Ibrohim G’afurov. Millatning billurlanishi & Mangu latofat. Badialar, risolalar

Ashampoo_Snap_2016.12.15_18h31m53s_002_.pngМустақиллик айёми арафасида юксак унвон билан тақдирланган муаллим адиб Иброҳим Ғафуровни чин юракдан қутлаймиз.

Миллатпарварлик — тарбия билан миллатни тараққиётнинг илғор поғоналарига кўтариш, халқни тараққиёт йўлига олиб чиқиш деган маънони англатади. Аср бошида ва ундан кейин Туронда майдонга чиққан зиёлилар миллатпарварликни шундай тушунар ва уни маърифатпарварликнинг ўзак томири деб тасаввур қилардилар…

Иброҳим Ғафуров
МИЛЛАТНИНГ БИЛЛУРЛАНИШИ
084

19-03-2016_12036911_407361759464756_872592829617130467_n.jpg   Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилди. 1956-1961 йилларда САГУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг филология факултетида ўқиди. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлади.
Иброҳим Ғафуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” (1964) “Унитилмаган боғ” (1965), “Жозиба” (1970), “Ёнар сўз” (1973), “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак -аланга” (1980). “Лириканинг юраги” (1982), “Шеърият — изланиш демак” (1984), “Ўттиз йил изҳори” (1987), “Тил эркинлиги” (1998) сингари адабий танқидий, бадиа китоблар муаллифи. У «Ҳаё — халоскор», «Мангу латофат» ва бошқа бир қатор бадиалари ва мансуралари жамланган китоблари билан эътибор қозонди.
Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг етук намояндалари: Доcтоевскийнинг “Жиноят ва Жазо”, “Телба”, “Қиморбоз” , Мопассаннинг “Азизим”, Ҳемингуэйнинг “Алвидо, қурол”, “Чол ва Денгиз”, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат”, “Чингизхонниг оқ булути” Жеймс Жойснинг «Улисс» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
И. Ғофуров филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлари мукофоти (1989) лауреати, “Дўстлик” ордени соҳиби (1995).

084

Миллат деганда биз нимани англаймиз?

Миллат қачон юзага келади?

Халқ деганда нимани тушунамиз-у,  миллат деганда нимани тушунамиз?

Бу саволларга жаҳоннинг кўп жамиятшунос файласуфлари жавоб беришга, таърифлар айтишга ҳаракат қилиб келганлар. Бундан кейин ҳам бундай ҳаракатлар тўхтамайди. Миллат ҳақидаги ўзимизга яқинроқ манбалардан чиққан бир тушунчага тўхталиб ўтай. Муқтадир турк алломаларидан бири Зиё Кўкалп ўз асарларидан бирида миллат ва унинг маъруф доираси хусусида фикр юритиб қуйидагиларни айтади:

Миллат жўғрофий ҳудудлар билан белгиланмайди (чунончи, ер юзининг турли ерларида бир миллатга мансуб одамлар яшайверадилар);

Миллат ирқ эмас ва қавм ҳам эмас; миллат бир империя ҳудудида ягона умумий сиёсат билан яшайдиган одамлар тўдаси ҳам эмас;

Миллат хоҳишга кўра мансуб бўлинадиган ёки хоҳишга кўра ундан чиқиладиган жамоа ҳам эмас.

«Унда миллат нима? — деб ўзига ўзи савол беради олим ва шундай мароқли жавоб айтади: — Миллат бу — тарбияси ва тили бир — умумий бўлган одамлардан иборат маданий-маънавий категория. Киши ён-атрофидаги истаганча одамлар билан эмас, балки ўзи билан бир она тил ва бир хил тарбияга эга одамлар билан яшашни истайди. Зеро, инсон шахси унинг танига эмас, руҳига тааллуқлидир. Бизнинг моддий, жисмоний хусусиятларимиз ирқимиз билан боғлиқ бўлса, бизнинг руҳий-маънавий сифатларимиз биз тарбияланган жамиятда шаклланади».

Кўкалп тил, дин, ҳуқуқ, ахлоқ ва ижод миллий характерга эга деб билади. Булар жам бўлиб, ўзаро чатишиб, қўшилиб маданиятни ташкил этади. Миллат — маданий-руҳий субстанция. У умумий маънавий маданиятнинг эгаси ва бинокоридир. («Миллий егитим ва култур», 1985, 35-сон; А. Мустафоев. «Национальные отношения в СССР в трудах турецких авторов». Боку, «Элм», 1990) Ростдан ҳам, Худога осон эди ҳамма одамларни бир хил қилиб яратса. Лекин табиатда Худо қушлар, балиқларии қандай ранг-баранг қилиб яратган бўлса, одамларни ҳам шундай ранг-баранг қилди. Уларга турли мўъжиз тил ва турфа одатлар ато этди. Лекин одам болаларининг жисмоний қурилишида, — одамни бино деб олсак, — одамнинг биносида хилма-хилликка йўл қўймади. Бу томондан ҳаммани бир-бирига тенг қилди. Ўкситадиган, ерга урадиган ҳеч нарсага йўл қўймади. Одамлар жисмонан эмас, руҳан фарқландилар. Тарбиялар турлича бўлди.

Лекин миллатларнинг шаклланиши ва юзага чиқиши жуда-жуда узоқ ва ҳатто кўз илғамас жараёнларда кечади. Бу жараёнлар ҳеч қачон тўхтамайди. Мана, Америкада уч юз йилдан бери миллий жараёнлар давом этади. Озодлик ва демократия ғоялари тарбиясида у ерда янги бир миллат — америкалик дунёга келди. Энди у ерда миллат суриштирмайдилар. Лекин ўзларининг америкалик эканликлари билан ўта фахрланадилар ва Америка учун жонларини фидо этишга, қўлларидан келган барча маърифатли ишларни жонбозлик билан адо этишга тайёр турадилар. Улар шиорлар ташламайдилар. Балки ишлайдилар. Энг улуғ шиорлар эса дилларида тарбия топган, озодлик ва демократия билан боғлиқ барча ғоялар уларнинг табиатига айланган.

Бу ҳодиса ҳам Зиё Кўкалп ўз таърифида қанчалар ҳақ эканлигига яна бир салмоқли далил.

Кўкалпнинг фикри билан танишмасдан илгари миллатнинг асос белгиси унинг маърифатида ва тилида деб ўйлардим. Илоҳий Қуръонда бир неча маротаба айтилган «Иброҳим миллати» деган тушунча бор. Бунда миллат деганда тўғри йўл топган одамлар тушунилган: Худонинг ягона яратувчилигини тан олиб фақат унгагина иймон келтирадиган, бошқа нарсаларга — уларнинг қандай маҳобатга эгалигидан қатъи назар, сиғинмайдиган одамлар. Бунда ҳам, эътибор беринг, миллат тушунчаси эътиқодга эга бўлиш, яъни маърифатли бўлишга қараб белгиланган. Эҳтимол, миллатнинг замирида маърифат тушунчаси ётар, ахир тил ҳам асос-эътибори билан маърифат-ку: дунёни билиш-ку, тушуниш-ку, муомала-муносабат-ку! Муомала-муносабат ҳам тўлалигича маърифатга мансуб. Албатта, кейинчалик, айниқса, ижтимоий, маданий, илмий, иқтисодий тараққиёт инсоният ҳаётида жуда юксак чўққиларга кўтарилган ўн тўққизинчи асрдан бошлаб «миллат» тушунчаси кенгайди, бойиди, ифода диапазони равшанлашди.

Халқнинг меросий маърифати ва меросий маданияти замон-замонлар оша бошқа халқларнинг маданиятлари ва удумлари билан бойиб, оқибат узлуксиз тараққий қилиб борувчи миллийлик вужудга келади.

Миллат — халқнинг маданий-маърифий ўзига хослигидир. Миллийлик миллатнинг ўзига хослигидир. Миллат ҳам, миллийлик ҳам ўз доирасида ўзгариб, янгидан янги сифат белгилари топиб боради.

Қадимги туркийлар шаҳарларда ва қишлоқларда яшовчиларни «улуш» дер эканлар. Балки «улус» сўзи «улуш»дандир. «Миллат» сўзи бизга араб тили орқали, «Қуръон» маданияти орқали кирган. Агар улуш тушунчасини кўчманчиликка нисбатан олға ташланган тараққиёт белгиси деб ҳисобласак, унда «улус» сўзи «миллат» тушунчасига тўғри келади.

Хуллас, тил, тарбия ва маърифат билан миллат майдонга чиқади. Миллат халққа ёхуд авомга хос тарқоқликнинг тугаганлигидир. Давлатчиликнинг мустаҳкам ва тебранмас тарзда шаклланганлигидир.

Халқнинг барча ўз ишларини ўзи бир ёқадан чиқариб қилишга қодирлик касб этиши — унинг миллат бўлганлиги белгиси ва кўрсаткичидир.

Имиериялар кўпинча миллатлар ва уларнинг ўзига хосликларини емириб ташлашга ёхуд хаспўшлашга, уни жуда юзаки ва ҳеч нарсага арзимас бир ҳодисага айлантириб кўрсатишга мойил бўлганлар. Империялар агар улар бир миллатнинг гегемонлиги байроғи остида тузилмаган бўлсалар, доим миллат ва миллий ҳодисаларни маҳв этганлар. Миллий гегемонлик учун тузилган қуроқ империялар ҳам бошқа миллатларни камситиш, уларни қириб ташлаш, келажагидан маҳрум қилиш йўлини тутганлар ва шунинг учун ҳам улар узок давом этмай, парчаланиб кетишга маҳкум бўлганлар.

Империялар миллий онгнинг уйғонишидан ўт-сув балосидан қўрққан каби қўрққанлар. Барча озодлик курашларида миллий онгнинг тутган ўрни алоҳидадир. Миллий онгнинг уйғониши — ватанпарварликнинг уйғониши, озодлик иштиёқининг уйғониши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини танишнинг бошланиши демак эди. Ҳар қандай империя мана шу қудратли кучларнинг зарбаларидан ҳалокатга учраганлигини тарих кўп маротаба исботлаган.

Ўн тўққизинчи аср оёқлаганда ва йигирманчи аср аввалларида Туронзаминда, бир томондан, мустамлакачилик тамойиллари таъсирида, иккинчи томондан, дунёдан хабардорлик жараёнларининг бошланиши шарофати билан маърифатчилик ҳаракати кучайди. Маърифатчилик ҳаракати ўз-ўзидан миллий ҳаракатларни юзага чиқарди.

Маърифатпарварлик — миллатпарварлик билан туташиб кетди. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмасди. Миллатпарварлик — тарбия билан миллатни тараққиётнинг илғор поғоналарига кўтариш, халқни тараққиёт йўлига олиб чиқиш деган маънони англатади. Аср бошида ва ундан кейин Туронда майдонга чиққан зиёлилар миллатпарварликни шундай тушунар ва уни маърифатпарварликнинг ўзак томири деб тасаввур қилардилар.

Бир замон француз олимаси Элен Каррер Д’Анкоснинг 1990-йилда Парижда нашр этилган «Миллатларнинг зафари…» (La gloire des nations ou La fin de l’empire soviétique) деган китоби ҳақида ўқиган эдим. У империяларнииг қулашини илмий исботлаб берган экан. Анкос қайта қуриш даврида бизнинг Осиёда бораётган жараёнларни таҳлил қилиб, шу асосда «Ўрта Осиёда миллий туйғуларнинг биллурлашув ҳодисаси кўзга ташланмоқда», деб ёзган эди.

Бу ниҳоятда топиб айтилган ва ҳодисани нақ тўла қамраб олган гап. Лекин «биллурлашиш» бизда эртароқ, XX аср бошларида куртаклаган ва ғоятда тезлашган эди. Империяча тўхтовсиз, узлуксиз ўтказилган қатлиомлардан сўнг биллурлашиш тўхтади. Биллур қонга ботирилди. Қон қотди ва биллур кўринмай кетди. Ҳамма биллур маҳв бўлди, тугади, деб ўйлади. Биллурлашиш ичкарида, аммо ғоятда секин давом этди. Қайта қуриш даврида у қудратли тарзда намоён бўлди.

Аср бошида эса миллатпарварлик миллий тараққиёт жараёнини бошлаб берди ва уни ўз ортидан эргаштириб борди. Империячилар бу ҳодисани кейинчалик «миллатчилик» деб атадилар. Агар империячилар тушунчасидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар қандай миллатпарварлик бу — миллатчилик. Миллатчилик эса уларнинг тушунтиришлари бўйича, бу — ўз миллатини юқорига кўтариш, бошқа миллатларни камситиш, уларнинг ҳақларини ғорат қилиш, зўравонлик, бақироқлик, кибр-ҳаво, ўзини жаҳондан ажратиб ташлаш, маҳдудлик ва ҳоказо ва ҳоказолар. Қасоскорлик, жангарилик… — миллатчилик- да шундай хунук ва ўта ярамас иллатлар ҳам мавжуд. Лекин бу иллатларни айрим тоифаларда ким тарбиялайди? Фақат ва фақат империя. Империягина миллатчилик шундай сифатларга ва хусусиятларга эга бўлишидан манфаатдор. Фақат империягина бундай сифатлар ва хусусиятларни ҳар қандай қилиб бўлса ҳам урчитади, дам солади, «тарбиялайди», вояга етказади. Сўнг қирғинни шу баҳонада бошлайди. Шу баҳонада барча илғорларнинг бўйнини узади. Миллатчилик ҳақида жар солади. Уни ижтимоий ҳодиса қилиб кўрсатади ва унинг баҳонасида умуман миллатга қарши кураш олиб боради.

Шунинг учун биз миллатчилик мустамлакачиликдан ўсиб чиққанлиги ва мустамлакачиликнинг тарбиясини кўрганлигини сира унутмаслигимиз керак. Мустамлакачилик йўқолганда, таг-томири билан барҳам топганда, бундай жангари, қасоскор миллатчилик ҳам ўз-ўзидан барҳам ейди, тарих саҳифасидан тушиб кетади, миллат ҳаётидан ўчади. Чунки унга энди мутлақо эҳтиёж қолмайди.

Бизда миллатни англаш миллий туйғуларнинг кучли танқидидан бошланди. Миллат танқиди билан майдонга чиққан зиёлиларимизнинг ҳаммаси дунё мамлакатларини кўриб келдилар. Жаҳонда бораётган шиддатли ўзгаришлардан хабардор бўлдилар. Ўз ҳоллари ва аҳволларига назар солдилар. Шунда уларнинг кўзларига аламли, ачинарли, ҳақиқати аччиқ бир мамлакат намоён бўлди.

Улар миллатнинг ўзагига қарадилар. Ўзак соғлом эканлигини кўрдилар. Соғлом ўзакни қудратли ва яшовчан қилиш учун фақат ва фақат тарбия — миллий туйғулар ва миллий онгнинг мақсадга кучли йўналтирилган тарбияси зарурлигини англадилар.

Тарбияни улар миллий урф-одатларнинг шиддатли танқидидан бошладилар. Албатта, миллат урф-одатларсиз яшолмайди. Урф-одатлардан халос бўлолмайди. Урф-одатлар унинг ҳаётига маъно ва мазмун киритади, урф-одатларини тўлиқ адо этиб, ўзини инсон деб, инсонлик, миллатдошлик бурчини бажарган сингари сезади. Бу унга қониқиш ва фароғат бахш этади. Лекин фақат урф-одатларни адо этишнинг ўзи билангина чекланиш, чунончи, ҳаётни — тўйдан тўйгача, азадан — азагача, ҳайитдан — ҳайитгача деб билиш ва шу чегарадан чиқмаслик, шуни инсон турмушининг бош мезони каби тушуниш албатта миллатни ҳаддан ташқари чеклаб қўяди. Унинг ҳаётий, миллий манфаатларининг ўта торайиб қолишига олиб келади.

Манфаатларнинг чекланиши ўз навбатида хафсаласизликни келтириб чиқаради. Миллат миқёсида олганда, хафсаласизлик жуда оғир иллатга айланиб кетиши мумкин. Ёш Чўлпон ўзининг илк бадиаларидан бири ва ҳатто «Доктор Муҳаммадёр»да хафсаласизликни «хушёқмаслик» деб атаган эди. Унинг ёш қаҳрамони «Мунча хушёқмассизлар, биродарлар!» — деб ҳайқирган эди.

Хафсаласизлик — ғайратсизлик билан айтарли бир нарса. Лекин фарқи бор. Ғайратсизлик — меҳнатга, ҳаракатга, эл-юрт равнақи ва ободончилигига иштиёқларнинг сўниши бўлса, хафсаласизлик хам ана шу ғайратсизликни ҳам руҳий сўниклик, тушкунлик, келажакдан умид килмаслик, келажак учун курашмасликни ўз ичига олади.

Турли жуда мураккаб ва чигал сабаблар билан Туронзаминда кейинги уч аср мобайнида шундай хафсаласизлик ҳукм сурди. Урф-одатларни адо этишнинг ўзи билангина кифояланиш оқибатида хафсаласизлик тобора урф бўлди. Ўн тўққизинчи асрда у миллий миқёсдаги ҳодисага — миллий хафсаласизликка айланди. Чекка мамлакатга тобе бўлиб қолиш бу хафсаласизликни янада кучайтирди.

Илк ўзбек газеталари, журналлари, жамиятлари, илк босма китобчалари, кўшиқлари шу миллий хафсаласизликни қаттиқ танқидга олди.

1906 йилдан эътиборан дунёга кела бошлаган «Тараққий», «Хуршид» сингари миллий газеталар, илк миллий ғоялар кўгарилган шеърлар, қўшиқлар олти-етти йил ўтмай «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Оина» каби нашрларнинг миллат майдонига чиқишига туртки берди. Авлоний, Тавалло, Ҳамза каби шоирларнинг миллиятчилик руҳидаги илк китобчалари дунёга келди. Бу жиҳатдан айниқса, «Садои Туркистон» газетаси соясида чиққан «Сабзазор» миллий шеърлар тўплами Турон миллий адабиётининг кейинги ривожи учун катта аҳамият касб этди. «Сабзазор» оҳанглари ва ғояларидан руҳланади кейинги барча миллий шеърлар ва ашулалар тўпламлари, барча оқ гуллар ва барча сариқ гуллар…

«Сабзазор» ва ундан бир неча йил кейинроқ чиққан Таваллонинг «Равнақул ислом» шеърлар китоби янги ўзбек миллий адабиётининг майдони очилганидан ва бу адабиёт ўзига маърифий жанговарликни шиор қилиб олганидан дарак берди. Афсуслар бўлсинки, янги XX аср миллий адабиётимизни бошлаб берган бу китоблар узок замонлар ёддан чиқариб юборилди. Улар ўрганилмади. Уларнинг кейинги миллий адабиётнинг ҳаракатидаги ўрни ва аҳамияти аниқланмади. Қўрқитилган одамларда урф бўлиб кетган сиёсий хафсаласизлик бунга йўл бермади.

Ҳолбуки, булар янги миллат ҳаётини, ундаги ўзгаришларни қутлаган ва миллий хафсаласизликнинг барча турларига қарши танқид ўтини очган илк нашрлар эди.

Ҳозир «Сабзазор» 1914 йилда нашр қилинганига қарамай йўқ бўлиб кетиш даражасига келган. Мен уни қидириб, Шарқшунослик илмий текшириш институтининг кутубхонасидан топдим. Кутубхона илмий ходимларининг илтифотлари боис ўқишга муяссар бўлдим.

Китобча бор-йўғи ўттиз бетгина, у ҳам узуқ-юлуқ саҳифалардан тўпланиб, тўлдирилган, авайлаб ёпиштирилиб, бир бутун ҳолга келтирилган. Чамаси, бу хайрли ишни, бошқа кўп улуғ хизматлар қатори домла Носируф адо этган. Титул варағида у кишининг қўллари билан сана ва мундарижа дарж этилган. 17.XII — 62 йил санаси — таъмир санаси бўлса керак, кўрсатилган. Китоб сарлавҳасининг тагига «Садои Туркистон муштарийларига ҳадя» деб қайд этилган. Китобча кичкинагина шу сўзлар билан очилади: «Садои Туркистон» жаридасина шеър ёзуб тургон ёш шоирларимизнинг дарун дилларидан чиқаруб миллати исломиянинг аҳволи ҳозирасин гўзал суратда тасвир этгон «миллий шеърлари»ни миллат хотирасида абадан қолдирмак орзусинда аксарларини мусоадайи миллатпарвоналари ила бу рисола тартиб ўлинди». Шу сўзларнинг пастида имзо: «Жомеъи ва ношири Мунаввар Қори. Биринчи табъ. 1914 йил мелодий». Қўл билан ёзилган мундарижада Васлий, Сўфизода, Ҳамза, Абдулла Авлоний, Хислат, Тавалло, Ажзий, Мирмулла Шермуҳаммад, Хаёлий, Афандихон, Лайли хоним сингариларнинг жаридага табриклари ва миллий мавзудаги шеърлари жамланган. Авлоний ва Тавалло бир қанча шеърлари билан қатнашганлар.

«Сабзазор» бошдан-охир миллатга мурожаатдан иборатдир. У миллатни илмга тарғиб қилади ва эски, оёқларда кишан бўлиб ётган урф-одатлардан халос бўлишга даъват этади.

Аё, эй соҳиби урфон!
Ватан боғида фарёд эт
Отиб тошларун эски одатларни барбод эт —

дейди Авлоний илм касб этмакликда фарёд ва барбодга кучли урғу бернб. Унга Сўфизода ўз гўзал шеъри билан жўр бўлади:

Дод ўшал олим руҳонийдан,
Қўшди шариатга ўзи ёнидан.

Ҳурми эди? Дини азиз жонидан
Миллат учун кечмади ўз қонидан.

Қумрилар-у булбул-у бедоналар
Яхши ўқур, сиз ҳам ўқунг, оналар…

Эътибор қилинг, шоирларнинг мурожаатлари олимлар, руҳонийлар, соҳиб урфонларга қаратилган. Чунки улар миллатни шакллантиришда, унинг тарбияси ва демак, равнақида асос мавқега эгадирлар. Ва улар ўзларининг асосий бурчлари ҳамда ишларини йиғиштириб қўйганликлари учун янги замон шоирларининг аламли ўқларига нишонга айланадилар, Ўша пайтда — аср бошида миллатнинг энг яхши фарзандлари миллатнинг йўлидан хабарсизлик деворлари ва оғир тўсқинларини олиб ташлаш пайига тушдилар. Хабарсизлик ҳам миллий хафсаласизликнинг урф бўлишида жиддий сабаблардан бири бўлган ва бўлиб қолмоқда эди. Хабарсизликларни енгиб ўтишнинг биринчи чораси миллий газеталар чиқариш деган хулосага келдилар. Иван Гейернинг «Тараққий» деб номланган либерал газетаси ва сал кейин унинг заминида чика бошлаган Исмоил Обидийнинг «Тараққий»си миллий ҳаётда хабарсизликни енгиш йўлида илк қадамлар бўлди. Шоирлар газетага «миллат учун ҳақнинг эҳсони» деб қарайдилар. «Тараққий» шоирларни миллат йўлида ишлашга уюштирди. Улар миллат такдири устида жиддий бош қотира бошладилар. Тавалло «Сабзазор»даги шеърларидан бирида хабарсизликни қаро ер остига тириклай кириш билан баравар қўяди: «Ким хабарсиз бўлса ўздан нафс танпарвар бўлиб, бу қаро ер остиға қолғон балоға жонидур»… Бошқа бир шеърида эса у кўкларга ёлворади, миллат заифлиги ва касалликларининг сабабини фалакнинг тескари ишларидан кўради:

Фалак, бизга хабар бер, не учун эътибор этдинг
Жаҳонда жумла миллат ичра  бизни шармисор этдинг…

Хору зорлик, тубанлик, қолоқлик сабабларини ахтарганда, албатта ўша пайтлар кўп шоирларнинг ақллари шошган эди. Маърифатпарварларни иложсизлик қийнарди. Бошлари умуммиллий ожизлик деворларига бориб урилар ва шунда Тавалло каби: «Кўр ўлди кўз, аҳадо! Раҳм этиб кўзимни оч», деб кўкдан илтижо этардилар. Улар нажот излаб, нажотни илм-маърифатда кўрдилар. Ақллар ва онгларни тарбия қилсак, қоронғуликдан, кўр ва карликдан халос бўламиз деб қаттиқ умид қилдилар. Нажотни бошқа бир томондан миллий ҳаёт тарзини кучли танқид остига олишда ҳам кўрдилар.

Ўнлаб шоирлар, маърифатпарварлар, муаллимлар, уламолар хабарсизлик ва хафсаласизликка қарши отландилар.

Миллат онги ва туйғуларининг биллурланиши жараёнга кирди.

Миллий онг тарбияси бошланди. Миллий онгнинг биллурланишида газета, мактаб, турли жамиятлар биринчи даражали аҳамият касб этдилар. Миллий танқид биллурланишни янада кучайтирди.

Шоирлар маърифатни қанча куйласалар, жаҳолатдан шунчалик куйдилар. Зотан, жаҳолат ҳам хафсаласизликнинг узвий бир бўлаги эди. Мунаввар Қори 906- йилда «Бизни жаҳолат жаҳли мураккаб» деб чиқди. Жаҳолатнинг бош томирини қидириб, ўша пайтгача бўлган мактаб тарбиясига назар ташлади.

Мунаввар Қори ўша пайтдаги миллий мактаблар ёш болаларга фойдасиз илмларни ўқитиб, қимматли вақтларини зоеъ қилмоқда деб қайғурди. Мактабларда жами «Лавозимоти динияни билдурмак мумкин ўлғон ҳолда, — деб ёзади Мунаввар Қори ўша мақолада, — тўрт-беш йилғача ҳижжа усули бирла дунё ва охиратга фойдаси бўлмағон Фузулий, Навоий, Хожа Ҳофиз ва Бедиллар каби мушкул манзума китобларға умр азизини барбод этарлар…» Мунаввар Қори мактабларда ўқишларни ҳаёт учун нафи тегадиган, болаларни яшашга маънан ва руҳан тайёрлайдиган, уларни турмушга қобил қиладиган савияга кўтариш тарафдори бўлиб чиқади. Диний ва дунёвий илмларни теран ўргатиш ўрнига домлалар мактабда таги пуч нарсалар билан шуғулланадилар: «фалонни қоши қаро, кўзи қаро, юзи оқ, сўзи ширин деб, болаларни фасод ахлоқиға биринчи сабаб ўладурғон манзума китоблар ўлмиш», деб заҳарханда қилади Мунаввар Қори.

Албатта болаларнинг дидини ўстириш, уларга юксак шеъриятнинг нафосатини англатиш, муҳаббат уйғотиш ҳам ўз навбатида зарур. Лекин мактабда домлалар фақат шуларнинг ўзи билангина чекланиб қолсалар, бошқа кўпдан кўп, зарурдан зарур илмлар ўқитилмаса, болалар ҳаёт олдида албатта заиф бўлиб қоладилар, ўз тақдирлари ва мамлакат, миллат такдирини ечиш, ҳаракатга келтириш, уни ривож йўлига олиб чиқишдан ожиз қоладилар. Лекин фожиали жойи шундаки, деб таъкидлайди Мунаввар Қори, муаллимларнинг ўзлари болаларга нималар зарур эканлигини билмайдилар.

Мунаввар Қори мунозаранинг кескинлиги билан юқоридаги сўзларни айгади-ю, кейин фикрини яна бир- мунча юмшатади. Мен Фузулий, Навоий, Ҳофиз, Бедилларни таҳқирламоқчи эмасман. Уларни мутлақо бефойда демайман. Лекин ёш болаларга улардан таълим бериш фойдасиз демоқчиман, деб ёзади. Албатта бунда Мунаввар Қоридай мактаб, таълим ва нашр ишларида тажрибакор, омилкор одам ўз аниқ таклифларини ҳам ўртага ташлайди. Мисол учун болаларга Фузулий ўрнига илми қироат, Навоий ўрнига масойили эътиқодия, Хожа Ҳофиз ўрнига масойили амалиёт, Бедил бадалига илми ҳисоб ўқитилса, дин ва дунёси учун қанча фойдалар ҳосил қилиб, мусулмон ўлур, деб айтади.

Мунаввар Қори илмсизлик ва ғайратсизликдан бутун дунё олдида шарманда бўлиш эҳтимоли борлигидан огоҳлантиради. Миллат фойдаси учун жонини қурбон қилишга арзийдиган арслондек йигитларнинг умри бекор ўтаверса, миллат ночор аҳволга тушади, у бошқалар қўлида ўйинчоққа айланади.

Миллий мактабларда аҳволлар шундай бўлгач, уларда таҳсил кўриб чиққан кишилар ижтимоий ҳастда қандай эдилар, ҳаётга фаол муносабат уларда шаклланганмиди? Миллий онг нималардан озиқланарди?

«Тараққий» газетасининг эътиборли бош мақолаларидан бирида шулар тўғрисида фикр юритилади. 905-йилнинг шов-шувлари, ҳурриятпарварлик нашидалари ҳали босилмаган эди. Эзилган халқлар ўз озодликлари ҳақида қайғура бошладилар. Ана шундай шароитда «мусулмонлар на ҳолда эдилар?» — деб савол ташлайди газета.

Улар «қардошларига имдод қилдиларму?».

Газета ўз саволларига қониқарли жавоб тополмайди миллат ичидан. Бизнинг мусулмонларимиз ҳамма ҳуррият учун жон олиб, жон берганда тазйиқот ва таҳдидотлар остида уйларидан чиқмай ётдилар, жон сақладилар, деб ёзади «Тараққий». Зотан уларнинг қалбларига «қўрқоқлик аралашмиш эди». Улар истибдодни емириш палласи келганда бир иш қилолмадилар. Улар ҳолига жумла олам ҳайратланди. Нима, мусулмонларнинг ҳуррият ва адолатга эҳтиёжлари йўқмиди? — деб яна савол ташлайди «Тараққий». — Ёхуд асоратда қолмоқ истаюрларму?»

Газета бунга жавоб ахтаради. Мусулмонларнинг ҳурриятга муҳтожликлари майдондадур. Газета мулоҳаза юритиб, ниҳоят катта хулоса чиқаради: мусулмонларнинг бошларига тушган балоларнинг сабаби истибдод, дейди. Газетанинг нажот излаган кўзлари яна илм-фанга, таҳсилга, янги мақомдаги мактаб-мадрасаларга тушади.

«Тараққий»нинг 906-йилда жамият ўртасида ташлаган бу каби саволлари яна кўп йиллар майдонда турди. «Тараққий» тўхтаб қолганда, йиллар ўтиб саволлар бутун шиддати билан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Самарқанд» газетасига, «Оина» журналига кўчди. Беҳбудийнинг миллат ҳаётига доир йирик фикрларни ўртага ташлаган «Эҳтиёжи миллат» деган ажойиб мақоласи Мунаввар Қорининг 906-йилдаги «Бизни жаҳолат жаҳли мураккаб» мақоласидан етти йил сўнг чиқди.

Хўш, икки мақола орасидаги етти йилда Турон ва унинг халқи ҳаётида нима ўзгаришлар рўй берди? Етти йил ахир оз муддат эмас. Тўғри, бирмунча иқтисодий кўтарилишлар бўлди, газета-журналларнинг сони кўпайди. Уларга қизиқишлар ортди. Миллат ҳақида фикрлаш даражаси ўзгарди, миқёси кенгайди. Миллат ҳақида қайғуриш 913-917-йилларда баланд чўққиларга кўтарилди. 905-йилда англанмаган ҳодисалар энди теранроқ англанди. Мустақиллик шабадалари эсиб турар, бу вазиятни 905-йилдагидек яна бой бериб қўймаслик керак эди. Маърифатпарварлар буни жуда чуқур англардилар ва изтироб билан илм-маърифат учун курашардилар. Етти йил ичида маърифатпарварларимизнинг фикр доираси, мантиқи, баҳс қобилияти жуда кучайганлигинн шу икки мақола мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Бир миллатнинг аҳволи бошқа миллатлар аҳволига қиёсланганда яхши билинади. Маърифатпарварларимиз ўз асарларида қиёсий фикрлашга алоҳида эътибор берадилар. Қиёсий фикрлаш уларнинг энг севган қуролига айланади. Миллий онг тарбиясида маърифатпарварларнинг қиёсий фикрлаш тарзлари катта ижобий натижалар берди.

Солиштирилганда, маърифат юзасидан, орифлик ва хабардорлик, ҳаёт тарзининг даражаси юзасидан солиштирилди. Бу қиёслашлар миллатнинг аҳволини кенгроқ ва чуқурроқ кўриш, мулоҳаза этиш, хулосалар чиқаришга имкон берди.

Солиштиришда миллатнинг фойдаси кўзланди.

«Бошқа миллатларга қаралса, кўрилур-ки, — деб ёзади Беҳбудий «Эҳтиёжи миллат» мақоласининг бошиданоқ, — мунтазам мактаблари бор. Ва ул мактабда диний илм устинда дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёға турмак учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илм ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллат ларға поймол бўлур…»

Бошқа халқлар олдида поймол ва шарманда бўлмаслик йўллари ва чораларини ахтариш Мунаввар Қори, Беҳбудий, Авлоний, Тавалло сингари адибларнинг фикр ва ҳаракатлари марказида турди. Уларда миллат учун орият туйғуси жуда кучли намоён бўлганлигини ҳар бир сўзларида кузатишимиз мумкин.

Мунаввар Қори каби Беҳбудий ҳам миллат учун нажот қидиради. Унинг кўзи обод ва фаровон Европага тушади. Европанинг тараққиёт омиллари устида мунтазам фикр юритади. Европа илм, техника ва қонунларга қаттиқ риоя орқали шунчалар катта тараққиёт йўлига чиққанлигини қайд этади:

«50 сана муқаддамги замонда биз, туркистонликлар, якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар илан махлуг бўлдик. Шариат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоқға мажбурмиз».

Миллатпарварлар ҳеч қачон ажралиб, ўз қобиғига ўралиб яшаш фикрини тарғиб қилган ва ҳатто буни хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Аммо кейинги даврларнинг тарихчилари уларни «ажратиб олиш», «ўз қобиғига ўралиб яшаш»ни кўзлаганлик ва зўр бериб тарғиб этганликда айбладилар ва шу асосда уларни «миллатчи» деб атадилар, шу тамғани ўйлаб топдилар ва шу тамғани уларга узок муддат ёпиштириб келдилар. Энди маълум бўлдики, уларга қўйилган барча айблар мустамлакачилик сиёсатидан келиб чиқар ва мустамлакачиликни сақлашни кўзда тутарди.

Беҳбудий Европа томон қадам ташлаш тарафдори. Ўз урф-одатларига бурканиб яшашга тамомила қарши: «Замони собиқда фақат шариат билмак кифоя этарди. Энди қонун ва закунни билмоқ ҳам лозимдир…»

Бизнингча, «қонун» ва «закун» бир нарса. Лекин Беҳбудий бу тушунчаларни фарқлайди ва ёнма-ён ишлатади. Бу ўзбекча уй билан европача «дом»ни фарқлайдиган бўлганимиз каби шариат қонунлари билан европача дунёвий қонунларни фарқлаб, «закун» дейди. Маърифатчилар миллатни мана шундай ҳам янги, ҳам анъанавий қонунлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор бериб қарайдилар. Одамнинг қандайлиги унинг қонунларга қандай муносабатда эканлигидан билинади. Қонунлар миллатни интизомли ва якнафас қилади.

Лекин қонун доирасида яшайдиган миллат бўлмоқ учун аввал уларни яратиш, уларни ўзлаштириш, яъни қонунлар билан маърифатли бўлиш эҳтиёжи туради миллат олдида. Беҳбудий қонун асоспда ижтимоий ҳаётда европача усул-идорага устиворлик беради.

Замонавий дорилфунунларда ўқиган, «замон фақиҳи» бўлиб етишган одамлар, — деб давом этади муфти ҳазратлари, — «Суд маҳкамаларида, давлат доираларинда кириб, ҳар бир ҳуқуқшунос ўз муваккили ва ўз миллати ва ўз ватани ва ўз давлатининг нафига сўйлашур, мудофаа қилур…»

Беҳбудий наздида ўзни англаш — ўз ҳуқуқларини англаш ва ҳуқуқ тарбиясидан бошланади. Шунинг учун заршунос, қадршунос адиб келтирилган парчада «ўз» сўзига алохида урғу беради. Қонунларга риояни ўзликни англаш, билиш билан боғлайди. Маърифатчилар ўзликни англашни миллий тарбияда жуда юқори ўринга қўядилар. «Ўз миллати, ўз ватани, ўз давлати» — мана шулар шахсни шахс қилади, шахсни мана шулар миллатнинг бир ориф парчасига айлантиради. Ва мана шулар миллатга — миллат унвонини беради.

Ҳуқуқларни билиш, улар асосида яшаш, ўзликни тўла ва теран тушуниб етиш — миллат туйғулари ва онгининг шаклланишида биллурланишнинг кўринишларидир. Олмос биллурлана-биллурлана ёмби тусга киради ва унинг ҳар бир зарра биллури ёмбининг барча хусусиятларини акс эттиради. Биллурланиш кучайган сайин ёмбининг қиррадорлиги ҳам ранг-баранг шакл олади, у ўз зарралигида ҳам, ёмбилигида ҳам бутун — яхлит ҳодисага, миллатга нисбатан айтилганда эса, тарихий ҳодисага айланади.

Беҳбудийнинг хаёли ўша пайтдаги Давлат Думасига тортилган. У «замон фақиҳлари» Давлат Думасида ўтириб миллат ва миллий давлат манфаатларини ҳимоя қилишларини истайди. Шунда миллат ишларини дунё танийди, хабардор бўлади.

Лекин афсуски, деб қайд этади адиб, «шундай одам бизда йўқ». Миллат илм, фан, қонун, тил билмаса, ҳаётга юксак манфаатли тус берадиган турли мутахассислар бўлмаса, ҳар қадамда оғир фириб ейиши мумкинлигидан адиб огоҳлантиради ва бу тўғрида изтиробга тўлиб сўз юритади. «Ахир, муҳандис, инженер, техник бўлиш ҳаммолликдан яхши-ку!» — деб дард чекади Беҳбудий.

Маърифатчилар Туроннинг жуда бой мамлакат эканлигини яхши тасаввур қилардилар. Лекин бу Худо берган бойликлар нега миллат учун ҳаракатсиз ётади? Нега унинг меваси, дон-дуни, зироати, тупроғи, маданларидан бошқалар фойдаланиб, бойиб, миллатнинг ўзи эса улардан ўз корига манфаат кўролмайди?

Уқувсизликдан ҳеч бир иш қилолмаймиз, деб нола чекади адиб. У илк бора Европа бозорларига чиқиш масаласини қўяди. Лекин бунинг бир муҳим шарти бор. Европа билан савдо қилиш учун, дейди адиб, аввал жуда бўлмаганда, ўн йил гимназияда ўқиш керак. Адиб муайян йўлларни ҳам таклиф этади: «бизда шоҳи, адрас, беқасам, олача… бофликлар бор, — деб ёзади муфти ҳазратлари, — агарда бир нафар техник ва муҳандисимиз бўлса, бу дастгоҳларни ислоҳ этар, аҳоли обод бўлур, ва илло, яқин вақтда (хоса дока) бофиларимиздек зое бўлуб кетар. Чунки Оврупо янги асбоб ила мундин яхши қилиб чиқарур»… Бу сўзларни ўқиб, Фитратнинг «Сайёҳ ҳинди»си эсимга тушади. Ёдингиздами, сайёҳнинг Қаршида моҳир алоча тўқувчи ҳунарманд билан касбнинг ривожи ҳақида тузган баҳслари… Бу адиблар миллатни миллат қилиш жабҳасида сафланиб, якдил турганликларидан ва маълум бир мавзуларни қайта-қайта ўртага қўйишдан чекинмаганликларини кўрсатади.

Беҳбудий, Фитрат, Мунаввар Қори, Авлоний ўз миллат тарбиясига қаратилган таҳлилларини янада ишонарли қилиш учун ўтмишга мурожаат қиладилар. Ўтмишдан фахрли, соғлом илдизларни топадилар. Шу билан бирга миллатнинг замонга мослашолмай қийналаётгани сабаблари устида тўхталадилар.

«30 сана муқаддам, — деб ёзади Беҳбудий, — Самарқандни Йоми маҳалласида (300) алочабоф ишчи бор эди. Алон, ўттиз нафар йўқ. 10 сана сўнгра тамом маҳв бўлур.

Хулоса, мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замонча ислоҳи лозимдур. Илло, ҳар нимарсамиз қўлдан кетар, бизда муздурликдан бошқа иш қолмас. Ер ва ускана, дўкон ва саройни ишлатмоқға ҳам илм замоний ва замона шумлигини билмоқ лозим. Ва илло, биздан дунё илмини яхши билатурганларга мулк ва асбобимиз ўтар ва ўтуб турубдур»…

Қанчалар замонавий ва қанчалар илғор, соғлом, салмоқли фикрлайди устод Беҳбудий! Ва қанчалар узоқни кўрган эканлар бу маърифатчиларимиз!

Нажот излаган Беҳбудийнинг кўзи мамлакат бойларига тушади. Бошқа миллатларнинг бойлари фақирлар ва етимлар учун мактаблар, дорилфунунлар солиб берадилар, замонавий касалхоналар очадилар, жамияти хайриялар тузадилар, стипендиялар тайинлайдилар ва мил¬лат бундай ишлар билан фахрланади, жуда катта манфаат кўради.

Беҳбудий қайғуриб ёзади:
«Бизникилар жуфта оти ила, аробаси ила, тўйи ила ва … си илами фахр этар?»

Беҳбудий миллат олдига замона одамлари бўлиш, замoна одамлари қаторига кириш вазифасини қўяди. Бунинг учун миллат қисқа муддатларда ўз орасидан кўплаб ақл эгалари, муаллимлар, инженерлар, врачлар, техник ходимлар, ҳуқуқшунослар, замона тожирларини етиштириб чиқариши керак. «Шулар боис бўлиб, давлат ишига кирармиз», шулар боис бўлиб, «халойиқни барбод эта турган тўйлардан халос бўлармиз», деб умид қилади Беҳбудий.

Миллат тараққийси ҳақида қайғуриш — миллат тарбияси, миллий онг ва туйғулар, равиш-рафторлар, дид- фаросатлар тарбияси ҳақида қайғуриш ҳамда саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғланиб кетди. «Самарканд» газетаси 1913 йил 30 июлда чиққан сонида масалани худди шу тарзда қўйди. У «Миллатлар қандай тараққий этарлар?» — деган саволни жамоатга ташлади. Ва шундай хулоса чиқарди: «Миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур… Бугун ислоҳ миллатга кўшиш қилинмаса рабъ аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бу кунгиларга қолур»…

Шундай қилиб, миллатни шу уч қоя: ахлоқ, фазл ва ҳунар воситасида шакллантириш, қиёфали қилиш, жаҳонга олиб чиқиш масъулияти қўйилди. Миллатнинг ўзи ҳам шу уч нарсанинг бирлигидан бунёд бўлиши белгилаб олинди.

Шу уч олмоснинг биллурланиши, биллурланган, емирилмас қирралари билан томирни пажмурда қиладиган хафсаласизлик, масъулиятсизлик, журъатсизлик ва уларни келтириб чиқарадиган нарсалар, чунончи, ўтмиш тарих ва меросга лоқайд қараш, ўз тарихий анъаналарини ҳурмат қилмаслик, маънавий-ахлоқий ишончсизлик, миллат шарафи учун кураш туйғусининг кучсизланиши — миллий жасоратнинг поймол бўлиши кабиларга жиддий, мунтазам қарши турди.

Беҳбудий ўз мақолаларидан бирида: «Мозий истиқболнинг тарозусидур. Ҳар ким ўлчасун-да, билсун!» — деб ёзган эди. Мозий бизга ибрат кўзи билан боқади. Албатта, бугунги миллатнмиз кечаги миллат эмас, тараққиёт ўз самараларини берган.

Бугун миллат ўз маърифатчилари орзу қилган ишларга қадам-бақадам яқинлашмоқда, эришмоқда, барча замонавий сохаларда аста ўз миқёсларига эга бўлмоқца. Бу жараён мустақиллик шарофати билан, узоқни кўзлаган оқил, вазмин, ишончли сиёсат шарофати билан хийлагина тезлашди.

Энг яхши миллий тарбия — бу умуминсоний тарбия ҳамдир. Мустақил Ўзбекистонда миллий тарбиянинг ана шундай йўли асос қилиб олинмоқда. Яна қайтараман: энг яхши миллий тарбия бу — умуминсоний тарбия ҳамдир. Бизда миллий тарбиянинг жуда мўътабар тажриба мактаблари мавжуддир. Бу мактабларда тинимсиз ўрганмоқ ва тинимсиз ўқимоқ лозим келади.

Миллат ҳақиқатан ҳам аввало — фазл, ҳунар ва ахлоқдир. Шу ишларга қодир бўлганлар доим ютуқдадир.

Жамиятимизда маънавий-ахлоқий асослар ва ижтимоий-инсоний қадриятлар қайта бунёд бўлаётган бир пайтда яқин ўтмишимизнинг ғоятда ўзига хос маданий- маърифий тажрибаларига кенг назар ташлаш, уларни ҳар томонлама ўрганиш келажак наслларнинг хато қилмай яшашлари учун хизмат қилади. Асримиз бошларида то Туркистон мухториятига бўлган бениҳоя эътиборли бир даврда мамлакатимизда Европа маданиятини ўрганиш, янги усулдаги мактаблар очиш, газета, журналлар нашр этиш, театр ва санъат ишларини андак бўлса-да йўлга қўйиш учун ҳаракатлар бўлди. Аср бошидаги маданий-ижтимоий ҳаракатда «Таржумон», «Тараққий» сингари газеталар билан бир қаторда машҳур ҳуқуқшунос ва жамоат арбоби Убайдулла Асадуллахўжаев нашр этган ва муҳаррирлик қилган «Садои Туркистон» газетаси ҳам фаол қатнашди, мамлакатни уйғотиш, ғафлат ва жаҳолатдан хал ос қилишда бебаҳо рол ўйнади. Айтиш мумкинки, у ўзи чиқиб турган 1914—1915 йиллар орасида маданий-маърифий уйғонишнинг бошида турди. Унинг биринчи сони «Таржумон »нинг ўттиз йиллиги муносабати билан 1914 йил 1 апрелда дунё юзини кўрди. Унинг чиқиб улгурган олтмишдан ортиқ сони миллий уйғониш ҳаракатининг мақсад хамда вазифаларини ўрганиш ва ибрат олишда бир хазина дейишлик мумкин. «Садои Туркистон»нинг чиққанига саксон йил тўлди. Бу мақола ўша миллатнинг мунавварлиги учун курашган, миллат қаҳрамонлари бўлган боболарнинг хотираси учун ёзилди.

Ashampoo_Snap_2016.12.15_18h37m40s_003_.pngIbrohim G‘afurov
MILLATNING BILLURLANISHI
084

   Ibrohim G‘afurov 1937 yil 27 dekabrda Toshkentda hunarmand oilasida tug‘ildi. 1956-1961 yillarda SAGU (hozirgi O‘zMU) ning filologiya fakultetida o‘qidi. 1961-1982 yillarda Davlat badiiy adabiyot nashriyotida kichik muharrir, tahririyat mudiri, bosh muharrir o‘rinbosari lavozimlarida ishladi.
Ibrohim G‘afurov “Go‘zallikning olmos qirralari” (1964) “Unitilmagan bog‘” (1965), “Joziba” (1970), “Yonar so‘z” (1973), “Yam-yashil daraxt” (1976), “Yurak -alanga” (1980). “Lirikaning yuragi” (1982), “She’riyat — izlanish demak” (1984), “O‘ttiz yil izhori” (1987), “Til erkinligi” (1998) singari adabiy tanqidiy, badia kitoblar muallifi. U «Hayo — xaloskor», «Mangu latofat» va boshqa bir qator badialari va mansuralari jamlangan kitoblari bilan e’tibor qozondi.
Ibrohim G‘afurov jahon adabiyotining yetuk namoyandalari: Doctoyevskiyning “Jinoyat va Jazo”, “Telba”, “Qimorboz” , Mopassanning “Azizim”, Hemingueyning “Alvido, qurol”, “Chol va Dengiz”, Chingiz Aytmatovning “Qiyomat”, “Chingizxonnig oq buluti” Jeyms Joysning «Uliss» kabi asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.
I. G‘ofurov filologiya fanlari nomzodi (1973), O‘zbekiston yoshlari mukofoti (1989) laureati, “Do‘stlik” ordeni sohibi (1995).

084

Millat deganda biz nimani anglaymiz?

Millat qachon yuzaga keladi?

Xalq deganda nimani tushunamiz-u, millat deganda nimani tushunamiz?

Bu savollarga jahonning ko‘p jamiyatshunos faylasuflari javob berishga, ta’riflar aytishga harakat qilib kelganlar. Bundan keyin ham bunday harakatlar to‘xtamaydi. Millat haqidagi o‘zimizga yaqinroq manbalardan chiqqan bir tushunchaga to‘xtalib o‘tay. Muqtadir turk allomalaridan biri Ziyo Ko‘kalp o‘z asarlaridan birida millat va uning ma’ruf doirasi xususida fikr yuritib quyidagilarni aytadi:

Millat jo‘g‘rofiy hududlar bilan belgilanmaydi (chunonchi, yer yuzining turli yerlarida bir millatga mansub odamlar yashayveradilar);

Millat irq emas va qavm ham emas; millat bir imperiya hududida yagona umumiy siyosat bilan yashaydigan odamlar to‘dasi ham emas;

Millat xohishga ko‘ra mansub bo‘linadigan yoki xohishga ko‘ra undan chiqiladigan jamoa ham emas.

«Unda millat nima? — deb o‘ziga o‘zi savol beradi olim va shunday maroqli javob aytadi: — Millat bu — tarbiyasi va tili bir — umumiy bo‘lgan odamlardan iborat madaniy-ma’naviy kategoriya. Kishi yon-atrofidagi istagancha odamlar bilan emas, balki o‘zi bilan bir ona til va bir xil tarbiyaga ega odamlar bilan yashashni istaydi. Zero, inson shaxsi uning taniga emas, ruhiga taalluqlidir. Bizning moddiy, jismoniy xususiyatlarimiz irqimiz bilan bog‘liq bo‘lsa, bizning ruhiy-ma’naviy sifatlarimiz biz tarbiyalangan jamiyatda shakllanadi».

Ko‘kalp til, din, huquq, axloq va ijod milliy xarakterga ega deb biladi. Bular jam bo‘lib, o‘zaro chatishib, qo‘shilib madaniyatni tashkil etadi. Millat — madaniy-ruhiy substansiya. U umumiy ma’naviy madaniyatning egasi va binokoridir. («Milliy yegitim va kultur», 1985, 35-son; A. Mustafoyev. «Natsionalnыye otnosheniya v SSSR v trudax tureskix avtorov». Boku, «Elm», 1990) Rostdan ham, Xudoga oson edi hamma odamlarni bir xil qilib yaratsa. Lekin tabiatda Xudo qushlar, baliqlarii qanday rang-barang qilib yaratgan bo‘lsa, odamlarni ham shunday rang-barang qildi. Ularga turli mo‘’jiz til va turfa odatlar ato etdi. Lekin odam bolalarining jismoniy qurilishida, — odamni bino deb olsak, — odamning binosida xilma-xillikka yo‘l qo‘ymadi. Bu tomondan hammani bir-biriga teng qildi. O‘ksitadigan, yerga uradigan hech narsaga yo‘l qo‘ymadi. Odamlar jismonan emas, ruhan farqlandilar. Tarbiyalar turlicha bo‘ldi.

Lekin millatlarning shakllanishi va yuzaga chiqishi juda-juda uzoq va hatto ko‘z ilg‘amas jarayonlarda kechadi. Bu jarayonlar hech qachon to‘xtamaydi. Mana, Amerikada uch yuz yildan beri milliy jarayonlar davom etadi. Ozodlik va demokratiya g‘oyalari tarbiyasida u yerda yangi bir millat — amerikalik dunyoga keldi. Endi u yerda millat surishtirmaydilar. Lekin o‘zlarining amerikalik ekanliklari bilan o‘ta faxrlanadilar va Amerika uchun jonlarini fido etishga, qo‘llaridan kelgan barcha ma’rifatli ishlarni jonbozlik bilan ado etishga tayyor turadilar. Ular shiorlar tashlamaydilar. Balki ishlaydilar. Eng ulug‘ shiorlar esa dillarida tarbiya topgan, ozodlik va demokratiya bilan bog‘liq barcha g‘oyalar ularning tabiatiga aylangan.

Bu hodisa ham Ziyo Ko‘kalp o‘z ta’rifida qanchalar haq ekanligiga yana bir salmoqli dalil.

Ko‘kalpning fikri bilan tanishmasdan ilgari millatning asos belgisi uning ma’rifatida va tilida deb o‘ylardim. Ilohiy Qur’onda bir necha marotaba aytilgan «Ibrohim millati» degan tushuncha bor. Bunda millat deganda to‘g‘ri yo‘l topgan odamlar tushunilgan: Xudoning yagona yaratuvchiligini tan olib faqat ungagina iymon keltiradigan, boshqa narsalarga — ularning qanday mahobatga egaligidan qat’i nazar, sig‘inmaydigan odamlar. Bunda ham, e’tibor bering, millat tushunchasi e’tiqodga ega bo‘lish, ya’ni ma’rifatli bo‘lishga qarab belgilangan. Ehtimol, millatning zamirida ma’rifat tushunchasi yotar, axir til ham asos-e’tibori bilan ma’rifat-ku: dunyoni bilish-ku, tushunish-ku, muomala-munosabat-ku! Muomala-munosabat ham to‘laligicha ma’rifatga mansub. Albatta, keyinchalik, ayniqsa, ijtimoiy, madaniy, ilmiy, iqtisodiy taraqqiyot insoniyat hayotida juda yuksak cho‘qqilarga ko‘tarilgan o‘n to‘qqizinchi asrdan boshlab «millat» tushunchasi kengaydi, boyidi, ifoda diapazoni ravshanlashdi.

Xalqning merosiy ma’rifati va merosiy madaniyati zamon-zamonlar osha boshqa xalqlarning madaniyatlari va udumlari bilan boyib, oqibat uzluksiz taraqqiy qilib boruvchi milliylik vujudga keladi.

Millat — xalqning madaniy-ma’rifiy o‘ziga xosligidir. Milliylik millatning o‘ziga xosligidir. Millat ham, milliylik ham o‘z doirasida o‘zgarib, yangidan yangi sifat belgilari topib boradi.

Qadimgi turkiylar shaharlarda va qishloqlarda yashovchilarni «ulush» der ekanlar. Balki «ulus» so‘zi «ulush»dandir. «Millat» so‘zi bizga arab tili orqali, «Qur’on» madaniyati orqali kirgan. Agar ulush tushunchasini ko‘chmanchilikka nisbatan olg‘a tashlangan taraqqiyot belgisi deb hisoblasak, unda «ulus» so‘zi «millat» tushunchasiga to‘g‘ri keladi.

Xullas, til, tarbiya va ma’rifat bilan millat maydonga chiqadi. Millat xalqqa yoxud avomga xos tarqoqlikning tugaganligidir. Davlatchilikning mustahkam va tebranmas tarzda shakllanganligidir.

Xalqning barcha o‘z ishlarini o‘zi bir yoqadan chiqarib qilishga qodirlik kasb etishi — uning millat bo‘lganligi belgisi va ko‘rsatkichidir.

Imiyeriyalar ko‘pincha millatlar va ularning o‘ziga xosliklarini yemirib tashlashga yoxud xaspo‘shlashga, uni juda yuzaki va hech narsaga arzimas bir hodisaga aylantirib ko‘rsatishga moyil bo‘lganlar. Imperiyalar agar ular bir millatning gegemonligi bayrog‘i ostida tuzilmagan bo‘lsalar, doim millat va milliy hodisalarni mahv etganlar. Milliy gegemonlik uchun tuzilgan quroq imperiyalar ham boshqa millatlarni kamsitish, ularni qirib tashlash, kelajagidan mahrum qilish yo‘lini tutganlar va shuning uchun ham ular uzok davom etmay, parchalanib ketishga mahkum bo‘lganlar.

Imperiyalar milliy ongning uyg‘onishidan o‘t-suv balosidan qo‘rqqan kabi qo‘rqqanlar. Barcha ozodlik kurashlarida milliy ongning tutgan o‘rni alohidadir. Milliy ongning uyg‘onishi — vatanparvarlikning uyg‘onishi, ozodlik ishtiyoqining uyg‘onishi, o‘z haq-huquqlarini tanishning boshlanishi demak edi. Har qanday imperiya mana shu qudratli kuchlarning zarbalaridan halokatga uchraganligini tarix ko‘p marotaba isbotlagan.

O‘n to‘qqizinchi asr oyoqlaganda va yigirmanchi asr avvallarida Turonzaminda, bir tomondan, mustamlakachilik tamoyillari ta’sirida, ikkinchi tomondan, dunyodan xabardorlik jarayonlarining boshlanishi sharofati bilan ma’rifatchilik harakati kuchaydi. Ma’rifatchilik harakati o‘z-o‘zidan milliy harakatlarni yuzaga chiqardi.

Ma’rifatparvarlik — millatparvarlik bilan tutashib ketdi. Ularni bir-biridan ajratib bo‘lmasdi. Millatparvarlik — tarbiya bilan millatni taraqqiyotning ilg‘or pog‘onalariga ko‘tarish, xalqni taraqqiyot yo‘liga olib chiqish degan ma’noni anglatadi. Asr boshida va undan keyin Turonda maydonga chiqqan ziyolilar millatparvarlikni shunday tushunar va uni ma’rifatparvarlikning o‘zak tomiri deb tasavvur qilardilar.

Bir zamon fransuz olimasi Elen Karrer D’Ankosning 1990-yilda Parijda nashr etilgan «Millatlarning zafari…» (La gloire des nations ou La fin de l’empire soviétique) degan kitobi haqida o‘qigan edim. U imperiyalarniig qulashini ilmiy isbotlab bergan ekan. Ankos qayta qurish davrida bizning Osiyoda borayotgan jarayonlarni tahlil qilib, shu asosda «O‘rta Osiyoda milliy tuyg‘ularning billurlashuv hodisasi ko‘zga tashlanmoqda», deb yozgan edi.

Bu nihoyatda topib aytilgan va hodisani naq to‘la qamrab olgan gap. Lekin «billurlashish» bizda ertaroq, XX asr boshlarida kurtaklagan va g‘oyatda tezlashgan edi. Imperiyacha to‘xtovsiz, uzluksiz o‘tkazilgan qatliomlardan so‘ng billurlashish to‘xtadi. Billur qonga botirildi. Qon qotdi va billur ko‘rinmay ketdi. Hamma billur mahv bo‘ldi, tugadi, deb o‘yladi. Billurlashish ichkarida, ammo g‘oyatda sekin davom etdi. Qayta qurish davrida u qudratli tarzda namoyon bo‘ldi.

Asr boshida esa millatparvarlik milliy taraqqiyot jarayonini boshlab berdi va uni o‘z ortidan ergashtirib bordi. Imperiyachilar bu hodisani keyinchalik «millatchilik» deb atadilar. Agar imperiyachilar tushunchasidan kelib chiqadigan bo‘lsak, har qanday millatparvarlik bu — millatchilik. Millatchilik esa ularning tushuntirishlari bo‘yicha, bu — o‘z millatini yuqoriga ko‘tarish, boshqa millatlarni kamsitish, ularning haqlarini g‘orat qilish, zo‘ravonlik, baqiroqlik, kibr-havo, o‘zini jahondan ajratib tashlash, mahdudlik va hokazo va hokazolar. Qasoskorlik, jangarilik… — millatchilik- da shunday xunuk va o‘ta yaramas illatlar ham mavjud. Lekin bu illatlarni ayrim toifalarda kim tarbiyalaydi? Faqat va faqat imperiya. Imperiyagina millatchilik shunday sifatlarga va xususiyatlarga ega bo‘lishidan manfaatdor. Faqat imperiyagina bunday sifatlar va xususiyatlarni har qanday qilib bo‘lsa ham urchitadi, dam soladi, «tarbiyalaydi», voyaga yetkazadi. So‘ng qirg‘inni shu bahonada boshlaydi. Shu bahonada barcha ilg‘orlarning bo‘ynini uzadi. Millatchilik haqida jar soladi. Uni ijtimoiy hodisa qilib ko‘rsatadi va uning bahonasida umuman millatga qarshi kurash olib boradi.

Shuning uchun biz millatchilik mustamlakachilikdan o‘sib chiqqanligi va mustamlakachilikning tarbiyasini ko‘rganligini sira unutmasligimiz kerak. Mustamlakachilik yo‘qolganda, tag-tomiri bilan barham topganda, bunday jangari, qasoskor millatchilik ham o‘z-o‘zidan barham yeydi, tarix sahifasidan tushib ketadi, millat hayotidan o‘chadi. Chunki unga endi mutlaqo ehtiyoj qolmaydi.

Bizda millatni anglash milliy tuyg‘ularning kuchli tanqididan boshlandi. Millat tanqidi bilan maydonga chiqqan ziyolilarimizning hammasi dunyo mamlakatlarini ko‘rib keldilar. Jahonda borayotgan shiddatli o‘zgarishlardan xabardor bo‘ldilar. O‘z hollari va ahvollariga nazar soldilar. Shunda ularning ko‘zlariga alamli, achinarli, haqiqati achchiq bir mamlakat namoyon bo‘ldi.

Ular millatning o‘zagiga qaradilar. O‘zak sog‘lom ekanligini ko‘rdilar. Sog‘lom o‘zakni qudratli va yashovchan qilish uchun faqat va faqat tarbiya — milliy tuyg‘ular va milliy ongning maqsadga kuchli yo‘naltirilgan tarbiyasi zarurligini angladilar.

Tarbiyani ular milliy urf-odatlarning shiddatli tanqididan boshladilar. Albatta, millat urf-odatlarsiz yasholmaydi. Urf-odatlardan xalos bo‘lolmaydi. Urf-odatlar uning hayotiga ma’no va mazmun kiritadi, urf-odatlarini to‘liq ado etib, o‘zini inson deb, insonlik, millatdoshlik burchini bajargan singari sezadi. Bu unga qoniqish va farog‘at baxsh etadi. Lekin faqat urf-odatlarni ado etishning o‘zi bilangina cheklanish, chunonchi, hayotni — to‘ydan to‘ygacha, azadan — azagacha, hayitdan — hayitgacha deb bilish va shu chegaradan chiqmaslik, shuni inson turmushining bosh mezoni kabi tushunish albatta millatni haddan tashqari cheklab qo‘yadi. Uning hayotiy, milliy manfaatlarining o‘ta torayib qolishiga olib keladi.

Manfaatlarning cheklanishi o‘z navbatida xafsalasizlikni keltirib chiqaradi. Millat miqyosida olganda, xafsalasizlik juda og‘ir illatga aylanib ketishi mumkin. Yosh Cho‘lpon o‘zining ilk badialaridan biri va hatto «Doktor Muhammadyor»da xafsalasizlikni «xushyoqmaslik» deb atagan edi. Uning yosh qahramoni «Muncha xushyoqmassizlar, birodarlar!» — deb hayqirgan edi.

Xafsalasizlik — g‘ayratsizlik bilan aytarli bir narsa. Lekin farqi bor. G‘ayratsizlik — mehnatga, harakatga, el-yurt ravnaqi va obodonchiligiga ishtiyoqlarning so‘nishi bo‘lsa, xafsalasizlik xam ana shu g‘ayratsizlikni ham ruhiy so‘niklik, tushkunlik, kelajakdan umid kilmaslik, kelajak uchun kurashmaslikni o‘z ichiga oladi.

Turli juda murakkab va chigal sabablar bilan Turonzaminda keyingi uch asr mobaynida shunday xafsalasizlik hukm surdi. Urf-odatlarni ado etishning o‘zi bilangina kifoyalanish oqibatida xafsalasizlik tobora urf bo‘ldi. O‘n to‘qqizinchi asrda u milliy miqyosdagi hodisaga — milliy xafsalasizlikka aylandi. Chekka mamlakatga tobe bo‘lib qolish bu xafsalasizlikni yanada kuchaytirdi.

Ilk o‘zbek gazetalari, jurnallari, jamiyatlari, ilk bosma kitobchalari, ko‘shiqlari shu milliy xafsalasizlikni qattiq tanqidga oldi.

1906 yildan e’tiboran dunyoga kela boshlagan «Taraqqiy», «Xurshid» singari milliy gazetalar, ilk milliy g‘oyalar ko‘garilgan she’rlar, qo‘shiqlar olti-yetti yil o‘tmay «Sadoi Turkiston», «Sadoi Farg‘ona», «Oina» kabi nashrlarning millat maydoniga chiqishiga turtki berdi. Avloniy, Tavallo, Hamza kabi shoirlarning milliyatchilik ruhidagi ilk kitobchalari dunyoga keldi. Bu jihatdan ayniqsa, «Sadoi Turkiston» gazetasi soyasida chiqqan «Sabzazor» milliy she’rlar to‘plami Turon milliy adabiyotining keyingi rivoji uchun katta ahamiyat kasb etdi. «Sabzazor» ohanglari va g‘oyalaridan ruhlanadi keyingi barcha milliy she’rlar va ashulalar to‘plamlari, barcha oq gullar va barcha sariq gullar…

«Sabzazor» va undan bir necha yil keyinroq chiqqan Tavalloning «Ravnaqul islom» she’rlar kitobi yangi o‘zbek milliy adabiyotining maydoni ochilganidan va bu adabiyot o‘ziga ma’rifiy jangovarlikni shior qilib olganidan darak berdi. Afsuslar bo‘lsinki, yangi XX asr milliy adabiyotimizni boshlab bergan bu kitoblar uzok zamonlar yoddan chiqarib yuborildi. Ular o‘rganilmadi. Ularning keyingi milliy adabiyotning harakatidagi o‘rni va ahamiyati aniqlanmadi. Qo‘rqitilgan odamlarda urf bo‘lib ketgan siyosiy xafsalasizlik bunga yo‘l bermadi.

Holbuki, bular yangi millat hayotini, undagi o‘zgarishlarni qutlagan va milliy xafsalasizlikning barcha turlariga qarshi tanqid o‘tini ochgan ilk nashrlar edi.

Hozir «Sabzazor» 1914 yilda nashr qilinganiga qaramay yo‘q bo‘lib ketish darajasiga kelgan. Men uni qidirib, Sharqshunoslik ilmiy tekshirish institutining kutubxonasidan topdim. Kutubxona ilmiy xodimlarining iltifotlari bois o‘qishga muyassar bo‘ldim.

Kitobcha bor-yo‘g‘i o‘ttiz betgina, u ham uzuq-yuluq sahifalardan to‘planib, to‘ldirilgan, avaylab yopishtirilib, bir butun holga keltirilgan. Chamasi, bu xayrli ishni, boshqa ko‘p ulug‘ xizmatlar qatori domla Nosiruf ado etgan. Titul varag‘ida u kishining qo‘llari bilan sana va mundarija darj etilgan. 17.XII — 62 yil sanasi — ta’mir sanasi bo‘lsa kerak, ko‘rsatilgan. Kitob sarlavhasining tagiga «Sadoi Turkiston mushtariylariga hadya» deb qayd etilgan. Kitobcha kichkinagina shu so‘zlar bilan ochiladi: «Sadoi Turkiston» jaridasina she’r yozub turgon yosh shoirlarimizning darun dillaridan chiqarub millati islomiyaning ahvoli hozirasin go‘zal suratda tasvir etgon «milliy she’rlari»ni millat xotirasida abadan qoldirmak orzusinda aksarlarini musoadayi millatparvonalari ila bu risola tartib o‘lindi». Shu so‘zlarning pastida imzo: «Jome’i va noshiri Munavvar Qori. Birinchi tab’. 1914 yil melodiy». Qo‘l bilan yozilgan mundarijada Vasliy, So‘fizoda, Hamza, Abdulla Avloniy, Xislat, Tavallo, Ajziy, Mirmulla Shermuhammad, Xayoliy, Afandixon, Layli xonim singarilarning jaridaga tabriklari va milliy mavzudagi she’rlari jamlangan. Avloniy va Tavallo bir qancha she’rlari bilan qatnashganlar.

«Sabzazor» boshdan-oxir millatga murojaatdan iboratdir. U millatni ilmga targ‘ib qiladi va eski, oyoqlarda kishan bo‘lib yotgan urf-odatlardan xalos bo‘lishga da’vat etadi.

Ayo, ey sohibi urfon!
Vatan bog‘ida faryod et
Otib toshlarun eski odatlarni barbod et —

deydi Avloniy ilm kasb etmaklikda faryod va barbodga kuchli urg‘u bernb. Unga So‘fizoda o‘z go‘zal she’ri bilan jo‘r bo‘ladi:

Dod o‘shal olim ruhoniydan,
Qo‘shdi shariatga o‘zi yonidan.

Hurmi edi? Dini aziz jonidan
Millat uchun kechmadi o‘z qonidan.

Qumrilar-u bulbul-u bedonalar
Yaxshi o‘qur, siz ham o‘qung, onalar…

E’tibor qiling, shoirlarning murojaatlari olimlar, ruhoniylar, sohib urfonlarga qaratilgan. Chunki ular millatni shakllantirishda, uning tarbiyasi va demak, ravnaqida asos mavqega egadirlar. Va ular o‘zlarining asosiy burchlari hamda ishlarini yig‘ishtirib qo‘yganliklari uchun yangi zamon shoirlarining alamli o‘qlariga nishonga aylanadilar, O‘sha paytda — asr boshida millatning eng yaxshi farzandlari millatning yo‘lidan xabarsizlik devorlari va og‘ir to‘sqinlarini olib tashlash payiga tushdilar. Xabarsizlik ham milliy xafsalasizlikning urf bo‘lishida jiddiy sabablardan biri bo‘lgan va bo‘lib qolmoqda edi. Xabarsizliklarni yengib o‘tishning birinchi chorasi milliy gazetalar chiqarish degan xulosaga keldilar. Ivan Geyerning «Taraqqiy» deb nomlangan liberal gazetasi va sal keyin uning zaminida chika boshlagan Ismoil Obidiyning «Taraqqiy»si milliy hayotda xabarsizlikni yengish yo‘lida ilk qadamlar bo‘ldi. Shoirlar gazetaga «millat uchun haqning ehsoni» deb qaraydilar. «Taraqqiy» shoirlarni millat yo‘lida ishlashga uyushtirdi. Ular millat takdiri ustida jiddiy bosh qotira boshladilar. Tavallo «Sabzazor»dagi she’rlaridan birida xabarsizlikni qaro yer ostiga tiriklay kirish bilan baravar qo‘yadi: «Kim xabarsiz bo‘lsa o‘zdan nafs tanparvar bo‘lib, bu qaro yer ostig‘a qolg‘on balog‘a jonidur»… Boshqa bir she’rida esa u ko‘klarga yolvoradi, millat zaifligi va kasalliklarining sababini falakning teskari ishlaridan ko‘radi:

Falak, bizga xabar ber, ne uchun e’tibor etding
Jahonda jumla millat ichra bizni sharmisor etding…

Xoru zorlik, tubanlik, qoloqlik sabablarini axtarganda, albatta o‘sha paytlar ko‘p shoirlarning aqllari shoshgan edi. Ma’rifatparvarlarni ilojsizlik qiynardi. Boshlari umummilliy ojizlik devorlariga borib urilar va shunda Tavallo kabi: «Ko‘r o‘ldi ko‘z, ahado! Rahm etib ko‘zimni och», deb ko‘kdan iltijo etardilar. Ular najot izlab, najotni ilm-ma’rifatda ko‘rdilar. Aqllar va onglarni tarbiya qilsak, qorong‘ulikdan, ko‘r va karlikdan xalos bo‘lamiz deb qattiq umid qildilar. Najotni boshqa bir tomondan milliy hayot tarzini kuchli tanqid ostiga olishda ham ko‘rdilar.

O‘nlab shoirlar, ma’rifatparvarlar, muallimlar, ulamolar xabarsizlik va xafsalasizlikka qarshi otlandilar.

Millat ongi va tuyg‘ularining billurlanishi jarayonga kirdi.

Milliy ong tarbiyasi boshlandi. Milliy ongning billurlanishida gazeta, maktab, turli jamiyatlar birinchi darajali ahamiyat kasb etdilar. Milliy tanqid billurlanishni yanada kuchaytirdi.

Shoirlar ma’rifatni qancha kuylasalar, jaholatdan shunchalik kuydilar. Zotan, jaholat ham xafsalasizlikning uzviy bir bo‘lagi edi. Munavvar Qori 906- yilda «Bizni jaholat jahli murakkab» deb chiqdi. Jaholatning bosh tomirini qidirib, o‘sha paytgacha bo‘lgan maktab tarbiyasiga nazar tashladi.

Munavvar Qori o‘sha paytdagi milliy maktablar yosh bolalarga foydasiz ilmlarni o‘qitib, qimmatli vaqtlarini zoe’ qilmoqda deb qayg‘urdi. Maktablarda jami «Lavozimoti diniyani bildurmak mumkin o‘lg‘on holda, — deb yozadi Munavvar Qori o‘sha maqolada, — to‘rt-besh yilg‘acha hijja usuli birla dunyo va oxiratga foydasi bo‘lmag‘on Fuzuliy, Navoiy, Xoja Hofiz va Bedillar kabi mushkul manzuma kitoblarg‘a umr azizini barbod etarlar…» Munavvar Qori maktablarda o‘qishlarni hayot uchun nafi tegadigan, bolalarni yashashga ma’nan va ruhan tayyorlaydigan, ularni turmushga qobil qiladigan saviyaga ko‘tarish tarafdori bo‘lib chiqadi. Diniy va dunyoviy ilmlarni teran o‘rgatish o‘rniga domlalar maktabda tagi puch narsalar bilan shug‘ullanadilar: «falonni qoshi qaro, ko‘zi qaro, yuzi oq, so‘zi shirin deb, bolalarni fasod axloqig‘a birinchi sabab o‘ladurg‘on manzuma kitoblar o‘lmish», deb zaharxanda qiladi Munavvar Qori.

Albatta bolalarning didini o‘stirish, ularga yuksak she’riyatning nafosatini anglatish, muhabbat uyg‘otish ham o‘z navbatida zarur. Lekin maktabda domlalar faqat shularning o‘zi bilangina cheklanib qolsalar, boshqa ko‘pdan ko‘p, zarurdan zarur ilmlar o‘qitilmasa, bolalar hayot oldida albatta zaif bo‘lib qoladilar, o‘z taqdirlari va mamlakat, millat takdirini yechish, harakatga keltirish, uni rivoj yo‘liga olib chiqishdan ojiz qoladilar. Lekin fojiali joyi shundaki, deb ta’kidlaydi Munavvar Qori, muallimlarning o‘zlari bolalarga nimalar zarur ekanligini bilmaydilar.

Munavvar Qori munozaraning keskinligi bilan yuqoridagi so‘zlarni aygadi-yu, keyin fikrini yana bir- muncha yumshatadi. Men Fuzuliy, Navoiy, Hofiz, Bedillarni tahqirlamoqchi emasman. Ularni mutlaqo befoyda demayman. Lekin yosh bolalarga ulardan ta’lim berish foydasiz demoqchiman, deb yozadi. Albatta bunda Munavvar Qoriday maktab, ta’lim va nashr ishlarida tajribakor, omilkor odam o‘z aniq takliflarini ham o‘rtaga tashlaydi. Misol uchun bolalarga Fuzuliy o‘rniga ilmi qiroat, Navoiy o‘rniga masoyili e’tiqodiya, Xoja Hofiz o‘rniga masoyili amaliyot, Bedil badaliga ilmi hisob o‘qitilsa, din va dunyosi uchun qancha foydalar hosil qilib, musulmon o‘lur, deb aytadi.

Munavvar Qori ilmsizlik va g‘ayratsizlikdan butun dunyo oldida sharmanda bo‘lish ehtimoli borligidan ogohlantiradi. Millat foydasi uchun jonini qurbon qilishga arziydigan arslondek yigitlarning umri bekor o‘taversa, millat nochor ahvolga tushadi, u boshqalar qo‘lida o‘yinchoqqa aylanadi.

Milliy maktablarda ahvollar shunday bo‘lgach, ularda tahsil ko‘rib chiqqan kishilar ijtimoiy hastda qanday edilar, hayotga faol munosabat ularda shakllanganmidi? Milliy ong nimalardan oziqlanardi?

«Taraqqiy» gazetasining e’tiborli bosh maqolalaridan birida shular to‘g‘risida fikr yuritiladi. 905-yilning shov-shuvlari, hurriyatparvarlik nashidalari hali bosilmagan edi. Ezilgan xalqlar o‘z ozodliklari haqida qayg‘ura boshladilar. Ana shunday sharoitda «musulmonlar na holda edilar?» — deb savol tashlaydi gazeta.

Ular «qardoshlariga imdod qildilarmu?».

Gazeta o‘z savollariga qoniqarli javob topolmaydi millat ichidan. Bizning musulmonlarimiz hamma hurriyat uchun jon olib, jon berganda tazyiqot va tahdidotlar ostida uylaridan chiqmay yotdilar, jon saqladilar, deb yozadi «Taraqqiy». Zotan ularning qalblariga «qo‘rqoqlik aralashmish edi». Ular istibdodni yemirish pallasi kelganda bir ish qilolmadilar. Ular holiga jumla olam hayratlandi. Nima, musulmonlarning hurriyat va adolatga ehtiyojlari yo‘qmidi? — deb yana savol tashlaydi «Taraqqiy». — Yoxud asoratda qolmoq istayurlarmu?»

Gazeta bunga javob axtaradi. Musulmonlarning hurriyatga muhtojliklari maydondadur. Gazeta mulohaza yuritib, nihoyat katta xulosa chiqaradi: musulmonlarning boshlariga tushgan balolarning sababi istibdod, deydi. Gazetaning najot izlagan ko‘zlari yana ilm-fanga, tahsilga, yangi maqomdagi maktab-madrasalarga tushadi.

«Taraqqiy»ning 906-yilda jamiyat o‘rtasida tashlagan bu kabi savollari yana ko‘p yillar maydonda turdi. «Taraqqiy» to‘xtab qolganda, yillar o‘tib savollar butun shiddati bilan Mahmudxo‘ja Behbudiyning «Samarqand» gazetasiga, «Oina» jurnaliga ko‘chdi. Behbudiyning millat hayotiga doir yirik fikrlarni o‘rtaga tashlagan «Ehtiyoji millat» degan ajoyib maqolasi Munavvar Qorining 906-yildagi «Bizni jaholat jahli murakkab» maqolasidan yetti yil so‘ng chiqdi.

Xo‘sh, ikki maqola orasidagi yetti yilda Turon va uning xalqi hayotida nima o‘zgarishlar ro‘y berdi? Yetti yil axir oz muddat emas. To‘g‘ri, birmuncha iqtisodiy ko‘tarilishlar bo‘ldi, gazeta-jurnallarning soni ko‘paydi. Ularga qiziqishlar ortdi. Millat haqida fikrlash darajasi o‘zgardi, miqyosi kengaydi. Millat haqida qayg‘urish 913-917-yillarda baland cho‘qqilarga ko‘tarildi. 905-yilda anglanmagan hodisalar endi teranroq anglandi. Mustaqillik shabadalari esib turar, bu vaziyatni 905-yildagidek yana boy berib qo‘ymaslik kerak edi. Ma’rifatparvarlar buni juda chuqur anglardilar va iztirob bilan ilm-ma’rifat uchun kurashardilar. Yetti yil ichida ma’rifatparvarlarimizning fikr doirasi, mantiqi, bahs qobiliyati juda kuchayganliginn shu ikki maqola misolida ham kuzatish mumkin.

Bir millatning ahvoli boshqa millatlar ahvoliga qiyoslanganda yaxshi bilinadi. Ma’rifatparvarlarimiz o‘z asarlarida qiyosiy fikrlashga alohida e’tibor beradilar. Qiyosiy fikrlash ularning eng sevgan quroliga aylanadi. Milliy ong tarbiyasida ma’rifatparvarlarning qiyosiy fikrlash tarzlari katta ijobiy natijalar berdi.

Solishtirilganda, ma’rifat yuzasidan, oriflik va xabardorlik, hayot tarzining darajasi yuzasidan solishtirildi. Bu qiyoslashlar millatning ahvolini kengroq va chuqurroq ko‘rish, mulohaza etish, xulosalar chiqarishga imkon berdi.

Solishtirishda millatning foydasi ko‘zlandi.

«Boshqa millatlarga qaralsa, ko‘rilur-ki, — deb yozadi Behbudiy «Ehtiyoji millat» maqolasining boshidanoq, — muntazam maktablari bor. Va ul maktabda diniy ilm ustinda dunyoviy ilm va fanlar ham o‘qilur. Chunki dunyog‘a turmak uchun dunyoviy fan va ilm lozimdur. Zamona ilm va fanidan bebahra millat boshqa millat larg‘a poymol bo‘lur…»

Boshqa xalqlar oldida poymol va sharmanda bo‘lmaslik yo‘llari va choralarini axtarish Munavvar Qori, Behbudiy, Avloniy, Tavallo singari adiblarning fikr va harakatlari markazida turdi. Ularda millat uchun oriyat tuyg‘usi juda kuchli namoyon bo‘lganligini har bir so‘zlarida kuzatishimiz mumkin.

Munavvar Qori kabi Behbudiy ham millat uchun najot qidiradi. Uning ko‘zi obod va farovon Yevropaga tushadi. Yevropaning taraqqiyot omillari ustida muntazam fikr yuritadi. Yevropa ilm, texnika va qonunlarga qattiq rioya orqali shunchalar katta taraqqiyot yo‘liga chiqqanligini qayd etadi:

«50 sana muqaddamgi zamonda biz, turkistonliklar, yakka va tanho yashab, boshqalar ila muomala va munosabatimiz yo‘q edi. Endi zamon o‘zgarib, boshqa millatlar ilan maxlug bo‘ldik. Shariat va o‘z urfimiz ustiga qonun va Ovrupo odatiga itoat qilmoqg‘a majburmiz».

Millatparvarlar hech qachon ajralib, o‘z qobig‘iga o‘ralib yashash fikrini targ‘ib qilgan va hatto buni xayollariga ham keltirgan emaslar. Ammo keyingi davrlarning tarixchilari ularni «ajratib olish», «o‘z qobig‘iga o‘ralib yashash»ni ko‘zlaganlik va zo‘r berib targ‘ib etganlikda aybladilar va shu asosda ularni «millatchi» deb atadilar, shu tamg‘ani o‘ylab topdilar va shu tamg‘ani ularga uzok muddat yopishtirib keldilar. Endi ma’lum bo‘ldiki, ularga qo‘yilgan barcha ayblar mustamlakachilik siyosatidan kelib chiqar va mustamlakachilikni saqlashni ko‘zda tutardi.

Behbudiy Yevropa tomon qadam tashlash tarafdori. O‘z urf-odatlariga burkanib yashashga tamomila qarshi: «Zamoni sobiqda faqat shariat bilmak kifoya etardi. Endi qonun va zakunni bilmoq ham lozimdir…»

Bizningcha, «qonun» va «zakun» bir narsa. Lekin Behbudiy bu tushunchalarni farqlaydi va yonma-yon ishlatadi. Bu o‘zbekcha uy bilan yevropacha «dom»ni farqlaydigan bo‘lganimiz kabi shariat qonunlari bilan yevropacha dunyoviy qonunlarni farqlab, «zakun» deydi. Ma’rifatchilar millatni mana shunday ham yangi, ham an’anaviy qonunlar ruhida tarbiyalashga alohida e’tibor berib qaraydilar. Odamning qandayligi uning qonunlarga qanday munosabatda ekanligidan bilinadi. Qonunlar millatni intizomli va yaknafas qiladi.

Lekin qonun doirasida yashaydigan millat bo‘lmoq uchun avval ularni yaratish, ularni o‘zlashtirish, ya’ni qonunlar bilan ma’rifatli bo‘lish ehtiyoji turadi millat oldida. Behbudiy qonun asospda ijtimoiy hayotda yevropacha usul-idoraga ustivorlik beradi.

Zamonaviy dorilfununlarda o‘qigan, «zamon faqihi» bo‘lib yetishgan odamlar, — deb davom etadi mufti hazratlari, — «Sud mahkamalarida, davlat doiralarinda kirib, har bir huquqshunos o‘z muvakkili va o‘z millati va o‘z vatani va o‘z davlatining nafiga so‘ylashur, mudofaa qilur…»

Behbudiy nazdida o‘zni anglash — o‘z huquqlarini anglash va huquq tarbiyasidan boshlanadi. Shuning uchun zarshunos, qadrshunos adib keltirilgan parchada «o‘z» so‘ziga aloxida urg‘u beradi. Qonunlarga rioyani o‘zlikni anglash, bilish bilan bog‘laydi. Ma’rifatchilar o‘zlikni anglashni milliy tarbiyada juda yuqori o‘ringa qo‘yadilar. «O‘z millati, o‘z vatani, o‘z davlati» — mana shular shaxsni shaxs qiladi, shaxsni mana shular millatning bir orif parchasiga aylantiradi. Va mana shular millatga — millat unvonini beradi.

Huquqlarni bilish, ular asosida yashash, o‘zlikni to‘la va teran tushunib yetish — millat tuyg‘ulari va ongining shakllanishida billurlanishning ko‘rinishlaridir. Olmos billurlana-billurlana yombi tusga kiradi va uning har bir zarra billuri yombining barcha xususiyatlarini aks ettiradi. Billurlanish kuchaygan sayin yombining qirradorligi ham rang-barang shakl oladi, u o‘z zarraligida ham, yombiligida ham butun — yaxlit hodisaga, millatga nisbatan aytilganda esa, tarixiy hodisaga aylanadi.

Behbudiyning xayoli o‘sha paytdagi Davlat Dumasiga tortilgan. U «zamon faqihlari» Davlat Dumasida o‘tirib millat va milliy davlat manfaatlarini himoya qilishlarini istaydi. Shunda millat ishlarini dunyo taniydi, xabardor bo‘ladi.

Lekin afsuski, deb qayd etadi adib, «shunday odam bizda yo‘q». Millat ilm, fan, qonun, til bilmasa, hayotga yuksak manfaatli tus beradigan turli mutaxassislar bo‘lmasa, har qadamda og‘ir firib yeyishi mumkinligidan adib ogohlantiradi va bu to‘g‘rida iztirobga to‘lib so‘z yuritadi. «Axir, muhandis, injener, texnik bo‘lish hammollikdan yaxshi-ku!» — deb dard chekadi Behbudiy.

Ma’rifatchilar Turonning juda boy mamlakat ekanligini yaxshi tasavvur qilardilar. Lekin bu Xudo bergan boyliklar nega millat uchun harakatsiz yotadi? Nega uning mevasi, don-duni, ziroati, tuprog‘i, madanlaridan boshqalar foydalanib, boyib, millatning o‘zi esa ulardan o‘z koriga manfaat ko‘rolmaydi?

Uquvsizlikdan hech bir ish qilolmaymiz, deb nola chekadi adib. U ilk bora Yevropa bozorlariga chiqish masalasini qo‘yadi. Lekin buning bir muhim sharti bor. Yevropa bilan savdo qilish uchun, deydi adib, avval juda bo‘lmaganda, o‘n yil gimnaziyada o‘qish kerak. Adib muayyan yo‘llarni ham taklif etadi: «bizda shohi, adras, beqasam, olacha… bofliklar bor, — deb yozadi mufti hazratlari, — agarda bir nafar texnik va muhandisimiz bo‘lsa, bu dastgohlarni isloh etar, aholi obod bo‘lur, va illo, yaqin vaqtda (xosa doka) bofilarimizdek zoye bo‘lub ketar. Chunki Ovrupo yangi asbob ila mundin yaxshi qilib chiqarur»… Bu so‘zlarni o‘qib, Fitratning «Sayyoh hindi»si esimga tushadi. Yodingizdami, sayyohning Qarshida mohir alocha to‘quvchi hunarmand bilan kasbning rivoji haqida tuzgan bahslari… Bu adiblar millatni millat qilish jabhasida saflanib, yakdil turganliklaridan va ma’lum bir mavzularni qayta-qayta o‘rtaga qo‘yishdan chekinmaganliklarini ko‘rsatadi.

Behbudiy, Fitrat, Munavvar Qori, Avloniy o‘z millat tarbiyasiga qaratilgan tahlillarini yanada ishonarli qilish uchun o‘tmishga murojaat qiladilar. O‘tmishdan faxrli, sog‘lom ildizlarni topadilar. Shu bilan birga millatning zamonga moslasholmay qiynalayotgani sabablari ustida to‘xtaladilar.

«30 sana muqaddam, — deb yozadi Behbudiy, — Samarqandni Yomi mahallasida (300) alochabof ishchi bor edi. Alon, o‘ttiz nafar yo‘q. 10 sana so‘ngra tamom mahv bo‘lur.

Xulosa, maktabimiz, do‘konimiz, korxonamiz, madrasamiz va har nimarsamizni zamoncha islohi lozimdur. Illo, har nimarsamiz qo‘ldan ketar, bizda muzdurlikdan boshqa ish qolmas. Yer va uskana, do‘kon va saroyni ishlatmoqg‘a ham ilm zamoniy va zamona shumligini bilmoq lozim. Va illo, bizdan dunyo ilmini yaxshi bilaturganlarga mulk va asbobimiz o‘tar va o‘tub turubdur»…

Qanchalar zamonaviy va qanchalar ilg‘or, sog‘lom, salmoqli fikrlaydi ustod Behbudiy! Va qanchalar uzoqni ko‘rgan ekanlar bu ma’rifatchilarimiz!

Najot izlagan Behbudiyning ko‘zi mamlakat boylariga tushadi. Boshqa millatlarning boylari faqirlar va yetimlar uchun maktablar, dorilfununlar solib beradilar, zamonaviy kasalxonalar ochadilar, jamiyati xayriyalar tuzadilar, stipendiyalar tayinlaydilar va mil¬lat bunday ishlar bilan faxrlanadi, juda katta manfaat ko‘radi.

Behbudiy qayg‘urib yozadi:
«Biznikilar jufta oti ila, arobasi ila, to‘yi ila va … si ilami faxr etar?»

Behbudiy millat oldiga zamona odamlari bo‘lish, zamona odamlari qatoriga kirish vazifasini qo‘yadi. Buning uchun millat qisqa muddatlarda o‘z orasidan ko‘plab aql egalari, muallimlar, injenerlar, vrachlar, texnik xodimlar, huquqshunoslar, zamona tojirlarini yetishtirib chiqarishi kerak. «Shular bois bo‘lib, davlat ishiga kirarmiz», shular bois bo‘lib, «xaloyiqni barbod eta turgan to‘ylardan xalos bo‘larmiz», deb umid qiladi Behbudiy.

Millat taraqqiysi haqida qayg‘urish — millat tarbiyasi, milliy ong va tuyg‘ular, ravish-raftorlar, did- farosatlar tarbiyasi haqida qayg‘urish hamda sa’y-harakatlar bilan chambarchas bog‘lanib ketdi. «Samarkand» gazetasi 1913 yil 30 iyulda chiqqan sonida masalani xuddi shu tarzda qo‘ydi. U «Millatlar qanday taraqqiy etarlar?» — degan savolni jamoatga tashladi. Va shunday xulosa chiqardi: «Millat axloq, fazl va hunar ila boqiy qolur… Bugun isloh millatga ko‘shish qilinmasa rab’ asr so‘ngra diyonat barbod bo‘lur va aning javobi mas’uliyati bu kungilarga qolur»…

Shunday qilib, millatni shu uch qoya: axloq, fazl va hunar vositasida shakllantirish, qiyofali qilish, jahonga olib chiqish mas’uliyati qo‘yildi. Millatning o‘zi ham shu uch narsaning birligidan bunyod bo‘lishi belgilab olindi.

Shu uch olmosning billurlanishi, billurlangan, yemirilmas qirralari bilan tomirni pajmurda qiladigan xafsalasizlik, mas’uliyatsizlik, jur’atsizlik va ularni keltirib chiqaradigan narsalar, chunonchi, o‘tmish tarix va merosga loqayd qarash, o‘z tarixiy an’analarini hurmat qilmaslik, ma’naviy-axloqiy ishonchsizlik, millat sharafi uchun kurash tuyg‘usining kuchsizlanishi — milliy jasoratning poymol bo‘lishi kabilarga jiddiy, muntazam qarshi turdi.

Behbudiy o‘z maqolalaridan birida: «Moziy istiqbolning tarozusidur. Har kim o‘lchasun-da, bilsun!» — deb yozgan edi. Moziy bizga ibrat ko‘zi bilan boqadi. Albatta, bugungi millatnmiz kechagi millat emas, taraqqiyot o‘z samaralarini bergan.

Bugun millat o‘z ma’rifatchilari orzu qilgan ishlarga qadam-baqadam yaqinlashmoqda, erishmoqda, barcha zamonaviy soxalarda asta o‘z miqyoslariga ega bo‘lmoqsa. Bu jarayon mustaqillik sharofati bilan, uzoqni ko‘zlagan oqil, vazmin, ishonchli siyosat sharofati bilan xiylagina tezlashdi.

Eng yaxshi milliy tarbiya — bu umuminsoniy tarbiya hamdir. Mustaqil O‘zbekistonda milliy tarbiyaning ana shunday yo‘li asos qilib olinmoqda. Yana qaytaraman: eng yaxshi milliy tarbiya bu — umuminsoniy tarbiya hamdir. Bizda milliy tarbiyaning juda mo‘’tabar tajriba maktablari mavjuddir. Bu maktablarda tinimsiz o‘rganmoq va tinimsiz o‘qimoq lozim keladi.

Millat haqiqatan ham avvalo — fazl, hunar va axloqdir. Shu ishlarga qodir bo‘lganlar doim yutuqdadir.

Jamiyatimizda ma’naviy-axloqiy asoslar va ijtimoiy-insoniy qadriyatlar qayta bunyod bo‘layotgan bir paytda yaqin o‘tmishimizning g‘oyatda o‘ziga xos madaniy- ma’rifiy tajribalariga keng nazar tashlash, ularni har tomonlama o‘rganish kelajak nasllarning xato qilmay yashashlari uchun xizmat qiladi. Asrimiz boshlarida to Turkiston muxtoriyatiga bo‘lgan benihoya e’tiborli bir davrda mamlakatimizda Yevropa madaniyatini o‘rganish, yangi usuldagi maktablar ochish, gazeta, jurnallar nashr etish, teatr va san’at ishlarini andak bo‘lsa-da yo‘lga qo‘yish uchun harakatlar bo‘ldi. Asr boshidagi madaniy-ijtimoiy harakatda «Tarjumon», «Taraqqiy» singari gazetalar bilan bir qatorda mashhur huquqshunos va jamoat arbobi Ubaydulla Asadullaxo‘jayev nashr etgan va muharrirlik qilgan «Sadoi Turkiston» gazetasi ham faol qatnashdi, mamlakatni uyg‘otish, g‘aflat va jaholatdan xal os qilishda bebaho rol o‘ynadi. Aytish mumkinki, u o‘zi chiqib turgan 1914—1915 yillar orasida madaniy-ma’rifiy uyg‘onishning boshida turdi. Uning birinchi soni «Tarjumon »ning o‘ttiz yilligi munosabati bilan 1914 yil 1 aprelda dunyo yuzini ko‘rdi. Uning chiqib ulgurgan oltmishdan ortiq soni milliy uyg‘onish harakatining maqsad xamda vazifalarini o‘rganish va ibrat olishda bir xazina deyishlik mumkin. «Sadoi Turkiston»ning chiqqaniga sakson yil to‘ldi. Bu maqola o‘sha millatning munavvarligi uchun kurashgan, millat qahramonlari bo‘lgan bobolarning xotirasi uchun yozildi.

Ibrohim G’afurov. Mangu latofat by Khurshid Davron on Scribd

007

(Tashriflar: umumiy 2 271, bugungi 1)

Izoh qoldiring