorvasiga bir emas, to’rt cho’pon yollagan bo’lishiga qaramay, keti yer iskamaydi — yillab yiqqanini yo’q yerdagi orzu-havaslar yo’lida ayamay sovurishdan qaytmaydi.

Bundan yetti yilning narisida dorilfanodan dorilbaqoga rixlat qilgan Haydar chavandoz asos solgan 6u mo»jaz ovul vodiyda tanhodek tuyulsa-da, aslida yakka-yolg’iz emas, tepasida toshbo’rtiq bo’ylanib turgan do’nglik ortidagi quyi yalanglikda joylashgan O’rtaovulning uzviy qismi — ayro tushgan bo’lagi. Nomi ham shunga yarasha — “Ayriovul”. Darvoqe, uni asosiy ovuldan ajratib turgan toshbo’rtiq — “Boshbarmoq”, vodiy esa — “Yalangkaft” deb ataladi. Bu kabi g’alati nomlanishlar bejizga emas, e’tibor bilan qaralsa, vodiy sathi chindan-da barmoqlari yarimdan kengroq yozilgan yalang kaftga, uning sharqiy-shimoliy sarhadida ko’kka bo’y cho’zib turgan to’rt qoya — to’rt barmoqqa, qibla tomondagi tepa qismi chatnagan toshbo’rtiq esa boshbarmoqqa o’xshaydi. Yalangkaft zamini tosh, toshkaftni enlagan qalin tuproq unumdor, vodiyning toqqa tutash qismida to’rt buloq jildirab, yana ikkisi ovul biqinida qaynab turibdi, suv degani mo’l — xohlagancha dehqonchilik qilish mumkin. Biroq ovul ahli ekin-tikindan ko’ra chorvani xush ko’radi. Bu kichik ovuldan bir Tog’aygina chetda — tuman markazi biqinidagi korxonada ishlaydi, qolganlar chorva etagidan mahkam tutgan, tuyoq sonini ko’paytirish ilinjida kuyib-pishib yurishadi.

Tog’ay oniy lahzada jo’n qoyatoshdan muqaddas toshga aylangan Enatoshga o’zgacha ehtirom ila qaray-qaray, quyiga enarkan, ovul qo’nim topgan betga yetganda tug’ishganlarining motamsaro ko’ngliga ortiqcha g’idi-bidi sig’masligini nazarda tutib, hozircha tuyg’ulariga erk bermaslikka, bugun aytilishi lozim bo’lgan gap-so’zlarini sal keyinroqqa qoldirishga ahd qildi. Agar shu tobda birov, yo’liga, “enam-ov» desa, qo’shilib yig’lashga hozir edi u.

Yigit shu andishada quyidan betga ko’tarilar ekan, to’satdan ayol kishining azador muhitga yot quvnoq kulgusini eshitib, taajjubga tushdi. Bu paytda u bo’y baravar toshdevor yoqalab bormoqda edi. Quvnoq kulgu bot takrorlangach, hayrati cho’nglashib, o’z eshigi qolib, zumda og’asining lang ochiq hashamdor darvozasi qarshisida paydo bo’ldi.

Qiziq, ko’ngliga kulgu siqqan kim bo’ldi ekan?

Ko’zi keng hovli o’rtasida, tepasi yopiq og’och so’rida o’tirgan bir to’p qiz-juvonga tushdi. Aksariyati azador kiyimda esa-da, xuddi gap-gashtakka yig’ilganday xushhol gurunglashgancha, biri sabzi to’g’rab, biri piyoz archib kechki taomga hozirlik ko’rishar, nariroqda yangi so’yilgan qo’y nimtalari osig’liq turar, oynavand peshayvondan esa erkaklarning gangur-gunguri quloqqa chalinar, go’yo yaqindagina bu ovuldan o’lik chiqmaganday, Tog’ay kutgan hazin kayfiyatdan asar ham yo’q edi. Ana, o’z ayoli Xadicha ham iymanibgina kulguga jo’r bo’lmoqda.

Ayollar darvozada turib qolgan Tog’ayning qorasini ilg’ashga ulgurmay, ichkaridan akasi Abduqahhor, tish kavlagancha, notanish yigitlar — o’tgan kuzda yangi imorat poydevorini chala-yarim qo’yib ketgan ustalar bilan boshlashib chiqib keldi. Demak, u qurilishni boshlamoqchi.

Namuncha oshiqmasa!

Qoshiga soyaday sirg’alib kelgan yigitlarning qaysi biri bilan so’rashdi, qaysi biri bilan ko’rishdi — Tog’ay tuzukroq anglay olmadi, qoqqan qoziqday, turaverdi serrayib. Avzoyidan ayollar darrov sergak tortishgan esa-da, ammo erkaklar uning tund aftiga tariqcha e’tibor berishmadi, o’zaro so’ylashgancha Enatosh tomon yurishdi.

Tog’ay hovliga kirishni ham, kirmaslikni ham bilmay, so’ridan sirg’alib tushgancha o’zi tomon jonsaraklanib kelayotgan ayoliga qovog’ini uyub qarab turarkan, taq-to’q ovozni eshitib, asta Enatosh tomon o’girildi. Qarasaki, belbog’i ga choqqina cho’kich qistirig’li, manglayi keng, yanoqlari bo’rtiq, ko’zlari qisiq, mo’ylovdor ustaboshi qoyatosh poyida uyulib yotgan katta-kichik toshlardan birini olib, birini qo’yib ko’rmoqda. Qolganlar esa uning xatti-harakatlarini kuzatib, jimgina turishibdi.

Nima qilayapti bu?

Tog’ay es-hushini yig’ishga ulgurmay, qulog’iga shu gap chalindi.

— Poydevorga bemalol yetsa kerak…
— Kamiga-chi? — o’smoqchilab so’radi Abduqahhor, devorni nazarda tutib.
— Agar haqi to’lansa, — ustaboshi yelka uchirib, qitmirona iljaydi-da, Enatoshga ishora qildi, — manovu tomoni serqatlam ekan… bir harakat qilsak, kamigayam yetkazamiz-da, boy ota. YO olis daradan tosh opkeb berasizmi?

Akasining toshimorati Enatosh biqinidagi kichik qoyatoshni komiga tortgani yodiga tushib, Tog’ay hushyor tortdi.
— Pulsiz hatto yo’talmayman deng? — dedi akasi achitib.
— Pulsiz yo’talib bo’larkanmi, boy ota, — ustaboshi mo’ylovini burab, yoyilib kuldi. — Tomoq qirilib ketadi-ku…

U qishin-yozin boshidan tushmaydigan yag’ir telpagini ensasiga surib, manglayini yengilgina qashladi-da, so’ng so’zlana-so’zlana, tabiiy tosh zinalarni bir-bir bosib, Enatoshning “tizza”li qismiga ko’tarildi, go’yo toshning oynadek silliqligiga havasi kelganday, so’l “tizzatosh”ning qizg’ish sirtini kafti bilan silab-siypaladi. Keyin xuddi o’sha yerga oyoq qo’yib, “tizza” ustiga chiqdi. Qoyatoshdan namuna olish o’yida belidagi cho’kichni qo’liga tutdi. U “usta” maqomiga ega esa-da, toshlarning xili va soziga ko’pam aqli yetavermasdi. Ammo o’rni kelganda, o’zini ko’rsatishga g’oyatda mohir edi. Hozir ham quyida turganlar e’tibori o’ziga qaratilgani sabab, o’ta bilag’on kishi sifatida qoyatosh bag’riga, shunchaki yo’liga, cho’kich urib ko’rish niyatida edi. Biroq maroq bilan boshlagan “o’yin”ini adoqlay olmadi — to’yqusdan qo’pgan g’ayritabiiy bir o’kirikdan sho’rlikning esi to’nkarilib, cho’kichi qo’lidan tushib ketdi.

— Qani, tush pastga! — deya qayta bor ovozda hayqirdi, uning Enatosh “tizza”siga, yo’q-yo’q, Enatosh “tizza”siga emas, enasining tabarruk tizzasiga oyoq qo’yganidan quturish darajasiga yetgan Tog’ay, mezbonlik taomilini paqqos unutgan holda. — Emasam, hozir chatog’ingni chiqaraman!

Ustaboshi bazo’r o’zini o’nglab, “Hozir-hozir, mana, hozir», deya zing’illagancha pastga enarkan, inisining bu qilig’idan boshqalar qatori hang-mang turib qolgan Abduqahhorga nimasi bu, degan ma’noda ko’zlarini javdiratib qaradi.

— Nima gap, o’zi? — dedi begonalar oldida qattiq xijolatda qolgan Abduqahhor, nihoyat o’ziga kelib. — Anglat… bunday!
— Agar yana toshga qotinar bo’lsang, naq qansharingdan otaman! — dedi Tog’ay taxmon kunjagiga bekitib qo’yilgan qo’shog’iz miltig’ini nazarda tutib, vajohat to’la ohangda. — Ha, ikki qoshingni o’rtasidan otaman!
— Uv-v, nimalar deyapsan sen, o’zi? — Abduqahhor ovozini bir parda ko’tardi. — Jin chalganday namuncha bo’kirasan, a?
— Jin meni emas, sizni chalganga o’xshaydi, aka! — dedi Tog’ay kahr to’la ko’zlarini ustaboshidan uzib, unga o’qdek qadarkan — Imoratni deb endi bu toshniyam gumdon qilmoqchimisiz? Yo’q-q, kechiribgina qo’yasiz! Bu tosh siz o’ylaganchalik oddiy tosh emas! Enamning ruhi va ruxsori bu! Qarang, bunday! Nahotki bunda enamning qiyofasini ko’rmayotgan bo’lsangiz?! Qarang, yaxshilab qarang! Mening enam! Bu oqshom enam o’rnida ena bo’p kutib olgan enajonim mening bu!

Bu gap-so’zlardan hamma lol turib qoldi, so’ng barcha, jumladan, allaqachon so’rini tark etib, mojaro tomoshabiniga aylangan ayollar ham Enatosh tomon o’girilishdi. Biroq u yaqindan ko’pam marhumaga o’xshamasdi, uning butun sir-sinoati kunchiqish tarafdan turib qarash ga bog’liq bo’lib, shunda ham xiyol olislabroq boqish lozim edi.

— Ha-a, enang o’lib, sen bechoraning butunlay esing og’ib qopti! — dedi Abduqahhor ham achitib, ham achinib.
— Yo’q, enam o’lmagan! — dedi Tog’ay qaysarona bir ohangda. — Mana, u kishi tepamizda savlat to’kib turibdi!

Abduqahhor qiziqsinib qoyatoshga qayta tikildi. Biroq bir tuki qilt etmadi, qaytamga ajabsindi: “Buning nimasi enamga o’xsharkan,a? Lachak yopingan qandaydir alvasti-ku bu!”. Qoyatoshning enasiga o’xshash-o’xshamasligi emas, aksincha, uning o’ng biqinidagi imoratga yaroqli toshlar qatlami ko’proq qiziqtirmoqda edi uni. Axir burni tagida shuncha tosh zaxirasi bo’la turib, nega endi chiqim qilib, olis daradan tosh tashib yurishi kerak? U shu o’yda Enatoshga boshdan-oyoq razm solarkan, to’satdan tosh inisining qo’rg’onidan ko’ra, o’ziga yaqinroq yerda joylashganini payqab qoldi.

— Ko’p boshni qotirma! — dedi pisanda ohangda. — Qara, bu tosh sendan ko’ra ko’proq menga tovin…
— Qachondan beri ena kimgadir tovin bo’li qoldi? — dedi Tog’ay uning sha’masini anglab.

— Axir bu enang emas-ku, nodon!
— Yo’q, menga ena! — dedi Tog’ay qat’iy yo’sinda. — Bundan keyin har oqshom ishdan qaytishimni ilhaq kutib oladigan enam bu mening! Undan ko’ra tavob qiling! Ertan, yo’q, shu juma poyiga jonliq so’yaman! Tevaragini tozalab, obod qilaman!

— Elga kulgu bo’lasan…
— Enam uchun kulgu bo’sam-bo’pman-da!
— Yo’q, buni senga bermayman, o’zimga kerak 6u.

— Tirikligi malol kelardi… — dedi achitib Tog’ay. — Endi toshi kerak bo’p qoldimi sizga!
— Haddingdan oshayapsan!
— Men emas, siz oshayapsiz!

— Demak, bermaysan?
— Xuddi shunday.
— Axir…
— Axir-paxiri yo’q!

Ustalar oldida noqulay ahvolga tushib qolgan Abduqahhor, bir xayoli, qahr otiga irg’ib minib, ukasi ustiga ot surmoqchi bo’ldi. Ammo agar jahllansa, uning hech narsadan tap tortmasligini bilgani uchun, shu xil qaltis paytlarda otasi qo’llaydigan ibratli amallardan birini ishga solmoqni ma’qul topdi.

— Xay-y, bu masala yechimini senu men emas, — dedi darrov yuziga niqob tortib, yurt kayvonilariga xos salobatli ohangda, — el-ulus hal qiladi. El nima desa — shu! Qani, aytinglar-chi, bu tosh chindan-da marhuma enamizga o’xshaydimi, yo yo’qmi? Agar o’xshasa, toshga qotinish yo’q, o’xshamasa… aksi bo’ladi.

Davraga og’ir sukunat cho’kdi.

Abduqahhor yuzaga kelgan bu sukunatni inkor ma’nosida qabul qilib, botinan o’zida yo’q sevingancha, endi tantana qilmoqchi ham ediki, ayollar to’pidan Xadichaning jur’atsiz ovozi eshitildi:

— Ha-a, chindanam o’xshaydi, boyog’a.
— Balkim o’xshar… — Abduqahhor ichidan qirindi o’tsa-da, sir boy bermaslikka tirishib, o’sha viqor, o’sha salobat bilan har bir so’zini chertib-chertib dedi: — Biroq bu yig’indi sening gaping inobatga olinmaydi, kelin. El, erining tarafini olayapti, degan o’yga borishi mumkin. Shuning uchun biz xolis odamlar fikrini eshitamiz. Xo’sh, kim nima deydi?

— Men gapirsam maylimi? — dedi kutilmaganda o’n uch yoshli katta qizi Oysanam, xuddi muallim qarshisida turganday, beixtiyor qo’lini ko’tarib.
— Gapir, qizim, — Abduqahhor unga umidvor tikildi.
— Bu tosh… chindanam momomga o’xshaydi, — dedi qiz. — Buni men momomning o’zigayam aytganman. O’lsam, mendan silarga yodgorlik bo’p qoladi, deya kulganmomom.

Xuddi shu e’tirofni kutganday, davrada g’ala-g’ovur ko’tarildi.

— Ha, o’xshaydi.
— Uncha o’xshamaydi.
— Yo’q, o’xshaydi.
— Ha, momoning xuddi o’zi.

Abduqahhor, obbo, bu yog’i chatoq bo’ldi-ku, degan ma’noda ustalar tomon o’girildi. Qarasaki, — ulardan ikkisi — ustaboshi hamda quyuq qoshli bir yigit olislab qoyatoshga tikilib turishibdi.

— Qani, ustalardan ham fikr eshitaylik-chi, — dedi so’nggi ilinj bilan Abduqahhor.

— Haqiqatan ham, momoga o’xsharkan, — dedi “quyuq qosh” uning gapiga ahamiyat bermay, oshkora hayrat bilan.
— O’xshaydi-o’xshaydi, — dedi ustaboshi ham o’zi bilmagan holda uning gapini ma’qullab. — Bunaqa toshni qaysi bir kinoda ham ko’rganman.

Abduqahhor bugun ustalarning kelishi sharafiga jonliq so’yganiga qattiq po’shaymon yedi: «Izzatni bilmagan nokaslar! Bularni odam desam, g’irt xoin ekan-ku!” deb o’yladi alam bilan. So’ng Tog’ayga yuzlanib, piching-la dedi:
— Hechqursa tagidagi toshlarni yig’ib olishga ruxsat berarsiz, a, xo’jayin?!
— Bemalol, — dedi Tog’ay pichingga ahamiyat bermay. — Shusiz ham tevaragini toshlardan tozalash o’yidaman.

Abduqahhor qoyatoshning enasiga o’xshashligidan va bu narsa qizg’inlik bilan e’tirof etilganidan, o’zi qolib, inisining tegirmoniga suv qo’ygan befahm ustalardan o’pkalanib, mag’lub bo’lganidan o’ksinib, sekin davrani tark etdi.

***

Ertasi oqshomga yaqin yumushdan qaytayotgan Tog’ay Cho’ngtepa beliga harsillab-gursillab ko’tarilarkan, 6u safar qarshisida mahobat-la yuz ochgan manzaraga emas, birinchi galda Enatoshga ko’z
tashladi. Qarasaki, Enatosh, Enatosh emas, enasi — Adolat kampir, qachon kelasan, o’g’lim, deganday xayolchan termulib turibdi.

Tog’ay bundan yengil tin oldi.
Tog’ay bundan suyundi.
Tog’ay bundan ko’zini yoshladi.

Biroq Tog’ayning bu quvonchi uzoqqa cho’zilmadi.

Avvaliga do’nglikning shimoliy qismida uymalashib yurgan qora-qura ko’lankalarga e’tibor bermadi. So’ng ko’ngli qandaydir noxushlikni his qilib, beixtiyor o’sha tomon ko’z tashladi. Ne ko’z bilan ko’rsinki, ustalardan ikkisi katta zambilg’altakka tosh yuklashmoqda, allaqachon so’l panjasidan ayrilgan sho’rlik Ayiqtosh esa bu ne hol, deganday ovul tarafga tumshug’ini mungli cho’zib turibdi.

Tog’ay qattiq so’kingancha quyiga otildi. U o’zi sezmagan holda vodiydagi g’aroyib “toshhaykal”larning chin qo’riqchisiga aylanib ulgurgandi.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015/10

055

(Tashriflar: umumiy 696, bugungi 1)

Izoh qoldiring