Yahyo Tog’a. Bolalik hidi. Esse & Tasalli. She’rlar kitobi

Ashampoo_Snap_2017.03.26_23h03m11s_002_.png     Шоир Яҳё Тоғани 60 ёши билан самимий қутлаймиз

Гап улуғ қавмнинг фахру ифтихори, икки асрнинг оташин шоири Усмон Азимовнинг адабий-бадиий, шеърий маҳорати-ю маҳобати ҳақида… Менинг эса тилим лол. Шу боис ота юртимга “ўтлаб” қўяқолдим. Қолаверса, отамдан ошириб бир нарса дейишим мушкул: Бошларинг тошдан бўлсин…

Яҳё ТОҒА
БОЛАЛИК ҲИДИ
007

Яҳё-ТОҒА-266x400.jpgЯҳё Тоға 1957 йил 20 январда Тошкент вилоятининг Кўрғонча («Юлдуз») қишлоғида туғилган. Москвадаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган (1991). «Кўклам қалдирғочлари» (1988), «Қафасдаги бургут» (1989), «Тасалли» (1994), «Куйла, ҳофиз» (2004), Хотира дарёси» ва бошқа бир неча шеърий, насрий китоблари чоп этилган.

007

Етар.
Елкани қийган
Арқон сизданам ортсин.
Бу тўрни энди, тоға,
Балиқ еганлар тортсин!
XX аср. Камина

XX аср адоқлари.

Юртимизда озодлик эпкинлари эса бошлаган пайтлар. Ўша пайтлардаёқ элнинг оташин шоирига айланиб “улгурган” Усмон Азимов – республика радиоси адабиёт бўлимининг мудири – кўп талаб уриб юрдилар: Бир балиққа чиқайлик!

– Қачон десангиз, биз тайёр! – камина тихирлик қилмайман-у, ичимдан қиринди ўтади: эплаб кутиб ололасанми ўзи? Ҳам оғанг, ҳам устозинг…

– Қўрқма, сени чиқимга қўймаймиз! – Усмон ака бир нафас билан хавотир булутларини тарқатиб юборади. – Улов мендан. Ҳамма “дов-даска” мендан. Фақат, сени овулингда ов қиламиз. Йўлбеги – ўзинг.

“Дов-даска”, маълум нимарса: газагу “ўристи боласи”. “Мени овулим” – пойтахт вилоятнинг ғарбий этагидаги балиқчи қишлоқ – Қўрғонча!

Ота юрт!

Ҳаммаёқ сув. Сув… сув… Ув-в… Нафасинг қайтиб кетади. Ҳаво дим. Ерлар зах. Зах… зах… Во-оҳ, шу аҳволда ҳам жонсабил мардум деҳқончилик билан шуғулланади: пахта, каноп, шоли етиштиради; олмазор, узумзор боғлар яратади; чорва боқади: қорамол, оқмол (балиқ ҳам шу сирага киради, чоғи?!); уйлар қуради; кўприклар, йўллар; шунча ғурбату ташвишдан ортиб битта-ярим эрка-ю эркин ижодкорининг бошини силаб ҳам қўяди… Отангга балли-э!

Хуллас, узоқ таклифу мулоҳазалар, ўйу андишалардан сўнг вақт тайин қилинди: Шанба куни йўлга чиқамиз!

Ёз чилласи.

Беш киши – шоир Усмон Азимов, ёзувчилар Олим Отахонов ва Аҳмад Аъзам ҳамда журналист-драматург Тойир Юнусов (охирати обод бўлсин!), камина йўлма-йўл бозор-ўчар қилиб, чошгоҳда “вилоят этаги”га етиб бордик. Бордигу “танлаб-танлаб”, тахминан 200 гектарлик “ҳовуз” бўйига “туғ қададик”. Дов-дарахт. Соя-салқин. “Кўрпачамиз – ўт-ўлан. Кўрпамиз – осмон”. Аввало, дастурхон ёзилди: “дов-даска” тўкин.

Йўқ.

Аввало, “катта уй”ни – мактаб ва стадионга ёндош “йўлбеги” ўсиб-улғайган ўртамиёна хонадонни зиёрат қилгандик. Ота-онам (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!) хушнуд кутиб олишганди.

– Зап келипсизлар-да, шойирларим!
– Аччиққина мастава қип қўйипман, айланайлар!

Улар “шойирлар”ни эл қатори сийладилар, алқадилар, дуо қилиб қолдилар: Бошларинг тошдан бўлсин, болаларим!

…Икки буюк – нозиму носир – бир жуфт жомсўз (“тарбияйи бадан”)дан сўнг, “местний”лар тайёрлаб қўйган қармоқларни қўлга олдилар: Кимўзар.

– Ҳозирдан айтиб қўяқолай. Олим бўлсангам, золим бўлсангам қалқонинг тешилди, Олим.
– Катта кетма, шоир. Жўжани кузда санаймиз.

“Икки алп майдонга тушди”. Қолганларнинг бир қисми томошабин, бир қисми бўлак юмушлар билан банд. Ўчоқ қазиш керак: қозон ўрнатиш (қозонки – “Никалайнинг ёғини ялаган”, балиқ қайнатилавериб гирдини қурум қоплаган, шамойили маълум, лекин тусу рангини “ўзи ҳам унутиб юборган” пачоққина пақир); қуруқроқ жинғилу мияларни тўплаб ўтин ҳозирлаш… Асосий хизмат менинг уч забардаст укам – Абдуғафур, Абдуманноф, Абдурасул – ва мактабдош дўстим Тўйчихўжанинг (ётган жойлари жаннатнинг боғчаларига айлансин!) зиммасида: Тошканнан келган азиз меҳмонларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш керак. Юзимизни қора қилиб, “газет-пазет”га чиқариб юборишмасин булар тағин. Худо сақласин…

Ов авжида.

Шинаванда драматургимиз капгирни қиличдай сермаб турибди: “Балиқни ўзим пишираман!”

Чекига қулай жой тушганми; қармоғи тилладанми; чувалчангги семизроқми; омади чопган кунми; ё ўзи моҳирми, ҳайтовур, Олим ака ўнтача балиқ тутиб қўйдиямки, Усмон аканинг пўкаги ликилламайди (жуда ноинсофлик бўлмасин, ора-сира устознинг ҳам қўли келиб турди).

“Ғалвир” сувдан кўтарилиб, “жўжалар” ҳисоб-китоб қилинганида Олим “золим” “зафар завқи”ни яшириб ўтирмади: “Чучварани хом санабсиз, мавлоно. Балиқ тутиш манавинақа бўлади”.

“Мавлоно” “ҳалол ғалаба”ни тан олмади.

У, “бу шармандали мағлубият”ни ўзига юқтирмади, боз устина, ўз “уқувсизлиги”ни бўлак бир ифтихор пардасига ўради: “Шоирлар раҳмдил ва меҳрибондирлар. Уларнинг жониворларга шафқат назари, авомникига нисбатан, анча юқори келади!”

“Мағлуб томон” ясаган эрса-да, бу ғолибона хулосани ҳамма якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Алал-оқибат, улуғлар қўли теккан “сариқ олтин”лар “шарафланди”. Қармоқлардан кейин пичоқлар ишга тушди. “Бойвачча балиқлар” тангаларидан жудо қилиниб, айримларининг териси шилиниб, “ўз ёғи”га қовурилди. Димлама. “Уха”. “Хе…” Эҳ-ҳе, яна алламбало таомлар… Балиқ пиширишнинг ўнлаб усулини биладиган жигарларим шинаванда қаламкаш пазанда раҳбарлигида “ҳар мақомга йўрғалаб, роса усул кўрсатишди”.

Адиблардан бири орада сал хавотирга тушгандай бўлди:

– Ҳеч ким ҳеч нима демайдими? Давлат мулки…
– “Отамдан қолган далалар”. Қолаверса, Усмон ака бор. Бирортаси пишагимизни пишт деб кўрсин-чи…

Фаришта бор.

Томдан тараша тушгандай, кўл бўйида елкасига милтиқ илган балиқбеги пайдо бўлиб қолди. У биз томонга синовчан назар ташлади-да, мени таниб, ёнига имлади. Посбоннинг ёнига пилдирадим: қуролнинг ҳурмати бор.

– Сени “шайка”нгми, хўжа?
– Мени “шайка”м.

– Эҳтиёт бўлинглар. Тағин, тепадагилардан, – у қўштиғини идора томон ўқталди. – Битта-яримта…
– Нечта “яримта”, десангиз, пастда ҳозиру нозир. Марҳамат, Зелим оға.

– Ну-ну-ну… Биз хизматдамиз. Атаганинг бўлса, ана, қоровулга қолдирарсан. Лекин, мен сизларни кўрмадим. “Туя кўрдингми? Йўқ!”

Дўқу дағдаға қиладими, десам, “оға” бизни “дўстона” огоҳлантириб, қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғойиб бўлди.

Бригадирнинг хабари йўқ экан, шекилли?! “Тепадагилар” бу “адабий тадбир”га рухсат беришганди: “Шахсан Усмон Азимовнинг ўзи келармиш! “Жиндай каридор” очиб қўйилсин!”

Эгамнинг меҳрибончилиги билан шу куни “маишат”имизга дахл қилувчи бўлак кимса бўлмади.

Табиат қўйнидаги “шоҳона маёпка” эмину эркинликда, тинчлигу хотиржамликда кечгача (кейин, якшанба тонгигача) давом этди.

– Олинг, мавлоно!
– Ўзлари бошласинлар…

– Устози калон…
– Улуғим…

– Буюгим…
– Тақсир…

– Азиз меҳмонга “жонлиқ”нинг калласи сузилсин…
– Асл балиқчи балиқнинг калласини истеъмол қилгай…

– Ровийлар андоқ ривоят қилибдурларким, Ҳазрати Али ҳазратлари Биби Фотимани никоҳлариға олғонларидин сўғин…

– Таом тортғон баковулимизнинг қўллари дард кўрмасин…
– Хизмат қилған укаларимизнинг хонадонларида тўйлар бўлғай…

Тавозелар гўзал, манзиратлар ҳаммага манзур. Ҳаммаси рисоладагидай. Фақат, ҳар замон Усмон ака саркашлик қип қўяди: “Тақсир, дема-э!”

Меҳмонлар қулоғи “бул каби нафису латиф лутфлар”га, бир қадар, “кўникма” ҳосил қилган, лекин, мезбонлар роса яйрашди: Шоирнинг ҳар сўзи ноёб, ҳар луқмаси топилма!

“Қишлоқилар-ку” ўз йўлига, бироқ, биз ҳам – “шаҳарлик шайирлар” оғзимизни йиғиштиролмай қолдик.

Ҳа. Устозлар шогирдларини ҳам “унутишмаганди”. Асл мақсад аён-ку, ахир. Балиқ бир баҳона.

– Шоир бўламан десанг кўпроқ ўқи!
– Прозани.

– Иложи борича оригиналда ўқи.
– Театрга ҳам тушиб туриш керак.

– Олим ҳақ. Сен ҳам, – Усмон ака гапни қисқа қилди.

“Кўпроқ ўқи!” деди устоз, “Кўпроқ ёз!” демади.

Албатта, бошқа панду насиҳатлар ҳам бўлди. Кескинроқ бўлгани учунми, ҳозир эсимда қолгани шу: “Кўпроқ ўқи!”.

Шеърият мактаби, Адабиёт дорилфунуни – шудир, эҳтимол?!
Эҳтимол?!

Ҳар ҳолда, шу куни оддий бир ҳақиқатни ҳис қилдим-ки, асл устознинг бир оғиз ўгити ё бирор ишораси, гоҳида, турли даргоҳларда олинган кўп йиллик сабоқлардан салмоқлироқ келаркан.

Шом тушди.
Пашшалар ҳужумга ўтишди.

Биз кийган, докадан қалинроқ “олимпийка”лару пиёз пўстидек ёзги пайпоқларни масхара қиларак, ниши юпқароқ чопонни тешиб юборгудек пашшалар булутдай устимизга ёпирилишди. Искаптопарлар.

– Қонхўр пашшалар! – ҳайқирди устоз.
– Чивин. Қонхўр чивинлар! – меҳмонлардан бири шоирнинг “хато”сини ўнгламоқчи бўлди.

– Чивинлар қонхўр эмас, нонхўрдирлар. Улар дастурхонга уймалашиб, ғашингга тегади, холос. Булар эса, ниш урганида, жонингни суғуриб олай, дейди.
– Ҳалиям бўлса, пашшахона тутиб берайлик.

– Пашшахона, дедингизми, Тўйчихўжа?
– Ҳа-а.

– Ана. Агар, сени гапингни тўғри, дейдиган бўлсак, ота-боболаримиз момоларимизга пашшахона эмас, чивинхона тиктирган бўлишарди.
– Хўп. Хўп. Биз таслим. Лекин, бу “хунрезлик”ка қарши бирор чора топайлик.

Мезбонларнинг таклифига кўра, чимдан мундоғроқ кўра ясалиб, тезак тутатилди. Бу чора сал наф бергандай бўлди-ю, ўзимиз бўғилиб қолдик. Меҳмонлардан бирининг тутундан дардқўзири (аллергияси) бор эканми, йўтала-йўтала даврадан чиқиб кетди ҳатто.

Ўртанча укам Усмон акага газетадан қалпоқча – омонат паноҳ ясаб берди: Халқ хазинасини асрашимиз керак.

Кимдир баданига қандайдир малҳам сурди.
Ким сочиғини, ким кўйлак-иштонини елпаррак этди.

Самара кам.
“Хунрезлик”ка қарши “шеъриятнинг пичоғини” қалқон айладик: Усмон Азимовнинг шеърлари жаранглади.

“Кездим,
Кўрдим
Бойсундай жой
Бу оламда йўқ экан…”

“От елар, чавандознинг
Бир енги ҳилпирар, бўш…”

“Ғамга ўзим харидорман, ўзим бозор…”

“Ахир, менга ўхшамайди-ку…”

Ҳамма муҳибу мутаассир. Айниқса, адабиётга алоҳида меҳр қўйган катта укам жўшиб кетди:

– “Агар, одам бўлсанг, гапимга тушун…”,

“Мен бугун куйладим иккимиз учун…
Эртага… индинга… кейин-чи… кейин…”

Кейин… “ўзбекнинг кичиги” камтарлик қилди: Устознинг олдида, тилини тийган бой бўлади.

Мен тийиқсизлик қилиб, “Усмон Азимов шеърларига пародиялар”имни ўқидим. Лекин, “тилбилмас пашшалар” “қалқонларимиз”ни писанд этмади.

Кенжатойимиз ҳам ўзини, ҳам меҳмонларни аяган бўлди:

– Уйга қайта қолайлик?!
– Йўқ, – Усмон ака эътирозга ўрин қолдирмади. – Шу ерда тунаймиз!

– Ё, пашшалар бизни тунайдилар, – Олим ака болдирини шапатилади.

– “Чидагин, болам-а, чидагин”.

– Чидаймиз, – Тойир ака ўзининг даврага қайтганлигини билдириб қўйди. – Бу золимларнинг умри қисқа.

– Ёз ёмғиридай.

– Бир шабада турса, бас, булутлар тарқаб, пашшаларга сичқоннинг ини минг танга бўп кетади. Биз бу “қонхўрлар”дан ҳеч қачон қўрқмаганмиз, энди ҳам қўрқмасмиз, иншоолоҳ. Тўғрими, мавлоно?

– Тўғри.

Ҳақиқатдан ҳам, орадан ҳеч қанча ўтмай, сарин ел эсиб, “қонталаш улусни зулму озорлардин халос айлади”.

Тойир Юнуснинг қувончи ичига сиғмайди: – “Ана, айтмадимми?!”

Пашша хуружи бошланганидан буён ичмай, егани ичига тушмай ўтирган Тўйчихўжанинг ич-ичидаги хижолатчилик чигиллари ёзилиб кетди:

– Битта тўлдириб қуй-чи!
– Э, бормисан, оғайни?

– Энди одамга ўхшадим-а! Кўзларим ярқ этиб очилди. Гап бундай, миймонлар. Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди. Раз, кетмадиларингми, энди қўналға мендан. Тепада юз элликта “детский” калаватим бор. Катта одамнинг сиғиши амримаҳол…

– Ҳечқиси йўқ. “Бир кунга ҳўкиз ўлмайди”. Ижодкор одам ухлаши шарт эмас. Айниқса, шундоқ қўл узатсанг, бағрингга тўкилгудек юлдузлар бошингда порлаб турган маҳал… Баҳонада болаликнинг ҳидига яна бир тўйиб оламиз.

Устознинг бундоқ таг-заминли таклифини рад этишнинг иложи йўқ. Чор-ночор тепага кўтарилдик.

Биз жойлашган кўл бўйидаги қўш қаватлик балиқчилар чойхонаси мавсумга кўра, болалар оромгоҳига айлантирилган. Биринчи қават идора, ошхона ҳисобида; иккинчи қават – тўрт томони очиқ шийпонга, кундузги уйқу учун бир ярим газлик болалар каравотчалари қатор териб қўйилган экан.

Меҳмонларга имкон қадар тузукроқ шароит яратилиши илинжида, “Хоҳласаларинг каравотларни бирлаштириб олинглар”, – деди Тўйчихўжа.

– Мен битта каравотда ётаман! – Усмон аканинг ҳалиям шашти баланд эди.

Уйлари бир қадам нарида бўлган укаларим ҳам меҳмонларни опкетишга кўндиришолмай, биз билан бирга қолишди.

– Бу “девона”лар-ку, майли, сизларга нима зарил? Боравермайсизларми?
– Шу “девона”ларингизди суҳбатини кўзимиз қиймаяпти, ака. Айниқса, анов лабини қимтиб шеър ўқийдигани гурунгдиям қийворар экан.

Эътирофдан билдимки, менинг “жоначирлигим”га ҳожат йўқ. Шу боис укаларимга бошқа тирғалмадим.

Бу ёғини сўрасангиз, ҳатто Тўйчихўжа ҳам барча шароити муҳайё қоровулхонасига тушиб кетмади.

Кимдир иккита каравотни бирлаштирди, кимдир учта. Ўйдим-чуқурини, мўл эмасми, болаларнинг болишчалари-ю чойшабчалари билан эплаганимизча “тўлдириб”, қунишиб, букланиб, жунжикиб (чор-атроф сув, тўрт томон очиқ, серқуёш Ўзбекистоннинг саратонида ҳам тунги ҳаво салқингина; ўраниб-буркангани тузук-қуруқ кўрпанинг ўзи йўқ, “адёл”чаларни-ку, бошингга ёпсанг, аёғинг очилиб қолади). Зуҳро юлдузи сўнгунга қадар “болаликнинг ҳидига роса тўйдик”.

Албатта, уйқу ғолиб келгунга қадар гурунг давом этди: шеърхонлик, қиссахонлик…
Орада…

Саксонинчи йилларнинг ўрталарида, турли йиғину тадбирлар боис, гоҳ Дўрмонда, гоҳ Ёзувчилар уюшмасида шоирлар ва бахшиларнинг боши қўшилиб қоларди. Бир сафар Шоберди бахши Алпомишнинг чоҳдаги етти йиллик ҳолатини “айтиб бериб”, бир майдон мухлисни “бир майдон” мутаассир этганди.

“Чак башўлардан-а қараған
Қоражон дўсим-ов, сенмисан?…”

Хизмат тақозосига кўрами, мухлислик ғолиб келибми, эртаси Шоберди Болтаев билан учрашгандик.

– Қойил, бахши бово! Ҳаммани йиғлатдингиз…
– Мен барингди жилатдим, мени Ўсмон жилатди.
– Ҳм?

– Оқшом Ўсмонминан бирга эдик…
– Хўш?
– Э, баринг бир томон, Ўсмон бир томон.

“Оқшом” Усмон ака номдор бахшига ўзининг “Бахшиёна”сидан парчалар ўқиб берган экан.

Бахшимизнинг кейинги репертуарларида ўша машҳур асардан айрим сатрлар “жилвалана” бошлаган:

“Бизга берган ваъдалари эсдан чиғи-и-иб…”

…Усмон аканинг “кўзини шамғалат қилиб” шу воқеани ҳамқишлоқларимга сўзлаб бергандим.

Тонг отди.

Сафаримиз қариди.

“Бир пиёла чой”дан кейин йўлга отланиб туриб эдик, Аҳмад Аъзам армон қилиб қолдилар: “Эркин Аъзам етишмади-да, Йўлдош Эшбек…”

Ул улуғларнинг эслангани айни муддао бўлди.

Лекин, бул энди алоҳида мавзу.

Айни дамда гап улуғ қавмнинг фахру ифтихори, икки асрнинг оташин шоири Усмон Азимовнинг адабий-бадиий, шеърий маҳорати-ю маҳобати ҳақида… Менинг эса тилим лол. Шу боис ота юртимга “ўтлаб” қўяқолдим. Қолаверса, отамдан ошириб бир нарса дейишим мушкул: Бошларинг тошдан бўлсин…

Кейин ҳам, турли иссиқ-совуқ маъракаларда устоз билан кўп учрашдик…

Бул ҳам алоҳида мавзу.

Яна мутолаа қилинг:
Яҳё Тоға. Хотира дарёси ёхуд Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин

0-7a.jpgYahyo TOG‘A
BOLALIK HIDI
007

Yahyo-Toga.jpgYahyo Tog‘a 1957 yil 20 yanvarda Toshkent viloyatining Ko‘rg‘oncha («Yulduz») qishlog‘ida tug‘ilgan. Moskvadagi Oliy Adabiyot kursini tamomlagan (1991). «Ko‘klam qaldirg‘ochlari» (1988), «Qafasdagi burgut» (1989), «Tasalli» (1994), «Kuyla, hofiz» (2004), Xotira daryosi» va boshqa bir necha she’riy, nasriy kitoblari chop etilgan.

007

Yetar.
Yelkani qiygan
Arqon sizdanam ortsin.
Bu to‘rni endi, tog‘a,
Baliq yeganlar tortsin!
XX asr. Kamina

XX asr adoqlari.

Yurtimizda ozodlik epkinlari esa boshlagan paytlar. O‘sha paytlardayoq elning otashin shoiriga aylanib “ulgurgan” Usmon Azimov – respublika radiosi adabiyot bo‘limining mudiri – ko‘p talab urib yurdilar: Bir baliqqa chiqaylik!

– Qachon desangiz, biz tayyor! – kamina tixirlik qilmayman-u, ichimdan qirindi o‘tadi: eplab kutib ololasanmi o‘zi? Ham og‘ang, ham ustozing…

– Qo‘rqma, seni chiqimga qo‘ymaymiz! – Usmon aka bir nafas bilan xavotir bulutlarini tarqatib yuboradi. – Ulov mendan. Hamma “dov-daska” mendan. Faqat, seni ovulingda ov qilamiz. Yo‘lbegi – o‘zing.

“Dov-daska”, ma’lum nimarsa: gazagu “o‘risti bolasi”. “Meni ovulim” – poytaxt viloyatning g‘arbiy etagidagi baliqchi qishloq – Qo‘rg‘oncha!

Ota yurt!

Hammayoq suv. Suv… suv… Uv-v… Nafasing qaytib ketadi. Havo dim. Yerlar zax. Zax… zax… Vo-oh, shu ahvolda ham jonsabil mardum dehqonchilik bilan shug‘ullanadi: paxta, kanop, sholi yetishtiradi; olmazor, uzumzor bog‘lar yaratadi; chorva boqadi: qoramol, oqmol (baliq ham shu siraga kiradi, chog‘i?!); uylar quradi; ko‘priklar, yo‘llar; shuncha g‘urbatu tashvishdan ortib bitta-yarim erka-yu erkin ijodkorining boshini silab ham qo‘yadi… Otangga balli-e!

Xullas, uzoq taklifu mulohazalar, o‘yu andishalardan so‘ng vaqt tayin qilindi: Shanba kuni yo‘lga chiqamiz!

Yoz chillasi.

Besh kishi – shoir Usmon Azimov, yozuvchilar Olim Otaxonov va Ahmad A’zam hamda jurnalist-dramaturg Toyir Yunusov (oxirati obod bo‘lsin!), kamina yo‘lma-yo‘l bozor-o‘char qilib, choshgohda “viloyat etagi”ga yetib bordik. Bordigu “tanlab-tanlab”, taxminan 200 gektarlik “hovuz” bo‘yiga “tug‘ qadadik”. Dov-daraxt. Soya-salqin. “Ko‘rpachamiz – o‘t-o‘lan. Ko‘rpamiz – osmon”. Avvalo, dasturxon yozildi: “dov-daska” to‘kin.

Yo‘q.

Avvalo, “katta uy”ni – maktab va stadionga yondosh “yo‘lbegi” o‘sib-ulg‘aygan o‘rtamiyona xonadonni ziyorat qilgandik. Ota-onam (Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin!) xushnud kutib olishgandi.

– Zap kelipsizlar-da, shoyirlarim!
– Achchiqqina mastava qip qo‘yipman, aylanaylar!

Ular “shoyirlar”ni el qatori siyladilar, alqadilar, duo qilib qoldilar: Boshlaring toshdan bo‘lsin, bolalarim!

…Ikki buyuk – nozimu nosir – bir juft jomso‘z (“tarbiyayi badan”)dan so‘ng, “mestniy”lar tayyorlab qo‘ygan qarmoqlarni qo‘lga oldilar: Kimo‘zar.

– Hozirdan aytib qo‘yaqolay. Olim bo‘lsangam, zolim bo‘lsangam qalqoning teshildi, Olim.
– Katta ketma, shoir. Jo‘jani kuzda sanaymiz.

“Ikki alp maydonga tushdi”. Qolganlarning bir qismi tomoshabin, bir qismi bo‘lak yumushlar bilan band. O‘choq qazish kerak: qozon o‘rnatish (qozonki – “Nikalayning yog‘ini yalagan”, baliq qaynatilaverib girdini qurum qoplagan, shamoyili ma’lum, lekin tusu rangini “o‘zi ham unutib yuborgan” pachoqqina paqir); quruqroq jing‘ilu miyalarni to‘plab o‘tin hozirlash… Asosiy xizmat mening uch zabardast ukam – Abdug‘afur, Abdumannof, Abdurasul – va maktabdosh do‘stim To‘ychixo‘janing (yotgan joylari jannatning bog‘chalariga aylansin!) zimmasida: Toshkannan kelgan aziz mehmonlarning hurmat-izzatini joyiga qo‘yish kerak. Yuzimizni qora qilib, “gazet-pazet”ga chiqarib yuborishmasin bular tag‘in. Xudo saqlasin…

Ov avjida.

Shinavanda dramaturgimiz kapgirni qilichday sermab turibdi: “Baliqni o‘zim pishiraman!”

Chekiga qulay joy tushganmi; qarmog‘i tilladanmi; chuvalchanggi semizroqmi; omadi chopgan kunmi; yo o‘zi mohirmi, haytovur, Olim aka o‘ntacha baliq tutib qo‘ydiyamki, Usmon akaning po‘kagi likillamaydi (juda noinsoflik bo‘lmasin, ora-sira ustozning ham qo‘li kelib turdi).

“G‘alvir” suvdan ko‘tarilib, “jo‘jalar” hisob-kitob qilinganida Olim “zolim” “zafar zavqi”ni yashirib o‘tirmadi: “Chuchvarani xom sanabsiz, mavlono. Baliq tutish manavinaqa bo‘ladi”.

“Mavlono” “halol g‘alaba”ni tan olmadi.

U, “bu sharmandali mag‘lubiyat”ni o‘ziga yuqtirmadi, boz ustina, o‘z “uquvsizligi”ni bo‘lak bir iftixor pardasiga o‘radi: “Shoirlar rahmdil va mehribondirlar. Ularning jonivorlarga shafqat nazari, avomnikiga nisbatan, ancha yuqori keladi!”

“Mag‘lub tomon” yasagan ersa-da, bu g‘olibona xulosani hamma yakdillik bilan qo‘llab-quvvatladi.

Alal-oqibat, ulug‘lar qo‘li tekkan “sariq oltin”lar “sharaflandi”. Qarmoqlardan keyin pichoqlar ishga tushdi. “Boyvachcha baliqlar” tangalaridan judo qilinib, ayrimlarining terisi shilinib, “o‘z yog‘i”ga qovurildi. Dimlama. “Uxa”. “Xe…” Eh-he, yana allambalo taomlar… Baliq pishirishning o‘nlab usulini biladigan jigarlarim shinavanda qalamkash pazanda rahbarligida “har maqomga yo‘rg‘alab, rosa usul ko‘rsatishdi”.

Adiblardan biri orada sal xavotirga tushganday bo‘ldi:

– Hech kim hech nima demaydimi? Davlat mulki…
– “Otamdan qolgan dalalar”. Qolaversa, Usmon aka bor. Birortasi pishagimizni pisht deb ko‘rsin-chi…

Farishta bor.

Tomdan tarasha tushganday, ko‘l bo‘yida yelkasiga miltiq ilgan baliqbegi paydo bo‘lib qoldi. U biz tomonga sinovchan nazar tashladi-da, meni tanib, yoniga imladi. Posbonning yoniga pildiradim: qurolning hurmati bor.

– Seni “shayka”ngmi, xo‘ja?
– Meni “shayka”m.

– Ehtiyot bo‘linglar. Tag‘in, tepadagilardan, – u qo‘shtig‘ini idora tomon o‘qtaldi. – Bitta-yarimta…
– Nechta “yarimta”, desangiz, pastda hoziru nozir. Marhamat, Zelim og‘a.

– Nu-nu-nu… Biz xizmatdamiz. Ataganing bo‘lsa, ana, qorovulga qoldirarsan. Lekin, men sizlarni ko‘rmadim. “Tuya ko‘rdingmi? Yo‘q!”

Do‘qu dag‘dag‘a qiladimi, desam, “og‘a” bizni “do‘stona” ogohlantirib, qanday paydo bo‘lgan bo‘lsa, shunday g‘oyib bo‘ldi.

Brigadirning xabari yo‘q ekan, shekilli?! “Tepadagilar” bu “adabiy tadbir”ga ruxsat berishgandi: “Shaxsan Usmon Azimovning o‘zi kelarmish! “Jinday karidor” ochib qo‘yilsin!”

Egamning mehribonchiligi bilan shu kuni “maishat”imizga daxl qiluvchi bo‘lak kimsa bo‘lmadi.

Tabiat qo‘ynidagi “shohona mayopka” eminu erkinlikda, tinchligu xotirjamlikda kechgacha (keyin, yakshanba tongigacha) davom etdi.

– Oling, mavlono!
– O‘zlari boshlasinlar…

– Ustozi kalon…
– Ulug‘im…

– Buyugim…
– Taqsir…

– Aziz mehmonga “jonliq”ning kallasi suzilsin…
– Asl baliqchi baliqning kallasini iste’mol qilgay…

– Roviylar andoq rivoyat qilibdurlarkim, Hazrati Ali hazratlari Bibi Fotimani nikohlarig‘a olg‘onlaridin so‘g‘in…

– Taom tortg‘on bakovulimizning qo‘llari dard ko‘rmasin…
– Xizmat qilg‘an ukalarimizning xonadonlarida to‘ylar bo‘lg‘ay…

Tavozelar go‘zal, manziratlar hammaga manzur. Hammasi risoladagiday. Faqat, har zamon Usmon aka sarkashlik qip qo‘yadi: “Taqsir, dema-e!”

Mehmonlar qulog‘i “bul kabi nafisu latif lutflar”ga, bir qadar, “ko‘nikma” hosil qilgan, lekin, mezbonlar rosa yayrashdi: Shoirning har so‘zi noyob, har luqmasi topilma!

“Qishloqilar-ku” o‘z yo‘liga, biroq, biz ham – “shaharlik shayirlar” og‘zimizni yig‘ishtirolmay qoldik.

Ha. Ustozlar shogirdlarini ham “unutishmagandi”. Asl maqsad ayon-ku, axir. Baliq bir bahona.

– Shoir bo‘laman desang ko‘proq o‘qi!
– Prozani.

– Iloji boricha originalda o‘qi.
– Teatrga ham tushib turish kerak.

– Olim haq. Sen ham, – Usmon aka gapni qisqa qildi.

“Ko‘proq o‘qi!” dedi ustoz, “Ko‘proq yoz!” demadi.

Albatta, boshqa pandu nasihatlar ham bo‘ldi. Keskinroq bo‘lgani uchunmi, hozir esimda qolgani shu: “Ko‘proq o‘qi!”.

She’riyat maktabi, Adabiyot dorilfununi – shudir, ehtimol?!
Ehtimol?!

Har holda, shu kuni oddiy bir haqiqatni his qildim-ki, asl ustozning bir og‘iz o‘giti yo biror ishorasi, gohida, turli dargohlarda olingan ko‘p yillik saboqlardan salmoqliroq kelarkan.

Shom tushdi.
Pashshalar hujumga o‘tishdi.

Biz kiygan, dokadan qalinroq “olimpiyka”laru piyoz po‘stidek yozgi paypoqlarni masxara qilarak, nishi yupqaroq choponni teshib yuborgudek pashshalar bulutday ustimizga yopirilishdi. Iskaptoparlar.

– Qonxo‘r pashshalar! – hayqirdi ustoz.
– Chivin. Qonxo‘r chivinlar! – mehmonlardan biri shoirning “xato”sini o‘nglamoqchi bo‘ldi.

– Chivinlar qonxo‘r emas, nonxo‘rdirlar. Ular dasturxonga uymalashib, g‘ashingga tegadi, xolos. Bular esa, nish urganida, joningni sug‘urib olay, deydi.
– Haliyam bo‘lsa, pashshaxona tutib beraylik.

– Pashshaxona, dedingizmi, To‘ychixo‘ja?
– Ha-a.

– Ana. Agar, seni gapingni to‘g‘ri, deydigan bo‘lsak, ota-bobolarimiz momolarimizga pashshaxona emas, chivinxona tiktirgan bo‘lishardi.
– Xo‘p. Xo‘p. Biz taslim. Lekin, bu “xunrezlik”ka qarshi biror chora topaylik.

Mezbonlarning taklifiga ko‘ra, chimdan mundog‘roq ko‘ra yasalib, tezak tutatildi. Bu chora sal naf berganday bo‘ldi-yu, o‘zimiz bo‘g‘ilib qoldik. Mehmonlardan birining tutundan dardqo‘ziri (allergiyasi) bor ekanmi, yo‘tala-yo‘tala davradan chiqib ketdi hatto.

O‘rtancha ukam Usmon akaga gazetadan qalpoqcha – omonat panoh yasab berdi: Xalq xazinasini asrashimiz kerak.

Kimdir badaniga qandaydir malham surdi.
Kim sochig‘ini, kim ko‘ylak-ishtonini yelparrak etdi.

Samara kam.
“Xunrezlik”ka qarshi “she’riyatning pichog‘ini” qalqon ayladik: Usmon Azimovning she’rlari jarangladi.

“Kezdim,
Ko‘rdim
Boysunday joy
Bu olamda yo‘q ekan…”

“Ot yelar, chavandozning
Bir yengi hilpirar, bo‘sh…”

“G‘amga o‘zim xaridorman, o‘zim bozor…”

“Axir, menga o‘xshamaydi-ku…”

Hamma muhibu mutaassir. Ayniqsa, adabiyotga alohida mehr qo‘ygan katta ukam jo‘shib ketdi:

– “Agar, odam bo‘lsang, gapimga tushun…”,

“Men bugun kuyladim ikkimiz uchun…
Ertaga… indinga… keyin-chi… keyin…”

Keyin… “o‘zbekning kichigi” kamtarlik qildi: Ustozning oldida, tilini tiygan boy bo‘ladi.

Men tiyiqsizlik qilib, “Usmon Azimov she’rlariga parodiyalar”imni o‘qidim. Lekin, “tilbilmas pashshalar” “qalqonlarimiz”ni pisand etmadi.

Kenjatoyimiz ham o‘zini, ham mehmonlarni ayagan bo‘ldi:

– Uyga qayta qolaylik?!
– Yo‘q, – Usmon aka e’tirozga o‘rin qoldirmadi. – Shu yerda tunaymiz!

– Yo, pashshalar bizni tunaydilar, – Olim aka boldirini shapatiladi.

– “Chidagin, bolam-a, chidagin”.

– Chidaymiz, – Toyir aka o‘zining davraga qaytganligini bildirib qo‘ydi. – Bu zolimlarning umri qisqa.

– Yoz yomg‘iriday.

– Bir shabada tursa, bas, bulutlar tarqab, pashshalarga sichqonning ini ming tanga bo‘p ketadi. Biz bu “qonxo‘rlar”dan hech qachon qo‘rqmaganmiz, endi ham qo‘rqmasmiz, inshooloh. To‘g‘rimi, mavlono?

– To‘g‘ri.

Haqiqatdan ham, oradan hech qancha o‘tmay, sarin yel esib, “qontalash ulusni zulmu ozorlardin xalos ayladi”.

Toyir Yunusning quvonchi ichiga sig‘maydi: – “Ana, aytmadimmi?!”

Pashsha xuruji boshlanganidan buyon ichmay, yegani ichiga tushmay o‘tirgan To‘ychixo‘janing ich-ichidagi xijolatchilik chigillari yozilib ketdi:

– Bitta to‘ldirib quy-chi!
– E, bormisan, og‘ayni?

– Endi odamga o‘xshadim-a! Ko‘zlarim yarq etib ochildi. Gap bunday, miymonlar. Vaqt ham allamahal bo‘p qoldi. Raz, ketmadilaringmi, endi qo‘nalg‘a mendan. Tepada yuz ellikta “detskiy” kalavatim bor. Katta odamning sig‘ishi amrimahol…

– Hechqisi yo‘q. “Bir kunga ho‘kiz o‘lmaydi”. Ijodkor odam uxlashi shart emas. Ayniqsa, shundoq qo‘l uzatsang, bag‘ringga to‘kilgudek yulduzlar boshingda porlab turgan mahal… Bahonada bolalikning hidiga yana bir to‘yib olamiz.

Ustozning bundoq tag-zaminli taklifini rad etishning iloji yo‘q. Chor-nochor tepaga ko‘tarildik.

Biz joylashgan ko‘l bo‘yidagi qo‘sh qavatlik baliqchilar choyxonasi mavsumga ko‘ra, bolalar oromgohiga aylantirilgan. Birinchi qavat idora, oshxona hisobida; ikkinchi qavat – to‘rt tomoni ochiq shiyponga, kunduzgi uyqu uchun bir yarim gazlik bolalar karavotchalari qator terib qo‘yilgan ekan.

Mehmonlarga imkon qadar tuzukroq sharoit yaratilishi ilinjida, “Xohlasalaring karavotlarni birlashtirib olinglar”, – dedi To‘ychixo‘ja.

– Men bitta karavotda yotaman! – Usmon akaning haliyam shashti baland edi.

Uylari bir qadam narida bo‘lgan ukalarim ham mehmonlarni opketishga ko‘ndirisholmay, biz bilan birga qolishdi.

– Bu “devona”lar-ku, mayli, sizlarga nima zaril? Boravermaysizlarmi?
– Shu “devona”laringizdi suhbatini ko‘zimiz qiymayapti, aka. Ayniqsa, anov labini qimtib she’r o‘qiydigani gurungdiyam qiyvorar ekan.

E’tirofdan bildimki, mening “jonachirligim”ga hojat yo‘q. Shu bois ukalarimga boshqa tirg‘almadim.

Bu yog‘ini so‘rasangiz, hatto To‘ychixo‘ja ham barcha sharoiti muhayyo qorovulxonasiga tushib ketmadi.

Kimdir ikkita karavotni birlashtirdi, kimdir uchta. O‘ydim-chuqurini, mo‘l emasmi, bolalarning bolishchalari-yu choyshabchalari bilan eplaganimizcha “to‘ldirib”, qunishib, buklanib, junjikib (chor-atrof suv, to‘rt tomon ochiq, serquyosh O‘zbekistonning saratonida ham tungi havo salqingina; o‘ranib-burkangani tuzuk-quruq ko‘rpaning o‘zi yo‘q, “adyol”chalarni-ku, boshingga yopsang, ayog‘ing ochilib qoladi). Zuhro yulduzi so‘ngunga qadar “bolalikning hidiga rosa to‘ydik”.

Albatta, uyqu g‘olib kelgunga qadar gurung davom etdi: she’rxonlik, qissaxonlik…
Orada…

Saksoninchi yillarning o‘rtalarida, turli yig‘inu tadbirlar bois, goh Do‘rmonda, goh Yozuvchilar uyushmasida shoirlar va baxshilarning boshi qo‘shilib qolardi. Bir safar Shoberdi baxshi Alpomishning chohdagi yetti yillik holatini “aytib berib”, bir maydon muxlisni “bir maydon” mutaassir etgandi.

“Chak basho‘lardan-a qarag‘an
Qorajon do‘sim-ov, senmisan?…”

Xizmat taqozosiga ko‘rami, muxlislik g‘olib kelibmi, ertasi Shoberdi Boltayev bilan uchrashgandik.

– Qoyil, baxshi bovo! Hammani yig‘latdingiz…
– Men baringdi jilatdim, meni O‘smon jilatdi.
– Hm?

– Oqshom O‘smonminan birga edik…
– Xo‘sh?
– E, baring bir tomon, O‘smon bir tomon.

“Oqshom” Usmon aka nomdor baxshiga o‘zining “Baxshiyona”sidan parchalar o‘qib bergan ekan.

Baxshimizning keyingi repertuarlarida o‘sha mashhur asardan ayrim satrlar “jilvalana” boshlagan:

“Bizga bergan va’dalari esdan chig‘i-i-ib…”

…Usmon akaning “ko‘zini shamg‘alat qilib” shu voqeani hamqishloqlarimga so‘zlab bergandim.

Tong otdi.

Safarimiz qaridi.

“Bir piyola choy”dan keyin yo‘lga otlanib turib edik, Ahmad A’zam armon qilib qoldilar: “Erkin A’zam yetishmadi-da, Yo‘ldosh Eshbek…”

Ul ulug‘larning eslangani ayni muddao bo‘ldi.

Lekin, bul endi alohida mavzu.

Ayni damda gap ulug‘ qavmning faxru iftixori, ikki asrning otashin shoiri Usmon Azimovning adabiy-badiiy, she’riy mahorati-yu mahobati haqida… Mening esa tilim lol. Shu bois ota yurtimga “o‘tlab” qo‘yaqoldim. Qolaversa, otamdan oshirib bir narsa deyishim mushkul: Boshlaring toshdan bo‘lsin…

Keyin ham, turli issiq-sovuq ma’rakalarda ustoz bilan ko‘p uchrashdik…

Bul ham alohida mavzu.

Yana mutolaa qiling:
Yahyo Tog‘a. Xotira daryosi yoxud Har kimning ham sochlariga oq tushsin

Yahyo Tog’a. Tasalli (1988) by Khurshid Davron on Scribd

08

(Tashriflar: umumiy 700, bugungi 1)

Izoh qoldiring