15 сентябрь — Ўрхон Камол таваллуд топган кун
Кундузги чироқ билан ёритилган ресторан деразасининг рўпарасида ўтирган бақалоқ амаки жулдурвоқига бақрайиб қараб турарди. Бир вақтлар унинг ўзи ҳам мана шундай безори бўлиб, апрелнинг совуқ кунларида тош кўчаларида оёқ яланг юрар, кийимлари ҳам худди шу йигитчаникига ўхшарди, ресторан ойнаси орқали кавшанаётган хўрандаларга оч кўзлари билан тикилиб қарарди. У ҳам отасиз, онасиз ҳамда хола-аммасиз ўсди-ю, лекин бари бир одам бўлиб етишди..
Ўрхон Камол
БЕЗОРИ!..
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси
Маҳмуд Рашид Ўғутчи (тур. Mehmet Raşit Öğütçü), тахаллуси Ўрхон Камол (15.9.1914,Адана, Жайхун, — 2.6.1970, София, Болгария) — турк ёзувчиси. Илк ҳикоясини Бачаксиз Ўрхон имзоси остида эълон қилган. 1943 йилдан бошлаб асарлари Ўрхон Камол номи остида чиқв бошлаган. Сиёсий қарашларига кўра Нозим Ҳикматга яқин бўлган. 1958 йили «Қардош ҳақи» ҳикочи учун Саид Фоиқ мукофотига сазовор бўлган. 1966 йили сиёсий қарашлари туфайли қамоққа олинган. 1967 йили «Анқара Санъатсеварлари» журнали Ўрхон Камолни энг яхши ҳикоя устаси деб эълон қилди. 1969 йили эса Турк тили жамияти ва Саид Фоиқ ҳикоя мукофоти билан тақдирланди. 1970 йилнинг 2 июлида Болгария ёзувчилари уюшмаси таклифи билан Софияда даволанаётган пайтида вафот этди. Адибнинг романларилари: Baba Evi (1949), Avare Yıllar (1950), Murtaza (1952), Cemile (1952), Bereketli Topraklar Üzerinde (1954), Suçlu (1957), Devlet Kuşu (1958), Vukuat Var (1958), Dünya Evi (1958), Gavurun Kızı (1959), Küçücük(1960), El Kızı (1960), Hanımın Çiftliği (1961), Eskici ve Oğulları (1962), Gurbet Kuşları (1962), , Sokakların Çocuğu (1963), Kanlı Topraklar (1963), Bir Filiz Vardı (1965), Müfettişler Müfettişi (1966),Yalancı Dünya (1966), Evlerden Biri (1966), Arkadaş Islıkları (1968), Sokaklardan Bir Kız (1968), Üç Kağıtçı (1969), Kötü Yol (1969), Kaçak (1970-ö.s.), Tersine Dünya (1986-ö.s), Dünya Dönüyor (1953), Neden Böyle (1956), Uçurum (2014).
Истамбулда олти ой қиш, олти ой ёз бўлади. Баҳор — бу қишга улоқиб кирган ёз зарраси бўлса-да, ажабтовур ёруғлик ҳамда илиқликка эга. У худди чақиндек қиш зулматини парчалаб, қор пардасини супуриб ташлайди, лаҳзалик бахти эвазига қишга ўрин бўшатиб беради. Ўшанда ҳам янада бадқовоқ кунлар шамол, ёмғир ва лойгарчилиги билан олдинма-кетин судралиб ўтаверади.
Истамбулда баҳор бўлмайди!
Апрелнинг ўрталари эди. Кундуз кундан кейин ёздагидек иссиқ ва нурафшон, бир тутам қиш зулмати янглиғ қош қорайди. Осмонда юлдузлар чарақлади. Истиқлол хиёбонидан авто ҳамда троллейбуслар оқими тўхтовсиз ўтиб турар, баъзи-баъзида кўча посбонларининг кескин хуштаги эшитилиб қоларди.
Хиёбоннинг ўнг томонидан Тақсим майдони йўналишида бир йигитча кетиб борарди. У оёқ яланг бўлиб, чилвир билан танғилган шимининг жулдури чиқиб кетганидан почаси худди шокилага ўхшаб осилиб ётарди. Йигитча бу шимни Ҳарбия мавзеидаги ахлатхонадан топиб олганди. Бундай топилдиқдан севиниб кетган йигитча далва-далваси чиқиб, калта бўлиб қолган шимини ечиб, ахлатга отиб юборди.
Кўйлак деб аталувчи увадаси эса ифлослигидан худди клёнкага ўхшаб кетганди. Унинг йиртиқларидан ўсмирнинг қорача танаси шундоққина кўриниб турарди. Йигитчанинг патила-патила, ювуқсиз узун сочлари елкасигача осилиб тушганди. У на Бойўғлидаги данғиллама уйларга, на авто ҳамда троллейбуслар оқими тўлдириб ўтаётган Истиқлол хиёбонига, на йўлка бўйлаб шундоқ ёнгинасида кетаётган одамларга эътибор берарди.
Йигитча хиёбоннинг икки томонида худди тоғ тизмаларидек тизилган баҳайбат уйлару нурафшон, кўркам витриналарни пайқамаётгандек эди. У муштумига қисиб олган сигарета қолдиғини жон-жаҳди билан чекканча, мана шу гунг, лоқайд ҳамда худбин оламнинг баҳайбат уйларига, кўзни қамаштирувчи витриналарига, мўйнаю бахмалга ўралган тамтам аёлларига, бениҳоя рашк қилган қиёфада хонимларининг қўлидан ушлаб ҳўмрайиб бораётган эркакларига гўё тупурмоқчи бўлгандек оғзидан паға-паға тутун чиқарарди.
Йигитча қора ҳошияли қимматбаҳо сигарета қолдиғи тутунини ичига тортганча ўзининг яланг оёқларига қаради-да, алам билан хўрсиниб қўйди. Оёқлари бақувват ва чайир эди. Агар, ҳатто Бетон оғанинг ўзи ундан мана шу сигарета қолдиғини тортиб олмоқчи бўлса, оёқлари уни фалокатдан қутқариб қолиши аниқ.
Ҳа-а, Бето-о-он! Бир калла қўйиб, икки мушт туширса, тамом-вассалом! Бир марта эса Бетон оға бир мушт билан қандайдир норғул кишини ер тишлатиб, қамоққа ҳам тушиб чиққанди.
Йигитча яланг оёқларини ҳамон шахдам ташлаганча кетиб борарди. Сигарета қолдиғи бармоғини куйдирганди, у болохонадор сўкинганча уни отиб юборди. Зар ҳошияли сигарета қолдиғи учқунли ёй ясаб шундоққина ёнгинасида гўзал хонимни қўлтиқлаб кетаётган олифтанинг локланган туфлисига бориб тушди. Олифта жулдурвоқига еб юборгудек ўқрайиб қаради. Агар ёнидаги ҳамроҳи бўлмаганда, жулдурвоқининг роса адабини бериб қўйган бўларди. Йигитча қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида:
—Ҳа, намунча кўзингни пахтасини чиқармасанг?!— деб ўшқирди.
Йўловчи ҳайратдан донг қотиб қолди: ялангоёқ, пахмоқ соч безори Оллоҳ таоло номидан садақа сўраш ўрнига ўзини ҳаёсизларча тутяптия!
Йигитча чирт этиб тупурди-да:
— Бор, аравангни торт!— деб тўнғиллади.
Мана шу дақиқада у худди Бетон оғага ўхшаб кучли эди. Бир калла қўйиб, икки мушт туширса, тамом-вассалом! Кейин нима бўлади? Бетон оғага ўхшаб қамоқхонага тушадими? Ундан баттари бўлмайдими, унга бари бир. Қамоқхона бўлса нима бўпти? Бетон оға нари борса уч ой ё олти ой ўтирди-да, яна айшини қилиб юрибди.
Ҳозир апрелнинг ўрталари, уйларнинг буғ иситгичлари ишламай қўйган, қамоқхонада эса айтишларича, печкалар майнинг охиригача ёқиларкан, қорнинг ҳам тўқ бўлади. Боз устига, Бетон оға ҳикоясича, у ерда папиросга ошиқ ўйнашаркан. Қамоқда энг муҳими: ўзингни қандай тута билишингда. Шундай қилиш керакки, одамлар сендан қўрқиб турсин. Бетон оға нима қилибди денг? Камерага олиб киришганда уни аристонлар бўлар-бўлмасга ўртага олиб, турткилашаверишибди. Қараса, бўлмайдиган. Бетон оға бир калла қўйиб, икки мушт туширибди! Шундан кейин ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб олибди.
Бировнинг ғами эрта кириб, кеч чиқади, деганларидек, у кимнинг ҳам эсига келардию, ким ҳам у ҳақда қайғурарди? Қариндошларидан-ку — ҳе, онасини эмсин! — фойда йўқ. Ота-онасию хола-тоғалари, буви-бувасию ҳаммаси бир гўр, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ. Умуман, ҳозирги одамларга ҳам ҳайрон қоласан: кунига беш марта минорадан азон айтиб намозга чақиришади, черковда қўнғироқлар чалинади, одамлар тўп-тўп бўлиб мачит, черков, синагогларга боришади, яна шундай оломон бўлганча мачит, черков, синагоглардан чиқиб келишади. У ерга нимага боришади? Рамазон, ҳайит ёки бошқа байрамларда одамлар ҳаво шари учиришади, болаларга пушти, бинафша, кўк, сариқ рангли кўйлаклар кийдириб ясантириб қўйишади, болалар ҳам роса яйраб олишади. Кейин рамазон ҳамда бошқа байрамлар ўтгач, яна одатдаги олачалпоқ кунлар бошланади. Ёмғир ёғиб, шиддатли шамол уй пиромонларини узиб юлқийди, ёмғир аралаш парча-парча қор ёғади, изғирин кучаяди.
Қор ёғиб, изғирин забтига олган, дийдираган Истамбул шалаббо бўлган вақтидаги кунлар қандоғам яхши эди! Ўшанда ҳамма уйлардаги қозонхоналар ёқиларди, подъездлардаги батареялар ҳам чунонам иссиқ бўларди. Ҳовури кўтарилиб турган батареяга Бетон оға савлат тўкиб ўтириб оларди, кейин эса Эрол Уч Қарта, Демир Твист, Али Анқов ва бошқалар ҳам папирос қолдиғига пирра ўйнашдан чарчаганларида иссиқ батареяларга ўтириб олишарди. Ҳозир-чи? Батареялар совуқ, қозонхоналардаги олов ўчган, э, ҳаммаси онасини эмсин!
Истамбулда баҳор бўлмайди!
Истамбулда олти ой қиш, олти ой эса ёз. Апрелда печкаларни иситишни тўхтатишади, ахир, апрелнинг кўп қисми қиш қарамоғида шамол-бўрон, ҳўл қор, ер яхлайди. Фақат бу билан кимнинг неча пуллик иши бор? Бетон оға, Эрол Уч Қарта, Демир Твист, Али Анқовни демасак.
Эрдални «Абидик-Губидик» фильмини кўришгач, Ўзтурк — ҳақиқий турк деб атай бошлашди. «Яшаси-и-ин!» дея ҳайқирганча у кино қаҳрамонларига худди қуйиб қўйгандай тақлид қиларди. Твистга тушганда-ку, ҳамманинг оғзи очилиб қоларди! Ахир, бу ҳақда киночилар билишадими? Эҳ, агар улар Эрдал Ўзтуркга роль беришганда эди, у қотириб ташларди-я! Тунги пистирмадаги гангстер ролини беришганда эди! Масалан, у баҳайбат уйнинг орқасида ўтириб олиб, уч бармоқ орасидан ҳуштак чалса борми, ҳатто полиция машиналарини ҳам издан чиқариб юбориши ҳеч гапмас, агар издан чиқазолмаса ўзини нақ ўликдай ерга ташлайди!
«Ўлай агар қарсаклардан зал босиб тушмаса! Лекин бу ҳақда киночиларга гапириб кўр-чи? Уларга фақат ўзларининг Ойша ҳамда Пари каби гўзалларини суратга туширишса бўлгани. Хорижий фильмлар бўлса бошқа гап! Эҳ, агар Америкада бўлиб қолсам эди. Сен нимага куляпсан, Уч Қарта! Алдаяпти, деб ўйлаяпсанми? Ёки эшитмасдан, теварак-атрофга аланглаяпсанми?»
Бирдан у киночиларни ҳам, хорижий фильмларни ҳам, Уч Қартани ҳам, умуман, ҳамма нарсани унутиб тўхтаб қолди. Унинг олдида каттакон тунги ресторан, тўғрироғи, қандиллар шуъласига чулғанган, атрофида эркагу аёллар ўтирган ҳамда йўқ ердаги нарсалар уйиб ташланган стол қўйилган рестораннинг ўзи ҳам эмас, фақатгина ана шу рестораннинг витринасигина турарди, холос. Унинг эътиборини жалб қилган витрина ё бўлмасам, у ерга кўз-кўз қилиб қўйилган овқатлар ҳам эмас, балки ўткир ошпичоқ билан қоқ ўртасидан иккига бўлинган улкан балиқ эди. Мазкур балиқ денгиз махлуқига ўхшарди — у буни ё кинода, ёки кечасилари Бетон оға ўқиб берадиган расмли китобда кўрганди. Денгиз, йиртқич махлуқ, пароход. Малласоқол капитан, матрослар. Бир вақтлар борлиқ қандай гўзал бўлган-а! Қароқчи кемалар! Қароқчи кемалардаги юнгалар.
Мана шундай кемалардан биронтасида юнга бўлишга жони жаҳонини беришга ҳам тайёр эди. Қорнинг тўқ, трюмда иссиқ ўрин. Бирдан ярим кечада — тревога чинқириб қолади! Душман кемаси! Қароқчилар уларни абордажга олиб, худди «Темир ниқоб» фильмидаги каби барча команда аъзоларини ханжар билан чавоқлашгач, капитаннинг қўл-оёғини боғлаб трюмга ташлашади.
Тун. Ғалабадан маст бўлган қароқчилар донг қотиб ухлаб қолишади. Шунда у, худди «Темир ниқоб»-даги бола каби оҳиста ўрнидан туриб, асир капитан боғлаб ташланган арқонни ечади. Лекин қочишдан олдин палубага керосин шимдирилган латталарни ташлаб қароқчи кемани ёқиб юборишади. Кема қоп-қора денгиз қаърида ёрқин шуъладай ловиллайди!
Кейин капитан хазинасини кўмиб қўйган кимсасиз оролга боришади. Улар бойликларни қайиққа ортиб, каттакон портга етиб боришади. Бу ерда улар кема сотиб олишлари керак. Капитан худди «Темир ниқоб»даги каби уни кемани қўриқлашга қолдириб, револьвер беради-да, ўзи байроғига бош суяк ҳамда суяклар тикилган қароқчи кемалари сотиб олиш учун кетади. Лекин мана шу вақт портда қулоғига исирға таққан қандайдир ёвуз, маст-аласт, қўпол, ярамас кишилар ўралашиб юришган бўлади. Улар бу қайиқнинг оддий қайиқлардан эмаслигини фаҳмлаб қолиб, болани тутиб олиб яширин зиндонга ташлаш, ҳамда қайиқни эгаллаш учун бостириб кела бошлашади. У қайиқни ўраб олишаётганини кўриб туради ва қароқчилардан ўзини муҳофаза қилиш учун отиши лозимлигини ўйлайди-ю, қўлида револьвер бўлишига қарамай, қўрққанидан гангиб қолади.
Худди шу вақт аллақаёқдан ўқ овози эшитилади. Қулоғига исирға таққан қароқчилар бирин-кетин қоп-қора, ифлос сувга қулай бошлашади. Болани порт соқчилари ўраб олиб, қўлига кишан солишади. Қамоқ! Хўш, нима қипти, қамоқ бўлса қамоқ-да! Ахир, Бетон оға ҳам у ерда ўтириб чиққан-ку, бир ери камайиб қолгани ҳам, ўлгани ҳам йўқ. Кунлардан бир куни кечаси иссиқ батареяда ётиб, уйқуга кетиш олдидан у шундай деганди: Қамоқхонада печкалар бутун апрель давомида, ҳаттоки майнинг охирларигача ёқилади, қориннинг ғамини емасанг ҳам бўлади, ошиқда хоҳласанг пулга, пул йўғида эса папиросга ўйнасанг ҳам бўлаверади.
Йигитча хўрсинди. Унинг қаршисидаги ресторан витринасида — каттакон балиқ, ток баргидан қилинган дўлма, қип-қизил памилдорилар, куйдирилган қўй оёғи, буйрак, жигар, кўк салат.
У йўлкага тупурди. «Агар қамоққа тушиб қолсанг,— дерди Бетон оға,— ҳеч нарсадан қўрқмаслик керак. Бир калла қўйиб, икки мушт туширсанг, тамом-вассалом! Бирорта аҳмоқроғини боплаб адабини бериб қўйсанг, қолганлари ўз-ўзидан ипакдай мулойим тортиб қолишади. Кейин еганинг олдингда, емаганинг ортингда, деганларидек, худди пошшодай давру даврон сураверасан!»
Унинг назари олдинги столда ўтириб каттагина бўлак гўштни саранжомлаётган думалоқ бағбақали, бақалоқ амакида тўхтади. «Мана буни гўшт десалар бўлади! Нега менга кўзини олайтиряпти, бу бақалоқ? Костюм билан галстугини ечиб, сочини тап-тақир қилиб олиб, қулоғига исирға тақиб, қароқчиларга ўхшатиб кийинтириб қўйсанг, тап-тайёр «Темир ниқоб»даги қароқчи бўлади-қўяди. Эҳ, юнга ролини ўйнашни менга топширишса эди, ўлай агар!— зал қарсаклардан қоматга келарди.»
Кундузги чироқ билан ёритилган ресторан деразасининг рўпарасида ўтирган бақалоқ амаки жулдурвоқига бақрайиб қараб турарди. Бир вақтлар унинг ўзи ҳам мана шундай безори бўлиб, апрелнинг совуқ кунларида тош кўчаларида оёқ яланг юрар, кийимлари ҳам худди шу йигитчаникига ўхшарди, ресторан ойнаси орқали кавшанаётган хўрандаларга оч кўзлари билан тикилиб қарарди. У ҳам отасиз, онасиз ҳамда хола-аммасиз ўсди-ю, лекин бари бир одам бўлиб етишди. Сув, қандолат сотди, дастёрчилик, ҳаммолчилик қилди.
Султонаҳматда ёнғин бўлганда эса, Расим Черкесли билан ўғирлик қилди, кейин ўғирланган моллар билан Мачки, Шишли, Ҳамалбошида беркиниб юрди. Бу ерда уни тутиб олиб, боплаб адабини беришди. Шундан кейин ўйлай-ўйлай гарданини қашиди-да, катта йўлга чиқиб олди. У йўлтўсарлик қилиб одамларни тунар, босқинчилик қиларди, баъзан ўзи ҳам биқинидан пичоқ еб қоларди-ю, лекин ўз улушини қўлдан бой бермасди. Қаерда? Қандай қилиб? «Э-э, ўтган нарсаларни кавлаштиришнинг нима ҳожати бор? Асосийси, ҳозир нуфузли одамман, пудратларим бор, конторам ҳаттоки Савдо палатасида ҳам қайд қилинган!»
Хўранда бир кўтаришда қадаҳни бўшатди-да:
— Гарсон!— деб бақирди.
Бошдан-оёқ қора кийинган официант югуриб келди:
— Хизмат, бейим?
— Ҳов анави ярамасни ҳайдаб юбор! Кўряпсанми, ойна олдида қаққайиб турибди.
«Ярамас? Ҳали шунақами? Хўш, агар ярамас бўлган тақдирда ҳам, унга нима? Унга нима ёмонлик қилди, айби нима?»
— Ҳой, йигитча, қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи!
«Нега? Нима учун? Мен ахир сизлардан овқат сўрамаяпман-ку? Манави нусхани қулоғида исирғали қароқчи сифатида тасаввур қилганим билан осмон узилиб ерга тушмади-ку?»
— Сенга айтяпман, жўна бу ердан!
— Нега ҳайдаяпсан, оға? Ёки мен унинг гўштини еб қўйдимми?
— Кўп валдирайверма!
Официантнинг кулгиси қистади. У энди боланинг олдига бормоқчи бўлиб турувдиямки, уни бошқа одам — ориқ, қизил галстук тақиб, силлиқ таранган эркак чақириб қолди:
— Гарсон!
— Лаббай, бейим?
— Болани нега ҳайдаяпсан?
Савдо палатасида қайд қилинган собиқ ўғри унинг жиғига тегиб жавоб қилди:
— Хоҳишим — шу!
— Шу? Шунақа денг! Нега энди?
— Унинг кўриниши кўнглимни айнитяпти!
— Аҳ-ҳа, демак, уни кўрсангиз кўнглингиз айнияптими?
— Нима, сенга ёқмаяптими, тўнка?
— Нима-а-а? Сиз мени тўнка дедингизми?
— Бўлмаса кимсан, бемаъни?
— Сен отангни сансирагин, тентак! Менинг кимлигимни биласанми?
— Оллоҳ таолонинг ўзимасмисан, ишқилиб? Менга деса худо бўлмайсанми, бари бир чумолидек эзиб ташлайман!
Салфеткалар ғижимланиб столга ташланди. «Ҳе, онангни сени! — Ҳой, қумкапиликлар! Еникапликлар! Оқсарой, бу ёққа кел! Саматья! Едикуле!..» «Қани, Атика, Явузсалим Эдирнеканларнинг адабини бер-чи, бизникилар билан ўйнашиб бўлмаслигини кўрсатиб қўйинглар-чи!» «Мальта, Фотиҳ, Ункапи, Шишхона, буёққа!»
Ҳавода муштлар дўлайди, столлар тўнкарилди, бокаллар, стакану графинлар синди, вилкаю қошиқлар полга улоқтирилди
— Швейцар!
— Полиция!
— Швейцар!
— Полиция!
Ҳаммаси худди кинодагидек бўлди. У ресторандаги муштлашувни қандайдир, номини эсдан чиқариб қўйган кинода кўраётгандек ҳис қиларди. У хурсандлигидан нафаси бўғзига тиқилиб қолай дерди: «Ур, урсанг-чи! Вой анавини-ей, бўшашма! Сол уни, оға, боплаб адабини берсанг-чи! Эҳ, бир вақтлар Ойхон Ишик қандай муштлашарди-я! Э йўқ, ўшанда Эшреф Колчак эди, шекилли. Ана муштлашуву мана муштлашув бўлганди-да, ўзиям!»
Полициячилар, квартал қоровуллари чопиб келишди муштлашганлар ҳамда рестораннинг бошқа хўрандалари, официантлари — ҳаммалари биргаликда полиция участкаси томон йўналишди. Йигитча ҳам уларга эргашди. Ахир, муштлашув у туфайли келиб чиқдида! Ҳозир участкага боришгач, ҳақиқатанам ҳаммаси шундай бўлдими, деб сўрашади, шунда у ғурурла кўкрак кериб: «Ҳа» деб жавоб беради. Шундан кейин уни қамаб қўйишармикан? Ишқилиб, қамаб қўйсинлар-да. У ерда печка майнинг охиригача ёқилади, хоҳлаганингча овқат ейсан, ошиқ, қарта. Худо бераман деса ҳеч гапмас, энди яшаса бўлади! Бугунку кўча иссиқ, эртага қарабсанки, об-ҳавонинг авзойи бузуқ. Уйларнинг иситгичлари ишламайди, батареялар совуқ, уларда исиниб бўпсан. О-о-оҳ! Қамоқ, қамоқ, қамоқ.
Лекин, муштлашув иштирокчилари полиция участкасига киришаётганда полициячи болани қўлидан ушлаб қолди.
— Сен қаёққа кетяпсан? Қани, жўна бу ердан!
— Ахир, оғай.
— Тезроқ жўна, кимга айтяпман?
«Ахир, бу қанақаси бўлди, оға? Наҳотки, шу адолатдан, қонунан бўлса? Ахир, мен майгача маза қилиб қамоқда ўтириб чиқишим мумкин эдику! Иссиқ овқат, ошиқлар. Папирос қолдиғи бўлса ҳам майли, мен розиман. Тфу, жин урсин, яна омадим келмади-да!»
Полиция участкаси эшиги олдида яна бошқа полициячи пайдо бўлди. Бола бошини эгганича унга яқинлашди.
— Полициячи амакижон, ҳой, полициячи амаки. Ахир, муштлашув мен сабабли чиқди. Мени қамоққа ўтказиб қўйинг!
Полициячи унинг ёнидан бепарво ўтиб кетди. У боланинг гапларини эшитдими ё ўзини эшитмаганга солдими — худо билади.
— Тфу, жин урсин, ҳаммаси қўшмозор бўлсин! Наҳотки, бу мамлакатда ҳеч қандай қонун қолмаган бўлса! Ҳаттоки, қамоққа тушишга ҳам имкон беришмайди-я! Ўша ерда ҳеч бўлмаса қишни ўтказиб олсайдим!
15 sentyabr — O‘rxon Kamol tavallud topgan kun
Kunduzgi chiroq bilan yoritilgan restoran derazasining ro‘parasida o‘tirgan baqaloq amaki juldurvoqiga baqrayib qarab turardi. Bir vaqtlar uning o‘zi ham mana shunday bezori bo‘lib, aprelning sovuq kunlarida tosh ko‘chalarida oyoq yalang yurar, kiyimlari ham xuddi shu yigitchanikiga o‘xshardi, restoran oynasi orqali kavshanayotgan xo‘randalarga och ko‘zlari bilan tikilib qarardi. U ham otasiz, onasiz hamda xola-ammasiz o‘sdi-yu, lekin bari bir odam bo‘lib yetishdi..
O’rxon Kamol
BEZORI
Hikoyat Mahmudova tarjimasi
Mahmud Rashid O’g’utchi (tur. Mehmet Rasit Ogutcu), taxallusi O’rxon Kamol (15.9.1914,Adana, Jayxun, — 2.6.1970, Sofiya, Bolgariya) — turk yozuvchisi. Ilk hikoyasini Bachaksiz O’rxon imzosi ostida e’lon qilgan. 1943 yildan boshlab asarlari O’rxon Kamol nomi ostida chiqv boshlagan. Siyosiy qarashlariga ko’ra Nozim Hikmatga yaqin bo’lgan. 1958 yili «Qardosh haqi» hikochi uchun Said Foiq mukofotiga sazovor bo’lgan. 1966 yili siyosiy qarashlari tufayli qamoqqa olingan. 1967 yili «Anqara San’atsevarlari» jurnali O’rxon Kamolni eng yaxshi hikoya ustasi deb e’lon qildi. 1969 yili esa Turk tili jamiyati va Said Foiq hikoya mukofoti bilan taqdirlandi. 1970 yilning 2 iyulida Bolgariya yozuvchilari uyushmasi taklifi bilan Sofiyada davolanayotgan paytida vafot etdi. Adibning romanlarilari: Baba Evi (1949), Avare Yıllar (1950), Murtaza (1952), Cemile (1952), Bereketli Topraklar Üzerinde (1954), Suçlu (1957), Devlet Kuşu (1958), Vukuat Var (1958), Dünya Evi (1958), Gavurun Kızı (1959), Küçücük(1960), El Kızı (1960), Hanımın Çiftliği (1961), Eskici ve Oğulları (1962), Gurbet Kuşları (1962), , Sokakların Çocuğu (1963), Kanlı Topraklar (1963), Bir Filiz Vardı (1965), Müfettişler Müfettişi (1966),Yalancı Dünya (1966), Evlerden Biri (1966), Arkadaş Islıkları (1968), Sokaklardan Bir Kız (1968), Üç Kağıtçı (1969), Kötü Yol (1969), Kaçak (1970-ö.s.), Tersine Dünya (1986-ö.s), Dünya Dönüyor (1953), Neden Böyle (1956), Uçurum (2014).
Istambulda olti oy qish, olti oy yoz bo’ladi. Bahor — bu qishga uloqib kirgan yoz zarrasi bo’lsa-da, ajabtovur yorug’lik hamda iliqlikka ega. U xuddi chaqindek qish zulmatini parchalab, qor pardasini supurib tashlaydi, lahzalik baxti evaziga qishga o’rin bo’shatib beradi. O’shanda ham yanada badqovoq kunlar shamol, yomg’ir va loygarchiligi bilan oldinma-ketin sudralib o’taveradi.
Istambulda bahor bo’lmaydi!
Aprelning o’rtalari edi. Kunduz kundan keyin yozdagidek issiq va nurafshon, bir tutam qish zulmati yanglig’ qosh qoraydi. Osmonda yulduzlar charaqladi. Istiqlol xiyobonidan avto hamda trolleybuslar oqimi to’xtovsiz o’tib turar, ba’zi-ba’zida ko’cha posbonlarining keskin xushtagi eshitilib qolardi.
Xiyobonning o’ng tomonidan Taqsim maydoni yo’nalishida bir yigitcha ketib borardi. U oyoq yalang bo’lib, chilvir bilan tang’ilgan shimining julduri chiqib ketganidan pochasi xuddi shokilaga o’xshab osilib yotardi. Yigitcha bu shimni Harbiya mavzeidagi axlatxonadan topib olgandi. Bunday topildiqdan sevinib ketgan yigitcha dalva-dalvasi chiqib, kalta bo’lib qolgan shimini yechib, axlatga otib yubordi.
Ko’ylak deb ataluvchi uvadasi esa iflosligidan xuddi klyonkaga o’xshab ketgandi. Uning yirtiqlaridan o’smirning qoracha tanasi shundoqqina ko’rinib turardi. Yigitchaning patila-patila, yuvuqsiz uzun sochlari yelkasigacha osilib tushgandi. U na Boyo’g’lidagi dang’illama uylarga, na avto hamda trolleybuslar oqimi to’ldirib o’tayotgan Istiqlol xiyoboniga, na yo’lka bo’ylab shundoq yonginasida ketayotgan odamlarga e’tibor berardi.
Yigitcha xiyobonning ikki tomonida xuddi tog’ tizmalaridek tizilgan bahaybat uylaru nurafshon, ko’rkam vitrinalarni payqamayotgandek edi. U mushtumiga qisib olgan sigareta qoldig’ini jon-jahdi bilan chekkancha, mana shu gung, loqayd hamda xudbin olamning bahaybat uylariga, ko’zni qamashtiruvchi vitrinalariga, mo’ynayu baxmalga o’ralgan tamtam ayollariga, benihoya rashk qilgan qiyofada xonimlarining qo’lidan ushlab ho’mrayib borayotgan erkaklariga go’yo tupurmoqchi bo’lgandek og’zidan pag’a-pag’a tutun chiqarardi.
Yigitcha qora hoshiyali qimmatbaho sigareta qoldig’i tutunini ichiga tortgancha o’zining yalang oyoqlariga qaradi-da, alam bilan xo’rsinib qo’ydi. Oyoqlari baquvvat va chayir edi. Agar, hatto Beton og’aning o’zi undan mana shu sigareta qoldig’ini tortib olmoqchi bo’lsa, oyoqlari uni falokatdan qutqarib qolishi aniq.
Ha-a, Beto-o-on! Bir kalla qo’yib, ikki musht tushirsa, tamom-vassalom! Bir marta esa Beton og’a bir musht bilan qandaydir norg’ul kishini yer tishlatib, qamoqqa ham tushib chiqqandi.
Yigitcha yalang oyoqlarini hamon shaxdam tashlagancha ketib borardi. Sigareta qoldig’i barmog’ini kuydirgandi, u boloxonador so’kingancha uni otib yubordi. Zar hoshiyali sigareta qoldig’i uchqunli yoy yasab shundoqqina yonginasida go’zal xonimni qo’ltiqlab ketayotgan oliftaning loklangan tuflisiga borib tushdi. Olifta juldurvoqiga yeb yuborgudek o’qrayib qaradi. Agar yonidagi hamrohi bo’lmaganda, juldurvoqining rosa adabini berib qo’ygan bo’lardi. Yigitcha qo’rqoq oldin musht ko’tarar qabilida:
—Ha, namuncha ko’zingni paxtasini chiqarmasang?!— deb o’shqirdi.
Yo’lovchi hayratdan dong qotib qoldi: yalangoyoq, paxmoq soch bezori Olloh taolo nomidan sadaqa so’rash o’rniga o’zini hayosizlarcha tutyaptiya! Yigitcha chirt etib tupurdi-da:
— Bor, aravangni tort!— deb to’ng’illadi.
Mana shu daqiqada u xuddi Beton og’aga o’xshab kuchli edi. Bir kalla qo’yib, ikki musht tushirsa, tamom-vassalom! Keyin nima bo’ladi? Beton og’aga o’xshab qamoqxonaga
tushadimi? Undan battari bo’lmaydimi, unga bari bir. Qamoqxona bo’lsa nima bo’pti? Beton og’a nari borsa uch oy yo olti oy o’tirdi-da, yana ayshini qilib yuribdi.
Hozir aprelning o’rtalari, uylarning bug’ isitgichlari ishlamay qo’ygan, qamoqxonada esa aytishlaricha, pechkalar mayning oxirigacha yoqilarkan, qorning ham to’q bo’ladi. Boz ustiga, Beton og’a hikoyasicha, u yerda papirosga oshiq o’ynasharkan. Qamoqda eng muhimi: o’zingni qanday tuta bilishingda. Shunday qilish kerakki, odamlar sendan qo’rqib tursin. Beton og’a nima qilibdi deng? Kameraga olib kirishganda uni aristonlar bo’lar-bo’lmasga o’rtaga olib, turtkilashaverishibdi. Qarasa, bo’lmaydigan. Beton og’a bir kalla qo’yib, ikki musht tushiribdi! Shundan keyin o’zi xon, ko’lankasi maydon bo’lib olibdi.
Birovning g’ami erta kirib, kech chiqadi, deganlaridek, u kimning ham esiga kelardiyu, kim ham u haqda qayg’urardi? Qarindoshlaridan-ku — he, onasini emsin! — foyda yo’q. Ota-onasiyu xola-tog’alari, buvi-buvasiyu hammasi bir go’r, hech kimning u bilan ishi yo’q. Umuman, hozirgi odamlarga ham hayron qolasan: kuniga besh marta minoradan azon aytib namozga chaqirishadi, cherkovda qo’ng’iroqlar chalinadi, odamlar to’p-to’p bo’lib machit, cherkov, sinagoglarga borishadi, yana shunday olomon bo’lgancha machit, cherkov, sinagoglardan chiqib kelishadi. U yerga nimaga borishadi? Ramazon, hayit yoki boshqa bayramlarda odamlar havo shari uchirishadi, bolalarga pushti, binafsha, ko’k, sariq rangli ko’ylaklar kiydirib yasantirib qo’yishadi, bolalar ham rosa yayrab olishadi. Keyin ramazon hamda boshqa bayramlar o’tgach, yana odatdagi olachalpoq kunlar boshlanadi. Yomg’ir yog’ib, shiddatli shamol uy piromonlarini uzib yulqiydi, yomg’ir aralash parcha-parcha qor yog’adi, izg’irin kuchayadi.
Qor yog’ib, izg’irin zabtiga olgan, diydiragan Istambul shalabbo bo’lgan vaqtidagi kunlar qandog’am yaxshi edi! O’shanda hamma uylardagi qozonxonalar yoqilardi, pod’ezdlardagi batareyalar ham chunonam issiq bo’lardi. Hovuri ko’tarilib turgan batareyaga Beton og’a savlat to’kib o’tirib olardi, keyin esa Erol Uch Qarta, Demir Tvist, Ali Anqov va boshqalar ham papiros qoldig’iga pirra o’ynashdan charchaganlarida issiq batareyalarga o’tirib olishardi. Hozir-chi? Batareyalar sovuq, qozonxonalardagi olov o’chgan, e, hammasi onasini emsin!
Istambulda bahor bo’lmaydi!
Istambulda olti oy qish, olti oy esa yoz. Aprelda pechkalarni isitishni to’xtatishadi, axir, aprelning ko’p qismi qish qaramog’ida shamol-bo’ron, ho’l qor, yer yaxlaydi. Faqat bu bilan kimning necha pullik ishi bor? Beton og’a, Erol Uch Qarta, Demir Tvist, Ali Anqovni demasak.
Erdalni «Abidik-Gubidik» fil`mini ko’rishgach, O’zturk — haqiqiy turk deb atay boshlashdi. «Yashasi-i-in!» deya hayqirgancha u kino qahramonlariga xuddi quyib qo’yganday taqlid qilardi. Tvistga tushganda-ku, hammaning og’zi ochilib qolardi! Axir, bu haqda kinochilar bilishadimi? Eh, agar ular Erdal O’zturkga rol` berishganda edi, u qotirib tashlardi-ya! Tungi pistirmadagi gangster rolini berishganda edi! Masalan, u bahaybat uyning orqasida o’tirib olib, uch barmoq orasidan hushtak chalsa bormi, hatto politsiya mashinalarini ham izdan chiqarib yuborishi hech gapmas, agar izdan chiqazolmasa o’zini naq o’likday yerga tashlaydi!
«O’lay agar qarsaklardan zal bosib tushmasa! Lekin bu haqda kinochilarga gapirib ko’r-chi? Ularga faqat o’zlarining Oysha hamda Pari kabi go’zallarini suratga tushirishsa bo’lgani. Xorijiy fil`mlar bo’lsa boshqa gap! Eh, agar Amerikada bo’lib qolsam edi. Sen nimaga kulyapsan, Uch Qarta! Aldayapti, deb o’ylayapsanmi? Yoki eshitmasdan, tevarak-atrofga alanglayapsanmi?»
Birdan u kinochilarni ham, xorijiy fil`mlarni ham, Uch Qartani ham, umuman, hamma narsani unutib to’xtab qoldi. Uning oldida kattakon tungi restoran, to’g’rirog’i, qandillar shu’lasiga chulg’angan, atrofida erkagu ayollar o’tirgan hamda yo’q yerdagi narsalar uyib tashlangan stol qo’yilgan restoranning o’zi ham emas, faqatgina ana shu restoranning vitrinasigina turardi, xolos. Uning e’tiborini jalb qilgan vitrina yo bo’lmasam, u yerga ko’z-ko’z qilib qo’yilgan ovqatlar ham emas, balki o’tkir oshpichoq bilan qoq o’rtasidan ikkiga bo’lingan ulkan baliq edi. Mazkur baliq dengiz maxluqiga o’xshardi — u buni yo kinoda, yoki kechasilari Beton og’a o’qib beradigan rasmli kitobda ko’rgandi. Dengiz, yirtqich maxluq, paroxod. Mallasoqol kapitan, matroslar. Bir vaqtlar borliq qanday go’zal bo’lgan-a! Qaroqchi kemalar! Qaroqchi kemalardagi yungalar.
Mana shunday kemalardan birontasida yunga bo’lishga joni jahonini berishga ham tayyor edi. Qorning to’q, tryumda issiq o’rin. Birdan yarim kechada — trevoga chinqirib qoladi! Dushman kemasi! Qaroqchilar ularni abordajga olib, xuddi «Temir niqob» fil`midagi kabi barcha komanda a’zolarini xanjar bilan chavoqlashgach, kapitanning qo’l-oyog’ini bog’lab tryumga tashlashadi.
Tun. G’alabadan mast bo’lgan qaroqchilar dong qotib uxlab qolishadi. Shunda u, xuddi «Temir niqob»-dagi bola kabi ohista o’rnidan turib, asir kapitan bog’lab tashlangan arqonni yechadi. Lekin qochishdan oldin palubaga kerosin shimdirilgan lattalarni tashlab qaroqchi kemani yoqib yuborishadi. Kema qop-qora dengiz qa’rida yorqin shu’laday lovillaydi!
Keyin kapitan xazinasini ko’mib qo’ygan kimsasiz orolga borishadi. Ular boyliklarni qayiqqa ortib, kattakon portga yetib borishadi. Bu yerda ular kema sotib olishlari kerak. Kapitan xuddi «Temir niqob»dagi kabi uni kemani qo’riqlashga qoldirib, revol`ver beradi-da, o’zi bayrog’iga bosh suyak hamda suyaklar tikilgan qaroqchi kemalari sotib olish uchun ketadi. Lekin mana shu vaqt portda qulog’iga isirg’a taqqan qandaydir yovuz, mast-alast, qo’pol, yaramas kishilar o’ralashib yurishgan bo’ladi. Ular bu qayiqning oddiy qayiqlardan emasligini fahmlab qolib, bolani tutib olib yashirin zindonga tashlash, hamda qayiqni egallash uchun bostirib kela boshlashadi. U qayiqni o’rab olishayotganini ko’rib turadi va qaroqchilardan o’zini muhofaza qilish uchun otishi lozimligini o’ylaydi-yu, qo’lida revol`ver bo’lishiga qaramay, qo’rqqanidan gangib qoladi.
Xuddi shu vaqt allaqayoqdan o’q ovozi eshitiladi. Qulog’iga isirg’a taqqan qaroqchilar birin-ketin qop-qora, iflos suvga qulay boshlashadi. Bolani port soqchilari o’rab olib, qo’liga kishan solishadi. Qamoq! Xo’sh, nima qipti, qamoq bo’lsa qamoq-da! Axir, Beton og’a ham u yerda o’tirib chiqqan-ku, bir yeri kamayib qolgani ham, o’lgani ham yo’q. Kunlardan bir kuni kechasi issiq batareyada yotib, uyquga ketish oldidan u shunday degandi: Qamoqxonada pechkalar butun aprel` davomida, hattoki mayning oxirlarigacha yoqiladi, qorinning g’amini yemasang ham bo’ladi, oshiqda xohlasang pulga, pul yo’g’ida esa papirosga o’ynasang ham bo’laveradi.
Yigitcha xo’rsindi. Uning qarshisidagi restoran vitrinasida — kattakon baliq, tok bargidan qilingan do’lma, qip-qizil pamildorilar, kuydirilgan qo’y oyog’i, buyrak, jigar, ko’k salat.
U yo’lkaga tupurdi. «Agar qamoqqa tushib qolsang,— derdi Beton og’a,— hech narsadan qo’rqmaslik kerak. Bir kalla qo’yib, ikki musht tushirsang, tamom-vassalom!
Birorta ahmoqrog’ini boplab adabini berib qo’ysang, qolganlari o’z-o’zidan ipakday muloyim tortib qolishadi. Keyin yeganing oldingda, yemaganing ortingda, deganlaridek, xuddi poshshoday davru davron suraverasan!»
Uning nazari oldingi stolda o’tirib kattagina bo’lak go’shtni saranjomlayotgan dumaloq bag’baqali, baqaloq amakida to’xtadi. «Mana buni go’sht desalar bo’ladi! Nega menga ko’zini olaytiryapti, bu baqaloq? Kostyum bilan galstugini yechib, sochini tap-taqir qilib olib, qulog’iga isirg’a taqib, qaroqchilarga o’xshatib kiyintirib qo’ysang, tap-tayyor «Temir niqob»dagi qaroqchi bo’ladi-qo’yadi. Eh, yunga rolini o’ynashni menga topshirishsa edi, o’lay agar!— zal qarsaklardan qomatga kelardi.»
Kunduzgi chiroq bilan yoritilgan restoran derazasining ro’parasida o’tirgan baqaloq amaki juldurvoqiga baqrayib qarab turardi. Bir vaqtlar uning o’zi ham mana shunday bezori bo’lib, aprelning sovuq kunlarida tosh ko’chalarida oyoq yalang yurar, kiyimlari ham xuddi shu yigitchanikiga o’xshardi, restoran oynasi orqali kavshanayotgan xo’randalarga och ko’zlari bilan tikilib qarardi. U ham otasiz, onasiz hamda xola-ammasiz o’sdi-yu, lekin bari bir odam bo’lib yetishdi. Suv, qandolat sotdi, dastyorchilik, hammolchilik qildi.
Sultonahmatda yong’in bo’lganda esa, Rasim Cherkesli bilan o’g’irlik qildi, keyin o’g’irlangan mollar bilan Machki, Shishli, Hamalboshida berkinib yurdi. Bu yerda uni tutib olib, boplab adabini berishdi. Shundan keyin o’ylay-o’ylay gardanini qashidi-da, katta yo’lga chiqib oldi. U yo’lto’sarlik qilib odamlarni tunar, bosqinchilik qilardi, ba’zan o’zi ham biqinidan pichoq yeb qolardi-yu, lekin o’z ulushini qo’ldan boy bermasdi. Qaerda? Qanday qilib? «E-e, o’tgan narsalarni kavlashtirishning nima hojati bor? Asosiysi, hozir nufuzli odamman, pudratlarim bor, kontoram hattoki Savdo palatasida ham qayd qilingan!»
Xo’randa bir ko’tarishda qadahni bo’shatdi-da:
— Garson!— deb baqirdi.
Boshdan-oyoq qora kiyingan ofitsiant yugurib keldi:
— Xizmat, beyim?
— Hov anavi yaramasni haydab yubor! Ko’ryapsanmi, oyna oldida qaqqayib turibdi.
«Yaramas? Hali shunaqami? Xo’sh, agar yaramas bo’lgan taqdirda ham, unga nima? Unga nima yomonlik qildi, aybi nima?»
— Hoy, yigitcha, qani, tuyog’ingni shiqillatib qol-chi!
«Nega? Nima uchun? Men axir sizlardan ovqat so’ramayapman-ku? Manavi nusxani qulog’ida isirg’ali qaroqchi sifatida tasavvur qilganim bilan osmon uzilib yerga tushmadi-ku?»
— Senga aytyapman, jo’na bu yerdan!
— Nega haydayapsan, og’a? Yoki men uning go’shtini yeb qo’ydimmi?
— Ko’p valdirayverma!
Ofitsiantning kulgisi qistadi. U endi bolaning oldiga bormoqchi bo’lib turuvdiyamki, uni boshqa odam — oriq, qizil galstuk taqib, silliq tarangan erkak chaqirib qoldi:
— Garson!
— Labbay, beyim?
— Bolani nega haydayapsan?
Savdo palatasida qayd qilingan sobiq o’g’ri uning jig’iga tegib javob qildi:
— Xohishim — shu!
— Shu? Shunaqa deng! Nega endi?
— Uning ko’rinishi ko’nglimni aynityapti!
— Ah-ha, demak, uni ko’rsangiz ko’nglingiz ayniyaptimi?
— Nima, senga yoqmayaptimi, to’nka?
— Nima-a-a? Siz meni to’nka dedingizmi?
— Bo’lmasa kimsan, bema’ni?
— Sen otangni sansiragin, tentak! Mening kimligimni bilasanmi?
— Olloh taoloning o’zimasmisan, ishqilib? Menga desa xudo bo’lmaysanmi, bari bir chumolidek ezib tashlayman!
Salfetkalar g’ijimlanib stolga tashlandi. «He, onangni seni! — Hoy, qumkapiliklar! Yenikapliklar! Oqsaroy, bu yoqqa kel! Samat`ya! Yedikule!..» «Qani, Atika, Yavuzsalim Edirnekanlarning adabini ber-chi, biznikilar bilan o’ynashib bo’lmasligini ko’rsatib qo’yinglar-chi!» «Mal`ta, Fotih, Unkapi, Shishxona, buyoqqa!»
Havoda mushtlar do’laydi, stollar to’nkarildi, bokallar, stakanu grafinlar sindi, vilkayu qoshiqlar polga uloqtirildi
— Shveytsar!
— Politsiya!
— Shveytsar!
— Politsiya!
Hammasi xuddi kinodagidek bo’ldi. U restorandagi mushtlashuvni qandaydir, nomini esdan chiqarib qo’ygan kinoda ko’rayotgandek his qilardi. U xursandligidan nafasi bo’g’ziga tiqilib qolay derdi: «Ur, ursang-chi!Voy anavini-yey, bo’shashma! Sol uni, og’a, boplab adabini bersang-chi! Eh, bir vaqtlar Oyxon Ishik qanday mushtlashardi-ya! E yo’q, o’shanda Eshref Kolchak edi, shekilli. Ana mushtlashuvu mana mushtlashuv bo’lgandi-da, o’ziyam!»
Politsiyachilar, kvartal qorovullari chopib kelishdi mushtlashganlar hamda restoranning boshqa xo’randalari, ofitsiantlari — hammalari birgalikda politsiya uchastkasi tomon yo’nalishdi. Yigitcha ham ularga ergashdi. Axir, mushtlashuv u tufayli kelib chiqdida! Hozir uchastkaga borishgach, haqiqatanam hammasi shunday bo’ldimi, deb so’rashadi, shunda u g’ururla ko’krak kerib: «Ha» deb javob beradi. Shundan keyin uni qamab qo’yisharmikan? Ishqilib, qamab qo’ysinlar-da. U yerda pechka mayning oxirigacha yoqiladi, xohlaganingcha ovqat yeysan, oshiq, qarta. Xudo beraman desa hech gapmas, endi yashasa bo’ladi! Bugunku ko’cha issiq, ertaga qarabsanki, ob-havoning avzoyi buzuq. Uylarning isitgichlari ishlamaydi, batareyalar sovuq, ularda isinib bo’psan. O-o-oh! Qamoq, qamoq, qamoq.
Lekin, mushtlashuv ishtirokchilari politsiya uchastkasiga kirishayotganda politsiyachi bolani qo’lidan ushlab qoldi.
— Sen qayoqqa ketyapsan? Qani, jo’na bu yerdan!
— Axir, og’ay.
— Tezroq jo’na, kimga aytyapman?
«Axir, bu qanaqasi bo’ldi, og’a? Nahotki, shu adolatdan, qonunan bo’lsa? Axir, men maygacha maza qilib qamoqda o’tirib chiqishim mumkin ediku! Issiq ovqat, oshiqlar. Papiros qoldig’i bo’lsa ham mayli, men roziman. Tfu, jin ursin, yana omadim kelmadi-da!»
Politsiya uchastkasi eshigi oldida yana boshqa politsiyachi paydo bo’ldi. Bola boshini egganicha unga yaqinlashdi.
— Politsiyachi amakijon, hoy, politsiyachi amaki. Axir, mushtlashuv men sababli chiqdi. Meni qamoqqa o’tkazib qo’ying!
Politsiyachi uning yonidan beparvo o’tib ketdi. U bolaning gaplarini eshitdimi yo o’zini eshitmaganga soldimi — xudo biladi.
— Tfu, jin ursin, hammasi qo’shmozor bo’lsin! Nahotki, bu mamlakatda hech qanday qonun qolmagan bo’lsa! Hattoki, qamoqqa tushishga ham imkon berishmaydi-ya! O’sha
yerda hech bo’lmasa qishni o’tkazib olsaydim!